OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Айтматов
Асар номиЎтар Қуш Ноласи
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Чингиз Айтматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/23
Манбаhttp://adabiyot.com/tarjima...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Ўтар Қуш Ноласи
Чингиз Айтматов

Ривоят

Този деганингиз алламбало ит-да — овулдан бир тўп отлиқ чиқди дегунча ҳозиру нозир. Тўс-тўполонда эргашиб олганини сезмай қоласиз, энди уни ҳайдаб, орқасига қайтариб бўпсиз, дўқ-пўпсаларингиз бир пул — бари-бир кетмайди, гўё ҳайиққандай четга чиқиб, лўкиллаб кетаверади. Ростдан ҳам тозилар ғалати махлуқ — уларга дала- дашт бўлса, шовқин-сурон бўлса, одам гавжум бўлса бас, шундай пайтларни кутгани-кутган; эҳтимол шунинг учун ҳам овчи ит дейилса керак…

Eломон итнинг кетидан қувиб Кўлгача чопиб борди. У дафн маросимида сўйиш учун мўлжалланган икки яшар наввосни бойлаб беришда хотин-халаж, қари-қартанг билан бирга кетаётган акаси Турманга қарашиб юрганида този ити Учар оломонга илашиб, азза-базза сафарга отланиб қолибди: қувончи ичига сиғмай у ёқдан-бу ёққа чопади, ҳали буни, ҳали уни ҳидлаб-ҳидлаб қўяди, буталар атрофида сакраб-сакраб, гоҳо бир зум тўхтаб, ҳуриб ҳам қўяди, одамларни сафарга тезлайди. Эломон итининг отини айтиб ҳам, авраб-алдаб ҳам қанча чақирмасин, бари бефойда кетди. Одамларнинг овга эмас, балки таъзияга — кеннойиси Олмошнинг қўшни қишлоқда тўсатдан вафот этиб қолган ўн етти ёшли синглисининг жанозасига бораётганларини ақлсиз ит қаёқдан билсин, дейсиз; буни бияларга, ҳўкизларга миниб олганлар орасида чопқир отли биронта ҳам ёш йигит йўқлигидан билиб олса ҳам бўларди. Иссиқкўл атрофларини макон тутган барча эркаклар, жамики энг яхши отлар, қурол кўтаришга қурби етадиган қирғизман деган йигит борки, бариси, ўша куни узоқда, тоғларнинг нариги томонида, бу ердан уч кунлик йўл бўлган Толчуй водийсида босқинчи жунғор лашкарлари билан жон олиб жон бериб жанг қилаётганига този итнинг ақли етармиди!

Мана, беш кундирки, Толчуй водийсидан ҳеч бир хабар йўқ. Аҳмоқ ит, саранг ит — бутун бир халқнинг тақдири не кечгани номаълум бўлиб турган бир пайтда қандай одам ов ҳақида ўйлай оларди? Аслини олганда, одамларнинг ғам-ташвишлари ит учун бир пул, уруш, айрилиқ, ўлим, умуман инсон боласининг ғурбатлари билан итнинг нима иши бор; қани эди, унинг олдидан лип этиб қуёнми, тулкими чиқа қолса-ю, тўзғитиб қува кетса, бундай онларда отлиқлар ҳам тозидан қолишмайди — жонини жабборга топшириб, ўлганига қарамай ўлжа кетидан от солишади…

Този тоқати тоқ бўлганидан ўқтин-ўқтин ғингшиб-ғингшиб қўяр, гоҳо ҳамманинг олдига ўтиб, қисқа-қисқа ҳурар, сакраб-сакраб одамларни гир айланиб «бунчалик имилламасанглар» дегандек, шошилишга ундар, «тезроқ юринглар», деган даъвати шундай кўзидан, бутун борлиғидан кўриниб турарди. Лекин сира Эломонга тутқич бермасди. Итга қўйиб берса, қани эди, суворийлар Учар кетидан отларини чоптирсалар, узангиларида тик туриб қий-чув солсалар, ёв кетидан қувганларидек шовқин-сурон кўтарсалару бутун борлиқ ов завқ-шавқи билан яшаса. Този ҳаммани ана шундай ов нашъасини суришга чорларди…

E-воҳ! Одамлар овга эмас, жанозага кетишаётганди. Чолу кампирлар ғам-аламдан бошларини хам қилиб, жигарлари Сенгирбойнинг келини Олмошнинг бошига тушган кулфатга шерик бўлиб, қондошлик бурчларини ўташ учун кетишаётган эди. Шу боис қора този ит Учарга ҳеч ким эътибор бермасди. Шум хабар уруғдошлар учун энг оғир ва хатарли бир пайтда етиб келди. Улар бундан, бор-йўғи олти ой бурун Сенгирбойнинг ҳурмати деб эмас, — ахир, у ким бўлибди, — балки Олмошнинг эри, ҳозир Толчуй водийсида улкан қирғин-барот жангда қатнашаётган Қўйчиманнинг ҳурмати, энг муҳими, ушоқ қашшоқ бўзийлар уруғининг фахри, буюк ўтовсоз уста Сенгирбойлар оиласига келин бўлиб тушган Олмошнинг ҳурмати учун тишларини-тишларига қўйиб чидаётган эдилар бу оворагарчиликларга. Сенгирбой бобо эса, мана, уч кун бўлибдики, туролмасдан ётибди — чолни кўпдан бери юраги безовта қиларди, қудалар тарафдан келган совуқ хабар устани йиқитди — Сенгирбойлар келинининг бир қориндан талашиб тушган синглиси — ўн етти яшар Улқан дунёдан кўз юмибди. Ўтовсоз уста қудаларининг ҳурмати ва уруғдошларнинг удуми, деб бўйига етган қиз боланинг дафн маросимида иштирок этиш учун шоша-пиша пўстинини кийди, ўсмир ўғилларидан Турман билан Эломон чолнинг икки қўлтиғидан ушлаб ҳовлида эгарлоғлиқ турган отга томон юришаётган эди, Сенгирбой бобо ўтов бўсағасидан ўтиши биланоқ юрагини чангаллаб қолди, оёғини узангига солишга ҳам улгура олмади. Оғриқдан инграб, отнинг ёлига ёпишганича, оёқда базўр туриб йиқилгудек чайқалди.

Шунда урф-одатга кўра, бутун ишларни хотини Кертўлға-заифа ўз қўлига олди.

Кампир лозим бўлса, ҳамма ишни жойига қўяди. Кертўлға-заифа чолини ўғиллари ёрдамида уйга олиб кирди, ечинтирди, тезгина ўрнига ётқизди ва ўтовсозга деди:

— Уста, қудаларникига жанозага бора олмасангиз, Худо кўриб турибди, ўзи кечиради.

Бу ишни менга топширинг. Сиздан кейин бу уйнинг кайвониси мен энди, вақти келар, бўзуай уруғимизнинг уруғ онаси ҳам мен бўламан. Мотамда йиғлаш учун бўзуйликларга мен бош бўлиб борсам, қудалар хафа бўлишмас. Ҳозир хафа бўлишнинг мавриди эмас — Толчуй водийсида нималар юз бераётганини ҳеч ким билмайди: ўғилларимиз ғалаба билан қайтишадими, худо билади. Ҳозирча ҳеч хабар йўқ — ҳамма юрагини ҳовучлаб турибди. Сиз худодан тани соғлиқ сўранг, жанг қилаётганларга омад тиланг! Ўзингизни эҳтиётланг, сиз бўзуйликларнинг бошчисисиз, менинг учун эса, уч боламнинг отаси, энг улуғ одамсиз. Мана шу мусибатли хизматни адо этишни менга ишонинг. Ўрнингиздан турманг, ётинг. Эломон сизга қараб туради, биз ҳаммамиз йўлга отланамиз.

Шундай гап сўз бўлиб ўтди. Бу гаплардан кейин рангида ранг қолмаган, юзини тер босган ўтовсоз уста Сенгир-бой бошини ёстиқдан кўтармасдан эшитилар-ешитилмас деди:

— Сен ҳақсан, кампир. Мен боролмагач, сен боришинг керак. Сен бўзуйликларнинг барини эргаштириб бор. Келинимиз Олмош қариндош-уруғлари орасида ёлғизланиб қолмасин. Узоқдан йиғи беринглар, ҳамма эшитсин, барча бўзуйликларнинг йиғлаганини халқ билсин, овозларингни баланд кўтариб гиря қилингларки, қудаларимиз куёвлари Қўйчиман билан ўлим тўшагида ётган катта қуда — менинг йўқлигимни сезишмасин. Билиб қўйинглар: ҳаммамиз инсон эканмиз, уруш қанча даҳшатли бўлмасин, ўлганларни ҳурмат-иззат билан дафн этишни унутмаслигимиз керак…

Шу равишда, ушоқ бўзуй уруғидан бўлган болали аёллар, чол-кампирлар йўлга чиқишди, уларнинг бутун қалби жунгор ўйротлари билан бўлаётган жанг нима билан тугаркан, деб безовта эди. Ҳамма ўша томонда, Толчуй водийсида нималар содир бўлаётгани ҳақида ўйларди: нега, ҳеч хабар йўқ? Нега, ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди? Уруғнинг, халқнинг ор-номусини сақлаб қолиш учун йигитлар қирғин-баротга юз тутиб кетишган. Улар кўнгиллари ғаш, зўр хавотирда жўнаб кетишган.

Учарни тутиб, бўйнига камарини солиш Эломон учун осон бўлмади — тозининг одамларга қўшилиб кетиб қолиши ҳеч гап эмас эди-да! Шунда ҳам Учар бўйнидаги боғичи билан олға интилар, бўшаб кетишга уринарди. Лекин итни қўйиб юбориш мумкин эмас — ёт жойларда тозини овул итлари галаси ғажиб ташлаган бўларди. Албатта, шундай бўларди.

Eломон Учарни бўйнидан ушлаб турар экан, нима дейишини билмай туриб қолди. Жанозага кетаётганларга «Яхши бориб келинглар» дейишмайди-ку! Онаси оти устида жиловни тортиб турар экан, ўғлига: нега серрайиб туриб қолдинг? Тезроқ уйга борсанг-чи! — деди қовоғини солиб. — Отангга қара, эшитяпсанми? Олдидан бир қадам ҳам кетма, уқдингми?

Eломон «тушундим» дегандек бош ирғади. Онаси айтганларининг ҳаммасини қилади.

Eломон онасига, унинг буғдойранг, ажинлар билан қопланган ғамгин қаримсиқ юзига боқар экан, кампирнинг ҳозиргидай ташвиш тортганини ҳеч эслай олмайди. Эломон онасига қараб деди: «Кўргиликларимиз бор экан, энди сиз кетаверинг. Биз учун ғам еманг. Мен энди ёш бола эмасман-ку! ҳамма тайинлаганларингизни қиламан.

Отамдан бир қадам нари жилмайман. Фақат Қўйчиман акам от устида узангисига оёқ тираб омон келса бас. Жасадини эгарга ўнгариб келишмаса бўлгани. Илоҳим, барча йигитлар от устида ўзлари тик туриб келишсин, эгарга бўктарги қилиб кўндаланг ётқизиб келгилик этмасин! Отам билан мен ҳақимда ташвиш тортманг, сизнинг буюрганларингизнинг ҳаммасини қиламан».

Кертўлға-заифа тизгинни тортиб турар экан, қора този ити билан ёлғизоёқ йўлда қолган кенжатойига кўз қирини солар экан, тўсатдан юрагида оғриқ пайдо бўлди, хаёлидан шундай ўйлар кечди: бу ҳали бола-ку, отаси нима бўларкан, акаси Қўйчиман саломатмикан ёки ўйротларнинг найзасидан ер тишлаб қолдимикан?

Чолимнинг, ўғилларимнинг ҳоли не кечаркан, барча-барчасининг, эл-юртнинг бошига қандай кунлар тушаркан? Ана шу даҳшатли ўй-хаёлларини билдириб қўймаслик учун ғўлдиради:

— Ўғлим, овулга чоп, сени ва отангни Тангрига топширдим. Сал юргач, яна тўхтади — боришинг билан отангга ҳалиги ўтдан дамлама қилиб ичир…

— Хўп бўлади, дарров дамлама қилиб бераман, — деб онасига ваъда берди. Кампирнинг бу гапларга кўнгли тўлмади шекилли, дорини тайёрлаш йўлларини тушунтира кетди:

— Ўтнинг устига вақирлаб турган қайноқ сув қуйиб дамлаб қўясан, сал совигандан кейин отангга берасан, терлагунча ичсин, шундан кейин кўкраги бўшаб енгил тортиб қолади.

— Менинг гапларимни уқдингми, тушундингми? — деб қайта-қайта сўради ўғлидан Кертўлға-заифа.

Айтганларининг ҳаммасига ўғлининг тушуниб олганига ишонч ҳосил қилгач, бойвучча бошқалар кетидан отига қам-чи босиб кўл бўйлаб кетди. Лекин сал ўтмасдан у ёқ-бу ёққа аланг-жаланг қарар экан, яна тўхтади-да отдан тушди:

— Эломон, бу ёққа кел, болам, — деб ўғлини чақирди. — Отни ушлаб тур, мен Кўлга сиғиниб олай. Кетдик.

Кампир шундай деди-да кўлга юзини бурди ва шошилмасдан кўлга қараб салобат билан тантановор қадам ташлади. Қаттиқ шамоллар турганда тўлқин-тўлқин бўлиб уюлиб қолган топ-тоза қизғиш майда қум устидан юрди. Бошига сурпдан саллага ўхшатиб томоғигача қаттиқ ўраб олган оппоқ қордай катта элачакдан бойвуччанинг фақат юзи кўринарди; элачакда кампир бироз яшаргандек туюлса-да, чаккасидан оқ сочлари кўриниб турарди. Бойвучча қариса ҳам жисмонан ҳали бақувват, ҳатто хушбичим эди. Олмошни келин қилиб туширгунгача бутун тирикчиликни ўзи қилар эди-да — тўртта эркак: уч ўғил билан эрига қарашнинг ўзи бўлмайди, уй ишларида эса, эркакларнинг фойдасидан зарари кўпроқ.

Кўл ёқасидаги қум устида оҳиста оёқ босар экан, Кертўлға-заифа дунё ва оила ташвишларини бир зум унутгандек, фикрини жамлаб, кўлга қараб юрди-да, қандайдир ҳаяжон ва руҳий кўтаринкилик билан ўйноқи мовий сув юзига, узоқ-узоқларда бўзариб турган қорли чўққиларга, тоғ тепаларидаги хира булутларга назар ташлади. Буларнинг ҳаммаси одам учун макон қилиб яратилган зоҳирий бир кенг дунё, илоҳ каби қудратли, унинг ердаги тимсоли каби ҳаётбахш дунё эдики, бани башар ана шу дунё измида бўлиб келган.

Кертўлға-заифа кўпириб келиб-кўпириб қайтиб турадиган қирғоқ тўлқини етар-етмас жойда майда шағаллар устида тўхтади. Эломон ҳам бир қўли билан отни етаклаб, иккинчисида тозисини ушлаб шу ерга келди. Она чўкка тушиб ўтирди, ўғли ҳам чўккалади; шундан кейин кампир секин ва оҳиста пичирлаб Кўлга ёлвора бошлади:

— Эй, Иссиқкўл, сен Ернинг кўзисан, сен ҳар доим осмонга боқиб турасан. Мен сенга илтижо қиламан, сен — мангу, музламайдиган Иссиқкўлсан, мен Кўкка, ҳокими тақдир бўлмиш Тангрига муножот қиламан, Тангри сенинг қаърингга назар ташлаганда менинг ўтинчларимни билиб олажак.

Eй Тангри, хатарли ва даҳшатли дамларда ўйротларга қарши курашда бизга куч-қудрат бер. Тоғларингда сенинг неъматларингдан татиб, яйлов-ўтлоқларингда чорва молларини боқиб кун кўрадиган олти аймоқли қирғиз халқимизни ўзинг асра. Бизнинг ўчоқларимизнинг ўйрот отлари туёқлари остида топталишига йўл қўйма. Одил бўл — аёвсиз очиқ жангда бизга ғалабангни дариғ тутма. Ҳув, анави тоғлар ортида, Толчуй водийсида нималар бўлаётганини билмаймиз. На бир хабар бор, на бир чопар бор жанг майдонидан — кутавериб кўзларимиз тешилди, юракларимиз адойи тамом бўлди. Нималар бўляпи? Бизларни эртага нималар кутяпти? Тангрим, душман билан аёвсиз жанг қилиш учун кетган йигитларнинг жонларини омон сақла. Бизларга уларни эгар устида кўришни насиб эт, жасадлари отларига ортиб келгулик қила кўрма, илойим.

Менинг ибодатимни эшит, мен уч ўғилнинг онасиман…

Eломон ҳам чўкка тушиб, бир қўли билан тозиси Учарнинг бўйнидаги камардан, иккинчи қўли билан эса ёлдор жийрон биянинг тизгинидан тутиб турарди. У кўл юзасининг нафас олгандек бир пасайиб, бир кўтарилиб турган қорамтир сағрисига аҳамият берди. Кўл ҳозир сокин эди, сув юзаси майда тўлқинлар ёлқинида жонланиб ётарди. Узоқ чўзилган қишнинг адоғида, баҳор бошларида Иссиқкўл соҳили овлоқ қолгандек, ўт-ўлансиз эди — тўқайлар шип-шийдам, қуруқ хас-чўплар файзсиз; на бир ўтов бор, на бир отлиқ, на кўч-кўрон, на далада мол подалари…

Бироқ Иссиқкўл бўйида қишлаб қолган ўтар қушлар баҳор ҳидидан янги ўлкаларга йўл олиш пайти яқинлашиб қолганини сезиб, кўл устида тўп-тўп бўлиб уча бошлайдилар, улкан галаларга уюшган қушлар эса тоғ этаклари бўйлаб парвоз қилиб, тез учиш машқини оладилар. Қаёққа қараманг, қушларнинг шодон қичқириқлари ва овозлари ёғдули баҳор ҳавосида узоқ-узоқларга таралади.

Мана, яқингинада бир қизилоёқли, кулранг ғозлар галаси шиддат билан учиб ўтгани кўзга чалинди. Ғозлар бебош шовқин кўтариб, овозларининг борича ғақиллаб шундай паст учиб ўтдиларки, қанот патларининг шовуллагани ҳам эшитилиб турди.

Eломон кўл устида учиб юрган бир неча гала ўтар қушларни кўрди. Булар ғозларми, ўрдакларми, оққушларми ёки узуноёқ очпушти қизилғозларми — бола фарқлай олмасди. Чунки бу қушлар жуда узоқда ва баландда тўп-тўп бўлиб учиб ўтарди.

Фақат уларнинг чуғур-чуғури баъзан аниқ эшитилса, баъзида элас-елас қулоққа чалинарди. «Демак, бу қушлар эртами-индин учиб кетади», деб ўйлаб қолди бола.

Онаси эса, дилдаги бутун дардини айтиб, жон-жаҳди ва эҳтирос билан Кўк Тангрига тавалло қиларди. У эри — буюк ўтовсоз Сенгирбойга раҳм-шафқат этишини сўради, ахир устанинг дарди тобора кучайиб бораётир, ҳатто бугун отга ҳам мина олмади.

— Тангрим, отамиз, қўли гул устанинг жонини омон сақла, — деди у. — Бизнинг диёримизда ўтовсоз Сенгирбойнинг қўли билан ясалмаган биронта ўтовни топиш амри маҳол. Унинг ўз умрида қанча ўтов ясаганини ҳеч ким билмайди! Ахир, ҳеч ким бошпанасиз яшай олмайди — ёш ҳам, қари ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам,

қўйчивон ҳам, бия соғувчи ҳам!

У яна Тангридан неваралар сўради, яна қанчадан-қанча илтижолар қилди… Ахир, одамнинг орзу-ҳаваси, дарду алами кам дейсизми бу дунёда…

Қордан чойшаб ёпинган қояли тоғлар орасида осмонга кўз қадаган буюк кўк кўл суви тиним билмас, жонли махлуқдай тўлғанар, ўз-ўзидан пайдо бўлиб, яна йўқоладиган улкан эринчоқ тўлқинларни бағрида эркалар эди. Оби омбор кечаси бўрон кўтариш учун уммон янглиғ керишиб куч йиғаётгандек эди.

Ҳозирча эса, шаффоф кўл устида, унинг баҳор қуёшини эмган зилол сувлари тепасида дунё бўйлаб янги узоқ ва хатарли сафарга отланадиган пайт яқинлашаётганини сезган ўтар қушлар ҳамон юксакликда чаппор урар, ҳамон жўровоз бўлиб, жар солиб осмонни бошига кўтарарди.

Она бўлса ҳамон астойдил, бутун борлиғи билан муножот қиларди:

— Тангрим, эшит, ўзимнинг оқ она сутим ҳурмати-ла, ёлвориб ўтинаман! Сенга, буюк ҳокими тақдирга — Кўк Тангрига илтижо қилиш учун биз бу ерга, сенинг Ердаги кўзингга — муқаддас Иссиқкўлингга келдик. Мана мен, менинг ёнимда ўғлим Эломон — менинг кенжатойим, энди мен на яхши, на ёмон фарзанд туға оламан, фақат сендан сўраганим шуки, менинг эркатойимга отаси Сенгирбойнинг усталигини бер, ўзининг усталикка эби ҳам бор… Кенжатойим акаси Қўйчиманга ўхшаб — «Манас» айтмоқчи. Бу илтижомни ҳам ижобат қил, энг аввало ва энг муҳими, унга азалий Сўзнинг қудратини ато эт — ўша Сўз илдиз отгандек жон ва тан билан чирмашиб кетсин, у Сўзни — аждодлардан авлодларга ўтадиган, ўз болалари ва неваралари учун қоладиган Сўзни асраб-авайласин, аждодлар қирғиз номини олган даврдан етиб келган Сўзни ўзида жо қила оладиган куч-қудрат бер унга…

Мен уч ўғилнинг онасиман, Тангрим, менинг илтижоларимни қабул қилгайсан. Одам билан доимо ёнма-ён яшайдиган тилсиз махлуқлар — ўғлимнинг ўнг тарафида турган ва манаман деган йиртқични қувиб етадиган бизнинг този итимиз Учар ҳам, ўғлимнинг чап тарафида турган, бирон марта қисир қолмаган жийрон бия ҳам бизлар билан бирга ўтиниб сўрайди Сендан…

Eломонга шундай туюлдики, онаси гарчи пичирлаб, эшитилар-эшитилмас оҳангда муножот қилган бўлса ҳам, унинг сўзлари ҳаммани сеҳрлаб қўйган жўшқин хитоб сингари бутун кўл бўйлаб янграб, ҳамма ёққа ёйилиб таралиб кетди; гўё унинг сўзлари кўл атрофидаги тоғларда «Тангрим, менга қулоқ сол, менинг сўзларимни эшит…» деган ташвишли ва аниқ акс-садо берди.

Онаси отга миниб, кўлнинг жиягида кичкина тўп бўлиб узоқлашиб кетган шериклари ортидан шоша-пиша жўнаб кетгандан кейин ҳам Эломон севикли тозиси Учарни ушлаганича анча вақтгача жойида туриб қолди. Бола ҳали ўша кунни, Кўлда онаси Тангрига илтижо қилган ўша дақиқаларни умрида бир-икки мартагина эмас, балки кўп марталаб эсга олажагини, хурсандчилик онларида ҳам, бошига иш тушган пайтларда ҳам йиғлаб эслаяжагини, онаси Эломоннинг буюк манасчи бўлишини Тангридан сўрагани учун, шунинг шарофати бўлса керак, халқ уни «Момақалдироқдек гулдираган манасчи Эломон» деб атагани учун тақдиридан рози бўлажагини ҳали билмасди. У ўзининг ёшлик даври ўйротларнинг босқинчилик йилларига тўғри келишини, қирғизларнинг «Манас«ни Эломон ижросида овлоқ дараларга яшириниб олиб, йиғлаб эшитажакларини хаёлига ҳам келтирмасди. Эломон «Манас» айтишга киришишдан аввал онасининг Кўл бўйидаги дуосини албатта эслаяжагини, манасчи ўғли Эломонни яширгани учун онасини ўйротлар ўлдиражакларини, достоннинг юракдан чиққан бошламаси Эломон учун ҳам таскин, ҳам халқ руҳи буюклиги, ҳам халқнинг умрбоқийлиги куйланган Сўзнинг гўзаллиги ва теранлиги ифодаси бўлажаги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. У «Манас»нинг Эломон оғзидан чиққан қуйидаги сўзларини одамларнинг бутун вужуди қулоққа айланиб, нафас олишдан ҳам ўзларини тийиб эшитажакларини билмасди:

«Қирғизлар, қирғизимиз, ҳаммамиздан буюгимиз Манас ҳақида сўз очай.

Ўша кунлардан то шу кунларгача қанча кунлар қумдай оқиб кетди, бир-бирларини қувиб сон-саноқсиз тунлар ўтди қайтиб келмасдан, йиллар ва асрлар карвони изсиз поёнсизликда йўқолди… Бу дунёда ўша кунлардан буён қанча жонлар келиб-кетди, дунёда қанча тошлар бўлса шунча одамлар, балки ундан ҳам кўп одам келиб, кетгандир. Улар орасида буюк кишилар, кўплар танимайдиган кишилар ҳам бор эди.

Яхши одамлар ҳам, ёмон одамлар ҳам ўтди. Тоғқомат полвонлар ҳам, йўлбарскелбат баҳодирлар ҳам бор эди, аллома донишмандлар ҳам, қўли гул усталар ҳам ўтди, қанча халқлар келиб-кетди, уларнинг фақат номлари қолди.

Кечаги бор нарса — бугун йўқ. Бу дунёга ҳамма келади ва ҳамма кетади. Бу дунёда фақат юлдузлар мангу туради, мангу ойга қараб олам кезади, фақат мангу қуёш абадий Шарқдан чиқади, фақат Ергина ўзининг абадий ўрнида туради. Ерда фақат одамларнинг хотираси ҳаммадан узоқ яшайди, одамнинг умр йўли эса қисқа — қош билан қовоқ орасича. Одамдан одамга ўтадиган фикргина боқийдир; авлодлардан авлодларга қоладиган сўзгина абадийдир…

Ўша кунлардан буён ўтган вақтда Ер ўз қиёфасини кўп марта ўзгартирди.

Тоғлар йўқ текисликларда ўркач-ўркач тоғлар юксалди. Олдинги тоғлар ўрнида қуруқ даштлар пайдо бўлди. Жарлар емирилиб сайхонликларга айланди; дарё-сойлар оқиб ётган ўзанлар текисланиб кетди. Айни вақтда, ер устида ёмғир-қор сувлари чуқурликлар — жарликлару даралар ҳосил қилди. Дунё яратилгандан бери чайқалиб

турган мовий денгизлар ўз ўрнини қумли чўлларга бўшатиб берди… Шаҳарлар қад кўтарди, шаҳарлар вайрон бўлди ва чолдеворлар ўрнида янги деворлар тикланди…

Ўша кунлардан бу кунларгача сўз сўз туғди, фикр фикрга қўшилди, қўшиқ қўшиққа уланиб кетди, эртак чўпчакка айланди. Саноқсиз душманларга қарши курашган қирғиз қабилаларининг халоскорлари бўлиб қолган Манас билан унинг ўғли Семетей ҳақидаги достон бизга ана шундай етиб келди…

Бу достонда биз ота-боболаримизнинг овозини эшитамиз, айни вақтда, неча асрлар олдин учиб ўтган қушнинг юксак парвози, тулпор туёқларининг аллақачон сўнган дукур-дукурлари, душманлар билан яккама-якка олишган ботирларнинг ҳайқириқлари қулоғимизга келади. Йиғи овозларию ғалаба суронлари қулоққа чалинади. Ана шу сўзимизда ўтмиш ҳаёт тирикларнинг кўз олдида, тирикларга ҳамду сано айтиш, тирикларни шарафлаш учун яна намоён бўлди…

Алқисса, биз буюклардан буюк Манас ҳақидаги ва унинг жасур ўғли Семетей тўғрисидаги достонимизни бошлаймиз — тирикларга ҳамду сано айтиш учун, тирикларни шарафлаш учун…»

Бу болакай ўзининг Худонинг марҳамати ила қирғизларнинг жунғорларга қарши ҳаёт-мамот курашининг жарчиси бўлиб қолажагини ҳали билмасди, у ўз боши учун душман мингта тулпор ваъда қилажагини, хоинлар ушлаб бергач, қозоқларнинг жазирама чўлида бутун танаси чавақланиб, кўзлари ўйилиб, қийноқларда ўлажагини ҳали хаёлига ҳам келтиролмасди. Ахири, қонига беланиб, ташналикдан жон бераётган сўнгги онларда яна мана шу кунни, шу соатни, шу Кўлни — онаси илтижо қилган Кўлни; узоқ ўлкаларга учиб кетиш учун тўпланган ана шу қушларни яна эсга олажагини ва буларнинг ҳаммасини ўнгидагидек кўз олдига келтиргач, «Онажон «деган хитоб билан жон беражагини ҳали билмасди.

Буларнинг ҳамма-ҳаммаси — шон-шуҳрат ҳам, кураш ҳам, ҳалокат ҳам олдинда эди…

ҳозир эса, у Иссиқкўл ёқасида, онаси сажда қилган жойда тозиси Учарни ўз қўлидан чиқиб, одамлар ортидан чопиб кетмаслиги учун бўйнидан қаттиқ ушлаб турар эди. У бирдан касал отаси эсига тушиб, шошилиб қолди.

— Кетдик, Учар, кетдик, — деди у итига буйруқ бергандек ва тоғ ёнбағридаги овулга қараб шоша-пиша юра кетди. Кўлдан узоқлашганда ҳам қуш галаларининг бетиним чағир-чуғур, ғоқ-ғоқ овозлари қулоққа чалиниб турди…

* * *

Ўша кечаси тонг саҳарда кенжатой Эломоннинг кўзи олдида буюк ўтовсоз Сенгирбой фоний дунёдан кўз юмди. Отасининг охирги дақиқаларида хириллаб, нафаси тиқилиб ғализ айтган сўзларини деярли тушуниб бўлмасди. Лекин бола титраб-қақшаб ва йиғлаб отасининг юзига эгилиб турар экан, ўчоқдаги оловнинг ним ёруғида чол лабларининг ҳаракатидан отасининг нима демоқчи бўлганини пайқади. бола икки сўзни тушунди:

— Толчуйда… нима.. Тушунди-ю, лабини тишлаб йиғлаб юборди, сўнгра қаттиқ ҳўнгради ва ўзини йиғидан тия олмасдан деди:

— Йўқ, ота, ҳеч қандай хабар йўқ! Мен сизга қандай ёлғон гапирай! ҳеч дарак йўқ. Мен бир ўзимман. Эшитяпсизми? Мен қўрқяпман. Ўлманг, отажон, сиз ўлманг. Тезда онам келади, тезда онам келади…

Ўғлининг сўзларига ота тушундими-йўқми, Худо билади. Шу заҳоти унинг жони чиқиб кетди, кўзлари очиқ қолди. Отаси жон таслим қилиш билан, яшин тезлигида келган ўлим чолнинг юзини қўрқинчли тусга киритиб, бутунлай ўзгартириб юборгани заҳоти бола қўрққанидан ўтовдан отилиб чиқди ва нима қиларини билмай, ваҳимага тушиб, дод солиб ҳўнграб боши оққан томонга чопа кетди. Учар ҳам нима бўлганини тушунмаса-да, думини қисиб, қўрқа-писа Эломон ортидан чопаверди. Эломон Иссиқкўлнинг тўлқинлари мавжланиб ётган қирғоғига етганидагина ўзига келди. Шу ерда у серрайиб, туриб қолди.

Иссиқкўл ўша кеча жунбушга келиб, шиддатли чайқалиб, тўлқинларни ўйнатмоқда эди. Бироқ Эломоннинг қулоғига бошқа товушлар — тўхтовсиз қий-чув эшитилди. У Осмонга қаради ва нимқоронғи осмонда сон-саноқсиз қушлар булутини кўрди.

Беадад, тумонат қушлар. Қушлар Кўл устида катта доира ҳосил қилиб, айланиб учмоқда, йўлда учрайдиган тоғлар тепасидан ошиб ўтиш учун юксакликка кўтарилаётган эди. Ниҳоят, қушлар Кўл устидан охирги марта айланиб учиб ўтди ва турнақатор тизилишиб, янада баландга кўтарила бориб Бўўм дараси томон йўл олди ва довондан ошиб Толчуй водийси йўналишида кўздан ғойиб бўлди. Бола қушлар йироқ ўлкаларга узоқ муддатга учиб кетганини, уларнинг Толчуй водийсидан ўтишини, ундан наридаги номаълум ва нотаниш юртларга боражагини тушунди ва ўзини қўлга олиб, жони борича қичқирди:

— Бизнинг отамиз ўлди! Қўйчиман акамга айтинглар — отамиз вафот этди! Отамиз ўлди, ўлди!..

Биз тоғлар устидан учдик. Довонга етганимизда қаттиқ шамол туриб, қоп-қора булутларни қаршимизга ҳайдаб келди. Олдин ёмғир томчилади, кейин ҳўл қор ёғди, шалаббо бўлган қанотларимиз яхлади, учиш қийинлашди. Бизнинг галамиз орқага қайтди. Биз ҳаммамиз бақириб-чақириб яна кўл устида айланиб уча бошладик, қанотларимиз сергиди, айланиб учганимиз сари юксакликка кўтарила бордик, сўнг яна йўлга тушдик. Лекин бу гал шу қадар баланд кўтарилиб учдикки, тоғлару булутлар жуда пастда қолиб кетди, қуёш нурлари бизни қувиб етганда довондан ошиб ўтган эдик, остимизда узоқда Толчўй водийси кенг ёйилиб ётарди. Эҳ, роҳатбахш Толчуй, буюк чўлларга туташиб кетган гўзал водий! Бутун водий бошдан-оёқ қуёш нурларига чўмилиб ётарди, ерни яшил майсалар гилами қоплаган, дарахтларнинг новдалари эса, бўртиб, куртак боғлаганди.

Водийнинг ўртасида иланг-билан бўлиб кумушранг Чуй дарёси оқиб ётибди, йўлимиз худди шу дарё ўзанидан ўтиши керак. Биз соғинганимиздан осмондан туриб водий билан ўз тилимизда қийқириб саломлашдик, сўнг дарё бўйлаб аста-секин пасая бошладик ва ерга яқинлашиб бордик. Чунки сал нарида дарё бўйида сувли қамишзор бор, қуш карвонларининг кўлдан бошланган доимий буюк йўлида биз биринчи марта ана шу ерга қўниб ўтишимиз керак. Бу ерда биз дам олишимиз, озиқланиб бўлгач, яна сафарга отланишимиз лозим. Бироқ бу гал одатдаги жойга қўниб ўтиш насиб этмади.

Галаларимиз қанотлари ва думлари ёрдамида парвози секинлашиб, бирин-кетин жонажон қўним жойимизга яқинлашганимизда қирғинбарот жанг устидан чиқиб қолдик. Бу даҳшатли бир манзара эди. Сон-саноқсиз одамлар, минг-минглаб отлиқ ва пиёдалар шу ерда, бизнинг қўним жойимизда жон бериб-жон олишмоқда эди. Даҳшатли

ҳайқириқлар, ваҳшиёна овозлар, бўкириш-ўкиришлар, наъралар, чинқиришлар, инграшлар, отларнинг кишнашлари, пишқиришлари осмону фалакни қоплаганди. Кенг майдонда одамлар бир-бирларини жаҳаннамга жўнатишмоқдайди. Кишилар бир қарасанг, наъра тортиб бир-бирларининг устига найза ўқталиб ёпирилишар, тўқнашиб қолганда бир-бирларини ерга йиқитишар, тириклайин устига от қўяр; бир қарасанг, бир-бирларидан қочиб узоқлашар; бир қарасанг, бировлар қочиб кетаётган бўлса, бошқалари қувиб кетарди. Кимлардир қамиш орасида пичоқ ва қилич билан жанг қилиб, бир-бирини бўғизлар, қоринларини ёрарди. Қаёққа қараманг, одамларнинг жасадларию отларнинг ўликлари тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётар, сув кенг ёйилиб оққан жойда сон-саноқсиз мурдалар дарё сувини тўсиб қўйганди, қип-қизил қон аралаш сув ҳамма ёққа ёйилиб, отларнинг туёқлари остида қон халқобларини ҳосил этганди.

Бизнинг галаларимиз юраклари орқага тортиб, саросимага тушиб, гангиб қолди, осмонда қий-чув бошланди, сафларимиз бузилиб кетди ва ҳаммамиз ваҳимага тушиб бетартиб булутлар каби бир жойда айланиб уча бошладик. Анча вақтгача ўзимизга келолмадик, бир-бирларини ўлдирган бахтсиз одамлар устида бирпас учиб юрдик, талай вақтгача галаларимизни тўплаш билан овора бўлдик, аллавақтгача тинчий олмадик. Охир-оқибат, биз ўша ерга қўниб ўта олмадик, ўша машъум жойдан кетишга ва сафарни давом эттиришга мажбур бўлдик…

* * *

Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийлик учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар. Бани одам ҳаёти нима учун шундай эканини, нега она заминда шунча ўлдирилганлар ва ўлдирилаётганлар борлигини мен тушинтириб бера олмайман, сизлар тушуна олмайсизлар… Кечиринглар, Худо ҳақи, кечиринглар, мусаффо кенгликларга сафар қиладиган самовий қушлар…

Жанг тугагандан кейин у ерда қузғунлар базми бошланди, ўлимтикхўр қушлар жиғилдони ёрилгунча одам гўштига тўйишди, учиш у ёқда турсин, қанотини ҳам қимирлата олмай қолишди. Жангдан кейин шақаллар базми бошланди — чиябўриларнинг одам гўштига қорни шу қадар тўйган эдики, гавдаларини зўрға судраб кетишди. Қушлар, кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг.

Ибтидоий табиат мавжудлигидан буён шундай: ҳар сафар вақти етганда — эрта ҳам эмас, кеч ҳам эмас — ҳар йили бир хил вақтда қушлар узоқ сафарга отланади. Улар албатта учиб кетади, учганда ҳам фақат ана шу учар қушларгагина маълум ўзгармас ҳаво йўллари бўйлаб учиб, дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига боради.

Момақалдироқлару бўронлардан ўтиб, кечаю кундуз қанот қоқиб учади, ҳатто учаётиб ухлаб кетади. Уларнинг тириклик моҳияти шунда: табиат дунёсида нарсаларнинг ўзгармас тартиби мавжуд. Қуш карвонлари шимолга, азим дарёлар бўйларига, азалдан уя ясаб бола очадиган жойларга учиб боради. Кузда эса, вояга етган болалари билан жанубга учиб келади, шу зайлда бу жараён узлуксиз такрорланаверади…

Мана, биз қанча кунлардан бери учиб кетяпмиз. Ана шу осмону фалакда, ана шу совуқ ҳукмрон юксакликда шамол мангу дарё каби шовқин солиб оқиб ётади. Бу дарё чексиз Коинотда нозоҳирий Вақтнинг номаълум томонга тиним билмай қилаётган ҳаракатидир.

Бизнинг бўйинларимиз камон ўқи, танамиз юрак бўлиб чарчоқ нима эканини билмасдан шиддат билан ҳаракатда. Ҳали сафар узоқ, толмасдан қанот қоқаверамиз, қанот қоқаверамиз…

Биз борган сари баланд кўтарилиб парвоз қилмоқдамиз… Энди тоғлар текисликдек бўлиб қолди, кейин эса, умуман кўринмай кетди, курраи замин бўлса узоқлашгандан узоқлашиб, ер юзаси чаплашиб кетгандай бўлди — қаерда Осиё, қаерда Оврупа, қаерда океанлару қаерда қуруқлик эканини фарқлаб бўлмай қолди. Гир-атрофимизда бўшлиқ ҳукмрон, чексиз Коинотда фақат бизнинг Ер сайёрамизгина чўлда адашган бўталоқ каби олам кезмоқда, секин сузиб онасини қидириб юрибди. Хўш, ўша она туя қани? Ернинг онаси, онаизори қани? Савол — жавобсиз! Фақат шамол, хилват юксакликларнинг шамоли ғувиллайди, фақат Ер курраси ёш боланинг бошидек якка-ёлғиз сузиб, чайқалиб қўймоқда — еримиз беқарор, еримиз беқарор.

Наҳотки, ана шу ер шунчалик Яхшиликлар маскани, шунчалик Ёвузликлар макони бўлса?! Йўқ, ёвузликка эрк бермаслик керак, ўтинаман, кадхудолар, сўзамоллар, ижодкорлар!

Мен ана шу парвоз қилаётган галада бор-йўғи бир қушман. Мен турналарга қўшилиб учиб кетяпман ва ўзим ҳам турнаман. Мен турналар билан бирга қоронғу кечада юлдузларга қараб, кундузи экинзорлар ва шаҳарлар устидан учаман.

Ўйларга толаман…

Қушлар галаси узоқда кўзда ғойиб бўлади. Қанотлари кўринмай кетади. Мана, гала осмонда бир кичкина нуқтага ўхшаб қолди ва у ҳам ғойиб бўлди…

ҳадемай, яна баҳор келди ва яна осмони азимда турналар «қур-қур»и янграй бошлади…

Турна йиғиси
Бозлаб-бозлаб учаман,
Бозлаб-бозлаб учаман,
Бозлаб-бозлаб учаман,
Зорланаман инсонларга.
Заминни эҳтиёт қилинг инсонлар,
Эрк берманг ваҳшиёна эҳтиросларга.
Нима бу — ҳатто турна йиғ/аса,
Йўқ, йўқ, йиғламанг асло.
Ва лекин, бан бир,
Ноинсоний кулфатлардан.
Чексиз ёнғинлардан,
Қонли жанглардан.
Паноҳида асрасин, илоҳим,
Ҳай, инсонлар!
Вайрона қилиб қўймангиз уни ногаҳон,
Нима бу — пинҳона тўкилган ёшлар.
Кераги йўқ, йиғламанг асло,
Ва лекин, бари бир — бари бир.
Ўзи паноҳида асрасин Сизни,
Ноинсоний кулфатлардан,
Паноҳида асрасин, ҳай, инсонлар!