OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Айтматов
Асар номиСомон йўли (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Чингиз Айтматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАсил Рашидов
Ҳажм57KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сомон йўли (қисса)
Чингиз Айтматов

— Тўлғоной, бояқиш Тўлғонойим, муштипар бошингга тушган ғам-аламлар, сумбул сочларингга кумуш қиров тушириб кетган ўша кунлар эмасмиди? Эсизгина ўрим-ўрим сочлар! Сен бу ерга келганда ҳар гал ҳам бонгқача қиёфада келардинг. Ғам тошлари оғирлашган сайин ҳамма қийинчиликларга бардош бериб, бағри-дилинг ўртаниб, жимгина келиб, жимгина кетсанг ҳам, бошингга қандай мушкул кунлар тушганидан тўла огоҳ эдим.
— Ҳа, Она-эрим, гапирганда иложим қанча. Ёлғиз менгина эмас, урушнинг касри тегмаган битта ҳам оила, биронта ҳам одам қолмаган эди-ку.

Худди ўша кезларда бригадирлик қилиб, элнинг аччиқ-чучугини бирга тотиб, кўпчиликни эплаб, кўз-қулоқ бўлиб юрганимдан ҳанузгача фаҳрланаман, ҳозир ҳам ўша кезларни мамнуният билан эслайман. Акс ҳолда, эҳтимол, мен аллақачон букчайиб, ҳолдан тойиб, аллақачон уруш тўполонлари остида оёқ ости бўлиб кетар эдим. Қиличини яланғочлаб келган ёвга қарши зарба беришнинг ягона йўли курашда, меҳнатда эмасми, ахир?! Мана, қадрдон далам, иш орасида ора-сира чопа келиб, яна жимгина от жиловини қайта буриб, индамасдан чопиб кетишимнинг боиси ҳам шунда. Қосимдан хат келган кун эсингдами, меҳрибоним?
— Бўлмасам-чи, Тўлғоной. Сен ўшанда адирда ерга гўнг солиб юрган келининг билан кичик ўғлинг олдига суюнчи олгани келган эдинг-а, Тўлғоной!
— Суюнчи олмай бўладими! Сурункасига икки ой давомида дом-дараксиз кетган Қосимимдан соғ-саломатман деб хабар кел-са-ю, мен қувонмай ким қувонсин! Москва остоналарида бўлган кескин жангларга икки бор кирйб, иккаласидан ҳам соғ-саломат чиқдим, немисларнинг шашти қайтиб тўхтаб қолди, бизнинг полкимиз ҳозир дам оляпти дебди. Ўшанда келиним Алиманнинг қувонганини айтмайсанми! Қосимнинг жангга кириб кўп қатори немис билан жанг қилгани аниқ экан. Менинг болаларимдек йигитлар элни кўриқламаса, ким қўриқлайди. Ишқилиб боши омон бўлиб, душманни енгиб, зафар қучиб қайтса бўлгани. Бошқа ҳамма қийинчиликларга бардош берамиз, майли, ит азобини тортсак ҳам эртароқ енгсак бўлгани! Худойим, эртароқ енгсак эди, деб илтижо қилардим. Бу фақат менинггина хоҳишим эмас, балки кўпнинг тилаги, улуғ тилак бўлгани учун ҳам ҳаммасига кўнар экансан. Уйда ёлғиз қолган кенжам, Жайноғим, ўн саккизга етар-этмас аскарга кетганда: «Майли, бошга тушганни кўз кўрар!»—деб ўзимни-ўзим юпатдим.

Қишнинг охирларига бориб Жайноқнинг ўз тенгқурлари қатори военкоматга чақира бошлаганда, уларни шунчаки бир аскар сифатида машқ қилдириб юрган бўлса керак, деб ўйлардим. Уни аскарга олади деган хаёл ҳам кўнглимдан ўтмаган эди. Икки марта раёнга бориб, ўн кун чамаси ўйнаб келди, кейинги боришда эса орадан бир кун ўтиб, эртасигаёқ Жайноқ уйга қайтиб келди. «Нима, сенга жавоб беришдими, тезда қайтиб келиб қолдинг?» деб сўрасам: «Йўқ, эна, эртага яна раёнга қайтиб кетаман. Военкомат бир кун уйда бўлишга рухсат берди»,— деди. Мен бўлсам ўшанда ҳам пайқамабман. Жайноқ ўша куни узоқ сафарга отланаётгандай, жуда кўп ишларни битириб қўйди. Ишдан бирров қайтиб келсам, қўранинг ичини супуриб, олам-жаҳон ўтинни ёриб қўйибди. Молхонани тозалаб, томнинг устидаги пичанни қайта ёйиб қуритиб, отаси от боглаб юрадиган охурнинг бузилган жойларини чаплаётган экан. «Вой, уни нима қиласан, болам, ёзда шу-валар», — десам, «Вақт борида битириб қўйган яхши, эна. Кейин қўл тегмайди»,— деди. Сўнг билсам, у бекорга уннаб юрмаган экан. Жайноғим ўз ихтиёри билан, комсомол чақириғига жавобан, урушга жўнаб кетаётган экан. Буни биз Жайноқ жўнаб кетгандан кейингина билиб (қолдик — стантсиядан аравакаш овулдоши орқали хат бериб юборибди. Вой бечора болам тушмагурей, тўғрисини айтиб хайр-хўшлашиб кетсанг. йиғлаб-сиқтасам ҳам бир амаллаб тушунар эдим-ку. Алиман иккаламизга йўллаган хатида «хайрлашмай кетганим учун мени кечиринглар, сизларни бир йўла билишсин дедим, аскарга ўз ихтиёрим билан кетшшга лозим топдим», деб ёзибди. Менинг бу аҳдимга рози бўлмас деб ўйладими умрингдан барака топкур ё айтишга оғзи бормадими, қайдам. Билишимча, Жайноқ урушга ишқибозлик билан кетгани йўқ, балки унга нафрат билан қарагани сабабли, урушнинг элга келтирган зиён-заҳматини қалбдан ҳис қилгани, жонидан ўтгани учун қўлига қурол олиб жангга кирди. Отаси, икки акаси элу халқ деб жанг майдонида қон кечиб юрганда, унинг жони уларникидан азизмиди, у ҳам ор-номусли йигит-ку. Ҳа, Жайноқ худди шунинг учун, урушни ёмон кўргани учун кетганига кўзим етган эди. Ёлғиз Жайноқ фронтга боргани билан душманни қийратиб юбормайди, албатта, бироқ бундай дейиш ҳам тўғри эмас: Жайноққа ўхшаганлар ўнлаб қўшилади, юзлаб, минглаб қўшилади, шундай қилиб, куч тўпланади, шундай қилиб, кўл пайдо бўлади, шундай қилиб, тоғ ҳосил бўлади! Жайноғим, кенжатойим, қувончиғим, ҳазил-кашим, куйчим, суқсур болам! Сен нима учун айтмай кетганингни билмади дейсанми? Мени сен болалик қилиб, урушнинг нима эканини, ўлимнинг нима эканини тушунмай кетаверди, деб ўйлади дейсанми? Қувноқ табиатингни кўрган ҳар қандай одам ҳам сенинг инсонга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатингни тушунавермас эди. Ана шу инсонпарварлигинг туфайли уруш машаққатларини чекаётган аёлларнинг мушкул аҳволига тек қараб туролмасдинг. Бу дунёда одамдан яхшилик қолади. Оқибат, уруш кечиб, ал-лақачон ном-нишонсиз қурбон бўлдинг. Қирқ тўртинчи йилнинг қайси бир қоронғу тунида партизанларга ёрдамлашиш учун самолётдан парашютда сакрабсан-у, «парашют десантидаман, немисларнинг ичкариги қисмига ёриб кириб, уч бор жанг қилиб келдик», деб хабар қилганинг бўйи дом-дараксиз кетдинг. Душман билан курашиб, бирон ерда ўққа учдингми, ё тўқайзорлар орасида адашиб қолиб кетдингми, ёки душманга асир тушдингми, билолмадим. Ҳайтовур омон бўлганингда ҳозиргача бирон хабар келарди-ку, болам. Сен жуда эрта хазон бўлдинг, Жайноғим, кенжатойим, ёш кетганингдан эл дийдорингга ҳам тўймаган эди. Ҳозир мен сени эслаганимда бизни хафа бўлмасин, деб айтмай кетганинг доим кўз ўнгимга келади...

Э, энди нимасини айтайин, уруш касофат қанча-қанча одамларнинг ёстиғини қуритди, тилаб олган Жайноғим омон бўлганда қан-дай одам бўлар эди! Бўйи бастингдан, қилиқларингдан айланайин, болам, қайдасан, қайдасан? Ун гулингдан бир гулинг очилмасдан, қаерларга бориб тиғга учдинг? Эй фалак, оҳ, жон ато қилган ер, боламни бир зумгина, кўз очиб-юмгунча тирилтириб, дийдорини биргина кўрсатиб қўйсанг!..
— Тўлғоной, сабр қил, ўзингни бос. Ундай қилма, ўзингга раҳм қил... Юрагингнинг ҳар бир тепишини ғанимат бил. Бурчингни унутдингми?
— Йўқ, сирдош далам, унутганим йўқ. Унутмаганлигим учун ҳузурингга келиб турибман-да. Шу инсоний бурч бўлмаса, ҳанузгача тирик юрган бўлармидим, жоним қилтиллаб, юрагим аллақачон ғалвир бўлган-ку. Эсингдами, она ер, ўша мудҳиш кунлар?

Бойчечак очилган кўклам кунлари далага эндигина қўш чиқарган кезлар эди. Кун тегмаган камарларда қурт-қумурсқалар ҳали карахт ухлаб ётган бўлса ҳам, майин шабада эсиб, ер селгиб, кун сайин майсалар ниш уриб, ёз ташвиши бошланган эди. Оҳ, ёзни қўмсаб, доннинг сепилишини орзиқиб кутаётган деҳқон далам!

...Овулга кираверишда, кўча бўйлаб келаётганимизда, уйимиз ёнида ғала-ғовур бўлиб турган оломонни кўрганда ҳам юрагим шув этмабди. Қариялардан бири менга ялт этиб қаради-ю, чўчигандай: «Отдан туш, Тўлғоной»,— деди. Мен ҳайратланиб қараб турган бўлсам керак, у киши отидан туша солиб, мени қўлтиғимдан олди: «Туш, Тўлғоной, тушишинг керак!»—деб такрорлади. Тилим калимага келмай, бутун вужудим жунжикиб, отдан тушдим. Бир вақт қарасам, нариги ёқдан Алиманни эргаштириб, уч-тўрт аёл қелаётган экан, Алиман ўша куни ариқ тозалашда ишлаётган эди. Унинг кўтариб келаётган кетмонини бир аёл елкасидан шартта олди. Шундагина ҳаммасини тушундим: «Бу нима қилганларинг, вой шўрим!»—деб кўчани бошимга кўтардим. Шу маҳал Ойша қўшнимнинг уйидан аёллар чиқа солиб қўлларимни маҳкам ушлашди: «Бардам бўл, Тўлғоной, Сувонқул билан Қосимдан жудо бўлдик!»—деганда, Алиманнинг «Эна, энажонимей!»—деб чинқирганида тўпланиб турган одамларнинг ҳаммаси: «Жигаримей! Жигаримей!»—деб ўкириб йиғлайверишди. Оҳ, лаънати уруш, мақсадинг шумиди? О, қора кун, кўргилик шумиди? Менгина эмас, кўча-кўй, уйлар, дов-дарахтлар чайқалиб-депсиниб, ер-кўкни бузган чинқириқ-ўкирикдан қулоғим тиниб, гаранг одамдай, ҳеч нарсани эшитмай, аллақандай бир мудҳиш сукунат ичида, гўё тушдагидек, кишиларнинг юзини булут қоплаб олган сингари, ё ўлик, ё тирик эканлигимни сезмай, орқамга қайрилган қўлларимни бўшатиб олишга ҳаракат қилардим. Ёнимда ким борлиги, эшик ёнида дод-вой солаётган одамлар кимлар экани билан ишим йўқ, менинг биргина аниқ кўриб турганим — Алиман. Бетини, кўйлагини юлиб, сочлари тўзғиган келиним ҳам зор қақшаб, чинқириб, икки ёқдан осилганларга бўйин бермай, у ҳам мен томон талпинарди.

Ажойиб азаматлар, тоғ нураса бўлмасмиди, кўл қуриса бўлмасмиди! Сувонқул билан Қосимим, ота-бола иккови ҳам қандай деҳқон эди! Дунёнинг таянчи шунга ўхшаш заҳматкашлар эмаем.и: элни тўйғизганлар ҳам ўшалар, ёв келганда қўлга қурол олиб, мам-лакатни қўриқлаб, қон тўкканлар ҳам ўшалар. Агар уруш бўлмаганда, Сувонқул билан Қосимим қанчадан-қанча одамларга ризқ-рўз бериб, мушкулини осон қилиб, қанча экин экиб, қанча хирмон кўта^риб, қанча ишни бажарган бўларди. Узлари ҳам эл меҳнатидан баҳраманд бўлиб, дунёнинг роҳатини кўрар эдилар. Уйлаб қара-санг, қизиқ, айланайин она-эр, уруш бошланар экан-у, у урушда одамзоднинг энг асил, қўли гул азаматлари ўз ишини ташлаб, би-рининг қонини бири тўкиб, бирини бири ўлдиришга сафарбар бўлишар экан. Мен бунга кўникмайман ва умрбод кўниколмайман. Табиат томонидан яратилган энг олий мавжудод — Одамзод, дун-ёни ўзига бўйсундирган ким — одамзодми, шундай экан, кишилар бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшаса бўлмайдими?! Сирдош далам, жавоб бер, айт жавобингни!
— Қийин савол бердинг-ку, Тўлғоной. Мен билганимдан бери, одам одам бўлиб яратилгандан бери урушгани-урушган. Баъзан урушда мутлақо қирилиб, ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон қолмай вайрон қилинган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзод изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал уруш чиққанда гап уққан-ларга, урушмасаларинг-чи, қон тўккунча ақл ишлатсаларинг бўлмайдими, дейман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: «Э одамлар, дунёнинг тўрт бурчагида яшаётган одамлар, сизларга нима керак — ерми? Мана мен ерман, мен барча одам боласига етаман, менга талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хивчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг, пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг, девор бўлиб бераман, уруғ-аймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман! Мен тугамайман, мен тораймайман, мен конман, мен ҳаммаларингга баравар етаман! Сен, Тўлғоной, одам боласи тинч яшай оладими, йўқми, дейсан. Узинг ўйлаб кўр-чи, бу менга эмас, сизларга боғлиқ, одам боласининг ўзига, сизларнинг иноқликларингга, хоҳишларингга, ақл-идрокларингга боғлиқ... Мени уруш заҳматини тортмайди, дейсанми. Майдонда қурбон бўлган меҳнаткашларимнинг, сенинг Сувонқулингга, Қосимингга, Жайноғингга ўхшаган деҳқонларимнинг меҳнатини соғинаман, қўмсайман. Шудгор оби-тобида қилинмай, экин вақтида суғорилмай, хирмон вақтида кўтарилмай турганда, мен уларни: «Қелинглар, кучини билагига тўплаган деҳқонларим, келинглар, болаларим, тезроқ туриб келинглар, қувраб кетяпман!»—деб чақираман. Афсус, кетмонни кўтариб, Сувонқул келса қани, афсус, комбайнини ҳайдаб, Қосим буғдой ўримига кирса қани, афсус, хирмонга қизил алвон тортиб, Жайноқ аравасини қувиб келса қани!..
— Ўлганларнинг кетидан ўлиб кетмас экансан. Бригадир эканман, белимни маҳкам боғлаб, яна отланиб чиқдим, ғамхўр далам.
— Тўлғоной, сен келганда иккаламиз кўпни кўрган оналар сингари бағримиз тутақиб, жимгина кўришдик, тўғрими?
— Ҳа, шундай қилмаоак бўлармиди. Мен йиғи-сиғи қилаверсам, келиним ҳаётдан баттарроқ безмайдими? Билиб турдинг-у, куёвига шунчалик куйган жувонни умримда кўрган эмасман. Мен ҳам эримдан, ҳам ўғлимдан жудо бўлиб, кўргилигим ундан оз эмас эди, шундай бўлса ҳам менинг йўриғим бошқа. Алиман билан Қосим бўлса эндигина қўшилиб, ёшликнинг энг ширин пайтида, севгининг энг қайноқ кезида, болта билан қия чопилган каби иккиси икки томонга қулаб йиқилди. Ўлган-ку ўлди кетди, аммо Алиманнинг тирик юришини демаса, тушунган кишига, у ҳам ўлган билан баробар эди. Албатта, ҳали Алиман ёш, кейинчалик бора-бора балки ўз тенгини топар. Алиманга ўхшаш бева қолган кўпгина келинлар урушдан кейин турмушга чиқиб кетишди. Кўпчилиги бахти очилиб, ҳозирги кунда бола-чақали она бўлиб қолишган. Ўшалар тўғри қилди. Бироқ ҳамма бирдай эмас экан-да, баъзи бировлар бурунгисини тез унутиб, жон жароҳати битгач, тезда янги йўлга тушиб олишади. Шўрлик Алиманнинг тақдири ундай бўлмади. У бошига тушган бахтсизликка кўника олмай, биринчи бахтини ҳеч унута олмади. Бунда менинг ҳам катта айбим бор. Ҳа, шунга қолганда бўшлик қилдим. Бўшлик деб ҳам бўлмайди, келинимни аяб юриб, унинг ички сирига аралаша олмай қўйганимни нима десам экан, бўшликми, ё ундан ҳам ёмон гуноҳми.

Қирқ учинчи йил, қишнинг ўрталари эдими ёки кўкламнинг бошлари эдими, ҳайтовур, совуқ бўлиб турган эди. Туннинг қайси маҳали эди, эсимда йўқ, эл текис ухлаб ётганда аллаким деразани синдиргудай бўлиб: «Тўлғоной! Бригадир! Тур тезроқ! Уйғон!»—деб қичқирди. Ҳушимиз кетиб, Алиман иккимиз сакраб турдик. «Эна! Эна!»— деди Алиман қандайдир бир қувончли ҳодисани сезгандай товуш билан. Эвоҳ, боумид инсон, доим хаёлдан кетмас нарса, шу маҳалда, менинг қалбимда ҳам: аскарга кетганлардан бири келиб қолмадимикин деган ваҳимали ва ширин бир ҳис уйғонган эди. «Сен кимсан? Сен кимсан?» дея деразага югурдим. «Эшикка чиқ, Тўлғоной! Бўл эртароқ! Саройдан от ўғирланди!»—деди келган киши. Алиман чироқни ёққунча этигимни кия солиб кўчага чопиб чиқдим. От саройига раислар ҳам етиб келган экан. Саман йўрға билан бирга (уни биз колхозга топшириб юборган эдик) аравага қўшадиган уч от йўқ. Бригадамизнинг кўкламги ер ҳайдашига мўлжалланган ажойиб отлар эди. От-боқар отларга тунги емиш солайин, деб пичанхонага кетганда ўғир-лаб кетишибди. Келса сарой қоронғи, чироқ ўчган, шамол ўчирган бўлса керак, деб шошмай ёқиб қараса, уч отнинг ўрни бўш. У пайтларда учта ишчи отни йўқотиш колхоз учун ҳозирги пайтда ўнта тракторни йўқотгандай гап эди. Қолаверса, бу ҳодйса фронтдаги солдатларнинг ҳар биридан бир бурдадан нонини тортиб олган билан баравар эмасмиди...

Овулдан тўп-тўп бўлишиб чиқиб, турли томонга қараб қидиришиб кетдик. Бир вақт адашиб кетибман. Колхознинг зотдор айғир отини миниб олган эдим, жонивор, қамчи теккизмай олиб учиб, катта йўлдан ўтиб, тоғ тарафга йўл олганимни биламан, орқамдан ҳам одамлар келаётган эди, бошқа томонга уриб кетишганми, улардан узоқлашиб кетганимни анчадан кейин билиб қолдим...

Отларни ким ва қандай қилиб ўғирлади экан? Шундай пайтда элнинг уволидан ҳазар қилмаган одамлар кимлар экан? Ўғрилар жарликдаги тўқайзорда бекиниб ётишган бўлмасин, деб сойга ту-шиб қарадим, ҳеч нарса кўринмасди, фақат бир тулки лип этиб тўқайзор ичидан чиқа қочди-да, ой нурида кўкимтир товланиб, жарлик бўйлаб кумуш думини судраб ғизиллаб кета бошлади.

Овулга қайтдим. Жарлик бўйлаб келар эканман, Жекшенқул деган кимса аскардан қочиб келган эмиш, ёнида иккита ўртоғи ҳам бор, Сариқ-ёйиқдаги қозоқлардан эмиш, деган миш-миш гаплар ёдимга тушди. Аммо, мен бу миш-мишларга унча ишонмаган эдим. Одамлар урушда ўт кечиб, жанг қилиб юрган бўлса-ю, қандай қилиб булар бунда шум бошини олиб қочиб, бекиниб юрсин? Бу қан-дай пасткашлик: «Сен ўлсанг ўлавер, мен қолсам бўлгани, деганими? Шу ҳам инсонгарчиликми?—деб ўйлаб келардим. - Овулда ҳар кимнинг сири, одати аниқ маълум. Унда бу қадар пасткашлик-ка борадиган ҳеч ким йўқ эди. Бир йўла уч йилқини ош қилиб юбориш ҳазил гапми! Уғри четдан келган. Боягидай четлаб, ўзини олиб қочиб, тоғ-тошни оралаб юрганларгина бу ишни уддалай олиши мумкин, деган қарорга келдим. Жекшенқулларнинг аскардан қочиб юргани чин бўлса, ҳойнаҳой ўшаларнинг ишидир бу, деган гумонга бордим... Бу иш кўкламда содир бўлган эди.

Тўғрисини айтсам, колхознинг кундалик ташвишлари билан овбра бўлиб, бу воқеа ёддан ҳам кўтарилган экан. Уч от бир плугнинг кучи, лекин илож қанча, ғунон-сунонларни эплаб қўлга ўргатиб, бригаданинг плугларини бир амаллаб ишга солдик. Шундан кейин қўш ишлари ҳам шу даражада қизиб кетдики, ўғри у ёқда турсин, худони ҳам унутиб юборадиган кунлар келди. Ҳаётимдаги энг машаққатли кўклам ўшанда бўлган эди. Эл нима қилсин, эл ишласак дейди, лекия очликдан силласи қуриб кетмон кўтара олмайдиганлар ҳам бўлди. Илгаригидай куч-қувват йўқ, бир кунлик иш ҳафтага чўзилиб кетарди. Бунинг устига колхозда уруғлик ҳам етишмасди. Хампанинг бор-йўғини сидириб, ҳар бир донни битталаб териб олиб, бригада планини базўр бажардик.

Ўша кунларда халқнинг аҳволини кўриб жуда кайфим учди. Меҳнат кунига ҳеч нарса олмаса, ейишга нони бўлмаса, нима, элни қириб юборамизми? Келгуси кўкламда бундан беш баттар очарчиликка дучор бўламиз-ку. Йўқ, бу ҳолда яшаш мумкин эмас, қаидай қилиб бўлса ҳам бир йўлини топиш керак, деган қарорга келдим. Тоғ этагида бекор ётган қўриқ ерлар бор эди, ўшани ҳайдатиб, уруғ септирмоқчи бўлдим. Раисга маслаҳат солдим, райкомгача бордим, тушунтирдим: буни биз пландан ташқари, ўз кучимиз билан, элнинг меҳнат ҳақига мўлжаллаб экамиз, дедим.

Хуллас, охири рози бўлишди. Бироқ гап бошқа ёқда — сепишга уруғ йўқ эди. Колхознинг хампасида дон дегандан иримига қолмаган-ку, уни қаердан оламан. Бошим қотиб, охири элни йиғиб маслаҳат солдим, ҳамма гапни, бор мақсадимни айтдим: «Қани, халойиқ, кенгашиб кесган бармоқ оғримас деганлар. Нима қиламиз? Келгуси кўкламда ҳам шундай гезариб ўтирамизми ё бир ҳаракатимизни қиламизми? Мана бу экилганлардан умид қилмайлик, яширишнинг нима кераги бор, унинг бари, уруғлигидан бошқаси, фронтники, урушда юрган аскарнинг ризқи. Агар уруғлик топсак, пландан ташқари ер ҳайдаб экин экиш ниятимиз бор. Унинг ҳосилини меҳнат ҳақига, қари-қартанг, етим-эсирларга бўлиб берамиз. Менга ишонсаларинг, ҳамма жавобгарликни ўз бўйнимга оламан. Гапнинг пўсткалласи шуки, еб ўтирган, тишларингда сақлаб юрган дон-дунларингни беринглар. Ерга сепайлик. Майли ҳозир емасак-эмайлик, сабр қилайлик, сут-қатиқ ичиб бўлса-да, бир амаллаб пишиқчиликкача етиб олармиз. Ўзларинг учун, бола-чақаларинг учун мардлик кўрсатинглар, айланайлар, йўқ деманглар, чайнаб турганларинг бўлса ҳам беринглар, вақт ўтмасдан уруғни сепиб олайлик». Одамлар йиғилишда хўп дейишгани билан ишга ўтганда қийин бўлди. Айниқса кўп болали оналар худди ўлмай туриб қўлидан ҳеч нарса бермайдигандай ғижиниб, урушни ҳам, турмушни ҳам, колхозни ҳам қарғаб-сиқтаб, яшириб юрган буғдойи борми, арпаси борми, бор бисотини аямай топширишди. Арава билан кўчама-кўча юриб, бировга яхши, бировга ёмон гапириб, ҳатто баъзан айтишиб ҳам қолиб, олди ярим пуд буғдой, кети бир пиёладан сули берса ҳам қайтармай йиғиб юрдим. Майли, бир сиқим дон ҳам фойда, кузда ўша бир сиқим дондан бир пуд ҳосил олсак, ҳозиргининг ўрнини қоплайди-ку деган ўйдаман. Акс ҳолда, бунчалик қилмаган бўлардим, албатта. Шундай бўлса ҳам, ўшанда нима учун бунчалик қаттиққўллик қилган эканман-а? Ҳаммани бир кўзда кўриб, ҳеч кимни ҳам аяганим йўқ. Баъзи бирларини қўлидан тортиб олган-дай бўлдим. Бечора қўшним Айшанинг ўшандаги ҳолатини сира унутмайман. Куёвидан эрта айрилиб (Жамонбой урушдан бурун қазо қилган эди), ғам чекиб юриб, Айша касалманд бўлиб қолгак эди. Сал тузалганда колхозда меҳнат қилиб, тптпггпгияп ишлаб, ёлғиз ўғли Бектошни эплаб жатта қилди. «Эл қатори берадиганингни бергин, Айша»,— деган эдим,—«Бори-будимиз шу»,— деб тўр-вачани кўрсатди.—«Шуни бўлса ҳам бергин. Уруғликка ер тайёр, сепмоқчимиз»,— десам, Айша ялиниб-ёлворди: «Узинг кўриб турибсан-ку, мен бундай нимжон бўлсам, охиратли қўшнимсан-ку...» Кўнгилчанлигим тутиб бўшашиб кетдим, бироқ шу заҳотиёқ кўнгилчанликни йиғиштириб қўйдим.— Мен ҳозир қўшнинг эмасман!— деб қаттиқ гапирдим: «Мен бригадирман, кўпчилик номидан шу донингни олиб кетаман!»—дедим-да, ўрнимдан туриб, тўрвачани қўлимга олдим. Айша индамай, тескари қаради... Олти-этти кило буғдой экан. Тўрваси билан олиб кетаверайин дедим-у, яна кўнглим бўлмай, ярмини катта товоққа тўкдим: «Менга қара, Айша, фақат ярмини олдим, хафа бўлмагин!»—дедим. Айша мен томон қараганда кўзидан оқаётган ёш томчилари бетига сизилиб тушаётган экан. Ушанда ташлаб кетаверсам бўлмайдими. Бундай бўлишини ким билибди, тўрвачани ушлаган бўйимча уйдан чопиб чиқдим. Одамни бундай қийнагандан кўра, э, қуриб кетсин! Нега, нега шундай қилдим экан. Ҳозир эсласам, ўша қилмишларимни сира кечиролмайман.
— Йўқ, Тўлғоной, сенинг бунда ҳеч қандай гуноҳинг йўқ. Сен элга яхшилик қилайин деган эдинг, ўринли иш бўлган эди. — Ҳа, айланайин деҳқон далам, сен барига гувоҳсан: ниятим холис эди. Агар ўшанда овулдагилар ёпирилиб, уриб ўлдиришса ҳам рози эдим. Биласан-ку, иккита катта қоп уруғлик дон тўпланди. Уни биз ғалвирда элаб, тозалаб, дала бошига ўзим чиқариб қўйдим. Уша куни сабр қилсам ҳам бўлар экан. Ҳайдаладиган бир оз ер қолган эди. Мен эртаси барвақт туриб, уруғни ерга ўзим сочсам, деб ўйлаган эдим. Уруғ тайёр, ер тайёр, деярли ҳамма иш кўнгилдагидек бораётган эди. Кечга томон уйга келиб нимагадир уймаланиб юриб, тиниб-тинчимадим. Кундузи Бектош билан яна бир болага бороналарни аравага солиб, далага олиб бориб ташланглар, деб тайинлаган эдим. «Бола, боланинг иши чала» деганларидай, улар айтганимни кўнгилдагидай бажардими, йўқми, деб ишонолмай Алиманга айтдим: «Мен қўшчилар томонга бориб келайин, тезда келаман»,— деб отланиб жўнаб кетдим. Овулдан ўтавериб, отни йўрттириб ҳайдадим. Қош қорайиб, ҳам-ма ёқни зулмат қоплаб олаётган эди, қўшнинг бошига етмай шудгорда омочга қўшилган ҳўкизлар ўз ҳолича юрибди, ёнида ҳеч ким йўқ. Нега шу маҳалгача ҳўкизларни қўшдан чиқармади экан деб қўшчи боладан аччиқландим. У жувонмарг қаерларда юриб-ди экан, деганимча бўлмай, йўл бўйида моллари билан ағдарилиб ётган аравани кўриб юрагим қинидан чиқиб кетди. Араванинг ёнида ҳеч ким йўқ. «Ҳой болалар! Қаёқда юрибсизлар, қаердасизлар? Ким бор бунда?»—деб қичқирдим. Қимирлаган жон йўқ, ҳеч ким жавоб бермади. Бу нимаси, булар соғга ўхшамайди-ку, деб олачивда чопиб бордим. Отдлн сакраб тушиб, гугурт чақиб кириб келсам, Бектош, ўртоғи, қўшчи бола учаласи қўллари боғланган ҳолда ерда ётишиб, кийимлари титилиб, бош-кўзлари қонга беланиб, оғизларига латта тиқилган. Бектошнинг оғзидан латтасини юлиб олиб:—«Уруғ қани?»—дедим. «Олиб кетишди! Уриб олиб кетишди!»—деб ўғрилар кетган томонни боши билан ирғаб кўрсата бошлади. Уша ерда қандай бўлганини билмайман, отга ирғиб миниб қувишга тушдим. Умрим бино бўлиб бунақа от чоптирмаган бўлсам керак. Кўп ўтмай, олдинда ўғриларнинг қораси кўриниб, отларнинг тақалари тошга урилиб эшитила бошлади. Улар учта экан. Отга қопларни ўнгариб, тоққа бетлаб уриб кетишяпти.—«Тўхта! Уруғликни ташланглар! Ташланглар уруғликни! Ташла, дейман!»—деб қамчи босиб кела бошладим. Орамиз тобора қисқараверди. Улар қопларни ортиб олгани учун қаттиқ чопиб кетиша олмади, лекин уруғни ҳам ташлашмади. Қайси биридир ўртада йўрға миниб бораётибди. Илгариги синчковлигим эмасми, орқасидан танидим, юришидан, орқа ола туёғидан танидим — бизнинг саман йўрға экан. Қишда отларни ўғирлаб кетганлар ҳам шулар эмасмикин? «Тўхта! Мен танидим сенларни, мен,танидим сени, Жекшенқул! Сен Жекшенқулсан! Энди қўлимдан қутулмайсан, тўхта!»—деб ҳайқириб келаётсам, чиндан ҳам у Жекшенқул экан, йўрғанинг бошини бура солиб, қоронғида отдан лип этиб тушди. Милтиқнинг оғзидан ярақлаб чиққан ўт кўзларимни қамаштириб юборди, гумбурлаб кетган товушдан отим мункиб кетиб, устидан дўппидай учиб тушдим. Йиқилаётиб, бу отилган милтиқ эканлигини, ўқ елкамга текканини сездим. Ундан бошқаси менга қоронғу эди.

Бир вақт ҳушимга келиб кўзимни очсам, теварак-атрофим жим-житлик, чалқанча тушиб ётган эканман, бутун вужудим ўзимники эмасдай зирқираб оғрирди, қимирлашга дармоним йўқ. Ёнгинамда ўқ еган от гоҳ пишқириб, гоҳ тепиниб, оёқ силкиб, жон талвасасида ётибди. У шу аҳволда бир оз пишқириб, қийналиб ётди-да, кейин қимирламай чўзилиб қолди. У билан бирга бутун ҳаёт тўхтаб қолгандай туюлди. Сукунатли тун қўйнида ёлғиз бир ўзим...

Men anchagacha shu ahvolda yotdim. Bir vaqt kimdir birovning oyoq tovushi eshitildi. «Toʻlgʻon opa! Toʻlgʻon opa-a-a-a!»—degan bolaning yigʻlamsiragan tovushini tanidim.— Bektosh. Izlab yurgan boʻlsa kerak. Boshimni arang koʻtarib: «Bektosh, beri kel»,— deb chaqirdim. Asil odam-da, otasining bolasi, yonimga yetib kelib: «Toʻlgʻon opa, sogʻ-salomatmisiz, Toʻlgʻon opa?»— deb boshimda yigʻlay boshladi. «Sogʻ-salomatman, belim sal turgʻazmay turibdi, tuzalib qolsa kerak»,— desam, «Bu hech nima emas, sogʻayib ketasiz, Toʻlgʻon opa»,— deb juda suqshdi, narigi yoqda izlab yurgan oʻrtoqlariga: «Bolalar, beri kelinglar. Toʻlgʻon opam bu yerda ekanlar, omon-eson ekanlar!»—deb qichqirdi. «Endi opangga nima deb javob beramiz?»,— desam, Bektosh bir oz indamay turib: «Javobini men oʻzim beraman, Toʻlgʻon opa. Elning bariga javobini oʻzimiz beramiz, Toʻlgʻon opa. Hech nima emas»,— dedi-yu, bola-da, oʻshanda oʻn toʻrt-oʻn besh yoshlik chogʻlari, izza boʻlganiga chiday olmay yigʻlab yubordi. U mushtlarini qisib, joyidan irgʻib turdi va togʻ tomonga qarab qoʻl siltab gapirdi: «Biz baribir oʻlmaymiz. Koʻrasanlar-ku, men ham ulgʻayib yetilarman, bu qilmishlaringni hech qachon unutmayman!»—dedi. Uning shu mardona soʻzi uchun koʻnglim yumshab yigʻladim. Shunday qilsam: «Yigʻlamang, Toʻlgʻon opa, men ham sizning bolangizman, men ham ulgʻayaman, Qosim akamning oʻrnini bildirmayman»,— deb qoʻltigʻimdan suyab, oʻrnimdan turgʻizdi.

Bolalar meni aravaga solib, uyga keltirib qoʻyishdi. Ikki-uch kun ogʻrib, koʻrpa-yostiq qilib yotdim. Ovuldagilarning birontasi qolmay, koʻngil soʻrab kelib-ketib turishdi. Elga rahmat, roziman, oʻshanda hech kim hech nima degani yoʻq menga. Shunday boʻlsa ham, niyatim amalga oshmay qolganidan qattiq koyindim. Haydab qoʻyilgan shudgorning tobi qochib ketib, urugʻ sepilmay, oʻgʻrilarga yem boʻlib ketganini eslaganim sari yuragim achishib yurdi.

— Гапинг тўғри, Тўлғоной. Сенгина эмас, мен ҳам сездим буни. Ўша — экилмай қолган шудгор менинг танимда битмай қолган ярадай бўлиб, ўрни кўп вақтгача билиниб юрди. Шудгорга уруғ сепилмаса, менинг энг катта жароҳатим шу, Тўлғоной. Урушнинг айби билан қанча уруғ сепилмай, қанча одамларнинг умри хазон бўлди. Менинг энг ёмон кўрганим уруш бошлаганлар, улар уруг ҳам сепишмайди.
— Тўғри айтасан, уруш билан деҳқончилик бир-бирига зид,
— Урушган одам экин экмайди.

Эшик олдидаги баҳайбат кекса олма ўша йили қийғос гуллаб, яна кучга тўлиб яшаргандай, шамол текканда бутоқларидан оп-поқ гуллар тўкилиб ётди. Олма гуллаган кезда ҳаво ҳам зумрад бўлоқдай тиниқ ва мусаффо эди. Олисдаги йилтиллаган қорли тоғ чўққилари ҳам кўриниб турарди. Шундай ўтирганимда кўчадан почтачи Темир чол кириб келди. «Ҳорма, Тўлғоной»,— деб анчагача сўзлай олмай, шошилиб ўзича негадир шумшайиб, енгил йўталиб, «шамоллаб қолибман-ку, қурғур», деб сўзланиб, менга хат бор эканлигини айтиб, сумкасини ахтариб, хатни берди. Унинг бу секин имиллашидан диққат бўлиб: «Тезроқ айтмайсанми зориқтирмай!—Кимдан экан?»—десам, «Майсалбекдан чоғи»,— деди. Суюниб, юрагим ҳовлиққанидан, ҳамиша Майсалбекнинг хатлари учбурчак бўларди, бу сафар босма билан босилган тўртбурчак, сирти қалин атлас қоғоз эканига ҳам эътибор бермабман. Шу пайт ярадор оёғини судраб, оқсоқланиб, қўлтиқ-таёқ билан Бектурсин келиб қолди. У қўшнимиз эди, зерикканда бизникига келиб гурунглашиб кетарди.—«Хат келган шекилли, ҳо, Майсалбекдан-ку»,— деб сабрсизлик билан кўришди.— «Қўлинг нега қалтирайди? Берироқ ўтириб ўқиб бер-чи»,— дедим. Шундай десам, кийгизнинг четига ўтираётиб, «вой оёғим» деб оғриқсиниб, ранги кўкариб терлаб кетди ўзи ҳам. Хатни қўли қалтираб аранг очди-да, ўқий бошлади. Оҳ, шўрлик болам, шўр-лик хат...
— «Онажон, оқ сутингдан айланайин, онажоним,— деб бошлабди хатини.— Мен сенинг қандай одам эканлигингни билмасам, бу хатни ёзмас эдим. Сенинг оқилалигингга, ғайрат-шижоатингга, куч-қудратингга ишониб шуларни ёзяпман. Шундай бўлса ҳам, нима деб тушунтиришга, нима деб айтишга сўз тополмай, оқ қоғозни қора қилиб ўтирган чоғим.

Охир оқибат қилган ишимни тўғри деб топарсан, мен бунга ўзимга ишонгандек ишонаман. Ҳа, она, сўзсиз мени ҳақ дерсан. Шундай бўлса-да, тушунсанг ҳам, юрагингнинг бир четида менга айтилмаган бир саволинг қолар: «Болам, қандай қилиб ўз умрингни ўзинг хазон қилдинг? Одамга бир мартагина насиб бўладиган бу ёруғ дунё билан ўзинг видолашиб кетавердингми? Мен сени нимага туғиб, нимага ўстирдим? Ҳа, она, сен онасан. Сенинг бу саволингга тарих кейин жавоб берар. Бу энди менинг айтганларим, урушни биз тилаб олганимиз йўқ, бу кўпнинг бошига келган мушкул иш, буткул инсон боласига болта урган зулм бўлди. Биз у билан курашмай қололмаймиз, унинг учун қон тўкиб, унинг учун жон бериб, уни бутунлай даф қилишга сафарбармиз. Шундай қилмасак, бизнинг одам деган номимиз ўчади.

Мана энди мактабда ўқувчи ёшларга менинг биринчи ва энг охирги сабоғим шу, уларга бериб кетган билимим ҳам шу. Бунга мен ҳаётдан олган ҳамма билимимни, борлиқ дилимни қўшдим.

Бир соатдан кейин мен Ватаним топширган ишга бориб, қайтиб келмайман, душман тўдасига бориб, уни қийратиб, ўзим ҳам йўқ бўламан. Ватан учун, халқ учун, ғалаба учун, дунёдаги барча эзгуликлар учун...

Бу менинг сўнгги хатим, сўнгги қалам тебратишим, сўнгги сўзим. Она, минг бир икки марта она десам ҳам қадрингга ета олармидим, тушунгин: бу жўнгина ўлиб бериш эмас, бу осонгина жондан кечиш эмас, бу умр суришнинг энг тенгсиз тури. Балки қулоққа қайта-қайта уқилса ҳам, бу яшаш учун бўлган ўлим. Мен ҳозир шуни ўз ихтиёрим билан танладим. Менинг ҳеч қандай тап тортадиган ерим йўқ. Ватаним бу ишни менга ишониб топширгани учун фаҳоланаман.

Мени йўқлама, она. Мени нишона қолдириб кетмади, дема. Дунёда бундан кейин уруш бўлмаса, янги кўз очган боланинг ингалагани — ўша мен, бўй етган қизларнинг жавдираган кўзла-ри — ўша мен, ниҳоллардан кўкарган куртак — ўша мен, далада униб чиққан экин — ўша мен, муаллимнинг болаларга биринчи ўргатган «а» ҳарфи—ўша мен, ўшанинг бари мен, ўшанинг бари мени мен деб билиб юргин, она!

Йиғлама, она, ҳеч ким йиғламасин. Бундай ўлим учун ҳеч ким йиғламасин. Алвидо, мангуликка хайр, алвидо!.. Алвидо, чўққиларингдан айланайин, Олатов!

Сенинг муаллим ўғлинг — лейтенант Майсалбек Сувонқулов.

Фронт. 1943 й. 9 март. Тунги соат 12».

Михланган бошимни зўрға кўтариб қарасам, ҳовлида эл тўпланиб турибди. Бари бирдай индамай, бошларини қуйи солиб, аза тутиб туришган экан, ҳеч ким товуш чиқариб йиғлагани йўқ. Майсалбек ҳеч ким йиғламасин деган-ку. Аёллар мени қўлтиғимдан суяб базўр турғизишди. Гуллаган олмага шамол тегиб, бутоқларидан учган оппоқ гуллари юз-кўзимга урилиб, юмшоққина қўл теккандай силаб ўтарди. Уша гуллаган олманинг нариги ёғи овулнинг устки томони, олисдаги тоғнинг тепаси, учи-чеки йўқ — милтиллаган мусаффо осмон. Дунёнинг бунчалик кенг эканини кўриб, оламнинг бунчалик тор эканини сезганимда, ҳамма ёқни бузиб, бўзлаб, ҳайқириб йиғлагим келди. Бироқ, бунга эрк бермай, лабларимни маҳкам тишлаб турдим. Алиман боядан бери, қандай турганини билмайман, мен уйда турганимда икки қўлини ёзиб, кўр кишидек мени кўзлаб тимирскиланиб келаверди-да, бирданига юзларини қўли билан беркитиб, тескари бурилиб кетди.

Мана шундай қилиб, ўртанча ўғлим Майсалбекдан ҳам ажралдим. Ташлаб кетган қалпоғи қолди.
— Менда эса Майсалбекнинг тупроғи деган ном қолди, Тўлғоной. Халққа қилган иши, донғи қолди.

— Ҳа, Майсалбекнинг номи ўчгани йўқ. Ботир деган номини ардоқлаб, қишлоғимиз «Майсалбек» номидаги колхоз бўлди. Фронтдагилар Майсалбекнинг ёзиб кетган хатига ўзларининг хатларини қўшиб, селсоветга юборишган экан. У хатда Майсалбекнинг жангчи ўртоқлари унинг кўрсатган мардлиги ҳақида ёзиб, баримизнинг кўнглимизни кўтариб, сизнинг ўғлингизни, жигарбандингизни ҳеч қачон унутмаймиз, Ватанимиз у билан фаҳоланади, дейишибди. Кейин билсам, Майсалбегим разведкачи экан. Бизнинг аскарлар ҳужумга ўтиш олдидан немисларнинг пистирмада тўплаган қурол-яроғ, ўқ-дорилари бир кечада ўт олиб, атрофдаги тўқайлар ёпирилиб ёниб, фронтдаги жангчиларимизга катта йўл очилибди. Шу ишни қилган менинг ўғлим Майсалбек бўлибди. Мен ҳам унинг бу ишидан фаҳоланаман. Одам боласига энг аввало обрў керак. Урушда кўрсатилган ботирликнинг зўр жасорат эканлигига шубҳам йўқ. Бунинг учун бош эгиб, ўғлимга таъзим қиламан. Лекин тирик юрганига нима етсин, бу мен учун армон бўлиб қолди...