OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧингиз Йўрик
Асар номиОдамларни ёлғиз қолдирманг (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Қирғиз адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Чингиз Йўрик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Одамларни ёлғиз қолдирманг (ҳикоя)
Чингиз Йўрик

Автомобилнинг эшиги очилди-да, ожиз нур қоронғиликни тилиб ўтди, бола стакандаги чойни тўкиб юбормасликка тиришганча патнисни машина ичида ўтирган одамга узатди.
— Яшавор, Маҳмуд!—деди орқа ўриндиқда ўтирган киши.—Ҳар доимгидек иссиғидан олиб келибсан.

Бола жилмайди, бу ёқимтойгина сепкилли ўсмир эди.
— Тезроқ бу ёққа чиқа қол, бўлмаса совқотиб қоласан,— деди айнан ўша одам.

Бола машина ичига шўнғиди. Рул олдида яна бир одам ўтирарди. У ёшгина бўлиб, кўзойнак ортидан мулойим қараб турарди.
— Кечга қоласанми, деб қўрқувдик, ҳатто хавотир ола бошлагандик. Радиода болалар учун эшиттириш бошланган бўлса керак-а?

У приёмникни бураб, керакли стансияни топди: болалар хори ижросида қўшиқлар эшиттиришмоқда эди.
— Ие, буни қара-я,— дея норози оҳангда гапирди у,— эртак тамом бўлибди-ку
— Ҳечқиси йўқ,— деди орқада ўтиргани,— тўрт кундан кейин яна эшиттиришади. Ўшанда Мустафони ҳам олиб келгин.

Маҳмуднинг сепкилли юзида ўкинч ифодаданиб, лабини тишлади.
— Мустафо ухлаяпти. Мен унга ҳарчанд ухлама, десам ҳам, бари бир ухлаб қолдию

Кўзойнакли йигит кулимсиради:
— Ахир, у ҳали кичкина-да, беш ёшда ўзини тутиб туриш қийин. Сен бўлсанг, ҳар ҳолда, каттасан-да.
— Онам ҳам, Мустафо бари бир ухлаб қолади, дейдилар.— Унинг лаблари иргангандек буришди.— Кеча бўлса, Шинаси амаки, у ҳатто каравотини. булғатиб Қўйди.

Кўзойнакли киши кулиб юбормаслик учун бир неча марта йўталиб қўйди. Унинг ўртоғи эса, Маҳмуддан юзини беркитиб, жон-жаҳдила рўмолчаси билан бурнини артарди. Эркаклардан биринчиси:
— Даданг саёҳатдан қайтиб келганидан кейин, сизларни танимай қолса керак, ахир, кап-катта бўлиб қолдинглар-да,— деди.
— Айниқса, сен, Маҳмуд. Мактабга боряпсан, баҳоларинг ҳам чакки эмас. Роса севинади-да, тўғрими?
— Билмадим,— деб жавоб берди бола, бир нуқтага тикилганча,— онамнинг айтишларича, отамнинг кетганига роппа-роса етти ой бўлибди.— Бирдан у сергакланди.— Шинаси амаки, отамни танирмидингиз? Сиз-чи, Xакки амаки?
— Мен фақат расмини кўрганман,— негадир оҳис-та, чўзиб деди Xакки.— Лекин у ҳақида кўп эшитганман.
— Отам билан танишганинғизда у сизга жудаям ёқиб қолиши турган гап! Албатта дўст бўлиб оласизлар.

Эркаклар индамай бир-бирларига қараб олишди. Дунёда боланинг самимийлигидан ҳам гўзалроқ нарса бормикин? Гўё бир вақтнинг ўзида икковлари ҳам шу тўғрида ўйлаб, бу фикрни тасдиқлагандек бош ирғашди.
— Отам эрталаб азонда кетганди. У кетаётганда биз Мустафо иккаламиз ҳали ухлаб ётгандик. У ойимга бизни уйғотмагин, дебди. У бизга албатта чиройли ўйинчоқлар олиб келади. Xакки амаки, абадий йўл дегани нима?

Эркак чўчиб тушди:
— Нима ҳақда гапираётганингни тушунмадим?
— Мен абадий йўл дегани нимаси, деб сўраяпман? Тоғам ойимга доим, куёвим абадий йўлга кетган деб гапиради. Мен хонага кириб келганимда эса, у дарҳол жимиб қолади.
— А-а-а,—деди Xакки исмли киши,— бу абадий эмас, бу дегани, яъни, узоқ йўл дегани. Улар дадангнинг кетганига анча вақт бўлди дейишмоқчи, шекилли.
— Демак, агар етти ой ўтган бўлса, «жуда узоқ» дейишаркан-да, а, шундайми, Xакки амаки?
— Ҳа, ҳа,— дея шоша-пиша жавоб қилди эркак,— худди шундай. Кунлар, ойлар ўтаверади, йил фасллари ўзгараверади, мана шуларни «жуда узоқ» дейишади.
— Отам кетаётганда кунлар иссиқ эди, энди бўлса совуқ тушди. Совуқ бўлганда одамлар чой ёки салеп ичишади. Агар ҳозир ёз бўлганда эди, биз музқаймоқ еган бўлардик, тўғрими, Шинаси амаки?
— Албатта, Маҳмуд,— дея жавоб қилди кўзойнакли йигит.
— Сизлар ёзда ҳам келасизлар-а, Шинаси амаки?
— Келамиз, абадий йўл тамом бўлмагунча келаверамиз.
— Эсинг жойидами ўзи? — дея пичирлади Xакки ўртоғини туртиб.

Мана шунда Шинаси беихтиёр бундан етти ой бурун нималар содир бўлгани ҳақида ўйлаб кетди.

Эрталаб соат ўн эди. Июннинг иссиқ кунларидан бири. Шеф унинг қўлига иккита папка тутқазди.

«Мана шу ишларни ҳафтанинг охиригача -тартибга келтириш лозим»,— деди у. Шинаси папкаларни олиб чиқишга чоғланди. «Тўхта,— деди шеф,— бу ишларни қўя турчи. Мен сенга бунданам масъулиятлироқ топшириқ топшираман. У сенинг хизматда кўтарилишингга ёрдам беради. Тўғри, бу ишни Xакки олиб боряпти. Бирга ишлайсанлар: баъзида икковларинг, баъзида галма-галдан. Фақат қош қўяман, деб кўз чиқарманглар. Нозик иш». Шеф стол тортмасини очиб, у ердан газетадан қирқиб олинган парчани олиб Шинасига узатди,

«Биламан, биламан,— дея минғиллади у, матнга кўз югуртирганча.— Бу билан нима қилиш керак?»—«Нима қиламан, деганинг, нимаси? Тушунмадингми? Бу одам хорижга қочишга муваффақ бўлган, лекин хотини икки боласи билан бу ерда қолган. Уларнинг жуфтакни ростлаб қолишларига халақит бериш керак. Буйруқ жуда қатъий. Уларни бир дақиқаям кўздан қочирманглар. Ҳар куни эрталаб сен ёки Xакки ишнинг ҳолати ҳақида хабар қилиб турасизлар. Уйни доим кузатиб туринглар. У ерда кимлар бўлади, ҳаммаси ҳақида батафсил маълум қилиб туринглар. Сизларнинг ихтиёрларингизга кулранг машина берилади. Балки, яширин ташкилот изига тушишга муваффақ бўлармиз. Асосийси — бир учини ушлаб олинса бас. Сизлар ёшсизлар, ишнинг кўзини биласизлар, курсларни тугатдинглар. Бутун ишончим сизлардан. Шундай қилиб, ишга.»

Ўшандан бери Шинаси билан Xакки шу иш билан шуғулланишади. Улар кузатишаётган уй ёғочдан ишланган кўҳна, икки қаватли бўлиб, бунақа уйлар Истамбулда сон мингта.

Уй олдидан қайроқтош ётқизилган кўча ўтади. Уйнинг қаршисида, хиёл чапроқда — яланглик бор. Уларнинг машинаси худди_ ана шу ерда туради. Ҳар куни эрталаб улар рапорт ёзишади.

«Соат 10.00 да қочоқнинг хотини Руқия уйдан чиқди. Бозорга харажат қилиш учун йўлланди. Соат 11.00 да қайтиб келди».

«Дорихонага кирди. Уйқу дориси сотиб олди».

«Уй олдидаги тошкўчада кўпинча иккита бола ўйнаб юради. Каттасининг оти Маҳмуд, кичигиники — Мустафо. Маҳмуд 2-синфда ўқийди. Мактаб муаллимининг исми Мужгон. Мазкур мактабда ўн йилдан бери ишлайди. Бугун, уй олдидан ўтиб кета туриб, тўхтаб болаларни эркалатди ҳамда балконда турган уларнинг оналари билан ҳам гаплашди. Кичик Мустафо бугун жуда кўп югургани учун иссиғи кўтарилиб кетди. Кечқурун доктор келди, кекса, оилавий врач. Дере кўчасидаги, 16-уйда туради...»

«Врач қаторасига уч кун келди. Уйга кўпгина қўни-қўшнилар ҳам чиқиб туришади. Исмлари, фамилиялари, адреслари...»

«Бугун мактабга кета туриб Маҳмуд копток ўйнади. Копток бизнинг машинамизнинг ғилдираги тагига юмалаб келди. Коптокни олиб, болага бердик. Шу баҳона у билан танишиб олдик, сақич билан меҳмон қилдик...»

«Бугун кўча иссиқ. Маҳмуд бизга муздек сув олиб келиб берди. Болалар ҳеч нимага тушунишмайди. Лекин уйдагилар, афтидан, биз ҳақимизда фаҳмлашади, шекилли...»

«Болаларнинг тоғаси тез-тез келиб туради. Кечаси соат иккигача хонада чироқёниб туради. Уйдагилар учта газета олишади. Газетанинг номлари...»

«Бугун аёл қўшниси билан кинога борди. Филмнинг номи...»

«Маҳмуд билан Мустафо бизнинг олдимизга тез-тез келиб туришади. Болаларнинг онаси бош оғриғидан азоб чекади. Болалар, оталари пул ишлашга кетганлиги, тез орада келиши лозимлигини билишади. Улар уйларида икки шкаф китоб борлигини айтиб беришди. Айнан қандай китоблар эканлигини болалар билишмайди.»

«Оила ҳаётида ҳеч қандай ўзгариш йўқ, тахминимизча, кутилмайди ҳам. Бу иш билан яна қанча шуғулланиш керак?»

Ҳисоботларнинг охири йўққа ўхшаб кўринарди.

Куз келди. Маҳмуд мактабга бора бошлади, Мустафо эса кўчада бир ўзи ўйнарди. Борган сайин кўча бўм-бўш бўла борарди. Совуқ тушиб қолди. Маҳмуд мактабдан қайтгач, ака-укалар уйда қолишарди. Кечқурун, қоронғи тушгач, Маҳмуд билан Мустафо автомобилнинг олдига радио эшитгани келишарди. Эркаклар, болалар оталарисиз ёлғиз эканликларини ҳис этишар ва кун ўтган сайин уларга кўпроқ ачиниб, беихтиёр болаларга боғланиб қолишаётганини ўзлари ҳам сезишмасди. Мудҳиш хаёлот ичра юракни орзиқтирувчи меҳр-муҳаббат ҳислари сизиб чиқарди. Ё бу уйнинг ёлғизлигими, ёки болаларнинг ҳимоясизликларими, ёки уларнинг оналарига бўлган беихтиёр ҳурматми, янада аниқроғи, буларнинг ҳаммаси биргалашиб, болаларга нисбатан дилларида севги уйғотарди. Бу ҳис шафқациз равишда улғайиб борар ва эндиликда буни енгишга уларнинг қудратлари етмасди.

Шинаси билан Xакки мазкур таъқибдан сиқилмоқда эдилар; кузнинг сўнгги кунлари ним ёритилган уйдан кўз узмаслик, ҳар доим уй юмушлари билан куйманиб юрадиган бағри кабоб, мунгли аёлни кўриш, ҳеч нарсанинг фарқига бормайдиган ва оналари оталарининг фуфайкасини бузиб тўқиётган янги свитерни қачон киярканмиз, деб бетоқатлик билан кутаётган болакайлардан ҳам шубҳаланиб кузатиб юриш жониларига текканди.

Нега энди улар андишасизлик билан бу оиланинг ҳаётига аралашишади? Одамларнинг ҳаётидан уларни қоралайдиган ниманидир қидириб, таъқиб қилишнинг нима ҳожати бор? Бу қилаётган ишларидан, хизматларидан, бу одамларни иснодга қолдириб қандайдир ифлосликни қидиришдан уят ҳисси қамраб олганди, ахир, беайб парвардигор деганларидек, ҳар бир тирик жонда албатта қандайдир камчилик топилади, бу табиий ҳол.

Болаларнинг шаффоф дунёсига тўқинишга, уларни сўроққа тутиш, уйда нималар бўлаётганини улардан сўраб-суриштириш, улардан таъқиб учун фойдаланишга ким ҳуқуқ берди? Болалар эса ҳеч нарсани билишмайди, уларга оталарининг қочиб кетганлиги номаълум. Улар оталарини кутишади, у ўйинчоқлар олиб келади, деб ишонишади. Оталари келгач, ҳаммаси яхши бўлиб кетади, ҳаёт бундан ҳам гўзалроқ бўлади, деб орзу қилишади.

Ҳозирча... аёл сассиз йиғлаганча кутади ва болалар учун, уй учун нимаики зарур бўлса ҳаммасини қилади: овқатлантиради, кир ювади, ямаб-ясқайди, тозалайди. Уй чинни-чироқдек топ-тоза. Тувакдаги гулларга доим сув қуйилган. Боғдаги иккита лимон дарахти сидқидилдан парваришланган. Унинг тагида болалар ўйнашади, уларнинг кийимлари ямалган. Улар эса мана шу озодалик ичидан ифлосликни шунинг учун ҳам топишлари керакки, чунки бу болаларнинг отаси уйини, мамлакатини ташлаб, ўз орзу-истагига қарши ўлароқ, ўзига фикран: «Мен мажбурман...» дея Рим жангчисига ўхшаб ватанидан марди-майдонлик қилиб йироқлашди.

Эндиликда, ёт ўлкаларга бориб қолгач, у ўз ҳаётидан мамнунмикин? Соғинмасмикин? У иккита лимон ниҳоллари, гултуваклар, сўзсиз нола чекаётган аёл ҳамда болалари ҳақида ўйламасмикин? Бу дунёда болалардан ҳам гўзалроқ нарса бормикин? Буни унутиб бўладими? Наҳотки, кураш унинг учун шуларнинг ҳаммасидан юқорироқ турса?

Маҳмуднинг овози Шинасини мазкур воқеликқа қайтарди.
— Қеч бўлиб қолди, мен бора қолай,— деди бола.
— Майли, Маҳмуд. Балки яна бир оз радио эшитар-сан? Ахир, қизиқарли эшиттириш-ку!
— У балки, ҳали дарс тайёрлаши лозимдир?—деди Xакки.
— Муаллим масалалар берганди, лекин онам ёрдам беради.
— Масалаларингни олиб келсанг, биргалашиб ечардик.

Бола уялибгина жилмайди. Унинг жилмайишида ғурур, севги, мазкур одамларга ишонч ҳамда ўзининг шундай садоқатли дўстлари борлигидан қувонч барқ уриб турарди. Ҳатто кичкина болалар ҳам бундай ҳис-туйғуга тушунишади. Мана шундай дақиқаларнинг шаффофлиги узоқ йиллар эсда сақланади. Бахтли дақиқалар худди ёрқин юлдузлар мисол инсон хотирасида софлик, дўстлик ва муҳаббатни сақлаб қолади.

Маҳмуд шамолда ёрилган қўлчаларида стаканларни ушлаганча машинадан тушди.
— Яхши ухлаб туринглар,—дейишди Xакки билан Шинаси.
— Яхши ётиб туринглар,— деди жавобан бола.

У бошқа ҳеч нарса демай, стаканларни синдириб қўймасликка тиришиб, эҳтиётла ушлаганча қоронғилик қаърида йўқолди. Бир оздан кейин унинг гавдачаси фонус тагида кўринди-ю, яна кўздан ғойиб бўлди, Кейин улар бола хира ёритилган эшикка кириб кета-ётганини кўришди.

Маҳмуд кетганидан кейин Xакки маълумот ёзишга киришди. У бланкага ёзар, қоғозни ғижимлар ва яна бошқатдан ёзишга тутинарди. Лабларини қийшайтирганча, иккинчи бланкани ҳам йиртиб ташлади-да:
—Нега энди бизга шунчалик таъсир қиляпти?— деди-ю, лекин шу заҳотиёқ айтганига пушаймон

Шинаси унинг енида ўтирганча жилмаярди. Xакки унга қаради-да, янада қовоғини уйиб олди.
— Кулгандан кўра, яхшиси, сен ёзиб қўя қолсанг бўлмайдими,— деди у.
— Эй, йўқ, бугун сенинг навбатинг,— деб жавоб қилди Шинаси.
— Сенга буларнинг ҳаммаси беҳуда иш бўлиб кўринмаяптими?—деб сўради Xакки.
— Туюляпти, лекин бари бир ёзиш керак. Боз устига, бунинг ҳеч кимга зарари тегмайди.
— Ўзимизга зарари тегиши мумкин,— деди Xакки. Шинаси индамади. Xакки яна ахборот ёзишга тутинди. Эндиликда ахборот ёзиш қуруқ расмиятчиликка, фойдасиз машғулотга айланиб қолганди, лекин шунга қарамай, ахборот ёзиш унинг зиммасига тушмаган куни у ўзини бахтли ҳисобларди, У ифлос ишлар билан шуғулланаётганини унутишга ҳаракат қиларди. Лекин хизмат ўз вазифасини бажаришни тақозо этарди.

Авваллари у рапортларни қандай осонлик билан ёзиб ташларди, лекин ишнинг моҳияти фақат унга инсон тақдири аралашгач, бутунлай ўзгариб кетди. Улар инсон руҳини билмай туриб, қанчалик янглиш фикрларга боришган экан-а, инсон ҳақидаги мулоҳазалари, унинг ички дунёси, унинг маънавий ҳаёти ҳақида ўйлай бошлаганларидан кейин эса ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Ҳаммадан яхшиси бу ўйловчи ва ҳис қилувчи, фикрловчи ва тушунувчи одамнинг сукут сақлашидир. Одамлар ўзларини-ўзлари кучли, қатъиятли қилиб кўрсатиб, айёрлик қилишларининг нима фойдаси бор? Ёлғондакам мардликнинг кимга кераги бор!.. Унда мужассамланган барча яхши хислатларни унутадиган бўлсак, қандай қилиб ҳақиқий инсонни ўстириш мумкин? Севги ва ғамхўрликсиз ўтказилган дарахт ҳатто барг ҳам ёзмайди. Модомики, шундай экан, инсонни меҳр-муҳаббациз қандай қилиб улғайтириш мумкин?

Хакки рапортни ёзиб тугатди, у бўғилганидан ўзини қўярга жой топмасди. У галстугини юлиб, кўйлак ёқасини ечди. У рапорт ёзилган қоғозни Шинасига узата туриб:
— Ўқи,—деди.

Шинаси рапортга кўз югуртирди-да, кулимсиради
— Билмадим,— деди у.— Шефга бунипг ёқиши даргумон.
— Етти ойдан бери шу азоб,— дея хитоб қилди Xакки,— бас, етар! Икки кун бурун сен ҳам шу фикрда эдинг. Бизга бошқа вазифа беришсин.
— Сен бунча ҳовлиқаверма. Биз яна озгина сабр қилишимиз мумкин,— дея уни юпатишга уриниб кўрди Шинаси
— Вой худойим-ей. Нега сен ҳадеб жилпанглаяпсан? Ёки икки кун аввал нима деганингни эсингдан чиқардингми? Уялсанг бўларди!
— Xакки, мен бу ҳақда гапирмовдим.— дея зўр-базўр гапирди Шинаси.

Хакки унинг гапини бўлди:
— Шу ҳақдами, бошқами, латтачайнарликни йиғиштир.

Шинаси индамай қолди. Бир-бирини севадиган одамлар орасидаги бахслашув уларнинг дўстлигиға путур етказмайди, аксинча, уларни янада жипслаштиради.

Бир оз вақтдан кейин Xакки: «Хафа бўлдингми?» деб сўрамоқчи бўлгандек дўстига қаради. У сигарета олиб аслида чекмайдиган Шинасига узатди. У ҳам сигаретадан олиб чека бошлади.

Автомобилнинг ичи тамак» тутунига тўлиб кетганидан Xакки ойнани очиб қўйди. Кўчадан тоза ҳаво кириб, нафас олиш бирмунча енгиллашди.

Шинаси сигаретанинг ярмисигача зўрға чекди-да, ойнадан қолдиғини отиб юборди. У Xакки қолдирган дафтарни олиб ниманидир ёзди-да, уни ўртоғига узатди. У ёзилганни ўқиб:
— Мана энди ҳаммаси жойида, — деди. У рапортни чўнтагига солиб, ўйланиб қолди. Баъзида ҳаётдаги мувозанатни сақлаб қолиш нечоғлик қийин бўлади. Агар одам фалокатга йўлиққанда дўсти ёрдамга келиб, қутқарса, кўмаклашса бир нави-я. Бунга турмушдан озмунча мисолларни келтириш мумкинми? Ҳақиқий дўстлик меҳр-муҳаббатга асосланади. Агар муҳаббат бўлмаса, меҳрибонликка ҳам кўз тутиб бўлмайди. Xудди усти ялтироқ, ичи қалтироқ шарга ўхшаб, умри қисқа бўлади. Зўравонлик яхшиликка олиб бормайди, севгини ҳам куч билан тутиб қололмайсан. У аввал ҳам кўпгина болаларни биларди, лекин уларга нисбатан қалбида муҳаббат уйғонмаганди. Болаларга бўлган меҳрибонлик Xаккини аввал унга номаълум бўлган ҳақиқат билан тўқнаштиргандек бўлди. Бу шунчаки оддий ҳис-туйғу бўлмай, унда ақлнинг мушоҳадаси устунлик қилаётганди. ,Кимки, бу ҳисни дилдан туя олмаса, уни қоралаш ва айблаш мумкин, Ҳис-туйғулар учун одамга тамға босиш янги туғилган чақалоққа исм қўйишдек энг оддий иш.

Шинасининг овози уни хаёлот дунёсидан олиб чиқди.
— Уни қарагин, Xакки, болакайлар ҳали ётишмабди, ахир, соат ҳам ўн бўлиб қолди-ку.

Хакки уйга қаради-да, деразада болаларнинг — Мустафо билан Маҳмуднинг жажжигина бошчаларини кўрди.

Машинада ўтирган одамлар учун болалар гўзаллик тимсоли бўлиб хизмат қилишарди — улар буларга куч-қувват бахш этишарди ҳамда ҳеч қандай хавф хатарни гумонсирамай ойна олдида турган болалар ҳақида ўйлаш ва ғамхўрлик қилиш эҳтиёжини туғдиришарди. Болалар қоронғилик қаъридан автомобилни кўрмоқчи бўлишаётгани аниқ эди. Шинаси олдинги фараларни ёқди. Ана шунда машинадан эмас, унда ўтирган одамларнинг қалбидан болаларга томон нурнинг кенг тасмаси чўзилгандек бўлди. Мана шу нур биринчи қаватда ёнаётган чироқнинг шуъласи билан қўшилиб иккинчи қаватнинг деразаси олдида туриб жилмайганча қўлларини силкитаётган болаларни ёритди.

Севувчи одамлар, болалар ва катталар, ҳаётнинг сири-ю, бахт ва мангулик сизларда!