OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧўлпон
Асар номиЯна олдим созимни
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Чўлпон
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётҒафур Ғулом номидаги, Адабиёт ва санъат нашриёти, Тошкент, 1991
Ҳажм258KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/12/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Яна олдим созимни
Чўлпон

Қизил Байроқ

«
Низомиддин Асомий ўртоққа
»
Қизил байроқ!..
Ана, қандай селкиллайди шамолда,
Гўё уни саломлайди қибла ёқнинг шамолн,
Камбағалга на саодат уни кўрмак бу ҳолда,
Ҳам ҳаққи бор камбағалнинг, чунки ўзининг моли.
Уни олиб чиқмоқ учун қоронғудан ёруққа
Дарёлардай оқмадимп камбағалнинг қонлари?
Уни олиб бормоқ учун мазлум, ожиз халққа,
Қолмадими Сибирларда ишчиларнинг жонлари?
Сиз, буржуйлар, кибор синфлар, яқин келманг байроққа,
Сиз эмасми илгаридан унинг қонхўр душмани?!
Энди қора яқин келмас нурлар сачратган оққа,
Кўпдан энди ўтиб кетди қораларнипг замони!
Қизил байроқ қип-қизил қон, у қон — ишчилар қони,
Кибор синфлар у қонларни тўккан золим жаллодлар,
Мазлумларнинг энг севгани — ишчиларнинг азони,
Қулоқларни бекитганлар — кибор синфлар, қаллоблар!..
Ай, ол байроқ, сен мазлумлар устларида селкилла,
Сенинг учун қонлар тўккан, жонлар берган мазлумлар.
Ишчилардан, аскарлардан, мазлумлардан саломлар,
Фаришталар, малаклар ҳам ризвонлардан, тавҳият.
Золим бойлар — буржуйлардан дардлар, ғамлар, аламлар;
Қаламимдан, қоғозимдан ҳам ўзимдан муҳаббат!!!
1917


Шарқ Нури

(Мулла Нур Воҳидов руҳига)
Сўнг даврда йўқсул Шарқнинг тарихи
Бир бет бўлсун, оқ сатрни кўрмади.
Дунё тарихини ёзған муаррих
Яхшиликға қаламини бурмади.
Шарқнинг қайси бурчагини қарасанг,
Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг.
“Томуғ’” деган сўзни билмак истасанг,
Шарқни бошдан оёққача юрардинг.
Бир замонлар ер юзинда ўз бошли
Улуғ, шонли маданият туғдирган
У гўзал Шарқ, ширин тупроқ сўнг замон
Бўлди четлар панжасида кўз ёшли…
Унинг бундай қизғаничли ҳолига
Ҳар кимдан кўп қон йиғлаган сен эдинг.
Уни эзғон йиртқич қўлли маъзинга
Сен улуғ ёв, сен муяссам кин эдинг.
Инсонликға саодатнинг бирдан-бир
Тўғри йўлни кўрсаткучи Марксди:
Бироқ Шарққа қутулишнинг йўлини
Кўрсаткувчи улуғ доҳий сен эдинг.
Сендек киши Шарқ элига тансиқди.
Пок сийнангга ўқ отгувчи душманлар,
Ўйламаки, бир ўзингнинг душманинг,
У душманлар бутун Шарқнинг душмани,
Кўпдан ичиб келган қонларин унинг.
Кун ҳам Шарқдан, ой ҳам Шарқдан чиқадир,
Бироқ бир сен Ғарбда чиқдинг ва ботдинг;
Шунинг учун меним шарқлик руҳимда
Ажиб мудҳиш, қўрқунч туйғу уйғотдинг!
Шарқнинг куни кирса булут остига,
Сенинг сўнук кунларингни ўйлайман;
Ботиб борган ойга қараб: “Ай, йўқсил,
У улуғ нур сенмасму?”- деб сўраймен.
Эҳтимолдир, сени ҳар бир нарсадан
Азиз кўрган, у сен суйган йўқсил Шарқ,
Руҳларингни ой ўрнига қўйгандир,
Балки бизнинг кўзларимиз қилмас фарқ…
Меним шарқлик кўзим сенинг руҳингни,
Шарқнинг ҳар бир бурчагида кўрадир;
Тўғри, сенинг у шарқсуяр руҳларинг
Алжумларда, саробларда юрадир.
Энди ундан учиб ўтди Мисрнинг
Сирлар тўлиб оққан Нили бўйига;
Нилни бўйлаб келиб, кирди у руҳинг.
Фаллоҳларнинг қашшоқларча тўйига,
Ундан ўтиб Суриянинг Шомига
Аср кўрган кўчаларни айланди.
Шу минутда Ҳимолоё тоғида
Ҳинд қизига йигитликка сайланди.
Кеча кўрдим уни; будда ёнида
Риёзатнинг фойдасини ўқурди,
Ўткан куни Нишопурда – боқчада
Ҳайём билан ишқий шеър тўқурди.
Ўткан ҳафта Чин-мочиннинг юртида
Конфутсиу фалсафасин эшитди.
Бу ҳафтада Эрон бориб зардаштга
Нича билан қалайсиз деб тегишди…
Ҳиндистонда Бедил билан юрганин
Меним шарқлик кўзим аниқ кўрмишди.
Аламутнинг тепасида юрганда
Меним руҳим орқасида юрмишди…
Шунинг учун суяр сени бутун Шарқ.
Сен Шарқмисан, Шарқ сенмидир била фарқ.
1918


Ўзбегим

Сўлқилдаб келасан, ўзбегим,
Маърифат отига отланиб,
Бир мири топган боладай —
Оғзингни иржайтиб.... суюниб
Дунёда ҳамма халқ қизиққан —
Гавҳардек бебаҳо от эди.
Ҳуррият бўлганда сен келдинг,
Минайин семирган отга деб,
Оғзингга «маллалар» бир тепди,
«Маърифат ҳаромдур сартга», деб
Оғзингдан қон келди, йиғладинг,
Кўзингдан заҳарли ёш келди.
Кўраман, охирда минибсан,
Чарчаган бўлса-да, отингга.
Тангрига шукр қил, юра бер,
Кўз солиб, ўнгингга, чапингга!
Тез тузат, оҳ... мана бир хатонг:
Отингни чопасан шаҳарда.
Қишлоқда фақирлар кутадур —
Кечада, кундузда, саҳарда!
Билгилким, ҳаётинг, томиринг,
Ўзбегим, камбағал қишлоқда.
Қишлоқда чопасан отингни,
Чопишинг беҳуда тошлоқда.
1919


Гўзал

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир: “Мен уни тушда кўрамен,
Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!”
Кўзимни оламен ой чиққан ёқға,
Бошлаймен ойдан-да сени сўрмоқға.
Ул-да айтадир: “Бир қизил яноқға
Учрадим тушимда, кўмилган оқға.
Оқға кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!
Эрта тонг шамоли сочларин ёйиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир: “Бир кўриб, йўлимдан озиб,
Тоғ ва тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни – шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Ул кеткач, кун чиқар ёруғлик сочиб,
Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда,
Ул-да уятидан бекиниб, қочиб,
Айтадир: “Бир кўрдим тушдамас, ўнгда,
Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Мен йўқсил не бўлиб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб куйибмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.
Мен суйиб… мен суйиб кимни суйибмен?
“Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!”
Тошкент, 1919 йил


Темирчи

Меҳнаткаш инқилобнинг икки сана даврн муносабати-ла
Манзара — темирчи дўкони.
Товуш: Тақ, тақ! Тақ, тақ, тақ!
Темирчи (ишлай туруб)
Қабул қилгин тилагимни, тангрим,
Бақувват қил билагимни, раббим!
Шу билакнинг кучи билан ўн жон,
Топиб ейдур кечингундай ош-нон.
Ёш гўдаклар менга кўзни тиккан,
Қари чол ҳам кампир бошни буккан.
Аввалгилар «ота-она!» — дер менга,
Кейингилар «бола — жон!» — дер менга.
Ҳаммасининг оч-тўқлиги мендан,
Меним эсонлигим эса сендан!
Қайтармагин тилагимни, шоҳим,
Сенгагина бутун додим, оҳим!..

(Ўғлига)

Ур ўғлим, ур, қаттиқроқ ур,
Темир кўпроқ чўзилсин!

Ўғли

Омбир билан сен маҳкам бўл,
Қайрилсин-да, узилсин...

Темирчи

Нега ўғлим?

Ўғли

Оҳ, отажон! Жуда ёмон чарчадим... қорним очди...
Темирчи
Кел, болажон, яна жиндак, ростладим мен бўёғни.

Ўғли

Кун кеч кирди.

Темирчи

Ишимизни тамомлаб уйга бориб тннчланармиз, озуғимизни ғамлаб!..
Ушла маҳкам!

Ўғли

Хўп ушладим!

Темирчи

Яқинроқ тут!

Ўғли

Хўп, мана! Вой!..

Темирчи

Не бўлди?

Ўғли

Қўлим куйди... нима қилай, жон дада...
(Йиғи.)

Темирчи

Эй худойим, бир ўғлимни — ёрдамчимни кўп кўрдинг:
Келиб-келиб бир бечора темирчини куйдирдинг...
(Оққан ёшни суртар. Ўзи бир қўлида темирни ушлаб, бир қўлида болға билан урар.)

Овоз

Тақ!

Темирчи

Вой, болам!..

Ўғли (ҳайрон).

Нима бўлди?

Темирчи

Узди болға қўлимни!..

Ўғли

Вой худо-ей!..

Темирчи

Нега мунча эзадурсан қулингни?..
Шундай бойлар бўларким... бир неча йил ишламас, оч қолмас.
Мен бечора бир кунгина ишламасам, топмасам,
Уй ичимда ўн жон бордур...

Ўғли

Бир бурда нон топилмас...

Темирчи

Мен бечора ўғлим билан то эртадан кечгача
Тинмай ишлаб бир рўзғорни нари-бери эплардим.
Бир-икки кун ишлай олмай қолсам бутун рўзғорнинг
Бир бурда нон тополмай оч қолишин...

Ўғли

Билардим!

Темирчи

Шунинг учун билакда куч бор вақтда ишладим.
Ёзда ёниб ёз ўткардим, қишда ушуб қишладим.
Энди букун ёрдам эткан бир ўғлимнинг қўлини
Яра қилиб, сўлдирдинг сен умидимнинг гулини...
Ўз билагим кучлик бўлса яна ишни қилардим.
Рўзғоримни бир иш қилиб эплаб олиб юрардим.
Ўзим соғ деб шукур қилиб ўз қўлима зўр бердим.
Ўз қўлимнинг зарбаси-ла бармоқларимни эздим...
Энди менинг рўзғорим нима бўлуб қоладур?

Ўғли

Кераксиз бу оилани... худо қайтиб оладур...
(Йиғи.)
1919


Қизил Байналминал

— Ҳаво бузуқ...
— Кўк юзида қоп-қора
кўмир каби қатор-қатор булутлар,
Иблисларнинг кўзларидай оп-ола ёнган нима?
«Олтун ўчоқ»да ўтлар...
Ҳаво бузуқ... Тўғри, шарқнинг ҳавоси
Неча йилдир жуда ёмон бузулғон;
Аввали бузғон оппоқ қўллар жафоси.
Ёзмишиға қора чизиқ чизилғон...
Кўк юзида қатор-қатор чизилғон
Кўмир каби булутлари — ёт эллар;
Ул элларнинг қуллиғида эзилғон
Шарқ эллари... бузуқ, қуруқ кўп ерлар...
Шарқ эллари асир каби ишларлар,
Бир ҳовуч ҳам келмайдиган халқ учун.
Бир ҳовучлар катта-катта ҳашарлар
Маданият топган, деганлар учун...
Шарқли киши қатиқ еса нон топмас,
Нон тополса қуруқ нон бор, чойи йўқ,
Бир ҳовучлар емагига ном топмас,
Бойликларни сиғдуришга жойи йўқ...
Шарқда, мана, бир оила ичида
Олти-етти киши очдан ўлмишдир,
Ана қара, ёш боғчанинг ичида
Кўп чечаклар очилмасдан сўлмишдир.
Қара ғарбни, базмгоҳ-ла боғчалар,
Қизил юзли одамлар-ла тўлуғдир,
Унда маьбуд қаторида оқчалар.
Шунинг учун оқчалилар улуғдир...
Шарқ элига қутулишга йўл йўқми,
Унга ҳеч ким шафқат кўзин солмасми?
Ғарблиларда инсоф виждон ҳеч йўқми,
Бирор қувват бу зулмни олмасми?
Илгарида бўлмаса ҳам энди бор
Ғарб устида бош кўтарган улуғ куч.
Ул кучдирки, мазлумларга йўл очар,
Золимлар-чи наъра тортар:
— Уч, уч, уч...
Бир йилдирки кўк юзида туғилди
Қизил қонлар орасидан қизил ой,
Бир тарафдан қаҳр, зулмат қувилди,
Шарқни яна ул қизил ой қутқаргай...
Ортиқ етар эзилганинг, эй шарқ,
Қанот қоқиб ойға қараб юксал,
Асирликдан қутилмоққа зўр шарт:
— Қўлда яроғ, тилда «байналминал»..
1920


Хаёли

Кўнглимдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.
Қулоғимга “Ол бахт!” деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим,
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-турли афсоналар сўзладим….
Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: “Афсоналар беҳуда!”
Бул сўзлари қулоғимға етишди:
“Оқдим,- дедим,-қонли, зардобли сувда…”
“Оқ-оқ,- деди афсоналар султони, -
“Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир;
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.”
Кет, эй шайтон, босинқирадим… қўрқамен:
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган ётамен,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.
Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак.
Тошкент, 1920


Шарқ Қизи

«

Синглимга
»
Айталар, ким совуқ, шумли қора қиш
Ўтиб кетиб, келмиш чиройли баҳор.
Гулга ошиқ бўлиб, сайрар эмиш қуш,
Гул ҳам ул қушларга нозланиб қарар.
Айталар, далада ер бети тамом
Кўм-кўк духобадан кўйлаклар киймиш.
Хўрозлар чақириб, юзин очса тонг,
Сабонинг лабини ошиқлар эммиш…
Ҳар кимда бир шодлик, ҳар кимда бир руҳ,
Ҳар ким кулиб қарар эмиш дунёға.
Ҳатто, чол-бобойлар айталармиш: “Уҳ
Чиқиб юрсанг эди ёзги ҳавоға!”
Фақат мен бир ўзим, Шарқнинг бир қизи
Баҳор келганини кўрмай қоламен.
Узун, қора қишнинг кетмасдан изи
Унинг дўсти – кузни кутиб оламен.
Меним учун ёруғ дунё роҳати –
Тўрт девор ичинда кўзлар ўйнатмак.
Меним учун улуғ шодлик соати –
Телба кўкрагимда ўйлар уйғотмак…
Мен бир Шарқ қизимен, Шарқнинг ўзидек
Бутун таним, жоним – хаёл уяси.
Меним қора кўзим кийик кўзидек
Белгисиз овчининг ўқин кўргуси….
Айталар, ким ёзда ҳар бир жонивор
Эркин нафас олар, шодланар, яйрар…
Айтмайлар, ким Шарқда борлиқ хотинлар
Ул ёруғ дунёга не замон кирар?
Тошкент, 1920


Табиатка

«

Саидалихонга бағишлаб
»
Кел, малак, кел, кел, пари, кел, кел, ўпай бир эркалаб,
Кел, қуёш чиққунча ўптир… кел, кел ўпай бир эрталаб!
Кел, қучоқлай, кел қўлингни, бармоғингни бир кўрай,
Кел, кўзингга кўз солай, кел, кўрай, сўнгра ўлай…
Келма, келма, эй пари, сен, танларинг нурдир сенинг,
Танларинг нур, юзларинг нур, тенгларинг ҳурдир сенинг…
Ёқти ойлардан қуйилган ёғдулардандир танинг,
Кўк юзида барча юлдузлар суюнчингдир сенинг…
Кўланкангдир – боқчаларга турли гулларни сочар,
Кўз қарашингдир сенинг, элга саодатлар очар…
Ўйнашингдир – ўйноқи юмшоқ шамолни қўзғатар,
Тўхташингдир – дунёда барча ҳаётни тўхтатар.
Сўзлашингдир– боқчаларда барча қушни сайратар,
Бир табассум қилмоғингдир – барча жонни яйратар,
Куйлашингдир – уйқуда қотган жаҳонни ўйнатар.
Уйқудан турган жаҳон ул куч биландир, тўй этар…
Қайғуриб қолган чоғингдир, барча жонлар қайғурар.
Ҳар томонда қайғу, ҳасрат, ҳар азиз жон оҳ урар.
Кўк юзини қоп-қора, машъум булутлардир ўрар,
Ул булутлар устига отдек миниб девлар чопар.
Ҳар уришда қамчини ўтлар ёнар, чақмоқ чақар.
Ул булутлар чопсалар девлар билан осмон бўйи,
Унда бошланса жин, алвасти ва шайтонлар тўйи
Кўк гўзалдир, сел ёғар, дўллар қучар, тўфон босар,
Қум кўчар… Тоғлар қадар қумлар кўчар… йўлни тўсар…
Зўр денгизлар наъра тортар… жон сўрар тўлқин чопар.
Катта тўлқинлар келар-да, майда тўлқинлар қочар…
Майда тўлқинлар “ўлим” рақсин этарлар куйлашиб,
Сўнгра қирғоққа чиқарлар жонлиларни йўқлашиб,
Келма-келма… мен фақир… бечора… йўқсил бир киши.
Мен каби йўқсил кишиннг ёғдуларда не иши?…
1920


Пўртана

Пўртана қўзғалди, пўртана юрди,
Пўртана ўзини қирғоққа урди.
Пўртана олдида бир кема кўрди;
Ичида зич одам… ўйнатди, сурди.
Ул кучли, ул ботир, ул қўрқмас, юраклик,
Ул мағрур, керилган ҳам мажнун, ҳовлиқма,
Фарёд дер қирғоқлар ундан, шу туғролик –
Шаҳардек кемалар унга бир луқма…
Ул ўзи қон ичар, қон олур бўлса-да,
Бағрида севгиси кучли,
Бақириб, ўкириб, югуриб юрса-да,
Гўзални суювга ўчли…
Сув қизи:
Чиройли, сочлари қоп-қора,
Бўйнидан сочилган, тарқоқ,
Кўзлари дил тортар, четроқдан бир қара.
Илиндинг… раҳмсиз ул тузоқ…
Кўзлари кийикни кўр қилди кўрмадинг,
Сўзлари – булбулни тутқин;
Юзлари ойларни ботирди билмадинг,
Булутлар остига қочиб кирди кун!
Ана шул гўзални, ана шул малакни
Йўқ , янглиш… фалакни,
Пўртана кўксида сақлар,
Ерлар сарф этар ғайратни, амакни
Иш қилиб малакни,
Йўқ… жаҳон, фалакни
Оқ кўпик ичида оқлар.
Баъзида ҳисобсиз оқ кўпик ичига
Султондек тутқизар уни,
Дам кўкка ирғитиб, дам тортар кўксига.
Шу йўлда ўйнатур қизни,
Кулдириб у нурли юзни.
Суйдириб у оҳу кўзни,
Қул қилиб сизни ҳам бизни…
Кўпиклар… у оппоқ, саноқсиз кўпиклар
Юлдуздек жимирлаб туралар,
Кўпиклар… у кичик, чиройлик кўпиклар
Ошиқнинг кўнглидан уралар…
Қичқирар, бўкирар, бўкирар йўлбарсдек,
Югурар, секирар, отилур девдек.
Олдида ҳеч тўсиқ. Ҳеч моне қўймасдек
Интилар… ўнг-сўлни кўрмай…
Кўтарса бошини, кўкларга тегадир.
Булутлар, чақмоқлар даҳшатда,
Эгса ул бўйнини, кўп вақт эгадир,
Сув тегин кўрасан даҳшатда.
Жонворлар қўрқадир… даҳшатда титрайдир.
Балиқлар ўлимни куталар.
Кучлиги кучсизни ютмайдир, ситмайдир.
Қўрқудан оғулар юталар…
Денгиз тинч, қўрқув йўқ. Қиёмат ухлайдир.
Пўртана жим-житдир уйда.
Шамолни пўртана қўзғатмай сақлайдир
Қўзғалмоқ деган сўз йўқ унда.
Бу – маҳшар, қиёмат, пўртана. Тўлқинлар –
Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида.
Бир дамда дунёни куйдирур вулқонлар
Ожизнинг у ўтли дилида…
Ўйна, эй тўлқинлар, пўртана даҳшат сол.
Қирғоқлар титрасин, қўрқиб,
Кўк юзи; ер ости тинч бўлса – ваҳшат сол
Дарёдан сув ташлаб, пуркаб.
Бу менинг кенг кўнглим ғавғони, жанжални,
Тўполон, қўзғалиш, чувалаш,
Исёнли, тўфонли
Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳонни,
тоғ ва тош
Ҳаммасин ағдармоқ истайдир,
ёнадир, куядир…
Ўйнат, эй, пўртана, тўхтатма, қувват ол.
Чоғ’ келгач, эриниб ётма, ухлама,
бўлмасин йўқлама.
Кўп эзган душмандан,
паст ёндан
Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!…
Тошкент, 1920


Бу Кун

(1 Май)
Бу кундурки, кетмон билан болталар,
Белкураклар, темиркурак, болғалар,
Захда ётғон арра, теша қўзғалар,
Меҳнат дарёсин қўзгар долғалар!
Бу кундурки, меҳнаткашнинг юраги
Кенг майдонда душман билан олишар,
Уйда бўлғон кетмон, теша, болталар
Душманларнинг бошларига солишар.
Бу кундурки, билак кучи ўзининг
Чин юзини очиқ-ойдин кўрсатар.
Ул тонг кучнинг қаршисида йўқлиқлар
Ер тагидан ўзларига жой истар.
Бу кун кетмон, болта, курак кунидир,
Бу кун ботир, кучли юрак кунидир!
1920


Улуғ Британиянинг Бу Кунги Ҳокимиятига

Темза бўйларига беш-ўнта
Тоғлардай ҳайбатли зиндонлар солинг!
Риёкор бўлмаган, ҳақ деган эрни
Зулм қўли билан зиндонга солинг!
Ланкастар шаҳрининг кўчаларида
Полис нафарлари тинмай айлансин.
Ишладим, ҳаққимни сўрайман, деган
Ҳар ишчи занжирга сиқиб бойлансин!
Қиличлар, милтиқлар, пулемёт, тўплар
Токай амрингизга бўйин эгади?
Токай ҳақ сўзлаган миялар, бошлар
Дорларнинг ипига бориб тегади?
Токай иғво билан, алдашлар билан
Миллион-миллионларни асир қиласиз?
Токай англамаган, хом мияларга
Жаннат ваъдаси-ла таъсир қиласиз?
Ўн қават, юз қават зиндонларингиз
Ўзингиз учун ҳам тор катак бўлур!
Риёкор сўзлаган у тариқ тиллар
Яна ўзингизга қарши ўгрилур!
Мазлумлар, эзилган, хор бўлганларнинг
Ғазаб оловлари бир кун туташар!
«Интиқом! Интиқом!» деган наъралар
Тўлқиндай қутуриб Темзадан ошар!
Ўшанда Темзанинг сувлари қадар
Қутуриб ошишлиқ бизда ҳам бўлар.
1920


Улуғ Йўлда

Йўлимизда чўллар, сувлар, денгизлар.
Бош учини таниб бўлмаслик излар.
Шу изларни босиб, денгизлар кечиб,
Буюк амал билан борамиз бизлар.
Юракдаги сақлаб борган амаллар
Йўллардаги денгизлардан улуғроқ.
Эзилганлар тилак тилар бу йўли
Бурунгидан тўлуқроқ.
Маҳкам қилиб боғланилган камарлар,
— Тезрак!
— Қанот!
Қушлар янглиғ учайлик.
Кенг чўллардан, денгизлардан кечайлик,
Шарқнинг эски чигалини ечайлик!
Тошкент, 1920


Ёруғ Юлдузга

(Ҳазар эсдалиги)
Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла.
Оталарнинг тарихдаги хатосин,
Шул хатодан осуфланиб товларнинг
Эл кўксида сурган ишрат, сафосин.
Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг
Бутун қонли, шонли, жонли ерларин.
Кўз олдимда жилваланур юрт учун
Жонлар бериб, қонлар тўккан ерларинг.
Ўнат, қўзғат, тўлқинлантир, ҳовлиқтир
Кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларин,
Сўзлаттириб, чарчат, ҳорсин, чарчасин,
Тери оқсин, кўкка чиқар буғларин.
Кўпиклантир, майда, оппоқ кўпикдан
Кўйлак кийдир, ясантир сув бетларин,
Ул сувлар-ла пардоз қилдир, кийинтир
Тоғли, тошли қирғоқларин, четларин.
Нега жимсен, нега жавоб бермайсен,
Нега кўзинг қизаринди, ёшланди?
Нега юзинг сўлган каби юмшарди?
Нега сенда бир талваса бошланди?
Биламен мен, сўзламайсен шунинг-чун –
Сўзлайдирган яхши сўзинг йўқ эрур.
Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка,
Қон қилмоққа ҳасратларинг кўп эрур.
Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам,
Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер,
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлай бер.
Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.
Фалокатлар кўрган ота-боболар
Истиқболнинг қимматини билмаган.
Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар
Тузуккина чора, тадбир қилмаган.
Биз, йўқсиллар, бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар томонидан эзилдик.
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам ортган, жабр кўрган биз эдик.
Етар, бўлди. Мени гапга солдинг-да,
Ўзинг унда тинглабгина турасан:
Яна, тағин таъсирланиб сўзимдан,
Оҳ-воҳ қилиб, ўзни ҳар ён урасан.
Сўзла, сен-да тилларингни ўйнатиб,
Эски алам ичра бизни олиб бор.
Яширин ётган пардаларни, зулматни
Қараб турма, нуринг билан йирт-юбор.
Ялинтирма, бошқаларга ялинган
Каби сен хам ялинтирмоқ истайсен,
Эзилганни эзишликка сен, гўзал.
Озроқ шарм, озроқ ҳаё қилмайсен?
Сўзла, англат, гўзал юлдуз, тез сўзла,
Мен-да сенингдек чиройли сўйлармен.
Ҳазардаги кўпикларга бирлашиб,
Сени мақтаб ширин куйлар куйлармен.
Оғиз очдинг, товшинг келди, эй юлдуз,
Сўзла, сўзла, ёт киши йўқ, иккимиз…
Баҳри Ҳазар, 1920

Зарафшон

Сафар эсдалиги
Кўз олдимда оқиб ёткан Зарафшон,
Ёш боладек эркалайдир, ўйнайдир.
Ҳовлиқма ҳам бўлса ўзи, кўп чаққон,
Унча-мунча тўсиқларни қўймайдир.
Катта-кичик тошлар бўлса йўлида,
Ҳеч қурамай судраб кетар илгари.
Ким биладир, жон топширмиш қўлида,
Ҳазил-ҳазил билан қанча ёш-қари?..
Унинг ўзи шу ўйноқи қилиғи,
Шу ҳовлиқма одати-ла кўп қўрқинч,
Сувларининг нозли қиздек силлиғи
Кўп танларни ағдарарлик катта куч!..
Ундан қўрқинч унинг ўткарганлари,
Салтанатлар, қонлар, улуғ тарихи.
Сийнасида бўғиб ўлдирганлари,
Кўп жонларнинг инграйиши ва оҳи!
Тарихининг қанотлари сўнг йиллар
Аллақандай қора ранг-ла бўялмиш.
Ёнларида яшагувчи кўп еллар
Қора ёзмиш қозиғига суялмиш…
Шўх-шўх оқиб, юрагида яширинча
Тарихларни, асрларни қарғамиш.
Билармикин, ўз умрида ул қанча
Яхши эрлар ёд этмиш-да, алқамиш?
Ай, Зарафшон, ўйнаб-кулиб оқа бер,
Мазлумларнинг юрагини ёқа бер…
1920 йил, Самарқанд

Қаландар Ишқи

(Эски тартибда)
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарлик йўлда қотдим-ку.
Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта отдим-ку.
Ажиб дунё экан бу ишқ дунёси, аё дўстлар,
Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.
Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жо айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.
Қаландардек юриб дунёни кездим, топмайин ёрни
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бир-ла қайтдим-ку.
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.
Боку, 1920

Тортишув Тонги

Енгган қўшин бошлиғидек гердайиб
Ботган қуёш булутларнинг остидан
Бош кўтариб чиқмоқ учун тириша.
Шунинг учун бери ёқда иржайиб
Кулишурлар.
Унга қарши, қаршидан
Йиғлов, сиқтов, товуш, ғавғо, хархаша.
Суюнингиз:
кўпдан бери зиндонда
Қуёш кўрмай, захлаб қолган кўнгиллар.
Чиқар кунлар етди сизга ундан-да,
Мунда ечиб юборилган тугунлар.
Қайғурингиз:
Кишанларни ясовчи
усталар.
Бошқаларни тубанлар деб атовчи
хўжалар,
Сизнинг учун ёз бошининг қоридек
Эрув кунлар келадир,
Сизнинг учун алвастининг зоридек
йиғлар кунлар келадир…
Чиқадирган қуёшни сиз беҳуда
Этак билан тўсмоқ учун тиришманг,
Ахмоқ бўлиб Азроилнинг олдида
Жон талашинг, то ўлгунча беришманг.
Тошкент, 1920


Маҳмудхўжа Беҳбудий Хотираси

Жилгисиз қабрингни қора тунларда
Амалимнинг шамин ёқиб, изладим.
Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,
Кучсиз кўйи юришимни тезладим.
Амалимнинг юлдузи, ким кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим қони ерларга.
Савол бердим: “Йўқотганим қайда?”- деб,
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга.
Қўлидаги тутам-тутам гулини
Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди.
Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда
Унинг қилган бу ишлари бўш ишди.
Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида
Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка.
Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда
Оқ каллалик-қора девни сўкмакка.
Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолган исминг билан турамен.
Шул исмни эслаб, чизған йўлингдан
Йироқ кетмай, қимирламай юрамен.
Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканини билмайсен.
Шодлик гули кўпдан бери сўлганин,
Ер остида, пок руҳинг-ла сезмайсен.
Ана сочдим қалбимдаги гулларни
Термак учун чақирамен қўлларни..
1920


“Ўзбек Қизи” Учун

«
...
(Усмонлича)
»
Гўруёрум: Ҳер бир элинг гогунде,
Йилдузлари парил-парил янриёр,
Йилдизларинг ере сачан нурини
Ҳер бир инсан иче-иче каниёр.
Гулшан йў ки кадин гули ачмасун.
Бакча йўқ ки кадин булбул отмесин.
Ер йўқки кадин иси сачмасун.
Гонгул йўқки кадин мафтун этмасун.
Хер миллетинг гулшанида гуллари
О миллетинг кадинлери, кизлари:
Хер миллетинг хақ суйдиги бир ёлу
Кадинлигин басмиш олан изидир.
Ҳич миллетда кадинларин о гўзел
Чеҳрелери перделере гирмиёр.
Ҳич миллетде ……… хаъин ел
Кадинлара ғазаб ила эрмиёр.
Ҳер нерейе гирдим исем: каршимда
Кадинлари ачик юзде булурум;
Хатирларим: Капахдир юрдумда,
Ўзбек кизи кайғулара доларим,
Боғулурум
Ўлурум…
Сияҳ перде билир мисин? – О алчак
Эски дуня сени бизе биракмиш.
Эркли олан кадинларин башина
Дин исминден эсирлиги о тақмиш.
Кўз алдинда эски дуня о буюк
Салтанати шевкет иле ўлиёр.
Ўлмесине иблислердир ағлаян
Мелеклерсе гўк юзинде гулуёр.
Сен де онунг мирасисин эй перде,
Каламазсин азад олан бу ерде,
Анд ичрим: Эсир Ўзбек киз ичун,
Шимде бурда ялниз мезар сенингчун.
Бир мезар ки, ташлариндан яш дамлар
Таш ичинде Ўзбек кизи – хеп ағлар.
Баку, 1920


Парча

Мақтадим, кўкка кўтардим сизни мен,
Энди менга сизга етмаклик қийин.
Мақтамоққа бир киришгач мақтайин,
Тўхтасам, сўнгги тинимда тўхтайин..
1920


* * *
Милтираган хира чироқсен, йўқсил,
Ел қаттиқроқ келиб урса ўчарсен.
Ёр алдаган севгучининг руҳидай
Бир лип этиб йўқликларга кўчарсен.
1921


* * *
Хаёл, хаёл... Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман.
Хаёлдаги юлдузларким, амалдир,
Оловимни алар учун ёқаман.
Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Маним истак-тилагимни эркалат!
1921


Суйган Чоқларда

Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидим-да истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.
Гунафшалар қулоғимга мадҳингни
Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади…
Аламзада булбул йиғлаб, кечалар
Аламингнинг сўнгин тамом этмади.
Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин
Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим.
Ўшал, эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштари-ла тилардим.
Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган
Парилари, ҳурларини кўрдингми?
Аламимдан гуллар эккан йўллардан
Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми?
Йўлларингда шеър айтса сўлган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур.
Қачон сенинг мусиқали овозинг
Сенинг мени суйганингни билдирур?
1921


Клеупатра Уйқуси

“Клеупатра” – Нилнинг бўйида
Ўз қўли бирлан нилуфар узди.
Гўзал чечакни, ёзуқсиз гулни
Ишдан чиқарди, турмушин бузди.
Бир тўплам қилди, бир ипак бирлан
Бошига осиб, уйқуга кетди.
Ул ухлаганда бутун Мисрда,
Бутун ўлкада уйғоқлик битди…
Жим тур, фаришта, қанотинг қоқма,
Фиръавннинг қизи тинчлаб ухласин!
Унинг юзидан, гўзаллигидан
Ошиқнинг кўнгли бир ором олсин!
Унинг ётиши – Куннинг ботиши!
Қоронғиликда юлдузлар ўйнар.
Бутун ошиқлар, кўнгли ёнуқлар
Гўзал ўйларни шул чоқда ўйлар.
Тубан қараб юр, Нилнинг сувин кўр:
Қандай чиройли, лимиллаб оқар.
Фиръавн қизидай, илон изидай
Буралиб оқар, қимирлаб оқар…
“Клеупатра” уйғонди нега?
Нега ул чоғсиз уйқусин очди?
Унинг кўзидан, гўзал юзидан
Уйқу, қизиллик, тўлиқлик қочди?
Ана, қўлини гулга узатди,
Боқ, ипни узди… гуллар қўлида!
Ож… ғижим қилди, ерга ташлади!,
Кўп йўқсил гуллар қурбон йўлида..
-Нега ташлади?
-Гул сўлган эди…
Шунинг-чун золим ерга ташлади!
Ўзини кўр бир: маст илон янглиғ
Жойида ётиб, тўлғоқ бошлади.
Бор, эй йигит сен, Нилнинг бўйидан
Золим қиз учун* нилуфар келтир!
Золим қизини бу сирли кечда
Кўп урунтир, тезроқ тинчлантир.
Бир тўплам гулни бошига осса,
Яна уйқуга очар қучоғин.
Йўқса бу золим ҳеч боса олмас
Юрагидаги севмаслик доғин,..
Қўй, сен қўзғалма… менинг кўксимда
Кўз ёшим бирлан ўскан чечак бор.
Шуни берармен, бир ҳидлаш бирлан
Севгига ботиб, бир умр ухлар!..
Бухоро, 1921


Халқ

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир.
Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса куч йўқдир, ким тўхтатсин.
Қувват йўқ, ким халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди.
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…
Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсун унинг бошидаги кўланка.
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ховлиқар, бир ўйнар,
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
Бухоро, 1921


Кел Бери

Кел менга, кел, кел менга,
Қучоғимни очганмен.
Турмуш – ҳақиқат бўлса,
Борлиғимни отганмен.
Мен кучли, менда исён,
Мен – тўлқин, менда туғён.
Кўпирурмен, тошармен,
Чегарамдан ошармен!
Тўфоним елни босар,
Турмуш тоғларин ошар
Ва ўлмас, мангу яшар!..
Девонабоғ, 1921


Мен Қочмадим

(Тошкентдаги ўртоқларимға)
Мен қочмадим! Нега мени “қочди” деб,
Йўқға бунча шовқун-сурон қилдингиз?
Қучоғини “ўзлиг”ига очди деб,
Оқ исмимга қора занжир илдингиз?
Мен “ўзлик”дан кўпдан бери узилиб,
“Кўплик” ичра ботиб кеткан танамен.
У “кўплик”нинг қайғусида чўзилиб,
Қулоч отиб, сузиб юрган – яна мен.
Мен янгиликлар ўлкасидан синмаған
Бир қанотни тақиб олиб, қўзғалдим;
Шу йўлимда япроқлари сўлмаған
“Ёш яғоч”нинг соясида тўхталдим.
Икки кўзим ялт-юлт этиб кўкимдан
Тилагимнинг юлдузини қарайдир.
Чоғ-чоғ йиғлаб, ўтиб кетиб ўнгимдан
Қора булут, унинг юзин қоплайдир.
Бироқ яна унинг юзи кўриниб,
Кўзларимни қамаштириб қўядир.
Қилич ботиб, ханжар дилга уруниб,
Тунга яна қайси қараш тўядир?
Мен қочмадим! – мен тилакни излаймен,
Қанот кучлик, борган сари тезлаймен!
Бухоро, 1921


Улуғ Йўловчига

А.М. руҳига:
«
“Дунёға ишлар учунгина келганмен.”
(Ўз Сўзи)
»
Боқчаларда гуллар сўлди, сезмадим,
Ўстирганлар етим бўлди, сезмадим,
Кўнгилларга қора толди, сезмадим,
Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан…
Кетган йўлинг йироқ йўлдир, кети йўқ,
Бошланиши қуруқ ва кенг бир бўшлиқ.
Тугалиши: яна чексиз бир йўқлик,
Бироқ қайтмоқ йўқдир тушкан йўлингдан…
Кетдинг, бироқ изларингда кўз қолди,
Тилларингда айтилмаган сўз қолди,
Ўксиз бўлиб, ётлар эмас, “ўз” қолди,
Чуқур маъно истаб эски сўзингдан.
1921


Наврўз Кунида

Хира, ўчкан, кирлик, кучсиз дилларга
Ёруғ ёғду турмуш сепган янги кун,
Сира севинч бермас ўзбек қизига,
Йўқса унға мангуликми қора тун?
Неча юз йил кишанларда энтиккан
Қашшоқ, йўқсил, тутқунларга эрк берар,
Ўзбек қизи: “Бошқаларга эрк берган
Менга қани эркинг?..” деса, не деяр?
Кўклардаги дона-дона сочилған
Юлдузларми эзгу кунни олқишлар?
Кимга тегар юлдуз кўздан отилған
Аччиқ гина, лаънатлару қарғишлар?
Гулой, Тўти, Қумри, Ойхон, Ёрқинлар
Наврўз куни деворларға қарайлар.
Кўчаларда эр-қизлардан оқинлар,
Тутқунларнинг ёнлариға кирмайлар.
Қаторларға уларни ҳам олмайлар,
Тутқунларни кишига ҳам санмайлар…
Тутқунларнинг кўз ёшлари баҳорнинг
Шудрингидек гўзалликни хўллайлар.
“Гўзалликни севдим ” деган эркинлар,
Кўриб туриб уялмайлар. Ўлмайлар!..
Наврўз куни эрксизларга эрк берар,
Ўзбек қизи эркли кунда бўшолмай,
Зиндон каби тор уйидан чиқолмай,
Қалин, оғир деворларни йиқолмай,
Борлиғини кенг дунёга отолмай,
Чин эрк кунни кута-кута телмирар…
Тошкент, 1921


Мен Ва Бошқалар

(Ўзбек қизи оғзидан)
Кулган бошқалардир, йиғлаған менмен,
Ўйнаған бошқалар, инграған менмен.
Эрк эртакларини эшиткан бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглағон менмен.
Бошқада қанот бор, кўкка учадир,
Шохларға қўнадир, боғда яйрайдир.
Сўзлари садафдек, товуши найдек
Куйини ҳар ерда элга сайрайдир.
Менда-да қанот бор, лекин боғланғон…
Боғ йўқдир, шох йўқдир, қалин девор бор.
Сўзлари садафдек, товуши найдек.
Куйим бор. Уни-да деворлар тинглар…
Эркин бошқалардир, қамалғон менмен,
Ҳайвон қаторида саналғон менмен.
Тошкент, 1921


Куз

Кўм-кўк экан, сарғайдилар япроқлар –
Оғриқ, мағлуб, тутқун Шарқнинг юзидек.
Бўронларнинг кўзлари, ким ўйноқлар,
Ғолиб Ғарбнинг қонга тўлган кўзидек,
Қора булут тўдаси ким кўкларни –
Шарқни ёпган парда янглиғ ёпмушдир.
Куз қўшини – оғу тўлуғ ўқларни
Ёз бағрига ҳеч саноқсиз отмишдир!
Бало янглиғ қатор-қатор чизилиб,
Кўк юзидан қарғалар ҳам ўталар.
Шарқдек ичдан яширингина эзилиб,
Кўп жонлилар сўнгги тинни куталар.
Бутун борлиқ – чоғлик ўчиш олдида,
Совуқ… қора қишга кўчиш олдида.
Бухоро, 1921


Бузилган Ўлкага

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка?
Учмохларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
-Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи,
Бу нега?
Туморчалар хамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?
Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
Андижон, 1921


Амалнинг Ўлими

Кўнглимда йиғлаған малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда инграган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасининг инсонларими?
На учун уларнинг товушларинда
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларинда
Ҳар юриш кўнглимни ништардек тиғлар?
Кенглик хаёллари учдими кўкка,
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка,
Хаёлда порлаган шамларми сўлди?
Кечанинг жон олғич қоронғилиғи,
Ҳаёт юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳақи, хақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?
Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар
Шарқнинг кўкрагида бир жой топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар
Ухлаган дилларга силжиб оқмасми?
Ҳар кеча кўкларда ўйнаган юлдуз
Айтар эди менга: “Эрклик юлдузи -
Тутқин еллар учун само кундузи.”
Кўнгилда қолғуси унинг бир изи”.
У бир из кўзимнинг нурларидан ҳам
Юксакдир. Мен уни ўпмак истаймен,
Агар топилмаса, бу юртлардан ҳам
Кўчиб йироқларга кетмоқ истаймен.
Йиғлаган, инграган амал қизими?
Кўкдаги юлдузлар унинг изими?
1921


Ёнғин

«
Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ.
Гўдаклар найза бошида…

(Хабар.)
»
Нега менинг қулоғимда тун ва кун
Бойқушларнинг шумли товши бақирар?
Нега меним борлиғимға ҳар ўюн
Ва ҳар кулги оғу сепар, ўт қўяр?
Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар,
Бойқушларга бузуқ кўксин очганми?
Ота-она, таниш-билиш, ўртоқлар
Юртни ташлаб, тоғ ва тошга қочқанми?
Шундай катта бир ўлкада ёнмаган,
Йиқилмаган, таланмаган уй йўқми?
Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган,
Бутун кўнгил умидсизми, синиқми?
Подаларнинг яйловида бўрилар
Қонга тўйгач, увлайдиларми кўплашиб,
Йиқиқлардан ўлкаларни тўплашиб,
Ўтми қўяр алвастилар, парилар?
Табиатнинг бутун ёмон томони
Шу ўлкага фақат жилва қилдими?
Мўминларнинг оқ виждони, имони
Шам сўнгандай тинсизгина сўндими?
Қиличларнинг тилларида қизил қон,
Булоқларнинг суви янглиғ тошдими?
Яланг бола, яланг гўдак – маъсум жон
Найзаларнинг бошларидан ошдими?
Кенг яйловга ўтми кетди, ёндими?
“Маданият” истагига қондими?
1921


Уйқу

(“Бормаймен деди” куйига)
Жим туринг, шовқинламанг, уйқу ичида ул пари,
Юрма, тек тур, эй шамол, юрсанг-да юр, бироз нари!
Кўкда бир тўп қиз-малак уйқу куйини бошлади.
Илгари чалган тирик, жонли куйини ташлади.
Бош учида айланар бир тўп фаришта жимгина;
Кўк элининг тангриси – ой ҳам қарайдир тинчгина.
Ул олос кўзлар юмулган… куйни ёндиргачгина,
Кўп гўзал кўзларни юмдиргач, уялдиргачгина…
Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар,
Ҳар қарашда кўнглима минг турли ўйларни солар…
Бу ётиш, бу уйқу, бу қандай ширин, қандай гўзал,
Жонланар, юз кўрсатар синган ва ясанган амал.
У ётиш, уйқу на ерда, на хаёлий кўкда бор,
Бу гўзал сирли томоша менда, мен ўксукда бор.
Жим туринг. Шовқинламанг, уйқу ичинда ул пари,
Кўзларим тўймай қарар, борлиқ кўринма, тур нари…
Тошкент, 1921


Кураш

Бақирғувчи, ўкиргувчи бир товуш
Ботирларнинг жон сўраған товшидир.
Йиқитгувчи, ағдаргувчи қўзғалиш
Яқиндаги зўр курашнинг бошидир.
Тентаклардек борар ерин билолмай,
Унда-бунда ўзни урган душмандир.
Кенг юракда тура олмай, сиғолмай,
Тошиб кеткан йўқсилдаги имондир.
Улуғ, қаттиқ ағдаргувчи бир кураш,
Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш,
Йўқ – яраш!
Тошкент, 1921


Кетдинг!

Марҳум Раҳматулла Султоновга.
Йўлдошим, замзама бўлдинг-да, кетдинг,
Бор эдинг, йўқолдинг, ўлдинг-да, кетдинг,
Гул эдинг,, очилмай сўлдинг-да, кетдинг,
Йўқлик денгизига тўлдинг-да, кетдинг.
Қичқириб орқангдан югурдим, чопдим,
Ғариблар мозорин истадим, топдим.
Кўрай деб сўнг чоғда телмуриб боқдим.
Сен эсанг юзингни бурдинг-да, кетдинг.
Элингнинг тилаги етимми қолди,
Бошига қайғини ўлимми солди?
Жонингни тангриси севибми олди?
Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да, кетдинг.
Боқчангға ёш қўллар экалар гуллар,
Очилмоқ истайлар лола, сумбуллар,
Фироқ куйларини куйлар булбуллар,
Сен бўлса, йўқлиққа урдинг-да, кетдинг,
Кўкармай, яшармай қурдинг-да, кетдинг.

Ўлимдан Кучли

(Қитъа)
— Ўлим, сендан кучли бошқа куч борми?
Тарафингдан бир марҳамат бўлганми?
— Мендан кучли, мендан қувватлилар бор:
Мана, мендан ҳеч қўрқмайлар одамлар.

Ниманинг Ҳиди

Билмаймен бу ҳидлар ниманинг ҳиди?
Руҳим ҳидлаш билан англаған эди!..
Мевжуд жаннатларнинг энг гўзалида,
Энг гўзал малика атирлар сочди,
Кўкларнинг энг нозли, ўйноқ париси
Атир қутисининг оғзини очди.
Кўнгилни мулойим қитиқлагучи,
Ўзида ҳар турли сир сақлагучи,
Бу ҳиддир, ким ҳорган, чарчаган дилга
Янги умид, тоза қувват бергучи…
Муҳаббат булбули берилди тилга!
Узулиб-узулиб тиғлаған кўнгил,
Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил,
Гуллик боқчаларда юрмаган кўнгил,
Ўзини гулларга урмаган кўнгил
Азал малагидан бир ҳид хидлади,
Эсриди, йиқилди, ўзи билмади…
Ҳидсиз тилакларнинг тотли умиди
Сонсиз ҳавасларни кўнглимга солди,
Оппоқ маликанинг тарқатган ҳиди,
Танимни, жонимни, руҳимни олди!
Эй тотли ҳаваслар сўнгучи ҳидни
Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!..

Ишқ Йўли

(Эркин шеър)
Сабрнинг косаси тўлгандир,
Бу оғир айрилиқ тўйдирған,
Оҳ, қанча азоблар бўлгандир,
Гўзалим, хабаринг бўлмаған!
Оч ахир, очгил, ким кўксингни;
Бир нафас ўзимни унутай.
Унутмоқ бутунлай “ўзлик”ни,
Оҳ, шундан нажотни мен топай.
Кечалар… кечалар, оҳ сонсиз ва ойсиз.
Бир кеча менга худди бир йилдир.
Қайтариб айталар: Кечалар – рўёсиз,
Олдинда… “Кўп оғир бир йўлдир!
Эй дарвеш, бу йўлда биргина йўлчи,
Кетавер, бир куни сўнгиға етарсен!..”

Яна Қор

Яна қор! Оқ кафан ўралди яна,
Яна кўк қўйди ерга парларини.
Қарғанинг тиллари бурилди яна,
Яна қиш чорлади нафарларини…
Қоп-қора дев каби булут йиғини
Қоплаб олди яна қуёш юзини.
Ётқизиб ёз ботир “енгиш туғ”ини,
Уйқудан очмади сира кўзини.
Кутдилар ёз қизи – баҳор ойининг
Янги кунда ясалгуси тўйини.
Ёз каби турли гулга кўп бойнинг
Дедилар: “Болғуси чечак ойини,”
Қариган қиш бобой чидолмасдан,
Тўй кутилганда қилди бир босқин.
Нега эргашди унга қорли бўрон?
Кўп қўпол эрди, асти ул озғин.
Бир фақат қарғалар қор устида,
Қоғлашиб қиш бобойни олқайлар.
Тўнгдирғувчи заҳар совуқ тунда
Бева-бечоралар ёмонлайлар.
Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар,
Ҳар фақир уйида инглайиш ва йиғи.
Ҳар сариғ юзида сўнги шуъла сўнар,
Ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи…
Яна қиш… Қор кафан ёпилди яна,
Қарғага тўй… Ўйин топилди яна.

Тўфон

(Анадўли қишлоғининг музаффар ўрдаларига )
Эй Инону, эй Сакария, эй истиқлол эрлари,
Миллий Мисақ олинганча тўхталмасдан илгари!
Биламиз, ким жаннат каби тупроғингиз ёвларнинг
Гўдакларни ястағучи оёқлари остида.
Биламиз, ким товушингиз ҳақсиз чиққан давларнинг,
Инсофсизча шовқинларнинг, хурушларнинг пастида.
Биламиз, ким “маданият” бешигида ўлтурган
Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳислари сизларда.
Биламиз, ким “озодлик” деб шовқин қилган, бақирған
Бўриларнинг оч кўзлари, олтин тўла ерларда.
Биламиз, ким унлар сизни яшамоққа қўймайлар,
Биламиз, ким қонингизни томчи-томчи ичалар,
Биламиз, ким унлар сира ювош халқни севмайлар,
Биламиз, ким тупроқ учун инсонлиқдан кечалар.
Биламиз, ким сиз йўқсуллар сўнг чоғда
Шундай ёмон душманларнинг қўлида
Мангу асир, мангу тутқун бўлишни
Истамасдан қўлга яроғ олдингиз.
Биламиз, ким қатор-қатор қишлоқлар
Синасига нон тўлдирған тупроқлар,
Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни
Ортиқ кўруб, жонни ўтқа солдингиз.
Жонни қонға –ўққа ўтқа солдингиз.
Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз,
Яна бир қўр тарихларда қолдингиз!
Эй истиқлол, эй Сақария, эй Инону эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғучи селлари!

Гелиёрсунг!

(Шарқ Қурултойи вакилларига)
«
...
Йўлдош Файзулла Сайидга армуғоним.
»
Гелиёрсунг дағ, тепелер ашарақ,
Гелиёрсунг су, денгизлер гечерек,
Гелиёрсунг амалине-қошарақ,
Гелиёрсунг ўз ёлинги сечерек.
Чоқдан бери сўнмиш олан гунешинг
Тепелерин енг башиндан гўрунди,
Чоқдан бери юз дўндурмиш мехвешинг
Эмелингинг нурларина бурунди.
Ҳер сафхаси алчалмани язарак,
Сенинг учун қан ағлаян тарихинг,
У ёллари хаялиле бозарак
Язмададир парлайишин ярнинг.
“Шарқ гўзели” дейе ғарби яндиран
Кара сачли, кара гўзли у сенинг
Гўзел қизинг, ўлумлери андиран
Чехресиле ағлиёрду: Бен онунг
Гоз яшлари арасинда батиёр,
Боғулуёр ўлуёрдум… Гелмиёр
Гелмиёрди имдадима хеч киши
Кесилмишди санки жахан нефеси.
Дағ, тепелер, ашип евет сен гелдинг
Бен де шимди алиёрум генг нефес;
Сен де затен рухен эсир дегилдинг,
Ялгиз сенинг вужудуну кисарди
Алчак ғарбинг гейдирдиги дар кафес…
Вужудунга пек дарди.
Гелиёрсун дағ, тепелер ашарак,
Гелиёрсун чўл, сахролар гечерек
Беклиёрум бен де хаят ичерек,
Йулларина гул лалелер сачарак,
Кучағими ачарак!
Хараретли, селамими кабул эт
Хурметими бутун Шарка такдим эт!

Яшайиш

Оғир-оғир ва фақат қайғидан йироқ уйқу,
Нечун узоқларга қочдинг, ки кўп ямандир бу!
Кўзум очилди, бироқ кўрмадим гўзалликни,
Кўнгулда ёш ила кўрдим бутун тубанликни…
Йўқ эрмас эрди гўзаллик билан чиройлилик,
Фақат улар тубида жилваланди ҳайвонлик…
Кулиб қарар эди дунёси гоҳ-гоҳлари
Фақат кулушлар ичинда, фиғон ва оҳлари!
Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бу уйғонишда тўлиб тошди қайғуларим…

Кулмак Истадинг

Не учун кулмак истадинг, гўзалим?
Йўқса сўлмоқди лабларингнинг иши…
Не учун тишларингнинг беркиниши
Бу йўли битмак истади, малагим?
Сен, ки кулмак билан вужудимни
Баъзида севгига кўтарардинг.
Сўнгра бирдан яна чўкар эрдинг
Эски, беҳуда, кенг хаёлларингга.
Ол қўлимни бир оз-да қўлларингга,
Кўкка беҳуда қўйма дудимни!
Севги – дард, севгувчи-да – бир тентак.
Сен-да тентакдан эътироз этасен.
Қочасен. Оҳ, фақат одош кетасен.
Истагинг борми, ким бориб етасен?
Қайда бўлсанг-да, ғирт бўғар севмак,
Севгидан кечмак истасанг, гўзалим,
Ташла, бехуда ўйдир ул, азалим.
Менга бир кулмак истадинг, малагим.
Кул, ки кулсун кулолмаган тилагим!
1922 йил, Бухоро (Ҳарбий хастахона).


Ётоқдан…

Оғриқ олди, қайғу олди, зор олди,
Сўнук кўзли, бағри эзик ёр қолди.
Қайда қолди Мулла Бозор – девона,
Қулоғимга ўқир эди афсона:
Эзгу жойга оқ от билан кирган(и)ни,
Дил каъбасин ўқлар билан бузган(и) ни…
Йиқиқлардан, қабрлардан товушлар;
Ўлукларнинг саломини ўқийлар.
Борлиғимни қўрқинч ўтлар ҳовучлар,
Хонақоҳлар фано тўри тўқийлар.
Сирли сирдан қилдай бўлсин хабар йўқ,
Йўқса ул-да* ўтганлардек сўндими?
Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ,
Йўқса фано майсалари ундими?
Алам олди, фироқ олди, қон олди,
Амал қолди… Кўзи ёшли жон қолди.
1922 йил, Бухоро (Ҳарбий хастахона).


Мастликда

«
...
Х…га.
»
Май бу кун шишадан тошиб чиқмишдир,
Унинг бир томчиси ерга тушмасун.
Уни хаёлимиз амал демишдир,
Амаллар мажлисдан четка кўчмасун.
Майлар шишаларда қўшуқлар айтиб,
Бизнинг ийдимизни қутлаб турадир.
Майнинг кўпуклари минг қатла қайтиб,
Мажлис лаззатини сўзлаб турадир.
Майнинг атрофинда эски ўртоқлар,
Йиғилиб ўлтуриб, суҳбат қилалар,
Мажлис шодлиғини кўруб оппоқлар”
Ҳурмат юзасидан салом бералар.
Майнинг кўпуклари тутқун ўғлини,
Қайғу чоқларида юпатиб турсун,
Мастликда ўрганиб ўнг ва сўлини
Ўксук болалари у йўлдан юрсун.
Майнинг кўпуклари кўзнинг қораси,
Мастлар ўлсалар-да “эслик” қилғуси.

Қилич Ва Қон

Қиличим қинда қолмасин, чиқсин,
Тиғиға тилларим томизсин қон,
Амалим қонли тиғим ўпсун,
Қолмасин қонни севмаган бир жон.

Қизариш

Нечун қизарди юзинг қип-қизил анор янглиғ,
Дилингда ўйноқи бир шарпа ўтдими шошилиш?
Кўзингда кучли ҳавасларнинг излари қолмиш…
Қизармоғинг, йўқ эса, сирли ипками боғлиғ?
Қизарғанингда лабингдан-да бир тилак учди,
Унинг қанотлари кўнглимга ғамли ел урди.
Ойимни ул тилагин бирла илгари сурди
Ва кўкда бир тўда алдамчи севгилар қучди…
Нечун, нечун яна кўзларда томчилар ўйнар?
Нечун, нечун бу аламларни кўммадик бирга?
Нечун, уларни ташийликми сўнг қўнуқ – гўрга?
Нечун юзинг яна сўлғун, нечун узун ўйлар?
Лабингда биргина сўз бор, фақат дея олмайсен,
Нечун уни демакка кечмишингми қўймайдир?
Нечун мени кўрганда энди сўзлай олмайсен?
Нечун сенинг қарашинг ўйга ҳеч тўёлмайдир?
Бир оз… бир оз сўзла. Англатиб бер сен,
Лабингда мангу ёпиқ қолмасун у биргина сўз.
Гўзал чечакдек очилсун сўнук ва сўлғин юз
Ва мен-да дардингга бир чора, бир шифо топайин.
Лабингда қолса у сўзлар яна ўшал қизариш,
Яна кўнглингда ҳароми ва ўйноқи шарпа,
Яна сўниш ва ўчиш… мангу, доимо қарғиш,
Битар, кетар шу балолар… лабингга жон кирса!
Нечун юзингда қизил чўғ каби ёниш, қизариш?
Ярарми менга-да билмак, нечун, нечун бу иш?
1922 йил, Бухоро (Ҳарбий хастахона).


Зия-Йи Қамар

«
...
(Усмонлича)
»
Қамар зиясини докдукче далғали денгизе,
Гелир хаёлиме гечмиш о умр-и ишқ-и ҳевес.
Юзунг зиясини серпдикче бу солуқ бенгзе
Гўнгул телатуна башлар; фақат юзунде қафас.
Гўнгул қафесда теламла уғраширкен бен,
Заволли бен гине аваре ишқинг ардиндан
Қошар, гидер. Гине эмели булмаярақ
Дўнар, гелир, док’керим қатрлер…сефеф гиби ақ!
Денгиз мияб-и кебуд иле иште чалқанарақ
Телатумунда мудавим… бен иште алданарақ
Гўнгул телатум иле “ишқ гел, бириқма!” дерим,
Ве шўйле ишқ-и серабинг элинде жом верир идим.
Денгиз телатуми устунде бир йиғин перилер,
Беяз, хафиф сисе бензер зариф телбисле
Қамар зиясини ўқшар ве рақс эдер, севинир.
Денгиз қучағи – ўюн бақчаси гулер, ойнар.
Бен иште севгили умудлер … ве сонг тенеффусле
Нефес алир ве гине раҳима гирер, гидерим,
Бу йўлда жанум, ҳич шубҳасиз, феда эдерем….
Қамер зиясинин серпер о далғали денгизе
Юзунг зиясини серпер бу сопсолуқ бенгизе.
1922


Оғриганда

Бўғиқ, қисиқ, асабий бир кўнгил билан тун ва кун
Тўшакда, ўйлар орасинда инграб ётмак
Оғир… қийин…
Бу ётишнинг сўнги, сўнги келсун!
Ёзилмаганми бу тунлар сўнгида тонг отмак?
Кўзимда эрта ва кеч бир йиғин хиёл очилар,
Хаёл билан кўраман, кўк юзи булутли каби,
Бутун кўнгил ва юраклар оловли, ўтли каби;
Булут кўзидан эса ерга оғу –ёш сочилар.
Менинг ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут,
Қуюқ булут тўдаси қонли ёш тўкиб йиғлар?
Меним бу хаста дилимни яна нечун тиғлар?
Меним-да кўксима боқмоқчи истар ул бир ўт?
Бўғиқ , қисиқ бу кўнгил кучли ўт билан ёнадир,
У ўт орасида юртнинг хаёли жонланадир…
Бухоро, 1922


Қиш Кечалари

«
...
(Русчадан)
»
Болалар, сизларга
Кўп яхшидир қишки тун.
Эринибгина ётасиз,
Танча иссиқ, чўғ қизғин.
Гоҳ-гоҳ чиқиб танчадан
Қувалашиб ўйнайсиз.
Эсга тушган ўйиннинг
Ҳеч биринн қўймайсиз.
Шовқин қилиб, бақириб,
Чақирасиз, жанглайсиз.
Энг сўнг ётиб кампирнииг
Чўпчагини тинглайсиз.
Ташқарида қор-бўрон,
Заҳар тўкар қора қиш.
Ундан қўрқиб тўхталмас
Сизда ўйнаш ва кулиш.
Аммо бу хил севинчлар
Ҳаммада ҳам бўлмайди.
Ҳамманинг ҳам боласи
Қишда ўйнаб-кулмайди.
Ер юзида жуда кўп
Йўқсил, етим болалар.
Бечоралар нонга ҳам
Яхшигина тўймайлар.
Баъзиларнинг ёш чоғда
Оналари ўлгандир.
Шундоқ қилиб ёшликдан
Гул юзлари сўлгандир.
Улар учун на танча,
На ўтин бор ва на чўғ.
На чўпчаклар айтгали,
На севгали киши йўқ.
Шундоқларнн кўрсангиз,
Кўнгилларин кўтарипг.
Ё ака, ё ука деб
Бирга туринг, бир юринг.
Чоржўй, 1922


Ўтли Сув

Зўр денгизнинг тўлқинидир, бағримда
Юз йилларнинг қонли қўрқинч изи бор.
Юмшоқ сувдан бирикирган оғзида
Шафқат билмас исёнларнинг сўзи бор!
Қандай мағрур ахмоқлар, ким тинч ерда
Тот олурлар уни қарғаб, сўкмоқдан.
Йўлчи бўлиб, йўлга чиққач, бу ерда
Жон берарлар даҳшатидан, қўрқмоқдан.
Қора булут кўзларидан кўп чоқлар
Ҳовуч-ҳовуч янги кучлар оладир.
Эй тинч ерда кулар юзли ўйноқлар,
Сизга ёлғиз қовоғини соладир.
Саватингиз, хуржунингиз кўрди, ким
Кўз ёшлари қайғулар-ла тўлмишдир.
Учиб ўткан йўлчилардан сўрди, ким
Қўлингизда жон йигитлар ўлмишдир.
Кўпирар ул, ҳовлиқар ул, тошар ул,
Гўрингиздан наъра тортиб ошар ул!..
Тошкент, 1922


Севги Ва Салтанат

Кенг талада кийик ўйнар,
Кийик кўзин йигит ўйлар,
Кийик кўзи кўнгил тортар,
Ошиқ кўрса дарди ортар.
Кийик кўзи ўйноқ бўлмас,
Йигит қанча боқса тўймас,
Ёш йигитнинг ишқи ўлмас,
Кетса... сира қайтиб келмас.
Севсанг севгин ёшлигингда,
Чин севгига бошлигинг-да,
Бир севгидан сўнгра севмак,
Севгини алдамоқ демак.
Ўрдаларда севги бўлмас,
Шаҳзодалар сева билмас.
Севги асил яйловларда,
Ҳунармидир ёв-ёвларда?
Тангри севги яратғондир,
Яйловларга тарқатғондир,
Ўрдалари бек — хонларнинг
Уясидир ёмонларнинг.
1922


Шу Кунда

Истагинга йетар екан, қанотларинг синдими,
Эй кўнглимнинг булбули?
Сенга қарши кулиб турган гўзал чечак тиндими,
Ташладими бир ёъли?
Хаво ёрған кўкрагингни севги йели тилдими,
Қон тўлами хар томон?
Кўзларингга айрилиқнинг ипларини илдими?..
Шу қилиғани кўп ёмон.
Ё еркинлаб хидлагали бермайларми гулингни,
Тўсаларми ёълингни?
Гул ўзими кўзларингдан кўзларини қочирди,
Ёъқликларга яширди?
Шу юлинган парларинг-ла учолмассан, ёъқсил қуш,
У умидлар хавосидан енди бир оз тубан туш!..
Тошкент, 1922


Сендан Йироқда...

Йироқлашдим, узоқлашдим бир неча кун сендан,
Хол сўраб кўр мендан,
Нега мунча оғир келди бу йироқлиқ менга,
Англатайин сенга!
Чунки сенинг қарашингда мен айрилиқни ўйламай
Кўзларингга тикилдим.
Ўзлигимга, борлиғимға баҳо қўймай, санламай
Ерга қадар эгилдим.
У кўзларнинг тошқинида балиқ каби сузганмен.
Айрилиқни ўйлайми?
Бошқа дунё, босқа ўйдан боғланишни узганмен.
Сенга қараб тўяйми?
Мана энди бир нача кун сендан йироқ қолдим-да,
Қайғуларға кўмилдим,
Айрилиқда қайғу ичра улишимни олдим-да,
Кўзларингни хўб билдим.
Энди сенга кўнгил дардин буткул очиб берайми?
Истайсанми сен шуни?
Истамасанг, қистамаймен… Олдин сени кўрайми,
Сўнг айтайми мен уни?
Яхши,… энди қанотимни ростлайин,
Учиб бориб олдин сени топайин,
Сўнг дардимни очайин.
Тошкент, 1922


Гўзал Фарғона

Эй, гўзал Фарғона қонли кўйлагингдан айланай,
Тарқалиб кетган қора, ваҳший сочингга боғланай.
Ваҳший бир ўрмон каби бағрингни босмиштир қамиш,
Кўзларингда ҳеч кўринмас бир олов, бир ўт ёниш.
Кенг чўзиқ яйловларинг ёвларга очмиш кўксини,
Бир қора парда босибдир тупроғингнинг устини.
Кўзларинг сўлган, ўлик руҳинг билан боқдинг менга,
Қутулишнинг юлдузу асло кўринмасми сенга?
Ул баланд зўр тоғларинг нега тўсолмас ёв йўлин?
Йўқмидир ўткур қилич кесмакка ёвларнинг қўлин?
Биз бутун ожиз, заиф, бағри эзилган сен учун,
Бул қадар қонлар тўкилди ул дахидир сен учун.
Йиғлама, юртим, агарчи бул кунингда йўқ баҳор,
Келгуси кунларда бахтинг юлдузи ўйнаб қолар.

Гўзал Туркистон

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Сахар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?
Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?
Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!
Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин.
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин.
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин,
Яйраб, яшнаб ўз Ватанинг гул Боғларингда!

Барг

Жонланди, яшарди, кўкарди қарашим,
Ўзимда бир турли эркинлик сезамен.
Кўнглимда қолмади шу тинда ғам-ғашим,
Умиднинг ипаклик қилини чўзамен.
Шу чоғда, шу боғда ҳар нарса юмшоқдир
Ҳар нарса кўкарган, ҳар нарса яшнайдир.
Шу боғда, шу чоғда ҳар нарса оппоқдир,
Қуёш-да нурини ҳовучлаб ташлайдир.
Ариқда сувларнинг ўйноқи қўшиғи
Шохларда ухлаган баргларни уйғотди.
Айниқса, шамолнинг у юмшоқ шўхлиги
Шохларда баргларни титратди, ўйнатди.
Қип-қизил қанотли капалак, йўлида
Учратди чиройли чизанак қизини,
Капалак тикилгач, у қизча қўлида
Ушлаган япроқ-ла беркитди юзини.
Олтинли қўнғизни болалар ушлашиб,
Ип билан кўкларга учириб ўйнайлар.
Қулликни севмаган йўқсилни кучлашиб,
Нимага ўзининг эркига қўймайлар.
Лабларим шу тунда чанқаған, қизарған.
Кавсарнинг сувидан шароблар истамас.
Фаришта қилиқли, малика қизлардан
Чанқоқни босувчи бир ўпич сўрамас.
Кўклардан малаклар қиз бўлиб тушсалар.
Яна мен ўтларни қўйнимга қўймаймен.
Қўйнимга тўлсалар, қўйнимдан тошсалар
Гулларнинг ҳидлари… Мен сира тўймаймен.
Ўпмаймен шу чоғда фаришта – малакни,
Ўпамен бутоқда титраган бир баргни…
Бухоро, 1922


Нима?

Бир-икки яхши сўз айтдинг,
Ҳолимни англаганингми?
Кўзларни қайғили этдинг
Ҳолимға йиғлағанингми?
Ётликлар битдими энди,
Ортиқ мен сенга яқинми?
Қарғишлар битдими энди,
Олдимми эски ҳаққимни?
Тўйдиргич, қоп қора тунлар
Ёпқични олдими биздан?
Юргайми ёғдули кунлар
Сен боскан “севгили” издан?
Кўкламнинг олдини тўскан
Зулматлик қишми йиқилди?
Бўйниға лолалар оскан
Кўкламми ўрнига келди?
Кўнглимда сирли қоқилған
Кўнглумнинг сарпосидурми?
Ё кўкда янглиш отилған
Бир юлдуз куррасидирми?
Бир сўзла, биргина сўзла,
Қолдирма шубҳа кўнгилда!
Тошкент, 1922


Виждон Эрки

«
...
(Тутқунларға)
»
Эй тутқунлар, эй эзилган,
Эй қийналған йўқсул эллар!
Эй умидсиз, эҳ чизилған
Дор олдига… оппоқ диллар!
Эй бевалар, бечоралар,
Эй боғланған кишанларга,
Эй эрк учун оворалар,
Кўп ялинманг сиз уларға!
Бўрилардан омон кутмак
Тентакларнинг ишидир ул.
Ҳар маънини ҳатлаб ўтмак
Турмушда энг тўғри бир йўл.
Зулм олдида ҳар бир нарса,
Эҳтимол, ки бўйнин эгар.
Агар зулм авжга келса,
Кўк боши-да ерга тегар.
Ҳайвонларға, инсонларға
Золим эга бўлмай қолмас.
Фақат эркин виждонларға
Эга бўлмак мумкин эрмас!..
Самарқанд, 1922


Шарафлик Хизмат

«
...
(Ўзбек саҳнасининг қийматли санъаткори Саъдия Туташқа)
»
Эй, йўқсуллар саҳнасида энг қийматли санъаткор,
Эй, занг босқан кўнгилларни оқартқучи малика!
Бу кун сени кўнглум бутун борлиғила олқишлар;
Фақат, қанча олқиш, ҳурмат қилинса-да оз сенга!
Ўзбек қизи ўз оғзида айтолмаган сўзини,
Сенинг ўткир тилинг билан эшиттирди элига,
Ўзбек қизи сил оқартқан, сўлғун, ғамли юзини
Сен орқали кўрсатди-да, қутултириш йўлиға.
Бу кун юртнинг ҳар ерида ўзни тиккан йигитлар
У қоп – қора пардаларға: “Йиртил, энди бас!” дейилар.
Эй пардалар, чимматларнинг остидаги қайғуни
Тирик, жонли шакли билан эл кўзига кўрсаткан;
Эй, деворлар орқасида йиғлагувчи чолғини
Қулоқларга эшиттириб, шафқат ҳисси қўзғаткан,
Эй, санъатнинг энг ҳаваслик, энг берилган малаги,
Бу кун сенда саҳнамизнинг барча умид, тилаги!
Ўзбек қизи яна кўп йил кишанлардан қутулмас,
Кўз ёшлари яна кўп йил ўз юзига тўкилур.
Унинг юзи яна кўп йил шодлик кўрмас, очилмас,
Яна кўп йил товушлари қоронғида йўқ бўлур.
Шунинг учун мендан сенга энг самимий олқишлар,
Эй йўқсуллар саҳнасида энг қийматли санъаткор…
Тошкент, 1922


Юпанмоқ Истаги

Билмадим кўнглимни юпатгай кимлар:
Тоғларми, тошларми ё оқар сувлар.
Ёки кишанлардан бўшалган қуллар,
Ёки севилмасдан ташланган туллар?
Ёки ойдин тунда кўзимни олмай
Кўклардан юпатқич юлдуз ахтарай?!
Ёки тонг чоғида сабо юпатғай,
Ёки ойдан томган вафосиз нурлар?
Ёку кўз ёшидан йиғилган бир кўл
Бўйида эгилган толда бир булбул
Сайраса, йиғласа, маъшуқаси гул
Кулганда юпатгай кўлдаги хурлар?
Чарчаган йўловчи йўлдан адашса,
Текис йўл қолса-да, тоғларни ошса,
Йўлни кўрсатувчи юлдуз-да қочса,
Шунда юпатгайми яланғоч чўлллар?
Эркин далаларнинг эркин султони,
Сонсиз подаларнинг ёлғиз чўпони
Най чалиб тоғлардан истаса ёрни,
Балки юпатгуси “ёр” деган куйлар?
Турмушда, хаёлда… ҳар бир нарсада
Ёлғиз алданишни кўрган бир банда
Борлиққа қарғишлар ёғдирган танда
Балки юпатгуси у аччиқ сўзлар?
Денгизлар қайнаса, тошса сувлари,
Кесилса йўлчининг истак йўллари,
Денгизга айланса ўнг ва сўллари,
Балки юпатғуси ҳўлланган кўзлар?
Кўнгилда уйғонса енгил ҳаваслар,
Узилса, бузилса олтин қафаслар,
Бирга ичишсалар бир тўда мастлар,
Балки юпатгайлар ўйноқи қизлар?
Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғиллар….
Жумабозор станцияси (Ўрта Осиё темир йўли), 1922


Кетканингда

«
...
(Клеупатрага)
»
Кетдингми мангуга ташлаб,
Қолдимми қайғуларим-ла?
Ҳижроннинг куйини бошлаб
Йиғловчи чолғувларим-ла?
Севгимдан сўнгги малаклар
Тўп-тўғри кўкками учди?
Кўнглимдан тоза тилаклар
Ёвнингми бағриға тушди?
Ортиқ сен мендан узоқда
Кўзларни ўйнатасенми?
Ортиқ сен бошқа булоқда
Дилларни қайнатасенми?
Ортиқ сен ундаги боғда,
Ортиқ мен якками қолдим?
Фарёд йўқ… барча жаҳон жим,
Ер ютса яхши шу чоғда!…
Кетдингми сен мени ташлаб?
Қолдимми қайғумни бошлаб?
Тошкент, 1922


Қўзғалиш

Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган,
Эй! Бўйнимға кишан солиб, ҳалокатка судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди!
Кишанларинг занг босгандир, сергак бўл, ким узилур,
Томиримда қўзғалишнинг ваҳший қони кўпурди.
Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди,
Ё битармен, ёки сенинг салтанатинг бузилур!
Эй! Сен мени қул ўрнида ишлатгувчи афанди,
Титра, қўрқ, ким боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди!
Тошкент, 1922


Сатанг

Қоп-қора сочидан иккита гажак
Буралиб-буралиб юзига тушмиш.
Қолғанлари яна бўлакма-бўлак
Белидан йилондек ерга чўзилмиш.
Унинг юзларида бошқа қизлардек
Кетсиз қайғуларнинг излару йўқдир.
Балки эркда ўсган эрка қизлардек
Тўлғин юзларида доим шўхликдир.
Кўзлари кулишдан бошқани билмас,
Ҳар доим оғзидан шакар тўкилур.
Севгидан бошқага бўйин эгилмас,
Олдида сўфининг аҳди бузилур…
Ихчам бармоқлари қилда югурса,
Жонсиз қиллардаги қуш каби сайрар.
Енгил оёқлари йўрғалаб кетса,
Сил бўлган кўнгил ҳам очилар, яйрар!
Қизил юзларида икки гажакча…
Айниқса, кўп кўркам бўлған шу кеча!..
Тошкент, 1922


Кўнгил

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?
Хақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?
Тириксен, ўлмагансен,
Сен-да одам, сен-да инсонсен.
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!
Тошкент, 1922
* * *
«
...
(Александр Блокдан)
»
Кўнгил жимдир, совуқ кўкда,
Қараб унға ёниб турған
Ҳануз-холо у юлдузлар.
Бутун атроф ва ҳар ёқда,
“Хан-олтин” деб фиғон қилған
Талашчи, ғалвачи эллер.
У жим, лекин фиғонларға
Қулоқ берган ва кўз тиккан
Узоқларға, йироқларға…
Тошкент, 1922


Одам Ва Қуш

«
...
(Русчадан)
»
Гўзал қушлар! Менинг мунда борлигим,
Ҳеч сабабсиз қўрқитадир сизларни!
Сира қўрқманг! Сайрай беринг эркинлаб,
Кўнглингизда яшрин ётган сирларни!
Ҳам далада, ҳам боқчада — тинч бўлинг!
Тутмоқ учун сизга тузоқ қўймайман.
Эркинликда эркли бўлиб яшашнинг
Қимматини мен ўзим ҳам биламан!..
Тошкент, 1922


Кишан

Кишан, гавдамдаги излар букун ҳам биткани йўқдир!
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кеткани йўқдир!
На мудҳиш, на совуқ манхус, қизғанмас қучоғинг бор!
Башар тарихининг ҳар саҳфасида қонли доғинг бор!
Юмилмас кўзларингнинг ҳар бири бир элни қаҳр айлар,
Фақат бир борлиғингдир, ким бутун борлиқни заҳр айлар!
Қулф бирлан сенинг эркингда кўп йиллар қолиб кетдим…
Фақат ҳар тебранишдан қутулишликни умид этдим.
Кишан, гавдамдаги доғинг ҳануз ҳам биткани йўқдир,
Фақат буткул қутулмоққа умидим энди ортиқдир!..
Тошкент, 1922


Қиш Олдида

Кўклам кетидан ёзни узатдик, у-да кетди,
Кузнинг-да булутли, қора даври келиб ўтди.
Барглар яна сарғайди, яна тўкилди, яна бўшлиқ…
Қушлар яна тўп-тўп қочалар… Қарға фақат шод!
Ҳар нарсада бир қайғи, кадар, ранги сўлишлиқ….
Ичдангина, тинсизгина ҳар нарсада бир “дод”…
Дунё… яратилганда хунук, чиркин эмиш-да,
Кўклам била ёз унга кийимлар кийгизармиш.
Куз… ҳеч кўра олмас, ичи тор, қизғин эмиш-да,
Ҳар нарсани сўлдиргувчи қўлни тегизармиш.
Куз даврида дунё кийими қолмас эмиш-да,
Қиш чоғида унга қарамоқлик-да ёмонмиш…
Бир қарға фақат кўзларини олмас эмиш-да,
Қарға шу учун қишда куярмиш-да, ёнармиш…
Холбуки, на куздан ва на қишдан юз ўгирмай,
Ҳар қайсисидан кўнглим учун топдим ўйинлар.
Ёзлар каби қишларда-да ғам рангини кўрмай,
Ўтмакда қуёш қўйнида кунлар каби тунлар!
Дунё кийими йиртиқ эса қайғи керакмас,
Куннинг бирида ерга тушар пахта каби қор.
Дунё танига қор кийими нега келишмас?
Оқлик ичида қоп-қора кўз… ўт каби чақнар!
Кўклам каби қишнинг-да гўзал гуллари бордир.
Ёзлар каби қишларда-да олтин кечалар бор.
Кўклам каби қишнинг-да гўзал тунлари бордир.
Қишларда-да ёзлар каби жон – муғбачалар бор!
Кўклам-да кетиб, ёз-да битиб, куз-да тугалди,
Эй, қиш бобо, чиқ ўртага, навбат сенга келди!
Тошкент, 1922


Аламзадалар...

«
«Ўликка йиғлаш манъ қилинсун»
(Маҳкама Қарори)
»
Вой, бу қандай замонки, қандай иш?
Йиғламоқ энди йўқ бўлар эрмиш...
Бобом ўлганда биз етим бошлиқ,
Тўнимиз устидан чизгиб белни,
Ушладик тол таёқни, кўз ёшлиқ,
Йиғладик... йиғлатиб бутун элни...
Бизни кўрганда ҳар киши дедиким:
«Баракалла, куйиб, ёниб йиғлар!»
Бизда лекин ғараз бўлак эдиким,
Муни ақли тўла киши онглар!
Бобомиз ўлди, кетди... раҳматлик,
Ўзи ҳам кўб ёмон қариб эди-да...
Ўлиши бўлди бизга заҳматлик,
Бу маҳалла-кўйи ёмон эди-да!
Бўйинимиздан ботиб кетиб қарзга
Ҳовли-жойларни балки сотғаймиз,
Сўнгра бор-йўғимизни сарф қилиб арзга,
Қозининг йўлларида ётғаймиз...
Вой бундай қарор, бу қандай иш?
Шу балоларми йўқ бўлар эмиш?..
1922


Эркинлик Истаги

Эркин кўнглим чидай олмас бу сиқиқ,
Бу боғланған, бу “эгалик” турмушда.
Агар шундай кета берса, бу аниқ,
Тилак учун қила олмас бир иш-да!
Шунча чоқлар чидаб келган кўнглимга
Бу кунгина ўз чизиғи тор келди.
Гўё унинг қўл тегмаган бўйнига
Ип боғланиб, жуда қаттиқ тортилди.
Ул интилиб, ул уриниб ётадур,
Тор қафасдан қутқарғали ўзини.
Теваракка аччиқ қарғиш отадир,
Билмадим, ким қон босганми кўзини?
Бундан бурун ул кўп оғир тинларни
Чидам билан, тинчлик билан ўткарди.
Қаршисида авраб турган жинларни**
Кўра туриб қурамади, кеткарди,
Шунинг учун тубанларнинг тубани
Ёвуз, бузуқ кишилар ҳам эркинча
Таларларди, эмарларди-да уни
Сўкарларди орқасидан ҳар кеча.
Ул қандай тор, қандай сиқиқ ерларда
Қандай бузуқ чизиқларда бўлмади?
Ул қандай хор***, қандай тубан ерларда
Қилини ҳам қимирлатмай турмади?
Энди ул-да тор чизиқдан безгандир,
Қайтиб унга киришликни истамас,
У маъносиз “эгаликлар” эзгандир,
Улар билан бир тин бўлсин туролмас.
Ул эркинлик, ўзбошлилик истайдир,
Кетга қараб – ўлим бўлсун – кетмайдир.
1922


Қизларнинг Дафтарига

Кўнгил, тинмас кўнгил, энди етар, кўз тикма гулларга,
Гўзалдир, ёшдир ул гуллар… фақат алданма унларга,
Ки қизғанмас, кўнгул қўймас сенингдек оқ кўнгулларга!
1922


Бинафша

Ёз қайғуси
Бинафша сенмисен, бинафша сенми,
Кўчада оқчага сотилган.
Бинафша менменми, бинафша менми,
Севгингга, қайғунгга тутилган?
Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?
Бинафша,
Айт менга,
Кимлардир улар, ким
Игналар бағрингга санчалар?
Бинафша,
Бир сўйла,
У қандай қўллар, ким
Узалар, ҳидлайлар, янчарлар?
Бинафша, шунчалар чиройли юзинг бор,
Нимага узоқроқ кулмайсен?
Бинафша, шунчалар тортгувчи тусинг бор,
Кўнглимга эркинлик тўкмайсен?
Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери,
Қайғингни қайғумға қўшғил,
Бинафша, сенингчун кўкрагим: эрк ери,
Бу ердан кўкларга учғил!
Бинафша, гўзалим, қайғилим келмайсен,
Қайғинг зўр, қайғимни билмайсен,
Менга бир кулмайсен!..
1922


Кўклам Қайғуси

Эй қоронғи, узун қишнинг хаёли
Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама!
Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли
Кўкат, майса юзларида қайнама!
Бироз… бироз кўнгил берай кўкламда
Шафтолининг гўзал, қизил юзига.
Бироз… бироз алданайин кўнглимда
Бош чиқарған йигитликнинг сўзига.
Қаршимдағи кулиб турған юмшоқ қиз,
Кўмкўк майса ўртасида бир гулдир.
Кўп йиғладим… ёшларимни қатор чиз
Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир!
Кўклам чоғи … сайроқ булбул сайрамас,
Не учун, ким тамбуримнинг тили йўқ.
У гўзал қиз чин қараш-ла қарамас,
Не учун, ким умидимнинг йўли йўқ.
Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи,
Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси,
Кўзларимда ҳар қайғидан бир йиғИ,
Юзларимда алданишнинг белгиси…
Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаған?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданған?
Ёлғиз менми кўкрагини тиғлаған?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаған?
Эй кўкламнинг кўз тортғучи келини,
Нима учун йиғлатасен бир мени?..
1922


Тун

Эркин шеър

I

Тун ёмон, тун қоронғи,
Тун қўрқинч, тун азоб!
Тунда эски ва янги
Ҳар нарса хаёл ва сароб!
Туннинг узунлиги,
Чуқурлиги кўп ёмон.
Туннинг бузуқлиги,
Ёлғизлиги беомон!
Тунда ҳар нарсанинг товуши
Йироқдан гувиллаб келар,
Тунда кўп чоғлар юзимга
Жинларнинг қўллари урилар.
Оҳ, туннинг қалин пардаси
Қандай гуноҳларни яширмас,
Оҳ, туннинг товушсиз наъраси
Ҳеч жонни қўрқитмай қолмас.
Туннинг яширин қучоқларида
Ўлимлар, қонлар тўлғандир!
Унинг алдамчи боғларида
Қанча ёш гуллар сўлгандир!

II

Тинчланиб ўлтуриб юлдуздан
Эртаклар эшитмак бўлсам,
Ё ўзим истаб топқан қиздан
Бир қараш, бир кўриш сўрасам,

III

Ҳар ердан қанча товушлар
Девлардек наъра солурлар.
Теграмда найза-қиличлар
Жонимга ҳамла қилурлар.
Салқин сув кони булоқлар
Кундузлар чанқағанимда
Шир-ширлаб кўнглимни йўқлар.
Мен дарров олмағанимда,
Баттарроқ қайнаб оқарди.
Бир хўплаб шунда мен ичсам,
Кайфимга қанча ёқарди?
Истардим, қўйнига қочсам!
Оҳ, тунда оғу бўлар ҳар
Манбадан томчи сув ичсам,
Оҳ, тунда нозли булоқлар
Кўнглимга тарқаталар ғам.
Бу тунда севгили ёрим,
Қолдингми мендан узоқда?
Билмайсен, оғриқли бағрим
Қон йиғлар тунда, бу ёқда.
Бу тун ким сирли, қоронғи,
Йўлларда шарпа-да йўқдир.
Кўнглимда тўп-тўла қайғи,
Оҳ, йўллар қанча узоқдир.
Кел, энди ташлама, қўйма
Бу туннинг қўйнида ёлғиз.
Ҳижронни бошима ёйма,
Эй, тундек сочи қора қиз!.
1922


Кет!

Кет, кўзимни алдағувчи хоин нур,
Кет, оловли чизиғимдан нари юр.
Кет, заҳарли қизғалдоқни ирғитма.
Кўнглимдаги сўнг умидни йўқ этма.
Кет, илоҳий виждонимни булғама.
Бутлар билан тегарамни чулғама.
Кет эй, тўққиз пари кўзли* қора қуш,
Йиқиқ бўлған кўкрагимдан четда уч!
Кет, севгимнинг улуғ ёви, кўринма,
Лаънат сочиб, ёнларимда юринма.
Эски дўстлар йўл адашиб ўлдилар.
Янги дўстлар бунинг учун кулдилар.
Янги йўлга оёқ босмай тўхтасам,
Бу йўлларда қутулишлик йўқ десам,
Сен ул чоқда қайси йўлға солардинг,
Фалокатдан қандай тортиб олардинг?
Сенинг қўпол…, қийнагувчи қилиғинг,
Кет, мангулик йўққа кўчсин борлиғинг.
Кет, малаклар достонини ўқима,
Кет, аслсиз эртакларни тўқима.
Кет, севгили кўкрагимга тинчлик бер,
Кет, сенинг-чун қучоқ очган қора ер..
Кет, жонимни қийнагувчи жоду-ҳур,
Кет, кўнглимни алдагувчи ёлғон нур!
1922

Алданиш

Беш йиллик ёнишим бир йил учунми?
Эркалаб ўткувчи бир ел учунми?
Кўзимга кўринган саробми эди?
Мен шунга алданиб тоғларми ошдим?
Севгимнинг боқчаси харобми эди?
Шу боқча ичида йўлми адашдим?
Кўзимни ўраған киприкми эди
Ёки кўк тусида пардами эди?
Кўнгил шу чоққача тирикми эди?
Жоним кўклардами, тандами эди?
Қўлимни тегиздим…. Одам эди-ку!
Кўзимда ўйнаған бир нур эди-ку!
Сезгим-да соғ, тетик, бардам эди-ку!
Бўйнимга қўл солған бир ҳур эди-ку!
Нега мен севмадим? Ўт эмасмиди?
Шул ўт ичидаги мен эмасмидим?
Каъбамга осилган бут эмасмиди?
Бутни “Тангри” деган мен эмасмидим?
Мен уни хаёлий, тотли бир севиш,
Илоҳий бир муҳаббат, ишқ билан севдим.
Беш йил! Шунинг учун беш йил англайиш…
Ёниш, куйинишларим… оҳ, энди билдим.
Оҳ, энди билдим, ким барчаси хаёл,
Барчаси бир тотли, роҳат туш экан.
Кет, йўқол кўзимдан, ҳақиқат, йўқол,
Бағримга ботмоқда оғули тикан.
Чиндан-да мен у кун ёлғизми қолдим,
Чиндан-да у ўтли севги битдими?
Чиндан-да турмушдан оғизми олдим?
Чиндан-да умидим буткул кетдими?
Чиндан-да кўнглимда севги ўтлари
Чўғсиз ўчиб қолган шамдек ўчдими?
Чиндан-да каъбамнинг санам, бутлари
Кул-парча бўлдими, буткул кўчдими?
Чиндан-да мен букун севмасми бўлдим?
Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди?
Чиндан-да мен букун тиканми юлдим?
Кўнглим бу алданишга, оҳ, қандай кўнди?
Севгимнинг яшаши бир йилми эди?
“Ғув” этиб ўтгувчи бир елми эди?
1922


Ишқ

(Усмонлича)
Илк эввел гўзими ишқ ила очдим,
Ишқинг мейданина қаними сачдим.
Ишқсиз ўлкалерден у энди қочдим,
Не замон боғладим зунноре ишқи.
Ишқ дея айрилдим диндан, имандан,
Англамам ҳеч бир жой инсоф, виждондан.
Ишка сажда этдим, бўлдим у ондан,
Не замон қатл этдим куффор-и ишқи.
Жаннат беним учун қуруқ саҳродир,
Ишқнинг саҳроси, ким банга маъводир.
Аксини сен банга не қадар қондир.
Қонмам, чунки билдим гулзор-и ишқи.
Ишқинг мейдонинда бир пехливаним,
Бир махшар қўпарур ҳар дамда қоним,
На буюк беним, бақ, ишққа имоним,
Ера диз чўтирдим жаббар-и ишқ.
Бен ишқинг мулкига ягона ҳоқон,
Банга бўйин эгар бил жумла-и султон.
Инанир ўрдума шуйла бир боққан,
Кўр нижа саф биста ашкор ишқи.
Сўйларкан дилларим на ёмон,
Ёзаркан қаламим на ҳазин ағлар,
Соддадил бунлардан на маъни англар,
Билмас куч ўлдуғи исҳор-и ишқи.
1922


Битди!

Бер қўлингни, шу титраган қўлим билан сўнг дафъа
Бир қисайин, сўнгра ортиқ у қўлларга тегмак йўқ.
Кўзларингни сўнгги марта тушур хира кўзимга,
Кўкрагимга кирпикларинг сўнг мартаба отсин ўқ.
Кўкимизда ҳануз учмай қараб турган юлдузнинг
Кўр юзини, айрилиқнинг кўзи билан сарғайган…
Сен кетасен, юлдуз учар, ёлғизликда ташланган
Ўсугингга ҳаёт бермас ёғдулари кундузнинг.
Бер қўлингни сўнг мартаба, ёлғиз қолган ўксукка,
От ўқингни сўнг мартаба, алам кутган кўксимга!..
1922


Оппоқ Ой

Қучоғингда қалтираймен, титраймен
Ортиқ сендан безди кўнглим оппоқ ой.
Йўлни очсанг, энди бундан кетамен,
Кўклам яқин келган дейлар – бир қарай!
Кўкдан тушкан енгил, оппоқ парлардан
Қудрат қўли сенга кўйлак тўқийдир.
Учиб келиб узоқ-яқин ерлардан
Бир тўп қарға мадҳиянгни ўқийдир.
“Кўклам яқин!” деган сўзни эшитиб,
Кўзларингга замҳарирдек ёш келди.
У ёшларинг жам бўлишиб, уюшиб,
Осилдилар… бўйнинг ерга эгилди.
Ҳовуз юзи икки қарич муз бўлган,
Ёш болалар тийғанишиб ўйнайлар.
Ушуб, тўнғиб масжиддаги чол ўлган,
Етим қолган болалари йиғлайлар.
Жар қишлоқнинг йўлида ҳам шахарга
Қаймоқ ва сут келтирувчи бир бола
Тўнғиб ўлган, ҳар кун эрта саҳарда
Шундай қилиб бир неча жон йўқола.
Қучоғингда жуда совуқ, оппоқ ой,
Кўклам келсин, бир севинай, бир ўйнай.
1922


Юрт Йўли

Узоқ… оғир йўлға чиққан йўлчимен,
Бу йўлларда қилағузим юлдуздир.
Мен юртимнинг пок истакли кучимен,
У юлдузнинг тугалиши кундуздир.
Томирларим, олов каби қайнаған
Қонларини кечмишлардан олмишдир.
Билагимда ирғиб, чопиб ўйнаған
Унутма, ким оёқларинг толмишдир.
Узоқ йўлнинг йўлчисимен, борамен,
Истагимни бу йўллардан оламен.
Бухоро, 1922


Каптар

(Семирамис)
Семирамис – Калданий ва Осурилар хурофотида “маъбуда” саналиб юрган бир қиз. Бош томони қиз, танаси балиқ бўлған эмиш. Онаси уни туққанидан кейин, бир қамишзорға ташлаған. Унда, уни каптарлар ўстириб, парвариш қилғанлар.
Шу учун исми “Каптар” маъносида “Семирамис” қўйилған.
Қалъалар фатҳ эткан, кўп урушлар кўрган. Ҳиндистонға қадар борған бир фотиҳ эмиш.
Мисрда бир парихонға фол очтирған. Ўша фол тўғри келиб, охирда сувға тушиб, йўқ бўлиб кеткан эмиш. Ўрниға ўғли подшок бўлған. Ўзи кечалари денгизга чўкар, кундузлари ҳукм сурар экан.
Бир ривоятда “Семирамис” Турк қизи бўлиб, Эрон подшоҳларидан машҳур “Кайхусров”ни ўлдирган эмиш.
Эй, денгизнинг сувларидан қудрат олған ботир қиз,
Кел, мундаги тутқун қизға ёлборайлик иккимиз!
Сен сувларнинг кўпигидан оқ чечаклар терганда,
Сен қиличдан илҳом олиб, кун чиқишда юрганда,
Сенинг билан бирга чопқан, бирга учкан оналар,
Нима учун бу тутқунлиқ оловида ёналар?
Сен кундузлар қизғин қуёш ёғдусида ёнаркан,
Тонг отканда танларингдан денгиз суви томаркан,
Кенг далада қушлар каби қанот қоққан оналар,
Нега, ёлғуз оғуларға-захарларга қоналар?
Сен эркаклар кийимида зўр қалъалар очқанда,
Отларингнинг чангларини бўйиға сочқанда,
Йўлларингда қон денгизи кўпурганда, тошканда
Сенинг каби истагига эга бўлған оналар,
Нега букун турмушдағи ҳар тилакдан тоналар?
Сен Мисрда гўзал Нилнинг уйқусини бузмасдан,
Нимагадир ҳовлиқмасдан, қутулмасдан, қиз(и)масдан,
Йўлингдаги жонсиз ётқан чўпларни-да эзмасдан
Қари коҳин маъбудага юрганингда сезмасдан
Кечаларнинг сирларини… Тўлиб ёткан оналар,
Нима учун тонга қадар қон – ёш тўкиб қолалар?
“Мен дунёда хотин бўлиб яратилған эдим-да,
Энг қахрамон эркаклардек муъжизалар кўрсатдим!”
Деб ёздирғон сўзларингни (бўзқирлар)да кўрдим-да,
Тутқун бўлған оналарни қутқармоққа аҳд этдим.
Бу аҳдимга етмак учун сендан кутамен.
Кел, бу йўлда кўмаклашсанг, ҳар тўсиқни ўтамен!
Эй, денгизнинг тубларига қочиб кирган Каптар қиз,
Кел, мундаги оналарни уйғотайлик иккимиз!
Тошкент, 1922


Ирфон Келадир

(Ўзбек билим юртини биринчи мартаба битириб чиққан 5 йигитга)
Шу йигитлар ки қўлга нурли нурли асо
Ушлашиб, йўлчилиқни кўзлайлар.
У улуғ йўл, ки бир улуғ саҳро.
Чин саодатни шундан излайлар.
У қуруқ, кимсасиз, ваҳим йўлдан
Чарчамай, сувсамай ўтиб кетмак!
Тугамай ўтли интилиш дилдан,
Бор тўсиқларни йўқ этиб кетмак!
Шу ёмон, зим-зиё узун кечлар
Бизни ютмак, битирмак истайлар.
Эскилар қутқаришка келмайлар,
Балки қонларни томчилаб ичалар…
Тоза қонларға иштаҳа сақлаб,
Кутадир йўлда: Оч ҳарис душман..
У улуғ йўлни нур билан тозалаб,
Етасен истагинга, эй, ирфон!
Чунки сен янги, тоза бир кучсен,
Билагинг бир темир, пўлат кабидир.
Чунки сен ёғду-нурға кўп ўчсен,
Тилагинг бир олов, бир ўт кабидир.
Сен учун йўқ: Ўлим, мозор, йўқолиш,
Сен учун бор: Ҳаёт – яшаш, уруниш;
Эзгу-истакка тўғрилаб йўл олиш
Ва у йўлларда чарчамай югуриш!
Шу тилакларга зўр, улуғ ҳурмат!
Шу юракларга сўнгги йўқ ҳиммат!..
Тошкент, 1923


Ўзбек Қизи

Кирғон эдим бир кун боғчаға,
Япроқ янглиғ титраб-қалтираб.
Қарар эди кўзим тўрт ёғимға
Қўрқа-писа, ўтдай ялтираб.
Алла қайдан, дейман, ёнглишғина
Йиртқич эрим келиб чиқмасун.
Ёхуд сезиб қолиб қайинона,
Устларимга тоғлар йиқмасун.
Йўқ... ул куни тангрим сақлади-да,
Улар мени сезмай қолдилар.
Менга қараб чечак-гуллар унда
Севиниб кўзни солдилар.
Мана бу гул бу кун тонгдагина
Чиқғон чойшаб-парда остидан.
Парда йиртиб, мен ҳам чиқғонимда
Тўсиб чиқар эрим қаршимдан.
Менинг бахтим қуллар бахти янглиғ
Ёруғ ўлкаларда яшайдир.
Бахти йироқ, кўнгли тўла қонлиғ—
Эркин Шарқнинг тутқун қизидир.
1923


Кечкириш

Баланд-пастлик, катта-кичик бинолар;
Қизил, кўм – кўк, яшил томлар устида.
Ола-була, қуюқ-суюқ булутлар…
Кўкни қоплаб, бир томонда тўпланған!
Кун ботадур… тарқоқ, ёйиқ лолалар,
Унда-бунда булутларнинг юзида
Сил юзидек ранги кетиб сўлиблар…
Қоронғилик Шарқ томондан қўзғалған!
Шом азони… муаззиннинг ёсунсиз,
Кучсиз товши титрабгина чўзилған…
Ёмғир пича ёғиб ўткан, бузилған –
Қинғир кўча четидаги узун из…
Қисмат излаб хар томонға тарқалған
Катта-кичик, ёшу қари бўшашиб,
Ҳориб, чарчаб секингина қайтадир,
Маҳалланинг бир ерига тўпланған
Бир тўп бола… турлик ўйин ўйнашиб,
Кетганларни кутадир…
Белгисизлик қанотини кенг ёйиб,
Коиниотни қучоғиға тортадир.
Чироғлар ҳам жин кўзидек йилтиллаб,
Хира қараб мунғайиб
Кўринадилар.
Килкиллаб –
Ёмғир суви ер бағрида ётадир.
Тошкент, 1923


Меним Йўлларимда

Меним йўлларимда чўзилган тоғлар,
Қорга қўйин очган қатор довонлар...
Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар
Кўнглимда йўл юриш Истаги қайнар!
Қорга қўйин очган қатор довонлар,
Сизга қараб туриб кучни чоғладим.
Кўнглимда йўл юриш истаги қайнар,
«Юриб ўтаман!» деб белни боғладим!
Сизга қараб туриб кучни чоғладим,
Меним йўлларимда чўзилган тоғлар!
«Юриб ўтаман!» деб белни боғладим,
Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар...
1923


Бас Энди!

Етар, бас, чекдан ошгандир
Бу қарғиш, бу ҳақоратлар!
Тўлиқдир, балки тошгандир
Тубанлик ҳам сафолатлар!
Қўлимда сўнгги тош қолди,
Кўнгилда сўнгги интилмак,
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Кучимда сўнгги талпинмоқ!
Бу қарғиш, бу ҳақоратлар
Кучимни тортмоқ истайдир.
Тубанлнк ҳам сафолатлар
Ўзимни ютмоқ истайдир!
Кўнгилда сўнгги интилмак,
Шу ҳолда кетмак истарман.
Кучимда сўнгги талпинмоқ,
Амалга етмак истарман!
Қўлимда сўнгги тош қолди,
Ёвимга отмоқ истарман!
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Амалга етмак истарман!..
Тошкент, 1923


Чечак

(Бир кечанинг эсдалиги)
Янгигина япроқ ёриб чиққан чечак,
Беш-олти кун ҳар ким учун тансиқ бўлар.
“Битди иси” деб ташласа бирор тентак,
Ҳар ким тепса, ҳар ким эзса, у ҳақлидир!
Беш-олти кун кўкракларда улуғланиб,
“Мен гўзалмен, чиройликмен!” деган гулни,
Ерга тушкач, олиб кўринг… Сўлғинланиб,
Ўлим тусли ранги билан истар чўлни!
Ва айтар ки: “Агар чўлда, биёбонда,
Бир ёввойи, ҳидсиз чечак бўлса эдим,
Узиб олиб, ерга урмас ҳар инсон-да,
Кенг саҳрода ўзим яшнаб, сарғаярдим!
Ҳар хоин қўл мени ерга урмас эди,
Ҳар бир оёқ кўкрагимда юрмас эди!..”
Тошкент, 1923


Яна Зарафшон

Фил миниб, ўт ёқиб ўтиб кетдим
Яна устингдан, эй чўзиқ дарё!
Яна қирғоқларингга ҳис септим.
Мунга сен берма бошқа хил маъно.
Ҳисни қирғоқларингға сепмаклик
Менда бир эски, тентак одатдир,
Ёш тўкиб тупроғини ўпмаклик
Кенг ҳаётимда бир саодатдир.
Тўрт ёғинг кўм-кўк ўт ва майса экан,
Қучоғим шул қадар очилди, ки мен
Танларимга ботиб кетиб-да тикан,
Сезмадим, “гул“ дедим… Йўқолдинг сен
Кўзларим олдидан… Қараб қолдим
Яна йўлларға оч назар солдим.
Бой табиат бутун гўзаллигини,
Биламен, кўкрагингдан олғандир.
Бой дала, мақтанувчи “менлиги”ни
Яшнатиб, кўксинға қадалғандир.
Шу гўзал чеҳраларга сув эмзиб,
Бурилиб, айланиб, оқиб ётасан;
Шу қадар жонлиларға ем егизиб,
Қора даштлар томон чочиб ётасен.
Шу гўзал чеҳралар кулиб ётсун;
Қора даштлар томон чочиб оқабер!
Товушинг йўқсул элни уйғотсун;
Кучли, лой сувларинг билан бирга.
У ўлим уйқуси оқи бусун!
Яна бир қатла ҳурматим сенга!
Самарқанд (Темирйўл бекати), 1923


Не Ариёр?

(Усмонлича)
Гўнглум бошлуқлардан бир шей ариёр,
Теъмин едерим ки, гунаш оламаз.
Недир арадиғи, кимсе билмиёр,
Гунеш, кендисине бир эш оламаз!…
Тошкент, 1923


Севинчингни Қурала!

Уёлмасдан, тортинмасдан ҳар кишининг ёниға
Ўйнаб келган, кулиб келган, эй гуноҳсиз ёш бола!
Сенга ҳали жуда узоқ кирмак одам сониға,
Шунинг учун сира тинмай севинчингни қурала!
Янгигина япроқ ёзган эрка, тоза бир гулсан,
Шунинг учун ҳар бир назар, ҳар қарашинг тозадур.
Ҳар боқчада, ҳар дарахтда шарақлагон булбулсан,
Ҳар сўзингни бир фаришта қанотига ёзадур.
Бу борлиқнинг қайғусини англамағон ёш гўдак,
Пойларингга ўралашар қайғу эмас, гул-чечак.
1923


Суҳбат

Сўраш:

Нега ер қўйнига тушиб қолдинг
Юксак ўрнингдан, эй гўзал япроқ?
Нега оч бағрини қучиб қолдинг?
Сени тез сўлдириб, кўмар тупроқ.

Қайтариш:

Соғиниб ерни, бағрига тушдим,
Юксак ўрнимдан, эй зийрак тутқун!
Кучли севгим билан учиб-қучдим
Сўлдириб бугун, ундирар бир кун!
Қўқон, 1924


Баҳор Келди

Йўқсилларии ингратгучи қиш кетиб,
Баҳор келди, гулбарралар очилди.
Ваҳимали қиш биноси йиқилиб,
Гўзал баҳор эшиклари очилди.
Бу севгили қўноқ учун қувониб,
Кўнгил очмоқ истаб қирга чиқармиз.
Ўйнаб-кулиб, гулбарралар теришиб,
Югуришиб, адрларга чиқармиз.
Баҳор билан бирга келган булбуллар
Боқчаларда нола қилиб сайрашар.
Қизил гулнинг қаршисига қўнишиб,
«Ғунча тугиб, очилгин», деб сўрашар.
Булбулларнинг мусиқадек овози
Руҳимизга ширин озиқ берадир.
Жилва билан турса баҳор шамоли
Димоқларга шодлик иси келадир.
Қуллуқ сенга, гўзал баҳор, хуш келдинг,
Энди тоғда қнзил гуллар очилсин.
Олма, ўрик, шафтолилар гуллашиб,
Майдонларда кўк майсалар кўкарсин.
1923


Уч-Тўртта Юлдуз

Гўристон, қоронғи зим-зиё бўшлиқда
Адашкан бир йўлчи тасаввур қилингиз!
Қўрқарсиз! Қўрқарсиз!..
Ва лекин уфқда
Уч-тўртта юлдузнинг учмасдан ярқираб,
Нур сочиб турғани кўрулса… дилингиз
Қўрқишдан бир қадар тўхтар-да, парқираб
Кўзингиз олдида бир умид кўринур.
Шу умид: Қутилиш тонгининг нуридир!
Бухоро, 1923


Баландлиқда

Оқшом чоғи мунда кел-да, сайр эт,
Қобуси ғадам билан фанони.
Интилма самога, тўхта, сабр эт,
Бу ерда таниб ол оқу қарони!..
Бухоро, 1923


Яна Ўт

Яна теграмда ўт, олов, учқун,
Яна кўкларда сор ва бургутлар,
Яна қўзғалмоқ олдида тутқун,
Яна сарҳадда “Ур”, “йиқит”, “тут!” лар.
У оғир занжирингни шалдиратиб,
Қари Шарқ, сен-да қўзғалурсенму?
Уюшиқ қўлларингни қалтиратиб,
“Маданият”га шоп солурсенми?
Ёки ўткандаки эринчаклик
Яна йилларча тебратурму сени?
Ёки бир ҳовлиқар-да эркаклик,
Қонли майдонга тезлатурми сени?
Қўзғалиб кетганингни бир кўрсам,
“Қутулурман!” деган ишонч бўлса,
Кишанинг парча-парча тўғралса,
Қутулиш изларингга юз сурсам!
Руҳи йўқ бир “машина” олдинда
Нега ерлар қадар тубанландинг?
Нега жонсиз темирга боғландинг?
Хўрланиш шунчаларми инсонда?
Яна ҳар ёна ўт ва учқунлар,
Яна қўзғалди қонли тўлқинлар!
Тошкент, 1923


Ой Қўйнида

«
Шафтоли келинчак
Унинг қўйнида мен тентак…
“Мен боғингга кирмасдан,
Одоқ бўпти емасдан;
Мунча тўлиб йиғлайсен
Мен қўйнингга кирмасдан… “

(Халқ Қўшиғи).
»
Бир томчи тўкилган ёш учун шунча сўлишми?
Бу боқчада гул кўп эди сўлди амалимдек!
Кўнглингда бирор шарпани сезсам эди, гулдек,
Ўганда-да сен менда кўрардинг севишини!
Шафтолида ой нурини кўргач, яна руҳим
Ойлар каби ёш даврига суқлар каби боқди.
Ёшлик ўзи – севгинг каби тортилмади бир зум.
Бир зум ўзи, бир гул ўзи… Дўзах каби ёқди.
Кўп титрама, кўп ўйнма, кўп қайнама, эй барқ!
Ҳирс кўзлари соф кўксингга оғули тикандек
Бир ботса-да, йиғлатса-да, додлатса-да мендек
Ҳар кўзга бақирсанг, ки “Топилмас тоза истак!”
Мендан сўра, ёлғиз мана мен алданиб ўтдим,
Ҳар саҳфаси, ҳар япроғи “алдаш” бу китобнинг!
Бир ўққа илинмасми, тилинмасмиди жонинг?
Ой қўйнида тонг отгунча сенга шуни айтдим…
Бир томчи тўкилган ёш учун шунча сўлибсан,
Алдамчи фано кўзларга тентакча кулибсан!
Тошкент, 1923


Қиз Қўшиғи

Ўксук кўнгил қуши
Тушди қафасга,
Сира етолмайдир
Эркин нафасга,
Қора кунлар тушди меним бошимға.
Сиқиқ қафасларда
Яйрай олмаймен.
Жаннат боғлар бор-ку,
Сайрай олмаймен.
Ёмон кунлар тушди меним бошимға.
Қип-қизил қон бўлиб
Кунлар ботадир…
Ёмон ҳидга тўлиб
Тонглар отадир.
Оғир кунлар тушди меним бошимға.
Жаннат каби боғлар
Булбулсиз қолған…
Осмон бўйи тоғлар
Қулунсиз қолган…
Қийин кунлар тушди меним бошимға.
Кўз ёшимда ювсам
Юртнинг бағрини,
Тилим билан сўрсам
Оққан қонини…
Қонли кунлар тушди меним бошимға.
Ҳасратим кўп, элга
Айта олмаймен.
Армоним кўп, дилга
Жойлай олмаймен.
Ўтли кунлар тушди меним бошимға.
Қафасларни бузиб
Учсам осмонға!
Кишанларни узиб
Етсам жононға!
Ёрсиз кунлар тушди меним бошимға!
Андижон, 1923


“Ички Ҳислар” Остида

(Танса кечасида қоғоздан гул сотиб юрган бир қизға)
Ҳай туташ, кўп чопдингиз… Бизлар туташдик сиз учун!
Бир кулиш, бир илмайиш ортиқми дерсиз биз учун?
Тўлди кўкракка бутун гуллар, чечаклар, лолалар;
Сиз қадаб қўймасангиз, бир пулга турмайдир улар…
Жингалак сочлар билан кўз ўйнатиб, гул санчдингиз,
Ах, фақат, дилда муҳаббатдан жароҳат очдингиз!
Гул-чечак ҳам лолалар бағримда сўлғай тезгина,
Кўп замон яшнаб юрарсиз кўп кўнгилда сизгина…
Биз фақир… кўп ақча йўқ… Топканни солдик халтага,
Ҳар ўтиш, ҳар кўриш чоғида аччиғ бу нега?
Тубда биз мундай ўйинлардан тақир тот олмадиқ,
Бошқалардай чочишиб, масрур бўлиб ўйнолмадик…
Бу кеча кўрдук фақат сизни.. Юрак бир ўйнади!
Ёзмас эрдим, афу этарсиз… Ички ҳислар қўймади…
Тошкент, 1923


Мен Ҳам Севаман!

Ойдин кечаларда кўкка кўз тикиб,
Ёруғ юлдузлардан севги кутдим мен.
Ҳар юлдуз тиғига руҳ билан тегиб,
Узун тунлар бўйи кутиб ўтдим мен.
Юрғанда, турганда ҳар гўзал нарса,
Меним кўзларимга севги кўринди.
Севгига ёт бўлган ҳақиқий шуъла,
Ўтлар, оловлар-чи,
пирпираб сўнди!
Йигитлик кўкариб яшарған дамда,
Ҳар юмшоқ товушқа тутқун бўлдим мен…
Ҳар гўзал чеҳрага кўнгил берганда,
Борлиқни у учун қурбон қилдим мен…

2

Энди у кунларим ўтиб кетдилар….
Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ.
Вафосиз севгилар учиб битдилар…
Англадим севгида ҳар кўнгил бузуқ!
Кўнглим қуруқ эмас, яна севги бор.
Фақат бу севгида алданиш йўқдир.
Ҳорган кўзларимда хаёл яна бор,
Фақат у хаёллар нурдан тиниқдир.
Энди ҳар нафасда яна куямен,
Фақат мажнун бўлиб элни севамен,
Унға ҳурмат билан бўйин эгамен,
Бошимни у учун дорга қўямен !..
Тошкент, 1923


Ўзимникига

Кўп кўркам чечаклар ўраб олганда,
Беҳуда ҳисларим ҳийла қийнади.
Бутун кўркамликни сен менга сақла,
Сендан бошқа гуллар «ўз эмас» энди.
Тошкент, 1923


Ғафлат

«
“Биз олам китобини янглиш оқиймиз-да
“У бизни алдайдир.” Деймиз”.

Р. Тагор.
»
Тонгларнинг сирлари тўрни кенг ёйганда,
Биз-ғофил уйқунинг қаърида қоламиз.
Тўлған ой кўкларда сузилиб борғанда,
Биз-қўпол, тонгликнинг қаҳрида қоламиз.
Ёлғонлар, алдашлар бошланған дамларда
Уйқумиз очилиб, борлиққа чиқамиз.
Бир замон қиличлар ҳеч турмас қинларда…
Шул замон биз ҳатто кўкларда учамиз!
Дерлар, ки “Ойларнинг нурида вафо йўқ!”
Демаслар улар, ки “Айб бизда, биз бузуқ!”
Андижон, 1923


Сомон Парча

(“Кундалик дафтарим”дан)
«
“…Дахр бир сейлобдир мулхак фано дарёсина
Биз ки сергираниз ул сейлаҳа душмуш хору хас.
Чизгинур хар у хас ул сейлаба олдуқча реван
Етмеден даряя роҳат мумкин олмаз бир нафас…”

(“Фузулий”)
»
Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига…
Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен.
Ҳар амал, ҳар ишни “ҳақ” деб бораман,
Вазминим қолмади бир узуқ қилча…
Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни,
Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди.
Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди,
Оқишнинг йўлига солдим кунимни.
На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт!
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Ай ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.
Мен энди худди бир сомон парчаси…
Лекин зўр денгизнинг чексиз қўйнида,
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда,
Эркин кўпикларнинг алла қанчаси!
Кирмаймен кўчанинг боши беркига,
Чунки таслим бўлдим муҳит эркига…
Андижон, 1923


Хазон

Куз чоғи... тупроқлар гезариб қолдилар,
Гезариб қолдилар куз чоғи тупроқлар.
Сўнг дамда япроқлар қизориб ёндилар,
Қизориб ёндилар сўнг дамда япроқлар.
Қарғалар боғларда қағлашиб қолдилар,
Билмадим, кимларнинг қисмати узулур?
Ёнғоққа ёпишиб, бир чангал солдилар,
Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур?
Эй, совуқ эллардан муз кийиб келғонлар,
У қўпол тушингиз қорларда йўқ бўлсин!
Эй, меним боғимдан мевамни терғонлар,
У қора бошингиз ерларга кўмулсин!
Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур,
Сўнг дамда япроқлар қизориб ёндилар?
Билмадим, кимларнинг қисмати узулур,
Куз чоғи... тупроқлар гезариб қолдилар?

Дамлар...

Дам бўлурки, қалбим тонгнинг шамоли
Қаршисида қалтираган япроқдек
Аста-секин титраб кетар... мен ҳам тек,
Жим қоламан унга қулоқ солгали,
Бутун эсим, сезгим билан толгали...
* * *
Баъзан хаёл этагини тутқизмас,
Ёт ерларда ўз бошича йўқ бўлур.
Шунда эс ҳам қалб тилига тушунмас,
Боши қотар, қўполланур, тўнгланур.
Шунда бирдан ғайбдан товуш: «Эй шоир
Қуруқ қолдинг саодатли дамдан!» дер,
«дамдан!» дер...
Андижон, 1923


Сезги

Боқчаларда сўлди гуллар, сўлди гуллар сезмадим,
Қип-қизариб, ботди кунлар – ботди кунлар сезмадим.
Қайда қолди қонли кунлар – қонли кунлар сезмадим.
Сочларинг боғлаб олиб, боғлаб олибдир сезгини!
Бир йироқ йўл, ким унинг йўқдир кети – йўқдир кети;
Чанг ва тупроқ бўлди, кетди, унда кўпларнинг бети,
Минг жаҳаннамдир – жаҳаннамдир унинг икки чети,
Бир куни ўлгай адашиб қон мухитининг келгини…
Кўзларимни мен тикиб қолдим – тикиб қолдим унга,
Лола гулларни экиб қолдим – экиб қолдим унга,
Тоза умидни тутиб қолдим, тутиб қолдим унга,
Чунки мен кўрдим, кўриб қолдим кераклик белгини!..
Қўқон, 1923


Ташлама

Кўксингдан гулингни олиб ташлама!
Хаёлинг кўкларда учиб юрганда,
Ўйноқ истакларни қучиб юрганда…
Кўзларим кўксингга боғланиб турди;
Қарашим ўзимни у гулга урди.
Севганинг сен гулга боқмас бўлса-да,
Сен жафо расмини асло ушлама!
Кўксингда бир куни қуриб сўлса-да,
Гўзал қиз, у гулни олиб ташлама!..
Қўқон, 1923


Жар Бўйларинда

Яна жар бўйларинда ёнбошлаб,
Кўзни атрофга юргизип қолдим.
Яна “сабарга”ларга гап ташлаб,
Тилда қилларин тиризиб қолдим.
Яна дўстлар билан кулиб, ўйнаб,
Қайғуни кўммак истадим ерга.
Яна бор-йўқни мунгланиб, куйлаб
Яна товшимни қуладим қирға.
Яна жарларда сакрашиб, чочиб,
Яна қизларни қувлашиш кетди.
Яна гулларни ясташиб, янчиб,
Кўкат устинда ўнашиш кетди.
Яна юмшоқ шамол бошимдан учуб,
Яна сочларни тарқатиб кетди.
Яна ўйлар, баландга – кўкка қочиб,
Яна умидга йўл топиб кетди…
Қўрқа-қўрқа, секин кулиб гуллар,
Яна кун тиғини қучоқлайлар.
Йўқ фақат мунда тоза сунбуллар,
“Шу” учун чин амаллар ағлайлар…
Қуйида сув оқар қўшуқ айтиб,
Жимгина тингламоқда бир тўп тол…
“Мен ўроз ахтарай тубанга кетиб,
Сен бу жар бўйларинда яшнаб қол!”
Бу қўшуқлар меним-да кўнглимда,
Эски ўйларни қўзғатиб қўядир.
Гул емас, шох-тикон-ку қўйнимда,
Ҳар баҳор бир ботиб, эзиб қўядир.
Яна жар бўйларинда… Қайғу фақат,
Яна ястанди, сўлди… Майса, кўкат…
Тошкент, 1923


Кўрунган Аланга

(Германия воқеалари тўғрисида)
Хунук, бузуқ, совуқ юзлар аланганинг бағрида-
Қон ўйнған кўзларини катта очиб туралар…
Тўп кишилар алангага ўзларини уралар,
Оналарнинг кўз ёшлари болаларнинг доғида.
Эй маданий, эй файласуф, эй аллома “кунботиш”!
Ер юзига кишан ёйиб, қуллик сепиб, охурда
Бу нима, бу – алангалар тўри билан ўралиш?
Ҳеч мумкинми қаҳр этилсун қахр этгувчи қаҳирда?
Ер юзининг бир бурчида сиз базмлар қурғанда,
Олам-олам бечоралар ботқоқларда сурунди.
Нима учун атрофингиз алангага бурунди,
Қон ноқуси сизнинг учун енгиш машқин урганда?
Ҳар тарафда сизнинг ғолиб қулларингиз юрганда,
Нима учун олов чиқди, алангалар кўрунди?
Андижон, 1923


Рақамлик Севги

(«Найларам» куйига)
Бир ва икки, уч ва тўрт, беш, олти, етти, саккиз, ўн
Саналарни йўлларингда ёстаб ўтсанг сен бутун,
Янги-янги саналар турса қатор эзмак учун,
Шунда ҳам бўлмасми бир шафқат, тараҳҳум, қизғониш?
Холи боғда кучли бода, хуш сабода бир кеча...
Тўлғон ойнинг нурлари ўпса сочингдан тонггача,
Сўнгра оппоқ бир булут бошингда юрса шомгача,
Шунда ҳам кўнглингда сезмайсанми озроқ уйғониш?
Юзларинг бир, кўзларинг ўн, сўзларинг минг алдади,
Борлиғинга алдамоқдан бошқа нарса қолмади.
Кўкрагинга қизғонишнинг еллари қўзғолмади,
Шул сабабдандурки, кўнглимда умрлик ўртаниш...
Ўйна, кул, гулдек эгил, ёвлар учун, ёвлар учун...
Биз ётайлик йўлларингда... ёста, тупроқ қил бутун.
Бир ва икки, уч ва тўрт, беш, олти, етти, саккиз, ўн —
Саналарнинг ҳаққи ёлғиз йўлларингда ёстаниш...
1923


Қушнинг Ҳадиги

1

Қуш бечора қўрдадир, ким уясидан айирғайлар,
Уясидан айирмоқ-ла қанотини қайирғайлар.
Майда симдан силлиқ қилиб, моҳирона тўқилган бир
Қафас топиб, дарчасини очип дерлар: “Масканга кир!”

2

Мискин қуш ҳам янги маскан “чеккаси”га қўниб олар,
Масканига кўз югуртирар, теграсига назар солар.
Ва кўрар, ким маскан ўзи машинада қуйилмишдир,
Уни ҳозир қилмоқ учун, кўп зеҳният сарф бўлмишдир.
Дарчалари маҳкамгина, пухтагина, хотиржамлик,
Сув ичкали, дон егали тешиклар бор кичик-кичик…

3

Симлар билан иши йўқдир, чиқмоқ учун очиб кўрар,
Ўрмонларнинг ҳаёлида ҳар томонга ўзни урар.
Томни тешиб чиқмоқ учун шипларга ҳам кўп илинар,
Ундай қилиб, бир интилар – мундай қилиб, бир интилар.

4

Фақат ,заъиф вужудини қанча урсун деворларға,
Балки унинг юмшоқ тани тўлиб кетсун ол қонларға,
Деворларнинг сезгиси йўқ, туйғуси йўқ, товуш бермас;
Тегра бутун руҳсиз гавда, “Нечун мундоқ бўлдинг?”демас.

5

Унинг бутун тасаллиси – тўлиб-тошиб сайрамоқдир,
Кўм-кўк дала ўрмонларни эслаб-эслаб йиғламакдир,
Йиғламакдир!.
Ўш, 1924


Ўш Кечаси

Қоп-қоронғи кеча... чироқлардан
Сўнгги нур кетди, у йироқлардан
Ўкириб, гувлаган товуш келадир,
Кечанинг кенг сукутини тиладир...
Нима?
Қандоқ товуш бу?
Билмайман,
Қулоғимни сира ололмайман.
Балки бир тўп ажинанинг қўшиғи,
Ёки алвасти товушининг чўзиғи,
Ёки тоғларда дев ботир ўйнар,
Ёки саҳрода бўрилар тўйи бор...
Кечанинг, балки, йиғлаган доди,
Балки куннинг аламли фарёди!..
Ўш, 1924


Кўклам Келадир

Кўклам ойим йўлға чиққан, кўклам ойим қўзғалған;
Кўк кўйлакнинг битишига унча кўп ҳам қолмаған!
Тиниқ хаво… кўк юзида оппоқ, ҳарир пардадек
Оқ булутлар, унда-мунда ёйилғанлар паришон.
Шуълаларнинг акси билан йилтиллаган игнадек,
Кун тиғлари, қарашларға ўткур-ўткур санчилған…
Қип яланғоч дарахтлар хам қучоқ очип, кўз тутиб,
Кўк кўйлакнинг битишини чидамасдан куталар.
Қарғалар ҳам қишда қилған гуноҳларни унутиб,
Узр айтмасдан, индмасдан, учиб-учиб кеталар.
Сезгиларни уйғотгувчи ҳидли гуллар тўпланиб,
“Биз ҳам йўлға чиқдик!” дея юборғанлар бир чопар.
Гул ҳидидан рисқ эмгучи жониворлар уйғониб,
Эрта-индин боқчаларға, чаманларга тарқалар.
Кўклам ойнинг ипак кўйлак этаклари судралиб,
Қора ернинг бошларини силаб-сийпаб келадир.
У силашдан, у сийпашдан қувват олиб, куч олиб,
Қора ер ҳам кўксидаги олтинларни берадир.
Кўклам билан юртимизга ҳам бир кўкариш келсайди;
Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди,
Ҳидларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди!..
Андижон, 1924


Исташ

Кўнглимга яқин нарсани излаб кеча-кундуз
Ҳар ёққа қарайман.
Тонг вақтида нур тўккувчи ёлғизгина юлдуз
Айтарки: «У менман!»
Мен унга ишонмоқчи бўлиб ўйнатаман кўз,
Ул ҳам кула бошлар.
Шул чоқда деворлар ичидан қайғули бир қиз
Йиғлаб кела бошлар.
Ул мунда, ёвуқда, шу учун тез бурилиб мен:
«Ҳой ер қизи!» дейман,
Кўнглимга яқин юлдуз эмас, бошқа эмас, сен,
«Ер юлдузи» дейман.
Бу сўзни эшитгач қочадир кўкдаги юлдуз,
Албатта аразлаб,
Ҳам жим бўладир ердаги бечора, ғариб қиз,
Гўр оғзини излаб.
Кўк юлдузи изсиз эди, ер юлдузи кучсиз,
Ҳар иккиси кетди.
Кўнглимга яқин нарсани излаб кеча-кундуз
Ой-йилларим ўтди...
Андижон, 1924


Яна Кўклам

Яна мен сенга қайтдим, эй кўклам,
Чунки борған сари юзинг очилиб,
Чунки борған сари ҳидинг сочилиб,
Сил кўнгилларга бахш этар малҳам!
Кечанинг сирли қўйниға бекиниб,
Кечага тотли бўсаларни бериб,
Юзидан пардаларни ирғитқан,
Дунёға бир келин каби чиққан.
Турли туслардаги чечакларни
Кўрсам, айниқса, тонг отар чоқда,
Сўнгра кун қон сочиб ботар чоқда,
Сўнгги нур ўйнаған теракларни –
Шунда шаббода-қиз билан бирга,
Қувлашиб ўйнағанда япроқлар,
Шу жувон толдаги қуруқ бир шох,
Қуп-қуруқ гавдасин тутиб елга –
Қайси кўкламни! Билмадим, йўқлар!
Кимга ҳасратини англатар?!
Эвоҳ!…
Тошкент, 1924


Икки Ўт Ўртасида

(Русча бир асардан)
Бир тарафда сенинг кўзинг кулмактадир, эй юлдуз!
Бир тарафда жигаримни тилмактадир, гўзал қиз,
Сенинг ўткур кўзларинг!
Юксакдаги абадият қучоғини очадир,
Қуйидаги ёниб, ўчиш ҳидларини сочадир.
Тўғри экан сўзларинг.
Эй, ҳар замон одамларни юксалишга чақирған!
Ва бу қўпол мияларга сиғолмаған ҳур виждон!
Қўқон, 1924.


Баҳор Ва Мен

Баҳор келди… лекин унинг даврида
Кетиб қолди баҳорларнинг султони.
Умид унди рақибимнинг бағрида,
Ортиб кетди келгусига имони.
Баҳор чоғи… рақибларим кетарлар,
Лекин меним ҳасратларим кетмайлар.
Бу рақиблар мени маълул эталар,
Фиғонларим султонимға етмайлар!..
Қўқон, 1924


Гулсара

Термак истаб бир-икки даста чечак,
Гулсара чиқди қўшни боқчасиға.
Илашиб бир “тикан-шох” орқасиға,
Йиртилиб қолди шунда шоҳи этак…
Гулни бермакчи бўлди севганига;
Севиниб, ҳовлиқиб, шошиб келди.
“Мана, бир арзимас ҳадия” деди,
Севиниб, гердайиб шу қилғаниға.
Севгани кўрди: Йиртилибдир этак!
Деди: “Кимлар билан қувушдинг сен?”
Деди: “Ёлғиз тиканни кўрдим мен…”
Деди: “Менмас, сен ўйлаған тентак!”
Ерга – тупроққа тушди гулдаста,
Синди қиз қалби шунда бирпаста.
Чимкент, 1924


Ваҳм

Кечаси ойдинда, ойнинг ҳам хирароқ вақтида
На учун кўзимга ҳайбатли кўриндинг,
Эй, менинг айвоним олдида тек турган
Биргина туп арча?
Кейинча юзингга ой нури оқди-да,
Бутунлай бошқа хил касвага бурундинг,
Юзингга тикилиб, индамай тек турган
Кўзимга нималар гапирдинг яшринча?
Ёлғизсан, бир тупсан, ондин кеч қўйнида,
Боғимда, эй арча.
Лекин мен борлиқнинг тамомий шаклини
Юзингда кўрдим-ку шу кеча!
Бир тупсан, ёлғизсан, яккасан шу боғда,
Ер ости-устида бор қадар арчалар бирлашди
Сен билан шу чоқда, шу чоқда!..
Қўқон, 1924


Баҳорда

(Талабаларга)
Баҳор келди — табиатнинг қўллари
Дарахтларга ипак кўйлак кийгизди,
Ер ҳам сўлган кўкатларни тиргизди,
Яшилланди далаларнинг йўллари.
Тут тагида қайнаб ётган чойдишча
Чақиради ишлаб ётган деҳқонни.
Бир чеккага ташлаб қўйиб кетмонни,
Ул ҳам шерик деҳқонига дер: «Кулча —
Бўлмаса ҳам зоғорангни олиб кел..
Нари-бери чойни ичиб ташлайлик,
Иннайкейин жўяк ола бошлайлик,
Чойдишга ҳам бир сиқим чой солиб кел».
Бир озгина чой ичишиб, дам олиб,
Яна ўша оғир ишга тушарлар.
Шомга яқин ишларидан бўшарлар,
Ва қайтарлар ҳориб, чарчаб, судралиб.
Узун қишни китоб билан ўтказган.
Ўқиғувчи ёш ўртоқлар, ҳорманглар.
Кўнгиллардан ғам ва ғашни кетказган
Баҳор чоғи яйрашдан ҳам қолманглар.
Қўқон, 1924


Катта Йўл Бўйида Учраган Япроқ Учун

Япроқ, япроқ... бутоқларда
Қалтираган варам япроқ.
Юзларингни сўнг чоқларда
Бутун босиб кстган тупроқ.
От ўтгану чанг чиқарган,
Чанглар келиб сенга қўнган.
Қўнган чанглар қола берган,
Шулар билан рангинг ўнгган.
Яна ҳар кун йўлдан ўтган
Ҳар оёқдан чанг қўзғалар,
Кенг кўчадан кўтарилган
Ҳар бир зарра сенда қолар.
Сенинг кўм-кўк тоза юзинг
Кўзга тақир кўринмайдир.
Шафтолими, олхиротми,
Кўксултонми, кимсан ўзинг?
Тирикликдан нишон борми?
Нега сира билинмайди?
Сени сийпаб, эркалатиб,
Аста-секин кўкартирган
Гўзал кўклам ўтиб кетди.
Ҳозир ёзнинг энг етилган
Қирчиллама вақти етди.
Сен ётасан чангга ботиб...
Эрта-индин қовоғини
Буриштириб куз ҳам келса,
Тўплаб идиш-оёғини
Секин-секин ёз ҳам жилса.
Чанг остида сарғаясан
Бир пирпираб ерга тушиб,
Кечалари тўнғиб, ушиб,
Охир ерга ем бўласан.
Айниб бериб ҳаво агар
Ҳозир ёмғир ёғса эди
Бетингдаги сариқ чанглар
Лойқаланиб оқса эди.
Ёзнинг алвон кўйлагига
Тўйиб-тўйиб қарар эдинг,
Бир гулман-ку мен ҳам унга
Деб мақтаниб ён-берингга
Бир озгина яйрар эдинг...
Севинчи бер: кўк ялангга
Қора булут чодир қурди.
Юзингдаги қалин чангга
Томчи-томчи нам югурди.
Оқ томчилар тасбиҳ янглиғ
Чўзилишиб чизилдилар.
Сени эзган тупроқлар ҳам
Кўкдан тушган тўқмоқ билан
Хўп янчилиб эзилдилар.
Чанг остидан чиқмоқ билан
Силкинишиб, бир жонлилиқ
Кўрсатарлар теграсидан
Аламзада япроқлар ҳам,
Шудир ёзнинг асли ранги.
Тошкент, 1924


Эй, Булут

Саёҳат эсдаликларидан
Далалар-қирларда, адирнинг ёнида,
Ҳар турли ёввойи кўкатлар қўйнида
Ухлаган йўлчини нимага уйғотдинг,
На учун кўзингдан садафдек ёш тўкдинг?
Бевафо бир тентак қўлингдан чиқдими,
Ё гўзал масканинг илонга ин бўлди.
Ё эркин кўнглингни тириклик сиқдими,
Ё севган гўдагинг бўрига ем бўлди?
Ҳарҳолда мен каби бир саёқ, телбасен,
Юзингга ҳеч қайда бир эшик очилмас,
Сен қочган йўл билан одатда қочилмас,
У йўл ҳам бошқадек маҳв этар... билгайсан!..
Адирнинг тепаси бир озроқ жой берди,
Киприкни-киприкка қўйдим-да, ёйилдим.
Шу чоқда кўкларда кўланканг кўринди,
Туш билан кўришар-кўринмас айрилдим...
Кўзимда сен каби уйқу йўқ, ай булут!
Истайман ўлимдак умрли бир сукут!..
Чимкент, 1924


Булоқлар Қучоғида

«
Чимкентга
»
Эй, кўнглимда шон аралаш уят бир оз қолдирган,
булоқларнинг қучоғи!
Кимлар-кимлар, кўкрагингга довул каби солдирган,
эй тузалиш ўчоғи!
Мен бағрингга шифо истаб келган оғриқ бўлсам-да,
бошқа нарса излайман.
У нарсани топмағунча чарчасам-да, толсам-да,
кўкрагингда кезармен...
Мен излаган эски излар, билмадимки, қолгайми,
ёки ўчиб кетганлар?
Саҳфаларда ўрунлашган китобалар ёлғонми
ё силиниб битганлар?
Тарнх учун ёздирилган китобалар ўчмаслар
ўчмагунча коинот!
Тарих билан ўрнатилган ҳайкаллар ҳам кўчмаслар
кўчмагунча мумкинот!
Тарих учун ўрнатилган ҳайкалларни кўрсам мен
шу шифолик сийнангда,
Мени эмас, яна бошқа бир ҳайкални кўргайсан
адир йўлн — зинангда!..
1924


Ёзнинг Тугалиши

Алвидо, эй қучоққа сиғмас ер,
Алвидо, эй кўкатга кўкрак қир.
Сен-да сўлмоққа юз тутиб қолдинг,
Мен-да кетмоққа кўз тутиб қолдим.
Алвидо, «мунда қол!» деган кўкрак!
Кўп оғир сендан айрилиб кетмак!
Чимкент, 1924


Созим

Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилғанмен,
Улфат диёрига маскан қурғанмен.
Юзимни ўт эмас, гулга бурғанмен,
Самовий завқларға тўлиб турғанмен
Булбуллар севгини мақтаған дамда!
Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.
Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалған инларга жонлар киргуси,
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси
Жандалар танимга теккан кунларда!..
Ўш, 1924


Шафтолига

Ўн саккизга кирган қишлоқ қизларининг юзидек
Қип-қизарған юзларингдан бир ўпиш бер, шафтоли!
Сенга қараб турғанимда – бир озгина бўлса ҳам –
Бўлмас каби, йўқ кабидир … умидимнинг заволи!
Умидимнинг заволига қон йиғлаған кўзларим,
Ёшларимни юзларингга томчи-томчи тўкдими?
Ёки севги армонида шаҳид бўлған йигитнинг
Есир руҳи қони билан лабларингдан ўпдими?
Майли, севган ошиқларинг юзларингга тўймасун,
Лекин рақиб лабларингга лабларини қўймасун,
Заҳарини қўймасун!..
Қўқон, 1924


Жаволаш

(Бир ўлимнинг изи)
Дедилар, ким: “Вафот этди Жаволаш.”
Танларимда чўзиқ, оғир бир титраш.
Бошланди-да япроқ каби чўзилдим,
Бир қанча чоғ тушунчада йўқ бўлдим…
Ҳай, қушлардек учиб юрган енгил жон,
Гавданг энди тупроқларға қўйилди,
Изларинг ҳам ер бетидан ювилди.
Фақат, руҳинг кетмас она бағридан!
Бошқа дунё тортқанида ўзига,
Унамоқдан бошқа йўлинг бўлмаған.
Оз бўлса-да бир марҳамат қилмаған,
Маъюс-маъюс қарасанг-да юзига…
Дедилар, ки “Вафот этди Жаволаш”
Қалб кўзимдан чиқиб кетди қатор ёш…
Қўқон (темир йўл бекати), 1924


Ер Асиралари

Ер асиралари, ер асиралари!
Олтин билакузуклар, ёқут маржонлар,
Садаф доналарми тасаллилари,
Қўрғонми, деворми насибалари,
Кун санаб ўтарми ой-йиллари,
Тилга келмасларми шу қадар жонлар?
Ер асиралари, гўзал тонгларнинг
Сочидан кўнгилга қувват олингиз!
Ўзингиз тиришиб, бевиждонларнинг
Кўнглига эрк учун илҳом солингиз!
Ер асиралари, ер асиралари,
Ёш тўкиб йиғлашми насибалари?!
Андижон, 1924


Янглишасиз

Сиз дейсизким, мен кўкларни ўйлайман,
Ер бетига сира назар солмайман!
Янглишасиз, мен кўкларга беркинган
Ер қизидан хаёлимни олмайман...
Қўқон, 1924


Паранжи

Кўклам чоғи бўлса,
Ой тўлса,
Юлдуз кулса,
Сени шунда кўрсам.
Бир даста гул берсам,
Олсанг,
Маст назар солсанг,
Бир нафас бирга қолсанг.
Абадий завқларга тўлсам!..
Эмсак —
Юлдузлардан нур!
Кийсак —
Шуълалардан тўр!
Ўйнаса, куйласа
— Тиниқ кўлдан чиқиб —
Бир тўп пари — ҳур!
Ҳой, қиз!
Ҳой, қизга Ўхшаган жувон,
Юр!
Ким сени ўйласа,
Борлигимни йиқиб,
Ерларга кўмилсин!
Йўқ бўлсин,
Йўқ бўлсин
Йўқ бўлсин!
Паранжи!
Йиртингиз!
Гўрларга элтингиз!
Ёндиринг чимматни,
Бўғмасин,
Тўсмасин
Табини зийнатни!
Йўқ бўлсин,
Йўқ бўлсин
Паранжи!
Очилсин,
Гулласин,
Яшнасин
Паранжи остига беркинган,
«Менга ҳам эрк!» деган
Инжи! Инжи!!
Қўқон, 1924


Қор

Ҳар томонда қор, қор, қор...
Ел билан тушар, чиқар.
Булутлар элаб элак,
Сепар оппоқ капалак.
Тўда-тўда учарлар,
Айланишиб қочарлар,
Елларга йўл очарлар.
Мана, ҳар томон оппоқ,
Майдон, кўча, том, чорвоқ.
Ерлар тўнггон, кўк тўнгғон,
Ҳаво чарчаб бўғилғон.
Кўкрагига тушган қор
Ўзига жой ахтарар,
Жимжит уйларни ўрар.
Оғир-оғир ёйилар,
Кафан каби керилар
Қип-яланғоч далага,
Қуши кетган уяга.
Қишлоқ бироқ кўринмас,
Бошидан булут кетмас,
На йўл, на из билинмас.
1924


* * *
Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб-ечай,
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
Сир деб сақлайинми ё елга сочай.
Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку «уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?
Очилган қўйнимда тўлғанган танинг
Кўнгилдан қилча ҳам ҳид етказмаса,
Менга яқинлашма, ай, тирик бўса!
«Севдим» деганларинг ёлғондир сенинг!..
Тошкент, 1925


“Бойчечак”

“Бойчечакнинг боласи”
Очди юзини:
Сувга чиққан холаси
Кўрди қизини!
“Бойчечакнинг боласи”
Етимча бир қиз…
Унинг ўгай онаси
Жуда ёмон, тез!
“Бойчечакнинг боласи”
Юлип олинди.
Юртнинг кўзи оласи
Жуда севинди!
“Бойчечакнинг боласи”
Ҳар уйда кулди.
Гўдакларнинг халтаси
Нон билан тўлди!
Андижон, 1925


Тан Бердим

(“Умид Учқунлари” шоирига)
Тан бердим мен, унадим мен сенга, сенга эй ёш куч!
Хақиқатан бу келишинг зўр исён!
Умид билан зич тўлибдир ҳамийён.
Қанотларинг қарши елни сезмайдилар, юксал! Уч!
Ер кунини кўкка бер!
“Юнкерс” “Марс”ға бормоқчи,
Бошлиқларни олмоқчи,
Қанотингни кенгроқ кер!
Томирингда исёнчи қон, тўхтамасдан югуриб,
Сени доим бир талваса қучоғида сақлайдир;
Алангали тили билан “келгуси”ни хақлайдир.
Сен хам букун, юзларингни келгусига ўгуриб,
Уни мақтаб-алқайсен.
Ўтканларга ёмон “гина” сақлайсен…
Бизлар фақат ўтканларга боғланиб,
Ўтканлардек аста-секин йўқ бўлдик.
“Кўнгил” дедик, кўнгилларда “кул” бўлдик…
Ўтканларнинг кафанига чулғаниб,
У оловли кўзларингга қарасам,
Ҳамийёнда учиб чиққан учқунларни санасам,
Исён ўқи ўлик танга кирмасин,
Отқучиси ёш –
Ватандош бўлмасин!..
Андижон, 1925.


Xx Аср

(Усмонлича)
Бу эмиш: Билги – фан, ҳунар асри,
Бу эмиш: Юксалан башар асри,
Ҳадисат ўйла гўстерир ки, бу асир
Ялингиз: Шеър ве шеър ве шеър асри!…
Андижон, 1924

Куз Гулига

Ранги ўчкан,
Умри кечкан,
Куз гули,
Бу йўли
Пастроқ эгил,
Менга бир ўпиш бергил!
Бурун ёз эди,
Тўла ноз эди,
Энди куз келди,
Қаддинг эгилди,
Рангинг сўлмоқда,
Ёшлар тўлмоқда
Ғамли кўзларга.
Сўлғун юзингга
Кимса қарамай,
“Узайин” демай,
Ўтиб кетмакда!
Куз етилмакда,
Қишдан чопар бор,
Ёмон хабар бор!
Энди ноз қилма,
Нозланиб кулма!
Кел, лабимга кел,
Бир озроқ эгил,
Бир яйраб ўпай!
Шунга эсириб,
Руҳингга кириб,
Кўкламга етай!..
Андижон, 1925


“Эркин Сингил”Га

1

Бурун-ҳаммадан
Тубан тутилған.
“Чиркин пардадан
Энди қутилған” –
Эркин синглимиз,
Биздан ҳам эшит!
Биз ҳам “ўз” йигит,
“Бошқа” эмасмиз!

2

Кун чиқмай қўзғал,
Ўрағингни ол,
Далаларға бор,
Экинларни ёр,
Буғдойларға сол!
Йўқса, тонг увол…
Қаршингдаги чол,
Хайли қариған,
Яшаб ҳориған,
Соқоли оппоқ…
Шундоқ бўлса-да,
Сендан бурунроқ
Далага чиқиб,
Ғарамлар йиғиб,
Қанча боғлаған!
Ҳеч чарчамаған,
Оёқ-қўл илдам!
Яқин бориб кўр,
Гул юзингни бур.
Ўйноқлаб туриб,
Шарақлаб кулиб,
“-Ота, ҳорманг!” де,
“Чарчаб қолманг!” де,
Кўнглини кўтар!
Ёшариб ёши,
Қариган боши
Кўкларга етар!

3

Кучинг кетадир,
Ҳолинг битадир.
Чарчаб қоласан,
Ҳориб-толасан.
Қишлоққа қараб,
Экин оралап,
Йўлни соласан…
Йўлингда дала,
Далада “лола”.
Қип-қизил бўлиб,
Ҳаётга тўлиб,
Кулиб турадир…
Сенга тикилиб,
“Опажон, ол!” деб;
Агар олмасанг,
Назар солманг.
“Қул”дек ялиниб,
“Қуш”дек талпиниб,
Ўлиб турадир…
Чидай олмайсен.
Тек қололмайсен;
Ҳавас қўзғалур,
Қўлинг узилур,
Узиб олурсен…
Кўкат ипларга
Бир мунчасини
Чизиб олурсен…
Кулиб боқарсен,
Сўнгра тақарсен…
Энг кенжасини
Ахтариб топиб,
Қулоққа тақиб;
Лаъли сепларга
Ўпкалар ёшлаб,
Пичинлар ташлаб,
Дашном берарсен,
Йўлға кирарсен…

4

Бир дехқон йигит,
Шаҳарга келиб,
Йиғинға кириб,
Аҳволни билиб,
Қарор ўқилғач,
Йиғин ёпилғач,
Аста… пиёда
Қайтиб борадир.
Қўшуқ: “Ёр, доде…”
Айтиб борадир.
Йўлида тала,
Талада ”хола”.
Холада “лола”…
Хуштор бўладир,
Ҳавас тўладир.
“Ҳорма, қиз!” дейдир.
”Ҳорманг, сиз!” дейсан,
Юмшоқ куясен
Баттар эрийдир…

5

Буғдой оралаб,
Қишлоққа қараб
Кеткан вақтингда,
Оёқ остингда
Сомон парчалар
Албат, янчалар…
Фақат уларнинг,
У мискинларнинг
Улуғ хирмондан
Озуқдан-дондан,
Энг зарур “нон”дан
Увалиб тушкан
Ерда увишкан
Улуғ зарралар,
Милён карралар
Бўлғанлиғини
Унутма, синглим!
Чўпсиз ерларнинг,
Донсиз елларнинг,
Ўлимлар билан
Тўлғанлиғин
Унутма, синглим!

6

Кун тугал ботқач,
Даладан қайтқач,
“Лола”дан чамбар
Тақиб оласен,
Гуллардан камар
Топиб оласен.
Бир туп толинг бор:
Юмшоқ қимирлар.
Ёш навдалари
Кечки еллардан.
Ёз савдолари
Йироқ эллардан.
Мунда қувлаған,
Дарбадар қилған
Кечки елларни,
Қаландарларни…
Тол шохи пастак;
Чўзилиб жиндак,
Узиб оласен
Тол навдаларни,
У соддаларни
Сочингга илиб,
“Чочпопук” қилиб,
Юриб қаласен.
Шунда ой чиқар,
Зулматни сиқар,
Сути тўкилур…
Бутун ерюзи
“Оппоқ кўл” бўлур…
Юлдузнинг кўзи,
“Ҳафиф” жимиллаб
Сенга тикилар.
-Қандай ойдинлик!”
Гўзал шу борлиқ!
Кечалар қутлуқ!
Деган сўз билан,
Ёнған кўз билан
Аста лимиллаб,
У … йигит келар!
“Ҳафиф ойдинлик!”
Қишлоқда тинлиқ..
Кўкда ой-юлдуз,
Ерда йигит-қиз
Тунга чўмарсиз,
Ҳаёт эмарсиз…

7

Иш, куч… кунларда!
Шундоқ тунларда
“Ҳафиф ойдинлик!”
Пуч нарса эмас!
“Асил жонлилик
Йигит қонлилик”
Шунда! “демаса”,
Шуни сезмаса…
Сени танимас,
Ҳеч нарса билмас!..
Синглим!
Шундоқ тунлардан,
Лола-гуллардан
Тортинма, безма,
Бағримни эзма!..
Қўқон, 1925


Кўклам Ёғмури

Уч кунлик ёғмур,
Тўхтади базўр:
Булутлар қочди.
Кечкирган чоқда,
Тол шохлариға
Шўлалар тушди…
Хавонинг юзи,
Захарли кўзи
Мулойимлашди.
Шарқнинг малаги –
Ой камалаги
Кўкка улашди…
Толда “чочпопук”,
Қиз кўнгли “пук-пук”…
Тақмоқ истайдир!
Ўртоқ ёнини,
Хайри хонини
“Ха” деб қистайдир..
Лекин шуълалар
Синиб боралар…
Оқшом “тўр” солди.
“Чочпопук” тақиш,
Йигитка ёқиш
Ертага қолди!…
Андижон, 1925


Сирлардан

Бир тутум сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми ё тараб, очай?
“Сир” деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
“Сир” деб сақлайинми ё елга сочай?
Сочилған сочингдай сочилса сирринг,
Анор юзларингни кимга тутасен?
Ўзинг-ку: “Уларда вафо йўқ! ” дединг,
Нимага уларни тағин кутасен?
Очилған қўйнимда тўлғанған танинг,
Кўнглингдан қилча ҳам ҳид еткизмаса,
Менга яқинлашма! Эй, тирик бўса!
“Севдим” деганларинг, ёлғондир сенинг!
Тошкент, 1925


Келинчак

Бутун гуноҳи
“Кўк қарға шохи”
Кийиб юргани…
Дунё кўркини,
Ўйин-кулкини
Яхши кўргани.
Ҳар куни саҳар
Боқчага чиқар
Гуллар тергали.
Эрига эмас,
Чунки, ярамас,
Дилга бергали.
Бўйнига осиб,
Бағрига босиб,
Овунган бўлар.
Бир талай ғамдан,
Ҳасрат аламдан
Совунган бўлар…
Ойнакка қараб,
Сочини тараб,
Ўзига ошиқ…
“Шу ерга тегдим,
Қаддимни эгдим,
Ўлганим ортиқ!”
Ҳар кун эрталаб,
Бир талай ғазаб
Эр ўлгуридан.
Кундуз нағмаси
Қайинонаси –
Кўмилгуридан…
Қўшни келинчак,
Истаб “ҳалунчак”
Чиқиб қоладир.
Ўлтириб ерга,
Ўша келинга
Ҳасрат қиладир.
Шунда очилиб,
Хийла сочилиб,
Анча яйрайдир.
Қайғуга тўлса,
Ўзи жим бўлса,
Дутор сайрайдир!..
Андижон, 1925


Кўкламдан Хабар

Бақа сайраса,
“Ваққа-қа” деса,
“Кўклам қўзғалди!”
Деб, хабар берса,
Шунда ҳам кўнглим анча яйрайдир!
Не учун япроқ чойшаб ёймайдир-
Танларига қон
Тўлиб қолса ҳам,
Кўкрагига жон
Кириб қолса ҳам?
Эй гўзал кўклан,
Судралма сен ҳам!
Югуриб, елиб,
Тездароқ келиб,
Ўпуб ол баркни,
У эринчакни;
Очсун кўзини,
Алвон юзини.
Андижон, 1925


Безгак Қўйнида

Уч кун бўлди, сув келмас,
Ариқлардан ғув келмас,
Шамоллардан “ҳув” келмас
Чанқаганимда…
Нега кулдим? –Билмадим.
Хурсанд бўлдим – билмадим,
Ёшқа тўлдим – билмадим,
Уйғонғанимда…
Сув керакмас, ёр керак,
Ёр эмас, диёр керак,
Диёрга “фанор” керак
Уйғоқ чоғимда…
“Фанор” топиб оқайин,
Қанотимни тақайин,
Диёр ичра оқайин
Соғалғанимда!..
Андижон, 1925.


Қилқиз Мафтунлари

Боядан бери юмшоқ қалтираб,
Биланглаб тез-тез,
Силкиниб турган тол навдалари—
Нега — билмадим —
Бирдан тўхтади.
Қизиқиш билан уларга қараб:
«Боядан бери силкинардингиз,
Бирдан нимага бундап тиндингиз.
Эй, гўзал толларнинг ёш садолари?»
Деб хитоб қилдим.
Жавоб бердилар:
«Чолғу чалинди,
Қилқиз ялинди,
Кўнглингга ўхшаб биз ҳам жим бўлдик,
Қилқизнипг майин завқига тўлдик».
Андижон, 1925


Биринчи Хат

Мен
«Кетай» деб,
Тез етай деб,
Боғладим
Белга камар!
Сен
«Нетай» деб,
«Сабр этай» деб,
Солмадинг дилга кадар!
«Нур олай» деб,
«Юксалай» деб,
Мен
Қанот қоққан эдим.
«Айланай» деб,
«Ўргулай» деб,
Сен
Қараб қолган эдинг...
Энди:
Мен мундан —
Узоқ ерлардан
Чопар чопдириб
Юбордим бир хат,
Бир кичик нома!
Энди:
сен ундан —
Юмшоқ еллардан
Қанот тақдириб
Мен сари жўнат
Бир сучук нома,
Эй сочлари пат,
Эй пок муҳаббат.
Мвсква, 1925


Галдир

Мен дутор бирлан туғишган, кўҳна бир девонаман,
Ул туғишгоним билан бир ўтда доим ёнаман.
Дилларида ғам тўла бечораларга ёрман,
Вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман.
Мен дуторнинг ҳар ерига беркиниб олсам агар,
Пардаларнинг ҳар бири бергай бўлак ғамдан хабар.
Пардалар узра юриб турган одам бармоқлари
Кўкрагимни кўп босар, шундан бўлур толмоқлари.
Икки торни қақшатиб, бармоқлар ўтса тўхтамай,
Ғамли ўт чиқмас ўшал торларда «Галдир» йиғламай.
Аҳли ғамлар мен каби мажнунсифат «галдир» бўлар,
Шул сабабдан банданинг номини «галдир» қўйдилар...
Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу хоқонлар билан,
Биргадур,ман доимо ҳамдард бўлғонлар билан!..
Андижон, 1925

Ҳой, Йўловчи Қиз

(Р. Тагордан)
Мен биламан, оҳ, биламан сени,
Ҳой, йўловчи қиз!
Денгиздан нари маъбудинг сени,
Ҳой, йўловчи қиз!
Кўрдим куз фасли, тонг отар чоғда,
Кўрдим кўкламда — ой ботар чоғда,
Кўрдим қалбимда сирлик учмоқда,
Ҳой, йўловчи қиз!
Йироқ кўкларга кўзни соламан,
Кўшиқларингни тинглаб қоламан,
Сенинг йўлларингда қурбои бўламан,
Ҳой, йўловчи қиз!
Бутун дунёни кўрдим мен, мана,
Келиб турибман белгисиз элга,
Эшигинг олдида меҳмонмаи сенга,
Хой, йўловчи қиз!
Қўқон, 1925


Дала Йўлларидан...

Дала йўлларидан юриб бораман,
Ҳар япроқ бошимда битта елпиғич.
Юмшоқ ел...
Юзимни буриб бораман,
Ҳисларим ел каби енгил, ўйнағич...
Кичкина ариқнинг пастак шовваси,
Майин товуш билан шовлаб турадир.
«Эй, қўпол шаҳарнинг жанжал-ғовғаси,
Дала йўлларида мен борман», дейдир.
Дала йўлларида телбалар каби
Эртадан кечгача мен ҳам чопамен.
Афсоналардаги дарбадар каби
Кимсасиз ерларга қўйин очамен.
Кимсасиз ерларда сирлар айтилди,
Ғафлат уйқусидан уйғониб кетдим.
Янги нашидалар дилга битилди,
Уларда туганмас маъни дарж этдим.
Шовва товушлари эркин шеъримга
Олтин қанот тақди афсоналардан,
Олқишлар қўзғалди гул-лолалардан,
Ўзлик ёт кўринди турган еримга.
Ўзимдан ташқари бир дунё кўрдим...
Иккимиз ўшанда оқиб борамиз,
Фоний қирғоқларни йиқиб борамиз,
Ҳақиқий бирликка шунда йўл бурдим.
Шу он... ўзликларни уриб борамен,
Дала йўлларидан юриб борамен.
1925


Ўзбек Чиновчилариға

Ерни ўлчанг, таноб тортинг, ҳандасага тўғриланг!
Ер экувчи деҳқонларнинг ҳолатини ҳам хўп ўйланг!
Таноб деган жонсиз нарса мўлжалгача чўзилур,
Аммо жонли дехқонлар-чи? –Унга етмай узилур!
Ер сизларга кўкрагини катта очиб кўрсатар,
Деҳқон бўлса, кўз ёшини ерга сочиб кўрсатар.
Рақам билган мия билан деҳқон ғамин англангиз!
Таноб тортган қўллар билан ярасини боғлангиз!
Ўзингизнинг ер экканнинг хизматига чоғлангиз,
Ер ва меҳнат ёвларининг юрагини доғлангиз!
Қўқон, 1925


Баҳорни Соғиндим...

Баҳорни соғиндим, баҳорни...
Кўрганда ерлар, оламлар тўла қорни.
Қор... қор —
Заҳарли ниналар каби
Кўзларга қараб оқар...
Қайдасиз, қайдасиз
Латиф сийналар каби
Далаларга сингган баҳор?
Тала-туз,
Экин-тикин...
Ғамгин-ғамгин
Сўла бошлади.
Сарғайган япроқ,
Бўяниб тупроқ
Ўла бошлади, ўла бошлади...
Йўқ... ўлим йўқдир!
Ёлғиз бир ўчиб, бир сўниш бордир.
Бир ўчиб, сўниб... яна ёниш бор.
Яна баҳорлар,
Яна лолалар,
Яна сиз, эй... эркин тилаклар!..
Самарқанд, 1926


Куз Ёмғири

Тўкилди томчилар...
Яироқнинг юзлари
Томчига ўптириб ҳўлланди,
Чуқурча кўлланди...
Томчини кўпдириб,
Бетида ўйнатди
Чуқурча,
У — жиндск кўлча.
Томчилар —
Кўкларнинг сўзлари
Ерларни қамчилар...
1926


Узалган Қўл

Қўлимдан тортмоқчи бўлдими?
Шу кетсиз гирдоблардан қутқариб
Қирғоққа отмоқчи бўлдими?
Ким ўзи мен каби йўл озиб
Адашган йўлчига қўл берган
Ва юрғун кўзларга термилган?
Чарчаган қанотим куч сезди,
Янами кўкларга юксалиш?
Янами кўнгилда тебраниш?
Йўлимда бир фанор кўргазди,
Янами йўлчилик бошлаймен
Ва совуқ масканни ташлаймен?
Мен унга кечмишдан — аламли
Афсона варақлаб берайин.
Асабий, шиквали ва ғамли
Достончи руҳига кирайин.
Сиз унга айтингиз: тингласин
Қалтироқ қилларнинг зорини.
Қалтироқ қилларнинг ёрини
Йўқотгач эзилиб ингласин.
Айтингиз: тингларкан, кўзлари
Марҳамат нурига буринсин.
Юзида қизғаниш излари
Оловдай қизариб кўринсин.
Бошладим шиквали чўнчакни,
Қирғоқдан чўзилган қўлларга,
Ва балки кирмаган йўлларга
Кирарман ахтариб истакни.
Москва, 1926


Бу Ернинг Қиши

(Назираларга назира)
Кеча-кундуз қор...
Бу ерда фалак,
Эрка бир малак,
Пар сочиб ўйнар!
Бу ерда қуёш
Жуда эринчак,
Нозли келинчак
Билгани ўйнар!
Шундай кўриниб,
Жилмайиб, кулиб,
Бир ўпич бермай,
Қучоққа кирмай,
Яна қайтади,
Ситам этади.
Қор парчалари —
Тўкилган садаф,
Ётар йилтиллаб,
Ой кечалари.
Поёнсиз боқча,
Чаман-чаман қор.
Жонли сой оқар
Кундузи кеча...
Ит увламайди,
Ҳаёт қайнайди.
Тунни чайнайди.
Ҳеч ухламайди,
Кўзни юммайди.
Сира тинмайди.
Москва, 1927


Чиммат Қўшиғи

(«Ўзганча»)
Чимматимни кўтариб кўрди хушторим,
Дедим: «Тирикликда шудир мазорим!»
Чимматимнинг қиллари юзимга ботар,
Бу қафаслар ичида қачон тонг отар?
Чимматимни ташласам хеч ким олмайди,
Ота-онам ҳолимга назар солмайди.
Чиммат, чачвон дегани, ҳаммаси, бир гаи,
Кўп чиройлик кўзларнинг ёшига сабаб.
Чиммат теккан юзларим сўлиб боради,
Кўнгилда умидларим ўлиб боради...
Чимматимни ирғитай, ушла, хушторим!
— Паранжини қўшиб ташла, озодсан, ёрим!
1927


Қадоқчи Қўшиғи

Ҳаволарда қулоч отиб келган турналар,
Бизнинг Қашқар элларидан йўқми бир хабар?
Бизнинг эллар довонларнинг кетида қолди,
Золим фалак бошимизга айрилиқ солди...
Олис йўлларга қараб телмирган ёрим,
Бу йил қайтай десам, етмас мадорим!
Ҳаволарда қаторлашиб учган турналар,
Омон борми Элда қолган ота-оналар?..
1927
* * *
(Ҳенрих Ҳайнедан)
Ҳамма эснаб турди, қулоқ солмади
Қайғумни гапириб берган вақтимда.
Мени алқамаган киши қолмади
Қайғумни назмга терган вақтимда.
1927


Зангбунинг Қизи

Эрта саҳарларда тонг шабадаси
Ўрик гулларини ўпиб ўтгандир,
Мени ҳам ўпмасин «жувон ўлгир» деб,
Шафтоли япроғи юз беркитгандир.
Сўртаклар юзига чўзилган «зангбу»
Қизи — Япроқхонни уйғотиб олиб,
Ясан-тусанига эрта-кеч бошлар,
Билган ҳунарини ўртага ташлар.
Япроқхон ингичка гажаклар солиб,
Онаси ёнида қийшанглаб турар,
Ўтган-кетганларнинг кўнглидан урар.
Бечора Япроқхон тортиб олиниб,
Қиймали гўшт билан қозонга тушса,
Каварток севганлар қатор туришса,
Зангбунинг аҳволи нима бўлди денг!
Бирининг тўйига карнай чалиниб,
Йигитлар куёвни олиб келганда,
Бирининг борлиғи қайнар қозонда,
Шуни, эй ғофиллар, эсга бир олинг.
Ўтган шабадани ўнган булбуллар,
Гулдан бошқасини ўйламаслармиш.
Шу қадар таъсирли, буралма тиллар
Гулдан ўзга бир сўз сўзламаслармиш.
Шабада ўзи ҳам бугун бир ўпиш
Берган япроғини эртага ташлаб,
Бошқа япроқларга хушомад бошлаб,
Вафонинг расмини бузиб ўйнармиш.
«Япроқнинг қисмати тўкилиб сўлиш»,
Деганлар шуни ҳам англасинларким,
«Турмуш — ҳаёт» деган қудратли ҳоким,
Минг турли қонунлар тузиб ўйнармиш!..
Москва, 1927


Қайтиш

Сира ташламай сени,
Кўз ёшларида мени
Ўстирган, асл шеърим!
Бир чоқлар кўким, ерим,
Қиблам, истагим эдииг,
Кўнгил чечагим эдинг.
Сенсиз кунларда яна,
Бўшлик тўлди кўнгилга,
Яна ҳамдамсиз қолдим.
Кўнглимга алам олдим,
Қўлимға қалам олдим,
Яна жонланмакчиман!
Кўнглим кўнглингдан майин,
Кўнглингга кирмакчиман!..
Фарғона, 1927


Хитой Оҳанглари

Хизматчи Бола Қўшиғи

(«Торт наърангни, Хитой» пъесасида ўзини ўлдираётган хизматчи бола айтади.)
Томиримни ҳакимлар қачон кўради?
Жон олувчи бўронлар қачон юради?
Куз барглари тўкилди: сап-сариқ сомон?
Йўқсилларга тириклик ўлимдан ёмон...
Бу қоронги кечалар бойлар учун соз,
Биздек боёқишларга ўлимдан ҳам ноз...
1928


Жан-Зи

Шоли десанг доирангда, Жан-Зи,
Бошоқлари ҳарёнда, Жан-Зи,
Бойлар ҳар кун ош еса, Жан-Зи,
Камбағаллар ҳайронда, Жан-Зи.
Қамиш баланд ўсади, Жан-Зи,
Ўсиб йўлни тўсади, Жан-Зи,
Ҳамма чиққан генерал, Жан-Зи,
Камбағални кесади, Жан-Зи.
1928


Мен Шоирми?

(Таржимаи ҳолимга)
Хаёлим бир учиб, кетиб қоладир,
Мен ҳам тизгинини қўйиб берамен.
Зотан, қандоқ қилиб тутиб турамен?!
Энг нозик қилимға тегиб қоладир.
Учадир… учадир… минг қабат кўкни,
Бир бошдан сийпалаб ўта берадир.
Зерикмай, эринмай кета берадир,
Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни…
Кўланка кабидир, ўткан еридан
Сўнгра қарасангиз, бир нишон қолмас,
Юрган ерларидан озиқ ҳам олмас,
Шунда зерикамен унинг сайридан…
Бир замон бир ширин жойга етканда,
Нарига ўтмасдан тўхтаб қоладир,
Ошиқдек ястаниб, ётиб оладир…
Шу чоқда қийналиш бошланар мена.
Чунки хаёлимнинг кўзлари булан
Бир гўзал ҳолатни кўриб турамен,
Лаззатга ғарқ бўлиб, ўлиб турамен
У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан
Англатиш қўлимдан келмай қоладир,
Шул чоқда тилларим қалдираб кетиб,
Борлиғим йўқликка ғилдираб кетиб
Демак, ки “Бошқалар билмай қоладир.”
Шундай гўзалликни! Аттанг, агар мен
Рассом бўлсам эди, чизиб берардим,
Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим.
Шу ожиз ҳолимда шоирменми мен?!.”
Шоирлик менда бир соями деймен,
Ҳар бир тушунчамни ёза олмағач,
Рассомдек хаёлни чиза олмағач,
Ҳақир борлиғимға кўп афсус еймен…
Хаёлим юксакдан тушиб кетадир,
Шоирлик чанг бўлиб, учиб кетадир…
Қўчон, 1928


Ўн Олти

Ўн олти мартаба тўпландик бизлар —
Тутқун оталарнинг эркин авлоди.
Пўлатдек пишиқлик, матонат берди
Темир кишанларнинг даҳшатли ёди.
Ўн олти мартаба тўпландик бизлар
Асрнинг чораги ўтмасдан туриб.
Биз, янги етишган — навқирон кучмиз,
Матлабга етамиз чопиб, югуриб.
Бизнинг асабимиз неча минг йиллар
Кишанлар остида шу қадар пишди —
Ки, шунча оғирлик ичида асло
Шошмадик, душманлар ҳайрон қолишди!
Бизнинг сафимизни оралаб баъзан
Душманнинг заҳарлик фикри кирса-да,
Биз сергак одамлар ва қаршимизда
Сақланиб қололмас ҳеч қандай парда!
Бизнинг йўлимизда оғирлик сонсиз,
Бирма-бир уларни енгмай қўймаймиз!
Биздаги бу имон сенда йўқ асло,
Эй душман, негаким, кўнглимиз тамиз!
Ўн олти мартаба тўпланиб бизлар
Режалар тортишдик янги ишларга,
Нима дейишини билмайди душман,
Бу режа бўйича югуришларга!
Ўн олти мартаба тўпланиб бизлар
Қўл солдик ҳаётнинг томирларига!
Ўзимиз ҳаётни тебратувчи куч!
Жонлилар қайрилиб боқмаяжаклар,
Шафақлар қизариб оқмаяжаклар,
Ўлим олқишини юксалтиражак,
Зулмат ғурублардан салом беражак:
Ҳаётнинг ёлғончи амирларига!..
1930


Октябрь

(7 ноябрь)

I

— Эй, букун, эй бу кун
Дунёлар сарсилди!
Фикрлар, хаёллар,
Рўёлар сарсилди!
Эй, букун, оловлар
Дунёни ёндирди,
Инсонлар оч ерни
Қонларга қондирди!
Эй, букун, кўкларда
Қуёшлар тутилди.
Эй, букун, шамоллар,
Бўронлар қутирди!
Эй, букун, жаҳаннам
Оловлар пускурди.
Эй, букун, вулқонлар
Зулматга тупурди!
Эй, букун, чақмоқлар
Чақдилар, чақдилар...
Эй, букун, тўфонлар
Оқдилар, оқдилар...
Эй, букун, дўл келиб
Оламни йиққан кун!
Эй, букун, куррамиз,
Меҳвардан чиққан кун!..

II

Йўқ, дўстим, ҳовлиқма,
Хаёлга берилма.
Ортиқча ҳашамга
Берилиб сўз дема.
Ҳеч нарса бўлмади!
На тўфон, на вулқон.
Ёлғиз, ҳақ йўлларда
Оқди қон, оқди қон...
Ёлғиз бир ҳаракат,
Қимирлаш кўрилди,
Чайладаи чиқилиб
Ўрдага юрилди.
Осилди «йўқ» «бор»га,
Йўқсиллар-бойларга.
(Ҳсч нарса бўлмади
Кун, булут, онларга.
Табиат жим қолди,
На иссиқ, на совуқ.
Октябрь онида
Куз кстган.
Қиш ёвуқ.)
Қўзғалди оч қолган,
Энтиккан бир йиғин,
Ўлимнинг кўзига
Кўз тиккан бир йиғин.
Қўзгалди бечора,
Яланғоч жамият.
Кўксида ёнарди,
Лекин, бир ҳамият!
Ўлимга завқ ила
Судраган ҳамият!
Ўлимдан ўзгани
Кўрмаган ҳамият!
Ҳамият, ё ғазаб,
Ё шиддат...
Бари бир!
Илгиз у — дунённнг
Фотиҳи, оламгир!
Ана шул ҳамият,
Ана шул жамият,
Ана шул ирода,
Ана шул ҳақ ният
Золимнинг қўлидан
Қудратни олди-да,
Ўзининг маҳсули —
Зиндонга солди-да;
Ўзича яшашнинг
Йўлини қаради,
Ўзига бир олам
Қурмоққа яради.
Шугина:
Дўл келиб
Оламни йиқмади,
Ва ернинг курраси
Меҳвардан чиқмади.

III

У куннинг куйи ҳам,
Шеъри ҳам кўп содда,
Лекин у соддалик,
Равонлик олдида
Дўлларнинг оламни йиқиши —
Ҳечдир!
Курранинг меҳвардан чиқиши —
Ҳечдир!
1930


Дарё Бўйи

(Ғафур Ғуломга)
Бу Учқўрғон, ажаб, оби-ҳавоси дилнавоз эрмиш,
Хусусан дарёнинг қирғоқлари куз фасли соз эрмиш.
Талотум айлашиб сувлар чопармиш телба, мажнундек,
Қироқлар бевафо маҳбублардек йўлда ғоз эрмиш...
Тиниқ ой нурлари сувлар юзинда ўйнашиб тунлар,
Тонг отгунча уларнинг ишлари минг турфа ноз эрмиш.
Бўлак жойларда тан роҳат тополмай чекса заҳматлар,
Бутун ёз ўткунча дарё сувида «аббоз» эрмиш.
Кўриб Норинни таъби жўш уриб бир-икки сўз айтган
Аруздан баҳрасиз бир Чўлпон отлик бенамоз эрмиш.
1931


1 Май

I

Бу буюк кун йиллар бўйи зўр ўрмонларнинг
Қуёш тушмас жойларида қарши олинди.
Ёхуд чуқур ва қоронғи ертўлаларнинг
Зах бағрида нафас, баъзан, ичга солинди.
Қизил байроқ алангадек ловуллар экан,
Ҳуштак чалиб ўтган ўқлар бағрини тилди.
Уни қўлдан бермайман деб Май кунларида
Кўп ишчилар тикланолмас бўлиб йиқилди.
Бу буюк кун, ҳар йил келиб, ўз теграсига
Қуйилардан янги-янги қувват тўпларди.
Ўн олти йил мундан бурун кеч куз фаслида
У зўр қувват душманларнинг сафини ёрди.

II

Шундан бери у зўр кунни, ҳар келганида,
Миллион-миллион кулар юзлар қарши олади.
Байналминал овозлари юксалар экан,
Бор шундайлар: нафасини ичга солади...
Миллион-миллион кулар юзлар ҳар йил шу кунда
Бир қайрилиб ўтганлари йўлга қарайлар,
Шундай улуғ довонларни нечик ошганлар,
Нечик мунча тез кетганлар... англаёлмайлар.
Тарих бўйи ҳеч бир қувват ботинолмаган
Жуда оғир, жуда мушкул бир йўлнн тутиб,
Ўтиш учун лоақалли икки-уч аср
Керак бўлган узун йўлни беш йилда ўтиб
Қари тарих бетларига шараф битганлар,
Ер юзини ҳайрон қилиб гангиратганлар!
Фақат, яна қизил байроқ ҳилпирар экан,
Миллионларнинг ўткир кўзи — тағин йўлларда,
Янги ҳаёт, синфсиз ҳаёт қуриш истаги,
Миллион-миллион
Эркак, хотин, қиз, ўғилларда!..
1933


Қўшиқ

«Хуш келдингиз Хоразмга» куйига
Бузиб эски турмушларни,
Бажардингиз зўр ишларни,
Адо қилиб юмушларни,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
Оқ олтинлар ривожланди,
Кўп ишлаган кўп қозонди.
Меҳнат душманлари ёнди,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
Интизомни жойлаб сафга,
Ғайрат солиб ҳар тарафга,
Эришдингиз зўр шарафга,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
Қўлга олиб тупроқ-конни,
Азиз кўриб ишлагании,
Бажардингиз зўр планни,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
Фирқа сизнинг раҳбарингиз,
Бузилмайди сафларингнз,
Шараф тўла дафтарингиз,
Ҳорманг энди, колхозчилар!
1933


Бир Лавҳа

(Шанхай воқеаларидан)
Нагасаки лиманидан жилди пароход.
Бир пароход эмас, балки улкан бир флот!
Вампу дарё сувларини қоплади тўлқин.
Сизинваннинг ҳавосини заҳарлик тутун
Бир ҳафтадан бери бирдак босиб туради.
Тоғ тўплари кемаларга олов уради!
Соттилментдан ташқарида бу мудҳиш учиш
Кеча-кундуз оғир тушдай давом этади.
Оғир ўқлар ер бағрини ёриб титади!
Кснг майдонда ўликлар йўқ, ўлганлар сонсиз!
Кўп «маданнй» уруш бўлди ўликсиз, қонсиз:
Ҳар бир ўлик бир нечага бўлиниб кетган,
Ё қўлини, ё бутини бирдан ғайб этган,
Бири қумлар орасида аранг кўринар,
Бири оёқ остларида қолиб сурунар...
Кўп «маданий» уруш эмиш — ўликсиз, қонсиз!
Обрўйлик бнр газетада қайси виждонсиз
Шу мазмунда ёзув ёзиб жар чақиради.
Хўжаймни ҳам чиқармай элни қиради!
Иккови ҳам «ваҳшийлар»нн йўлга солмоқчи,
Иккови ҳам «ваҳший эл»да туриб қолмоқчи,
Иккови ҳам «ваҳший»ларни ёмон кўради,
Кўча-кўйда кўринганда юз ўгиради.
Иккови ҳам «ваҳшийлар»нинг кучига хуштор!
«Ваҳшийлар»га бу севгидан нима фойда бор?
Сеттилментдан учнб ўтди хунук қора қуш!
Ресторанда билинмади бу мудҳиш учиш.
Чунки унда жаз шавқини қулоқ ёради,
Ташқарида оч бир хитой, ҳей, ёлворади,
Ҳей, ёлворади!..
1932


* * *
Барча умид сен карамдан, эй карам, қилғил карам,
Бир умр оғзимга олмай, қанддин етди алам.
Нон билан ун ҳам ўшал қанднинг йўлида жилвагар,
Ул икковидин ҳам тониб, минг мартаба ичдим қасам.
Мевахонлар, шиннижонлар, энди ноз этманг менга,
Сиз билан ўйнашгили йўқдир кўнгилда ҳафсалам.
Гарчи картошка менга ихлосини билдирса-да,
Ҳеч яқин бормасман асло унга энди, жон акам.
Ташладим шундай паловни, бор дебон унда гурунч,
«Овқатинг доим палов бўлсин» деган эрди дадам.
Дўстлар меҳмонга чорлаб, қўйсалар қанду-шакар,
Қайфдир ундоқ такаллуф мен учун ортиқ ҳашам.

Нил Қизи

Гўзал Нил бўйидан —
Фаллоҳ қизиман.
Эҳромлар йўлида
Карвон изиман.
Тошқиндан туғилдим
Эрта баҳорда,
Илиқ нурлар эмдим
Кундан наҳорда.
Тўкилган хурмолар
Емишим бўлди...
Оловли севгилар
Елга тутнлди.
Ссвганим қул бўлиб
Сотилиб кетди.
Мингларча қулларга
Қотилиб кетди...
Бутун ҳаётимни
Бир заҳар сирди.
Қўйнимга севмаган
Бир эркак кирди!
Онамдан айрилдим
«Она» дегунча,
Отамни кўрмадим
Кўзим тўйгунча...
Нилнинг баракаси
Дунёга татир.
Фаллоҳнинг бахтини
Кимлар уйғотур?..
1934


Норин Дарё

Бош кўтарган қуллар каби ҳиддат билан,
Ҳужум қилган қўшин каби шиддат билан
Тўлқинлардан ўркач отиб юксакларга,
Аччиғ билан ўзни уриб тирсакларга,
Оч йўлбарсдай наъра тортиб келишинг бор!
Асов отдай телбаланиб елишинг бор!
Бир оз тўхтаб дам олишни билмайсан ҳеч!
Қай чопасан, югурасан — эртаю кеч!
Ўкиришинг авж олади кечалари!
Юракларга хавф содади кечалари!
Кечаларнинг жимлигини битирасан!
Аммо-лекин жинниликни қотирасан!
Йўлларингда оч саҳролар энтикади,
Ташна тупроқ суқи кириб кўз тикади!
Қуриб ётган ариқларнинг кўзи сенда!
Кўп бўғиннинг ҳасрат тўла сўзи сенда!
Сенда, кошки, бир айланиб қараш бўлса,
Қирғоқлардан ҳолу аҳвол сўраш бўлса!
Шу оқиш-ла юз йилларни оқизган — сен!
Кўп бўғинни тобутига ётқизган — сен!
Сенга қолса шу оқиш-ла яна юз йил,
Яна минг йил, мингларча йил...
Бас энди! Бил:
Юз йилларнинг ихтиёри сенда эмас!
Одам бугун ҳеч бир кучга банда эмас!
Сен, азамат, шундай ердан ўтасанким,
Сенга ўхшаш узиқора дарёлар — жим,
Ўкирмасдан, бўкирмасдан оқадилар,
Буйруқ кутиб қирғоқларга боқадилар!
Сендан асов, сендан ёмон дарёлар ҳам
Бўйин эгиб келишдилар бирам-бирам!
Днепрни билармидинг? Бало эди!
«Мен телбага кишан борми, қалай?» дерди.
Озод меҳнат бир ҳамлада ушлаб олиб,
Оз фурсатда одам қилиб — йўлга солиб
Ўз эркида ўйнатади у телбангни!
Шошма, ҳали, тизгинлайди бир кун...
Гангни!
Сен мағрурсан! Сенга, ҳали тегмаганлар,
Сенинг темир иродангни эгмаганлар.
Ҳали сени пўлат қўлга олмаганлар,
Йўлларингни оч чўлларга солмаганлар,
Қуриб ётган ариқларга оққанинг йўқ!
Оқ олтиндан шокилдалар таққанинг йўқ!
Электрик юлдузларни ёққанинг йўқ!
Лампа кўз-ла мамлакатга боққанинг нўқ!
Эрта-индин сен жиннига тегажаклар!
Иродангни — метин бўлсин! — эгажаклар!
Сени пўлат қўлларига олажаклар!
Йўлларингни оч чўлларга солажаклар!
Қуриб ётган ариқларга оқажаксан!
Оқ олтиндан шокилдалар тақажаксан!
Электрик юлдузларнн ёқажаксан!
Лампа-кўз-ла мамлакатга боқажаксан!
Ниагара қари, сендан анча катта,
Днепр ҳам ундан кичик шу фурсатда.
Ниагара кўпдан бери тизгинланган,
Унинг асов елкасига одам минган.
Фақат уни, биласанми, кимнинг қули?
Паррасини айлантирган кимнинг пули?
Бошқаларнинг терисини оқизганлар,
Банкаларга пулларини ётқизганлар,
Йўқсилларни зулук каби сўрувчилар,
Манфаатга ўзларини урувчилар,
Бировларнинг елкасида яшовчилар,
Миллионларнинг луқмасиии ошовчилар!
Сизга эга — ўз кучи-ла ишловчилар,
Луқмасини ҳалол қилиб тишловчилар!
Қул зотини озодликка бошловчилар,
Ҳақ курашга миллионларни ташловчилар!
Улар сизни ҳақ йўлларда оқизажак,
Кўз нуридай азиз қилиб боқизажак!
Ҳеч бир кучни қўймаяжак тексин сизга!
Қонга ботган қўлларини эгсин сизга!..
1934


Янги Мен

Менда энди қайғулар йўқ,
Мен баҳорлар каби шанман,
Кечаларнинг ўлимига
Қаҳқаҳалар солган манман!
Ўлик руҳли кечалардан
Сир кутишлик менда йўқтур,
Мен истамам, қора савдо,
Кишанингни Мажнунга ур!
Менинг янги ватанимда
На Мажнун бор, на-да занжир!
Мунда ҳар бир ишлаганнинг
Бахти қучоғида келур!
Мунда меҳнат бир ҳукмдор,
Амр этади, чарчатмайди,
Чунки машшоқ ўз созига
Ссвгисини йўқотмайди.
Мунда меҳнат қувнаб-қувнаб
Мўъжизалар яратади.
Мунда ҳар кун шўх қўшиқлар,
Куйлар ила тонг отади.
Миллионларнинг бири каби
Мен ҳам ҳар кун тер тўкаман,
Ҳар кун янги ҳаяжонлар,
Зафарларга кўникаман!
Миллионларнинг бири каби
Мен ҳам қувноқ, мен ҳам шанман,
Кечмишларнинг ўлимига
Қаҳқаҳалар солган манман!..
1934


Бизнинг Ватан

Ер юзинда ўзга бир олам эрур бизнинг ватан,
Бошқа ҳар бир ўлкадан кенг, ҳар диёрдан каттакон.
Ҳар томондан юксалиш сорига ташлаб зўр қадам,
Дашту саҳроси анинг гул-гул очилмишдир чаман!
Дарёси аввалгидек, ердан олиб қочмас ўзин,
Чунки пойига унинг маҳкам урилмишдир кишан.
Мунда меҳнат — ҳурлик олган, барча меҳнат аҳли — ҳур!
Кимки меҳнат қилса — қувноқ, кимки меҳнат қилса шан!
Фан билан меҳнат иковлон қўл беришкан, иттифоқ,
Эркин-эркин яйрашиб ижод этар меҳнат ва фан!
Янги жамият қуриб дунёга ўрнак бўлгани
Барча меҳнат аҳли бирга, ҳамма бир жон, бир бадан!
Бу ватаини жон билан сақлашга, Чўлпон, ҳозир ўл,
Кимки қасд этса анга кийсин пушаймондин кафан!.
1934


Бу Куннинг Шоири

(Октябрнинг XVII йиллиги кунида)
Шоирнинг қалами кўнгилдан куч олиб
Шу куннинг шонига
Ҳар йил бир янги куй тўқийди.
Шу улуғ кунларда миллионлар олдида,
Муаззам майдонда ўқийди!
Шоирнинг кўнглида барқ урган туйғулар
Муаззам майдонлар туйғуси!
Чўллардан жаннатлар яратган янги синф
Миллионлар, миллионлар туйғуси!
Миллионлар тилмочи — янги синф шоири
Бу кунга бағишлаб
Ҳар йил бир янги куй тўқуркан,
У куйни ҳар жойда, ҳар колхоз аъзоси,
Ҳар совхоз ишчиси ўқуркан,
Ҳар ишчи дастгоҳи бошида ўзича,
У куйни оҳиста куйларкан,
Шоирнинг ўзини кўрмаган пионер
Шеърининг мақтовин сўйларкан,
Шоир ҳам миллионнинг биттаси бўлганин,
Ҳар жойда, ҳар онда сезади,
«Бу ишим — миллионлар иши!» деб ўйлайди,
Ва буни
Ҳам жонда, ҳам қонда сезади!..
1934


Яна Олдим Созимни

Бир неча йил қантаргач
Яна олдим созимни,
Энди айтиб йиғламас
Кўнгилдаги розимни.
Кўнгилдаги кудурат
Кўтарилди, ниҳоят,
Энди, илҳом манбаи—
Қайнаб ётган шу ҳаёт!
Қилларидан созимнинг
Тўкилажак шан куйлар,
Ғур ўлканинг ҳур қизи
Сингари қашан куйлар.
Қурилиш достонлари
Пардалардан оқажак.
Эҳ, кўнгил, янги дардлар
Тағин сени ёқажак!
1934


Куз

Дарахтлар танига тирмашди изғирин,
Шохларга илондай чирмашди изғирин.
Қўллари баргларнинг бетида сурунди,
Баргларнинг бандини қирт этиб кесишга
Уринди...
Ер бети қопланди малларанг чойшаб-ла,
Боқчалар қопланди ранг-баранг чойшаб-ла!
Қиш, қиров орқали жўнатти номасин,
Яқинда чалажак ёқимсиз нағмасин...
Гуппи тўн вазмин солажак бус-бутун,
Ишига қайтажак ўт, ўтин!
Лекин биз қош-қовоқ солмаймиз куз каби,
Юзларга ғам ранги олмаймиз куз каби.
Юлдуздай ёнувчи кўзларни ўйнатиб,
Шу катта,
Думалоқ курранинг
Олтидан бирига қараймиз!
Қишу ёз
Бир хилда ишлатан,
Бир хилда яратган,
Шу тинмас
Ва саёқ курранинг
Олтидан бирини ўзига қаратган,
Ишлаш-ла тишлаган
Ерига қараймиз!
Ишлашда — буюк завқ!
Меҳнатда — улуғ шавқ.
Ижодда — ўлмаслик
Ва фоний бўлмаслик
Қўрамиз!
Кузда ҳам,
Қишда ҳам,
Баҳорлар шавқи-ла,
Айланар куррамиз!
Майли,
Ҳар дарахтга тирмашсин изғирин.
Шохларга, илондай чирмашсин изғирин!
Майлига,
Қиш агар
Йўлласа номасин!
Бошласа
Бетаъсир,
Ёқимсиз нағмасин!
Биз
Қишдан
Ёшларнинг ризқини оламиз!
Қишни ҳам,
Ёзни ҳам
Режага соламиз!..
1934


Диёрим

(Ўзбекистоннинг 10 йиллигига)
Титилиб ўқилмас бўлганда тарихинг,
Ҳасрат-ла аламга тўлганда тарихинг,
Ҳазоннинг баргидай сўлганда тарихинг,
Кўзимнинг нурнни аямай ўқидим.
Ҳеч қайдан мен кутган зарварақ чиқмади,
Игнадек ялтираб бир варақ чпқмадм.
Ҳасрат-ла аламга бир қироқ чиқмади—
Миямда беҳуда хаёллар тўқидим...
Ҳар ерда бошкесар хонларнинг таърифи,
Беҳуда шуҳратлар, шоиларнинг таърифи,
Дарёдек оқувчи қонларнинг таърифи,
Шул эди минг йиллаб битилган тарихинг.
Фуқаро ким эди — одам деб саналса?
Бир раҳбар кўрдими жон бериб, жон олса?
Бир ҳаким топдими бемордан қон олса?
Шул эди саждалар этилган тарихинг.
Бемаъни тарихни ёпднрди инқилоб,
Сен қўйган талабни қондирди инқилоб,
Қарғаган кечмишдан топдирди инқилоб,
Келажак меҳрини кўнгулга жо айлаб!
Шоирлар, адиблар, ҳакимлар ёпмади,
Маъқулдан инқилоб ҳеч қачон топмади,
Кечмишнинг барчасин сафсата санмади,
Ўрганиб ётади кечмишни бел бойлаб.
Диёрим, каттакон рўзғорда бир тансан,
Қандай жой, нима иш, хўп яхши билгансан,
Дунёга янгидан туғилиб келгансан!
Ўн йилда бошқатдан ясанди тарихинг!
Дунёлар тарихи жой берди кўксидан,
Хавфинг йўқ гардишнинг ҳар қанча аксидан,
Йўлдошинг — мсҳнатдир, ўртоғинг — илму фан,
Тарихлик номини қозонди тарихинг!..
1934


Байрамда Шаҳримиз

Турди роҳат уйқусидаy шаҳримиз эрта-саҳар,
Тушди истиқболига олтип қуёшдан зарралар.
Тилладан япроқ тақинди, боғчалар-ла парклар,
Жонли селга очди йўл алвон кийннган арклар.
Дарёдек тошди қизил баqроқ билан улкан шаҳар,
Кулди байроқлар каби қувнаб яшарган чеҳралар.
Отга минган мард йигитлар, танка минган қаҳрамон,
Барча қувноқ чеҳраларга ёв хуружиндан омон!
Қанча лочин осмонда... Мангу қайрилмас қанот,
Сулҳпарвар ўлкамизга ёв ҳужуминдан нажот.
Уйқудан турган шаҳарнинг чеҳраси қандай ёруғ!
Ялладан тинмайди бир дам... жилдираб оққан ариқ!
1935


Бу Ўлканинг Кўклами

(Кавказ хотиралари)
Бу ўлканинг кўклами жуда ҳам намгарчилик,
Қуёш булутлар билан ўйнашади, шекилли.
Қачон кўрсам яширинган ўйинқароқ боладай,
Мени энтиктирмоқчи, ўйнашиб, алдай-алдай...
Мени алдарсан, қуёш! Мени алдаш осонроқ.
Нишондорни алдаб кўр,— шунда сенга берай ҳақ.
У, ҳавонинг нозини назарига илмайди,
Масковда ваъда берган, бошқа гапни билмайди.
Булут ерни қамчилаб осмон бўйи сузаркан,
Бемаҳал хуруж қилиб, мўлжалларни бузаркан,
Нишондорнинг юзлари жилмаяди бепарво:
«Қўрқутолмайсан,— дейди,— сен бизни инжиқ ҳаво!»
Адирларга қарайди: ҳар томон яшил буғдой!
«Нима қилайин,— дейди — булутларни мақтамай?
Ризқимизни уларнинг хуружидан оламиз,
Шу томчилар остида кўкаради даламиз!»
Боя, дўллар остида чопиб ўтди ишига.
Ҳаво тушолармиди нишондорнинг пешига?
Қўёш ҳали инидан тузук-қуруқ чиқмасдан,
Булут ҳўл лунгисини қаттиққина сиқмасдан,
Майсалар эрта билан дилдирашиб қараркан,
Совуқ шамол танларни қашлоғичда тараркан,
Далаларда нишондор баҳорни боғлаб олган,
Далада бир жон борми — ҳавога назар солган?
Жўхори доналари холис олтиндай тоза,
Бежирим қурутганлар офтобга ёза-ёза.
Қора ернинг бағрига кўмилдилар доналар,
Ҳа, Қуёш, кўкдагилар кўп ёмон алданалар.
Бу ўлканинг эгаси — бутунлай янги одам,
Қўядими ғурури тиласин кўкдан ёрдам?
У сенинг кўкларингни ўз амрига олажак,
Аччиғинг келган бўлса оловингни баланд ёқ!
У, сенинг оловингдан мўл-кўл ҳосил олажак,
Сени ҳам бора-бора ўз йўлига солажак!..
1936


Биринчи Санъат Нишондори Ўртоқ Уйғурга

Саҳна санъатини бола чоғидан
Меҳрибон онадек парвариш қилдинг.
Асабинг метиндан пишиқроқ эди,
Биламан, шунда ҳам қанча сиқилдинг!
Бутун ёшлигингни саҳнамиз олди,
Ёшлик ғайратинн сен унга бердинг.
«Туркистон табиби» ўйналар экан,
«Саҳнамиз «Ҳамлетога етади!» дердинг.
Бирга қадам ташлаб инқилоб билан
Саҳна санъатини шунча юксалтдинг.
Элни севинтириб қандай порлади
Энг буюк асари В. Шекспирнинг!
Бугун олдингилар сафига ўтиб,
Қандай гўзал жойни олди саҳнамиз.
Ниҳоят, сени ҳам олдинги сафда
Фахрий нишон билаи кўрдик ҳаммамиз.
Кўнгилдан қутлайман! Бу улуғ нишон
Янги ютуқлардан хабар демакдир.
Совет санъатининг қизил байроғин
Тобора юқори кўтар демакдир!
1936


Булбул Ва Гул

(А. С. Пушкиндан)
Баҳор чоғида ҳоли боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, «Гулим, раҳм айлагил», дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.
Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан тинмайин бир дам.
Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди.
1936