OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧон Мён Кван
Асар номиФренк (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Корейс адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Чон Мён Кван
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонОтабек Ёълдошев (Корейс тилидан)
Ҳажм61KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Френк (ҳикоя)
Чон Мён Кван

1

Гапнинг пўскалласини айтганда: мен Френк билан умуман учрашмаганман. Ҳатто асл корейсча исмини ҳам билмайман. Тасаввурим эримнинг у ҳақида айтиб берган гаплари доирасидагина эди. Улар болалик чоғларида ёнма-ён уйда яшашган, карате тўгарагига бирга қатнашган ва ёшлари улғайгач ҳам елкама-елка бўлишган. Френк бундан йигирма йил аввал Канадага кўчиб кетди ва кичикроқ автомобил эҳтиёт қисмлари магазинини бошқармоқда. У қайнотамнинг опасининг ўғли бўлиб, Канадага кўчиб кетгач исмини Френк деб ўзгартириб олган эди. Бу менинг Френк ҳақида бор билганларим.

Улар икковлашиб елкаларига гитарани илиб, паркка тез-тез бориб туришар, ўзларига шўхлик қилаётган қизларга эътибор беришмасди. Паркда қўшиқ куйлашиб, барзанги йигитлар билан кураш тушишарди. Нишонга ўқ отишда ва курашда Френк доимо ютганлигини эрим оғзидан бол томиб ҳикоя қилиб берарди: »Шундай ошнам бор менинг…»

Кўпинча эрим хотирлайдиган ёшлик чоғлари ҳақидаги ҳикояларни тинглаб, Френкни бўйдоқларнинг энг барноси ёки чиройли айтганда «йигитнинг гули», деб хаёл қилардим. Френк жуда бақувват бўлиб, айтишларича, курашда ҳеч қачон енгилмаган экан. Эрим Френк билан бирга тушган суратини менга кўп кўрсатган. Френк ҳарбий хизматни ўташ учун денгиз кучлари флотига кетишидан аввал олинган рангсизгина суратда эрим ва Френк боксчиларга ўхшаб майкачанг бўлиб, муштларини бир-бирига бирлаштирганча кулиб турибди. Эримнинг бўйи сал баландроқ бўлиб, қорачадан келган, қандайдир ўзига тортиб турган йигитча Френк эди. Кўринишидан эндигина йигитликка қадам қўйган пайтлари бўлса керакки, мўйловлари сабза ура бошлаган.

Баъзан шу суратни кўрсатиб:
— Сиз ҳам шунақа озғин бўлганмисиз? - деб эрим билан хазиллашиб қўяман.
— Кўриб туриб сўрашингни қара-ю, - дейди у. - Ёшлигимда жанговор киноларга хавас қилиб, деворга икки оёғимни тираб чиқишни ўргангандим.

У ўша суратга тушганидан то мени учратгунига қадар нақ йигирма килограммга семирган бўлса, тўйимиздан то ҳозирга қадар яна йигирма килограммга «тош босадиган» бўлди деб хисоблаш мукин. Бир юз саксон сантиметрлик бўйига 100 килограммдан ортиқ вазни бироз қўрқинчли туюлиши мумкин, лекин менинг назаримда у даражада тўнка эмас. У мехрибон ва анчагина хиссиётли ҳам. Телевизорда сериал кўриб, баъзида таъсирланиб кўзёш ҳам тўкиб туради ва хатто актёрларга тақлид қилиб хурсанд қилиб туради.

Ўшанда иқтисодий қийинчилик аталмиш рассом одамлар тақдирига йўқчилик ва етишмовчилик деган расмларни чизаётган дамлар эди. Эрим ишсиз бўлиб қолди. Унинг олтита техник сертификати борлиги туфайли аввалига бундан унчалик хавотир олмадим. Чунки иш жойи албатта топилишига ишонардим. Лекин вақт ўтар,лекин хадеганда иш топилмасди. Бир қанча жойларга хужжат топшириб кўрди, таниш-билишларидан суриштирди. Барча жойдан деярли бир хил жавоб келарди:»Ҳозир ахволимиз яхшимас. Бўш жой йўқ!».

Эрим саноат коллежини тамомлагач, шу соха бўйича институтни ҳам битирган. Соч қуритадиган мослама ишлаб чиқарадиган корхонада ишлаб юрган чоғларида мени учратганди. Мен ўшанда спорт буюмлари савдоси билан шуғулланадиган супермаркетда ишлардим. Бир куни у дўконимизга кийим олгани кирганди. Лекин унга тўғри келадиган кийим топилмади. «Кейинги сафар келсангиз топиб қўяман»,деб кузатдим. Бошқа сафар келганида у мени учрашувга таклиф қилди. Ўшанда унга бирорта кийим ҳам мос келмаганлиги бутун супермаркетда шов-шув бўлганди. Унинг соддадил ва камтарлиги семизлигини бекитиб кетганди. Тўйимиздан кейин у икки марта иш жойини ўзгартирди. Аввалига соқол қирадиган асбоб чиқарадиган корхонада ишлади, сўнгра гуруч қайнатадиган электрон қозон корхонасида ишлади. У ишсиз бўлиб қолган вақтда ўғлимиз бошланғич мактабда ўқирди. Аксига олиб, муаммоларимиз қалашиб кетди: ўғлимизнинг ўқишига тўланадиган шартнома пулидан тортиб ҳар ойда тўлаб бориладиган квартира қарзларигача кундан кунга ўсиб борарди. Буёқда мен ҳам уйда ишсиз ўтирибман. Ухлаб ётганимда худди бошимни ичидан бир махлуқ кемириб келаётгандек чўчиб уйғонаман.

Бир қанча жойларга бош суқиб кўргач савдо марказига ишга жойлашдим. Турмуш қуришимдан аввал супермаркетда ишлаганлигим қўл келди,чамамда. Маошим қониқарли бўлганлигидан ҳеч бўлмаса еб-ичиш ва кийим билан таъминлай олардим. «Эрим ҳам тез орада ишга жойлашса, ҳаммаси изига тушиб кетади»,ўйладим. Аммо орадан шунча ой ўтиб кетдики, эрим халиям уйда кўксини ерга бериб ётарди. Мундоқ қарасам, эрим ишга жойлашиш ҳақида бош қотираётгани ҳам йўқ. Жахл чиқмасдан илож йўқ. Захримни тотиб кўрган эрим яна иш излашга тушди. Ахволимиз баттар абгорлашиб бораётганлигини эр киши хис қилмаса аёл нима ҳам қила оларди?

Нихоят, кунлардан бир куни ҳаётимизга Френк кириб келди. Яримкечага яқин ишимни тугатиб, сувга босиб тузланган карамга ўхшаб бўшашиб кетган танамни зўрға кўтариб уйга келдим. Эрим бўзчининг мокисидек уёқдан буёққа қатнаб турибди. Афтидан, мени кутаётган эди. Стулга чўкишим билан у сабрсизланиб ичидагини тўкди.

Айтишича, бугун Френк қўнғироқ қилибди. Ишлари жойидалигию, жуда семириб кетаётганлигидан ташвишда эканлигиниям қистириб ўтибди. Нақ бир юз йигирма килограммни уриб қўйибди! Эримдан ишлари қандай кетаётганлигини қайта-қайта сўрабди. Соддагинам:»Вазним юздан ошди!»,дебди ва семизликдан тунлари уйқуси қочиб, иштахаси ҳам камлигини қўшиб қўйибди. Френк эса кулибди. Таскин берган бўлибди ва «Иш бор»,дебди, «Канададан Кореяга денгиз қисқичбақаси ва унинг ёғини экспорт қилиш бизнесини йўлга қўймоқчиман». Эримнинг «Пулим йўқ. Мен сенга бизнес шерик бўлолмасам керак», деган жавобига:»Хавотирланма: ўзим пул тикаман бу ишга. Сенга жўнатиладиган молни олиб, Кореяда сотишни амалга оширсанг бас. Бу ҳам шерикчиликка киради, ошна»,дебди.

Эрим гапини тугатиши билан умримда бирон марта қисқичбақа еб кўрмаганлигим ёдимга келиб:
-Кореяда сотилармикан-а қисқичбақа ёғи?-дедим кўзларимни бир нуқтага тикиб.
-Бу нима деганинг? Биз емаслигимиз - бутун Кореядагилар емайди дегани эмаску, - гапимни чўрт кесди эрим. – Бир хафтада ҳеч бўлмаса бир марта қисқичбақали таом ейдиган оилалар бор. Ҳар куни ейдиганлар ҳам топилади.
-Шунчалик мазалими?- дедим қизиқсиниб.

Эртаси куни эр-хотин икковлашиб ўғилчамизни етаклаганча қисқичбақали таом татиб кўргани гавжум кафелардан бирига бордик. Инсоф билан айтганда, мазали экан. Бироқ нархи чўнтагимни андак хафа қилди: бир ойлик маошимнинг ярмини тўлаб чиқдим. Ўша куннинг ўзидаёқ эрим қисқичбақали таом тайёрлайдиган кафелару савдо компанияларидан суриштирувни бошлади. Ҳар куни Френк билан қўнғироқлашаркан, қолган ярим маошим халқаро телефон сўзлашувларига кетди.

Орадан бир ой ўтгач у:»Канадага бориб келмасам бўлмайди»га тушиб қолди. Оилавий шаротимиз ночорлашиб қолганлигини рўкач қилган қайтариқларимга қарамасдан шахсан бориб қисқичбақа нархи ва бошқа майда-чуйдаларни хал қилиш кераклигини тушунтирди. «Бу телефон орқали битадиган иш эмас! Бахонада Френкни кўриб ҳам келаман. Яна қачон учрашамиз у билан?»-дея гапига нуқта қўйди.

Энди эримнинг самалёт чиптасини хал қилишимиз зарур эди. Охирги сўзлашувларида Френк самалёт чиптасини хал қилиб беришга ваъда берган бўлса ҳам эримнинг ғурури йўл қўймади. Ҳар холда бизнес учун бир тийин қўшмайдиган эримга денгиз қисқичбақаси бизнесини очиб бермоқчи бўлаётган одамдан самалёт чиптасигача олиб беришни илтимос қилиш тасаввурга сиғмайдиган ғирт тентаклик бўларди.

Балиқ ови буюмлари савдоси билан шуғулланадиган акамдан қарз кўтаришдан бошқа иложим қолмаганди. Телефон гўшагини кўтарган акам илтимосимни диққат билан эшитгач:
-Охирги пайтларда бозорим ўлган,сингилгинам. Ҳаридор йўқ… Ҳайронман: одамлар балиқ овлашга қизиқмай қўйишган чоғи - дея нолиш билан сўз олди. Мен эримнинг бизнес режаси ҳақида батафсил гапириб бердим ва қарзни уч ой ичида қайтариб беришга ваъда бердим. Акам кўнишдан бошқа чораси қолмаганди.

Гўшакни илиб ёнимда турган эримга хушхабарни айтишим билан эрим чапак чалиб юборди:
-Худога шукур, яхши бўлди. Энди Канададан қисқичбақани олиб келсак бас.

У мактабга илк қадам қўяётган боладай сабрсизлик билан Канадага бориш тайёргарлигини бошлаб юборганди. Ҳаётида биринчи марта хорижга бораётган эрим саёхат китобчаси ва қишлик буюмлари сотиб олди. (Френкнинг айтишича, Канада Кореяга қараганда анча совуқмиш. Енгил кийимда борса музлаб қолиш ҳеч гапмасмиш.)» Канадада сигарет жуда қиммат» деган мишмишни эшитган эрим беш қути Корея сигаретини олишни ҳам унутмади, ҳар эҳтимолга қарши дори-дармонлардан ҳам ҳарид қилди. Хаттоки аёллар учун крем ҳам четда қолмабди.
-Буни нима қиласиз?- сўрадим ҳайратланиб.
-Ўзим ҳам билмайман. Тиқилинчда олибман…

Ҳамма нарса тайёр. Канадага самалёт чиптаси буюртма берилса бас. Лекин ҳисобимизда бир тийин ҳам қолмабди. Яна акамнинг телефон рақамини теришга тўғри келди. Яна ўша нола эшитилди. У одамлар нима учун балиқ овлашни четга суриб қўйишганлиги сабабини аниқлаганини қўшиб қўйди:
-Аквалангда сув остига шўнғиш модага кирди!

Шунинг учун дўконида балиқ ови жихозлари билан бирга сув остида завқланиш учун зарур бўлган буюмларни ҳам сотмоқчилигини, бунақа нарсалар ўйлаганидан ҳам қимматроқ эканлигини қистириб ўтди. Эримнинг гапларини тўтиқушдек такрорлаб туравердим:
-Канададан қисқичбақа келса бўлгани – ҳаммаси яхши бўлади…

Чуқур уф тортган акам ёз мавсуми бошлангунга қадар уч ой ичида қайтариб беришни шарт қилиб қарз беришга рози бўлди.

Хуллас, Канадага чипта буюртма берилиб, тайёргарлик деярли ниҳоясига етди. Бу вақт ичида эрим инглиз тили сўзлашгич китобини сотиб олди ва зериккан пайтларида уни варақлаб қўярди. Ҳар эҳтимолга қарши инглиз тилини ўрганиб қўйиш зарар қилмас. (Ёлғиз кўчага чиққанда корейсчалаб гапирмайдику).

Китобни ўғилчамизга бериб қўяр, у эса эримни саволга тутарди:
-«Хурсандман» сўзи қандай айтилади?
-Ҳау…Ҳау… Ҳау…
-Шаҳар хокимияти қаерда? деб сўрангчи.
-Шаҳар хокимияти? У халиги… Хокимияти? Сал ёрдамлашиб юбор.
-Шаҳар хокимияти «Ситихол» бўлади. Уёғини топингчи…
-Ҳа, «Ситихол»…Тўғри. Бўлди-бўлди,топдим. Шаҳар хокимияти «Ситихол» бўлса халиги… анақа…

Инглиз тилидан тайёргарлик ҳар куни шундай давом этарди.

Эрим Канадага учадиган кун ҳам келди. Мен уни кузатиш учун ишдан қололмасдим. Шунинг учун эрталаб хайрлашиб, оқ йўл тиладиму ишга югурдим. У:
-Аеропортда телефон қиламан, - деди ва енгилгина қучди.

Иш топиш қийин бўлган пайтларда кечикиш яхши эмас – савдо марказимизга қушдек учиб келдим. Етиб келишим билан эримдан қўнғироқ бўлди:
-Қора кўзойнагимни тополмаяпман. Мабодо ташлаб юбормаганмидинг? –деди эрим ўзини хотиржам тутишга уринётгандек тутиб.
-Кичик папкангизга солиб қўйганман. Яхшилаб қидиринг, - дедим овозимни пасайтириб.

Шу тарзда у аеропортга етиб боргунига қадар етти марта қўнғироқ қилди. Аеропортдан туриб эса мени икки марта безовта қилди. Бир сафар самалёт чиптасини тополмаётганлигини айтган бўлса, иккинчисида Френкнинг телефон рақами ёзилган блокнотини қидираётганини айтди. Ҳаридорларнинг ёқтирмагандек ғалати қарашларидан минг истихола қилиб, телефоним ҳар жиринглаганда юрагим қинидан чиқиб кетгудек бўлаверди.
-Яхшилаб, шоҳсмасдан қаранг. Ҳаммаси жойида бўлиши керак,- дедим мен қайнаб келаётган зардамни ичимга аранг ютиб.

Нихоят самалёт чиптаси у кириб чиққан хожатхонадан чиқди. Блокнот эса топилмади.
-Ҳечқиси йўқ. Френк аеропортга кутиб олгани чиқаман деган… - деди эрим сал хотиржам тортиб. – Ҳар эҳтимолга қарши Френкнинг рақамини уйдаги дафтаримга ҳам ёзиб қўйганман. Тополмасам, Торонтога боргач сенга телефон қилиб кўчириб оларман. Хавотирланма!

Мен эса гўшакни қўйгач, эрим Канадага бориб қисқичбақа ёғини олиб келишига ишонқирамай қарай бошладим…

Унинг кейинги қўнғироғи чоғида мен ширин тушлар оғушида эдим. Саноқсиз қисқичбақалар мен томонга сузиб келяпти. Бирдан улар ёғга айланди. Хурсандлигимдан чапак чалиб юборибман. Қисқичбақа ёғи орасидан телефон жиринглаши эшитилди. Кўзимни очдиму телефон овози тушимда эшитилдими ёки ўнгимдами бироз карахт ётдим. Бош тарафимдаги телефон асабий жирингларди. Аста ёнбошимдаги соатга қарадим: тонгги тўрт. Эрим чиққан самалёт осмону фалакка кўтарилганига роппа-роса ўн етти соат бўлганди.

Гўшакни олишим биланоқ шовқин-сурон орасидан эримнинг талмовсираган овози эшитилди:
-Азизам, Канадага қўнганимга уч соат бўлди. Ҳозир аеропортдан телефон қиляпман. Френк билан хали кўришмадим, - деди иккиланибгина.
-Ие,бу нимаси?-дедим ҳайратимни яширолмай.
-Ўзим ҳам ҳайронман. Тезда уйдаги телефон дафтаридан Френкнинг телефон рақамини айтиб юбор,- деди эрим ютоқиб. Уйқум хали тўлиқ очилмай туртиниб-суртиниб телефон дафтарини ахтара бошладим. Охири топдим ва синчиклаб қарадим:Ф-р-э-н-к… Рақамларни адаштириб юбормаслик учун доналаб айтдим.
-Бўлди,рахмат,- деди эрим салгина хотиржам тортиб.-Уйқунгни бузганим учун узр,азизам.

Аммо мен бамайлихотир ухлай олмадим. Уёққа ағанаб,буёққа ағанаб тонг оттирдим…

Эрталаб ишга келдиму сотувчилар тахтасига киришим билан қўл телефоним мусиқаси янгради. Табиийки, эрим эди.
-Френк билан учрашдингизми?-биринчи саволим шу бўлди.
-Йўқ… Бир неча марта қўнғироқ қилишимга қарамай гўшакни ҳеч ким олмади. Бирор гап бўлганга ўхшайди, - деди у астойдил хавотирланиб. – Балки у уйимизга телефон қилиб қолар. Мени аеропортнинг 13-чиқиш йўлакчасида кутиб турганлигимни айтиб қўй.

Сухбатимиз шу билан тугади. Ўйлаб қарасам, Френк менинг қўл телефон рақамимни билмасди. Демак, у уй телефонимизга қўнғироқ қилиши керак. Турфа хаёлларга берилиб кетибман. Сотувчи ходим хаёлини бир жойга жамлаб ишламаса қийин экан: бир ҳаридорнинг майдалаб кесилган балиқларини пакетга солиб берарканман қўлимдан тушириб юбордим. Кунбўйи пештахта олдидан балиқ хиди анқиб турди:ўтган-кетган бурнини жийириб ўтиши ҳаммасидан ошиб тушди. Иш тугаши билан ўғлимни мактабдан олдиму уйга учдим. Буни қарангки, уйга кириб келишим билан телефон жиринглади. Нотаниш эркак овоз берди. У ўзини Френк деб таништирди. Мен аввалига бу киши Френк эканлигига ишонолмадим. Чунки эрим таърифлаган Френкни бунақа довдираб, худди пашшадек ғўнғиллаб гапиради деб ўйламасдим. У эрим келадиган кунни адаштириб юборганлигини айтди ва уни тополмаганлигини чайналиб қистириб ўтди.
-У сизни Торонто аеропортининг 13-чиқиш йўлакчасида анчадан бери кутиб ўтирибди,-дедим мен. У узр сўради ва вақт топиб Канадага мехмонга боришимни сўради. Гўшакни қўярканман, хавотирим камайиш ўрнига баттар авж ола бошлади.

Шундан сўнг эрим билан мулоқотни роппа-роса бир хафта кутишимга тўғри келди. Шу вақт давомида эрим Френк билан учрашганлигию, қисқичбақа ёғи бизнеси режаси қандай кетаётганлигига ҳам қизиқиш,ҳам хавотир билан қараган бўлсам-да, ўта қимматга тушадиган телефон алоқаси туфайли Канадага телефон қилишга журъат этолмадим. Ҳаммаси жойида бўлса керак,дея ўзимни овутаману, бошқа томондан ичимни хавотир емиради. Дам олиш кунини минг бир хаёлда ўтказдим. Охири сабрим чидамай душанба эрталаб Френкка телефон қилдим. Узундан узун гудок кетар, аммо ҳеч ким гўшакни кўтармасди. А, энди тушундим. Мен Корея ва Канада ўртасидаги вақт фарқини ҳисобга олмабманку. Бир неча соатдан сўнг яна телефонни қўлимга олдим. Сабрим косасидан тошишига бир томчи қолганида гўшакни кимдир кўтарди ва уйқусираган ҳолатда:
-Хел… Хелоо…,-деди.

Мен эримни дарров танидим.
-Нимага хабар бермайсиз?-дедим салом-аликсиз ғазабимни сочиб.

У телефондан корейс тилидаги гапни эшитиб енгил нафас олганлигини сездим:
-Мени кечир,азизам. Ўша куни Френк билан учрашиб, унинг уйига жойлашдим. Узоқ йиллик айрилиқ чигилини ёзиш учун тунги клубга бордик ва икки кун бурнимиздан чиққунча ичдик, - деди у айб иш қилиб қўйиб,дакки эшитишдан қўрққан болакайдек ўзини оқлаб. – Кейинги куни эса икковлашиб балиқ овига бордик. Энди эртага қисқичбақа ёғи бўйича гаплашамиз. Лекин бир муаммо пайдо бўлиб қолди,азизам.
-Қандай муаммо?-,юрагим қинидан чиқиб кетишига бир бахя қолди.
-Консуелланинг жуда жахли чиқди,-деди эрим овозини пасайтириб.
-Консуеллангиз ким?
-Консуелла Френкнинг хотини. Аниқроқ айтганда, хотини эмас. Никоҳдан ўтишмаган,холос. Нима бўлганда ҳам Френк билан бирга яшайди. Френк шу кунларда мен билан бўлиб унга кам эътибор бўлиб қолганлигидан ғазабда,чоғи. Балиқ овига ҳам уни бехабар қолдириб кетгандик.
-У қиз корейсми?
-Йўқ. Мексикалик,-деди у пичирлаб ва қўшиб қўйди – Лекин унинг ҳам вазни юз килограммдан ошаркан.

Бир зум семиз икки эркак ва аёлнинг диванга ўтирганча телевизор кўришларини кўз ўнгимга келтирдим. Жуда қизиқ…
-Хўш,муаммо нимада?
-Френк менга индамаса ҳам нигоҳларидан шуни сездим. Мен Френкникида турганлигим Консуеллага ёқмаётганга ўхшайди. Биласанку, бу ерда ҳаёт умуман бошқача.Шунга… эрта-индин бирорта бир мехмонхонага кўчиб ўтсаммикин, - эримнинг сўнгги гаплари қулоғимга кирмади.
-Ахир пул йўқку… - дедим нима дейишни билмасдан.
-Хавотирланма. Энг арзон жой топаман. Албатта Френк мехмонхона ҳақини тўлаб берадикуя, лекин хадеб Френкка юклайвериш ҳам ноқулай.

Пул сўзини эшитиб пешонамдан тер чиқиб кетди:
-Қанчага чўзилади сафарингиз?
-Иложи борича тезлаштираман. Ҳаммаси яхши бўлади,-деди у гапини тамомлаб. Охирида қўпол талаффузда «Гуд найт,ҳаней»,деб қўшиб қўйди. Торонтода соат неча эканки, менга хайрли тун тилаяпти. Мени хамон пул вахимаси осмондаги қора булутдек босиб келарди.

2

Эртаси куни савдо марказимиз ташкил этилганига беш йил тўлиши муносабати билан арзон нарх аксиясини ўтказишни бошладик. Бундай пайтларда уй бекалари узундан узун навбатни тузиб қўйишади. Бу дегани иш вақтим яна икки соатга чўзилишини англатарди. Иш тугаши билан хориб-чарчаб ерга ўтириб қоладиган ҳолга келардим. Хаттоки, уйга қайтиб кийимларимни алмаштиришга улгурмасданоқ диванга бир зум тин олиш учун ўтириб,шу бўйи ухлаб қолган чоғларим кўпайди. Шундай кунларда тонг махали қўнғироқ бўлди. У салом-аликдан сўнг қувноқ охангда:
-Ҳозир мехмонхонада турибман. Кеча қисқичбақа ёғи нархини суриштириб кўрдик. Жуда арзон экан,азизам. Агар режамиз амалга ошса иккаламиз ҳисоблаб чиққандан ҳам кўпроқ фойда қоларкан,-деди ва бирдан маъюс холатда – Лекин мехмонхона сал қимматроқ экан. Шунга озроқ пул жўната олармикинсан-а?!
-Озроғингиз қанча? – дедим сабрим чидамай.
-Ҳозирча етти юз доллар етади!
-Тушундим.

Гўшакни илдиму яна уйқуга кетдим ва буни қарангки эримнинг илтимосини буткул ёдимдан чиқарибман. Савдо марказимиз ёнидаги банкда одамлар гавжумлигини кўриб эсимга тушди. Етти юз доллар бизнинг пулимизда қанча бўлишини хаёлимда тахминан ҳисоблаб чиқдим. Войбў… Ахир бу менинг бир ойлик маошимга тенг эканку. Наилож яна акамга бош эгиб боришга тўғри келди…

Ўша куни тушдан сўнг Канадага пул жўнатдим. Қанчалик ичим зил кетса ҳам ишқилиб охири бахайр бўлишидан умидвор эдим. Шундан сўнг бир хафта давомида эримдан хабар бўлмади. Мени эрим пулни олдими-йўқми, қисқичбақа ёғи қачон Кореяга етиб келади каби саволлар қийнаса ҳам Канадага телефон қилишга ботинолмасдим. Қўнғироқ қилсам худдики ёмон хабар эшитадигандек қўрқувга тушардим.

Арзон нарх мавсуми тугашидан бир неч кун аввал эримдан хабар келди. Овозида аввалги қувноқлигидан асар ҳам қолмаган.
-Ишлар бироз кечикадиганга ўхшаяпти.
-Нима бўлди?-ҳайратимни яширолмадим.
-Френкнинг муаммолари чиқиб қолди.
-Қанақа муаммо?
-Икки кун аввал Консуелла уйдан чиқиб кетди.
-Нега?
-Маълум бўлишича, Консуелла бошқа йигит билан дон олишиб юраркан. У йигит Чилидан келган иммигрант бўлиб, қайсидир коллежда футбол мураббийи экан.
-Чили? Ҳаритадаги майдони ингичка узун давлатданми?
-Ҳа-да. Улар бир йилдан буён яширинча учрашиб юришаркан. Френк ғафлатда қолибди.
-Хўш энди нима бўлади?-сўрадим йиғламоқдан бери бўлиб.
-Кеча икковлон Френкнинг қисқичбақа ёғи олишга йиққан пуллари ва машинасини олиб Ванкуверга қочишибди.
-Нимага…-дедим кўзёшларим кўзларимга қуйилиб.
-Бугун эрталаб Френк ижарага машина олиб Консуеллани тутгани чиқиб кетди.
-Ванкувергами?
-Ҳа. Шунинг учун Френк келгунига қадар унинг магазинига кўз-қулоқ бўлиб турарканман. Хавотирланма, Френк улар қаерга кетишганлигини тахминан биларкан.

«Бироз кут»миш. Ё худо,енди нима бўлади. Бундай ҳолатда қандай хотиржам бўлишим мумкин. Оёқларим танамни кўтаришга кучи етмагандек холсизланиб ерга ўтириб қолдим. Хаёлимда «Консуелла…Френк… Чили… Ванкувер… Футбол мураббийи… Қисқичбақа ёғи…» каби фикрлар чарх уриб айланарди. Ўша куни тушимга яна қисқичбақа кирибди. Лекин бир кўриндию қўлларим билан тутаман деганимда денгиз тубига ғарқ бўлиб кетди.

Орадан бир неча кун ўтиб эрим яна пулга эҳтиёж сезиб қолди. Иложсизликдан тез кунларда қайтариб бериш шарти билан ҳамкасбларимдан минг доллар (доллар ва вон курсига ўрганиб қолдим) қарз кўтариб, Канадага жўнатдим. Ҳар сафар қарз сўраганимда жоним бўғзимга тиқилиб қолар, қарзни қайтаришни ўйласам, яна юрагим зил кетарди. Бу орада Френк Ванкувердан қуруқ қўл билан қайтибди: Консуелладан ҳам, чилилик футбол мурабийидан ҳам ном-нишон йўқмиш. Аммо Френк эримни хотиржам қилибди:»Ҳечқиси йўқ.Қайтадан пул йиғиб, албатта бизнесимизни бошлаймиз. Доллар курси тушиб, қисқичбақа нархи ҳам гох кўтарилиб, гох тушиб турибди. Сал кейинроқ сотиб олганимиз маъқул», дебди. Кўнгилни сал хотиржам қиладигани шуки, Консуелла Френкни ташлаб кетгач эримнинг мехмонхонада яшашига хожат қолмади – Френкникига кўчиб ўтди. «Ёнида туришим рухий далда бўлади»,деди эрим. Аммо Френк бўлиб ўтган кўнгилсизликдан ўзига келолмай ҳар куни тунги клубга бориб ичиб келадиган одат чиқарибди. Табиийки, эрим ҳам унга хамроҳлик қилади. Мен ҳар сафар «Тезроқ ишни битказиш ҳаракатини қилинг,»дея зорланардим. Иш мен ўйлагандан ҳам чигаллашиб кетди. Френк тунги клубда мастликда бир қоратанли йигит билан жанжаллашиб қолиб, эримнинг айтишича, рақибини «ерга михдек қоқиб қўйибди». Ҳарбий хизматни десант бўлимида ўтамаганми - қора танлини қимирлай олмайдиган ҳолатга келтирибди. Ўша жойнинг ўзида Френк политсияга, қоратанли эса касалхонага йўл олишибди. Жарима тўлаб политсияда қутулган бўлса ҳам муаммо бу билан тугаб қолмади. Френкдан таъзирини еган қоратанли Лос-Анжелесдан келган бўлиб, гиёхванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган тўдага қарашли одам экан. Бу воқеани эшитиб тўдабоши ғазаб отига минибди ва ъъгуноҳкоръъни топиб жазосини бериш учун югурдакларини Торонтога юборибди. Улар шаҳарни остин-устун қилиб юборибди. Френк эса қисқичбақа ҳақида ўйлайдиган ҳолатда эмасди.
-Кечир,азизам. Мен ҳам бундай бўлишини кутмагандим. Балки Френкни бир дақиқага бўлса-да ёлғиз қолдирмаганимда бундай бўлмасмиди. Хожатхонага бориб келгунимга қадар Френк қоратанлини чилпарчин қилиб ташлабди,-деди эрим ва мени хотиржам қилиш учун гап ўйлаб топди.- Хечам хавотир олма. Улар тез орада қайтиб кетишади. Тополмагач,аниқ қайтиб кетишади. Бу ер Лос-Анжелесга қараганда анча совуқ. Биласанку, қоратанлилар совуққа бардошсиз бўлишади. Яқинда об-ҳаво маълумотини кўргандим:ҳафта охирига бориб ҳаво жуда совуркан.

Мен қоратанлилар совуққа чидамли ёки йўқлиги ҳақида ўйлайдиган ахволда эмасдим. Улар тезроқ Лос-Анжелесга қайтиб кетишларини сўраб дуо қилишдан бошқа иложим йўқ эди. Асабларим чарчаган, ишда ҳам, уйда ҳам чехрамни оча олмасдим. Ҳатто бир сафар ҳаридор билан гап талашишгача бордим. Ҳамма менинг ўзгариб қолганимдан хайрон. Юзимни қўлларим билан бекитиб, хожатхонага кирдим ва эшикни ичкаридан ёпиб олиб юм-юм йиғладим. Қисқичбақа уйимиздаги бахтни аста-секин парчалаб чайнаб ташлаётгандек туюлди.

Бу орада мен Канадага минг доллардан икки марта жўнатишга улгурдим. Қора танли қароқчилар эса халиям Торонтода оч бўридек изғиб юришарди. Дард устига чипқон деганларидек уларни сафига яна биттаси қўшилибди:
-Азизам, ишлар пачава…,- деб қолди эрим одатий қўнғироқларнинг бирида.
-Ҳа, нима бўлди?-мен совуқ хабарларга ўрганиб қолгандим. Шунинг учун бу гапни бефарқ қабул қилдим.
-Лос-Анжелесдан Френк келди!
-Френк келди? Торонтода эмасмиди Френк?-ҳайратландим.
-Ааа… Бу Френкни айтаётганим йўқ. Тўдабоши Френк.
-Тўдабоши Френк?
-Бизни излаётган қароқчиларнинг бошлиғи исми Френк экан. У бизнинг Френк калтаклаган қоратанлининг тоғаси экан.

Френк…Тоға… Мен ҳеч нарсага тушунолмадим.
-Хўш, у нега келибди?
-Нега келарди қасос олгани келган-да. У Лос-Анжелесда шафқатсизлиги билан ном чиқарган экан. Федерал политсия қора рўйхатида тураркан. Бир сафар колумбиялик ҳаридори гиёхванд ҳақини тўламасдан қочган экан, Боливиягача қувиб боришибди. Топиб жуда хунук ҳолатда ўлдиришибди.

Ё Худойим,ўзинг асра… Канада ва Кореяни қитъалар ажратиб турибди. Бир қитъа наридаги эрининг бунақа гапларидан қайси корейс аёли (нафақат корейс, бутун дунёдаги аёллар) қандай хотиржам бўла оларди.
-Энди нима қиласиз?-дедим яна йиғламсираб.
-Нима қиласиз,дейишини бунинг…-деди эрим энсаси қотиб.- Ҳозир Френк иккимиз уйдан бир қадам нарига чиқмасдан, мум тишлаб ўтирибмиз. Овқатни ҳам уйимизга келтириб берадиган кафега буюртма беряпмиз. Кеча Френк уйнинг ҳамма томонига қулф илиб чиқди. Ўша тўдабоши Френк Лос-Анжелесда кореялик тўда билан ўчакишиб қолган экан. Корейслар уни итдек хорлабди. Шунинг учун у корейсларни жини суймас экан. Нима бўлганда ҳам Френк бошқа шаҳарга яшириниши лозимга ўхшайди.

Мени баттар вахима босди. Калламда минг хил хаёл лабиринтга кириб адашиб қолгандак чарх уриб айланарди.
-Қисқичбақасиям керакмас, тезда чипта олингу Кореяга қайтинг,-дея зорландим.
-Ҳозироқ қайтардиму Френкни бундай қийин ахволда ташлаб кетишга ғурурим йўл қўймайди,-деди эрим жахл қозонимга ўт қалаб.
-Ғурурми-бошқами фарқи йўқ. Бошқа жўнатадиган пулим ҳам йўқ. Ё Кореяга қайтинг, ёки ўша ёқлардаги қароқчиларнинг ўқига учиб ўлинг,-дедим зардам қайнаб ва қарсиллатиб гўшакни қўйдим.

Тушимга яна қисқичбақалар кирди. Бу сафар катталиги одамдек келармиш. Негадир улар қора тусга кирганди. Мен томонга йиртқич жонивордек бостириб кела бошлади . Хатто қўрқувга соладиган даражада увиллаб қўйди. Мен қоча бошладим, аммо оёқларим ўзимга бўйсунмас, қисқичбақалар эса мени таъқиб этарди. Нафасим қисилиб,қора терга ботиб уйғониб кетдим.

Эримнинг Канададаги саргузаштлари поёнига етай демасди. Тўдабоши Френк бошчилигидаги қароқчилар бизнинг Френкни топиш учун хали ҳамон Торонто кўчаларида тентирарди. Эрим ва Френк бу орада бир мехмонхонага яширинишди. Улар асли келиб чиқиши кореялик бўлган ходим орқали янгиликлардан воқиф бўлиб туришди. Бир куни Френк тонг қоронғусида мехмонхонадан чиқиб, Оттавадаги дўстининг уйига қочибди. Френк хавфсиз жойда бўлса-да, Торонтода қолган эрим Френк каби семиз ва кўзлари қисиқ бўлгани учун бемалол ташқарига чиқолмасди. Мен иқтисодий томондан қийналаётган бир пайтда эрим Торонтода Френкнинг уйида яшириниб «вақт ўлдириш» билан банд эди. Биз тўдабоши Френкнинг кўнгли юмшаб, Лос-Анжелесга кетишини тилар, шундагина дўстининг уйида пусиб ётган бизнинг Френк Торонтога қайтар ва қисқичбақа бизнесини бошларди.

Нихоят ёруғ хабар эшитадиган куним ҳам етиб келди. Ишончли мехмонхона хизматчиси эримга тўдабоши Френк қасосдан воз кечиб, ортга қайтаётганлигини етказибди. Бу хабардан сўнг бир неча кун эримдан дарак бўлмади. Мен: «Балки қисқичбақа нарх-навосини суриштириб банд бўлса керак»,дея ўзимни овутдим. Лекин бу хотиржамлигимни эримнинг гаплари чил-чил синдирди:
-Тўдабоши Френк халиям Торонтода!

Эримнинг хуфияси келтирган хабарига кўра, тўдабоши мехмонхонада оддий офитсиант бўлиб ишлайдиган асли швейсариялик гўзал Эйприлнинг нигоҳига асир бўлиб қолибди. У югурдакларини Лос-Анжелесга жўнатиб юборибдию, ўзи Европани эслатиб юборадиган Канадада номаълум муддат қоладиган бўлибди. Шафқатсиз тўдабоши ҳамма нарсани йиғиштириб, ўзи билмаган ҳолда яхши томонга ўзгара бошлабди. Бизнинг умидимиз энди Эйприлдан эди - у Лос-Анжелесда яшашни хохлаши керак эди. Дўстиникига яширинган бизнинг Френкни унутиб ҳам юборибман. Тўдабоши Френк… Бизнинг Френк…

Буёғига ҳам тўдабоши Френк ва Эйприл ҳақида озгина сўзлаб берсам.

Эримнинг хуфияси айтишича, Эйприл ота-онаси билан яшаркан ва табиийки, Эйприлнинг Лос-Анжелесга кетиши учун уларнинг розилигини олиш талаб этиларди. Отаси узоқ Европалик миллатчиларга қариндош шекиллик, қизининг қоратанли йигит билан ахд-паймон қилишганлигидан ғазабланибди. Лекин уддабурон тўдабоши бу муаммони хамирдан қил суғургандек хал қилибди: Эйприлнинг онасига қимматбахо соат,отасига эса Япониядан келтирилган голф ўйини буюмларини совға қилибди. Миллатчи отанинг ҳам кўнглидаги музлар эрий бошлабди. Тўдабоши нархи олтмиш минг долларлик Кадиллак автомобилини совға қилган куни дастурхон устида:
-Қоратанлилар одам эмас. Улар хайвондан фарқи бўлмайди. Мен қоратанлиларни ёмон кўраман. Лекин Френк бундан мустасно. Френк қоратанли эмас. Унинг ташқи қиёфаси қора,холос. Ичи оппоқ. Шундай экан қизимнинг у билан бахтли бўлишига ишонаман!-деб сўнгги қарорини айтибди.

Бизнинг умидларимиз аста куртак чиқара бошлаган ва Френк Оттавадан қайтишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда яна «қовун тушди»:кимдир Эйприл ва тўдабоши Френкнинг марихуана чекаётганлигини кўриб қолибди. Буни эшитган қизнинг ота-онаси Френкнинг «ичи оқ»лигига шубха билан қарай бошлабди. Ўлганни устига тепгандек, миллатчи отага совға қилинган Кадиллак ўғирланган машина экан. Политсияда сўроққа тутилган ота яна ғазаб отига минибди. Кучли бўронга дуч келгандек умидларимиз пучга чиқа бошлади.

Эрим Канадага кетганлигига уч ой тўлаётганди. Қийин ахволда юрган кунларимнинг бирида акам телефон қилиб қолди. У одатдагидек гапларини узундан узун нолиш билан бошлади. Дўкони учун янги махсулотлар олиб келиши лозимлигини айтаркан, менга берган қарзини қайтаришимга ишора қилди.
-Кечиринг,ака. Ҳозир қачон қайтара олишимни айтишим қийин,-дедим лабимни тишлаб.
-Нега ахир? Нега?-бирдан акам асабий бақириб юборди.-Уч ой ичида қайтараман дегандингку.
-Ҳа,шундай дегандим. Лекин… Ишларимиз пачава…
-Нима бўлди? Нарсалар хали ҳам етиб келмадими?
-Келмади…Френк халиям Торонтода экан. У Лос-Анжелесга қайтиб кетса бўлди-эди…
-Френк? Френк ким ўзи?-акам мени алахсираяпти деб ўйлади.
-Френкми? Ё Худойим, ҳаммасини бошидан гапириб беришим керак…

Шундан кейин икки ой ўтиб эрим қайтиб келди. Иссиқ ва дим ҳавода терлатиб кийим баданга ёпишиб қоладиган ёз ҳам кириб келган эди. Мен кутиб олиш учун тонг саҳардан машинамда аеропортга қараб йўл олдим. Канададалигида эрим нақ ўттиз килограммга озиб, бир қарашда таниб бўлмас қиёфага кирганди. Уни узоқдан кўрдиму йиғлаб юборай дедим. У ҳам айни менинг ҳолатимда эди. Кўзлари қиртайиб, жуда чарчаганлиги билиниб турарди. Йўлда келарканмиз, кўзларини юмиб ўйга толганча ўтирар, дамба-дам чўчиб атрофга алангларди.

Уйга етиб келгач, у ювиниб ҳам ўтирмасдан ўзини диванга отдию уйқуга кетди. Лекин икки соат ҳам ухламасданоқ ўрнидан турди ва узун коридорли хонамизга чиқди. Энди эсига келгандек:
-Ўғлим қаерда?-деб сўради.
-Тўгаракка ташлаб келдим.

Ҳеч нарсага тушунмагандек меровланиб бир зум ўйга толди. Ванна қабул қилиб чиққач, семирмасдан аввалги даврларидаги кийимарини кийди. Хайриятки, мос тушди. Ойнага қараб ўзини томоша қилди ва яна атрофга қўрққандек аланглаб қўйди. Шундан сўнг кўксимга бошини қўйиб, ёш бола каби юм-юм йиғлай бошлади. Мен нима қилишимни билмасдан унинг оқ аралашган сочларини силадим. У ўзини босолмасдан силкиниб йиғларкан тинмасдан узуқ-юлуқ товушда кечирим сўрарди. Беихтиёр менинг ҳам кўзларимга ёш шашқатор бўлди. У Канадага кетишидан олдин менга айтган гаплари оғзимдан чиқиб кетди:
-Хавотирланманг. Ҳаммаси яхши бўлади!

Кореяга қайтиб келганидан икки ой ўтибгина эрим электр печкаси чиқарадиган заводга ишга жойлашишга муваффақ бўлди. Иш топиш айни мушкул бўлган кунлар эди. Айни қиш чилласида узоқ танаффусдан кейин Френкдан қўнғироқ бўлди. У Оттавада янги магазин очибди ва ўша томонга кўчиб ўтибди. Қочиб кетган Консуеллани бутунлай унутибди ва хаттоки янги махбуба топишга ҳам улгурибди.Янги севгилиси бразилиялик бўлиб, у ҳам юз килограм тош босаркан. Айтишича, Консуеллага қараганда семизроқ бўлса ҳам, ҳар ҳолда ундан кўра ёшроқ ва гўзалроқ экан. Шунингдек, исмдоши тўдабоши Френк ҳам Лос-Анжелесга қараб равона бўлибди.
-Охири нима билан тугади?-сўради эрим қизиқиб.
-Бир куни Эйприлнинг ота-онасини ўлик ҳолда топишибди ва бечора қиз йиғлай-йиғлай тўдабошининг ортидан кетди,-деди Френк ва қўшиб қўйди.-Ҳамма муаммоларим хал бўлди. Энди денгиз қисқичбақаси бизнесини бошласак бўлади. Қачон келасан Канадага?
-Рахмат,ошна. Ҳозир ишларим кўпайиб, бош қашишга ҳам вақтим йўқ,-дея эрим нозиккина рад этди.

Френк бир зум жим қолди ва:
-Тушундим. Вақтинг бўлганда, хотининг билан албатта мехмонга кел,-деди.

Канададан келганидан буён эримда анчагина ўзгаришларни кўрдим. Доим хазиллашиб,кулиб турадиган юзига ҳаёт ташвишлари соя солгандек. Вақт ўтиб борарди. Биз ниҳоят акамдан олган қарзимиздан ҳам қутулдик. У доимгидек нолишни бошлади:
-Ишларим орқага кетган. Нарсалар сотилмаяпти. Одамлар нималарга қизиқишларини суриштириб юрибман.

Мен супермаркетда ишимни давом эттирдим. Тўхтовсиз югурадиган футболчи каби ишлар, боламга қарашга ҳам вақтим бўлмасди. Яқинда эрим маоши баланд компанияга ишга кирди ва буни нишонлаш учун оилавий тўпланиб, денгиз қисқичбақасидан таом тайёрлайдиган кафега бордик. Хануз одамлар гавжум,атрофда бундай кафелар кўпая бошлаганлигини энди илғадим. Биз овқатланарканмиз, тўдабоши Френкни эсладик. Нима бўлганда ҳам Эйприл билан бахтли ҳаёт кечиришсин. Бразлилиялик қиз эса ўзимизнинг Френкни ташлаб кетмаслигини тиладик. Юзимизга сал табассум қўнгандек бўлди. Френк, Торонто, Ванкувер,Консуелла,Чилилик футбол мураббийи, Боливия,Колумбия,Эйприл,Кадиллак машинаси… Баъзилари бизни ранжитган, баъзилари эса юрагимизга умид берган бу номларни эсларканмиз қаттиқ кулиб юбордик. Атрофдаги хўррандалар бизга хайратланиб тикилишса ҳам биз ўзимизни кулгудан тўхтатолмасдик.