OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЧори Аваз
Асар номиТортилган камон
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Чори Аваз
Услуб
   - Шеърият
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
НашриётҒафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг Самарқанд бўлими, Самарқанд, 1990
Ҳажм71KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/12/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Тортилган камон
Чори Аваз

«
Шоирнинг илк китоби
»

Чори Аваз 1957 йилда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги Тожик қишлоғида туғилган. 1976-78 йилларда Армия сафида хизматда бўлди. ТошДУ нинг ўзбек фнлология факультетини тамомлаган.

Қиз Ўйлари

Уйда ёлғиз ўй сурар
бир қиз йўлга боққанча,
хаёллар оғушида
умид билан оққанча:
Ер бўлсанг вафодорга,
вафо қилсанг ўзинг ҳам.
Ўзингдай азиз бўлса
айтилмаган сўзинг ҳам.
Оқшом пайти ё тунда
айланиб кўчаларни,
тонгга элтиб қўйсанг-эй,
юлдузли кечаларни.
Шундай яшаб ўтсанг сўнг—
билмай ҳеч ғам, аламни.
Бу дунёни севсанг-эй,
севган каби болангни.
* * *
Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Оппоқ қўшиқ бошлар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу —
Бир ширин-эй, бир ширин.
Бу дунёда борлигингни
Билмагандек ҳеч замон,
Юра-юра рўпарангда
Пайдо бўлгум ногаҳон.
Жилмаясан
Масрур, сархуш
Тун оппоқ қор ичиндан.
Оппоқ оқшом, оқ тун ва сен...
Тушга ўхшайди чиндан.
Секингина,
Секингина
Пичирлайсан: «Севаман!»
Жавоб қалбдан то тилгача
Минг йил чопар: «Биламан».
Қорли оқшом,
Оппоқ олам,
Куйлар, куйлайверар тун.
Тушга ўхшаш бир нарса бу—
Бир ширин-эй, бир ширин.
* * *
Тун чекинар киприкларингдан,
Чиқа бошлар кўзингдан қуёш.
Жон оламан кулгуларингдан,
Мен руҳингман, ахир, қаламқош.
Гар ғам кўрсам ёноқларингда
Қуйилади кўзларимдан ёш.
Ииқиламан қайғуларингдан,
Мен руҳингман, ахир, қаламқош.

Сендан-Ку Кўнглим Тўқ

Сендан-ку кўнглим тўқ. Кўзларинг
Бир нурли чаманга етаклар.
Нигоҳинг — дилтортар болакай,
Қўзимдан сўрайди эртаклар.
Нигоҳинг ҳаққини ахтариб,
Юрагим қатини титаман.
«Гар топа олмасам» деган уй
Қелару заққумлар ютаман.
Сен боис заққумлар лаззатга
Айланиб кўзингдан қайтади.
Биз севган эртакни қўлларим
Қўлингга пичирлаб айтади.
Мен ютмоқ бўламан тилимни,
Тил мени енгмоққа шайланар.
Хайрият, мен чўчиб айтмаган
Сўзлар ҳам эртакка айланар.
Сендан-ку кўнглим тўқ. Кўзларинг
Бир нурли манзилга етаклар.
Нигоҳинг—дилтортар болакай
Қўзимдан сўрайди эртаклар.
* * *
Сен борсан,
Умримнинг ҳар дами баҳор.
Баҳорий саболар тафти лутфингда.
Сенинг ҳузурингга қайтгали такрор
Тезроқ ботишини сўрайман кундан.
Биласан,
Шоҳ эрур кундуз очунга.
Қийин бу шоҳликни забт этиб ўтмоқ.
Сен бор. Қандай осон қора сочингга
Кундузларни ўраб оппоқ тун этмоқ.
* * *
Қайтариб ол синовларингни,
Ёлғизликка маҳкум этилган тунлар
Даҳшатини туйгим келади.
Ерга тўкма нигоҳларингни,
Бу висолнинг муножотида
Оловланиб куйгим келади.
Менга ишон гуноҳларингни,
Мен уларда сени кўргим келади —
Сени кўпроқ суйгим келади.
* * *
Ишқ юракка найзасин санчди,
Сачраб кетди оламга қоним.
Ўксиб-ўксиб йиғламоқда жим,
Ошиқлигим — бахтсиз имконим.
Биламан-ки, бахтиёр бўлгум,
Мени ғамлар сийлашади бот.
Билмам нечун йиғлайсан юм-юм
Юрагимда улғайган сабот.
Келажакка бўйлайман аста,
Нишон қолмас бугунги ғамдин.
Менинг учун тузар гулдаста
Ўн беш йилдан кейинги бугун.
Келажагим — ўйчан гўдагим,
Хаёлларга ургин эгарни.
Бир кун бирга излаб кетамиз
Тушда кўрган шамсу қамарни.
Ишқ найзаси нишон айлаган
Қўлда тутиб кемтик юракни,
Юракнинг ўрнида олиб қайтамиз
Шабнам янглиғ келин — чечакни.
* * *
Юлдузларга термулиб қолдим,
Юлдузларга қўлим чўзилди.
Учирдингми мени ёдингдан?
Уча-уча ой томон толдим,
Ойга олган йўлим чўзилди.
О, ёр кетдинг, кетдинг ким билан.
Мен қуёшни соғиндим, гулим,
Ишончимнинг бағри эзилди.
Энди мен нигоҳман ичиккан.

Соғинч

Очгил қучоғингни, о, келгил, қани!
Эй, менинг руҳимнинг излаб топгани,
Пойимда сил каби сарғайган хазон
Келажак кунларга ўт қўяр аён.
Сенинг висоликгни кутганча интиқ,
Титраб куйлаяпман бир ғамгин қўшиқ.
Сен келсанг қайтадан гуллагай хазон,
Сен келсанг ложувард туюлгай осмон.
Сен келсанг энг дилбар янграгай наво,
Сен келсанг бағримда тирилар дунё…
Тағин хотиралар гулханида жим,
Ҳинду мурдасидек ёнар вужудим.
О, қани кул бўлиб қолсайдим буткул,
Нечун шафқатсизсан бунчалар кўнгил?
О, кўнгил сен дея баъзан тутоқдим,
Ёлғизлик даштида қанча улоқдим,
Бахтиёр дамларим совурдим бутун
Зиғирча ҳақиқат ушоғи учун...
Энди мен, энди мен, энди нетарман?
Руҳим дунёсини излаб кетарман.
Унда сен яшайсан, яшайди онам.
Унда қишлоғим бор, бор мўъжаз кулбам.
Унда мени кутар гўдак сингари
Ҳасратли дўстларим толғин кўзлари.
Унда пошналардан қаварган йўллар
Идрокнм мавжини тинглагай қўллар.
Гўдакка айланиб қолган чол мисол
Ўзимни бағрингга отарман алҳол.

Куз

Хазонлар рақсига маъюс термулиб,
Ўтган кунларимдан мантиқ ахтардим.
Илҳом келаётир дўстимдай кулиб
Мунис кузга ифшо этгали дардим.
Мен қучоқ очгайман, дўсти меҳрибон
Пойига тўшайман нигоҳларимни.
Ул билан сирлашмоқ нақадар осон
Ҳаётдан орттирган гуноҳларимни.
Маъсум куз мипг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Ҳар бир лаҳзасида гўзал бир ҳикмат,
Унга тўймаяпман тинглаб, тикилиб.
Ёшман-ку, не учун асов юракни
Ювош торттиради бу кекса наво?
Севаман баҳорни, қўнғир куртакни,
Кузни ҳам севмасдан бўлурми аммо...
Менинг умрим нима? Мезондек дайдиб
Ҳақ учун курашга ҳамроҳ истадим.
Аммо кимларгадир дардларим айтиб,
Фақат шеърлар битмоқ бўлди қисматим.
Мана, хазонларнинг тилида наво,
Рақс этиб йўқликка қилмоқда сафар.
Покландими шеърим билан бу дунё,
Ахир, битилган шеър эмас-ку зафар.
Ҳувиллаб ётибди қорачиқларим,
Ҳайҳот, мен уларни тўлдиролмадим!
Жангга тайёр турган нажоткор қалбни
Шеърдан бошқасига кўндиролмадим.
Куз эса минг ёшли донишманд сифат
Оҳиста ғудранар кўзларин юмиб.
Бу қандай афсунгар, бу қандай ҳилқат,
Нечун тўймаяпман унга тикилиб?
* * *
Сени ўйласам
Осмон хиралашар,
Юлдузлар тўкилар,
Ой ҳам қулайди.
Бир совуқ зипдонга қамайди ўйлар.
Урилар зах нафас юзимга.
Тинч-тотув яшагимиз
Келарди гоҳо,
Ака-сингил ёки ота-боладек.
Гоҳо эса
Пешонангдан меҳр-ла ўпиб,
Кетиб қолгим келарди
Тилаб олган қизин
Пинҳона оқ қилган ота янглиғ.
Сен бехосдан йиғлаб юборар эдинг
Нимадир рўй берадигандек.
— Вой, жинни-ей,
Нега йиғлайсан?
— Кетинг, кетинг!
— Кетсам сира йиғламайсанми?
— О, худо-ей, қандоқ одам бу?
Сени ўйласам...
* * *
Эй, сен йироқларга кўзини тикиб,
Умидлар ортида кетётган одам.
Шуни унутмаки, ҳар бир сўқмоқдан
Сенга ҳамроҳ бўлиб кетяпман мен ҳам
Толиқсанг қувватман, чанқасанг агар
Узоқдан милтиллаб тургувчи булоқ.
Ул порлоқ манзилга етиб бормоқлик
Дўстим, сендан кўра менга муҳимроқ.
* * *
Юраккинам, алдана кўрма
Гар саболар тутса ҳам атир.
Улар баҳор элчиси эмас,
Майсаларнинг маддоҳи ахир.
Мен қўрқаман сени гоҳида
Алдаб қўяр шудринг томчиси.
О, билсайдинг шунда орзиқиб
Кутганимни ҳает қамчисин.
Етар, тинч қўй, қизил гулларни,
Гўзал бўлса айбдорми ахир.
Қизил гуллар шеърингни эмас,
Ёмғирларни кутаётгандир.
Сен маддоҳлик қилмагин, юрак!
Юрак, ўзга йўл учун қайғур.
Биласан-ку, яшаш нақадар
Қизил рангли гулларга оғир.
* * *
Ҳар қадам дуч келаверасан
Бир нокасга ёки ёмонга,
Тошми, кесак отаверишар
Пинҳон, ошкор пок бир одамга.
Айб тақашар бегуноҳларга,
Алдашади, туҳмат тўқишар.
Шу нокаслар бўлмагандайди
Қандай озод яшарди башар.
Ногоҳ танда қон тўлқинланар —
Уйғоқмисан, бормисан, исён!
Қани, сен ҳам тургин, эй дунё!
Қани, сен ҳам, эй дунё, уйғон!
Бироқ дунё сокин.
Шундай сокинки,
Еқасидан тутиб дунёнинг
Силкитгинг келади
То
Ёмонлари тўкилгунича!

Шоир

Зулмат босиб кела бошлади,
Тун туширди қора пардасин.
Шоир аста ўрнидан туриб,
Очиб қўйди нурли дарчаснн.
Бир ҳовуч нур дарчадан сачраб,
Зулматга тиғ каби санчилди.
Шоир эса негадир секин,
Секингина жилмайди, кулди.
Сўнг шоирни қамради илҳом
Ва қаламга чўзди қўлини.
Нафисгина бир зангор туйғу
Шеър уйига бурди йўлини.
Шеър эшигин очди-ю, шонр
Ичкарига томон йўл олди.
Ташқарида зулматнинг бўгиқ,
Ўксик, ғариб овози қолди.

Қишлоқ

Ғалати ҳол бўлади гакрор
Қишлоғимга борсам ҳар сафар.
Тош қотгандай турар у доим
Ноябру январь, май ойи.
Коинотдаи тушган йўлчидек
Ҳайрат ичра термуламан тек.
Илгарига юрганим сари,
Толиқтирар мени илгари.
Бунда йўл ҳам, уй қам мизгийди.
Бунда қўл ҳам, ўй ҳам мизгийди.
Ўйлай ўйлай чарчаб, толаман:
Наҳот мен ҳам ухлаб қоламан.
Қишлоғимга борсам ҳар сафар
Ғалати ҳол бўлади такрор.

Энди

Гуноҳим не бўлди, ишончми?
Қимдан шафқат сўраб эландим?
Юрагим ишончга бой эди, аммо
Бу кун бўм-бўш. Бу кун таланди.
Афсус, қувончларим ўспирин ёшда,
Энг гулгун фаслда ҳорди, қариди.
Минбаъд кўтармадим ҳеч кимни бошда,
Гарчанд бундай имкон менда бор эди.
Қўнғир куртакларга ташлайман назар,
Тунлари қайдадир қолар изларим.
Оғир юрагимни кўтариб энди
Тилларим томонга ўрлар сўзларим.

«Ёрилтош» Эртагини Ўқиб...

Нозик вужудингни титроқ силкитар,
Она-ер шоширар — тупроқ силкитар,
Фақат бир йўл менда — кўнглим зил кетар,
Элан, тош ёрилгай: «Ёрилтош, ёрил!»
Лаҳза-лаҳза от дупури ёвуқдир,
Жисминг музлаб борар — олам совуқдир,
Сингилгинам, тошга дардингни уқтир,
Ёрилгай тош, ёрилгай тош, ёрилтош.
Отларнинг шиддати баланддир, барқдир,
Сени нега дучор этаркин тақдир,
Тошларни уйғотгил, дегил: «Мен — фақир!»
Ёрилгай тош, ёрилгай тош, ёрилтош.
Ипакдек овозинг тошни кесдими?
Олатасирлардан тош ҳам бездими?
Тошданмикин эрк эпкини эсдими?
Ёрилди тош, ёрилди тош, ёрилтош.
Бу сирли қудратга бўлдим гувоҳ мен,
Яшамоқни билдим, бўлдим огоҳ мен,
Англадим кимдир ҳақ, кимда гуноҳ мен,
Ҳақ қалъаси, халқ қалъаси — ёрилтош.

Навруз Олдидаги Ўйлар

Йил келди, баҳргир қулочин ёзиб,
Қарагил, баҳори кутмоқда уни.
Айт-чи, кетмаганми йил сендан ўзиб?
Айтақол, ўзингдан розими кунинг?
Эрта бор гулларин сочади бу йил,
Қушлари келади уни кўргани.
Қани айт, сочмоққа ниманг бор, кўнгил?
Сени ким кўргани келар айт, қани?
* * *
Жилғаларни кўрдим, ҳақ, деб қуриган,
Чинорларни кўрдим ҳақ, деб чириган.
Кўрдим ҳақ, деб жилға бўлган кўзёшни,
Кўрдим ҳақ, деб увоқ бўлган чўнг тошни.
Шамолларни кўрдим ҳақ, деб депсинган,
Тоғларни кўрдим мен ҳақ, деб силкинган.
Ҳақ, деб авжга минган тўфонни кўрдим,
Ҳақ, деб гулдираган осмонни кўрдим.
Эй, инсон, ўзни тут энди тонмоқдан,
Табиат исёнга тайёрланмоқда.

Чўл

Мана, чўл. Жимгина кузатиб қолар
Инсоннинг темир из кемаларини.
Туяларга қувнаб қўл силкиётган
Болалар — дунёнинг эгаларини.
Тафтли бағир билар — бола қалбидав
Жой олар туяси, янтоғи билан.
Ва бағрига қайтиб келарин бир кун
Бўрондан ҳайиқмас ўртоғи билан.

Бир Шоир Ҳақида Қушик

Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида
Доимо ўзининг устидан кулиб.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида
Ҳар кун минг туғилиб, ҳар кун минг ўлиб.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Катта, чиройли ва ёруғ хонаси.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Чакки томар уйда яшар онаси.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида
Тушларида кезиб қишлоқ, воҳа, қир.
Бир шоир яшайди Тошкент шаҳрида,
Онаси, қишлоғи севгилиси — шеър.

Нейтрон Бомба

(Хоссенжу Эдудан)
Ўлим шарпасининг ниши
Қонни аврар,
Қонни кўпиклар.
Уйқуда, тўшакда,
Вайрон қилинмаган уйда
Ҳалокат.
Хиросима бўриси
Ёпинган қўй терисин.
Бировлар лаҳзада ўлаётир,
Қолганлари узоқ азобда.
Марҳумларни кимлар кўмади?
* * *
Мени қушлар уйғотар, эрта,
Эрта кутиб оламан тонгни.
Баҳор эрта айтади эртак,
Мен тинглайман ҳовучлаб жонни
Ўн олтига тўлган боладай
Унутаман эрта ўтмишни.
Эрта мени куйлай бошлар най,
Кузатаман эртага қишни.
Қушлар эрта елкамга қўнар,
Чаҳ-чаҳлашар ёқимли, майин.
Қадарларнинг қаддин ё қилиб.
Тонг эртага бошқача отар.
Мен ёнурман тонгнинг муздайин
Ҳавосидан бот-бот ёқилиб.
* * *
Тун кечади. Уфқ ортидан
Ёйилади борлиққа саҳар.
Қўнғироғин янгратиб қайта
Яна йўлга тушади шаҳар.
Тун кечади. Уфқ ортидан
Бир париваш тонг отар оппоқ.
Подаларин қирга ҳайдайди
Кўзларини уқалаб қишлоқ.
* * *
Нега сиз серрайиб қолдингиз —
Ҳолингиз бунчалар бўлди танг?
Ё сизни муттаҳам этдими
Бу — ҳаёт аталмиш кўҳна жанг?
Қўйинга қўл солиб титкиланг.
Юракка ёғдиринг саволлар.
То сизни ер билан теп-текис
Этмасдан турфа хил аъмоллар.
Мақсадни мақсадга беркитинг,
Фикрдан фикрни сўроқлаяг.
Кўкракни қаттиқроқ силкитиб,
Тинчгина яшашдан йироқланг.
Оромлар кўз қисиб қиз каби
Қўймасин вужудни эритиб.
Оромлар пўлатдек қалбни ҳам
Бағрида юборган чиритиб.

Қиш

Оппоқ, оппоқ, оппоқ — бир девор,
Изғирини чимчилар юзни.
Сал паришон бўлсанг бу ғаддор
Очирмасдан қўяди кўзни.
Оқликка ўч бу қари туллак
Ҳар йил Баҳор йўлини пойлаб,
Узиб олмоқ учун бир гулдай
Савлат тўкиб ётар уч ойлаб.
Унутиб ул Ерни муттасил,
Кўзга илмай ҳорғин Қуёшни
Узин санаб юради вали.
Қуёш, Баҳор, Ерни сев кўнгил
Ва улардан ўрган бардошни.
Қорлар эриб кетади ҳали.

Съёмка Пайтида

Режиссёр жилмайиб яхши гаплашди,
Актёрларга роллар ҳаммаси аниқ.
Аммо режиссёрнинг кўнгли ғаш эди —
Негадир бир актёр келмади? У йўқ.
«Топамиз унчалик қийин роль эмас,
Биргина кўриниш, биргина кадр».
Бир йигитни топиб ўша ролга мос,
Ролни тушинтирди қўл силтаб бир-бир,
Йигит режиссёрга олди-ю, қараб,
Қайтарди юракдан сизган нолани:
«Она мурдасидан ўтасан ҳатлаб,
Чоҳга ирғитасан мурғак болани.»
Мана ўша кадр:
Қўлда автомат,
Онанинг мурдаси беланган қонга,
Она — мурда кўксин сўрмоқда чўдак,
Йигит қадам ташлар ўша томонга.
Ҳамма жим.
Режиссёр эса бақириб
Йигитга уқтирар—
Қаттиқ торт, силтаб,
Йигит яқин келиб
(Қотиб қолди у)
Гўдакни олди-ю, турди қалтираб.
Қўлчаларин силтаб чинқирар гўдак,
Йигит чор атрофга боқар термулиб.
Сония ўтмасдан ҳатто айтгудак,
Халойиқ томонга чопди энтикиб.
Расво қилди!
Стоп!
Такрорлаш керак!
Йигит томон чопди терлаб дарғазаб.
Она кўксин қўмсаб йиғлайди гўдак,
Режиссёр уқтирар қайта-қайталаб.
Йигит яна йўлда. Жим-жит тўрт томон.
Мана сўнги лаҳза, сўнги бир қадам.
Гўдак кўкрак сўрар оғзи-бурни қон.
Йигит автоматни отди бу гал ҳам...
Режиссёр қайтадан ялиниб кўрди:
Тушунсанг-чи, ука,
Бу кино, кино!
Инсонлар бундан ҳам баттар хор эди,
Буни кўриш керак бутун бир дунё.
Яна уриниб кўр,
Эпла, илтимос!
Ҳақиқий фашистни қайдан топаман.
Ўзингни қўлга ол бир муддат холос,
Тушун, уч соатдан буён чопаман.
Йигит бош кўтарди аранг ва маъюс,
Автобус томонга қадам ташлади.
Ҳеч кимга қарамай, демай бирон сўз,
Фашист мундирини еча бошлади.
* * *
Сўлим кеча, Ой кезар,
Ел — ойдин тун ҳўшиғи.
Жисминг аро шеър юзар—
Ҳаётингнинг бор-йўғи.
Тирикликнинг кучини
Англатиб сенга ногоҳ,
Юракка қўл учини
Чўзар шеър — сахий ҳамроҳ.
Мунисгина сесканар
Меҳрга ташна юрак.
Бош айланиб кўз тинар,
Яна сенга не керак?
Сўлим кеча. Ой кезар,
Ел — ойдин тун қўшиғн.
Жисминг аро шеър юзар—
Ҳаётингнинг бор-йўғи.

Дўст Билан Суҳбат

Эсингдами?
Баҳор эди,
Қўй боқардик адирда.
Турналар ҳам келиб қўнди
Бизлардан сал нарида.
Мўъжизага боқдандай биз
Ҳаяжон-ла термулиб,
Бор дунёни унутдигу
Сингдик унинг бағрига.
Ҳаяжонми ё ҳайратми
Етаклади бизларни—
Туриаларга томон чопдик
Қадаганча кўзларни.
Афсус, улар бирдан чўчиб
Кўтарилди самога,
Биз-чи, қўшиқ айтиб қолдик
Қўл чўзганча ҳавога.
Иккимиз ҳам бор дунёдан
Бехабардик у замон.
Ногоҳ теккан тарсакидан
Учиб тушдик ногаҳон.
Қаршимизда икки киши
Милтиқ ушлаб турарди,
Иккиси ҳам иккимиздан ;
Неларнидир сўрарди.
Тасодифий ушбу ҳолдан
На йиғлар, на кулардик,
Фақатгина турналардан
Баланд уч деб тилардик.
Сезмагандик ўшал куни
Тасодифнинг ҳадисин.
Кейин эса қўмсаб қолдик
Турналарнинг шўх сасин.
* * *
Эсингдами?
Эсингда бор!
Қандай учди турналар,
У лаҳзани хаёл қилсам
Қалбни недир тирналар.
Уша баҳор тўқнаш келдик
Болаликнинг кузига
Умр эса тошқин селдек
Оқар, қайтмас изига.
Баъзан ўша адирдан
Бошим эгиб қайтаман,
Кузатганча болаликни
Қайтмас йўлга қайтадан.

Яратилмай Қолган Полотно Ёки

Рассом Муҳаббати Ҳақида Баллада

Қирғоқ. Сўнг ям-яшил бесар^ад адир,
Рассом холст ёнида турар ўйланиб.
Уни асир этган пейзаж негадир
Холстга тушмаяпти рангга лйланиб.
Кўзларини тўйдириб олгач,
Ҳадсиз адир, зангор қирғоққа,
Холстга бир зум термулиб қайта
Ишонмади минг хил бўёққа.
Ортга қайтди ранглар сралаб,
Хаёл тарқоқ асаби таранг.
Гўё уни қирғоқдан ҳайдаб
Юборганди минг биринчи ранг.
Қувғиндидай кўнгли оғриниб
Тентий-тентий қаттиқ ҳориди.
Адир, қирғоқ, тонг қўйнидаги
Ҳар лаҳзада ўн йил қариди.
Ерга чўкди... Табиат унга
Бор меҳрини улашди ийиб—
Уша ўжар номаълум рангни
Келди руҳи ёнига кийиб.
Ширин кулди инжиқ кўзлари,
Дил тўридан жой олди сафо.
Пичирлади: «Бу Замин — Сахий!»
Пичирлади: «Бу Сахий — Само!»
Йўлга тушди қайси бир куйни
Маст одамдек ҳиргойи қилиб.
У руҳига тўймасди сира,
Ҳар қадамда минг бор тикиляб.
* * *
Йиғлаб бўлди чоғи бу юрак,
Ёки яксон этди ҳасрат кўлкасин.
Юрак зафарлардан бермоқда дарак,
Ул топди қидирган мовий ўлкасин.
Аммо ўлкам боқар бегонасираб,
Чўккан кема каби турғун ва ғариб.
«Болангман, сен боққан пинжида асраб,
Топдим сени ҳасрат тахтин ағдариб.
Бу ким? Сен ўзингми? Кўзишдан нечун
Ҳайронликнинг турфа жилғаси оқар:
Эътиқодда собит турганлар беун
Адашган одамга сен каби боқар.
Мен сенга йўлиқиб қолмадим, ахир,
Сенинг борлигингга келтириб имон,
Ғаддор синовларга солса ҳам тақдир
Сенга талпиндим ва етолдим ёмон».
* * *
Ҳақиқат, деб раҳм сўрмам,
Юрак бордур, менга басдир.
Яратгум не тила, кўнглим,
Ҳақиқат кун каби ростдир.
Хайр сўрсам ҳақиқат, деб
Унга бу бир буюк қастдир.
Ёмонлар кўкда-ю, у пайт,
Яхшилар ердадур, пастдир.
Юрак куч бер, юрак, қувват,
Билак, онгим сенга дастур.
Кўзим ашки агар қондир
Раҳм кутмам ёмонлардин,
Ки йўқса гар таъна тоши
Келгай минг-минг замонлардин,
Ҳақиқат менга термулгай
Қилиб кўзёш томонлардин,
Тамом мен сўнг жудо бўлгум
Юракдин, жон ёронлардин.
Менга дўст-ёр ўзинг, юртим,
Менам ёлгиз сенга хосдир.
Дарахт ҳам кўкка бўй чўзмас,
Агар кул бўлса япроқлар.
Ҳақиқатни ниқоб айлаб
Ҳамоа боғда учар зоғлар.
Ҳақиқат кўксида ундан
Қотди не қоп-қора доғлар.
Ҳақиқат, деб раҳм сўрманг,
У бизни кутгай ўртоғлар,
Имону эътиқод қонни
Покиза тутсак шу басдир.

Уддабурон Одам Ёки Гуноҳкор

Соғинч Ҳақида Баллада

...Демак, кетиш керак. Кетаман,
Вокзалга йўл оламан шошиб.
Кассаларда одам тирбанд,
Эҳромдан муқаддас кассалар қоши.
Кимнингдир туртаман, кимдир туртади.
Кассирнинг дийдори бир умрлик йўл,
Кимнингдир кутмоққа сабри етади.
Менда-чп, тугаган. Ва силтайман қўл.
— Қаёққа оласиз?
— Ошга.
— ...(«Минг лаънат!»)
— Кечирасиз, балки йўлимиз бирдир?
— Навбатни мен эмас, чиқарган давлат.
— ...,«Файласуф экан-ку, йўлда жин ургур»)
Кассага яқинроқ турган бир содда
Студент йигитга ишора қилиб,
Сулҳ таклиф этаман ва ўтиб олдга
Орага кираман аранг суқилиб.
Кимдир пинғиллайди ёшлар ҳақида.
(«Кексайиб туғилган чоғи, энағар»)
Турфа хил нигоҳлар тегар орқадан,
Лаънату ва ундан баттари ҳам бор.
Пулни узатаман:
—Қаршига. Битта.
—Обший.
— («Сенинг нафсинг») Энди, илтимос.
У менинг кўзимга боқар, албатта,
Қайтими қолади, дегапдай, холос.
Тешиб чиқсин, дея мен ҳам кўз билан
Билетни оламан плацкартнийга.
Ўз-ўзимга оқ йўл тилаб қўяман:
Саломат етсак бас, қадрдон уйга.

Бир Томчи Ёш

(Рассом Исфандиёр Ҳайдаровга)
Менга бир томчи ёш
Сурати керак.
Оролга ўхшаб
Йилдан-йилга,
Кундан-кунга
Қуриб бораётган кўзёш сурати.
Сўнгги марта қачон
Йиғлаганини
Унутмаган — одам.
Ўзгаларнинг ёноқларида
Ўз кўз ёшин
Таниган — одам.
Ҳар замонда сизни кўргим келади,
Аммо бу оғир вужудни судрамоқ оғир.
Яна бир дард мени сил каби қийнар—
Юрагимнинг бўм-бўш ўрни оғир.
Менга
Вужудсиз юракнинг,
Вужудсиз кўзнинг
Бир томчи ёшининг сурати керак.
О, қани суратда бу бир томчи ёш
Кўзсиз ҳам бўлсайди.

Ёш Ошиш

Йўқ, фироққа ўхшамас бу дам,
Ўхшамайди бу шодликка ҳам,
Қаршисида хунобинг ошиб
Ҳамда енгил тортади одам.

Аёл

Нонуштани ҳозирлаш учун
Секингина қўзғалар экан,
Нигоҳлари эрининг маъсум
Чеҳрасида ўйнайди шўхчан.
Нонуштани ҳозирлар экан,
Эр ўрнига ўзини қўйиб,
Унинг ширин ёнишларидан
Мунис кўнгил кетади ийиб.
У жимгина тикилар ортдан
Эр эшикни кетаркан ёпиб.
Сўнг эшикка суянмоқ учун
Кеч қолгандай боради чопиб.
Эшикка суяниб жилмаяр аёл,
Эрига суяниб жилмайган каби.
* * *
Умримни шубҳага йўяр кундузлар —
Росту ёлғон бирдай яшайди кафтда.
Қаёққа кетяпсиз қайтингиз, дўстлар!
Қайтингиз, дўстларим, қайтинг кулфатдан!
Эшитгиси йўқдир ҳеч ким кимни,
Авжини йўқотмас йўқотиш, гўллик.
Бунда дасти баланд сохта дўстликнинг,
Бу нима фожеъми, мудҳиш касаллик?
Нечун бу даврага келдим, не учун?
Лаънат бўлсин сенга, очкўз ихгиёр.
Бир бора кўрсатиб дўстсизлик кучин,
Бахтиёр бўлганинг етмасми, ағёр.
Боқ энди, тўйдириб ол кўзларингни,
Омонат лутфларни пешонангга сурт.
Қайтадан нишонла бу зафарингни,
Аччиқ изтиробни ютоққанча ют.
Роҳатлан уларнинг қаддига қараб,
Роҳатлан уларнинг қайтмаслигидан —
Кундузларни маъшум шубҳага ўраб,
Чин сўзин ҳеч қачон айтмаслигидан.
Золимсан, тошларга айланган дийданг
Ўхшайди қоронғу, тубсиз ўпқонга.
О, қани, сен бир бор ўртансанг, куйсанг
Эътиқод, имони кемтик инсонга.
Сенга таъсир қилмас энди бу иқлим,
Такрор кечирилган ҳисни нетасан.
Энди сени билмас давраларга жим
Совуққон шиддат-ла учиб кетасан.
Биламан кор қилмас сенга илтижо,
Раъйимни_ неча бор қайтардинг ҳиссиз.
Ёвузлигинг, майли, менга қил, аммо
Кетма, ёлвораман чўкканимча гиз.
* * *
Гоҳо ҳамма нарса чарчатар,
Диққатингни бўлаверади.
Ёлғизгина, сокин турсанг-да
Ёлғиз бўлгинг келаверади.
Ичингдаги сирли сукунат
Хотиржам дам-бадам бақирар.
Сезасан-ки сукут кимнингдир
Ёлғизлигин тинмай чақирар.
Куч ато этади сукутнинг
Бу каби оғриқли ноласи.
Ва ахтариб кетгинг келади
Ёлғизлигинг ёлғиз боласин.
* * *
Ватан, меничг юрак ипларим
Билиб бўлмас самовий қудрат,
Самовий бир ишонч туфайли
Юрагингга боғланган фақат.
Яшаяпман оромдан кечиб,
Лаҳзаларни рангга бўяб ман.
Бедор тунлар фараҳин ичиб,
Суратингни чизгайман, Ватан.
Куйларимга эш бўлиб сиймонг,
Дил тубидан чиқар отилиб.
Ҳар сатримдан кулиб тургай тонг,
Юртим, юрсам сенга топиниб.
Фахри баланд, меҳри тугаимас
Бағрингда бир митти инсонман.
Тупроғингда улғайдимми, бас,
Мен ҳам битта Узбекистонман!
* * *
Тарк эт, ором, аврама,
Аврама, эй, ёруғ дард.
Сен кўз нурим, ёлғизим,
Аммо тарк этгил фақат.
Кўнгил соғинчли ахир,
Ахир, соғинч ҳам озор.
Кет, кўнгилда ёшини
Яшаб бўлган сабр бор.

Менинг Кундузим

Бўзчи белбоққа ёлчимас
Халқ мақоли
Кундуз — Қуёш ҳидлаётган гул.
Менинг ҳам шу гулдан келар ҳидлагим.
Мен Қуёш эмасман, мен—боғбон, мен—қул,
Қанчалар фожеъ бор кузатмоққа жим.
Энгагимга кетмонни тираб
Соғинаман гулнинг бўйини.
Бахтдай туюларкан изтироб
Қизиқ кўринганда тақдир ўйини,

Ота

Ота!
Ота — бу сўз қанот экан.
Хотирамнинг деворларига
Михланган мана бу
Лаҳзаларнинг жонли сурати:
Мўъжаз қишлоқ.
Биз — бир тўп бола
Ошиқми, чиллакми ўйнаймиз ҳар кун.
Баъзи кун тушдами ёки кун қайтгач,
Уларнинг отаси келар бозордан.
Мен шунда кўрганман
Болаларнинг қанотларини.
Уша кун тушдами ёки кун қайтгач,
Қанотимдан қайта айрилар эдим
Ва онамнинг нигоҳи етмас бир жойда
Тиззамни қучоқлаб узоқ йиғлардим.
Қорачиқларимда эса
Фаришта мисол
Қанотли болалар учиб юрарди.

Кекса Солдат Билан Суҳбат

Тушимда онамни кўрардим фақат.
Илк тун сочларимни силагач узоқ,
Аста шивирлади:
Бундай қарама,
Кўзларингни юм.
Озгина хавотир олдим, койинма,
Тўшагинг баландда экан-да, болам!
* * *
Қулоғим остида бир жуфт энг маъюс
Қўшиқ ҳануз ҳазин садо тарайди:
«Озгина хавотир...» «Хоин ва фириб...».
«Ватан эса Она. Устав-чи — УСТАВ!..»
Мен мунис хаёлнинг пинжига кириб
Секин шивирлайман: Ҳаммаси бор гап.
Мен-ку, ўз постимда сергак турибман,
Тақиқ чизиғимдан ўтолмас ғаним.
Хоиннинг қисмати аёндир, аммо
Пости йўқ кимсалар қийнайди мени.
Разводсиз кунларни истайман ҳамон,
Разводсиз кунларни тусайди кўнглим.
Билмадим, қайларга кетмоқда замон,
Осон бўлмас чоғи сенга ҳам, ўғлим.

Сўнгсиз Баҳслардан Сўнг

(Исикава Гакубокудан)
Чарчаган миямнинг қоп-қаро,
Қоп-қаро кенгликларида
Худди чақмоқ янглиғ
Ялт этар гоҳо
Мазмуни инқилоб аталган фикр...
Фақат бир дақиқа!
Сўнг ҳаётбахш қалдироқ гумбирлаши ҳам
Эшитилмай қолади, ҳайҳот!
О, биламан
Чақмоқ ёлқинига
Зулмат орасидан
Янги дунё чиқади пешвоз.
Ниҳоят'топади
Ўз жойини ҳар битта нарса...
Аммо шу дақиқа — чақмоқ ҳам сўнар,
Ҳаётбахш қалдироқ гумбирлаши ҳам
Эшитилмай қолар тилсиз сукунат аро.
Чарчаган миямнинг қоп-қаро,
Қоп-қаро кенгликларида
Худди чақмоқ янглиғ
Ялт этар гоҳо
Мазмуни инқилоб аталган фикр...
Фақат бир дақиқа!

Шоирга

Бас етар!
Чекилгил, нозик истеъдод!
Эй, майда истаклар, кетинг нарига.
Саккизинчи осмон бўлиб кўринманг
Йигирманчи аср шоирларига!
Шоир, гарчанд оғнр тунларни йиртиб,
Сўз сизган юракни сириб боғламоқ,
Ҳақиқат ҳақида маъюс шеър битиб
Ҳислар чангалида беун йиғламоқ,
Синдир қаламингни дадил, мардона,
Бир тирик шеър каби отлан юришга.
Ёш билан қотгандир замин тупроғи—
Биздан аввалгилар йиғлаб бўлишган.
Аммо, ҳануз ҳақнинг чопони жанда,
Ҳануз ҳақ деганнинг ичгани ёвғон.
Ёмонлар бор экан токи заминда
Дунёда санъатнинг борлиги ёлғон.
Ҳайқир, ҳайқир шоир, тўпла гуманни,
Дунёнинг бошини сен ўзинг кўтар.
Бир гўзал, бир ажиб ёруғ кунларни
Туйғулар пинжида кутганинг етар.
Етар, бас!
Чекилгил, нозик истеъдод!
Эй, майда истаклар, кетинг нарига.
Саккизинчи осмон бўлиб кўринманг
Йигирманчи аср шоирларига.

Яшил Япроқлар

1

Зим-зиё,
Қоронғи,
Чуқур тун.
Гўёки мен унга чўкиб кетяпман.
Оғиз очиб бўлмас.

2

О, мен
Кимларга
Ҳавас қилмадим
Шоирлардан бошқа.

3

Умидсиз боқаман
Йўллари лой
Ботқоқ қишлоққа:
Қаерга ҳам
Бориб бўлар
Бу йўллар билан.

4

Ўқилмаган китоб —
Қоронги зиндон.
Унда уйғоқ сўзлар,
Исёнкор фикрлар тамбалангандир.
Дунёда
Бу тамбани
Бузишдан ҳам
Ёқимли иш йўқ.

5

Биз сени ўлдирган
Шеърни ўқидик,
Аза тутдик.
Ичимизни тинмай
Тилди хўрсиниқ.
Энди ичимизни тилиб яшар
Кўр, разил хўрсиниқ,
У — сен, дўстим.

6

Майли, совуқ қаршила,
Қовоғингдан қор ёғдир, майли,
Мен бегуноҳ болага ўхшаб
Юзимга бирон айб чизиб оларман
Бечора севгининг қўллари билан.

7

Ўлсам,
Ҳайрон бўлманг.
Узоқ яшаш учун
Туғилганим йўқ.

Руҳ Бужуд Ва Ишқ Ҳақида Баллада

1

Қимтиниб, тортиниб ўтирмай,
бузиб ҳаё чегарасини
бостириб кирдингиз сокин дунёмга
уфуриб, анқитиб аёл исини.
Гўё қасд этдингиз
ва ёки гўё
энг муҳим қасосга боғладингиз бел.
Гўё мен тош эдим,
сиз-чи, сиз эса
асрлар ўргилиб
уни эритувчи
роҳатбахш бир ел.
Мени лол қолдирди
сиздаги журьат,
сиздаги ишончу
лутф ила ноз,
Руҳга ҳам бир
нигоҳ бўлса бас эди,
у сиз билан этарди парвоз.
Лекин руҳни ҳеч эсга олмай
дужумлар қилдингиз ожиз вужудга.
Кўзларингиз кўзим,
қўлларингиз қўлим,
лабларингиз лабларимни маҳв этди.
Қорайдим.
Сиз қамал этдингиз руҳсиз вужудни
бир хушбўй,
бир ифор туман
қоплади вужудни, тамом!
Сиз ёнгдингиз!
Руҳ... руҳ эса вужуддаи айри,
қайда изгир,
у қайда дайдир.

2

Ўз-ўзидан ёнган
олов эдингиз,
мен эса совуқда
қолган бир кимса,
устига бир куйган,
куйдирилган жон.
Сиздаги тафт,
журъат ва нозни
муҳаббат фарзанди, дея ўйлагач,
мен сизга — оловга
яқинроқ бордим.
Бордиму негадир
«Сиз» деб атолмай
Қўрқа-писа «сен»лаб юбордим.
Ғалаба нашъасин
Туйдингу илк бор,
«Сизга ярашаркан!»
дединг ошкора.
Мен хок эдим —
куйган, куйдирилган хок.
Сен шу хокка илк уруғ қадаб,
парваришлаб,
кўкартдинг гўё,
лаҳзада ўзимга
кўрсатдинг гўё —
Руҳсиз вужуд
ўз кашфидан
ўзи қувониб
қўлларини оловга чўзди.
Аллақандай ҳузур
чулғади танни.
Лаблар ҳам оловга чўзилди кейин,
во, ажаб, куйдирмай,
қудратми, журъатнинг таъмин
тортиқ этди унга бу олов.
Ҳузур, ҳаловатда яйраркан,
дайди, тентак руҳга
ачинди вужуд.
У ўзини олло санарди,
оловга қўшилиб ёнарди.
Олов ўрлар, аланга ўрлар —
ниятига етишгач зўрға.

3

Тентир,
дайдир
беватан руҳ.
Кўз сотқин,
юз сотқин,
лаб, қўл ҳам сотқин.
Ётоғингга кириб боради гавдам
қонсираган йиртқич мисоли.
Сен ўзинг яратган оламдан,
сен ўзинг яратган одамдан
қўрқяб қунишасан,
Энди ҳузур қилиб
қийнашим мумкин
ё қийналиб
ҳузур қилишим мумкин.
Жонсиз вужудингга
қўлимни чўзсам,
рангинг оқариб,
беҳуш йиқиласан
қучоғимга сен...
Тентир,
дайдир
беватан руҳ.
Бир садо келар,
эланар.
Сен-чи, қучоғимда
ётибсан беҳуш,
Бир садо келар,
эланар.
Мен-чи, ўпмоқ
истайман сени.
Тентир,
дайдир
беватан руҳ.
Қўлинг совиб борар,
совнб боради юзинг,
лабларинг совийди,
совир вужудинг.
Талвасага тушар йиртқич гавдам
дайди руҳ қайтди.
Ва лекин йиртқичга
айланди сукут.
Мен ўзим яратган оламдан
қўрқиб қунишаман.
Сен-чи, сен беҳуш.
Сукут биз томонга
қўлин чўзса бас,
мен ҳам йиқиламан.
Гўё иккимизни ҳам
ютиб юборади бу йиртқич.
Гўё бу сўнгги кун,
сўнгги сония...
Тур, турсанг-чи,
мен сени тушундим ахир.
бу сукутга бирор нарса де.
Ишқ менинг тилимга чиққан чечакдир.

4

Ишқ
менинг тилимга
чиққан чечакдир.
Энди кел,
қулоқ тут
чап кўкрагимга.
Тингла ишқ оловин
часирлашини.
Эшит
юрак деворларидан
кўчиб тушаётган
занглар товушин...

Дўстим Саломжонга

Керак бўлди кечдик баридан,
Ортда йиғлаб қолди оромлар.
Биз чўлларнинг этакларидан
Изламадик шеърга илҳомлар.
Ортга сурдик бизлар висолнинг
Фараҳ бахш этувчи хуш онларини,
Янада баландроқ кўтармоқ учун
Ўзбекистон хирмонларини.
Самоларга Соқмоқликка ҳам
Вақтимиз йўқ, етмайди фурсат.
Кўкда ёнган улкан юлдуздан
Бир чигитнинг ҳурмати баланд.
Тилинган қўлларни ярадор дармон
Қистайди чавандоз сингари —
Ҳар чаноқда бир парча армон,
Ҳар ғўзада бирор кўпкари.
Биз — пахтакор! Севамиз ахир,
Заҳматларнинг бўронларини.
Биздан бошқа ким ҳам кўтарар
Ўзбекистон хирмонларини.

Йўл

Эшик тақиллади.
«Келди, у келди».
Очаман. «Бошқа».
Киринг. Киради.
... Кетади.
Эшик тақиллади.
«У келди, у».
Очаман, «Бу ҳам мени соғингаи одам».
Э, келинг, қани, қани!
Киради. ...Кетади.
Эшик тақиллайди,
Хайрият, келди-ей!»
Очаман. «Ҳеч ким йўқ.
Балки бекингандир у бирон ёққа
Йўқ. Ҳеч ким йўқ».
Эшик тақиллайди,
Ойлар ўтади.
Эшик тақиллайди,
Йиллар ўтади.
Эшик тақиллайди,
Соғинганлар келиб кетади.
Эшигингдан кутган одаминг
Кириб келмас экан ҳеч қачон.
Қўлларингдан келса, келмаса
Кутган одамингга айлан.

Тортилган Камон

(туркум)

1

Тонг. Қуёш атайлаб чиққандай
Албатта олмоққа ўчини —
Совуққа, аёзга, қорларга
Кўрсатиб қўймоққа кучини.
Ёш тўка бошлади қуёшнинг
Қиш чидаш беролмай қаҳрига.
Ва йиғлаб бош қўйди ниш ургаа
Майсалар лашкарин бағрига.
Майсалар безовта дилдираб
Қуёшдан илтифот сўради...
Кеч. Қуёш майсалар лашкарин
Тун билан қолдириб жўнади.
Тун эса боққанча уларга
Ҳайратдан келмасди ҳушига —
Майсалар мириқиб ухларди
Қуёшни кўришиб тушида.

2

Жи ........ и ....... м
Куртакларни тўлғоқ тутмоқда
Ва осуда учмоқда бир сас,
Узбекистон фарзанд кутмоқда
Бу оддий бир сония эмас.
Умр тулпорин қантариб қўйиб,
Лаҳзани бахш этинг куртакка,
Ўзбекистон чеҳрасидаги
Воқеани битинг юракка.
Кўкка боқинг (нидога эмас),
Сузмай турар сокит, унсиз ой.
Бу лаҳзани энтикиб олам
Роппа-роса кутди тўққиз ой.
Жи ....... и ....... м
Куртакларни тўлғоқ тутмоқда.

3

Қиш йиға бошлади кўчини,
Қариди шекилли сафари.
Ё қишнинг энг сўнгги кучини
Синдирди баҳорнинг зафари.
Куртаклар қиз каби тўлишди,
Шаббода уларни силади.
Куртаклар ичидан ям-яшил
Баргчалар кулгиси келади.
Майсалар қучоқлаб бир-бирин
Ёмғирда мириқиб чўмилар,
Дачалар, адирлар, ўтлоқлар
Ғаройиб ҳисларга кўмилар.
Болари эркалаб ғунчани
Ваъдалар этади келажак,
Лабини чўзганда бўсага
Чўчитиб юборар гулдирак.
Дарёлар тўлишиб-тўлишиб,
Ўйноқлай-ўйноқлай оқади,
Самонинг белидан камалак
Баҳорга суқланиб боқади.

4

Неча кун-ки жилвагар қуёш
Кўз-кўз этса ерга жамолин,
Ўн еттига тўлмаган қизлар.
Ўраб чиқар ёзги рўмолин.
Олиб учар хушбўй ҳид, ифор
Шаббодалар туйу кун ийиб.
Бўйга етган, етмаган қизлар
Юрар енгсиз кўйлагин кийиб.
Қизлар дилга қўшиқ тутади,
Қизлар ҳадя этади ҳислар.
Кўчаларда тўлиб кетади
«Мен — БАҲОР!» деб ташлаган излар.

5

Ҳамма нарса айтади алла,
Ҳамма нарса алла тинглайди.
Кўчадаги изларни кўриб,
Кечалари уйқум келмайди.
Вужудимни қоплар илиқлик,
Тунда юлдуз тафти келадир.
Шаббодадан мактуб юбориб
Қучоғига чорлайди адир.
Қучиб ўпгим келади аммо
Майсаларни чўчитгим келмас.
Мен бир ошиқ шоирман, афсус,
Шаббода ҳам, ёмғир ҳам эмас.

Замин Чорлови

Замин қалқир,
Замин лангарини йўқотган гўё.
Яшаш эса осон.
Бу осонлик қимматга тушган.
Бу осонлик қимматга тушар.
Неча абдуллолар, усмон носирлар,
Учраша олмади бу неъмат билан.
Неча абдуллолар, усмон носирлар
Қўрқиб яшаяпти шаккок висолдан.
Ўзбекларнинг асл фарзанди улар,
Миллат озми, элатлар озми?!
Замин қалқир.
Замин лангарини йўқотган гўё.
Мободо Фирдавсий уйғониб кетса
Ҳар битта миллатнинг тилида бўлган,
Ҳар битта элатнинг дилида бўлган
«Шоҳнома» син ёқарди илк бор.
Сўнгра у ўзини отарди ўтга
Қайтадан уйғониб кетмаслик учун.
Замин қалқир,
Замин лангарини йўқотган гўё.
Яшаш эса осон.
Бу осонлик қимматга тушган,
Бу осонлик қимматга тушар.
Беш асрдан бери, беш асрдан буён
Навоийни таҳлил қилишар.
Гоҳида дарғазаб,
Гоҳо юкиниб
Кўринади менинг кўзимга:
«Қани менинг якқалам айлаган халқим!
«Майли, сен зиёрат қилма қабримни,
Тинглама мен битган куйни, қўшиқни»
Вале сен халқимга кўрсатгин, болам,
Юртимга кирадиган эшикни.
Замин қалқир.
Замин лангарини йўқотган гўё.
Халқ гуллари кўзларингни оч,
Халқ гуллари кўзларингни оч!
Иўқса, Фирдавсийсиз қолажак очун,
Навоийнинг юрти сабил қолажак.
Замин эса қалқийверади,
Лангарин йўқотиб қўяди ростдан.
Яшаш...
Яшаш осон кечаверади.
Яшаш, ахир, ҳаддан ташқари осон.

Зебога

Салом! Сингилгинам!
Камгап, камтарим!
Топдингми излаган мушфиқ ҳисларни.
Деразам ёнида ўйлаяпман жим
Пахтазор бағрида кечган кезларни.
У мискин хотира ҳуда-беҳуда
Мени ўз бағрига олади тортиб.
Сен пайдо бўласан митти жуссанг-ла
Ўн олти килони елкангга ортиб.
Пахтазор ёмғиру қордан кўпчиган,
Чақирим узоқда туюлар ҳар жой.
Сен-чи кетаяпсан кучсиз елкангда
Ўн олти килою этик даҳсар лой.
Мен ўқий бошлайман сенинг ортингда
Лойга ботиб қолган оғир изларни.
Сен-чи маъюсгина хирмонга тўкдинг
Ўн олти килою зилдай ҳисларни.
Деразам ённдан мени нимадир
Чираниб тортади, кетаман кейин...
Пахтазор бағрида сен билан кечган
Ўзга дамларни ҳам эсламоқ қийин.

Жангсиз Майдон Тарихи

Мангу осудадир менинг майдоним,
Бир умр билмади у нимадир жанг.
Бугун совиб, тиниб қолгандир қоним,
Айбдорларни... қўйинг, яхшиси, тингланг.
Мангу осудадир менинг майдоним.
Сабр этагидан тутган болалик,
Меҳнатдан букчайган мурғаккина қад,
Миттигина юрак гина нолалик,
Бир вужуд — бор-йўғи бардошу тоқат.
Сабр этагидан тутган болалик.
Саволлар қуйилиб келар галма-гал,
Нега, кимлар учун, қандайин қайдан?
Ҳар савол жавобга турибди маҳтал—
Мени кутаётир осуда майдон.
Саволлар қуйилиб келар галма-гал.
Мен замон руҳи-ла вояга етдим,
Алдандим, алдадим, унутдим, билдим.
Кўнгил истамаган йўллардан кетдим,
Кўнгил истамаган юмушлар қълдим,
Мен замон руҳи-ла вояга етдим.
Умрим шу. Қўл силтаб кета билмасман,
Гарчанд майдон менга маҳтал, интпзор.
Мен ўзимни фидо эта билмасман —
Қонимда кун кўрмай ўтган кунлар бор.
Умрим шу. Қўл силтаб кета билмасман.
Энди кеч дейману ёқа йиртмасман,
Қўлимни чўзсам-да ёқамга етмас.
Замондан ҳам хайру эҳсон кутмасман,
Ул менинг боғимга дарахтлар экмас.
Энди кеч дейману ёқа йиртмасман.
Биламан, эврилиб турар замонлар,
Шоҳлар забун бўлар, забунлар-чи шоҳ.
О, барибир улар бахтли инсонлар,
Мен-чи на шоҳдирман, на забун, эвоҳ!
Биламан эврилиб турар замонлар.
Менга таскин эмас, керакдир талқин,
Токи ўз умримга эмасман хоқон.
Қачон бўй кўрсатар мен соғииган кун,
Мен шоҳ ёки забун бўламан қачон?
Менга таскин эмас, керакдир талқин.
Тақдир деганлари шу бўлса керак,
Истак-хоҳишимга у буткул беғам.
Эртамни ўйлайман ҳовучлаб юрак,
Мен — аллақачон йўқ этилган одам.
Тақдир деганлари шу бўлса керак.
Шоҳлик ё забунлик — мана ҳақиқат!
Қолган ташвишларнинг барчаси майда.
Фақат шундагина, ҳа, шунда фақат
Осуда турмайди бирорта майдон.
Шоҳлик ё забунлик — мана ҳақиқат!
Мангу осудадир менинг майдоним.
Бир умр билмади у нимадир жанг,
Бугун совиб, тўниб қилгандир қоним.
Аммо айбдорларни қўйинг, изламанг.
Мангу осудадир менинг майдоним.

Кел, Менга Ҳамдам Бўл

1

Сиз: аждаҳо йўқ,
Аждаҳолар
Эртакда, дейсиз.
Унда Орол қани,
Қани менинг яшил боғларим?

2

Қачон тушунамиз
Орол ҳасратнда
Муножот ўқиётган шамолни.
Балки у ҳам чанқагандир,
Томоғи ҳам қуриб кетгандир балки.

3

Келишиб олайлик
Бирон нарсага,
Амунингми, Сирнинг сувига ўхшаб
Кетавериш яхшимас ахир.
Келишиб олайлик
Халқнинг бошига
Тушмаслиги учун Оролнинг куни.

4

Оролни
Қуритиш мумкиндир балки,
Лекин
Қуритиб бўлмайди
Унлаб халқнинг хотирасини.
Хотирага пахта экиб бўлмайди.

Савол

Мактаб — ўн йил.
Ярмидан кўпи
Пахтазорда кечган —
Ягана, ўтоқ, терим.
Нимжон ғўзаларни юлиб бир пайтлар,
Пахтакорга шараф келтирган бўлсам.
Бугун мактабдаги нимжон йилларим
Ягана қилмоққа турибман маҳкум.
Қайси бир йилимдан кечайин, айтинг?
Пахта — бу мен учун виждондек азиз,
Унга харж этилган умр мўътабар.
Илмсиз қайга ҳам бормоқлик мумкин,
Илмсиз Ватаннинг ҳоли не кечар?
Қўлларим қалтирар, чайқалади жон,
О, балки уларни юлмоқлик бекор!
Аммо қайда бўлса ортиқча шафқат
Ҳақ ҳамда адолат топадир озор.
Юракда оошланар бир қатъий амал,
Шўрлик тўхтаб-тўхтаб ура бошлайди.
Пахтакорга шараф элтган йилларим
Ўн йиллик умримдан юлиб ташлайди.
Эвоҳ, нима қилиб қўйдинг, юрагим!
Наҳотки бу амал шунча осондир?
Биласан, ноўрин шафқатсизлик ҳам
Ортиқча шафқатдек кони зиёндир.
Марҳум йилларимга бу фоже сирин
Қандай англатаман, энди йўқ улар.
Қандай айтай
Қалби кўрлар боис пахтазор
Ёш, илмга чанқоқ йилларга
Нарвон эмас, қабр бўлаётганин.
О, нени ўйлади улар сўнгги дам,
Миллий ифтихорнинг оппоқ юзига
Доғ эканмиз дея сездими ўзин...
Бу йилларни ўзбек ифтихорининг
Юзига доғ тушираётган
Маънавий қашшоқлар салтанатини
Бузмоққа сафарбар этмоқчи эдим.
Сен шошдинг, юрагим! Не бўлди сенга?
Наҳотки сенга ҳам даркордир таълим?

Орол Нидоси

Кел, менга ҳамдам бўл, кел, мени тушун —
Кўп эмас, бир лаҳзанг бахш эт мен учун:
Йўлма-йўл мен ташлаб чиққан ватан бўл,
Қуюн, бўронларга бир он маскан бўл;
Узоқларда қолган қирғоғим бўлгин,
Тузу қумга тўлган қароғим бўлгин;
Бир лаҳза кемам бўл, зангла ва чири,
Бир лаҳза балиқдай жон бер, сўнг тирил;
Балиқчим бўлгину маъюс ва тушкун,
Йиғлаб-йиғлаб бошқа ошёнга кўчгин;
Силламни қуритар куннинг иссиғи,
Топпотда ўлтиру бошлагин йиғи;
Бор кўз ёшинг менинг кўксимга томдир,
Вужудингни қурит, суягинг ёидир;
Лаҳзада минг йиллик азоб торт, ўкин,
Ўлимга рўбарў яшагин бетин;
Овозсиз бақира-бақира бўғил,
Ўзинг бўл менга энг муносиб ўғил;
Кел, менга ҳамдам бўл, кел, мени тушун
Кўп эмас, бир лаҳзанг бахш эт мен учун.