OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДилбар Раззоқова
Асар номиАрмон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Дилбар Раззоқова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Армон (ҳикоя)
Дилбар Раззоқова

...«Шарқ» тезюрар поездига чиққан йўловчининг жони роҳатда бўлади. Тоза, озода, шинам купеларда барча қулайликлар муҳайё. Сафарга чиққанлар ўзаро суҳбатлашиб, манзилига қандай етиб борганини ҳам сезмай қолишади.

Ёнимдаги ҳамроҳим – ўрта ёшли, кўзлари маъюс аёл аввалига бир сўз демай вагоннинг ойнасидан олисларга боққанича хаёлларга берилиб кетаверди.

Йўловчиларга хизмат қилувчи қизларнинг чой ва ширинликлар улашганлари суҳбатимизнинг бошланишига сабаб бўлди.

– Каттароқ ўғилларингиз борми, опа, мана бу қизлар жуда ажойиб экан-а! Келин қилсангиз борми! – дея гап бошладим мен.

– Ҳа-я, – деб қўйди ҳамроҳим.

– Аммо ҳозирги ёшларга келин топиб бўладими, опажон, ўзлари топишишса-ку, бир нави! Онам раҳматли айтганларидек, болаларнинг бўйини ўстираркансиз-у, кўнглини тополмас экансиз...

Бу гапдан сўнг ҳамроҳимни нимадир безовта қилаётганлиги шундоққина сезилиб қолди. Бироқ илк бор кўрган одамингдан «Нима, бирор гап бўлдими?» деб сўраш ноқулай бўлганлиги учун индамадим. Аммо орадаги жимлик узоққа чўзилмади. Опа тўлиб турган экан...

– ...Инсон, унинг ички дунёси шунчалар ҳам мураккаб бир тилсим эканки, бу тилсимни англаб етдим, деган киши хато қиларкан, – ҳамроҳим секингина уҳ тортиб қўйди-ю, гапини давом эттирди: – Мен турмуш ўртоғим билан уч йил гаплашиб юриб, сўнг оила қурганмиз. Тўйимизга ҳам, мана чорак аср бўлай деяпти. Аммо мен у кишини яхши билмаслигимни яқиндагина англаб етдим.

Беш нафар фарзандимиз бор: уч ўғил, икки қиз. Худога шукр, ўғилларим катта бўлиб қолишган. Икки ўғлим Тошкентда таҳсил олишади. Ҳозир уларни кўргани кетяпман. Афсуски, бу галги боришим ўғилларимни хурсанд қилмайди-да. Шунинг учун ҳам кўнглим бирам ғашки…

– Ундай деманг. Дунёда она дийдоридан ҳам устун нима бор ўзи? – дея кўнглини кўтармоқчи бўламан суҳбатдошимнинг.

– Аслида шундайку-я, аммо... – опанинг кўзларида ёш йилтиллади. На дардини айтишни, на айтмасликни билмай қолгандек, яна дераза томонга тикилди. Сўнг бир ҳўплам чой ичди-да, гапини давом эттирди: – Ўғилларимни жуда яхши кўраман. Улар учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Улар ҳам мен билан очиқчасига гаплашишади. Улар бир гал Тошкентдан уйга келишганида яхши кўрган қизлари борлигига шама қилишди, аммо мен гапни бошқа ёққа буриб юбордим. Яна шу ҳақда оғиз очишганида «Бундай гапларни айтишга ҳали ёшлик қиласизлар. Келинларни биз ўзимиз топамиз. Сизлар овора бўлмай қўяқолинглар», деб қўя қолдим.

Аммо ўғилларим яқинда қишки таътилга келганларида масалани кўндаланг қўйишиб, охирги курсда ўқиётганликлари учун ҳеч бўлмаса фотиҳа қилиб қўйишимизни талаб қилиб қолишди. Шундан сўнггина улардан топган қизлари ҳақида сўраб-суриштиришга мажбур бўлдим. Эшитганларимни дадасига оқизмай-томизмай айтиб бердим. Дадаси жаҳл билан:

– Хўш, сен уларга нима дединг? – деб қолди.

– Нима ҳам дердим. Даданг билан маслаҳатлашиб, кейин бирор фикр айтамиз, деб қутулдим, – дедим.

– Ундай бўлса уларга айтгинки, мен бунга мутлақо қаршиман. Йўқ, яхшиси уларни бу ёққа чақир. Ўзим уларга ҳаммасини тушунтириб қўяман. Сен эса туш-ликка бирор нарса тайёрлайвер, – деди эрим.

Шундай қилиб, ўғилларим ота ўтирган уйга кириб кетишди. Мен эса овқат тайёрлаяпман-у, хаёлим ичкарида.

«Ishqilib dadasi ularni qattiq ranjitmasin-da. Hozirgi yoshlar biram oʻt-olovki, biror maslahat berishga ham qoʻrqasan kishi», deb oʻylardim oʻzimcha.

Овқатга керакли масаллиқларни олиш учун балконга чиқишга тўғри келди. Зал ёнидан ўтаётганим маҳал қия очиқ эшикдан дадасининг ўғилларимга айтаётган зардали гаплари қулоғимга чалиниб қолди:

– Ўзинг ўйлаб кўр, ахир сен топган қизнинг отаси йўқ бўлса. Оиласи катта, унинг устига онаси ҳам ногирон бўлса. Сеники эса оддий ўқитувчининг қизи экан. Бир бундоқ ўйлаб кўринглар! Эртага сенларни ким ҳимоя қилади. Ким сенларни қўллаб-қувватлайди?!

– Ахир ўзингиз ҳам кўп болали, оддий ишчининг қизи бўлган онамга уйлангансиз-ку. Нима, сиз бахтли эмасмисиз? – ҳеч қачон отасининг юзига тик боқмаган тўнғичим жуда ҳам асабийлашганиданми, шундай деб қолди.

Буни кутмаган отаси зардали оҳангда ўшқириб берди:

– Э-ҳа, сенларни қаранглар-а. Ҳали сизлар менга гап қайтарадиган бўлиб қолдингларми. Шунча катта бўлиб қолибсизлар-у, сезмай ҳам қолибман-а. Билмасангиз билиб қўйинглар. Менинг бугунги ҳолатга тушиб, ишдан бўшаб, уйда ўтириб қолишимга айнан онангизга уйланиб, хато қилганлигим сабаб бўлган, десам ишонмайсизлар-а, тўғрими? Аслида эса худди шундай. Нега, деб сўрасанг ҳам керак. Шундайми?! – Эрим борган сари асабийлашиб борарди. – Мана, масалан, мен билан бирга ўқиган курсдошларим мансабдор, қўлини қаёққа узатса етадиган кишиларнинг қизига уйланганликлари учун ҳам бугунги кунда юқори лавозимларда, бой-бадавлат ҳаёт кечиришмоқда. Мени эса ҳатто оддий ишимдан ҳам четлаштиришди тирговучим йўқлиги учун! Агар менинг ҳам қайнотам бирор мансабдор киши бўлганида борми, мен ҳозир…

Эшитганларим шу бўлди. Бирдан бошим гангиб, кўзим тиниб кетаётганини сездим...

Ўша кундан буён сира-сира ўзимга келолмайман. Наҳотки менга уйланганлиги туфайли турмуш ўртоғим бир умр армон билан яшаб келаётган бўлса? Наҳотки ҳаёт фақатгина мансабу бойликдан иборат бўлиб қолган бўлса?!

– Ҳа, – дедим мен беихтиёр. – Бундан ортиқ азоб борми, дунёда. Сен билан ҳамдарду ҳамқадам яшаб келаётган инсонинг сен туфайли пушаймонлик оловида ёниб яшаб келаётган бўлса-ю, сен эса буни билмасанг...

– Шунинг учун ҳам куяман-да, айланай, – деди ҳамроҳим намланган кўзларини олиб қочар экан.

Қарасам, опахоннинг кўзларидан думалаётган ёш юзларини аллақачон ювиб бўлган. Қандай бўлмасин, ҳамроҳимни яна гап билан чалғитишим кераклигини англадим. Шунда унинг суҳбатимиз бошида айтганларини эсладим:

– Бу галги боришим ўғилларимни хурсанд қилмайди, дегандай бўлдингизми?

– Ҳа, гап шундаки, ўғилларим таътилни тугатиб, ўқишга кетишди, бироқ дадаси ўз фикрини сира ўзгартирмади. Ўғилларимга бу гапларни телефон орқали айтишни лозим кўрмадим. Боргач дадасининг уларга келгусида «тирговуч» бўла оладиган мансабдор танишлари билан қуда бўлишга келишиб қўйганлигини айтишим керак. Шунинг учун энди улар гаплашиб юрган қизлари билан муносабатларини узишлари керак...

– Мени қийнаётган бундай ҳолатдан энди қандай қутулай, айтинг, – дея яна куйиб-пишиб гапида давом этди опахон. – Турмуш ўртоғимнинг «армон»ларини қандай қилиб хаёлимдан ўчириб ташлай?! Мен ўғилларимнинг мард, ориятли ва ор-номусли йигитлар бўлишини истайман. Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг. Ўша сиздан бир неча баробар юқори мансабли, бой-бадавлат хонадоннинг тантиқ қизи ўртаҳол оилада қандай яшаб кета олади? Ўғилларим бир умрга қайнота-қайнонаси олдида бошини эгиб яшашига қандай чидайман?

Ҳамроҳимнинг елкалари силкина бошлади. Мен уни юпатишга ожиз эдим...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди.