OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДилмурод Содиқов
Асар номиЎзидан қочаётган одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Дилмурод Содиқов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўзидан қочаётган одам (ҳикоя)
Дилмурод Содиқов

Боботоққа пода ҳайдаб кетаётувдик. Манзилга етмасимиздан кун бота бошлади. Қуёш қизғиш тус олди. Осмон тоқидаги парқу булутлар нимпушти рангга кирди. Тоғнинг ғадир-будир чўққилари, бепоён адир ҳамда этакда сочилиб ётган қишлоқлар устида шафақ бижирлади. Қуёш осмонни тарк этди, бироқ қутб қонга бўялгандай қизариб турди. Кун секин-аста унниқиб, зулмат чўка бошлади. Кундузга хос нарсалар қумга синггандай йўқ бўлди, ҳаммаёқни тун вазминлиги эгаллади. Шу пайт тоғ қаърида шоқоллар улиди. Моллар таққа тўхтади. Тоғам поданинг олдига ўтиб йўл бошлади. Мен ортда, хачирда «ҳада-ҳуй»лайман, ёнимда озиқ-ов¬қат ва идиш-товоқ ортилган ола эшак, унинг кетида иккита қозоқи итимиз тиркалиб келади. Тун осуда, осмонда юлдузлар порлайди. Ёқимли шабада эсади. Аҳён-аҳёнда қарчиғай чағиллаб қўяди. Ўтлар орасида ва сойликларнинг сув ювиб кетган ўнгирларида чигирткалар тинмай чириллайди.

Тўсатдан ҳаво айниди. Жонланган шамол кўклам денгизини тўлқинлантирди. Тоғам отни Қанотлиқоя томон бурди. Сўнг менга ўгирилиб: «Илдам-илдам ҳайда, ёмғир келаяпти!» – деб қичқирди. Мен хачирни ниқтадим.

Бирпасда осмонни булут қоплади. Кучли шамол турди, момақалдироқ гулдираб, ёмғир қуя кетди. Мен туя жунидан тўқилган чакмонга ўралиб олдим. Чакмон ичида томчилар шатирлатиб ураётганини эшитиб турдим. Бир ¬оз ўтгач, ёпинчиқ ёқасидан атрофга қарадим: ҳаммаёқ ярақ-юруқ, булут терак бўйи осилиб тушган, так-так, шилдироқ, отқулоқ барглари сувга ивиб шалпайиб қолганди. Ёмғирнинг зўридан моллар ирғишлаб чопарди. Жунлари ивиб, қовурғасига ёпишиб қолган итлар эса гоҳ подага яқинлашар, гоҳ хуржунли эшакнинг қаватига киришга тиришар, ёмғирпана жой тополмай аллатовур ғинг¬ширди.

Ёмғир қуйиб ёғарди. Сув чакмондан ўтиб, кўйлагим танамга чиппа ёпишди. Усти бошим билан дарёга шўнғиб чиққандай шалвираб қолдим. Чакмонни бошимдан олувдим, теваракдаги сойларнинг сувга тўлгани ва нишабликдаги ўтларнинг бир текис ётиб қолганини кўрдим. Дара тугади. Тик тушган юзаси илма-тешик бўлиб кетган жарлик бошланди. Унинг тагидан, паст-баланд кенг сўқмоқ бўйлаб юрдик. Бу йўл зим-зиё, лекин ёмғирпўш эди. Тепадаги ковакларда қушларнинг уйқу аралаш чуғури эшитилади. Ўйдим-чуқур сўқмоқдан юқорига кўтарилиб, текис, баҳаво ўтлоқзорга чиқдик. Ёмғир тиниб, мусаффо шамол эсарди. Даралар ёмғирга бўккан. Овдан қуруқ қайтаётган Ҳисор айиғига ўхшаб жуда вазмин қадам ташлардик. Дара адоғидаги чўққилар саф-саф аскарлардай қаторлашиб турарди. Бургутнинг қанотидай кенг ёйилгани Қанотлиқоя. Унгача сел ювиб кетган тошлоқ арна1 бор. Арнада ёғиб ўтган ёмғирнинг бўтана сувлари шитоб билан оқади. Соҳили эгри-бугри дарёдан бир амаллаб ўтдик. Кечув пайтида хачирим икки марта мункиб кетди. Бирор фалокат бўлмасин, деб хачирнинг яғринига қамчи билан туширдим, жонивор токи жинғилпояга чиққунимизча қадамини тек босиб борди.

Қоя ён ўркачларга мингашиб олган. Чап қанотдаги ўркач бағрини сув тешиб ўтганидан ғорга айланган. Чўққиларнинг орқаси қалин қарағайзор. Овчилар шу ғор орқали ўрмонга ўтиб олади. Ҳозир у ердан шариллаб оққан сув этакдаги арнага бориб қуйилмоқда. Тоғам отдан тушиб, қоя остидаги қўрхона томон юрди. Қарасак, ўчоққа ўт ёқилган, юпқа кул қатлами тагида чўғ милтиллаб турибди. Шох-шаббалар сочилиб ётибди. «Гулханни калламозорлик подачилар ёққан бўлса керак, — деди тоғам чўтлаб. — Чўпонлар ўтинга хасис бўлади, бир дона чўпниям бекорга ташламайди».

Мен хуржундан шолча олиб ёздим, кўрпача солдим, ке¬йин намиқиб кетган кўйлагимни алмаштирдим. Тоғам подани уюргани кетди. Шу орада итлар ҳуриб қолди. Ўчоққа икки бўлак тўқмор ташладим-да, чўзилиб арна томонга қарадим, тоғам кўринмади. Итлар акиллади. Бир оз хавотирга тушдим. Тоғда кечаси товуш чиқариб бўлмайди. Гаранда-гурандалар одамга хавф солади. Бундай пайтда ҳайвон ё қуш тилида гапиришга тўғри келади. Хуллас, қўлимни оғзимга қўйиб, «қу-ур»ладим. Тоғамдан «хотиржам бўл», деган жавоб келди. У ғор тагида, заранг таёқни белидан ўтказиб, энгашганча ўпқонга қараб турарди. Итлар тинмай ҳурарди. Қизиқ, улар тулкининг ҳидини олдимикин? Тоғам тулкини ёмон кўради. Учратиб қолса, «зоти паст», деб сўкади ва ўнг енгидан ип узиб, тутатиб юборади. Шундай иримчи одам нега бунча ғорга тикилади? Тағин айдари1масмикин? Вой, гапим қурсин, айдари дегани жуда даҳшат-ку! Унинг қораси ўчсин. Унга ҳеч бир жонзот бас келолмайди.

Ниҳоят, тоғамнинг қорувли гавдаси кўринди. У қўрхонага келиб, намиқиб кетган чакмонини ечди, ўнгири узун, кенг-мўл камзул кийиб олди. Юзида эса бесаранжомлик бор.
– Нима гап, тинчликми, тоға?

Унинг бошмалдоқдай қошлари андак чимирилди. Сўнг:
— Тинчлик, жиян, — деди ўйланиб. — Шу... ғорда нимадир бордай. Инграгандай бўлди. На одамга, на ҳайвонга ўхшайди... Ким билади, бирор жонивор ёмғирдан қочиб кирганми...
— Арғамчи бўлса керак-да! Улар одамдай овоз чиқаради, деб эдингиз!
— Авраётган маҳалдагина товуш беради.
— Арғамчининг кўзи йилда бир марта ёнармиш. Буни кўрган одам бой бўлармиш. Шу чинми, тоға?
— Бу гапни кимдан эшитдинг?
— Марқа бува айтувди.
— Тўғрику-я, лекин бу фалокат келтиради.

Қўрга кўмилган картошка пишди, чўғ чарсиллаб отилиб қолди. Тамадди қилдик. Тоғам Қанотлиқоя, унинг атрофидаги қишлоқ ҳақида гапирди: – Бу ер – Калламозор. Ўтган аср бошида эски тепаликда одам боши кўмилган қабрлар топилган. Қишлоқ мутаваллилари даҳрийлардан чўчиб, бош чаноқларини Илонжарга улоқтиришган. Азбаройи суяклар кофирлар қўлига тушишини исташмаган... Тузалбой худди шу қишлоқдан бўлади. Унинг сурув-сурув қўйлари пастдаги дараларда ўтлайди. Бегоналар бу ерга дориёлмайди. У Калламозорга хўжайин. Тавба, одамзотни нафс енгди. Бўлмаса, ер кимлардан қолмаган! Эй, жиян, ер, бу — абадият, унинг олдида ким бўлибмиз?! Ҳеч ким! Дарё сувидай оқамизу кетамиз...

Шу пайт ғор тагидаги сув «шалоп» этди. Итлар важоҳат билан югурди. Ўзларини аямай сувга ташлади, вағиллади ва аллақандай одамнинг жонҳолатда қичқиргани эшитилди. Ичимизга ғулғула тушди, кейин қўлимизга илинган нарсани олиб чопдик.

Қарасак, айлана ҳовуз ичида Кўккўз билан Полвон (у айиқ¬дай семиз ва кучли эди) бир одамни талаб ётибди. У одам сувга ўзини пишиб олар, нафаси қайтгач, бошини чиқариб овози борича бақирарди. Тоғам пойчасини туриб сувга тушди-да, итларни нари қувди. Итлар ўлжасидан қуруқ қолган йиртқичдай ҳовуз четида кўзларини олайтириб, оппоқ тишларини кўрсатиб ириллаб тураверди. Ҳалиги киши дод солар, сувни шалоплатар ва ғорнинг мум тошларига тирмашиб юқорига чиқишга ҳаракат қиларди. Тоғамнинг: «Қўрқманг, буёққа келинг, қўлингизни беринг», дейишигаям қарамай, ғор деворига ўрмалаб чиқаверди ва бирданига сирпаниб, сувга юзтубан қулади. Ҳовузнинг суви икки ёнга айрилиб, ўпқон ҳосил бўлди-да, ғойиб бўлди. Уйрум қайтиб тўлгач, атрофга жимлик чўкди, итлар сувга тикилиб қолди. Юрагим дукурлаб урди. Тоғам ҳовузга тушгани ҳамон тана пўкакдай юзага қалқиб чиқди. Уни ташқарига чиқариб ётқизди. Кўкрагини босувди иҳради, оқариб кетган юзини буриштирди. Тиришиб, ғужанак бўлиб олди. Тоғам уёқ-буёғини уқалагач, пича бўшашиб ўзига келди. Бизни кўриб, қўрқиб кетди шекилли, илкис туришга уринди.
— Қўрқманг, биз оқмозорлик чўпонлармиз, — деди тоғам. Ҳалиги одам чап елкасини ушлаб «оҳ»лади. — Итлар роса талабди-ку, оға, — деди тоғам тасалли бериб. — Ҳай, нимаям дердик. Ҳайвон-да! Лекин чатоқ бўлди.

Унинг қулоғига гап кирмасди, қўлга тушган ўғридай қочишга пайт пойларди. Амал-тақал қилиб қўрхонага етаклаб келдик. Ўчоқдаги чўғни кўрди-да, иккимизга аланглаб қаради. Бу қарашида кибр-димоғ бор эди.

Калтакесимдан келган, озғин бу кўса одамнинг тишлари тўкилиб адо бўлган, гапирганида икки лунжи товуқнинг жиғилдонидай кириб-чиқади. Косасига ботган кўзларидан қаҳр олови учқунлайди. Бурни чигитдай. Устидаги жемпери шалаббо бўлган эди, пахталик кўйлак-иштон бердик. Шундан кейин ажин босган юзи сал ёришди.
— Оға, келинг, би-ир отамлашайлик, — гап бошлади тоғам. Одатда, у хокисор, фақир одамларни ўзига яқин оларди. — Қайтар чўпонман. Бу бачча — жияним, — деди мени кўрсатиб. — Каттарса чўпон бўлади. Иштиёқи зўр. Ҳар қалай, қонида бор-да... Энди, ўзингиздан сўрасак, оғам. Тоғчилардан бўлсангиз керак?

Нотаниш одам ҳеч нима демади. Ўчоқдаги чўққа кўзини тикиб ўтираверди. У чуқур ўйга чўмганди.
— Нима, бошингизга мушкуллик тушдими? Одамнинг дардини одам кўтаради, оға. Айтаверинг! Тортинманг, — деб тоғам уни гапга қистади.
— ...Отим Бозиқ. Тузалбойнинг қўйчивониман. Муштдайлигимдан қўй боқаман. Бола-чақадан йўқ. Пешонада ёзилгани шу экан-да. Болам деса дегулик икки шогирд бор. Худо ёрлақасин, оқибатли болалар чиқди...

Бу исм тоғамнинг кўнглида қўтир бойлаб ётган хотира ярасини тилиб юборди. Ўн беш йил бурун эди. Айни кўклам маҳали, отарлар Боботоғ этагида жодраб юрарди. Ўн чоғли одам раҳматли Қулмўмин чўпоннинг оғзига маҳтал бўлиб, уруш майдонида гаров ўйнаб бир гала қарғани қийратгани-ю, кўкрагидаги медалларни нақ биттага кўпайт¬гани ҳақидаги матални мароқ билан эшитарди. Шу пайт қир биқинидаги сўқмоқдан милтиғини орқалаб Лақай овчи ўтиб қолади. Бечора Қулмўмин чўпон қартайиб қолган бўлса ҳам кўзи ўткир эди, қирга ўрмалаб бораётган овчига қараб: «Лақайларам журибди-да овчиман, деб. Қўйиб берсанг, икки метр наридаги қобонни дуруст кўзлолмайди. Қарғани-ку, гапирмасаям бўлади», – дейди. Қўтондагилар қий¬қиришади. «Эй, нима деяпсиз, оқсоқол, бир чақирим наридаги эчкемар¬нинг бошини янчганда, қарғангиз нима бўпти?» Қулмўмин чўпон бўш келмади: «Чақир, синаб кўрамиз». Тоғамнинг жўралари дали-ғули эмасми, тура солиб, ҳалиги овчини бошлаб келибди, гўёки кекса чўпонни мот қилмоқчи бўлишибди. Раҳматли чўпоннинг ори кучли эди. Ёнидаги чопқир чавандозларга қараб: «Мана шу осмонда учиб кетаётган ўрдаклардан бировини уриб туширсанг, битта кўпкари бераман» – дебди. Лақай овчи ўйлаб ўтирмасдан қўшотарини шарт ечибди-ю, осмонга нуқибди. Уролмабди. Яна баданглатибди... Чапани овчи шолғомдай қизарибди, отлиқлар эса писиб қолибди. Қари чўпон шундаям марсинмабди, якшанбада Лойлиқда кўпкари бўлади, деб кетворибди.

Боботоғда гап ётармиди, кўпкари хабари ҳаммаёққа тар¬қалибди. Ҳатто Сурхоннинг у бетидагилар ҳам эшитибди. Якшанбада кўпкари бўпти. Зотига йигирма бош улоқ, тўрт ғунажин қўйилибди. Кўпкари зўр ўтибди. Бизнинг Тарлон икки улоқ айирибди. Тоғам тантилик қилиб бировини отни чопган эшонга назир қилибди. Хуллас, тўй тугаб, отлиқлар тарқаётган маҳал бир жулдурвоқи одам тоғамнинг ўнгиридан ушлаб, отингизни бериб туринг, қўйларим Илонжарга тушиб кетди, йўғасам улардан айрилиб қоламан, дебди. Тоғам лаққа тушибди. Фарибу бечорага яхшилик истаб, терга ботган Тарлоннинг жиловини унга тутқазибди. У минибди-ю, кетибди. Шу сози қайтиб келмабди... Кейинчалик, орадан бирор ойлар ўтиб, оқмозорлик чўпонлардан бири унинг тайини йўқлигини айтиб қолибди. Шу гапдан сўнг тоғам Тарлонга дуо берибди...

Ана шу жулдурвоқи энди рўпарасида ўтирибди. Тоғам от жониворга кўп ачинувди. Жулдурвоқини у гўрдан олиб, бу гўрга тиқувди. Шундай бўлса ҳам ҳаммасини унутибди, мана, бир тукиям ўзгаргани йўқ. Биринчи марта кўраётгандай гапини қизиқсиниб эшитаяпти...

...Туновин етти бош қўй зовдан учиб ўлди. Бойга шундай бўлди, деб борсам, бетимга шапалоқ тортди. Сен қўйларни кўпайтириш ўрнига бошига етаяпсанми ҳали, деб итдан баттар қилди. Ўлган қўйларни тирилтирасан ё сотиб олиб қўшасан, дейди. Ёмон бўлди... Жала қуяётган пайти қўйларни қўтонга қамадим-да, қочвордим. Бўлди-да энди, ўттиз йил бойнинг қўлига қараб яшадим. Бирим икки бўлмади. Қайтага барбод бўлдим. Одам эркин яшаши керак экан. Тўрт-беш йиллик умрим борми-йўқми, шуниям ғурбатда ўтказмай дейман... Бойнинг одамлари изғиб юрипти... Айнам, мени кўрганингизни ҳеч кимга айтманг! Ўтинаман.
— Кўнглингизни тўқ қилинг. Ҳеч кимга айтмайман. Сизга қўлимдан келганча ёрдам бераман.
— Мен ҳақимда бировга гапирмасангиз бўлди. Тонг оқармасдан Керишгантовга йўл оламан. Ўлсамам бу томонларга қайтмайман.
— Уёқда қўнимингиз борми?
— Керишганнинг бағри кенг. Ўз ҳолимча яшайвераман. Манглайимга, ҳайвонлар билан қушлар омон бўлса, бас. Мен сизга айтсам, фақат уларнинг кўнгли топ-тоза. Уларгина одамга чин ҳамдард бўла олади. Бандасидан имон қайтди, айнам. Одамлар бузилди.

Тоғам жим тинглар, пешонасини, қаншарини тез-тез қашиб қўярди. Охирги гапни эшитиб суҳбатдошига ялт этиб қаради. Ўша Бозиқбой бу гапларни айтаётганига ишонмади. Сўнг кўзини олиб қочди, уялди, чироқлари милтиллаб турган қишлоққа тикилди ва ўнғайсизланиб:
– Сизга нима дейишниям билмай қолдим. Менга қолса, туғилган гўшангиздан йироққа кетманг. Ундан азизроқ жойни тополмайсиз, – деди.
— Сиз уни билмайсиз. Кўзига қон тўлган. Тўрт-беш йилдан бери: «Сен қарияни бир ёқли қилмасам бўлмайди, тоза баъдимга урдинг», деб юради... У мени соғ қўймайди.
— Ахир, уям одам. Кечирилмайдиган гуноҳ йўқ. У сизнинг айбингиздан ўтар. Ахир, қўйларни жўрттага нобуд қилмагансиз-ку, тўғрими? Фалокат босган.
— Буни тушунмайди. Ҳайвон феъли бор.
— Унга ҳаммасини тушунтираман. Сизни кечиради.
— Қўйинг, фойдаси йўқ.

Орага сукут чўкди.

Сал вақт ўтиб, тоғам чуқур нафас олди-да:
— Товонини ўзим тўлайман, — деди. — Садқаи сар, мол кетса кетибди. Одамнинг олдида мол-дунё нима бўпти?! Сиз бандасидан имон қайтди, дейсиз. Одам жардан қулаётган пайтдаям одамлигини унутмайди. Билиб қўйинг, имон бирламчи, у тирикка ҳам, марҳумга ҳам керак, ҳаёт – абадий.
— Ҳаёт... ҳаёт аллақачон тамом бўлган, — деди Бозиқ ака чўрт кесиб. — Лекин сиз менинг ташвишимни чекманг. Мен тамом бўлган одамман.
— Ундай деманг. Ҳаммаси яхши бўлади.
— Кўзим етмайди.
— Мана кўрасиз. Мени айтди, дерсиз.
— Сиздан қарздор бўлиб қолишни истамайман.
— Мени хаёлингизга келтирманг.
— ...

Тунги осмон сержилва эди. Юлдузлар бодраб ётарди. Қарасанг, чақнаб ўйнайди. Ёмғир ҳиди тараб, майин шабада эсади...

...Елвизак ела бошлади. Қушларнинг чуғури, молларнинг пишқириғи, ғимирлашлар эшитилди. Кўзимни очдим. Осмон кўкиш, кунчиқар томон ёришиб келарди. Тоғам билан Бозиқ ака поданинг нариги томонида, арнанинг бўйида гаплашиб туришибди. Зум ўтмай қуёш бош кўтариб, борлиқ нурга тўлди.

Чой қайнатиб ичдик. Тоғамнинг димоғи чоғ эди. У менга қараб:
— Молларни ангорга ҳайда. Биз ҳув, қишлоққа бориб келамиз, — деди сийрак жойлашган уйларни кўрсатиб.

Бозиқ ака бошини ирғаб қўйди.

Улар кетди. Мен дўмбирани чертиб ўтирдим. Қуёш терак бўйи кўтарилганда тоғам Тузалбойнинг одамларини эргаштириб келди. Бозиқ аканинг уст-боши қон. Ора-сира ёнидаги барваста йигитлар: «Кўрнамак, тузини тотиб, тузлиғига тупурасанми? А-а? Бепадар ит!» – деб унинг гарданига мушт тушириб қўярди. Йигитлар қорувли эди, кенг юзларидан жаҳл¬дорлиги билиниб турарди.

Улар ўн бош молни айириб, олдиларига солиб ҳайдаб кетишди. Бозиқ ака йиғлашга тушди. Тоғам:
– Эркак кишиям йиғлайдими? Қўйинг-эй, бас қилинг! – деди.

У йиғидан тўхтади. Лекин Оқмачитга етгунимизча тоғамни алқаб борди. Тинмай: «Энди сизнинг олдингизда нима деган одам бўлдим? Қарзимни қандай узаман?» – дерди. Тоғамнинг жаҳли чиқди. «Бўлдида-э, нима деганингиз бу? Айт¬дим-ку, мени хаёлингиздан чиқариб ташланг!» – деб қаттиқ гапирди. Шундан кейин у миқ этмади.

Бобомдан қолган қўтонга ўрнашдик. Қўтон икки хонали, бирида на дераза, на сандал бор. Том ичи қоронғи, совуқ. Гўшт сақлашга мўлжалланганди. Кейинги хонанинг шифтида челакнинг оғзидай тешик бор. Фувиллаб кирган шамол хоналарда айланади. Қиш маҳали тешикка челакни кийгизиб қўярдик. Хона худди кўкламдагидай.

Кечқурун ис чиқардик. Қўшни қўтондан чўпонлар келди. Гурунг қизиди. Меҳмонлар тонгга яқин қўзғалишди. Бозиқ акаям кетаман деб туриб олди. Тоғамни узоқ дуо қилди. Отам қилмаган яхшиликни қилдингиз, деди. Унинг елкасига тўрва илдириб кузатдик. Овози тинмай, тоғамни алқаб, жавраб кетди.

Ёз келди. Ҳаво аланга олиб, ўтлар қовжираб қолди. Арнада сув тортилди. Кўч-кўронимизни йиғиштириб қишлоққа қайтдик. Тоғдаги воқеадан уйдагилар хабар топибди. Бобом: «Шу замондаям ҳотамтойлик қилиб бўладими?» – деб тоғамни койиди. Момом: «Ҳай, гўрга, жон омон бўлса, мол топилади», – деб қўйди. Шу билан бу ҳақда қайтиб гурунг бўлмади. Бобом ҳам нима қилсин, ўғлини шундай тарбиялаган-да. Одамга нафинг тегмаса, одамгарчиликдан кеч, деб ҳозир ҳам айтиб юради.

Пичанни ғамлаб, тоққа йўл олдик. Бу томонларда куз қисқа бўлади. Чўққиларга қор тушгач, чўпонлар яна қишлоққа қайтишади. Ҳозир адирни ажриқ босган. Яйловда сурувлар жодраб юрибди. Калламозорга қўниб ўтдик. Ангордаги чўпонлар: «Бу подачилар ким бўлди экан?», – деб бирин-кетин келиб, ҳол сўрашди. Бироқ бир чўпон қўнимга яқинлашавериб тўхтаб қолди ва ортига бурилиб югуриб кетди. У югурганча кетаверди. Ҳамроҳлари: «Ё тавба, Бозиққа нима бўлди? Жин чалдими буни?» – деб ажабланиб қолишди. Улар билан гурунгимиз қовушмади. Бирин-кетин туриб, отарининг бошига қайтишди.

Тоғам қийшанглаб қочаётган Бозиқ чўпоннинг ортидан қараб: «Бу томонларга қайтиб келмайман деганди-ку! Тавба, келиб-келиб яна Тузалбойнинг сурувини боқиб юрганини қара!.. Айнибди баччағар», деди овозини чиқариб.

Хиёл ўтмай қўзғалдик ва йўлда давом этдик.