OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДилрабо Мингбоева
Асар номиДилбанд (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Дилрабо Мингбоева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Дилбанд (ҳикоя)
Дилрабо Мингбоева

Биз уйимизга етай деб қолдик. Икки-учта ит бемаврид ўткинчидан жаҳли чиқиб, ҳура бошлади. Сен итнинг овозидан қўрқма. Бу ҳам дунёдаги товушлардан бири.

Мана, ёнимизга келиб, менинг этакларимни ялай бошлади. Сезаяпсанми, мен итларнинг кўзларига қарамаяпман. Кўзларида милтираётган ожиз ғазабни кўрмаганимиз маъқул. Сен уларни ёмон кўрма, улар танимаганларга шундай муомала қилади.

Бу – бизнинг уйимиз. Бу – эндигина бўй чўзаётган тераклар билан шивирлашаётган ариғимиз. Биздан хавотир олиб ҳовлига шошилиб чиқаётган, бу меҳрибон одам – сенинг отанг. Ажиб қўшиқлар куйлаётган қушлар – сенинг ака-укаларинг. Тепамизда жимгина термулаётган хилқат – осмон. Севсанг, соғинсанг, нафратлансанг, унга тикил.

Бу – сенинг хонанг. Бу рангли қоғозлар, қўғирчоқлар, ёстиқчалар, китобчалар, дискларга қамалиб қолган мултфилмлар – сенинг мулкинг.

Юрақол, овқатланамиз. Овқатнинг сарасини бизга илинаётган отангга қара-я! Кўнглим беҳузур бўлиб, уйдан отилиб чиқдим. Оҳ, эркатойим, сенга бу емак ҳам ёқмадими? Ошхонага кириб олма еяқолайлик! Кўпроқ еймиз-а, юзлари тип-тиниқ соҳибжамол бўласан! Фақат бошқа тўполон қилиш йўқ!

* * *

Бозор тўла лўли аёллар ва болалар. Бу ерда болалар сотилаяпти, нарх-наво устидаги талашиб-тортишишлар авжига чиққан. Мен бозор оралаб сени қидирдим. Сени топдим. Сен шу қадар ўзгачасан. «Қизалоғим», дедим. Сен қарамадинг. «Юр, уйга», десам, танимадинг. «Ойим келса, ундан олиб кетасиз», дединг. «Сенинг ойинг менман-ку?» дедим. «Йўқ, ойимдан рухсат олинг, кейин сиз билан кетаман», дединг. «Юрақол, ойингни топа қолайлик, у менга сени берармикин? Оҳ, ойинг қани-я сенинг?». Биз ойингни излаб, бозорни неча бор кездик, қани топила қолса?! Қани ойинг? Қани-я, ўша ойинг?

Тўлғониб уйғониб кетдим. Сен эса қорнимда ти¬нимсиз тепаяпсан! Ахир, сен вужудимдасан-ку? Мен¬ман-ку, сенинг онанг! Сени қайлардан қидириб юрибман-а.

Отанг ҳамон уйғоқ. Ўйга ботган. У ярим тунда нималарни ўйлайди? Ҳалиям севармикин ўша аёлни?! Ҳа, ҳа, у баъзида менга гуноҳкорона жилмайиб қўяди. Юрагини нима тирнаётганини наҳот ҳис қилмасам?!

Унинг қўлини олиб қорнимга қўйдим. Шаддод қиз, яна тепдинг. Сезаяпсанми, бу отангнинг илиқ тафти, дун¬ёдаги энг ғамхўр инсоннинг қўли. У сени шу қўллари билан кўтариб юради, ҳимоя қилади. «Тепишини қаранг-а», дедим. У «Ҳа, ҳа, ажойиб», деди. Аммо бу менинг кўнглим учунгина айтилган сўз эди...

* * *

Юзларимдаги доғлар тобора бўртиб, семириб қол¬дим. Биласанми, дунёдаги энг гўзал аёл ким? Мен – сенинг онанг! Кўз остимга тушган майда ажинлар сен учун гўзаллик белгиси бўлиб қолади. Сен эса менинг бутун орзуларим, муҳаббатим, ҳисларимни ўзига жо қилган фариштадай қиз бўласан!

Вужудимда ўсаётган гулим! Сени гуллар билан таништирайми? Кел, яхшиси, мусиқа тинглаб, гулларни тасаввур қилиш ўйинини ўйнаймиз. Ёки чигиртканинг овозини суратга соламиз. Балки биз учратган барча гўзал қизларнинг қиёфасини уйғунлаштириб, табиат тасвирини яратармиз. Балки дала айланармиз! Юр!

* * *

Нега биздан дўхтирга боришни талаб қилишади? Бизнинг аҳволимиз яхши, ҳатто жуда зўр. Қорним тобора катталашиб, сенинг дунёга келишингга оз қолди. Сен шундоқ юрагим остида яшаяпсан. Дилимни муҳаббат билан пайвандлаган – Сен! Ўзинг уларга, ўз боласини қарғайдиган қўшни хотиндан тортиб китобларда акс этган идеал қаҳрамонларгача, менинг кўнглимдан то энг катта оламгача бўлган йўлни билишингни айт! Бутун олам сени тасдиқлайди, дилбандим!

* * *

Куз, қиш ўтиб, баҳор охирлаб қолди. Уч фасл қандай сеҳрли кечди! Сен билан бирга фаслларни қайтадан танидим. Бугун оғриқ жонимдан ўтди. Сен билан дийдорлашсак керак.

Оғриқ яна исканжага олди. Бизни шошилинч туғруқхонага келтиришди. Қорни қаппайган, тўлғоқ азобида ўзини қаёққа қўйишни билмаётган севилган ва севилмаган аёллар… Ҳар доимгидай ҳасадим келди.

Юрак-юрагимдан ўтиб кетаётган изтироб додга айланди. Бутун оламни – севмаслигини сир тутиш учун бизни меҳрга кўмиб ташлаган отанг, юзларига армонлар аямай нақш солган онам, барча гуноҳларимни жимгина кечиргувчи отамни унутиб чинқира бошладим.

Дард тутгандан тутди. Жонимдан ўтди. Ҳарчанд жонимдан олма, ўлмайман, ўлишни хоҳламайман. Дилбандимни кўришим, дийдорига тўйишим керак. Ягонам… Гўзалим… Гулим… Дилбандим…

Дард ўтиб кетди. Мен боламни ўзимга беришларини талаб қила бошладим. Дояларнинг ранги бўздек оқариб, сўзлагани сўз тополмайди. Тоғорага ишора қилишади, холос. Унда эса фақат сув… Фақат сув бор эди.

Чинқиришдан тўхтадим. Сукунат қаърига сингиб кетаётган эдим…

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.