OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДилшод Муҳаммадражаб
Асар номиЎкинч (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Дилшод Муҳаммадражаб
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўкинч (ҳикоя)
Дилшод Муҳаммадражаб

«Дадажон. Қишлоқда ҳамма яхши. Мен, укаларим, бобом – ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Мен еттинчи синфда ўқияпман. Баҳоларим ҳаммаси «5».

...Сигиримиз туғди. Бобом сизнинг келишингизга атаб боқаётган қўчқоримизни Икром амакининг тўйига тўёна қилдилар.

...Сизни янги йилда Қорбобо бўлиб келади, деб кўп кутдик. Келмадингиз. Онамнинг айтишича, мен мактабни тугатадиган йили, баҳорда келаркансиз. Лекин бобом тез-тез касал бўлиб қоляптилар. Шу йил узум пишиғида у киши тўқсонга кирарканлар. Сизни доим дуо қиладилар...»

Авваллари уйга қайтишни ўйласа, кўз олдидан бирин-кетин норасидалари ўтар, ҳатто уларни тез-тез тушида ҳам кўрарди. Айниқса, кичик ўғлининг беғубор нигоҳлари уни доим таъқиб этгандек бўлаверарди.

Катталари-ку, майли, дадасининг кимлигини, қаердалигини яхши билишади. Кичик ўғли уч ойлик чақалоқ эди, тузукроқ эркаламабди ҳам. Шунча йил ўтиб, уйга кириб борса-ю, «мен отангман» деса...

Ҳар гал болаларини кўз олдига келтиришга ҳаракат қилар, аммо уларнинг чеҳраларини аниқ тасаввур қилолмасди. Фақатгина катта ўғлининг икки энлик хатлари орқали кўп нарсадан хабардор бўлишга ҳаракат қиларди.

Авф этилганлар орасида ўзининг борлигига ишонч ҳосил қилган Муродали чуқур энтикди. Икки қўлини боши орқасига қўйиб, ютинди.

Беш йиллик «қадрдон» каравотнинг ғижирлаши бу тун ҳар галгидан ҳам ёқимсизроқ туюлар эди.

«…Тонг отишига ҳали анча бор. Бунча чўзилди бу кеча! Ё тавба, ҳатто бу ерга келган биринчи кунларим ҳам тез ўтганди хаёлимда. Кечагача олдиндаги икки йилни ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Умид ҳам йўқ эди-да. Кимим ҳам бор орқамда… Ҳақиқат бор экан, кечиришди.

Адвокат дегани ҳам қизиқ экан-да. «Заринг ё зўринг бўлмаса, нима қиласан мени ёллаб», дейди. Нуқул пул сўрайди. Отамнинг бир умрлик топгани кетди-ку, барибир… оларини олиб, охирида қўл силтаб кетганига нима дейсан номарднинг!

Уф-ф… бошингга тушмаса ҳеч нарсани тушунмас экансан-да. Ўзимни ҳимоя қилишга жўяли гап ҳам айтолмадим ўшанда. «Айбдорман, урдим, озгина ичганим ҳам рост», деганим-чи! Унинг асфалтга йиқилиб тушиб, калласини ёриб олиши кимнинг хаёлига келибди. Яна «ҳаёт учун хавфли» эмиш.

Ҳеч ким хайрихоҳ бўлмади қора кунларимда, ҳамма ўгай кўз билан қаради. Ҳаётда фақат пичоқнинг дастасидан эмас, баъзан тиғидан ҳам ушлашга тўғри келишини қаердан билибман.

... Ўша бир тарсаки билан аҳмоқ ақлли бўлмагани аниқ, лекин менинг рўзғорим, ҳаётим, умрим синиб кетди-ку.

Энди мен ким деган одам бўлдим?

Қишлоққа қандай қайтаман, нима иш қиламан?

«Ўтириб келган», дея қўлини бигиз қилишади. Сандиқдаги дипломни бошимга ураманми? Энди мактабга боролмаслигим аниқ...»

Сўнгги кунларда нима учундир мункайиб қолган отасининг «Болам, беш йил чидадим. Энди бардошим етмас-ов. Тезроқ уйга қайтмасанг, кўзим очиқ кетади», деган сўзлари Муродалига тинчлик бермасди.

Хайрият, авф этишди. Қани энди ҳозироқ бу ердан учиб кетса.

Шом маҳал хаёллари чувалашиб, боши ғовлаб пиёда кетаёган Муродали йўловчи машинанинг кетма-кет сигналидан ўзига келди. Хайрият, кеч бўлса-да, қишлоғига етиб оладиган бўлди...

Муродали қишлоққа яқинлашганда, саратоннинг чирилдоқ чигирткаларидан бошқа бари жонзот уйқуга кетганди. Уйлари сийрак қишлоқнинг яккам-дуккам чироқлари кўрингач, машинадан тушиб, бу ёғига яёв кетди.

«Қандай бораман уйга, болалар ухлашгандир!»

Унинг чалкаш хаёлларини яқиндан эшитилаётган қўнғироқ овози ва чўпоннинг «қурей-қурей»и бузди. Машинадан кимнингдир тушиб қолганини кўриб турган чўпон у томон анча яқинлашиб қолганди.

Муродали таниди. Ҳошим чўпон-ку! Ҳеч ҳам ўзгармабди.

Муродалининг кўнгли ёришди.

– Ассалому алайкум, Ҳошим бобо! Ҳорманг, мен… Муродман!

– Ҳа, жигарим, бормисан? Келади, деб эшитиб эдик. Кутавериб, кўзимиз тўрт бўлди-ку, болам...

Ҳошим чўпон Муродалини бағрига босди. Бошини сарак-сарак қилиб, елкалари силкинганича эшитилар-эшитилмас бир неча бор «ҳай, аттанг, ҳай аттанг», дея пичирлаб қўйди.

Қўйларни қир томондаги ётоғида қолдиришиб, йўлга тушишди. Нималарнидир сўрамоқчи бўлаётган Муродали Ҳошим чўпон бошлаган ёлғизоёқ йўлдан жимгина келаверди.

Қишлоққа етай, деб қолишганда чўпон ёрилди:

– Ўғлим, сен ёш бола эмассан. Кўп нарсани кўриб қўйдинг. Бошинг тошдан бўлсин, илоҳим. Бу ёғига маҳкам турасан-да энди...

Ҳеч нарсага фаҳми етмаган Муродали чўпон қоронғида тимирсикиланиб қабристон тарафга бурилганида, кўнгилсиз ҳодисани сезгандай аъзойи бадани қалтирай бошлади.

Ҳали тупроқнинг нам ҳиди кетмаган, дўмпайиб турган янги қабр ёнида тўхташди. Ҳошим чўпон қабр олдида чўк тушиб қироат билан қуръон тиловат қила бошлади.

Охирги марта раҳматли онасини қабрга қўйганда мозор кўрган Муродали ҳеч нарсага тушунмади, ерга тикилганча тиловатга қулоқ тутди.

Пичирлаб ўқилган дуодан сўнг Ҳошим чўпон таскин беришга уринди:

– Муродали, болам, буёғи энди бандалик. Икки кун бўлди, бобойни бериб қўйдик...

Муродали бошқа ҳеч нарса эшитмади. Ўпкаси тўлиб, ўкириб додлаганча нам қабр тупроғига ўзини отди...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 7-сонидан олинди.