OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДилшод Нуруллаев
Асар номиБайрамдан кейинги байрамлар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Дилшод Нуруллаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм78KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Байрамдан кейинги байрамлар (ҳикоя)
Дилшод Нуруллаев

«
«Патир эмас, унинг орзуси ушалгандек бўлди».
«Ғорғойиб...»дан
»

Худонинг берган куни шу: эрталаб нонуштага соат саккизга тақаб турилади, апил-тапил нонушта: у-будан чимдиб ейилган, уч-тўрт ҳўплам чой ичилган бўлади, тўққизга етиб олишингиз керак хизматга, трамвайга осиласизми ё қанот қоқиб учиб келасизми, қизиғи йўқ бизга, тўққизми ишда бўлинг, бўласиз, бўлмай қаёққа борардингиз, хизмат: беҳисоб қўнғироқлар, оқ варақни қоралашлар, соат занги 18.00ни уриб қўйганини сезмай қолган пайтларингиз ҳам бўлади ора-чора, кўп эмас, асосан ишга бутун вужудингиз билан шўнғиб кетганингизда ё... қўйинг, хизмат, хизмат, деб калаванинг учини чувалаштиравермайлик, кўпни кўргансиз, биласиз, биласиз-э шу хизматда нима бўлишини, тўғри баъзан иш худди янги йил олдидан бўлганидек шунақанги қалашиб кетадики, қай биридан бошлашни билолмай қийналасиз, виждонингиз қийналади, йў-ў-ўқ, дарров эмас, кейинроқ, кейин, аввал нафас ростлаб уч-тўрт кун ўцин, янги йилдаги биринчи иш куни келсин, ана ўшанда қўнғироқ асабий жиринглайди, гўшакни оласиз, хўжайиннинг дарғазаб дағдағаларини тишингизни-тишингизга қўйиб эшитасиз, ҳа дарвоқе, хоҳлайсизми, эшитмайсиз шуларни, олимлар йўлини топишибди, хаёлингизни бошқа, умуман бўлак бир нарсага чалғитасиз, нимага бўлиши мумкин, сўнгги бор кимникига меҳмонга боргандингиз, эртага қолдирмай бугуноқ бозор қилишингиз керак, хотинингиз кетар чоғингиз қайта-қайта тайинлаганди, кўтарилдими ёдингиздан, жуда бўлмаганда Достоевский «Жиноят ва жазо»сининг бир юз саккизинчи бет учинчи қаторидаги жумлани хаёлингизда тикланг, мағзини чақиб кўринг, аммо гўшакка ўқтин-ўқтин «хўп», «хў-ўп» деб туришни унутманг, ана, ана, бошлиқ ўзига келаяпти, тушаяпти жаҳлдан, аниқ-аниқ чиқаяпти жумлалар энди, марҳамат, қулоқ тутинг-чи, билиб оласиз айбингизни, ҳа-я иккинчи даражали ишларни бажариб, энг муҳими, энг зарури, хўжайин юқорига узатмоқчи бўлган ҳужжат қўлингизда қолибди-ку, аттанг, аттанг, яна енг шимарасиз, хўжайиндан хафа бўлмайсиз, гина қилишга ҳаққингиз ҳам йўқ, ахир у жиғибийрони чиқиб уришганида хаёлингиз тамом бошқа ёқда: сўнгги бор кимникига меҳмонга борганингиз, хотинингиз кетар чоғингизда қайта-қайта тайинлагани – эртага қолдирмай бугуноқ бозор қилишингиз кераклиги, борингки, Достоевский «Жиноят ва жазо»сининг бир юз саккизинчи бет учинчи қаторидаги жумлани хаёлингизда тиклаб, мағзини чақиб кўришда бўлганди, шундайми, шундай денг-да, бояги ҳужжатни юмалоқ ёстиқ қилиб тайёрланг, хўжайин юқорига узацин, раҳмат эшицин, хўжайин олган раҳмат сизники, сизга тегади таъна-дашномиям, биларкансиз, тезроқ, тезроқ, қимирланг, хаёлингиз бўлинмасин, ие, яна бозор қилишни ўйлаяпсизми, олдин топшириқни бажаринг, у ёғи бир гап бўлар, бозор ҳеч қаёққа қочиб кетмаган, кетмайдиям, ҳозирги бозорларнинг дўкондан фарқи йўқ, чироғи бор, кечасиям ҳаммаёқ ёп-ёруғ, бемалол олмами, картошками, пиёзми, нима керак эди ўзи, бир-икки боғ кўкатлардан олиш эсингиздан чиқмасин-а, кўкат мия фаолиятига яхши таъсир кўрсатади, Ибн Синонинг ўзи ёзган, яна билмадим, шундай дейишади-да, айтишларича, товуқ, балиқларнинг миясини есангиз, мия фаолияти фаоллашармиш, ҳа дарвоқе, товуқмия ибораси салбий маънода ишлатиладими, ижобийми, буни майли ҳеч бир алоқаси йўқ бизга, қани ҳужжат бўп қолдими, хўжайин бетоқат, ана қўлини гўшакка узатмоқчи, сўрамоқчи сиздан, йўқ ҳадеб асабийлашаверса ҳам бўлмайди, аста-секинлик билан, ярим илтимос тарзида деса тўғри бўлар, ҳа, ҳа, сўрамоқчи-я сиздан, бояги битиб қолдими, зарур эди-я, кўнглингиз илтимосдан юмшаб кетади, қурмагур кўнгил нозик-да, унча-бунча гапни кўтаролмайди, кўтаришининг ҳожатиям йўқ, полвонмидики тош, юк кўтарса, алалхусус кўнгил кўнгиллигини қилсин, яна, яна айтишади-ку бошим кал, дилим нозик деб, бошлиққа ҳозир бўлади, ҳо-о-озир... деб қўясизу яна ғайрат билан ишга шўнғийсиз, нуқтаси қуримай, во-ой, нуқта қўйдингизми, ахир бу узундан-узоқ кечмишнинг нуқтаси битта бўлиши керак эмасмиди, бўлган иш бўпти, ўтган ишга салавот, бошқа нуқта қўймаймиз-да энди, хуллас калом ҳужжатнинг нуқтаси қуримай, ҳузурига йўл оласиз бошлиқнинг, эшикни ғийқиллатиб очасиз, нега ҳамма эшиклар ғийқиллаб очилиши сизга аён, бундан тўрт ой бурун мажлисда кашф қилгандингиз бу сирни, мажлисда муҳим масала ҳал қилинганди ўшанда, сиз ҳам қарорга қўшилдингиз, қўлингиз кўтарилгани бунга гувоҳ, аслида эса мажлисда эмасди хаёлингиз, у қурғур шу, худди мана шу бошлиқнинг ҳамиша ғийқиллаб очиладиган эшигида эди, ўшанда эшикка раҳмингиз келганди, тўғри-да ҳозир мажлис тугайди, ҳар ким кайфиятига қараб: кимдир оҳиста, кимдир тарс этиб ёпади эшикни, кунига бошлиқ ҳузурига кириб чиқадиганлар қанча, ишлари бица-ку хўп-хўп, битмаса эшикнинг шўри: тарсиллатиб ёпишади, норозиликлари, жаҳллари чиққанини, бошлиққа нисбатан муносабатларини шунақасига билдирмоқчи бўлишади, аслида бу ғийқиллаш эмас, йўқ, йўқ, асло, бу эшикнинг «муножот»и, бечора эшик, жабрдийда эшик, сенинг фиғонингга бепарво ўтиб кетаверади ҳамма, сен эса, сен эса, яна ва яна, қайта-қайта ғийқиллаб очилаверасан, ёпилаверасан, бу билан қайғунгни ҳайдамоқчи, юпатмоқчи бўласанми ўзингни, хулласи калом эшик яна ғийқиллаб очилади: бошлиқнинг ҳузуридасиз, бошлиқ ким биландир гаплашмоқда, таниши бўлса керак очилиб-сочилиб гаплашяпти, иложи бўлсаю гаплашаверса, гапи тугамаса, қўл ишораси билан ўтиришингизни билдиради, ўтирасиз, ҳали-бери гап тугамайдиган, бошлиқнинг шоширгани нима бўлди-ю, мана энди ниҳоят, қанча асаббузарлик, минг бир оҳанжамадан кейин манави ҳужжат тайёр эса-да, ҳеч кимга, ҳеч кимга керак бўлмай қолса, ҳаттоки шошириб иси-бисига қўймаган бошлиқ қўлингдаги нимаси деб қизиқмаса, аҳмоқ бўлиб шошганингиз қолди, нимагаям ҳовлиқдингиз ўзи, ҳовлиқмай яна уч-тўрт кунда тайёрлаб берсангиз бўларди-ку шу зормандани, йўқ, бугун керак эди шу, бугун, бошлиқ сизга қўнғироқ қилмади, асабини бузиб ўтирганиям йўқ, асаби ўзигаям асқотади ҳали, ҳаттоки ўша дамда хаёлингиз аллақандай меҳмонга бориш, бозор қилишу Достоевский «Жиноят ва жазо»сининг бир юз саккизинчи бет учинчи қаторидаги жумланинг мағзини чақишда бўлмаган, бўлолмасди ҳам, ахир қанақасигаям бўлиши мумкин, бошлиқ сизни ҳечам безовта қилмаган, хира пашшадир, боринг чивиндир, бошлиқ эмас, қандайдир бўлмағур ҳужжатни сўраб қисташ шундай баобрў бошлиқ шаънига тўғри келадими, бўлмаган га-ап, ҳаммасини ўзингиз тўқиб чиқаргансиз, боз устига бошлиқ ҳузурига бостириб кириб муҳим гапга пашшахўрда бўлиб ўтирибсиз, уялсангиз бўларди, қизарай демайсиз-а, бекорчилик шу-да, бемаъни хаёлларни келтириб чиқаради, қўйиб берсангиз дам Шерлок Xолмс бўлиб чигал жиноятларни фош қиласиз, дам Арнолд Шварцнеггердек ёвузларнинг катта гуруҳига якка ўзингиз чиқасиз, дам... дам худди боягидек бошлиқни гўшакка қараб узалишга мажбур қиласиз, бошлиққа бўлмағур таъна-дашномларни айттириб, ўзингизга шу ҳужжатни тезлатишни тайинлатасиз, кейин, кейин... у ёғи занжирдек уланиб кетади, сиз енг шимарасиз, тезроқ ҳужжатни битирмоқчи бўласиз, хаёлларингиз бугун, ҳа, ҳа, айнан бугун, хотинингиз тайинлаган, бугун қилишингиз керак бўлган бозорга кетади, бирдан яна қўнғироқ жиринглайди, бошлиқ тезроқ битирсангиз дея илтимос қилган чиқади, кўнглингиз юмшайди, ҳозир, ҳозир, дейсизу йиғасиз хаёлларингизни, яна ғайрат билан ишга шўнғийсиз, афсус, яна бир бор афсус: нуқта қўясиз ҳужжатга, нуқтаси қуримай битган ҳужжатни қўлтиқлаб, бошлиқнинг ҳузурига йўл оласиз, эшик яна ғийқиллайди, бу бизнинг назаримизда холос, сиз эса бу ғийқиллаш эмаслигини яхши биласиз, бу эшикнинг«муножот»и, ғийқиллаб очилади, ғийқиллаб ёпилади, бу билан қайғусини ҳайдамоқчи, ўзини юпатмоқчи бўлади у, бошлиқнинг ҳузуридан қайтар чоғингиз, илтимос, ўтиниб сўрайсиз биздан, эшикни ёпманг тарсиллатиб, шўрлик эшикка раҳмингиз келсин, норозилигингиз, жаҳлингиз чиққани, бошлиққа муносабатингизни шунақасига, эшикни тарсиллатиб ёпиб, билдирмай қўя қолинг, дея ёлворасиз, бу ҳақиқатнинг тагига ҳам қўққисдан, муҳим масала ҳал қилинаётган, қарорга сиз ҳам қўшилган, бунга тасдиқ маъносида кўтарилган қўлингиз гувоҳ, мажлисда, ҳа, ҳа, мажлисда етгандингиз, ва хулласи калом эшикни очиб, бошлиқнинг ҳузурида ҳозир бўлдингиз, қўлтиғингизда сиёҳи қуримаган зорманда, минг бир оҳанжама, таваллолар эвазига тахт бўлган ҳужжат, бошлиқ, ҳа, хабарингиз бор-ку, таниши бўлса керак, аниқ танишлиги, шубҳанинг ўрни эмас, юқо­ридагилар билан бунчалар очилиб-сочилиб, ёзилиб гаплашмаган бўларди, бунга юз фоиз аминсиз, бошлиқ қўл ишораси билан ўтиринг дейди, ўтирасиз, ўтираверасиз, гап ҳали-бери тугамайдиган, бошлиқнинг иси-бисига қўймай шоширганидан аччиқланасиз, шу зормандани аҳмоқ бўлмасам, уч-тўрт кунда бемалол тайёрлаб берсам бўларди-ку, дейсиз ўзингизга ўзингиз, яна минг бир хаёл ўтади бошингиздан, хаёлларингиз тизгини тўхтамайди, бир-бирига занжирдек боғланиб кетаверади, агар бошлиқ гапираверганида, сизга эътибор бермаганида, қаранг-ки, мўъжиза юз беради, бошлиқ қисқа қилади охир гапни, ахир қанча чидаш мумкин, бардоши тугамасин ходимининг, қўлтиғидаги анави зорманда билан ушбу кенг ва ёруғ хонада қанча муддат ўтиргани ёлғиз парвардигори оламга аён, кўриниши фаромуш, чарчабдиёв, очиқ ҳавода айланишини маслаҳат соламан, хаёлидан ўтказади бошлиқ зимдан, суҳбатдошига саломат бўлинг, дейди-да гўшакни шартта жойига қўяди, ҳар бир нарса ўз жойида турса чиройи бундан ҳам зиёда бўларкан, бунинг яққол исботи мана охир-оқибат ўзининг қадрдон ўрнига қайтган қадрли гўшак жаноблари, бошлиқнинг кўзойнак остидаги ҳиссиз нигоҳи сизга, ҳа, ҳа, айнан йўналганини ҳам пайқамай қоласиз, бошлиқ хаёлингиз фаромушлигини бояёқ сезганди, чарчадингизми дейман, очиқ ҳавода бироз айланинг, тўрт девор орасида ўтираверса одам сиқилиб кетади, ҳужжат тайёр бўлгандир, кўриб чиқаман, ташлаб кетақолинг, дейди, ноқулай вазият юзага келади, билмай аёллар ҳожатхонасига... оббо, бўлак ўхшатиш йўқми-а, ахир сиз ҳозиргина бошлиқ безовта қилмаганига, ҳамма-ҳаммасини ўзингиз тўқиб чиқарганингизга иқрор бўлиб тургандингиз-ку, бошлиқ эса, қўлтиғингиздаги манави ҳужжат, зормандани ташлаб кетишингизни, ўзи кўриб чиқишини айтаяпти, демак бошлиқнинг қўнғироғи, эшикнинг ғийқиллаши, бошлиқнинг асабий гаплари, хаёлларингиз бозор-ўчар, меҳмон, Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»сига кетгани, бари, бари ҳақиқат экан-да, шунисига шукр, демак ҳужжатни тезлатганингиз айни муддао бўлибди, хўжайин уни кўриб чиқиб юқорига узатади, раҳмат эшитади, хўжайин эшитган миннатдорчиликдан сизам хурсанд, бинобарин ҳужжатдан келадиган раҳмат ҳам, лаънат ҳам сизга насиба эканлигини биласиз, қўлтиғингиздаги ҳужжатни хўжайиннинг иш столига қўяр экансиз, кўзингизнинг бир қирраси беихтиёр нуқтага тушади, сиёҳи қурибди, демак сиёҳининг ҳали қуриб улгурмаган вақтидан сиёҳ қуриш вақтигача бир муддат ўтган, сиз ҳам умрингизнинг маълум муддатини ортда қолдирдингиз, аммо ўтган умрнинг қадри ҳақида узундан-узоқ мулоҳазага ҳожат йўқки, сиз ҳам кимнингдир ҳожатини чиқардингиз, ҳожатбарорлик ила ҳужжат тайёрладингиз, ушбу ҳужжат кечаётган бесамар умрингизнинг қоғоздаги аксими ёки бошқами, фарқи йўқ, муҳими йўл йўқ ортга, ҳозир бошлиқнинг ҳузуридан чиқасиз, ғийқиллайди эшик, кейин бошлиқ айтганидай очиқ ҳавога чиқасиз, оромижон ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оласиз, бошлиқ ҳар қачонгидек ҳақ, тўрт девор орасида ўтираверсангиз ҳам юрак сиқилиб кетади, тоғларга чиққиси, кенг, бепоён қирларда қанот ёзгиси келади юракнинг, аммо иложи йўқ бунинг, ҳозир, яна бир неча сония очиқ ҳавода роҳатланасизу ўз кулбангиз – ишхонангизга биқиниб олишга мажбурсиз, қоғозлар кутяпти сизни, улар ҳозирча қоғоз, шу қоғозларга нималарнидир қоралайсиз, бош қотирасиз, ғижимлайсиз, қоғоз тўла челакка ташлайсиз, бошқатдан ёзасиз барини, охири қоғоз бўйсунади амрингизга, ҳужжат бўлади, шу дамдан эътиборан ҳеч бир аҳамияциз қоғознинг обрўси беқиёс даражада ортади, ҳисоблашмасангиз ишингиз пачава, йўқотиб қўйинг, бошингиз қолар балога, ахир бу қандайдир ҳожатбоп қоғоз эмас, ҳужжат-а, бу ҳужжат балки минглаб инсонларнинг тақдирини ҳал қилар, балки сизга ҳеч кутилмаганда бир совғами, бирор бир буюмми ато қилар бу ҳужжат... ҳужжатнинг аҳамиятини билиб туриб индамайсиз-а, ҳе, хаёл қурсин-а, бошлиқнинг хонасида анча ўтириб қолибсиз шекилли, бошлиқнинг тилла суви юритилган гардишли кўзойнаги остидаги қоши чимирилаяпти, афт-ангорида аллақандай ташвиш аломатлари борми-ей, дарров қўлингиздагини столга қўясиз, хайр-маъзур қилиб очиқ ҳавода айлангани ташқарига йўналасиз, эшик ғийқиллайди, ў шўрлик эшик, яна бир бор эшикка ачинасиз, бардош тилайсиз унга, аста-секинлик билан ёпасиз уни, ҳеч бўлмаса сиз, унинг ягона ғамхўри, бечоранинг кўнглига озор бермай далда бўлинг, ташқарида бошлиқнинг ҳузурига кириш учун уч-тўрт киши тўпланиб қолган экан, ҳаммаси гурра эшикка ёпишади, тўхтанглар, тўхтанг биродарлар, эшик шўрликда нима айб, эшиклигидами айби демоққа оғиз жуфтлайсизу аммо иши зарур бу кимсаларга гап кор қилармиди, орада кулгуга, ўзингизга «ешикоға», «ешикпарвар» лақаблари тиркалгани қолади, индамайсиз, жаҳлингиз чиқади, жаҳл сизники, қолганлар сизга қибла қиё боқмай шўрлик эшикка, эшик омманики-да, ёппасига ёпишишади, очиқ ҳавога чиқиб тўйиб-тўйиб нафас олгингиз ҳам келмай қолади, бошлиқ тайинлаганди, бажармайсиз буни, хонангизга кирасизу чироқни ўчирасиз, осма соатнинг овози аниқ-тиниқ эшитилади: тиқ-тиқ-тиқ-тиқ... унга ҳамоҳанг юрагингиз ҳам, тиқ-тиқлаб жўр бўлади, умр ўлчови шу эмасми, инсонга соатнинг кераги йўқ, соатингиз ўзингиз билан – юрагингиз, юрак сизнинг соатингиз, юрагингиз тиқиллаб турса – ҳаёциз, борсиз: аллақандай ҳужжатни қўлтиқлаб бошлиқ ҳузурига чиқа оласиз, эшикнинг ғийқиллаб очилиб-ёпилишига гувоҳ бўла оласиз, хаёлларингиз бозоргаям, меҳмонгаям, Достоевскийнинг китобигаям кетаверади, шу пайт... қўнғироқ жиринглайди, йўқ, бу сафар бошлиқникидек асабий эмас, бўғиқ жиринглайди қўнғироқ, гўшакни кўтарасиз, ёқимли овоз келади: бозор қилдингизми, қилсангиз кўкат олишингиз кераклигини айтмабман, ҳозир ёдимга тушди, ҳа-я уйга кечроқ бораман, ҳамкасабамизнинг туғилган куни экан, сиз ҳам уни танийсиз, Аида, Аида-чи, ҳов бирда бизникига меҳмонга келган-чи, қорачадан келган, хушбичим аёл, ҳм... ўзини жа чиройлиман деб ҳисоблайди, қани энди ҳақиқатга яқинроқ келса бу... вой нималар деб валдираяпман, буни нима аҳамияти бор гапимизга, хуллас дугоналаримиз билан Аиданикига бормоқчимиз, совға олиб қўйдик, моянамнинг ярми кетди савил, ҳамма борамиз деб турганидан кейин йўқ деёлмадим, бўлмаса унчалик оёғим ҳам тортаётгани йўғиди, қўшилмаса яна бўлмайди, туғилган кунларимга келишади, яхшими, ёмонми, дугонам, қатордан қолмай бориб кела қолай дедим, йўқ демайсиз-а, ҳа, биламан буни, сиз мени тушунмасангиз, ким ҳам тушунарди, айтмоқчи ўғлингиз ҳам жавоб сўраганди, бугун ўртоғиникида йиғилиб, янги йилни нишонлашаркан, у ҳам кечроқ қайтади, адангдан сўрасанг бўлмасмиди десам, адам йўқ дермидилар, майли, ўғлим, бориб кела қол, фақат ҳаяллама, барвақтроқ қайтгин дедим, бор гап шу, дарвоқе музхонада овқат бор, амаллаб иситиб оларсиз, хўпми адаси, мени шоширишяпти, ким бўларди, Аида-да, олдимда турибди боятдан бери, боришимизни уйидагиларга тайинлаб қўймоқчи, хўп вақтлироқ қайтишга ҳаракат қиламан... тут...тут...тут... овоз таниш, хотинингизнинг овози, шунча гапирибди-ю бирор марта на ҳа, на йўқ дедингиз-а, ахир хотинингиз девор билан гаплашмади-ку, бугун хотинингиз дугонаси Аиданикига, ҳа ўша қорачадан келган, ҳм... ўзини чиройлиман деб хаёл қиладиган, аммо бу ҳақиқатга зиғирча ҳам тўғри келмайдиган Аидаларникига, боришмоқчи эканлигини, боришга оёғи тортмаса-да, савил моянасининг ярмини кетказиб, қатордан қолмай деб совға олишган, ахир Аида сизникига меҳмонга келган, бормаса, қўшилмаса яна бўлмайди, яхшими, ёмонми, дугонаси, боз устига ўғли ҳам янги йилни нишонлашга аллақайси ўртоғиникига боришини, хотинингиз сизнинг номингиздан ўғлим, бўпти, бориб кела қол, фақат ҳаяллама, барвақтроқ қайтгин деганидан хабарингиз бўлди-ку, йўқ деёлмайсиз, хотинингизни шошириб, уйига меҳмонлар келишини тайинлаш ниятида одобсизликка йўйилса-да, беихтиёр эмас, атай гап пойлаётган Аида гувоҳ, анойилардан эмас Аида, хотиним билан гаплашмадим, унинг қаёққа боришидан, Xудо урсин, бехабарман дея хомтама бўлманг, ҳазиллашманг Аида билан, хотинингизнинг бояги таърифи учун ҳам қасдини сиздан олади, дугонаси – хотинингиздан ололмайди-ку, ахир, гувоҳман деб тураверади, хўп денг, яхшиликча тарқалайлик, хотиним билан девор эмас, осмон устингизга узилиб тушса ҳам, ўзим гаплашдим денг қўйинг, тамом вассалом, эркак деган мана бундоқ бўпти, масалани шартта, жойида ҳал қилади, хотинингиз ҳам, ўғлингиз ҳам бугун кечроқ келишади, зиёфатлари бор, сиз ҳам музхонадан овқатни олиб амаллаб иситасиз, жовончага териб қўйилган шишалардан бирини очасиз, қадаҳ кўтарасиз, бир ўзингиз, соғлиғингиз учун оласиз биринчисини, бахт учун, эртага тонг отиши учун, ота-онангизнинг руҳлари шод бўлиши учун иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи қадаҳ, бир ўзингиз ҳамма учун кўтарасиз, дам хотинингиз, дам ўғлингиз, дам ўзингиз учун шиша тамом бўлмагунча кўтараверасиз, кўтарилади охир оёғингиз, чўзилиб қоласиз оромкурсига, албатта бу кейин, ҳаммаси кейин, ҳозирча эса ишдасиз, ўзингиз айтмоқчи, хизматда, қоғозни ҳужжатга айлантиришингиз лозим, қай бир маънода сеҳргарсиз, кўз бойлоғичсиз, ҳа-да қоғоздан ҳужжат, ҳужжатдан қоғоз ясаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди, ҳатто бошлиғингиз ҳам бу борада ўз нўноқлигини сезади, билдиргиси келмайди, ҳамма ишда сизга таянади, аммо тан олиш йўқ, унда устунлиги, бошлиқлиги қайда қолади, иложи йўқ бошқа, ишонган тоғисиз, асабийлашади ҳужжат ўз вақтида тахт бўлмаса, ваъз ўқийди бугунгидек, қўлидан келмаганига жиғибийрони юз чандон ошади, барибир, сизсиз иши битмаслигини тушунади, ўзича ғамхўрлик кўрсатади; худди боягидек: чарчабсиз-а, очиқ ҳавода бир айланинг, тўрт девор орасида ўтираверса одам сиқилиб кетади, дейди, эшикка ачингандан кўра бошлиғингизни ўйласангиз дуруст эди, эшик-ку бу ёғига истайсизми, йўқми, ғижирлайверади, бу унинг «муножот»и, айтинг, айтинг, бошлиғингиз «ғижирлаб» қолмасин, туринг, тура қолинг, деразадан ташқарига қаранг, қоронғи тушиб қолибди, соат ҳам олти, йўқ, икки дақиқаси кам олти, бозорга борасиз, тўғри ҳозир бозорларнинг чироғи бор, қоронғидаям олмами, картошками, нима олмоқчийдингиз ўзи, ҳа-я, хотинингиз кўкатларни унутманг, деяётганди, олаверасиз нима бўлсаям, хонага кира солиб чироқни ўчиргандингиз, ёқасиз – чиқ, қоғозларни йиғиштирасиз, китобларни бир четга тахлаб, жойига қўясиз, палтони киясиз, соатга қарайсиз: икки сонияси кам олти, чироқни ўчирасиз – чиқ, хона қоронғилик гирдобига чўмади, чироқни ёқасиз – чиқ, хонага яна бир бор назар ташлайсиз, чой қайнатгич ўчиқ, соат бир сонияси кам олти, чироқни ўчирасиз - чиқ, яна қоронғилик, бармоғингиз беихтиёр яна чироқни ёқади – чиқ, хона ёришади яна, нимангиздир қолиб кетаётгандек, оёғингиз тортмайди чиқиб кетишга, шапкангиз қўлингизда, ҳа, сиёҳли ручкангизни ҳам костюмнинг чап чўнтагига, нега айнан, чап – иш қуроли юракка яқин тургани маъқул, солдингиз, бозор қилгани олган халталарингиз ҳам қўлингизда, нима қолиб кетди экан-а, кўнглингизнинг бир чети хижиллигича қолаверади, қолдирган нарсангизни тополмайсиз, соат роппа-роса олти, чироқни ўчирасиз – чиқ, бугун ҳам ўзгача байрам: янги йилдаги биринчи иш куни, ҳамма барвақтроқ уйга отланган, сиздан бўлак ҳеч ким қолмабди соат олтигача, калитни қоровулга топширасиз, чиқасиз ташқарига, «ҳурмат тахтаси»га осилардингиз бурунги вақт бўлганида, қоровул албатта етказади бошлиққа охирги бўлиб ишни – иккинчи уйингизни тарк этганингизни, аммо ҳозир тахта тақчил, қурилишларга етмай турибди ўзи, сизга осилиб туришга йўл бўлсин, бўш келмайсиз шундаям, тахта бўлмаса, трамвайга осиласиз, бозорга етасиз, тушасиз, ҳақ эдик биз: бозорни кечасиям қилса бўларкан, муҳими чироқ бор, савдолашмайсиз ҳар қачонгидек, бўлмаса айтганига оладиган одамлардан эмасдингиз-у, йўлига бир ошам бўлса ҳам тушириб, савдолашиб қилардингиз бозорни, бу сафар деҳқон оғзига сиққанини айтади, қўлингиз чўнтакка суқилади, санайсиз, деҳқон қайта санайди, тўғри дейди, ош бўлсин дейди, раҳмат демайсиз, дердингиз ҳар сафар, бу гал эса индамайсиз, халталарни кўтариб, уйга чоғланасиз, кўкатфуруш аёл бурнингиз тагида шанғиллайди: мана буларни олиб кетинг, кечки бозор, берганингизни беринг, шошиляпман, уйга боришим керак, болаларим пойлаб қолдиёв, овқат қилишим керак ҳали, олинг, олақолинг, чўнтагингиздан илинганини оласиз, хотинингиз тайинлаганди кўкат олинг деб, халтанинг устида кўкат бор энди, хотинингиз айтганини бажо айладингиз, қачон ўзи йўқ дегансиз, ҳеч қачон, мана бугун ҳам айтганини қилиб кўкатгача олдингиз, кўкат мия фаолиятини юриштирар экан, Ибн Сино айтган ўз вақтида буни, биз бўлсак кўкатга ҳар доим ҳам тегишли эътиборни беролмаймиз, кўкатфуруш аёлга пулингиз кўп кўринади, чўнтагини кавлаштиришга тушиб кетади, кутмайсиз, шошаяпсиз, уйга боришингиз керак, худди кўкатфуруш аёлдек сиз ҳам қозон осасиз, овқат иситишингиз керак бориб, ишингиз кўп, яна трамвайга осиласиз, қаранг қандай бахт, тиғиз пайт ўтган кўринади, трамвайнинг ичи бўм-бўш, ўриндиққа чўкасиз, халталар ҳам юк кўтариб чарчашгандир, ўриндиққа қўясиз уларни, ўрни келганда ҳурматини бажо айлаганга не ецин, мана трамвайдан ҳам кўринади уйингиз, баланд қаватли бино, ҳамма хонадонда чироқ бор, фақат сизники ўчиқ, сабр қилинг, борарсизам, ёқарсизам ўша чироқни, халтани қўярсизам, оларсизам музхонадан ўша овқатни, иситарсизам амаллаб, қаёққа шошиляпсиз, ёв қувяптими, олдин ҳайдовчига йўлкира ҳақини бериб олинг, халталарингиз яйраб келди, ҳақини ҳам тўланг-да, халталарники икки баробар кўп, ўзингиз учун бир ошам, халталар учун икки ошам, жами уч ошам бўлади, халтачалик қадрим йўқми десангиз, майли беш ошам ташлаб кетинг, ўзингизга уч ошам, халтангизга икки ошам, аммо бунда қоидани бузган чиқасиз, қоидани бузганлар жавобгарликка тортилиши ҳақида гапирмаймиз, балони ўқидек биласиз, ана ўқинг, чапдан ўнгга қараб, ҳарфлариям дона-дона: юк учун икки баравар ҳақ тўланади, яхшиси уч ошам беринг-да тушиб кетаверинг, ҳужжатни сиздан яхши тушунадиган одам борми дунёда, ўзингиздан қолар гап йўқ, ҳужжатга амал қилиш керак, ҳужжат бор – ҳаёт бор, қоидаю тартиб бор – дунё бор, бўлмаса ҳаммаёқ аллақачонлар остин-устун бўлиб кетарди, каловланиб қолганингиздан ҳайдовчи пулингиз йўқакан-да, деб гумонсирайдими, майли, кейинги сафар тўлаб кетарсиз, тушаверинг, дейди, кейинги сафар бўлармикан, балки эртага ишдан бўшаб кетар ҳайдовчи, бошқа сабаби чиқар, ҳар ҳолда иссиқ жон, балки бошқа бу трамвайга оёқ қўймассиз, чўнтагингиздан уч ошамлик пул чиқарасиз, ҳайдовчи қутига ташлаб қўяди, тушасиз, эшик ёпилади, турасиз, трамвай юради, уйингизга, чироғи ўчиқ уйингизнинг деразасига бир зум тикилганча қотиб қоласиз, амаки уйингизни тополмай қолдингизми, дейди қулоқчинини тушириб олган бир болакай, ўзингизга келасиз, йўқ, дейсиз, мана зинадан кўтариляпсиз, лип дегани бир ҳафтаки бузуқ, зинапоялар бирма-бир ортда қолиб бораверади, шундай пайтда сизни тўққизинчи қаватга липсиз чиқишга мажбурлаётган лип созловчисининг нўноқлигидан аччиқланасиз, аччиқ устида қадамларингиз тезлашади, охир манзилга етасиз, эшик қулфини бурайсиз, очилади эшик, ғийқилламайдиган эшик ҳам бор экан дунёда, ичкарига кирасиз, илгакка осилади палтонгиз, этигингизни ечасиз, халталарни ошхонага олиб бориб бўшатасиз, очасиз музхонани, турибди мана қўр тўкиб иситилиши лозим бўлган овқат, уни оласиз, тутинасиз иситишга, исигунча ечиниб олмоқчи бўласиз, йўл-йўлакай ойнаижаҳон мурватини бурайсиз, ойнаижаҳон ёришгунча уй кийимларингизни кийиб чиқасиз, овқат исиб қолгандир, ошхонага борасиз, ойнаижаҳон ёлғиз қолади: тантантара тантантара тантан тантантара... янги йилни кутиб олганимизга роппа роса 44 соат бўлди Париж гўзаллари эса янги йил билан хайр маъзур қилишга ҳам улгуришди улар яна бир янги келгуси йил бўсағасига дадил қадам қўйишди лобарлик нозик дид мафтункорлик жозиба либосларнинг рангларига эътибор беринг қизил оқ яшил қора қизил тантантара тантантара тантан тантантара... ака опа тоға хола ичасизми кока кола хе е е эй студияда помпом томтомов сўнгги хабарлар тавқи лаънат аҳолисининг ўндан бири янги йил кечасида шампондан заҳарланиб ўлибди яна ўндан бири касалхоналарда ўлар ҳолатда ётишибди қолган ўндан саккизи эса шампон сотган ал Капонни қидириш билан овора... хабарларимиз орасида қувончлилари ҳам топилади хусусан об-ҳаво билимдонларининг хабар қилишича бу яқин орада қор ёғиши кутилмайди негаки бир ой давомида ёғмаган қор ҳар бири маҳалланинг юз килолик ош дамланадиган қозонидек келадиган дўл шаклида тушиши тахмин қилинмоқда биз сизлар учун жон куйдирамиз жонингизни суғурта қилиб қўйинг Жанна дъ Арк суғурта идораси биз сизлар учун жон куйдирамиз, қоқоқотоқтоқтоқу томоғимиз оппоқку оппоқ оппоқ жудаям оппоқку,оппоқ гуруҳининг хонандаси тоқтоқ билан мўъжаз суҳбат қурсак мен қарши эмасман сўранг сўрайверинг нега гуруҳингиз оппоқ деб номланади нега тахаллусингиз тоқтоқ денг дарвоқе дилимдагини топдингиз сабабини тушунтириб берарсиз сўнгги пайтда ҳар хил бўлар бўлмас гуруҳлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек да да так бодраб потраб кетвоттими бу естественно табиий дейсизми биззи группа оппоқ деб номланади нимага музқаймоқ оппоқ қаймоқ оппоқ сут оппоқ пахта оппоқ қоғоз оппоқ кўйлагимиз оппоқ машинамиз оппоқ келинчакларнинг тўй кўйлаклари оппоқ яна ўнлаб юзлаб минглаб балки миллионлаб нарсалар саноғига ҳам етолмасмиз оппоқдиру билмасмиз қўшиқларимиз оқ оппоқ бўлишини хоҳлаяпмиз тушуняпсизми оқ кема оқ булут оқ елкан тахаллусим эса жарангдорлиги бетакрорлиги билан ўзимга ёқади тоқтоқ дунёда ҳали ҳеч ким бундай тахаллусга эгалик қилмаган мухлисларингизни яна қандай янги қўшиқлар билан хушнуд қилмоқчисизлар оқ товуқ оқ тоғора оқ чойшаб қўшиқларининг матнинни яқинда ёзиб тугатдик куй басталасак бўлди яна уч-тўрт соатдан кейин бемалол ҳавола қилаверамиз... қўшни хонада ойнаижаҳон ўзига-ўзи жавраб ётибди, жаврайверсин ўзига-ўзи, Париж қизлари, ал-Капон, яна қозоқ қўшнингиз кўка ҳақида бир нималар дейдими-ей, яна нима дейди-я жаннатнинг арки, жаннатдаям арк бўладими, ҳайратланмасангизам бўлаверади бунга, ана оқ қўшиғам чиқибди, энди рангиям бор қўшиқнинг, қоқолаяпганди-ку Тоқтоқ, томоғи оппоқ, «Оппоқ» гуруҳининг яккахони, булбулигўёси, илло ҳеч кимда йўқ дунёда бундайин ажиб тахаллус, Тоқтоқ, товуш зарбиданоқ учиб юрган каклик патиллаб ерга тушади, яраландим дея хаёл қилади милтиқ ўқидан, Тоқтоқ, зарбиданоқ товушнинг сувоқ кўчади, устингизга тўкилади уюми, парво қилмайсиз бунга, «Оқ чойшаб»ни хониш қилаётган хонандада бўлади қулоғингиз, қўлингизда қошиқ, олдингизда иситилган овқат, аммо негадир иштаҳа йўқ, ҳадеб кўраверишингиз шартми, ўзини ўзи ҳам кўрсин-да ойнаижаҳон, бечора ойнаижаҳоннинг узуқ-юлуқ гаплари қулоғингизга чалинади, иштаҳа очар нима бор эди, бозордан олма олдингиз, картошка, яна алламбалолар, э, ҳ а, кўкатфуруш аёл ҳам тутқазганди бир тўп кўкатни, кўкат мия фаолиятини юриштиради, буни энди яхши биласиз, Ибн Сино айтганини такрорлаб ўтирмаймиз, жовонни очасиз, ҳар ҳолда бугун ҳам байрам: янги йилдаги биринчи иш куни, ювиш керак буни ароқ... коняк... янги йил кечаси булардан етарлича баҳраманд бўлгансиз, «Ал-Капон – шампон» деб тамға урилган шиша кўзингизга бошқача кўринади, боя ойнаижаҳонда ҳам бир нималар дейишаётганди-я ал-Капонлаб, чалингани эсингизда узуқ-юлуқ овознинг, лекин билолмай қолдингиз не деб мақташди, чет эл матоҳи – ал-Капонни, мақташганига шубҳангиз йўқ, қайдадир, ҳа-я ёдингизга тушаяпти, қай бир китобда қаҳрамон эди ал-Капон дегани, шампониям чиқибди мана оласиз, ёзувини ҳижжалаб яна бир бор ўқийсиз: ал - Ка - пон шам - пон, очасиз, қопқоғи отилади қўққис, тошиб кетаётган шампонни бир эмас уч қадаҳга тўлдириб қуясиз, бир ўзингиз ҳамма учун кўтарасиз, ҳамма учун бир ўзингиз кўтарасиз, биринчиси – бахт, иккинчиси – соғлиқ, учинчиси – эртага тонг отмоғи, кейингиси – ота-онангизнинг руҳлари шод бўлиши учун, бу сабаб билан одатда қадаҳ кўтарилармиди, йўқми, айни пайтда сизга барибир, сиз кўтарасиз, истаяпсиз шуни, сабаб бўлса бўлди, яна бир неча сабабларга кўра қадаҳ кўтарасиз, охир шиша бўшайди, бўш шиша сизга қараб тиржаяди, сизга шундай туюлгандир-да, ҳеч вақт шиша ҳам тиржаядими, телефон жиринглаганини узуқ-юлуқ эшитгандек бўласиз, гандираклаб борасиз олдига, гўшакни кўтарасизу юзтубан қулайсиз оромкурсига, гўшакдан яна ўша, ҳеч нарсадан бехабар, ўзида йўқ шод хотинингизнинг овози келади, адаси овқатни иситиб олдингизми, биз яхши ўтирибмиз, меҳмондорчиликни жуда ўрнига қўйишаркан, Аидадан буни кутмагандим, ҳамма хурсанд, буни қарангки, Аиданинг хўжайини бугун хизматдаман, ҳаммангиз бемалол ўтираверинглар, ўтиришдан кейин ҳаммани уйига бирма-бир олиб бориб қўяман деди, «Хонда»си бор эди Аидаларнинг, «Мерседес»га алиштиришибди, қушдек учади дейишади, кўрадиган бўлдик, ҳа телевизорни ёққанмисиз, у ерда ўғлингиз ёқтирадиган қўшиқчи-чи, анави, ҳа, ҳа, Тоқтоқ билан суҳбатни беришди, «Оппоқ» гуруҳидан, анави Париж гўзалларини кўрдингизми, қизил – оқ, оқ – яшил, қора – қизил либослар, лобарлик, нозик дид, мафтункорлик, жозиба эмиш, хўп денг адаси, март байрамига шунақасидан олиб берасиз, ўзингиз яхшисиз-ку, олиб бераман деяпсизми, қачон йўқ дегансиз ўзи, биламан йўқ демайсиз, мана яна турқисовуқ Помпом Томтомов чиқди, жиним суймай қолибди шу мухбирни, гаплари бирам совуқ, афт-ангори унданам ўтиб тушади, ойнаижаҳонда ишлайдиганларнинг кўзи қаёқда ўзи, келиб-келиб студияни шу маймунга топшириб қўйишганига ўлайми, янги йил кечаси қайсидир мамлакат аҳолисининг ўндан бир қисми шампондан заҳарланиб ўлибди, яна шунчаси касалхонада эмиш, ҳа нафасингни ел олгур-а, қор ўрнига хурсанд бўлинг, қозондек-қозондек дўл ёғади дейди-я, ҳа ўша дўлнинг тагида қолиб лочира бўлгур Помпом-ей, адаси, майли, ҳозир бориб қоламан, зерикмай ўтиринг-а, дугоналарим ҳам турамиз дейишяпти, хўп... тут... тут... тут... кўзингизни очишга уринасиз, бошингиз гир-гир айланади, айланаверади, кўнглингиз беҳузур, томоққа бир нима тиқилади, тиқилаётган нима ўзи, ҳалқум эмасми, боядан бери тутутлаб ётган гўшакни жойига қўймоқчи бўласиз, ҳолингиз келмайди, тут-тут-тут, юрагингиз энди тиқилламайди соат сингари, гўшакка ҳамоҳанг тутилайверади, юрагингиз соат эди-ку тиқилларди, нима бўлди тутиллаб қолибди, ҳали замон хотинингиз келади, барвақтроқ, ҳаялламай келиб қолар ўғлингиз ҳам, ҳайрон бўлишади узала тушиб ётганингизга, гўшак жойида эмас, осилганча ётаверади гўшак, сиз ҳам ётаверасиз миқ этмай, қимирламайсиз, бетига «ал-Капон» деб ёзилган шампон шишаси ҳам сизга қараб тиржаймайди бошқа, бошқа бошлиғингиз ҳам ҳужжатни тезлатинг деб дўқ уролмайди, дўқ урса ураверсин, гўшакни олмайсиз, қўнғироқ баттар асабийлашиб жиринглайверади, жиринг­лайверади, гўшакни олмай тураверасиз, ҳаммадан ёмони, даҳшати ҳам шу, бошлиқнинг эшиги мунғайиб қолади, унинг бошқа ғамхўри йўқ энди, додини ким эшитарди, хотинингиз ҳам энди ҳар куни туғилган кунга боради, минг истиҳола билан сиздан рухсат сўраб ўтиришнинг ҳеч бир ҳожати йўқ, ўғлингизга ўзи жавоб беради ўтиришга боргиси келса, Аиданинг хўжайини «Хонда»сини «Мерседес»га алмаштирган, хотин алмаштиролмайдими, ҳар кеча зиёфатлардан сўнг уни дугоналари билан уйига элтиб қўяди, дунёда яхшилар ҳам бор, ҳаммаям сиздек бевафо эмас, «ал-Капон»ни ичиб ҳайё-ҳув деб кетворадиган, албатта, бироз кейинроқ ўйналади бу саҳна, аввал хотинингиз келсин, келсин ўғлингиз, ҳозирча эса ойнаижаҳонда сухандон кўринади, кўзлари қизариб кетибди бечоран

Хотима

ёки марҳум, «ал-Капон»ни ичиб ҳайё-ҳув деб кетворган бевафо кимса руҳининг арши аълога равона бўлмоқ олдидан «Байрамдан кейинги байрамлар»да битилган ўз кечмишига нуқта ўрнида ҳикоянависга билдирмоқ илинжида бўлган айрим тафсилотларнинг ҳақчил баёни:

Менким, ўша марҳум, «ал-Капон»ни ичиб, нариги дунёга хайр-хўшни насияга қолдирганча кетворган, фақат бевафо деманг, бевафо эмасман... ҳай, бу ҳақда ўз вақти билан дегандек, ана яна қўнғироқ жиринглаяпти, олманг, жиринглайверсин, руҳимни ҳам тинч қўймайди булар, нима дерди бевафосиз, бе-ва-фо, дейди-да чўзиб-чўзиб, менга таъна қилгандек хотиним, бевафоманми, айтинг ўзингиз, ҳикоянавис дўстим, йўқ демасангиз, ҳикояга баъзи бир аниқликлар киритмоқчи эдим, индамаяпсиз, сукут аломати ризо, бўлмаса киришаверайми, яхши бошланган ҳикоя, биринчи жумла муваффақиятли чиққан, менимча, шу жумла топилмаганда кечмишим минглаб, миллионлаб бошқа кечмишлар каби қоғозга муҳрланиб қолмасди, дарҳақиқат худонинг берган куни шу, айтганингиздек, нонуштага соат саккизга тақаб тураман, нега вақтлироқ туриб бошқалардек бадантарбия билан шуғуллансам, у-бу майда-чуйдага чалғисам бўлмасмиди, йўқ, эринаман, уйқу ширин, келмайди тургим, деб минг бир баҳона қидирмайман ҳозир, лоф бўлади ҳаммаси, айни дамда бунинг кераги ҳам йўқ, буларни ўзимни оқлаш ё айблаш учун айтмаяпман, ниятим ҳикоянгизга баъзи бир тафсилотларни киритишдан иборат, холос, кеч туришимнинг боиси оддий, бор-йўғи шуми деб ажабланган чиқарсиз, кўникиб қолганман шунга, одат бўлиб қолган соат саккизга тақаб туриш, бўлмаса унгачаям бир неча бор уйғонаман, уйқуга тўйганам бўламан, соатга қарайману ҳали эрта, соат саккизгача ётай-чи деб узала тушганча ётавераман, апил-тапил нонушта қилишим ҳам, у-будан чимдиб еб, уч-тўрт ҳўплам чой ичишим ҳам рост, эрталаблари иштаҳа йўқ-да, иш иштаҳа очади, ўрнимдан тураман-у ювинаман, эрталабки бор ишим шу, эрталаблари тош кўтарадиган қўшниларим бор, тошиям ўзидан оғир, ана уларда бўлсин-да иштаҳа, кейин бир томони қорин ишга кетар чоғингиз трамвайга чиқишда қийнайди, униси туртади, буниси туртади, тиқилинчда қорин ҳам камида бир ошамлик жойга даъвогар чиқади-да, шуларниям ўйлайман-да эрталаблари чой ичмайман, буёғи лоф, ҳазиллашдим, бор гап иштаҳамнинг йўқлигида, дарвоқе нега ҳикоянинг бирон бир жойида кўринишим тасвирланмаган, ёшим нечада, исмим ҳам йўқ, бир томондан яхши бўпти, ахир кўринишимнинг бошқаларникидан нима фарқи бор, ўша кўз, ўша бурун, ўша қулоқ, ушбу ҳикояни ўқиётган кимса ўзини кўзгуга туца бас, кўзгудан ассалому алайкум деб мулозамат қилиб турган бўламан, исмимни-ку дарров эслайсиз, ёнингиздаги ҳужжатлардан бирини очинг, қандай исм-шариф битилган у ерда, ўқидингизми, қаранг-а, шунчалик ўхшашлик бўладими, исм-шарифимиз ҳам бир экан-ку адаш, ҳикоянавис дўстим сизга айтиб қўяй эсимдалигида, Ибн Синони ўқимаган экансиз, кўкат мия фаолиятига яхши таъсир кўрсатади деб, китобхонни чалғитибсиз, кўкат мия фаолиятига таъсир кўрсатмайди, алоқаси йўқ унинг мияга, товуқ, балиқларнинг миясини еб мияси зўрайиб кетганларни ҳам билмайман, кўпроқ китоб ўқинг, Ибн Сино мия ҳақида нима деганлари аён бўлади, мия ҳақида қайта-қайта тўхталиб нима демоқчи эдингиз ўзи, вой худойим-ей, қўнғироқ жиринглайвериб безор қилди-ку, олинг, олаверинг, бевафо демаса бўлгани, бу хотиним, қўнғироқниннг жиринглашидан тайин, хизматга буюрмайсиз энди, шу гўшакни мана бундай қилиб қулоғимга яқинроқ тутиб турасиз, вой адаси, вой адаси, нималар қилиб қўйдингиз, кимларга ташлаб кетдингиз бизларни, Аиданикига бормай ўлай адаси, хафа бўлган экансиз-да мендан, хафа бўлгансиз, ўзимам ичимда ўйлагандим-а, ҳойнаҳой хафа бўлгандирлар деб, шунга на ҳа, на йўқ демадилар деб ич-етимни қора мушук тирнаётганди-я, айбдорман, бошимни деворга урайми энди, бозорни ўзим қилиб, овқатни ўзим исицам, шу юришдан бир кун қолақолсам бўлмасмиди-я, бўлмасмиди адаси, йўқ, моянамнинг ярмини кетказиб совға олишга қўшилишим, унчалик жиним суймайдиган дугонамникига боришим керак эди, аҳмоқман, ўзим аҳмоқман, бир сафар йўқ десам олам гулистон эди, овқатни ўзим иситардим, анави «ал-Капон» ҳақидаги Помпомнинг ўзидек совуқ хабарини эшитгач очтирган бўлармидим шишани, келган бало-қазо шунга урсин деб ахлат челакка, йўқ, йўқ, баланд қаватли уйимизнинг деразасидан пастга улоқтирардим-а, жин ўлгур визиллаб пастга шўнғирди, чилпарчин бўлиб синарди, ўшанда шампоннинг кўпикланишини тепадан, юқоридан, баланд қаватли уйимизнинг деразасидан хўп томоша қилган бўлардик икковимиз, сизсиз, сизсиз энди нима қиламан адаси, у-ҳу,-ўҳ-ҳу, у-у-у-у... гўшакни қўйинг, тамом, юрагим эзилиб кетади, аёл киши кўз ёш қилса чидолмайман, кўнглим бўш, кўнглимнинг бўшлиги кўп бор панд берган ҳаётимда, ҳеч кимга йўқ деёлмайман, бировнинг дилини оғритиб қўйишдан қўрқаман, ўша куни бошлиққа бир оғиз эътироз билдирсам бўларди, ҳужжатнинг муҳимлиги, тезроқ тайёрлаш зарурлигини айтмаганди у, айб ўзидан ўтган, аммо бошлиқ ҳеч қачон айбдор бўлолмайди, унинг айби ходимига ўтади, буни яхши билишимдан бошлиқнинг хабари йўқми, бўлганда қандоқ, доимо очиқ бўлмаса-да, шунга ишора қилади, хонасига тайёр ҳужжат билан кирганимда ҳам атай менга эътибор бермасликка уринди, ўзининг бошлиқ эканлигини, мен унинг оддий ходимларидан бири эканлигимни уқтирмоқчи, ҳужжат кечикиб кетди дея таъна қилаётгандек эди у, ана, ана, қулоғи қизиди шекилли бошлиқнинг, қўнғироқ асабий жиринглаяпти, бечора рўзномани ўқир эди шу пайт, оромкурсиси бор, ўшанга жойлашво-олиб дунёда нима гап экан, деб очгану ўз ходими, менинг суратимга тушган бўлса эҳтимол кўзи, «Ал-Капон» ва навбатдаги қурбон» мақоласи эътиборини тортади, қаранг қурбоннинг ишлаётган идораси ҳам тилга олинибди, эслаб кўради, ҳа, шу идорага ўзи бошчилик қилади, шунга асабий, шунга жаҳли чиққан, ахир берухсат, айлангани бошлиқ айтгандек очиқ ҳавога эмас, очиқ гўрга, нариги дунёга, бежавоб кетиб қолдим-да, дўстим, яна хизмат сизга, портлаб кетмасин, уволига қолмайлик шу гўшакнинг, олинг, бошлиқ деган номи бор, собиқ бўлсаям, ҳурматиям бўлакча, эшитмасак айб, муҳтарам бошлиқ, камтарин қулингизнинг қулоғи сизда, эшитади, ҳа-я, гапларимни барибир эшитолмайсиз, руҳман-ку ахир, майли ҳозирча сизни тинглайлик, бўлмайлик гапингизни, марҳамат... қаёқларга гум бўлдингиз-а, тўғри чарчадингизми деб сўрадим, ёдимда бор, бироз айланинг очиқ ҳавода, тўрт девор орасида ўтираверса, ўтираверса, одам сиқилиб кетади, деганимам ёдимда, яна нима дегандим, э-ҳа ҳужжат тайёр бўлгандир, кўриб чиқаман, ташлаб кетақолинг девдим, бугун иш кўпайиб кетди, кўролмадим ҳужжатни, тепадан унчалик қисталанг ҳам қилишмади, ўзи одатда шунақа бўлади, керак, тезроқ тайёрланг, дейишади-ку, ке­йин ёдларидан кўтарилади, нималигини эслолмай қолишади баъзан, сўраб қолишса анави тайёр бўлдими дейишади, хунобим ошади шунда, анависи нимаси, нимани, қайси ҳужжатни назарда тутишяпти, қани энди ўзлари ҳам билишса, билишмайди, лекин нимадир олишлари кераклигини фаҳмлаб туришади, анави тайёр бўлдими деб дағдаға устига дағдаға қилаверишади ўша «анави»ни бериб қутулмагунингизча, хўп булар ўз йўлига, лекин сизни тушунолмай қолдим-ку, ҳаммага мақтар эдим, ишчан, ташаббускор ходим бу, ундан ўрнак олинглар дердим ҳаммага, буни ўзингизам яхши биласиз, қоровул ўсмоқчилагандек бўлувди бугун, ўша куниям ҳаммадан кеч қайтибсиз ишдан, ишга виждонан ёндошишингиздан дарак бу, аммо мана бу рўзнома хабари... мени, мени умуман гангитиб қўйди-ку, бугун ишга келмаганингизни мен ҳам, бошқа ходимлар ҳам пайқашмабди-я, билганларида бехабар қолмасдим, ўз вақтида ишга келасиз, ўз вақтида ишдан қайтасиз, ишга келмай қолишингиз ҳеч кимнинг ақлига сиғмаган, ҳа хонасида ишлаётгандир-да деган хаёлга боришгандир, неча бор айтганман, кетаркансизлар жавоб олинглар деб, сўраганингизда бирор марта йўқ девдимми, онангизни жаназаси куни ярим соатга рухсат берган ким, ҳов бирда юрагим сиқиляпти, дўхтирга кўрсатмасам бўлмайди, деганингизда йўқ демовдим, навбат кутиб қолиб кетдим, деган важ-корсонларни пеш қилиб, нақ уч соатдан кейин келгандингиз ишга, шунақа яхшиликни билмайсизлар, яхшиликка ёмонлик деб шунга айтишади-да, нафақат мени, балки идорамиз шаънига ҳам яхши гап бўлмабди, қора мой билан булғагандек бўпсиз-да, бу идорадагилар пиёниста экан деган гап чиқмайдими шаҳарда, ичаркансиз, «ал-Капон»дан бошқа тузукроғи топилмадими, эртагаёқ мажлис чақираман, шахсий масалангизни кун тартибига қўяман, сиздақа ходимларга бизнинг мўътабар идорада жой йўқ, яхшиси ўз аризангизга кўра ишдан бўшанг, бошқа бирон бир бўлмағур бўлсаям ҳарна ишга илиниб олиш имконияти туғилади, бу имкониятни бой берманг, аризани котибага бериб қўйинг, сизни кўришга кўзим, айтишга сўзим, отишга ўқим йўқ, шармандаи шармисор қилдингиз мению, идоранию бутун бошли, ҳаммани, эртага ҳали юқоридан гап эшитмасам бўлгани, вой, во-ой юрагим... ана оҳ юраг-а, воҳ юрак, энди мен ўлсам керак деяпти бошлиқ, бошлиқнинг аҳволи шу, жаҳли чиқса юрагимлаб қолади, асабийлашиши соғлиғига зарарлигини билсаям асабийлашаверади, асабийлашмаган бошлиқ бошлиқ эмас деган сарқит бир тушунча миясининг бир кавагида ўрнашиб қолган, шуниси ҳеч тинч қўймайди, асабийлашаётгани қўнғироққаям ўтади, асабий жиринглайди қўнғироқ қилса бошлиқ, шунисидан танийман, мана бошлиқнинг ўзлари йўқлаяптилар деб гўшакни олганча кутаман: навбатдаги таъна-дашномни, кутаман дебман, кутардим десам аниқроқ бўлар, яна оз қолди, руҳим арши аълога кўтарилса бошқа эшитмасам керак буларни, юраги бекорга ёмон бўлдими бошлиқнинг, ишонган тоғи эдим, менсиз иши битмаслигини тушунарди, аммо тан олгиси келмасди, мана энди бошини чангаллаб ўтирибди нима қиларини билмай менсиз, аризам керак бўлиб қолганмиш, юқоридан гап теккудек бўлсами, айтади-да биз уни янги йил олдидан ишдан бўшатворганмиз, ўз аризасига кўра бўшатилган, шунга биноан янги йилнинг биринчи иш кунида ишда бўлмаган, ҳеч қандай ҳужжат ҳам тайёрламаган, ҳузуримда бўлмаган ўша куни, ахир бўшаган одам қандай бўлиши мумкин эди ишда, бунга идорамизнинг барча ходимлари қатори мен ҳам гувоҳлик бероламан, дерди-да, осонгина қутуларди, ҳар хил гапларга қолмасди ўрин, бошлиққа дакки бериб қўймоқни ўз фарзи деб билган юқоридаги одам тортарди мулзам, ўзини тутиб оларди бироз вақт ўтиб, яхши қипсиз бу пиёнистанинг оёғини қуритиб бу даргоҳдан, йўқса, сизни ҳам, мени ҳам бошимиз қоларди маломатга, гап орасида билдиради миннатдорчилик, хизмат чоғлари ёдга тушади бехос бошлиқнинг, қўли чаккасига қўйилади, Ватанимга хизмат қиламан, ў хомхаёл, чалғиб кетдим яна, хуллас ал-Капонни ичганим тасодифми, баъзан шу ҳақда ўйланиб қоламан, ўша кунги воқеаларни бирма-бир ипга тизиб мушоҳада юрицак, ҳаётдан тўйиб кетган, билиб туриб ўзимни-ўзим заҳарлаган, ал-Капон бунга шунчаки турткидек туюлади, бу бир қарашда албатта, аслида-чи, аслида бу ҳаётга кўникиб қолгандим, борди-ю бирор тасодиф учраса, фавқулодда ҳодиса ҳисоблардим, ортиқча ташвиш келтирарди бу, кунига бирор воқеа, ҳодиса юз бераверса, йўқ, йўқ, бундай ҳаёт мен учун эмас, яшолмасдим, менга маъқули: ҳар кунгидек эрталабки саккизга тақаб туриш, апил-тапил нонушта, хизмат, майли сўксин бошлиқ, талаб қилсин ишни, бунинг нимаси ёмон, хизмат хизмат-да, уйга қайтиш, кечки овқат, ойнаижаҳон, уйқу, қарабсизки, яна тонг отиб турибди, янги тонг, янги кун, аммо ҳаётингиз яна ўша эски маромда, қайта-қайта, ҳеч бир ўзгаришсиз, худди кечагидек, олдинги кун, ундан аввалги кунлардагидек бир хил тарзда, давом этаверади, шунга кўникасиз, тақдирнинг измига бўйсунмоқликдан ўзга чорангиз йўқ, тақдирнинг ҳазилини қаранг, арши аълодан чақиришяпти мени, чорлашяпти ҳузурларига, измим энди уларда, ҳаётни севаман, яшасам, яна минг йил, йўқ миллион йил шундай яшасам дердим, аммо... чорлашяпти... мендақаларга бу ҳаётда жой йўқ, бошлиқ бунда ҳақ, биздақа ходимларга мўътабар идора – думалоқ Ер демоқчимасмиди бошлиқ – жой йўқ, яхшиси ўз аризамга кўра...