OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДино Буцсати
Асар номиАфсунгар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Италиян адабиёти
Бўлимлар
   - Экзистенсиализм
Муаллифлар
   - Дино Буцсати
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонОтаули
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Афсунгар (ҳикоя)
Дино Буцсати

Кунлардан бир куни кечқурун чарчаб-ҳориб, руҳим чўкиб уйга қайтаётган эдим, профессор (шундай дейишади, бироқ қандай профессорлиги номаълум) Скясси олдимдан чиқиб қолди. Бу одамни мен кўпдан буён биламан. Турли жойларда тез-тез ва кутилмаганда кўриниш бериб қолади. Ўзи уқтиришича, биз гимназияда бирга ўқиган эмишмиз. Бироқ, тўғрисини айтсам, буни мен эслаёлмайман.

Ким ўзи у? Нима иш қилади? Ҳеч қачон бунинг тагига ета олмаганман. Унинг озғин-қотма, ёвқур юзи билан мийиғидаги истеҳзоли табассуми... Бироқ энг ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳар қандай одамда «Мен бу кишини қаердадир кўрганман» деган янглиш тасаввур уйғотади. Баъзилар уни афсунгар деб қатъий ишонишади.

– Қалай? – сўради у мендан таомилдаги салом-аликдан сўнг. – Ҳалиям ёзяпсанми?

– Бошқа нимаям қила олардим, – дафъатан ночор-нотавон ҳолимни ҳис қилиб елка қисдим.

– Нима, жонингга тегмадими? – ҳужумни кучайтирди у. Кўча чироғининг хира ёруғида юзидаги масхараомуз кулги кўриниб турар эди. – Билмайман, мен баъзан ўйлаб қоламанки, гўё сиз ёзувчилар кундан кунга ҳеч кимга керак бўлмай қоляпсизлар. Нафақат ёзувчилар, балки рассомлар, ҳайкалтарошлар, бастакорлар ҳам. Қуруқ оворагарчиликка, шунчаки ўйинга ўхшайди. Нима демоқчи бўлаётганимни тушуняпсанми?

– Тушуняпман.

– Ёзувчилар, рассомлар ва шу кабилар, ҳаммаларингиз эътибор қозонишни истаб тутуриқсизроқ ва чалкашроқ янгиликни кашф қилишга жон-жаҳдингиз билан уринасизлар. Мухлисларингиз ўзи кўп эмас, борларининг ҳам кўнгиллари сизга нисбатан тобора совиб кетяпти. Одамлар айтмоқчи бўлаётган гапларингизни қарийб мутлақо эшитмай қўйяпти. Кунлардан бир куни, очиғини айтганим учун кечирасан, сизлар ўзларингизни саҳронинг қоқ ўртасида кўрасизлар.

– Бўлиши мумкин, – дедим мен итоаткорлик билан.

Бироқ Скясси, афтидан, мени қийнамоқчига ўхшарди.

– Менга яна шуни айт-чи, масалан, сен бирон меҳмонхонага кирганингда оти-зотинг билан касби-корингни сўрашди дейлик. Ўшанда сен «ёзувчиман» деб жавоб қайтарганингда, бу сенга алланечук бемаънидек туюлмайдими?

– Эҳтимол, – дедим мен. – Франтсияда ундай эмасдир, лекин бизда айнан шунақа.

– Ёзувчи, ёзувчи! – ошкора калака қилди у. – Нима, сен ҳали ўзингни жиддий қабул қилишларини истайсанми? Бизнинг дунёмизда ёзувчи деганлари кимга нима учун керак?.. Муғомбирлик қилмай яна бир гапни очиқ айт-чи... Сен китоб дўконига кириб, расталарга қараганингда...

– Деворлар бўйлаб то шипга қадар тизилишиб турган турли-туман китоблар, кейинги ойларнинг ўзидаёқ ёруғлик кўрган минглаб-минглаб китоблар... шуларга ишора қилаётган бўлсанг керак, а?.. Қараб туриб, буларга қўшимча мен ҳам яна бир китоб ёзяпманми деб ўйлайман-да, қўлим ишга бормай қолади. Бир неча чақиримга чўзилиб кетган, тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган сархил мевалару сабзовотларга бой улкан бозорда сўлиган сабзини сотиш умидида турган болакайга ўхшатаман ўзимни... Дилингдагини топдимми?

– Худди шундай! – Скясси масхараомуз тиржайди.

– Ҳайриятки, – эътироз билдиришга журъат қилдим, – ўқийдиганлар ҳали бор, бизнинг китобларни сотиб оладиганлар йўқ эмас.

Шу пайт, таъбир жоиз бўлса, қадрдоним андак энгашиб, поябзалимни синчиклаб кўздан кечира бошлади.

– Яхши этикдўз ошнанг борга ўхшайди-я?

Худога шукур, ўйладим ўзимча, ҳар қалай, суҳбатимиз бошқа мавзуга кўчди-ку. Ўзинг ҳақингдаги аччиқ ҳақиқатни эшитишдан оғирроқ нима бор бу оламда?

– Ажойиб уста! – бажонидил жавоб қилдим мен. – Қўли гул уста. Шунақанги яхши, шунақанги пишиқ-пухта тикадики, тиккани ҳеч тўзмайди-да!

– Яша! – хитоб қилди бу аблаҳ. – Гаров ўйнайманки, у сендан камроқ пул топади.

– Эҳтимол.

– Нима, сенингча бу ўтакетган мантиқсизлик эмасми?

– Билмадим, – жавоб қилдим мен. – Тўғрисини айтсам, мен бу хусусда ўйлаб кўрмаган эканман.

– Мени тўғри тушун, – баттар авж қилди Скясси, – сен ёзган ҳамма нарсалар менга мутлақо ёқмайди демоқчи эмасман, йўқ, шахсан сенга ҳеч бир эътирозим йўқ. Бироқ сен ва сенга ўхшаган минглаб одамлар ўз умрларингизни ҳаётда ҳеч қачон бўлмаган тарихларни ёзиб ўтказасизлар. Бунинг устига, уларни ёруғликка олиб чиқадиган ноширлар ҳам топила қолади. Сотиб оладиган одамлар ҳам топилади. Сизлар шу йўл билан даста-даста пул топасизлар. Газеталар улар ҳақида ёзишади. Мунаққидлар уларга сон-саноқсиз тадқиқотларини бағишлайди. Бу тадқиқотлар ҳам ўз навбатида нашр этилади-да, дўконларда муҳокама қилинади... Биринчи сатридан то охирига қадар бичиб-тўқилган уйдирма тарихлар! Ўйлайманки, ҳатто сенинг ўзингга ҳам буларнинг бари ўтакетган ақлсизлик бўлиб туюлса керак? Тағин бу атом бомбалари-ю, сунъий йўлдошлар асрида!.. Сенингча, бу масхаравозлик ҳали узоқ давом этадими?

– Билмадим. Балки сен ҳақдирсан, – дедим мен, юрагим мисли кўрилмаган даражада ҳувиллаб.

– Хўш, ўзинг айт, сизлар кимга кераксизлар? – тантана қилди Скясси – Адабиёт, санъат – чиройли, баландпарвоз сўзлар! Аммо бизнинг давримизда санъат ҳам овқат, атир, шаробга ўхшаган оддийгина кундалик истеъмол маҳсулотларидан бошқа нарса эмас. Бугунги кунда одамларни қандай санъат қизиқтиряпти? Қандай шиддатли тўлқин устимизга бостириб келаётганини ўзинг кўрмаяпсанми?.. Енгил-элпи қўшиқлар, шеърчалар, шовқин-сурон, дод-вой, олди-қочди! Мана, шон-шуҳрат қаерда! Мана, ақалли сени олиб қарайлик: ақлли нарсаларни ёзасан. Ҳатто зўр нарсалар дейиш мумкин. Бироқ омад ҳақида гапириладиган бўлса, бу борада энг истеъдодсиз жаз қўшиқчиси сени бир чўқишда қочиради. Одамларга қўпол бўлса-да, айни лаҳзаларда бевосита ҳиссий қониқиш пайдо қиладиган нарсалар керак, дарров, бир лаҳзалик, тушундингми? Шундай нарсаларки, токи зиғирча ҳам куч сарфланмасин, ортиқча зўриқилмасин, мутлақо бош қотирилмасин.

Men gaping toʻgʻri degan ma’noda bosh irgʻab turdim, xolos. E’tiroz bildirishga na kuchim, na dalilim bor edi. Biroq Skyassiga bu ham kam edi.

– Бундан қирқ йилча аввал санъаткор таниқли шахс бўлиши мумкин эди. Бироқ эндига келиб... Агар қандайдир эски-туски, алмисоқдан қолган нарсаларгина ўзларини омон сақлаб қололмасалар. Масалан, дейлик, Хемингуей, Стравинский, Пикассо, боболаримиз билан бобокалонларимизнинг яратганлари... Йўқ-йўқ, сиз аллақачон ютқазиб бўлгансиз... Сен абстракт санъат кўргазмасида бўлганмисан? Уни мунаққидлар қандай тушунтиришларини ўқиганмисан? Сафсата, учига чиққан сафсата! Амал-тақал жон сақлаб қолган бир ҳовуч нодонлар, тағин ўзлари чаплаб ташлаган бўёқларини миллион, ҳатто икки миллионга сотишни уддалашганларига ҳайрон қоласан киши. Сўнгги алаҳсираш бу, мен сенга айтсам, ўлим олдидаги жон талвасаси бу! Сиз санъаткорлар бир томонга қараб кетяпсизлар, китобхон билан томошабин бўлса, бутунлай қарама-қарши томонга кетяпти. Бундан чиқди, бир-бирингиздан тобора узоқлашяпсизлар. Шундай кун келадики, ўрталарингиздаги масофа шу қадар олис бўладики... Сиз қанчалик бақириб-чақириб аюҳаннос солманг, лекин биронта ит сизнинг овозингизни эшитмайди.

Айни шу топда гоҳо содир бўлиб турадиган воқеа рўй берди: ифлос кўча бўйлаб нимадир елиб ўтди. Нималиги ноаниқ – майин шабада эмас, чунки ҳавода ҳеч бир ўзгариш сезилмади, муаттар атир иси эмас, чунки атрофимизда ўша-ўша бензин ва яна алламбало ачимсиқ нарсалар ҳиди анқирди, ёқимли куй эмас, чунки машиналар шовқинидан бошқа ҳеч нима эшитилмас эди. Нималиги номаълум – муқаддас туйғулар ва хотираларнинг жунбишга келишими, қандайдир изоҳлаб бўлмайдиган бир сир-синоат.

– Лекин барибир... – дедим мен.

– Нима «лекин барибир»? – Скяссининг юзида заҳарханда зуҳур бўлди.

– Лекин барибир биз қўлимиздан келганча ёзаётган тарихларни ҳеч ким ўқишни хоҳламай қолганида, кўргазмалар буткул кимсасиз бўлиб ҳувиллаб қолганида, чолғучилар ўз асарларини бўм-бўш ўриндиқлар қаторларига ижро этганларида ҳам... ана ўша тақдирда ҳам бизнинг ижодимиз... йўқ, мен ўзим ҳақимда эмас, мен қилган иш билан шуғулланадиганлар ҳақида...

– Қани-қани, намунча бўшашмасанг! – истеҳзо билан қитиқ патимга тегишда давом этди биродарим.

– Шуни билиб қўйки, сен айтаётган ўша тарих, расм, мусиқа, бошқа аҳмоқона, тушунарсиз ва фойдасиз нарсалар ҳамиша инсонийликнинг энг олий ифодаси, асл умумбашарий қадриятлар бўлиб қолаверади.

– Қўй, мени қўрқитма! – хитоб қилди Скясси.

Лекин мен, билмадим, нима учун, энди ўзимни тўхтата олмас эдим. Ич-ичимда тошаётган исён ташқарига йўл қидирар эди.

– Ҳа-ҳа! Майли, сен буни аҳмоқлик деб ҳисоблашинг мумкин, бироқ ҳақиқий санъат ҳамиша бизни молдан фарқлаб турувчи нарса бўлиб қолаверади. Бу ерда фойдали ё фойдасиз эканлиги аҳмиятли эмас. Эҳтимолки, буткул фойдасизлиги учун ҳам бизга жуда-жуда керакдир. Атом бомбаси, сунъий йўлдошлар, юлдузлар¬¬аро ракеталардан ҳам минг карра керакроқ! Айни шу аҳмоқлик буткул тугаб битган ўша қаро кунда одамлар ибтидоий жамоа давридагидек аянчли бир маҳлуққа айланиб қоладилар. Чунки чумолилар ини билан энг янги техниканинг ҳар қандай мўъжизаси ўртасидаги масофа чумолилар инини инсоний жамиятдан ажратиб турувчи масофага нисбатан минг карра қисқароқ!..

– Сен, масалан, ўн сатрлик алмойи-алжойи сюрреалистик шеърни назарда тутяпсанми? – аччиқ кулиб сўради Скясси.

– Ҳа, ҳаттоки бир қарашда мутлақо ақлга сиғмайдиган, ҳатто беш сатрлик шеърни ҳам назарда тутиб айтяпман бу гапни! Муҳими – одам боласининг ёзиш иштиёқида, бу ишидан бирон натижа чиқадими-йўқми – бу у қадар муҳим эмас. Эҳтимол мен адашаётгандирман, аммо фақатгина шу йўлда нажот бор. Агарда...

Ана шунда Скясси оғзи қулоғига етгудек хурсанд бўлиб узоқ кулди. Қизиқ, бу кулгиси энди мутлақо ёқимсиз эмасди. Мен таажжубдан донг қотиб қолдим.

У елкамга қаттиқ қоқиб қўйди:

– Ана энди ўзингга келдинг, тентаквой.

– Тушунмадим, нима демоқчисан? – ажабланиб сўрадим мен.

– Ҳеч нима, ҳеч нима, – жавоб қилди Скясси ва озғин-қотма юзи қандайдир ички бир ёруғликдан нурланиб кетди. – Қарасам, ҳамма нарсадан ҳафсаланг пир бўлиб бўшашибгина келяпсан. Гўё ҳеч нимага ихлосинг қолмагандек. Шунинг учун сени қаттиқроқ бир силкитиб кўргим келди-да.

Ҳақ-рост. Нима бўлганда ҳам, мен ўзимни бутунлай бошқа одам деб ҳис қилмоқда эдим: бир қадар эмин-эркин, ўзига ишончи мустаҳкам... Мен тамаки тутатгунимча Скясси руҳдек дафъатан кўздан йўқолди.

Рус тилидан Отаули таржимаси

«Шарқ юлдузи» журналининг 4-сонидан олинди.