OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДино Буцсати
Асар номиЭйнштейн билан иблисвачча (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Италиян адабиёти
Бўлимлар
   - Экзистенсиализм
Муаллифлар
   - Дино Буцсати
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонУзоқ Жўрақулов (Рус тилидан)
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эйнштейн билан иблисвачча (ҳикоя)
Дино Буцсати

Куз оқшомларининг бирида Алберт Эйнштейн Пристон (Ню Жерси штати) йўлкалари бўйлаб кезиб юрар экан, бир ғайритабиий воқеани бошидан кечирди. Унинг ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўй-фикрлари бу дамда занжиридан халос бўлган ит мисоли дайдишар, ўз соҳибларини назар-писанд қилишмасди. Қизиғи шундаки, айни бефайз ва беҳаловат лаҳзалар Эйнштейнни умр бўйи интилган-у, аммо рўёбига умиди сўнган орзуси билан қовуштирди. Киприк қоққудек фурсат ичида у макон эврилишига гувоҳ бўлди, унинг нигоҳи, худди сиз ушбу варақни чор тарафдан кўриб турганингиздек, ўзга оламни бирбутун қамраб олди.

Гарчи, инсоният кўзлари илғай оладиган макондан ўзга ўлчамда ҳам оламлар мавжудлиги аллақачонлар исботини топган бўлса-да, бунга ҳамон инсон тафаккуури учун жумбоқ бўлмиш воқелик дея, шубҳа билан қараб келинади. Гўёки ўша олам билан биз яшаётган олам ўртасида кўринмас бир девор бордек ўзининг учқур тафаккури қанотида тобора кўкка юксалиб бораётган инсон ногаҳон шу деворга пешонасини уради-да, парвоз ниҳоя топади. На Платон, на Пифагор, на Данте, бугун ҳаёт бўлганларида ҳам, ушбу деворни ишғол қила олишмаган бўларди, илло, бизнинг миямиз бундай ҳақиқатларни сиғдиришга қодир эмас.

Зотан, дунёда ўша бегона олам сарҳадларини тажриба ва узлуксиз риёзат орқали эгаллаш мумкин, дея фикр қилгувчилар ҳам йўқ эмас. Ер юзида паравозлар сурон солиб кезар, домна печлари гувиллар, уруш ва ўлим ваҳшати давом этар, сўлим хиёбонлар ошиқ-маъшуқлар бўсалари товушига безабонларча сомеълик қилар, бир сўз билан ҳаёт оқими ўз йўлида оқар экан, қандайдир дарвешнамо олимларнинг мислсиз риёзатлари орқасида бир лаҳза ўша макон чегараларига қадам қўйганлари, унинг сир-синоатларидан воқиф бўлароқ, кўз юмгунча ўтган вақт орасида ортга қайтганлари, инсон оёғи етмаган чўққини забт этганлари ҳақида афсоналар юради.

Бироқ ушбу буюк ҳодисотдан кимса хабар топмайди, биров у қаҳрамонни табрикламайди ҳам, на тантаналар, на интервюлар уюштирилади, на қаҳрамонга бирор нишон беришади. Чунки бундай ҳодисалар хослар учун махсус. Қаҳрамон бу ҳақда бор-йўғи «Мен у дунёга бориб келдим», дейиши мумкин, вассалом. Ахир унда ўзга оламда бўлганини тасдиқловчи на бирор сурат, на ҳужжат-далил бор.

Воқеан, шундай ҳодиса рўй бериб қолгудек бўлса, ўз тафаккуримиз воситасида ўша ўзга оламга тирқиш топа олсак – биз учун мавҳум бир формуладан бошқа нарса бўлмаган, биздан том маънода ташқарида бўлган олам айни чоғда ҳаётимизнинг ўзига айланади. О! У лаҳзаларда ўзлигимиздан, қайғу, қувонч, ташвиш аталмиш юкларимиздан биратўла халос бўламиз. Инсон тафаккури нақадар бепоён-а!

Худди шундай воқеа, осмон биллурий рангларга чулғанган, шаҳар чироқлари гўё Зуҳро юлдузи билан баҳс бойлашгандек, у ер, бу ерда милтиллай бошлаган ажойиб куз оқшомларининг бирида профессор Алберт Эйнштейн билан ҳам содир бўлди. Унинг қалби – ўша сир-синоатга бой бир парча гўшт – Xудонинг мариҳаматини ҳис қилди. Зеро, Эйнштейн донишманд одам эди. Дунё ҳавасларига парво қилмасди. Аммо айни лаҳзаларда у ўзини одамлар издиҳомидан юксакларда ҳис қилди. Нон ушоғига интизор гадо фавқулодда бир хумча олтин топиб олганди гўё.

Гўё Эйнштейннинг номуносиб ўйларига жазодек, сирли ҳақиқат қандай пайдо бўлган бўлса, шунчалик кутилмаганда, дафъатан кўздан йўқолди. Айни дамда профессор ҳозир бўлган маконининг ўзига тамомила нотаниш эканини англаб қолди. У четлари жонли девор билан тўсилган узун йўлак бўйлаб кетиб борар, атрофида иморат тугул бирор тирик жон кўринмасди. Йўлак охирида сариқ-қора зебра тусида бўялган, шифтини шарсимон чироқ ёритиб турган бензакалонка кўринарди, холос. Ён тарафдаги скамейкада, чамаси мижоз йўқлигидан зерикибгина бир занжи ўтирарди. Унинг эгнида иш комбинизони, бошида эса бейсбол шапкаси бор эди.

Эйнштейн унинг ёнидан индамай ўтиб кетмоқчи эди, бироқ занжи ўрнидан туриб у томон одимлади.
— Жаноб!-деди у.

Занжи ўрнидан тургач, барзанги келбати, хушбичим юзи, бор бўй-басти билан мукаммал бир африкаликни ўзида мужассам этгани кўзга ташланди. Тун қоронғусида жилмаяр экан, маржондек тишлари ярқираб кўринарди.
— Жаноб,-деди у,-сизда гугурт топилмайдими?-ва чўғи сўнган сигарета билан унга яқин келди.
— Чекмайман,-Эйнштейн жавоб бера туриб тўхтади, тўғрироғи уни қизиқиш ва ҳайронлик тўхтатган эди.

Шунда занжи сўради:
— Балки менга ароқ пули берарсиз?

У мирзатеракдек найнов, навқирон, устига-устак сурбетгина эди.

Эйнштейн чўнтакларини тимискилади.
— Билмадим-да… Ёнимда сариқ чақа ҳам топилмасов… Сайрга пул олиб чиқадиган одатим йўқ…Рости гап афсусдаман…-дер экан кетишга чоғланди.
— Шунисига ҳам қуллуқ,-деди занжи,-аммо, маъзур тутасиз…
— Яна нима?-малолланди Эйнштейн.
— Сиз менга кераксиз. Бу ерга асли шунинг учун келганман.
— Мен керакман?! Нима гап ўзи?!
— Менга кераксиз,-такрорлади занжи,-бир муҳим иш юзасидан. Буни фақат қулоғингизга айтишим мумкин.

Айни дамда тун пардаси янада қуюқлашган, бунга сари занжининг тишлари оллдингидан ҳам оппоқроқ кўринарди. Занжи Эйнштейннинг қулоғига энгашди.
— Мен – жон олгувчи фариштаман,-шивирлади у,-жонингни олгани келдим.

Эйнштейн бир қадам ортга чекинди.
— Менимча,-деди у овози жиддийлашиб,-менимча, кўпроқ ичиб қўйганга ўхшайсан, оғайни.
— Мен – ўлим фариштасиман,-таъкидлади занжи,-қара…

У жонли девордан ям-яшил бир новдани синдириб олди. Орадан лаҳза ўтмай унинг қоп-қора қўлларида яшнаб турган баргларнинг ранги синиқди, сўлишга тушди, сўнг эса кулга айланди. Занжи бир пуфлаб кафтидаги кулни кўкка совурди.

Эйнштейн бошини эгди.
— Жин урсин. Демак, куним битибди-да…Қандай қилиб – шу аҳволда, тун қоронғусида, йўлнинг қоқ ўртасидами?!..
— Менга шундай буюрилган.

Эйнштейн атрофига олазарак боқди, тирик жондан нишон йўқ эди. Ҳаммаси аввалгидек: узун йўлак, пастликда чироқлар мўлтирайди, чорраҳа томондан автомобиллар қизил кўзларини тикади.

Фалак гумбазида юлдузлар жимири, Зуҳро юлдузи қуйи инган.

Эйнштейн чуқур тин олиб деди:
— Менга қара, биродар, бир ой муҳлат беролмайсанми? Тугата олмаган бир муҳим ишим бор, шуни якунлаган куним келсанг дегандим. Ўтинаман фақат бир ойгина…
— Кашф этмоқчи бўлган нарсангни,-таъкидлади «занжи»,-мен билан борадиган жойингда сўзсиз топасан.
— Бу бошқа-бошқа нарсалар: у дунёда меҳнациз топилган кашфиётнинг қиймати нима бўларди. Менинг кашфиётим эса одамлар учун кони фойда. Ўттиз йилдан бери шунинг устида тер тўкаман. Орзуйим ушалай деганда-я…

«Занжи» ишшайди.
— Бир ой дейсанми?..Майли, аммо муддатинг етгандан сўнг қочиб қолишни хаёлингга ҳам келтирма. Осмонга чиқсанг оёғингдан, ерга кирсанг қулоғингдан тортиб оламан.

Эйнштейн яна нимадир демоқчи бўлиб бошини кўтарганида, суҳбатдошидан асар ҳам топмади.

Бир ой деганлари ҳижрондаги ошиқ учун қанчалар кўп муддат бўлса, ажалини кутаётган бечора учун сониядан-да қисқа экан. Сония нима бўпти бир нафас сингари шиддаткор ва аниқ. Мана у ўтди-кетди. Эйнштейн ваъдасига вафо қилиб, белгиланган жойга йўл олди. Ўша бензакалонка, ўша скамейка, унда «занжи» ўтирибди. Фақат бу сафар у комбинизони устидан ҳарбийлар камзулини кийиб олган: ахир ҳаво совиб қолган-да.
— Мен келдим,-деди Эйништейн унинг елкасига туртиб.
— Қалай, ишларингни битирдингми?
— Йўқ, тугата олмадим,-оғир хўрсинди олим,-менга яна бир ой муҳлат бер! Қасам ичаман. Бу сафар тугатаман. Ишон, куну тун қулдек ишладим, барибир улгурмадим. Аммо арзимаган иш қолди.

«Занжи» орқа ўгириб ўтирган ҳолатида елка қисди.
— Сиз – Одам болалари, ҳаммангиз бир гўрсиз. Сизга мудом нимадир етишмайди. Сира бировдан миннаддор бўлмайсиз. Бир сония ортиқроқ яшаш учун тиз чўкиб оёқ ўпишга-да тайёрсиз. Баҳона топишни-ку қийиб қўясиз.
— Мен қилаётган кашфиёт ўта мураккаб. Ҳали инсон зотига насиб этмаган…
— Бўлди, биламан, биламан,-гапни шарт кесди «занжи», -ҳикмат тоши яратмоқчисан, шундайми?

Шундан сўнг ҳар иккиси жим қолишди. Сертуман, совуқ куз оқшоми этни жунжуктиради. Бундай тунда уйда ётганга не ецин.
— Мен нима қилай энди?-сўради Эйнштейн.
— Бўпти кетавер…Лекин бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.

Чиндан ҳам бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Вақтнинг бу қадар очофатлиги шунда билинди.

Ўша декабр тунида изғирин эсар, яккам-дуккам чиринди хазонларни ўйнатар, олимнинг бош кийими остидан чиқиб турган оппоқ сочларига чангал соларди. Ўша бензакалонка, бу сафар скамейкада бошига қалин салла ўраган ўша «занжи» совуқнинг зўридан дилдираб ўтирарди.

Эйнииштейн унга яқин келиб, елкасига дадил туртди.
— Мен келдим.

«Занжи»нинг совуқдан тишлари такирлар, камзўлига ўраниб олганди.
— Ҳа, сенмисан?
— Мен.
— Демак, тугатибсан-да?
— Xудога шукур, тугатдим.
— Юз йиллик ўйини интиҳо топибди-да! Ҳар ҳолда армонинг қолмагандир? Боқийлик сирини очгандирсан?
— Ҳа,-Эйнштейн жилмайиб жавоб қилар экан, йўталиб қўйди,-нафсиламрини айтганда ҳаммаси жойига тушди.
— Кетдикми бўлмасам? Сафарга тайёрмисан?
— Албатта, келишганмиз-ку.

«Занжи» илкис сакраб турди ва шундай қаҳқаҳа отдики, фақат иблисгина бундай кулиши мумкин эди. Кейин ўнг қўлининг курсаткич бармоғи билан Эйништейннинг қорнига бир туртган эди, у мувозанатини йўқотиб, оёғида зўрға туриб қолди.
— Яхши, яхши кекса қароқчи…уйингга жўна, тез бўл, югур, бу совуқда ўпкангни олдириб қўймасингдан… Ҳозирча менга керагинг йўқ.
— Мени қўйвормоқчимисан? Унда бу кўрсатган ҳунарингни қандай тушуниш керак?
— Буларнинг бариси ишингни тезроқ тугатишинг учун эди, вассалом. Мен мақсадимга эришдим…Сени шундай қўрқитмаганимда, ким билсин яна қанча чўзар эдинг?!
— Менинг ишим?.. Бунинг сенга нима қизиғи бор?

«Занжи» тиржайди.
— Менга-ку керак жойи ҳам йўғ-а… Кўрмайсанми, раҳбарият, ер ости дунёсининг ҳукмдори – устозим иблис… Унинг айтишича, аввалги кашфиётинг ҳам шайтанат дунёси учун катта фойда берган. Бунда шахсан сен айбдор бўлмасанг ҳам, шундай бўлгани рост. Сенга бу ёқадими, ёқмайдими ихтиёринг ўзингда, жаноб профессор, лекин кашфиётинг жаҳаннамга мислсиз фойда олиб келди… Энди янги кашфиётингдан фойдаланишни ўйлаяпмиз.
— Бўлмаган гап!-норози чинқирди Эйништейн.-Дунёда ундан безарарроқ нарса бор эканми? Бу шунчаки формула, мутлоқ мавҳумият холос…
— Яшшавор,-қичқирди иблисвачча, яна олимнинг қорнига туртар экан.-Яшшавор, азамат! Сенингча мени бу ёққа ўйнагани юборишганми? Ўйлайсанки, улар хато қилишганми?.. Йўқ-йўқ, сен яхши ишладинг. Зулматдаги оғаларим сендан хурсанд бўлишади энди!.. Эҳ сен билганингда эди!..
— Нимани, нимани билганимда эди?

Аммо иблисвачча ғойиб бўлган, атрофда на банзакалонка, на скамейкадан нишон бор эди. Ёлғиз тун, изғирин шамол ва узоқ чорраҳадаги автомобил чироқларигина кўзга ташланарди…