OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДино Буцсати
Асар номиҲаво шарчаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Италиян адабиёти
Бўлимлар
   - Экзистенсиализм
Муаллифлар
   - Дино Буцсати
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонОтаули
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳаво шарчаси (ҳикоя)
Дино Буцсати

Якшанба куни эрталабки тоат-ибодатдан сўнг икки авлиё – улардан бирини Онето, иккинчисини Котиб деб аташарди – «Миллер» фирмасининг қора чарм сирилган оромкурсиларига қулайгина жойлашиб олиб, пастга – Ерга қарадилар-да, бу ажойиб-ғаройиб одамлар қавми нималар билан машғуллигини аниқлашга уриндилар.

– Менга шуни айт-чи, Котиб, – сўради авлиё Онето узоқ муддатлик сукунатдан кейин, – сен ўз ҳаётингда бахтли эдингми?

– Шуям гап бўлибди-ю! – кулиб жавоб қилди ҳамсуҳбати. – Ерда ҳеч ким бахтли бўлолмаслигини билиб туриб сўрайсан-а!

Шундай дея у чўнтагидан бир қути «Малборо» чиқарди.

– Чекасанми?

– Раҳмат, бажонидил, – деди авлиё Онето, – одатда эрталаблари ўзимни чекишдан тияман-ку, бироқ бугун байрам шарафига... Ҳар қалай, ўйлашимча, айрим ҳолларда...

– Сен ўзинг-чи, шу «бахт» деганларини ақалли бирон марта ҳис қилганмисан? – унинг гапини бўлди Котиб.

– Ўзим-ку, ҳис қилмаганман, бироқ аминманки...

– Яхшиси, сен анавиларга қара, қара! – хитоб қилди авлиё Котиб, пастга имлаб. – Улар бир неча миллиард, бугун якшанба, бунинг устига, айни субҳидам – энг ёқимли пайт, об-ҳавонинг ҳам яхшилигини қара – офтоб чарақлаб турибди, бироқ жазирама эмас, майин шабада, дарахтлар билан ўт-ўланларнинг айни гуллаб-яшнаган пайти. Устига устак, уларнинг Ерида «иқтисодий мўъжиза» – гўё барча мурод-мақсадига етган. Хўп, ўша миллиардлар орасидан ақалли биттагина бахтиёр одамни кўрсат-чи менга, ақалли биттасини – ундан кўпини талаб ҳам қилмайман. Агар топиб бера олсанг, сени қойилмақом тушлик билан меҳмон қиламан.

– Яхши, – деди Онето ва шошилмасдан нигоҳи билан пастдаги чумоли уясидек ғужғон ўйнаган митти сайёрани элак-элак қила бошлади. Бирданига омаднинг кулиб боқишига умид қилиш кулгили эди: бу ишда камида бир неча кунлик серзаҳмат тадқиқот юритиш керак бўлади. У буни яхши тушунарди, бироқ барибир таваккал қилишга тўғри келади. Котиб мийиғида кулганича унинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб турди (мийиғида кулгиси заҳарханда эмас, беғараз кулги эди, акс ҳолда унинг нимаси авлиё бўлди!)

– Омадни қара, топганга ўхшайман! – Онето оромкурсидан сапчиб туриб бирданига қичқириб юборди.

– Қани, қаерда?

– Ана, майдонда! – шундай дея адирликдаги оддий бир шаҳарчани бармоғи билан нуқиб кўрсатди. – Ана, одамлар черковдан чиқиб келяпти-ку... ана, қизалоқни кўряпсанми?

– Оёқчалари қийшиқ қизалоқми?

– Ҳа-ҳа... Фақат диққат билан қара, назардан қочирма.

Ростдан ҳам оғир ҳасталикдан кейин тўрт яшар Нореттининг оёқчалари андак қийшиқ, ингичка, нимжон бўлиб қолган эди. Уни онаси қўлидан етаклаб кетаётган эди. Кўринишларидан камбағалгина оила экани аниқ-равшан сезилиб турар эди. Тўғри, қизалоқнинг эгнида гул қадалган оппоққина якшанбалик кўйлак эди, лекин бу ҳам онага, афтидан, анчагина қимматга тушгани аён эди.

Черков эшиги олди гул сотувчилар билан гавжум эди. Айримлари авлиёлар тасвирланган иконалар ва медалларни сотмоқда, афтидан, шаҳарнинг авлиё ҳомийсига бағишланган байрам нишонланмоқда эди. Бошқа бирлари ҳаво шари билан савдо қилаётганди. Унинг бош устида турли рангдаги ҳаво шарчаларининг ажиб гулдастаси муаллақ парвоз қилиб турар ва салгина эпкинда гўзал тебранар эди.

Мана, қизалоқ ҳаво шарчалари сотувчисининг олдида қотиб қолди-да, онасига буткул мулзам қилувчи бир табассум билан унсиз илтижога лимо-лим кўзларини қадади. Бу қарашда шунақанги қизғин хоҳиш-истак, шунақанги қалб изтироби ва иштиёқи зуҳурланиб турар эдики, қаршисида дўзах ҳукмдори ҳам чидаёлмай қолган бўларди. Эҳтимол, бундай фавқулодда кучга фақатгина бола нигоҳи эга бўлади (балки калтак еган итнинг нигоҳи ҳам!), чунки улар кичкинтой, заиф-ожиз ва маъсум-беғубордирлар.

Шунинг учун ҳам руҳшунослик илмини яхшигина биладиган авлиё Онето қизалоққа эътибор қаратди. У шундай мулоҳаза юритди: шарчага эга бўлиш истаги шу қадар кучлики, агар Худо бериб онаси бу истакни қондирса, қизалоқ, шак-шубҳасиз, бахтли бўлади – эҳтимол бу бахт узоқ давом этмас, кўпи билан бир-икки соатга чўзилар, лекин барибир у чинакамига бахтли бўлади. Ана ўшанда у гаровда енгиб чиқади.

Авлиё Онето пастда, шаҳарча майдонидаги манзарани аниқ кузата оларди, бироқ қизалоқ онасига нима дегани-ю, онаси унга нима деб жавоб қилганини эшитолмасди. Бу ҳеч ким ҳеч қачон тушунтириб беролмайдиган ғалати зиддият эди: жаннатдаги авлиёлар баайни қудратли телескопдан қараётгандек ер юзида нималар бўлаётганини аниқ-тиниқ кўриб турардилар. Бироқ ердаги шовқин-сурон, бақир-чақир, умуман, товуш ва овозлар тепага етиб келмасди (ҳар қалай, кейинроқ амин бўламизки, фавқулодда камдан-кам учрайдиган ҳолатлар бундан мустасно). Бу авлиёларнинг асаб тизимини кўча ҳаракатларининг ёввойи шовқин-суронларидан асраб-авайлаш мақсадида кўрилган чора бўлса керак-да.

Она Нореттининг қўлчасини силтади, шунда Онето дафъатан қаттиқ қўрқиб кетди. Чунки одамлар орасида анчагина кенг тарқалган қабиҳлик қонуниятига мувофиқ равишда ҳаммаси кутилганига батамом зид якун топмоғи мумкин эди.

Зотан, Нореттининг маъсум нигоҳларида аён кўриниб турган сидқидил ўтинч олдида жаҳоннинг энг мустаҳкам зирҳ билан қопланган лашкарлари ҳам ожиз қолишлари муқаррар эди, аммо-лекин муҳтожлик бундан истисно. Муҳтожлик унга бемалол бардош бериши мумкин: ҳувиллаган бўм-бўш чўнтакда юрак ҳам, меҳр-шафқат ҳам йўқ! Қандайдир бир кичкинтой қизалоқнинг дарди-дунёси, хоҳиш-истаги билан ҳисоблашиб ўтирадими у!

Яхшиямки, Нореттини ўрнидан қўзғотишга онанинг кучи етмади. Қизалоқ ўша-ўша онасидан кўз узмай тикилиб тураверди ва бу қарашнинг кучи, агар бунақаси мумкин бўлса, янада қатъиятлироқ, янада қайсарроқ моҳият касб этди. Авлиё кўрдики, она сотувчига нимадир деб, қўлида бир неча чақаларни санади-да, узатди. Қизалоқ эса, жажжи бармоқчаси билан оч-сариқ шарчага ишора қилди. Сотувчи боғламдаги энг таранг, энг чиройли бир шарни чиқариб узатди.

Энди Норетти онаси билан ёнма-ён одимлар экан, ўзига ишонмай кўзларини катта-катта очиб, қадамларига мос равишда ипча устида қувнаб сакраётган шарчага термуларди. Ана шунда авлиё Онето қув табассум қилиб авлиё Котибни тирсаги билан туртиб имлади. Котиб ҳам табассум қилди: авлиёлар гаровда ҳамиша ютқазишга тайёр, агарда бу инсоний ғам-кулфатни зиғирча камайтира олса!

Сен кимсан, эй Норетти, якшанба куни субҳидамда қадрдон шаҳарча майдонини қўлидаги шарча билан кесиб ўтаётган қизалоқ? Сен – черковдан чиқиб келиб, бахтиёрликдан порлаб турган келинчаксан, сен – эришилган ғалабани нишонлаётган маликасан, сен – ҳайратдан ўзлигини йўқотган оломон елкасига кўтарган ғоятда гўзал ва хушовоз хонандасан, сен – оламдаги энг бой ва гўзал аёлсан, сен – улкан ва бахтиёр муҳаббат, гул, мусиқа, ой, ўрмон ва қуёшсан, сен – шуларннг барчасисан... Чунки оддийгина бир шиширилган шарча сени шундай бахтиёр қила олди. Ва сенинг бемажол бетоб оёғинг энди касал эмас, энди у Олимпиадада лавр гулчамбарига бурканган ёшгина спорт устасининг чайир ва чопқир оёғи!

Авлиёлар оромкурсининг тирсаклагичи оша она билан қизалоқни кузатишда давом этдилар: улар бутун шаҳар бўйлаб ўтиб, чеккадаги ғариблар маҳалласига кирдилар. Она уйга кириб кетди – унинг ишлари кўп эди – Норетти эса, шарча ипини қўлида маҳкам тутган кўйи тош устига ўтирди-да, нигоҳларини шардан йўловчиларга кўчирди, афтидан, барча бебаҳо хазинасига ҳавас билан қараётгандек туюлди. Гарчи қуёш нурлари хўмрайишган баланд бинолар орасида қолган бу жинкўчага тушмаса-да, қизалоқнинг табиатан унчалик чиройли бўлмаган, лекин ойдин руҳсори атрофни ёриштириб-нурафшон қилиб турар эди.

Қизнинг ёнидан уч нафар болакай ўтаётганида, гарчи ўтакетган безори бўлсалар-да, ҳаттоки уларни ҳам қандайдир бир куч қизалоққа ўгирилиб қарашга мажбур қилди. Қизалоқ ҳам уларга қараб кулди. Шунда учовлондан бири ниҳоятда табиий бир ҳаракат билан лабида тутаб турган тамакини олди-да, уни ҳаво шарчасига босди. Шарча пақ этиб ёрилиб, ҳалигина осмони-фалакка мағрур бўй чўзган ип учидаги бужмайиб шаклини йўқотган бир ҳовуч елимча билан бирга қизалоқнинг тиззасига келиб тушди.

Норетти нима бўлганини дафъатан тушунмади ва овозлари борича хоҳолаб кулган кўйи қочиб кетаётган уч такасалтангнинг ортидан ҳанг-манг бўлиб қараб қолди. Ниҳоят, шарчасининг энди йўқлигини, ҳаётидаги ягона қувончидан маҳрум этишганини англаб етди. Юзчаси ғалати тарзда тиришиб, уни енгиллатиш имконсиз бўлган оғир дард-алам қамраб олди.

У шундай ҳўнграб йиғладики, худди мутлақо тузалмас даҳшатли фожеа рўй берган-да, энди уни ҳеч нима билан овутиб бўлмайди. Осойишта жаннат маъволарига, ҳалигина айтганимиздек, ердаги шовқин-суронлар етиб бормас эди: на мотор товушлари, на ўқ овози, на одамларнинг оҳ-фарёдлари, на атом бомбасининг портлаши... Бироқ қизалоқнинг жон-жаҳди билан юраги ўртаниб йиғлаши жаннатнинг барча бурчакларида эшитилди ва уни бутун таг-туги билан ларзага келтирди. Гарчи жаннат абадий осойишталик ва шодлик маскани дея тўғри айтилса-да, ҳар қалай, ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бор! Адолат посбонлари инсон изтиробларига лоқайд қарашлари мумкинми, ахир!

Шарчага боғлиқ лавҳа оромижон ҳузур-ҳаловат оғушига чўмган авлиёлар учун кутилмаган зарба бўлди. Мангу ёруғлик салтанати устида соя пайдо бўлиб, юракларни беихтиёр эзиб юборди. Қизалоқ қайғусини қандай қилиб аритиш мумкин?

Авлиё Котиб ўз дўсти Онетога жимгина тикилди.

– Нақадар қабиҳлик! – хитоб қилди авлиё Онето ва эндигина тутатган тамакисини улоқтириб юборди.

Ерга тушар экан, у ўзидан узун, мўъжизавий жилваланган ёруғ из қолдирди. Ва пастда – ерда кўпчилик яна учар ликопчалар ҳақида гапира бошладилар.

Рус тилидан Отаули таржимаси

«Шарқ юлдузи» журналининг 4-сонидан олинди.