OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифДино Буцсати
Асар номиИнсоннинг улуғлиги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Италиян адабиёти
Бўлимлар
   - Экзистенсиализм
Муаллифлар
   - Дино Буцсати
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРаҳимжон ва Фаррух Отаули (Рус тилидан)
Ҳажм17KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Инсоннинг улуғлиги (ҳикоя)
Дино Буцсати

Қоронғулик қўйнига чўмган қамоқхона эшиги очилиб, назоратчилар соқолли жиккаккина чолни ичкарига итқитганларида вақт алламаҳал бўлиб қолган эди.

Қариянинг соқоли оппоқ ва ўзига етгулик даражада каттагина эди. У нимқоронғи хона бўйлаб ожизона нур таратар ва бу маҳбусларда муайян таассурот уйғотди. Қоронғи бўлгани учун чол аввалига хонада ўзи ёлғиз эмаслигини англамади.

Бу ерда кимдир борми?

Саволга заҳарханда ва аламзада пўнғиллаш тарзида жавоб қайтди. Кейин маҳаллий таомилга биноан ҳар ким ўзини танитиб бошлади:

Риккардон Марчелло, – деди бир бўғиқ овоз, – ўғрилик, оғирлаштирувчи ҳолатларда.

Бетстседа Кармела, – худди бочканинг ичидан чиқаётгандек бўғиқ овозда деди яна бир маҳбус. – Фирибгар-ретсидивист.

Ўзини танитиш давом этди:

Марфи Лучано, зўрлаш.

Лаватаро Макс, бегуноҳ.

Сўнгги сўздан кейин хонани гулдурос кулги тутди. Мутойиба ҳаммага хуш ёққан эди: Лаватародек қўллари қанчадан-қанча бегуноҳ жонларнинг қонига бўялган ашаддий босқинчи, ўтакетган гуноҳкорни ким ҳам билмайди дейсиз?

Эспозито Энеа, қотиллик! – Бу маҳбуснинг овозида фархланиш оҳанги зуҳур кўрсатди.

Муттирони Винчентсо, – бу овоз буткул ғолибона оҳангда янгради, – падаркушлик... Хўш, сен-чи, қари бурга, сен кимсан ўзи?!

Мен... – жавоб қилди янги маҳбус. – Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам билмайман. Мени ушлаб ҳужжат кўрсатишимни талаб қилишди. Бироқ менда ҳеч қачон ҳеч қанақа ҳужжат бўлган эмас.

Бундан чиқди, дайдилик экан-да, – деди кимдир истеҳзо билан. – Лақабинг нима?

Менинг отим Морро, лақабим эса... ҳмм-ҳмм... Улуғ.

Демак, Улуғ Морро. Хўш, ёмон эмас, – муносабат билдирди зулмат қаъридаги бир овоз, – оти-зотинг сенга анчагина катталик қилар экан: у сенга ўхшаганларнинг ўнтасига етиб ортар экан.

Тўппа-тўғри, – мулойимлик билан маъқуллади қария. – Бироқ бу ерда менинг гуноҳим йўқ. Лақабимни менга аввал-бошда калака қилиб қўйишганди. Начора, энди ҳеч нима қилиб бўлмайди. Очиғини айтсам, бу лақаб менинг бошимга битган бало бўлди. Мана, масалан... бироқ бунинг тарихи жуда узоқ-да...

Қани-қани, борини тўкиб солавер! – маҳбуслардан бири чолга қўрслик билан қичқирди. – Бизнинг вақтимиз ошиб-тошиб ётибди!

Бошқалар бу гапни қизғин қўллаб-қувватлашди. Қамоқхонанинг бири биридан зерикарли оддий кунларида ҳар қандай эрмак – байрам!

Бўпти, майли, – ноилож рози бўлди қария. – Кунлардан бир куни шаҳар – нима эди номи, майли бу муҳим эмас – шаҳар бўйлаб кезиб юрганимда, данғиллама чодирлару у ёқдан бу ёққа турли хил ноз-неъматларни ташиб юрган хизматкорларга кўзим тушди. Афтидан, катта бир базмга тайёргарлик кўрилаётганга ўхшайди, омадим чопди деб садақа сўраш учун уларга яқинроқ келдим. Ҳали оғиз очиб улгурмаган эдим, бўйи камида икки метр келадиган бир дароз менинг ёқамга чанг солиб, бақириб-чақира кетди: «Мана, ўғри, мен уни тутиб олдим. Кеча хўжайинимизнинг от ёпинчиғини шу одам ўғирлаган. Тағин уялмай-нетмай келиб туришини қаранглар-а! Ана энди ўзингдан кўр, ҳозир қовурғаларингни санаб қўямиз!» «Менинг қовурғаларимними? – дедим. – Ахир, мен кеча бу ердан ўттиз милча олисда эдим, қанақа қилиб...» «Ҳой алдоқчи, куни кеча сени ўз кўзларим билан кўрдим-ку. Қўлингда ёпинчиқ билан қочиб кетаётган эдинг-ку!», – деб бақириб ҳалиги барзанги мени чодир тикилган кенг ҳовли томонга судралаклади.

Мен тиз чўкиб яна ёлвордим: «Рост айтяпман, кеча бу ердан ўттиз мил олисда эдим. Шаҳрингизга биринчи бор келишим. Улуғ Морро сўзим!» «Нима-нима?! – деб беихтиёр қичқирди ҳалиги барзанги менга кўзининг пахтаси чиқиб қарар экан. «Улуғ Морро сўзим!» деб такрорладим мен. У бўлса, энди бирдан хоҳолаб кулиб юборди: «Нима, сен ҳали Улуғ Морромисан? Ҳой, одамлар, эшитмадим деманглар, бу ёққа келинглар, манови битлиқига қаранглар, оти «Улуғ Морро» экан бунинг!» Кейин менга ўгирилиб сўради: - Улуғ Морронинг кимлигини биласанми ўзи?!» «Менинг ўзим Морроман, бошқа Моррони билмайман» дедим. «Билмасанг билиб қўй, Улуғ Морро, - деди ҳалиги ярамас, – айнан бизнинг муҳтарам хўжайинимиз бўладилар. Сен гадой, уларнинг исмларини ўзлаштириб олишга қандай ҳаддинг сиғди?! Ана энди ўзингдан кўр!.. Ана, хўжайиннинг ўзлари келяптилар!..»

Дарҳақиқат, қарасам, бақир-чақирлардан безовталанганми, хўжайин чодирдан чиқиб биз томон келяпти. Бу одам бой савдогар экан. Бой бўлганда ҳам, шаҳардаги, эҳтимолки, бу ёруғ оламдаги энг бой одам экан. Хуллас, ўша одам менинг ёнимга келиб афтимга қаради. Кейин сўраб-суриштирди. Ахийри кулди: садақа сўраб турган қандайдир гадойнинг ўзи билан адашлиги, афтидан, унга кулгили туюлди. Сўнгра у хизматкорига мени бўшатишни буюрди. Уйига таклиф қилди. Хазиналарга лиқ тўла муҳташам хоналарини, ҳаттоки тилла билан қимматбаҳо жавоҳирлар сақланадиган зирҳланган хонани кўз-кўз қилди. Қорнимни яхшилаб тўйдиришларини буюрди. Шундан кейин айтдики: «Сенинг оти-зотингга боғлиқ бу ҳангома, бечора оқсоқол, шунинг учун ҳам қизиқки, Ҳиндистонга сафарим чоғида худди шундай бир воқеа менинг бошимдан ҳам кечган эди. У ерда ўз молим билан бозорга чиқиб борган эдим, одамлар қанақа қимматбаҳо буюмлар билан савдо қилаётганимни кўриб атрофимда уймалашиб қолишди. Кимлигим-у қаердан келганимни сўраб-суриштиришди. «Мени Улуғ Морро дейдилар!» – деб жавоб қилдим. Улар бўлса, қошларини чимириб менга танбеҳ бера кетишди: «Улуғ Морро дейсанми? Сенингдек оддий олибсотарда қанақанги улуғлик бўлиши мумкин?! Инсоннинг улуғлиги – унинг ақлида-ку! Бу дунёда Улуғ Морро фақатгина битта, у ҳам бизнинг шаҳримизда яшайди. У мамлакатимизнинг фахри-ифтихори! Сен лўттибоз ўзингнинг мақтанчоқлигинг учун ҳозир унинг ҳузурига бориб кечирим сўрайсан!»

Шундай дея менинг қўлларимни боғлаб, ўзим бу дунёда борлигини мутлақо билмайдиган ана ўша Морронинг олдига олиб боришди. У машҳур олим, файласуф, математик, астроном-у астролог бўлиб, барча уни қарийб Худо деб билишар экан. Ҳайриятки, у англашилмовчилик бўлганини дарров тушунди-да, кулди. Қўлларимни ечишни буюрди. Хос хонаси, расадхонаси, ўзи ўз қўллари билан яратган мўъжизавий ускуналарини бирма-бир менга кўрсатиб чиқди. Кейин шундай деди: «Бу воқеа, эй олис ўлкалардан келган жаҳонгашта савдогар, шунинг учун ҳам қизиқки, Леванта оролига саёҳатим чоғида мен ҳам худди шундай бир кўргиликни бошимдан кечирган эдим. Мен бир вулқоннинг бошига уни тадқиқ қилиш учун пойи-пиёда юриб кўтарилаётган эдим, бу ерликларникига ўхшамайдиган уст-бошим шубҳа уйғотганми, қайдам, бир гуруҳ навкарлар йўлимни тўсишди. Менинг кимлигимни сўраб-суриштиришди. Оти-зотимни айтган заҳотим мени занжирбанд қилиб шаҳарга олиб кетишди. «Ҳали сен ўзингни Улуғ Морро деб ҳисоблаяпсанми? – дейишди улар. – Сенингдек бечораҳол муаллимда қанақанги улуғлик бўлиши мумкин?! Улуғ Морро бу ёруғ оламда битта-ю битта, у ҳам бўлса, оролимизнинг эгаси, қўлига қилич тутган жамики жангчиларнинг энг қўрқмас-қаҳрамони! Албатта, бизнинг ҳукмдоримиз сенинг кимлигингни билган заҳоти бошингни танангдан жудо қилишимизни буюради!» Улар шундай дея мени ўзларининг важоҳати ҳар қандай одамнинг капалагини учирадиган ҳукмдорларига рўпара қилишди. Яхшиям мен унинг тилини топиб, гап нимадалигини тушунтира олдим. Шунда қаҳри қаттиқ деб таърифланган ҳукмдор бу ажойиб-ғаройиб ўхшашликдан кулиб, мени занжирдан бўшатишларини буюрди. Қимматбаҳо саруполар билан сийлади. Ўзининг қасри олийига таклиф қилди. Жамики яқин ва олис ороллардаги халқлар устидан қозонган ғалабаларини намойиш этувчи далилларни кўрсатди. Охирида шундай деди: «Бу тасодиф, эй менинг исмимни зиммасида кўтариб юрган алломаи замон, шунинг учун ҳам қизиқки, Европа деб аталувчи олис жойларда жанг қилиб юрганимда мен билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлган. Ўзимнинг енгилмас лашкарим билан ўрмон оралаб кетаётган эдим, кутилмаганда соч-соқоли ўсиб кетган тоғликлар олдимиздан чиқиб, мени тўхтатиб сўрашди: «Сен ким бўлибсанки, қурол-яроғингнинг шақир-шуқури билан ўрмонимизнинг тинчини бузяпсан?» Номимнинг ўзиданоқ уларнинг қўрқиб-қалтираб қолишига қаттиқ ишониб «Мен Улуғ Морроман» дедим. Бироқ улар қўрқишнинг ўрнига мени масхаралаб кулиб айтдиларки, «Улуғ Морро дейсанми? Сен ҳазиллашаётган бўлсанг керак-а? Сенингдек дайди итга ўхшаб санқиб юрган оддийгина бир жангарида қанақанги улуғлик бўлсин?! Инсоннинг улуғлиги – нафсини тийиши билан руҳининг юксаклигида эмасми? Бу дунёда биргина Улуғ Морро бор. Инсоннинг ҳақиқий улуғлигини ўз кўзларинг билан кўриб қўй деб ҳозир биз сени унинг ҳузурига олиб борамиз» Шундай деб улар мени кичик бир ўрага бошлаб боришди. Қарасам, ғарибгина чайлада уст-боши юпунгина, соқоли оппоқ бир чол ўтирибди. Айтишларича, у бутун умрини табиатни томоша қилиб, Худога ибодат қилиб ўтказган экан. Тўғрисини айтсам, бундай вазмин-хотиржам, тириклигидан мамнун, эҳтимолки, бахтиёр инсонни умрим бино бўлиб ҳеч кўрмаган эдим. Бироқ, нима қилай, ҳаётимни тубдан ўзгартириш энди менинг учун жуда-жуда кеч...

Хуллас, оролнинг қудратли ҳукмдори – донишманд алломага, аллома – бой савдогарга, савдогар – уйига садақа сўраб келган ялангоёқ қарияга шуларни айтиб берибди. Ҳаммаларининг исми Морро экан. Бунинг устига, ҳар бири у ёки бу сабабга кўра «Улуғ» деган лақаб олишган экан.

Чол ўз ҳикоясини тугатганида қоронғи қамоқхона бўйлаб маҳбуслардан бирининг овози таралди:

Агар менинг миям айниб қолмаган бўлса, бундан чиқди, ана ўша чайладаги бадбахт оқсоқол – демак, энг Улуғ Морро – бу сен бўлиб чиқяпсан, шундайми?

Сизларга нима десам экан, болаларим, – саволга жавобан на ҳа, на йўқ демай ўзича минғирлади чол. – Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз!

Шунда ҳамма бир муддат жим қолди. Зотан, баъзи нарсалар одамни жиддийроқ ўйлаб кўришга мажбур қилади. Ҳаттоки учига чиққан муттаҳамларни ҳам!