OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭд Лейси
Асар номиМеросхўрни йўқотиш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Эд Лейси
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонШавкатбек (Рус тилидан)
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Меросхўрни йўқотиш (ҳикоя)
Эд Лейси

— Мистер Коломбо, мени танимасангиз керак. Мени Уилям Сенфорд дейишади. «Маерпарк айрплаенс» ишида адвокатлик қилганман. Менга хусусий изқувар керак.
— Ўша ишда кўрсатган кароматларим учун нега мен ҳақимда ижирғаниб гапирмаётганингиздан таажжубдаман, мистер Сенфорд, — дедим мен хушмоумалалик билан.
— Ўтган ишга саловат, мистер Коломбо. Ҳозир гап бошқа иш устида кетаяпти. Менга шундай инсон керак.
— Полицияга мурожаат қилдингизми?
— Бу полициянинг иши эмас. Мен сизни ёлламоқчиман.
— Яхши, — елка қисдим мен. — Лекин мен кунига юз эллик доллар оламан.
— Розиман, — бош ирғади Сенфорд. — Стивен Массинини топиш керак. Бир ярим йил муқаддам унинг амакиси қазо этган. Ундан 800 минг доллардан зиёд мерос қолган. Стивенга 18 минги тегиши керак. Васиятнома шартларига кўра, барча меросхўрлар пулни бир вақтда олишлари керак. Бўлишишни барча интизорлик билан кутмоқда, Ситер Массинидан ташқари, албатта. У йўқолган. Бир неча ой илгари мен уни ниҳоят Ницсада топдим ва хат ёздим. У рассом. Стивен пулни почта орқали жўнатишни сўради. Мен эса унга барча меросхўрлар бир вақтда йиғилишлари кераклиги тушунтирдим. У учиб келишга розилик берди. Икки ҳафта муқаддам мистер Массини Қўшма Штатларга қараб учган. Сиз Кеннеди номли аеропортда ҳалокатга учраган самолёт ҳақида эшитган бўлишингиз табиий. Стивен тирик қолган уч йўловчининг биттаси бўлган. Жисмонан жароҳат олмаган бўлса-да, шок ҳолатида бўлган. Бу ҳақда газеталардан ўқигач, эртаси куниёқ касалхонага қўнғироқ қилдим. Тиббий кўрикдан бир соат ўтгач, Стивен Массини кимгадир сим қоққан. Унинг олдига ёшгина хоним келган ва улар биргаликда чиқиб кетишган. Мен барча газеталарга эълон бердим, лекин у ҳанузгача қўнғироқ қилгани йўқ.
— Стивен бошқа қариндошлари билан алоқа қилиб турганми? — сўрадим мен.
— Йўқ, у қариндошлари билан гаплашмаган. Ота-онаси вафот этгач, у чет элга чиқиб кетган ва ҳанузгача Франсияда яшаб келган. Меросхўрлар унинг тўсатдан ғойиб бўлганидан жуда норози. Улар ўз пулларини интиқлик билан кутишмоқда.
— Қизиқ, у яна ғойиб бўлган. Ёш рассом учун 18 минг чакана пул эмас. Стивен уйланганми?
— Бўйдоқ, — жавоб берди адвокат. — Мен уни ҳеч қачон кўрмаганман. Менда ҳатто унинг фотосурати ҳам йўқ. Қариндошларига келсак, улар ҳам уни сўнгги марта анча йиллар аввал, у 4 ёшдалигида кўришган. Ҳозир у 26 ёшда.

У кетгач, мен нуфузли кредит фирмасидаги танишимга қўнғироқ қилиб, Сенфорд ва Стивен Массинини текшириб беришни сўрадим. Сўнг касалхонага йўл олдим. Омадим бор экан. Икки ҳамшира мистер Массинини тасвирлаб кетишди: бўйи биру саксон, бақувват, вазни 80 килодан кам эмас. Сочлари тим қора, юзи оддий, бирорта фарқли белгиси йўқ. Унинг ёши ўттизлар атрофида, дейишди. Кўрикдан бир соат ўтгач аллакимга қўнғироқ қилган. 20 дақиқалардан сўнг унинг ёнига ҳаяжон исканжасидаги 25 ёшлардаги малласоч хоним келган. Массини эса ҳеч қандай маслаҳатларга қулоқ тутмасдан, жавоб беришларини талаб қилган.
— У палатадан қўнғироқ қилдими? — умидланиб сўрадим.
— Ҳа.
— Демак, операторларингизда у қўнғироқ қилган рақам сақланиб қолган бўлиши керак? Уни аниқласам бўладими?

Беш дақиқадан сўнг мен телефон компаниясидаги таниш йигитга қўнғироқ қилиб турардим. Телефон аллақандай Фил Уеллсга тегишли экан. Ярим соатдан сўнг мен Куинсда эдим. Уеллс битта машинага мўлжалланган гаражли, бундайроқ ўтлоғи бўлган кичикроқ уйда яшаркан. Мен ёрдамчим Ал Питерсга автомат-телефондан қўнғироқ қилиб, Уелсснинг уйини тонгги бешдан бошлаб кузатишни тайинладим.

Эрталаб саккизда ишда эдим. Соат ўнда суғурта компаниясидаги танишимга қўнғироқ қилдим.
— Мистер Стивен Массини ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ. Менимча, у ишсиз бўлса керак... Энди Уилям Сенфорд ҳақида. Биз бундай мижозларни «катта таваккалчилар» деб атаймиз. Ўтган йили у «Маерпарк айрплаенс» аксияларида касодга учраган. Амалиётларидан йилига 20 минг долларча фойда кўради, лекин шаҳар остонасидаги ҳашаматли уйда яшайди, иккита клубга аъзо, иккита қимматбаҳо автомобили бор. Уйланган. Бу унинг учинчи хотини, жуда гўзал, қимматбаҳо тақинчоқларни яхши кўради. Сендфорд қулоғигача қарзга ботганлардан. Бадавлат оилада туғилган. Бойвачча амакиси бор, меросининг ҳаммасини Сенфордга қолдириб кетиши керак. Амакиси 79 ёшда, лекин ҳамон ҳафтасига бир марта голф ўйнашни канда қилмайди. Ҳаммаси шу, Фред.

Мен унга ташаккур айтдим ва Фил Уелссни ҳам текшириб кўришни илтимос қилдим. Сўнг сейфдан митти эшитиш мосламаси — қўнғиз ва мини-магнитофонни олдим. Телефон компанияси эмблемаси туширилган комбинезонни кийиб, Фил Уелсснинг уйига жўнадим.

Ал Петерс ўзининг шалоқ аравасида уйдан 100 метрча нарида ўтирганча, қоғоз стакандан апелсин шарбатини симирарди.
— Ҳозирча ҳаммаси тинч, Фред, — ҳисоб берди у. — Ҳеч ким киргани ҳам, чиққани ҳам йўқ.

Мен машинамга қайтдим. Бошимдаги бейсбол шапкасини қошимгача тушириб, қалин мўйлов ва иккита тукли сўгал ёпиштирдим-да, Уелсслар уйига йўл олдим. Магнитофонни Алнинг машинасида қолдирдим. Митта қулоқлик ва блокнот ҳам тутқаздим.
— Нима қилишни биласан-а, Ал? Улар нима ҳақида гаплашишса ёзиб ол! Мен бир соатдан сўнг қайтаман.

Эшикни яхшигина қоматга эга малласоч хонимча очди. Унинг нимадандир асабийлашаётгани шундоқ кўриниб турарди. Кўзининг ости қорайиб, салқиган, кечаси уйқу ҳақида ўйламагани ҳам рост.
— Миссис Уеллс, ҳудудларингизда узилиш рўй берган. Биз ҳамма телефонларни текшириб чиқаяпмиз.
— Менинг телефоним яхши ишлаяпти.
— Эҳтимол. Лекин қисқа туташув рўй берган бўлса, бу бошқа телефонларнинг ишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Ташвишланманг, миссис Уеллс, бу кўп вақтни олмайди.

У мени арзон мебеллар билан жиҳозланган меҳмонхонага бошлаб кирди. Мен оператор билан «гаплашдим», гўшакни ечиб, гарчи хоним мени кузатаётган бўлса-да, билинтирмасдан қўнғизчани жойлаштирдим. Гўшакни йиғиб, гудокни текширдим ва қониқиш ҳосил қилгандек бош ирғадим.
— Ҳаммаси жойида! Раҳмат, мем.

Бир соатдан сўнг унинг рақамини тердим.
— Миссис Уеллс, сизни Стивен Массинининг дўсти безовта қиляпти...
— Сиз адашдингиз, — гапини кескин бўлди у.

Мен яна такрорладим.
— Миссис Уеллс, гўшакни қўйманг. Сиз мистер Массинини касалхонадан олиб кетганингизни биламан. Мен унга катта пул беришим керак. Агар сиз...
— Мен сизга нотўғри рақам тердингиз дедим-ку?! Мени тинч қўйинг! — у зарб билан гўшакни ирғитди. Малласоч хонимни қўрқитиб, Ал Питерс олдига шошдим.

* * *

— Жуда оддий, Фред, — жилмайди у. — Иккинчи қўнғироғингдан дам ўтмай у Стивенсга қўнғироқ қилди. У «Девенпорт» меҳмонхонасининг 121-номерида яшаркан... — Мистер Стивенсга? Адашмаяпсанми? Стивен Массинигамасми?!
— Мистер Стивенсга. Сенинг қўнғироқ қилганингни айтди. Мен ҳаммасини ёзиб олдим, — Ал блокнотини очди. — «Ташвишланма, Роза, — деди ўша Стивенс. — Агар у яна қўнғироқ қилса нима ҳақида гапираётганини тушунмаганингни айт. Роза, балким Нюаркка ойингникига бир неча кунга бориб келарсан? Қачон қайтишингни ўзим билдираман». — «Мен бу ролни ортиқ ўйнай олмайман, азизим. Қўрқаяпман». — «Ҳеч нарсадан қўрқма, азизам. Тинчлан. Биласанми нима, олдимга кел. Сени соат иккида кутаман».

«Девенпорт» меҳмонхонаси аеропортнинг ёнида жойлашганди. 121-номернинг эшигини бўйлари узун, елкалари кенг, спорт кийими ва оқ кўйлак кийган эркак очди.
— Xўш? — деди у менга оғзидан виски буғларини пуркаб. — Нима сотасиз?
— Биз гаплашиб олишимиз керак, мистер Массини, — дедим мен нишонимни кўрсатарканман.
— Xусусий изқувар! — ҳиқиллади Массини. — Қани ҳақиқий фиръавнларни чақириб қолмасимдан, туё­ғинг­ни шиқиллат-чи!
— Марҳамат, чақиринг, мистер Массини. Афтидан менинг ташрифимни нотўғри тушунганга ўхшайсиз. Мен сизга 18 минг доллар тақдим этмоқчиман.
— Сизни адвокат Сенфорд юбордими?
— Ҳа, у. Нега сиз унга қўнғироқ қилмадингиз? У васиятнома шартларини бажариши керак, ахир!
— Унга айтиб қўйинг, қачон истасам ўшанда у билан кўришаман.
— Наҳотки сизни мерос қизиқтирмаётган бўлса? — ҳайрон бўлдим мен. — 18 минг доллар оз пул эмас...
— Билмайман... Мен эртага Франсияга қайтиб кетишим керак, ўша пулларни деб солиқчилар катта муаммо пайдо қилишлари мумкин.
— Сенфордга қўнғироқ қилиб, бўлмаса шулар ҳақида айтинг.
— Қачон хоҳласам, ўшанда қўнғироқ қиламан, — деди у ва зарда билан эшикни ёпди.

Мен холлда Сенфордга қўнғироқ қилдим ва Массинини қаердан излашни айтдим.
— Раҳмат, мистер Коломбо. Мен ишингиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим. Сизни ортиқ безовта қилмайман.

Энди овоз узатувчи қўнғизчани олшим керак. Келажакда уни топиб олишса, муаммо юзага келиши мумкин. Мен кечқурун бунга уриниб кўрдим. Уйга келгач, суғурта компаниясидаги танишимга қўнғироқ қилдим.
— Уелссларнинг умумий даромади 9400 доллар. Уйлари 20 минг туради. 15 минги гаровда. Улар уйни тўрт йил муқаддам турмуш қуришганда сотиб олишган ва жиҳозлашган. Xотини кўчмас мулк билан савдо қилувчи компанияда машинистка бўлиб ишлайди, эри эса «Транс-Европа ҳаво йўллари» авиакомпаниясида чипталарни брон қилиш билан шуғулланади.
— Бу яқинда анави самолёт ҳалокатга учраган авиакомпания эмасми? — сўрадим мен.
— Ҳа. Айтмоқчи, Фил ўша ҳалокатда қурбон бўлган.

Мен кутубхонага бориб, Кеннеди номли аеропортда содир бўлган ҳалокатга оид барча мақолаларни йиғиб, ўқиб чиқдим. Фил Уеллс ҳа­қиқатдан ҳам ҳалок бўлганлар рўйхатида қайд этилганди. Авиакомпания хизматчиси сифатида у бепул учган. Уни танасида исм ва фамилияси ўйиб туширилган чақмоқли ён­диргич орқали таниб олишган.

Кечқурун мен машинамни Роза Уелсс яшайдиган квартал томон бурдим. Унинг уйи олдида тўртта полиция машинаси ва бир тўда томошаталаблар туришарди.
— Шунақа гаплар! — бош ирғади Ал. — Бу миссис Уеллс деганлари сенинг Массининингни бошига етган кўринади. Улар аёлни бугун тушдан сўнг меҳмонхонада унинг жасади ва қотиллик қуроли билан бирга топишган.

Мен ундан магнитофонни олдим, ишга бориб тасманинг ҳаммасини эшитиб чиқдим. Массини қўнғироқ қилган эди.

«Нарсаларни йиғиштир ва қўнғироғимни кут, азизам. Ёнимга Сенфордга ишлайдиган хомсемиз изқувар келиб кетди. Тезда жойимизни ўзгартирмасак бўлмайдиганга ўхшаяпти.

«Лекин у сени қандай қилиб топди? — қичқирди Роза. — Мен ҳозир бу машмашаларга аралашиб қолганимдан жуда-жуда афсусдаман, Фил».

«Ўзингни бос, асалим. Мен унга ҳеч қанақа мерос керакмас, деб жавобини бериб юбордим. Жойлашиб олишим билан сенга қўнғироқ қиламан. Ҳеч нарсадан қўрқма, Роза. Биз тезда бойиб кетамиз».

Шундан сўнг яна битта қўнғироқ бўлган.

«Азизам, мен янги жойга жойлашдим, — деб хабар қилди таниш эркак овози. — Xона кичкина, лекин тоза. Ҳозир мен Лонг-Айленддаги «Монро» отелидаман. Соат ҳозир 2:40 бўлибди. Яхшиси машинага чиқма. Сен бу ерга...»

Уни ўқ овози узиб қўйганди.

«Фил? — бақириб юборган Роза Уеллс. — Фил? Нима бўл...»

Гўшакдан қисқа гудоклар эшитилган.

Мен яна бир марта сўнгги суҳбатни диққат билан эшитиб, Ал Питерсга қўнғироқ қилдим ва Стивен Массинининг ўлим вақтини аниқлашни сўрадим. Сўнг тунги соат уч бўлишига қарамасдан, Уилям Сенфордга қўнғироқ қилдим.
— Зудлик билан учрашишимиз керак, — дедим. — Стивен Массини ўлдирилганидан хабар топгандирсиз?
— Менга полициядан қўнғироқ қилишди. Улар ҳамёнидан менинг хатимни топишган экан.
— Мен ярим соатларда етиб бораман. Мени кўчада кутиб туринг.

Сенфорд мени чиройли шляпа, енгил плашч ва қўлқопда кутиб олди. Чўчқа терисидан ишланган қимматбаҳо қўлқопни кўрганимда юрагим ҳаприқиб кетди. У ёнимга ўтирди ва мен кутаётган саволни берди:
— Мен билан учрашаётганингизни бирор кишига айтдингизми, мистер Коломбо?
— Йўқ.

Мен машинани жойидан қўзғатдим. Менга бир савол тинчлик бермасди: У қачон тўппончасини чиқаради. Мен ташландиқ йўлга бурилдим ва тўхтадим.
— Нега тўхтадик, мистер Коломбо?— сўради Сенфорд. Ҳамон унинг қўллари тиззасида эди.
— Гаплашиб олишимиз керак, — дедим мен. — Сиз мени йўқолган меросхўрни топиш учун ёлладингиз. Мен вазифани бажардим. Лекин ҳозир қидирув қотилликка айланиб кетди.
— Шунинг учун мени иссиқ тўшагимдан чиқариб олдингизми, Коломбо? Менинг бу қотилликка мутлақо алоқам йўқ, уни миссис Уеллс ўлдирган.
— Сенфорд, у ўлдирмаган. Мен унинг телефонига қўнғизча ўрнатгандим. Телефондаги сўзлашувлар ёзилган плёнка ана орқа ўриндиқда. Қўйиб беришим мумкин. Судмедексперт Массинини кундузи соат 3 ларга яқин ўлдиришганини аниқлаган. Соат 2:40 да у Массини билан ўз уйи­даги телефонда гаплашган. Сўнг гўшакдан ўқ овози келган. Бу плёнка Роза Уелссга метин алибини тақдим этади.... Сиз олдин портени ҳушидан кеттириб, Массинини ўлдириб, Розани «Монро» отелига келгунча кутиб тургансиз. У хонага қа­дам қўйиши билан бошига уриб, қулатгансиз, қотиллик қуролини ташлаб, кетгансиз. Уни меҳмонхона номерида жасад ва қотиллик бажарилган қурол билан бирга топишган.
— Фантастик ҳикоя, — деди секингина Сенфорд. — Нима, мени шантаж қиляпсизми, Коломбо?
— Мен пул ҳақида бирор нарса дедимми? Бекор мени ёллагансиз, Сенфорд. Мен ахборотларни қунт билан ўрганиб чиқаман. Сизнинг касод бўлганингиз ҳам менга маълум, Массинига тегишли мероснинг бир қисмини ҳам ишлатиб юборишга улгургансиз. Меросхўрларни эса Стивен Массинини ҳеч топа олмаётганингиз ҳақидаги чўпчак билан лақиллатиб юргансиз. Амакингизнинг ўлими молиявий муаммоларингизни ҳал қилишидан умидвор бўлгансиз. Афсуски, меросхўрлардан бири Стивенни топган. Сиз унга хат ёзишга мажбур бўлгансиз. У ҳалокатга учраган самолётда бу ёққа шошган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз уни ўлдирардингиз. Сиз учун муҳими — судда васиятноманинг тасдиқланиши ҳамда пул тўланишини кечиктириш бўлган. Стивеннинг касалхонадан ­сирли йўколиши сиз учун жуда маъқул ҳолат эди. Лекин бу вақтинчалик ҳолат эди. Сиз қандай йўл билан бўлса-да, уни топиб, оғзини беркитишингиз керак эди. Шунинг учун мени ёллагансиз.
— Коломбо, нималар деяётганингизни ўзингиз ҳам билмайсиз. Мен сизни ғойиб бўлган меросхўрни топиш учун ёллаганман. Бунда ҳеч қандай қонунга хилоф нарса йўқ. Сиз Стивенни топдингиз. Уни эса ўлдириб кетишди. Менинг бунга алоқам йўқ.
— Унинг ўлими васиятноманинг тасдиқланишини янада чигаллаштиради. Сиз ҳозир кечаю-кундуз амакингизни тезроқ жонини олиши учун худога ёлвориб ётган бўлсангиз керак. Лекин Сенфорд, ҳамма гап шундаки, мен Стивен Массинини тополганим йўқ.
— Мен бу гапларни эшитишга ортиқ тоқат қилолмайман. Мени тезроқ...
— Стивен Массини авиаҳалокатда қурбон бўлган, — унинг гапини бўлдим мен. — Тирик қолган уч омадли инсондан бири Филл Уелсс эди. Сиз ўшани отиб қўйгансиз. Ўзининг атрофида тутаб ётган жасадларни кўриб, у мурдалардан бирининг ҳамёнини чиқариб, ўзининг чақмоқтошини унга ташлаб қўйган ва Стивен Массинига айланган. Сўнг у хотинига қўнғироқ қилиб, касалхонадан чиқиб кетган. Унинг нима ўйлагани маълум. Миссис Уеллс суғурта суммасини олади, авиакомпанияни судга бериб, ишни ютиб чиқади. Бойигач, улар чет элга кўчиб чиқишни режалаштиришган. Авиаҳалокатда ёнғин шу қадар кучли бўлганки, мурдаларни таниб олиш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Фил сиздан 18 минг долларни олишни жуда-жуда истаган, лекин бу жуда катта таваккалчилик эди. Ахир у ҳақиқий Массини қандай кўринишга эга эканлигини билмаган, қариндошлар билиб қолишидан чўчиган... Сенфорд, сиз эса барча ҳаваскор қотиллар сингари бир талай хатоларга йўл қўйгансиз. Магнитофон плёнкасида миссис Уелсснинг алибиси борлигини айтмай қўяқолай. Сиз Уелсс-Массини беркиниб ётган жойдан хабардор ягона киши бўлгансиз. Менинг қўнғироғимдан сўнг сиз «Девенпорт»­га шошиб, портедан Массини кўчиб чиқаётганини аниқлагансиз. Унинг кетидан бошқа меҳмонхонагача боргансиз. Номерга киргач, у дарҳол хотинига қўнғироқ қилган. Сиз эса йўлакда, эшик олдида туриб ҳаммасини эшитиб тургансиз. Тез орада миссис Уелсс келишини эшитиб, вазиятдан фойдаланиб қолишни мақсад қилгансиз — меросхўрни ўлдириб, барча айбни Розага ағдаришни ўйлагансиз.

Уилям Сенфорднинг юзи тердан ялтирарди. Ниҳоят, у қисқа стволли тўппончасини чиқарди.
— Барибир нимага эришмоқчи бўлганингизни тушунмаяпман, Коломбо, — деди у. — Менга вазиятдан чиқиш учун йўл қолдирмаяпсиз. Сизни ўлдиришимга тўғри келади.

У тўппончани ўнг биқинимга тираганда ўзимни ғалати тарзда жуда енгил ҳис қилдим. Ниҳоят у қуролини чиқариб, шу йўл билан қотилликни бўйнига олган эди!
— Қўлларим рулда турибди, — дедим тез-тез мен. — Тепкини босишга шошилманг. Буни қилишдан аввал бардачокка қаранг. Ҳозир сиз айтган ва эшитган нарсаларнинг ҳаммасини полициячилар эшитиб туришибди. Бардачокни очинг, Сенфорд!

У бардачокни очди ва овоз узатувчи қурилмаган кўзи тушди.
— Амал қилиш радиуси 600 метр, — дедим мен.

Кутилмаганда йўлни жуда ёрқин фаралар ёритиб юборди.
— Сиз қуршовдасиз, Сенфорд! — деди мегафон орқали Ал Питерснинг ёнида турган капитан. — Қуролни ташлаб, машинадан чиқинг!

Буталар орасидан винтовка билан қуролланган икки полициячи чиқиб келди.
— Машинадан чиқинг, Коломбо! — Адвокат кучи борича тўппончани биқинимга тиради. — Сиздан қалқон сифатида фойдаланаман.

Унга бўйсуниш ўрнига унинг тўппонча ўшлаб турган қўлларига ташландим. Биз курашаётганимизда полициячилар машинага етиб келишди. Улар эшикни очишганда Сенфорд ўқ узди.

Мен кучли зарбани ҳис қилдим. Кўз ўнгим қорайиб, кўнглим беҳузур бўлиб кетди. Xудога шукрки, ўқ ўтказмас жилет кийишни унутмагандим. Лекин ош­қозоним доим безовта қилиб туради...