OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭржебет Ҳалҳоци
Асар номиБуви (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Эржебет Ҳалҳоци
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонРустам Жабборов (Рус тилидан)
Ҳажм49KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/05/16
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Буви (ҳикоя)
Эржебет Ҳалҳоци

Болалигимда Нани Ҳомботс содир этган қотиллик ҳақида кўп бор эшитганман. Узундан узоқ қиш кунларида катталар қалтираб-титраб ана шу мудҳиш воқеани ҳикоя қилишар, биз болалар ухлаётган киши бўлиб, кўрпага ўралганча, юрагимиз музлаб уларнинг гапига қулоқ солардик.

Бу биринчи Жаҳон уруши пайтида юз берган. Нанининг эри урушга кетган, ёшгина жувоннинг бир парчагина томорқасидаги ишларига қарашиш учун унга бир асирни бириктириб қўйишган. Асир, катталарнинг айтишича, сочи, қош-кўзлари қоп-қора, қўшиқ айтиш ва соз чертишда тенги йўқ италиян йигит экан. Унинг учун яқиндагина эрини ҳарбий хизматга жўнатган, ҳали тўшак лаззатини унута олмаган ёш жувоннинг бошини айлантириб олиш қийин кечмаган. Қизчаси туғилган пайтда эри урушда бўлган.

Кутилмаганда эри Кечевеш уйга қайтади. Ўша оқшом жувон ва асир уни ўлдиришади. Жасадни аравага солишади-да, устини пичан билан ёпиб, Рабу дарёсига элтиб ташлашади. Кимдир уни кўриб қолгудек бўлса, таниб олинмаслиги учун калласини кесиб олишади ва яқин орадаги гўнгтўдага кўмиб қўйишади.

Кейин уруш тугади, асирлар, шу жумладан италиян йигит ҳам юртига қайтди. Кечевеш уйига қайтмагани учун, хотини унинг жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани, ҳатто унга анчагина ёрдам пули жўнатилгани ҳақида гап тарқатди.

Нани Ҳомботс асир кетганидан кейин дала ишларига қарашиш учун мардикор ёллади. Улардан бири далага гўнг чиқараётиб, бош чаноғини топиб олди ва полис идорасига хабар қилди. Барча шубха-гумонлар ҳақиқатга айланди. Ўша куниёқ аёлнинг қўлига кишан солиб опкетишди, кейин уни умрбод озодликдан маҳрум этишди.

Нани Ҳомботснинг беш яшар қизи аввал қайсидир қариндоши қўлида ўсди, у ўлгач бечора Аннуш Кечевеш яккаю ёлғиз қолиб кетди. Аннушни мен ҳам яхши танирдим, у бизнинг кўчамизда қишлоқнинг энг чеккасида, томи қамиш билан ёпилган, йиқилай деб турган кулбада яшарди. Аннуш ҳақида турли ваҳимали гаплар юрар, биз болалар далага овқат олиб бораётганда, унинг уйи ёнидан ўтишга ҳайиқардик. Албаттаки, унга ҳеч ким уйланмаган, шундай эса-да, кимлардандир иккита бола орттиришга улгурганди. Ахир Нани Ҳомботснинг қизига ким ҳам уйланарди?

Аниқ эслайман, у жуда ишчан, меҳнаткаш ва соғлом аёл эди. У билан бирга бўлган эркакларга осон бўлмагандир? Кимдир унга уйланмоқчи бўлганида, Аннушнинг худди онасига ўхшаб, эрининг калласини кесиб олиши, кейин уни гўнгтўдага кўмиб қўйиши мумкинлигини даҳшат ичида кўз олдига келтирган бўлса керак.

Баҳорнинг илиқ тонги эди. Иккита болакай ҳовлида уйнаб юришарди. Петике беш, Марнике икки ярим ёшга кадам қўйганди. Улар кечаги ёмғирдан кейин намланган ер узра тунука парчаси билан турли шаклларни чизишарди.

Уй қулфлаб кетилганди. Эшик олдида бир шохи бўронда синиб тушган, бир тарафга қийшайиб қолган қари нашвати дарахти тагида аллақачон ўз умрини яшаб бўлган эски устол ва ғижирлаб қолган харрак жойлашганди. Устолнинг устида болаларнинг кундалик емаги — бир кўзачада сув ва усти катакли рўмолча билан ўртилган нон турарди.

Ҳовлининг ярми кўча билан қўшилиб кетган, орқа томони эса томорқа билан туташганди. Қачонлардир ҳовли девор билан ўралган бўлса-да, ёғин-сочин натижасида унинг ярми ивиб адо бўлган, қолган қисми ўтин йўғида ўтга қаланган, фақат дарвозани тутиб туришга мўлжалланган иккита чирик устун қолганди, холос.

Кўчадан ўтиб бораётган бир кампир ҳовли ёнида тўхтаб, кичкинтойларга диққат билан қараб қолди.

Болалар шу пайтга қадар бунақа ғалати кампирни кўришмаганди. У қўшни Роза холаникига ўхшаб кичкина рўмолча ўраб олмаган, унинг қалин ва оқарган сочлари елкаларига тушиб турарди. У худди гадойларга ўхшаб таёқ учига кичкина бир тугунни илиб олган, ҳали йиртилиб улгурмаган қора кўйлаги худди бировникидек унга ярашмай турарди.

Кампир бироз букилиб, ҳовлига тикилганча туриб қолди.

Петике хеч нарсадан қўрқмасди.У эрта баҳордан кузгача уйда ёлғиз қолишга кўниккан, фақат Марике баъзида бўлар-бўлмасга ариллаб, унинг ғашига тегарди. Бола шу пайтгача онасидан бирор марта қароқчилар, қотиллар, болаларни ўғирлаб сотадиган тиланчилар ва ажиналар ҳакидаги қўрқинчли эртакларни эшитмаган эди. Петике ҳатто қоронғидан ҳам қўрқмасди. Ҳозир ҳам у қизиқсиниб, нотаниш кампирга яқин борди.
— Онам уйда йўқ, — деди жиддий қараш билан.
— Кимнинг ўғли бўласан? — сўради аёл. Унинг овози Роза хола сингари кампирларнинг товушига ҳечам ўхшамасди.
— Анна Кечевеш, — деди болакай ва кампирнинг мовий кўзларидан ажинлари бўйлаб оқа бошлаган ёшларни кўриб ҳайрон бўлди.
— Отангнинг исми нима? — сўради кампир энтикиб.
— Менинг отам йўқ, — жавоб кайтарди бола қуруққина оҳангда. — Кингига ўхшаган болаларнинг отаси бўлади. Онамнинг айтишича, унинг бизга кераги ҳам йўқ.
— Бу сенинг синглингми? — суради акасидан анча узоқда бегона аёлдан ётсираб турган қизчани кўрсатиб ва ўзи ҳовли ва кўча ўртасидаги кўринмас чегарани босиб ичкари кирди.
— Ҳа, — деди бола, — Марике. У ҳали жудаям кичкина.
— Кўряпман, — деди аёл ва ҳовлининг ичкари тарафида, қизчанинг рўпарасида уюб қўйилган шох-шабба ғарамига суяниб қолди. У унниқиб кетган дастрўмолчаси билан кўзларини артар, бироқ кўзёшларнинг кети кўринмас, чунки, у ҳар гал хиралашган нигоҳларини уйнинг ғарибгина томига, қийшайиб турган нашватига, болаларга, шип-шийдам ҳовлига қаратганида ўзини йиғидан тўхтата олмасди.

Болалар унга қўрқув аралаш караб турашарди. Петике унга ҳеч ерингиз оғримаяптими. Шувегеш амаки ҳар кандай касални тузатади, демоқчи бўлиб турганида кампирнинг ўзи тилга кирди:
— Онанг қаерда?
— Улар далага патинжон эккани кетишди.

Кампир бирданига сергак тортди:
— Ким билан кетди?
— Фабиан амаким ойимга ёрдам беряпти.
— Тушунарли... У... Фабиан амакинг анчадан бери сизлар билан яшайдими?
— Йўқ, мавлуд байрамида йўқ эди. Онам уни бозордан олиб келди.

Кампир болаларга жимгина қараб қолди. Беихтиёр юзларига табассум югурди. Шунинг баробарида юзларидаги ажинлар купайиб кетди, лекин кўзларида севинч порлади. Унга жавобан Петике ҳам жилмайди, Марике эса, тортинчоқлик билан ерга тикилиб турарди.
— Бувингиз бўлишини хоҳлармидингиз? — сўради кампир ўша табассум билан.
— Бизнинг бувимиз йўқ, — бидирлади Петике, — Кингининг иккита бувиси бор.
— Шунинг учун сўраяпман, сенинг ҳам бувинг бўлиши истайсанми?

Петике ўйланиб қолди.
— Кингининг бувиси унга ҳар доим олма беради. Ҳатто қишда ҳам.
— Мен буни билмаган эканман. — Аёл ўзини оқлагандай ғудраниб, тиззалари устида турган тугунчасини оча бошлади. Болалар қизиқиб унга яқинлашишди. Унинг увада тугунчасида қора чарм кармон, катта қизғиш салиб, думалоқ тароқ ва кўзгу бор эди.

Кичкина яшил қопламали кузгунинг орқа тарафида узун сочларни тараётган елкалари очиқ аёлнинг тасвири бор эди.

Ойна фавқулодда ярақлаб турарди. Петика бировнинг нарсасига тегмасликка ўргангани учун индамай қараб тураверди. Уйда ҳам ана шунақа ойна бор, фақат у болаларнинг қўли етмайдиган жойда илиб қўйилган.

Петике кампир меҳрибонлик билан узатган кўзгуни журъатсизлик билан қўлига олди, унда ўз аксини узоқ томоша қилди ва Марикенинг оғзи йиғлашга мойил тарзда қийшая бошлагач, қўлидагини унга кўрсатди.
— Ўғлим, исминг нима?
— Петике.
— Шошма Петике, — Кампир боланинг қўлидан кўзгуни олди-да, уй томонга юрди. Шу чоқда уйнинг нашвати сояси тушиб турган деворида югуриб кетаётган қуён тасвири пайдо бўлди. Болакайлар девордаги ғалати тасвирни қизикиш билан кузата бошлашди. Аёл кўзгуни шундай ушлаб турилса, унинг акси соя тушиб турган деворга аниқ тушишини тушунтириб, уни Петикенинг қўлига тутқазди.

Болалар ўйин билан андармон бўлиб қолишгач, кампир уюб қўйилган хазон атрофида юра бошлади. Болалар бу ғалати ўйинни ўйнаб зерикишди шекилли яна ўзларида қизиқиш уйғотган кампирнинг ёнига югуриб келишди. Кампир уларга қараб маҳзун жилмайди:
— Бувингиз бўлишин истармидингиз? — дея аввалги саволини қайтарди. Петике нима деб жавоб қайтаришни билмасди.
— У ҳар доим сиз билан бирга бўларди. Тушлик тайёрлаб берар, Қорқиз ва етти пакана, Бўғирсоқ, иккита уришқоқ эчки ҳақидаги эртакларни айтиб берарди.
— Зўр-ку, — деди ҳар куни кечга яқин онасини соғинганидан хархашасини бошлайдиган синглисидан безор бўлган Петике.
— Мен сизнинг бувингиз бўламан, — деди кампир нуроний табассум билан.

Петике бунга жон-жон деб рози бўлса-да, бир нарсага тушуна олмасди:
— Нимага шу пайтгача бизнинг бувимиз бўлмагансиз?

Аёл ёлғондакам қовоқ уйди:
— Мен жуда узоқда эдим, ўғлим.
— Амриқода эдингизми?
— Амриқода эдим. Ҳатто ундан ҳа узоқда эдим, болам...

Қўшни аёл Роза хола туш маҳали Анна Кевечешнинг ҳовлисида хазонлар устида ўтирган оқсоч аёлнинг ўз ёшига номуносиб тиниқ ва чиройли овозда болаларга қўшик ўргатаётганини кўриб ажабланди.

Роза хола нима бўлаётгани билан қизиқса-да, қўшни ҳовлига ўтгиси келмади. Нани Ҳомботснинг қизи ким эдики, унинг уйига келган нотаниш меҳмон ким бўларди? Роза хола ҳатто ўз невараларини ҳам қўшни болалар билан ўйнагани қўймасди. Кинга ўзбошимчалик билан қўшни ҳовлига ўтиб қолса, дарров уни чақириб олар ва яхшилаб таъзирини берарди.

...Катта Оқ Салиб ёнидаги Комло водийси катта йўл ёқасига туташиб кетган. Йўлнинг бир тарафи қишлоққа, иккинчи томони Аннуш ишлайдиган далаларга уланган. Кеч тушиб, кекса нашвати сояси ҳовли бўйлаб чўзилган маҳалда Фюге эринчоқлик билан кавш қайтариб ётар, Петикени эса сигир экинзорни беҳуда топтамасин учун уни оғилга эртарок киритиш ташвиши ўйлантирарди. Кейин эса, у синглисининг қўлидан тутганча, катта Оқ Салиб тагига онасини кутиб олиш учун чиқади.

Аннуш Кечевеш болаларини узоқдан илғай олади. Ўша ондаёқ унинг вужудини ёқимли бир ҳис чулғайди. У далада ишлашни, айниқса, баҳорнинг ана шу палласини, унинг елкани куйдирадиган қуёшини ёқтиради, янги экилган патинжон кўчатлари баравж ўса бошлагани, қишда насибалари мўл-кўл бўлишини ўйлаб кўнгли тоғдек кўтарилади. Бироқ уйда ёлғиз қолган болаларимга ҳеч нарса бўлмадимикин, деган таҳликали савол бу қувончни бир зумда ювиб кетади.

Даладан Катта Оқ Салибгача ўн дақиқалик йўл. Йигирма беш ёшли, кучли ва соғлом аёл бу фурсатни иккига бўлиб, далада қолган эркакка ва уни кутиб ўтирган болаларига тақсимлаган.

Аннуш виждонан ишлашни севар ва бунинг уддасидан чиқа оларди. Бироқ саккиз таноб ерни бир ўзи эплай олмасди. Бунинг учун камида иккита одам керак бўларди. Унинг хизматкор сақлашга қурби етмасди, чунки иккита боласи билан қишдан аранг жон сақлаб чиқар, ортиқча нонхўрни боқишнинг ўзи бўлмасди. Ҳатто савр ойига бориб уларнинг қуруқ жўхори нондан бўлак егулиги қолмасди. Бу пайтда жўхори сўтасидан бошқа емиши қолмаган Фюге ҳам сутдан тўхтарди.

Аннуш ютоқиб зоғора нон кавшаётган болаларини кўрганида, кечқурун уларнинг сўлғин баданини ишқаб чўмилтираётганида юраги эзилиб кетарди. Шунда у чўчқа сотиб олиш учун йиғиб қўйган пулни оларди-да, гўшт, ёғ ва кўпроқ шакар сотиб олиш учун дўконга югурмоқчи бўлар, бироқ бу пайтда дўкон ёпиқ бўлишини ўйлаб, ҳафсаласи пир бўлар, эрталаб уйғонганида янаги йил учун битта чўчқача олиб қўймаса бўлмаслигини англаб, пулга теккиси келмасди.

У энди тирикчилик ҳақида унча қайғурмаса ҳам бўлади. Ёнида Фабиан бор. У Аннуш Кечевеш кимнинг қизи эканини билган тақдирда ҳам уни ташлаб кетмайди.

У бир ой илгари Фабианни мардикор бозоридан ёллаб келганди.У озғин, ўйчан чеҳрали, мулоҳазакор йигит эди. Унинг хўрлик ва ситамларга кўникиб кетган нигоҳларида ишончсизлик ва чуқур қайғу акс этиб турарди.

Аннуш йигитнинг қисматида ўзиники билан ўхшашлик борлигини пайқади. У етимлик, ёлгизлик нима эканини яхши билади. Улар икки ҳафта давомида бир далада меҳнат қилишди. Аннуш биринчи кунданоқ йигитнинг ота-онасини ҳам кўрмагани, очкўз ва қўпол қишлоқилар қўлида етимликда ўсгани, шу пайтга қадар бирор марта бирор кишидан ширин гап эшитмаганини сўраб билиб олганди.

Бугун туш пайти аёл яна бахтнинг сархуш этгулик титроғини бутун вужуди билан ҳис этди. Улар тол сояси остида биргаликда нон ва қарзга олинган чўчқаёғ ейишди, шунда Фабиан айтдики:
— Бекам, мен қудукдан тозароқ сув опкелай.

Аннуш ўз-ўзини енгишга ҳаракат қилди:
— Фабиан, мени бекам демагин, Аннуш деявер.

Йигит унга тикилди, аммо, дарров бошини эгиб олди, лабларига титроқ югурди.
— Тилим бормайди, — дея шивирлади у.

Аёл унга яқинроқ келди ва иягидан кўтариб ўзига қаратди:
— Аннуш дегин, — майинлик билан ўтинди аёл.

Улар узоқ муддат бир-бирига тикилиб қолишди.
— Шу пайтга қадар ҳеч ким мени севмаган эди, — деди йигит ва бирдан унинг нигоҳлари тундлашди.
— Мен... Мен сени севаман, Фабиан! Сен буни биласан. Биласан-ку, тўғрими?
— Мен ҳам сизни севаман, — деди Фабиан хўрсиниб. Унинг сўзларини аранг эшитиш мумкин эди.
— Сизни эмас, сени дегин!

Фабиан Аннушнинг юзига узоқ термулди: унинг дудоқлари атрофига майин табассум ёйилган, кўзларида самимийлик акс этарди, йигит эса анчадан буён ичида тўпланиб қолган йиғи тўфонини аранг ушлаб турарди.
— Сени, — деди оҳиста энтикиб.

Улар қанча вақтгача қучоқлашиб туришганини ёлғиз худо билади. Кейин Фабиан қаршисида илк бор бетакрор мўъжизани куриб тургандек енгил ва ҳайратомуз жилмайганича сўради:
— Қудукдан муздек сув олиб келсам майлими... Аннуш?..

...Аннуш чўккалаб болаларини бағрига босди, уларнинг юз-кўзларидан қайта-кайта ўпди. Унинг лаблари жигарбандларининг юз териси ҳар кунгидек эмаслигини дарров пайқади, аммо дастлаб бунга эътибор бермади, — э худо, бу етимчалар учун куннинг ўтиши бунчалар қийин бўлмаса? Ўтган ёзда Марика ҳали кўкракдан ажралмаган пайтда кечқурун уни куриши билан «онна, онна« дея қийқира бошларди. Ҳа, Аннуш уларнинг »оннаси». Улар онасисиз яшай олмайди, шуни ҳис этишнинг қанчалар катта бахт. Ахир у фарзандларини айнан ўзи учун дунёга келтирмадими?

У кизчани қўлига кўтариб олди, ўғлининг қўлидан тутди. Улар торгина сўқмоқдан уйга қайта бошладилар. Петике одатдагидек шоша-пиша кун бўйи юз берган воқеаларни «шарҳлашга» ўтди, онаси эса унга ҳорғинлик билан қулоқ тутарди: қушнинг ини... Марике йиғлади... Улар дўкон-дўкон ўйнашди... Бирдан аёл сергакланди:
— Нима дединг, ўғлим?
— Бувим келдилар, — деди бола қувончи ичига сиғмай, шундагина онаси унинг қўлида турган думалоқ кўзгучага эътибор берди, — қаранг, бувим менга манавини бердилар.
— Қанақа буви, қаердан келади? — ажабланди Аннуш.
— Амриқодан.

Наҳотки болаларидан бирининг отаси ўз фарзандини олиб кетиш учун онасини юборган бўлса?.. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Ахир бўйнимга осилиб олмоқчи, деб ўйламасин учун у биронта йигитга ундан ҳомиладорлигини айтмаганди-ку?
— Бувим бизга эртаклар айтиб бердилар. Бирга қўшиқ айтдик, ўйнадик, — ҳикоясини давом эттирди Петике.

Аннуш миясида чарх ураётган нохуш фикрларни ҳайдамоқчи бўлар, бироқ, ундан қутула олмасди. Шунда бетоқатлик билан ўғлига қичқирди:
— Одамга ўхшаб бир бошдан гапир, қанақа буви, қайси буви?

Бола бироз шошилиб қолди-ю беш ёшли боланинг имкони даражасида бор гапни айтиб берди.
— Қаерда ҳозир ўша аёл? — сўради у сабрсизлик билан.
— Уйда.
— Нима қиляпти?

Петике йиғлагудек бўлди:
— Фюгени соғиб, кечлик тайёрлаяптилар.
— Сен унга калит пичанхонанинг токчасида туришини айтдингми? — ўшқирди онаси. Бола энди баралла йиғлаб юборди:
— Йў-ўқ, — деди алам билан хириллаб, — ўзлари биларканлар. Ҳар доим калит мана шу ерда турарди, дедилар.

Аннуш тахтадек қотиб қолди. Ҳолсизланиб қизчани ерга қўйди. Юраги ўрнидан қўзғалиб, бўғзига қадалгандай бўлди, ҳозир бўғилиб ўламан, ўйлади Аннуш. Болалар унга даҳшат ичида қараб туришарди. Ана шунда Аннуш болаларнинг оёқ-қўллари ҳар кунгидек кир-чир эмас, топ-тоза ювилганини кўрди. Кечагина ўғлининг иштончасидаги йиртиқни уйда ип йўқлиги учун ямай олмаганди, ҳозир эса, ўрниям билинмайди. Петикенинг енглари, кизчанинг эгнидаги чит кўйлак ҳам ювилган, ҳозирги иссиқда ҳамма нарса тез қуриб қолади.

У болаларини судраганча уйга томон ошиқди. Тепаликларнинг сояси водий бўйлаб ёйила бошлаган эди. Аёл ошхонасининг эшиги туйнугидан шуъла таралмаётганини узоқданоқ пайқади. Ичида хира умид яллиғланди: эҳтимол кетиб қолгандир? Балки унинг ўзи умуман бўлмагандир. Петике у ҳақдаги гапларни шунчаки алаҳсираб айтган бўлса-чи?

Шу пайт чўка бошлаган шом пардаси ортидан унинг қулоғига майин ва сокин бир қўшиқ эшитилди. Қўшиқ оҳанги яқинлашган сари Аннушнинг вужудига титроқ кира бошлади. Бу овоз, бу қўшиқ унга таниш, лекин улар йилларнинг залворли қатида қолиб кетган, декин хотирасининг қайсидир пучмоғида занг босиб ётганди. Ҳозиргина аёлнинг назарида алланима зарб ила портлади-ю бу олис хотиралар қайта жонланди. Унинг кўз унгида заррин сочли, кўзлари чақнаб турган, навқирон ва меҳридарё аёл сиймоси пайдо бўлди...

Унинг алланечук парда қоплаган нигоҳлари қийшиқ нашвати остида турган аёл гавдасини зўрға илғай олди. Жўхори ситиб ўтирган аёл Аннушни кўриши билан илкис қўзғалди-ю сеҳрлангандек бир зум котиб қолди, кейин унинг паст ва ўтинчли овози эшитилди:
— Жон қизим, мени ҳайдама!

Аннуш вужудидаги сўнгги журъатни тўплаб:
— Қолверинг, она, — дея олди холос ва унинг ўксик йиғисини ҳеч ким эшитмасин учун ўзини жон ҳалпида уй ичига урди.

«Қолаверинг... Қолаверинг?.. Йўқ, уни эртагаёқ жўнатвориш керак. Ҳар ҳолда ярим кечаси қувиб юборса бўлмас».

Аннушнинг ўт чақнаган кўзлари қоронғилик бағрини ёриб турарди. Онаси ҳам ҳозир уйғоқ эканин ич-ичидан ҳис қилди. Бечора кун бўйи ҳориб-чарчаб кетгандир? Ахир Аннушнинг ҳамма ишларини бажариб қўйибди-ку? Бунинг устига яна ётиш олдидан болаларни ювинтириб, жойига етқизди, яна эртаклар айтиб берди. У қандай бўлмасин, фойдаси тегиши мумкинлигини кўрсатмоқчи бўлган-да! Ана шуни ўйлаб Аннушнинг кўзлари ёшга тўлди.

Хонада нафас олишнинг иложи йўқдек эди, ҳаво гўё тош-метинга айланган, уни ҳатто болта билан ҳам майдалаб бўлмасди.
— Нега бунақа қилдингиз, она, — унинг қўққисдан янграган хитоби ёнгинасида ухлаб ётган қизчасини ҳам қалқитиб юборди.

Қўшни тўшакдан ҳадеганда жавоб эшитилвермади:
— Қўй, қизим, ўтган ишга салавот. Ярамни янгилаб нима қиласан?
— Шунақа денг, — деди қизи заҳарханда билан, — Демак, бу яра сиз учун эскирибди-да? Бўлиши мумкин, чунки, сиз қилмишингизга яраша жазо топдингиз. Мен-чи, мен ким учун, нима учун азоб тортиб юрибман? Менинг ҳаётимни кўрдингизми? Бунга ким айбдор?

Онаси жавоб бермади. Қиз ҳам жавобни кутмаётган эди.
— Мени қишлоқда ким деб чақиришларини биласизми? Нани Ҳомботснинг қизи. Фақат шу холос. Мени тушуна олган, меҳнатим, ҳалоллигимни қадрлай олган бирорта инсон тополганимда, унинг хоки пойини кўзимга суртардим. Аннуш бўғзига кадалган йиғини ютиш учун оғир хўрсинди. — Мен одамлар наздида йўлини йўқотган саёқ бир қизман! Ахир қотил онанинг фарзандига биров хайрихоҳ назар билан боқармиди? Мен... ҳатто мана шу болаларни ҳам кимгадир меҳр қўйиш учун туғдим...

Аннушнинг товуши йиғига қўшилиб хириллаб колди. Шундай бўлса-да, умрида илк бор ичидаги дарду аламини бировнинг олдида тўкиб солаётганди.

Анчадан кейин орадаги жимликни онанинг маҳзун овози бузди:
— Бу ишни мен қилганим йўқ, ўша италиённинг иши эди бу!

Аннуш жим қолди.
— Мен бу ҳакда сенга оғиз очмоқчи эмасдим. Ҳатто маҳкамада ҳам менинг гапларимга ҳеч ким ишонмаганди, — дея гапида давом этди кампир. — Ҳаётимда ҳамма нарсадан азиз бўлган икки норасиданг ҳаққи қасам ичаман, сенга бор гапни айтяпман.

Аннуш секин инграб қўйди:
— Гапираверинг, қулоғим сизда.
— Мен севиб қолгандим. Ўша италиённи деб эс-ҳушимдан айрилган эдим. Нима қилаётганимни басир ақлим ҳам идрок этолмасди... Саратоннинг илк оқшоми эди. Худди мана шу тўшакда ётгандик, туйқусдан деразани кимдир чертди. Сапчиб ўрнимдан туриб кетдим: «Ким бу?«, "Бу мен - Андриш". Эрим қайтиб келганди. Қўрқувдан ўзимни тамомила йўқотиб қўйдим. "Жузеппе, дедим италиёнга қараб, бекин, каравотнинг тагига кирасанми, шкафгами, эшикнинг орқасига ўтасанми, яширин!" Жузеппе бамайлихотир ўрнидан туриб, шалварини кийди: »Нега бекинарканман, сен менинг хотинимсан, ўша сўтак сенга энди қўлини ҳам теккиза олмайди!» Мен ундан бекинишини сўраб тиз чўкдим, ялиндим-ёлвордим. Унинг эса бир туки қилт этмади. Эрим эса, бу пайтда эшикни гурсиллатиб тепа бошлаганди. Ё раббий, энди нима қиламан? Шу пайт шовқин-сурондан сен уйғониб кетдинг.
— Ўшанда мен неча ёшдайдим, — сўради қиз қақраган лабларини ялаб.
— Бир ярим яшар... Сени кўтариб олдим-да, эшикни очдим. Эрим ҳовлиқа кетди: «Вой, сен қанжиқ, вой фоҳиша! Демак, ҳаммаси рост экан. Сен ҳақингдаги гап-сўзлар ҳатто муҳорабага етиб борган, манжалақи!» У шундай мен тарафга мушт отди. Аммо унинг залворли муштуми сенга тегмасин учун елкаларим билан сени тўсиб қолдим. Бир пайт эс-ҳушимни бир ерга тўплаганимда улар мендан анча узоқда ёқалашиб ётишарди. Уларнинг иккиси ҳам йиртқич кепатасига кирганди... Бир пайт италиён ўрнидан туриб, ҳорғин уҳ тортди, отанг ерда чалқанчасига ҳаракатсиз ётар, унинг бўғзидан тинимсиз қон отиларди.

Кампир қийинчилик билан ютиниб олди.
— Мен тамоман қотиб қолгандим. Оёқ қулларимдан мажол кетиб, қимирлаёлмай қолгандим. Италиён мени эшик олдидан ичкарига итариб киргизди ва жасадни ташқарига судраб чиқди. Шу кетгани билан тонгга яқин қайтиб келди. Мен ҳамон эшик оғзида турар, сени қачон жойингга ётқизганимни ҳам эслолмасдим. «Нима қип қуйдинг, Жузеппе, нималар қилдинг«, сўрадим қақшаб. У таҳдид билан ўшқирди: "Унингни ўчир, маржа, биз шунчаки жанг майдонида тўқнашиб қолдик, иккимиздан биримиздан биримиз ўлишимиз аниқ эди." У агар бу ҳақда бировга гуллайдиган бўлсам, мени ҳам сени ҳам ўлдиришини айтиб қўрқитди. »Агар ўлдиролмасам, — деди у, — ҳамма ишни сенинг кўрсатманг билан қилдим дейман».
— Сиз индамай юравердингиз...
— Уруш вақти эди, болам. Уруш одамларни шафқатсиз қилиб қўяди, ҳатто аёлларни ҳам.
— Кейин нима бўлди?
— Икки ҳафтадан кейин уйимизга иккита миршаб келиб эримни сўради. Уни қаерда эканини айтишимни талаб қилишди. Агар ўзлари топиб олишса, жойида отиб ташлашларини айтишди. У пайтларда қочқин аскарларни сўрамай-нетмай отиб ташлашарди. Жузеппе миршабларнинг орқасидан менга тикка қараб турарди. Мен эрим уйга қайтмаганини, уни мутлақо кўрмаганимни айтдим. Уруш тугаб ҳамма асирлар, жумладан, Жузеппе ҳам Ватанига қайтди.
— Сиз... ўшандан кейин ҳам.. у билан яна...
— Унга қаршилик кўрсата олмасдим. Бироқ унга нисбатан ҳисларим аллақачон сўниб бўлганди... ундан қўрқардим, холос. У мени масхаралар, таҳқирларди. У мухорабада нечтасини миясидан отгани, яна қанчасининг қорнини ёриб ташлагани хақида мароқ билан ҳикоя қилиб берарди.

Аннуш бу гаплардан музлаб кетди: инсон шу қадар вахшийликка бориши мумкинми? Кимнингдир қорнини ёриб ташлаш Фабианнинг ҳам қўлидан келармикин? Ёки кимдир Фабианнинг... Оҳ, йўқ, йўқ!!!
— Мен бирор марта ҳам италиёндан эримнинг... жасадини нима қилгани ҳақида сўраганим йўқ. Бироқ эртами кечми бу сир албатта очилишини ҳис этардим. Мен кеча-ю кундузни қўрқув ичида ўтказардим. Сир фош бўлгач... анча енгил тортгандек бўлдим.
— Маҳкама пайти ҳамма гапни айтиб берганмисиз?
— Айтганман. Ишонишмади. Ҳақиқий айбдор эса, бу ерда эмасди. Уни қидириб кўришди. Италияга ҳам мактуб йўллашди, аммо бундай одам ҳеч қаерда йўқлигини маълум қилишибди. Менинг устимдан ҳукм ўқилди. Барчасига чидадим. Мен фақат ўзимни эримга хиёнат қилганим ва қотилликдан воқиф бўла туриб хабар бермаганим учун айбдор санардим, холос. Бошқа ҳеч қандай гуноҳим йўқ эди... Менга ишонасанми?

Қизи оғир тин олди:
— Ишонаман, она!

Кампирнинг кўксидан ўлик бир оҳ ва аллақндай мавҳум товуш отилиб чиқди. Кейин бирдан нафаси ичига тушиб кетди. Энди унинг товуши сокин ва сўник тус олди. Унинг овози ҳамон ёшлик пайтидагидек тиниқ эди.
— Сени жуда кўп эсга олдим. Йил санадим. Мана, олти йил тўлди. Етти йил... Ё раб, қизим мактабга бораётгандир. Энди... ўн бешга қадам қўйди. Эҳтимол йигитларнинг кўз остига тушиб қолгандир? Оқшомги базмларда уни рақсга таклиф қила бошлагандир?
— Базм... рақс... — дея енгил хўрсинди Аннуш.
— Ўша йили агар мен ўзимни шу тахлит яхши тутиб бораверсам, яна ўн йилдан кейин мени озодликка чиқаришларини айтишди. Оҳ, бу ўн йил! Шу пайтгача мен ҳеч нарсадан умидвор эмасдим ва шуниси яхши экан қайтага. Мен шу пайтга кадар тирик мурда эдим, танамга жон киргандай бўлди. Мен эрк аталмиш бир кенглик борлигин эсладим яна. Очиқ осмон остида қолган қадрдон қудуғимизни, бир тарафини яшин уриб кетган нашватимизни, ҳар тонг тепалик ортидан кўтариладиган қуёшимизни, сенга сут ичирадиган сирли дўлчани, ҳамма-ҳаммасини соғингандим. Уларнинг бари меники эди. Баъзан ўша кунларга ета олмасам-чи, деб қўрқардим. Даҳшат! Сен бу пайтда ёруғ оламда бўлмасанг-чи? Мен боргунимча уйимиз ёниб култепага айланган бўлса-чи? Қудуқ қуриб қолган бўлса-чи? Ана шундай ҳадик ва ҳаяжон ичида кечди сўнгги ўн йил.

Аннуш онасининг гапларидан кейин танаси фалажланиб бораётганини ҳис қилди. Кампир ҳамон ҳикоясини давом эттирарди:
— Катта Оқ Салибдан уйгача бўлган йўл ўша азобли ўн йилдан ҳам узоқроқ давом этди.
— Бас, — дея чинқирди бундан ортиғини эшитишга юраги дош беролмаслигини сезган қизи тишини-тишига босиб. Хонага ўлик сукунат чўкди. Анчадан кейин Аннуш секин қимирлади:
— Она, — овоз берди у шивирлаб, — онажон, ухлаяпсизми?

Жавоб бўлмади. Аннуш оҳиста устидаги кўрпани четга сурди-да, оёқ учида юриб ташқарига чиқди. Кампир унинг ортидан маҳзун қараб қолди:
— Фабиан, — пичирлади аёл. — Тур, кетишинг керак.
— Аннуш, сенмисан? — деган уйқусираган товуш эшитилди.
— Ҳа, менман, кўзингин оч, кетадиган вақтинг бўлди.
— Дарров-а, — бироз норози оҳангда ғўлдиради йигит. — Патинжон экишга борамизми?
— Йўқ, сен энди менинг уйимдан бутунлай кетишинг керак Фабиан.
— Нимага?.. ахир...
— Сабабини сўрама, кетишинг керак!
— Нима, сен энди севмайсанми мени?
— Вой, Худойим!

Узоқ жимликдан сўнг йигит ғамгин пичирлади:
— Ўзимам ишонмагандим. Ҳаммаси туш экан. Бир лаҳзалик туш. Мени ҳеч ким севмаган экан.
— Фабиан, бу ҳечам туш эмасди, мен сени жонимдан ортиқ кўраман. Лекин... ҳозироқ кетишинг керак, тушун мени!
— Ҳечқурса, сабабини айтарсан?
— Ҳозирча мен сени ҳайдашга қобилман. Кейинчалик... кейинчалик мени ташлаб кетганингда мен бунга чидаёлмаслигим мумкин.
— Сени нега ташлаб кетарканман? — ҳаяжонда сўради йигит.
— Ахир, сен мени билмайсан, — оғир уҳ тортди Аннуш.
— Биламан, сениям болаларингниям яхши биламан, севаман ҳаммангизни!

Аёл индамади.
— Майли, Аннуш, эрталаб кетганим бўлсин.. Фақат, йиғлама...
— Фабиан, жоним, сени севаман!..

У пичанхонада, йигитнинг ёнгинасида уйқудан кўз очди. Ҳаммаёқ ёришиб кетганди. У бирдан ўзини йигитдан четга тортди. Чўчиб ўйғонган Фабиан худди чўкиб кетадигандай аёлнинг елкаларидан тутиб қолди. У йигитнинг қўлларини четга суриб уйга отилди. Онаси ётган ўрин бўш турарди. Унинг кўйлаклари ҳам, ҳассаси ҳам, бўхчаси ҳам кўринмасди. Аннуш уйни, боғни, ҳовлини, ҳаммаёқни айланиб чиқди. Онаси йўқ. Балки кўчага чиққандир?

Роза хола бир қучоқ хашакни қўлтиқлаб, даладан қайтаётган экан.
— Роза хола, сиз кўрмадингизми?
— Нимани, — ажабланди Роза хола.
— Ҳалиги... оқсоч бир аёлни кўрмадингизми?

— Ҳа, анув, кеча болаларинг билан қўшиқ айтиб юрган кампирними? Катта Оқ Салибнинг тагида учратгандек бўлувдим. У қишлоқдан чиқиб кетди. Йўл-йўлакай қандайдир қўшиқни куйлаб кетди. Уни нимага сўраяпсан, бирон нарсангни ўғирлаб кетдими?