OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭркин Аъзам
Асар номиЖаннат ўзи қайдадир (драматик қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Эркин Аъзам
Услуб
   - Театр ва драматургия
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм177KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/11
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жаннат ўзи қайдадир (драматик қисса)
Эркин Аъзам

Жаннат Ўзи Қайдадир

ёхуд
Жийдалидан Чиққан Жўрақул

ва унинг хонадонида кечган савдолардан нақл этувчи
(икки қисмли драматик қисса)

«
Любовь Андреевна!.. Агар яна Парижга боргудек бўлсангиз, мени ҳам олиб кетинг, барака топкур. Мен асло бу ерда қололмайман... Ўзингиз кўриб турибсизки, бу юрт ғирт қолоқ, халқи нодон, тўпори, бунинг устига — жуда зерикиб кетди одам, овқатлари ҳам жонга теккан... Мени албатта бирга олиб кетинг, худо хайрингизни берсин!
А.П.Чехов, «Олчазор»
»

Томоша кўрсатувчилар

Домла ёки Устоз - собиқ марксчи олим, академикликка даъвогар, эътиқодидан қайтмайдиган одам, 60-65 ёшларда
Xоним ёки Янгамулло — Домланинг хотини, «оёқ чиқарган» тижоратчи, орзуси — яна-яна яхши яшамоқ, 55-60 ёшларда
Турсуний ёки Шогирд — Домланинг шогирди, «қирқ йиллик» аспирант, энди фан номзоди, докторликка ҳавасманд, 35-40 ёшларда

Раҳматуллоҳ Жийдалийёки Бой ота — америкалик ўзбек, «ватанпарвар», хонадоннинг доимий меҳмони, роса тетик кўринса-да, 60-65 ёшларда
Клара ёки Комилахон — Домланинг қизи, аридек чақишга уста, ҳаётидан норози, аросатда, 35-40 ёшларда
Мэлис ёки Меливой — Домланинг асл меросхўри, лекин «Капитал»ни қўлига ҳам олиб кўрмаган, «тинғир-тинғир» мусиқачи, «дарвеш», 28-30 ёшларда
Асал хола ёки Аммашка — бенаво оқсоч кампир, тили заҳар, ўзи меҳрибон, 70 ёшларда

«Оқкаптар» ёки Операчи қ и з — Мэлисга тегиб олишга қаттиқ ахд қилган, бу йўлда мошинанинг юкхонасида димиқиб ўлмоққа ҳам тайёр унвонпараст қайлиқ, 25-26 ёшларда
Сардор — «отаси депутат бўлса-да», ўзи репетитор йигит, 22-23 ёшларда

Луизахон ёки «Айлавю» — Кларанинг эркатой қизи, ўзбек бўлмоққа орзуманд, 17-18 ёшларда

Эр-хотин — буларнинг кимлиги ҳали номаълум, 35-40 ёшларда

Бу манзаралар янги аср бошидаги таҳликали кунларда Тошкент ва шаҳар атрофидаги соя-салқин чорбоғлардан бирида кечади.

Биринчи қисм

Талваса

ёхуд

Шаҳарда Нима Шовқин?

Муқаддима

Сақнанинг парда олдидаги хилват бурчаги. Енгил ҳалинчак-курсига ястаниб олган Xоним, бурнининг учида жимжимадор кўзойнак, қўлида калькулятор, алланимани ҳисобламоқда. Оёғининг тагида сандиқдек келадиган баҳайбат жомадон. Ундан олинган кийим-кечак, лаш-лушлар емак столининг устида уйилиб ётибди.

Xоним. Тўртта «буклэ» костюмчик — етмиш олти доллардан — уч юзу тўрт доллар. Олти жемпер — йигирма саккиз баксдан — бир юзу олтмиш саккиз қўқонга тушди. Беш жуфт «лодочка» туфли — олтмиш олти... Қимма-ат. Қирқ дона колготка, йўғ-а, қирқ тўрт дона — йигирма икки доллар. Тузу-ув. Ҳалиги савиллар қаёққа кетди экан-а? (Энгашиб жомадонни титкилайди, ниҳоят бир тўп ялтироқ ғилофли сийнабанд чиқади. Бирини ғилофидан суғуриб томоша қилади.) Зўр кетади аммо! Неча баксдан десамикин?..

Ташқарида мошина келиб тўхтагани эшитилади. Эшиги қарсиллаб ёпилиб, зум ўтмай Мэлис пайдо бўлади. Ғирт маст, оёғида туролмайди.

Мэлис. Ма-а-ма, привет!
Xоним (қўлидагини апил-тапил жомадонга ташлаб). Мэлисчик, жоним, қаёқларда юрибсан? Аэропортга чиқиб бизларни кутиб оладими десам... Соғиндим! Ке, бир ўпай!
Мэлис (гандираклаб унинг бошига келади). Ма-ма!
Xоним (таънаомуз оҳангда). Ойи!
Мэлис (баттар ғашиқиб). Мама!
Xоним (койиниб). Ойи! Энди «ойи» бўлади, жиннивой! Биров эшитса нима дейди? Булар ҳалиям... (Ўптиришга энгашган ўғлининг гарданига лаб уриб қўяди.) Энди у ёғидан... Мэлисгинам, эркатойим!
Мэлис (ғўддайиб). Меливой! Энди Меливой бўлади, ойивой!
Xоним. Ҳа, майли-майли. Меливой, вой-вой!
Мэлис. Ва-абше, энди Меливой бўладими, Мэлисқул бўладими — бари бир гўр! Қачон келинди? Бой отам ҳам келдиларми?
Xоним. Боя... У ҳам келди. Ҳамма шу ерда, Мэлисчик. Кутгани чиқмадинг?
Мэлис. Бу ёқда нима гап-у... Яна хотин овлаганими? Ёки бу гал ҳовли кўрганими?
Xоним. Унақа дема, тойчоқ! Эшитса, хафа бўлади. Ўзи қандоқ мировой одам! Бизларга қандоқ ёрдамлар қиляпти!
Мэлис (стол устидаги лаш-лушни титиб кўриб). Вой-бў, Туркияни кўчириб келмадингизми ишқилиб? Кожинка қани? Камера қани?
Xоним. Келаси сафар-да, Мэлисчик. Бу гал харажат кўпайиб кетди. Хўпчик?
Мэлис. Хўпчик! Папам қани?
Xоним. Папанг... Дада дегин, уят бўлади! Дом-ла-а ишлаяптилар. Қаттиқ ишлаяптилар! Муҳим мақола устида! (Кимгадир, афтидан, Домлага тақлидан.) Устида, билдинг! Ўзинг қалайсан, жужунчик? Менсиз қийналиб қолмадингми? Клара... ия, Комила опанг овқат-повқатингга қараб турдими ишқилиб? Уникиям каша-пашадир-да? Маза-матрасиз ўрисча алламбалолар дегин! У кишимнинг фикр-хаёллари ҳалиям ўша ёқда, Ленинградда! Петербургми энди? Ер ютсин! Балога йўлиққур Виктор! Гулдек боламни... Шуни анови Раҳматжонга бир...
Мэлис. Қўйсангиз-чи, мама! Бой отам нақд ўн етти яшарини кўзлаб юрибдилар. Ўн саккиз яшари бўлса ҳам — қарамайдилар. Ўзлари айтган. Шахсан менга!
Xоним. Ҳазилингни қўй, жоним. Ранг-рўйингга нима бўлди, тузукмисан ўзи? Мэлис. Расво!
Xоним (ташвишланиб). Нима бўлди, жоним? Йўлда мелиса-пелисага тушдингми, нима бало? Нима деди, нима қилди?
Мэлис. Нима қиларди, честь берди! Кўзи кўр эмас, кўриб турибди — «иномарка»!
Xоним. Ҳа-а, тузу-ув... Тағин нима деди?
Мэлис. Миллионер мамашкангга салом айт, деди! Айтгинки, бу арава уриниброқ қопти, дурустроғини олиб берсин, «вольво»сидан бўлса, яна яхши, деди! Шундай деди, честний пионерски, шундай деди! (Кафтининг қиррасини пешонасига тираб «салют» ясайди.)
Xоним. Майли-майли, майнавозчиликни қўй. Қорнинг очдир, нима ейсан? Аммашканг бир бало қилаётувди, жизза-пиззасидан татиниб турасанми? Асал хола-а, ҳув Асал хола!.. (Бўйнини чўзиб чақира бошлайди.)
Мэлис. Керакмас! Шу тобда овқат ўтадими томоқдан!
Xоним. Бунақа одатинг йўқ эди-ку, жужуқ! Яна денг — рўлда! Шунақа қилаверсанг, кожинка ҳам йўқ, «вольво» ҳам йўқ, билиб қўй, бола!
Мэлис. Мен ичмай ким ичсин, мама! Ҳаммаси расво! Ҳаммаёқ бардак!
Xоним (жонсаракланиб). Нима қилди, болам?
Мэлис. Нима қиларди, ўша — папамнинг...
Xоним. Ўзингдан кўргин-да, жоник! Униси ўпоқ, буниси — сўпоқ, дейсан. Папангнинг ҳам жони ачийди-да. Ёшинг ўттизга қараб бораётган бўлса!.. Чарчабсан. Кир, ётиб дамингни ол. Аммашкангга айт, ичкари уйга жой қилиб берсин.
Мэлис. Ётаман! Уйғотганни — отаман! (Кетади.)
Xоним. Хўп, хўп, борақол. (Яна буюм титишга киришади.) Шаҳарда тинчликми? (Шунчаки.) Аэропортдан тўппа-тўғри бу ёққа келавердик. Шаҳарда нима бор!.. Ўттизта лозимча... Қанчадан олинган эди?
Мэлис (ичкаридан). Шаҳарда шовқин, тўполон! Эҳ, ҳаммаси кетди! Ҳаммаси! Мустақиллик ҳам! Эркинлик ҳам! Орзу-умидлар ҳам! Ҳаммаси барбод бўлди! «Оқ каптар, оппоқ каптар»миш! «Кел, сейгилим»миш! Мана сенга! Ҳаммаси остин-устун! Аммашка! Аммаш!..
Xоним (машғулотига шўнғиб кетганидан унинг гапига парво қилмай, ҳардамхаёллик билан). Шаҳарда шовқин, шаҳарда шовқин... Қанчадан олинган эди бу савил?.. Ҳаммаси кетди, ҳаммаси кетди... Икки долларга биттаданми, бир долларга иккитаданми?.. «Кетди, кетди, ке-етди... (Хиргойи қилади.) Ҳаммаси кетди... Мустақиллик, эркинлик... кетди, кетди, ке-етди...» Мустақиллик... Неча доллардан эди? Ҳа-а, эсладим, эсладим... бир доллардан! Мустақиллик... бир доллар! Эркинлик... бир доллар! Ҳаммаси бўлиб қанча? «Кетди, кетди, ке-етди...» Ўттизта лозимча — ўттиз доллар! «Кетди, кетди, ке-етди...» (Қўққисдан ўзига келиб.) Нима?! Мустақиллик дедими боя? Кетди? Вой! Қаёққа кетади? Вой, вой! Энди нима бўлади... булар? Ҳаммаси?! (Жонҳолатда стол устидаги нарсаларни шипириб жомадонга тиқади ва йиғламсираб чинқиради.) Домла-а! Ҳув домла-а! Бу ёққа қарасангиз-чи, ахир! Куйдик, адо бўлдик!

Қаёқдандир кимнингдир бўғик овозда хиргойиси эшитилади. Кимдир Муяссар Раззоқованинг овози билан «Оқ каптар, оппоқ каптар» қўшиғини куйлаётир. Бир лаҳза талвасада қолган Хоним апил-тапил антиқа таккурсида турган телефонга ёпишади. Гўшакни бўйни билан қисиб, рақам теради.
Xоним. Бўсто-он! Ҳой Бўсто-он! Алё! Ал-ё! (Гўшакни қарсиллатиб жойига қўяди.) Ҳе, падарингга лаънат! Саккиз хонадонга — битта телефон! Буям бир кун ишласа, бир ҳафта ғинғиллаб тургани турган. Ҳе, топилмай кет! Домла-а! Бормисиз, ахир! ( Баҳайбат жомадонини зўрға судраб, ён тарафга кириб кетади.)

Биринчи манзара

Шаҳар яқинидаги чорбоғ — дача. Қўшқават иморатнинг фақат биқини кўринади. Ҳовли ўртасида каттакон жимжимадор чорпоя. Хонтахтанинг гирд-атрофи кўрпа-кўрпача, ёстиқлар. Тўрда, бизга кўриниб-кўринмай бир киши ёнбошлаб ётибди. Ухлаяпти, чамаси.

Иморат дарахтзор бокқа қараган. Берироқда — тепаси рангдор шифер билан ёпилган омонат ўчоқбоши. Ўша тарафда — дарвозахонадан нари хилватроқ жойда тизза бўйи мармар копланган иншоотнинг бир бурчаги кўзга чалинади. Бассейн, кўм-кўк суви мавжланиб турибди. Дарвозахона устидаги бежирим панжарали кўшксимон шийпонда Домла миз макон қурган. Стол-стул, чойнак-пиёла. Бир ёнда саватдан ясалган тебранма курси. Домла кўзойнагини пешонасига кўтариб девор оша кўча томондаги ким биландир сўзлашмоқда. Қўшни шекилли.

Қўшни (овози). Ёғи чиқиб қолгандир, домла? Қачон қарасам...
Домла (ҳафсаласиз). Хай энди, эрмак-да. Бекорчиликдан.
Қўшни (овози). Фойдаси йўқ, фойдаси йўқ. Кўриб турибсиз-ку!
Домла (олдидаги ёзиб ўтирган каттакон дафтарига ишора қилиб). Буни биров мендан тортиб олармиди? Ўзим учун-да. Ўтган-кетганни хотирлаб дегандай...
Қўшни (овози). Сўнгра бир кун опкетасиз-да, ўша ёққа? Сизнинг ўтган-кетганларингизни нашр қилиб бўлмас, домла!
Домла (паришон). Қайдам. Шундай бўлади шекилли. (Дафъатан илжайиб.) Тайёр ёстиқ-да. У ёқда ёстиқ бўлмасмиш-ку... Чиқинг бу ёққа, чой қуйиб бераман.
Қўшни (овози). Уйга борай. Шеригим келди. Навбатчиликка. Эртага институтда йиғин бормиш.
Домла. Йиғин ҳам қилиб турасизларми? Чатоқ-ку. Қанақа йиғин экан?
Қўшни (овози). Ростми, ёлғонми, академияга сайлов бўлармиш, деган гап чиқиб турибди.
Домла (беихтиёр жонланиб). Йўғ-э? Зўр-ку! Анчадан бери пайсалга солиб келинаётувди ўзи...
Қўшни (овози). Яна бир уриниб кўрмайсизми, домла? Қилинган хизматлар етарли бўлса! Гард-камига-да!
Домла (иккала қўлини таслимона кўтариб). Бас энди, иним! Тавба қилдик! Ўзингиз айтасиз-ку, «фойдаси йўқ, фойдаси йўқ» деб. Шу гап-да. Бир ёзувчимиди, «Энди мени букаман деб, синдириб қўйманглар тағин» деган экан. Яхши айтган! Ўзимизни қўчқор санамасак ҳам, шохлар синиб тамом бўлган, ука!
Қўшни (овози). Қўй бўпқолганмиз денг?
Домла. Ундан ҳам баттари! Энди ёшлар кўрсин бу ёғини. Мана, ўзингиз ҳаракат қилинг. Фан дўхтири, профессор!
Қўшни (овози). Ҳазиллашяпсизми, домла? Шунча фан дўкайлари турганда бизга йўл бўлсин! Фойдаси йўқ, фойдаси. Сиз билан бизнинг фойдани анови бассейндан топиб турганимиз ўзи ғанимат. Қўйинг! Сизникига ҳам келиб туришгандир?
Домла (ўнғайсизланиб). Э, йўғ-э... Кечамиди, уч-тўрттаси адашиб кепқолган экан, ҳайдаб юбордим. Ановинақа қизлар билан келишибди, бор-э, дедим. Сувни наҳсга ботириб...
Қўшни (овози). Тирикчиликнинг айби йўқ, домла. Чўмилиб бўлиб уч-тўрт сўм ташлаб кетади, ҳарна-да. Сизникидан чиқиб кейин менга боришди. Сув-ку, сув, ювиб кетар... Нима қилай, уй тўла бола-бақра, ейман-ичаман деб турибди! Ҳа, кечагиларнинг орасида анови академик ошнангизнинг неварасиям бор экан. Ҳув анови, ўтган галги сайловда сиз билан тушган... Мустақил домла дейсизларми?
Домла (ижирғаниб). Мустафоқулов... Мухбир денг! Қайсидир газетани тўлдириб ҳар ҳафта мақола чиқаради-ку. Маддоҳ! Мустақилликни хусусийлаштириб олган у! Ўзиники! Кечаги замондаги ўйинларини биларсиз?
Қўшни (овози). Қўяверинг, домла, фойдаси йўқ. Охиратда жавобини берар!
Домла. Содда бўлманг, укам! Жавоб-павоб бермайди — атеистларнинг пешвоси у!
Қўшни (овози). Чорбоғингизда ўтиравериб замондан орқада қолибсиз, домла! Ҳозир ошнангиз — маънавият ва маърифатнинг пешвоси! Беш маҳал намозни канда қилмайди деб эшитаман.
Домла (бўшашиб). Ҳай, шундай бўптими? Майли, иймонини берсин. Замон шуники бўлиб қолди, начора!
Қўшни (овози). Хоним келдиларми, домла? Кеннойимиз? Сафарда эдилар чоғи?
Домла (истар-истамас). Келгандай. Биттаси ивирсиб юрувди, ўша бўлса керак.
Қўшни (овози). Ҳа, яхши, кўнглингиз энди хотиржам. Шу дейман, домла, хотин-қизларимиз дунёга чиқиб кетди-я! Сиз билан биз бу ерда бассейн қўриқлаб, жўхори қайириб...
Домла. «Эрлари уйда туриб, хотинлари савдо қилур». Эшитганмисиз? Охирзамоннинг аломатларидан бири шундай эмиш-ку.
Қўшни (овози). Астаъфуруллоҳ денг, домла! Охирзамонга ҳали анча бор!
Домла. Мен ўзимни айтяпман, иним. Ҳар банданинг охирзамони ўзи билан экан. Майли, йўлдан қолманг сиз. Чақирса — чиқмадингиз. Эртага бирор янгилик бўлса, келганда айтиб берарсиз.
Қўшни (овози). Индинга келаман. Навбатим — индин.
Домла. Индингача биз ҳақ деб жўхори қайириб ўтирар эканмиз-да?
Қўшни (кетаётиб, ҳайцирган овози). Глобаллашув замонида яшаяпмиз, домла! Дунёда бир гап бўлса, зум ўтмай эшитасиз — радио бор, телевизор!
Домла (кўзойнагини пешонасидан тушириб, ишига киришаркан). Майли, иним, яхши боринг.

Уйдан югуриб чиққан Xоним ҳовли ўртасида бир зум тўхтаб, кўкрагига туф-туфлайди. Сўнгра атрофга аланглаб, ўчоқбошида куйманиб юрган Асал холага кўзи тушади.

Хоним (зарда билан). Амма! Қулоқларинг том битганми, нима бало?
Асал хола. Ҳа, ҳа, хонимжон? Мен бу ёқда эканман-да.
Xоним (энсаси қотиб). «Хонимжон, хонимжон»! Мен сизнинг хотинингиз эмасман-ку, амма! Неча йилдан бери айтаман-а: Роза Ҳасановна, тамом!
Асал хола (туси ўзгариб). Ҳай, нима фарқи бор? Хўп, ана — Рўза Ҳасан...
Xоним (ижирғаниб). Заҳар хола! Домла қанилар деяпман?
Асал хола тумшайиб, қўлидаги капгир билан шийпонга ишора қилади. Домла кўзойнагини пешонасига суриб, панжарадан пастга энгашади.
Домла. Ҳа, хоним, тинчликми? Дунёни бузвордингиз-ку шовқин солиб! Нима гап ўзи?
Xоним (бўшашиброц). Ўзингиз-чи! Боядан бери чинқираман... Ким билан бунча ғўнғир-ғўнғир қилдингиз?
Домла. Ҳе, қўшни. Уйига кетаётган экан. Прокурорнинг ҳовлисида турадиган-чи!
Xоним (беписанд). Ҳа-а, анови қоровулми? Ўша билан шунча гаплашадими одам? Э, қойилмасман сизга, домла!
Домла. Билсангиз, хоним, у одам — физика-математика фанлари дўхтири, профессор! Худди эрингизга ўхшаган, керак бўлса! Соҳаси бошқа, холос.
Xоним. Вой-вой, шу киши-я?! Қўйсангиз-чи, домла! Бир жулдурвоқи-ку! Дўхтир бўлса, профессор бўлса, бировнинг ҳовлисида қоровуллик қилиб юрармиди?!
Домла. Аввало, бегона эмас, туғишган жияни. Прокурор! Ҳафтада икки-уч бор келиб жиянининг ҳовлисини қўриқлаб кетса нима қипти? Прокурорнинг ўзи бу кошонага келиб туролмайди-ку, тўғрими? Қолаверса, илм одами, қўли калтароқ. Бунинг устига, бола-чақаси кўп эмиш.
Xоним. Мана, сиз ҳам илм одамисиз — қўлингиз узунми?
Домла (ҳазилга буриб). Менинг қўлим ҳам, оёғим ҳам узун! Хоҳласам — Туркияга етади, хоҳласам — Деҳлию Дубайга!
Xоним. Кесатяпсиз-а? Ўзингиз ҳам роса кезгансиз Москваю Ленинград қилиб!
Домла. Сизниям армонингиз қолмаган, хоним! Сочию Қиримлар эсларидан чиқдими? Кейин-кейин ундан ҳам нари — Болгария, Ўрта Ер денгизи бўйлаб саёҳатлар! Мазахўрак бўлганлар-да, ўшаларни хумор қилибми, мана, уйда ўтиролмай қолдилар. Ўрганган кўнгил...
Xоним (паст тушиб, ҳам қофиясига). ...ўртанса қўймас! Ўзингиз оборгансиз-ку!
Домла. Ана шунисига доғман-да... Бизга келсак, бизники илмий кенгаш, конференция ё семинар деб аталгучи эди. Яланг сайру саёҳат эмас!
Xоним. Бизники ҳам саёҳат, ҳам тижорат деб аталади! Чидайсиз-да, хўжайин! Чидаёлмасангиз... сиз шўрликда прокурор жиян ҳам йўқ!
Домла (ночор илжайиб). Бизга унақа даҳмаза жияннинг кераги ҳам йўқ, хоним афандим, ўзингиз борсиз, етиб ортади!
Xоним (ҳалиги таҳликада бу гапнинг тагига етмай). Э, худога шукр-э! Шундай деб туринг. Айтгандай, эшитдингизми?..

Дарвозахона тарафдан яна «Оқ каптар» кўшиғи янграётир.

Домла. Эшитдим, эшитдим. Боя ҳам эшитгандай бўлувдим. Шу қўшиқни яхши кўраман-да, хоним. Худди оппоқ гуллаган олчазорда сайр қилиб юргандек бўлади одам. Сизни қўлтиқлаб! Ҳув бир вақтлардагидек! Ён-верингизда оқ каптарлар чарх уради, жаннатнинг ўзи! Саодат Қобулованинг қўшиғи...
Xоним. Шоир бўпкетинг-э! Мен бошқа гапни айтяпман, домла...
Домла. Қулоқ солинг, қулоқ солинг! (Бош тебратиб.) Шундай ашулалар ҳам бор-а дунёда! Эҳ, қани менинг ёшлигим?!
Xоним (қулоқ тутиб). Анови мошинадан келаётганга ўхшайди. Радиосини ўчириш эсидан чиқибди-да.
Домла. Ия, сўтақўзингиз шу ердами? Қачон келдилар?
Xоним. Ҳув, қачон эди! Ижодга шўнғиб, мошинанинг ҳам товушини эшитмагандирлар-да?
Домла. Балки, балки. Чақиринг, ўчириб қўйсин.
Xоним. Чарчаб келган эканми, ичкари кириб тарракдай қотиб қолди!
Домла. Ўлгудай уриб келган денг! Шу аҳволда мошинага ўтириб... Одам бўлмади бу бола!
Xоним. Қўйсангиз-чи, хўжайин, ким одам экан шу замонда!
Домла. Кларангиз кўринмай қолди?
Xоним. Пастда, подвалда. Дам оляпти. Қизи билан. Муздеккина! Қаранг, бу иссиққа чидаб бўладими? Битта сизга билинмайди. Ҳур-ҳур шийпонда ўтирибсиз-да.
Домла. Зерикяпти-я шу қиз? Шаҳри шовқинга ўрганган...
Xоним (хўрсиниб). Э-э, гапирманг... Ҳой, тушиб ановининг радиосини кўрсангиз-чи энди!
Домла (шўхчанлик билан). Хўп бўлади, хоним! Хўп бўлади, Роза Ҳасановна! Ҳозир-да.

Домла ёғоч зинапоядан тушиб келади ва шийпоннинг орқасида — бизга кўринмай турган мошинанинг эшигини очгани эшитилади. Ул-бул мурватини текшириб чиққан бўлса керак, эшик яна қарсиллаб ёпилади. Бу вақт бояги қўшиқ ҳам тинган.

Домла (шийпон тагидаги чорқирра устунга суяниб турган хотинининг олдига қайтиб). Э, кўча-кўйдан келяпти шекилли... (Ўчоқбоши тарафга қараб.) Амма! Бирор нарсангиз борми? Қорин пиёзнинг пўстлоғи бўпкетди-ку!
Асал хола. Бирпасгинада бўлади, айланай, сабр қиласиз.
Xоним (энсаси қотиб). Айланай, ўргилай... Бу киши — домла!
Асал хола. Хўп, хўп, хоним... Рўза Ҳасан... (Бирдан заҳри қўзиб.) Ўзингиз уйга кириб андаккина дамингизни олсангиз-чи, айланай! Йўлдан келган одам! Бу хотин чарчамайдиям!
Xоним. Чарчаб бўпти! Заҳар хола!.. (Домлага юзланиб, бирдан паст овозда.) Ҳеч гапдан хабарингиз йўқми, домла? Мустақиллик кетганмиш-ку!
Домла (беихтиёр, ажабланиб). Мустақиллик?! Қанақа мустақиллик? Қаёққа кетади? Нега? Ўйлаб гапиряпсизми ўзи, хоним? Алаҳсирамаяпсизми ишқилиб?!
Xоним (ўзини оцлагандек). Ким билсин, боя ўғлингиз шундай деб тўнғиллагандек бўлувди. Ўзим ҳам яхши англаёлмай қолдимми...
Домла (бесаранжомликка тушиб). Эси жойидами ўзи?! Бор, уйғот!
Xоним. Ухлаяпти бола. Туролмайди.
Домла (дарғазаб). Уйғот деяпман ҳозир!
Xоним. Вой, вой! Ўзингизни босинг, хўжайин! Ундай бўлса, куйиб қоладиган мен-ку! Шунча мол, сармоя! Сизга, қайтага, яхши бўлмайдими? Ишларингиз яна юришиб, академия, сайлов...
Домла (хезланиб). Ўв, хотин, эс-песингни едингми?! Ўйлаб гапиряпсанми, ахир? Наҳотки, мен... Кир, уйғот!
Xоним (дафъатан чатнаб). Уйғотмайман! Керак бўлса, кириб ўзингиз уйғотинг! (Йўлни тўсиб.) Уйғотиб бўпсиз! Мен бу одамни суюниб кетадими десам...
Домла. Суюниб кетади? Оббо-о! Менинг, мендақаларнинг иши юришиши учунгина кечаги замон қайтиши керак эканми? Буни хаёл қилмоқнинг ўзи бориб турган телбалик, разиллик-ку!
Xоним. Ҳув бирда ўзингиз ижтимоий адолат, тенглик ғоялари яна қайтиб майдонга чиқиши мумкин, дегандек бўлувдингиз шекилли?
Домла (бир зум гангиб, сўнг ётиғи билан, сабоқ маромида). Айтгандирман. Чунки бу — орзу, инсониятнинг ўлмас орзуси! Тарихий шароит, мавжуд тузум ё сиёсат тақозоси билан, ёки уруш-тўполонлар даврида у маълум муддат кун тартибида турмаслиги, унутилиши ҳам мумкиндир. Аммо одамзод бор экан, бу идеал ҳеч қачон эскирмайди, йўқ бўлиб кетмайди. Шу гапларни ўзингиз ҳам биласиз-ку, хоним — фан номзоди деган ҳужжатингиз бор қўлингизда! Лоақал, қадимги Рим демократияси, Форобий бобонинг одил жамият ҳақидаги орзуларини эсланг!..
Xоним. Эсладик, эсладик, домлаи калон! Лекин — ҳаёт бошқа, анови орзу-хаёллар бошқа!
Домла (фикридан чалғимай). Йўқ, хоним, сиз гапни чалкаштиряпсиз. Мустақиллик бошқа, озодлик тушунчаси бир бошқа, ижтимоий адолат, тенглик ғоялари — бошқа! Ахир, миллий мустақил мамлакатда ҳам адолатсизлик, бедодлик ҳукм суриши мумкин-ку. Мисол керакми сизга?.. Билгингиз келса, мен ижтимоий адолат, инсоний тенглик тарафдориман, холос. Зинҳор-базинҳор кечаги истибдоднинг эмас! Қолаверса, одамзод муайян бир ғоядан чарчаса ёки ижтимоий табақалашув, ҳақсизлик ҳаддан ошса, жамиятда мувозанат бузилади. Ана шунда ислоҳот ё инқилоб зарурати туғилиб, мулк қўлдан қўлга ўтади. Ҳув Октябрь инқилоби чоғида шундай бўлган, биласиз.
Xоним. Оғзингиздан бол томади-я, домла!
Домла (бирдан бўшашиб, чўнқайиб қолади). Робия! Сенга нима бўлди? Шунча йил бирга яшаб, наҳотки, мени билмасанг?! Наҳотки мен... Аттанг, аттанг!
Xоним (йиғламсираб). Билганим учун айтяпман-да! Шундай одам, шунча меҳнат қилган олим, бугунги кунга келиб аҳволингизни қаранг! Мен ҳам куяман-да! Куйганимдан...
Домла (вишиллаб ўрнидан қўзғалади). Аҳволимга нима қипти, мочахар, оғзингни юм-э!
Xоним (гезариб, «озод Шарқ аёли» қиёфасига кириб). Менга бақирманг, хўпми! Мени сиз боқаётганингиз йўқ! Сизнинг даврингиз ўтди энди, домла! Ҳозир — демократия замони!
Домла (қувлагудек талпиниб). Ҳе, ўша демократия-пемократиянгга қўшиб сени!..

Ўчоқбошидан Асал хола, кўлида капгир, саросимада эр-хотин томон йўрғалаб келади.
Асал хола. Иби, айланайлар, сизларга нима бўлди? Уят бўлади-я, домлажон! Уят-а, хонимжон! Сиз бир гапгинадан қолиб уйгинага кирсангиз-а!

Чорпояда ётган меҳмон — Раҳматуллоҳ Жийдалий ёстиқдан бош кўтариб, бу машмашани таажжуб билан кузатади.

Жийдалий. Э, э, домулло! Овозларингиз баланд-баланд чиғди, янгамулломизга ҳазил қиляпсизми дейман?
Домла (ҳовридан тушиб, хижолатомуз, аммо заҳарханда билан). Янгамуллонгиз бизга хотин бўладилар, Раҳматвой! Сиз аралашманг, баҳузур дамни олаверинг. Сиз айтган ҳазилни биз ҳў бир замонлар чимилдиқда қилганмиз, укам!

Жийдалий. Хўп, хўп, домулложон, узр. (Кейин бамайлихотир, мароқ билан давом этади.) Бизга денг, домулложон, чимилдиққа кирганда келинчакни аввал бир шапати урганлар, «вой» деса — бир тепганлар. Ана сўғра ўла-ўлгунча бош кўтариб бетингизга қарасин-чи! Ё бир оғиз сўз айтиб кўрсин-чи!
Домла. Американи айтяпсизми, Раҳматвой?

Жийдалий. Йў-ўқ, домулло, Афғонни, шамолий Афғонни. Амрикода келин сизни уради, сизни тепади-я! (Кулади.)
Домла. Биз ҳам Америкадай бўпқопмиз-да унда?

Жийдалий. Йўғ-э, домулложон, ундай деманг. Худо сақласин! Сизлар, фикримча, Амрико билан Афғоннинг ўртасида ҳозир. Мўътадил.
Домла. Мўътадил бўлгани қурсин денг! (Ҳамон серрайиб турган хотинига қараб, одатдагидек юмшоқлик билан.) Сиз кириб бундай бир радио-телевизорни қўйиб кўринг-чи, ростдан ҳам нима гап экан?
Xоним (тумшайиб уй томон буриларкан). Эркак зотининг бари — бир хил: Америкада ҳам, ўша Афғонида ҳам! Феодал!

Жийдалий (хонимнинг ортидан). Янгамулломиз кўп олиму оқила аёл-да, домулло! Барака топсинлар.
Домла (паришонлик билан). Э, сўраманг, Раҳматвой! Илму амалларини намойиш қилдилар-ку боя, кўрдингиз!

Домла чорпоянинг бир четига ўрнашади. Ҳар эҳтимолга деб капгирини ўроқ мисол кўтариб олган Асал хола ўчоқбошига қайтиб кетади.

Жийдалий. Домулло, сиз ҳали янгамулломизга ҳамма тенг бўлмоғи лозим, дегандай гап қилдингиз-а? Қандоқасига тенг бўлсин, ахир? Мана, беш панжа баробар эмас-ку!
Домла. Беш панжа баробар эмас, тўғри. Аммо ҳадеб шу нақлни одамга ишқайвериш ҳам нодуруст-да, Раҳматвой. Ахир, инсон деганингизнинг беш бармоқдан бошқа аъзолари ҳам — яна бир қўл, икки оёқ, елкасида калла, калласида мия ҳам бордир! Кўнгли-чи, кўнгли, юраги?! Беш панжа дейсиз, шунинг қайбирини тишламанг — бирдай оғрийди-ку! Демак, зоҳиран узун-калталигига қарамай дарди, ботини бир хил экан-да, тўғрими? Бандалари ҳам Оллоҳга ана шу йўсин боғланган, унинг олдида ана шундай тенг, баробар эмасмикан? А, лаббай? Эски китобларингизда ҳам ёзилган-ку!

Жийдалий. Локин бу дунёда аҳвол бошқачароқ-да, домулло! Мана, масалан, ман мулкдору сармоядор. Сиз бўлсангиз, тенглик, баробарчилик қиламан деб, шуни олиб йўқсилларга тақсимлаб бермоқчисиз. Йўқсил деганингиз рўйи жаҳонни канадай босиб кетган, эҳ-ҳэ! Уни барибир тўйдириб бўлмайди, ишонинг! Ҳов кечаги замонда ҳам, ўзингиз биласиз, ота-бобомнинг бор сарватини бир сидра шундай ғорат қилиб эдилар, энди келиб яна... Инсофдан эмас-да бу ишингиз, домулло!
Домла (беғубор кулиб). Йўқ, йўқ, Раҳматвой, мол-давлатингиз ўзингизга буюрсин, укам. Уни энди ҳеч ким сиздан тортиб ололмайди, қўрқманг. Дунё бугун сизларнинг қўлингизга ўтган-ку! Мана, сиз инсоф-инсоф деяпсиз. Мен ҳам шу адлу инсофни айтмоқчиман-да. Қайсидир куни газетда ўқидим: Россияда рақиби отиб ўлдирган бир ашаддий каллакесарни дафн этишга уч минг одам тўпланибди, уч минг! Тобути йигирма беш минг доллар турармиш. Кийиб ётган костюми — беш минг, оёғидаги пойабзали ҳам неча минг доллар! Ана шу тобуту кийим-бош билан кўмилади, билсангиз. Бу ёқда бўлса — ҳали сиз айтган канадай сон-саноқсиз йўқсил бир парча нонга зор! Кўнгилхуши ёки бачкана бир эрмакка миллион-миллионлаб совуриб ётган наҳангларни эса ўзингиз мендан яхши биласиз, биродар!

Жийдалий (қизғаниш билан). Ҳайф, ҳайф! Локин пулу сарват ўзиники бўлгандан кейин ихтиёри ҳам ўзида бўлади-да, тақсир!
Домла. Хўш, шунча миллионни биргина одам қаёқдан, қандай қилиб топибди экан, қани, айтинг? Ҳа-а, балли, қинғир йўллар билан, найрангу фирибгарлик билан қўлга киритган! Демак — ҳаром, ҳаром аралашган! Сиз бўлса инсофдан гапирасиз! Ё инсоф дегани фақат бечораҳол йўқсилга тегишли матоҳми? Тўғри, бу нафсу манфаат дунёсида ҳамма бир хилда бой-бадавлат бўлмоғининг иложи йўқ. Лекин худо барчани тенг қилиб яратгани ҳақиқат-ку! Ҳар кимнинг феълига яраша бергани ҳам ҳақиқат. Дейлик, сизга насиб этгани — менда йўқ, менда бори — сизда бўлмас. Олий адолат дегани мана шу эмасми?! Мен боя шундай тенглик, умуман, асл моҳият ҳақида гапирган эдим, дуруст англамабсиз, биродар. Эшитгандирсиз, қадимда бир доно дарвеш зўру зўравон подшоҳнинг ҳузурига иккита бош чаноғини кўтариб келиб, қайсиси шоҳникию қайси бири гадоники эканини ажратиб беришни сўраган экан. Подшоҳ ҳарчанд тикилиб қарамасин — бош чаноқлари бир хил эмиш!..

Деразадан Х о н и мнинг чийиллагани эшитилади.

Xоним. На радиоси ишлайди, на телевизор ўлгур! Тўк йўқ, яна ўчириб қўйишибди. Саҳро бу, саҳро! Саҳройи Кабирда ҳам телефон-пелефон бўлар! Бўстондан сўраб билай десам, Туркияга кетишдан олдин соткамни Луизага берган эдим, йўқотиб қўйибди касофат. Раҳматжон, телефонингиз ёнингиздами, ука?

Жийдалий. Маникининг қуввати ўлган, янга-мулло. Чироқ келса, қизитиб оламиз ҳали, ташвиш қилманг.

Шу чоғ дарвозахона тагидаги машинадан яна ўша қўшиқ эшитилади.

Жийдалий. Мелибой укамиз бир қўшиқни қайта-қайта ёзиб олган эканлар. Лекин оҳанги кўп мусаффо-я, домулло?

Иккинчи манзара

Ўша кун, ўша манзара. Кечга яқин палла. Кўшксимон шийпон. Домла тебранма курсида ўтирибди. Рўпарасида — «оқпадар» шогирди Турсуний

Домла. Қани, гапирсинлар, Турсуний жаноблари, оламда нима гап?
Турсуний Ўша-ўша, устоз. Ҳаммаси ўзингиз билгандек. Буюк келажак сари интилиб ётибмиз!
Домла. Яшанг, интилинг! Шаҳарда тинчликми ишқилиб?
Турсуний Тинчлик бўлмай нима бўларди? Ҳар қадамда — посбонларимиз! Ҳаммаёқ сув қуйгандек... (Таажжуб аралаш.) Боя ҳам сўрадингиз-а шу гапни, домла, тинчликми ўзи?
Домла. Мен қайдан билай, укам? Шаҳардан келган — сиз! Биз мана шу хилватгина Астрободда, дунёдан бехабар, ҳақ деб ўтирибмиз-да. На телефон ишлайди, на телевизор. Дашти биёбондай гап!
Турсуний Унақа деманг-э, устоз! Боғингиз нақд жаннатнинг ўзи-я! Айниқса, ҳозиргидек ёз кунлари! Мана, ўзимиз ҳам югуриб-ютоқиб келиб ўтирибмиз-ку!
Домла. Сиз-ку, укам Турсуний, бекорга келмагандирсиз?
Турсуний Нега, устоз? Сизни бир кўрай дедим-да. Иннакейин, сюрпризимиз ҳам бор — мошинани янгиладик! Шуни бир кўз-кўз қилиб, дуонгизни олиб, ювиб бермоқчи эдик-да сизга.
Домла. Э, муборак бўлсин, муборак бўлсин! Мошинангиз ҳали бежиримгина эди-ку, Турсуний? Қанақасидан олдингиз?
Турсуний «Волга» деганларининг замони ўтди энди, домла! Ўзиям кўп хизмат қилган эди.
Домла. Ҳа-а, кўпларга хизмат қилди, кўпларга...

Турсуний (пинак бузмай). Раис бува — дўстингиз тағин бир мардлик қилдилар-да.
Домла. Омон бўлсинлар! У кишининг касблари — мардлик доим! Бизга ҳам кўп ҳиммат кўрсатганлар.
Турсуний Э, сизга хар қанчаси оз, домла!
Домла. Кўпирманг, укам, кўпирманг. Раҳмат.
Турсуний Бир маслаҳат билан ҳам келувдим, устоз.
Домла. Хўш, хўш?
Турсуний Дўхтирликни бошласамми деб турибман...
Домла (ошкора таажжуб билан). Дўхтирлик?! Оббо, сиз-эй! Зўр-ку!
Турсуний Бу гал ҳам ўзингиз бош бўлсангиз...
Домла. Шошманг, шошманг. Мавзу-павзу тайинми ўзи? Тасдиқлатиб олганмисиз?
Турсуний Бу ёғини ўзингиз тасдиқлаб берасиз-да, домла! Мавзумиз шу... замонавийроқ бўлсами девдим. Ҳар жиҳатдан қулай-да.
Домла (дангалига). Яъни? Қайси жиҳатдан?

Турсуний (қизариб-бўзариб). Ўзимнинг устозимсиз, домла, айтаверай: ўсмоқчиман, карьера қилмоқчиман! Доцент аталиб шўлтиллаб юравериш ҳам жонга тегди. Бугунги замонда ўзагидан олмасангиз, оёқ остида қолиб кетар экансиз...
Домла. Ўсинг, марҳамат! Лекин илмнинг, дўхтирликнинг нима аҳамияти бор экан бунда?
Турсуний Ҳар ҳолда, анкетага фан номзоди дегандан кўра фан дўхтири деб ёзилгани зўр-да, домла! Лавозимга танланаётганда шунисига ҳам қаралар экан...
Домла (ўзини гўлликка солиб). Оббо, Турсуний, Турсуний! Буни қаранг-а, илм-фан деганлари ўша ерда ҳам асқатар экан-а, а? Хайрият! Лекин — ўзими ёки қуруқ номми?.. Ҳай, майли, мавзудан гапиринг!
Турсуний Айтдим-ку, мавзу — ўша... мустақиллик, мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқларимиз... Янги тарих-да!
Домла. Номзодлигингиз ўн тўққизинчи аср тарихидан эди-ку?! (Ғижиниброқ.) Гап бундай, укам: шу мавзуни танлаган бўлсангиз, Мустафоқулов домланинг олдига борганингиз маъқул. Бунақа мавзуларнинг пири — ўша одам! Бунинг устига, менга ўхшаб пўпанак босган бир профессор эмас, кимсан — академик! Ўзингиз айтгандай — ҳар жиҳатдан қулай! Кейинги вақтда давраларинг, гап-гаштак ҳам бир эмиш-ку...

Турсуний (ерга қараб). Дадам, дўстингиз «Бу ёғига ҳам устозингнинг этагидан маҳкам тутасан!» деганлар.
Домла (бирдан бўшашиб, мунғайиб). Ҳай, бир гапи бўлар. Ўйлаб кўрайлик-чи... Дарвоқе, академияга сайлов эълон қилинармиш, хабарингиз бордир?

Турсуний (жонланиб). Ростданми? Эшитмаган эканман-ку ҳали. Бир калла қилиб кўрамизми яна? Мана, бу ёқда биз турибмиз!
Домла. Сиз?!
Турсуний Югур-югурига-да! Бусиз битармиди унақа ишлар?!
Домла (эрмакка киришиб). Мен нима қилишим керак бўлади унда, хўш?
Турсуний Уч-тўртта долзарброқ мақола ёзасиз, тамом!
Домла. Мақола?! Қанақа мақола? Нега?
Турсуний Мустақиллик ҳақида-да, домла!
Домла (ошкора масхарага ўтиб). Хўп, майли. Нима деб ёзамиз, қани?
Турсуний Устимдан куляпсиз-а, домла? Ўзингиз биласиз-ку ҳаммасини! Мана, масалан: «Ажойиб замонда яшамокдамиз. Мустақиллик шарофати билан халқимиз...» Ва ҳоказо.
Домла. Ва ҳоказо денг? Ўқиган одам кулмайдими? Кечаги замонда бошқа ашулани айтарди, домласи қурғур энди бу ёққа ўтибди-да, мунофиқ, иккиюзламачи экан, демайдими?!
Турсуний Ҳаммаси шундай қиляпти-ку, домла! Бир оғиз кечирим сўраб, бошлайверасиз-да. «Замон шунақа эди, начора» дегандай...
Домла. Кечиримни кимдан сўраймиз, сизданми?

Турсуний (хижолатомуз). Халқдан-да, устоз.
Домла. Келинг, шуни сиздан сўрайқолайлик. Майлими? Сиз ҳам халқнинг бир вакилисиз-ку! Фақат битта шарти бор: шу мақолани сиз ёзиб берсангиз, қалай? Биз ҳам ўзларига ёзиб берганмиз-а, эсларидадир? Хўш?

Турсуний (ерга боқиб). Одамни ёмон оласиз-да, домла!

Шу чоқ шийпондан пастда сув шалоплайди — кимдир бассейнга калла ташлайди. Ноқулай вазиятдан қутулган Турсунийга жон кириб, панжарадан ўша ёққа эгилади.

Турсуний (қувноқ оҳангда). Ия, Мэлисбой, маза-ку! Чақирмайсиз ҳам одамни...
Мэлис (сувнинг шалоплаши орасидан овози). Ҳа, Тўлик домла, салом! Келинг, пажалиста.
Турсуний Калла қизиганми дейман? (Домлага ўгирилиб.) Ҳалиям уряптиларми? Диссертацияни ташлаб қўйди-я шу бола?

Домла. Ким билсин, балки тўғри қилгандир... Униси-ку майли, ўттизга бораётган одам, уйланмаяпти. Юрибди...

Турсуний (тап тортмай). Осилтириб денг!
Домла (ўқрайиб). Ўзидан сўрарсиз у ёғини! (Кейин эзгин бир кўйда.) Турсуний, гапни эшитинг. Бундан бу ёғига академиклик ҳам, укадемиклик ҳам — сизларга сийлов! Бергиси келса, лойиқ кўрилсак, шу чоққача берарди. Бермадими, демак, муносиб эмас эканмиз-да. Ўзи шундай, бирор баҳона билан бир-икки дафъа панада қолдингизми, галингиз ўтдими — бўлди, бутунлай унутилиб кетаркансиз. Биз-ку биз, алломаи замон аталгани ҳам! Буям бир омад, пешона-да. У ёғини сўрасангиз, фалончи нимасига унвон олди дегандан кўра, нега шу одамга берилмади, дейилгани афзал эмасми?! Энди, етмишга қараб кетаётган мендай одам, академик бўлди нимаю бўлмади нима! Анови Чиғатойга кўмилиш мартабасини айтмаса! Ўлгандан кейин қаерга кўмилиш-кўмилмаслик барибир эмасми? Менга деса, ўт қўйиб ёқиб юборсин! Мусулмон қавмидан бўлганимиз билан, суяк савил шўро замонида қотган, начора! Ҳай, ўлигимиз кўчада қолмас...

Турсуний (шоша-пиша). Йўғ-э, нима деяпсиз, домла! Сиздай одамни албатта...
Домла (ўзи билан ўзи, хаёлчан). Одамгарчилик юзасидан тобутимнинг бир ёғидан сиз — вақт топсангиз-да, бир ёғидан, кайфи бўлмаса, анови касофат кўтариб, бирор ерга элтиб ташларсизлар. Хўпми? Ўзимга қолса-ку, ҳўв олис Жийдалимга бориб, ота-онамнинг ёнида ётсам! Во дариғки!.. (Бирдан шўхчан тус олиб.) Йў-ўқ! Бир шоиримиз айтибмиди, «лекин ҳали-вери ўладиган тентак йўқ»! Нима дедингиз, Турсуний?
Турсуний Домла-а, кўнглингизга келмаса, бир гап айтсам?
Домла. Биздаям кўнгилдан қолган экан-да, қаранг!
Турсуний Ия, домла, нима деяпсиз! Устозимизсиз ахир, улуғ олим!
Домла. Шу улуғ-пулуғингизни қўйсангиз-чи, Турсуний! Қани, гапиринг, нима демоқчисиз?
Турсуний Мен шоир-поир эмасман-ку, энди ановинақа демасангиз, илтимос!
Домла. Ҳамма соҳанинг ҳам шоири бўлади, укам. Сиз ўзингизнинг соҳангизда шоирсиз!
Турсуний Менинг соҳам... нима у?
Домла. Гапни чувалтирманг, Турсуний, балогинани билиб турибсиз! Ажабо, шу вақтгача сира малол келмаган бир ҳазилимиз энди... Ёки «иномарка» минган одам бирдан ўзгариб қоладими?

Турсуний (ўпкалаб). Биз ҳам энди ёш эмасмиз-ку, домла!
Домла (бу ёғини ҳазилга буриб). Ҳа-а, тагингизда — «иномарка»! Фан номзодисиз! Мана, энди дўхтир бўлмоқчисиз!

Шу вақт чой кўтариб Xоним келиб қолади.

Xоним. Устоз-шогирд яна топишибсизлар-ку! Кўринмай кетдингиз-а, Турсунбой, бизларни унутиб? Келинни опкелмабсиз-да?
Турсуний Сизларни унутиб бўладими, янгамулло!
Xоним (хушламай). Э, қўйинг шу янгамулло-пангамуллони! Сизам анови Раҳматжонга ўхшаб... Улар-ку энди эскичароқ. (Домлага юзланиб.) Хўжайин, кечга бир ош қилсакми девдим?
Домла (беихтиёр). Яъни, масалан?
Xоним. Биз ғалва сафарлардан соғ-саломат келдик! Нозик меҳмонимиз бор — Раҳматжон. Мана, бу ёкда Турсунбой кептилар. Хуллас, жамоат жам. Бугун шанба, дам олиш куни. Ким билади, яна биров-ярим кепқолар.
Домла. Бозорга чиқиб келиш керак эди-ку?

Турсуний (жон кириб). Ташвиш қилманг, домлажон, ҳаммаси есть! Ўзим сизларга бир ош ясаб берай. Қўлбола қилиб! Бўптими, кеннойи... Роза Ҳасановна? (Панжарадан ҳовли томон эгилиб ҳайқиради.) Асал хола-а! Қозон-товоқни тайёрланг, ош!

Турсуний эр-хотиннинг кўзини шамғалат қилиб, ёнидан олган оқ конвертни стол устидаги қоғозлар орасига тикиб қўяди-да, шахдам ўрнидан туриб, зинапоя ҳатлаб ховлига тушади. Ҳовлида қовушмайгина чорпояга жой ҳозирлаётган Кларага дуч келади.

Турсуний (эски қадрдонлар мисол дали-гулилик билан). О-о-о! Клара Цеткинга саломлар! Как жизнь, дорогая? Не скучаем?
Клара. Ия, қирқ йиллик аспирантимизми? Салом, салом.
Турсуний Какой аспирант! Керак бўлса — кандидат наук, доцент! Яна керак бўлса — будуший доктор, профессор!
Клара. Буни қаранг, аломат-ку! Форсларда бир нақл бор: «Аз зоғ андалиб пайдо шудаст». Тушундингиз-а?

Турсуний (сув юқтирмай). Э, менинг форсча-морсчаси билан ишим йўқ! Ўзингиздан гапиринг. Нева бўйларини соғинмаяптиларми?
Клара. Худди Нева бўйларида мен билан қўлтиқлашиб юргандек гапирасиз-а, Турсунбой!
Турсуний Ҳавасимиз келади-да, Кларахон, ҳавасимиз!
Клара (чўрт кесиб). Ош қилмоқчисиз шекилли, шундайми? Нима ёрдам керак сизга?

Турсуний (хижолатомуз). Йў-йўқ, ҳаммасини ўзимиз есть қиламиз! Сизлар шакароб-пакароб дегандай...

Турсуний ўчоқбошидан болтани олиб, бизга пана боғ этагига тушиб кетади. Қарс-қурс ўтин ёраётгани эшитилади. Иморат биқинидаги деразадан Луиза нинг боши кўринади.

Луиза (ҳовлида юрган Кларага). Ма-а-м! Купаться хочу!
Клара. Иди искупайся! Чўмилавер!
Луиза (тантиқлик билан). А там — дядя!
Клара. Ну подожди тогда. Тоғанг сени еб қўядими?!

Кўшксимон шийпон. Х о н и м Домла га чой қуйиб узатади.

Xоним. Яна искаланиб қолибдими бунингиз? Бир қоп нарса кўтариб кепти-я: гўшту ёғ, арағу коньяк!
Домла. Дўхтир бўлмоқчилар укажонингиз!
Xоним (кўзлари ола-кула бўлиб). Дўхтир?! Вой-вой, ушланг, йиқилиб тушаман ҳозир! Фан дўхтири-я! Яна шўрлик домлажони ёзиб берсалар керак-да, а?
Домла (таассуф билан). Ким ёзиб беради бўлмаса? Манови ҳовли-ҳарам, анови бассейн ўз-ўзидан бино бўптими? Қаёққа қараманг, раис буванинг мўйлови кўринади! Туриб-туриб, барига ўт қўйгинг келади-я!
Xоним. Вой-вой, ўзимиз-чи? Ўзимиз қараб турибмизми?!
Домла (зарда аралаш). Э, хоним, сизнинг анови мозорбосди колготкаларингиздан қолган чақа-чуқа урвоқ ҳам бўлмасди бунга!
Xоним (қўлларини белига қўйиб). Бундан чиқди, биз фақат сайру саёҳат қилиб юрган эканмиз-да, а?
Домла (икки қўлини баланд кўтариб). Бўлди, бўлди, шу ерда тўхтанг! Бу жангноманинг адоғи йўқ, биламиз!
Xоним. Ёзмайсиз, тамом! Кечагина кетингиздан «домла, домла»лаб чопган Мустафоқулов ана — академик, директор бўлиб олиб даврини суриб юрибди! Сиз бўлсангиз бу ёқда, бировларга...
Домла (овозини пасайтириб). Хўш, айтинг-чи, сизга ким ёзиб берган? Сизни олим қилган ким?!
Xоним. Менга? Мени? (Бўшашиб.) Ўзингиз қўймагансиз мени! Зиёлининг хотини зиёли бўлиши керак деб мени сиртқи ўқишга жойлаган ким? Мэлисгинамни манови Заҳар холангизга ташлаб, мени кутубхонама-кутубхона югуртирган ўзингиз эмасмидингиз? Топганим — мана нима! Қайтага, уйда жимгина тикув-бичувимни қилиб ўтирсам бўларкан ўшанда. Битта кўйлак тикдириш неча пул ҳозир, биласизми?
Домла (ўйчан). Ҳаётимдаги энг катта хато шудир балки...
Xоним (Домлага энгашиб, пичирлаб). Жа-а қўлингиз қичиётган бўлса, ана, Бўстонга ёзиб беринг! Дўхтирский ёздиришга одам қидириб юрибди. Соққаси тайёр. Ўнта бермоқчи! Кўкидан!
Домла (анграйиб). Бўстонга?! Унга нима керак экан илм? Ҳаммаёғи тўлиб-тошган, дейсиз-ку!
Xоним. Номи-чи, номи?!
Домла. Номи? (Энсаси қотиброқ.) Қуруқ номни нима қилади? Агар шугина керак бўлса, мана, келиб меникини олсин. Теп-текин! Худо ҳақки, бервораман — безорман ўзи!
Xоним (ўзиникини қўймай). Бугун бўлмаса, эртага бир кун керак бўпқолармиш. Бурун борида симириб қол дегандай-да...
Домла. Эй хотин, сени адо қилган шу Бўстон бўлди аслида. «Бўстон ундоқ деди», «Бўстон бундоқ қилди»... Бўстон, Бўстон... Шунинг номини эшитсам, кўнглим айнийдиган бўлган, худо хаққи. Бу ёқда — манови, укажонингиз!..
Xоним. Ўша Бўстоной дугонам бўлмаганда, менга бизнес сирларини ўргатмаганида, сизу биз бу ерда очимиздан...
Домла. Рози эдим! Минг бора рози эдим! (Безор бўлиб.) Энди бирпасгина ишимни қилай, илтимос... Ҳай, шошманг, телефон ишладими?
Xоним. Қаёқда!
Домла (бирдан жонсаракланиб). Эркатойингиз турди-я уйқудан? Ҳа, чўмилаётувди боя. Чақиринг 6у ёққа! Нима деб валдираган эди ўзи у?
Xоним. Ҳозир ундан ҳеч гап ололмайсиз бари-бир! Қўйинг, яна бирпас сув ўйнаб ўзига келсин, кейин сўрарсиз. Шунчаки бир ваҳимадир-да. Ҳаммаёқ жимжит-ку. Бир гап бўлса!..
Домла. Астаъфуруллоҳ деб гапиринг, хоним!
Xоним (кетатуриб). Ўйлаб кўринг, эй — ўнта! Кўкидан-а!

Домла бошини чангаллаб ўтирибди. Яна аллақаёкдан бояги қўшиқ эшитилгандек бўлади.

Домла (калласини сарак-сарак қилиб). Қаёқдан келяпти бу? Ё мияга ўрнашиб қолганмикан?

Учинчи манзара

Боғ этагидаги олма соясида — бир учига болта санчиб қўйилган узун кунда устида ёнма-ён Турсуний билан Раҳматуллоҳ Жийдалий сигарет тутатиб ўтиради. Олдиларида «яримта», талинкада парракланган — бодринг-помидор.
Жийдалий. Турсуний укажон, қачондан бери сўрайман деб доим фаромуш қиламан-а. Бу, Турсун дегич манзил қай вилоятда ўзи?
Турсуний Турсун — менинг отим-ку, қанақа манзил?! Унақа жой борлигини билмайман мен.
Жийдалий. Ахир, сизни Турсуний демайдиларми?
Турсуний Домлам шундай дейдилар-да. Ҳазиллашиб. Ўзим — Турсунбой, Турсунали.
Жийдалий. Э-э, шундай денг. Билмаб эдим, укажон, ўтин, ўтин.
Турсуний (орқага ишора қилиб). Ана, ёриб қўйдим, етар.
Жийдалий. Йўқ, манинг айбимдан ўтинг, гуноҳимни ўтин қилинг, деёпман. Билсангиз, Ватандан ташқари биз ўзбакларнинг ҳар биримизда тахаллус бор. Бирларимиз — Туркистоний, бирларимиз — Бухорию Андижоний. Яна бирлари — Бойсуний, Ғузорий ва ҳоказо. Мани, масалан, ота-бобомиз асли Жийдали маконидан бўлганлари учун, Жийдалий деб атайдилар. Раҳматуллоҳи Жийдалий! Афғону Саудиёда ҳамма шундай деб танийди. Ўзим кўрмаганман ҳали у ерни. Тоғ этагида жойлашган кўп зебо манзил деб таъриф этадилар. Бобою бобокалонларимизнинг ватани-да. (Узрхоҳлик асноси у таржимаи ҳолининг шарҳига тушиб кетади.) Биз бўлсак, Афғонистонда таваллуд топдик. Оллоҳнинг ҳукми билан. Ота-энамиз ямоннинг зулмидан қочиб, Амударёдан гупсарда сузиб ўтган эканлар, қаранг! Етти пуштимиз дўкончию сармоядор бўлган-да. Боз устига, бобомиз Бухор мадрасасини хатм қилган нафаслари кўп ўткир мулло ўтганлар. Янги ҳукумат исми муллою дўкондорга душман чиқибди. Нима қиласиз — қочасиз-да! Э, укажон, (калласига муштлаб) бу сабил бош нималарни кўрмади дейсиз! Бегона юрт, ғарибчилик, хору зорлик! Охири Амрико бордик денг. Мамлакат бой! Қимирлаган жон нонсиз қолмайди. Биз ҳам шуларга қўшилиб елдик, югурдик, сармоя топдик. Мана, одам бўлдик. (Илжайиб.) Бугун кимсан — миллионер Раҳматуллоҳи Жийдалий! Бу орада Ватан озод бўлди. Келдик чопиб. Фобрик, дав-дастгоҳ олиб келдик. Сех очдик, корхона очдик. Совун чиқарамиз, қандолат чиқарамиз. Энди мана шу жойлардан бир ватан сотиб олиб, обод қилмоқ ниятимиз бор, укажон.
Турсуний (мамнун-маҳлиёга ўхшаб). Яшанг! Яшанг, Раҳматжон ака, қойил! (Атай меровсираб.) Нима, у ёқда, Америкада дейман-да, уй-жой йўқми?
Жийдалий (ғурур-қаноат билан). Бор! Бир эмас, бир нечта! Бола-чақамиз ўша ёқда. Локин, ман сизга айтсам, укажон, Ўзбакистондай юрт дунёда йўқ! Жаҳонгашта акангизнинг гапига ишонинг! Бу бир тайёр жаннат-ку! Қаранг, ҳамма нарса арзон, бемалолчилик! Бу жойларнинг сафосини, мана шу ором ўтиришимизни айтинг! Амрико-да бундай баҳузур гурунг қуриб, чақчақлашиб бўпсиз! Икки кунда хонавайрон бўлиб кетасиз! Бой мамлакат бўлгани билан жаҳаннамнинг ўзгинаси у! Масалан, мана шу (қўлидаги сигаретни кўрсатиб) бир қутича тамаки у ёқда, биласизми, неча пул туради? Беш доллар! Бу ерда-чи, шунга яна беш доллар қўшиб, бир ой тирикчилик қилсангиз хам бўлади.
Турсуний Бизда ойликни доллар қилиб бермайди-да, ака!
Жийдалий. Бу бир мисоли гап-да, укажон... Бачалардан нечта? (Жавобини кутмай.) Сизга маслаҳатим: ҳозир, мана шу арзон замонда икки-учта ҳовли қилиб қўйинг. Кейин бориб раҳмат айтасиз манга.
Турсуний Ҳозирданоқ сизга раҳмат-у, лекин ҳовли дедингизми? Икки-учта?!

Жийдалий. Ҳа-да! Кивартир дейди-я сизлар-да? Мана, ман ўзим Навоий кўчасидаги уйлардан иккита ўшандоғини сотиб оляпман. А-арзон! Бири — олти минг долларга тушди, бири — саккиз яримга. Дунёда бундоқ арзон уй-жойни тополмайсиз, биродар!
Турсуний (қувлик аралаш). Узр, Раҳматжон ака, айбга буюрмайсиз. Доллар деганлари ўзи қанақа матоҳ бўлади, бир кўрсатмайсизми?
Жийдалий (ранжиброқ). Сиздан ёшим улуғ, укажон, мани майна қилманг.
Турсуний (ғирт қасамхўрлик билан). Худо ҳаққи, кўрмаганман сира! Ҳамма «доллар, доллар» дейди...

Жийдалий. Хўш, қандоқа бўлади деб ўйлайсиз?
Турсуний Ҳув мактаб дарсликларимизда шундай бир расм бўларди: қорни семиз, шляпали бир жаноб оғзи очиқ қопнинг олдида ҳассасини ўйнаб турибди. Қоп тўла танга-чақасимон нарса. Шу бўлса керак-да доллари? Расмнинг тагига «Миллионер капиталист» деб ёзилган эди...

Жийдалий (астойдил қаҳ-қаҳлаб). Манга ўхшармиди? Қаранг, манда ундоқа қорин ҳам йўқ, асоча ҳам! Лекин ман ҳам миллионерман. Шундоқ бўлганим билан сармоямдан бир танга ҳам сарфламайман. Тушган фоизига тирикчилик қиламан фақат. Бўлмаса, қандоқ миллионер бўласиз, укам! Мана шу хонадонни айтаман-да, «қийналяпмиз, қийналяпмиз» дейдилар-у, бундаги келди-кетди, сарф-харажатни кўриб ёқа ушлайсиз!..
Турсуний Раҳматжон ака, булар билан, янгамулломиз билан-да, қанақа танишсиз ўзи?
Жийдалий (завқ билан). Э, бунинг тарихи қизиқ, укажон! Биларсиз, Амрикодан чиққан тайёра гоҳида Истанбулда бир-икки соат тўхтаб, сўғра бу ёққа қараб учади. Булар — икки дугона тижорат қилгани борган эканлар. Тайёрада учовлон бир жойда ўтириб қолибмиз денг! Бўстоной дегич шериклари бор экан. Э, аломат! Бало, бало! Туркон Хотун-а дейсиз! Гапдан гап чиқиб, янгамулломиз манинг Жийдалий эканимни билдилару апоқ-чапоқ топишдик-қолдик. Ўзлариям аслан ўша ёқдан эканлар-да. Мана, энди қиёматли опа-укамиз, қаранг! Кўп уддабурон, фазилатли аёл, барака топсинлар! Воқеан, домулломизнинг ўзлариям Жийдалидан бўладилар, биласиз-а? Шу ҳисобда биз бу хонадон билан ҳамватан, ҳамюрт, қариндошдай бир гап... Домулломизнинг ҳам юртни зиёрат қилмаганларига кўп замон бўлибди. Ман-ку бир мусофиру муҳожир, бу киши нега туғилган ватанларига бормадилар экан... Икковлашиб бир ўтиб келамиз деб ваъдалашиб қўйганмиз ҳали, худо хоҳласа!
Турсуний (куйиниб). Устознинг ишлари орқага кетиброқ қўйди-да. Эрта-индин академик бўламан деб турганларида бирдан мустақиллик келиб қолди...
Жийдалий (таажжуб билан). Ия, қайтага зўр бўлибди-ку! Мустақиллигу озодликка нима етсин! Энди икки карра акадимик бўлсалар ҳам кам!
Турсуний (энсаси қотиброқ). Энди бўлолмайдилар. Замон ўзгариб кетди-да, ака! Устоз ўша замоннинг одами эдилар. Бўлганда ҳам энг зўри, энг номдори! Эҳ-ҳэ, у даврларни билсангиз! Манаман деган алломалари ҳам устозимизнинг оғизларига қараб турарди!..
Жийдалий (астойдил афсус чекиб). Чатоқ, чатоқ бўлган экан. Ҳай, бу замонга ўтсалар нима қилади? Домулломиздан бошқалари ўтгандир? Ёки улар ҳам четда қолиб кетдиларми?
Турсуний (диққати ошиб). У ёғини ўзларидан сўрарсиз, ака!
Жийдалий. Лекин ўзлари кўп улуғ одам. Авлиё, авлиё! Бир уй китобни хатм қилиб эканлар-а, офарин! Янгамулломиз ҳам сўйлаб эдилар. Тағин денг, ўша китобларнинг бир қанчасини домуллонинг ўзлари ёзиб эканлар. Мана, энди ана шуларнинг бари хатога чиқибди! Буям бир фалокат-да, укам. Ман ҳам денг, бундан кўп йиллар бурун Покистонда бир дўкон очиб эдим...
Шийпон тарафдан Домла нинг ҳайқириғи эшитилади.
Домла. Қозонга ўт қаландими, Турсунбой?
Турсуний бир ҳатлаб ўчоқбошига боради-да, ўтинга олов ёқиб, жойига қайтади.
Турсуний (ҳайцириб). Гуриллаб ётибди, устоз, зўр!
Жийдалий ҳовли бўйлаб у ёкдан-бу ёққа юмуш қилиб юрган Клара га суқ билан тикилади.
Жийдалий. Бу, Килорахон синглимиз кўи барно, кўп хушрўй эканлар-а, Турсунбой! Энди кўриб туришим! Ўтган сафар келганимда йўқ эдилар... Лекин тиллари аччиқроқ.
Турсуний (эски армон билан). Эй-й, ёшлигида кўрсангиз эди бу қизни!..
Жийдалий. Қўлдан чиқариб юборган экансиз-да, укам! Оталарингиз қалин дўст эмиш-ку...
Турсуний У вақтларда бу жонон бизни назарига ҳам илмасди, ака! Ленинградларда ўқиб, ўрисча гапириб!.. Бунинг эри — ўрис, биласиз-а? Ўша ёқларда бирга ўқиб, топишиб қолишган. Икковиям шарқшунос! Замон бошқача эди-да. Ўрисми, мусулмонми, кўпам ажратиб ўтирилмасди. Устознинг ўзлари ҳам кўпроқ ўша тарафларга тортиб турардилар. Қизларига унча қаршилик қилмаганлар. Яна денг, коммунист эдилар-да. Бир гап чиқса, чатоқ бўлишини ўйлаганлар шекилли, розилик берганлар. Лекин эри яхши йигит, ўзбекка ўхшаб кетади. Мусулмончиликка ҳам ўтган, дейишади, ким билсин. Ҳар ёзда эр-хотин келиб-кетиб юришарди. Эшитишимча, куёвимиз нима баҳона биландир чет элга кетиб қолганмиш. Бу энди аразлаб бу ерда юрибди... Барибир, аслига тортар экан-да, ака, нима дедингиз?
Жийдалий. Жигар — жигар, дигар — дигар, дейдилар-ку! Энди нима қилар экан булар, ажа-аб! Бир саройга малика бўлгудек аломат жувон-а! Ўзи буларнинг бари кўзга яқин, истарали экан. Томирлари тоғдан-да! Мелибой ҳам... Ҳай, Мелибой — ўзимизнинг улфат. Исмларини ўзим қўйганман. Булар Милисми-пилисми дейишар экан уни. Тилим келишмади... Чўмилиб чиққанмиканлар, нима дейсиз?.. Ана, бояги ялла яна бошланди!
Турсуний, қулоғи динг, кўрсатгич бармоғини лабига босиб «тишш!» дейди-да, икки ҳатлаб дарвозахонага етади. Мошинанинг атрофини айланиб, искалана кетади. Бир маҳал кўшиқ тиниб, мошина орқа юкхонасининг қопқоғи аста кўтарилади. Ундан бир соҳибжамол қушдек сакраб чиқиб, у ер-бу ерининг чангини қоқа бошлайди.
Турсуний (эси оғгудек бўлиб). Кимсиз, синглим? Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? Қандай келиб қолдингиз ўзи?
Қиз (елкасини қисиб, қўлларини ёзиб). Билмайман...
Домла (шийпондан овози). Ашулани ким ўчирди, ҳей?..

Тўртинчи манзара

Оқшом чоғи. Ҳовли ўртасидаги чорпоя. Ёстиғу якандозлар жой-жойида — зиёфатга шай. Хонтахта устида дастурхон тузалган; бир четда арағу коньяк ҳам терилиб турибди.

Домладан бошка ҳамма шу ерда. Аммо ҳеч ким чорпояга чиқишга ошиқмайди. Раҳматуллоҳ Жийдалий билан Турсунийгина чорпоянинг қирғоғига омонатроқ ўрнашган.

Олдиларида — бояги шиша, «отган»лари сезилади. Қолганлар — Хоним, Клара, Асал хола ва Луиза чорпоя панжарасига суянганча тизилиб туришибди. Нарироқда яланғоч баданига каттакон сочиқ ташлаб олган Мэлис ерга чўнқайиб ўтирибди; сочлари ялтирайди — ҳали ҳўл.

Ҳамманинг кўзи бир четда ерга караб турган нотаниш қиз — «Оқ каптар»да. Гўё уни сўзсиз-унсиз муҳокама килишяпти. Зинапояда Домла кўринади.

Домла (яқинлашаркан). Ўҳ-ў, жамоат жам-ку! Чиқиб ўтирмайсизларми? (Мэлисга кўзи тушиб, Жийдалийга юзланади.) Раҳматуллоҳ иним!

Жийдалий (қўлини кўксига қўйиб ўрнидан туради). Лаббай, домулложон!
Домла. Фарзандлардан нечов эди?

Жийдалий (ҳозиржавоблик билан). Учовгина, домулложон. Учови ҳам ўғил. Сизга айтиб эдим чоғи.
Домла. Умрларини берсин! Қайси бири ўзингизга ўхшайди? Хўш?

Жийдалий (ўйланиб, кулимсираб). Бирининг кўзи ўхшайди, домулложон, бирининг — сўзи, бирининг қилиғи...
Домла. Ҳеч бир жойи ўхшамаса, ундай ўғилни нима қилардингиз?

Жийдалий (довдираброқ). Ҳеч жойи ўхшамаса... унда бизники бўлмайди-да, домулло!
Домла. Отангизга раҳмат, Раҳматуллоҳ! (Мэлисга бармоқ нуқиб.) Бундан чиқадики, мана шу яримяланғоч ўтирган беҳаё укангиз бизга фарзанд эмас экан!..
Xоним (чийиллаб). Вой-вой!..

Жийдалий. Иби, домулло, астаъфуруллоҳ десангиз-чи!

Домла (бўшаштирмай, бояги пардада). Бола бўлиб бу менинг йўриғимга юрмади сира. Илмий ишни чала ташлаб аллақандай томошахонага ўтиб кетди. Ўттизга бораётган одам, бўйнида бир тинғир-тинғир асбоб, касб-кори — ялло! Ўттизга бораётган одам, уйланишдан сўз очсангиз — тиржайгани тиржайган: кейин, кейин! Қачон? Пенсия ёшига етгандами?! Мана, кўриб турибсиз, янги қилиқ чиқарибдилар бугун! Ўзи ўлгудек маст, бир балоларни валдираб, эрталабдан бери ҳамманинг кўнглига ғулғула солиб ўтирибди...
Мэлис (инграгандек). Папа!..
Домла (даргазаб). Ҳе, папаларингга лаънат сени! «Мустақиллик кетди! Озодлик кетди!» деб алаҳлармиш нуқул. Қаёқдан топдинг бу гапни? Гапир!
Мэлис (алам билан). Кетди! Ҳаммаси кетди! Мустақиллик ҳам, озодлик ҳам!
Домла. Бу нима деганинг, ҳайвон?! Эсинг жойидами ўзи?.. Йўқ, бу болага бир бало бўпти. Аниқ!

Кўмак сўрагандек, бошқаларга ўгирилган Домла ҳамма бир тарафга қараб турганини кўради. Нотаниш қизга шундагина кўзи тушади унинг. Сўнгра ҳаммага бир қур саволомуз, таажжуб аралаш назар ташлаб чиқади. Барча сукутда.

Домла. Мехмонимизни таниёлмадим...
«Оқ каптар». Ассаломалайкум. (Барчага бир-бир артистона таъзим қилиб чиқади.)
Домла. Келинг, қизим. Ким бўласиз?
«Оқ каптар» ияк коқиб Мэлисга ишора қилади: ўғлингиздан сўранг!

Домла. Қаёқлардан сўраймиз? Бу ерга қандай кепқолдингиз? Нима деб?..

«Оқ каптар» яна ияк қоқади: ана, сўранг!

Турсуний (ширакайфроқ). Э, домла, уни-буни қўйиб, тўйни бошлайверайлик! Боя укамизни изза қилаётувдингиз, мана — келин ўз оёғи билан кепти! Маладес Мэлисвой! Горько!

«Оқ каптар» (дарвозахона томон ишора қилиб). Мошинада!
Мэлис (тўнғиллаб). Юкхонасида!
Асал хола (бармоғини чаккасига босиб). Иби-и, шарм эмасми?
Xоним (жеркиб). Шундай пайтда жим турсангиз-чи, амма!
Асал хола. Хўп, хўп, айлан... Рўза Ҳасан...
Xоним (мулойимгина). Кимнинг қизи бўласиз, қизим?
Турсуний Энди сизники бўладилар-да, янгамулло!
Клара (қўшиқ оҳангида). Замон, замон, янги-и замон...
Луиза (онасига қараб). А чё, красивая! Правда, мамуль?
Домла (Жийдалийга). Қани, Раҳматуллоҳхон, сиз гапиринг!
Жийдалий. Биз нимаям дердик, тақсир? Борига барака... Ўзлари ойдай эканлар. Хуш кептилар.
Домла (ҳорғин бир қониқиш билан). Мустақиллик, озодлик... Гап бу ёқда экан-да. Ҳалитдан бери одамни таҳликага қўйиб... Ҳе, касофат! Нима деймиз, унақа мустақиллик, унақа озодликнинг бас бўлгани ҳам маъқул... Ҳай, чиқинглар бўлмаса чорпояга. («Оқ каптар»га қараб.) Келинг, қизим... Сизни энди Озодой деймиз-да, манов боланинг эркини олиб қўйибсиз-ку. (Мэлисга.) Тур энди сенам. Масхарабоз! Эгнингга бирор нима илиб кел... Амма, ош тайёрми?
Асал хола. Тайёр, тайёр, айланай. Сузаверайми? (У пилдираб ўчоқбоши томон юради.)

Домла чорпояга чиқишдан олдин, бир нима эсига тушгандек, шимининг чўнтагини кавлаб, оқ конверт олади.
Домла (у ёқ-бу ёққа аланглаган бўлиб). Манови кимники? Менинг столимда ётибди...

Домла ижирғаниб конвертни хонтахтага ташлайди. Хонтахта узра сирғалган конверт ерга тушиб очиладию ичидан доллар сочилиб кетади.
Жийдалий (кўзининг пахтаси чиққудек олайиб). Доллар-ку бу, домулло! Доллар-а! Ўбол, ўбол! (У апил-тапил ерга энгашиб, пулни териб конвертга жойлайди-да, Х о н и мга тутқазади.) Буни олиб қўйинг, янгамулло! Сизларга керак бўлмаса, манга берасизлар кейин! Ҳаммаёқда бекордан-бекор сув оқиб турса, доллар ерларга сочилиб ётса, бу мамлакат — мамлакат бўладими, айтинглар! (Кейин Турсунийга қараб.) Доллар деганлари мана шу, укажон, кўриб олинг!..
Турсуний (ўзини қаёққа қўярини билмай). Ўзимиз билган оддий бир қоғоз экан-ку буям, ака!
Жийдалий (беихтиёр маънодор қилиб). Ҳа-а, укажон, ўша ўзингиз билган қоғоз!..

Ҳамма жой-жойини билиб чорпояга ўрнашади. Луиза «Оқ каптар»ни қўлидан ушлаб даврага бошлаб келади. Янги меҳмон Клара билан Луизанинг ўртасидан жой олади.

Йўл-йўлакай кўйлагини тугмалаб Мэлис кўринади.

Ҳамма жам.

Домла. Қани, Раҳматуллоҳхон, бирор нима деб юборинг!

Жийдалий (дуога қўл очиб). Ўзбекча бўлсинми, арабчасигами?
Домла. Фарқи бор эканми?..

Шу маҳал кутилмаганда, бузуқ ётган телефон чўзиб-чўзиб жиринглайди. Хоним шоша-пиша чорпоядан ташлаб, уйга югуради. Дуога очилган кафтлар туширилади.

Xоним (ичкаридан овози). Бўсто-он! Бўстон, ўзингизми? Ҳа, ҳа... Нима-а? Нима бўпти?.. Алё! Ал-ё! Э, падарингга лаънат! Тағин ишламай қолди-я! Уй эмас бу, саҳро! Саҳройи Кабир!

Шу замон ҳовлида чироқлар порлаб, ичкарида эрталаб қулоғи бураб қўйилган радиою телевизор бараварига шовқин солиб гапира бошлайди. Лаҳза ўтмай уйдан Хоним югуриб чиқади.
Xоним (ваҳима билан). Вой, бу ёққа келинглар, бу ёққа! Яна портлаш! Тоғларни террорчилар босиб кетганмиш! Сурхондарёдами, Қашқадарёдами — ишқилиб, қайсидир дарёда! Ўтган йили Тошкентда портлатган эди-я! Вой, тинчлик бўладими-йўқми бу мамлакатда, айтинглар!

Асал хола лаганда ош кўтариб чорпояга яқинлашади.

Асал хола (ҳамма жойидан тураётганини кўриб). Иби, ош-чи? Ҳай, кейин эшитарсизлар шуни...
Xоним (жиғибийрон). Э-эй, қўйиб туринг шу ошингизни! (Жийдалийга интилиб, ялингансимон.) Раҳматжон! Кўриб турибсиз, бу юртда яшаб бўлмай қолди. Қачон қарасанг — бир ғавғо! Олиб кетинг бизни ўша Американгизга! Жон ука, илтимос!

Жийдалий (пароканда даврага ғараб, тантанавор). Амриконинг эшиги бутун дунёга очиқ, биродарлар!

Ҳамма ҳар ёқка тумтарақай бўлади. Ўртада лаган кўтарган Асал хола ёлғиз қолади.

Асал хола. Иби, ош-чи, ош нима бўлади, яхшилар?..

Иккинчи қисм

Васваса

ёхуд

Америка, Қайдасан…

Бешинчи манзара

Орадан бир йил ўтган.

Домланинг шаҳар квартираси. Каттакон меҳмонхона.

Одатдаги жиҳозлар: стол-стул, диван, сервант, юмшоқ курсилар, бурчакда телевизор. Гилам осилган ён тараф деворда Домла билан Хонимнинг ёшликда олинган сурати. Чап томонда даҳлиз, ўнг томон — ошхона ва ҳоказо.

Тўғрида — қатор кетган уч эшик — ётоқ бўлмалар. Энг четдагисининг эшиги қия очиқ.

Даҳлизга яқин бурчакдаги оромкурсига ястаниб олган Xоним телефонда сўзлашаётир. Уни деярли таниб бўлмайди. Ўта замонавий, гўё «американча» либосда.

Қўлида сигарет, кулини пастак столчадаги ғаройиб кулдонга чертиб-чертиб қўяди.

Xоним (гўшакка). Хуллас, ҳаммаси о'кей!.. Ҳа-ҳа, Раҳматжоннинг ўзи кузатиб қўйди. «Жип»ида. Барака топсин... Ие, у ёғини ўзи пишириб, менга телефон очади. Шундай деб келишдик... Ҳозирча қаерданлиги номаълум. Кўрамиз-да... Кейин гаплашамиз. Олду тамам, жоним, бай-бай! Ўпдим! (Гўшакни жойига қўйиб, у қия очиқ эшикка қарай-қарай маъни қила бошлайди.) Бўстон... Пенсильвания деган жойдан уй олганмиш. Вилла! Ҳовлисидаги газон компьютер билан суғорилармиш. Зўр-а? Ўша ёқдаги агенти гаплашиб қўйибди. Бало бу хотин! Йўқ жойдан эрли ҳам бўлиб олди. Тўйида кўрувдингиз-а? Ёшгина, укасига ўхшайди. Лекин роса келишган! Аллақайси вилоятдан экан. Ўзи намозхон. Ҳеч қаерда ишламасмиш, қаранг. Эртадан кечгача уйда ўтиради, дейди. Шунга ҳам рози бу хотин. Яккаю ёлғиз ўғлини уйлаётиб, элнинг кўзига бошини пана қилгандек бўлди-да. Бўлмаса, элликдан ошган хотинга эр нима керак денг! Тўғрими?.. Ҳай, бўлдингизми? Намунча? Вой-бў!..

Қия очиқ эшикдан Домланинг овози эшитилади.
Домла. Ҳозир, ҳозир, хоним... Ўзингиз қўймадингиз-ку! Бу ўлгур шими торроқми, белни сиқворди-я!..

Ниҳоят, Домла нинг ўзи кўринади. Аммо бу киши биз билган Домла эмас, гўёки ажабтовур бир кекса жаноб! Ажи-бужи расм солинган олабайроқ майка, жун босган эгри оёқларга «роса ярашган» калта шим — шорти, бошда — тумшуғи бир қаричли бейсболка!
Домла (қипяланғочдек қимтиниб). Одамни истеъфога чиққан Санта-Клаусга айлантирдингиз-қўйдингиз-а, хоним!

Хоним ўрнидан туриб, қўллари белида, бошини бир ёнга солинтириб синовчан тикилада унга.
Xоним. Ўхшадингиз! Худди ўзи! Вери гуд!
Домла (хавотирда). Кимга ўхшадим? Кимга?
Xоним. Америкалик жанобларга-да!
Домла. Шу рўдаполарсиз қўймас эканми Америкасига?
Xоним. Сиз, домлагинам, анови советча костюм-шиму бўйинбоғларга ўрганиб қолгансиз-да! Ҳозир бутун дунё мана шундай юради. Эркин дунёнинг либоси бу!

Даҳлиздан югуриб кирган Луиза бир зум ҳайратда котиб қоладию ўзини чапдаги эшикка уради.
Луиза (ичкаридан овози). Мам! Смотри, дедуль как настояший клоун!

Ўша эшикдан чиққан Клара ҳам донг қотади.
Клара (ғижиниб). Дада! Ярашмабди сизга!
Домла (ерга киргудек). Ана, мамангдан сўра.

Клара боя Домла чиққан хонадан тезгина бир чопон келтириб, отасининг елкасига ташлайди.

Клара. Ойи, кўрган одам нима дейди!
Xоним. Э, бор, бор, аралашма! Американи кўрибсанми сен?!
Клара (қайтиб хонасига кираркан). Як чизро донем — аз худро худо ронем. (Билганимиз бир нарсагина-ю, ўзимизни худо чоғлаймиз.)
Xоним. Нима деяпти бу? (Домлага юзланиб.) Бошқа тилга ўқитсак бўларкан шуни. Форсчани биламан деб, чулдирганлари чулдираган!

Домла елкасидаги чопонни ростакамига кийиб, диванга чўкади. Хоним ҳам беихтиёр унинг ёнидан жой олади.

Домла (ўйчан). Бирга бориб келсак бўларди-да, кампир?
Xоним (энсаси қотиброқ). Қаёққа, чол? Жийдалингизгами?
Домла. Жийдалимизга! Ҳарнечук, Тўйтепага кетаётганимиз йўқ-ку. Дунёнинг нариги чеккаси бўлса — Америка деганлари! Шу кетиш билан қачон бу ёққа келамизу қачон борамиз Жийдалига! Ёшимиз ҳам бир жойга боряпти. Насиб қиладими ҳали, йўқми...
Xоним. Э, қўйсангиз-чи, домла! Аввал борайлик, жойлашайлик. Балки бирдан бойиб кетармиз! Америкада шундай эмиш-ку: бир гўрлардан келармишу тезда бойиб кетармиш одам!
Домла. Афсонангизни қўйинг, хоним! Хазинасининг оғзини очиб ўтирмагандир сизга? Жаннат ўзи қайда экан... Ҳар ерни қилма орзу — ҳар ерда бордир тошу тарозу!
Xоним (қатъият билан). Ишонинг, хўжайин, жаннат дегани худди ўша ерда! Ўзим кўриб келдим-ку, ахир!
Домла (ночор). Майли, майли, ишондик. Лекин ит жонивор ҳам бирор ёққа жўнаганида ялоғига бир қайрилиб қарайди-ку! Сизу бизнинг ота-онамиз ўша ерда ётибди. Қавм-қариндош ўша ерда. Бормаганимизга неча йиллар бўлди. Уларни бир зиёрат қилмасдан, «Қайдасан, Америка?» деб индамай жўнайверсак, арвоҳлар чирқиллаб қолмайдими? Улар ҳам йўл бермас...
Xоним (қатъий). Сиз — ўзингиз биласиз, хўжайин. Мен бормайман. Боролмайман. Қандай қилиб кетай, айтинг? Бу ёкда шунча ташвиш, югур-югур! Харидорни зўрға кўндириб турибман ўзи, қўлдан чиқиб кетса!.. Бу уйни тезроқ гумдон қилиш керак. Раҳматжон у ёкда кутиб турибди-я! Бир ҳафтага қолмасдан жой топиб, хабарини етказмоқчи эди. У ёқларда биздагига ўхшаб чўзиб юрилмайди. Уй керакми сизга? Қанақасидан бўлсин? Қаердан бўлсин?.. Компьютерни босасиз — тамом! Қолаверса, виза-миза дегандай ғавғолар... Олти одамнинг ташвиши — бир ўзимнинг бўйнимда! Мэлиснинг аҳволи ўзингизга маълум. Тинғир-тинғирдан бўшамайди ҳеч...
Домла. Олти киши дедингизми? Кимлар?
Xоним. Ким бўларди, шу... ўзимиз! Сиз, мен, Мэлис, хотини, Клара, қизи билан.
Домла. Ҳамма кетадими? Бирданига-я?
Xоним. Вой, ҳа! Бу ерда қолиб нима қиларди?
Домла. Кларангизни айтаман-да, кетармикан? Эри нима дейди ҳали?
Xоним. Балога йўлиққур Виктор! Ўзлари чет элма-чет эл изғиб юрибдилар, қизим шўрлик бу ерда эзилиб кетди. Эрми шу? Боради! Балки ўша ёқларда бахти очилиб...
Домла. Бошқалар-чи? Ўғлингиз, келин...
Xоним. Вой, ҳаммаси жон-жон деб қанот чиқариб ўтирибди-ку! Америка бўлади-ю, бормайдими?!
Домла (хаёлчан). Ҳаммаси-ку майли-я, шу, аммамизни норози қилиб жўнатганимиз чатоқ бўлди-да, хотин! Сизнинг қистовингиз билан кўнишга кўндим-у, лекин ўша кундан бери ўзимга келолмайман, тўғриси! Худди бир жойим камдай, нимадир етишмаётгандай...
Xоним. Амма, амма! Э, қўйинг ўша Заҳар аммангизни!
Домла. Заҳарми, Асалми, шунча йил хизматингизни қилди, болаларингизга қаради, рўзғорингизга чўри эди! Шу ишимиз ноинсофлик бўлди, хотин. Йўқ, нокаслик! Охири кўчага ҳайдагандай қилдиг-а! Э, аттанг!..
Xоним. Шунча йил кимсасиз бир кампирни едирдик, ичирдик денг! Энди у кишимни Америкага ҳам опкетиш қолувди! Ўзи бир қари кампир бўлса! Инглизчани билмаса!..
Домла (диққати ошиб, бўғилгудек). Хони-им!
Xоним. Тўғриси керакми? Тўғриси — аммангиз Америкага ярашмайди, конец!
Домла. Оббо-о!
Xоним (ҳеч гап бўлмагандек). Қачон кетмоқчисиз?
Домла. Эрталардан жўнасамми деб турибман.
Xоним. Паспортингиз менда-ку, визага берганман. Автобус-павтобусда бориб келарсиз?
Домла. Ҳай, бир гапи бўлар. Уч-тўрт кунда қайтаман.

Телефон жиринглаб, Хоним ўша ёққа чопади.

Xоним (гўшакка). Ким?.. Эълон бўйича? Қанақа эълон?.. Ҳа-а, репетиторман денг? Жуда яхши-да. Отингиз нимайди, укам?.. Сардорми? Гап бундай, Сардоржон! Биз Америкага кўчиб кетаётувдик... Кўпчиликмиз, ҳа. Шунга инглизчадан уч-тўрт соат дарс олмоқчи эдик-да. Пулини ўйламанг, оласиз. Ўзим-ку, кечагина келдим, беш-ўнта сўзини биламан. Хелло, хау ар ю, хау мач, вери гуд, бай-бай... Қалай, ўхшайдими?.. Кечқурунлари-да... Майли, майли, эртадан бошлаб... Ие, йўқ, шошманг, эртага биз жаноб посолнинг олдига боришимиз керак... Ҳа, суҳбатга. Индин бўлақолсин. Адресни биласиз-а?.. Бўпти, кутамиз. О'кей! Бай-бай, жоним. Ўпдим...

Хоним гўшакни жойига қўйиб, «бопладим-а» дегандек диван тарафга карайди. Домла, кўзи юмук, оғзи очиқ, пинакка кетгандек. Мэлис, унинг ортидан хотини — «Оқ каптар» кўринади.

Мэлис. Ия, папашамизми? Культур-ку! Америкага тайёргарлик!..

«Оқкаптар» (ҳавас билан термилиб). Майечкалари чиройли экан. Модный!
Мэлис. Ухлаб қоптилар-да...
Домла (бир кўзини очиб, Мэлисга, муғомбирона). Сенам кетяпсанми? Бор, бор. Маманг ҳаммангга мана шунақа модний майка, шортилар олиб беради! Кока-кола ичасан, хай-хай, бай-бай деб юрасан, маза! Жийдали Америка!

Домланинг гапларидан ҳамма ҳангу манг, бир-бирига қараб қолади: чолга бир бало бўлмадимикан?..

Олтинчи манзара

Домланинг уйи. Ўша кўриниш. Хона ўртасидаги узунчоқ столнинг бир бошидан репетитор Сардор, бир бошидан Луиза жой олган. Xоним ўртада.

Инглиз тилидан сабоқ...

Ичкаридан элас-элас «Бу кўнгилдир, бу кўнгил» қўшиғининг хиргойиси эшитилиб туради.

Сардор (дона-дона қилиб). Вау, ит из вери экспенсив!
Xоним. Нима дегани эди бу, Сардоржон?
Сардор. «Вой-бў, жуда қиммат-ку бу!» Қани, такрорланг-чи.
Xоним (тили келишмай). Вой-бў, итиз... бери экспансив!
Сардор (кулиб). Мана бундай: ит, из, вери, экспенсив. (Луизага қараб). Теперь ты повтори. Қани, такрорлагин-чи?
Луиза (айнан). Вау, ит из вери экспенсив!
Сардор. Отлично! Зўр!
Xоним. Бу ҳали ёш-да, Сардоржон. Калласи свежий. Ҳам мактабда французчани ўрганган.
Сардор. Опа, сиз бирор қоғозга ёзиб олсангиз бўларкан...
Xоним. Вой, ана-а, шундай демайсизми! Иди, Луизахон, из дедушкин кабинет листок бумаги принеси. Мои очки тоже, қизим.

Луиза сакраб туриб, энг четдаги эшикка кириб кетади. Икки варақ қоғозу калам ва кўзойнакни олиб чиқиб, бувисининг олдига қўяди.

Xоним. Бу инглиз тили ўлгур роса қийин экан-ку, Сардоржон? Кечадан бери тўрттагина сўзни ҳам ёдлаёлмаётибман-а! Мана бу бижилдоқ (Луизага ишора қилиб) эса сайрагани сайраган! А ну-ка, қизим...
Луиза (Сардорга типпа-тик қараб). Ай лав ю!
Xоним. Ана!.. Нима деяпти ўзи?
Сардор (ўнғайсизланиброқ). Сизни роса яхши кўрарканлар!
Xоним. Вой, менам буни яхши кўраман-да. Биттаю битта неварам бўлса! Бунинг устига, Ленин... Петербурглардан келган! «Алавию» дедими? Бизларнинг ёшлигимизда шундай бир қўшиқ бўларди, «Алавию, алавию» деб айтарди. Эсизгина!

Ёшлар зимдан бир-бирига тикилиб ўтиради.

Xоним (бирдан шовқин солиб). Ҳей, бошқалар қани? Бу савил қолгур инглизчаси битта менга керак экан-да, а! Кла-ара! Кели-ин!..

Ўнг тарафдан сўмкачасини елкасига осиб олган башанг «Оқ каптар» чиқиб келади.

Xоним. Ия, йўл бўлсин?

«Оқкаптар». Спектаклга. Бугун «Дилором» эди...
Xоним. Инглизчани ким ўрганади?! Мана, Сардоржон азза-базза келиб ўтирибдилар...

«Оқкаптар». «Самоучитель» китобим бор, мама. Антракт пайтлари ўтириб ёдлаяпман.
Xоним. Мэлисингиз қани?

«Оқ каптар». Клип олгани кетишган. Тоққа. Клара опамнинг эса бошлари оғриётганмиш.

Шу чоқ телефон жиринглаб қоладию фурсатдан фойдаланган «Оқ каптар» даҳлиз томон ўтиб кетади.
Xоним (гўшак қулоғида). Бўсто-он! Ўзингизмисиз, жоним? Хелло, хелло!.. Ҳа, нима бўлди, ўртоқжон? Нега йиғлаяпсиз?.. Нима-а? Тушунтириброқ гапиринг!.. Вой-й! Вой ярамас, вой ифлос-эй! Ростданми? (Қўли билан «чиқиб туринглар» дегандек ишора қилади, ёшлар қанот қоқиб Домланинг бўлмасига кириб кетишади.) Кейин нима қилдингиз?.. Кетига тепдингиз? Вой, мелисага бериб юбормайсизми, ўртоқ! Намозхон эмиш-а тағин! Одамзодни билиб бўлмас экан-а, Бўстоной!.. Бўлгани бўпти, садқаи сар! Ўғлингиз билмадими ишқилиб?.. Ҳа, тузук, тузук. Ўзингизни қўлга олинг, жоним» Бир ҳисобда, шу ердаёқ қутулганингиз яхши бўпти. У ёққа борганда бошингизни қай деворга урардингиз?.. Вой эшак, вой тўнғиз-эй!.. Майли, жоним, эртага ўтарман. Бафуржа... Бай-бай! Ўпдим... (Гўшакни жойига илиб, дик этиб ўрнидан туради. Тантанаворлик билан кафтини кафтига уради.) Ҳа-а, ана шундай бўлади, жонгинам! Ўтники — ўтга, сувники — сувга! Кўзингизни ёғ босиб, жа-а шишиниб кетувдингиз! Ажаб бўпти, хўб бўпти! Мана, энди мақтаган Пенсильваниянгизга сўппайиб битта ўзингиз кетасиз!..

Ўртадаги эшикдан бошини пешонабоғ билан танғиб олган Клара кўринади.

Клара (оғриниб). Ойи, намунча? Бирпасгина бош қўйгани тинчлик йўғ-а!
Xоним (ўзини диванга ташлаб, ёнидан жой кўрсатади). Бу ёққа кел. Ўтир бундай. Гап кўп! Бўстон опанг адои тамом! Анови янги эри бор эди-ку, ёш, келишган? Ўша, келинига тегишиб қўйибди! Шармандалик! Ўзи аллақайси бир вилоятдан экан. У ёқда бола-чақалариям бормиш. Бўстон уни бойвачча қилиб «иномарка» миндириб қўювди. Ҳеч жойда ишламасди. «Алфонс» дейдими бунақасини? Эртаю кеч уйда намоз ўқиб ўтиради, деб мақтардилар бойвуччам! Ўл бу кунингдан! Кўзинг кўрмиди?!
Клара (бу гапларни асло эшитмагандек). Ойи, аммашкамни соғинибман... Бир олдиларига бориб келсаммикан? Келин адресни билади-я? У ерни ўзи топиб, ўзи гаплашиб, бечора аммамни ташлаб келди-ку! Ўшандан бери кўзимга балодек кўринади у. Тошбағир! Амма бизники-ку! Ўзи кеча келган бу ойимча нега аралашади оилавий ишларга?!
Xоним. Амма, амма! Ҳаммангни дардинг — ўша амма! Бир сассиқ кампир-да, намунча!
Клара. Ойи! Нега унақа дейсиз — ахир, ўзингизнинг қариндошингиз, аммангиз-ку?!
Xоним (ижирганиб). Қанақа қариндош?! Ҳу-ув гўрдаги аммамми? Шунчаки чатишган жойи борми, йўқми, узоқ бир уруғ бўлса керак-да. Бўзнинг учидек гап...
Клара. Бўз? Нима у?
Xоним. Эски замонларда шундай бир мўрт, ҳилвиллаган мато бўлган. Учидан ушлаб сал тортилса йиртилиб, титилиб кетган.
Клара. Аммашкам унақамаслар-ку, ойи, йиртилиб, титилиб кетадиган...
Xоним. Э, ким билсин! Шу кампирнинг аслида кимлиги эсимдан ҳам чиқиб кетган. Балки папангга нимадир бўлар...
Клара. Америкага бориб жойлашгач, балки келиб опкетармиз, а?
Xоним. Бошингга урасанми? У ёқда негрлар хизмат қилади-ку!
Клара. Ойи! Э-э!.. (У ўрнидан туриб кетмоқчи бўлади-ю, тўхтаб қолади.) Ие, Луизами? Ўзбекча гапиряпти... Кизиқ!
Xоним (қулоғини динг қилиб). Ўшанинг овози! Қизинг ўзбекчани билмасди-ку? Ё булар инглизчани қўйиб, ўзбекча ўрганяптими?..

Луизанинг овози (ичкаридан, узуқ-юлуқ). Нимага... кетаман... бораман... кўраман...
Xоним. Ғалати бола экан. Ўзи ҳали ёшгина-ю, гап-сўзлари бирам бамаъни, оғир-босиқ, ёқимтой. Отаси каттакон депутат эмиш. Қаранг, депутатнинг боласи репетиторлик қилиб юрса-я! «Сардоржон, дадангизга айтиб кўрмайсизми, виза масаласида бизга қарашворсалар?» десам, «Дадам бунақа ишларга аралашмасалар кераг-ов», деб қўяди. Шунақа болалар Америкага борсами!..

Луизанинг овози (ичкаридан). Мен.... кўраман... сени... нимага... яхши... йўқ...
Xоним (қошини чимириб). Клара, қара-чи, булар яна бир бошқа тилга ўтганга ўхшайди...

Клара Домланинг бўлмаси томон қадам босганида телефон чўзиб-чўзиб жиринглайди. Хоним илдам бориб гўшакни олади.
Xоним. Алё! Ал-ё! Бўсто-он!.. Вой, Викторжон, вы? Извините, пожалуйста. Да, не узнала я вас... Откуда?.. Из Петербурга? Почему?.. Хорошо, хорошо, сейчас! Клара!.. Вот она! Тез! Эринг...

Турган жойида қотиб қолган Клара бир-бир босиб телефонга яқинлашади-да, аппаратни олиб даҳлиз тарафга ўтади.
Клара (даҳлиздан овози, узуқ-юлуқ форсча сўзлар). Худи шумо... на, на... бовари на... фиреб, фиреб... гўш кунед... на, на... духтарак... пазмон, пазмон... рўзики ду чашми ман намегиряд... ҳо, ҳо... бале... худо ҳофиз...

Хоним икки чаккасини чангаллаб стулга ўтириб қолади.
Xоним. Ярашмоқчими булар? Ярашса, Клара кетади-да Петербургига... Ия, Викторниям кўндириб, Америкага олиб кетса-чи? Ўзи жаҳонгашта-ку у!

Клара ажиб бир кайфиятда хонага кайтиб киради.

Xоним. Ҳа? Нима дейди? Тинчликми?
Клара (ўйчан). Келмоқчи...
Xоним (ҳовлиқиб). Вой, келсин, келсин, айт! Кейин ҳаммамиз биргаликда...
Клара. Бутунлай келмоқчи у! Дунё кезиб чарчабди. Қидирганини тополмаганмиш. Бизсиз яшаёлмасмиш... Келиб ўзбекчани ўрганмоқчи, шу ерда яшаб қолмоқчи... Полиглот-ку у киши, ўнта тилни биладилар!
Xоним. Вой-вой, ўрис бўлатуриб-а?.. Сен-чи?.. Америка нима бўлади?
Клара (ҳолдан тойгандек). Билмадим, ойи, билмадим. Бошим қотиб қолди. Бунисини кутмаган эдим ўзим ҳам... Виктор келадиган бўлса, қолсам керак-да. Луизаси бор ўртада...

Шу вақт ўзларича ўзбекча сўзлашиб, эшикдан Луиза билан Сардор чиқади.
Xоним (бирдан Кларага жаҳл килиб). Қолсанг қолавер сен! Мана, Луизочкам кетади биз билан! Кетасан-а, жоним? С нами поедешь, да?
Луиза (гангиб). Чего? (Сардорга кўз ташлаб олиб, чучук бир талаффузда.) Нима?.. Правильно, да?
Xоним. С нами поедешь! В Америку! Я, ты, дедуль...
Луиза. Нима? Йок. Я никуда не хочу.

Хоним Луизани қучоқлаб олади.

Xоним. Поедешь, жоним, поедешь!

Кутилмаганда, жини қўзибми, қиз бувисининг қучоғидан юлкиниб чиқади-да, аллақандай жазава ичида эгнидаги кийимларнни ечиб ота бошлайди. Ҳамма хангу манг.

Xоним (ваҳима аралаш, Сардорга). Нима бўлди ўзи бу қизга?
Сардор (елка қисиб). Билмасам. Ўзбекчани ўргат, деди. Ўргатдим. Бўлди.
Луиза (чинқириб). Не хочу! Йо-ок! Йо-ок!..
Клара. Перестань, дура!

Луизани жазавадан тўхтатиш қийин — Сардор бориб чироқни ўчиради.

Еттинчи манзара

Ўша кўриниш. Хоним, Клара, «Оқ каптар» кечки таомдан сўнг чой устида. Мэлис ҳали ишидан қайтмаган. Луиза ичкари хонада ўзбек тилидан сабоқ олаётир, гоҳ-гоҳ овозлари қулокқа чалинади.

Ўтирганлар олис Америкадан туриб «телефон очган» Раҳматуллоҳ Жийдалийнинг пастак столчадаги кучайтиргич ускунадан чиқаётган овозига диққат билан қулоқ тутган. Биз ҳам унинг сўнгги сўзларини эшитиб қоламиз.

Жийдалий (овози). Уйнинг сотилгани яхши бўлибди, янгамулло... Домулломуз ҳали Жийдалидан қайтмагандирлар. Майли, майли. Килорахон синглимиз яхши юрибдиларми? Лўйзахон-чи? Ман у кишига кўп савғолар олиб қўйганман, келганда кўрадилар... Ҳаммага мандан дуои салом бўлсин, янгамулло! Сизларга интизорман...
Xоним (ўтирган жойидан телефон тарафга талпиниб). Раҳмат, раҳмат, укажон! Сиз ҳам уйингиздагиларни сўраб қўйинг! Келаси ҳафта билетларимиз тайёр бўлади. Худо хоҳласа, тез кунда кўришамиз. Хайр! Хайр! Ўпдим...

Алоқа узилиб, телефон чўзиқ дудудлашга тушади. «Оқ каптар» туриб уни ўчириб кўяди.

Xоним. Мана, уй тайёр! Энди бизнинг Америкада ҳам уйимиз бор!.. Қанақа жой деди? Оклаҳомами? Оклаҳома... Номи мунча хунук! Қишлоқ-пишлоғимикан ё? Ҳозирча бўптурар-а, қизлар?
Клара. Нима фарқи бор? Америка бўлса бўпти-да сизга!
Xоним. Вой, анов Бўстон ўлгур Пенсильванияга кетяпти! (Ҳавас билан.) Пенсильвания!

«Оқкаптар». Нью-Йоркнинг ўзидан бўлмабди-да, мамуль? Эсизгина. У ерда Ҳиллари хоним сенатор-а!
Xоним. Нью-Йорк деганлари — марказ, жоним! Прописка масаласи қийинроқ бўлса керак-да.

«Оқкаптар» (бетоқатлик билан). Қачон кетарканмиз-а, э худо? Калифорнияга Голливуднинг суперзвездаси Шварценеггер губернатор бўлармиш...

Ишдан қайтган Мэлис кириб келади.

Мэлис (хотинининг гапини эшитган шекилли). Йўл бўлсин, йўл бўлсин?
Xоним (суюнчилаб). Раҳматжон аканг телефон қилди ҳозир. Уй масаласи ҳал бўлганмиш! (Хушламайроқ.) Ок... Оклаҳома деган жойданми...
Мэлис. Сизга қолса — Филадельфия, Флорида, Виржиния деган жойлардан бўлсин-да, а?
Xоним. Пенсильвания...
Мэлис. Борига — барака демайсизми, мамуль!

Хоним телефонни кўтариб даҳлизга чиқади.

Xоним (овози). Бўсто-он! Ўзингизмисиз, жоним? Хелло, хелло...

Мэлис дастурхон бошига ўтиради. «Оқ каптар» ошхонадан таом келтириб, унинг олдига қўяди: ош бўлсин!

Клара (ташвиш билан). Ойим илгари бунақа эмасдилар-а, Мэлис? Қандайдир ғалатироқ бўлиб қолгандайларми...
Мэлис (овқат еятуриб). Энди сезибсиз-да, опагинам! Бозорчими, Бўстончими бўлганларидан бери шунақа...

Клара билан «Оқ каптар» ниманидир пичир-пичир қилиб ошхона томон чиқади. Телефонда сўзлашиб бўлган Хоним келиб Мэлиснинг рўпарасига ўтиради.

Мэлис (овцатини еб бўлган). Мамуль, ўша ёққа кетиб нима қилдиг-а? Тошкентимизнинг ўзи яхши эмасми?
Xоним. Вой, эндими? Ҳаммаси тайёр бўлганда-я?! Бунинг гапини қаранг! Дача сотилган бўлса! Бу уйни ҳам эрта-индин бўшатиш керак бўлса!.. Нима деб валдираяпти ўзи бу бола, тавба! У ёққа бориб... вой, нима қилардик... Муҳаббат Шамаевалар неча-неча йил олдин кўчиб кетган. Ҳамма ўша ёққа кетяпти-ку! Бутун дунё!
Мэлис. Бутун дунё борса... сиғармикан? Мол-матоҳи ҳаммага етармикан? Умуман, ўша ёққа боришдан мақсад нима ўзи? Кўрмоқчи эдингиз — бориб келдингиз, кўрдингиз!..
Xоним. Мақсад? Мақсад — яхши яшаш!
Мэлис. Нима, ёмон яшаяпсизми? Масалан-да, сиз ўзингиз ёмон яшаяпсизми?
Xоним. Бундан ҳам яхши яшагим келади! Билдингиз, Мэлисвой! Бу ерда кундан-кун нон қиммат бўлиб кетяпти!..
Мэлис. У ёқда арзон эканми, мамуль! Бу ёғи ёшингиз ҳам...
Xоним (бирдан портлаб). Гапир, гапир! Сиз энди ёшингизни яшаб бўлдингиз... Шундай демоқчимисан? Хўп, шунча яшаб нима кун кўрдим? Умргинам сенларнинг ташвишингда ўтди! Ҳар гал туққанимда тўрттадан тишим тўкилган! (Оғзини очиб ясама тишларини кўрсатади.) Бу ёғига ҳув Дубайдан тортиб Деҳлию Истанбулларгача қатнаб... Шуми ҳаёт?! Шунинг учун туғилганмиди онанг, хўш? Ёки яна қайтиб келаманми бу дунёсига? Сен келасанми, айт! Ё папангми?.. Одамлар қандай яшаётганини мен кўриб келдим! Нима, бизнинг ҳаққимиз йўқми? Бизам одам, инсон фарзанди! Умр бўйи бундай бир бемалолроқ яшашни кутиб ўтдим-а! Энди етдимми деганингда... Ростини айтсам — шуни деб текканман папангга ҳам! «Аспирант эмиш, катта олим бўлармиш!» деб овозаси Жийдалини тутган эди. Шунисига учибман мен аҳмоқ! Раиснинг ўғли орқамдан соядек эргашиб юрарди-я!..
Мэлис. Шукр қилинг, эна, шукр!
Xоним (сескангандек). Эна?! Бу нимаси энди?
Мэлис. Жийдалингизда ойисини «эна» дейди-ку, эсингиздан чиқдими? Ўша ёкда туғилганимда, мен ҳам Мэлис-пелис эмас, Менглиқул ё Маматқул бўлармидим балки... Кларангиз — Кароматми, Каримами...
Xоним (совуққина). Ҳай, майли, майли... Нимасига шукр қилай, қани, айт? Академик бўладиган одам мана шу уйини анови Раҳматжонга ижарага бериб, ўзи неча йил шаҳардан узоқ бир яйдоқликка чиқиб яшади. Билсанг, куни ўтмай қолганидан қилди бу ишни! Ёзганларини мошинкалатишга ҳам пули йўқ эди ўшанда... Нимасига шукр қилишим керак? Папанг... даданг дўхтирлик ишини неча марта қайтадан ёзганини биласанми?! Бошида «Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан истило қилиниши» деб ёзган — ўтмаган. Сўнгра «қўшиб олиниши» деб ёзди — яна ўтмади. «Қўшиб олинишининг ижобий аҳамияти» деб ёзганидан кейингина иши қабул бўлди. Неча-неча марталаб Москваларга қатнади, эҳ-ҳэ! Мана, бугун энди босиб олинишининг салбий оқибатларини ёзиб ўтирибди! Нима қилсин шўрлик? Яна ўзгариб қолмасмикан деб ҳозиргача қалтирагани қалтираган. Юрак олдирган-да. Бирортаси ана ўшаларни титкилаб қолса, юзим шувут бўлади деб қўрқади. Унвон-пунвонимни опқўяди деб...
Мэлис. Шуни текшириб ўтирадиган аҳмоқ бор эканми, эна! Текширса... у замонда ҳамма шундай ёзган-ку! Текширса, унвондор одам қоладими Ўзбекистонда?! «Ёқлайсиз-чи, ёқлайсиз! Фалончидан қаерингиз кам?» деб ўзингиз ҳам дадам бечорани эговлаб туриб олгансиз-да!..
Xоним. Тўғри-да. Қўймадим! Лекин шунча қилган меҳнати эвазига бугун нима топди? Мана, қирқ йил бўладики, эр-хотин илҳақ яшаймиз: эртага яхши бўпқолар, индинга яхши бўпқолар... Қани, қани?! Сезиб тураман-да, гоҳида ҳатто анови яқин шогирди Турсунбой билан ҳам ҳуркиброқ муомала қилади даданг...
Мэлис. Йўғ-э! Ғалати гапларни гапирасиз-а, эна! Бугун энди нимадан, нимасидан қўрқиш керак экан? Қўрқса, ана, Ватанни сотганлар қўрқсин! Халқнинг пулини ўмариб, ҳў-ўв чет эл банкаларига жойлаб ётганлар қўрқсин! Дадам нимадан қўрқадилар? Умуман, нега бунча ваҳима, дод-фарёд қиласиз, эна? Сиз айтаётган ўша яйдоқлик баҳонада обод бўлди. Қўшқават иморату бассейнлар!.. Мана, элликка уриб, анови устомон укажонингизга элтиб ҳам бердингиз!
Xоним. Вой, осонликча бўптими у? Менинг юртма-юрт сарсон кезганларим-чи! Яхшиямки, бахтимга Раҳматжон укам бор экан, барака топсин...

«Дарсхона» эшиги очилиб, Луиза билан Сардор чиқади.

Сардор (Мэлисга). Ассаломалайкум.
Луиза (таталай-таталай). Бувиджон... биза кучага чиксак хоп?
Xоним. Иди, жоним, иди. (Мэлисга.) Бинойидек ўзбекчалаб қолди буям, тоғаси!

Ёшлар чиқиб кетади.

Мэлис. Куёв ҳам тайёр денг жиянчамизга? Қутлуғ бўлсин!
Xоним. Бу нима деганинг? Яхши бола у. Отаси — депутат!
Мэлис. Айни муддао экан-да!
Xоним (ўқрайиб). Ҳой бола, бугун сенга бир бало бўлганми ўзи? Гапирган гапи заҳар, илмоқли-я! Ё кайф-пайфинг борми?
Мэлис. Кайф? Бир мартагина оғзимизга олиб, тавба қилганмиз, биласиз!.. Эна, 6у Амеркангизда неча йил яшамоқчисиз ўзи?
Xоним. Неча йил деганинг нимаси? Яшайверамиз-да. Доимий.
Мэлис. Кейин деяпман, ҳув кейин? Ё ўша ерларда?..
Xоним. Нафасинг бунча совуғ-а! Худо сақласин! (Бирдан ўйчан.) Қара, шунисини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Ҳай, пешона-да, худонинг айтгани бўлар... Нимага сўраяпсан буни?
Мэлис. Шу, менинг оёғим тортмаяпти-да сира... Дарахт ҳам бир жойда кўкаради, эна!
Xоним. Кўкармай кетсин! Биз дарахт эмасмиз-ку! Бормай бўпсан! Ана, хотининг қанот қоқиб турибди...
Мэлис. Кетса кетаверсин! Бу йил ҳам унвон тегмай қолди — аламзада у. Бориб Америка Қўшма Штатларида хизмат кўрсатган артист бўлмоқчи шекилли. Майли, ўзи билади. Муҳаббат Шамаева Нью-Йоркдамиди ресторан очган деб эшитаман. Ўша ерда тунги мижозларнинг кўнглини овлаб юрар...
Xоним (аччиқланиб). Оғзингни юм-э, шарманда! Одам ўз хотинини ҳам...
Мэлис. У менга хотин эмас. У сизнинг келинингиз! Чала академикнинг келини! Мақсади шу экан, мана, етди... Илашиб келган у менга! Мошинанинг юкхонасида! Ҳануз ақлим ҳайрон-а: қандай қилиб бу?.. Хотин бўлса, ҳозиргача бола-пола туғарди — қани?! Унвон-унвон деб ўлган бунингиз! Тавба, шу савилдан қуруқ қолганига аччиқма-аччиқ, Америкага жўнайдими хотин дегани?! Ахир, унвонли бўлиш учун бирор соҳада, аниқроғи, бирор кишига яхшилаб хизмат кўрсатиш керак...
Xоним. Бас қил энди! Сени бугун жин чалгани аниқ экан! (Бир нафас сукут сақлаб.) Боя телефонда Раҳматжон укам сенга...
Мэлис. Акам денг! У одам етмишга қараб кетяпти, эна!
Xоним. Вой, ёш кўринади-ку? Ўзи «опа-опа» деб юради доим...
Мэлис. Керак бўлса, дадам тенги одам, мендан ҳам ёш кўринади. Керак бўлса! Бой отамга шу керак-да!
Xоним. Нимага керак экан? Намунча?..
Мэлис. Эна, ўзингизни гўлликка солманг!..
Xоним. Майли, майли. Ишқилиб, шу опагинангнинг бошини пана қилсами, девдим-да. Майли, иккинчи хотин бўладими, учинчими... Хотини касалмандроқ экан ўзи... Бадавлат одам... Бу ўлгуринг эса анови саривойи билан қайтиб ярашмоқчи!
Мэлис. Опамни қўйиб туринг. Бой ота неварангизга харидор!
Xоним (таажжуби ортиб). Вой, келин қилмоқчидир-да? Ўғиллари уйланган-ку! Ё... бирортаси ажрашибдими?
Мэлис. Ўғлини бошига урадими, ўзи турганда!
Xоним. Вой, вой, нималарни валдираяпсан-а, Мэлис! Эс-песинг жойидами ўзи? Бу гўдак-ку ҳали, энди ўн саккизга киради-я?!
Мэлис. Укажонингизнинг назарида мўлжалдан икки ёш ўтибди... Эна! Бу ёғини эшитинг бўлмаса! Мен ўзимни мастликка уриб ётганман, саудиялик ошнаси Дониёр ҳожига айтган: «Оталари ўрус экан-у, аммо ўзлари жаннати бир пари, кўзлари кўкимтир! Ҳайфки, ёшлари ўтиб қоляпти-да. Эрта-индин ўн саккизга чиқсалар керак...» Бу гапни мен ўзим тўқийманми?!
Xоним. Ҳой, ҳой, бас! Юм оғзингни! Шундоқ олижаноб, покдомон одамни сен бола...
Мэлис. Ифлос, иймонсиз одам денг! Расво бир бузуқи денг! Охири жазосини олди — синди, корхона-порхонаси билан қўшмазор бўлди! Мана шу уйни сотиб яхши қилдингиз, эна, наҳс босиб кетган эди ўзи. Эҳ-ҳэ, кимларни қўлдан ўтказмади бу ерда!..
Xоним (ўзини йўқотиб қўйган). Ҳой, бўлди, бўлди! Сен қаёқдан биласан, ахир? Туҳматчи!
Мэлис (шартта ўрнидан туриб). Ўзим шерик эдим десам, ишонарсиз?!
Xоним (телбаланиб, бошига «тақиб» олган кўзойнагини ўғлига отади). Йўқол, ифлос! Ҳе, башаранг қурсин! Бормасанг борма, лекин бир мўмин-мусулмонни бундай маломат қилмагин-да, ҳайвон! (Баттар жазавага тушиб.) Қол! Менга деса — ҳамманг қол! Ўзим кетаман! Битта ўзим кетаман!
Мэлис (онасининг важоҳатидан чўчиб ошхона томон чекинаркан). У ёқлар ҳам сиз ўйлаганчалик жаннат эмасдир, эна! «Америкада яшайман деган одам Кеннеди аэропортига бориб тушган заҳоти кўкрагидан юрагини юлиб олиб, оёғи остида эзғилай-эзғилай, шундан кейингина доллар юртига қадам босмоғи керак. Жаҳаннам, жаҳаннам!» дерди-ку анови укажонингиз! Эсингиздан чиқдими шу гаплар?

Хоним (эсини йўцотиб). Бораман! Жаҳаннам бўлса ҳам — бораман! Юракни олиб эзғилаш керак бўлса, эзғилайман! (Сапчиб туриб депсинади, оёғи остида гўё ниманидир эзиб-янчади.)

Сўнгги манзара

Шип-шийдам хона. Деворлар яланғоч. Гилам қоқилган жойи оқариб турибди, унда-бунда қозиқларнинг ўрни кўзга ташланади. Тўрдаги девор этагига қаторлаштириб катта-кичик жомадонлар териб қўйилган, ҳар хил қути-кутичалар. Уй сотилган, Америкага жўнаш тараддуди.

Номозшом палласи. Ўртадаги стол атрофида Xоним билан Сардор. Луиза бир четда китоб ўқиб ўтирибди. У ҳар замон ер остидан Сардорга қараб-қараб қўяди.

Хонимнинг аввалги шашти йўқ, сўлғин, касалнамо.Бошини саватдек қилиб дурра билан танғиб олган.

Xоним (қўлидаги «сабоқ дафтари» — ўша бир варақ қоғозни тапиллатиб столга уради, қоғоз учиб ерга тушади). Қуриб кетсин инглизчасиям! Қанақа тил экан-а бу, сира каллага кирмайди-я! Ўзингиз биз билан бирга кетсангиз-чи, а, Сардорбек?..
Сардор (Луизага бир назар ташлаб). Магистратурага бориш ниятим бор ўзи... (Бир ўйланиб олиб.) Лекин гап қаерда ўқишдагина эмасдир. Ана, Кембрижу Оксфорд дипломларини қўлтиқлаб бекор юрганлар қанча!
Xоним. Мендаям уч-тўрттаси ётибди... ҳов сандиқда, моғорлаб. Бугун, мана, кўриб турибсиз — опангиз бизнесвумен!
Сардор. Замон доим шундай бўлиб қолавермас, опа... (Одатдагидек жиддий маромда гапга киришади.) У ҳам бамисоли бир кема. Тўфон туриб чайқала бошласа ё бирон жойи тешилса, унга қарши чораси ҳам топилар. Акс ҳолда, ағдарилиб кета-ди, ғарқ бўлади-да. Худо кўрсатмасин — яна Нуҳ пайғамбар замонидаги тўфон денг! Тарихда неча бор такрорлангандир бунақаси...
Xоним (таажжуб билан). Нуҳ пайғамбар, тўфон... Бунча гапни қаёқдан биласиз-а, Сардоржон?
Сардор (ажабланиб). Китобларда бор-ку бу!
Xоним. Китоб, китоб... Шунинг ўзи билангина иш битмас экан-да, укам! Ана — домлангиз, умрлари китобнинг орасида ўтган...

Клара киради. Оёқ остида ётган ҳалиги коғозни олиб, у ёқ-бу ёғига қарайди-да, орқа томонини ўгириб ўқий бошлайди. Ўқиб бўлгач, онасига узатади.

Клара. Ўқидингизми? Сизга-ку. Дадамдан... (У бармоғи билан кўзёшини артиб, ошхона томон юради.)
Xоним (ҳанг-манг, қоғознинг орқа-ўнгига тикила-тикила, уни Сардорга тутқазади). Сиз ўқиб 6е-ринг, Сардоржон. Қурғур кўзойнагимни синдириб қўйибман денг, кўзим ўтмаяпти... Бу менинг инглиз тили қоғозим эди-ку, орқасига қарамабмиз-да...
Сардор (ўқий бошлайди). «Хоним... Ўчирилган... Азизим Роза Ҳасан... Ўчирилган... Бибиробия! Мен бу гапларни сенга кўпдан бери айтолмай келардим. Жийдалига жўнашдан олдин хат қилиб ёзишни маъқул билдим. Хотин! Мен сенинг олдингда, фарзандларимнинг олдида беҳад айбдорман. Ўйлаб кўрсам, умрим хатоларга тўла экан. Шу хатолар... ўчирилган... адашувлар орқасида, билиб-билмай, сизларнинг ҳам ҳаётингизни барбод қилибман. Роза Люксембургга ҳавасан мен сени — Роза, Клара Цеткинга ўхшатиб қизимни — Клара, ёлғиз ўғлимни эса, биласан, ўзим умримни бағишлаган ғоя йўлбошчиларини эслаб — Мэлис деб атадим. Шу руҳда тарбияладим. Балки кўпгина бемаъниликлар шундан ҳам бошлангандир. Бўлмаса, менга ким қўйиб эдики... Ўзим бир Жийдалидан чиққан Жўрақул бўлсам! Кўрмаганнинг кўргани ёмон экан, Бибиробия! Замонни айбламоқ энди бефойда. Бари-барига ўзим айбдорман. Сени — биппа-бинойи муслима аёлни ўзимча замонавийлаштирмоқчи бўлдим-а! Бунинг оқибатини билганимда, худо ҳаққи, уйдан ташқарига чиқармасдим сени!.. Ўқийверайми? (Сардор Хонимга қараб олади. Хоним карахт — миқ этмайди.) Албатта, мен ҳам кўп қатори янги замондан хурсандман, лекин ошкора риёкорлик, таъма билан уни олқишлаш қўлимдан келмади. Начора, эътиқодимни ўзгартиролмадим. Кексайган чоғимда тўнимни алмаштиришга номус қилдим чоғи. Хатолардан иборат умримда яна гуноҳга ботмайин дедим-да. Қўй, ҳув доно Ялангтўш айтганидек, «Шу йўлдан келдим, шу йўлдан кетай!» Сени эса тутган йўлингдан қайтара оладиган зот йўқ бу дунёда. У — ўлган. Ўша — менман! Майли, билганингни қил! Кетсанг кетавер Американгга! Мен энди Жийдалида қолсам керак. Отам-онамнинг хоку суяги ўша ерда! Етти пуштим ўша ерда! Бир куни келиб қазом етганида бегона юртларда гўрма-гўр кўчиб юрмайин, қўй! Бир йилдан бу ёғига, ўша Америкага кетиш васвасаси бошланганидан бери ўйлайман. Энди қарорим қатъий — мен бормайман! Кларанг... ўчирилган... Комилангга айт, иложи бўлса, қизини бирор мусулмонга узатсин, у ёқларда ҳам топилар... Мэлис мендан ранжиб юрмасин. Айтиб қўй, ундан норози эмасман. Уни йўриғимга солишга беҳуда уринган эканман. Майли, билганидан қолмасин. Мусиқачи бўлса — бўлар, Жийдалидан ҳам шунақаси чиқса чиқибди-да! Робия, сендан илтимос, кетишларингдан олдин бир бориб анови жафокаш аммамиздан хабар олинглар, хўпми?

Эҳтимол, кейинроқ ўзим келиб у кишини қишлоққа олиб кетарман. Яна бир гап. Турсунбой кўриниб қолса айтарсан. Менинг умидимда бўлмасин. Ишини ёздирмоқчи бўлса, бошқа бирортасини топсин — мен энди унақа номаъқулчиликка боролмайман. Умуман-ку, илмни хор қилмай, ўзга бир соҳанинг тизгинини тутгани маъқул эди шу бола. Майли, буям менинг бўйнимдаги бир гуноҳ. Бошидаёқ отасининг — пахта терими мавсумида Мирзачўлдан топган раис биродаримнинг юзидан ўтолмаганман... Иложини топиб пулини қайтариб берсанг. Охирги гапим: анови Раҳматуллоҳдан ҳушёр бўл, Робия! Кўнгли тоза эмас у одамнинг. Билишимча, Жийдалига ҳам алоқаси камроқ. Унинг ватани — бошқа... Бибиробия! Худо ёр бўлсин сизларга, хотин! Биз энди кўришолмасак керак. Дийдор қиёматга қолмаса деб қўрқаман. Яна бир ўйлаб кўрарсан. Балки... Бор айбим учун сенинг, жигаргўшаларимнинг олдида тиз чўкиб узр сўрайман! Рози бўлинглар! Алвидо! Гуноҳкоринг Жўрақул». Бўлди...
Xоним (аянчли бир ҳолатда). Қачон ёзилган экан, қаранг-чи?
Сардор. Икки минг биринчи йил тўртинчи сентябрь!
Xоним. Бугун нечанчи?
Сардор. Бугун... ўн биринчи эди шекилли.
Xоним. Бир ҳафта!.. Бу одамдан нега шу кунгача дарак йўқ десам... Васият, худди васиятномага ўхшайди, тавба! Столларига ташлаб кетган эканлар-да... Қарамабман ҳам. Луиза, манови қоғозни қаердан олувдинг?..

Шу маҳал эшик кўнғироғи жиринглаб колади. Клара даҳлиз томон ўтиб, эшикни очади.

Клара (севиниб). Аммашкам! Аммажоним келдилар!

Клара А с а л холани қўлтиқлаб хонага бошлаб киради. Одатдаги салом-алик, ачом-ачом. Бу орада Сардор билан Луиза аста сирғалиб ичкари хонага кириб кетади.

Асал хола. Кеча бир туш кўриб эдим, кўнглим алағда бўлиб, сизлардан хабар олгани келдим, айланай.
Xоним (сипогарчилик юзасидан). Хуш кепсиз, амма. Зерикмаяпсизми у ёқда? Ўрганишиб кетгандирсиз?..
Асал хола. Мен ҳозир бошқа жойдаман, Рўза... Робияжон! Худди мана шу сизларникига ўхшаган бир уйда давру даврон қилиб ўтирибман, айланай.
Xоним. Вой, нега?! У ер-чи? Нима бўлди?
Асал хола (мароқ билан). Э, сўраманг, айланай, бу ёғи қизиқ бўпкетди! Яллачи келинимиз, Мэлисжоннинг аёлида, мени элтиб қўйган курорт жойда бир ҳафтами, ўн кунми турдим-да. Ҳаммаёғи дарахтзор каттакон боғ денг! Бари ўзимга ўхшаган қари-қури. Ўшалар билан галалашиб юриб эдим, бир куни ёш бир эр-хотин келиб, мени уйларига олиб кетди. Катталарим билан гаплашган бўлса керак-да, фаҳмимча. Ўзлари олис бир юртга послами, нима дейди...
Клара. Элчидир-да, элчи!
Асал хола. Ҳа-а, шундай бўлиб кетаётган экан. Уч йилгами, тўрт йилга. Эр-хотин. Қизчалари ўзлари билан бирга. Ўғиллари эса бу ерда институтда ўқийди. Ўшанга қараб туриш керак экан. Ҳам денг, уй-жойга эгалик қилиб. Бирам ювош, бирам батартиб болаки...
Xоним. Қаёққа кетишди дедингиз? Америкага эмасми?
Асал хола. Шунисини сўрамабман-а, Робияжон. Ишқилиб, жуда олис бир жой. Шуҳратжон, ўғиллари-да, янаги йил ўқишини битирса, келиб бизниям опкетишармиш ўша ёққа...
Xоним (бетоқат бўлиб). Амма, сизлар мана, Кларахон билан гаплашиб ўтиринглар. Кечадан бери менинг сал мазам йўқроқ. Кириб бирпас чўзилай. (У ётоқ бўлмага қараб юради.)
Клара. Амма, доим шуни сўрайман деб юраман: сиз бизларга қандай амма бўласиз? Ўзингиз Асал хола-ку!
Асал хола. Асал бўлмайлар кетай, болам! Отим шундай бўлгани билан, Робияжон тўғри айтади, ўзим бир заҳар, қатрон! Пешонам ундан баттар шўру шўрон!.. Иби, шу вақтгача билмасмидинг, Киларажон? Домланинг кўнгилларига келмасин-у, аслида мен сизларга чин амма бўламан. Мана шу энанг — Бибиробия менга тус жиян! Раҳматли бобонгнинг кенжа синглисиман-да. Даданг ҳам менга қариндош, айланай. Тўғри, узоқроғ-у, лекин хеш, чатишлигимиз бор. Она томондан. Домла билан холавачча бўламизми-ей, эсимдан ҳам чиққан, ишқилиб, қариндош-да-э! У ёғини сўрасанг, отанг билан энанг ҳам бир-бирига бегона эмас... Айтгандай, Домла кўринмайдилар?
Клара. Бугун-эрта келишлари керак. У ёққа жўнаш олдидан қишлоқларини бир кўриб келмоқчи эдилар.
Асал хола. Ҳа-а... (У ёқ-бу ёққа аланглаб.) Тайёр бўпқопсизлар ўзи... Ҳай, қолганини эшит бўлмаса! Бу шўрпешона амманг икки қатла эр қилди — иккови ҳам ўлди. Худойим биргина тирноқни ҳам раво кўрмади-я! (Узоқ тин олади.) Энанг Домладан қолишмайин дедими, мен ҳам олим бўламан, деб туриб олди. Бу ёқда Мэлисжон ҳали гўдак, унга қарайдиган одам йўқ. Шуйтиб кепқолганман-да мен бу ёқларга, болам. Мана, энди Шуҳратжонга қараб ўтирибман, бегона бўлсаям... Ишқилиб, амманг ҳамма замондаям меҳнати билан кун кўрган, айланай. Қолган бари бекор экан... Ҳай, ўзингдан гапир. Зерикмай-ториқмайгина ўтирибсанми?
Клара. Ўзим... (аламнок жилмаяди) туғилган ватанимда чет эллик бегона бўли-иб ўтирибман, аммажон. Беватандек гап-да!

Ташқари эшикнинг қулфи шиқирлаб, хонага «Оқ каптар» отилиб киради. Рангида ранг йўқ. Асал холани кўриб, вой, бу кампир яна нима қилиб юрибди дегандек, таққа тўхтайди.

«Оқкаптар» (жонҳолатда чинқириб). Мамуль! Маму-уль!

Ётоқ бўлмадан кўзлари қизарган Xоним чиқиб келади. Сардор билан Луиза ҳам кўринади.
Xоним. Ҳа, жоним, тинчликми? Нима бўлди?

«Оқ каптар» (ваҳима билан). Эшитмадингларми? Вой, даҳшат, даҳшат! Америка портлабди! Портиллаб кетибди, мамуль!
Xоним. Бу нима деганингиз? Вой, нега портлайди Америка? Тушунтириб гапирсангиз-чи, жоним! Ўзингизни босиб олинг бундай...

«Оқкаптар» (ўзини босолмай). Шу, портлабди! Театрда ҳамманинг оғзида шу гап! Телевизордан кўрсатганмиш!..
Xоним. Телевизор... йўқ. Сотилган... Ростми шу гап ўзи? Алаҳсирамаяпсизми ишқилиб?

«Оқкаптар». Рост! Рост! Ўлгур террорчилар портлатибди! (Йиғламсираб.) Энди нима қиламиз-а, мамуль? Қаёққа кетамиз энди?!
Клара (чимчилагандек). Кетмайсиз. Қоласиз шу ерда.
Xоним (шилқ этиб стулга ўтириб қолади. Алам-изтироб билан). Да! Шунча чопа-чоп, шунча тараддуд! Шу-унча харажат! Энди нима қилдим-а?! Уй-жой сотилган, пул йўқ...
Клара (совуққина). Қўнғироқ қиласиз Америкага! Раҳматжон ака анови виллани сотиб, пулини жўнатади. Уй-жойимизни қайтариб оламиз. Шу!
Xоним. Америка... портлаган-ку! Пул қоладими?! Пул йўқ энди, пулларим йўқ!..
Клара. Америка катта мамлакат, ойи, катта мамлакат!
Xоним. Йўқ, қизим, кўчада қолдик, кўчада! Бошпанасиз, қуп-қуруқ!.. Қаерда, қандай кун кўрамиз-а энди?..

А м м а (қўрқа-писа). Бизларникида туриб турарсизлар. Кенг-мўлгина. Беминнат...
Клара. Жийдали-чи?! Жийдалига борасиз! Дадамнинг ёнларига...
Xоним. Вой! У ерда... уй-жойимиз йўқ-ку? Ҳамма ҳар ёққа тўзғиб кетиб, у ердаям одам қолмаган деб эшитаман...
Клара. Бирор вайрона топилиб қолар...
Xоним. Вайронада яшайманми ҳали, вой!
Клара. Ҳаммаям кошонада яшамаяпти-ку, ойи!
Xоним (алаҳлаётгандек). Жийдали... узо-оқ! Қандай борамиз?
Клара. Америка яқин эканми?!
Xоним. Америка... Америка... портлаган... Шошма, Бўстон нима қилаётган экан, сўрай-чи? Ие, айтгандай, унинг ҳам эри кетиб қолган. Ҳамма... ҳаммаси кетган-а, тавба! У нима қиларкан энди?.. Во-ей, шундоқ чарчадимки!.. Қаёққа қараманг — портлов! Қаёққа қараманг — портлов! Шуларга қўшилиб мен ҳам портлаб кетсам қанийди!..

Шошилиб хонага Мэлис кириб келади. Бежо, безовта.

Мэлис. Эшитгандирсизлар?

«Оқкаптар» (бесабр). Эшитдик, эшитдик. Портлабди. Америкада...
Мэлис. Жийдалида портлади... (Хоним ногаҳон ўзига келиб, кўзини очади.) Бўлинг тезроқ, энажон, жўнаш керак! Жийдалига!
Xоним (ҳушёр тортиб). Нима қиламиз у ерда?
Мэлис (базўр ўпкасини босиб). Эрингизнинг жанозасига бормайсизми?!
Xоним (ваҳима ичида). Нима?! Нима деяпсан?!
Мэлис. Дадам оламдан ўтибдилар! Тўсатдан! Ҳалигина хабар келди... Дадажон!.. (Хўнграб юборади.)
Клара (укасига қўшилиб). Вой, дадажони-им!..
Xоним (эси оғиб қолган). Ия, нега, қачон, қандай? Вой, шўрим!.. Энди нима бўлади?!
Мэлис (йиғи аралаш). Бўлинглар, бўлинглар! Тез! Ҳозир Турсунбой келади, жўнаймиз!

Ҳамма йиғи-сиғи билан хоналарга тарқаб кетади. Ёлғиз Асал хола қолади. У таппа ерга ўтириб олади-да, беихтиёр кафтларини бир-бирига уриб гўянда бошлайди.

Асал хола. Ҳаҳ, домлажон, домлажон-а! Бир келдингизу бир кетдингиз-а, домлажон-а! Сиздай одам бормиди-я, домлажон-а! Сиздай олим бормиди-я, домлажон-а! Бир авлиё, бир доноси сиз эдингиз! Бу уйларнинг подишоси сиз эдингиз! Жаннатлардан ато этсин, домлажон-а!..

Энг сўнгги манзара

Ўша таниш бўм-бўш хона. Икки томондан икки киши кириб келади. Булар — ёшгина эр-хотин.

Xотин. Яхши, менга ёқди. (Қатор эшикларни бир-бир кўрсатиб.) Мана буниси — Зилолангизники, униси - Фаррухбекка, ҳув анови бўлса... Ким яшаган бу ерда олдин? Қанақа одамлар экан? Америкага кўчиб кетишди, деганмидингиз?..
Эр. Ке, шуларнинг ҳаққига бир дуо қилиб қўяйлик...

Эр-хотин ёнма-ён чўнқайиб ўтиради.

Эр. Аузи биллоҳи минаш шайтони ражим, бисмиллоҳир раҳмони раҳим...

Парда


Томоша тугаб, парда ёпилганидан кейин ҳам тиловат садолари эшитилиб туради.