OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭркин Аъзам
Асар номиШоирнинг тўйи (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Эркин Аъзам
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм191KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/07
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шоирнинг тўйи (қисса)
Эркин Аъзам

Кечаги Кундан Ривоят

Шаҳарнинг қоқ марказидаги бу кошонани бино этишда урушдан кейинги йиллар ҳарбий асирларми, аллақандай ажнабийларми қатнашган, деган гап юради. Тарих, кечаги кун — бамисоли серишва жонон, ҳар ким уни таъбига мослаб олаверади; давр шамолига қараб ўзгаравергани сайин чин ҳақиқатни аниқлаш мушкуллашиб боради.

Немислар қурганми, самурайларми, ҳарқалай, шаҳарда бундай пишиқ, мустаҳкам иморат саноқли. Машъум зилзилада унга заҳа етказолмағани бежиз эмас: немис ҳам, япон ҳам серҳафсала, қўли гул, роса ҳунарманд келади.

Бу бинонинг лойиҳасини Бессараб даштларида туғилиб, ноёб иқтидори билан «бепоён ўлкам»нинг пойтахтини забт этган, унинг қоқ юрагида «дунё йўқсилларининг доҳийси» мақбарасини ҳам чизмалаб берган бир меъмор яратган. Қолаверса, бу каби тарихий обидаларнинг тамал тошини енгилтакликни жини суймайдиган, ҳар ишда ҳайбату дабдабага ўч мўйловдор доҳийнинг шахсан ўзи қўйган. Бу жабҳага кимларни жалб қилишни ҳам билган. Асирлар — ҳарбийми, сиёсийми, жўнгина жиноийми ёхуд ўзиникими, бегонами — фарқи йўқ, айби бўлса бас. Айбдор шўрлик ўлиб-тирилиб ишлайди, шунга мажбур. Меҳнати билан гуноҳини ювмоқни ўйламаса-да, маҳкумликни, маҳрумлик уқубатларини шу йўсин енгмоқ бўлади.

Мўйловдор доҳийнинг мўлжали — бехато. Тасаввур қилиш мумкин: тиканакли симтўсиқ билан ўраб олинган бу атрофда, оёқларида ёғоччипта кавуш, яғир пахталик кийган маҳбуслар у ёқдан-бу ёққа замбилғалтак суриб юрибди. Бош кўтариш йўқ, ўзаро сўз қотиш йўқ. Иш, иш. Вазифа шундай. Зарбдор жабҳа. Қурилиш бораётган майдонни симтўсиқ орқали кузатган одамнинг кўзи тинади: бу рўйи заминда икки хилгина ранг бор экан-да — оқу қора, ола-була; йўл-йўл, йўл-йўл.

Шўрлик маҳкумлар нима гуноҳларига бу ерга келиб қолган? Нима қураётганларини ўзлари билармикан? Билишади, билишади — лойиҳашунос саркорлари ҳам ўзларига ўхшаган маҳбус. Озод Шарқда ягона театр, санъат маскани! Санъат маскани маҳбуслар қўли билан бунёд этиладими? Нима аҳамияти бор? Мақсад — аниқ, муддао — зўр, зарбдор қурилиш Октябрь байрамигача битмоғи шарт!

Битади, шак-шубҳасиз битажак. Шаҳарнинг кўркига кўрк қўшажак, обод, дилкушо манзилга айланажак. Тўғри, шаҳарда кейин ҳам, айниқса, зилзиладан сўнг кўплаб иморатлар қад кўтарди, не-не сарвқомат бинолар бўй чўзди, у «Озод Шарқнинг машъали» деб жар солинди. Бироқ сипо, пурвиқор кошонамиз олдида булари хийла номукаммал — калта-култага ўранган замонавий қақажонларни эслатади: енгилтак, осон-омонат.

Кошонани бино қилган ўша шўрманглай бинокорлар ҳозир қаерларда экан? Ватанларига омон-эсон қайтиб боришдими? Тақдир изми билан бу шаҳарда яшаб қолганлари йўқмикан? Уқубатлар ичида бино этилган бу кошонани эслашармикан, бу масканда қандай томошалар кечишидан хабарлари бормикан?..

Ким билсин! Келинг, биладиган гапларимиздан сўйлашайлик.

Улуғ шоир номи билан аталган бу даргоҳни табиатан шоир руҳига бегонадек бир санъат тури забт этган. Замонавий саналган бу санъатга маҳаллий халқнинг хуши йўқроқ. Бунинг учун халқни айблаб ҳам кўрилди. Аммо... Нима, итальянлар беқасам чопонли ҳофизларнинг «катта ашула»сини завқ билан берилиб тинглайдими? Бинобарин, бу ерда янги асар саҳнага чиқса, шинаванда асосан «шунос»лардан иборат бўлади. Томоша чоғи улардан баъзилари мизғиб-мизғиб ҳам олса керак, бошқа бирлари ўнинчи синфда ўқиганда кўнгил қўйган қизларини энтикиш билан эслаб ўтиради. Чиқиб кетиб кўринг-чи! Маданиятсиз нодон, тўпори аталмоққа кимнинг тоби бор? Нозик, ингичка санъат бу! Уни тушунмоқ, ҳис этмоқ учун нозик, ингичка дид даркор! Ким айтади бизни маданиятсиз тўпори деб?!

Кошонанинг бошқа шинавандалари ҳам бор. Бу маданий Овруподан ташриф буюрган ажнабий сайёҳлар бўлиб, Мафкурахоним шахсан тасдиқлаган дастур асосида, сафар давомида улар маданий ҳордиқ чиқармоқ, аслида эса, бир вақтлар ёввойи саналган осиёликларнинг маданият жабҳасида, хусусан, нафис санъат бобида нақадар ютуқларга эришганини кўрмоқ учун бу ерга келади. «О, да! Браво, браво!» Саккиз оққуш иштирокидаги (қолган тўрттасини олабўжи еб кетган) «Оққушлар кўли»ни Эскижўва бозори бўйлаб бугунги югур-югурдан сўнг мудроқу эринчоқлик аралаш кузатишар экан, италиялик сайёҳлар истеҳзо билан кулиб, эснаб ўтиришади.

Кошона одамга лиқ тўладиган кунлар ҳам бўлади. Катта-катта анжуманлар, атоқли шоиру олимларнинг тантанавор рўзи таваллудлари — юбилейлари шу ерда ўтади. Келажакда Чиғатойдан тўрт газ ер тамаи илинжида юрган юбилей соҳиблари тўйларини мана шу масканда нишонламоқни шарафи олий деб биладилар. Аммо бу ишни ҳаргиз ўзлари ҳал этолмайдилар. Ким қай гўрга кўмилади, кимнинг рўзи таваллуди қай масканда, қай тарзда тантана қилинади — буларни шахсан Мафкурахоним белгилаб беради. Бунда у нималарга асосланади — ёлғиз худога, йўқ-йўқ, ёлғиз Мафкурахонимнинг ўзига маълум.

Мана, бугун ҳам, чучмалзабон Ажойиб домла таъбирини истифода этганда, шеърият тоқида чақноқ юлдуз мисоли чақнаб, носоз замон даррасига дучор бўлиб бевақт сўнган Оташқалб шоирнинг таваллуд анжумани... Дарвоқе, ортиқча тафсилотлар баёнига берилиб кетиб, тантанали оқшомга кеч қолай дебмиз.

Биларсиз, кузатганингиз бордир, бу каби маросимларга асосан бир хил жамоа тўпланади. Бугун, дейлик, Оташқалб шоирни хотирламоққа йиғилган айни шу сара издиҳом эртага унинг қон рақиби, рақиби не, жон кушандаси — Шоири замоннинг замон устидан қозонган улкан ғалабасини нишонламоққа ҳам ҳозиру нозир. Худди ўша жаноблар, худди ўша хонимлар. Кўпчилиги хизмат ёки бурч юзасидан келади бу ерга. Баъзилари анчайин қавмини кўрмоқ ёхуд унга кўриниш бермоқ пайида бўлади. Бундаги маросиму маърака бир баҳона, холос. Аксарият пинҳона учрашувлар, «келажаги порлоқ» танишувлар, бирон мақсадни мўлжаллаб ўзини кўз-кўз қилиштар, тантанавор руҳдан руҳланиб иш битиришлар ва бошқа-бошқа талай савдолар шу ерда кечади.

Шаккокликка берилмай, инсоф билан айтадиган бўлса, анжуман аҳлининг кунда-шунда қисмидан бўлак иайдар-пай янгиланиб турадиган бир тоифаси ҳам борки, кечаётган маросим аслида шуларники. Улар бу ерга энтикиб, орзиқиб келади. Қўлларида даста-даста гул, кўзлар тўла ёш, кўкрак тўла эҳтирос. Ҳа, балли, чинакам мухлис булар. Асосан ёшлар, замон замзамаларию қисмат қинғирликларини ҳали татиб кўрмаган, ўқиган китобларию муаллимлари айтган сўзларга чиппа-чин ишонадиган беғубор, таъсирчан талабалар. Анжуманга шакл ясаб, унга пешволик даъво этаётган казо-казолар шоирнинг лоақал бир сатрини ҳам билмагани ҳолда, бу зумрашалар унинг бутун-бутун китобларини ёд билади; ҳаётини, айниқса, ишқий саргузаштларини хаёлий-фожеий бўёқлар билан бойитиб, у ҳақда ўзларича афсоналар тўқиб олган; шеъриятга ҳавасмандлари бўлса, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам унга ўхшамоқ орзусида юради... Ҳақиқий мухлис шундай бўлади-да!

Яна такрорлаймиз: бу масканда кўп тарихлар кечган, кўп маросиму тантаналар ўтган, табиийки, турли-туман мухлису шинавандалар келиб-кетган. Лекин, минг карра аминмизки, ҳали бу даргоҳ биз таърифига киришаётгандек мухлисни шу чоққача кўрмаган.

Улкан нақшинкор қопқа олдида одам сийраклашган. Келгани қўлидаги шапалоқдек қоғозни кўрсатиб кириб кетаётир. Анови йўғон устуннинг панасида пайт пойлаб турган ажабтовур мухлисимиз боя бир неча маротаба ўшалар сафида ўзини эшикка уриб кўрди. Бўлмади. Дарбон хотин уни кўриб, кўзининг пахтаси чиқиб кетаёзди: бу ким, қанақа махлуқ, қаёқдан пайдо бўлди, бу ерда нима қилади, ким қўйди уни бундай жойга, ҳей, бу ёққа қаранглар, одам борми?..

Бу хотин мухлисимизнинг қўлида ановинақа паттадан юз мингтаси бўлганида ҳам уни эшикка яқин йўлатмасди. Чунки... Қўлбола аравачада ўтирган бу одам ногиронликнинг жамулжам тимсоли эди. Тиззадан кесилган оёқларнинг пўнтиғига кирза этикнинг қўнжидан ясалган қоплама кийгизилган, иккала қўлининг ҳам тирсақдан пасти йўқ — исқирт, яғири чиққан қора пахталикнинг шалвираган енглари юқорига қайтарилиб, билакка чандиб қўйилган. Авжи баҳорнинг илиқ оқшоми бўлишига қарамасдан, ғаройиб мухлисими-нинг эгнида қалин пахталигу бошида эскидан эски қулоқчин; соч-соқоли ўсиб кетган, қўсқи. Ташқи қиёфасидан бу юртнинг фуқаросига ўхшамайди, узоқдан келган, жуда узоқдан — мусофир. Аммо унинг асов бароқ қошлар тагидан боқиб турган ўтли кўзларини кўрган одам бир сесканиб тушиши муқаррар! Ва уни шубҳасиз оғир бир савол ўртай бошлайди: бу қадар таниш кўзлар кимники?

Дарбоннинг жавраши баробари Мусофир мухлиснинг тепасида ҳар ерда ҳозиру нозир турадиган таниш нусха тик бўлди. Мусофир мухлис уни дарров таниди: у танимай ким танисин! Ўша-ўша важоҳат, ўша-ўша бутларини кериб, мускулдор энгаклар бир ён, ўқдек қадалиб туришлар, ўша-ўша қора чарм камзул. Лекин қарибди, ҳатто шу ҳам қарибди. Лекин ҳамон чарчамоқни билмайди.

Мусофир мухлис бу нусхага дуч келмаганига кўп замонлар бўлган эди. Ул тиним билмас Таъқибкор уни мана шу кўйга солдию тинч қўйди. Мана, тақдирда бор экан, яна учрашиб туришибди. Балки, бу охиргисидир.

Таъқибкор, табиийки, уни шахсан танимади, танимоғининг иложи ҳам йўқ эди: у биттагина, бунақанги қаланғи-қасанғи ёт унсурнинг эса уруғи беҳисоб. Қаригани важиданми, замон ўзгаргани туфайлими, ё бундай масканда, бундай айёмда бирор кори ҳол бўлмоғига асос йўқлиги учунми, қисқасй, уни одатда вокзал-покзалда тентираб юрадиган майхўр мубталолардан деб фаҳмлаб, тишлари орасидан вишиллаб амр килди:
— Шагом марш!

Мусофир шўрликда қадам босадиган оёқнинг ўзи йўқлигидан у чаққонлик билан энгашди-да, қўлга айланган тирсакларини ишга солиб аравачасини тислантирди. Аммо кетмади, Таъқибкорга тик боқиб соқол-мўй босган даҳанини очди, ўзича нимадир демоқ бўлди, дея олмади. Бу шўрликнинг бошқа аъзолари — оёқ-қўли қатори тили ҳам кесилган эди. Шу чоқ, Таъқибкорнинг қудратли имоси биланми, қаёқдандир пайдо бўлган икки абжир милиса йигит уни арава-паравасига қўшиб даст кўтардию ҳув нарига, бехавотирроқ жойга элтиб қўйди ва кафтларини қоқа-қоқа янги имоларга шай бўлиб жанговар жойларини эгаллади.

Сал ўтиб майдонга осойишталик чўкди. Қопқа олдидан ҳам оёқ узилди ҳисоб. Мусофир мухлис жонҳо-латда тирсаклари билан ер тирнаб аравачасини қопқа сари ҳайдади. Қопқага етганда бир зум тараддудланиб бўсағада тўхтадию дарбон хотин қаёққадир даф бўлганини кўриб шиддат билан ўзини ичкарига урди.

Боягина бу ерда ҳар қанақа хавф-хатарга ўз вақтида зарба бермоққа шай турган Таъқибкору унинг содиқ ёрдамчиси — бир парча қоғоздан бўлак ҳеч нарсани танимайдиган димоғдор дарбон хотин қани, қай гўрга кетди улар?

Бу ерга келадиган одам келиб бўлганига ишонч ҳосил қилгач, дарбон хотин дафъатан бугун саҳнада ҳеч ким ҳеч кимни кўтариб ўйнамаслигини эслаб, «Ҳув отам замонида ўлиб кетган бир шоир экан, энди ким ҳам келарди» деган хаёлда, қўлида доимий ҳамроҳи — чала тўқилган пайпоқ, иш ўрнини масъулиятсизларча эгасиз қолдириб, ичкари эшикни қўриқламоқ баҳона, бекорчиликдан бориб томошалар толорига мўралай бошлади.

Ёши бир жойга бориб қолганига қарамай ҳамон ўзини ўн саккиз яшар қиздек тутадиган, «ака, бир қаранг» атласидан кийиб, жилвагар дуррани бошига яллачимонанд дол танғиган, юз-кўзига упаю сурмани аямай чаплаган бу дум-думалоқ хотин кўп йиллар муқаддам худди мана шу — ҳозир ўзи қўриқлаб ўтирадиган қопқадан нозик-ниҳол бир нозанин бўлиб кириб келган эди. Тезда шуҳрат қозониб, «оққушлар кўли»да баҳузур суза бошлади. Тенгдошлари ич-этини еган, зимдан унга ҳасадлар қилган. Чунки уларга ҳеч ким қарамайди, уни эса кимсан — шахсан васильевлар бошига кўтариб юради!

Иттифоқо, «мақталган қиз»ни худо урди-қўйди: ўша забардаст дастёрлар уни ердан узмоғи қийинлашиб қолди. У, нимадир балога дучор бўлиб, мешдек семира бошлади. Бу аҳволда уни саҳнага йўлатиб бўлмасди, саҳна ортидаги юмушларга жалб этилди. Бора-бора бу ишларга ҳам ярамай қолди. Одатда, бунақа вазиятга тушган ор-номусли санъаткор бу касб, бу масканни бутунлай тарк этиб кетади. У бундай қилмади, алам-интиқом ўтида қовурилиб юраверди. Юра-юра, бир вақтлар ўзи иймана-иймана кириб келган мана шу масканнинг эшигига дарбон бўлиб қолди. Энди собиқ дугоналари — бугунги ғанимлари саҳнага чиқадиган кун, иложини топсаки, бу даргоҳга одам киритмаса! Қопқани вақтидан олдин тамбалаб, аста бориб саҳнага мўралайди: қачон анови ер ютгурлар сал бўлса ҳам семираркан, қачон анови сабил қолгур васильевларнинг қўли толаркан?

Мусофир мухлис томоша толорига кирадиган эшик оддида аламзада дарбонни кўрдию йўлни шошилинч чапга солди. Юқори ошёнга олиб чиқадиган зинага дуч келди. Э, бизга бундан баттарроқ ғовлар ҳам писанд эмас! Кўз очиб юмгунча иккинчи қаватга етди-ю, яна бир балога учраб эсанкираб қолди: чанқоқбосди ичимликлар сотиладиган чарм пештахта олдида, келиб-келиб ким денг, ҳар ерда ҳозиру нозир Таъқибкорнинг худди ўзи қийшанглаган бир жонон билан қаймоқлашиб турарди. У суҳбатдошига суйкаланиб, афтидан, ниманидир шивирлаётганида қувғин мухлис унинг ҳар ёқни кўрадиган кўзини шамғалат қилиб ўқдек учганича очиқ эшиқдан тор-қоронғи йўлак бўйлаб ичкарига кириб кетди.

Бу — томоша толорининг иккинчи ошёни бўлиб, ўрин-жойлар лиқ тўла, ҳатто бир тўда йигит-қиз тўсиққа суяниб тик турар эди. Ногиронлар аравачасида абжирлик билан кириб келган сирли мухлисга биров-ярим ажабланиб қарагандек бўлди-ю, сўнг ортиқ эътибор бермай қўйди. Олдинги қаторнинг энг чеккасида ўтирган йигит билан қиз унга аланглай-аланглай ўзаро ниманидир пичирлашиб олди-да, барваста йигит шартта ўрнидан турди, сўраб-нетиб ёки сўз қотиб ўтирмай, келиб сирли мухлисни аравачасидан даст уздию элтиб ўзининг ўрнига — қизнинг ёнигаўтқазди, олдинда саҳнани тўсиб турган йигитни бир ишора билан нари жилдирди: мана, энди баҳузур ўтириб томошангни қилавер, эй ногирон мухлис, биз ана шундай жўмардмиз! Олижаноб йигитнинг ўзи қизга яқинроқ жойда тўсиққа тирсак тираб, саҳнага кўз тикди. Ногирон мухлис бошини оғир буриб бир қаради-ю, аммо унинг на миннатдор эканини, на ажабланганини билиб бўлди; асов бароқ қошлар тагидан одамни тешиб юборгудек ғайритабиий бир ўт чақнади, холос.

Гулдурос қарсаклар шаршараси кошонани ларзага келтирди. Анжуманнинг тантанади қисми бошланган эди. Саҳнадаги узун ҳайъат столини ҳукуматга яқин шоиру олимлар, казо-казо раҳбарлар ишғол этган. Орқада — бароқ қошли, чақноқ кўзли навқирон йигит — Оташқалб шоирнинг шеъриятга ҳавасманд ёш рассом чизган каттакон сиймоси.

Анжуманни шоирнинг ёшлик дўсти, энг яқин сафдоши (унга айнан шундай таъриф берилди) Оқсоқол шоир одатдаги — самимий деса одамнинг ҳақи кетадиган, сохта деса ноинсофликка ўтадиган мужмал ва чучмал кириш сўзи билан очди. Шу тўрт оғиз гапни ҳам у қоғоздан кўз узмай ўқиб берди; чамаси, буни аввал кимдир — Митрофан Григорьевич аталмиш исталган мавзуда исталганча матн ёзиб бермоққа қодир мангу ёрдамчиси ўз она тилида битиб, сўнгра яна кимдир ўзбекчага айлантирган.
— Менинг унутилмас дўстим Оташқалб ҳозир ҳаёт бўлганида роппа-роса саксон ёшга тўларди, — дея маънодорона гап бошлади Оқсоқол шоир. — Биз эъжод бўстонига унутилмас дўстим билан бир пайтда қадам қўйганмиз. Жўшқин комсомол ёшлигимиз бирга ўтди, шонли ўттизинчи йилларнинг қаҳрамонона воқелигини бирга тараннум этдик.

Олдинги қатордан кимдир атайин ҳаммага эшиттириб уҳ тортиб юборди. Ҳайъатда ўтирган бир неча кишининг қулоғи динг бўлиб, кўзлари айбдорни қидириб қолди.
— Биз у билан ҳар вақт, ҳар жойда бирга эдик: ўша йилларнинг зарбдор иншоотларини бунёд этишда бўлсин, социализм душманларига қарши омонсиз жангларда бўлсин — ҳамиша! Биз бирга эъжод қилдик, бирга яшадик. Биз у билан тенгдош-тенгқур эдик, у мендан атиги бир ҳафта катта. Афсус ва надоматлар бўлсинким, шундоқ ноёб истеъдод соҳиби, ажойиб дўстим ноҳақ туҳматларга дучор бўлиб, халқ душмани сифатида олис совуқ ўлкаларга сургун этилди.

Ён тарафдан кимдир қалтис, омонсиз луқма ташлади:
— Сиз-чи? Дўстингизни ҳимоя қилмадингизми?

Ҳайъатда бесаранжомлик бошланди. Олдинги қаторларга сипо кийинган норғул-норғул йигитлар оралаб қолди. Таъқибкорнинг шогирдлари.

Оқсоқол заррача парво қилмай сўзида давом этди: Митрофан Григорьевичнинг матнида бу каби ғаламисона луқмалар назарда тутилмаган, бинобарин, уларга жавоб ҳам ҳозирланмаган эди.
— Мана, ниҳоят, жонажон партия ва ҳукуматимизнинг совет адабиётига, эъжод аҳлига чексиз ғамхўрлиги туфайли Оташқалб шоиримизнинг пок номи оқланди, мана, бугун тантанавор юбилейи ўтказилмоқда. Биз бу кунни эллик йил, яъни ярим асрдан кўпроқ кутган эдик.

Яна бир «экстремист»нинг сабри чидамади:
— Ёлғон, кутганингиз йўқ!

Ҳайъатдагилардан кимдир микрофонни қаттиқ, таҳдидкор оҳангда тикиллатиб қўйди. У ер-бу ерда сергак турган норғул йигитчаларнинг кўзи баттар олазарак бўлди. Оқсоқол деса дегулик шоири замон барваста қоматини минбардан кўтарди, тилла гардишли кўзойнагини қўлига олиб, тўлқинсимон оппоқ сочини асабий тарзда орқага тароқлади. Чап ёноғи ғазабдан пир-пир учарди. Галварс Митрофан! Топган гапини қаранг! Нечево! Бундан баттар ҳужумларни кўрганмиз. Не-не курашларда енгиб чиқдик. Бу гал ҳам, керак бўлса, ғалаба киламиз!

Йўқ, ғалаба қилиш осон эмас экан. Анжуман аҳли бир хил тоифа — нуқул ҳақиқатталаблардан иборат демоқ соддалик бўларди. Луқмачилар орасида демократияни шиор қилиб, элнинг кўзида ўзини ҳар турли мағзавадан тозалаб олмоқчи бўлганлари ҳам йўқ эмасди.
— Оташқалб ўзидан зўр шоирлиги учун Оқсоқол уни ҳасаддан қаматиб юборган, деган гап юради, айтинг-чи, шу тўғрими?

Оқсоқол батамом довдираб қодди. У ҳаммасини кутган, лекин бу қадар шафқатсиз ҳужумга тайёр эмас эди. Қўлида титраётган кўзойнакни минбар пештахтасига қўйиб, овоз келган тарафга тикилди. Ўртароқдаги қатордан чорпахил бир башара унга қараб тиржайиб турарди.

Анови! Ҳаҳ, ҳароми кўрнамак! Шоирлик даъвосида юрадиган, элликка етиб ҳам тозароқ бирор нарса ёзмаган бу ярамас мана шундай маъракабузарлиги билан машҳур эди. Аллақайда ёш ҳаваскорлар тўгарагини бошқарган бу «мураббий» у ерда бир норасидани булғаб қўйиб, кўп шармандалик бўлган, бир тўп шоир-ёзувчи унинг ташкилотдан бадарға этилишини талаб қилган; аммо Оқсоқол, нодон Оқсоқол кўкрак тутиб шу мурдорнинг ҳимоясига чиққан эди. Чунки уч-тўрт кун олдин у йиғлаб, тавалло билан Оқсоқолнинг ҳузурига келган, «Ўзи бузуқ экан, устоз, амакиваччаси бузиб қўйган экан, уйлан десангиз — уйланаман», дея ишни бости-бости қилишга кўмаклашишни сўраган эди.

«Устоз»нинг кўнгли ийиди. Майли, йигитчилик деб итлик қилиб қўйибди. Уйланмоқчи, айбини ювмоқчи. У прокуратурага ошириб-тошириб ижобий тавсифнома ёзиб берди, жамоатчиликнинг ғазабини пасайтирди. Нега? Аввало, анови замонларни кўрган одам, охират олдидан қўлни сал поклаб олгани маъқул, бу ёғи энди бўлган иш бўпти, жувонмарг бўлиб кетмасин, деди. Қолаверса, ўзи бошлиқ бообрў ташкилотда бундоқ шармандалик содир бўлгани эларо овоза этилмоғи раво эмас.

Бугун келиб ана шу ювуқсиз... Хайрият, одамларда инсоф деганидан бор экан. Оқсоқол тили танглайига ёпишгудек музтар бир ҳолатда қолганида у ер-бу ердан уч-тўрт одам туриб, нобакорнинг танобини тортиб ўрнига ўтқазиб қўйди. Таажжубки, уларнинг деярли бари Оқсоқол унчалик хушламай юрадиган кишилар эди. Тавба, яхшилик билан ёмонликнинг чегараси борми ўзи бу дунёда?!

Шундан сўнг Оқсоқол шоир «Митрофаннинг қоғози»га қарамай, бундай меҳрибонликлар учун жонажон партия ва ҳукуматига, адабиётнинг дўсти ва чинакам ҳомийси бўлмиш «ҳаммамиз учун ҳурматли зот» — Энг катта раҳбарга аҳли анжуман номидан кўпдан кўп миннатдорлик изҳор этмоққа ижозат сўради. Анжуман аҳли баҳамжиҳат оёққа қалқиб, гулдурос қарсаклар билан унинг таклифини олқишлади. Бундан руҳланган нотиқ сўзини энди дадил давом эттириб, «ҳаммамиз учун ҳурматли» Энг катта раҳбар, яъни ўзининг қадрдон дўсти муҳим давлат ишлари билан қаттиқ бандлиги сабабли, афсуски, бугунги анжуманда иштирок эта олмаётганини айтиб, эҳтиром юзасидан у кишига ҳайъатдан фахрий ўрин қолдиришни таклиф қилди. Бояги якдил издиҳом буни ҳам гуриллаб маъқуллади. Мажлис раиси кейин Энг катта раҳбарнинг анжуман аҳлига йўллаган табрикномаси ҳамда ҳукумат қарорини ўқиб эшиттириш учун сўзни мамнуният билан Мафкурахонимга берди.

Мамнуният билан Мафкурахонга сўз беришга берди-ю, Оқсоқол шоир ичида ғижиниб қўйди: «Энди шу манжалақи бизга катта!» Бояги ҳижолатбозлик эсига тушиб, худди ўзи мулзам бўлгандек ноқулайлик сезди. Авваламбор, роса таранг қилиб, шунча одамни сарғайтира-сарғайтира ташриф буюрдилар бу хоним. «Пўшт-пўшт» билан киргач эса, дам олиш хонасида узунчоқ биллурдан таманно этиб сув ҳўпларканлар, «Қани, домланинг ўзлари келдиларми?» деб қолса бўладими! Ҳамма бир-бирига қараган, ҳамма хижолат. Шўх, ҳозиржавоб маданият вазири тўқсонларни қоралаб қолган, қулоғи оғир кекса рассомни рўпара қилиб, вазиятни юмшатмоқчи бўлди. «Домлани танийман, комсомолда ишлаганимда мани чизганлар, — деди Мафкурахоним ясама хушҳоллик билан рассомга оппоқ бармоқларининг учини тутқазиб.— Ман юбилярни сўравобман...» Яна ҳамма бир-бирига қараган, яна ҳамма хижолат. «У киши етиб келолмадилар, — деди кимдир орқароқдан жасорат кўрсатиб. — Узоқдалар, ҳу-у Узо-оқ Шарқда».

Мафкурахоним деганимиз асли комсомолдан етишиб чиққан, кейинчалик талай йил пойтахт туманларидан бирида партия қўмитасига етакчилик қилган, бир оз муддат маданият вазири ҳам бўлган, мана, олти ойдирки, янги эгарга ўрнашиб, мафкура отининг жиловини тутган эди. Қирқ беш ёшлар чамасидаги бу хотин сўзга ниҳоятда чечан, бирпасда дунёни ағдар-тўнтар қилгудек фаол ташкилотчи, оқни қора, қорани оқ деб исботламоққа айниқса моҳир эди. У таги оқсуяк хўжалар авлодидан бўлиб, марксча-ленинча таълимотга азбаройи меҳри зўрлигидан насл-насабини инкор этган, ўзи хушбичим, оқбадан, лекин юпқа лаблари ҳар қанақа одамни чимдишга шайгина аёл эдики, мансаб пиллапояларидан енгил-енгил ҳатлаб ўтишига ва ниҳоят муҳим бир жабҳанинг қулоқбошига маҳкам ўрнашувига ана шу сифатлари ҳам тирговуч бўлган эди.

Оташқалб шоирнинг номи оқланиши муносабати билан Энг катта раҳбар адабиёт аҳлига йўллаган қутлов мактубини Мафкурахоним тутила-тутила, сўзларини чайнаб, зўрға ўқиб бера бошлади. У «иккинчи она тили»га роса уста эди, агар мановини бирортаси ўшанга ўгириб берганида, турли-туман минбарларда сайрайвериб алоҳида бир жаранг ва қатъият касб этиб кетган қайроқи овозига латофатли аёлларгагина хос истиғноли бир оҳангдан тегишича омухта этиб, шариллатиб ташларди-я, начораки, замон бугун ўзгача!

Москову Ленинградларда таълим олган Мафкурахоним она тилига хийла нўноқ, аммо бундан сира койинмас, қайтага шунисини фазилат деб билар эди. Айтишларича, она тили деб куйиниб юрган уч-тўрт ёшу бебош зиёлини «партгилами»га чақириб ғоявий-сиёсий жиҳатдан сабоқ берганида у ана шу афзаллигини айтиб, мактабда ўзбекча ўқиган опасининг бугун уй-рўзғорга ўралашиб уйда ўтириб қолганию ўзининг мана бундоқ юксак мартабаларга эришганини мисол келтириб ғурурланган, ҳусн ҳамда антиқа кийиниш, шунингдек, бошқа шўхликлар бобида шаҳарда донг таратган паст-баланд икки қизининг сира ўзбекча гапирмаслигини шоён мамнуният билан мақтаган.

Лекин ҳозир бор-йўғи бир бетлик матнни ўкиб бериш асносида ўша манманлигу бегонапарастлиги бурнидан булоқ бўлмоқда эди. Буни матннинг асл муаллифи, ҳув бурчакда биқиниб ўтирган Заҳматкаш адабиётшунос айниқса қаттиқ ҳис этмоқда, Мафкурахоним оддийгина сўзларни ҳам минг бир азоб билан талаффузга солаётганини кўриб ундан баттар қийналмоқда, «қилган номаъқулчилиги» учун хижолат чекмоқда эди. Кечагина ўзи ёзиб берган гапларни у ҳозир бошқа кишининг оғзидан эшитиб, хаёлан солиштираркан, матнга талай таҳриру тузатишлар киритилганини сезди. Аввало, ўринли-ўринсиз «совет» сўзи қўшилган эди: «ёш совет шоири», «бой совет воқелиги», «совет лирик шеърияти». Оташқалб шоир «совет тузумини тинмай улуғлаган», «шонли ўттизинчи йилларнинг қаҳрамонона зафарларини тараннум этган» эмиш! Унда нега қамалди, нега «халқ душмани» деб қораланди?

Мафкурахоним шоир номини абадийлаштириш ҳақидаги ҳукумат қарорини эълон қилганида Заҳматкаш адабиётшуноснинг яна боши қотди. Нуқул жиннихонаю таносил касалликлари шифохонаси жойлашган калта-култа кўчалар, шоирнинг бирор сатрини билмайдиган, ҳатто билишдан ор киладиган бегона қавм истиқомат этадиган бир тупканинг тагидаги хароб мавзе... Тирикларга барибир осон экан, тириклар бешафқат экан, ўликларга қийин, ўликлар чорасиз, улар ўзини ҳимоя қилолмайди.

Мафкурахоним оғир, масъулиятли вазифани бошидан соқит қилиб жойига қайтар экан, орқадан кимдир келиб унга курси тўғрилаб турди, мажлис раиси — Оқсоқол шоир бошчилигида ён-веридагилар «қотирдингиз» дегандек ялтоқиларча жилмайиб қўл сиқиб қўйишди. «Опа» улуғларга хос назокат ва вазминлик билан жойига ўрнашаркан, олдинги қаторда ўтириб бор кучи билан чапак чалаётганлар орасидан кимдир кўзига иссиқ кўринди. Бир зум тикилиб қаради-ю, ўзини танимаганга уриб кўзини бошқа ёққа олди.

Ўша, Тепакал, севимли кал! Бу ерда нима килиб юрибди? Қаёқдан пайдо бўлди? Ҳув ёқдан чиқиб келибди-да. Ўшандан бери учрашишмаган эди. Е буям шеърият мухлисимикан? Йўқ, бу бошқа нарсанинг мухлиси! (Балки, бир замонлар ватандошлари кавлаб кетган гўрнинг бугун нима бўлганини томоша қилгани келгандир?)

Мафкурахоним Москов таҳсилидан эндигина қайтиб комсомол марказқўмида гуриллаб юрган кезлари жингалак сочи олд тарафдан сийрак торта бошлаган бу олакўз йигитча шаҳар туманларидан бирида бор-йўғи йўрикчи бўлиб ишларди. Фамилиясидаги кавказча қўшимчани ўз вақтида ўзгартириб, ўзбекчага яқинлаштириб олган, осмондаги юлдузни ҳам ундирмоққа шай турадиган бу уддабурон шоввоз «улуғ пойтахт» сари қилинган навбатдаги комсомолча жамоавий сафардан сўнг тўппа-тўғри марказқўмга ишга олинди — ҳожатбарорлиги билан бир кўнгилга маҳкам ўрнашган эди.

Шаҳардаги туманлардан бирига «опахон» бўлиб кўтарилгач, Мафкурахоним уни ўзига иккинчи котиб қилиб олиб келди. Қараса, гап-сўз кўпаядиган, қолаверса, унча-мунча жойга бирга бориб бўлмайди (кимдир қолиши керак-да иш бошида), шунда кадр танлашдаги маҳоратини намойиш этиб, уни шартта тумандаги каттакон озиқ-овқат трестига бошлиқ қилиб қўйди. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам. Ҳам қозон мой, ҳам чўмич. У кезлардаги севикли Тепакали (энди у расмона калга айланган, лекин ҳар жиҳатдан ҳар қанақа жингалаксочидан афзал эди) билан ўтган ширин дамларни — биргаликда «улуғ пойтахт»га сафарлар, биргалиқда Қора денгиз соҳилларига истироҳатга боришларни эслаб, Мафкурахоним гоҳида бугунги бор мансабу мартабасини ўшандаги айрим лазиз дақиқаларга алмаштириб юборишга тайёр сезади ўзини. Ҳа, бошқалар унинг ўрнини босолмади — у ўлгур ҳамма қиладиган ишнинг тескарисини қиларди-да!

Мафкурахоним пешонасини силаган бўлиб бармоқлари орасидан яна ўша ёққа қаради. Ўша-ўша, сира ўзгармаган, садоқатини исботламоққа ҳар дам тайёрдек комил ихлос билан кўз узмай тикилиб турибди. Маданият вазирлигига ишга ўтганидан кейин алоқалари сал сусайгандек бўлиб юрди. Бу орада пуштипаноҳсиз қолибми, ўзбошимчаликка берилибми, Тепакал аллақандай савдо ўйинига аралашиб, қамалиб кетди.

Бир тарафдан Мафкурахонимнинг мадад қўли қисқалик қилган бўлса, бир тарафдан у ўша қисқа қўлини ҳам узатгиси келмади — Тепакал сўнгги вақтларда ёш-ёшларини топиб даф бўлиб кетадиган одат чиқарган эди. Замон кескин ўзгариб, не-не қурбонликлар эвазига қўлга кирган мансабу мартаба бор вужудни қамраб, буткул сафарбарлик талаб қилиб турган нозик паллада бир замонлардаги севикли Тепакали, мана, тағин олдидан чиқиб қолди. Бу ерга нимага келибди у? Қаёқдан ис олди экан? Ёки яна бирор балога йўлиқиб, ёрдам сўрамокчими? Балки... балки... Шу тобда Мафкурахонимни эгаллаб турган мансабу мартабаси, айниқса, мана бу каби тантанавор анжуманлар руҳидан йироқ, унутилаёзган асов бир ҳаяжон чулғади.

Шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилиш учун сўз Ажойиб домлага берилди. Бу одам жуда кўҳна, ярим аср бурун жувонмарг кетиб, мана, бугун хотирланаётган Оташқалбнинг ўзидан ҳам бир неча ёш катта, кўп қирғинларни кўрган, ҳаммасига чап бериб омон қолган, яъни — келган балога бошқани рўпара қилиб, панасида жон сақлаган, замон ҳар айланганда шамолнинг елпарраги қай тарафга йўналганини илғорлар қатори илғаб, ўша тарафга байроқ кўтариб югурган, ўзининг бу турланиш-тусланишларига илмий ва сиёсий асослари ҳамиша тайёр, бениҳоя маккор ва маддоҳ бир зот эди.
— Азизлар, бир лаҳзагина тасаввур қилинг-а, — деб бошлади у сўзини одатдагича сухандонлик ва чечанлик билан, — қани эди, ул ажойиб Оташқалб, исёндил шоиримиз бир дамгина тирилиб келиб, мана шу муаззам қасри олийда базми нафис қурмоқда бўлган сизу бизнинг кўнгилларимизни, кўнгилларимиз баробари даврамиз тўрини-да тўлдириб ўлтирсалар, офарину тасанноларга кўмилиб даврон сурсалар не бахту саодат бўлур эди!..

Бу ялтироқ сўзлар тизимидан сеҳрланган густоҳроқ кимдир ниҳоятда улуғ бир гап айтилди, деб ўйлади шекилли, қўққисдан чапак чалиб юборди, бошқалар ҳам билиб-билмай қўшилди. Хаёли анови ёқларга оғиб ўтирган Мафкурахонимнинг беихтиёр бунга жўр бўлганини кўриб, ҳайъатдаги жами казо-казо чапакни қўлламоққа мажбур қолди. Бундан руҳланган маърузачи баттар жўшди, баттар кўпирди.

Дарвоқе, айтилган гап ижобат топиб, мўъжиза рўй берсаю Оташқалб шоир бир лаҳзагина тирилиб келса, худди минбардаги булбулигўёнинг гирибонидан оларди: «Сен ҳалиям бормисан? Сен ҳалиям ўлмадингми?» Бу ҳолни кўриб ҳайъатда ўтирган уч-тўрт зот, пастдан ҳам икки-уч одам жуфтакни ростлаб қолиши муқаррар эди. Қочқинлар тўдасининг етакчиси, ҳеч шубҳасиз, Оқсоқол шоиримиз бўларди. Негаки, Оташқалбнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида моҳирона тўқилган, кейинчалик китобу дарсликлардан, демакки, кечаги ва бугунги ғофил авлод онгидан жой олган силлиқ, сипо мазмундаги ширин-шакар афсонанинг муаллифи шулар эди. Келинг, ана шу афсонани биргаликда тинглайлик.
— Ўшанда, шак-шубҳа йўқки, юбиляримизнинг ўнг тарафидан адабиётимизнинг улкан яловбардорларидан бири бўлмиш унинг ёшлик дўсти, содиқ сафдоши, ажойиб инсон ва раҳбар, бениҳоя муҳтарам устоз — Оқсоқол шоиримиз ўрин олган бўлур эдилар. Воқеан, келгуси ҳафтанинг худди шу куни худди мана шу масканда ажойиб дўстимизнинг ҳам таваллуд тантаналари нишонлангуси. Марҳамат айлагайсиз, азизлар!

Оқсоқол шоир даврдошу даврадош ошнасининт ода-тий таъриф-тавсифларидан бу гал негадир ғижиниб, хижолат тортиб ўтирарди. Тавба, бугун кўп нарса кўзига омонат, уйдирмадек кўринаётир. Манови маддохнинг бемаъни, кўпикнамо гапларини қаранг! Шуларнинг ора-сида ростлари ҳам борми? Бор. Улар чиндан ҳам Оташ-қалб билан Самарқандда бирга ўқиган, Абрам хиёбо-нидаги бир яҳудий «амак»нинг оврупоча жиҳозланган наврасм уйида бирга ижара турган, бир сатрини у, бир сатрини бу тўқиб бирга ширу шакар шеърлар ёзган, ҳатто илк тўпламлари бирга нашр этилган, хуллас, ҳақиқатан ҳам жонажон дўст, ўртоқ эдилар. Хўш, ана шундай ҳавас қиларли биродарликнинг барбод бўли-шига ким сабаб? Уни бузмоқ қасдида даставвал болта кўтарган ким, нифоқ солган ким? Ким ё нима бу икки ажралмас дўстни қаттол ёвга, душманга айлан-тирди? Адабий афсонага кирмай қолган ҳаётларининг бу бўлагидаги ёлғонлар нималардан иборат?

Анови толмас сафсатабоз завқ-шавқ билан давом этарди:
— Шоиримизнинг чап ёнида, юракка яқин томонда, табиийки, унинг севикли рафиқаси, ўзи таъриф этмиш «муҳаббат гули» — Маъшуқахоним ўтирган бўлур эдилар.

Оқсоқолнинг баттар пешонаси тиришди: ҳе, ўл-а, бефаросат! Бунисининг нима кераги бор экан энди?
— Қани, муҳтарама Маъшуқахоним, лутфан ўрнингиздан туриб элга бир кўриниш бериб қўйсангиз.

Олдинги қатордан умри пардоз-андоз деб ўтган, сочи ҳамон қоп-қора (бўялган), ёшлигида ўлгудек шайтон, жикиллоқ бўлгани аён кўриниб турган читтак бир кампир жойидан туриб, узоқ-яқинга алланечук завқ ва ҳафсала билан роса таъзим қилиб чиқди. Оқсоқол кўзойнагини ростлаб ўша томонга тикилди. Ия, кеп-ти-да? Ҳали тирик экан-да? Ўлмайди бу! Умр бўйи шу ёлғонга ўзиниям, ўзганиям ишонтириб келди-я, тавба! Анови маддоҳ айтгандек, Оташқалб тирилиб келса, худо ҳаққи, бу жодугарни танимаган ҳам бўларди. Тош-кентга кўчиб келганимизда Жуковский кўчасидаги ҳов-лига бир-икки марта ўзи суйкалиб борган эди. Очиқ ётган қозонни ким яламайди, дейдилар. Айниқса, Оташ-қалбга ўхшаган шўх, олов йигит! Кайф-пайф билан бир-икки бор қучоқлаган бўлса бордир. Лекин, зин-ҳор-базинҳор, бу шилқимхонга кўнгил қўйган эмас. Кўнгил қўйганлари бошқа эди, бошқалар эди. Уни, мана, биз биламиз. (Билмайлар кетайлик, илойим!) Ўзиям шеър ёзармиди, ялла айтармиди, ишқилиб, шу доираларда изғиб юрадиган бу хонимнинг ўша кез-лардаёқ оҳори кетиб бўлган, уни ўпмаган, қучоқлама-ган шоиру шуаро кам эди. Оташқалб шулардан бири, биттагинаси эди, холос.

У совуқ ўлкаларга кетиб қолгач, кўпдан ортган бу сарқит хоним опера айтадиган бир артистгами, ундан чиқиб аллақандай ўрис полковникками, яна аллаким-ларга тегиб юрди. Уша кезларда биров Оташқалбнинг номини тилга олса, артистонасига қийшанглаб, «Вой, ким эди у?» демоғи турган гап эди.

Эллигйнчи йиллар қайтишида — Оташқалб оқла-ниб, номи тилга туша бошлаган чоғларда бир куни уни йўкдаб ёзувчилар идорасига келгани Оқсоқолнинг ёдида. Эртаси кунимиди, Оташқалбга бағишлаб кеча ўтказилганда минбарда пайдо бўлиб, кўзларига тупук суртиб, ўзини марҳум шоирнинг маъшуқаси деб эълон қилиб юборди, у туфайли чеккан жабру жафоларини санай кетди. Ўша вақтда ташкилотга эндигина раҳбар бўлган Оқсоқол бу янгилиқдан донг қотиб қолди-ю, бироқ оғиз очиб чурқ этмади. Маккор хоним уни ал-лақачон қўлга олиб қўйган эди.

Қирқинчи йилларнинг охирида улар тасодифан Мос-ковда учрашиб қоли§*(Маъшуқахонимнинг полковник эри у ерда ҳарбий академияда ўқирди), мусофирчи-лиқда бир-бирларининг кўнглини хўб овлашган. Ушанда бу хотин Оташқалбнинг номини ҳам тутмаган, ҳатто бир оғиз эсламаган. Раҳбар шоир ҳозир уни минбар-дан қувиб, шармандасини чиқарса ҳам бўларди-ю, ана шу андиша тил-жағини боғлаб турар — бу маккора аллақачон Алвастихоним (хотини) билан-да тил топи-шиб, дугона бўлиб олган эди. Билиб турардики, сўз айтиб уни фош қилгудек бўлса, ўзининг шармандаси чиқади, шармандаси ҳам гапми, бутун раҳбарлик, шоир-лик ҳаёти барбод бўлади, Бу манжалақи минбардан тушмаёқ, ҳув бир замонлар ораларида кечган сиру сав-дони элга ошкор этиб, сўнгра уни ошира-тошира ду-гонаси Алвастихонимга етказишдан ҳам тоймайди. Ал-вастихоним эса, ўзининг қора қилмишларидан кимса-си бехабардек, раҳбар шоирнинг совет оиласини бу-зишга қаратилган бу ахлоқсизликларини зумда тегиш-ли жойга етказади. Қарабсизки!..

Оддига қўйган мақсади йўлида бу шаллақи ҳеч нар-садан қайтмаслиги аниқ, негаки йўқотадиган нарсаси йўқ: операчи кетган, полковник кетган, кейингилари ҳам бирин-кетин ташлаб кетаётир. Бу дунёда нима қола-ди — ном қолади, шон-шуҳрат қолади! Унга эришмоқ учун эса, номус-ку номус, жондан-да кечса арзийди.

Мана, мақсадига етди: машҳур Оташқалбнинг се-викли Маъшуқаси номини олди, ижодий ташкилотда кутубхоначими бўлиб ишга жойлашди (раҳбар шоир-нинг ўлгиси келибдими, олмай кўрсин-чи!), секин-аста адабиётнинг мўътабар онахону энагаларидан, муҳтарам янгамуллоларидан бирига айланди. Энди бу каби ада-бий йиғинлар у кишисиз, у кишининг марокди хоти-раларисиз ўтмайди. («Оҳ, у мени қандоқ севарди, Маъ-шуқабегим дея еру кўкка ишонмасди!») Бу ҳолга бош-қалар, энг қизиғи, унинг ўзи ҳам аллақачон кўниккан, кўпайлашиб тўқилган анови афсонага ишониб кетган, ишониш ҳам гаггми, уни янги-янги тафсилотлар билан бойитганки, буларсиз энди ул ширин афсона ҳам, унинг бошқа муаллифлари ҳаёти ҳам шоён кемтикдир.

—...«Шеърият надур?» мақоласи биз, адабиётшунос-лар учун ҳали-ҳамон бебаҳо қўлланмадир... Оташқалбнинг шоирлик гувоҳномасига айланиб кетган «Сен-сен» шеърини ўқимаган шеърхон, унинг қўшиғини эшитмаган санъат шинавандаси топилмаса керак, — дея оғзидан бол томиб сайрарди Ажойиб домла. — Аммо ана шу ноёб эъжод маҳсули кимга бағишланганини ҳамма ҳам билмаса керак. Марҳабо, Маъшуқахоним!

Маъшуқахоним яна туриб ўзини кўз-кўз қилди.

Ўл-а, деди ичида Оқсоқол шоир, бет деган нарса қолмабди бунда. Энди бу тасқаранинг товусдек товланмоқчи бўлиб қилтиллашини қаранг! Эрта-индин ўламан деяпти-ю, ҳамон бир нимадан умидвор. Жилла-қурса, шеърдаги «Ул мовий кўзларинг сўзлар» сатрини билмасмикан, эсламасмикан бу донолар? (Оқсоқол шоир Оташқалбнинг ҳамма шеърини ёддан билар, ашаддий рақибга айланиб, у халқ душмани бўлиб унутилиб кетганда ҳам унутмаган, деярли ҳар бир сатрининг тарихидан хабардор, зеро ўша тарих, ўша кечмишлар ўзининг ҳам тарихи, ўзининг ҳам кечмиши эди.) Маъшуқахонимни энг зўр заррабинга солиб қараганда ҳам кўзи мовий эмаслиги аён. Наҳотки, шуни фарқламоқ учун ҳам одамзод фан дўктири бўлиши керак, тавба! Ёки бу таннознинг кўзи ёшлигида мовий бўлиб, «севикли ёри» — Оташқалбнинг фироқида куя-куя қорайиб қолганмикан? Афсона. Буниям бояги гўзал афсонага қўшиб юборишлари ҳеч гап эмас. Чини қайда, ёлғони қайда — топиб бўлмаса!

Мовийкўз дилбар... Ана, ўтирибди. Маъшуқахонимнинг биқинида. Башараси буришиб, бужмайиб кетган, бир замонлар Оташқалбни энтиктирган мовий кўзлар энди хира тортиб, туссиз бўлиб қолган. Алвасти! Саксонга кирганда ҳам буни эътироф этиш эрга, эркак кишига оғир, албатта. Лекин умр охирлаганда, айниқса, мана бундай қиёматли руҳ олдида, ҳақиқат олдида ёлғиз қолганда борини холисанлилло бўйинга олмоқ фарз: икки дўстнинг биродарлигига ғанимлик понасини урган, уларни қон-қаттол рақибга айлантирган мана шу довдир гўзал, мана шу Алвасти эмасми?!

Бу иқрор энди келаётгани йўқ, Оқсоқол шоир қарийб эллик йилдирки, шу нарса эсига тушса, эзилади, ўртаниблар кетади, ноилож ўзини бошқа хаёлларга уради, ўзини оқламоққа далилу исботлар қидиради. Ешлик эди, қон қайнаб-кўпириб турган давр, Мовийкўзни Оташқалбдан рашк қилгани, қизғангани рост, бунга асоси ҳам. бор. Бу сўқир туйғу уни дўстга хиёнатга ундади, шу йўл билан ундан ҳам ўч олмоқ бўлди, ҳам шеърият мусобақасидаш ожизлигини ғайирлик билан ниқобламоқчи бўлди. Шу тариқа хиёнат кўчасига кирилди, ҳаёт-мамот хиёнати. Бу кўчага бир маротаба кирган одам қайтиб Чиқмоғи душвор, ихтиёрида бир-гина имкон қолади — ана шу кўча бўйлаб ичкарилаш, ичкарилаш, вассалом!

Бу телба ишқнинг истиқболсизлигини униси ҳам, буниси ҳам биларди. Аммо униси ҳам, буниси ҳам ёш эди, мағрур эди. Униси ҳам, буниси ҳам ўша кезлар Мовийкўздан ажралишни жондан айрилиш деб ҳисобларди. Бир томон унга эгалик қила бошлагач, иккинчи томоннинг ишқибоздигини кечириб бўлмай қолди. Учинчи томоннинг «очиқ ётган қозон» эканлиги ҳисобга олинмади. Бу қозоннинг тубида оғу борлигини на у тараф, на бу тараф кўра билди. Ёшлик — ғўрлик экани, кўрлик экани умр бир жойга борганда англаб етилади. Оқсоқол шоир буни хийла эрта фаҳмлади, аммо энди барибир кеч эди: дўст бой берилган, иймон лат еган, шеърият замон хизматига солинган эди. Тўнғиз гўшти билан вояга етган Мовийкўз дилбарга рашк туйғуси, ор-номус туйғуси ёт эканини, «очиқ ётган» бу беминнат қозонни кейин ҳам кўплар ялаганини у сезган, азоб-изтироблар оловида қовурилган, бу кўчадан чиқишга кўп бора аҳд қилган, бироқ ундан чиқиш жаҳаннам тубига ихтиёрий тарзда қулаш билан баробар эди. Мовийкўздан ажралиш мансаб-мартабадан ажралиш, ўтмиш-келажакдан жудо бўлиш билан баробар эди. Ҳаёт-мамот савдоси эди бу. Ихтиёрий равишда, истаб-интилиб эришилган жаҳаннам эди бу!

«Тиканлар ичра балққан ул муҳаббатнинг гули сен-сен!» Ҳозир кошона пештоқида ҳилпираб турган ал-вондан тортиб қўллардаги таклифномагача битилган шу сатрлар аслида кимга атаб ёзилганини бу ерда ёлғиз Оқсоқол шоир билади, йўқ-йўқ, тағин бир одам — Мовийкўзнинг ўзи ҳам...

Мовийкўз дилбар... Оташқалб тирилиб келиб бугун уни кўрса... Оқсоқол шунга аминки (собиқ дўстининг шиддат-шижоати шундай демоққа асос беради), уни кўрса, муқаррар, дод деб қочарди, худди қайтиб ўларди!

Бундан кўп йиллар бурун, Оташқалб эндигина оқланган кезлар Мовийкўз (аллақачон Алвастихонимга айланиб улгурган эди) маккораларга хос бир шафқатсизлик билан ўсмоқчилаб сўраган: «Менга бағишланган шеъри бор, деб эшитаман, шу ростми?» Оқсоқол ўшанда ўзини совуққон тутиб, «Бўлса бордир, мен билмадим», деб қўйган, аммо ботинан титраб кетган: «Демак, яна кимдир билади. Ким у?»

Оташқалб ўз қатлига ўзи ҳукм чиқарган анови сатрлардаги «муҳаббат гули» ким? «Тиканлар» деганда ким ё нима назарда тутилган? Бундан оғир саволлар борми? Бир шоирни совуқ ўлкаларга сургун қилиб, чиритиб юбормоққа шунинг ўзи кифоя эмасми? Довдирликни ниқоб этган Мовийкўз дилбар ўзига аталган бу сатрларни муаллифнинг ўз оғзидан (қаерда, қай вазият, қай ҳолатдалиги бандасига қоронғи — буниси бир худою бир дилбаргагина аён бўлса керак) эшитмаган ва тегишли жойга бориб уни соф ўзбек тилида ўқиб бермаган деб кимга айта олади?! Сиртдан меровроқ кўринадиган Мовийкўзнинг аслида ким эканини, шеърият мухлиси сифатида адабий давраларда тўсатдан пайдо бўлиб, икки дўстга бирдай «кўнгил бергани»ю иккаласини ҳам кўйида бирдай «жинни» қилгани, сўнг у билан бир ёстиққа бош қўйган ўша дўстлардан бири бу мудҳиш синоатдан кўп йиллар ўтибгина тасодифан хабар топганию билиб-билмай унга қурол бўлганини англаб етгач эса, бирон бир нимани ўзгартирмоққа ночор қолганлари-чи!..

Чизмаю лойиҳаси бировлар қўлидаги, ёлғон асосга қурилган бундай ҳаётга лаънатлар бўлсин! Энди бу иморатнинг бирор ғиштига тегиниб бўлмайди — текканингиз заҳоти бор бўйи билан тўкилиб тушади. Боя анжуманни очаётиб сўзлаган Оқсоқол гапида нима росту нима ёлғонлигини билмасмиди? Билганда қандоқ! Лекин ёлғон гапирди — бошқача гапиролмарди, бош-қача гапирмоққа ҳаққи йўқ эди. Ҳали айтилган афсона муаллифлари гўё бир жойга йиғилиб ўзаро қасам берган, уйдирмалар занжирини ҳеч қачон узмасликка онт ичган!

Қани, эшитайлик-чи, анови маддоҳ яна нималар деб сайраяпти?
— Бу сафга мен ажойиб синглимиз, Оташқалб шоиримизнинг жондек жигари, унинг ҳаёти ва эъжодини меҳнаткаш халқимизга етказишдек машаққатли ишда зўр ғайрат намунасини кўрсатган латофатли ва назокатли Жиянбекани қўшган бўлур эдим.

Ҳайъат столининг этакроғида ўтирган кўҳликкина, маърузачи билиб айтган «латофатли ва назокатли» Жиянбека истиғно билан бир тўлғаниб қўйди: эътиборингиз учун ташаккур, бизга ҳали гал келади, ўшанда кўрасиз!
— Ваниҳоят, — деди Ажойиб домла жўшиб, — Оташқалб шоиримизнинг сафдоши бўлмиш каминаи камтаринни-да ушбу сафга қўшмоққа журъат қилгали рухсат этгайсиз, муҳтарам аҳли анжуман!

Оташқалб тирилиб келса, ё иккинчи, ё учинчи навбатда мана шу одамнинг ёқасига ёпишмоғи керак. Қай бир гўрларда сақланаётгандир, унинг ижодидаги миллатчилик, истиқлолга интилиш оҳанглари тўғрисидаги чақувнинг ҳаммуаллифи худди мана шу маддоҳ! Ажабки, Оташқалбнинг номи оқланаётганда дастлабки ижобий тақриз — тавсифнома ҳам айнан шу қўл билан ёзилди. Мазкур зид ҳужжатларнинг бўлғуси тад-қиқотчилари бу ғалатлиқдан ҳайратларга тушмасларми? Барча айбни замонга юклаганда «мунофиклик» тушунчасини ҳам луғатлардан ўчириб юбормоққа қудратлари етармикан? Шунда бу шармандали ҳолдан луғатларга ўт туташиб, ерлар ёрилмасми?!
— Ўшал, биз ҳозир хаёлан фараз этаётган ҳайъатни, табиийки, адабиётимиз ва санъатимизнинг яқин дўсти, ҳомийси, лобар опахонимиз Мафкурахоним бошқарган бўлур эдилар!

Бу гапга суюқ-сийраккина чапак бўлди. Севикли Тепакалга қарай-қарай ширин хотиралар оғушида ўтирган Мафкурахонимнинг ўзи бу лутфга «раҳмат» дегандек мамнуният билан бош ирғади-ю, моҳиятни кечроқ англаб, минбардаги нотиққа юзланиб бош чайқади: хато, сиёсий калтабинлик! Сўнгра шоша-пиша Оқсоқол шоирдан бу калтабиннинг номини (опахон бунақа дўппи-пўппи кийиб юрадиган арбобларни яхши танимасди) сўраб олиб, «Маддоҳ ака, ҳов Маддоҳ ака!» деб чақирди ва кўрсатгич бармоғини тепага нуқиб ишора қидди; бу ҳаракат ҳам «биринчи» маъносини, ҳам «энг юқори» деган мазмунни ифодаларди.

Дийдиё оҳангига тушиб кетиб, мазмун-моҳиятни аллақачон хаёлидан соқит қилган маърузачи бирдан сергак тортиб, лекин имо-ишоранинг фаҳмига бормай олазарак бўлиб қолди.

«Энг каттамиз, энг каттамиз!» дея жонҳолатда шип-шиди мажлисга масъул Оқсоқол шоир хатарнинг олдини олмоқ бўлиб.
— Каттамиз? Каттамиз...
— Энг, энг!
— Ҳа-ҳа, албатта. Каттамиз, энг каттамиз ҳам-да, ахир! — деди Ажойиб домла нафаси ичига тиқилиб, йўл қўйган қалтис хатосини тўғриларкан. — Мен у кишининг муборак номларини алоҳида таъкидлаб айтмоқчи эдим.

«Алоҳида таъкидламоқчи эмишлар! Ҳе, шоир бўлмай ўлларинг! — деди Мафкурахоним ичида буларни хо-тинчасига қарғаб. — Сиёсий чутьё дегани йўғ-а! Худо бир сақлади. Ия, худо йўқ-ку! Йўқ, йўқ, худо йўқ!»

Ажойиб домла хаёлий ҳайъатини шу тариқа «энг каттамиз» билан якунлади. Шу тобда ҳақиқий ҳайъатда ўтирганлар бирдан «Биз-чи, биз-чи?» дегандек мун-ғайиб қарашди. Рўйхат «энг каттамиз» билан тугагандан кейин унга, маълумки, ҳеч нарса қўшиб бўлмасди.
— Оташқалб шоирнинг она юртдаги ҳаёти ва эъжоди, ўилайманки, бу ердаги ҳар бир адабиёт муҳибига маълуму машҳурдир. Шу боис у-ҳақда сўзлаб қимматли вақтингизни банд этмоқчи эмасман, — деди кўп кераксиз гапни гапириб аллақачон ҳаммани зериктирган, айниқса, эсли-зийрак одамларнинг энсасини қотириб бўлган маърузачи. — Аммо, шоиримизнинг у ёқдаги, яъни совуқ ва рутубат ўлкалардаги азобу машаққатларга бой, шу билан бирга сермазмун ҳаёти, аминманки, кўпчиликка аён эмас. Рухсат этсангиз, азизлар, шу хусусда камина сизларга андак маълумот берсам, зеро бу гаплар ҳали кўпчиликка нотаниш янгиликлардир. Хабарингиз бор, бундан бир-бир ярим ой муқаддам ажойиб синглимиз Жиянбека бошчилигида бир гуруҳ шоир ва адабиётшуносларимиз ўшал олис ўлкаларга сафар қилиб қайтдилар. Улар орасида мафкура бўлимининг Масъул ходими ҳамда Заҳматкаш адабиётшуносимиз ва бошқалар бор эди, — дея нотиқ мажбурий номларни айтди-ю, хушламаганларини тилга олмай кетди. — Ўшалардан эшитганимни сизларга сўйлаб берсам...

Пастдан «Борганлар гапирсин, борганларнинг ўзидан эшитайлик!» деган талаблар чиқди. Ажойиб домла худди қулоғи том битгандек бепарво, сўзини давом эттирди — бундай луқмаларга парво қилиб яшаганида у аллақачон ўлиб кетган бўларди.

У эшитган бир оғиз гапига, одатича, ўзидан ўн оғиз қўшиб-чатиб, кўпиртириб, Оташқалбнинг у ёқдаги ҳаётини одам беихтиёр ҳавас қиладиган ширин бир афсонага айлантириб, тингловчиларни аллалагудек ром айлаб, маҳорат билан сўзларкан, Оқсоқол дафъатан ўкиниб кетди. Ўйлаб кўрса, номига мудом ҳар хил сифатлар тиркаб айтилган-у, ҳеч қачон оддийгина, лекин моҳиЯтини ифода этиб «шоир» деб аталмаган экан. Қачон қараманг — «замон куйчиси», «давр жарчиси», «зафарлар булбули», «серзавқ шоир», «раҳбар шоир», «атоқли шоир», «отахон шоир», «шоири замон», мана, бугун эса — «оқсоқол шоир». Шу тобда у ҳеч бир сифат-пифатсиз, оддийгана «шоир» аталмоқни, аниқ-роқ айтганда, хор-зорликда ўлиб кетган, аммо шоир деган чинакам номи қолган Оташқалбнинг ўрнида бўлмоқни шу қадар истардики!.. Майли, «халқ душмани» аталиб совуқ ўлкаларга қувилсин эди, майли, азоб-уқубатларга учраб ўша ёқда ёш ўлиб кетсин эди, майли. Ниҳоят, бир куни келиб мана бундай оқланарди, номи шон-шарафга бурканарди! Ахир, умр бўйи титраб-қақшаб, ёлғонларкқуршовида умргузаронлик қилгандан кўра...

Аммо бу ўткинчи, муваққат бир ҳолат эди, холос.

Ажойиб домланинг завқ-шавққа тўлиб ҳикоя қилишича, Оташқалб олис ўлкаларда сургунда юраркан, бир дақиқа бўлсин ижодини тўхтатмаган. Кечаю қундуз ўтириб ёзгани ёзган экан. (Сургун эмас, ижодий таътил бўл-а!) Бир қанча шеъру достонлар, ҳатто «Маҳбус» деган назмий роман ҳам яратган. Лекин, афсуски, буларнинг бирортаси сақланиб қолмаган, чунки шоир ёзиб тугатар-тугатмас, назоратчи маъмурлар уни шартта тортиб олиб, ўша заҳоти ёқиб ташлашар экан.

Қўлёзма ёқишдан чарчаган маъмурлар, ниҳоят, шоирнинг икки қўлини бир-бирига боғлаб-чандиб қўядиган бўлишибди. Ночор қолган шоир аламига чидолмай оёқ бармоқлари билан ёзишни ўрганибди. Шунда золим маъмурлар сўнгги чора сифатида унинг қўл-оёғини кесиб ташлашибди. Қўл-оёқсиз мўнди шоир энди туну кун шеър тўқиб, уни баланд овозда ҳайқириб қироат қилар экан. Безор бўлган маъмурлар, ахий-ри, унинг тилини кесиб қутулишибди.

Ана шундай афтода кўйга солинган, аммо шеър муҳаббатидан воз кечмаган матонатли шоирни сургун муддати тугагач олис юртдаги темирйўл вокзалида гадой қиёфасида, олдида эски қалпоқ, ногиронлик аравачасида тиланиб ўтирганини кўрганлар бор — ҳаётининг сўнгги йилларида у алам-азобларга бардош беролмай аклдан озган экан.

Бу гапларни Ажойиб домла худди бориб ўз кўзи билан кўргандек комил ишонч билан ҳикоя қилди.
— Ана сизга инсоний матонату назмга муҳаббат! — дея афсонасига якун ясади ниҳоят. — Демократия ва ошкоралик замони келиб, ҳозир у ерда — шоирнинг сўнгги кунлари кечган ул табаррук манзилларда унга каттакон ҳайкал ўрнатилган, мана, боя айтган дўстларимиз кўриб келишди, — деди нотиқ фикрини тасдиқлатмоқ учун уларни кўмакка чорлаб. Бироқ пастда норозироқ бир шовқин кўтарилаётганини сезиб, маърузасини апил-тапил, ҳамон ўша баланд пардачарда тугалламоққа эришди: — Бу янглиғ жасорату матонатга тўлуғ назмий эъжодга абадул-абад офарин ва тасаннолар бўлгай!

Домла минбардан қайтиб жойини эгаллар-эгалла-мас, изидан қоғоз келди. «Ҳурматли Оқсоқол! Ажойиб домламиз маърузасидаги баъзи бир чалкашликларни бартараф этиш учун менга сўз беришингизни сўрайман. Ёш шоир».

Оқсоқол мактубни ёнидаги Мафкурахонимга кўрса-тиб, бир нималар деб шивирлади. Мактубга наридан-бери кўз ташлаган Мафкурахоним саҳнанинг ён томонида сергак турган мулозимни кўрсатгич бармоги билан имлаб чақирди ва унга тегишлича кўрсатма берди. Ҳаял ўтмай олдинги қаторларда ғимирлаш сезилиб, Таъқибкорнинг шогирдлари — сарбозваччалар Ёш шоирни аллақаёққа бошлаб кетишди.

Ростдир, ёлғондир, Ажойиб домланинг бояги афсонаси кўпларни таъсирлантириб қўйган эди.

Боя биз анжуман тафсилотларига чалғиб томоша толорининг иккинчи ошёнида ёлғиз қолдирган сирли мухлис теварагида ғалати жонланиш юз берган эди. Ён-верида ўтирганлар унга тикилиб-тикилиб қарашар, ўзаро имлашиб, шивир-шивир қилишар эди. Уларнинг назарида Ажойиб домла худди мана шу зот ҳақида сўзламоқда эди. Ҳали мурувват кўрсатиб ногиронни ўриндиққа ўтқазиб қўйган йигит билан қиз ҳозир уни чинакам ҳимояга олган, худди эски танишларидек атрофида парвона эди: ҳа, бу одам — ўша, бу одам бизга қарашли!

Дарвоқе, бу ғаройиб зот ким ва қаёқдан, қандай келиб қолди бу олийшаън анжуманга?

Аввало шуни айтиш керакки, фожиаларга тўла бу чигал қисмат тўғрисида батафсил маълумот бермоқнинг иложи йўқ. Унда инсон зоти чидаш беролмайдиган азоб-уқубатлар, ғайритабиий воқеа-ҳодиса ва ҳолатлар игу қадар кўпки, ақл бовар қилмоғи қийин. Қолаверса, бул мубталонинг ўзидан гап олмоғингиз даргумон: тил-забон йўқ, онг-шуур хиралашган, эс-ҳуш кирарли-чиқарли даражада.

У олис юртда тақдир зарбаларига учраб бориб қолган бу каби майиб-мажруҳ, ғарибу ғурабонинг ҳисоби йўқ. Уларнинг кимлигини, таги-зотини ҳеч ким суриштирмайди — барибир эмасми? Буни аксари уларнинг ўзи ҳам унутиб юборган — барибир эмасми? Улар шу бефайз, беқут гўшаларда умргузаронлик қилиб, қазои муқаррарларини кутмоққа маҳкум. Ҳар ким билганича, аниқроғи, пешонасига битилганию қурби етганича тирикчилик қилади. Аллақачон одам ҳисобидан чиқарилган бу собиқ маҳбусларда ҳақ-ҳуқуқ у ёқда турсин, номига бир варақ ҳужжат ҳам йўқ. Бўлганида нима, биров ишонармиди? Ишонганида нима, унга қайтадан қўл-оёқ, тил-забон бино қила олармиди? «Осмон йироқ, ер қаттиқ» деганлари шулар ҳақида айтилмаганмикан?

Қаҳрамонимиз — ана шундай бахтиқаролардан бири. У икки ҳафтача вагонма-вагон «юриб», кеча поезддан тушди. Тушдию ўзига ўхшаш қавмларига йўлиқиб, уларнинг ёрдамида вокзал яқинидаги ташландиқ бир кулбага жойлашди. Ўша, ўзи кўниккан ҳаётни эсга соладиган айрим манзаралар бу ерда ҳам бор экан. Кеча ўзича шаҳар «айланди», аммо илвираб увадаси чиққан илма-тешик хотирасида бирон бир нарсани тикламоғи душвор бўдди. Каттакон бир хиёбон теграсидаги кўҳна иморатлар танишдек кўринди-ю, сўнг бундай уйқаш бинолар ўзи бўлган ўзга шаҳарларда ҳам бордек туюлди. Бошқа жойга келиб қолмадимми, деган хавотир қийнагани қийнаган эди.

Бугун эрталаб судралиб шаҳар «кезар» экан, бемадор шуурига ғира-шира таниш бир майдонда кўп басавлат одам тўдаланиб турганини кўрди. Улар устига бўзчойшаб тортилган баланд бир нимани қуршаб олишган эди. Ана, ҳайъатда ўтирганларнинг кўпчилиги бор эди ўша маросимда. Мажлис қилиб, галма-галдан чиқиб сўзлангач, ҳалиги бўз бир юлқиб очилди. Майдонни гулдурос қарсак тутди. Мато тагидан намоён бўлган манзара чиндан ҳам олқишу чапакларга муносиб эди. Баланд тагликда қоматини кериб мағрур қотган навқирон йигит ўйиқ чап кўкрагидан суғурилган (бир учи ҳали танада) алланимани алам ва изтироб билан мардонасига боши узра олға чўзиб турибди. Кафтдаги «алланима» машъала янглиғ ёғду таратади. Юрак, Оташқалб шоирнинг ёниб турган юраги!

Маросим қатнашчилари яна талай замон кимўзар қилиб сўзлагач, ниҳоят, тарқалдилар. Гал йўловчиларга келди. Улар ҳам дастлаб маҳлиё бўлиб, сўнгра турли-туман мулоҳазалар айтиб, ўтдилар-кетдилар.

Биргина Мусофир мухлис қолди майдонда. У то мана бу анжуман бошланажак фурсатгача ўша ерда бўлди. Кетмади. Шаҳарда бугун очилган манзарага тикилиб ўтираверди. Кечга қадар. Юзма-юз! Оташқатб шоир ва Мусофир мухлис!

Бу орада анжуманда яна бир кишига сўз берилди. Айтишича, Самарқандда интернат мактабда Оташқалб билан бирга ўқиб катта бўлган бу одам ҳозир мамлакат миқёсидаги шахсий нафақада (қонуний), ўзи ҳам басавлат, қанақадир фан арбоби экан.

Арбобнинг сўзи ҳеч кимнинг қулоғига кирмади. Бояги Ажойиб домланинг кўпиришлари ҳам баҳарнав мароқда экан. Фан арбоби гапни жуда олисдан, қарийб Одам Атонинг яратилишидан бошлади, деса бўлади. Сўнгра ўзига ўтгунича ҳам хийла замон кетди. Мажлис раиси Оқсоқол шоир бетоқат бўлиб бир неча бор микрофонни тиқиллатиб кўрди — бефойда. Ўзи кекса бўлса-да, бундай улкан йиғинларда эзма-чурик мўйсафидларга сўз бермоқ хатарли эканини у кўп йиллик раислик тажрибасидан яхши биларди. Начора, сўзга чиқувчилар рўйхатини ўзингиз тузмаганингиздан кейин шу-да, Дарвоқе, рўйхатни ўзингиз тузасиз-у, тасдиқлаш учун «юқори»га берилади. Рўйхат у ёқдан бутунлай ўзгариб, оёғи осмондан бўлиб қайтади. Ғиринг деб кўринг-чи, жавоби темирдек оғир, қатъий: «Муҳокамага ўрин йўқ, шахсан Ўзлари кўриб берганлар!» Мана, шу лаққи чол ҳам рўйхатга «юқори»нинг кўрсатмаси билан тиркалган; у ердаги кимнингдир қариндоши экан. Демак, буям анови афсонабозликка шерик — ўзимиздан. Ҳолбуки, Оқсоқол шоир аниқ билади: «Бирга ўқиганман, бирга юрганман, бирга турганман!» дея кекирдагини чўзиб лоф ураётган бунақа «сафдош»ларни, Оташқалб агар тирилиб келса, ҳаргиз танимаган бўларди. Чунки у талабалик даврида ҳам, худо шоҳид, унча-мунча одамни назар-писанд қилмас, унча-мунчаси билан дўстлашмас ҳам — ўта мағрур, ҳатто такаббур эди.

Ҳозир Фан арбоби айтаётган гапларни шу ерда ўтирган ҳамма билар, мактаб дарсликларидан барчага маълум, чиқиб буларни достон қилмоқ учун Оташқалбни кўриш ҳам, саксонга кириш ҳам шарт эмас эди. «Жуда яхши бола эди, ҳамма фанлардан аъло баҳоларга ўқир эди, барча тўгараклараа фаол қатнашар, муаллимларнинг айтганини бекаму кўст бажарар, ўта интизомли, дўстларига меҳрибон, чинакам ўртоқ эди».

Шўрлик Оташқалб! Бу аҳволда қандай қилиб шеър ёзган экансан? Жонсиз бир жасад эмишсан-у, оташқалб номини қандай олдинг? Бу қадар ройиш, бу қадар рисолабанд инсон экансан, нега сени халқ душмани деб қамадилар, рутубатли ўлкаларга сургун қилдилар? Бундан кўра, ерга урса осмонга сапчийдиган тинмагур, шўх-шалайим тартиббузар, олов-оташ бўлганинг ғанимат эмасми эди?!

Тириклар беомон, тириклар бешафқат, ўликларга қийин, ўликлар ўзини ҳимоя қилолмайди, улар ночор, қабрларидан туриб ёқангизга чанг сололмайди — ҳечқурса, шуни инобатга олиб инсоф қилсак бўлмасми?!

Ўлганга қийин. Замона зайлига қараб, дуч келгани номингизни кўкка кўтариб пуфламоғи, шиширмоғи ҳам мумкин, бошқа бир товламачиси чиқиб, уни уриб ерга киритиб юбормоғи ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бундан манфаатдор одамлар бўлади, улар аслида ўзларининг мавқелари, мақсадларини ҳимоя қилган, шунинг учун куйинган бўлиб чиқади, ўлганнинг номи эса — бир ниқоб, бир баҳона.

Ўлган одамга қийин, тириклар беомон, бешафқат.

Ҳайъатга бирйўла иккита талабнома келди. Бири — Оташқалб билан интернатда бирга ўсиб, педтехникумда ҳам бирга ўқиган, кейинчалик умр бўйи темир йўл ишчиси бўлган аллақандай одамдан эди. «Шоир ҳақида икки оғизгина хотирам бор, шуни сўзлаб берсам», дея изн сўраган эди.

Иккинчи қоғоз яна Ёш шоирдан бўлиб, бу гал у сўз берилишини қаттиқ туриб, пўписа оҳангида талаб қилган эди.

Оқсоқол узатган бу қоғозларни кўздан кечирган Мафкурахоним Ёш шоирнинг талабномасини четга суриб, «Подумаешь, угрожает ешё!» дея, кейингисига рухсат берди: «Униси гапирсин, майли, ишчи экан».

Оқсоқол олдинги қаторлардан бирида жойига ўтиролмай сапчиётган ёш ҳамкасбига кўзи тушиб, нима деярини билолмай қолди. Мажлис раисининг унга қилган имо-ишорасини икки хил маънода тушуниш мумкин эди: ўтириб тур, ўтириб тур, кейин сўз бераман ёки — кўриб турибсан, ихтиёр менда эмас, менда бўлганида...

Ихтиёр Оқсоқолнинг ўзида бўлганида ҳам, кимга сўз берса берар, келиб-келиб шуни асло минбарга йўлатмас эди. Оташқалбга отдош бу тирмизак ўлгудек истеъдодли, айни чоқца ўлгудек беадаб, тарбиясиз, худо урган шаккок сифатида ном қозонган эди. У сўз олган, у сўзлаган мажлис, билингки, албатта катта можарога айланиб кетади. Уни «Оташқалбнинг ўзгинаси, Оташқалбнинг айнан такрори» деб бежиз айтмайди-лар. Ҳарқалай, бахти бор экан, бошқа замонда дунёга келди, бўлмаса-ку...

Оқсоқолнинг кўнгли ғаш тортди. Эртага ўзининг тўйида ҳам мана шунақа нобакорлар тўпланиб бир ғалва бошламаса!..

Эҳтимол, умри бино бўлиб бундай олиймақом анжуманда чиқиб сўзламоқ у ёқда турсин, қатнашиб ҳам кўрмаган Темирйўлчи икки оғиз гапи биланоқ ҳаммани жалб этди. У сўзини бу кошонага қандай қийналиб кирганидан бошлади. Кеча телевизор орқали мазкур анжуман ҳақида эшитибдию бутун кампирини етаклаб жўнабди. Лекин, бу ерга келиб, ахир, мен Оташқалб билан бирга ўқиганман, деб ҳарчанд тавалло қилмасин, ҳеч ким ишонмабди. Айниқса, эшик тагидаги ўсма-сурмали назоратчи хотин қаттиқ туриб олибди. Ахийри, кимдир бир ёш йигит — барака топсин, ўзиям Оташқалбга роса ўхшаб кетаркан, илойим умри, тақдири ўхшамасин — ўша кафилликка олиб ўтказибди бу ёққа. Бўлмаса, кампирининг оддида роса хижолат чекаркан.
— Мендан олдин бу ерда бир акахонимиз гапирди, Оташқалб билан интернатда билла ўқиганман, яшаганман, деди. Мен ҳам шоир билан беш-олти йил билла бўлганман, лекин бу акамизни сира кўрмаган эканман, қаранг, — деди Темирйўлчи беозоргина қилиб. — Мана, юқорида ўтирган шоиримизни кўриб турардик унча-мунча. Ана бу кишини сипо, батартиб эди, деса бўлади.

Собиқ мактабдошини таниб-танимай, ноқулайроқ бирор гапни қўзғаб қолишидан юраги така-пука бўлиб ўтирган Оқсоқол шоир, ниҳоят, енгил тортди: шунисига ҳам шукр!
— Мен интернатда круглий, э, ғирт етим эдим. Отамиз ҳам, онамиз ҳам вабодан ўлиб кетган экан, бир тоғамиз бизни — беш-олти яшар инимиз билан мени ана шу сағирлар уйига келтириб топширган, ўша ерда ўсдик. Инимиз, умри калта экан, йил ўтар-ўтмас ичбуруғ тегиб, бир кечада ўлди-қолди. Ўзимиз интернату техникумларда ўқиб катта бўлдик, қирқ олти йил темир йўлда хизмат қилиб, мана, ҳозир пенсиядамиз.Шоирнинг отасиям, онасиям тирик эди. Лекин ота бошқа хотин олиб, она бошқа эр қилиб кетган, байрам-пайрамда болаларини кўргани келишар эди. Улар келганда шоир қаёққадир қочиб кетар, уни ҳеч топиб бўлмас, ота-онаси келтирган совға-саломни кўпинча мен олиб қолар эдим. Мен мана шу ерда тўғрисини айтсам хафа бўлмайсизларми? Оташқалб" ундоқ эди, бундоқ эди, деган гапни кўп эшитганман-да. Бояги акахонимиз ҳам гапирдилар-у, менимча, у киши бошқа шоирни гапирдилар-ов. Мен билан ўқиган шоир бутунлай унинг тескариси эди. Шўх, тиниб-тинчимас, ўт-олов, ўз номи билан Оташқалб! Аммо оддийгина тўполончи бола эмас эди-да у, бошқача эди, бошқача! Мен сизларга айтсам, у ота-онасини унча кўргиси келмасди. Улар келтирган нарсаларга ҳам қарамас, улар кетгач, ўтириб олиб хун-хун йиғларди. Аломат бола эди. Фаҳмимча, ана шундай феъллари уни шоир қилган. Лекин у вақтларда биз ундан шоир чиқишинию мана бундай катта тантаналар бўлишини билмасдик. Ҳа, у чиндан ҳам бошқача бола эди. Бир гал денг, мени ари чақиб олди, мана бундай миттигина ари. Келиб-келиб кўзимдан чаққанини айтинг! Бирпасда юз-кўзим шишиб кетди, дод солиб йиғлаяпман. Оташқалб шунда қўлидан келган меҳрибончилигини аямади: ловиллаётган жойга туз босиб турди, дастрўмолчасини муздек сувга ботириб малҳам қилган бўлди, куҳ-куҳлаб кўрди — бўлмади, кейин ёнимга ўтириб биллалашиб йиғлай бошлади. Бу билан ҳам кўнгли тўлмади шекилли, биласизларми, нима иш қилди? Бориб девордаги арининг инини кавлаб, биттами-иккитасини тутиб ўзини чақтирди. Ана бунисига нима дейсизлар? Ким қилади бунақа ишни? Биз ўзи юртдош эдик. Иккаламиз ҳам Самарқанд тарафлардан...

Шундай катта, тантанали анжуманда ҳеч ким танимайдиган аллақандай киши ўзини ишчиман дея таништириб, сўзга чиқиб, аллақандай арини гапириб ўтирса!.. Энсаси қотган Мафкурахоним «айтинг, бас қилсин» деган маънода Оқсоқолни туртиб қўйди. Оқсоқол микрофонни тиқиллатиб огоҳлантирмоқчи эди, жамоат гувиллаб «Эшитайлик, эшитайлик!» дея овоз берди.
— Тағин бир қизиқ воқеа эсимда, — деди Темирйўлчи бир зумлик саросимадан сўнг дадилланиб. — Бу вақгда энди педтехникумда ўқиймиз — интернат мактабни яхши битириб чиққанларнинг кўпчилиги шунга ўтган эди. Бир куни шоирнинг шеърлари китоб бўлиб чиқди денг, китоб! Кўриб ҳеч биримиз кўзимизга ишонмаймиз. Худди ёлғондакам матоҳдай у ёқ-бу ёғини ағдариб қараймиз: бирор ишкали, сир-пири йўклшкан бунинг? Расмона китоб экан, расмона бўлмаса, эгаси шунинг қалам ҳақига ҳаммамизни ресторанга элтиб яйратиб меҳмон қилармиди? Қадимги «Шарқ» ресторанининг ўрнида «Националь» дегани бўларди. У кезларда энг зўр ресторан шу эди. Шоир ҳаммамизни бошлаб борди. У ерда беш-ўн одам еб-ичиб ўтирган экан, бугун сизлар ҳам менинг меҳмоним, деди. Залнинг хўжайинини чақириб, қарорини айтди: ресторанни ичкаридан занжирлайсан, у бизнинг ихтиёримизда, барча харажат бизнинг ҳисобимиздан! Базму зиёфат бошланди. Ҳамма еган, ичган, сархуш. Бир маҳал қўшни даврада қиз талашибми, жанжал бошланди. Шоирнинг ўзи даврабоши, кўпни едириб-ичириб ўтирган «тўй эгаси» сифатида можарони тинчитмоқчи бўлган эди, анови бадмастлардан бирови унга ташланиб қолибди. Эмишки, ёнидаги маъшуқаси шоиримизга термилиб ўтирганмиш, сабаби — шоир унга қараб кўз қисиб қўйганмиш-да. Шоир унча-мунчасидан тап тортмас, жанжалга ўчроқ эди — тўғрисини айтайлик-да — ҳалиги бадмастнинг жағига солиб юбормадими!

Бошланди тўполон, бошланди ур-йиқит. Улар кўпайлашиб шоирга ҳамла қилаётиб — биз ҳали жанжалга аралашмаган эдик — шоир бир курсини даст кўтариб улоқтирган эди, курси бориб тўкилибгина турган пастак қандилга урилди. Қандил чил-чил бўлди. Қий-чув, ресторан хизматчилари аралашган, бақирган-чақирган. Ҳаял ўтмай милиса етиб келди. Ҳаммамизни, ановиларни ҳам элтиб қамади. Шундай қилиб, бир кеча милисахонада ётиб чиққанмиз. У ердан бизни қутқарган ҳам шоирнинг ўзи бўлди. Кимнингдир номини қўшдими, қолган-қутган ақчасини бердими, ишқилиб, эртаси баримизни гаровга олиб чиқди. Кетган жами чиқиму жаримани бир ўзи тўлади. Китоб ҳақидан бир тийини ҳам ўзига қолмаган бўлса керак. Ана шундай мард, танти эди шоиримиз! Бугун бундай гаплар кимгадир ёқмаслиги ҳам мумкин. Аммо мен ўзим кўрган-билган нарсаларни айтяпман. Хуллас, қизиқ воқеалар кўп бўлган, бари эсимда турибди, келинглар, ҳозир вақтларингни олиб ўтирмайин. Ахир, одам ана шундай шўх бўлмаса, чақнаб турмаса, ундан шоир чиқадими?! Мана, ўзимиздан қиёс: жимгина, юрардик, шоирга ўхшаганларга эргашиб. Шоир бўлмадик-ку! Лекин ўша вақтларда мен уни шоир бўлади, деб сира ўйламаган эдим. Бу тантанаю бу иззат-ҳурматни қаранг! Дунё қизиқ экан-да, бари тушга ўхшайди. Одам ишонгиси келмайди. Кечагина билла униб-ўсган дўстинг, жўранг бугун келиб шундай катта шоир бўлиб, донг таратиб турса! Қанийди, бу кунларни унинг ўзи ҳам кўрса эди! Илоё, руҳинг шод, ётган жойинг обод бўлсин, Оллоҳу акбар! — шундай деб Темирйўлчи минбарда турибоқ юзига фотиҳа тортди. Беихтиёр жунбушга келган жамоат ҳам «Омин!» дея унинг дуосига жўр бўлди. Ҳайъатдагилар-гина нима қиларини билмай серрайиб қолишди. Мафкурахоним бениҳоя дарғазаб эди: масжидга айлантириб юборди-ку бу ерни! Ким эди ўзи бу одам? Бузғунчи ғаламисми? Гапирган гапларини: ресторан, ичкилик, жанжал, милиса, пул, пора! Ишқилиб, бу «ЧП» Энг каттамизнинг қулоқларига етмаса эди! Анови ялангоёқ исқиртни ким минбарга чиқарди ўзи? Оқсоқол шоирми?.. Дарвоқе, м-да, да, да!

Мафкурахоним йўл қўйилган жиддий хатони туза-тиш мақсадида Темирйўлчига зарба бермоққа чоғланаётган эди, Оқсоқол ундан берухсат, саросимада сўз навбатини Оташқалбнинг жиянига берди: у олдинги қаторда шаҳд билан ўрнидан тураётган Ёш шоирни кўриб қолган эди.

Жиянбека ҳайъат столини атай олдидан айланиб ўтиб, эшила-тўлғона минбарга яқинлашди. Таманно билан пастга назар ташлаб, бир лаҳза сукут сақлади. Шоирнинг жиянига хос шоирона сукут.

Жиянбека мана шу олиймақом анжумандаги олий-шаън минбарда туриб гўё ялтираб ётган сип-силлиқ йўлка бўйлаб яхмалак отди: у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа. «Биза Сибирга бориб келдивуза: ман, Захматкаш домла, Масъул окамиза ва Ёш шоир. Амакимлани қабрлигини кўриб келдивуза: жа обод атрофи панжара минан ўралган. Бюстлариям бор. Утта амакимлани жа яхши кўришаркан, мактабга номлигини беришиб-ди. Битта хотин бор экан, эриям бор, ўша амакимла-ни... амакимлани... билар экан, гапириб берди. Умуман, жа зўр бўлди. Бунинг учун Мафкурахон опавуза-га, Оқсоқол домлага кўпдан-кўп раҳмат. Бизага шароит яратиб беришди. Амакимла жа зўр шоир бўлганла, жа кўп шеърлар ёзганла-де. Биза, бутун оилавуза улани доимо эслаб, қувониб юравуза. Шўрлик амаким! Мана шундоқ кунларни кўрмай кетдила-я!..» Жиянбека дафъатан ҳиқиллаб юборди. Йиғлагани-ку майли, жиян, жигар бўлгандан кейин эслаб йиғлайди-да, лекин кўз-қошининг бўёғи чиқиб юзига чаплашгани чатоқ бўлди. Қурғур рўмолчасиям стоддаги сўмкачасида қолибди, аксига!
— Амакисини кўрганми ўзи? — деди Заҳматкаш домланинг ёнидаги биров. Тарс ёрилай деб ўтирган одамга шу кифоя қилди:
— Э, қаёқда! Кечаги гўдак-ку бу, она сути оғзидан кетмаган. Амакиси қамалганда туғилганлар ҳозир олтмишга қараб боряпти, бу ўггизнинг нари-берисида-ку. Амаки-жиянликлари ҳам омонатгина. Оташқалбнинг онаси уни интернатга топшириб, бошқа эр қилиб кетади. Бу қизнинг отаси ўша эрдан. Бегоналашиб кетишган. Шоирнинг номиям таъқибда юрган йиллари укахони «Менинг унақа акам йўқ» деб ёзиб берган, дейишади, Эҳтимол, ноилож қолиб шундай қилгандир, у кезларда бундан бошқа чораси ҳам йўқ эди. Айниқса, ўсаман деган одамга. Бу қизнинг отаси вилоят ижроқўмига раис бўлган. Уч йилми-тўрт йил бўлди оламдан ўтганига. Қиз эса ўзи кўрмаган-билмаган шоир амакини қаттиқ тутган.
— Шунисигаям раҳмат демайсизми, биродар, шу кунда жон-жигарлар бир-бирининг кўзига чўп суқиб юрибди-ку!
— Раҳмат, — деди Заҳматкаш домла. У «раҳмат» деди-ю, «лаънат» маъносида айтди.

Жиянбека уни ўша сафарда жонига тўйғизган эди. Бордилар, келдилар — Заҳматкаш домланинг тиш-оғриғи қолмади. Сафар намгарчиликка тўғри келиб, милклари газак олган экан. Шунданми ёки бу қизнинг ортиқча қариндошлик даъвоси энсасини қотирдими, ишқилиб, унинг гапирган гапию қилган қилиғи — бари ғашини келтирди. Энг хунуги — Жиянбеканинг бу қадар ўзини уриб юришлари амакиси учунгина эмаслиги аён бўлган эди. Таъқиб-қатағонга учраб ёмонотлиғ бўлиб кетган амакининг номини тиклаш баҳона — у бир ниқоб, у бир машғулот, эрмак — сиртдан меҳрибон, фидокор жиян бўлиб кўринувчи бу маккора, киши-билмас, ўзининг баъзи ишларини ҳам тикламоқда эди-ки, эс-ҳушли одам бу ҳолни бир қарашдаёқ пайқарди. Шуни сезиб қолган Еш шоирнинг ўшандаги тутақишлари! Бу хоним асло парво қилгани йўқ, Масъул ходим билан арақ ичиб, оғиз-бурун ўпишиб юраверди. Ўғри ўғрини қоронғида топди бамисоли. Масъул ходим ҳам масъул идорасида маеъулиятли қоғозларни титкилаб ўтиравериб зериккан экан, бу хонимга элакишиб, роса бити тўкилди. Аллақачонлар хокитуроб бўлиб кетган «душман» шоирнинг нима қизиғи бор унга, билқиллаган жияни турганда! Амаки, унинг хотираси, турли муҳим санадлар, ҳужжатлар бир четда қолиб, Жиянбека бу ерда асосан еб-ичиш, кимлар биландир олди-берди қилиш билан машғул бўлди. Мана, энди мин-барга чиқиб олиб гапираётган гапларини қаранг! Тавба, муштдек жонига бу қадар макр-риёни, бу товуслик ҳунарини қандай жо қилди экан-а? Башарти, Оташқалб бир дамга тирилиб келса — умрини унинг ҳаёти ва ижоди тадқиқига бағишлаган одам билади-да, ахир — шундай жияни борлигани кўриб, номусдан қайтиб ўлган бўларди.

Жиянбека чаплашган қош-кўзини кафти билан артиб, амакижонининг хотирасига бағишланган шеърий машқини ўқиб берди. Ҳозир шеърнинг савияси ҳақида баҳс юритмоқнинг мавриди эмас, аммо шуни таъкидламоқ керакки, нафосату зарофатдан йироқ бу хом-хатала сатрларними ёки унинг ўзи шеърият бўлган муаллифиними маъқул кўрганлар ҳам топиларди. Жиянбеканинг истиғноли қилиқларию товуш товланишларини мароқ билан, йўқ, ғайриоддий бир ҳарис-лик билан кузатиб-эшитиб ўтирган Мафкурахоним, у минбардан тушар-тушмас, ён тарафда сергак турган мулозимини чақириб, бу қизгинанинг манзил-манозилинию номаи аъмолини аниқлашни, шунингдек, анжумандан кейин ўзига рўпара қилишни топширди.

Мафкурахоним сўнгга йилларда мансаб-мартаба билан боғлиқ ташвишларга кўмилиб кетиб, боз устига анови ўлгур Тепакалдан узоқлашибми, ҳузур-ҳаловатли, қайноқ эҳтирослар қўзғайдиган ички ҳаётдан хийла совигандек эди. Бироқ ўзида бошқа бир нотаниш майлни сеза бошлади кейинги пайтларда: ёш-ёш, кўркам-келишган йигитларни, кизларни кўрса, кўнгли алланечук бўлиб кетади. Буни видо айтиб кетаётган ёшликнинг сўнгги замзамалари деб шарҳласа ҳам-ку бўлади, албатта. Аммо хушрўй-хушбичим қиз-жувонларга талпиниши одамни бир оз ўйлантиради. Шу рағбат сабабмикан, Озод Шарқ аёлининг рутбасини кўта-риш баҳона, кўп хотинни турли-туман лавозимларга «экиб ташлади». Жиянбекани суриштириб қолгани ҳам бежиз эмас: маданият вазирлигида битта муовинлик ўрни бўш, ўзи шеър-пеър ёзар экан, қўшиқ айтиб ўйинга ҳам тушса керак, энг муҳими — қадди-қомати жойида!

Кўнгли бир балони сездими, ўлгур Жиянбека ҳам минбарни тарк этиб ҳайъат столи бўйлаб бораркан, Мафкурахонимга қараб қўлини кўксига қўйганча «биз тайёрмиз» дегандек ширингина табассум қилиб ўтди. Бўлди, бас, муовинлик ўрни тўлди, банд этилди!

Бу жувон ҳув совуқ ўлкаларга борганида, мана, ҳозир Мусофир мухлис сифатида ўтирган, у ёқда майиб-мубтало бўлиб юрган зотнинг ҳам диққатини тортган. У бир лаҳза турган жойида турмас, ҳаммага иш буюрар, йўл-йўриқ кўрсатар эди. Меҳмону мезбон шунинг гирдида гиргиттон. Улар аввал қишлоқ мактабига бориб мажлис қилишган экан, сўнгра бу ерга — ўрмон четидаги, ўша замонлар сиёсий маҳбуслар қароргоҳи бўлган қабристонта келиб, қандайдир қабрни зиёрат этишди, галма-гал сўз айтишди: меҳмонлар қўйиб — мезбонлар, мезбонлар қўйиб — меҳмонлар. Маросимни милисалар тўдаси қўриқлаб турарди, Майиб-мубтало ҳарчанд уриниб кўрди, уни ўтгани қўйишмади. Бу хабарни дастлаб топиб келган, бир кулбада истиқомат қилувчи, ўзидан баттар таъвия хотин ҳар қанча далолату тавалло этмасин, уники ҳам иш бермади.

«Шоирнинг юбилейини баҳорда, туғилган кунида ўтказамиз» деган мазмунни Майиб-мубтало ҳув ўша қабр бошида худди мана шу жувоннинг гапидан илғаган эди: «Да, да, весной. Юбилей весной». Ора олис эди, узуқ-юлуқ эшитди, лекин эшитди бу гапни. Хайрият, шу аъзосигина омон қолган. Хайрият, шундан ҳам жудо қилмоқ бировнинг хаёлига келмаган.

Меҳмонлар — учми-тўрт киши, ана, юз-кўзларидан аниқ-таниқ ажралиб туришибди — мезбонлар қуршо-вида «газик» машиналарига ўтириб жўнаб кетишди.. Уларни кимдандир муҳофаза этган милисалар ҳам қаёққадир ғойиб бўлишди. Майиб-мубтало қорда енгил сирпаниб, ҳозиргина маросим ўтган қабр бошига етди. Атрофи яқинда панжара билан ўралган оддийгина қабр. Фақат, устига узунчоқ тунука тўнтарма ўрнатилиб, тунжга бўялган. Ундаги расмга кўзи тушдию қотиб қолди... Йўқ, совуқдан эмас, йўқ, аламдан эмас, йўқ, тил-забонсизликдан эмас, йўқ, майибу мубталоликдан эмас, йў-ўқ! «Твои земляки, твои земляки!» Ёнида тик турган майхўр таъвиянинг жаврашлари бирдан бир яроқли аъзоси — қулоғини қоматга келтирган, аммо унинг нидосини нолаларини, тавба, тавба, тилсиз-забонсиз махлуққа ўхшаб тушуниксиз, юрак-бағирни эзадиган ғайриинсоний бир товушлар чиқариб бўзлашларини, қордан, музликдан ўзгасини кўрмаган қаттол ерни тирнаб чинқиришларини мана шу ёнида жавраб турган бадбашара, ярим телба бир жонзоддан бошқа бу оламда ҳеч ким эшитмас, эшитса-да тушунмас, тушунса-да ишонмас, ишонгиси келмас эди!

Жавобсиз бу нидоларни қор уюмлари бағрига яши-риб учириб кетмокда эди.

Меҳмонларнинг йўлини яна икки кун пойлади. Қароларини кўрсатишмади. Демак, қайтиб кетишган, лекин ҳар бирининг сиймоси Майиб-мубталонинг заиф, хира тортган, шу билан бирга қайсар хотирасидан маҳкам жой олди. Ўшанда тасодифан қулоғига чалинган калималар-чи! «Да, да, весной. Юбилей весной». Айнан қайси кун эканини эса ундан яхшироқ биладиган зот бормикан?!

Ниҳоят, музликлар ўлкасида ҳам ҳаво илиди, эрувгарчилик бошланди. Ана, энди йўлга чиқса бўлади. Унинг мақсаду қароридан ҳеч кимса бехабар эди, ўзидан бошқа! Узи эса ўзидан қўрқар, яъни таниб қолиш-ларидан безиллар эди. Таниб қолсалар, яна қийноқларга соладилар, кесилмаган жойларини яна кесадилар, бурдалайдилар! Таниган одам унинг бу аҳволини кўриб... танимайди, танигиси келмайди, танимоғи ман этилган! Майли, нима бўлса бўлди, бундан баттари йўқцир. Жўнамоқ керак — илк ва сўнгги сафарга!

Ҳужрадош таъвияси станциягача эргашиб келди: бирга кетмоқчи! Майиб-мубтало уни ура-ура ҳайдади. Бу оламда фақат шунга кучи етади: шуни урмоғи, ҳайдамоғи мумкин, шунгагина ҳадди сиғади. Лекин ўзининг вагонма-вагон «юриб» кўрган кунлари, хўрликлари, бесабаб, бегуноҳ еган калтаклари!..

Мусофир мухлис боя ёнидаги қиз берган таклифномага термиларкан, милт-милт кўзёш тўкарди. Таклифномага туширилган расм худди мана шу қасри олийнинг тагида олинган деса, ишонадиган зот топилармикан бу дунёда?!

Мусофир кўзёшлари орасидан-да таниди: ана, ана, совуқ ўлкани зиёрат қилгани борганлардан яна бири минбарга қараб кетяпти. Қай бири эди бу?

«Оббо, бостириб келяпти-ку!»
— Қаранг, қаранг, — деди Оқсоқол саросимада Мафкурахонимни туртиб, шу баробари ундан мадад ва нажот кутиб.
— Ким бу? — деб сўради Мафкурахоним чимирилиб, ташаббусни қўлга олиш-олмаслигини билмай.
— Бу... ёмон! Ёмон бу! Бало урди энди.
— Ҳов йигит, йўл бўлсин? — деди Мафкурахоним батамом ташаббусни эгалламоққа мажбур бўлиб.— Ким чақирди сизни бу ёққа?
— Сўзламоқчиман!
— Сўзланг, марҳамат. Лекин ҳамма ишнинг тартиб-қоидаси бўлади. Аввал рўйхатга ёзилиш керак, — деди Мафкурахоним биринчи синф муаллимига айланиб. Сўнг, худди Ёш шоирни танийдигандек, унинг исм-фамилиясини биладигандек, Оқсоқолнинг олдидаги қоғозга қўл чўзди. — Қани, бу ерда фамилиянгиз бормикан, кўрайлик-чи.
— Мен икки марта сўз сўраб хат ёздим, — деди Ёш шоир дадил туриб. — Мен бугун гапирмасам бўлмайди, менга сўз беринг. Ҳозир демократия замони!
— Тўғри, демократия замони, — деди Мафкурахо-ним кўнглида демократиясига лаънатлар ўқиб, лекин ундан ошкора чекинмоққа йўл тополмади. — Келинг, масалани демократик усулда ҳал қилайлик. Зал сизни қўлласа — гапирасиз, қўлламаса — йўқ. Келишдикми? Овозга қўяман!
— Бўпти, — деди Ёш шоир тап тортмай. — Розиман.

Мафкурахоним «бошқа» халқ билан муомала қилиб юрган, бу халқни билмас экан. Ҳаммаёқдан маъқулловчи хитоблар ёғилиб кетди: «Қўйинг, гапирсин!», «Эшитайлик!», «Сўз берилси-ин!»

«Ёрқин истеъдод» деб ном чиқарган, Оташқалбга отдош, ўзи ҳам нимаси биландир унга ўхшашиб кетадиган Ёш шоир шу тобда қайнаб турар, айни портлагудек даражада эди. Дастлаб сўз сўраб ҳайъатга хат юборганида икки нотаниш йигит уни ташқарига олиб чиқиб, роса асабини қақшатди. Новчароқ бири деворга тираб қайта-қайта тирғалди: «Хўш, сўз берилса, нимани гапирасан?» «Нега мен сенга ҳисобот беришим керак, кимсан ўзинг?» Худди гапни эшитмагандек яна асабни бурғилайди: «Нима ҳақда сўзламоқчисан, қани, айт-чи?» У деса, бу дейишди, бу деса — у. Тавба, охири осонгина қутулди-қўйди: «Ҳой, мусулмонлар, ишонинглар ахир, мен Узоқ Шарққа бориб, шоир қабрини зиёрат қилиб келганман, шуни гапирмоқчиман». «Боядан бери ўжарлик қилмай шундоқ демайсизми, оғайни!» деди «мусулмон»лардан бири.
— Мен агар бугун^бу ерга чиқиб гапирмаганимда, ўзимни умрбод кечирмасдим! — дея шиддат билан сўз бошлади Ёш шоир эл олдида ҳам, ўз олдида ҳам Жасур шоирга айланиб. — Мана, неча ўн йиллик қабоҳат ва разолатлардан сўнг, ниҳоят, Оташқалб шоиримизнинг пок номи чинакамига оқланаётир. Бугун шоир ҳақида бор ҳақиқатни айтадиган кун! Агар бугун айтилмаса, кейин ҳеч қачон айтилмайди, шоир номи янги-янги ёлғону сохта афсоналарга бурканиб бораверадики, унинг пок рухи олдида бу ердаги ҳар биримиз гуноҳкор бўлиб қоламиз. Бинобарин, бугун ростини айтадиган кун. Чунки, шоирни кўрган-билган одамлар, устозларимиз, таассуфки, йилдан-йил камайиб бораётир.

Хўш, бугун бу олиймақом анжуманда шоир тўғрисидаги том ҳақиқат айтиддими? Боя бу ерда шоирнинг ҳаёти ҳақида сўзлаган Ажойиб домламиз маърузаларини, одатдагидек, жозибали қилиб бошладилар: «Башарти, мўъжиза рўй берсаю Оташқалб шоиримиз бир дамгина тирилиб келса...» Домла! — деди Жасур шоир шартта ортига — ҳайъатга ўгирилиб, чучмал ишшайиб ўтирган Ажойиб домлани кўзи билан қидириб топаркан. — Агар сиз айтгандек бўлса, яъни шоир тирилиб келса, бу ерда бўлган гапларни, авваламбор, сизнинг маърузангизни эшитибоқ, билингки, қайтиб нариги дунёга кетарди! Ахир, ҳурматли профессор, сиз шоирни кўргансиз, билгансиз, наҳотки, у ҳақда бирор оғиз рост, жонли гап ёдингизда қолмаган бўлса?! Қолган, ҳаммагинаси ёдингизда, лекин эслагингиз кел-майди, чунки уларнинг устини, замон ўзгаргани сайин, ўшанга мос либослар — тотли ёлғонлар, сохта афсоналар ниқоби қоплаб олган. Ана шу ниқобни да-дил йиртиб бор ҳақиқатни ошкор қилмоққа бугун, ошкоралик замонида ҳам журъат этолмайсиз, қўрқасиз. Негаки, у ниқоб ўзингизнинг шахсий ҳаётингизга оид кўп сир-асрорни ҳам яшириб турибди. Тўғрими? Нотўғри бўлса, чиқиб айтинг, мана — минбар!

Ажойиб домла миқ этмай ҳамон ишшайиб ўтирарди: ёш бола-да, ҳар балони алжирайверади; гапир, гапиравер, сенинг гапинг — менинг...
— Мен бу минбарга бошқаларни ҳам таклиф қилишим мумкин. Бугун — камдан кам насиб этадиган зўр имконият қўлимизда. Келинг, чиқиб бор гапни айтиб, виждонимизни поклаб олайлик. Юрак ютолмаймизми? Ҳа-а, албатта, у ёлғонлар, сохтагарчиликлар тўридан қугулиб, ростини айтмоққа юрак керак, мардлик керак! Ҳурматли дўстлар, сиз билан биз Оташқалбга ўхшаган зотларнинг қора қисматга дучор бўлганида кўпинча замонни қоралаймиз. Тўғри, замон нобоп келган, носоз келган. Аммо, замон — мавҳум тушунча, унинг «паррагу винтчалари» ўзимиз эдик-ку! Ахйр, тўрт-беш шеърий тўпламнинг муаллифи бўлган ёшгина шоирни Сталин ёки Ежов қаёқдан билади, тўғрими? Демак, Оташқалб-ни таниган-билганлар шу кўйга солган. Аввало, шеъриятда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам ўрин талашган яқин биродарлари қилган бу қабиҳликни! Улардан баъзилари ҳозир барҳаёт, мана шу ерда савлат тўкиб ўтиришибди. Умр-лари бундан ҳам узоқ бўлсин, деймиз. Рухсат берсаларинг, азиз дўстлар, бетамизликка йўймасаларинг, менинг мана шу домлаларимизга бир-иккита саволим бор эди. Гарчи, аминманки, бу саволларга ҳеч қачон жавоб ола билмайман. Аммо, ҳақиқат баридан устун, деган гап бор, шунга кўра, бу саволларни бермасам, мен ҳам хиёнат килган бўламан. Қолаверса, бир куни бориб бари ошкор бўлади-ку! Дунёда абадий сир қоладиган нарсанинг ўзи йўқ-ку, нима дедингиз, Заҳматкаш домла? Гапни ўзларидан бошласак, Ажойиб домла. Сиз яхши билган идоранинг қора ҳужжатгоҳида сақланадиган Оташқалбнинг тергов ишида бир чақувнома бор. Унда ёзилишича, Оташқалб халқини ҳаддан ортиқ яхши кўрган, миллий истиқлолни орзу қилган, «улуғ оға»ларни тиканга менгзаган. Ахир, она хачқини яхпги кўрмоқнинг нимаси айб? Миллий истиқлолни тарғиб қилгани ҳам ҳақиқат; халқини севган қайси фарзанд ватанини озод кўришни хоҳтамайди?! Бундан чиқади, ҳаммаси бор, бўлган гаплар, туҳмат эмас, яъни Оташқалб айбига кўра, тўғри қамалган. Бугунги нуқтаи назар билан қараганда эса, у — чинакам миллий қаҳрамон! «Улуғ оға»ларнинг тиканга менгзалгани масаласига келсак, маълумки, бу — мунозарали гап, исботлаш қийин. Уларни гулга менгзаганда ҳам, зарур келганда, балога қолмоқ ҳеч гап эмасди. Хўш, айтинг-чи, ўша чақувноманинг «ростгўй» муаллифи ким эди?

Саволга жавоб бериши лозим бўлган томон — Ажойиб домла ишшайганича қўлида дўпписини айланти-риб ўтираверди: ман қаттан билий!
— Оташқалб оқланаётган кезлар унинг тергов ишида яна бир қоғоз пайдо бўлди. Ижобий тақриз, ҳимоянома деса ҳам, оқловнома деса ҳам бўлади. Унда Оташқалб роса кўкка кўтариб таърифланади, «Шундоқ ажойиб шоир душманла.рнинг чақуви билан туҳматдан қамалиб кетган», дейилади. Демак, у — қамалишига асос бўлган айбларига зид: на халқини яхши кўрган, на миллий истиқлолни орзу қилган, ростдан ҳам туҳмат билан қамалган анчайин бир жабрдийда. Демак... биз бугун бу ерда халқини, ватанини севган фидойи шоирнинг эмас... кимнинг туғилган кунини нишонлаб ўтирибмиз, ўйлаб кўрайлик, биродарлар! Ёки бўлмаса, бу галги муаллифимизнинг ўзи туҳматчи, шундай эмасми? Қизиғи шундаки, ййгирма йилнинг нари-берисидаги ана шў икки тақризни бир киши ёзган. Ажойиб домла, сиз кўпни кўрган кўҳна одамсиз, айтинг-чи, ана шу мунофиқнинг кимлигини билмайсизми?
— Демагогияни бас қилинг, ҳўв ука, — деб қўйди Ажойиб домла ҳамон ишшайганича.

Тошдан яралганми бу одам? Ҳолбуки, не-не қирғинбаротларни кўрган, не-не балоларга гирифтор бўлган. Лекин баридан эсон-омон ўтиб келяпи. Демак, мудом мана шундай: қўлида дўпписини айлантириб, ишшайибгина ўтираверган, вассалом. Энди навбат минбарда сайраётган мана шу маҳмадона болага келишини кутади. Ҳаҳ, давринг кепти, сайраб қол, жўжахўроз! Аммо эртасини ҳам ўйлаб кўйсанг, чакки бўлмасди! Пўконингдан ел ўтмаганда, кекиртагингни чўзасан. Сени ҳам кўзингни боғлагандек қилиб анови хонага олиб кирса, тиззаси билан жон бир жойингга тепиб тегишли қоғозига имзо чекдириб олса, ана шунда билар эдинг! Бир бора имзо чекдингми, бас, кейин бўйин товлайин десанг, машъум тепки ёдингга тушаверади. Қарабсанки, ўша имзонинг қулига айланибсан, ўша тепкичилар қаторига ўтиб қолибсан. Энди ўзинг ҳам тепишни касб қиласан: бўрилар орасида бўри бўлиб увламай кўргин-чи! Кейин, ёш бир жойга борганда, бу йўлдан қайтай десанг, орқангга қарамоққа қўрқасан — қилмишларинг, қора ишларинг! Қолаверса, сен ва сенга ўхшаганлардан тепки еганлар энди сафига қўшмайди, ҳазар қилади.. Уфф!
— Демагогия? Сизлар яхши кўрган сўз бу! Иложсиз, чорасиз қолганда шуни қурол қилиб одамни айбламоқчи бўласизлар.
— Хватит! — деди Мафкурахоним тоқати тоқ бўлиб.— Вақтингиз битди, ука!

У Тепакалдан хуфия хат олиб, боядан бери типирчилаб ўтирарди.
— Мен бюро ёки партия мажлисида гапираётганим йўқ, опахон! — деди Жасур шоир жасурлик билан бетга чопиб. — Мана, халқдан сўранг, бир оғиз «Бас, бўлди» деса, ҳозироқ тушиб кетаман!

Пастдан бетартиб хитоблар эшитилди:
— Гапираверсин! Эшитайлик! Давом этинг! Сўзини бўлманглар!

Халқдан мадад олиб шерланган Жасур шоир янги нафас, янги ғайрат билан гапини давом эттирди:
— Заҳматкаш домла, кўзингиз тушгандир, ўша жиноятномада яна икки кишининг кўргазмаси бор. Бир аёл билан бир эркакнинг. Эркакнинг кўргазмасида Оташқалб «оға»лар қавмига мансуб бир хотинни «Сени яхши кўраман» дея алдаб, сўнг ташлаб кетгани, дўстининг гуноҳини ювиш учун кейин ўзи унга уйланмоққа мажбур бўлгани айтилади. Аёлнинг кўргазмаси негадир қаттиқ аламзадалик билан ёзилган. Унда Оташқалб ўтакетган безориликда ва, эътибор қилинг, бевафоликда айбланади! Демак, оддийгина, майли, ўтакетган бўлақолсин, безори ва бевафодан «халқ душмани» ясалади. Хўш, ўша «олижаноб» эркак киму «жабрдийда» хотин ким?.. Кўпчиликнинг хабари бор: уруш йиллари Оташқалб асирлик сургунидан озод қилиб, лозим бўлса, жангга юборилишини сўраб Сталинга ариза ёзади. «Мазкур иш бошқатдан кўриб чиқилсин!» деган фармойиш билан қайтган ариза шу борада фикр, аслида розилик сўраб, расмият юзасидан, ёзувчилар ташкилотига келиб тушади. Ўша сўровномага ташкилот раҳбари нима жавоб қилган, эшитганмисизлар? «Оташқалбни сургундан қайтариш мумкин эмас. У қайтарилса, уни айблаган кишиларни жазога тортиш лозим бўлади. Бунинг эса, маълум сабабларга кўра, иложи йўқ». Хўш, уни айблаган кишилар ким эди? «Маълум сабаблар» дегани нима? Ўша йиллари ким бу ташкилотнинг раҳбари эди? Мана шу бир тўп саволга сиз жавоб берсангиз, ҳурматли Оқсоқол!

Оқсоқол бу саволларни умр бўйи кутиб яшаган, умр бўйи ана шу саволларни ўзи ўзига бериб келган. Аммо бирортасига ҳам жўяли жавоб қайтаролмаган. Жавоб — ўзи, яхшидир, ёмондир, ўзининг ҳаёти. Уни бўлаклаб бўлмайди, бор-буди бир-бирига чирмашиб кетган. Ё тўлиғича маъқуллаш керак, ё батамом инкор этиш лозим бўлади. Бошқа чораси йўқ. Кўп ўйлаб, кўп кавлаб кўрган.

Мана бу зумрашанинг даъволарига келганда... Қани эди, шу боланинг ўрнида сен бўлсанг! Виждонинг пок-покиза, умринг хато-хутолардан холи. Лекин, саксон йилни шундай тўғри, бехато яшаб бўлмайди. Иложи йўқ. Иложи бўлганда... йўқ, қайта туғилганда ҳам иложи йўқ экан. Гап — ҳаётинг фақат хатоларга қурилмаслигида! Ҳайҳот, ҳайҳот... Манови бола эса ҳозир уйқуда — маст, масрур. Юра-юра бунинг ҳам «одам бўлгиси» келади. Бир куни чақирадилар, нимадир фазилати ё хизмати даркор бўлиб, амал берадилар. Ана кейин қарабсизки — мадҳиябозлигу қофиябозлик! Бировлар ёшлигингизда ўт эдингиз, олов эдингиз, деса, ғўрлик-да, хато қилган эканмиз, дейдиган бўлади. Шу тариқа ҳаётнинг «тинч океани»га тушиб суза бошлайди. Худо ёрлақаб бир куни Оқсоқол шоирнинг ёшига етганида, аллақандай бир жўжахўроз ўртага чиқиб мана бундай жириллаб қолса, аламидан тутаб кетмайди деб ким кафолат бера олади? Йўқ, бу дунёда бола-чақали одамнинс таёқдек тўғри бўлиши ёки киройи бир жасорат кўрсатиши мушкул экан. Осмондаги парранда ҳам бир иш қилмоқдан олдин ўзини эмас, бағридаги жўжасини ўйлайди, ўзининг эмас, полапонининг тақдиридан чўчийди. Наҳотки, ёвқурлик, шерюраклик деганлари салт-сувойларгагина хос?..

Ўзи бугун худо урган кун экан. Эрталабдан бери кўнгли ғаш. Эрталаб ҳайкалнинг очилишидан қайтаётиб, машина ойнасидан ўзига ўқдек қадалиб турган бир жуфт кўзни кўриб қолди. Нимасидир жуда таниш бу кўзларнинг эгаси йўл четидаги қўлбола аравачада ўтирган ниҳоятда афтодаҳол бир ногирон эди. Оқсоқолнинг кўксида нимадир жизиллаб кетди — унутилган, аммо таниш, аламли нимадир. Боя Мафкурахонимни кутгани чиқиб майдонда нари-бери юриб турганида ҳам узоқдан ўша ўтли, оташин нигоҳларни тағин ҳис этди, кўзини олиб қочди, у ёққа қарамасликка ҳаракат қилди.

Ажабо, мана шу ҳолат уни умр бўйи таъқиб этган экан: гўё кимдир унга шиддат билан тикилиб турибди-ю, у зўр бериб кўзини олиб қочади, ўша томонга қарамасликка уринади.

Хуллас, бугун оғир ўйлар гирдобида юрган Оқсоқол айни чоқда Жасур шоирнинг ўқдек янграган омонсиз саволларига бир нима деб жавоб қайтариши маҳол эди. Аммо оғзидан кутилмаганда шундай бир гап чиқиб кетдики, кейин ўйлаб ўзи ҳам ҳайратда қолди. Муроса қилгиси келдими ё кўнглининг ўзибилмас бир хилватларида пинҳон ётган дард беихтиёр бош кўтардими, ҳарнечук, бўлгани бўлди.
— Гапираверинг, ўғлим, баракалла, — деди Оқсоқол шоир. — Бу гапларни бир куни кимдир айтиши керак эди-да!

Ул-булдан хабардор жамоат карахту лол бўлиб қол-ди: оббо, Оқсоқолни бир жин урди-ёв! Уни ўйин қиляпти ёки мард экан барибир, деган хаёлга борганлар ҳам бўлди.
— Жавобингиз бизга маъқул, Оқсоқол! — деди жувонмарг Жасур шоир зукколик ва шаҳдамлик билан, мунозарада устун келганини ҳам барала сездириб. — Ҳақ гапни айтдингиз! Бу ёғини яна биздан эшитинг. Маълумки, ҳозир сизу биз тантанали анжуман қуриб ўтирган муҳташам бинони тиклашда бир вақтлар ҳарбий асирлар ҳам иштирок этган. Ўша бинокор маҳбуслар, билганлар билади, худди мана шу ҳашаматли томошахонанинг тагида макон топган. Оташқалб ҳам бир муддат шу ерда ётган. Ер ости ҳам томошахона, ер усти ҳам! Қизиғ-а? Дунёнинг ишларини кўрингки, бир вақтлар унинг қатлига имзо чекканлар бугун тўрда ўтириб қозилик қиляптилар! Ўлдирганлар — тўйинг-да баковул! Алҳазар! Ана шу муте-майда гумашталарга бош-қош бўлган мафкура соҳасини ўша кезлар ким бошқарган, билмайсизми, ҳурматли Мафкурахон опа? (Асабий ҳурпайиб ўтирган «опа»нинг важоҳатидан фақат бир гапни, фақат бир тилда кутиш мумкин эди: «Знать не знаю и не хочу!») Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Шоир сургунда яшаган жойларни зиёрат қилгани борганимизда ўша ерлик бир аёл, кўрганми, кўрмаганми, худо билади, хумори тутганидан дир-дир титраб турган майхўр эрининг кўзи оддида Оташқалбга маъшуқалик даъво қилди. Меҳмонлар шарафига тузалган зиёфат дастурхонидан аввало майхўр эрининг ғамида, умидвор бўлиб бу ишга боргани ҳаммага аён эди. Арвоҳидан қўрқмай, шоир тўғрисида бўлар-бўлмас чўпчакларни тўқиб, уларни мана шу мўътабар минбарга олиб чиққанда сиз, ҳурматли Ажойиб домла, тағин нималардан умидвор бўлдингиз экан? Ахир, шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритишга айниқса сизнинг маънавий ҳаққингиз йўқлигини, бу иш умрини шунга бағишлаган Заҳматкаш домлага тан, шу кишигагина ҳалол эканини наҳотки билмасдингиз? У киши бизга, масалан, ёлғон қабрлар устида тўккан сохта кўзёшларимиз, аниқроғи, улар ўрнига оққан бўёқлар ва бошқа нарсалардан сўзлаб берарди.

Сиз-чи, ҳурматли Маъшуқахон опа, маъшуқалик шуҳратини энди анови шимоллик беор майхўрнинг беор хотини билан тенгма-тенг бўлишамиз шекилли? А, лаббай? Биламиз, иложи йўқ. Лекин — начора, чиллада бўрининг қорни тўқи бўлмайди! Биродарлар, Оташқалбни жувонмарг қилган бир тўда риёкор, номи окланган кундан эътиборан уни ўзига мосламоққа, ҳаёти ва ижодига ўзгартишу таҳрирлар киритиб, ўзиники қилмоққа уриниб келди. Мана, бугун ҳам шунга ҳаракат бўлди. Агар биз уларнинг даъволарига қулоқ оссак, ишонсак, шоирнинг руҳи олдида бугун ҳам хиёнат қилган бўламиз. Оташқалб — бизники! Аминманки, шоирнинг руҳи ҳозир мана шу тантанавор толор бўйлаб кезиб юрибди, — дея Жасур шоир қулочини кенг ёзиб негадир юқорига, иккинчи ошён тарафга ишора қилди.— Маълумки, шоирнинг бор ижоди қўлимизда, у ҳимояга муҳтож эмас — ўзини ўзи ҳимоя қила олади. Аммо унинг ҳаётини турли уйдирмаю афсоналардан тозалаш, ҳимоя этиш — бизнинг бурчимиз. Чинакам мухлис, адабиётнинг чинакам дўсти шундай қилади. Қолаверса, Оташқалбнинг фожиасида бир-икки одамнигина айбдор санаш калтабинлик бўлади. Бандаси ожиз, жон эса ширин. Уни аввало ўша муҳит жувонмарг килган. У барибир омон қолмасди. У барибир қамаларди. Ўша замон мантиғида бундан бошқа йўл йўқ эди. Лекин Оташқалбнинг қисмати сизу бизга сабоқ бўлолдими— мана, гап нимада! Азиз дўстлар, минг бора узр, шодиёна кунда нохуш гаплардан гапириб мен бир қадар андишасизлик, балки шаккокликка боргандирман. Лекин, боя ҳурматли Оқсоқолимиз тўғри таъкидладилар: бу гапларни бир куни кимдир барибир айтиши керак эди-да! Шу ишни бугун мен қилдим, майли, увол-савоби менинг бўйнимда бўлақолсин! Бугун — Оташқалб шоиримизнинг тўйи, шеърият байрами, аслида бу тантананинг қаҳрамони шеър бўлмоғи лозим эди. Келинг, дўстлар, мен сўзимни унутилмас шоиримизнинг машҳур шеърини асл ҳолида ўқиб бериш билан якунласам:

Тикашар ичра балқкан ул муҳаббатнинг гули сенсен.

Капалакка дил боғлаган ҳам кўнгилнинг қули сенсен.

Бу мовий кўзларинг сўзлар, қушим етим каби бўзлар...

Оловим ҳам сен эрурсен, ҳам армоннинг кули сенсен.

Тшим чайнаб ютар бўлсам, дилимнинг булбули сенсен.

Хазон бир ғунчанинг ғолиб, музаффар қотили сенсен.

Сенсен, сенсен — озоргинам, дилдоргинам сенсен,

Биру борим, ғаддоргинам, беоргинам сенсен!..

Нотиқ шеърни ўқиб бўлгач, негадир шошилиб, шиддат билан минбарни тарк этди, овози улкан томошалар толори бўйлаб қанот қоққандек садо бериб қолди: «Биру борим, ғаддоргинам, беоргинам сенсен, сенсен!..»

Жасур шоир қаҳрамонга айланиб олқишу чапаклар остида жойига қайтаркан, унга пешвоз чиққаннинг, қутлагани қўл чўзганнинг ҳисоби йўқ эди. Тўғри гапга ташналар ҳам кўп экан.

Оқсоқол умри мобайнида жуда кўп хато қилгани маълум. Бугун, мажлисни якунлайтуриб ана шу нохуш рўйхатни тағин бир хунук хато билан «бойитди» деса бўлади. Аслида, Жасур шоирнинг оташин нутқию жарангдор мисраларидан сўнг анжуманни давом эттириш хатарли, Оқсоқол уни наридан-бери ёпиб қўя қолиши лозим эди. Йўқ, қўрқди. Боя беихтиёр оғзидан чиқиб кетган гап учун қўрқди. Ўша ҳаром томири бу гал ҳам панд берди.
— Ҳурматли ўртоқлар, ҳозир бу укамизнинг жўшқин сўзларини ҳайрату ҳаяжон билан тинглаб ўтириб, кўз олдимда марҳум дўстимнинг унутилмас сиймоси гавдаланди. Оташқалбнинг ўзгинаси-я, айнан! Қўлларини силтаб-силтаб гапиришлариям, шеър ўқишиям, ҳатто овозиям — худди ўзи! Қиёфасиям ўхшашиб кетади. Ё тавба, дейман, одамзод бир-бирига шунчалик ҳам монанд бўлар экан-да! Аммо менинг бояги луқмамни, афтидан, кўпчилик тўғри тушунмади. Унинг тагида бошқа мазмун бор эди. «Бу гапларни бир куни кимдир айтиши керак эди», дедим, ёдинглардами? Ана шундай. Нима деганим эди бу? «Бу гапларни бир куни кимдир айтишини биз билар эдик, шуни кутган эдик». Во, нима демоқчи эдим мен! Мана, бугун шу гаплар айтилди ниҳоят. Унга бизнинг жавобимиз бундай, — деди Оқсоқол салмоқ билан ҳайъатда ўтирган жўраларига кўз ташлаб олиб ва айни замонда улардан мадад ўтиниб. — Биз унутилмас дўстимиз ва сафдошимиз Оташқалб шоир ҳаёти ва ижодини бунинтдек бузиб талқин этишларига асло йўл қўя олмаймиз! Биз бошда танлаган йўлимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз! Мен бу укамизни Оташқалбга ўхшатдим. Ўхшагани яхши, майли, ўхшайверсин. Лекин Оташқалбнинг тақдири оқибати нима билан тугади — мана бу томонини ҳам ўйлашимиз керак, ҳурматли ўртокдар, тўғрими?

Пастда ғала-ғовур қўпган, норози хитоблар, чапаклар эшитила бошлаган эди. Бу ёғи пойма-пой бўлиб кетганини ҳатто Мафкурахоним ҳам фаҳмлади шекилли, Оқсоқолнинг тирсагидан тутиб, қулоғига нимадир деб шивирлади. Фикрлари чалкашиб, довдираб қолган Оқсоқол титраб-қақшаб унинг гапини микрофонда такрорлади:
— Шу билан юбилейимизнинг тантанали қисми тугади. Келганинглар учун раҳмат. Ҳозир — катта концерт.

Шу тариқа Оқсоқол шоирнинг сўнгги бора раислик фаолияти ҳам шарафсиз, балки шармандали якун топди.

Анжуманни танаффуссиз давом эттиришга қарор қилинди чоғи, «муҳим иш» чиқиб шошиб қолган Мафкурахонимни кузатган казо-казолар тезгина кириб, пастдаги олдинги қатордан жой олдилар. Бу орада саҳна айланиб, Оташқалбнинг шифтдан осилиб турган каттакон сиймоси камалак ёғдуларига тўлди, Унинг кетидан юракларни сел қиладиган жозибали бир оҳанг таралиб, сочи елкасига тушган хипчагина хонанда микрофон кўтариб у ён-бу ён бориб кела бошлади.
«Тиканлар ичра балққан ул
муҳаббатнинг гули сенсен...»

Азим толорни тантанавор бир руҳ, чинакам байрам руҳи қамраб олган эди. Зум ўтмай, «сен»нинг ўзи ҳам кўринди, камалак жилоларига чулғаниб енгил навозиш эта бошлади. Ўта оммалашиб кетган бу қўшиққа, чамаси, пастда ҳам кимдир ўйин тушмоқда эдики, раққоса ажиб бир такаллуф билан уни саҳнага чорлай кетди. Зинада ажинасимон бир нарса, унинг ортидан эса алвастига ўхшаш бошқаси қора кўрсатди. Улар изидан ёш, муносиб издошлари — Жиянбека...

Қўшиқ шўх пардаларига етган, саҳнада Маъшуқахоним билан Алвасти бир-бирига қараб беўхшов, ярашиқсиз муқомлар қилар, ажабки, даргоҳи кенг худойим аҳли анжуманга тоғдек бардош берган эди.
«Бу мовий кўзларинг сўзлар,
кушим етим каби бўзлар...
Оловим ҳам сен эрурсен,
ҳам армоннинг кули сенсен,
ҳам армоннинг кули сенсен...»

Энди бу ерда ўтириш оғир, ҳатто ортиқча эди. Энди бу дунёга тоқат қилиб-да бўлмасди. Шайтанат, худди шайтанат!..

Кўз ўнгида яна ўша манзара жонланди. Кенг-катта кўча бўйлаб у аравачасини елдириб бормоқда. Икки ёнда баланд-баланд бинолар. Аравача ғиддиракларининг ғирчиллаши азамат пештокларга урилиб, шағал тўккан мисоли бир тарона яратган. Улкан шаҳарда шундан ўзга сас-садо эшитилмайди. Шаҳар кимсасиз, унда бирор тирик жон йўқ...

Ажабо, тушими бу ё ўнгида кўрганми? Кўрган бўлса — қачон, қаерда? Кечадан буён кўз олдидан кетмайди шу манзара.

Келишда у поезддан вақги бемаҳалда тушган, бояги манзара кимсасиз шаҳар бўйлаб қилган «саёҳати»нинг дардманд хотирадаги бирмунча қабариқ тасвири эди.

Шундаймикан?..

Мусофир мухлис мурувватпеша қўшнилари — ёш йигит-қизга миннатдорлик изҳор этган каби бир-бир назар солди-да, чаққон бир ҳаракат билан ўриндиқдан сирғалиб тушдию илдам эмаклай бориб, йўлак адоғига суриб қўйилган аравачасига ўрнашди, тирсаклари — «оёқ»ларини ишга солиб, жўнади.

Энди уни ҳеч қандай куч тўхтата олмасди. Ҳозир шиддат билан иккинчи ошённинг кўчага қараган айвончасига чиқади (ҳали келаётиб кўз остига олиб қўйган), сўнг... Тўғри, эвини қилолмай бир нафас қийналади, тараддудга тушади! Лекин бир умрлик азоб-уқубатлар, қийноқлар олдида бу ёғи осон, бамисоли ҳалинчак учгандек, йамисоли мукофот... Ягона тилаги — йўлда анови қаттол Таъқибкорга дуч келмаса бас. Дарвоқе, энди дуч кедди нимаю дуч келмади нима!

Ҳеч ким ҳеч гапдан бехабар, таваллуд анжумани одатдагидек давом этди, ярим тунга бориб тарқади.

Хўш, кейин нима бўдди?

...Тепакал диванда ҳорғин чўзилиб ётаркан, ўзини ҳозир минг қўйли бойдек, минг қўйли бой нима бўпти, ундан-да қудратли, ҳар ишга қодир ҳис қиларди. Боягина у Сирдарёдаги гадойтопмас бир гўшада ишчилар таъминоти бўлимининг бошлиғи эди, энди — кимсан, пойтахтдаги каттакон бир озиқ-овқат трестининг хўжайини! Тағин сал ҳаракат қилса, бундан-да юксалиши ҳеч гап эмас!

Ўзини тошойнага солиб кўз-кўз этаётган Мафкурахонимга тикиларкан, Тепакал таажжуб билан ўйларди: «Тавба, дунёнинг ишлариям чаппа-раста. Чаппа-раста бўлмаса, шу қавмга бунча нарсанинг жиловини бериб қўйиб бўладими? Ахир, булар ҳалиги маҳал қулоғига сал шивирлаб қўйсангиз, дунёда яна бир Октябрь тўнта-риши ясаб юборади-ку!»

Улар бу эски хилватхоналарида бундан атиги қирқ дақиқа аввал учрашдилар. Энтика-энтика бирин-кетин кириб келган ошиқ-маъшуқ, дийдор кўришилмаганига икки-уч йил бўлган, гап йўқ, сўз йўқ, учрашган ҳамо-но бир-бирига чирмаша кетди: «Тепакали-им!..» — «Мафкурабегим!..»

...Елкасида улуғ идораларнинг туҳфаси — банорас тўн, оддида — қалпоқ бостирилган аччиққина чой, дўпписини бир ёнга олиб қўйган Ажойиб домла қаламини чаккасига босганча теран тафаккурга чўмиб ўтирибди. Бугунги кунга мос сўз қидирмоқца. Яқинда бўлажак зиёлилар қурултойига Опахоннинг номидан маъруза тайёрламоғи даркор. Топшириқ масъулиятли! Бугунги анжуман баҳона, Опахон билан учрашганларида у киши масалага мутлақ партиявий нуқтаи назардан ёндашмоқ лозимлигини яна таъкидладилар. Маъқул. Бундай топшириқларга «лаббай» деб жавоб бермоқ, замон талабларига мос оҳанг топиб, зиммага юкланган ҳар қандай мушкул вазифани дўндириб қўймоқ-ку — домланинг одатий юмуши. Аммо ҳозир давр бошқача, долғали келди қурғур. Анови жўжахўрознинг бугунги пўписалари, ҳай-ҳай!

«Ничево, — деди Ажойиб домла одатдагидек ғайрат билан ишга_ киришаркан. — Бундан баттарларини кўрганмиз! Ўсма кетар — қош қолар, дўппи кетса — бош қолар».

...Қариб қуйилмаган дарбон хотин ўзида йўқ хур-санд: бугун саҳнада ҳеч ким ҳеч кимни кўтариб ўйнамади! Лекин эртага унинг аҳволи чатоқ бўлади — ишига масъулиятсизлик билан қарагани, яъни шундоқ ҳашаматли кошонага шундоқ улкан анжуман кетаётган пайтда ҳар хил қаланғи-қасанғилар кириб, фавқулодда нохуш ҳодиса содир бўлгани учун у вазифасидан четлатилади. Вақти-замонида мана шу кошонанинг тўридаги саҳнада қўлма-қўл бўлиб юрган одам, тақдир тақозоси билан сурила-сурила эшик оғзига келиб қолганидан хабаримиз бор эди, энди у эшикдан ташқарига чиқариб ташланади. Бир куни бориб ана шу донгдор саҳнада кўрсатган хизматларини қўшиб-чатиб ҳикоя қилиб берса, тирмизак невараси унинг ҳасад ва ўсма-сурманинг зўридан эрта сўлиган, буришган афтига тикилиб, «Бувижон, бу эртакми ё достон?» деб сўраса керак.

...Ўта масъулиятли тадбир чоғида ишга совуққонлик билан ёндашилгани — анжуман минбарини ҳар турли бузғунчи унсурлар эгаллаб олгани оқибатида сиёсий-мафкуравий қўпорувчиликка йўл очиб берилгани учун Таъқибкор ҳамда унинг шогирдларига қаттиқ чора кўриладиган бўлди. Шогирдларига оғир ҳайфсан ва бошқа интизомий жазолар қўлланиб, Устознинг ўзига истеъфога чиқиш тавсия этилди. Сўнгги дақиқада унинг партия ва ватан олдидаги фидокорона хизматлари инобатга олиниб, кошонадаги бўшаб қолган дарбонлик вазифаси таклиф қилинди.

Таъқибкор жон-жон деб рози бўлди. Аввало, у йўлланган жойдан ҳеч қачон бўйин товламаган, топширилган ҳар қандай вазифани муқаддас билиб, бекаму кўст адо этган, қолаверса, бу масканга кириб-чиқаётганларга кўз-қулоқ бўлиб туриш ҳам, аслида, чакана лавозим эмас. Сираси, гап — лавозимда деганлар хато қилади, гап — ўша ўринда ким ўтирганида!

...Бу орада ютган-ютган Маъшуқахоним бўлди: ҳам ўзини яна бир бор дўсту душман оддида кўз-кўз қилиб хумордан чиқди, ҳам яйраб-мириқиб ўйинга тушди. Тўғри, анови жувонмарг бугун ҳам бир оз акиллади. Ҳай, садқаи сар, сенинг гапинг — менинг... Эрим номдору амалдор деб кериласанлар, пайпоқ ювиб ўтган кунинг қурсин сен димоғдорларнинг. Битта эрдан бошқа нимани кўрибсан? Куйиб-тутаб ўлларинг, Маъшуқахоним яқинда унвондор ҳам бўлади, Мафкурахоннинг шахсан ўзи ваъда қилди!

...Ўша кеча ухлаган одам ухлагандир, Жиянбека ҳаяжону иккиланишлар оғушида тўлғаниб чиқди: «Ким бўлсам экан — вазирга муовинми ёки Мафкурахон опамга қарашли шўъбага мудирми? Мудирнинг-ку қўли узун, лекин муовинлик ҳам чакана эмас, номи зўр, ҳам эркинроқ. Маданий борди-келдилар баҳона, кўп нарсали бўлиб қолиш мумкин. Ким бўлсам экан-а?..»

...Ўша кеча масъул бир шахснинг қайнотаси бўлмиш Фан арбобининг уйида телефон бетўхтов жиринглаб турди. «Табриклаймиз, зўр чиқиш қилганмишсиз, домла!», «Эшитдик, эшитдик, шоиру ёзувчиман деганларини оғиз очирмай қўйибсиз-у, устоз, қойилман!», «Гапни қийиб ташлабсиз аммо, яшанг, дўст!»

Вақт ярим кечага яқинлашганда юксак мартабали куёвтўранинг ўзи йўқлаб сим қоқди:
— Қалай бўлди, дада?
—Қайдам, ўғлим, ўртоқлар кетма-кет қўнғироқ қилиб табриклашаётибди-ку!
— Дада, ўша шоирингизни қамалиб чиққан, деб эшитаман. Оти нимайди ўзи?
— Оти... оти... Ҳозир...

...Темирйўл ишчиси — Оташқалбнинг собиқ сабоқ-доши ўша оқшом хотинидан айниқса зўр иззат-икром кўрди. Қаранг, хотини шу чоққача қандай одам билан яшаб келганини билмас экан!

...Заҳматкаш домла ўша кеча юрак ўйноғи бўлиб, мижжа қоқмай чиқди. Столда иши беҳисоб, қўлёзмалар қалашиб ётибди — яқинлашмоққа эса юраги бетламайди. Худди оддин бир тазарру айтиб, истиғфор келтириб — покланиб олмоғи зарурдек. Мана, хайриятки, кўп йиллик орзуси амалга ошди — Оташқалбнинг таваллуд анжумани, яхшими, ёмонми, ҳарқалай, ўтди. Бироқ кўнгил алағда, бошқа ишнинг бошини тутай ёки ётиб дам олай деса, кўз ўнгида нуқул бир манзара жонланаверади: қалин қарағайзор четидаги ғариб қабристонда ғарибона мунғайган бир қабр. Бир тўда одам уни зўр бериб кавлармиш-у, лаҳмдан ғиштдан бўлак ҳеч нарса чиқмасмиш. На бир дона суяк, на бир парча чириган матоҳ, на бир тола соч — фақат ғишт, ғишт, ғишт...

...Жасур шоир бугунги зафар завқидан сармаст, қаттиқ уйқуда. Суюкли хотини бошида ўтирибди. У-да мамнун, у-да масрур, бот-бот шоирнинг бошини — шеърият жафоларию турмушнинг норасоликларини мардона-мағрур енгиб келаётган тошдан қаттиқ бошини, шу йўлда оқара бошлаган сочларини меҳр билан силаб-сийпаб қўяди.

Шоир ҳозир уйқуда, маст уйқуда. Бугун ҳар қанча ҳузурланиб ухласа арзийди — унга ҳалол. Лекин у ҳали ҳеч гапдан бехабар. Эртадан бошлаб у на радиода, на телевизорда чиқа олади. Яқинда нашр этилиши лозим бўлган китоби босмахонада «сочиб» юборилишидан ҳам у ҳали бехабар. Индин уни бошлиғи чақириб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беришини сўрайди. «Нега?» «Юқоридан шундай буйруқ бўлди». «Кимдан?» «Юқоридан!»

Шоир уйқуда, маст уйқуда. У ҳозир бошида сочларини меҳр билан силаб ўтирган суюкли хотини бир куни келиб уни ташлаб кетишини ҳам билмайди.

Билганида нима? Шуларни билганидан, шуларга тайёр эканидан бу қисматни танламаганмиди! Шоирнинг ҳаёти шу, вассалом.

...Ўша кеча шаҳарда иккита сирли ҳодиса қайд этилди. Бири — Оқсоқол шоирнинг тўсатдан вафот этгани, иккинчиси...

Анжуман муносабати билан ҳукумат берган зиёфатдан эртароқ қайтган Оқсоқол шаҳар яқинидаги сўлим ёзлоғида, иккинчи қаватда жойлашган ойнаванд равонда, ҳордиқ чиқариш баҳона, сават курсида хаёлга чўмиб ўтирарди. Тому тошни ларзага солиб момақалдироқ гумбурлади, унинг кетидан чақмоқ чақнаб, бирпасдан сўнг ёмғир ишвалай бошлади. Кўклам сувларига чўмилган дов-дарахт номаълум бир қудратга бўйсу-ниб, оҳ урганча у ёқдан-бу ёққа чайқаларди.

Шамол зўрайдими ё яна момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақдими, рўпарадаги дераза тўсатдан икки тарафга шарақлаб очилдию оғир бир нарса қасира-қусур отилиб кириб, нақд оқсоқолнинг оёқлари остига келиб тушди. Аллақандай аравача, унда... унда... Ҳа-ҳа, ўша, бугун эрталаб учраб, кун бўйи тинчлик бермаган лаънати ногиронлар аравачаси! Унга қапишиб ўтирган оёқ-қўлсиз тасқара бир вужуд, бароқ қошлар остидан кўзлари оловдек ёниб Оқсоқолга ташландию бўғзидан ғиппа бўғиб одди. А-а-а-а-а...

Ғайритабиий товушни эшитиб шоша-пиша равонга чиққан Алвастихоним чолини кўзлари олайиб, ияги тушган ҳолатда кўрди. «Эсизгина, — деди унга яқинлашаркан, — юбилейига бир ҳафтагина қолганда-я!..»

Кейинчалик Алвастихонимга айланган Мовийкўз дилбарга бир замонлар топширилган махсус тарихий вазифа, андак поёнига етмай, ана шу тариқа хотима топди.

Жасадни ҳар хил қилиб текшириб кўрган дўхтирлар «Юраги ёрилиб ўлган» деб хулоса ясадилар.

Сирли ҳодисанинг яна бири шу эдики, эрталаб кошонани айланиб кўздан кечираётган кўриқчи ён тарафдаги айвончалардан бирининг тагида ғалати ашёларга дуч келди: ярғоқ қулоқчин, бир тутам қўсқи сочми-соқол, исқирт пахталик, яғири чиққан чолвор, бир пой этикнинг қўнжи... Бир пойи тепада — дарахтнинг шохида. Унда яна бир тутам сочми-соқол ҳам илиниб қолгандек.

Ҳаммасидан қизиғи — пахталикнинг чўнтагидан кеча мана шу кошонада таваллуди нишонланган, ярим асрча бурун олис совуқ ўлкада ҳалок бўлган марҳум шоирнинг ҳужжатлари чиқди.

Шаҳардагина эмас, бутун мамлакатда шов-шув қўзғаган бу ҳодисани тегишли ташкилотлар ҳам ҳеч қанақасига шарҳлаб бера олмади.

Оташқалб шоирнинг таваллуд анжумани ана шундай ўтди.

1994