OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭркин Аъзам
Асар номиЗабаржад (киноқисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Эркин Аъзам
Услуб
   - Кино
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм126KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/10
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Забаржад (киноқисса)
Эркин Аъзам

«
Отим ориқ, манзилимга етолмайман-о…
Қўшиқдан
»

Муқаддима

Ёз куни. Тушдан кейинги сокинлик.

Айқириб оқаётган сой ёқалаб ўттиз беш-қирқ ёшлар чамали бир киши енгил хиргойи қилиб келмоқда. Вақтичоқ, қадам олишларидан андак ширакайфлиги билинади.

Нариги томонда — қуюқ дарахтзор чорбоғ этагидаги тикроқ соҳилда, олдида ҳар хил қўғирчоқ, ўйинга машғул бўлиб ўтирган олти-етти яшар қизалоқ сой ёқалаб келаётган кишига кўзи тушиб шодон қийқиради:
— Дадажон! Дадажон!

У ўрнидан тураётиб олдинга мункийди ва оёғи остидаги қўғирчоқларига қўшилиб сирпана-думалай сойга тушиб кетади.

Қизалоқ сув юзасига бир қалқиб чиқади-ю, жонҳолатда типирчилай-типирчилай чўка бошлайди.

Нариги қирғоқдан ўзини сувга ташлаган ота уч-тўрт ҳамлада қизга етиб олади-да, уни боши узра баланд кўтариб соҳил томон отиб юборади. Кейин ўзи икки-уч марта талпиниб юзага чиқади-ю, бирдан кўринмай кетади.

Сув сатҳида уюрмасимон ҳалқалар ҳосил бўлади, қизалоқнинг турли-туман қўғирчоқлари ўша доира бўйлаб айлана бошлайди.

Соҳил узра эсини йўқотиб қўйган қизалоқнинг чинқириғи янграйди:
— Дада-а-а! Дадажо-о-он!

Қисса

Забаржад деган бир... қиз деймизми энди, жувонми... оппоқ елкалари очиқ, гулдор чойшабни ичкўйлак мисоли қўлтиқлари остидан ўтказиб танғиб олган, эшик ёнбошидаги электр тугмачасини босиб, чароғон ваннахонага киради. Аллақандай сирни англаб етмоқчи ё ниманидир салмоқлаб кўраётган каби қўлидаги ғижимланган оқ рўжага бир нафас тикилиб туради. Кўнглидан кечгани эса бундай:
— Шугина керакмиди сизларга? Мана, тамом!

У рўжани ваннага отади-да, жўмракни очиб юборади. Шариллаб оққан сув гўё бир зум қон тусини олади — жомга тушибоқ қип-қизил қонга айланаётир!

Кўзида ёш ҳалқаланган Забаржад бир сесканиб, жомга диққат билан тикилади. Йўқ, сув! Оддийгина сув. Андак хира тортгандек, холос.

Ванна деворига ёпиштирилган зарҳал тасвирдаги яримяланғоч ишвакор жонон сирдошларча кўз қисиб қўяди.

Забаржад рўпарадаги доирасимон кўзгуга солади ўзини. Сочлари бетартиб ҳурпайган, кўзининг сурмаси чаплашган.

Юзини ҳар мақомда буриштириб кўради, тилини чиқариб ўзини масхара қилган бўлади.
— Кўнглингиз жойига тушдими, жоним? Баттар бўлинг!

Сўнгра кўзгу тагидаги жўмракда юзини яхшилаб ювиб, тағин аксига боқади: шўх нигоҳлар ўша-ўша, кулгичлар ўша-ўша — бирор нарса ўзгармаган! — Ҳеч гап эмас экан-ку!

* * *

Тангу тор ошхона. Дераза ёнидаги емак столига тирсак тираб бир киши ўтирибди. Майкачан. Чекяпти. Ўртаяшар. Сочига оқ оралаб қолган. Юзи кўринмайди.

Забаржад орқадан келиб уни бўйнидан қучади, сочларига юзини суйкайди. — Дадамнинг ҳам сочлари шундай эди. «Нега бошқаларнинг сочи қоп-қора-ю, сизники бунақа?« деб сўрасам, »Мен кул сепиб олганман-да», дердилар.

Забаржад столни айланиб ўтиб, ҳалиги кишига рўбарў ўтиради. У ҳам столга тирсаклаб, суҳбатдошига тикилади.
— Пушаймон қиляпсиз-а? Бўлгани бўлди энди, дўстим, ўйламанг! Бу ишда бой берган мен-ку, сизга нима? Лекин ўзим ҳечам афсус қилмаяпман. Қайтага, қушдек енгил бўлиб қолганга ўхшайман. Орзум шу эди, мана, етдим. Беш йил бўлди-я! Энди сиздан бошқа бирон эркак бу остонани кўрмайди. Забаржад сўзим! Ё келсинми, майлими? Гапирсангиз-чи, ахир! Э-э-э! — Забаржад худди ёш болага дўқ қилаётгандек бир жазава билан столга шапатилайди. Сўнг бирдан юмшаб, жилмаяди. — Тўғрисини айтинг, кутмаганмидингиз? «Қари бўлса ҳам — қиз яхши» деган гапга энди ишонгандирсиз? Э, ким ҳам ишонарди — ўттизлардан ошиб, шу вақтгача!.. Уятсизман-а? Қип-қизил шарманда! Уриб-уришадиган эринг, уяладиган боланг бўлмаганидан кейин одам бора-бора мана шундай беҳаёга айланар экан, дўстим!

Ўртада турган чинни тарвузга пичоқ санчилар-санчилмас (сўяётган кишининг фақат қўли кўринади), у паққа иккига бўлиниб кетади. Қондек қип-қизил! Забаржад тарвуз палласига чангал уриб «юраги«ни ажратиб олади-да, стол узра узалиб »дўсти»нинг оғзига мажбуран тиқади. — Қўполман-а? — дейди қилмишидан куйингандек. — Қўполман. «Сен, Забар, асли ўғил бола бўлиб туғилишинг керак эди, нимадир хато кетган-да», дердилар дадам. Ростдан ҳам, ўғил бола бўлганимда бундай юрмасдим. Ий-й, йўқ, йўқ, шундай — қиз бола бўлганим яхши! Ўғил бола бўлганимда сизни қаёқдан кўрардим, тўғрими? Ўғил бола... Мана кўрасиз — ўғил бўлади. Аниқ, а-аниқ! Ўзингизга ўхшаган: қоравой, индамас. Агар... мабодо қиз бўлиб қолса, дуч келган бирортасига шартта тегиб оламан, Забаржад сўзим! Қиз бола отасиз ўсмаслиги керак. Отасиз ўсган биттасини, мана, кўриб ўтирибсиз!

* * *

Забаржад енгил-енгил ҳатлаб зинапоядан тушмоқда. Иккинчи қаватдан ўтаётганида орқадан биров товуш қилади:
— Забар, Забар, ишга кетяпсанми? — Балиқ овига! — дейди Забаржад беписанд ўгирилиб.

Ён тарафдаги салқи занжирланган эшик тирқиши¬дан соч-соқоли ўсиб кетган қўсқи бир башара чала кўринади.
— Мениям билла опкетсанг-чи! Сувга тушиб кетмагин деб белгинангдан қучоқлаб ўтирардим.
— Қармоқ-пармоғинг йўқ-ку, Зокир, — дейди савдойи қўшнисининг бу каби шилқимликларига кўникиб кетган Забаржад беозор кулимсираб.
— Менинг қармоғимни кўрмагансан-да, ҳей қиз! — дейди Зокир очиқча бетамизликка ўтиб. — Во-ей, бунинг фигурасини қаранг! Шимлар таранг, кўкраклар диркиллаган! Ўлиб қоламан, во-ей!
— Ҳе, айнимай ўл! Девона!

Ўйламай айтган гапига чув тушган Забаржад уч зинани битта қилиб пастга отилади. — Менгаям опке балиғингдан. Лаққасидан бўлсин, ҳей! — деб қолади «занжирбанд».

* * *

Серсоя ҳовли ўртасидаги шийпончада доимий улфати Юра пиён билан домино ўйнаб ўтирган олтмиш ёшлардаги чуваккина одам — Зокирнинг отаси Восил амаки йўлакдан чиққан Забаржадга кўзи тушиб, ўзича яйраб кетади:
— Ҳа, Жўрабойнинг қизи! Келинчакка ўхшаб қолибсан, тўй қачон? — Сизга ҳар куни тўй-ку, Восил амаки! — дейди Забаржад хушҳоллик билан; асли беғубор шу шўрликка раҳми келади доим.
— Йўқ, сенинг тўйингда тўйиб бир ичиб армондан чиқмоқчиман-да, қизим. Ошнам раҳматлини эслаб!
— Куёв топилмаяпти, амаки, куёв йўқ!
— Сендай нозанинга қарамаса, йигитман деганларининг кўзи қаёқда экан-а!
— Ўзингиз келин қилақолмайсизми?
— Зокиргами? Э, у сенга тўғри келмайди — туремшик!

Иккинчи қават деразасидан ҳайқирган овоз келади:
— Ким туремшик, ҳў пиёниста! Ўзи кўниб турибди-ку, босиш керак!

Восил амаки хира пашшани ҳайдаган каби дераза томон қўл тўлғаб қўяди: бас қил!

Забаржад узун боғичли сўмкачасини елкасидан олиб, кавлай-кавлай улфатларга яқинлашади. Кафтида ғижимлаган пулни билинтирмасликка тиришиб Восил амакининг чўнтагига тиқиб қўяркан:
— Куёв топсангиз — суюнчисига, — дейди пичирлаб.

Восил амаки сўниқибгина ерга қарайди.
— Раҳмат, қизим. Пешонанг очилсин илойим.

Юра пиённинг кўзи чақнаб кетади, қизга умид ва ҳавас билан боқади. Кейин энгашиб, қўлбола стол тагидан қизғиш шишани олади.
— Давай!

Дераза тарафдан яна шанғиллаш эшитилади:
— Неча сўм экан, ҳў пиёниста? Бир тийинини ҳам қолдирмай менга берасан, билдинг! Энди у менинг қайлиғим-ку! Кечқурун менга балиқ опкелади, ўзи айтган! Восил амаки аста бошини кўтариб деразага қарайди. Бир лаҳзада кўзлари қизариб қолибди.

* * *

Забаржад уйни айланиб ўтиб йўлкага бурилганида учинчи қават деразасидан аясининг саси келади:
— Ҳой бойвучча, анови тасқарага нега пул берасан? Забаржад йўлидан тўхтаб, деразага юзланади:
— Кимга? Қанақа пул?
— Ҳали деразадан ўзим кўрдим-ку!
— Раҳмим келади, ая. Ичим ачийди кўрсам.
— Менга раҳминг келсин! Сен етимчаларни хорлигу зорликда боқиб катта қилган онангга ичинг ачисин!
— Яхши одам-ку, ая! Доим дадамни гапиради. Ўртоқлари эди.

Деразадан энгашиб олган Вазира опа баттар тутақади:
— Қанақа ўртоқ?! Бир жойда ишлаган, холос. Ҳай, ана, шунчаки бир қўшни! Яхши одамни хотини ташлаб, қизиникига бориб ўтирадими, а?! Яхши одам пуштикамаридан бўлган фарзандини занжирга солиб қўядими?! Яхши одам қизи тенги бировдан садақа оладими?! Яхши одам бўлса, эртаю кеч...
— Бўлди, бўлди, ая! Қўни-қўшни эшитади. Нима қилсин бечора? Ўзингиз биласиз-ку!
— Ана, жиннихонага элтиб топширсин!
— Ая! Ҳар ким аҳволини ўзи билади. Биттаю битта ўғил!
— Ҳали сен чиққан заҳоти Диля ўртоғинг телефон қилувди, — дейди Вазира опа негадир дарҳол шаштидан тушиб. — Ишхонангнинг олдида кутармиш. Гапи бор экан.
— Гаплари бўлса, ўзлари келиб мени опкетмайдиларми у танноз хоним! — дейди Забаржад йўлга тушаркан, нимадир нашъа қилиб. — Тагларида — «Нексия»! Диля Дубай! — Ҳой, кирпорошок эсингдан чиқмасин-а!

* * *

Микроорганизмлар тадқиқоти институти.

Сўмка-пўмкасини қўйиб, оқ халат кийиб чиққан Забаржад тез-тез юриб майдон четидаги дарахтлар соясида турган «Нексия»га яқинлашади. Ялтир-юлтир ясаниб олган Диля кимгадир «Нима ўйласангиз ўйлайверинг! Бугун келмайсиз, тамом! Тоже мне!» деб жаҳл қилади-да, қарсиллатиб телефончасини буклайди.
— Қани, гапирсинлар, — дейди мошинага кириб унинг ёнига ўтирган Забаржад.
— Ўтирибсан микробларга ем бўлиб?
— Микроб эмас, саводсиз, фойдали микроорганизмларни тадқиқ этиш институти!
— Бари — бир гўр!.. Кетяпман, ўртоқ!
— Янами? Ўша ёққа?
— Бошқа қайга бўларди! Бу сафар олти ойга!
— Етар дейман.
— Етмайди, Забар! Менга етмайди! Сенинг-ку даданг ўлган эди, мен бир қари кампирнинг қўлида тирик етим бўлиб ўсганман. Кўзим оч. Бўлса, яна кўпроқ бўлсин дейман. Шунақа. Дугонангнинг феълини биласан-ку, ўртоқ! Бола катта бўлиб қоляпти. Келажакда ўқишини ўйлашим керакми — керак! Участка қурмоқчиман. «Дом» жонга тегди — бурилолмайсан, тангу тор. Кейин — мен ҳам одамдай яшашга ҳаққим борми, йўқми?!
— Яша, яша. Рухсат бердим.
— Кулма, Забар. Анови сўтакнинг аҳволини ўзинг биласан. Уйга бир сўм топиб келолмаса! Қўлидан бир иш келмаса! Кетига тепганимга икки йил бўлди, ўртадаги ўғил баҳона, сиртига сув юқтирмайди-я! Худди ҳеч нима бўлмагандек, «Уйингнинг калитини ташлаб кет« эмиш! Ижарага қўйиб пул ишламоқчилар! »Ебсан», дедим. Эшитдинг-ку ҳали. Ижара қўядиган бўлсам, ўзим қўймасмидим! К чему это мне! Тўрт пул чиқадими, йўқми, шунча ремонтимнинг дабдаласини чиқазиб ташлайди. Биламан, маржабозлик қилмоқчи бу. Ўргилдим сиздай маржабоздан! Ҳолинг менга маълум-ку. Қўлингдан бирор иш келганида мен бундай сарсон бўлиб юрармидим! Калитимнинг биттасини сенга ташлаб кетмоқчиман, Забаржад. Лойимиз ҳар жойдан бўлгани билан эски ўртоғимсан, мактабда билла ўқиганмиз. Ҳафтада бир-икки бор гулга сув қуйиб кетсанг бас. Гулларимни кўргансан, Арабистондан келган антиқа гуллар. Менга қара, Забар, биратўла келиб меникида яшаб турсанг-чи? Шаҳарнинг қоқ маркази, ҳамма шароит муҳайё. Ҳу-ув Сирғалингдан сакиллаб юргунча! У ёқдан семириброқ келсам, арзон-гаров қилибми, балки бутунлай ўзингга берворарман. А, нима дейсан?
— Гул-пулингга қараб туришим мумкин, лекин уйинг ўзингга буюрсин, жоним!
— Мана шундай тантиликларингга борман-да, Забар! Са-ал менга ўхшаганингда-ку ўзим билардим нима қилишни. Сендақасини кўрса, ўлиб қолади улар! Олти ойда оғиз-бурнинггача тўлиб кетасан! Бўлди, бўлди, тумшайманг. Билдик — сиз фаришта, Вазира кеннойим ҳам ўпмаган ҳуру ғилмонсиз! Жа-а бўлмаса, денгизларда чўмилиб келардинг!
— Сувни ёмон кўраман.
— Ёмон кўрармиш, қўрқсанг керак-да? Чўмилсанг — шундоқ мазаки, илиққина! Танангдаги бор гарду ғуборни ювиб кетади.
— Сени-ку ўнта денгизда чўмилтириб олса ҳам бефойдадир!
— Денгиз эмиш, океанда дегин! — Диля тантилик билан қиқирлайди. — Ўзинг кимга асраб юрибсан бу мулкни, ҳайронман? Кўтарасига бервормайсанми?!
— Эгаси чиқиб қолар, — дейди Забаржад сирли жилмайиб. — Кўтарасавдони сен қиласан!
— Вой, ҳалиям анови... Бошингга урасанми уни! Ёши катта бўлса, бола-чақали, ўзиям бир хунук, тасқара! Лекин-чи, Забар, тўғрисини айтсам, ўша одамингнинг бир балоси бор-ов. Жи-им ўтирсаям, гапирмасаям, ёнидан кетгинг келмайди-я! Бундай бир ёшроғини топсанг-чи, ўртоқ! Қачонгача юрасан қулф солиб?!
— Ёши ҳам бор. «Дипломат».
— Ҳо-о, зўр-у! Ҳаҳ, писмиқ, яширишини қаранг!
— Йўқ, сен ўйлагандақамас. «Дипломат« кўтариб юради, холос. Кейс бор-ку, ўшани. Кўзини лўқ қилиб, "Севаман!" дейди. Ўзи мендан беш ёш кичик! Шунисини айтсам, "Сизсиз яшаёлмайман!" дейди тирранча. Ўзича бир балоларни жаврайдими-ей! Қочиб кетгинг келади. Изимдан тентигани тентиган. Ҳозир ҳам шу атрофда юрган бўлса керак. »Дипломати»ни қўлтиқлаб!
— Да-а, биркам дунё экан-да, — дейди Диля дафъатан маъюс тортиб. — Заба-ар, бир гап сўрасам майлими? Анови «дўстим-дўстим» деганингни ростдан ҳам яхши кўрасанми? Айт, нимасини?
— Шунисини билмайман-да. Билганимда-ку... ўзим билардим!
— Мен ҳам бировни яхши кўргим келяпти, — дейди Диля кўзида ёш ҳалқаланиб. Сўнг бирдан ҳўнграб Забаржадни қучоқлаб олади. — Сендай. Сенга ўхшаб. Чин юракдан! Ҳавасим келади сенга, ўртоқ, ишон! Мен одам бўлмадим, Заба-ар! Юришимни қара! Шуям ҳаёт бўлдими, дугонажон? Бир тийин! Бу ҳаммаси бир тийин, ишон!

Забаржад ногоҳ жини қўзиган Диляни ҳурпайган сочларини тартибга солгандек бўлиб силай-силай юпатаркан, институт дарвозаси олдида у ёқ-бу ёққа аланглаб кимнидир қидираётган ҳамкасби Донохонга кўзи тушади.
— Хафа бўлмайсан, ўртоқ, мени сўраб чиқишди шекилли.
— Майли, майли, борақол, — дейди Диля бирдан «мотами» ариб, боягидек совуқ, ўктам қиёфага кираркан. — Мениям ташвишларим бир дунё! Билет, виза-пиза дегандай. Кетишдан олдин ўзим уйларингга ўтаман. Вазира кеннойимга салом айтиб қўй, хўп? Диля мошинасини шиддат билан орқага суриб, катта йўлга солади.

* * *

Директор қабулхонаси.

Эшикни тарақлатиб ичкаридан Забаржад чиқади. Ранги ўчган. Лекин юзида аллақандай телбавор бир табассум. Ўзи ўлгудек қаримсиқ, аммо роса ясан-тусан котиба аёл ўрнидан туриб кетади:
— Нима гап? Тинчликми?
— Компьютер синди шекилли, — деб жавоб қилади Забаржад ғалати заҳарханда билан. — Бош ҳам ёрилгандир.
— Вой, нега синади? Нима ёрилди дейсиз?
— Сиз синдирмаганмисиз? Сиз ёрмаганмисиз?
— Вой, нега синдираман? Эсимни ебманми! Бундоқ тушунтириброқ гапирсангиз-чи, Забаржадхон, нима гап ўзи?
— Мен эсимни едим, Хатира опа! Йод-подингиз бўлса, пахтага томизиб тез опкиринг. Дўхтир чақирсангиз ҳам бўлади.
— Вой-вой, домлага бирор нима бўлдими? — Кирганда кўрасиз!

* * *

Тажрибахона. Тўрт тараф ойнабанд жавон, ўртада узун-узун столлар. Беш-ўн чоғлиқ оқ халатли аёл узунчоқ шиша идишларни кўтариб у ёқдан-бу ёққа ивирсиб юрибди.

Ўзгача бир важоҳатда кириб келган Забаржад кўпчилигининг эътиборини тортади. Одатдаги пичир-пичир, ўзаро маъноли қарашлар. Забаржад индамай жойига ўтиб, халати чўнтагидан ручка олади-да, бир варақ қоғозга алланима ёза бошлайди.

Бояги Донохон ҳадиксирабгина унинг бошига келади.
— Ҳимояга тегишли бирор янгилик борми дейман. Нега чақирган эканлар?

Забаржад ёзувдан бош кўтариб, атай барчага эшитарли овозда «ҳисоб» беради:
— Шанба куни чет эллик меҳмонлар билан Чорвоққа чиқарканмиз! Дам олишга. Икки кунлик. Мен домлага референт бўлиб борармишман!

Ҳар ёқдан луқма эшитилади:
— Вой, яхши-ку! Маза қилиб келасиз-да.
— Баҳонада ҳимоянгиздан гап очилиб қолар.
— Ўтган гал, баҳорда Барно борувди, эсларингдами? Биотехдан.

Забаржад ёзиб бўлгач, шалдиратиб қоғозни столдан оладию икки ҳатлаб, ёнбошдаги жавон ортида ёзув-чизув қилиб ўтирган лаборатория мудирининг столига элтиб ташлайди.
— Мен ишдан бўшадим, Гулноз Раҳимовна! Мана, аризам! Хайр сизларга! У апил-тапил иш ўрнини йиғиштириб, сўмкачасини кифтига иладию чиқади-кетади: бай-бай! Ҳамма ҳангу манг.

* * *

Забаржад эшикдан чиққани ҳамоно ғийбат аралаш муҳокама бошланади:
— Шу қизнинг ажаб қилиқлари бор-да! Сал нарсага тўнини шартта тескари кияди-қўяди. Ҳай, Чорвоққа чиқиб келса нима қипти? Тем более, домла ўзлари таклиф қилибдилар. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат дегандай, ҳимояси юришиб кетармиди балки. Калит ўзингнинг қўлингда бўлса, қулфингни биров бесўроқ оча оладими, айтинг! — Забаржадхонга ҳам осон тутиб бўлмас. Диссертацияси тайёр бўлганига бир йилдан ошди. У ёқда ана, Барнохонга ўхшаганлар ҳашар билан ишини битириб оляпти. Алам қилиб кетгандир-да. Неча йиллик меҳнат!
— Бунинг устига ёши ҳам ўтиб боряпти денг. Анови сабил мияга уради-да!
— Домласи қурғур ҳам ҳақини олмасдан қўймайдиган! Ҳув татар қиз ҳам шундай бир можаро билан кетиб қолувди, эсларингдами?
— Хатирани-ку қабулхонасига қамаб, қаритиб бўлди. Қоровулликдан бошқасига ярамай қолгандир энди.

* * *

Забаржад иккинчи қаватга тушганида коридорнинг охиридаги дераза рафида турган таниш «дипломат»ни кўриб қолади. Бир зум иккиланиб тўхтайди-ю, кейин шаҳд билан ўша ёққа қараб юради.

Мана, анови суллоҳнинг ўзи! Хушсурат, қадди-қомати расо. Рисоладагидек кийинган: қора костюм-шим, оқ кўйлагу галстук. Қўлида гул, илжайибгина турибди. — Яна келдингизми? Сизнинг бошқа ишингиз йўқми? Мен сизга нима деган эдим ўтган гал?!
— Севган кўнгил нима қилсин, ахир? — дейди сурбет тиржайиб.
— Менга қаранг, шоир-поир эмасмисиз мабодо?
— Қанақа шоир? Нега?!
— Тўғри гапираверсангиз бўлмайдими? Э, ҳамманг жонимга тегдинг! — Забаржад жазава ичида кейсга чанг соладию уни дераза оша пастга улоқтириб юборади.
— Вой, вой, бу нима қилганингиз, Забаржадхон?

Забаржад шу заҳоти шаштидан тушиб, сўрайди:
— Ичида нима бор эди?
— Бир шиша коньяк. «Анҳор».
— Яна?
— Шоколад. Ўзингиз яхши кўрадиган аччиқ хилидан.
— Яна?
— Яна... диссертациям. Папкада эди.
— Югуринг! Тез! Э, шошманг, неча пул бўлади ҳаммаси?

Забаржад саросимада сўмкачасидан бир сиқим пул олиб жабрдийданинг чўнтагига тиқадию ёв қувгандек, ундан олдин коридор бўйлаб чопиб кетади. Зинапояга етиб орқасига ўгирилади: ошиқ шўрлик мум бўлибгина қотиб қолган! — Илмий ишларингизга муваффақият!

* * *

Забаржад институт биносидан елиб чиқади-да, эшик олдида бир дам тўхтаб, ўйланиб туради. Сўнг илдам юриб бинонинг чап биқинидаги теракзорга киради. Ўт-ўланлар орасидан кейсни топиб, дастрўмоли билан у ёқ-бу ёғини артади.

Хомуш, паришон ҳолда эшикдан кўринган эгасининг қўлига уни тутқазаркан: — Узр, жаҳлим чиқиб турувди, — дейди Забаржад. — Қаранг-чи, қўлёзмангиз ҳўл бўлмабдими?
— Қўлёзмам? — дейди йигит баттар гангиб. Кейин беихтиёр қизнинг амрига бўйсуниб, тиззаси устига қўйиб кейсни очади. — Йўқ, ҳатто синмабди ҳам... Мен энди нима қилай, Забаржадхон?

Забаржад бу саволга нима дейишини билмай лаб тишлаб қолади.
— Нима қилардингиз, у ёқ-бу ёқни кўрасиз...

Соддадил йигит аланглаб ростдан ҳам икки тарафига назар солади. Бир томондан дикирлаб қўғирчоқдек бир қиз ўтади, иккинчи томонда — эрталаб Дилянинг мошинаси турган дарахтлар тагида «Тико»сига суяниб, қўлида кўзгуча, бир қиз ўзига оро бермоқда.
— Кўп-а? — дейди йигитга қўшилиб ўзи ҳам ўша томонларга қараган Забаржад шўхчан кулиб. — Давоси шу!
— Лекин юракка буюриб бўлмайди-ку, Забаржадхон! — дейди бечора китобий ошиқ ҳасратли оҳангда.

Забаржад яқин бориб, опаларча бир мушфиқлик билан унинг юзини кафтлари орасига олади:
— Менинг юрагимга буюриб бўларканми, укажон?! Сиз ҳали ёшсиз, қиз дегани ана — сон мингта! Келинг, шундай бўлгани маъқул.

Омадсиз ошиқ аста буриладию, бўйни бир ёнга қийшайган, «дипломат»ини осилтириб кўчанинг нарёғига қараб йўл олади. Ўз-ўзидан дийдаси ёшга тўлган Забаржад қимирлаёлмай жойида туриб қолади.

* * *

Қатор телефон будкаларининг биридан Забаржад йиғлагудек бир алфозда «дўсти»га арз қилаётир.

Қўшни будкада икки ёш ошиқ-маъшуқ бир-бирига қапишган кўйи, гўшакни гоҳ униси, гоҳ буниси олиб ким биландир сўзлашаётир. — Сиз тенги, сиз тенги шекилли, — дейди Забаржад хуноби ошиб. — Ҳа, профессор. «Қизим, қизим«лаб юрарди, ярамас! Йўқ, раҳбарим бошқа. Яхши одам, айтганман-ку сизга... Орқа хонасига опкириб, алланимабалони компьютерда кўчириб беришимни сўради. Ўзим ҳам сезгандай бўлдим-а. Хатираси қабулхонада сақич чайнаб ўтирибди, ўша кўчирсин эди! "Ҳимоянгизни кейинги чоракка қўймоқчимиз, Забаржадхон, шунга нима дейсиз?" деб сўради аввал. "Сиз нима десангиз шу-да, домла, раҳмат", дедим. "Мен нима десам шуми? Гапингизда турасизми? Шанба куни вақтингиз қалай?" Кейин — Чорвоқ-порвоқ, ҳали айтдим-ку! Кўчириб бўлиб ўрнимдан тураётсам, »Иш битганда қочиш экан-да!» деб ташланиб қолса бўладими! Пишиллаб! Бир сассиқ! Ҳаром! Компьютерини итариб юбориб, клавиатура билан солдим бошига!.. Тўғри, тўғри, яхши иш бўлмади. Чидаёлмадим-да. Нима, боши очиқ бир етимча экан деб ёпишавериш керакми? Ўзим ҳам жинниман, биласиз-ку!.. Ҳа, ҳа, ҳаммага шундай. Ҳайво-он! Директор бўлсанг — ўзингга! Кейин — бўшадим! Ҳа, ёздим аризасини... Э, билмасам. Бугун вақтингиз борми? Доим шундай — иш, иш! Ким бор? Одам? Мен-чи, одаммасманми?!

Қўшни будкадагилар энди тамомила яктан бўлиб кетган — ўпишаётир. Ҳалигина талаш гўшак эса кераксиз буюмдек ерга осилиб ётибди.

Забаржад алам билан тескари қараб олади. Ё тавба, бу ён будкада ундан ҳам баттар манзара!

Ташқарида шовиллаб ёмғир қуймоқда.

* * *

Раҳбар кишининг кабинети.

Узунчоқ столнинг икки тарафида тўрт-беш одам маҳтал бўлиб ўтирибди. Хона эгасининг ўзи нарироқда, буларга орқа ўгириб, қўл телефонида ким биландир сўзлашмоқда. Тўғрироғи, телефонда биров бетўхтов вайсаяпти, у эса яккаш қулоқ солиб турибди. Аҳён-аҳёнда узуқ-юлуқ бир нималарни сўраб қўяди, холос. Ўртаяшар бир одам. Сочига оқ оралаб қолган. Юзи кўринмайди.

Стол ёнида бетоқат бўлиб кутаётганлар деразага қараб бош чайқаб қўяди: ёмғир!

* * *

«Йиғлаётган» телефон будкаси. Ёмғир саси аралаш будка ичидан Забаржаднинг зорли овози эшитилади:
— Кўргим келяпти, ҳа-а! Жуда-жуда! Олдингизга борай, майлими? Шундоқ эшикдан бир қарайману кетаман, хўпми? Нима? Энди нима қиламан? Э, ҳаммасидан бездим! Шу шаҳрингиздан ҳам! Мана, мендан ҳам ҳамма безор-ку! Бошимни олиб кетсамми деб қолдим. Қишлоққа. Аммамникига. Биргина ўша кампир тушунади мени, холос! Бошқа ҳеч кимга керак эмас эканман! Билдим — ҳе-еч кимга! Бўпти, қайтиб сизга телефон қилмаганим бўлсин! Ҳа-а, Забаржад сўзим — шу! Ҳўнграб йиғлаётган Забаржад будка эшигини тарақлатиб чиқиб, эгни юпун, бошяланг, ёмғир қаърига уради ўзини.

Ёмғир тўрлари оралаб бебахт, афтода бир кўйда кетиб бораркан, қўлида осилтириб олган сўмкачаси кўлмак сувларига тегай-тегай дейди. Бу ёқда — будкада ҳалигина жонқулоқ бўлиб турган гўшак ерга осилиб ётибди. Энди нокерак, ортиқча бир буюм! Гўё у ҳам бахтсиз, у ҳам йиғлаяпти. Ҳамма йиғлаяпти! Олам кўзёши қиляпти!

* * *

Кимсасиз бир боғнинг ўртасидаги кўшксимон шийпончада Забаржад ёлғиз, шумшайиб ўтирибди. Биқинида сўмкачаси, оғзи очиқ. Тиззасида кафтдеккина сурат. Дадаси. Термилгани термилган.

Кейин авайлабгина суратни сўмкачасига солади-да, ундан бир қути сигарет билан гугурт олади. Нўноқлик билан сигарет қутисини очади, қовушмайгина бир донасини лабига қистиради, урина-урина гугурт чақади. Лаби чўччайган, афтини кулгили тарзда буриштириб бир-икки дапқир ичига тутун тортади-ю, бирдан кўзлари олайиб, ўқчиб юборади. Ўпкаси узилгудек бўлиб йўтала бошлайди.

«Кашанда» қўлидаги сигарету гугуртни алам билан бир ёққа отиб, юзини чангаллаб олади. Бармоқлари орасидан теварак-атрофни шалаббо қилиб ёғаётган ёмғирга тикилади.

Ёмғир туйқусдан таққа тиниб, қуёш чиқиб кетади. Осмонда беқасам камалак кўринади. Мўъжиза!

* * *

Бежирим таъмирланган, шифти ойнабанд ҳашаматли хона. Қаёққа қараманг, Диляга кўзингиз тушади. Тўрт тараф девору жавонлар, паст-баланд тумбалар устидан Диля сизга боқиб туради. Ҳар хил кайфиятда, турли ҳолатларда, Туркия дейсизми, Ҳиндистону Арабистон дейсизми, ишқилиб, ўшандай мафтункор манзилларда олинган катта-кичик суратлар. Бари ўзига мос антиқа қасноқларга жойланган, дид билан осиб-териб чиқилган. Одам ўзини яхши кўришни мана шу Дилядан ўрганса бўлади!

Тўрдаги қўштўшакда бизга таниш ҳалиги ўртаяшар, сочига оқ оралаган киши ёстиққа бош қўйиб юзтубан ётибди. Забаржад ўша-ўша «либос»ида, унинг белига миниб олган, бўйин-бошларини меҳр билан, ҳафсала билан уқалайди — массаж. Мана, Диляхоним, кўриб қўйинг!

Тағин ўша «бир актёр театри» — Забаржаднинг лаби лабига тегмайди.

Майли, шўрлик қиз дардини тўкаверсин, сизу биз ора-орада Диляхоннинг ажиб-ажиб суратларини томоша қилиб турамиз, демакки, ундан-да мароқли саргузаштларига шерик бўламиз.
— Биласизми, қачон яхши кўриб қолганман сизни? — дейди «массажчи« қиз. — Бир-ринчи кўришимдаёқ! Забаржад сўзим! Ҳув, эсингиздами, Диля билан олдингизга борувдик-ку, ўшанда. Синглисини ишга жойламоқчи бўлиб. У қаердадир сиз билан танишиб олган экан. Эркаклар билан тил топишишга, айниқса, иш битиришга уста-да. Тўғри айтяпманми, Диля? — дея Забаржад шўхлик билан қўштўшак узра деворга осиғлиқ ишвакор портретга қараб олади. — "Бирга юрасан" деб туриб олди. Сиз асосан Диля билан гаплашдингиз. Менга бир марта ҳам қарамадингиз. Йўқ, Диля бидир-бидир қилган, сиз нуқул ерга тикилиб жи-им ўтиргансиз. Ўшанда худди илгари-илгаридан таниш, яқин бир одамимдек бўлиб туюлгансиз менга. Хайрлашаётиб ўрнингиздан турганингизда "Вой!" деб юборишимга сал қолган. Мен сизни негадир новчароқ киши деб ўйлаган эканман. Ўртабўйгина экансиз. Мендан сал баландроқ. Кейин ўз-ўзидан сизни кўргим келаверган. Эсингиздами, ҳар балони баҳона қилиб олдингизга бораверардим? Лекин, "Ҳой қиз, сенга нима керак ўзи, нега ҳадеб менинг олдимга келаверасан?" деб сўрамагансиз сира, жеркиб ҳам бермагансиз. Мен алланимабалоларни вайсайверардим, сиз индамайгина кулиб эшитардингиз. Бирор марта бўлсин бирор нимага шаъма қилмагансиз-а, қойи-ил! Мен эсам нуқул бўйнингизга осилиб йиғлагим келарди. Олдингиздан чиққач, йиғлаб-йиғлаб қайтардим уйга. Қўймадим-да ишқилиб! Шунга ҳам, мана, беш йил бўпти-я, қаранг! Яхшиям, эрга тегмаганим! Ҳув, ёшлигимдаёқ эр қилиб кетганимда — сизни кўрмасдим, танимасдим, даҳшат! Ўшанда роса кўп совчи келган. Келарди-ю, кейин изсиз кетарди. Сабабини менга билдирмай, аям ўтириб олиб йиғлаганлари йиғлаган эди. "Отаси йўқ экан", "Уй-жойлари юпқароқ", "Бир балоси бўлмаса, шу ёшгача уйда ўтирармиди!" Бундай гапларни мен кейинроқ эшитдим. Бора-бора совчи келганда ўзим чиқиб гаплашадиган, ҳатто савдолашадиган бўлиб қолдим. Бетим қотиб кетди-да. Расво феълимни биласиз-ку. Бир-икки бор ҳайдаб ҳам юбордим совчи-повчисини. Ҳозир ҳам келиб туради баъзан. Хотини ўлган ё ажрашган, қари-қури. "Бор-э!" дейман. Аям шўрлик бўлса, "Бу кетишда Зокир жиннидан бошқаси сени хотин қилмайди!" деб ёзғирадилар. Шундай бир қўшнимиз бор, турмада ётган, савдойи. Тўғрисини айтайми? Сизни кўргандан кейин эрга текким келмай қолган! Ўшангача дадамдан бошқа ҳеч кимни яхши кўрмаганман-да. Забаржад сўзим! Йўқ, йўқ, хаёлингизга ундай гап келмасин! — "Массажчи" нозик бир эркалик билан »мижози»нинг яғринига шапатилаб қўяди. — Ҳеч нарсангиз керакмас менга! Кераклисини олдим! Энди ҳар-ҳар замонда узоқдан бир кўриб турсам ҳам майли. Майлими, айти-инг! (Яна боягидек шапати.) Очиғи, сизни яхши кўраманми ўзи, йўқми, бунисиниям билолмай қоламан гоҳида. Сиз ёши катта, баобрў бир одамсиз. Мен-чи? Ҳечам тўғри келмайди, биламан. Лекин сиздан бошқасини ўйлаёлмасам нима қилай?! (Яна шапати. Бу гал энди биқинларга, бошқа ёқларга.) Бўлди энди, туринг! Талтайиб ётишларини! Нима, мен сизнинг хотинингизманми?! Боринг, қолганини, ана, кеннойимиз қилсинлар! Туринг энди деяпман! Бу боланинг ётишини қаранг, тавба!

* * *

Кечки пайт.

Забаржад ҳорғин, бўшашибгина зинапоядан чиқиб келаётир. Иккинчи қаватдаги таниш эшикнинг занжири шиқирлаб, таниш башара кўринади. Деразадан пойлаб турган шекилли.
— Қани балиқ?
— Балиқ? — дейди Забаржад паришонлик билан. — Қанақа балиқ?
— Лаққа!
— Вой-й! Эсимдан чиқибди-я, Зокир. Эртага опкеламан, эртага!
— Мен ўзингни айтяпман! Ҳозир занжир-панжирини синдириб ташлай¬ман, кир! Турмадан ўрганиб келган шундай приёмларим борки, дод дейсан!
— До-од! — дейди шўхлиги тутиб Забаржад. — Бўлдими?
— Бўлмади. Қармоғимни кўрсатайми сенга? — Шундай деб бу девона бежороқ бир қилиққа чоғланади.
— Қармоқ-пармоғинг бошингдан қолсин! Ҳе, жинни!
— Ким жинни? Ким жинни? Ҳе, онангни... Шал-лаб!

Забаржад қочиб эшикларининг олдига чиқади.
— Шу сен айтгандақа бўлиш ҳам қўлимдан келмади, э худонинг бандаси! — дейди Забаржад ўзига ўзи ва беихтиёр пешонасини деворга тираб туриб қолади.

Ичкарида чўзиб қўнғироқ жиринглайди: пешонасини эшик ёнбошидаги тугмачага босган экан.

Эшикни аяси очади:
— Тинчликми?

Забаржад бошини баланд кўтариб тантанавор эълон қилади:
— Отпускага чиқдим!
— Порошок қани?
— Порошок... йўқ! Балиқ ҳам йўқ!
— Нима бало, мастмисан?

Ичкаридан бўғиқ, дардманд овоз эшитилади:
— Заба-ар, келдингми? Тағин қанча кутай?
— Сенга қараб ўтирибди. Мени биласан, қўлларимда жон йўқ. — Хўп, хўп, ая. Бугун энди кеч бўпқолди-ку. Эрталаб-да.

* * *

Чошгоҳ палласи.

Ваннахона. Бошқаси. Камтарин, ғариброқ. Соқол қўйган давангирдек бир йигит жом ичида энкайиб ўтирибди. Икки қўлини жомнинг икки четига тираб олган. Иштончан. Пуштиранг «футболка» билан калта лозимча кийган Забаржад ҳансираб унинг бўйнию яғринларига совун суртмоқда.
— Қўлларинг бирам юмшоқ, бирам ёқимлики, Забар! — деб қўяди ногирон ука.
— Лоланики бундан ҳам яхши бўлса керак. Бармоқлари узун-узун, оппоқ!
— Шу қизни танимас эканман-да, а, опа?
— Кўргансан, кўргансан. Рўпарадаги «дом«дан. Эътибор бермагандирсан-да. Кунинг шошилинч сафарларда ўтарди, тақ-тақ, пақ-пақ. »Террорчи»! — дея шўхлик қилади укасига Забаржад, жўмракни баралла очаркан. — Ҳар куни сўрайди сени. Зўр қиз!
— Шуни бир опкелмайсанми, Забар? Балки танирман ҳам.
— Аввал Москвага бориб келайлик, кейин, Суръатжон, хўпми?
— Ҳа-а, тўғри айтасан.

Ташвишманд, ғамбода Вазира опа каттакон сочиқ кўтариб киради.
— Қўлтиқларини ҳам ювдингми?
— Ҳаммаёғи чақалоқдай топ-тоза! — дейди Забаржад сочиқни олиб укасининг бўйнига ташларкан. — Энди бир ой сувга тушмаса ҳам бўлади!

  • * *

Ётоқ бўлмаси. Деворда Суръатнинг ҳарбий либосдаги сурати.

Забаржад ногирон укасини қўлтиғидан кўтариб келиб тўшакка ётқизади. Худди ёш боладек бурнидан чимчилаб қўяди.
— Ана энди ётаверасан маза қилиб.
— Москвага қачон борамиз, опа?
— Куз келсин. Зўр дўхтирлар отпускадан қайтган бўлади. Ҳам салқин.

* * *

Ошхона. Куйманиб юрган Вазира опа ўзича нола қилади:
— Шундай тинч замонда келиб-келиб менинг боламга ўқ тегса-я! Мен буларни отасиз, қандоқ азоблар билан катта қилдим! — Кейин бу ёққа кирган қизидан сўрайди: — Лола, Лола дейсанлар, ким у? — Бордир-да бирорта Лола, ким билсин, — дейди Забаржад яхна чойни банкаси билан кўтариб ичаркан. — Унингизга айтиб қўйинг, ая, эт-бетини ўзи тозаласин!

  • * *

Забаржаднинг хонаси. Тўрда ёзув столи, стул. Стол тақалган девор бўйлаб шифтгача осма китоб жавонлари.

Бир ён деворга одмироқ гилам осилган, рўпара¬дагисида — ота-онанинг бахтиёр келин-куёвлик сурати.

Ёзув столининг бир бурчагида отанинг кейинроқ олинган яна бир сурати жажжи қасноққа солиб қўйилган.

Хонанинг бериги қисми тикув-бичувга мосланган — чеварлик. Бурчакдаги тикроқ хонтахта устида тикув мошинаси. Унинг ён-верида турли-туман газмолу матолар уйилиб ётибди; ҳар хил мода журналлари.

Эшикка яқин тошойна олдида бойвуччароқ бир жувон ҳозиргина қўлдан чиққан аломат либосини кийиб ўзини у ён-бу ён кўз-кўз қилмоқда. Забаржад, бўйнида ўлчов анжоми, жувоннинг атрофида гирдикапалак.
— Маъқулми? Менимча, ёмонмас. Чоклари яна бир дазмолланса, гулдек бўлади-қолади.
— Гул — сизнинг қўлингиз, Забаржадхон! — дейди жувон уни қучоқлаб. — Эгнимдан чиқаргим келмайди-я! Ё шундоқ кетаверсаммикан?

Эшик қўнғироғи жиринглаб, бир зумдан сўнг Вазира опа бош суқади.
— Вой, муборак бўлсин! — дейди у ясама жилмайиб. — Бирам ярашганки! Забар, сени чақириб кепти.
— Ким? — Қўшни, — деб қўяди Вазира опа совуққина.

* * *

Зинапоя майдончаси.
— Ассаломалайкум, Восил амаки. Келинг. Ўзи пачоққина бу одам одатдагидек — ширакайфроқ. Аммо бир вақтлардаги олиму зиёлилигини охиригача бой бермаган. Бўйнида аллақачон урфдан қолган энсиз галстук, бошида — ғижимланган бўлса ҳам шляпа. Алланечук тантанавор. Оғзи қулоғида.
— Ишинг беш, Жўрабойнинг қизи! Гаплашиб қўйдим. Кечқурун уйида кутадиган бўлди иккаламизни. Олой бозорининг орқасида данғиллама квартираси бор. Танишув, зиёфат! Ўсма-сурма дегандай, ҳозирлигингни кўравер.
— Қаёққа борамиз ўзи? Нега?
— Куёвкўрарга! — дейди Восил амаки астойдил ажабланиб. — Ўзинг айтувдинг-ку топинг, деб!
— Ким экан у киши?
— Роса бадавлат! Бойвучча бўлиб кетасан! Институтимизда замдиректор эди. «Жигули«сиям бор. Минасан. Дадангни танирди. »Жўрабой раҳматлининг қизи бўлса майли», деди. Шу, хотини ўлиб, бир оз яккаланиб қолган-да.
— Бўпти, борганимиз бўлсин! — деб юборади Забаржад ўзи ҳам кутмаганда. — Буям бир вариант! Ё чикка, ё пукка, нима дедингиз?
— Чикка бўлади, ишонавер, чикка! — дейди Восил амаки тамшаниб. Кейин эшик сасини эшитиб саросимада зинапоя томон йўрғалайди. — Соат иккиларда пастда кутаман!

* * *

Эшикдан тўрва-халтасини кўтариб янги либосда бояги жувон чиқади. — Узр, Забаржадхон, вақтим зиқроқ эди. Пастда хўжайиннинг мошиналари пойлаб турибди. Тағин иккита заказим бор сизга. Кейинги сафар қўшниларимниям опкеламан. Ановини столингизнинг устига қўйдим. Раҳмат.

* * *

У билан хайрлашгач, Забаржад даҳлизда алланечук тиришиброқ турган онасига дуч келади.
— Нимага кепти? Яна пул сўрабми? — Ая! — Забаржад зарда билан хонасига киради. Кирадию столига кўз югуртириб, беихтиёр чийиллаб юборади: — Қани?!
— Олиб анови пулга қўшиб қўйдим, қизим. Москва учун, — дейди орқасидан келган Вазира опа айбдорона оҳангда. — Сенинг қўлингга тушса, дарров ҳар ёққа сочасан.

Бир лаҳза гезариб турган Забаржад шартта бурилади-да, ғаму ғурбатлардан кичрайиб, бир бурда бўлиб қолган онасини қучоқлаб олади.
— Аяжон!

* * *

Абдулазиз аканинг уйи.

Каттакон меҳмонхона. Восил амаки таърифлаганидан ҳам зиёда: гиламлардан тортиб қандилгача, дивандан тортиб стол-стулларгача — ҳаммагинаси асл, ноёб, бу яқин юртларнинг мол-матоҳи эмас. Абдулазиз ака деганимизнинг ўзи — лунжлари шишинқираганнамо, олтмиш ёшлар чамали барваста киши — бир зум дастурхон бошида тиниб ўтирмайди. Ўз уйида ўзини алланечук ноқулай сезаётгандек гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб ошхонасига чиқиб келаверади. Саранжом-сариштали одам кўринади.

Лоф бўлса ҳам беш-ўн меҳмонга мўлжаллаб роса дид билан тузалган узун дастурхоннинг тўрида «вакил ота» — Восил амаки. Келганидан буён оғзи ҳам, қўли ҳам тингани йўқ. Коньякни ароққа қўшиб симиряпти. Ўзини хўжайиндек тутади: Абдулазиз, ул йўқми, Абдулазиз, бул йўқми.

Асли шўх-шаддод Забаржад, қўлида вино қуйилган биллур қадаҳни айлантириб, столнинг бир четида «бирам иболи-ҳаёли келинчак» мисоли қимтинибгина ўтирибди. Ёши улуғ мезбон ҳар қўзғалганида хижолат чекканидан у ҳам ўрнидан туриб кетаёзади.
— Жўрабой раҳматлининг қизиман денг, — деб гапни узоқдан бошлайди Абдулазиз ака ниҳоят. — Кўп қобилиятли одам эди дадангиз. Ҳаёт бўлганида ҳозир каттакон олим бўлиб кетарди.
— Докторлиги ҳам тайёр бўлиб қолувди-да ўзи! — дея луқма ташлайди Восил амаки навбатдаги қадаҳни симириб.
— Ўзингиз нима иш қиласиз, қизим?
— Микробиологман, — дейди Забаржад сиполик билан ерга қараб. — Лабораторияда ишлайман.
— Ҳа-а, дуруст. Илмий иш ҳам қилаётгандирсиз?

«Вакил ота» бу гал ҳам бўш келмайди:
— Эрта-индин ҳимояга тайёр турибди-ку!
— Шунақа де-енг? Муваффақият тилаймиз!

Жойида тиниб ўтиролмайдиган бу одам тағин қўзғалиб:
— Восилжон, дамлайверайми? — деб сўрайди меҳмонидан.
— Ошинг қочиб кетармиди? Ўтирибмиз-да!

Забаржадга хижолатомуз жилмайиб қўйиб, Абдулазиз ака ошхонаси томон чиқади.
— Қачон келади энди? — деб сўрайди Забаржад Восил амакидан.
— Ким?
— Айтган одамингиз.
— Мана шу-да! — дейди санчқи уриб тарвуздан газак қилаётган Восил амаки. — Ўзи яхши бола аммо, кўряпсан-ку!
— Вой, ростданми? — дея беихтиёр хандон отиб юборади Забаржад, бояги сиполигидан асар ҳам қолмай. — Зўр-у!

Кайфи ошиб қолган Восил амаки ёнбошига ташлаб, фитначимонанд пичирлайди:
— Кўнаверсанг-чи, лодон қиз! Икки ўғли ҳовли-жой қилиб кетган. Ўзини кўриб турибсан — бир грамм ҳам ичолмайди! Жигари чатоқ. Ҳаммаси ўзингга қолади!

Шу маҳал даҳлизда тапир-тупуру ғўнғир-ғўнғир эшитилиб, хонага ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги қадди-қоматли, бойваччасифат бир йигит кириб келади.
— Ия, Восил амакимиз-ку! Ассаломайкум, — дея келиб у билан қўшқўллаб кўришади. Сўнгра Забаржад томон ўгирилади-да, кўз узолмай қолади. Ўзи амаки билан ҳол-аҳвол сўрашаётир-у, нигоҳи қизда. Суқланиб тикилгани тикилган.
— Жўрабойнинг қизи, — дейди таништириб Восил амаки. — Мен олиб келдим. Меҳмонга. Аданг учаламиз ўртоқ эдик. Сен эслаёлмасанг керак, Зафар, ёш бола эдинг унда.
— Адамни кўндириб берсангиз-чи, Восил амаки, — дея Зафар шартта муддаосига кўчади. — Ҳовлига опкетмоқчиман. Оёқ тираб туриб олганлар: ўламан, саттор — ҳеч қаёққа бормайман! Битта ўзлари, кекса одам, нима қиладилар бу ерда, ўзингиз айтинг!
— Адангнинг ўрнида бўлганимда мен ҳам шундай дердим. Ўз уйим — ўлан-тўшагим. Бунча мол-мулкни ташлаб қаёққа кетсин?!
— Буними? Сотамиз ё ижарага қўямиз, вассалом!
— Менга қара, Зафарбек, — дейди алжираброқ қолган Восил амаки ўзича насиҳатга тушиб, — ёш бошингга ғалва орттириб нима фойда сенга?! Бунинг турган-битгани дардисар-ку! Айшингни суриб ўзинг яшайвермайсанми ҳовлида! Ке, яхшиси, мен билан миллиграммдан қилсанг-чи, лодон!
— Мошинадаман, — дейди Зафар ҳафсаласи пир бўлиб, совуққина.

Бехосдан Восил амакининг жини қўзиб кетади:
— Ич деса ичмасанг, бир гапга унамасанг, мошинадаман деб осмондан келсанг — тур, кет! Нима қиласан катталарнинг ишига аралашиб?!
— Ие, ие! — деб қаҳр билан ўрнидан туради Зафар. Анови суқсурдан кўнгил узолмай базўр эшик сари юраркан, лаган кўтарган отасига дуч келади.
— Ҳи? Ошга ўтирмайсанми? — дейди бўлган гапдан бехабар Абдулазиз ака.
— Ошингизни анови одам есин! Мен кетдим! Эшик тарақлаб ёпилгани эшитилади.

* * *

Зинапоя майдончаси. Восил амаки панжарага осилиб аранг тушиб боряпти.

Абдулазиз ака Забаржаднинг елкасига кафтини қўйган, хижолатомуз узрхоҳлик қилади: — Кўнглингизга келмасин, қизим. Восилжоннинг одатини билсангиз керак. Ҳафта— ўн кунда бирров келиб эшик-деразамнинг чангини артиб кетадиган одам бўлсамиди, дегандай гап қилувдим, холос. Эрталаб қўнғироқ қилди, йўқ деёлмадим. Майли, баҳонада мана танишиб олдик. Лозим топсангиз, келиб туринг. Аянгизни ҳам олиб келинг. Эшигим очиқ сизларга. У кишига мендан салом айтиб қўясиз, хўпми? Дуо қиламан — муносибингиз учрасин!

* * *

Забаржад Восил амакини трамвайдан зўрға ортмоқлаб тушади.

Бекатдан жилаётган трамвай ойнасидан йўловчилар уларга таажжуб билан қараб қўяди. Мана, улар йўлка бўйлаб узун-қисқа бўлиб келишаётир. Восил амакининг тиззалари майишиб-майишиб кетади, Забаржад унинг қўлтиғига кириб олган.

Ҳовлиларига яқинлашганда Восил амаки бир силтаниб қизнинг ҳимоясидан чиқади.
— Ичгингиз келганда айтарсиз, Восил амаки, — дейди Забаржад мутлақо гина-кудуратсиз, самимий жилмайиб. — Яна борамиз. Яхши киши эканлар.
— Қизим! Қизим! — дея кўзи ёшга тўлиб ҳиқилламоққа тушади Восил амаки. Қўлларини кўксига чалиштирган, эгила-эгила таъзим қила бошлайди. — Сени қизимдан ҳам ортиқ кўраман, ишон! Болалигингда мана шу ҳовлида ўзим кўтариб юрардим сени. Ў-ў, қандоқ даврлар эди! Ҳамма ёш, ҳамма хурсанд! Энди-чи? Ҳе-еч ким йўқ! Биргина Зокир! Зокирни биласан ўзинг... Уф-ф! Даданг қандай йигит эди-я! Жўравой эмас, мировой эди у, мировой!

Восил амаки шартта бурилади-да, той-той қилаётган бола мисоли тап-тап босиб шийпончаси томон юради. Забаржад сўмкачасини кифтига ташлаб уй йўлагига кириб кетади.

* * *

Деразада Зокирнинг телба қиёфаси намоён бўлади. — Ҳаҳ, шал-лаб! Отанг тенги одам билан падрушка қилиб юрасан-у, менга балиқ опкелмайсан! Лаққасидан бўлсин менга, лаққасидан!

* * *

Забаржад нимқоронғи даҳлизда туфлисини ечиб, одатланганидек, девордаги ойнага назар ташлайди: алвастига ўхшаган бир бало!

Ошхона тарафдан Вазира опанинг овози эшитилади: — Забар, ўзингми? Аммажонингдан хат келди!

Забаржад шоша-пиша ошхонага киради.
— Нима дебдилар? Қани?

Вазира опа халати чўнтагидан олиб берган мактубни у деразага тутиб ўқий бошлайди:
— Ёзувининг чиройлилигини! Нуқта-вергуллари ҳам жой-жойида. Адолат келин ёзган. Мактабда аълочи бўлган-да. Қани, нима гап экан? Унга салом, бунга салом. Фалончи ҳам қолмасин, салом, салом. «Азбаройи жигаргўшалик, раҳматли инигинамнинг арвоҳини қўриқлаб шунча йилдан бери чорбоғида унинг чироғини ёқиб ўтирибман. Энди бас, чарчадим, бу ёғи қариб ҳам қолдим. Файзибой мени туманга кўчириб кетмоқчи. Келиб мулкларингга энди ўзларинг эгалик қилинглар».

Қўшни бўлмадан ногирон Суръатнинг товуши келади:
— Забар, бугун ҳам кўрдингми? Нима деди?
— Ҳовли тарафга ўтганим йўқ бугун. Эрта-перта кўрарман, — деб жавоб қилади Забаржад паришонлик билан. Сўнг тепасида турган Вазира опага юзланади: — Хўш, аяжон, бориб мулкимизга эгалик қиламизми? Оиламизнинг тўнғичи Шуҳратбекингиз нима дерканлар бунга?
— Боя қўнғироқ қилувдим. «Шу кунда роса ишим кўп, чиқолмайман. Забаржад бориб сотиб келақолсин», деяпти. Бизнесига қўшмоқчи шекилли.

Бети қотиб кетган шаддод қариқиз бирдан аччиқланиб, беҳаёлик билан муштини чучвара қилади:
— Мана! Дадагинамдан қолган мулкни-я?! Бизнес баҳона, Шоирахонининг бўйнига яна бир тилла занжир осмоқчидир-да! Бекоргинанинг бештасини ебди! Сотсак сотармиз, лекин у эркатойингизга бир тийин ҳам йўқ! Москвага қанча пул кетади, биласизми?! Эртагаёқ жўнаймиз, хўпми, ая?
— Эсинг жойидами ўзи? Суръатни кимга ташлаб кетасан? — Ногаҳон лаблари гезариб, Вазира опа жазавага тушади: — Билсанг, ўша ташландиқ мозористонингга қадам ҳам босгим йўқ! Бордим дегунча, эски дардим янгиланиб, яна мотамга ботаман! Сен бор, сен бор! Сен қотил бор! Даданг сени деб, сенинг ўрнингга!.. Даданг чўккунча сен чўкиб ўлсанг бўлмасмиди ўшанда! Бадбахт! Шумоёқ! Адо қилдинг мени, шарманда!

Вазира опа увиллаганча ошхонадан чиқиб кетади.
— Ая! Ая! Нима бўлди сизга?! — дея чинқиради Забаржад юзини чангаллаб.

Ҳаял ўтмай қўшни хонадан Вазира опанинг таҳликали чорлови эшитилади:
— Забаржа-ад! Буни қара!

Забаржад чопиб чиқса — Суръат, ногирон укаси, ҳеч нима бўлмагандек, деразага осилиб турибди!
— Вой! Нима қиляпсан, жинни?!
— Ўзим, — дея аянчли илжаяди Суръат.
— Қандай бординг у ерга?
— Оёғим сал қимирлагандек бўлди. Ҳовлига бир қарамоқчи эдим.
— Вой, худойим-эй! Вой, тавба-а! — дейди суюнишини ҳам, куюнишини ҳам билолмай қолган шўрлик Вазира опа ёқасини чангаллаб. Кейин ҳангу манг она-бола бу бебош ногиронни суяб келиб ўрнига ётқизадилар.

* * *

Автовокзал. Телефон будкаси. Бўғиқ шовқин ичида Забаржад эркалик аралаш бир зарда билан гапирмоқда:
— Ҳа, кетаётувдим. Қишлоққа. Аммамникига. Сизни бир кўрай девдим-да. Ўзим, шундай. Нима-а? Иложи йўқ? Узоқдамисиз? Қаерда, қаерда? Доим шундай! Бўпти, энди телефон қилмайман! Ҳеч қачон! Мени энди қайтиб кўрмайсиз, ҳа! Забаржад сўзим! Ўша ёқда ўзимни Қизилсойга ташлаб, чўкиб кетаман! Аям шундай деб қарғадилар мени. Тўғри-да, бундай сарсон бўлиб юргандан кўра чўкиб ўлганим афзал! Сиз билмайсиз менинг ҳаётимни! Нима-а? Баландроқ гапиринг!

* * *

Шаҳар ташқарисидаги далаҳовли. Чошгоҳ пайти. Каттакон ўрик соясидаги чорпояда тотув оила аҳли хушвақтлик билан чойхўрлик қилиб ўтирибди.

Хонадон эгаси — бизга таниш ўртаяшар одам, қўл телефонини қулоғига маҳкам босган, тош йўлка бўйлаб дарахтзор боғ томон кетмоқда. Бу гал ҳам у бизга орқа ўгирган. Бу гал ҳам биз у кишининг юзини кўролмаймиз.

* * *

Бояги телефон будкаси.
— Ҳар ёз дам олгани борардик. Чорбоқ ўзимизники эди-да, бувамдан қолган. Роса маза қилардик: олма, ўрик, узум дейсизми! Чорбоғимизнинг этагидан Қизилсой деган тезоқар бир анҳор ўтган. Бир куни ўшанинг бўйида ўйнаб юриб, нимадир бўладию думалаб кетиб, сувга чўка бошлабман. Буни қарангки, худди шу маҳал дадам сой ёқалаб ошхўрлик зиёфатидан қайтаётган эканлар. Шартта сувга ташлаб, мени қирғоққа отиб юборибдилар-у, ўзлари чўкиб кетибдилар. Аммамнинг айтишларича, сузишга роса уста эканлар. Лекин ўшанда нима ҳодиса юз бергани номаълум. Шундай қилиб, отасиз бир етимчага айланиб қолганмиз, дўстим! Энди билгандирсиз менинг кимлигимни?! Ана шундай касофат, шумқадам қиз бу! Балки шунинг учун толеи келмай, шўрпешона бўлиб юргандир? Ўзингиз ўйланг, отасига қотил бўлган ана шундай бир бадбахтнинг бу дунёда тирик юришга ҳаққи борми?! Йўқ! Йўқ!.. Ўлсам, мени эслаб-эслаб қўярсиз-а? Айти-инг!

Худкушликни хоҳлаётган қизнинг кейинги гапларини йўлга чоғланаётган автобусларнинг шовқин-сурони босиб кетади.
* * *

Ҳалиги киши боғнинг хилват бир бурчагига бориб, тўнкага ўтиради. Чека бошлайди. Боши хам. Юзини яна кўриб бўлмайди.

* * *

Туман марказидаги гавжумроқ бекатда орқа ўриндиқни эгаллаб келган икки бозорчи аёлни қолдириб, чанг босганидан тусини аниқлаб бўлмайдиган «Тико» пилдирабгина ўрнидан қўзғалади.
— Кетдикми, Забаржад опа? — дейди нимдош олачипор ҳарбий либос кийган ҳайдовчи йигит — Азамат. — Бунингиз иссиқда эриб қолмайдими? — Эриса эрир, — деб қўяди Забаржад тиззасидаги баркашдек келадиган тортга эринчоқлик билан назар ташлаб. — Таъми қолади-ку. Аммам яхши кўрадилар.
— Катталигини! Бутун Қизилолмага етади-ёв!

Мошина сал юргач, йўл бўйидаги «Қизилолма» деб ёзилган ғариб, омонат тахтачадан сўлга бурилиб, тепалик томон ўрлайди.

Олисдан кўкиш-қорамтир тоғ тизмалари кўринади. Таниш манзаралар.

Товуши пастлатиб қўйилган магнитофондан ҳофиз нола қилаётир:

Тушимда кўрса-ам эди-и-и...
— Ҳар куни қатнайсанми шаҳарга?
— Икки мартадан. Баъзан уч марта.
— Намунча?
— Мошинани сал туртиб қўйиб, қарздор бўлиб қолганман, Забаржад опа!
— Ия, ўзингники эмасми бу?
— Қаёқда! Ижарага олганман, ижарага!
— Эгаси ким? Нима иш қилади хўжайининг?
— Хўжайин — хўжайин-да! Мана шундай тўртта «Тико«си, икки »Дамас»и эртаю кеч шаҳарга қатнаб турибди — ишлаб нима зарил унга?!
— Қишлоқда қўшни эканмиз, Азаматжон, сўрайверсам бўлар — уйланганмисан?
— Қаёқда! Шу йил бўлмоқчи эди тўй. Янаги йилга қолади энди. Тўнғичман. Дадамиз камхаржроқ одам. Жамила кутадими, йўқми — бу ёғиям ишкал. Отаси директор-да.
— Кутади! Яхши қиз бўлса — кутади. Кутмаса...
— Тўйга айтсам келасизми, Забаржад опа?
— Чорбоғни сотмасам, келарман балки, — деб қўяди Забаржад хаёлчан.
— Қайси чорбоғни? Нега сотасиз? Мулк-ку у! — дейди ажабланиб Азамат. — «Эр киши ер сотмас, ер сотган — эр саналмас», дейдилар дадам.
— Даданг тўғри айтибдилар. Лекин мен эр эмасман-ку, Азамат?
— Эр бўлмасангиз ҳам, эркакка ўхшайсиз! — дейди Азамат ийманиброқ.

«Тико» навбатдаги дўнгликдан ошиб бир шўнғийдию сердарахт қишлоқча оралаб кетади ва сой бўйида жойлашган ҳовлилардан бирининг дарвозаси олдига келиб тўхтайди.

Азамат чаққонлик билан тушиб, машинанинг орқасидаги иккита катта-катта тўрвани олиб ерга қўяди.
— Қачон қайтмоқчисиз, Забаржад опа? — деб сўрайди кейин. — Қачон десангиз, мана, мошина тайёр!
— Ҳозирча ўзим ҳам билмайман, Азаматжон, — дейди Забаржад сўмкачасидан пул чиқариб узатаркан.

Азамат бир қалқиб, орқага тисарилади.
— Уриб ўлдирсангиз ҳам сиздан пул олган — номард!
— Вой, нега?
— Тўйимга келиб ўйнаб берасиз! — дейди Азамат савдога чек қўйиб. — Бизникида ҳам меҳмон бўлинг, Забаржад опа. Ана, тол тагидаги кўк дарвоза! — Раҳмат, Азаматжон. Жамилангга салом!

* * *

Мастура амма истиқомат қиладиган чорбоғ.

Дарвозадан кирганда — эскичароқ андозада, аммо пишиқ-пухта қурилган ихчамгина уй-жой. Иморатга туташ ишкомдан нарёғи озроқ резаворлигу қолгани — сой бўйигача ўрмонга ўхшаш қуюқ дарахтзор. Боғ бирмунча қаровсиз, ёввойироқ. Балки шуниси маъқулдир — эски хотираларни ёдга солади. Дарвоқе, бундай каттакон жойни эплаб туриш ҳам осон эмас.

Ишком остидаги сўрида шу яқин атроф жамоати жам деса бўлар. Ўринойнинг ташрифини эшитиб, уни кўргани келган қўшни келин-кепчагу бола-бақра — бари шу ерда. Барининг оғзида — Ўриной: Ўриной кептилар, Ўриной опкептилар, Ўриной опам бердилар, айтдилар, кулдилар...

Ўринойнинг ўзи тўрда — муштдеккина бўлиб қолган, бироқ ҳамон тетик-бардам, кўзлари тийрак боқувчи аммажонининг пинжига суқилиб, эркаланиб ўтирибди. Амма ҳам жувон дегулик бу кап-катта қизни худди тантиқ қизалоқдек тинмай ялаб-юлқайди, силаб-сийпайди:
— Инигинамдан қолган ёдгорим! Укагинамнинг ўрнига — Ўринойим! Ҳаҳ, амманг кўзларингдан! Ҳаҳ, амманг қошларингдан!

Қўшни хотин-халаж бир-бирига меҳрибон бу амма-жиянга, аниқроғи, шаҳардан келган жиянга ҳавас билан термилади.

Жайдари мева-чевага тўла дастурхоннинг ўртасидаги баркашдек торт, четлари «емирилавериб», ликобчадек бўлиб қолган. Бола-бақранинг оғиз-бурни, дасту панжаси шира-шарбат.

Боягина хонаки кийимда ичкари кириб кетган Адолат келин бир маҳал қимтиниброқ, лекин шаҳарбоп аломат либосда чиқиб келади. Энди ҳамманинг эътибори ўша ёқда. Қўйиб берсангиз — сўридаги ҳар бир қиз-жувон шу тобда Адолат келиннинг ўрнида бўлиб қолса!
— Вой, мунча чиройли!
— Ярашганини қаранг-а!
— Худди анови телевизорда кўрсатадиган артист аёлга ўхшадилар-қолдилар!

Мастура кампир ҳам кафтини пешонасига тутиб ўша ёққа тикилади.
— Ҳа-а, ўхшабди. Бу кишиям шаҳарлик бўлмоқчи ўзи!
— Аммажон, — дейди Ўриной — Забаржад унинг қулоғига пичирлаб, — сўмкамда кўп бунақаси! Мана буларгаям берсак, хафа бўлишмасмикан? Бир-икки мартагина кийилган, холос.
— Нимага хафа бўлар экан, айланай? Жон дейди! Кўзига суртиб-суртиб кияди-я! — Амма уни тағин таърифлашу алқашга тушиб кетади: — Ҳаммасини ўзгинаси тиккан! Ҳаҳ, чевар жиянимдан! Аммасига меҳрибон жиянимдан! Бир қўлгинаси доим шу ёқда! Топган-тутганини юбориб туради. Ана, дадагинасининг қабриниям шу қиз обод қилиб қўйибди! Ҳаҳ, бўйларингдан амманг!
— Бўлди, томоша тамом! Кир уйга!

Бу овозни эшитиб, «кўргазмада турган манекен» — Адолат келин зипиллаб ичкарига уриб кетади.

Эркак кишининг нафасидан ҳуркиб қўшни хотин-халаж ҳам аста қўзғала бошлайди.

Елкасида кетмон, девдек бўлиб боғ тарафдан чиқиб келган Фозилбой онасининг қаршисида тўхтайди:
— Эна, бу булоқ деганингиз мени сарсон қиладиган! Вақирлаб қайнагани қайнаган-а! Ахийри, сой томонга буриб юбордиму кўнглим жойига тушгандай бўлди. — Сўнгра Забаржадга юзланиб: — Жажад, — дейди, — чорбоғингдан сув чиққан, эшитгандирсан? Булоқ! Шифобахш!

Мастура кампир ўғлининг оғзига ёпишади:
— Ҳой бола, бу нима деганинг? Бу қизнинг аммаси атаган ойдай оти бор — Ўриной!
— Қўяверинг, аммажон. Болаликдан мени шундай деб ўрганган. Исмимни эплаб айтолмайди-да. Мен ҳам бунингизни «қишлоқи«, "Қўполбек" дейман-ку, кўнглига олмайди сира. Ўзиям ҳар гапида »биз энди бир қишлоқи-да» дегани деган.
— Болалигинг ҳув сойнинг бўйида қолиб кетган, болам! Энди айб бўлади.

Бу дашномни эшитмагандек, Фозилбой «Жадад, Жадад» дея эрмак қилганча уйи томон юради.
— Ўзимиз қолдик, энди сўрасам бўлар, — дейди Мастура кампир овозини пасайтириб. — Укагинанг Суръатбек оёққа туриб кетдими? Нима қилган ўзи унга?
— Э, операция пайти ўқни олаётганда бир томирига тегиб кетганми... Кузда Москвага олиб бормоқчиман.
— Умргинангдан барака топ, қизим! Отагиналаринг йўқ, бир-бирларингга ана шундай меҳрибон бўлинглар доим.
— Аммажон, борақолайлик, — дейди Забаржад безовта бўлиб.
— Энди кеч бўлдими дейман-да, қизим.
— Йўқ! Йўқ! — дея тажанглик билан оёқ тираб олади Забаржад. — Ҳозир боргим келяпти! Соғинибман. Ана, шундоқ сойнинг нарёғида-ку. Икки қадамгина! — Мен бир таҳорат қилай бўлмаса, — дейди Мастура кампир малолли қўзғалиб. — Сен ҳам туриб юз-қўлингни чайиб ол, қизим.

* * *

Қабристон.

Ободгина бир қабрнинг бошида амма-жиян шумшайибгина ўтирибди. Забаржаднинг эгнида Адолат келиннинг ҳалпиллаган одми кўйлаги, бошида рўмол. Мастура кампир пичирлаб оят ўқимоқда. У дуога қўл очганида Забаржад худди ногаҳон ҳушдан кетгандек гуп этиб қабрнинг устига ўзини ташлайди-да, фарёд чекиб юборади:
— Дада! Дадажоним! Нега бизни ташлаб кетдингиз, нега? Қўйинг эди, мен чўкиб кетай эди ўшанда! Мен ўлиб кетай эди! Бирга чўксак ҳам майли эди! Бирга ўлсак ҳам майли эди! Жонингизга зомин бўлиб, сизга бадал қолиб мен нима қилдим бу дунёда, дадажон?! Шунча йилдан бери бу касофатингизни нега ер ютмайди, дада?! Дадажо-он!

Ўзини йўқотиб қўйган Мастура кампир саросимада жиянининг бошига келиб, елкасидан торта-торта уни ўрнидан қўзғатмоқчи бўлади. Аммо мадори етмай, ёнбошига чўккалай тушади.

Ажабо, ҳар қандай одамни эзиб юборадиган бу фиғону нолалардан кейин ҳам унинг дийдаси қуп-қуруқ — ёш қолмаган-да!
— Ҳой, жинни бўлдингми, Ўрин? Эсингни йиғиб ол, болам! Шунча йил ўтиб ҳалиям кўнглингдаги доғ аримаган экан-а, тавба-а! Дадагинангнинг арвоҳини безовта қилма, қизим. Сен норасиданинг бирор гуноҳинг бўлса, арвоҳ кечиргандир энди. Бу дунёда кимни қолдириб, кимни олиб кетиш — худойимнинг измида. Мана, мен бир шумкампир, юрибман-ку тирик! Инигинамнинг бўлса, суяклари қора тупроққа қоришиб ётибди!.. Мастура кампир ногаҳон бир қалқиб, жиянининг устига таппа тушадию ув тортиб юборади.

* * *

Ҳовли. Оқшом. Аълочи келин ҳаммаёқни супуриб-сидириб, чиннидек қилиб қўйган; ўзи ҳозир ўчоқбошида куйманиб юрибди. Фозилбой негадир кўринмайди.

Забаржад сўрида — расмонасига ўрин-тўшак қилиб ётибди. Бошини танғиб олган. Тепасида ўтирган Мастура кампир ичида алланималарни пичирлаб, қўлидаги косадан унинг юзига сув сепади. — Кўз текканми ё биров-яримнинг суқи кирганми, учиниброқ қолибсан-да, болам. Ҳечқиси йўқ, ўзи келган — ўзи кетади. Ма, қолганини ичиб юбор. Ич! Ўзингнинг булоғингдан! Эрталаб, худо хоҳласа, отдай бўлиб турасан! Зора, йўлларинг ҳам очилиб кетса!..

* * *

Чошгоҳ. Чет-четига райҳону жамбил экилган гулзор бўйида курси қўйиб, амма-жиян гурунглашиб ўтирибди.
— Кеча ўтакамни ёрдинг-а, қизим! Худога шукр, бугун чеҳранг равшан. Рангинг бир тиниқ, бир тиниқки! — Мастура кампир Забаржаднинг яноқларини силаб қўяди. — Сувнинг иши бу. Бир хосияти борми дейман, униси-буниси келиб хуму кўзасини тўлдириб кетяпти — билмасам. Ичса, одамнинг дили ёришиб, ўзини бардам сезармиш. Яшарганга ҳам ўхшаб қолармиш. Бўлса бордир — азиз-авлиёлар ўтган жойлар! Ўзим лекин татиб кўрганим йўқ. — Амма секин уҳ тортиб, ҳафсаласиз қўл силтайди: — Энди буни ичдим нимаю ичмадим нима — бу ёғи яқин қолган бўлса! — Аммажон, шу кеча бирам маза қилиб ухлабманки! Ўз-ўзидан хурса-анд бўлиб турдим эрталаб. Ҳув болалик вақтларимдагина шундай бўларди.
— Томирингга яқин турибсан-да, болам. Суякларинг жой-жойига тушиб, хотиржам ухлагансан. Мана, йўқлаб келдинг, бориб зиёрат қилдинг — дадагинангнинг руҳи шод бўлган чиқар.
— Амма, эсингиздами, тўпланишиб келардиг-а: дадам, аям, Шуҳрат, мен. Бир сафар келганимизда, баҳормиди, ўриклар гуллаб, ҳаммаёқ чаман бўлиб ётган экан. Анови айвонда кўп одам йиғилган. Ҳамма хурсанд. Гулдор дўппи, беқасам чопонча кийган Шуҳрат додлаб боққа қараб қочган. Хатна тўйи бўлса керак-да... Аммажон, доим қалампирмунчоқ ҳиди келарди сиздан. Шундоқ яхши кўрардим шу ҳидни!
— Ҳаммагинаси эсида турибди-я!
— Йўқ, амма, ҳаммаси эмас! — дейди Забаржад бирдан маҳзун тортиб. — Анови кунни эслаёлмайман. Ҳарчанд уринмайин — сира-сира эсимда йўқ. Фақат сиз айтган гаплар ёдимда қолган. Ҳув анови жойда, олманинг тагида лойсупамиз бўларди. Ўша ерда нима учундир йиғлаб ўтирганимда айтгансиз: «Энди Қизилсойга яқин борсанг, ўлдираман, жувонмарг! Даданг сени қидириб кетиб, мана, ҳалиям қайтгани йўқ». Кеча бир туш кўрибман, аммажон. Ғалати туш. Дадам ўшанда ўлмай қолган эмишлар. Иккаламиз ҳам чўкишга чўкибмиз-у, бир киши бизни қутқариб қолибди. Учаламиз қирғоқда турганмишмиз. Бундай қарасам, дадам билан ҳалиги киши бир одамга айланиб қолибди... Мен ўша одамни биламан, амма.
— Ким экан у?
— Сиз танимайсиз. Тошкентда у.
— Ҳе, туш-да, қизим, туш.
— Ажойиб туш, — деб қўяди Забаржад ўйчан.

Кечаги шаҳарбоп либосни эгнига илиб қаёққадир отланган Адолат келин уларнинг олдига келади.
— Нимани кийсангиз ҳам сизга ярашади-я, опа! — дейди у Забаржаднинг эгнидаги ўзининг одми кўйлагига ҳавас билан қараб. — Эна, мен ота-оналар мажлисига кетдим. Ўғлингиз келсалар, овқат ана, қозонда.
— Ҳай, бор, бор, — дейди Мастура кампир энсаси қотиб, тиззаларини чангаллаганча ўрнидан қўзғаларкан. — Мен ҳам кириб бирпас бошимни қўяй, Ўриной. Кеча сенга алағда бўлиб, уйқум қочган эди. Ётсам, пешин намозигача ётарман. Сен ҳам туриб чорбоғингни бир айланиб кел, қизим. Бориб анови булоқни кўр. Биласан-а қаердалигини?
— Топиб оларман, — дейди Забаржад жойидан туриб. — Шифобахш экан-ку! Бирдан яшариб кетсам-а! — Бундан ортиқ яшариб қайга борардинг, болам?!

* * *

Чорбоғнинг хилват бир бурчагидаги кекса ўрик тагида кўз очган чашма. Гирдига доирасимон шаклда бир текис қилиб кулранг тош терилган. Бир четгинасидан ариқча очилиб, этак томонга буриб юборилган. Теварак-атрофи нам.

Булоқ бўйидаги тўнкадан ясалган қўлбола курсида ўтирган Забаржад, кафтига ияк тираб, хаёлчан нигоҳини сувдан узмайди. Зилол сув остидаги майда тошчалар орасидан сизиб чиққан тутунсимон нимадир юзада аввал пуфакчалар ҳосил қилиб айланади. Сўнгра бу ҳол тезлашиб, вижир-вижир мавж пайдо бўлади. Бир маҳал қарасангиз — атрофга зарра сочиб, расмонасига вақир-вуқур қайнай бошлайди.

Бу ҳолат ҳар ўн-ўн беш дақиқа орасида такрорланиб туради. Забаржад шу манзарага термилиб ўтираркан, чашма сатҳи тинчиб, сув тиниққанда кўз ўнгида таниш бир қиёфа намоён бўлади. «Дўстим»!

Бир вақт бўйнига оғир бир нима текканини сезиб, у сапчиб тушади. Қараса — ишшайиб орқасида Фозилбой турибди, шунинг кетмондек кафти экан.
— Ия, одамни қўрқитиб юбординг-ку, Қўполбек!
— Биз энди бир қишлоқи-да, Жадад, падхўдни билмаймиз. Ҳа, булоғингни томоша қиляпсанми? Зўр булоқ бу!
— Ёшбулоқ де! Ичган одам яшарармиш-ку!
— Нима, сен қариб қопсанми?! Қариган деб, ана, Адолни айтса бўлар. Ҳозирданоқ афтига қарагинг келмайди — ҳаммаёғи бужмайган. Бўлмаса, сендан тўрт-беш ёшлар кичик у!
— Қўйсанг-чи! Хотининг биппа-бинойи! Сен билан яшасам эди, мен ундан бешбаттар бўлардим. Қўпол! Қишлоқи!
— Жада-ад, — дейди Фозилбой кутилмаганда кўзлари ғалати йилтиллаб, — бир нарса сўрасам майлими? Бир мартагина ўптир, Жадад!
— Ия, бу нима деганинг, Қўполбек? — дейди қиқирлаб Забаржад. Кейин шўхлиги келиб, чаккасини тутади: — Ма, ўп!

Фозилбойнинг тус-авзойи ўзгаради:
— Бор-э, ёш бола бўлдимми мен сенга?!
— Ёш боланинг гапини қиляпсан-да ўзинг!
— Нима, бирор жойинг камайиб қолармиди? Шаҳарлик-ку сен!
— Вой-вой, бунинг гапини қара-анг! Энди билдим: сен қишлоқи эмас, қип-қизил тўпори экансан! Ундан ҳам баттари — ёввойи!
— Бўлди, бўлди, Жадад! Шаҳарлик экан деб, нима, ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими сенларга?! — Фозилбой кейин бирдан паст тушиб ўтинади: — Аммангга гуллаб юрмагин тағин! Шунчаки бир ҳавасим кепкетди-да сенга...
— Хўп, хўп. Айтмайман ҳеч кимга. Туманга кўчмоқчи эмишсан, ростми? — деб сўрайди Забаржад мавзуни ўзгартириш мақсадида.
— Ҳа, шундай ният бор. Бир-икки йил у ерда яшаб, кейин Тошкентгами, Самарқандгами кетаман кўчиб!
— Воҳ, воҳ, сизга кўзи учиб турган экан-да шаҳарнинг!
— Ўзинг биласан-ку, Жадад, ҳозир ҳамма нарса шаҳарда — пул ҳам, бошқасиям!
— Бошқаси — нима у? — дейди шаддод Забаржад бу дўлвор аммаваччасини тағин калака қилмоқчидек.
— Э, бор-э! Сен ўзи азалдан шундай — устимдан кулганинг кулган! Биз энди бир қишлоқи-да.
— Сен кетсанг, ким қолади бу ерда? Қишлоқ яхшимасми, Фозил? — Сен қол! Қол! Ҳамманг «қишлоқ, қишлоқ» деб оҳ-воҳ қиласан-у, шаҳарга қочасан! Қишлоқда фақат Фозилбой яшасинми?!

* * *

Аммаваччалар ёнма-ён, дарахтзор оралаб келяпти.
— Сиз ҳам бир ажаб ҳазил қилдингиз-да боя, Фозилбой? — дейди кулиб Забаржад. — Йўқ, Забаржад, — дейди Фозил таққа тўхтаб, қизга тик қарайди, — ҳазил эмас эди!
— Бор-э! — дея қўлидаги бутоқни силкиб пўписа қилади Забаржад.

Фозил шартта буриладию айиқдек лапанглаб уй томон кетади.

Ҳалиги бутоғини кўндаланг тишлаб Забаржад унинг ортидан қараб қолади.

* * *

«Тико» қишлоқ оралаб ўтиб, дўнгликка ўрлайди.

Забаржад шаҳарга қайтаётир. Тиззасида каттакон бир шиша идиш. — Нима бу, Забаржад опа? — деб сўрайди Азамат. — Сувми?
— Сув.
— Шундан ўша ёққа сув кўтариб борасизми?! Қишлоқнинг суви бошқача-да, а?
— Йўқ, булоқ суви бу. Чорбоғимиздаги булоқдан. Таркибини текширтиргани опкетяпман. Бирор натижа чиқиб қолса, кейин балки...
— Дейлик, чиқиб қолгудек бўлса-чи? Нима қиласиз?
— Унда сен билан маслаҳатлашиб бирор қарорга келармиз-да, Азаматжон, — дейди хаёлчан жилмайиб Забаржад.
— Айтмоқчи, тунов куни Жамила сизни кўрибди. Дўкончанинг олдида турган экансиз. Танишлигимизни айтсам, қани ишонса!
— Тўйдан гапир, Азамат!
— Бўлади! Келгуси йил. Сиз ваъдангизни унутмасангиз — бас!

Бу сафар ҳам магнитофондан нола қилади ҳофиз: Тушимда кўрса-ам эди-и-и...

* * *

Таниш чароғон ваннахона. Эшиги ланг очиқ. Шовиллаб жомга сув тушаётир. Жомни номаҳрам кўздан тўсиб турган хира-шаффоф «чимилдиқ» ортида эса, сув остида чарх уриб бир малак чўмилаётир. Парда ортидан унинг фақат мафтункор қадди-қомати кўринади, холос! Гоҳо сув билан шодон қийқириб ўйнашгани, бир нималар деб арзи ҳол қилганлари эшитилади, холос!

Ул малакнинг бор ҳусну малоҳатидан баҳраманд бўлиш, ажабки, жом деворидан боқиб турган анови ишвакор жононга насиб этган! Малак у ёнга қайрилса ҳам кўз қисади, бу ёнга қайрилса ҳам кўз қисади. Нима демоқчи бу фитнакор? — Ҳа, ҳавасинг келяптими? Куйиб ўл!

Ваннахонанинг эшиги мўъжазгина ойнабанд айвончага рўбарў. Айвонча эшиги ҳам ланг очиқ. У ерда бизга чала таниш (юз-кўзини кўрмаганмиз-да ҳали), сочига оқ оралаган ўртаяшар киши деразага қараб чекиб турибди. Ваннахонадан келаётган узуқ-юлуқ сас-садоларга, нолаю адоларга диққат билан қулоқ тутган.
— Эндими? Бизнес қиламан. «Шифобахш сув бекаси«! "Париси" деса нокамтаринлик бўлар-а, тўғрими? Майли, майли. Бир врач йигит билан келишиб қўйдим. Йўқ, асли ўша ерлик. Хусусий профилакторий очаман. "Ёшбулоқ" дам олиш маскани! Сиз бориб дам оласиз. Сувларидан ичиб сочларингиз қораяди. Ҳув, Туркманбошига ўхшаб! Ҳазил, ҳазил. Яшара бошлайсиз. Яшарасиз, яшарасиз, яна йигит бўласиз! Иннайкейин... Вой, унда мен ҳам яшара-яшара, чақалоққа айланиб қоламан-ку?! Чақалоқ бўлгим келмаяпти сира! Қайта-бошдан бола бўламанми? Яна Қизилсойга чўкаманми? Яна дадам!.. Йўқ, йўқ, асло! Барининг жой-жойида қолгани маъқул, нима дедингиз? Ақллиман-а? Аммажоним ҳам шундай дейдилар. У киши тағин нима дедилар, айтайми? »Сен икки кишининг ўрнига, икки кишининг умрини яшаяпсан», дедилар. Дадамнинг, ҳам ўзимнинг! Ана, билиб қўйинг! Ҳа, роса доно кампир!.. Энди нима қилардим — ўғлим билан яшайвераман! Бошқа ҳеч нарса керак эмас менга, билдингиз! Ўғлингизни кўргани келарсиз? А? Айти-инг!

Кутилмаганда телефон чўзиб-чўзиб жиринглайди. Забаржад бир дақиқа таажжубда тек қотади: эгасиз уйга ким қўнғироқ қилиши мумкин?

Кейин дароз таккурсида турган жимжима телефон гўшагига аста қўл узатади. Дилбар!
— Забар?! Сен нима қилиб ўтирибсан у ерда?

Забаржад айб иш устида қўлга тушгандек довдираб, тутилиб қолади:
— Ўзинг... ўзинг айтувдинг-ку гулга сув қуй, деб!
— Қуйдингми?
— Қуйганман. Қуйиб турибман.
— Қалай, ётоқдаги жаннатгул очилдими?
— Очилган, очилган. Гуллаб ётибди.
— Раҳмат, шукрия, мерси... Забар, қовун чиқдими?
— Қанақа қовун?
— Ейдиган-да, жинни!
— Ҳа, бор. Бозорда. Кўп.
— Бундай қиласан, ўртоқ! Ҳозир бориб битта ко-отасини оласан. Ҳей, хонпатир эсингдан чиқмасин! Қип-қизил, сингиб пишганидан ол.
— Нечта бўлсин? Қанақа қилиб жўнатаман сенга?
— Жўнатмайсан, лох! Уйга опкеласан, қовунни сўясан, ҳув яхши кўрган тебранма креслом бор-ку, ўшанга ўтириб олиб маза қилиб ейсан. Охиригача! Тушундинг?
— Нимага? Унақасини битта ўзим қандай еб битираман?
— Битта ўзинг бўлмаса, анови дўстингни чақирарсан. Сенга рухсат.
— Кейин-чи, нима қилай?
— Кейин — ўзинг биласан. Намунча тупойсан-а!
— Диля, тушунмаяпман гапингга: қовун, патир...
— Мен учун ейсан, ўртоқжон! Мени эслаб!
— Хўп, хўп. Айтганингдай бўлади. Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдинг, Дилбар?
— Деярли ҳар куни телефон қиламан. Қиламан-у, индамай қулоқ тутиб туравераман. Уйимнинг, гулларимнинг ҳиди келгандай бўлади. Соғиндим, дугон, шундоқ соғиндимки!.. Гўшакдан Дилбарнинг пиқиллаб йиғлагани эшитилади. Забаржад «Вой-вой, нима бўлди сенга, Дилбар?» деганича қолади, алоқа узилади.

* * *

Кийим-кечаги жойланган сафар халтаси елкасида, сувли идишни қўшқўллаб кўкрагига босган Забаржад ҳовлиларига бурилади-ю, юраги така-пука бўлиб, турган жойида таққа тўхтайди.

Йўлакларининг оғзида бир тўп одам! Икки қатор курси қўйиб рўбарў ўтиришибди. Айримлари таниш — қўни-қўшни. Юра пиён дўппи кийиб олган. Нима гап экан? Нима гап?! Улар орасидан бир киши туриб, Забаржад томон кела бошлайди. Абдулазиз ака! Бу ерда нима қилиб юрибди у киши?
— Ассаломалайкум, — дейди қалтираб Забаржад.
— Яхши юрибсизми, Забаржадхон? Бехабар кўринасиз, қизим. Бандачилик экан. Восил амакингиздан айрилиб қолдик. Ўғли пичоқлаб қўйди. Кеча чиқарганмиз.
— Вай-й-й!

Забаржаднинг қўлидаги салмоқлигина шиша идиш ерга тушиб кетиб, паққа ёрилади. Оёқ остига сув сачрайди. Ҳаммаёқ ҳўл!

Забаржад шоша-пиша чўнқайиб йирикроқ шиша бўлакларини йиғиб олади-да, бетон ариқ бўйидаги ахлат қутисига ташлаб келади. Қолган майда синиқларни Абдулазиз ака бошмоғи билан тўплай-тўплай, ариқ томон суриб қўяди.
— Спиртмиди? — деб сўрайди алланечук хижолатомуз.
— Сув эди. Қишлоқдан.
— Сув?!
— Булоқ суви-да. У ёқда кўп. Яна опкеламан, ўйламанг.
— Шундай бўлиб қолди, қизим, — дея Абдулазиз ака бояги мавзуга қайтади тағин. — Бир вақтлар туппа-тузук олим эди. Беғубор, дали-ғули одам. Кишининг ҳаётига бир дарз кетса, кейин уни ямаб олиш қийин бўлар экан-да. Бунинг устига, биласиз, анови сабилга ҳам ружу қўйган эди... Ҳай, сиз энди кираверинг уйингизга. Ўтинг. Анови ёқдан айланиб ўтиб кетаверинг. Ҳечқиси йўқ. Забаржад қўлини кўксига қўйиб Абдулазиз акага таъзия изҳор этган бўлади-да, кейин у киши кўрсатганидек, девор ёқалай бориб, боши хам, аста сирғалибгина йўлакка киради.

* * *

Иккинчи қаватга чиққач, таниш эшик қаршисида бир зум тўхтайди. Эшик ланг очиқ. Ичкаридан хотин-халажнинг паст, бўғиқ овози эшитилаётир.

* * *

Негадир ўзларининг эшиги ҳам очиқ! Забаржад ҳайрон бўлиб даҳлизга қадам босади-ю, серрайганча қотиб қолади.

Рўпарасида — Суръат, оёқлари шол бўлиб ётган укаси, худди ҳеч нима кўрмагандек, қўлларини кўксида чалиштирганча деворга суяниб турибди! — Во-ой!

Агар қишлоқдан кўтариб келган шиша идиши боя синиб қолмаганида, ҳозир ерга тушиб чил-чил бўлмоғи муқаррар эди!

Ошхона тарафдан қўлини сочиққа арта-арта Вазира опа чиқади.
— Ие, Забар, келдингми? Эшитгандирсан? Кўргилик-да, қара! Бечора Восил ака!
— Ая, бунингиз?!.
— Ўшандан бери сал-пал қадам босадиган бўпқолди, опаси! Худога шукр! Мен шўрликнинг оҳу зорим худойимга етдими дейман... Лекин, таъзияга тушиб чиқаман, деб ҳалитдан бери ҳол-жонимга қўймайди-я! Эндигина оёққа турган одам! Ўзинг тушунтир бунга.

Аяси билан наридан-бери кўришиб-омонлашган Забаржад укасини маҳкам қучоқлаб олган, юз-кўзларидан чўлпиллаб ўпгани ўпган.
— Ростданми? Вой, ростданми?! Худога шукр-э! Укажоним! Мен сенга шундай бир мўъжиза сув опкелдимки! Ичдинг — эртасиёқ тойчоқдай дикирлаб кетасан! Ана, биттаси сўмкамда. Ҳали қуйиб бераман, кўрасан! Таъзияга эса эртага билла тушиб чиқамиз, хўпми? Бугун энди кеч бўлди, ноқулай.

Забаржад Суръатни тирсагидан тутиб ётоқ жойига олиб киради-да, ўзи оёқ томонига ўтиради.
— Лола...
— Э, Лола ҳам, Райҳону Бинафша, Раъною Наргис, Нилуфару Жасмингача — ҳамма-ҳаммаси энди сеники, Суръатбек! Ишонавер!
— Йўқ, Лола...
— Буларнинг бари — бир гулу гиёҳ, укагинам! Меҳр қўймасанг, парвариш қилмасанг — ҳаммасиям қуриб, қовжираб, хашаки бир ўтга айланиб қолади. Кейин бир куни оёқости ҳам бўлиб кетиши мумкин!

Суръат Забаржадга бақрайиб қолган: «Бу қизнинг эси жойидами ўзи? Ё қишлоққа бориб жин-пинга чалиниб келдими, нима бало?!»
— Мен манови ҳовлидаги Лолани айтяпман, опа! — Мен ҳам шуни, шуларни гапиряпман-да, укам!

* * *

Намозшом чоғи. Она-бола ошхонада чойхўрлик қилмоқда.
— Бошқа яна нима гаплар, ая? — Келиб ўзинг кўрган-билганинг — шу! Айтгандай, Диля ўртоғинг келиб, калитини ташлаб кетди. Гулларига сув қуйиб турармишсан. Бир ясанган, бир ясанган! Бунча пулни қаёқдан оларкан-а бу қиз? Кейин — ишхонангдан Гулноз Раҳимовна деганинг қўнғироқ қилди. Икки марта. Аризангни кимгадир бермаганмишми-ей, директор¬ларинг қайгадир кўтарилиб кетганмишми-ей! Ишқилиб, гапларига унчалик тушунмадим шу хотиннинг. Борганингда ўзинг билиб оларсан. Ҳай, қани, гапир! Чорбоғни нима қилдинг? Сотдингми? Кимга? Неча пулга?
— Чорбоғ сотилмайдиган бўлди, ая!
— Сотилмайди?! Нега?
— У — мулк! Бувамдан, дадамдан қолган мулк! Уни ҳар кимга сотиб бўлмас экан. Аммам айтдилар. Қайдам, балки бутунлай сотилмас. Сабабини яқин орада биласиз.
— Тавба-а!
— «Эр киши ер сотмас, ер сотган — эр саналмас». Эшитганмисиз?
— Буниям аммажонинг айтгандир?
— Йўқ. Азаматнинг дадаси айтган!
— Азаматинг ким, вой?
— Халқ айтган бу гапни, аяжон!
— Халқ?!

Вазира опа эси оғгудек бир ҳолатда Забаржадга тикилиб қолади: «Бу қизга ё бир бало бўлган, ё анови ёсуман кампир роса ўқитиб жўнатган! Энди нима қилдим-а, худойим! Шўрлик бошимга бу савдо ҳам бормиди?!»

* * *

Эгнида халат, бошига каттакон сочиқни салла қилиб ўраган бир малак айвонча деразасидан ҳовлига тикилиб турибди. Ҳовли қоронғи, шивалаб ёмғир ёғаётир.
— Энди учрашмаймиз! — дейди малак алам билан деразадан пастга қараб кимгадир. — Ҳеч қачон! Шу заҳоти тўсатдан чақмоқ чақнайдию мошинага ўтираётган одамнинг юзини бир зум ёритиб ўтади. Ниҳоят, биз у зотнинг дийдорини кўрмоққа муваффақ бўламиз.

Аммо у — ким? Кимга ўхшайди у? Нега шу чоққача юзини яшириб келди? У — сизми? Ё — бизми? Бу — суйган кўнгилнинг ўзигагина аён! Буни суйган кўнгилдан бошқа ҳеч ким билмайди!

Тиллақурт мисоли чўғланиб турган алланима (сигарет!) қоронғилик қаърига учиб кетадию мошина эшиги қарсиллаб ёпилади.

Суйган кўнгил нидо қилиб қолади:
— Мен сизни яхши кўраман! Яхши кўрама-а-ан!

Қоронғи бир тунда ёмғир шовқини аро янграган йиғи аралаш бу нидо чақмоғу момақалдироқ садоларига қўшилиб кетади.

ТАМОМ