OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭркин Малик
Асар номиГул ишқибози (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Эркин Малик
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гул ишқибози (ҳикоя)
Эркин Малик

Ҳожи ота шериклари билан наҳор ошидан чиқиб, келган жойларининг бундоқ режасини олса, кампири даволанаётган касалхона жуда яқин экан. Кампири тушмагур кўргани бораман деса, нуқул унамайди. «Уялармиш. Тавба, у узатилмаган қиз-у, мен уйланмаган йигитмидим, одамлардан уялиб. Гапини қаранглар».

Отанинг шўхлиги тутди. Мошинадан тушиб қолди. Тушди-ю, касалхонанинг ҳайбатини кўриб, хато қилганини бидди. Кампирини қаердан топади? На бўлимини ва на ётган хонасини билса. Оббо... Ҳали дарвозаси ҳам очилмапти.

Қуёш энди тиғ уриб келарди. Хаёлида касалхона ғарқ уйқуда ётгандек кўринди. Э, сўраб-сўраб Маккани топишганида, битта кампиримни тополмайманми? Аллоҳ ўзи меҳрибон...

Ғайрати қўзиди отанинг. Бундоқ қараса, дарвоза ёнидаги кичкина эшик очиқ экан. Дайди итлар кириб кетганидан билди. Ҳожи ота ҳам ўша эшикдан кириб борди. Қоровул донг қотиб ухлаб ётарди. Уйғотишга кўзи қиймади. Бир одам қўлида кетмон билан гул суториб юрарди. Ота ўша ёққа қараб юрди. Ҳалиги одам ердан тош олиб, итларни тирқиратди. Кўзи отага тушиб қолди-да:
— У, бобой, — деди бақириб, — уйингизда эшик борми, киргандан кейин ёпади-да.

Тавба, ота касалларни уйғотиб юбормай деб ҳассасини ерга юмшоқ босиб келяпти-ю, бунинг шанғиллашини қаранг. На салом бор, на алик.
— Узр, ўғлим, мен итлардан кейин кирдим, бу эшик шундоқ очиқ тураркан деб ўйладим.
— Ётибдими анови шишиб... Қоровулмиш, ҳе, ўргилдим...
— Маъзур тутасиз, ўғлим, катталар бўлими шу ёқдами?
— Ҳа, боровринг.
— Аёллар бўлими қайси томонда?
— Аёл-эркаги йўқ, бари аралаш-қуралаш.

Ҳожи ота кўп қаватли бинонинг мармар зинали эшигига борганида ичкаридан бир хотин челак кўтариб чиқиб қолди.
— Ассалому алайкум, қизим, — деди дили ёришиб, — Мен кампиримни қидириб...

Отанинг гапи оғзида қолди.
— Кировринг, айтишади, — деди аёл бепарвогина. Тавба, одамларга бир нарса бўлганми ўзи, на салом беришади, на саломга алик олишади-я. Айб ўзида, саҳармардондан келиб нимайди, бировнинг дарди эрта кирса, кеч чиқмас.

Шу пайт зинада оёқ товуши эшитилди. Ҳожи ота шу тарафга ўгирилди, бир, икки қадам юрди ҳам. Бир ёш қиз тепадан югуриб тушди-да, отанинг ёнидан «лип» этиб ўтди-кетди. Ота оғзини очганча қолаверди. Нимадир тепага чиқди. Ота таваккал деб тепага кўтарилди. Ўнг тарафдаги эшик очиқ экан. Бўсағадаги латтага олдин поябзалини, кейин ҳассасини артиб, гилам пояндозни бир-бир босиб, тўрга қараб юраверди. Шу пайт ўртароқда оқ халатлик аёл кўринди. У отанинг яқин келишини чидам билан кутиб турди.
— Ассалому алайкум, — деди ота шипшигандек қилиб, — мен кампиримни қидириб келувдим, — деб исми ва фамилиясини айтди.
— Унақа хотин бизда йўқ, бошқа бўлимдан қидиринг, — деди аёл совуққина килиб. Шу пайт отанинг кўзи гулдонга гул қўяётган бир эркакка тушди. У отага елкаси оша қараб турарди. Сўнгра у илдам юриб келди-да, ҳожи ота билан кутилмаганда қадрдонлардек сўрашди.
— Кўзимга иссиқ кўриняпсиз, мабодо Чинозданмасмисиз?

Ота кулиб, «йўқ» дегандек бош чайқади. Лекин йигитнинг самимий илтифотидан, кимгадир ўхшатганидан хурсанд бўлиб кетди.
— Мабодо Хизрмасмисиз? — дея яна мурожаат қилди йигит, кейин зина томон бошлади. Қучоғида бир даста гул.

Ота йигитга қизиқсиниб, бошдан-оёқ синчиклаб қаради. «Ҳойнаҳой шу ернинг боғбони бўлса керак. Анови шериги гулларни суғоряпти. Буниси касалларнинг баҳри дили очилсин деб гулдонларга гул қўйиб чиқяпти. Тавба, унисининг муомаласи қандоғ-у, бунисиники қандоқ?»
— Хизрмисиз деганимга ҳайрон бўлманг, — деди йигит табассум билан, — мен ҳар куни уйқудан олдин тушимга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кирсинлар, деб, Худойимга ёлбораман, кейин эрта билан яна ёлбораман, бугун Хизр билан кўриштиргин, деб. Хизр бува ҳам одамнинг кўзига эски қадрдонидек иссиқ кўринар экан-да. Чинозданмисиз деб сўраганим, ўзим чинозликман.

Чол овозини баландлатмай кулди.
— Сиз ҳам менга бир зумда ўғлимдек бўп қолдингиз, шу икковимиздан биримиз Хизрмиз-ов?
— Сиз шу ерда ўтириб туринг, мен манови гулларни гулдонларга қўйиш баҳонасида, опоқимнинг қатталикларини билиб келаман, — деди йигит.

Ҳожи ота енгил сўлиш олиб, ўриндикқа ўтирди. Бир беминнат дастёрни рўпара қилиб қўйган Аллоҳга шукрона айтди. Кўп ўтмай йигит қайтиб келди.
— Қаранг, — деди ўша самимият билан, — опоқим биззи бўлимда эканлар. Навбатчи хотиндан сўраб билдим. Юринг...

Йигит отани эшиги очиқ турган бир хонага бошлади.
— Қани, отам, ўтиринг, менга бир дуо беринг, бугун тушдан кейин кетаман, леченияларим тугади, — деди у отани юқорига ўтказиб.
— Ие-э, сиз бу ерда ишламайсизми? Мен сизни...
— Йўқ, мен гул ишқибозиман, — дея устоли устидаги китобга ўхшаган нарсани олиб, отага намойиш қила бошлади йигит. — Қаранг манови гулларни, бари ҳовлимда ўсади. Булар менинг ўғил-қизларим. Булар ҳам гул-да, а ота, — дея қиқирлаб кулди йигит. — Бола гул деганлар-ку. Мен афғон урушида бўлганман. Тирик борсам, фақат гулчилик қиламан, деб ният қилган эдим. Ахир бизда гул яхши кунларга олиб борилади-да, нима дедингиз, ота? У ёқларда гул кўрмадим, бечоралар уришовриб гул экишни ҳам эсларидан чиқариб юборган кўринишади.

Ота албомдаги гулларни кўриб, йигитнинг болалардек беғуборлигидан завқланди, таъсирланди. Кейин уни дуо қилди.

Йигит кўрсатган бошқа бир хонадан кампирини топди. Кампири хонада ёлғиз экан. Баҳаво айвончага чиқиб, суҳбатлашиб ўтиришди. Бир маҳал пастдан гул ишқибозининг овози янгради:
— Ассалому алайкум, отахон, ассалому алайкум, опоқи, қалай мазза қиляпсизларми?

Ота, «ҳа» дегандек йигитга кўл силтаб жилмайди.
— Ҳаҳ, ўлсин, томи кетган, — деб кампири юзини тескари бурди. — Эртадан кечгача салом беровриб, мулозамат қиловриб касалларнинг жонига тегиб кетади. Одам деган сал оғир бўлса-да...

Ота ичида «қанийди ҳамманиям шунақа томи кетса» деди-ю, кампирини топгунича бўлган саргузаштларини айтиб ўтирмади.