OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭркин Усмонов
Асар номи«Бермуд учбурчаги» (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Эркин Усмонов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Бермуд учбурчаги» (ҳажвия)
Эркин Усмонов

Корхонага янги ишга тайинландиму, ўзим учун биринчи кашф қилган нарсам, бошлиғимизнинг хонасини орқаваротдан «Бермуд учбурчаги» дейишларини билиб олганим бўлди.

Нима учун у ерга кемалару самолётларни ютиб юборадиган жойнинг номини қўйишганини анчагача тушунолмай юрдим. Чет элдан, хизмат сафаридан қайтган куним ҳаммаси маълум бўлди-қўйди.
— Сафар қалай ўтди? — илжайиб қарши олди бошлиғимиз.
— Жуда яхши. Таассуротлар зўр, — жавоб бердим мен.
— «Юрган дарё» деганлари шу-да! Баракалла! Xўш, нималар олиб келдингиз? — яна сўради у.
— Сизга кўпдан-кўп саломлар олиб келдим...
— Уни қўятуринг, — сўзимни бўлди бошлиғимиз, — яна нима?
— Яна?.. Рангли фотосуратлар... Китоблар... — дедим ҳеч нимага тушунолмай.
— Яна? — қовоғини уйиб менга синовчан тикилди бошлиғимиз.
— Яна... яна ўзимга битта чарм куртка олдим...
— Ана шулардан гапиринг! — чеҳраси очилди бошлиғимизнинг. — Яна нима?
— Яна... Манави дипломат сумкани олдим, — дедим тиззамдаги сумкани кўрсатиб.
— Қани, қани, кўрайлик-чи? — деди бошлиғимиз қўлларини чўзиб ва стол устига қўйиб сумкани очди. — Вой-бў! Зўр-ку! Тимсоҳ терисиданми дейман? Яхши, яхши. Бу нима?
— Авторучка, — ҳайрон бўлдим мен. — Учида кичкина чироқчаси ҳам бор экан, кечаси ёзса ҳам бўларкан...

Бошлиғимиз авторучкани «шиқ» этиб очиб, ёзиб кўрди.
— Зўр, зўр! Яхши ёзаркан. Шунда сизнинг ҳисоботингизга имзо чекамиз-да энди. А?..
— Майли, майли, — дедим мен ҳамон гаранг бўлиб.

Бошлиғимиз яна сумкани кавлади.
— Бу нима?
— Бу... Ҳисоблаш машинаси. Калкулятор. Ҳисоблаган рақамларингизни айтиб тураркан...
— О, даҳшат-ку! — хушнуд жилмайди бошлиғимиз. — Гугуртдеккина экан. Яхши, яхши. Энди маошу мукофот пулларингизни шунда ҳисоблаймиз-да? А, лаббай?
— Майли, майли, Сайфи Соқиевич, — дедим бўшашиб.
— Буниси-чи?
— Буниси қаламтарош экан. Ҳавасим келиб олдим. Жуда сафарбоп экан. Қайчисиям, пичоғиям, тирноқ тозалайдиган эговиям, вино пўкагини очадиган бурамасиям, отвёрткасиям бор экан...
— Ана шунақасидан қидириб юргандим, — деди бошлиғимиз қаламтарошни тортмасига солиб. — Раҳмат сизга! Бу-чи?
— Буниси ён дафтарча экан. Ёзиб бўлгандан кейин шундоқ бармоқларингиз билан силасангиз, ёзувлар ўчиб кетаркан, — тушунтирдим мен.
— О, зўр, зўр! — деди бошлиғимиз қиҳиллаб кулиб. — Чет элликлар бало-да! Қойилман! Энди шу дафтарчага «Шуларни ҳурматли бошлиғимиз Сайфи Соқиевичга совға қиламан», деб ёзиб берасиз-да, ука! Эсдаликка!
— Майли, — дедим мен ҳафсалам пир бўлиб ва ёзиб бериб, унинг хонасидан шип-шийдон бўлиб чиқиб кетдим...

Йўлакда бир хонада ўтирадиган ҳамкасбим кўринди.
— Ҳа, қалай, яхши келдингизми?
— Раҳмат, — дедим хўрсиниб.
— Қалай бўлди? Нималар олиб келдингиз? — яна сўради у.
— Ҳеч вақо, — дедим қисқагина қилиб.
— Ие, қаерга боргандингиз ўзи? — ажабланди ҳамкасбим.
— «Бермуд учбурчаги»га, — дедим алам билан.
— А? — илжайди ҳамкасбим ва қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. — Ҳа-а, тушунарли, тушунарли. Мен ҳам «Бермуд учбурчаги»га уч-тўрт марта бориб келганман!
— Ҳаммасини ютиб юборди, лаънати, — дедим мен ҳасрат билан, — дипломат сумканиям, авторучка, калкулятор, қаламтарош, ён дафтарчаям қулоғини ушлаб кетди.
— Э, сиз осон қутулибсиз, оғайни, — илжайди ҳамкасбим, — мен ўтган йили хизмат сафаридан қайтганимда «Бермуд учбурчаги» битта костюм-шим билан видеомагнитафонни ямлаб юборган эди.
— Ана холос! — деб юбордим мен.
— Буниси ҳолва, — давом этди ҳамкасбим, — «Бермуд учбурчаги» аввалги бош бухгалтеримизнинг ўзини ютворган!
— Йўғ-е? — ҳайрон бўлдим мен. — Қанақасига?
— Бухгалтер бояқиш сафардан совға-саломсиз келган экан.
— Нима қибди?
— Нима қибдимиш? — кулди ҳамкасбим. — Кейин кетди. Охир-оқибат, ариза ёзиб бўшаб кетишига тўғри келди...

* * *
Менинг ариза ёзишимга ҳожат қолмади. Кейинги хизмат сафаридан келганимда Сайфи Соқиевичнинг ўзи йўқ эди. Айтишларича, «Бермуд учбурчаги» бу сафар унинг ўзини ютиб юборган эмиш...