OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭрнест Xемингуей
Асар номиКўприкдаги чол (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Эрнест Xемингуей
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонЎроқ Равшанов (Инглиз тилидан)
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўприкдаги чол (ҳикоя)
Эрнест Xемингуей

Гардишли кўзойнак таққан, жулдур кийинган чол йўл четида ўтирарди. Дарёга қурилган понтон кўприкдан эса аравалар, юк уловлари, эркагу аёл, бола-бақра ўтиб турарди. Xачирга қўшилган аравалар аскарлар назоратида кўприкдан соҳилга чиқариб қўйилар, вакилларга топшириларди. Гоҳо деҳқонлар, тўпиқларигача чангга ботиб, судралиб ўтардилар. Фақат чолгина жойида қимирламай ўтирар, юришга мажоли йўқдек туюларди.

Кўприкдан ўтиб нариги томонни кузатиш, душман ҳужумидан огоҳ бўлиш менинг вазифам эди. Кўприкда уловлар сийрак эди, пиёдалар ҳам камайиб қолишганди, аммо чол ҳамон шу ерда ўтирарди.
— Қаердансиз? — деб сўрадим ундан.
— Сан Карлосданман,— деди у. Она шаҳрини эсига туширганимгами, мамнун илжайиб қўйди.
— Мен ҳайвонлардан хавотирдаман...— дея луқма ташлади чол.
— А?..— дедим мен яхши тушунмай.
— Ҳа,— деди у,— ҳайвонларни деб орқада қолдим. Сан Карлосни ташлаб чиққан сўнгги одам менман.

У на чўпон ва на чавандозга ўхшарди. Мен унинг кир кийимларига, совун кўрмаган юзига, гардишли кўзойнагига назар солдим ва аста сўрадим:
— Қандай ҳайвонлар бўлди улар?
— Ҳар хил,— деди у бош чайқаб.— Уларни ташлаб келдим...

Мен кўприкка қараб турардим. Амриқолик эса Ебро Далта қишлоғи томон термуларди. У душманни ўйлар, тиқ этган товуш эшитилса, вужуди қулоққа айланарди.
— Қандай ҳайвонлар экан-а, улар?— дея такрор сўрадим.
— Икки эчки ва бир мушук. Яна тўрт жуфт каптар ҳам бор.
— Сиз уларни қолдириб келдингизми?
— Ҳа, чунки тўплар... Капитан менга тўплар ўқ узади, боринг, деди.
— Оилангиз йўқми?— деб сўрадим мен кўприк адоғига қараб. Охирги аравалар кўприкдан ўтиб, тепаликка тирмашмоқда эди.
— Йўқ,— деди у.— Фақат ҳайвонларим... Мушук, албатта, халос бўла олади. Лекин бошқалари... Билолмадим.
— Қайси сиёсатни маъқуллайсиз? — деб сўрадим ундан.
— Сиёсатга қизиқмайман,— деди у.— ёшим етмиш саккизда, ўн икки чақирим йўл юрдим, узоққа боролмасам керагов...
— Бу ерда ўтирмаганингиз маъқул,— дедим унга.
— Биронта юк машинасида Тортосадаги чорраҳагача етволсангиз яхши бўларди.
— Бир оз кутаман,— деди у.
— Кейин кетарман. Юк машиналари қайси томонга боради?
— Барселона томонга.
— Менга бу ерлар нотаниш... Катта раҳмат сизга. Барака топинг.

У менга мўлтирабгина қараб, ташвишларини баҳам кўраётганлигимдан мамнунлигини билдирди.
— Мушукдан кўнглим тўқ-а, лекин бошқалари-чи?.. Xўш, сиз бу ҳақда қандай фикрдасиз?

Мен елка қисдим.
— Шаҳарни тўплардан ўққа тутишса, улар нима қилади-а?..
— Каптарлар қафасдадир, оғзини очиқ қолдирган-мисиз?—деб сўрадим мен.
— Ҳа, очиқ.
— Унда, улар учиб кетади.
— Ҳа, дарвоқе, улар учади. Лекин бошқалари-чи? Ҳм, бу ҳақда ўйламаганим маъқулга ўхшайди...
— Агар дам олволган бўлсангиз,— дедим қимтинибгина,— мен кетаман...
— Раҳмат,— деди чол ва оёққа турди, турдию илкис қалқиб, ерга ўтириб қолди.
— Мен фақат ҳайвонларимдан ташвишдаман,— деган овози эшитилди орқамдан.— Фақат ҳайвонларимдан...

Чолга бир нарса дейиш маҳол эди. Фашистлар Еброга яқинлашиб қолишганди.