OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭшқобил Шукур
Асар номиПул санаётган одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Эшқобил Шукур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Пул санаётган одам (ҳикоя)
Эшқобил Шукур


«
«Фақат пул, пул!»
Дея кулдим мен.
Бироқ бир лаҳза ўтмай
Сезиб қолдим
Ўзим ҳам пул ҳақда ўйлаётганимни.

Исикава Такубоку
»

Бугун унинг туғилган куни... Тасодифни қарангки, унинг қизи айнан шу куни, июннинг ўн еттисида туғилган. У бугун йигирма еттига, қизчаси эса етти ёшга тўлади. Уйда қўшалоқ байрам. Қанча дўсту ёрлар уларни табриклагани келишади. Айниқса, қизчаси роса яйрайди. Шўх-шаддод, бир гапириб ўн куладиган бу қизалоқ ҳар гал янги йил байрамидан сўнг «Менинг туғилган куним қачон келади?» деб сўрайвериб, ота-онасини безор қилиб юборган. Улар учун йилда икки катта байрам бор: Ўттиз биринчи декабр оқшоми ва июннинг ўн еттиси...

Хотини эрталаб унга торт олиб келишни тайинлаган эди. Қизига аталган совғаларни улар тунов кун хуфиёна тайёрлаб қўйишган. Бу совғаларни кўрган қизалоқ еру кўкка сиғмай қолади. Айни шу куни қизини жуда бахтиёр, шоду хуррам кўриш мақсадида у кейинги ҳафталар ичида тинмай елиб югурди, кечани кундузга уриб ишлаб, маблағ тўплади. У метронинг ўзи юрар зиналаридан пастга тушаётганида бетоқатлик билан жуда шошилаётганини ҳис қилди. Лекин нима учун шошилаётганини ўзи тушунолмади. Кечга довур ҳали вақт кўп, ҳаммасига бемалол улгуради. Шундай бўлса-да, ички бир безовталик, руҳий нотинчлик уни ғайриихтиёрий тарзда шошилтирарди. Қаёққа, нимага, нима учун? У бу саволларга ўзидан жавоб тополмасди ва жавоб излашга тоқати ҳам йўқ эди.

Аксига олиб метрога тушган заҳоти у борадиган йўналишдаги поезд ғизиллаб жўнаб кетди. Мабодо... Мабодо, у шу поездга улгуриб қолганида, бекатга бор-йўғи ўн беш сония олдинроқ етиб келганида, ҳадемай ўзи тушиб қоладиган залолат ўпқонидан қутулиб кетармиди, балки...

У поезд йўлининг лаҳмга кириш жо- йида тепага ўрнатилган электр соатга қаради. Эҳе, кейинги поезд келгунига қадар ҳали беш-олти дақиқа кутиш керак. Xудди шу беш-олти дақиқа унга чексиздай туюлди. Таблодаги соатда эса, зарҳал нурлар билан ёритилган рақамлар имиллашиб бир-бирларига навбат берардилар. Лаҳзалар ўз юкини тортолмай, адашиб, ҳолдан тойган карвон каби ивирсир эди. «Шу беш-олти дақиқа ўтмай қолса-я... Вақт худди шу беш-олти дақиқанинг ичида тинимсиз айланаверса-я...» — деган гумон унинг кўнглига ёқимсиз хавотир солиб ўтди. У кеча қайсидир «олди-қочди» газетада вақтнинг тўхтаб қолиши, вақт жарлиги ҳақида алламбалоларни ўқиган эди. Унда айтилишича, вақт жарлигига тушиб қолган одамлар вақтнинг бошқа ўлчамларида яшашар ва ғаройиб ҳолатларга тушиб қолишар экан.

У баҳайбат мармар устун ёнидаги ёғоч ўтирғичга бориб омонатгина ўтирди-да, яна назорат соатига қаради; ҳали бир дақиқа ҳам ўтмабди. У мармар устунга суянган кўйи, узун оёқларини олдинга узатиб, шимининг ўнг чўнтагидан бир боғлам пул чиқарди-да, агар пул санаб ўтирсам вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоламан, деб ўйлади. Нима қипти, буям бекорчиликдаги яна бир бекорчилик-да. Боғламдаги пуллар юзталиклар эди. У санай бошлади ва пул санаётганда ич-ичида қандайдир завқу шавқ пайдо бўлиб келаётганини сезди. «Бир минг бир юз, бир минг икки юз, бир минг уч юз...» У узатган оёқларини йиғиб, бошини келишган кенг елкалари орасига тиқиб, ярим энгашган ҳолда, тирсаклари билан тиззаларига таяниб пулларини санарди. Санаш жараёнида ундаги безовталик ва бетоқатлик ўрнини аллақандай ҳирсий сурур эгаллай бошлади. «Беш минг олти юз, беш минг етти юз, беш минг саккиз юз...» У метро бекатида навбатдаги поездни кутаётган одамларга, бир-бирларига ҳазил-ҳузул қилаётган йигит-қизларга, йўлкира ҳаққининг кўтарилиши ҳақида куйиниб бидирлашаётган аёлларга эътибор ҳам қилмай қўйди. «Тўққиз минг етти юз, тўққиз минг саккиз юз, ва ниҳоят, тўққиз минг тўққиз юз сўм!» Сўнг у пулларни текис тахлаб, бир боғлам қилиб боғлади-да, пул чангаллаган қўлини ҳавода икки уч бор силкитиб қўйди.

У яна соатга қаради: уч дақиқа ўтибди. Поезд яна икки дақиқалардан сўнг келади. Тўққиз минг тўққиз юз!!! Қанийди шу пуллар тўқсон минг бўлиб қолса... У санайверса, санайверса, санайверса... Ҳеч чарчамаса, ахир, пул санашдан ҳам одам чарчар эканми! Чунки, пул санашнинг ҳам ўз завқи бўлади. Пул санаётганингда ўзингни одатдагидан кучлироқ ҳис қиласан. Ё яна санасамикин?.. Бор пулини санаб бўлди, бошқа санайдиган сариқ чақаси ҳам йўқ-ку. Борди-ю, шу пулнинг ўзини қайтариб санайверса-чи?.. Келган жойидан, тўққиз минг тўққиз юзнинг устидан, ўн мингдан бошлаб санаб кетаверса-чи? Ахир... бу ўз-ўзини алдаш эмасми? Йўқ нарсани бор деб хом хаёл қилишдан не наф? Нима қипти, буям бир ўйин, буям бир кўнгилхушлиги. Одамлар бўш вақтларини карта ўйнаб ҳам ўтказишади-да. У пул санаб ўз-ўзини хурсанд қилса, бунинг бировга зиёни тегармиди? Ҳа, буям бир ўйин, вақтни тезроқ, ҳузур билан ўтказиш учун шунчаки бир ўйин! Қолаверса, пул санаётганда уни қийнаётган бетоқатлик йўқолиб, қайтанга кўнгли ёришиб, кўзлари яшнаб боряпти-ку.

У боғламдаги пулларини яна бир бошдан қайта санай бошлади. «Ўн минг, ўн минг бир юз, ўн минг икки юз... Ўн минг уч юз...» Унинг ёнига ўрта яшар бир аёл келиб ўтирди. Кўринишидан аёл шаҳарга меҳмонга келганга ўхшар эди. Аёл йигитдан: «Бодомзор» бекатигача қандай борилади?» деб сўради. У аёлнинг саволини эшитмади, ҳатто уни пайқамади ҳам. Аёл поезд йўналишини бошқалардан сўраб билиш учун ўрнидан туриб нари кетди. «Ўн етти минг уч юз, ўн етти минг тўрт юз...» Шу пайт поезд гувиллаб келиб, бекатда тўхтади. Мовий рангли вагонларнинг барча эшиклари бараварига очилди. Метро бекати бўйлаб ёқимли овоз таралди: «Пахтакор» бекати...» Йўловчилар уриниб-туртиниб поездга чиқа бошлашди. У эса узун бармоқлари орасидан кетма-кет сирғалиб чиқаётган пулларга қараб: «Яна озгина қолди, энди санаб охирига етказай», деб санашда давом этди. Ёқимли овоз яна таъкидлади: «Эшиклар ёпилади. Кейинги бекат... Майли кетаверсин, ҳали унинг вақти кўп. Кейинги поезд билан кетади. «Ўн тўққиз минг етти юз, ўн тўққиз минг саккиз юз!» Поезд жўнаб кетди. У эса, ўйинни тўхтатишни сира истамасди. Аллақандай ноаён завқ ва сурур унинг бутун вужудини эгаллаб, ихтиёрини иродасидан тортиб олаётган эди. У ўзини тўхтатолмади, ўша бир боғлам пулини яна бир бошидан санай кетди. «Ўн тўққиз минг тўққиз юз, йигирма минг...» Қанийди, у пул санашдан сира тўхтамаса... Санайверса, санайверса... Унинг пуллари миллионлардан, миллиардлардан ошиб бораверса... У санайверса... Жоннинг роҳати экан-ку, бу ўйин. «Йигирма тўрт минг уч юз, йигирма тўрт минг тўрт юз...»

Поездлар ҳар беш-олти дақиқада уни чорлаб ҳар икки ёнидан гувиллаб ўтавердилар, унинг эса ўрнидан қўзғалгиси ҳам келмасди. У мук тушганча ўз машғулотини давом эттирар эди. «Эллик беш минг бир юз, эллик беш минг икки юз...» Унинг димоғига гупиллаб атир ҳиди урилди. Бир нозанин чап ёнидан келиб, унга тиқилиброқ ўтирди. Шунда унинг хаёли бир чалғиди-ю, яна пул санашга тушиб кетди. Бошқа пайт бўлганда-ку, у қизга албатта эътибор кўрсатарди, мулозимат ҳам қилиб қўярди. Ахир, йигирма етти ёшли ҳар қандай йигит қўлтиғи остидан туртиниб келаётган бир сулувга қараб қўймай иложи йўқ. Лекин, ҳозир у чалғимаслиги керак.

«Икки юз эллик бир минг икки юз, икки юз эллик бир минг уч юз...» У тобора авжга минар ва ўзи қилаётган ишидан жуда роҳатланарди. Энди у пули бор-йўғи тўққиз минг тўққиз юз сўм эканлигини ҳам унутиб қўйганди. Унинг вужудини, руҳини, онгини ҳузурли бир васваса бутунлай эгаллаб олди. «Уч миллион бир юз эллик минг юз, уч миллион бир юзу эллик минг икки юз...»

* * *

Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтиб кетавердилар. Поездлар кеча-ю кундуз бир-бирларига қарама-қарши томонга гувиллаб ўтишар, ушбу бекатда бир тўхтаб, нафас ростлаб, яна ўз манзили сари шамолдай тинимсиз елар эдилар. Бора-бора ҳеч ким, ҳатто метрополитен ходимлари ҳам бекатда, ўтирғич устида мук тушган кўйи пул санаб ётган одамга эътибор қилмай қўйишди. У атрофдагиларни бутунлай унутди, атрофдагилар эса уни эсдан чиқаришди. «Тўқсон миллион бир юзу ўттиз икки минг етти юз, тўқсон миллион бир юзу ўттиз икки минг саккиз юз...» У пул санай туриб, ўзининг тобора куч-қудратга тўлиб бораётганини, энди бир ҳамла билан жуда кўп нарсаларга эга бўлиши мумкин эканлигини чуқур ҳис этарди. Бу эса уни яна ва яна санашга ундарди. «Ўн миллиард икки юзу эллик миллион икки юз, ўн миллиард икки юзу эллик миллион уч юз...» У бармоқлари орасидан ўйнаб чиқаётган сон-саноқсиз пуллар тимсолида ҳайбатли қасрлар ва кошоналарни, автойўлларда оққушдай сузиб бораётган энг қимматбаҳо автомобилларни, шоҳона базму жамшидларни, унга сеҳрли ишвалар ва дилтортар нозлар ҳадя этаётган, биттагина имосига илҳақ турган нозанин ойимчаларни, хуллас, унинг кўнгил истакларининг мукаммал ижобатини аён кўрарди. Эгалик ва Ҳукмронлик ҳирси уни юксакларга кўтарар ва мамнун этарди. У ўзини шу дабдабаю асъасалар, кибри ҳавою васвасалар устидан ягона ҳукмрондай сезарди. «Эллик миллиард беш юзу етмиш миллион икки юзу йигирма минг уч юз, эллик миллиард беш юзу етмиш миллион икки юзу йигирма минг тўрт юз...»

* * *

Унинг соч-соқоллари оқариб, юзини ажинлар қоплади, кўзларидан нур кета бошлади. Неча йиллар ўтибдики, у метронинг рутубатли бир бекатида, сип-силлиқ ўтирғичда ўтириб, кеча-ю кундуз уйқу бетини кўрмасдан тобора «семириб» кетаётган рақамларни санарди... Санарди... Аввалги роҳат, ҳузур, завқу шавқ ва нафсоний сурур энди унинг учун оғир ва машаққатли меҳнатга айланиб борарди. У ҳовлиқиб, ҳансираб, гўёки энг муҳим ишга улгуролмай қоладигандай шошилиб... санарди. Энди у нимага, нима учун ва қандай мақсадда пул санаётганини ҳам ўзи билмасди. У ўз ҳаётини йўқотиб қўйганини ҳам англай олмасди. Фақат санаши керак, санаса бўлгани, санашда тўхтаса бас, ўлади, тамом бўлади, бутунлай йитиб кетади. У буни яхши билади. У ўлмаслиги керак!

Поездлар гоҳо чинқириб, гоҳо гувиллаб унинг икки ёнидан елиб ўтишар, миллионлаб йўловчилар ер остидан ер устига қараб шошилишар, метро лаҳмларига қамалиб қолган шамоллар таш- қарига, табиат ва ҳаёт сари интилишарди. У эса ўзлигини унутиб, қартайиб қолган бармоқлари билан пул санарди. «Уч юз миллиард эллик миллион икки юзу ўттиз бир минг уч юз, уч юз миллиард эллик миллион икки юзу ўттиз бир минг тўрт юз...»

* * *

Бир куни у ўзига кулимсираб тикилиб турган бир болага эътибор қилди. Етти ёшлар чамасидаги бу боланинг беғубор чеҳрасида ҳаёт барқ урарди. Унинг катта-катта самимий кўзлари чиройли кулиб турарди. У шунда ўзи унутиб юборган, бир пайтлар ўзи яшаб кўрган ўзга бир ҳаёт, бошқа бир олам бор эканлигини ғира-шира эслагандай бўлди, қотиб қолган кўнглида нимадир қўзғалди. Лекин, чангалидаги титилиб, идраб қолган пулларга кўзи тушиши биланоқ, тағин ўз ишига киришиб кетди. У яна ҳисобдан адашмади. Мабодо, шу дамда саноқдан янглишиб кетганида... Йўқ, йўқ, у чалғимаслиги керак. Бошқа ҳаёт бўлса бордир, аммо унинг ишлари кўп, аллақандай майда-чуйдаларга чалғиб, ўз вазифасидан кечолмайди.

* * *

У кундан-кун қариб-қартайиб, тобора куч-мадордан қолиб борарди. Ўтирган ҳолатда ҳам унинг оёқлари дириллаб, пул санаётган қўллари қалтирайдиган, бели ва елкалари зирқираб оғриб, азоб берадиган бўлиб қолди. Уни рутубат ва уқубат емириб борарди. Ва ниҳоят... Ва ниҳоят бир куни унинг қулоғига кирмай қўйган ўша ёқимли ва жозибали овоз ногаҳон янгради: «Эшиклар ёпилади! Кейинги бекат: "Халқлар дўстлиги!" Поезд вагонларининг ҳамма эшиклари тақа-тақ ёпилди! «Тўққиз юз миллиард тўққиз юз миллион тўққиз юз минг тўққиз юз сўм!» У пул санашнинг охирига етганди. У бир боғлам юз сўмликларни қоқсуяк қўлларида чангаллаган кўйи атрофига аланглади ва бошқа бир оламга тушиб қолгандай ичида ҳайрат ҳам, изтироб ҳам баравар уйғонганини англади. У санашдан тўхтаган эди. Аммо бу пайтда поезднинг барча эшиклари ёпилиб қолган эди. У баҳайбат мармар устунга суянган ҳолатда ҳушидан кетди.

Бироздан сўнг у олағовур товушлар ичида ғира-шира ўзига келди. Кимдир таассуф билан таъна қиларди: «Шундай қариб, мункиллаб қолган чолнинг бир ўзини кўчага чиқариш инсофдан эмас-да.» Яна кимдир унга қўшилди: «Тўғри айтасиз, бу ўзбекчиликдан эмас! Ўғлими, набирасими ёнида юрса бўлмайдими?..» Тағин ачиниш оҳангида бир овоз эшитилди: «Ким билади дейсиз, балки, шўрлик қариянинг ўзидан бошқа ҳеч кими йўқдир. Бўмасам, бир ўзи ўлигини судраб метрода юрармиди?..» Яна биров гапга қўшилди: «Бечора чол метрогача қандай келдийкин? Рангини қаранг, пахта дейсиз, бир томчиям қони йўқ. Соқоли билан юзининг ранги бир тус бўлиб қолибди. Ёшиям тўқсонлардан ошган кўринади.»

У эса ўзича ғудранарди: «Қанақа тўқсон?.. Ахир, бугун йигирма еттига тўламан-ку! Қизим еттини тўлдиради. Бугун икковимизнинг ҳам туғилган кунимиз. Кечқурун уйимизга меҳмонлар келишади. Ҳозир бозордан торт олишим керак. Шошилмасам бўлмайди.» У ўрнидан турмоқчи бўлди ва бир қўзғалди-да, инграниб жон берди. Унинг қоқсуяк, рангпар қўллари бир боғлам увада юз сўмликни — тўққиз минг тўққиз юз сўмни маҳкам чангаллаган ҳолатда қотиб қолган эди.