OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭшқобил Шукур
Асар номиҚўрихонада (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Эшқобил Шукур
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қўрихонада (ҳикоя)
Эшқобил Шукур

Петербургдан «куёв»ни самолётда олиб келишаётган пайтда Қоровулбозор қўриқхонаси кенгликларида баҳор тантана қиларди. Кўл бўйида бурунги йили буришиб, сарғайган қамишлар энди яшил қанотлар чиқариб улгурган, сайхонликларда барра майсалар ердан бағрини узиб, ҳамал насимларида нафис чайқалиб турарди.

Шу куни эрталабдан кўк юзини кулранг булутлар қоплаб, шиддатли ёмғир қуйди. Тушга бориб осмоннинг қовоғи очилди. Сўнг булутлар бутунлай тарқаб кетди. Осмон ерга табассум қилди. Ерни қоплаган ўт-ўланларнинг яшиллиги янада ёрқин тус олди.

Ҳадемай,бу ям-яшил бахмал чимилдиққа « куёв » кириб келади.

Мен бу пайтда вагон уйимиз ёнидаги чойўчоққа ўтин қалаётган эдим. Гугуртни чақдиму, бирдан Никани эслаб қолдим. Ника... Мен уни шу дамда кўришга ошиқдим. Ника деганимиз бу, қўриқхонамиздаги яккаю ягона қоплон. Урғочи қоплон... Биз уни эркалаб, шундай атаймиз.

Чойўчоққа қаланган ўтин тагидаги тутантириққа туташаётган ўтни апил-тапил ўчирдиму, Никанинг қароргоҳи томон шошилдим.

Баҳор ўз оти билан баҳор-да! Ерга боқсанг ҳам, осмонга қарасанг ҳам ранглар тиниқлигидан кўзларинг қамашади. Ям-яшил улкан доира гардишига чексиз мовий гумбаз туташиб кетган. Ранглар ҳам майин ва ҳарир... Узоқларда жайронлар ҳамал елларидай еладилар. Қўриқхонанинг бир буржидаги кўл заминга қулаб тушган осмон парчасидай ярақлайди. Бунинг устига шундай кунда «куёв» келяпти.Олис-олислардан келяпти у.

Никанинг қароргоҳи мустаҳкам симтўрлар билан ўраб қўйилган. Уч гектарга яқин майдонда у якка ҳоким. У ер-бу ерда гулга тўлаётган саксовуллар ҳурпайиб кўринади. Майда баргли янтоқларнинг митти ғунчалари яйраб очилган. Бу фуқаросиз салтанат уники. Бу майдон устидан учиб ўтаётган қушлар ҳам эҳтиёткор бўлиб қоладилар.

Ника мени узоқдан таниди. Танийди-да, неча йиллардан бери шу қўриқхонада назоратчи бўлиб ишлаганимдан кейин...Мени бу ерда ҳатто ҳуркак жайронлар ҳам танишади-ю, Ника танимасинми? У симтўрларни ёқалаб мен томон югурди. Албатта, мени соғиниб қолганидан эмас, бирон-бир егуликдан умидвор бўлиб шошиларди у. Аттанг, бир парча эт олиб келишни унутибман-да. У симтўр ортидан олд оёқларини кериб олдинга ташлаб, бўйнини чўзди-да...ириллади. Бу билан у менга нимадир деганди. Сўнг у қўриқхона маликасининг ҳузурига қуп-қуруқ қўл билан келганимни билди-да, хафа бўлиб, нари кетди. Тавба, худди қизлардай нозу фироқ қилади-я...

Никанинг қўриқхонага келтирилганига уч йил бўлди. Унинг томирида саҳройи қоплонларнинг қайноқ қони гупириб турарди. Ўтган йили илиқиш фаслида Ника ёлғизликдан кўп азоб чекди. Ҳеч нарсани тан олмайдиган табиий эҳтирос, тирик қон истагидан жунбушга келиб, ўлик симтўрлар билан олишарди. У кечалари жуфтини излаб, оламни бузиб, фиғон кўтарарди. Аммо, ундаги хоҳиш қанча қайноқ бўлса, симтўрлар шунча совуқ эди. Унинг тирик вужудидан кўра, ўлик симтўрлар кучли эди.

Никанинг бу азобларини кўриб, чидай олмадим. Турли мутасадди идораларга қўриқхонада ёлғизликдан азоб чекаётган урғочи қоплоннинг аҳволини баён қилиб хатлар ёздим,ёзавердим. Масъул одамларга бориб учрашдим. Xайриятки,вазиятни тўғри тушунадиган кишилар топилди. Узоқ баҳсу мунозаралардан сўнг, Петербургдан эркак қоплон олиб келишга келишилди.

Айни шу кунларда Никада илиқиш даври бошланди. У жуда безовта эди. Ҳар нарсага инжиқланар,ҳар нарсадан тез хафа бўлиб қоларди. У салтанатидан ўзининг излаган нарсасини тополмай қийналарди. Ахир, бугун узоқ-узоқлардан «куёв» келаётганини қаёқдан билсин.

Шомга яқин махсус юк машинасида қафасга қамалган «куёв» қўриқхонага келтирилди. Уни амаллаб маликамизнинг қароргоҳига киритдик. «Куёв» қуйиб қўйгандек Никанинг ўзига ўхшарди, гўё эгизак қоплонлар каби... Унинг қуюқ сариқ териси майда-майда малларанг холлар билан қопланган, фақат осилиб турган қорни оқиш тусда бўлиб, холдан холи эди.

Ника «куёв»ни кўриб, узун ва чайир оёқларини олдинга чўзиб, бутун гавдасини силкиб, бош чайқаб, бўлажак жуфтининг ташрифини шодумон олқишлади. У яқинлашаётган висол суруридан масрур эди. Энди унинг бахти тоғу даштларда эмас, осмонларда эмас, шундоқ ёнида савлат тўкиб турарди. Ника ўйноқлаб бир сакради-да, ўзи эгалик қилаётган салтанатни чангаллари билан эзғилаб ташламоқчи бўлгандай, симтўрлар ёқалаб, югуриб кетди. У ниҳоятда чаққон, чопқир ва абжир эди,югурикликда ҳомиладор туяларнинг фиғонини оширгувчи накбо шамолларидан[1] ҳам тез эди. Ника югураётганда, унинг оёқлари ерни қандай қаттиқ «тишлаши»ни ҳис қилиб турардим. У бир неча дақиқада ўз салтанатининг бошидан охирига довур бориб қайтди. Бундай пайтда шиддатли шамоллар ҳам Никанинг шижоати қаршисида нафасини ичига ютиб юборарди. У чопаётганда олдинги ва орқа оёқларининг ниҳоятда тезгир ва абжир ҳаракатида ягона, яхлит мувозанат ҳолати намоён бўларди. Бу тезликда, бу югурушда сершиддат ва бетакрор бир оҳанг бор эди. У уч гектарлик катта майдонни шамолдан тез айланиб қайтди. Ника бу ҳаракати билан зор-интизор кутилган шаҳзоданинг ташриф буюрганини ўз салтанатига эълон қилаётган эди.

У «куёв» ҳузурига қайтгач, гавдасига нисбатан кичик бошини қаттиқ силкиди-да, кучли наъра тортди. Сўнг «куёв»нинг тумшуғини ҳидлаб, билинар-билинмас ёлларини қайноқ тиллари билан ялади. Бу Никанинг дил изҳори эди. «Куёв» эса унинг ўтли эҳтиросларига нисбатан бепарво, совуқ ириллаб қўйди, холос. Шаҳарлик, олифта қаллиғ, деб ўйландим.

Бу пайтда бепоён даштнинг ғуборли уфқларига қуёш чўкиб борарди. Қўриқхона даштларининг ям-яшил тусини шом кўланкалари ютиб юбораётган эди. Солланиб кириб келаётган висол оқшомига халақит бермай, деб мен вагон уйимга қайтдим. Бу кеча фақат Ника билан «куёв»- га аталган кеча. Уларнинг кечасига биз кириб юрмайлик.

Вагон уйга келиб, ўзимга яраша овқат пиширдим, чой дамладим, хуллас, қорнимни алдадим. Сўнг вагондаги тор краватга чалқанча ётиб, хира чироқ ёғдусида эски газеталарни варақлаб, кўзим илинди. Чарчаган эканманми, эртаси кеч уйғондим. Бу пайтда қуёш ўз ётоғидан бир қарич юқори кўтарилиб бўлган эди. Чой-пой ичиб бўлгач, омборхонадан зарур егуликларни олиб, «келин-куёв»ни кўргани шошилдим.

Дастлаб, симтўрлар ичида, гулга кирган саксовул тагида мудраб, эснаётган «куёв»га кўзим тушди. У менинг қўлимдаги этни кўриши билан симтўрнинг туйнуги томон, мен сари юрди. Симтўрга яқинлашиб келаётган «куёв» менга қараб ялтоқлангандай бўлди. Бу қандай гап?! Ахир, қоплон ҳам ўзини шундай тутадими? Нега у ялтоқланаяпти? Мана, Никани қаранг, урғочи бўлса ҳам бир парча эт учун бизга ялтоқланмаган. У қорни очганда емак сўраб эмас, емак келтиришни буюриб бизга бўкиради. Бу эса... Мана ол ҳақингни, эй, номард! Сўнг симтўрларни ёқалаб, оҳиста ва мағрур қадам ташлаб Ника кела бошлади. У туйнук ёнига келганида, хўрак ташлаётганимда, бехосдан кўзларига кўзим тушди. Никанинг порлоқ кўзларида сўнгсиз мунг бор эди. Мен уни кузата бошладим. У истаб-истамай этни тишлаб тортди. Ника аввалгидан кўра жуда безовта, бунинг устига жуда ғамгин бўлиб қолган эди. Бир қарашда билдимки, кеча ҳеч қандай иш бўлмаган. Бўлмаган! Чунки, мен ҳайвонларнинг қовушишидан сўнг жуда енгил тортиб қолишларини, шодмон бўлиб, ўйноқлаб кетишларини, янгидан-янги қилиқлар чиқариб эркаланишларини яхши билардим. Демак, кечаги висол оқшоми харом бўлибди. Бу висол эмас, азоб ва хўрлик кечаси бўлибди.

Ким билади дейсиз, балки эркак қоплоннинг уйғониши қийин кечар... Эҳтимол, бугун Никанинг муроди ҳосил бўлар.

«Куёв» ўз улушини паққос туширгач, яна саксовул тагига бориб ётди-да, мудрай бошлади. Ника охурдан сув ичиб, туйнук ёнидан нари кетди. У қўриқхонанинг ястаниб ётган яшил кенгликларига узоқ тикилиб турди-да, яна «куёв» ёнига борди. Ника куёвга эркаланиб, яна унинг юз-кўзларини ҳидлади, бўйнидан тишлаб тортди, пинжига суқилмоқчи бўлди. «Куёв» эса, унга қайрилиб ҳам қарамади. Қайтанга нари тур дегандай, журъациз ириллаб қўйди.

Эй, тирик мурда! Сен нега Никанинг ҳисларини поймол қилаяпсан? Қуруқ олифта! Эркакмисан ўзи, ё хезалакмисан?! Xўрлама уни, қирчанғи! Xўрлама уни, ўзинг хор бўласан!

Шу кун ҳам, шу кеча ҳам Никанинг барча эҳтиросли ҳаракатлари бесамар кетди. «Куёв» «тирилмади». Атроф жавонибга яшиллик, гўзаллик, салқин ва муаттар шамолларни туҳфа қилаётган табиат Никанинг вужудини бешафқат олов алангасида ёндирарди. Мен кун бўйи, сўнг тун бўйи гоҳ очиқда, гоҳ панада натижани кутиб уларни кузатдим. Лекин... Никанинг бахти очилмади.

Эртаси тушдан кейин Ника яна шу тирик мурдага суйкала бошлади. Шўрлик уч кундан бери қаттиқ хўрланаётган эди. Ҳали илиқиш ҳаросати унинг вужудида давом этарди. Нимаям қилсин, бу табиат иши, бу табиат ҳукми.

Мен энди симтўрлар ортидан Никага қичқирардим: ўзингни хор қилма, Ника! Чида! Эрта-индин ҳаммаси ўтиб кетади. Xўрлама ўзингни! Суйкалма унга! У «куёв» ҳам эмас, қоплон ҳам эмас. У бор-юғи бир мўйна-ку. Мўйна, холос.

Ника гапларимни тушунгандай ўлик «куёв»нинг ёнидан нари кетиб, симтўр туйнуги ёнига келди. Мен унга яна эт ташладим. У этга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда яна Никанинг кўзларига кўзим тушди. Не сўз билан айтайки, Ника йиғлаётган эди. Унинг катта-катта малларанг кўзларидан қайноқ ёшлар тўкиларди. Овозсиз йиғларди у биринчи кечаси ҳаром бўлган бахциз келинчак каби. Менинг ачинишдан бўлак ҳеч нарса қўлимдан келмасди.

Қаердан келди ўзи бу тирик мурда? Ким ўзи у? Нима ўзи бу?

Шунда бирдан «куёв»нинг ҳужжатлари эсимга тушди. Ахир, у билан бирга ҳужжатларини ҳам келтиришган эдилар-ку. Очиб ҳам қарамабман-а...

Вагон уйга киришим билан ёзув столи ғаладонига ташлаб қўйилган «куёв»нинг ҳужжатларини қўлимга олдим. Унинг таржимаи ҳоли шундай ёзилган эди:

«Осиё гепарди.

1968 йилда туғилган.

Ёши: 9.

Жинси: эркак.

Танасининг узунлиги: 125 см.

Думининг узунлиги: 64 см.

Лақаби: Кошка

Изоҳ: Туғилганидан буён фақат қафасда сақланган.

Мен ҳаммасини бирдан тушундим. Қайсидир китобда ўқиган эдим, агар ҳайвон доимо қафасда сақланса, у ўзининг табиий туйғуларини йўқотиб қўяди.

«Куёв»нинг эса, бутун таржимаи ҳоли қафасдан иборат эди. Кейинроқ уни текширгани келган мутахассислар ҳам менинг фикримни тасдиқлашди.

* * *

Кейинги кун эрталаб яна Никанинг қароргоҳи томон йўл олдим. Қоровулбозор қўриқхонаси кенгликларида баҳор тантана қиларди. Тонг насимларида титраётган майсаларнинг баргида шудринглар ялтирайди. Гупчайган саксовулларнинг майда гуллари хушбўй ифор таратади.

Мана Никанинг салтанати... Ника бу салтанатга ҳукмронми, ё бу салтанат Никага ҳукмронми? Ким кимни забт этган?.. Ника салтанатними, ё салтанат Никани забт этганми? Шундай ўйлар билан бораётганимда симтўрлар устида ниманингдир осилиб ётганига кўзим тушди. Куёв қочмоқчи бўлган шекилли. Йўқ, у қафасга ўрганиб қолган. Қафас - унинг уйи, қафас унинг кўнгли. Ўз уйи, ўз кўнглини ташлаб қаёққаям қочарди. Яқинроқ бордим... Не кўз билан кўрайки, симтўрлар туйнугига бириктирилган узун учли темир таёққа Ника осилиб ётарди. Унинг кўкрагидан кириб кетган учли темир қонга ботган найза каби елкасидан чиқиб турарди. Никанинг кўзлари очиқ қолган ва кўз ёши ҳали қотиб улгурмаган эди.

У икки дунё оралиғидан сакраб ўтаётганида ҳалокатга учраганди. Симтўрли дунё ўз ўлжасининг жонсиз танини хочга тортилган авлиё жасадидай тутиб турарди.

Ичкарида эса, саксовулнинг ола чалпоқ соясида «куёв» ҳамон мудраб, эснаб ўтирарди.


  1. Накбо шамоллари — Берунийнинг таъкидлашича, энг шиддатли шамол