OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЭд Макбейн
Асар номиУчқун (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Криминал беллетристика
Муаллифлар
   - Эд Макбейн
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Учқун (ҳикоя)
Эд Макбейн

Мўйлови ҳафсала билан тарошланган кулранг костюмли сотувчи жудаям илтифотли эди. Эдди уни диққат билан тинглар, ора-орада Мерига қараб қўярди: у қандай фикрда?

-Ишонинг,-гапида давом этди сотувчи,-сизлар фирмамиз хизматидан фойдаланаётган ягона фарзандсиз оила эмассиз. Истасангиз, сизлар қилмоқчи бўлган ишни аллақачон амалга оширган оилаларни санаб беришим мумкин.

-Кечирасиз, биз ҳали нима қилмоқчилигимизни айтмадик-ку,-деди Эдди.

-Албатта, жаноб Стивенс, сизни тушунаман. Лекин шуни унутмангки, агар бу ишни қилмасангиз, кейин афсусланасиз.

Мери қовоғини уйганча бош ирғади.

-Биз соч ва кўз рангини танлашимиз мумкинлигини айтдингиз. Шу тўғрими?

-Шак-шубҳасиз,-таъкидлади сотувчи.-Менимча, сизларнинг кўринишингизга жигарранг кўз, малла соч мос тушади.

-Юз терисининг рангини ҳам ўзимиз танлай оламизми?-сўради Эдди.

-Албатта, жаноб Стивенс. Юзининг рангини ҳам ўзингиз танлашингиз мумкин.

-Зўр экан!-деди Мери.

-Билмадим...-иккиланиб жавоб қайтарди Эдди.

-У ростдан ҳам ўсадими? Худди ҳақиқийдек?-сўради Мери сотувчидан.

-Албатта, хоним. Фирмамизнинг ажралиб турадиган хусусияти ҳам айнан мана шунда. Биз сизга ҳаётнинг биринчи ҳафтасини бошлаган моделни берамиз. Модел автоматик равишда ўсади. Бир неча йиллар давомида металл катталашиб боради. Енгил ва эгилувчан пластик металга мос равишда чўзилиб боради. Йиллар ўтгач, юз қиёфаси ҳам ўзгаради.

-У қанчалик ўсади?

-Бу сизларнинг истагингизга боғлиқ. Аксарият мижозлар ўғил болалар учун олти фут, қизлар учун беш фут бўйни танлашади.

-Биз ўғил болани хоҳлаймиз,-деди Эдди.

-Ҳа,-бош силкиди Мери.

-Яхши, бунинг қийин жойи йўқ,-жилмайганча жавоб берди сотувчи.-Истасангиз, бугун ўғил болани олишларинг мумкин, янаги сафар эса қиз бола оласизлар.

-Биз ўғил бола оламиз,-деди Эдди қатъийлик билан.

-У ҳолда, жаноб Стивенс, сизларда ўғил бўлади. Моделнинг яна бошқа хусусиятлари ҳақида ҳам билишни истайсизларми?

-Ҳм...-деди Мери ва жим бўлиб қолди.-Унинг феъл-атвори қанақа бўлади? Айтмоқчиманки...

-Унинг феъл-атвори аъло! Сиз онги топ-тоза мукаммал машинага эга бўласиз. Моделда электрон хотира бор. Электрон хотира қурилмаси мия механизми билан бирлаштирилган. Бошқача қилиб айтганда, у фақат сизлар ўргатган нарсанигина билади. Ишонаверинг, ўзингиз ҳам уни ҳақиқий боладан ажратолмайсиз.

-Бунга ишончингиз комилми?

-Тушунмадим?

-Уни ҳақиқийсидан ажратиб бўлмаслигига ишончингиз комилми? Мен қўшнилар унинг бола эмас, робот эканлигини билиб қолишлари мумкинлигини назарда тутяпман.

Сотувчи овозининг борича кулиб юборди.

-Жаноб Стивенс, сизга айтдим-ку, аксарият қўшниларингиз ҳақиқий бола ўрнига робот бола боқишади, сиз эса ҳали ҳам менга ишонмаяпсиз. Ҳаттоки фарзанди бор оилалар ҳам ҳозирда бизнинг моделларимизни сотиб олишяпти.

Эдди иккиланганча Мерига қаради. Мери асабийлашиб пастки лабини тишлади, сўнг эрига қараб бош ирғади.

-Розимиз,-деди Эдди шоша-пиша.

-Яхши, яхши!-Сотувчи дарҳол шартнома қоғозини олди ва ручкасини узатди.-Хўш, сочининг ранги қанақа бўлсин?

Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмас, Стивенсларнинг уйига моделни олиб келишди. У худди ҳақиқий чақалоқдек эди. Эр-хотинлар уни кўриб ўзларида йўқ хурсанд бўлишди. Дастлабки кунлари уларнинг чақалоғи йиғламади, аммо Эдди бу камчиликни бирпасда бартараф қилди. У модел хотирасига керакли маълумотни киритгач, чақалоқ йиғлайдиган бўлди.

-Биз эҳтиёт бўлишимиз керак,-деди Мери бир куни.

-Нимага ундай деяпсан?

-Унинг хотирасига маълумот киритишда эҳтиёт бўлишимиз керак. Ҳозирги кўриниши олти ойлик гўдак учун мос ҳолатда. Буни қара, яқинда у гапира бошлайди.

-Ҳа. Буни ўйламабман.

-Қўшниларимиз сезишдимикин?

-Менимча, йўқ.

-Қаердан биласан?

-Улар ажабланишмади.

-Лекин... мен ҳомиладор эмасдим-ку.

-Биламан. Аммо улар ҳозирча ҳайрон бўлишмади.

Мери каравотчада ухлаб ётган гўдакка нигоҳ ташлади.

-Ҳаммаси яхши бўлади-а, Эдди?

-Ҳа. Албатта, азизам.

-Айтмоқчиманки... биз уни ҳақиқий фарзандимиздек яхши кўрамиз. Биласан-ку, у... машина.

-Биз уни яхши кўрамиз, азизам,-жавоб қайтарди Эдди ўйчанлик билан.

-Ишончинг комилми?

-Ҳа.

Стивенсларнинг ён қўшниси жаноб Жеффрис бола ҳақида эшитгач, Эддини уйига чақирди ва портвейн ичишни таклиф қилди.

-Портвейндан яхшироқ нарса йўқ, Эдди. Боладан яхшироғи ҳам йўқ. Уни ёқтириб қоласизлар.

-Уни яхши кўраман,-деди Эдди.

-Шошмай туринг, ҳали у катта бўлсин, ўшанда кўрасиз...

Эддининг лаблари уча бошлади ва у қўлидаги қадаҳни стол устига қўйди.

-Ним…ма?

-У гапиришни, юришни бошласин, ўшанда кўриб завқланасиз.

-Ҳа,-деди Эдди енгил тортиб.

-Кичкинтойнинг исми нима?-сўради жаноб Жеффрис ва айёрона илжайди.

-Роберт,-деди Эдди.

-Роберт,-такрорлади жаноб Жеффрис.-Яхши исм.

-Отамнинг исми ҳам Роберт эди.

-Жудаям яхши исм,-яна қайтарди жаноб Жеффрис.

-Бўпти, менга рухсат, Мери кутиб қолди.

-У катта бўлгач, сизларга анча яхши бўлади,-деди жаноб Жеффрис илжайганча.-Тушундингизми?

Эдди Робертнинг кўзида ғалати бир нарсани сезиб озгина ташвишланди. У бу ҳақда ҳеч кимга индамади. Бир куни кечқурун у диванда китоб ўқиб ўтирарди. Кутилмаганда китобдан бошини кўтарди ва ўғлининг диққат билан унга қараб турганлигини кўрди.

-Нима бўлди, ўғлим?

-Ҳеч нарса, дадажон. Ўйланиб турувдим...-Унинг оғзидан чиққан сўзлар олти ёшли бола учун одатий эди.

-Нимани ўйлаётувдинг?

-Кўп нарсаларни, дадажон.

Эдди елкасини қисди. Кейин эса Робертнинг ўнг кўзида ёрқин учқунни кўрди.

-Ёнимга кел-чи.

Роберт ўрнидан туриб дадасининг олдига келди. Эдди Робертнинг юз-кўзига диққат билан разм солди. Баъзи-баъзида унинг ўнг кўзида учқун чақнарди. «Бу ички қурилма. Ахир ўғлим робот-ку», ўйлади у.

-Нима гап, дадажон?-сўради Роберт.

-Ҳеч нарса. Шунчаки кўзинг ости тилингандек туюлганди.-У Робертнинг силлиқ ва эластик елкасига кафтини қўйди.

Эдди ва Мери фарзандлари эсли-ҳушли эканлигига ишонишарди. Улар унга фақат яхши нарсаларни ўргатишар, у ҳақиқий комил инсон бўлиб етишишига шубҳа қилишмасди. Аммо улар ўғилларининг тарбиясини ташқи таъсир бузиши мумкинлигидан хавотирланишарди. Улар Роберт мактабга боргунига қадар унинг феъл-атворини шакллантириб бўлишларига умид қилишарди. Улар фарзандларини севишар, ундан фахрланишарди. Жаноб Жеффрис, жаноб Андерсон, Кларклар, дъАллессонлар, Маккартилар оиласи, политсиячи, чевар ва баққол-уларнинг ҳаммаси Робертни танишар, уни кўчада кўриб қолишса жилмайиб қўйишарди.

Эдди Робертнинг ўнг кўзидаги учқунни бутунлай унутиб юборди. Кейинги пайтда бу учқун деярли сезилмай қолганди. У бу ҳақда Мерига айтди ва у ҳам ташвишланмай қўйди. Эр-хотинлар Робертни тарбиялашда давом этишди. Улар фарзандлари яхши инсон бўлиб етишишини чин дилдан исташарди.

Аммо улар Робертнинг бешафқат ва ёвуз бўлиб қолганини кўриб қўрқиб кетишди. Буни биринчи бўлиб Эдди билиб қолди. У бир куни ишдан уйга қайтди. Ҳовлига кириб, эшикни секин ёпди.

-Мери!-чақирди у хотинини. Ҳеч ким индамади. У ҳайрон бўлганча елкасини қисди.-Роберт!

Бу сафар ҳам ҳеч қандай жавоб бўлмади. Эдди саросимага тушиб қолди. Бирдан гараж орқасидан Робертнинг овозини эшитиб қолди. У гаражга яқинлашди.

-Ўлдириш керак! Ўлдириш керак! Бу жонзотни ўлдириш керак!

Эддининг аъзои бадани сесканиб кетди, у жойида қотиб қолди ва кўзларини юмди. Унинг ўғли Роберт қурбақани ўлдираётганди. Қурбақанинг бутун бадани тешиб ташланганди. Роберт қўлидаги пичоқни қурбақанинг дуч келган жойига санчаётганди. Унинг қўллари қонга беланганди. У хириллаганча битта гапни такрорларди:

-Ўлдириш керак! Бу жонзотни ўлдириш керак!

Эдди бу нохуш манзарага чидаб туролмади, ўгирилиб, индамай уйга кириб кетди. У ичкарига кириб юз-қўлини ювди ва Мерини кута бошлади. Мери келгач, у ҳаммасини айтиб берди.

-Нима қилишни ҳам билмай қолдим... У буни қаерда ўрганган бўлиши мумкин? Ким ўргатган? Уни сўкдингми?

-Йўқ.

-Кимдир унга салбий таъсир кўрсатяпти.

-Кимдир унга қотиллик қилишни ўргатган,-деди Эдди.

Роберт уйга кечқурун кириб келди. Унинг қўллари тоза қилиб ювилган, юзида табассум бор эди.

-Салом, ўғлим!-деди Эдди.-Кун бўйи қаерда эдинг?

Роберт жилмайганча унинг ёнига келиб ўтирди.

-Боғда болалар билан тўп тепдик.

Эдди кўзларини катта-катта очди ва даҳшат билан Мерига қаради. Мерининг юзи бужмайиб кетди: «Ўн икки ёшли ўғлим ёлғон гапиряпти». Ўша кеч улар Робертнинг бераҳмлиги ва ёлғончилигига қарши курашишга қарор қилишди. Улар қўшнилари фарзандларининг роботлигини билиб қолишларини хоҳлашмасди. Шу билан бирга ўғилларининг миясига ким бундай оғуни қуйганини аниқлашни ҳам исташарди. Улар қўшниларни бўлишиб олиб, Робертга ким салбий таъсир кўрсатаётганлигини аниқламоқчи бўлишди. Аммо қўшниларнинг ҳеч бири бундай иш қилмаганликлари маълум бўлди.

«Робертнинг онгини ким заҳарлаган? Нега? Нима учун?» деб ўзига ўзи савол берарди Эдди ва бирортасига ҳам жавоб тополмасди. У жаноб Жеффрис билан гаплашиб қолди.

-Ўғлингиздан ташвишдамисиз?

-Ҳа. Менимча... кимдир унинг тарбиясини бузяпти.

-Қўйсангиз-чи, Эдди.

-Йўқ,-деди Эдди.-Кимдир унинг онгини заҳарлаган. Кимдир унга ўлдиришни ўргатган.

Ҳайратдан жаноб Жеффрис кўзларини катта-катта очди ва Эдди унинг кўзларига тикилди.

-Ростданми?

-Ҳа, ҳа,-деди Эдди.

-Унга ўлдиришни ўргатишибдими?-сўради жаноб Жеффрис.

Эдди жаноб Жеффриснинг кўзларига қараганча жавоб қайтарди:

-Ҳа. Тирик жонзотни ўлдиришни ўргатибди!

-Ҳечқиси йўқ, энди ҳаммамиз тирик жонзотмиз!-хитоб қилди жаноб Жеффрис ва хохолаб кулди.

Эдди индамай ортига қайтди. У жаноб Жеффриснинг кўзида ҳам худди ўғлининг кўзидагидек учқунни кўрганди.

У ҳовлига кирибоқ бор овозда қичқирди:

-Мери! Мери! Мери!

Мери бошини чангаллаганча ўтирарди. У бир оз олдин бошқа қўшнилар билан гаплашиб келганди. Эдди хонага кирганида у маъюс нигоҳини эрига қаратди.

-Мери,-деди Эдди,-биз ҳозироқ бу ердан кетишимиз керак. Жаноб Жеффрис, дъАллессонлар, Кларклар...

-Маккарти, политсиячи ва Стейнлар, баққол, анави сотувчи...-Мери кафтлари билан юзини беркитди.-Бари бефойда, Эдди. Бефойда!..

-Ўнг кўзида учқун чақнайди... Учқун!

-Ҳа, ҳа...-деди Мери.

-Роботлар. Уларнинг ҳаммаси робот экан! Ҳаммаси.

Эдди Мерининг оёқларига ўзини ташлади ва юзини унинг тиззаларига қўйди. Иккиси ҳам Робертнинг хонага кирганини сезишмади. Унинг кўзлари чақнар, қўллари эса қайчини маҳкам чангаллаб турарди.