OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифФарид Усмон
Асар номиСигарета (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Фарид Усмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сигарета (ҳикоя)
Фарид Усмон

Йигитнинг қадди қомати келишган. Елкалари текис. Бўйинлари тўла. Юзлари оқишдан келган. Бош яланг. Оппоқ чеҳрасига ярашиб турган қиртишланмаган соқоллари юзига муносиб, кўрган одамнинг ғашини келтирмайди. Эгнида оппоқ футболка. Жуда ҳам оппоқ. Унинг оппоқлигини кийиб олган қора шалвари яна ҳам бўрттириб юборган.

Орқасидан қараб борсангиз шалварининг пойчасида, ўнг болдирида қизил доира ичида 90 ёзуви бор. Ёзув сариқ рангда ёзилган. Оёғида янги калиш. У тоза, кечами, эрталабми сипирилган асфалт йўлкадан бир маромда шипиллаб бормоқда.

Чап томонда катта йўлни тўсиб турган арчалар, шаклдор тутлар, турли туман ўсимликлар олами. Ям-яшиллик. Ўнг томонда ўн қадамда қад кўтарган кўп қаватли бинолар саҳни. У томон ҳам дарахтлар ва ям-яшил гиёҳлар билан безанган.

Йигит ўнг қўлидаги сигаретани мириқиб-мириқиб чекади. Қўлини ҳар замонда лабига олиб борганда сигарета чекилаётганидан ўзида йўқ мамнун бўлиб қўяди. Чекаётган соҳибига товуши чиқмаса ҳам раҳмат айтади. Тез-тез, кўпроқ ҳузурланиб чекишини яратгандан ялиниб ёлвориб сўраб ҳам туради.

Соҳибининг қўлида у ёққа бу ёққа чайпалиб чекилиб бораркан икковлон дўстлар, текис асфалт йўлкадан, энди рангли плиткалар ётқизилган чиройли, замонавий тарзда қилинган йўлакка чиқишди. Соҳибининг оёғидаги «шалап-шалоп» қилиб келаётган калиш янги саҳнда «шип-шип» дейишга ўтди. Бу сигаретага ёқиб тушарди. Йўл чиройли эди. Калиш эса соҳибининг одимига мос чиройли шипиллар бу нарса сигарета жонига ором бағишларди гўё.

У соҳибининг бармоқлари орасидан атрофга қараркан, тозалик ва ям-яшилликдан баҳри дили очилиб кетди. Завқ-шавққа тўлиб тошган қалби «кел, бир маромига етказиб қўшиқ айт,» дер, лекин соҳиби уни чекаётганидан истиҳолага борарди.

Бирдан сигаретанинг ёпиқ кўзлари рангли плиткалар устига шундоққина йўлка чеккасига яшил ўсимликлар биқинига уюб тўкилган ахлатлар девасига тушди.
— Ё тавба,- деди у ўзига ўзи. - Наҳотки шундай чиройли, кўркам жойга ахлат тўкишса. Қолаверса бу йўл бўлса. Йўловчилар ўтса. Яшил ўсимликларнинг нариги тарафи катта асфалт.

У ердан машиналар ғизиллаб ўтиб турибди. Катта йўлнинг у бетида хўжайинлар ишлайдиган жой. Бу ахлатлар улардан яширинча, кўрсатилмасдан улар кўришмасин деб яшил тўсиқларга суяб тўкилибди-да. Эсиз. Эсиз. Қандай одамлар қилган-а буни?! Хайф одам-э!

Сигаретанинг ҳозир кўзи тушган бу манзарадан кайфияти бузилган эди. Соҳибига бағишлаётган ҳузурдан олаётган унинг ҳаловатлари бир зумда пучга чиқди. У энди бетоқат бўла бошлади. Унинг бетоқат бўлаётганидан бехабар соҳиби сигаретани лабига олиб борди-да, бир икки қаттиқ-қаттиқ сўрди. Соҳиб миясида ғужғон ўйнаётган ўйларини жиловламоқчи бўлдими, шундай қилди. Бу орада сигаретанинг ёниқ кўзлари соҳиби ўн қадам ўтмасдан яна бир ахлат уюмига тушди.
— Э тавба,- деди у ичида. – Одамларга нима бўлган ўзи?! Аҳмоқ паҳмоқмасми улар. Шаҳарнинг қоқ марказида нима манзара бу?! Уларда инсоф борми ўзи?! Ҳаммаёқ, тоза, чиройли бўлсаю, ахлатни шу чиройли, покиза жойларга тўкишса. Нима деган гап бу?! Кимлар улар, ахир?! Одамми? Ё... Тозалик, озодалик қадрига етишмаса-я?!

У ўз ёғига ўзи қўғирилиб миясига келаётган ўйларни ҳали йиғиштириб ҳам улгурмаган эдики, соҳиби уни лабига қўндирди-да, қайта-қайта сўра бошлади. Чекиб-чекиб, лекин тўла чекиб улгурмасдан уни бармоқлари орасига олди ва ҳатто ён-верига ҳам қарамай туриб рангли плиткалар устига ташлаб кетаверди. У чала чекилган ҳолда йўл устида қолди. Дабдурустдан тоза, чиройли йўлка устига тушиб қолганидан бечора сигарета афсусда эди.
— Нима қилиқ бу?,- деди у кетиб бораётган соҳиби ортидан, унинг оқ тоза футболкаси ва қора шалвари, шалварининг ўнг пойчасидаги сариқ рангдаги «90» ёзувига қараб қоларкан.
— Энди бунисига қандай чидаш мумкин?! Келиб-келиб шу ерга ташлайсанми-а, номард. Номард экансану. Номард бўлмасанг шундай қилармидинг.

Сигарета очиқчасига соҳибини сансирашга тушди. Тоза ерга тушиб қолганидан хижолат тортиб ўзига ўзи ғудранарди.
— Ташлар экансан, аҳмоқ. Ҳув, йўлда дуч келган ўша ахлатлар олдига ирғитмайсанми? Ўша жойлар менга тузук эди. Кўзга дарҳол кўринмас эдим. Бу ер тоза бўлса, ўтганки одам албатта хўмрайиб, бир қараб ўтади. Кўзларга ёмон кўринганим қолади. Ёки ўтлар ичига ирғитиб юбор эди. Ҳе, қўлинг сингур. Аҳмоқ! Ярамас!

Сигарета шундай сўзлар билан ҳалигина дўст тутингани, бир нафас бўлсада ҳамдард, ҳамнафас бўла олгани соҳибини бўралаб сўкиб турган эди, қаердандир, орқаданми, олдинданми бир туфли пайдо бўлди. У келиштириб уни тепкан эди, сигарета учиб бориб арчанинг тагига сув оқадиган ариқчага бориб тушди. Бу ер энди унга ўтган кетгандан, кўздан хилватроқ эди.

— Ҳайрият-эй, деди у чуқур бир «уф» тортиб. Шу «уф» тортишда унинг кўзидаги йилтираб турган нуқтага ўхшаш чўғ тупроқдаги намга тегиб ўчиб бўлган эди.