OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

4 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифФахриддин Содиқ
Асар номиБола (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Фахриддин Содиқ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Китоб дунёси», 2013 йил 13 феврал 3 (150) - сонидан олинди
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бола (ҳикоя)
Фахриддин Содиқ

Она кенжасини – эндигина тўрт ёшдан ошган болани яна тоғасиникига жўнатиб юборди. Тоғасининг уйи узоқ эмас – бир чақирим ҳам чиқмайди. Қишлоқ жой эмасми, бола кичик бўлса-да, яқин атрофни беш қўлдек билади, тоғасининг уйи ҳам шундай таниш. Боланинг бу ерда тургиси йўқ, лекин бунақа пайтларда уйига қайтиб кетиб ҳам бўлмайди. Ҳозир уйига бормай тургани тузук. Бироз вақт ўтиши керак, кейин акаларидан бирови келиб олиб кетади, агар келишмаса, шу ерда ётиб қолишга тўғри келади. Ўзига қолса-ку бу ерда ётиб қолгиси йўқ, лекин, наилож...

Кечки овқат маҳали тоғасининг хотини иддао билан эрини туртди.
– Муштдай бола, тағин ўзича ноз қилиб қўяди, қаранг, туришини қаранг!

Тоғаси оғир-босиқ одам эди, хотинининг бу тахлит гапларига жавобан шу пайтгача эътирозли назар билан қараб-қараб қўйганди, энди бўлмади.
– Бир гапирдинг, икки гапирдинг, бўлар энди. Қўй, ишинг бўлмасин, бола-да, бир нарсага тушуниб, бир нарсага тушунмай турипти ўзи.

Кейин болага қараб, овозини юмшатди.
– Ол, олавер, овқатингга қара, жиян!

Бола секин косадаги овқатга қараб, қошиқни тутганича ундаги ёвғон шўрвани аралаштирди – совутмоқчи бўлди. Тоғаси овқатни тезда еди-да, хўжаликда кечки мажлис борлигини айтиб қўзғалди. Бола яна ёлғизликни ҳис қилди. Бундай ёлғизлик унга таниш эди, танишки, унча-мунча эмас.
– Туришиям отасига ўхшайди, опа, қаранг, қараб туришини, қошиқни ушлашини...

Холаларидан бири унга қараб олиб, онасига шундай деганидан кейин тоғасининг хотини кечиктирмай болага навбатдаги танбеҳга ўтди:
– Овқат еяётган маҳали бошқанинг косасига бундай термулиб қолмайди. Айтдим-ку, муштдайгина бўлсаям, буни тушунмайди одам – катта кишиларга ўхшайди. Амманггаям ҳайрон қоламан, эри уйига ичиб келди, дегунча шунисини бизникига қараб ғизиллатиб юборади. Бир жўнат-икки жўнат, бўлди-да.
– Нега шундай қилади, ўзи опа, а, аммам? – деб сўради холаси онасидан.
– Нега бўларди, шу кичкинам ҳеч бўлмаса, отасининг ичиб кеп жанжал қилганини кўрмасин, дейди экан-да. Отангга бир куни шундай деб турганининг устидан чиқиб қолувдим. Жанжални кўрса қўрқиб, қўрқоқ бўп қолармишми-ей.
– Ааа, – деб қўйди холаси бир нарсани тушунгандай бўлиб.
– Бундай қилмаслиги керак, – тоғасининг хотини гапида давом этди, – кўриши керак, отасининг асли қандайлигини кўриши керак. Тағин ўқимишли эмиш у киши. Ҳайф, у кишига шуям. Овқатингга қара, дедим, овқатингни ют!
– Бўлди энди опа, боланинг нима айби бор. Бўлди энди, ол, жиян овқатинг совиб қолди.

Бола тоғасининг ўғлига нажот кўзи билан қаради.
– Сен нимани билардинг, – тоғасининг хотини косасини қўлга олиб овқатини еяркан, яна гапира кетди, – тўғри айтдим, кўриши керак, билиши керак бола, қара туришини, яна шумшайиб қараб қўяди.

У киши бошқаларнинг норози қарашларига эътибор ҳам бермади.
– Гўр бўладими, каттарса, бу ҳам бир пияниста бўлади-да, отасига ўхшаб. Опасининг эҳтиётлашига ўласанми яна, бир опке-икки опке...

Бола жуда очқаган эди, лекин бирдан тўққа ўхшаб қолди. Овқатининг ярми косада қолиб кетди. Дастурхон йиғиштирилди – одатдагидек, ҳамма телевизорга андармон бўлиб қолди. Бола бесаранжом эди, ўтиролмади, ҳамма кўз қоқмай кўраётган кинонинг унинг учун қизиғи бўлмади. Секин ўрнидан туриб эшикка қараб юрди, деразанинг кўзларига қаради – қоп-қоронғи.
– Ҳа, жиян қаёққа?
– Ташқарига чиқиб келай, – деди бола шундоқ эшикнинг олдига етиб.
– Қўрқмайсанми?
– Қўрқиб бўри ермиди? Сал четроққа бор! Ейдиган бўриям йўқ бўлса...

Бу гапларни охиригача эшитиб-ешитмай бола ташқарига чиқиб кетди. У атрофга қараркан, туннинг зулматидан сесканди. Шу сесканиш аралаш ўзига-ўзи пичирлади: «барибир қўрқмайман».

...Бироздан кейин боланинг уйидагилари кимдир чақирганини эшитиб қолишди. Бири тезда ҳовлига чиқиб келди – тоғаси экан.
– Амма, поччам ухладими, ишқилиб. Тағин жанжал қилдими?
– Ҳа, ухлади, қаттиқроқ гапиравер, энди уйғонмайди, пишиллаб ётипти нариги хонада.
– Ташқарига чиқаман, деганди, кеп қолар, деб қараймиз-қараймиз, йўқ, жиян кеп қўйипти-да уйингизга, қўрқмаганини қаранг, а, амма!
– Ўзим ҳам шошиб қолдим, бир нарса ҳовлининг бурчида қорайиб келади, кучук вовиллаб олдига борди-да, секин ғингшиб қолди, таниди ким бўлсаям деб турувдим, қарасам... жиянинг! Йўқ, қўрқмадим, дейди. Акам яхшими, чечам, ўзларинг яхши юрибсизларми, кел, ўт манави ёқдан, ўт... яхшиям сенлар борсанлар, жигарларим...

Бола эса бу пайтда ухлаб ётарди. Тушида уйидагилар билан шаҳардаги паркка борганмиш, отаси ҳаммани чиройли безатилган стол атрофига ўтирғизиб, кабоб олиб берипти, бола тўйиб-тўйиб овқат еяётганди.

...Бироздан кейин онаси терлаб ётган боланинг ҳўл бўлиб кетган сочини силаб-силаб артиб, уни секин ўз жойига ётқизди. Боланинг алаҳсираб, нималарнидир гапирганига ёки гапирмоқчи бўлганига эътибор бермади.