OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифФозил Искандар
Асар номиҚўшюрак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Фозил Искандар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонНизом Комил
Ҳажм94KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қўшюрак (ҳикоя)
Фозил Искандар

– Ке қўй, Зинахоним, «нима буюрасиз?» деб бошимни қотирма. Уни опке, буни опке демайман. Қанақа ширин таом, қанақа зўр ичимлик бўлса, опкелавер. Жўраларим билан би-ир битимиз тўкилсин. Тезлаштир!

Нима демоқчи эдим-а? Ҳа! Адгурнинг юраги иккита деган гапни ўйлаб топган одамни учратсам, ўлай агар, онасини учқўрғондан кўрсатаман! Миш-миш тарқатгани билан хотини ўғил туғиб берармиди! Лекин уни барибир топаман, чунки кимлигини кўнглим сезиб турибди. Биз томонларда ҳам шунақа ғаламис одамлар учраб туради.
– Қизиқ-да, – дейишади ўртоқларим, – олтита ўқ еб тирик юрибсан, тағин ўқлардан биттаси юрагингни тешиб ўтган. Демак, юрагинг иккита-да, Адгурбек, шуни дўстларингдан яшириб нима қиласан?
– Ҳой, мусулмонлар, – дейман мен жиғибийрон бўлиб, – юрагим битта! Агар ҳадеб гапираверсаларинг, шунисиям тарс ёрилади. Ахир, ҳаммамиз дўстмиз, бирга ўсганмиз, неччи йилдан бери туз-намакмиз, наҳотки шу бемаъни афсонага ишониб юрсанглар?

Тўғри, олтита ўқ еб тирик юрибман, сабаби – жони қаттиқ уруғданман. Бу – бир. Иккинчидан, юрагимдан ўтган ўқ юрак қисилган, таранглашган пайтида ўтган, деярли тегмаган, бир четини ялаб кетган, холос. Ҳозирги тиббиёт фани буни аниқлаган: юз йилда бир марта шунақаси ҳам бўлиб тураркан. Ўқ юз йилда бир марта таранглашган юракдан ўтаркан, тушуняпсизларми, қисилиб турган юракдан! Шунда одам ўлмай қоларкан. Бу энди... бир сўмлик лотореяга «Волга» ютишдай гап.

Лекин буни ҳаммага тушунтириш осонми? Қаҳвахонадан одам оёғи узилмайди. Уларнинг бирортаси барибир ана шу аҳмоқона саволни беради-да:
– Адгурбек, юрагинг иккита эмиш, шу гап ростми?

Тирик юрганим учун ўзимни оқлагунча она сутим оғзимга келади шунақа пайтларда. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – бир куни атайлаб кушхонага бордим. Биздан узоқ эмас, Маякда. Номи чиққан қассобимиз Мисроп амаки ўша ерда ишлайди. Ёши саксонни қоралаб қолган, аммо-лекин бизга ўхшаган ёшлардан ўнтасини бир чўқишда қочиради, нимагаки ҳар куни эрталаб иссиққина қонни пиёлага лиммо-лим қилиб симирволади.

Бориб дар¬димни айт¬дим, худди отам билан гаплашаётгандай, шунақа-шунақа... безор бўп кетдим, дедим.
– Мардона иш тутганингдан хабарим бор, мулла Адгур, – деди у бамайлихотир. – Отангдай одамдан бошқача ўғил дунёга келиши мумкин эмас эди. Ойингни ҳам яхши биламан. Минг қилганда ҳам ўзимизнинг эшерлик аёл-да. Дуркун, оёқ-қўли чаққон, ака-укалари ҳали ҳам ўша ерда яшайди, девдай-девдай йигитлар. Энди анови масалага келсак, қассоб сифатида шуни айтишим мумкинки, умрим бино бўлиб қўшалоқ юрак у ёқда турсин, ҳатто қўшалоқ талоққа ҳам дуч келмаганман. Тўғри, минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йили ошқозони иккита қора буқани бир марта кўрганим рост.
– Мисроп амаки, – дедим мен, – минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилда сиз кўрган ошқозони иккита қора буқанинг менинг ҳозирги аҳволимга нима алоқаси бор? Ўша минг тўққиз юз ўттиз олтинчи йилдаги ошқозони бир жуфт қора буқа бошқа нарсадан дарак берган, яъни бир йил ўтиб ўттиз еттинчи йил келадию Сталин ҳаммани ямламай ютади, дегани бу. Гап мана шунда.
– Мен буни сезганман, – деди Мисроп амаки, – буқанинг курагига қараб очилган фол ҳам шунга ишора қилган. Лекин ўшанда миқ этмаганман – замон чатоқ эди. Қисқаси, жигарим Адгурбек, тўрт оёқли жониворлар устидан бор бисотимни ўртага қўйиб ҳукм чиқаришим мумкин: ўзинг биласан, қассоб халқида мол-бисотдан қаҳатчилик йўқ. Аммо икки оёқлилар тўғрисида бир нима деёлмайман. Бу масалада сенга бирорта яхшироқ дўхтир ёки Бериянинг қассоблари ёрдам бериши мумкин. Ана, хиёбонларда мункиллаб бўлса ҳам сайр қилиб юришипти, отнинг калласидай нафақа олишади. Хоҳласанг, битта-иккитасини кўрсатиб қўяман. Лекин бирортасиям айбини бўйнига олмайди-да.

Мана энди, биродари азизлар, гарчи бу нарса ҳозир расман тавсия этилмаса ҳам, нима сабабдан Берия жаллодларини бот-бот эслаб туришимни фаҳмлагандирсизлар. Мендай одам-а! Сиёсий жиҳатдан етук бармен! Ахир, бу муттаҳамлар гўзал Абхазиямиз бошига озмунча кулфат ёғдиришдими! Биз буни минг йилдан кейин ҳам унутмаймиз.

Ўттиз еттинчи йилда амаким Адзюбжа қишлоқ фуқаролар кенгашининг раиси экан. Бир куни шаҳардан одам келиб, колхозчиларни маъруза эшитишга тўплашни буюрган. Амаким колхоз раиси билан бирга икки юзтача одамни клубга йиққан. Хайриятки, кўпчилик келмаган. Ҳалиги одам халқаро вазият тўғрисида гапириб бўлганидан кейин, томдан тараша тушгандай:
– Колхозлаштириш сиёсати хато бўлган. Сизлар шунга қарши бош кўтаришингиз керак, биз сизларни қурол билан қўллаб-қувватлаймиз, – деган.

Кўряпсизларми қанақа иғво бошлаганини! Шунисига шукрки, бу вақтга келиб деҳқонлар оқ-қорани ажратадиган бўлиб қолишган экан, нотиқнинг гапига «хўп» ҳам дейишмайди, «йўқ» ҳам дейишмайди. Жимгина тарқалишади. Ҳангома ана шундан кейин бошланади. Икки кечада мажлисда қатнашганларнинг ҳаммасини – колхоз раиси билан фуқаролар кенгаши раисини ҳам ҳибсга олишади. Гўё булар колхоз тузумига қарши қуролли қўзғолон кўтаришга уринишганмиш.

Сўроқ варақаларига қўл қўймагани учун уриб амакимнинг бир кўзини кўр қилишади. Аммо у бунга ачинмайди. Ҳамқишлоқларини мажлисга судраб борганига ич-этини ейди, холос. Лекин амаким бунақа бўлишини туш кўриптими? Шуниси қизиқки, «мажлисингга тупурдим» деганларга тегмайдилар. Фақат йиғинга келганларни қамайдилар. Ҳаммаси ўн йил-ўн йилга кесилади, бирортасиям Сибирдан қайтиб келмайди. Лекин амаким қайтади. Айтдим-ку, жони қаттиқ уруғданмиз, деб. Аммо кўзи...

Майли, умри узоқ бўлсин, бу ёғи йигирманчи съезд яқинлашяпти. У вақтларда амаким биз билан бирга яшарди. Ота ўрнида ота эди, чунки дадам уруш тугаганидан сўнг орадан икки йил ўтар-ўтмас қазо қилган. Мана, йигирманчи съезд ҳам бўлиб ўтди. Ўша кунлари Ачандарадан кенжа амакимнинг ўғли келиб қолди, ўзи ўқитувчи.
– Амаки, – деди у икки кафтини бир-бирига ишқалаб, – бизнинг давримиз келди. Кўзингизни чиқазган ўша терговчини менга рўпара қилинг. «Ал қасосул-минал ҳақ» деган гап бор.
– Қўйсанг-чи, – дея қўл силтади амаким, – қизиққон йигитсан, сен битта кўзнинг ўзи билан тинчимайсан. Мен кўзимга эмас, ўзим мажлисга судраб борган анови шўрликларга ачинаман.
– Амаки, – деди амакиваччам хуноби ошиб, – сизда айб йўқ, тарих айбдор бунга. Лекин биз, жиянларингиз, сиз учун қасос олишимиз керак.

Амаким чурқ этмади, амакиваччам уйига қайтиб кетди. Унда мен ёш бола эдим. Ҳаш-паш дегунча йигирма иккинчи съезд ҳам етиб келди, умридан барака топсин! Бу вақтда армияда хизмат қилардим, дарров амакимга хат ёздим. «Амаки, – дедим хатимда, – яна бизнинг давримиз келди. Совет десантчиси, жанговар тайёргарлик аълочиси сифатида терговчингизни тергаб қўйишга тайёрман!»

Барибир амакимни кўндириб бўлмади. Сал ўтмай бу бевафо дунёни тарк этди у. Сибирда музлаб ўлган ҳамқишлоқларини кечаю кундуз ўйлайверганидан кейин нима ҳам бўларди? Балки уларнинг «Биз раисга нима ёмонлик қилувдик?» деган таъналари амакимни қабрида ҳам тинч қўймай, безовта қилаётгандир.

Мен буни унута оламанми? Водийдаги қишлоқки бор, бариси қатағон қилинган эди. Энди бўлса, «Бериячиликни шунча чайнаганимиз етар! Аччиқичакдай чўзаверишнинг нима кераги бор?», дейишади.

Гапни қаранг! Э, мен буни минг йилдан кейин ҳам унутмайман!

Майли, энди ўзимнинг дардимга қайтайлик. Тўғри, Мисроп амаки менга далда берди. Лекин барибир қулоғим тинчигани йўқ. Қаҳвахонага келганлар ҳануз ўша қўшюрак тўғрисида сўраб-суриштиришаверади. Москвага бориб, бирорта пихи қайрилган профессорни топсаму ундан «одамда иккита юрак бўлмайди» деган маълумотнома ёздириб келсаммикан? Баъзан шунақа бўладики, қаҳвахонага кирганларнинг айримлари жилпанглаб ёнимга келиб, қулоғини кўксимга босади – иккинчи юрагимнинг тепишини эшитмоқчи бўлади-да, занчалиш! Йўқ, бораман Москвага, маълумотномани опкелиб, бир нусхасини мана шу деворга ёпиштириб қўяман! Ўқи, дейман, кўзми ё пўстакнинг йиртиғими, дейман ҳалигидақа хирапашшаларга.

Шундоқ хаёллар билан юрган кезларим, аксига олиб, қаҳвахонага кекса бир одам кириб келди, ёнида хотини ҳам бор. Ўтириб, коняк билан қаҳва буюришди. Қарчиғайнигоҳ йигитман-да: эркаги кўзимга нуқул профессорга ўхшаб кўринаверади. Чидаёлмадим:
– Маъзур тутасиз, – дедим ёнига бориб, – мабодо профессормасмисиз? Ё қиёфангиз шунақами?
– Ҳа, профессорман, – деди у.

Хотини ҳам жилмайиб, эрининг гапини тасдиқлади.
– Кечирасиз-у, қайси соҳадан?
– Тиббиёт фанлари докториман.
– Тиббиёт фанлари профессори ҳамми?
– Ҳа. Нимайди?

Дарҳол дийдиёни бошладим:
– Одамда иккита юрак бўладими?
– Шу чоққача учратганим йўқ, – деди у, – лекин ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
– Ие, бу қанақаси? – дедим таажжубланиб. – Тиббиёт фанлари докторисиз, шу фаннинг профессорисиз, наҳотки, саволимга аниқ жавоб беролмасангиз?
– Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин, дедим-ку!
– Шунинг учун ичади-да бу одам, – дея луқма ташлади хотини бир туки ўзгармай.

Ҳафсалам пир бўлди. Энди майли, бор гапни айтаман. Сизларга айтмасам – кимга айтаман, ҳарқалай, бир жойнинг одамимиз, оталаримиз улфат бўлган. Менга шунинг ўзи кифоя. Бегоналардан эшитмаганларинг маъқул, унақалар қўшиб-чатиб, бошқача етказади.

Бирор калимам ёлғон бўлса – тил тортмай ўлай! Ўшанда ҳам мана шу қаҳвахонада ишлардим. Бир шумқадам Арчандарада катта бувим қазо қилгани хабарини олиб келди, яъни ойимнинг онасининг опаси. Мен уни «катта буви» дердим.

Шу киши тўқсонга кириптию омонатини топширипти. Жуда куйиндим: беозор, мулойим кампир эди-да, болалигимда уларникига кўп борардим.

Табиатим ғалатироқ – кекса одам ўлса ачинаман. Ёшларга ҳам ачинаман-у, унчаликмас. Феълим шунақа-да. Миямга бир фикр ўрнашиб қолган – узоқ яшаган одам ёруғ дунёга ўрганиб, мазахўрак бўлиб қолади, ўлгиси келмайди. Ёш йигит эса ҳали ҳаётнинг нашъасини сурмаган, ўлимдан ҳам тап тортмайди. Ўзини ўтга-чўққа ураверади.

Десант қўшинларида хизмат қилиб юрганимда бир дўстим бўларди. Исми Виктор. Ўрис. Ака-укадай эдик. Гавдали бўлгани учун Буқа деб лақаб олган эди. Зўр йигит эди-да лекин. Қўрқув нималигини билмасди. Ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам «Худо ҳофиз!» деб тураверарди.

Ўша дўстим ҳалок бўлди, худо раҳматига олсин. Парашюти очилмай қолди. Мендан кейин олтинчи бўлиб сакраган эди. Бундоқ бошимни кўтарсам – тошдай учиб келяпти. Ёнимдан ўтаётганида «Худо ҳофиз, Адгурбек!» деганини эшитиб қолдим. Онамни, икки фарзандимни ўртага қўйиб онт ичаман – худди шундай деди! Шундоқ дедию зум ўтмай тош-метин заминга урилиб, чилпарчин бўлди.

Куйганимдан жинни бўлаёздим. Шунда «замполит» чақириб қолди:
– Адгурбек! Ҳукумат топшириғи бор. Кубага жўнатиш учун кўнгиллиларни йиғяпмиз. Борасанми?
– Бораман, албатта, – дедим ҳеч иккиланмай. – Энг яқин дўстимдан жудо бўлдим. Бу ердан энди бош олиб кетганим тузук.

Айни «Кариб танглиги» бошланган кезлар эди. Кубада қарийб икки ой турдик. Эсда қоладиган бирор нарсани кўрганим ҳам йўқ – бизни казармадан чиқазмас эди-да. Лекин сал ёзилдим, дўстим фожиасини бир оз унутгандай бўлдим. Мана, орадан шунча вақт ўтди, лекин дўстимнинг ҳалиги иборасини ҳануз унутолмайман: «Худо ҳофиз!» Шундай десам, дардим енгиллашгандай бўлади. Келинглар, дўстларим, энди Викторнинг хотираси учун ҳам биттадан отайлик... Ҳа қурғур, нима деятувдим? Ўтлаб кетдим-а...

Қисқаси, Ачандарада катта бувим оламдан ўтипти. Иш тугашига ярим соат қолганда савдодан тушган пулни директорга топшириб, оиламиз бошига тушган мусибат сабабли барвақтроқ кетмоқчилигимни айтдим.
– Бемалол, – деди директор, – боравер. Лекин сен билан бир масалада гаплашиб олишим керак. Ке, бирпас ўтириб, қиттай-қиттай отайлик, кейин кетаверасан.

Ҳозир ичишга бало борми! Ачандарада катта бувим ўлиб ётган бўлса! Бутун оиламиз билан шошилинч йўлга чиқишимиз керак-ку.

Лекин илож қанча? Биринчидан, директор. Иккинчидан, ёши анча катта. Қадаҳларга коняк тўлдирди. Ичмадим, лабимни теккизиб қўявердим. Гапиряпти, эшитяпман. Нуқул валдирайди. Уч йил олдин бўлиб ўтган гапларни кавлаштиради. Гўё ўшанда бир қариндошини хафа қилган эмишман. Биринчидан, мен буни аллақачон унутворганман. Иккинчидан, уч йил жим юриб, энди нима қиласан ўлган илоннинг бошини қўзғаб? Хуллас, чакагини зўрға ёпдим, узр сўраб, ўрнимдан турдим.
– Майли, оқ йўл, – деди у. – Бирпас ўтириб, мен ҳам уйга кетаман.

Ҳозиргидай эсимда, соат кечки ўн бирдан ошганда қаҳвахонадан чиқдим. Озгина юргандан кейин хиёбон ёнидан ўта бошладим. Атроф қоп-қоронғи. «Горсовет бўлмай ўл, – дедим ичимда. – Чироқ ўрнатиб қўйсанг хотининг талоқ бўладими! Нуқул мақтанишади: «Фалон жойда ГЭС ишга тушди, писмадон жойда ГРЭС ишга тушди». Шаҳарнинг эса аҳволи бу!

...И-й-й! Анови стол ёнига ўтирганлар – ГДРлик немислар. Фақат шампан буюришади. Улар фақат бизнинг шампанни тан олади. Бошқа ҳеч нарсани тан олишмайди. Столга битта шампанни қўйволиб, эрталабгача ҳам ўтиришаверади.

Ўтган йили ГДРлик иккита немис билан танишиб қолганман. Иккаласиям ёш. Эр-хотин. Уйимиз ёнидан ўтаётиб, шамоллатиш учун хотиним дорга ёйиб қўйган айиқ терисига кўзлари тушиб қопти. Айиқни уч йил бурун Сухуми ГЭСи атрофидан отиб олган эдим. Ҳалиги немиснинг хотини – улар ўрисчани чала-чулпа билишаркан – ҳовлига кириб, суриштира бошлапти: «Ниманинг териси бу?»

Қўшнилар уларни бизникига бошлаб киришди. Нимасини айтасиз, айиғимнинг териси немис маржасига бениҳоя ёқиб кетипти-да.
– Марҳамат, – дедим мен, – одатимизга биноан шуни сизга совға қиламан.

Суюниб кетишди. Эри менга ҳадя этиш учун билагидаги тилла соатини еча бошлаган эди, ҳай-ҳайладим:
– Унақа қилманг. Модомики бизникига кирибсизлар, мен сизларни меҳмон қилишим керак.

Хотиним дастурхон тузай бошлади. Мен музлатгичдан столга учта шампан олиб қўйдим. Меҳмондорчилик қилдик. Дарвоқе, хотиним терини ҳадя этиб юборганимни эшитиб енгил тортди, лекин сир бой бермади.
– Бошимизга урамизми терини, – деди у. – Ўзига чанг тортади, тозалаб улгуролмайман... Яхшиси, палос оламиз.

Лўли-да хотиним, палос жинниси. Лекин мен меҳмонларга терини чин кўнгилдан совға қилдим.

Чақчақлашиб ўтирибмиз. Ичамиз, тамадди қиламиз, яна ичамиз. Меҳмонларнинг кайфи оша бошлади. Бир маҳал меҳмон хотин ўрнидан туриб келиб тиззамга ўтирволдию чўлпиллатиб ўпа кетди – ёқиб қолдим шекилли-да. Уларнинг одати шунақа экан, мен билмасам. Эри бепарво ўтирипти, хотиним эса – ҳангу манг. Бир томони, улар меҳмон – бир нарса деёлмайди. Иккинчи томондан, эрини чет эллик аёл ўпиб ётипти. Шўрлик тамом бўлди – на кўзини уза олади, на қўлидан бир иш келади! Кулавериб ичакларим узилаёзди.
– Нега қараб турибсан, – дедим охири, – ўп сенам эрини!

Хуллас, роса яйрадик. Меҳмонлар чулдираб қолишди. Қарасам, яна ичгилари бор, лекин столга бошқа шампан қўймадим. Товонларига қолмайин тағин, дедим-да – ГДР бўлгани билан, ҳарқалай, хорижликлар.

Улар қўзғалишди. Ҳалиги терини яхшилаб ўрадим. Немис маржа нуқул «Германиядан нима жўнатайлик?» дейди. Хотиним қулоғимга абхазчалаб шивирлади:
– «Дрезден» қандилини сўранг. Ҳозир урф бўлган.
– Жим! – дедим мен. – Ҳеч нарса керак эмас.

Кўчага чиқдик. Такси тутиб, уларни ўзлари яшаётган «Тбилиси» меҳмонхонасига эсон-омон элтиб қўйдим.

Анови немисларни кўриб, тағин гапдан чалғиб кетдим. И-й, ана! Айтдим-ку, улар фақат шампанни тан олади, деб. Офитсиантка битта шампан қўйиб кетди. Бу ёғи – тонготар...

Хулласи калом, қаҳвахонадан чиқиб, қоронғи хиёбон ёқалаб кетяпман. Соат ўн бирдан ўн беш-йигирма дақиқалар ўтган. Шу пайт орқамдан қандайдир мошина қувиб етиб, таққа тўхтади. Унинг ичидан биров «Адгур, чиқ мошинага!» деб қичқирди.

Қарасам – оқ «Волга», лекин кимникилигини билмайман. Эҳтимол, ўртоқларимдир, дам олиш учун дала-палага чиқиб кетишаётган бўлса, мени ҳам опкетмоқчи бўлишгандир. Оиламизда кўнгилсизлик, ҳозир боролмайман, эшитган қулоққа яхшимас, дейиш учун мошинага яқинлашдим. Қарасам – тамом нотаниш одамлар. Оббо! Дарров фаҳмладим – иш чатоқ, жанжалнинг иси келяпти. Лекин мен ҳам анойи эмасман.
– Чиқ, – деди бир йигит орқа эшикни очиб.
– Нега чиқаман? Сизларни танимасам...

Шундай деб, олдинга юрдим – мошинанинг рақамига қарамоқчи эдим. Ол-ла! Йўқ. Мошинада рақам йўқ. Юрагим шув этиб кетди, аммо ўзимни йўқотмадим. Яшириб нима қиламан, ёнимда тўппонча бор. Тез-тез юриб йўлкага чиқволдим; йўлканинг нарёғи чакалакзор, чап беришга қулай.

Эшитиб турибман – орқамдан келишяпти. Ана, тўхташди. Уч йигит йўлкага чиқдию бараварига ўқ уза бошлади. Ўн қадам наридан етти-саккиз марта ўқ узилди, шулардан иккитаси кўкрагимнинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетди.

«Ўлдим», дедим. Қарасам, оёқда турибман, тез узоқлаша бошладим; теварак-атроф қоронғи, улар учта. Йўқ, душман билан бу ерда жанг қилиб бўлмайди, муюлишда телефон будкаси бор, темирдан. Ўша ерда жон сақлашим мумкин, қолаверса, мелисахона ҳам яқин, ўқ овозини эшитиб, чопиб келишади.

Ҳалигилар йиқилмаганимни кўриб, анграйиб қолишди. Шундан фойдаланиб муюлишга қараб югурдим. Лекин улар яна эс-ҳушларини йиғиб олишди. «Тўхта! Тўхта!» дея бақирганча тағин ота бошлашди. Икки ўқ яна баданимни тешиб ўтди.

«Шошма, энағарлар, совет десантчиси отиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди сенларга!» дедим ичимда. Бу пайтда муюлишга етволган эдим, шартта тўппончани чиқардим. Қуролим борлигини кўриб, учаласи ҳам ерга ётволди. Телефон будкасини пана қилиб, душманни нишонга олмоқчи бўлсам... эвоҳ, қўлимни кўтаролмайман-да! Ўнг қўлим яраланган экан. Аламимдан йиғлаворай дедим.

Ана, баданимдан тўртта ўқни ўтказворган итемган ғаламислар рўпарамда ётипти, қани энди, қуролимни ишлатолсам! Нима қилиш керак? ўанимларимни саросимага солиш учун асфалтга уч марта ўқ узиб, яна қочишга тушдим. Иложим қанча? Ўз чамамда яна битта ўққа чидайман, у ёғига – ё раззоқ...

Қочганимни кўриб, яна қува бошлашди. Ўқи тугади, деб ўйлаган бўлишса керак-да. Қочяпман, қувиб келишяпти. Лекин менда олдингидай тезлик йўқ. Ҳазил гапми – тўртта ўқ еганман. Улар яна бараварига панғиллатишди. Тағин битта ўқ у ёғимдан кириб, бу ёғимдан чиқиб кетди.

Худога шукр, дейман ичимда, мелисахонагача оз қолди. Бинога яқинлашганимда ичкаридан олтитача мелиса югуриб чиқиб, отишмага қулоқ сола бошлади. Кўрган одам, қувноқ бир таронани тинглаяптими булар, дейиши аниқ эди. Ўқ овози чиққан томонга югуриш қаёқда! Ана сизга совет мелисасининг аҳволи...

Мени кўришлари билан шартта ушладилар-да, тўппончани тортволиб, қўлимга кишан сола бошладилар.
– Нега қўлимга кишан соласизлар? – дея бақира бошладим. – Қочмайман. Анови муюлишда рақамсиз оқ «Волга» турипти. Ундан уч киши тушиб, мени ўлдирмоқчи бўлди!

Шу гапни айтиб бўлишим билан ҳалигилардан бири бурчакдан мўралаб қолди.
– Ана! Ана у! Ушланглар! – деб қичқирдим.

Қаёқда! Мелисалар – парвойи фалак. Бирдан мўралаган одамнинг ўзи муюлишдан чиқиб, биз томонга қараб юра бошлади. Ҳайратдан бақа бўлиб қолдим, лекин барибир яна бақирдим:
– Мени мошинага чақирган шу! Энг кўп ўқ узган ҳам шу! Ушланглар!

Мелисалар қуршови баттар торайди, анови одам шошмасдан ёнимизга келди-да, худди Кеннедининг қотилидай, чўнтагидан тўппончани чиқазиб, оғзини қўлтиғимга тиради.
– Овозингни ўчирасанми, йўқми! – шундай дейиши билан қарсиллаб ўқ ҳам узилди.

Энг қизиғи, шу ўқ танамда қолган экан, бошқалари у ёғимдан кириб, бу ёғимдан чиқиб кетган эди. Қотилимга ҳеч ким тегмади. Шунда бир сирни англагандай бўлдим. Ҳа-а-а! Сотилган экан буларнинг бари!

...Узр, оғайнилар. Зинахоним, ҳў анови бурчакдаги стол ёнида ўтирган беш кишини кўряпсанми? Ўшаларга бешта шампан элтиб бер, бошлари оғриб турганга ўхшайди. Лекин ким жўнатганини айтма. Кеча кўпайтирворишган-да, ҳечқиси йўқ... Ўзимизнинг йигитлар...

Ҳа, нимага келувдим? Эсимга тушди. Пайқадим – ҳаммаси сотиб олинган. Мендан бошқа одам бўлганда олдинроқ сезарди. Мен ҳозир пайқадим. Ишонувчанман-да!

Кейин мени навбатчи лейтенантнинг олдига олиб киришди. Қарасам, таниш йигит, қаҳвахонага минг марта кирган. Худо етқизди, дедим. Ишқилиб, буям сотилмаган бўлсин-да. Лекин ёнида бир маёр ҳам турипти, кўзим тушгандаёқ турқи ёқмаган эди. Лейтенантга бўлган воқеани қўшмай-чатмай гапириб бердим. Унинг мен томонга оғаётганини сезган маёр орага суқилди:
– Ёлғон! – деб бақирди у. – Сен мелиса ходимларига қурол билан ҳужум қилгансан, бу қилмишинг учун жавоб берасан!

Ё парвардигор! Кишанли қўлларим билан ёқамни йиртдим – ҳамма ёғим билч-билч қон.
– Нима деяпсиз, ўртоқ маёр? – дедим титраб-қақшаб. – Қурол билан ҳужум қилибман-у, бирорта ўқим ҳеч кимга тегмапти-да, а? Ўзим олтита ўқ едим-ку!

Маёр асабийлаша бошлади, чунки лейтенант менга хайрихоҳлик билан қараб турарди.
– Найрангбозлик қилма бу ерда! – Маёр шундай деб, юзимга тарсаки тортиб юборди. Вой иблис-эй! Кўзимга қон тўлди, чидаб туролмадим: яроқсиз ўнг қўлимни чапи билан кўтариб туриб кишан билан бошига шундоқ туширдимки, маёр гуппа ағдарилиб, ҳушидан кетди. Ўшанда мени нега ўлдириб қўйишмади – билмайман. Йўқ, биламан – ўзи ўлади, дейишган. Эҳтимол, лейтенант халал бергандир – бир нарса дейишим қийин. Салдан кейин ўзимга келиб қарасам, мошинада кетяпман, қўлимда кишан йўқ.
– Қаёққа олиб кетяпсизлар?
– Тинчланинг, – деди оқ халат кийган бир йигит. – «Тез ёрдам» бу, касалхонага олиб кетяпмиз.

Оқ «Волга»даги анови фирибгарларнинг совунига кир ювган одам оқ халатга ишонадими?

«Худо ҳофиз, Адгур, ҳаммаси сотилган, бу ёғига ҳушёр бўлиш керак!» деган гап ўтди кўнглимдан.

Ростдан ҳам касалхонага олиб келишди. Атрофимда дўхтирлар гирдикапалак, ким сотилган, ким сотилмаган – қаёқдан биламан! Аммо, душман ортидаги ҳақиқий десантчилардай, қатъий қарорга келдим: ўзимни беҳуш кўрсатиб кузатаман, қулоқ соламан, вазиятни ўрганаман.

Қўйинг-чи, рентген-ментген, аравачада у ёқдан-бу ёққа, гоҳ тепага, гоҳ пастга дегандай... Дўхтирлар ўлмаётганимга ҳайрон. Бири «Эрталабгача етмайди», деса, бирови «Балки тузалиб кетар», дейди.

Менинг миямда бошқа ўй: «Худо ҳофиз, энг муҳими – ҳушни йўқотмаслик...»

Дўхтирлар нима учун ўлмаётганимни муҳокама қила бошлашди. Шунда биринчи марта «қисилиш», «таранглашиш» деган атамаларни эшитдим.

«Ўқ юрак қисилган пайтда ўтган бўлиши керак» деган хулосага келишди улар.

Оператсия столига ётқизишди, дарҳол ўзимни ҳушига келган одамдай тутдим.
– Ўртоқ дўхтир, – дедим мўлтираб, – мен тўлиқ наркоз беришингизга рози эмасман.
– Ие, ие, – деди дўхтир, – ўзига кеп қопти-ку. Мен умуман наркоз бермоқчи эмасман – ўқ юзада, шундоқ кесиб олиб ташлайвераман.
– Унда яхши, бошланг.

Қисқаси, ўқни олишди, кесилган жойни боғлаб, палатага жўнатишди. Яна ўзимни ҳушдан кетгандай кўрсатдим. Сотилган дўхтирлар мени ўлади деб ўйлаётган бўлса, ўйлайверсин.

Олиб келиб, алоҳида палатага ётқизиб қўйишди. Ие, мен министр¬манми, нега алоҳида палатага ётқизишади? Бунда бир гап бор. Уйқуга кетганимда бир бало қилишади. Гувоҳларсиз. Яна кўзимни юмиб олдим.

Беш дақиқалардан кейин ёшгина ҳамшира кириб келди. Қўлтиғимга ҳарорат ўлчагични тиқмоқчи. Кўзни очишга тўғри келади.
– Яхши қиз, – дедим овозимга мулойим тус бериб, – яқиндагина мана шу еримга тўппонча тиқишган эди, балки етар?
– Э, шунақами, – деди ҳамшира, – бўлмаса, бу ёғингизга қўямиз.
– Йўқ, олдин ўзингизга қўйинг.
– Ие, нега энди? – Қиз астойдил ҳайрон бўлди. Ўзини маъсума қилиб кўрсатмоқчи. Лекин менинг талабим ҳам тўғри-да: сотилганми, сотилмаганми – билмасам.
– Гап шундаки, яхши қиз, – дедим жиддий оҳангда, – ўлчагич қўлтиғимда портлаб кетса, уруғларим сизни тинч қўйишмайди, ярим умрингиз қамоқда ўтади!
– Нималар деяпсиз, ё тавба! Нега портлайди? Ҳозиргина қутичамдан олдим.
– Алмаштириб қўйган бўлишлари мумкин...
– Бўпти, олдин ўзимга қўяман.
– Лекин билиб қўйинг, – дея огоҳлантирдим уни, – портлаб кетсангиз, мен жавобгар эмасман.

Ҳамшира ўлчагични қўлтиғига суқди, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик.
– Вой шўрлиг-эй, – деди у бир маҳал, – не кўйларга солишибди-я сизни? Жудаям гумонсирайдиган бўлиб кетибсиз.
– Секин айтасизми! Рақамсиз оқ «Волга» ёнингга келиб тўхтаса, ундан уч каллакесар отилиб чиқиб бараварига сенга ўқ уза бошласа, мелисадан паноҳ излаб ўша ёққа югурсанг-у, аранг уларнинг олдига етиб борганингда қотил бамайлихотир сенга яқинлашиб, қўлтиғингга тўппонча тираса, яна «Овозингни ўчирасанми, йўқми!» деб туриб тепкини босса, мелисалар эса миқ этмаса, ўзларининг одами-да – мен гумонсирамай ким гумонсирасин!

Ўн беш дақиқа суҳбатлашдик. Мен атайин шошмаяпман. Модомики улар ўз ишларига панжа орасидан қарашга ўрганган экан, демак, портлатгичлари ҳам кечикиб портлайди. Лекин қиздан хотиржам бўлдим. «Бор-йўғи ҳамшира бўлса, шуниям сотволадими!» дейишгандир-да.

Қиз ҳароратимни ўлчаб, ҳанг-манг бўлиб қолди: ўттиз олтию олти. Шунақа эканига шубҳам йўқ эди.
– Мана, энди ишондим, софдил, ҳалол қиз экансиз, – дедим унга. – Айтинг-чи, нега мени худди министрдай алоҳида палатага ётқизишди? Менга оддий палата ҳам бўлаверарди.
– Ҳамма палата банд, – деб жавоб берди ҳамшира. – Сиғмаганлари йўлакда ётипти.
– Ҳа, баракалла. Аҳвол шунақа экан, менга бундай шарафнинг нима кераги бор? Оддий барменман. Горкомнинг инструктори ёки горторгнинг инспектори бўлганимда бошқа гап эди.
– Бу палатада бир касал ётувди, – деди қиз. – Икки соат олдин ўлди. Бошқа одамни ётқизишга ҳали улгурганимиз йўқ.
– Ие, бу ерда ётганларнинг ҳаммаси ўладими?
– Йўқ, аҳён-аҳён.

Аҳён-аҳён эмиш! Барибир таъбим тирриқ бўлди.
– Илтимос, навбатчи дўхтирга айтинг, мени умумий палатага ўтказсин.
– Бўпти, айтаман, – деди ҳамшира, – лекин рухсат бермаслиги аниқ, ҳозир тунги соат уч – беморларни безовта қилиш мумкин эмас.
– Майли, бир сўраб кўринг.

Кейин уйим қаердалигини тушунтириб, эрталаб биррав кириб хотинимни огоҳлантириб қўйишни илтимос қилдим. Тағин оёқни узатворсам, бехабар қолишмасин.
– Сизга жин ҳам урмайди, – деди ҳамшира. – Жонингиз темирдан экан, шунча жароҳатдан кейин ҳам ҳароратингиз ўзгармаса-я! Сизни олиб келганда кўп дўхтирлар ўлади, дейишган эди.
– Сотилган оқ халатлиларнинг баъзилари ҳозир ҳам шу фикрда. Лекин сиз бор экансиз, улар ниятига етолмайди.

Қиз чиқиб кетди. Кўнглимни яна ғулғула босди: агар навбатчи дўхтирни ҳам сотиб олишган бўлса, у мени умумий палатага ўтказишга рухсат бермайди. Ортиқча гувоҳнинг нима кераги бор?

Майли, худо ҳофиз. Бирдан раҳматли катта бувим эсимга тушиб кетди. Уйимдагилар мендан хабар топмагунча жанозага жўнашмайди. Марҳумани чиқаришга на ойим, на хотиним, на сингилларим бормаса – қип-қизил шармандалик. Урф-одатни оёқости қилган бўламиз. Катта бувим бизсиз ҳам кўмилади, албатта. Аммо қариндош-уруғ, эл-юрт олдида иснодга қоламиз.

Ҳамшира қайтиб келиб, рухсат бермади, деди. Билувдим. Энди ўзимни ҳеч кимдан шубҳаланмаётгандай тутаман.
– Ҳа, майли, яхши қиз. Фақат эрталаб бизникига кириб ўтиш ёдингиздан чиқмасин.
– Ташвишланманг, – деди ҳамшира. – Албатта кираман, айтаман. Ўзим ўша томонда тураман.
– Энди ухласам бўлади. Ухлади, денг. Шунақа денг.
– Яхши ётиб туринг. – Қиз шундай деб, чиқиб кетди.

Яхши ётиб туринг, эмиш. Ҳозир энг муҳими – ухлаб қолмаслик. Кейин нима бўлди, денг? Чамаси ярим соатлардан сўнг эшик аста очилиб, палатага оқ халат кийган бир одам кирди. Битта-битта босиб тепамга келди; тикилганча қараб турипти, турипти, турипти. Нафасим ичимга тушиб кетган. Лекин ўнг оёғим зарбага тайёр. Сал бежо ҳаракатни илғадимми, «карате» қивораман. Қарабсизки, биринчи гуруҳ ногирони бўп турипти-да. Ҳар ҳолда десантчиман. Бизни ҳам у-бу нарсага ўргатишган.

Йўқ, тегмади, дераза ёнига қўйилган стулга бориб ўтирди. Қотиброқ ухласин деяпти-да. Кейин бемалол... уколми, порошокми... ўзлари билишади. Салдан кейин кўз қирини ташласам, бошини буриб, яна тикилиб қараяпти. Кейин бирдан ўрнидан турди-да, мен томон юра бошлади. Асабларим чидамади. Ўзимни нохос уйғониб кетган кишидай кўрсатиб:
– Тўхта! Ким келяпти?! – деб бақирдим.
– Ие, ёв-вош, ёв-вош, – дейди. Қизиқчи экан. – Секинроқ, касалларни уйғотворасиз. Нафасингиз тўхтаб қолгандай туюлди, шунга...
– Нафасим тўхтагандан кейин ҳам бир кишига кучим етади! – дедим.
– Қалай, тузукмисиз?
– Нуқул уйқу босади, ҳайронман.
– Ухланг, ухланг, – деди у, – қон кўп кетганда шунақа бўлади ўзи.

Кейин индамай чиқиб кетди. Ҳозир сира иложи йўқ, бемор вазиятни назорат қилиб турипти, дея кимгадир ҳисоб бермоқчидир-да.

Унга нима дейишган, билмайман, бир маҳал яна кириб келди, яна тикилиб турипти. Мен ҳам ўзимни ухлаганга солиб ётавердим. У яна ҳалиги жойига бориб ўтириб, бошини дераза рафига қўйганча хуррак ота бошлади. Э-э, овора бўласан, менга бунақа нағманг ўтмайди. ўафлатда қолдирмоқчи-да. Эрталабгача эринмай хуррак отиб чиқди.

Саҳар пайти дераза орқасидан хотинимнинг овози эшитилди. Сапчиб турдим, оқ халатли «қотил» ҳам шартта туриб, йўлимни тўсди:
– Ётинг, дарров жойингизга ётинг!

Бир тепиб бурчакка учирвордим. Кейин деразани ланг очиб, хотинимга қичқирдим:
– Соппа-соғман! Бувимнинг маъракасига бораверинглар! Менинг номимдан ҳам қабрига бир сиқим тупроқ ташланглар! Қаердалигимни ўртоқларимга айтиб қўйинглар! Қолганини кейин гаплашамиз!

Хотиним йиғлаб ётипти:
– Қидирмаган жойимиз қолмади. Ўликхоналарга ҳам бордик, мелисахоналарга қўнғироқ қилдик.
– Заб қўнғироқ қиладиган жойни топибсанлар! – дедим. – Йўлга чиқаверинглар, ўртоқларимга хабар бериш ёддан кўтарилмасин!

Ҳалиги киши ўзига келиб, мени дераза олдидан каравотга қараб тортқилай бошлади. Бу гал тархашлик қилмадим. Ўзим бориб ётдим.
– Қизиқ одам экансиз-ку, – дейди, – эрталабгача мижжи қоқмай тепангизда ўтирсам-у, мукофотига тепки есам! Бу қанақаси?
– Узр, – дедим мен, – кўз юммай хуррак отадиган одамни шу чоққача кўрмаганман-да.

Икки соатлардан кейин оғайниларим келишди. Бир қучоқ гул, хачапури, товуқ-повуқ, яна алламбалолар кўтариб келишипти, худди томоғимдан овқат ўтадигандай. Бош дўхтир билан даволовчи дўхтирни ҳам ийдиришипти. Энди кўнглим тўқ – менга ҳеч ким тегмайди.

Эртасига яқин дўстларимдан бири гап топиб келди:
– Адгур, суриштирдим, тагига етдим. Сенга мелиса ходимларига қурол билан ҳужум қилган, деган айбни тиркаб, отишга ҳукм чиқаришни мўлжаллашяпти. Лекин сен қўрқма – Мухусдан Москва¬гача барча дўстлар оёққа турғизилган. Энг олдин вақтдан ютиш керак, бунинг учун сен касалхонада иложи борича кўпроқ ётишинг лозим. Бу ердан сени қамоққа олиб кетишолмайди. Ҳаммага, ҳароратим жойида, деб валақлайверма. Шу бугундан бошлаб аҳволинг оғирлашган. Даволовчи дўхтирингни қўлга олдим. Касалхонадан қирқ беш кунсиз чиқазмайди. У ёғини яна кўрамиз. Москвадаги ўртоқлар зўр адвокат ёллашди. Маҳаллийси тўғри келмайди – бари сотиб олинган.

Орадан кўп вақт ўтмай, дўстим касалхонага москвалик адвокатни бошлаб келди. Бўлган воқеани гапириб бердим.
– Парво қилманг, Адгурбек, – деди адвокат, – мелисангиз нима бўпти! Булардан каттароқларини ҳам пусурган бузоқдай қилиб қўйганман. Аммо қурол олиб юрганингиз учун бир ярим йилга кесиласиз.
– Шуни миллий анъанага айлантирворса бўлмасмикан?
– Йўқ, бўлмайди, – деди адвокат. – Нима бўладию нима бўлмайди – мижозларимга олдиндан айтиб қўяман, шунинг орқасидан нон ейман-да.
– Савдолашиб нима қиласан, – дея гапга қўшилди дўстим. – Отилиб кетгандан кўра бир ярим йил ётиб чиққанинг яхшимасми?
– Бошқа томони ҳам бор, – деди адвокат, – тартибни бузмасангиз, бир йил ўтирасиз, холос. Бундан ташқари, «Кариб танглиги» даврида Кубада хизмат қилганингиз, жанговар тайёргарлик аълочиси бўлганингиз ҳам бизнинг фойдамизга...

Вақт-соати етиб, касалхонадан чиқдим. Бир ҳафтадан кейин судим бўлиши керак. Олий суд билан алоқаси бор оғайним ҳовлиқиб кепқолди.
– Иш чатоқ, Адгурбек, – дейди, – эртага кундузи соат иккида шошилинч суд мажлисини ўтказишмоқчи, сенга маҳаллий адвокат тайинлашмоқчи.
– Маҳаллий адвокат? Нега энди? Мен раддия бераман бунақа судга!
– Йўқ, – деди ўртоғим, – улар айнан шуни кутишяпти. Агар раддия билдирсанг, ўта хавфли жиноятчи сифатида ҳибсга олишади. Дўстларингдан айириш учун. Бинобарин, бундай қилакўрма, зудлик билан москвалик адвокатни чақириш керак, шу бугун кечаси етиб келсин. Олдин Аерофлотга қўнғироқ қил, Москвадан учадиган кечки рейсларни бекор қилишган, эшитишимча.
– Нима бало, улар Аерофлотни ҳам сотиб олганми?
– Унақамасдир. Дам олиш мавсуми тугаган-да, йўловчилар оз, шу сабабли бекор қилган бўлишлари ҳам мумкин.

Аерофлотга қўнғироқ қилдим. Рост, кечки рейслар тўхтатилган. Ҳа, майли, Адлер билан гаплашиб кўрай-чи.
– Парвозлар – жадвал бўйича. Самолёт кечаси келади Москвадан, – дейишди у ердагилар.

Хайрият-э! Москвага, адвокатга қўнғироқ қилдим. Буюртмани ўртоғим берди, гўшакни мен ушлаб турдим: телефон идорасида ишлайдиганлар ҳам сотилган-да.
– Яхши бўлди қўнғироқ қилганингиз, – деди адвокатим. – Ҳозироқ учаман, Адлерда кутиб олинглар.

Эртасига ҳаммаёқнинг титиғини чиқаздик. Судя адвокатим шу ердалигини эшитиб типирчилаб қолди. Ишимни маҳаллий адвокатга ошириб бўлишган экан, ўқиётганмиш. Ўртоқларим айтишди. Адвокатлар идорасига кирсам, кўзойнак таққан бир ипириски бошини кўтармай ўқиб ўтирипти.
– Тур-э! – дедим. – Қорангни кўрмайин! Учта институтни тугатган москвалик машҳур адвокат менинг ишим билан икки ойдан бери шуғулланяпти, сен сотволган дипломинг билан бир-икки соатда ниманинг фаҳмига етардинг!

Қисқаси, дўстларим билан бирга соат иккида бошланадиган судни кутяпмиз. Адвокатим бўлса шаҳар айланиб юрипти, нега бунақа қилади – ҳайронман. Оғайниларимдан бирининг мошинаси хизматда. Гоҳ Олий судга, гоҳ прокуратурага, гоҳ горкомга боришади. Нимадир бўлаётганини сезаман-у, нималигини аниқ билмайман. Наҳотки, фирибгарлар адвокатимни ҳам сотиб олишса? Суд бошланишига озгина қолганда, ҳартугул, пайдо бўп қолди.
– Адгурбек, ваъда – ваъда, – деди у, – сени қутқараман. Лекин биз уларни айблай олмаймиз, негаки орқаларида катта кучлар турипти. Ҳимояни бошқа йўлга буришга тўғри келади. Ўқ узган одамларни сен танимайсан, уқдингми? Бусиз ҳам судя сенга қарши, аммо мен уни дабдала қиламан.

Бундан чиқди, мелисаларнинг кўзи олдида «Овозингни ўчирасанми, йўқми!» деб туриб қўлтиғимнинг тагидан дарча очмоқчи бўлган одамни мен танимаслигим керак. Бу ёғи қандоқ бўлди? Жиноятчи жазосиз қолаверадими? Жаҳлим чиқди. Лекин ўртоқларим кўплашиб ҳовримдан туширишди. Начора! Адвокатим нима деган бўлса, судда ўша гапни гапиравердим.

Суд жараёнида мени отувга ҳукм қилмасликлари маълум бўлди, бироқ иблис судя, кайф ҳолда, безориларча қурол ишлатган деб, саккиз йилни мўлжаллаб турипти!

Хўш, халқ маслаҳатчилари кимлар денг: бир аёл билан бир эркак. Эркаги «Бесамар меҳнат» артелида ишлармиш, қулоғи гаранг. Аёл эса тикув фабрикасининг илғорларидан, икки оғиз ўрисчани бир-бирига қовуштиролмайди. Шаҳримизда ўтган суд мажлисларининг ҳаммасида шу тикув фабрикасининг ишчилари маслаҳатчи бўлган. Нимага айнан тикув фабрикасига ёпишиб олишган – билмайман. Ҳамма жойда бўлганидек, у ерда ҳам ўғирлик қилишади.

Бор умидим адвокатдан. Лекин бало экан! Аввало, тергов устидан кулди: нохолис ва саводсизларча олиб борилган, деди. Бунақа фирибгарлик ҳатто Техасда ҳам топилмасмиш. Маълум бўлишича, терговчи менинг генералларгагина ярашадиган тўппончамни жиноят ишидан олиб ташлаб, уни қандайдир амалдорга совға қилворипти. «Парабеллум»ни алмисоқдан қолган аллақандай «Валтер»га алмаштириб қўйипти. Мени танимайдиган одамлар олдида роса уялдим. Бунақа «Валтер»ни бизда қишлоқ қоровули ҳам қўлига олмайди. Кейин гўё отишма жойидан топилган олтита бўш пистон ҳам намойиш қилинди. Демак, менга олтита ўқ текканини инкор этишолмайди. Аммо гапнинг нишабини шунга опкелишдики, гўё мен олтита ўқ узганман, улар ҳам менга олтита ўқ узишган. Адвокатим роса кулги қилди:
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ку, – деди у, – отишмами бу ёки Пушкин билан Дантеснинг дуелими?

Айбланувчи жиноятчиларни нишонга олмаган, мелисани чақириш мақсадида осмонга қаратиб отган, деган гапни ҳам қўшиб қўйди.
– Қани, ўзларинг айтинглар, – дея давом этди у, – яқин ўтмишда десантчи бўлган, жанговар тайёргарлик аълочиси ҳисобланган, «Кариб танглиги» вақтида ўз ихтиёри билан Кубага борган шундоқ йигит... қутурган безорилардан бирортасини ҳам нишонга ололмапти-да, а? Уларнинг шахсиятини холис тергов келгусида аниқласа керак...

Демак, гап ҳимоянинг дастлабки режаси томон оғяпти.
– Муҳтарам судянинг сўзларига қараганда, бизнинг десантчиларимиз отишни билмайди! Халқ тинчлигини қўриқлашга даъват этилган шонли армиямизга туҳмат эмасми бу?!

Прокурор ўрнидан туриб, «Судянинг гапларида туҳмат йўқ, кавказча талаффузи сабабли москвалик ҳамкасбимизга шундай туюлган», деди.

Адвокатим ўтирган жойидан жавоб қайтарди:
– Туҳмат бор, буни қайд этиб қўйишни сўрайман!

Шундай қилиб, у ютиб чиқди. Айтгани бўлди. Мени бир ярим йилга кесдилар, бир йил ўтирдим.

Дранд турмасига олиб боришган эди. Қарасам, назоратчи – бир ўртоғимнинг амакиси.
– Адгурбек, ҳаммасидан хабарим бор, – деди у, – биламан, сенда айб йўқ. Лекин қўлимдан нима келади, мен бир кичкина одамман...
– Раҳмат, Тенгиз амаки, – дедим, – ҳеч нарса керак эмас. Мендай одамга икки оғиз ширин сўз кифоя.
– Аммо бир масалада ёрдамим тегиши мумкин. Олдингга келадиганларга навбат ҳам, муддат ҳам йўқ.
– Раҳмат, Тенгиз амаки, яхшилигингизни унутмайман.

Ана шундай гап-сўзлардан кейин мени камерага элтиб қўйиб, ўзи изига қайтди.

У ёқ-бу ёққа аланглашга улгурмасимдан норғул бир йигит сўрисидан қичқириб қолди:
– Салом, Туршак! Кўпдан бери кутаман-а сени, Туршак!

Қарасам – нотаниш.
– Оғайни, бировга ўхшатяпсан. Мени исмим Адгур.

Ёнидан ўтиб, жойимга бориб ўтирдим.
– Йўқ, Туршаксан! – дейди шанғиллаб. – Ташқарида нима гаплар, Туршак?

Ё тавба! Ҳақорат қиляптими бу ё ростдан ҳам бировга ўхшатяптими? Ёнимда ўтирган одам энгашиб қулоғимга шивирлади:
– Эътибор берма – эси кирди-чиқди. Ҳаммага ўзича ном қўйиб олган.
– Эси кирди-чиқди бўлса, нега бу ерда ётипти, жиннихонага бормайдими?
– У – ҳам тентак, ҳам жиноятчи. Парво қилма, ҳаммага лақаб қўйган, дедим-ку.

Ўшанда туршак нималигини билмасдим.
– Туршак дегани нима ўзи? – деб сўрадим ҳалиги одамдан.
– Ўрикқоқи. Ўрта Осиёда бўлади.

Вой хумпар-эй! Туршак эмишман. Озғинроқ бўлсам ҳам майли эди. Жиннилиги рост, шекилли. Ке, қўй, шунга ҳам сиқилиб ўтираманми? Олтита ўққа чидаган – Туршакка ҳам чидарман.

Шу алфозда ўн кундан бери яшаяпмиз. Камерада ёшгина, нимжонроқ бир йигит ҳам бор. Темирйўл мелисасида ишлаган экан.

Қамалишининг тарихи бундай. Горкий шаҳрига бир тоннача мандарин олиб кетаётган проводникларни қўлга туширипти. Мандаринни мусодара қипти, проводникларнинг устидан далолатнома ёзиб, уни Батумига, иш жойларига жўнатмоқчи бўпти. У ёш, тажрибасиз, проводниклар эса пихини ёрган одамлар.
– Бўлар иш бўлди, – дейишипти улар, – мандаринни мусодара қилдинг, етади. Акт ёзмай қўяқол. Фалончига икки минг сўм қолдириб кетамиз, шуни олиб, бошлиғинг билан «арра» қилинглар.
– Унақаси кетмайди, – дейди бу, – менга садақангиз керак эмас, акт ёзаман.

Ўзини бозорга соляпти, деб ўйлашипти улар. Лекин бу ҳалол-пок йигит экан, далолатномани ёзиб, жўнатворипти.

Орадан бирмунча вақт ўтгач, ҳалиги проводниклар яна пайдо бўпқолишипти, иккаласи ҳам ғирт маст, мелиса йигитга ёпиша кетишипти:
– Сен ярамас, пулни олишга олиб, бу ёғини расво қипсан, судга берамиз сени!

Ростдан ҳам судга беришипти. Маълум бўлишича, проводниклар ўша гапни бошлиқнинг олдига кириб ҳам айтишган. У кўнган. Эртасига бошлиқ йигитни чақириб, далолатномани сўраган, йигит, жўнатвордим, деган. Бошлиқ индамаган. Шундан кейин маълум муддат ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича турган. Сир судда очилган. Бошлиқ проводникларнинг бошлиғига қўнғироқ қилиб, – улар ҳар доим бир-бирини қўллайди-да, – актни йиртиб ташланг, деган. Проводниклар қолдирган пулни чўнтакка урган. Батумидаги ҳалиги бошлиқ билан «арра» қилмоқчи бўлганми, йўқми – бу ёғи менга қоронғи.

Хуллас, у бошлиқ бу бошлиқдан ё ўз улушини ололмаган, ёки бўлмаса, нафси ҳакалак отиб, далолатномани проводникларга кўрсатган-да, улардан пул талаб қилган. Пулни олган ҳам. Проводникларга эса алам қилиб кетган.

Улар бу ёқда қолдирган пулларини қайтариб олиш учун келса – пул йўқ. Мелиса йигитнинг бошлиғи елкасини қисиб, бемаъни ходимим актни ўзбошимчалик билан жўнатворипти, деб тураверган. Кейин проводниклар судга берган.

Бошлиқ ишни бости-бости қилворса бўларди, албатта. Аксига олиб, ўшанда Шеварднадзе порахўрликка қарши кураш бошлаган кезлар экан. Суду прокурорларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетган-да ўшанда. Шунинг учун улар эски гуноҳларини хаспўшлаш, ўзларини ҳалолу пок кўрсатиш мақсадида, қўлга тушганларни арзимаган гуноҳи учун ҳам узоқ муддатларга кесиб юбораверган.

Бошлиқни ҳам, йигитни ҳам ҳибсга олиб, уларга саккиз йилдан берилади. Ноинсоф бошлиқ, пулни ходимим билан «арра» қилганмиз, дейди. Озроқ муддатга қамайди, деб ўйлаган-да ҳароми. Мен бир нарсага ҳайронман. Олий маълумотли судялар, прокурорлар пулни олган одам икки дунёда ҳам далолатномани жўнатмаслигини наҳотки билмаса? Билади. Гап бошқа ёқда. Қўрқоқ олдин мушт кўтаради.

Мана, ўзимга ўхшаган бегуноҳ бир шўрлик, мелиса бўлишига қарамай, камерада ўтирипти. Анови тентак қачонлардир мелисада ишлагани учун шунга тирғалгани тирғалган. «Этик» деб лақаб қўйволган.

Йигитга ичим ачийди – бекордан-бекорга ўтирипти. Уйида ёшгина хотини, бир ёшли боласи қолган. Ҳалиги жиноятчи бўлса бунга кун бермайди. Жаҳлим чиқса ҳам чидайман. Мени олтита ўқ билан ўлдиришолмапти-ю, аммо асабларимни ишдан чиқазишипти.

Бир куни эрталаб, нимадан бошланганини ҳам сезмай қолибман, тентак маҳбус шўрлик болани бўғиб ётипти. Ҳар галгидай силкитиб-силкитиб қўйворади, деб ўйлабман-да. Қарасам – мелиса йигитнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетяпти.
– Ҳой, нима қиляпсан! – дея бориб ажрата бошладим. – Қўйвор, ўлдириб қўясан-ку!

Тортаман-тортаман, қани ажратолсам! Ҳўкиздай бақувват экан. Роса уриндим – қўйвормайди. Йигитнинг юзи кўкариб кетган. Чидаёлмадим. Кейин... ияги остига десантчасига мушт солдим.

Гуппа ағдарилди. Бориб сўримга ўтирдим. Ҳа, асабим ишдан чиққани рост. Тентак бўлса шу ётганча ётипти. Хавотирлана бошладим: ўлиб қолган бўлса-я! Худо кўрсатмасин – судямга байрам бўпкетади-ку. Йўқ, ўлмагандир. Қаттиқ нокаут, холос.

Тахминим тўғри чиқди – ўн беш минутлардан кейин аста бошини кўтариб, эмаклаганча сўрисига қараб кетди.

Шу ётганча кун бўйи турмади – тушлик ҳам қилмади, кечки овқатни ҳам емади. Девор томонга ўгирилганча қимир этмай ётаверди. Нафас олади, холос. Юрагимга яна ғулғула тушди. Йиқилганда боши лат едимикан?

Уни «еси-кирди чиқди» деган одам тағин қулоғимга шивирлади:
– Санчастга хабар бериш керак.
– Шошмайлик, – дедим мен, – балки ўзига кепқолар.

Санчастга хабар қилиш хавфли. Агар тентак нима бўлганини гапириб берсаю душманларим буни эшитиб қолса, мени ўлдириш эвазига озодликни ваъда қилишади унга. Албатта, озодлик қаёқда, лекин тентак – тентак-да, ишонади.

Энди шунисидан қўрқа бошладим. Олдинроқ юз бериши мумкин бўлган бошқа хатар ҳам бор: ўзини гўлликка солиб ётган бўлса, кечаси туриб бошимга бир нарса билан тушириб қолиши мумкин. Яна, худди ҳув касалхонадагидай, тун бўйи ухламаслигим керак. Қанақа қисмат бу! Шундай бўлди – эрталабгача мижжа қоқмадим. Аҳён-аҳён бошимни кўтариб қараб қўяман – ётипти арслоннинг ўлигидай.

Фақат эрталаб ўрнидан турди. Аста мен томонга юра бошлади. Нима қилсам экан? Яккама-якка муштлашишдан қўрқмайман. Лекин ҳозир менга жанжалнинг кераги йўқ. Душманларим эшитиб қолишидан худо асрасин. Рўпарамга келиб, бошини эгди:
– Туршаквой, қаттиқ урдинг-да лекин.
– Ахир, сен ҳам уни ўлдириб қўйишингга сал қолди-ку. Билсанг, сени отилишдан асраб қолдим.
– Жинни экансан, Туршак (мен жинни эмишман!), мелисалар ўзингни аспаласопинга жўнатишига бир баҳя қопти-ку, бунинг ёнини олиб нима қиласан!
– Қизиқсан-а. Биз судя эмасмиз-ку, ахир. Сотилган фирибгарлар билан ҳалол одамларни фарқлай билиш керак. Бу мелиса ҳалоллиги учун саккиз йилни бўйнига илиб қўйишипти, ўлганнинг устига тепгандай, сен уни бўғсанг...

Тентак ўйланиб қолди.
– Барибир қаттиқ урдинг, Туршак.
– Энди, оғайни, узр, – дедим, – асаб чатоқ, қизишиб кетибман.

Шундай қилиб, ярашволдик. Турмада фақат кучни тан олади, бошқа ҳеч нарсани тан олишмайди. Мўмин-қобилгина бўлиб юрдим. Ўша куни манови тентак урганим учун эмас, хафа бўлганидан тескари қараб ётган экан.

Вақт-соати келиб мени лагерга жўнатадиган бўлишди. Яна назоратчи Тенгиз амаки билан юзлашдим. Хайрлашаётганимда илтимосимни айтдим:
– Тенгиз амаки, камерада илгари мелисада ишлаган бир йигит ётипти. Менга ўхшаган жабрдийда. Анови эсини еган ўлдириб қўймаса деб қўрқаман. Уни бошқа камерага ўтказсангиз яхши бўларди-да.
– Бўпти, Адгурбек, – дея дарров рози бўлди назоратчи. – Шу бугуноқ ўтказаман. Хотиржам бўл. Бу бизнинг хатомиз...

Қолган муддатни лагерда ўтказдим. Ҳа, дарвоқе, озодликка чиққанимдан кейин ҳалиги мелисанинг оиласини қидириб топдим. Менга уларнинг шикоят аризасига СССР Прокуратурасидан келган жавобни кўрсатишди. Бош прокурор ёрдамчиларидан бири имзо чеккан. Ўша имзо миямга муҳрланиб қолган. Жавоб бундай: «Грузияда жиноятчиликка қарши кураш компанияси давом этаётгани сабабли ишни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эмас. Имзо». Мана, мамлакатдаги аҳвол, оғайнилар!

Бир одам ноҳақ жабрланди. Қонун бўйича, унга бир ёки икки йил беришлари, ҳатто шартли жазо тайинланиши ҳам мумкин эди. Вақтида хабар қилмагани учун. У мелиса ходими сифатида, фалончи-фалончилар менга пора бермоқчи бўляпти, деб керакли жойни огоҳлантириши лозим эди. Тажрибасизлигидан шу ишни қилмаган. Хўш, энди додини кимга айтади: арши аълодаги Олло таологами?!

Хуллас, лагердаман. Хотинимдан хат келиб туради. Бир хатида, сенинг ўрнингда фалончи ишлаяпти, деб ёзипти. Ё алҳазар! Ахир, бу одам бир неча бор директоримнинг олдига келган, иккаласи роса пичирлашган эди-ку! Лекин мен қизиқмаганман. Бировларнинг ишига аралашиш одатим йўқ. Мана, энди ҳаммасига тушундим.

Ўшанда, жон талашиб ётганим учунми, директорим мени кўргани касалхонага бирор марта ҳам келмаганига аҳамият бермаган эканман. Одатимизга хилоф! Кейин бошқа нарса ёдимга тушди: ишдан ярим соат барвақтроқ кетмоқчи бўлганимда уч йил олдинги гапни қўзғаб, мени ушлаб турди. Сотиб олинган анови мелисалар билан келишиб қўйган-да, қаёққа жўнатади! Балки улар ҳали оқ «Волга»нинг рақамини ечиб улгурмагандир? Ишдан ҳар кунги вақтда кетишим керак!

Ҳамма гапни фаҳмладим-у, чидаб юрибман. Фақат иккита одамда аламим бор. Бири – жоним эвазига менинг ўрнимни бировга сотган директор, иккинчиси – «Овозингни ўчирасанми, йўқми!» деб қичқирган ва сўнгги ўқни узган иймонсиз одам.

Бир дақиқа, оғайнилар... Зинахоним, ҳў анови стол, охиридан учинчи. Нима ичишяпти, кўрмаяпман. Секин бориб разм сол. Агар коняк бўлса – битта арман коняги, вино бўлса – тўрт шиша вино. Ўша навидан. Баъзи офитсианткалар одам оғзига олмайдиган винони элтиб беради. Сен унақа эмассан, биламан. Менинг пулимни қизғанма! Кераги йўқ! Дўстлар учун яшаймиз, меҳмон кутиш учун яшаймиз. Яна ниманинг илинжида яшаш мумкинлигини мен тасаввур ҳам қилолмайман...

Лекин иш пайтида, пештахта ёнида турганимда бир қултум ҳам ичмайман, бировга текинга гугурт ҳам бермайман. Одатим шунақа! Дам олганимда эса кайф-сафони киндигигача етказаман.

Баъзилар уй жиҳозларини ҳар йили алмаштиради. Хитойлар тўғри айтади: жир битган-да!

Бир куни қўшним «Юр, Адгурбек, уйимни бир кўриб қўй», деб қолди. Кирдим. Энг катта хонанинг ўнг томони – ердан шифтгача китоб, чап томони ҳам ердан шифтгача китоб. Ўнгдаги китобларнинг муқоваси буткул қизил, чапдаги китобларнинг муқоваси буткул яшил.
– Ёпирай! – дедим ёқамни ушлаб. – Лениннинг Кремлдаги кабинетига кириб қолдимми?
– Йўқ, – дейди қўшним, – зал бу. Ҳозир мода шунақа.
– Ҳой, чулчут, – дедим жаҳлим чиқиб, – шунча китобни нима қиласан? Ўқимасанг, алифни калтак деёлмасанг!..

Хафа бўлди. Тўғри гап туққанингга ёқмайди. Хотиним ҳам ўн йилдан бери қулоқ-миямни ейди: жиҳозларни янгилайлик, жиҳозларни алмаштирайлик!
– Ўчир! – дейман ҳар гал. – Уч хонали уйинг борми? Бор. Болаларинг тўқми? Тўқ. Мактабга қатнаяптими? Қатнаяпти. Уйинг¬га тўртта одам келса, олдига қўядиган нарсанг борми? Бор. Каравотинг тагида қошиқдай-қошиқдай беш-олтита поябзалинг туриптими? Турипти. Отам урушда юрганида ойимнинг биттагина туфлиси бор эди. Устага берса, ишга калишда борарди. Мен буни унутармидим? Ҳеч қачон унутмайман. Мана энди товуқмиянг билан ўйлаб кўр: ойим киму сен ким?

Йўқ, мен янгиликка қарши эмасман. Лекин меъёрида бўлсин-да. Бизда ҳам ҳамма нарса бор: газ плитаси дейсизми, ваннахона дейсизми... Тирикчиликка нима зарур бўлса, бор-да ишқилиб. Аммо дабдабанинг нима кераги бор? Кўз-кўз қилишнинг нима кераги бор? Кераги йўқ! Мен буни ҳазм қилолмайман. Майли, отамдан қолган жавон қандай турган бўлса, тураверсин. Отам замонида деворга осилган гилам осиғлигича қолаверсин. Ош-нон сўраётгани йўқ-ку!

Бир танишим, исмини айтмайман, фалон пулга хотинига пўстин олиб берипти. Қалинлиги бир қарич. Хўш, йил-ўн икки ой офтоб чарақлаб турадиган юртимизда бунақа пўстиннинг нима кераги бор? Март ойида ўша хотин пўстинини кийиб, дафн маросимига борипти. Кўз-кўз қилмоқчи бўлган-да! Иссиқдан димиқиб, ҳушидан кетипти. Қани, энди ўзларинг айтинглар: мотамсаролар бунга қарасинми, ўликками? Ана сизга мақтанчоқликнинг оқибати! Хитойларнинг гапида жон бор: жир битган, ёғ босган бизни!

Яна ўтлаб кетдим-а... Хулласи калом, қамоқдан чиқдим, бир ҳафтача оғайниларим билан кайф-сафо қилиб юрдим, кейин улар билан бирга таксига ўтириб, мана шу қаҳвахонага келдик. Бир ўртоғимдан директорни чақириб чиқишни илтимос қилдим.

Директор истар-истамас ёнимизга келди.
– Табриклайман, – деди у, – худога шукр, қутулиб кепсан.
– Раҳмат, лекин сенда ишим бор.
– Қанақа иш?
– Таксига чиқ, – дедим эшикни очиб. – Черняв тоғига борамиз, ўша ерда гаплашамиз.

Ўзини орқага ташлай бошлади.
– Менга қара, – дедим, – кўп жилпанглама! Бормасанг, нима қилишимни биласан-а?!

Тоққа етдик. Бир четга тортиб, бутун кирдикорларини айтиб бердим. Бўйнига олмайди. Энг қизиғи – кўзимга ҳам қарамайди.
– Сенга тегмайман, – дедим пировардида, – онанг бор, сингилларинг, болаларинг бор. Қора кийиб юришмасин. Уларда айб йўқ. Битта йўли шуки, менинг қоним эвазига ўрнимни эгаллаган анови одаминг билан бирга ариза ёзиб, ишдан бўшайсан! Мен баъзилар сингари қон тўкмасдан сенинг ўрнингни бошқа бировга сотаман. Жонингдан умидинг бўлса, шартим шу!

Хуллас, муаммони тинчгина ҳал қилдик. Директорни гумаштасига қўшиб қаҳвахонадан улоқтириб ташладим. Ўрнига дўстларимнинг тавсияси билан инсофли, бамаъни бир одамни олдик.

Мана, яна эски жойимда ишлаб юрибман. Сизларга ўхшаган йигитлар келади, қучоқлайди, табриклайди. Мен йўқлигимда қаҳвахонадан оёқ узиб кетишган экан.

Ҳаммаси жойида, лекин... анови «Овозингни ўчирасанми, йўқми!» деб қўлтиғимга ўқ узган одамни нима қилай?

Қийналаман, изтироб чекаман. Аммо начора? Шаҳар кичкина, йилига уч-тўрт марта бир-биримизга дуч келамиз. Мени кўрса, танимагандай, йўлнинг нариги бетига ўтиб кетади. Уялганимдан мен ҳам ўзимни шундай тутаман. Қанча чидаш мумкин? Оилам, бола-чақамни ўйлайман. Уни ўлдириб, ҳув ота-боболаримиз қилганидай, ўрмонга бош олиб кетолмайман-ку! Шунга куяман, лекин ёниб адо ҳам бўлмайман.

Йил сайин у фирибгарнинг унвони ошиб кетяпти. Катта лейтенант эди, ҳозир – маёр. Ишончим комилки, «Адгурнинг юраги иккита» деган гапни ўша тарқатган. Суиқасдни эплаёлмагани учун ўзини оқлаши керак-ку. Лекин менга қўшюрак деган мўъжизанинг кераги йўқ! Биттаю битта юрагим бор – ана шу зирқирайди фақат...

Ҳамқишлоқларини мажлисга судраб бориб, ажалга рўбарў қилгани юрагида армон бўлиб кетган амаким гўрида тинч ётганмикан? Қадрдоним Виктор барқ уриб турган ёшлигини, худди очилмаган парашютдай, қабрга олиб кетди. Душманим эса айшини суриб, унвонлар олиб ётипти.

Шунинг учун бўш вақтларимда яхши одамларга талпинаман, қайғуни унутиш илинжида дўстларим билан чақчақлашиб, кайф-сафо қиламан, таниш-билишларни икки-уч шиша ичимлик билан сийлаб тураман.

Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна қайта туғилишни орзу қилишга арзийдиган ҳеч нарсани кўрганим йўқ. Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги биродарлик, ана шунинг учун ичамиз! Бу оламда сотилмайдиган ва сотиб олинмайдиган нарса ҳам бўлиши керак-ку, ахир! Келинглар, ўша нарса учун қадаҳ кўтарайлик!