OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифФозил Тиловат
Асар номиҚора Қузғун (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Детектив
Муаллифлар
   - Фозил Тиловат
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм425KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2010 йил, 2-3-cонлар


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қора Қузғун (қисса)
Фозил Тиловат

«
Тоғам Раҳматилла Ўроқов хотирасига бағишлайман
»

1

Жиноят тафсилотлари битилган ҳужжатларга кўмилган тергов ходими бошини қоғозлардан кўтарганида тун ярмидан оққанди.

Шу пайт телефон жиринглаб қолди.

– Алло, Акмал ака? – хотинининг ташвишли овози эшитилди гўшакдан. – Ҳалиям ишхонадамисиз?

– Ҳозир кетмоқчи бўлиб тургандим.

– Қуюқ туман тушибди, машинани эҳтиёт бўлиб ҳайданг!

У қисқа-қисқа гудок бера бошлаган гўшакни бир муддат тутиб турди-да, сўнг жойига қўйди.

Акмал куни бўйи сирли жиноят тарихи битилган қоғозларга кўмилиб арзирли бир ечим топа олмади. Терговчи сифатида қаёққа боришни ҳам, нима қилишни ҳам билмай боши қотиб турганди. Энди эса уйга бориши, илиққина душга тушиб, озгина тин олиши мумкинлигини англади. Хотинининг қўнғироғи аямажуз қишнинг қаҳри синган пайт баҳор дарагини олиб келган қалдирғочнинг ташрифи каби ҳорғин руҳига илиқлик солди.

Ташқари анчагина совуқ экан. У пальтосининг ёқасини кўтариб олди. Кейин туманнинг қалинлигидан деярли кўринмай қолган йўлни тусмоллаб қадам босганча машинаси томон қараб кетди...

2

Акмал уйига келгач, иссиққина душ ҳақидаги қарорини бекор қилди. Овқатга ҳам иштаҳаси бўлмади. Қизиқ, вужудида чарчоқ, руҳан толиққан, қовоқлари зил-замбил бўлишига қарамай, нимагадир ухлашга ҳам ҳуши келмади. Шундан, ётоқхона эшигини оҳиста очди-да, уни кута-кута ухлаб қолган хотинига термулиб бир пас туриб қолди. Йўлакдан тушган нур ёруғида кўкси очилиб, қора халати остидан ич кийими оқариб кўриниб турган, тим қора сочларини елкалари узра паришон ёйганча ухлаб ётган хотини шу дам кўзларига баайни қалдирғочга ўхшаб кўриниб кетди.

Шу асно хаёлидан «ялт» этиб бир фикр кечди: «Уни деярлик ҳар кеч шу алфозда кўраман. Нега энди, келиб-келиб шу бугун қалдирғочга ўхшатдим? Бояги қўнғироғи боис албатта! Тўхта-тўхта! Ҳм-м-м-м, демак...».

Акмал бир неча кундан бери ўзини қийнаб келаётган бир жумбоққа ечим топгандек бўлди. Жиноят жойидан топилган ёндафтарча, тўғрироғи «Ром» дея бошланиб, бир неча мантиқсиздек туюлган жумлалардан иборат ёзувни кўз олдига келтирди. У бу топилмани бир-икки кўздан кечириб, кейин жиноятга алоқаси йўқ, деган ўй билан, эътиборидан соқит қилганди. Ҳозир эса, жиноят тафсилотларидан топа олмаган мантиқни шу парчагина варақда кўргандек бўлаяпти.

Хаёлини бир жойга қўйиб, фикрини йиғиб, муаммога ойдинлик киритиш мақсадида, ётоқхона эшигини қанчалар оҳиста очган бўлса, шундай беозор ёпди-да, хонасига кириб кетди.



3

Акмал эрталаб жиноятга боғлиқ барча ҳужжатларни олиб кетганди, аммо ишхонага келиб ёндафтарчани столи устида унутиб қолдирганини сезди. Хуноб бўлмади, чунки ўшанда у дафтарчанинг бу ишга алоқаси йўқ деган қатъий фикрда эди. Ҳозир эса уни варақларкан, унутиб қолдирганим яхши бўлган экан, деб хурсанд бўлиб қўйди. Кейин, ўша жумбоқ сатрлар битилган жойни шошилмай ўқий бошлади: «Ром. Бургут боласи чумчуқ ўхшаб яшамас= к|к. Олтин\ чибин нафси ҳак-к отса ўргимчак тўр. туш. Ўз= бино қил/ уй = девор. ёриғи+ чаён чиқ. нишини санчимоқ бўла. Оёқ остинг. илон чумчуқ полапон. ютмоқ пайида Калтакесак думига бевафо. Бўталоқ тўпи+ ажра/ қ... гўшт/ чўқ...»

Акмал талабалик чоғи маърузаларни ёзиб олишга улгуриш учун қўлланиладиган белгиларни хотирасида тиклаб, матнни қайта-қайта ўқиди. Фақат чатилиб кетган сўнгги сўзлардан бирини ҳисобга олмаганда жумлалар мазмунини деярли фаҳмлади. У қисқартма сўзлардан ҳосил бўлган маънони тоза оқ қоғозга қуйидаги тарзда ифодалади:

“Бургутнинг боласи чумчуққа ўхшаб яшамаслиги керак. Олтинлиқ чибин нафси ҳакалак отгани туфайли ўргимчак тўрига тушади. Ўзинг бино қилган иморат деворининг ёриғидан чиққан чаён нишини санчмоқчи. Оёғинг остида ўрмалаб юрган илон полапонингни ютмоқ пайида. Калтакесак думига бевафо. Туянинг боласи тўпидан ажраса қ.... (?) гўштини чўқийди”.

«Бу ҳақиқатдан ҳам кимнингдир тақдирига очилган «ром», – ўйлади терговчи, кейин олдидаги оппоқ қоғозга: «Фолбин ким?» деб ёзди-да, катта сўроқ белгиси қўйди. «Буниси ҳали номаълум. Аммо у ўта закийлик билан мижозининг қисматини зарбулмасалда ифода этгани аён». Акмалнинг мушоҳадаси яна бир саволга бориб тақалди: «Мижоз ким?» “Мантиқан олиб қараганда, – фикрлашда давом этди Акмал, – мижоз ёндафтарча соҳиби. Демак, «ром» – сирли жиноят қурбони, бир кечада дом-дараксиз йўқолган Жобирбекка аталган”.

Акмал, юқоридагилардан келиб чиқиб, жиноятни очиш йўлини қуйидаги тенгламада изоҳлади: “Ёндафтарча билан «ром» бир одамга, яъни мижозга тегишли. Мижоз – жиноят қурбони Жобирбек!” деб қоғозга яна битта сўроқ белгисини қўйди...

4

Энди ҳурматли ўқувчиларимизга ҳикоямиз қаҳрамони Акмал ва у тергов олиб бораётган жиноий иш ҳақида ҳийла тўлиқроқ маълумот бериш пайти келди.

Акмал шаҳар ички ишлар бўлими терговчиси. Қорачадан келган, бўйдор йигит. Дзю-до билан боксдан ташқари, спортнинг шахмат турига ўта ишқибоз. Оилали, битта фарзанди бор. Яқинда, эскироқ бўлса ҳам, машина сотиб олди. Энг муҳими ўз ишининг устаси. Фаолияти давомида унга топширилган бирон-бир иш очилмай қолмаган. Ухламаса-ухламайдики, лекин жиноятнинг тагига етмай қўймайди...

Шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг хонасида йиғилганлар бир неча номзодлар ичидан ана шу йигитда тўхталишди: “Менга маъқул!” – деди кўзойнакли барваста киши. Ҳамма унинг жавобини кутиб турганди. Аттестация комиссияси бир овоздан Акмалнинг номзодини шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимига маъқуллади.

Ички ишлар вазирлиги Академиясида бир ой малака ошириб қайтган куни, уни зудлик билан шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ҳузурига чақириб қолишди. Ўзига қолса, янги ҳафтадан янги лавозимда ишга чиқмоқчи эди. Оиласи билан қишлоққа ўтиб келишни мўлжаллаганди. Аммо ота-онасини зиёрат қилиб келиш режаси орқага суриладиган бўлди.

– Зудлик билан пойтахтга жўнайсиз, – деди шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, салом-аликдан кейин, бирров ҳол-аҳвол сўраган бўлиб. – Бугун шаҳримиздаги нуфузли корхоналардан бирининг директори Жобирбекнинг бир ҳафтадан бери дом-дараксиз экани ҳақида маълумот олдик. Бизга унинг дўсти Шосалим мурожаат қилди.

Айтишича, Жобирбек «Ёшлик» пансионатида даволанишда бўлган. Бир ҳафта бурун хонасидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Ҳозирча қўлимизда бор маълумотлар шулар. Сизга пансионат жойлашган туман милицияси кўмаклашади.

5

Акмал бу иш шу қадар чигал зканини дастлаб хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу боис пойтахт аэропортидан таксига ўтириб, пансионатга кетаркан, хаёлини ўзга бир кечинмалар банд этганди: «Қизиқ, кеча кетгандим, бугун эса яна пойтахтдаман. Бу тақдирнинг туҳфаси бўлса керак!». Ахир, бир ой малака ошириш даврида, бир-икки сайлгоҳга чиққанини эътибордан соқит қилганда, кўргани фақат Академия ҳовлиси-ю, машғулот хоналари бўлди..

Машина ойнасига юзини босиб, шаҳарни томоша қилиб борар экан, у Тошкентнинг бундан ўн йил бурунги кўриниши билан бугунги қиёфасини хаёлан муқояса қилди: «Жудаям ўзгариб кетибди. Йўллар кенг, равон. Йирик, муҳташам бинолар қурилибди».

Талабалик чоғи, квартира излаб шаҳарнинг айтарлик барча маҳаллаларига бош суқиб чиққан. Шундан шаҳарни жуда яхши биламан деб ўйларди. Ҳозир танимади. «Ажабо! Бор-йўғи ўн йил ичида шунча ўзгариш!»

Бирда ҳайрат, бирда таажжуб билан Юнусободга кета-кетгунча у кўзини ташқаридан узмади. Айтганча, ўн йиллик танаффусдан кейин малака ошириш учун Академияга келганида ҳам қадрдон ўқув даргоҳини танимай қолганди.

Такси ҳайдовчиси боядан бери миқ этмай шаҳарга маҳлиё бўлиб келаётган мижозига бир-икки қараб қўйди-да, радиоприёмникнинг мурватини буради. Тиниқ, дилрабо куй тарала бошлади. Ҳайдовчининг бу иши Акмалга хуш ёқди. Шу кез, беихтиёр таниқли ҳофизнинг «Тошкент» деган қўшиғини эслади:

«Донингни еган чумчуқ қайтиб келар Маккадан»…

Машина пансионатга яқинлашиб, тезлиги секинлашди. Акмал қўшиқ таъсиридан чиқди. Идрокини энди дом-дараксиз кетган инсон тақдири билан боғлиқ кечинмалар банд эта бошлади. Жиноят содир бўлган ҳудудга қадам босаркан, хаёлидан кечган дастлабки фикр шу бўлди:

– Тирик бўлса қайтади, қайтмаса излаб топамиз!..

6

Акмал пансионатда «йўқолди» деб тахмин қилинаётган шахс билан боғлиқ барча тафсилотларни синчиклаб ўрганди. Даволовчи врач, навбатчи ҳамшира, ҳаттоки пансионат боғбони ҳам кўрсатма берди. Жобирбекнинг хонада қолган барча лаш-лушлари ашёвий далил сифатида олинди. Хулласки, криминалистлар, кинологлар, анализ олувчилар қилиши лозим бўлган барча ишлар бажарилди. Ҳамма сўроқ қилинди. Қизиғи шундаки, Жобирбек бир ҳафта ичида барчанинг назарига тушиб улгурган, «оқкўнгил бойвачча», деган лақаб олишга ҳам муваффақ бўлган, аммо ғойиб бўлган куни уни ҳеч кимса кўрмаган.

– Бирам яхши одам эди бояқиш, пулдор эди, зинҳор кеккаймасди. Мартабали эди, аммо камтарин, пўрим кейинарди, – деди пансионат ходимларидан ёши ўтинқираган бир хотин.

– Қизларнинг ҳаммаси унга ошиқ эди: барчамиз унинг эътиборини қаратиш учун минг ўлиб минг тирилардик, – деди, бунақа гапларни ошкора, уялмай айтиши мумкин бўлган ҳамширалардан, сариқ соч, мовий кўзли қиз Ирина.

– Одамга етмиш икки ҳунар ҳам оз эканини шу йигитда кўрдим,– деди боғбон, таассуф билан бош чайқаб. – Эссиз,эссиз! Рубоб чаларди, қўшиқ айтарди. Кези келганда боғ ишларига ҳам қарашиб юборарди. Ҳамма нарсага вақт топарди. Илоё жони омон бўлсин!..



7

Шосалим Жобирбекнинг жон дўсти, сирини ишонган кишиси. У деярли ҳар куни Жобирбек билан бирга бўларди. Кези келганда шотири, кези келганда маслаҳатгўйи – бир сўз билан айтганда омадли дўстининг ортидан соядек эргашиб юрар, садоқат билан хизматини қиларди.

Ўша куни унга телефон қилиб, дўстининг ғойиб бўлгани ҳақидаги гапни етказишганида, кутилмаган бундай совуқ хабардан эсанкираб қолди. Кейин, машинасини ўқдек учириб Жобирбекнинг ҳовлисига келди.

«Аввал хотини, бола-чақасини бир оз тинчлантириш лозим, деган қарорга келдим. Ҳали воқеанинг моҳиятини билмай, эсларидан оғиб қолмасин, деб қўрқдим, – деди тергов чоғи Акмалнинг сўроғига жавобан у. – Кейин Тошкентга қараб учдим. Жобирбекнинг ғойиб бўлганига уч кун бўлган экан. Пансионатдагилар аввалига бирор юмуш билан шаҳарга чиққандир, деб ўйлашган. Эртаси куни бир оз ташвишланишган. Учинчи куни, унинг хонасини очиб, шаҳарга чиққанида киядиган костюм-шими шкафда осиғлиқ турганини кўришган. Унинг спорт кийимида шаҳарга чиқиши мумкин эмас, чунки ўта маданиятли инсон эди.

Пансионатдагилар, элбурутдан ваҳима кўтармаслик мақсадида, стол устида қолган қўл телефонидан унинг уйига сим қоқишган. Телефоннинг ёнида ён дафтарчаси ҳам қолган экан. Телефон рақамини ўша дафтарчадан олишган. Мен Тошкентга келиб, Жобирбек бориши мумкин бўлган барча танишларникига қўнғироқ қилдим. Сўраб-суриштирдим – ҳеч қаердан топмадим».

Шосалимнинг кўзлари намланди: «Уни ёлғиз қўймаслигим керак эди», – деди йиғламсираб, сўнг, «Эй худо қаёққа кетган бўлиши мумкин?» деб нола чекиб юборди.

– Сиз уни яқиндан билган ягона кишисиз. Охирги пайтлари доимо ёнида юргансиз, айтинг-чи, унинг душманлари бормиди?

Терговчи, у томонга бир оз эгилди-да, бояги саволини бошқачароқ тарзда такрорлади:

– Кимдандир шубҳа, гумонингиз йўқми?

Шосалим, дўсти билан кечган дамларини, яхши-ёмон кунларини хотирлай бошлади.

8

Жобирбек оиланинг тантиқ фарзанди бўлиб ўсди. Отаси узоқ йиллар бетон заводининг директори бўлиб ишлагани боис, у улғайган рўзғорда етишмовчилик бўлган эмас. Шу боис болалик, ёшлик даврлари беташвиш кечди. Акаси Қодирбекдан фарқли ўлароқ, у ҳаётга енгил-елпи қарарди. Бу табиий ҳол. Отаси – Мурод Шомуродович, қатағон йилларининг зулмини бошидан кечирган, «қулоқнинг ўғли» деган тавқи лаънатни бўйнига осиб улғайган одам эди. Муштипар онаси билан, эшикма-эшик юриб тиланчилик қилган йилларини, очлик ва сувсизликдан лаблари гезариб жон таслим қилган онаизорини кўмишга кўмак сўраб қилган оҳу зорларини эслаб, баъзан кўнгли бузилиб кетарди. Шундай кезлари умр йўлдоши Гулсумбибининг елкасига қўлини қўйиб;

– Онаси, бизнинг болаларимиз, хорлик-зорлик кўрмайди. Мен тирик эканман, уларга бало-қазо яқинлашмайди! – дея ўзининг машаққатли ўтмишига ўчакишиб, тақдири азалнинг йўриқларини тан олмаётганини сезмасди.

Кичик ўғил ана шундай тарбия таъсирида улғайди. Аммо катта ўғлининг ўлими, вақт измида эмаслигини, ҳаёт унинг иродасига бўйсунмаслигини кўрсатди. Оталик меҳри, топар-тутари болаларини хору зорликдан асради, илло балои қазодан асрай олмади.

Акасининг фожеали ўлимида эркатойи Жобирбекни айблади. Нафақадаги ота ўзига муносиб ўринбосар бўлиб етишиб келаётган тўнғич фарзандининг тобути устида: «Аканг ўлгандан кўра сен ўлсанг бўлмасмиди» дея нола қилганда, Жобирбек бир ёшга улғайди. Шу-шу отасининг кўзларида унга нисбатан совуқ бир назар қотиб қолди. Жобирбек узоқ йиллар ана шу қотиб қолган дийдани юмшатиш пайида бўлди. Отасининг пойига борини тўкди, ёшликдаги шўхликлари учун кечирим сўраб олдида тиз чўкди – фойдаси бўлмади. Отасининг сўник, ҳиссиз кўзларидан барибир бирор маъно уқмади. У акасининг бевақт ўлими туфайли отанинг кўнглида армон бўлиб қолган ниятларини рўёбга чиқарганида ҳам, бетон заводининг директори бўлиб тайинланганида ҳам ота унинг муваффақиятларидан на қувонди, на тушкун дамларида дардкашлик қилди.

9

Жобирбекнинг балоғат даври жуда мураккаб кечди. Уйга кеч қайтадиган, ўзи билан албатта, бир ишкални бошлаб келадиган одат чиқарди. Маҳалла-кўй ундан безор, мактабнинг ҳам унинг ахлоқига бир талай эътирозлари бор эди. Аввалига унинг қилиқларини кўриб-кўрмасликка олдилар. Ахир отасининг ҳурмати бор. Кейин-кейин узунқулоқ гаплар отанинг қулоғига етиб борди. Насиҳат қилди: «Болам, ножўя ишларинг менинг мартабамга, йиллаб мисқоллаб йиққан обрўйимга рахна солаётганини англамоғинг керак!».

Насиҳат кор қилмади. У ўз билганидан қолмади. Қайсидир бир овлоқда уч-тўртта безоринамо ошналари билан ожизроқ бир болани дўппослагани, тун ярмидан оққан пайт, мотоциклларини тириллатиб одамларнинг ҳаловатини бузиб, тинчлик бермаётгани ҳақидаги нохуш хабарлар, миш-мишлар йирик завод директорининг хонасига қабулхонада навбат кутмай кирадиган бўлди.

Ота дарғазаб, она икки ўртада кечаётган зиддиятдан дилгир бўлиб яшарди. Мактабни битирув кечаси ўқитувчилар жамоасининг кайфиятида икки хил ҳолатни кўриш мумкин эди. Улар бирда йиғлаб, бирда қувнаб кетишарди. Ўн йил мабайнида фарзандидек бўлиб қолган болалар бағрини тарк этаётганига хафалансалар, шодликларининг боиси кетаётганлар сафида Жобирбекнинг ҳам борлигидан эди чамаси.

Жобирбек пойтахтга кетди. Ўқишга кирди. Одамлар қизиқ-да! Жобирбек уларни тинч қўйса ҳам уни эслашдан, гапиришдан чарчашмасди: «Ўқишга кирибди, ё пирай! Ўзининг «уч»и биланми ё мансабдор отасининг кучи билан кирибдимикин?» деб маломат қилишди. Таажжубланарлиси шундаки, у институтга ўз билими билан кирди. Яхши ўқирди. Фақат, бўлмағур одатларини батамом тарк этмаганди. Янги йил байрами арафасида яна бир ишкал чиқди. Ишкалмисан ишкал! Деворий газетанинг байрам сонида кимдир унинг номига ҳазил қилиб, икки қатор шеър битиб остига ярми хўроз, ярми товуқ сувратини чизган экан. Кўп қатори Жобирбек ҳам уни ўқибди.

Билими зўр, калласига тож кийдирсанг ярашгай,

Ишкали кўп, орқасидан тухум бўлиб қалашган!

Шеърни ўқиб, аччиқланмади. Ҳатто “зўр” деб мақтади. Классика бўлиши учун фақат бир нарса етишмайди, деди у, кейин чўнтагидан «зажигалка»сини чиқазиб, «яхши асарлар ҳамиша гулханда ёнган» дея, газетани ёқиб юборди.

10

Жобирбек масаласи институт жамоаси ўртасида муҳокама қилинадиган бўлди. Отасини чақиришди. Комсомол комитетининг секратарига Жобирбек масаласини ёшлар ташкилотининг йиғилишида кўриб чиқиб, институт умумий йиғилишига тақдимнома киритиш топшириғи берилди. Хуллас, айблов мавсуми бошланди.

– Мен ҳеч қандай йиғилишга бормайман! – аламидан бўғилгудек бўлиб бақирди ота, телеграммани олиб кирган хотинига қараб. – Ҳайдашсин! Унинг жазоси шу!...

Ноиложликдан «пиқ-пиқ» йиғлай бошлаган онасини тўнғич ўғил Қодирбек юпатди: «Дадамдан хафа бўлманг. Мен бориб кела қоламан!».

У ўша кеч машинасида Тошкентга жўнади. Борди, мажлисда қатнашди. Вазиятни юмшата олди. Жобирбек жамоадан расман кечирим сўради. Ректорат унга нисбатан ҳайфсан билан чекланди. Ҳамма нарса ўз жойига қайтди, фақат Қодирбек шу кетганича уйга қайтмади. Тўғрироғи уйга қайта туриб, Бахмал довонида машинаси ҳалокатга учради.

11

Акмал пансионатда қилиши лозим бўлган барча ишларни қилиб бўлгач, ортга қайтди. Тошкентдаги қидирув айтарлик натижа бермади. Калаванинг учи топилармикин, деб қилган барча уринишлари зое кетди. Шосалимнинг ёрдамида Жобирбекни таниган, билган одамлар билан ўтказган суҳбатлари ҳам бесамар бўлди. Ҳеч ким шубҳага асос бўладиган бирор-бир ҳолатни кўрмаган, гумонга сабаб бўлгудек бирон сўзни эшитмаган.

«Тавба! Бутун бошли бир одам йўқолса-ю, ҳеч қандай из қолмаса. Буғланиб кетмагандир, ҳарқалай!». Суҳбат, сўровлар асносида Акмалнинг хаёлида нуқул ана шу саволлар чарх урарди. У бу саволларга жавоб топа олмай қийналар, аммо қачондир бу чигалларни ечишига ишонарди.

Қаршига қайтиб келгач, қидирув-тергов ишларини Жобирбекнинг оила аъзолари, яқин қариндошлари, уни таниган, билган одамларни сўроқ қилиш билан давом эттирди. Том-том маълумотлар йиғди. Иш устида, маҳалла-кўйда, тўй-ўчарларда ким билан гаплашган, ким билан чаплашган – барча-барчасини текширди. Заводлар уюшмасининг раиси Зулфиқоровни айниқса, алоҳида назорат остига олди.

– Мендан шубҳа қилишлари табиий, – деди Зулфиқоров ҳузурига ташриф буюрган терговчини очиқ юз билан қарши олиб, – чунки, ҳамма билади – Жобирбек кейинги пайтларда менинг ўрнимга номзод сифатида кўриниб қолганди.

Одамлар шивирлашиб юрган гапларни Зулфиқоров очиқдан-очиқ тан олиб гапираётгани Акмални бир оз таажжублантирди. «Ҳушёр бўлиш керак» деди ичида, «Зулфиқоровни «қари тулки» дейишлари бежиз эмасга ўхшайди».

– Одамлар гапираверади! – Зулфиқоров котибаси чойнакни қўйиб чиқиб кетгунча жим турди-да, сўнг фикрини давом эттирди: – Билмаганлари учун ҳам гапиришади. Шунинг учун мен улардан хафа бўлмайман.

– Агар ташрифим билан сизни ранжитган бўлсам, узр! – ўнғайсизланди терговчи, кекса одамнинг ёзғиришларидан безовталаниб. – Мен ҳам айнан шу томонини ўйлаб ўзим ҳузурингизга келгандим.

– Аксинча, мен сизнинг чақиришингизни кутгандим. Ҳаттоки, бунга тайёрлангандим ҳам.

– Тайёрлангандингиз?

– Ҳа, тайёрлангандим!

Зулфиқоров ўрнидан туриб, иш столи тортмасидан бир китоб, бир тахлам газеталарни олди-да, келтириб Акмалнинг ёнига қўйди.

– Мана бу китобни Жобирбек ўтган йили чоп эттирганди. Мана бу газеталарда унинг бир қанча мақолалари босилиб чиққан. Биласизми, у кўприксозликда бетон констркуциялардан фойдаланишнинг янги бир усулини ихтиро қилган.

Акмал киноларда, бадиий асарларда олимларнинг кашфиётлари туфайли қандай кўргуликларга дучор бўлганликлари ҳақидаги воқеаларни кўп кўрган, кўп ўқиганди. Зулфиқоровнинг ҳикояси ўша томонга сирғалиб бораётгандек туюлди унга. Шундан ҳожати бўлмаса ҳам, ҳамсуҳбатига луқма ташлашдан ўзини тия олмади:

– Ихтиро?!

– Ҳа, чинакам ихтиро! Унинг иқтисодий самарадорлигини айтмайсизми?

– Агар сизни тўғри тушунган бўлсам, Жобирбекнинг сирли ғойиб бўлиши билан мана шу ихтиро ўртасида боғлиқлик бор, демоқчисиз?

– Ҳам ҳа, ҳам йўқ!

“Зулфиқоров кўпни кўрган одам. Фаолияти давомида кимлар билан мулоқот қилмаган у. Ҳамсуҳбатини Амуга оббориб, сув ичкизмай қайтариб келадиганлар хилидан. Ҳозир ҳам шу ўйинни ўйнамаяптимикин?”. Акмалнинг кўксида шубҳа ғимирлай бошлади.

– Кечирасиз, сизни тушунмадим?

– Мени тушуниш қийин. Яккаю ягона тушунган одам Жобирбек эди. – Зулфиқоров оғир «уф» тортиб хўрсинди. – Сиз мана буларга қаранг!

Акмал китоб ва газеталарнинг Зулфиқоров кўрсатган жойларини кўздан кечирди: «Азиз устозим, маслаҳатчим ва суянчиғим Зулфиқоровга! Ҳурмат ва эҳтиром ила...”

Бу ҳар бир мақола сарлавҳаси ёнида Жобирбекнинг ўз қўли билан ёзилган дастхати эди. Бу Жобирбекнинг иши юзасидан Зулфиқоровга нисбатан туғиладиган ҳар қандай шубҳани йўққа чиқарадиган асос. Ёки аксинча. Акмал калласида кечган бу каби мулоҳазаларни, кейинчалик тергов хужжатларига қуйидагича жумлаларда ифода этди: «Бу аччиқ ҳақиқат ёки ширингина ҳийла».

12

Гулчеҳранинг Жобирбек билан биргаликдаги ҳаёти болдан-да тотли кечиб келарди. Икки фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб тотув яшашарди. Гулчеҳра гоҳи-гоҳи ўз бахтидан масрур бўлиб, ширин хаёлларга берилар, келишган, уддабурон, топармон-тутармон эрининг, бири-биридан ширин фарзандларининг сувратига боқиб, «Мен дунёдаги энг бахтли аёлман!» – деб мағрурланарди. Шундай кезлари оёғи ердан узилиб, еттинчи фалакда сузиб юргандек сезарди ўзини.

Бир йил муқаддам нима бўлди-ю, икки ўртадаги меҳр ришталари узилди. Ораларидан қора мушук ўтди. Жобирбек уйдан безиди. Гулчеҳра жиззаки бир аёлга айланди. Эрини ҳар гал Тошкентга сафарга жўнатаётганида очиқ юз билан кузатиб, очиқ чеҳра билан кутиб олувчи хотин, энди хайрлашиш ўрнига аччиқ-тизиқ гаплар билан тузлар, қайтганида киноя ва кесатиқ аралаш заҳар сочиб қаршилайдиган одат чиқарди.

– Нима бўляпти ўзи?

Жобирбек шу саволга дуч келса, ўзини тубсиз ўпқонга қулагандек сезарди: на кўкдан, на заминдан қўним топмас. Ноиложликдан бу ҳақда ўйламасликка уринарди. Аммо бу безбет ўйлар хаёлига сўраб-нетмай кириб келаверарди: “Хотинига нима етишмаяпти ўзи?! Истагани муҳайё бўлса! Эрка, тантиқ бўлиб боряпти кундан-кун. Ношукур банда!”.

Тиламчи узатилган кафтига бир нима ташламагунингча, ҳузурингдан нари кетмагани каби, Жобирбекни ҳам хотини ҳақидаги ўйлар сира тарк этмасди. Кўнглини безовта қилиб турган шилқим саволларни даф этишга жавоб топа олмай қийналарди. Тўғри, Гулчеҳранинг ҳеч нимадан ками йўқ. Егани олдида, емагани ортида. Рўзғор ташвишлари, бичиш-тикиш, мол-ҳол, супир-сидир сингари юмушларни унутганига ҳам анча бўлди. Бу ишларни ҳизматчилар бажаришарди.

Гулчеҳра бир йил муқаддам тошкентлик бир жувон қўнғироқ қилган ўша кундан бери ҳаловатини йўқотди. Қулоқлари остидан ўша масхаромуз овоз, аёллик шаънини таҳқирловчи сўзлар кетмай қолди:

– Вой, қанақа аёлсиз, Гулчеҳра опа! – худдики дугоналардай самимий гап бошлаганди у. – Эрингизни сал совутиб, попугини пасайтириб жўнатсангиз-чи Тошкентга. Тўшакда нақ зилзила-я!

– Сиз кимсиз? – Эри ҳақида айтилаётган «мақтов»дан гангиб қолган Гулчеҳранинг топган гапи шу бўлди. – Телефон рақамини теришда янглишмадингизми, ишқилиб?

– Вой, Жобирбек акамнинг уйларими шу?

– Ҳа-а, шу!

– Мен эрингизни жазманиман! Сизга жоним ачигани¬дан телефон қилаяпман. Оилаларингиз бузилмасин, дейман. Кеча Жобирбек акамдан, «бунча аёлга ўчсиз – тўшакдаги ишлардан тўймайсиз, десам, дардларини ёрдилар: “Жоним, хотиним бор, аммо у тўшакда жонсиз тарашанинг ўзи”, дедилар. Опажон, ўзингизга қаранг. Бўянинг! Агар, лозим бўлса, бир-иккита ишқий амаллар бор – ўргатаман!.

Нотаниш рақибасининг қолган гапларини тинглашга Гулчеҳра ўзида куч топа олмади. Гўшакни шахд билан отиб юборди. Ўтириб, роса йиғлади! Ўша куни илк бора бекаму кўстдек туюлган, аммо алдовлари билан уни шу кунгача лақиллатиб келган ҳаётга лаънатлар ўқиди. Кўнглида эрига нисбатан бир адоват уйғонди.



13

Сакина қилар ишни қилиб қўйди-ю, кўнгли бир оз оғриди. Минг қилса ҳам аёл-да, қанчалар рост бўлмасин, беозор бир хотиннинг кўнглини ранжитгани чакки бўлди. Гўшакни жойига қўйиб, тўшакда ялпайиб ётган эркакка ўгирилди:

– Кўнглингиз жойига тушдими?

Аёлнинг кайфиятидаги ўзгаришдан довдираб қолган эркак, қошларини чимирганча ўрнидан турмоқчи бўлган жазманининг билагидан тутиб тўхтатди.

– Жоним!

– Шу қилиб юрган гуноҳим учун ҳали дўзаҳда жавоб бераман. Буниси энди ортиқча! – бургутнинг чангалидан қутулмоқчи бўлган полапондек типирчилади у.

Эркак ўзини оқламоққа тушди:

– Кечиринг, кечиринг мени, жоним! – Кейин бир оз маъюсланди. Жувонда ачиниш ҳиссини уйғотмоқчи бўлди: – Мени ҳам тушунинг-да, ахир! Нима қилай, ўзим айта олмасам? Ўртага одам солишга мажбур бўлдим. Ҳаммаси яхшиликка-ку! Мақсадим, сиздек офатижон бўлсин дейман. Тўшакда тарашадек ётавермасдан, алангалансин, ёнсин дейман.

Жувон “ялт” этиб унга қаради. Бу нигоҳдан кўп маъно уқиш мумкин эди. Бу қарашларда, «ҳали сен мени ёнди, деб ўйлаяпсанми? Сенга ўхшаган ҳар бир бойваччанинг оғушида ёнаверсам – куйиб кул бўламан-ку! Сен аланга деб ўйлаган бу ёнишлар, аслида ясама, ичим тутунга тўлиб кетганини қайдан ҳам биласан? Сен каби овсарларнинг пулини шилиб олиш учун ёлғондакам ёниб, ёлғондакам чирсиллаётганимни тушунишга сенга йўл бўлсин!» деган ҳақиқат учқунлари бор эди. Эркак уни анг¬ламади. У ортиқ шакаргуфторликка ҳожат қолмаганини пайқаб, ваннага томон кетаркан: «Чўнтагимда бир даста пул бор! Сизга аталган!» деди. Сўнг «ол», деган маънода курсининг суянчиғига ташланган костюмига ишора қилди.

Жувон аввалига пулни олгиси келмади. Ҳали ҳам қилиб қўйган ножўя ишини ўйлаб, гарангсиб турарди: «Бечорада нима айб?» дерди ичида бир овоз уни қийноқ-қистовга олиб: «Сен ахир бу муҳораба майдонига фақатгина ўзингни қалқон қилиш учунгина тушгансан – унутма! Қоидани бузиб нима қиласан? Эркакларнинг найзасига қалқонингни тутиб юравермайсанми – бир беозор аёлга тиғ санчганинг нимаси?».

Бўлар иш бўлди, деган хулосага келди у, охиратим куйгани аниқ, кунлигим куймасин ҳартугул, дея пулни олишга қарор қилди.

Костюмнинг ён чўнтагидан иккита паспорт чиқди. Ҳужжатнинг бири Жобирбекники, иккинчиси бошқа бир кишининг номида эди. Паспортларни жойига қўяркан, «бунақа одамлар нафақат хотинига хиёнат қилиб, бошқа тўшакка киришдан қайтмайди, ўзига хиёнат қилишдан, бошқа ном, бошқа қиёфага киришдан ҳам тойишмайди!» деган ўй кечди хаёлидан. Кейин менга барибир эмасми, деди-да, нариги чўнтакдан бир боғлам пулни олиб, сумкачасига солди. Тез-тез кийинди. Стол устидаги қоғозга шоша-пиша бир нималарни ёзди ва хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, меҳмонхонани тарк этди.

Ваннадан елкасига сочиқ ташлаб чиқиб келган эркак, жувоннинг кетиб қолганига таажжубланмади. Энди уни ё кўради, ё кўрмайди. Кейин стол устидаги хатга кўз тушди. Унда ката-катта ҳарфлар билан:

“Тўшакдаги тарашанинг ёниши учун эркакда бироз чўғ, жиччагина тафт бўлиши керак, ака!” деб ёзилганди. Эркак, суюқоёқ жувоннинг таъсирчан чиқиб қолганиданми ёки тузиб қўйган режаси бўйича яна бир иш силлиққина амалга ошганиданми, хандон отиб кулиб юборди.



14

Гулчеҳра ўша куни илк бор Тошкент сафаридан қайтган эрининг истиқболига пешвоз чиқмади. Совға-саломларни қўлтиқлаб уйга кирган эрига истар-истамайгина салом берди. «Тан-жонинг соғми?» деб берган саволига эса: «Тарашадай тиришиб ётибман», деб бемаъни бир жавоб қайтарди. Жобирбек тушунмади, аммо ўйлаб ўтирадиган вақт эмас. Кўприксозлик бошқармасига чақиртиришибди. Германиядан мутахассислар келадиган экан. Унинг лойиҳаси билан танишишмоқчи эмиш. Шундан у уйда узоқ қолмади. Телефондан хизмат машинасини чақиртирди-да, кўчага чиқди.

Жобирбекдан рухсат бўлгач, машинани ўқдек учириб уйи томон кетиб бораётган Шосалимнинг қўл телефони жиринглаб қолди. «Оббо, – деди у тезликни бир оз пасайтириб, – уйга етиб боролмайдиганга ўхшайман».

Аммо у йўлдан қайтмади, қўнғироқ қилган Жобирбек эмас, Гулчеҳра экан.

– Тинчликми, янга?

– Салимжон, сиздан бир нимани сўрасам...

Гулчеҳра нимадандир иймангандай жим бўлиб қолди. Фикридан қайтди чамаси.

– Сўрайверинг, янга!

– Сиз акангиз билан ҳамиша биргасиз. Кеча кечқурун Тошкентда у киши билан бир жойдамидинглар?

Шосалим нима дейишини билмай қолди. Гулчеҳранинг эри ҳақида биринчи марта сўраб-суриштириши: «Нима десамикин?». Борини бор ҳолича гапиргани маъқул. Қош қўяман деб, кўз чиқариб қўймасин тағин.

– Ҳа, кечгача бирга эдим. Кейин, меҳмонхонада қолдириб, бир-икки юмушларимни битириб келдим.

– Ёлғиз ўзлариними?

– Ҳа!

– Қайси меҳмонхонада?

– «Қурувчи».

– Мабодо сизда ўша меҳмонхонанинг телефон номери йўқми?

Шосалимда телефон рақами бор эди. Аммо бермади. Ишкалга аралашмагани маъқул. «Йўқ» дейишдан кўра бошқа усул қўллади.

– Маълумотлар бюросидан сўраб берайми?

– Йўқ! Ўзим сўраб оларман. Фақат сиздан илтимос, бу ҳақда акангизга гапириб юрмасангиз!..

Шосалим телефонни ўчириб, уловига газ берди. Машинанинг овози унинг сўзларини босиб кетди:

– Ўзингиз айтмасангиз, Шосалим бошини тиғга тутадиган аҳмоқ эмас, янгажон!.

15

Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида тендер йиғилиши бўлиб ўтди. Унда воҳанинг бир неча ҳудудларида қурилиши мўлжалланган янги кўприк иншоотларининг лойиҳалари танловга қўйилди. Вилоят ҳокими ва марказдан келган казо-казолар тендер ғолиби бўлган лойиҳа муаллифи Жобирбекни қутлашди. Шу пайт ҳоким кўприксозлик бошқармаси бошлиғига луқма ташлади:

– Ҳа, Муҳтарам Калонович! Нега қарсак чалмаяпсиз? Оғзингиздагини олдириб қўйганингизга хафамисиз ё? Ишлаш керак, ишлаш!..

Муҳтарам Калонович китоб жавонидаги ўша ҳолат акс этган фотосуратга боқиб, ўша воқеани яна бир карра хаёлидан ўтказди: “Бу жинқарча яна йўлимга ғов бўлди: вилоят кенгашига муқобил номзодлар эмишмиз. Тавба! Ким ўйлаб топди шу муқобилликни, билмайман! Бир камим энди шу бола билан беллашмаганим қолди. Янгилик яратган бўлса, яратгандир. Нима бўпти? Дун¬ё¬да қанчадан-қанча олим кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўжизаларни ихтиро қилаяпти. Бирортасиям вилоят кенгашига... дарвоқе, ҳамма жойда ҳар ҳил аталади-ку, сенатгами ёки думагами ураётгани йўқ-ку, ўзини?».

Агар телефон жиринглаб қолмаганида, Муҳтарам Калонович ҳайҳотдек кабинетда ҳали анча вақт қоққан қозиқдек туриб қолган бўларди. Залворли столини айланиб ўтиб, ҳашаматли креслосига чўкди-да, истар-истамай гўшакни кўтарди.

– Ким бу?

– Муҳтарам Калонович, гўшакни ўзингиз кўтарганингиз яхши бўлди. Сизда муҳим ишим бор эди.

– Қабул куни шанбада! Рўйхатга ёзилинг, мар¬ҳамат, гаплашамиз!

У яна нимадир демоқчи эди, бояги киши унинг сўзини бўлди:

– Бу сизнинг фойдангизга, сайлов масаласида.

Муҳтарам Калоновичга айни шу кунларда сайлов масаласи бош масала бўлиб турар, чамаси телефон қилган одам буни жуда яхши биларди. Узоқдан қўнғироқ қилмаган шекилли, рухсат бўлгач, кўп ўтмай кабинет эшигидан унинг боши кўринди.

Муҳтарам Калонович ҳамма нарсани кутган бўлиши мумкин, аммо буни кутмаганди. Шул боис ҳам кутилмаган бу ташриф уни довдиратиб қўйди: “Сиз?” деди у меҳмонни ёнидаги курсига таклиф этаркан.

– Ҳа, кўриб турганингиздек, мен!

– Мен билан қайси муҳим масалада гаплаш¬моқчи эдингиз?

– Сайловдаги рақибингиз Жобирбек масаласида, – деди бояги кимса, «рақибингиз» сўзига алоҳида урғу бериб. Кейин қўшиб қўйди: – Сизнинг фойдангизга албатта!..

16

Сакина ўзини излаб келган нотаниш кишилар билан аввалига учрашишни истамади. Бугун дам оладиган куни. “Лоақал, бир кун эркаксиз яшайин, изн беринглар, барака топгурлар!” – деди у телефон дастасини қўйишга чоғланаркан.

– Биз сиз ўйлаган масалада эмас, балки бошқа бир мақсадда сиз билан учрашмоқчимиз.

– Бошқа масалада? – ҳайрон бўлди у. – Менинг шундан бошқа иш қўлимдан келмайди.

Шундан сўнг, келганлар Жобирбек ҳақида гап¬лашмоқчи эканликларини билиб, кўришишга рози бўлди.

– Келинглар! Манзилимми? “Қорасарой , 193”, – деб у нотаниш меҳмонларни уйига таклиф қилди.

– Жобирбекни номини эшитса хотинларнинг иштонбоғи ечилиб кетадиган бўлибди. – Киноя қилди Сакинанинг чоғроққина ошхонасидан жой олган икки меҳмоннинг бири. – Мана, сиз ҳам биз билан учрашмоқни хоҳламай турган эдингиз, унинг номини эшитишингиз билан қарорингиз ўзгарди қўйди.

– Жобирбекнинг бу фронтда ҳам машҳур эканини билмаган эканмиз, – масхараомуз жилмайди иккинчи меҳмон, чой дамлашга тутинган Сакинанинг калта кўйлаги остидан кўриниб турган оппоқ, силлиқ сонига ишора қилиб.

– Ўша муттаҳамнинг номи ўчсин! – Жиғибийрони чиқди Сакинанинг.

– Ий-е, тинчликми? У киши вилоятимизнинг нуфузли катта амалдорларидан – ҳурматлари зўр! – Атайин уни алқаган бўлди иккинчи киши .

– Бир гал ишрат қилгандик. Ҳотамтойлик қилиб қўлимга бир даста пул тутқазди. Ўшандаёқ кўнглим сезганди-я, олмасам бўларкан. Ясама экан пуллари.

– Йўғ-э, наҳотки? У кишининг шунақа қилиқлари ҳам бор эканми ҳали? – росмана ҳайратланган бўлди иккала меҳмон.

– Вой, сизни алдаб фойда топаманми? – Сакина чой қўйиб узатаркан, ҳикоясини давом эттирди. – Пулларни «кўк»ига алмаштирмоқчи бўлиб, яхшиям банкда ишлайдиган дугонамга борган эканман. Акс ҳолда, вой-бўй, шармандаликни кўринг эди. Ҳай майли, муддаога кўчайлик, – жиддийлашди Сакина, – манда нима ишларингиз бор эди?

– Биласизми, ўша Жобирбек деганлари ҳақи¬қатан ҳам бузуқи бир муттаҳам одам! Лекин... лекин, нимагадир шу кунларда ошиғи олчи. – Меҳмонларнинг бири сўзлари Сакинага қандай таъсир қилаётганини билмоқ учун бир муддат жимиб қолди. Кейин чой ҳўплади. Қараса, Сакинанинг вужуди қулоқ. Давом этди: – Шу одам бир акахонимизнинг йўлига ғов бўлиб, сайловга халақит беряпти. Шунга бир оз ёрдамингиз керак .

– Очиқроқ сўзлайверинг, нима қилиб беришим мумкин?

– Битта мактуб битиб берсангиз, – тилга кирди меҳмонларнинг иккинчиси, – ўша ишрат кечаси билан боғлиқ воқеаларни, ясама пул ҳақида ҳам.

Сакина ўша куни Жобирбек хотинига телефон қилдиргани учун бир хафа бўлган бўлса, берган пуллари сохта чиққани учун хафалиги очиқдан-очиқ адоватга айланганди. Шундан у бир оз иккиланди-ю, лекин таклифга кўнди. Хатни бошлашга бошлади-да, кейин бир нимани эслаб, таққа ёзишдан тўхтади. Эркаклар саросималаниб қолишди.

– Бунинг менга зарари тегмайдими?

– Ишонтириб айтаманки, йўқ! Бу фақатгина унинг ўзига кўрсатилади. Номзодини сайловдан олса, бас! Шундан кейин бу хатнинг бир чақалик қиймати қолмайди.

–Унгача-чи?

Сакинанинг қочирими ўринли бўлди. Шу кез меҳмонларнинг бири: «Ҳа-я, унутибман», деди-да, юз долларлик қоғоздан учтасини столнинг устига чиқариб қўйди. Сакина меҳмонларни кузатаркан, яна бир нима эсига тушди:

– Дарвоқе, телефонимни кимдан олдингизлар?

Эркаклар аввалига бир-бирларига қараб жилмайишди. Сўнг бири: «Сиз билган Жобирбекдан!» – деди. Сакина тушунмай, елкасини қисди. Кейин: «менга барибир эмасми», деди-да, эшигини ёпиб олди.

17

Жобирбек Шосалимни дўст деб ғоят қадрларди. Шосалим вилоят марказидан узоқроқда ўсиб улғайди. Оилада ёлғиз ўғил бўлгани сабаб ҳарбий хизматни Қаршида ўтади. Кейин маълум бир муддат қишлоғига кетди. Уйланди. Отасининг қирқини ўтказиб, эр-хотин шаҳарга кўчишди. Бетон заводига ишга кирди. Ўшанда Жобирбек цех бошлиғи, Шосалим унинг қўл остида оддий ишчи бўлиб ишларди.

Бир сабаб бўлди-ю, Жобирбекнинг меҳрини қозонди у. Ўшанда кечки пайт цехда электр симларининг қисқа туташувидан ёнғин чиқди. Иш вақти тугаган бўлишига қарамай одамлар кўплашиб ўтни ўчиришга муваффақ бўлдилар. Оловни-ку, ўчиришга ўчиришди, лекин эртага цехга комиссия келиши керак эди. Бу аҳволда цех бошлиғининг ҳолига вой: камида қаттиқ ҳайфсан олиши турган гап. Шунда, унинг жонига Шосалим оро кирди:

– Оғайнилар, – деди у, ўзи каби оддий-оддий ишчиларга қарата, – цехнинг обрўйи ўзимизинг обрўйимиз. Агар бир кечанинг баҳридан ўтсак, ҳамма нарсани жой-жойига қўйишимиз мумкин. Мен кечга қоламан, ким таклифимни қўллаб-қувватласа – қолсин; хоҳламаганлардан ранжиш йўқ.

Жобирбекнинг кўзига Шосалим шу лаҳзаларда нажот қалъаси бўлиб кўрингандир. Ўзи бундоқ таклифни ўла қолса киритишга журъат этмас, ўзининг обрўйи учун ишчиларни кечки сменада ишлата олмасди. Аммо бу ташаббусни оддий ишчи йигитнинг кўтаргани айни муддао бўлди. Кимдир истаб, кимдир истамай, лекин ҳамма ўша кеча цехда ишлаб чиқди. Жобирбек эрталабга яқин ҳамма ишлар қилиб бўлингач, барчани кечқурун уйида кутажагини айтиб зиёфатга чорлади.

Меҳмондорчилик жуда қуюқ бўлди. Жобирбек кундузи келган комиссия цех фаолиятини юқори баҳолаганини айтиб, барчага миннатдорчилигини билдирди: “Сизнинг бу фидойиликларингизни ҳеч қачон унутмайман”. Кейин уйига кириб тугунча қилиб боғланган ўнта чопон кўтариб чиқди. «Қўйинг-қўйинг» дейишларига қарамай барчага тўн улашди. Меҳмонлар кетар чоғи, ҳамма билан қучоқлашиб хайрлашаркан, Шосалимнинг енгидан тортди-да: «Сиз бир муддатга қолинг», – деди шивирлаб.

Шундан кейин шу каби ҳолатлар кўп бор такрорланди. Жобирбек ҳар бир ютуққа эришганида, мансаб пиллапояларидан кўтарилганида қадрдон жамоасини зиёфатга чорлаб, ҳар гал меҳмонларни кузата туриб Шосалимни алоҳида олиб қоларди. Заводга директор бўлган куни ҳам шундай бўлди. Меҳмонлардан ажралиб, ҳовлига қайтиб киришгач Жобирбек унинг тирсагидан тутиб, ҳовли чеккасида усти брезент билан ёпиб қўйилган машинанинг ёнига етаклаб борди. Кейин чўнтагидан калитини чиқазиб, унинг кафтига қўйди.

– Машина муборак бўлсин!

– Менгами? – Шосалим росмана ҳайратдан довдираб қолди.

– Бу ҳали ҳаммаси эмас! – Жобирбек энди уни зиёфат столи томонга етаклади. – Эртадан бошлаб хизмат машиналаримдан бирини қабул қиласиз – ўнг қўлим бўласиз. Узоқ сафарларга, айрим шахсий ишларда ҳамроҳлик қиласиз.

Шосалимнинг бошига омад қуши, тўғрироғи омаднинг эгизак қушлари қўнганди. Шундоқ қимир этса, омад қушлари учиб кетадигандай қотди-қолди у.

18

Гоҳ у иш билан, гоҳ бошқа бир юмуш билан Тошкентга қатнашга тўғри келарди. Кейинги пайтлари йўл азоби сезила бошлади: «Толиқиб қолаяпман, ҳалитдан!».

Жобирбек, машинанинг орқа ўриндиғида, ёнидаги юмшоқ ёстиқчага ёнбошлаганча хаёл суриб борарди. Ташвишлар ҳам кўпайиб кетди. Тавба! «Катта йўлнинг катта бўлар муаммолари» деб тўғри айтишган экан. На уйда ҳаловат бор, на ишда тиним. Бир томондан мувафақиятларга эришиб завқланасан киши, бошқа бир томондан дилни хира қиладиган ишлар.

Айниқса, бир ой бурун сайловлар даврида Муҳтарам Калоновичдек одамнинг тарафдорлари тарқатган бўҳтон ақлга сиғмайди. Наҳотки, одам боласи бир-бирига шу қадар разиллик қила олса?! «Айниқса, Муҳтарам Калоновичнинг сайловчилар билан бўлган учрашувда қандайдир уйдирма мактубни дастак қилиб, мени ёмонотлиқ қилмоқчи бўлгани шундай одамга муносиб иш бўлмади. Ҳалиям, сайловчиларимга раҳмат. Ҳаммалари оддий одамлар, лекин ким қаёққа юр деса, эргашиб кетадиганлардан эмас. Айниқса, анави ўқитувчи амаки созлади-да!»

Жобирбек Сакинадан номаълум одамлар ёздириб олиб, ўқувчиларимиз учун анчадан буён нотаниш қолиб келаётган бир нусха, Муҳтарам Калоновичнинг кабинетига келтириб пуллаган мактубни сайловчиларга ўқиб бергач, мунозара учун минбарга чиққан кекса мактаб ўқитувчисининг сўзларини эслади.

– Мен адабиёт ўқитувчисиман, – дея ўзини таништирганди у. – Мавзу бериб, ўқувчиларимга иншо ёздираман. Текшираман. Баҳолайман! Энг яхшиларини кўпчиликка ўқиб бераман. Муҳтарам Калонович, мени кечиринг-у, қўлингиздаги мактуб сизнинг ўз ўқувчингизга ёздирган иншоингиз бўлса керак. Мавзуни ўзингиз берган бўлсангиз керак!..

Мажлис аҳлига айни шу гап керак бўлиб турган экан, гулдурос қарсак чалиб юборишди.

«Шундай чоғлари Гулчеҳра менга таянч бўладими десам, унинг муносабати тамоман тушуниксиз. Кейинги пайтлари болаларнинг ҳам юриш-туришлари ўзгарган. Гулчеҳра таъсир ўтказаяпти назаримда. Лекин, нега? Нима учун?». Айниқса ўтган гал Тошкентдан қайтганидаги ҳолат уни тамоман лол қилди. Гулчеҳра унга қовоғини солиб салом бергани ҳолда, Шосалимга жилмайибгина, «Яхшимисиз?» деди. Болалар-чи, дадам келдилар деб эмас, Шосалим амаким келдила, деб кўчадан югургилаб киришганида, Жобирбекнинг ичидан бир нима «чирт» этиб узилгандек бўлди.

Жобирбек хаёлида кечган ёмон бир ўйдан сапчиб тушди. Бамайлихотир рул бошқариб бораётган Шосалимга шубҳали нигоҳ ташлади. Кейин ўз ишидан ўзи уялиб кетди: «Унда нима гуноҳ! У бечора ўз ишини қилаяпти. Гулчеҳрани янга деб ҳурмат қилиши, болаларимни амакидек яхши кўриши табиий-ку!. Айб ўзимда, иш деб, отам¬нинг кўнглини юмшатаман деб оиламдан эътиборимни, меҳримни аяганга ўхшайман! Бунга чек қўяман албатта!».

У рўзғори шундоққина кўз ўнгида эски девордек нураб бораётганини кўриб турарди. Фақат уни таъмирлашга, сақлаб қолишига ишонгани ҳолда ҳозирча вақт топмаётганди. Ҳозир ҳам қатъий бир қарорга кела олмади.

19

Гулчеҳра одобли бир оила фарзанди эди. Дилидаги ҳадеганда тилига чиқавермасди. Ўзи билан ўзи куйиб, жизғанак бўлиб юраверарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Эрига дардини дастурхон қилиб ёзса, эътирозларини айтса бўларди. Гарчи эрининг ишидан кўнгли дарз кетган, энди уни чегалаб бўлмаслиги кундек равшан бўлса ҳам тўлиб кетган юрагини бир оз бўшатиб олиши мумкин эди! Йўқ! У яна жим. Сўз демас, киноя-ю, кесатиқларини, зарда-ю иддаоларини нигоҳларида жамлаб отгани-отган. Жобирбек эса бу каби боқишлар тилсимини еча олмай хуноб эди.

Ўша нотаниш жувон қўнғироқ қилган кунлари сиқилиб юрган Гулчеҳра ота-онасини кўргани борди. Қанчалик яширмасин, онаси унинг ичида бир дард борлигини сезди.

– Рўзғоринг тинчми ўзи, қизим? – сўради она безовталаниб.

Гулчеҳра шу жойда ўзини тутиб тура олмади. Бир неча кундан бери сассиз йиғлаётган юракнинг сирини кўзлари фош этиб қўйди! Онаси унинг дардларини тинг¬лагач, қизини юпатди:

– Бу ҳар бир аёлнинг бошида бор қисмат! Эркак киши уйдан етти қадам узоқлашдими, бўйдоқ ҳисобланади. Шунга кўникишинг керак! Биз-ку, оддий одамлармиз, ҳатто пайғамбаримизнинг хонадонларида ҳам шундай можаро бўлган.

– Қандай можаро? – Гулчеҳра ажабланиб онасига боқди.

– Ҳазрати Алининг хотини Фотима онамиз, биласан, пайғамбаримизнинг қизлари бўлган. Эрлари устиларига хотин олмоқчи бўлганларида, ичларига бир қалтироқ кирибди. Бу ҳақда оналарига, оналари оталарига айтибдилар. Шунда пайғамбаримиз (С.А.В): “қизинг чиқиб дарахтни қучсин, қалтироғи қолади”, деган эканлар. Фотима онамиз, ўшанда бир улкан теракни қучган эканлару, қалтироғлари теракка ўтган, дейишади.

Ривоят Гулчеҳрага бир оз бўлса-да таскин бўлди. Онасининг сўзларидан тасалли топиб, уйга қайтди, хиёнатни кечирди ҳам. Лекин, эрига кўзи тушди, дегунча, унинг ўзга бир аёлга хотинининг ҳиссизлигини сўзлаб турган ҳолатини кўз олдига келтирар, ўз-ўзидан хомуш тортар, истамаса ҳам эридан жиркана бошларди: «Наҳотки унута олмасам?». Бот-бот ўзига ана шу саволни берар, ахир бунақада бирга яшашдан маъно йўқ-ку, дея даҳшатга тушарди. Кейин онаси сўзлаб берган яна бир ривоятни эслади.

Одам билан чўчқа дўстлашишибди. Чўчқа дўстини уйига меҳмонга чақирибди. Дастурхон ёзиб, топган-тутганини олдига қўйибди. Кейин бир оз мақтов олиш илинжида, «Қандай?» – деб сўрабди.

– Ҳаммаси яхши, гап йўқ! – дебди одам. – Фақат, уйинг бир оз сассиқ экан.

Одамнинг нонкўрлигидан чўчқа жаҳлланибди. Зиёфат муштлашув билан тугаб, чўчқанинг боши ёрилибди. Дўстлик ришталари узилиб узоқ вақт юз кўрмас бўлиб кетишибди. Йиллар ўтиб, алоқалар яна тикланибди. Энди одам уни уйига чорлабди. Меҳмон қилибди. Кейин, хижолат ичра сўрабди:

– Дўстим, бир вақтлар бошингни ёриб қўйгандим. Жароҳатинг битиб кетдими?

– Жароҳат-ку, битиб кетди, аммо, – дея оғир хўрсинибди чўчқа, – уйинг сассиқ деганинг ҳеч эсимдан чиқмайди.

Гулчеҳра баъзан эрининг сувратини қўлига олиб, «Азизим, нима қилиб қўйдингиз ахир? Хиёнатингизни кечирдим, – ўкириб-ўкириб йиғларди у, – аммо «пуф, сассиқ», деганингизни унутолмайман, унута олмаяпман!»...

20

Шосалим Жобирбекнинг яна бир сиридан воқиф ягона киши эди. Ўтган йили марказий газеталардан бирининг мухбири заводга келганди. Жобирбек билан суҳбатлашди. Нималарнидир ён дафтарчасига ёзиб олган бўлди. Мулоқот асносида, “ҳамма ёқни бетонлаштириб юборибсиз-ку, табиат қўйнига ҳам чиқиб турасизми?”, деб сўради. Жобирбек бундай илмоқли гапларни тезда фаҳмларди. Дарҳол тоғли Яккабоғ оромгоҳларидан бирида дастурхон тузашларини буюрди. Завод цехларини айланиб чиқишгач эса, мухбир қизни бир пиёла чойга таклиф этди.

Тоққа Шосалимнинг машинасида чиқишди. Зиёфат қизигандан қизиди. Даврада Жобирбек, мухбир ва Шосалимдан ташқари яна икки киши бор эди. Улардан бири қўрада кабоб пиширарди. Иккинчиси эса қозонда гўшт қовуриб турар, дастурхондаги таомларни янгилаш ва бошқа майда-чуйда юмушлар ҳам уларнинг зиммасида эди.

Шосалим ўртада ўтириб қадаҳларни тўлатар, гоҳ директорни мақтаб, гоҳ мухбирни алқаб “тост” сўзларди. Зиёфат авжида, каллалар ҳам қизиб, ўртага уят латифалар ҳам аралаша бошлади.

– Роса қизиб кетдим, – деди қиз катта пиёлани Шосалимга узатиб. – Менга муздеккина сув беринг!

– Чалоп тайёрлаб бера қолай, иссиқнинг тафтини олади! – деди Шосалим, қизнинг жавобини ҳам олмай, чалоп тайёрлашга тутинаркан.

– Чалоп? У нима? – қизиқсинди қиз.

– Саволингиз менга бир воқеани эслатди, – деди Жобирбек, ширакайф кўзларини зўрға очиб. – Собиқ Иттифоқ даврида вилоят раҳбарларининг иккинчи котиблари, биласиз, рус миллатига мансуб кишилардан бўларди. Бир гал ана шу котиб райком секратари ҳамроҳлигида тоққа чиқибди. Чорвани кўрибди. Ҳаво иссиқ; қуёшнинг тафтидан лоҳас бўлиб, катта бир тошнинг устига ўтириб олибди. Кейин ҳузурида қўл қовуштириб турганларга қарата: «Такка чикдик азиб-язиб. Энди битта жалаб бўлса, би-и-р маза килардик», дебди.

– Нима, нима? Жалаб? – қийқириб юборди қиз.

Унинг ҳикоядан таъсирланиб кетгани даврадагиларга хуш ёқди. Мақсад ҳам ўзи шу! Мухбирнинг кўнглини овлаш керак. Корхона ҳақидаги таассуротлари, аслида мана шундай даврада шаклланади.

– Ҳа, жалаб, дебди. Ўзбек тилини бузиб гапирар экан-да! – ҳикоясини давом эттирди Жобирбек, янада дадилланиб. – Хуллас, каттанинг гапи гап! Бажариш керак. Райком секратари хўжалик рахбарини чеккага тортибди.

– Қишлоғингизда жалаб борми?

Хўжалик раҳбари «йўқ» деган маънода елка қисибди: «Ўзимиз ҳам онда-сонда Қаршидан опкеламиз! Биттаси бору, ўрта ёшли хотин, лекин ўрисга кўнармикан – билмайман».

– Боринг. Кўндиринг! – қатъий буйруқ берибди райком секратари.

Хўжалик раиси қишлоқдаги якаю-ягона бева аёлни авраб-савраб, сочини қатиққа ювдириб, қошига ўсма қўйдириб олиб келгунча бир оз вақт ўтибди. Вилоят раҳбари эса, бот-бот безовталаниб, «Бир жалаб олиб келиш шунча кийинми? Бизни хатинлар буни тез бажаради», деб қўяркан. Ниҳоят раиснинг қораси кўринибди-ю, райком секратарининг елкасидан тоғ қулагандек бўлибди.

– Мана, айтганингизни бажо қилдик, – дебди хўжалик раиси, ёши етмишлардан ошиб қолган ўрис амалдорга, ўрта ёш жувонни рўпара қилиб.

– Нима бу? – сўрабди амалдор, кўзлари ола-кула бўлиб.

– Буми? – ҳайрон бўлибди хўжалик раиси. – Бу сўраганингиз – жалаб! – Кейин, бева аёлга ҳадиксираб қараб, «кечирасан, Потма!» дея узр сўраб қўйибди.

– Ҳей, калла! – дебди ўрис амалдор.– Чорвада ишлайсан, жалабни билмайсан? Катикни оласан, чашкага соласан. Сув куясан, ложка билан чаласан – жалаб бўлади.

Мухбир қиз латифанамо бу ҳикоядан қотиб-қотиб кулди. Қийқириқлар латифага, латифалар қадаҳларга уланиб кетди.

Эртаси куни тонгда Жобирбек зил-замбил калласини кўтариб, ўзини илк бор нотаниш тўшакда кўрди. Кейин бир неча кун ўзидан ўзи жирканиб юрди. Бир-икки ой ўтиб, ўша кўнгилсиз воқеани энди-энди унута бошлаганди, Тошкентдан мухбир қиз қўнғироқ қилиб қолди.

– Жобир ака, нима иш қилиб қўйдингиз? Мен сизга ишониб тоққа чиқиш ҳақидаги таклифингизни қабул қилгандим! – Қизнинг иддаоларидан Жобирбек ёмон бир иш қилиб қўйганини фаҳмлади. Аммо, ҳеч нимани эслай олмади. – Биламан, кайфингиз баланд эди, – нолинишда давом этди қиз, – мен роса қаршилик қилдим. Кучим етмади! – У энди йиғламсираб ҳиққиллай бошлади. – Юзим шувут бўлди, Жобирбек ака!.. Сиз ҳузурингизга борган ҳамма аёлларни шундай қиласизми?

Жобирбекнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Тили калимага келмади – қовоқ арига ўхшаб нимадир деб ғўлдиради:

– Кечиринг, кайфчиликда!

– Мен сизни айбламайман, йигитчиликда бўлади. Тушунаман. Қолаверса, ўзимдан ҳам ўтди. Тоққа чиқмаслигим керак эди. Мен-ку, барисини унутмоқчи эдим, аммо…

– Нима, аммо?

– Бола!..

Жобирбекнинг кўз олди қоронғулашиб кетди. Боши арининг уясидек ғувиллар, хаёлида ечимсиз саволлар чарх урарди: “Энди Гулчеҳранинг юзига қандай қарайман? Болаларимнинг-чи? Лекин, муштипар қизни бу аҳволда қолдириб бўлмайди, болани ҳам!”.

Орадан бир неча кун ўтиб, Шосалимни Тошкентга жўнатди…

21

Жобирбек кейинги пайтлари хотинидаги ўзгаришни пайқаб Гулчеҳра ўша воқеадан хабар топдимикин, деб чўчиб юрарди. Агар хабар топган бўлса, кимдан деган савол қийнарди уни: “Бу ишлар бости-бости бўлиб кетганига анча бўлди. Наҳотки жабрини бир умр тортсам!?”. Жобирбек ўз-ўзини айблашдан чарчамас, «ўша норасиданинг уволига қолдим” деб қийналарди у.

Ўшанда Шосалим Тошкентдан «қиз ҳомиладан кечибди» деган хабарни олиб келганди. Жобирбек бир ҳисобда қувонганди. Ҳатто операция чоғида, жарроҳ қизни бир умрга майиб қилиб қўйганини, энди биргина орзуси, Тошкентдан бир ҳовли сотиб олиб – шунда беташвишгина яшамоқчи эканини айтиб юборганда ҳам унчалик оғринмади.

Ишни батамом бости-бости қилиш учун Шосалимни яна Тошкентга жўнатди. У зиёфатда хизматда бўлган икки танишини бу сафар йўлга ҳамроҳ қилиб олди. Ахир 50 минг доллар билан якка– ёлғиз йўлга чиқиб бўларканми?

Агар шу воқеа бўлмаганида, Жобирбек Гулчеҳра билан аллақачон гаплашиб олган бўларди. Муносабатларини ойдинлаштиришни кечиктириб келаётгани ҳам шундан. Бир кўнгли, «Воқеани бошдан-оёқ сўзлаб берсам, мени тушунармикан?» деб ўйлар, бир кўнгли ич-ичида шу кўнгилсиз воқеага асло қайтмасам, ҳеч қачон эсламасам, дерди. Кейин, яна мушоҳадага бериларди: «Воқеадан уч кишигина воқифмиз – мен, Шосалим ва қиз. Хотиним уч кишининг биридан эшитиши мумкин холос. Мен айтганим йўқ. Нима деб айтаман, ахир? Шосалим? У айтмайди – унақа пасткаш эмас у. Демак, биргина у қоляпти. Лекин, олганини олди-ку? Ками бўлса мендан сўраши керак!... Йўқ, йўқ, имоним комилки, Гулчеҳранинг хафагезаклигига бошқа сабаб бор! Қандай сабаб? Билмайман, уф-ф-ф!».

Ана шундай кечинмалар оғушида янги бозор қурилишини айланиб чиққач уст-бошини қоқди-да, машинаси томон кетаётганди, рўпарасидан бир лўли хотин чиқиб қолди.

– Ман санга бир пол очай, сан эшитгин! О-о-о, руҳинг безовта, кўзларингда дард, ўйингда ҳаловат йўқ! Чарчагансан болама, чарчагансан! Бер, атаганингни – бер! Ман санга бир пол очай.

Жобирбек табиатан ромга ҳам, ромчиларга ҳам ишонмасди. Аммо ҳозир беихтиёр ўзини ромчининг измига топширди. Санамай пул берди. Кейин унинг лўлича жаврашларига астойдил қулоқ тутиб турди.

– Бургутнинг бачаси экансан, чумчуққа ўхшаб яшайсан, тартанак уясига илашгансан…

Ўша ёндафтарчаданги бизга таниш жумлалар. Жобирбкнинг кулгиси қистади: «Илон, чаён, тартанак, чумчуқ. Нима бало, ромчиси тушмагур, зоология ўқитувчисими, дейман!».

Бир оздан сўнг машинада кетиб бораркан, ром тафсилоти ўта маънили экан, деган хулосага келди. Кейин, ёдимдан кўтарилиб кетмасин, деб ёндафтарчасини олди-да, сўзларини қисқартириб-қисқартириб, ўзи тушунадиган тарзда қоғозга тушириб қўйди.

Жобирбек бу бошқотирмадан кейинроқ бирор маъно уққанми йўқми – билмадигу, аммо Акмал жиноят ишини очишда, калаванинг учини айни шу ром тафсилотларидан топгандек бўлди.

22

Акмал тергов ишларининг бориши ҳақида шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи майор Нурхўжаевни хабардор қилиб турарди. Бугун ҳам ҳар галгидек хонада уни майор Нурхўжаев, яна фуқароча кийимда икки киши кутиб туришган экан.

– Акмал Чориев, – уни бояги икки нотаниш меҳмонга таништирди Нурхўжаев, – мазкур жиноят иши юзасидан қидирув-тергов ишларини олиб бораяпти. – Кейин, Акмалга юзланди: – Қилинган ишлар юзасидан батафсил маълумот берсангиз.

Акмал жиноят ишига оид тафсилотлар тиркалган папкадаги ҳужжатларни бир неча нусхада кўпайтирганди. Даврадагиларга биттадан тарқатиб чиқди. Сўнг тафсилотларни бирма-бир баён этишга киришди. Тинглагувчилардан ана у иккитаси бу пайт Акмал берган тергов ҳужжатларини синчиклаб кўздан кечирмоқда эди. Сиртдан қараганда Акмал билан қизиқмай қўйишгандек, унинг сўзларига эътибор беришмаётгандек туюларди. Шундан Акмал бироз хижолат тортди. «Эҳтимол, уларга халақит бераётгандирман», деб ўйлади ичида. Кейин ҳужжатлар билан яхшилаб танишиб олишлари учун имкон яратмоқ бўлиб, бир муддат сўзлашдан тўхтади. Бояги кишилар «нега тўхтадингиз» дегандек «ялт» этиб унга қарашди. Акмал сўзини давом эттириши лозимлигини англаб, воқеалар ривожини тўхтаган жойидан давом эттирди, меҳмонлар яна қоғозларга эгилишди.

Акмал бир пайтнинг ўзида ҳам ёзиб, ҳам суҳбатдошини тинглашга қодир бўлган қадимги юнон файласуфи Цицерон ҳақида ўқиганди. Ҳозир шундай қобилият соҳиби бўлган анави кишиларни кўриб, ҳаваси қўзиди.

Меҳмонлар тергов-қидирув тафсилотлари билан танишиб бўлишгач, ниҳоят ҳужжатлардан бош кўтаришди. Тўрда, майор Нурхўжаевга яқинроқ турган, сийрак сочли, кўзойнак таққани давра аҳлига бир кўз югуртириб чиқди-да, ҳаммага тегишли дегандек, ўртага савол ташлади:

– Тўпланган маълумотлардан келиб чиқиб, кимда қандай мулоҳаза бор – марҳамат!

Майор Нурхўжаев яна Акмалга юзланди:

– Биз ишнинг боришини кунда мулоҳаза қилиб борамиз. Вазият ҳозирча тўлалигича ойдинлашгани йўқ. Лекин, Чориевнинг айрим хулосаларига умид боғлаш мумкин, деб ўйлайман.

Бошлиқ шу сўзларни деб, Акмалга «айт» деган маънода бош ирғаб қўйди. Рухсат бўлгач, Акмал қидирув ишлари асносида воқеаларнинг ўзи учун сирли бўлиб туюлган учта муҳим нуқтаси ҳақидаги фикрларини ўртага ташлади.

23

Тергов давомида Акмал маълумот олишга муваффақ бўлмаган якаю ягона одам Жобир бекнинг отаси Мурод Шомуродович бўлди. Табиатан камгап бу одам, катта ўғли Қодирбекнинг фожеали ўлимидан кейин тамоман узлатга чекинган, ўзининг кичкинагина ҳовлисида охиратини кутиб яшаб келарди.

Акмал унинг ҳузурига бир неча бор ташриф буюрди. Аммо бирорта ҳам саволига жавоб олмади. Худди «Соқов рицар»нинг ўзгинаси, нурсиз кўзларини бир нуқтага тикканича «миқ» этмай тураверди: «Қизиқ, шунақа одам ҳам бўларкан-да!». Мурод Шомуродович ҳақида ўйлаганида Акмал бир нимани тушунмасди: «Хўш, Қодирбек унинг тўнғич ўғли бўлган. Лекин, Жобирбек ҳам ўғли-ку! Майли, катта ўғлидан айрилди, тақдир! Аммо, кичик ўғлидан тирик ажралиб турибди-ку! Ахир тўнғичига бўлган меҳру муҳаббати кичигига кўчиши керак эмасмиди?.. Бунчалар ҳам қаҳри қаттиқ бўлмаса!? Ахир, тўнғичига шунча йил мотам тутиб келаётган отани кенжа ўғлининг дом-дараксиз ғойиб бўлиши, наҳотки заррача ташвишлантирмаса?»...

Акмал бу ишларда балки ўзининг қўли бордир деган хаёлга ҳам борди. Лекин дарҳол бу фикрдан қайтди. Агар шунга ўхшаш сабаблар билан айб тақаладиган бўлса, кўпчиликдан шубҳа қилишга асос етарли эди. Масалан, Муҳтарам Калонович. Сайлов туфайли Жобирбекдан панд еди. Адоватлашиб қолди. Тўғри, Муҳтарам Калонович Жобирбек йўқолишидан икки-уч кун бурун бандаликни бажо келтирди. Лекин унинг тириклик чоғи тузган режасини гумашталари охирига етказган бўлиши мумкин-ку! Ёки мана хотини – Гулчеҳра! Жаҳлланган кезлари, болаларига «Ҳув, етимча қолгурлар» деб ўшқириб берганини қўшнилари бир неча бор эшитишган экан.

Шуларни ўйлаб, Акмал шошма-шошарлик билан хулоса чиқаришдан тийилар, санамай саккиз демасликка ҳаракат қиларди. У отанинг ҳузурига сўнгги бор келганида Жобирбекнинг данғиллама ҳовлиси этагидаги эшик орқали уникига ўтганди. Қайтишда яна шу йўлдан қайтди. Усти айвонча қилиб ёпилган чиройли қилиб безатилган каровотда Гулчеҳрани аллақандай қоғоз парчаларини ёйиб, термулиб турган ҳолда кўрди. Бир оз ўнғайсизланди. Кейин шунчаки ўтиб кетишни эп кўрмай, томоқ қириб қўйди. Гулчеҳра бир оз ўйчан, намчил кўзларини ердан кўтариб, унга томон ўгирилди.

– Узр, янга! Мен отанинг ҳузурларига келгандим! – нариги ҳовлига ишора қилди у. – Ирим қилиб, келган йўлимдан қайтган куним эди!

– Ҳечқиси йўқ, хизматдаги одамсиз!

Гулчеҳра қоғоз парчаларини кафти билан яширмоқчи бўлди. Агар шундай қилмаганида, Акмал эҳтимол ҳозироқ бу ҳовлини тарк этган бўларди. Энди эса, мана шу майда-майда қийқимлардан иборат бир парча қоғоз унинг эътиборини ўзига тортганди.

– Янга, азбаройи қизиқувчанлигим учун узр сўрайман аввало. Термулиб турганингиз, у қанақа варақ. Агар Жобирбекка алоқадор қоғоз бўлса – танишсам дегандим.

Гулчеҳранинг авзои ўзгарди.

– Бу бизнинг шахсий муносатбаларимизга тегишли бир хат. Унинг ишга алоқаси йўқ чиқар?!..

– Шундай бўлган тақдирда ҳам, рухсат беринг, кўрай!

Акмал яқинроқ келиб қўлини узатди. Жувон ноилож қолганди. Ўзи учун аламли бу мактубни элга овоза қилиб бадтар мулзам бўлишни истамас, аммо ҳозир уни терговчига беришдан ўзга чораси қолмаганди:

– Анави, тошкентлик жазманининг хати. Тошкентга кета туриб унутиб қолдирганми, ёки атайин, – Гулчеҳра, яна кўзларига ёш олди, – аламдан йиртиб ташлагандим.

Акмал кутилмаган топилмадан ҳаяжонланиб кетди. Бу мактуб сайлов даврида бир марта юзага қалқиб чиққан-у, шу билан эътибордан четда қолган – Сакина Хаджиева исмли аёлнинг тилидан битилган мактуб эди. Кейнчалик суриштирувлар даврида Акмал ана шу хат билан қизиққан, аммо топа олмагач, уни «Муҳтарам Калонович ўзи билан гўрга олиб кетган» деган хулосага келиб, бу далилдан тамоман умидини узган эди..

– Бу мактуб Жобирбекка қандай тушиб қол¬ганини билмайсизми?

Гулчеҳра терговчи мактубга ўзгача бир назар билан қараётганини кўриб ҳушёр тортди:

– Муҳтарам Калонович берган бўлиши керак!

– Муҳтарам Калонович?

– Ҳа! Ўлимлари олдидан эримни чақиртирган эдилар!

Акмал миясига қуюлиб келаётган саволларга жавоб топмоғи лозим эди. Энди саволлар ечимсиз қолмаслиги аниқ, қолаверса, қўлида тилсимлар калити турибди.

– Янга, рухсат берсангиз, қоғозларни маълум бир муддатга олиб кетсам.

– Бутунасига олақолинг! Бир ҳисобдан кўзим¬дан нари бўлгани дуруст! – розилик билдирди Гулчеҳра.

24

Акмал аввалига гапни нимадан бошлашни билмай каловаланиб қолди. У шу туришда нуфузли олимлар қаршисида номзодлик ишини ҳимоя қилаётган аспирантдек ҳис қилди ўзини. Назарида хулосалари ўта жўн, эътиборга молик эмасдек туюлди. «Қабул қилишмаса-я», деган бир ҳадик кўксини кемира бошлади. Кейин, орқага йўл йўқлигини фаҳмлади. Фикрини Гулчеҳрадан ўша мактубни олган нуқтадан бошлаб баён қилишга киришди:

– Воқеалар ривожининг учта энг муҳим нуқтасига эътиборингизни қаратмоқчиман: биринчидан, Муҳтарам Калонович ўлими олдидан сайловдаги ашаддий рақиби – Жобирбекка уни ёмон отлиқ қилишда дастак бўлган мактубни топширган. Нима учун, деган табиий бир савол туғилади. Назаримда, умрининг сўнгги дамлари виждони олдида ўзини оқламоқчи бўлган. Иккинчидан, Жобирбек эртаси куниёқ, марҳумни кўмиш маросимидан кейин шошилинч равишда Тошкент сафарига отланган. Пойтахтга кетаётгани маълум, аммо пансионатга бораётганини ҳеч ким билмаган. Нега? Бизнинг тахминимизча у ўзини безовта қилишларини хоҳламаган. Унинг танҳо ўзи, гувоҳларсиз бажариши лозим бўлган қандайдир юмушлари бўлган.

Учинчи нуқта шуки, ҳамиша Тошкентга Шосалим билан бирга бориб келиб юрган Жобирбек бу сафар уни ҳамроҳ қилмаган. Сирли сафари ҳақида, ҳаттоки энг яқин дўстига ҳам ҳеч нима демаган. Хуллас, биз барча чигил жумбоқларнинг ечими – мана шу мактубда деб ўйлаймиз.

Акмал сўзини тугатгач, ҳадиксираб даврадагиларга кўз ташлади. Уни эшитиб турган меҳмонлар қуйи эгилган ўйчан бошларини кўтардилар. Юзлари ёришганини кўриб Акмал енгил нафас олди. Қуйироқда ўтирган ингичка мўйлаби ўзига ярашиб турган йигит луқма ташлади:

– Таклифингиз?

– Иккита нуқтада доимий назорат ўрнатишни таклиф қиламан. Биринчиси, Жобирбекнинг уйи орқали қариянинг ҳовлисини; иккинчидан, Шосалимнинг қишлоқдаги уйини доимий кузатувга олишимиз лозим.

– Асос? – кўзойнакли киши юзланди унга.

– Асосим шуки, Жобирбек билан отаси ўртасида узоқ вақтдан бери зиддият мавжуд бўлган. Бу ҳақда ҳамма билади. Ота ўғли билан деярли сўрашмай, сўзлашмай ҳам қўйган. Аммо Жобирбек отасининг ҳолидан хабар олишни канда қилмаган. Кунда-кунора кириб турган. Фаразимча, у фақатгина шу мақсадда кирмаган. Жобирбекнинг жони ана шу ҳовлида яширинган бўлиши керак!..

– Бойлиги, демоқчисиз-да? – Майор Нурхўжаев унинг сўзига аниқлик киритди.

– Бу балки пулдир, балки ихтиро, – деди Акмал, Зулфиқоровнинг сўзларини эслаб. – Хуллас, бу энг бехавотир жой. Ҳеч ким шубҳа қилмайди. Кар ва соқовга айланган ота эса, билиб-билмай, улкан илонга ўхшаб ўғлининг бисотини қўриқлаб ётибди.

Жобирбекнинг Шосалимсиз иш битирмоқчи бўлгани эса, бу икки ўртада зиддият пайдо бўлганининг белгиси бўлиши керак. Балки у жон қушчасига ҳамла қилмоқчи бўлган илонни қўйнида асраб юрганини пайқаб қолгандир. Уни даф этмоқ учун аввало, тортанак уясига чувалашиб қолган оёқларини бўшатиб олмоғи лозимлигини англагандир. Шунинг учун ҳам унинг Тошкентга сўнгги сафаридан кўзлаган мақсади: биринчидан, мана бу мактубни битган жувонни топиш, иккинчидан, мухбир қизни учратиш бўлган, деган эҳтимолимиз бор.

– Муқаддам берилган маълумотларга кўра, мухбир қиз билан орани очиқ қилган эди-ку? У яна нимага керак бўлиб қолдийкин? – кетма-кет саволга тутди уни вилоят ички ишлар бошқармасидан келган вакил.

– Жобирбекнинг хизмат машинасида Асқар ака деган амаки ҳайдовчилик қилади. У киши бир воқеани сўзлаб бердилар. Айтишларига қараганда, Жобирбек Тошкентга кетмасидан икки-уч кун бурун завод меҳмонхонасида телевизор томоша қила туриб алланарсадан жуда дарғазаб бўлиб кетган. Шосалимни сўраттирган. Уни излаб топиша олмаган. Бир оз ҳовури босилгач эса, бу масалага ортиқ қайтмаган.

Биз Тошкент телевидениеси билан боғландик. Асқар ака тусмоллаб айтган соатларда қандай кўрсатувлар эфирга чиққанини аниқладик. Дастурларни кўчиртириб келдик. Ногиронлар куни муносабати билан берилган бир лавҳада, бундан бир йилча бурун мухбир сифатида заводга келиб-кетган жувон намойиш этилган бўлиб чиқди. Кўрганлар уни танишди. Иккита ногирон боласи бор экан. Эҳтимол, ўшаларни деб шундай ишга қўл ургандир.

Жобирбек ҳам ўша куни ана шу лавҳани кўриб тутақиб кетган чамаси. Шосалимни излаб қолиши ҳам шундан бўлиши керак! Чунки қиз билан боғлиқ можарони бости-бости қилиш учун эллик минг доллар пулни Тошкентга Шосалим олиб бориб берганди-да. Демак, шубҳа туғилган: ё қиз Шосалимни алдаган, ёки Шосалим Жобирбекни чув туширган.

Шосалим сўроқ пайти: «Жобирбек пулни хотиним кўрмасин деб, отасининг дарвозаси томонидан чиқариб берди», – деган эди. Бу эса Жобирбекнинг бисоти отасининг ҳовлисида эканидан, Шосалим бундан бохабар эканидан далолат беради.

Вазирлик вакили кўзидан ойнагини олиб, дастрўмолчаси билан унинг шишаларини тозалай бошлади. Бир муддат нималарнидир мулоҳаза қилиб турди. Кейин:

– Жобирбек мактубни айнан Муҳтарам Калоновичдан олгани тасдиқланганми? – деб сўради.

– Йўқ. Жобирбек билан Муҳтарам Калонович палатада ёлғиз бўлишган. Марҳумнинг хотини айтишича, Жобирбек кетгач эрининг ҳузурига кирганида, уни кўзлари жиққа ёш ҳолида кўрган.

– Ҳм-м-м, қизиқ! – Вазирлик вакили яна кўзойнагини тақиб олди. – Жудаям қизиқ! – Кейин Нурхўжаевга юзланди у. – Бу ишни тезроқ охирига етказиш керак. Одамлар орасида миш-миш гапларнинг урчиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Шундоқ ҳам бир-икки куракда турмайдиган узунқулоқ гаплар тарқаб кетибди. Ишни тезлаштириш учун сизларда ҳамма имконият бор, деб ўйлайман. Кадрлар масаласида-ку, – у Акмалга ишора қилди, – гапирмасак ҳам бўлади. Фақат, манёвр учун мутахассис керак бўлса – марҳамат!

25

Фуқароча кийинган икки нотаниш кишининг – Акмал уларнинг ички ишлар вазирлигидан эканини йиғин сўнгида билди – бугунги ташрифи ҳам аслида шаҳар аҳолиси орасида тарқаб кетган турли миш-мишларнинг олдини олиш,тергов-қидирув ишлари билан танишиб, жараённи тезлаштиришга қаратилган эди.

Шаҳарда уч ойдирки ҳамманинг оғзида шу гап эди. Ҳар ким бу воқеани ўзичи талқин қилар, ҳар куни янгидан-янги тахминлар тўқиларди: кимдир Жобирбекнинг тақдирига азбаройи қайғурганидан, кимдир эрмакка ўчлигидан, кимдир ўта қизиқувчанлигидан – хуллас, ҳеч ким бу мавзуни четлаб ўтолмасди: «Жобирбек чет элга қочиб кетганмиш!» – сайлов пайти юзага қалқиб чиққан бир жувоннинг мактубида, унинг чўнтагида иккита паспорт кўрганлиги айтилган маълумотни дастак қилиб сўзлаб юрди одамлар аввалига. Кейин, «ҳукумат қамаб қўйганмиш – ихтиросини чет элга сотгани учун», деган фаразлар тарқади. Хуллас, шаҳар кунда бир янги маълумот эшитарди, фаразлар бисёр, фақат Жобирбекдан дарак йўқ эди.

– Элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди, – шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг хонасига эрталабдан бери танда қўйиб олган меҳмонларнинг бири деворга осиғлик соатга бир қараб олди-да, барчага қарата деди: – Токи масалага ойдинлик киритиб, ишни охирига етказмас эканмиз, миш-мишлар улғайиб бораверади. Билингки, бундай асоссиз миш-мишлар терговни ҳам чалғитиши мумкин.

Майор Нурхўжаев меҳмоннинг охирги гапидан бир оз саросималаниб қолди. Акмал ҳам уни «Миш-мишларга чалғиб, тергов ҳаракатларини охирига етказа олмаяпсизлар» қабилида тушинди. Фақат меҳмон фикрини давомини айта бошлаганидагина бир оз тинчланишиб, ҳатто билинар-билинмас табассум билан бир-бирларига қараб олишди.

– Умумий тергов ҳаракатлари натижаларидан қониқиш ҳосил қилдик, – деди у ҳамроҳига юзланиб. Иккинчи меҳмон, боши билан тасдиқ ишорасини бергач, давом этди: – Бу ҳақда вазирга етказамиз, Чориевнинг таклифини ҳам эртагаёқ генерал ҳузурида кўриб чиқамиз. Балки ёрдамга иккита яхши ходим жўнатармиз.

Акмал шундагина меҳмонлар ички ишлар вазирлигидан эканини фаҳмлади. Ўзини шу пайтгача худди болалардай ҳис этди. Бирдан жиддий тортди. Лекин ич-ичидан хурсанд эди у. Чунки вазирлик вакиллари унинг ишидан қониққанликларини айтишди. Таклифларини маъқуллашди. Айниқса Акмалнинг таклифини генерал ҳузурида кўриб чиқамиз, дегани жуда ёқди. Ахир, генералнинг назарига тушиш – бу ҳазилакам гап эмас!

Эртаси куни Тошкентдан иккита ходим етиб келди. Майор Нурхўжаев хонасида, Акмал ва бояги ходимлар иштирокида ҳаракат режаси тузилди. Қидирув ишлари поёнига етгунга қадар режанинг махфийлиги сир тутиладиган бўлди.

26

Эрталаб гаражга келган Асқар ака заводга вақтинчалик Шосалим директор этиб тайинланганини эшитиб ҳайрон қолди: «Шосалим – директор?» – ақли шошиб қолди бу янгиликдан. Ахир Шосалим директор бўлади, деб ким ҳам ўйлаганди!? Кейинги бир неча йил мобайнида у умуман заводдан узоқлашганди. Уни Жобирбекнинг шахсий ҳайдовчиси сифатида танишарди одамлар. «Қизиқ замон бўлди-да, – ўйлади Асқар ака, – бир умбалоқ ошсанг-у, директор бўлиб қолсанг! Омад деганлари шу бўлса керак? Бир ҳисобдан шуниси ҳам яхши. Синашта одам!” Шу пайт Асқар аканинг кўнглидан оғриқли бир фикр кечди: «Наҳотки, Жобирбек шу кўйи жим-жит бўлиб кетса!? Қандай яхши киши эди-я! Унга қанча-қанча ёрдамлар қилганди. Институтда ўқиётган қизига шартнома пулларини ўтказиб бериб турарди. Ўғлини уйлантирганда тўй харажатларига қарашворганди. Эй, Худо, қайда бўлса ҳам омон бўлсин ишқилиб!”, – юзига фотиҳа тортди у. Кейин машинани ўт олдирди-да, ташқарига ҳайдади.

Чиқаверишда уни диспетчер хотин тўхтатди:

– Аскар, медосмотр прошёл?

– Да, брось Нина, отпусти меня! – Шу расмиятчиликни одатдагидек четлаб ўтмоқчи бўлди у.

– В этот раз серёзно! Аскар, иди, время не теряй!

Асқар ака Нинани ҳеч қачон бундай жиддий қиёфада кўрмаганди. Шундан вазият бошқачароқ эканини, ҳатто директорнинг ҳайдовчиси бўлса ҳам, қоидага бўйсуниши лозимлигини фаҳмлади: «Оббо, Шосалим-эй! Тартибни остонадан бошлабди, – ёмон эмас. Интизом – яхши!».

Асқар ака машинани чеккага чиқариб тўхтатди. Кейин, кўрикдан ўтиш учун тиббий кўрик хонасига қараб кетди.

«Асабларингиз жойида эмас!» – дейишди унга. Бир-икки ҳафта ҳордиқ олиши кераклигини айтиб машинадан четлатишди. Машинани эса вақтинча Илҳомжон деган янги йигит юргазиб турадиган бўлди.

Асқар акани шифокорларнинг кутилмаган хулосаси танг қолдирди. Бир кўнгли, норозилик билдирмоқчи бўлди-ю, «балки Шосалим ўзига синашта одамни ҳайдовчиликка олгандир» деб фикридан қайтди. Бўйсунишдан ўзга чораси қолмаганди. Фақат машинасига бир оз ачинди: «Ёш йигит, устига-устак тажрибасиз, машинани асраб минсин-да ишқилиб! » – ташвишланди у.

Шосалимнинг тиббий кўрикка алоқаси йўқ эди аслида. Ҳайдовчиларнинг алмаштирилишидан-ку, умуман бехабар эди. У бугун эрталаб эртачи ўрнидан туриб, уст-бошини тузатишга киришди: оқ кўйлак кийди, рангли галстук тақди. Костюм-шим, қора туфлида у биб-бинойи директор бўлди-қолди. Ўзини ойнага солиб, «Одамни одам қиладиган усти-бош экан-да!» деди. Ўзига-ўзи суқланиб турганди, телефон жиринглаб қолди.

– Табриклайман!..

Шосалим бу товушни эшитди дегунча, қарама-қарши ҳислар орасида муаллақ қолар: на қувонар, на қайғура оларди. Ана шу товуш соҳиби туфайли у бугун хаёлига келмаган юксак мартабага эришди. Аммо бу товуш унга кун сайин тубанлашиб бораётганлигини ҳам эслатиб турарди. Ҳозир ҳам худди ана шундай ҳолатга тушди:

– Раҳмат! – зўрға жавоб қилди у.

– Нима, хафамисан? – сўради сирли овоз.

– Йўқ! Аксинча!

– Шосалим, унутма! Сенинг номзодингни тасдиқлатиш менга осон кечмади. Мана, энди директорсан. Бардам бўл! Заводдаги ишлар ўз йўлида – сенсиз ҳам завод ишлайверади. Шартимиз эсингдан чиқмасин – уқдингми?

Шосалим «Уқдим» дейишга ҳам улгурмай қолди. Қўнғироқ қилган сирли товуш соҳиби гўшакни қўйиб қўйди.

27

Гулчеҳра тунни мижжа қоқмай ўтказди. Ранги-рўйи бир аҳвол қизчасининг соғлиғидан хавотирда эди. Кейинги кунларда, тўрт ёшли Лайло кечқурунлари алаҳлаб чиқадиган одат чиқари. Уйқусида гапиради: «дада, кетманг, дадажон!», деб йиғламсираб уйғониб кетарди у. Кейин бир муддат ўпкасини боса олмай, хўрсиниб-хўрсиниб йиғларди-да, яна ухлаб қоларди.

– Эй Худо, гуноҳларимни кечир! – зорланиб нола қиларди шундай кезлари Гулчеҳра, айриқлиқ дамлари кун сайин катталашиб бораётганидан маъюсланиб. – Эримга қилган аччиқларим, зарда-ю зардобларим учун ўзимни жазола! Норасидаларимга раҳимнг келсин, эй Аллоҳ! Дадасини болаларимнинг бошига қайтар. Ўтинаман Сендан!..

Эрининг тўсатдан ғойиб бўлиб қолгани Гулчеҳрага дастлаб унчалик таъсир қилмади: «Ўлиб кетмайдими? Усиз ҳам куним ўтади!» – алам ва изтиробларини кўнглидан кечган шу совуқ сўзда ифода этди у. Кейин, ҳафта-ўн кун ўтиб, жазманлари билан улоқ чопишиб ҳолдан тойган айғир эри қайтганида айтиш учун, аччиқ-тизиқ гаплардан жумлалар тузиб юрди. У нимагадир эрининг йўқолиб қолганига ишонмас, буларнинг бари Жобирбек томонидан ўйлаб топилган ҳийла – тошкентлик жазманлари билан узоқроқ муддат, олисроқ бир жойга бориб келиш учун тузилган режа бўлиб туюларди.

Орадан кунлар, ҳафталар ўта бошлади. Одамларнинг бирда ачиниш, бирда очиқдан-очиқ ҳақоратомуз боқишлари қалбини чил-чил синдирарди. Айниқса, ўғли Қодирбек ва қизи Лайлонинг дадасини сўраб берган саволларига жавоб топа олмай қийналарди. Назарида, Жобирбекнинг йўқолиб қолишига ҳамма уни айблаётгандек бўлиб туюларди. Нигоҳлар таъқибидан қочишга уринар, аммо яширингани жой топа олмасди. Кейин фаҳмларди-ки, у ўзини-ўзи таъқиб қилмоқда эди. Шундай кезлари йиғлар, илтижо қилар, қани энди фойдаси бўлса: «Сизни уйдан бездирдим, бегим! Жонингиздан тўйдирдим, мендан аразлаб қаерларда юрибсиз ахир? Минг бор узр, келинг, пойингизни кўзларимга суртай – қайти-и-и-нг!»…Юрагини қоплаб ётган музлар эриб, кўзларидан сел бўлиб оқарди унинг.

Шосалимнинг вақтинчалик директор этиб тайинлангани-ю, Асқар аканинг ўрнига бошқа бир йигитнинг ҳол-аҳвол сўраб кела бошлагани – аввалига уни бир оз тинчлантирди: «Демак, буларнинг бари вақтинчалик, эримнинг топилишига ҳали ишонч бор. Ҳар қалай, остонамиздан оёқларини узишмаяпти-ку!» – умидланарди у.

Янги ҳайдовчи Илҳомжон ҳақиқатдан ҳам Жобирбекнинг остонасидан нари кетмасди. У уззу-кун шу атрофда айланиб юрар, Жобирбек хонадонининг юмушларини бажариб туришга масъул этиб тайинланганди. Шу билан бир қаторда, унинг бу хонадон билан боғлиқ, амалга ошириши лозим бўлган махфий юмушлари бор эдиким, энди ана шу хусусида сўз юритамиз.

Гулчеҳра қайнатасига Қодирбек орқали кечки овқат чиқарганди, у «бобомнинг тоблари қочиб қопти» деган хабар олиб келди. Гулчеҳра дарҳол Илҳомжонга телефон қилиб, отани касалхонага олиб бориб қўйишини сўради.

Мурод Шомуродовични юраги бир оз безовта қилган экан. Ранги докадек оқариб кетган бу саркаш қария, хасталикнинг оғриқ азобларига миқ этмай дош берарди. Уни ЭКГ қилишди. Сўнг обдон текширишди.

– Касали жиддий эмас, бир ҳафтага ётқизамиз, – деди шифокор, Илҳомжонга унинг кийим-бошлари солинган пакетни тутқаза туриб. – Ҳаммаси жойига тушиб кетади!

Эртаси куни қайнатасини кўргани Гулчеҳра келди. Ота келини билан совуққина бош ирғаб саломлашди-ю, аммо набираларига боқиб юзлари ёришиб кетди. Болалар ҳам қийқиришиб унинг қучоғига отдилар ўзларини. Гулчеҳра бир-бирларини кўрганда бир муддат бутун оламни унутиб юборадиган бу уч болакайни холи қолдириб ташқарига чиқди-да, сўнг врачнинг ҳузурига кирди.

Врач Шомуродовлар хонадонидан тушган бу беморга алоҳида эътибор қаратган, ЭКГ натижалари, анализ хулосалари, рентген маълумотларини шахсан ўзи назорат қилиб борарди. Муолажани ўз зиммасига олганди. Бу оиланинг аввалдан шаҳарда катта мавқе тутишини, ҳозир ҳам барчанинг диққат-эътиборида эканини яхши биларди. У хонасига Гулчеҳра Шомуродова кириб келганида ўрнидан сапчиб туриб, алоҳида мулозамат кўрсатиб қаршилади. Эри туфайли бошларига тушган ташвишга ҳамдардлик билдирган бўлди. Кейин Жобирбек ҳақида янгиликлар бор-йўқлиги билан қизиқди.

– Нажот, авваламбор Худодан, – маъюсланди Гулчеҳра, – қолаверса, орган қидираяпти. Қариндош-уруғлар ҳам тинч ўтиришгани йўқ. Бир томони Тожикис–тон, Москва, ҳатто Малайзиягача бориб келишди – дарак–лари чиқмаяпти.

– Ажабо, бутун бошли одам бирданига йўқ бўлиб қолса! Қизиқ! – врач лабини чўччайтириб, боши билан сарак-сарак қилиб қўйди.– Қаёққа кетган бўлиши мумкин?

Врач билан бу мавзуда суҳбат қурмоққа Гулчеҳрада хоҳиш йўқ эди. “Қаёққа кетган бўлиши мумкин?”. Ҳозир ҳамма шу саволнинг атрофида айланарди; фақат, кимдир азбаройи унинг ечимини топа олмай қийналар, кимдир бу ташвиш барчанинг ташвиши бўлиб қолгани-ю, ўзи ҳам шундан мустасно эмас эканлигини кўрсатиш учунгина шу савол атрофида кезинарди. Бу ечимсиз савол бугун барчани қизиқтираётганини Гулчеҳра биларди. У яна бир нарсани яхши билардики, бир тоифа одамлар жавобнинг фақат ижобий бўлишини хоҳлашар, яна бир тоифа одамлар эса, оқибат қандай бўлишидан қатъи назар, саволга жавоб топсалар бас – врач ана шу тоифадан эди. Шунинг учун ҳам врачнинг бемани саволига истар-истамай жавоб қиларкан;

– Қаёққа кетган бўлсалар ҳам омон бўлсалар, бас! – деди гапни қисқа қилиб. – Отамнинг аҳволлари қалай? Илҳомжоннинг айтишига қараганда, хавотирга ўрин йўқ эмиш – шундайми?..

– Ҳа, ота бардам! Фақат биласизми...

Врач ўзининг шахсий мулоҳазаларини тиббий кўрик натижалари сифатида айтиш ўринлимикин, деган уй билан бир муддат жимиб қолди. Бу қисқа муддатлик сукут Гулчеҳранинг безовталанишига сабаб бўлганини кўргач эса уни тинчлантирди:

– Қайнатангиз соппа-соғлар. Анализлар шуни кўрсатаяпти. Аммо у кишининг юрагида зардоб йиғилган. Бу кучли бир ҳаяжон билан қўздан йиғи бўлиб потраб чиқиб кетса ажаб эмас. Эҳтимол, соғинчдандир!..

Гулчеҳра врачнинг гапларини эшитаркан, қайнотасининг доимо бирдек – тош қотган қиёфасини кўз олдига келтирди. Кейин суҳбатдошининг «Эҳтимол Жобирбек топилиб келиб қолса – шу воқеа рўй берар?» деб тушунди. Ичида эса, «эҳтимолдан йироқ бу» деган уй кечди.

28

Гулчеҳра бу хонадонга келин бўлиб тушган кезларини аҳён-аҳён эслаб турарди. Бирда ширин, бирда аччиқ хотиралар билан ёдга оларди ўша кунларни. Дастлаб, Шомуродовлар хонадонидан совчи келганини эшитиб, дугоналарининг унга ҳавас билан қарашларидан сархуш бўлиб юрди. Кейин Жобирбекни кўрди. Танишди. Кўркамгина, маданиятли бу йигитга кўнгил қўйди. Ширин-ширин орзулар қанотида парвоз қилиб юрди. Тўйдан кейин, қайнанаси Гулсум аянинг меҳрибонликларидан кўнгли ийиб кетган чоғлари, бирин-кетин икки фарзанд туғилганида Жобирбек хўроздек диконглаб оламга сиғмай қувонган пайтлари – ҳаётидан масрурлик ҳиссини туйди. Фақат тўнғич фарзандининг ўлимидан кейин, одамови бўлиб қолган қайнатасига нисбатан қалбининг аллақайси бурчида тушуниксиз бир ҳис яшарди. У хотинидан бошқа биров билан деярли гаплашмайдиган, қувончни ҳам, қайғуни ҳам бир хил – бепарво қаршилайдиган бу одамга қандай муомала қилишни, қай тахлит муносабатда бўлишни билмай қийналарди. Бир гал энди келин бўлиб тушган чоғлари қайнатасига рўбарў келди. Шарт ўзини чеккага олди-да, таомилга кўра таъзим бажо қилди:

– Ассалому алайкум, отажон!

Шомуродов бир муддат келини бўлмиш оиланинг бу янги аъзосига қараб жойида қотди. Кейин эшитилар-эшитилмас қилиб: «Ваалайкум ассалом, бахтли бўлинг!» деди-да, йўлида давом этди.

«Менга гапирдилар!» – қувончдан терисига сиғмай кетди у. Аммо хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Шу-шу қайнатасидан бошқа бирорта ҳам сўз эшитмади. Бир сафар қайнонасига юрагини ёрди :

– Отам бизни унчалик хушламайдилар. Яхши гапириб эркалатмасалар ҳам, нуқул тергаб, койиб турсалар ҳам рози эдим – овозларини эшитиб турсак бас эди!

Гулсум ая оғир ўйга ботди: “Болам, – дея гап бошлади кейин у, –отангиздан ранжимангизлар! У кишининг дарди ёлғиз менга ва Худога аён. Сизлар бунга асло эътибор қилманглар, хўбми?” – Гулсум ая фақат икковларига тегишли исмсиз бу дардни дастурхон қилмади. Шу дард билан оламдан ўтди бечора.

Жобирбек ўзи билан отаси ўртасида тилмочлик қилган, шу икки қарама-қарши соҳилни бирлаштириб турган – кўприк вазифасини ўтаган онаизорининг ҳурматини қилди. Қозон-қозон ош тарқатди элга. Казо-казо дин пешволарини чорлаб, онасининг ҳақига дуои фотиҳалар ўқитди. Йил маъракасида қабрининг устига даҳма қурдирди. Қабрни бетонлаб, чиройли қора мармар билан безади.

Жобирбек отам даҳмани кўриб кўнгли ийирмикин деб ўйлаганди. Бундай бўлиб чиқмади. Қабр бошига келган ота унсизгина йиғлади. Совуқ мармар тошни силаб-сийпаларкан, нуқул «чакки бўлибди» дегандек бошини чайқади. Жобирбек ҳайрон: отасининг қилиқларидан тутақар, аммо ўзини-ўзи босишга куч топарди. Чунки отаси ҳамиша ҳақ бўлиб чиқарди.

Бир куни Гулчеҳранинг тушига қайнонаси кирди. Марҳума тўшакда ётиб Гулчеҳрага илтижо қилармиш: «Болам, бунча мени қалин қилиб ўраб-чирмадиларинг. Кўрпаларни олиб, устимни енгиллатинглар – нафасим сиқилиб кетаяпти-ку!».

Гулчеҳра тушини эрига айтган эди, Жобирбек индамади. Бу туш бир неча бор такрорланди. Бир гал унинг ўзи ҳам шунга ўхшаш бир туш кўрди. Шундан сўнг ишчиларни олиб бориб, онасининг қабри устидан бетон ва мармар тошларни қўпортириб ташлади. Шундан кейингина арвоҳ уларни безовта қилмайдиган бўлди.



29

1964 йили Қарши чўлини ўзлаштириш ҳаракати бошланди. Тарихда мисли кўрилмаган ишлар рўй бера бошлади. Амударёнинг сувини 123 метр баландликка кўтариб берадиган олтита насос станцияси қуриб ишга туширилди. Чўлга обиҳаёт келди. Поёнсиз саҳро улкан қурилиш майдонига айланди. Мамлакат аҳамиятига молик бу вазифаларни бажариш, минг-минг гектарлаб қўриқ ерларни ўзлаштириш, янги типдаги турар жой манзилларини барпо этиш учун – барча куч ва имкониятлар шу ишга сафарбар этилди. Бир қатор завод ва корхоналар ишга туширилди. Ана шулардан бири, тўғрироғи энг йириги – бетон заводи эди. Заводга шу соҳанинг ёш мутаххасиси, маҳаллий раҳбар Мурод Шомуродов директор этиб тайинланди.

Мурод Шомуродов ўз даврининг ватанпарвар кишиси эди. У астойдил бел боғлаб ишга киришди. Ҳафталаб уйга келмас, янгитдан ташкил этилаётган “совхоз”лар учун турар-жой манзиллари қуриш билан банд бўларди. Уни «чўл бургути» деб аташарди. Ҳақиқатан ҳам бургутга ўхшарди: ушлаган жойини узиб оладиган шартаки одам эди у.

Шомуродовнинг уйига кўп бормаслигининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. Кўз очиб кўргани, суюкли Шоҳсанами бир неча ойдан бери хасталаниб, тўшакка михланиб қолган. Муродбек унинг шундоққина кўз ўнгида қовжираб бораётганини кўриб ўртанарди. Ўзини иш билан овутар, ғойибдан; “Шоҳсанам оёққа туриб кетди”, деган хушхабар келишидан умидланар эди. Бир кун уйидагилар уни чақиртиришди. Қайнонаси раҳматли унга остонада пешвоз чиқди.

– Болам, Шоҳсанам сизга муҳим бир гап айтмоқчи, – кўзларига ёш олди кампир. – Нима деса, хўб денг болам! Ўтинаман сиздан – биз ҳаммамиз шунга кўндик!..

Муродбек ўйлаб ўйига етолмасди: «Қанақа муҳим гапи бўлиши мумкин?». Шоҳсанамнинг бошида ўтириб, уйғонишини кутди. Дарвоқе, Қодирбек кўринмайди? – аланглади у ёқ-бу ёққа. Ўғлига кўзи тушмагач, холаларидан бири олиб кетган бўлса керак, деган хулосага келди. Шу пайт қўлига Шоҳсанамнинг совуққина бармоғи текканини пайқади. Кўзлари хотинининг нурсизланиб қолган нигоҳлари билан тўқнашди. Шоҳсанам зўрма-зўраки жилмайишга ҳаракат қилди.

– Келмайсиз, бевафо...

Муродбек умри бино бўлиб, бу қадар самимий гина эшитмаганди. Бу қадар беғараз, ёқимли ранжишни кўрмаганди. Кўзлари ёшланди:

– Агар менга қолса, ёнингдан сира ҳам жилмаган бўлардим, жоним!

– Биламан, – Шоҳсанам унинг хижолат тортишини хоҳламади. – Отам билан энамга ўзим айтиб эдим. Менга боғланиб қолмаслигингиз керак. Иш билан овуниб юрганингиз маъқул.

Муродбек Шоҳсанамнинг тўзғиб кетган сочларини тўғрилаб қўйди.

– Менга бир гап айтмоқчи эмишсан?

Шоҳсанамнинг кўзидан бир томчи ёш юзига думалаб тушди-да, оғзининг бурчига бориб тўхтади. Бемор қуруқшиб қолган лабларини ҳўлламоқ бўлдими, тили билан ўша бир қатра сувни артиб олиб лабларини намлади.

– Мен энди тузалмайман, тўрам!

– Ундоқ дема – ноумид шайтон! – унинг гапини шарт кесди Муродбек.

– Менинг куним битган, – бояги гапини бошқа бир жумлада такрорлади Шоҳсанам. Кўзларини эрига тикди: “Сиздан бир ўтинчим бор!” – унинг синиқ нигоҳида ана шу ўтинч, ана шу илтижо савол аломатида акс этди.

– Айтганимни қиласизми?

Муродбек ҳозир шу дамда, шу лаҳзада Шоҳсанам «ўл» деса, ўлишга тайёр эди. Шунинг учун ўйлаб-нетиб ўтирмай «ҳа» деди.

– Уйланинг!

– Нима? – Муродбек ток ургандек бир сапчиб тушди, қулоқларига ишонмади. Бу борада, шубҳага асос бўладиган бирон иш қилмаганди. Бировга нолинган одам эмасди. Иш билан овуниб, турмушидаги кемтикни билдирмай келаётганди.

– Шоҳсанам, нималар деяпсан? Менга сендан бошқа ҳеч ким керак эмас!

– Биламан! – Шоҳсанам унинг қўлини меҳр билан силаб қўйди. – Шунинг учун ҳам кўзим очиқлигида уйлансангиз, дейман. Гулсумга уйланинг!..

– Гулсумга? – Муродбек эсидан озаёзди. Бу қандай томоша ахир? Гулсум Шоҳсанамнинг синглиси-ку! Ҳали ўн гулидан бири очилмаган қизалоқ. Ўзининг орзу-ҳаваси, кўнгил майллари бор, ахир! Ўғлимизга муносиб оналик қилади деб, Гулсумнинг хоҳиш-иродаси билан ҳисоблашмаслик бу ўта худбинлик-ку! – деб ўйлади у ичида.

Муродбек ана шу мулоҳазаларини ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлганди, Гулсум уни тўхтатди. Хотинининг кейинги гапи барчасидан ошиб тушди.

– Гулсумнинг сизда кўнгли бор!..

У кўзида потраган ёшларни кўрсатмаслик учунми ёки ўзи айтган «ҳақиқат»нинг тахир таъмини ҳазм қилишга қийналдими, бошини ўгириб юзини яшириб олди: “Менга қолса – Қодирбек ўксимаса бас!..”.

Муродбек бошқа бир сўз демади. Бу фикр унгача ҳам роса чиғириқдан ўтгани, оила даврасида обдон муҳокама қилиниб, кейин унга ҳавола этилгани аниқ эди. Қайнисинглиси Гулсумнинг Қодирбекни олиб қаёққадир кетгани-ю, қайнотасининг қораси кўринмаётгани, айниқса муштипар онанинг «биз ҳаммамиз шунга рози» деган сўзлари шундай хулоса чиқаришга асос берарди.

– Ўтинаман, йўқ деманг! – илтижо қилди Шоҳсанам. – Ёлғиз ёдгорим Қодирбек учун сўрайман – Гулсумга уйланинг!

Муродбек ўпкасини боса олмади. Унсиз йиғлади, кейин розилигини билдириб, Шоҳсанамнинг қўлларини сиқиб қўйди.



30

Илҳомжон ўша куни Муродбек Шомуродовични касалхонага жойлаштириб қайтгач, уст-бошини ташлаб чиқиш баҳонасида Жобирбекнинг уйи орқали отанинг ҳовлисига ўтди. Марҳума Гулсум аянинг бурчакдаги ҳужрасини титиб кўриши лозим. Шубҳа уйғотмаслик ва эҳтиёткорлик юзасидан қўл фонарини ёқиб ҳужрага кирди. Барча бурчакларни титкилаб чиқди. Айтарлик, эътиборга лойиқ бир нима топмади ҳисоб. Ҳафсаласи пир бўлди. Шу пайт уйнинг бурчагига ўрнатилган голланд печкаси унинг нигоҳини ўзига тортди.

– Қизиқ, – деди у металлни чертиб кўраркан. – Ҳужра деворининг нариги томонида – Муродбек ота яшаб турган уй, аммо, у хонада голланд печнинг ярмини кўрмагандим. Қолаверса, томда тутун чиқадиган мўри ҳам йўқ. Демак, бу ўзига хос сейф бўлиши керак? – Илҳомжон эгилиб печнинг эшикчасини очди-да, ичкарига қўл суқди. Қўли аллақандай қаттиқ бир нарсага тегди. Фонарини тўғрилаб эгилиб, ўтхонанинг ичкарисига қаради – калит тешигини кўрди. Кейин ҳар қандай қулфни оча оладиган махсус мосламани олди. Уни калит тешигига тиқиб, аста-секин ўлчамларини мослаб, қулфнинг тилсимларини очиб борди. Сўнгги операцияни бажариб бўлган эди ҳамки, «ширқ» этган товуш чиқди – голланд печнинг қоқ ўртасида тирқиш пайдо бўлганди. Илҳомжон уни тортиб очди. Сейфдан иккита папка, тўрт юз минг америка доллари ва беш юз минг сўм ўзбек сўми чиқди. Илҳомжон ҳаммасини катта салафан халтага солди. Кейин сейфни ҳозирча очиқ қолдириб, аввал уйни, кейин ҳовлини тарк этди.

Эртаси куни эрталаб белгиланган вақтдан бир оз эртачироқ Жобирбекникига келди. Гулчеҳра қўнғироқ қилганди. Касалхонага ўтиб келмоқчи экан.

– Тайёрланиб туринг, мен ҳозир! – Илҳомжон қўлидаги пакетни кўтариб кўрсатди Гулчеҳрага. – Амакининг уст-бошларини уйларига қўйиб чиқай.

Гулчеҳра ишонди, чунки у Илҳомжоннинг худди шу юмуш билан кеча отанинг ҳовлисига кириб чиққанидан бехабар эди-да.

Илҳомжон ҳужрага кириб олиб келган нарсаларини сейфга жойлаштирди-да, бояги усул билан уни яна қулфлади. Қайтиб чиққанида Гулчеҳра икки боласи билан йўлга тайёр туришганди.

31

Шосалимнинг биринчи иш куни телефон орқали табрикларни қабул қилиш, шахсан ташриф буюрганларни кутиш ва кузатиш билан кечди Айрим нозикроқ меҳмонларни махсус хонада, чиройли тузалган дастурхон атрофида қабул қилди. Қутловларнинг кети кўринмас, Шосалим бу одамларнинг кўпчилигини танимас, ўз навбатида ўзи ҳам бу доирада унчалик таниқли эмасди.

Бу одамлар қизиқ бир тоифага мансуб кишилар эди. Уларнинг назарига тушиш ҳам, назаридан қолиш ҳам осон. Улар сени мартабанг туфайли танишади, мавқеинг учун қадрлашади. Илло вазифадан кетган кунинг батамом унутишади. Бу одамларнинг даврасидан тулки каби ҳийлакор бўлсанг жой топасан, бўридай бешафқат бўлсанг – ўрин эгаллайсан. Эшакдай хизматларини қилсанг қўним топасан. Аммо оддийгина бир одам бўлиб бу сафда юришинг қийин кечади.

Шосалим ҳозирча бу сирлардан воқиф эмасди. Айни шу дамларда бутун дунё унинг теграсидан айланаётгандек, бутун олам унга томон тортилаётгандек – ўзини чексиз имкониятлар соҳибидек тутмоқда эди.

Эртаси куни ишхонага кела солиб, ходимлар бўлими бошлиғи Нафиса Жаҳонгировани ҳузурига чақиртирди.

– Менга штатлар жадвали бўйича ходимлар рўйхатини тайёрлаб берсангиз. Кейин келаси ойнинг биринчи чоршанбасидан аттестация ўтказилиши ҳақида буйруқ лойиҳасини тайёрланг.

Шосалим шу қадар совуқ, расмий оҳангда гапирдики, Нафиса уни куни кеча ҳазиллашиб, чақчақлашиб юрган Шосалимга ўхшатмади: “Товба, наҳотки одам шунчалар тез ўзгарса?” – деб ҳайрон бўлди. Кейин бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, Шосалим: “Аттестация ҳаммага бирдек таъллуқли!” – деди кескин, эътирозга ўрин қолмайдиган қилиб. Сўнг, боядан бери турган жойида қоққан қозиқдай туриб қолган Нафисага бир оз мулойимлик билан, фавқулодда бундай қарорга келишининг сабабини тушунтирган бўлди: “Нафисахон, шундай қилмасак бўлмайди. Заводда меҳнат интизоми жудаям бўшашиб кетган. Сабабини ўзингиз биласиз, Жобирбекнинг кўнгилчанлигидан фойдаланиб корхонада текинтомоқ қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетди!”.

Шосалим аттестация баҳонасида жини суймайдиган уч-тўртта одамни, тўғрироғи Жобирбекка тегишли одамларнинг думини тугишни мақсад қилган – шу йўл билан кимнинг ким эканини ҳам кўрсатиб қўймоқчи эди. Бу кишиларни заводда «Жобирбекнинг одамлари» деб аташарди. Бир мунча имтиёзга эга эди улар. Шосалим айни шу одамлар билан чиқиша олмай юрарди. Зиддиятлар кескинлашган дамлари ҳам Шосалим жаҳлини ичига ютар, Жобирбекнинг ҳурмати туфайли кескин чоралар кўришдан ўзини тийиб келарди.

«Жобирбекнинг одамлари» аслида унга етти ёт бегона кишилар эди. Жобирбек қайда бир чор-ночор кун кечираётган хонадонни кўрса, дарҳол шу оиладан бировни заводга ишга таклиф қилар, яхшигина маош тайин қилиб, рўзғорини бутлашга имкон яратиб берарди. Юқоридаги кишилар ҳам турли даврларда Жобирбекнинг муруввати туфайли заводда қўним топишган, аста-секин завод шароитига мослашиб, корхона атрофида кечадиган ташмачилик, умуммулкни ўғирлаб сотиш, мижозга навбатсиз хизмат кўрсатиш эвазига чойчақа ундириш, лимитда белгиланганидан ортиқча маҳсулот бериш сингари ноқонуний ишларга аралашиб, ўз улушларини ундириб юришарди. Мўмай даромад эса рўзғорга ҳам, аҳён-аҳён уюштириладиган базми жамшидларга ҳам етиб ортарди. Шосалим дастлаб улар билан улфатчилик қилиб юрди. Кейинчалик бир воқеа сабаб бўлди-ю, у бу даврадан оёғини тортди. Ўшанда бир оз ширакайф бўлиб қолган анави пакана Алимбек гандираклаганича ўрнидан турди-да:

– Ҳамма қадаҳлар тўлдирилсин, – деб амр қилди. Кейин эса, даврадагиларга бир ҳақиқатни англатмоқчи бўлиб нутқ ирод қилди: – Олинглар! Барчамизнинг валий-й-й-ней-й-й-матимиз Жобирбек акамни соғлиқлари учун ичамиз. Биз ҳаммамиз у кишининг оёқларини ўпсак арзийди!.

У мувозанатини йўқотиб, мункиб кетмаганида, ҳали узоқ саннаган бўларди эҳтимол. Боши билан дастурхон устига муккасидан кетган Алимбекни ёнидагилар ушлаб қолишди. Қадаҳлар бўшатилди.

“Қизиқ! – Шосалим давра аҳлига ажабланиб қарай бошлади. – Ахир куни кеча чориғини судраб, завод эшигидан ийманибгина кириб келган болалар мана шулар эмасми? Илк мояна олганларида, пулнинг чўғи баландлигини кўриб шошиб қолган: “Кассир адашмадимикин ишқилиб? Ортиқчасини қайтар, деб қолмасмикин” деган ҳадик-хавотирда иш куни тугашини безовталаниб кутган, кейин уйларига шамолдай учиб, оиладагилари билан тўлиб-тошган ҳаяжонларини баҳам кўрган – ўша соддадил йигитлар қани? “

Шосалим даврадагиларнинг жойлашиш тартибига разм солди. Аввал эътибор бермаган экан. Кечагина бир тўп бўлиб чекиш майдончасидами ёки ошхонада тўпланишиб турадиган бу жамоада тенглик йўқолганди. Табақаланиш бошланганди: энди базмларда Алимбек, Тоҳир найнов, Носир ва Шуҳратлар давранинг тўрини ишғол қиладиган, ташаббус шулардан бошланиб бошқалар уларга эргашадиган бўлибди. Табақаланиш, уларнинг заводда тутган мавқеларининг баланд-пастлигидан эмасди аммо. Бу даврада кимнинг қайси жойда ўтириши, завод атрофида кечадиган мўмай даромад манбаи – «олди-берди» пойгаларидаги иштироки кимнинг қанча ўлжа топаётгани билан белгиланарди. Устомонликда эса анави тўртта даврабоши қолган барча қурдошларини ортда қолдирганди. Давра ва йиғинларда бошқалар уларни олқишлар, мақтар, бу жамоада тилёғламалилик, алдов, ясама тавозе сингари муносабатлар одат тусига кира бошлаганди.

Бу гал ҳам базм одатий тарзда бошланиб, анъанавий суратда давом этаётганди. Бирда Алимбекнинг ишбилармонлиги, бирда Тоҳирнинг олғирлиги, Шуҳратнинг маҳоратию Носирнинг «жасорати» тилга олинди. Кейин оғизларда кўпирган мана шу кўпик мақтовлар бир пиёла ароқ билан ювилиб, тозарган оғиз бўшлиқлари яна кўпиришга тайёр қилинарди.

Тоҳир найнов Алимбекнинг қулоғига згилиб нимадир деди. Шу лаҳза Алимбек, боядан бери ароққа қўл урмай ўтирган Шосалимга «ялт»этиб қаради: “Найновнинг шубҳаси ўринли!” дилидан ўтказди у. Кейин, вазиятни бир оз ўз измига солмоқчи бўлиб, юқоридаги нутқини ирод қилмоқ учун ўрнидан турганди у боя.

Қадаҳлар бўшатилгач Тоҳир найнов Алимбек билан маъноли кўз уриштириб олди. Кейин синовчан кўзларини Шосалимга тикди:

– Сиз олмайсизми? – Шосалимнинг олдидаги давра бошланганидан бери қўл урилмаган қадаҳга ишора қилди у.

– Йўқ, мен ичмайман, йигитлар! – даврабошиларнинг кўнглида кечаётган ғалаёнлардан бехабар Шосалим, қуруққина қилиб жавоб қилди.

– Нега? Сабабини билсак бўладими?

– Саволда кишини таҳқирлайдиган бир оҳанг бор эди. Шосалим шундан ҳушёр тортди: қараса ҳамма унга қаҳрли нигоҳ билан боқаяпти. У «аввалги сафар ичганимда, Жобирбек сезиб қолиб роса танбеҳ берганди» деб ростини айтиши ёки бошқа бир сабабни рўкач қилиб вазиятдан чиқиши мумкин эди. Аммо у бундай қилмади.

– Сабаби оддий, ичмайман вассалом! – деди у жўнгина қилиб.

– Жобирбек акамнинг соғлиғи учун ҳам ичмайсизми?

– Йўқ!

Даврадагилар саросималаниб қолишди. Носир сариқ тутақиб кетди:

– Вей, Шосалим ака, қорнингиз тўйиб қолдими? Ўзингиз ҳам шу одамнинг орқасидан кар-р-рил-лаб юрибсиз. Сиз ҳам у кишининг оёғини…

“Бир камим сенларга ҳисобот беришим қолувди, – ўйлади Шосалим. – Қолаверса, сенлар унинг оёғини ўпаверинглар, мен эмас!” Шу лаҳза кўксида уни аҳён-аҳён безовта қилиб турадиган бир оғриқ уйғонди. Жобирбекдан гинаси йўқ; у дўст сифатида ҳурматини жойига қўйиб келарди. Аммо заводдагилар унинг қора ўтмишини билганлари учун ҳам, унга Жобирбекнинг дўсти, деб эмас, унинг шахсий ҳайдовчиси деб қарашарди. Алам қиларди! У ҳамиша барчага бир ҳақиқатни англатмоқ истагида ёнарди. Ҳозир шунинг мавриди келган кўринади.

– Жобирбек – менинг дўстим! Сенлар эса унинг малайисизлар. – Шосалим ўзи томон қараб турган қаҳрли нигоҳларга нафрат кўзларини қадади. – Сенлар унинг оёғини ўпсаларинг арзийди, чунки у сенларни одам сафига қўшди. Мен эсам унга келган балога кўксимни қалқон қилганман. Агар ўшанда мен бўлмасам, ҳозир Жобирбек бу ўринда бўлмасди!

Шосалим ғолибона қиёфада даврадан чиқиб кетди. Бошқалар оғзини очганча уни кузатиб қолишди. Мағлублик алами чидаб бўлмас даражада эди, аммо кўникишдан бошқа иложлари қолмаган эди. Чунки улар бугун Шосалим билан Жобирбекни боғлаб турган ип ўзлари ўйлагандан анча мустаҳкам ва пишиқ эканини англаб етишганди.

32

Шосалим директорнинг курсисига ялпайиб ўтирганча бир ойдан кейин ана шу ялангоёқ рақибларининг қизариб-бўзариб завод дарвозасидан чиқиб кетишларини кўз олдига келтирди: «Зап иш бўлади-да!». Ўйлаган режасининг пухталигидан завқланиб мазза қилди у.

Қабулхонага тапур-тупур қилиб ўн чоғли одам киради. Шосалим ғала-ғовурни эшитиб тугмачани босади. Котиба киради. Ортидан бояги норози қиёфалар кўринади. Шосалим ҳеч нимадан бехабар одамдай сўрайди:

– Нима тўполон?

– Ўртоқ директор! Мана бу – бир гуруҳ безорилар сизнинг ҳузурингизга бостириб киришмоқчи, – котиба қулочини ёзиб, танаси билан эшикни тўсиб, ортидаги оломонни ичкарига киритмасликка ҳаракат қилади.

– Қўйсангиз-чи, Мунаввар опа! Булар безорилар эмас, ўзимизнинг ишчиларимиз–ку! – дейди у бошлиқларга хос бағрикенглик билан. Кейин: «Қўйворинг уларни, киришсин бемалол, арзлари бўлса эшитай!» – деб келганларга юзланади:

– Хўш, хизмат?

– Биз ишсиз қолдик! Энди нима қиламиз? – чувиллашади улар.

– Нега ишсиз қоласизлар? Ким сизларни вазифангиздан маҳрум қилди? Камина, масалан бу ҳақда ҳозир эшитиб турибман.

– Бизни аттестациядан ўтказишмади! – ғалаён қилади улар.

– Ҳа-а-а, аттестацияданми? Аттестациядан бировни биров ўтказмайди. Ҳар ким ўз билими, малакаси билан ўтади бу имтиҳондан, – дейди у уларни очиқдан-очиқ масхаралаб.

– Энди нима бўлади? Иложи йўқми? – мулзам бўлган тўда бир поғона паст тушиб, ялинчоқ оҳангда сўзлай бошлайди.

– Мен нима ҳам қила олардим? – атай камтарину хокисор тутади у ўзини адолатли раҳбар эканини кўрсатиб. Кейин: «Аттестация комиссиясининг ишига аралашишга менинг ҳаққим йўқ» деб бояги тўполончиларни ҳайдаб юборади.

Шосалим ана шу воқеа рўй берадиган фурсатни кўз олдига келтириб яна бир карра завқланди. Шу пайт эшикдан кимнингдир боши кўринди.

– Мумкинми?

– Киравер! Кел ўтир! Менда ишинг борми?

– Мен ҳайдовчингизман. Икки кун бўлди «Волга» ни қабул қилганимга!

– Асқар ака-чи?

– Тиббий кўрикда шифокорлар рухсат этишмабди, шекилли.

– Бир ҳисобда яхши бўпти! – ўйлади Шосалим.

Асқар ака ҳарқалай Шосалимни бир ҳайдовчи сифатида билгувчилардан. Шунинг учун ҳам уни сўраттирмаётганди. Кейин ўзининг янги ҳайдовчисига синчиклаб разм солди. Ёши бўлса 25-26 ларда. Елкалари кенг – шуғулланган бўлса керак. Сочини калта қилиб, тоза-озода кийинишидан – олифталиги аён.

– Отинг нима?

– Илҳомжон!

– Жобирбекнинг хонадонидан хабарлашиб турибсанми? У ёқда нима гаплар? Мана бу ишлар билан бўлиб, ўн кунча бўлди бора олмадим.

– Хабар олиб турибман. Кеча отани касалхонага ётқиздик.

Шосалим бу хабардан тараддудланиб қолди.

– Кеча дедингми? Ҳм-м-м, нима қипти отага?

– Дўхтирлар юрак дейишаяпти, менимча – асаб! Ота бечора ўғлини ўйлайвериб эсини йўқотиб қўйган кўринади.

– Яна нима бўлди?

Илҳомжон Шосалимга бир оз яқин сурилди-да, овозини бир парда пастлаб гапида давом этди:

– Кеча касалхонага олиб кетаётганимда ота ўзини ғалати тутди. Нуқул бурчакдаги ҳужрани кўрсатиб: «У ёққа ҳеч кимни киритма. Печ қизиб ётипти – куйдиради!» деб алаҳлади роса.

– Нима? – Шосалим савол беришга бериб қўйди-ю, калласига қуйилиб келган бир фикрдан саросималаниб қолди: «Калаванинг учи топилди! – ўйлади у. – Нега шу нарса аввалроқ хаёлимга келмади-а? Ахир, Гулсум аянинг хонасида катта голланд печ бор-ку! Унда олов ёнганини ҳеч ҳам эслай олмайман. Муштипар аёл, қачон ҳол-аҳвол сўрагани кирсам, сандалида ўтирган бўларди. Демак!..».

– Бўпти, ишингни давом эттиравер. Агар керак бўлиб қолсанг гараждан ўзим чақиртираман. Ҳозирча Жобирбекнинг хонадонидан хабар олиб тур!

Шосалим Илҳомжоннинг ортидан кузатиб турди-да, эшик ёпилиши билан телефонга қўл чўзди. Шоша-пиша аллақандай рақамни терди. Нариги томондан жавоб бўлгач, «Қилич, бу кеч менинг шаҳардаги уйимда учрашайлик – гап бор”, деди. Кейин, «Шунқор ҳам келсин», деб тайинлади.

33

Акмал «Қурувчи» меҳмонхонасидан Жобирбек ҳақида маълумот сўраган иккинчи киши бўлиб чиқди. Меҳмонхона ходимаси унинг суратини кўриб дарров таниди.

– Бу одамнинг шахси билан яна ким қизиққанди? – сўради ундан Акмал.

– Кимлигини билмайман-у, ҳар ҳолда аёл киши эди, – жавоб қилди у.

– Нималарни сўраганди?

– Шу одамнинг бизнинг меҳмонхонамизда тунаган-тунамаганлигини, тунаган бўлса ким билан бўлганлигини сўраганди. Мен мижозларни қайд қилиш китобида фақат унинг номи борлигини, аммо белгиланган муддатгача меҳмони бўлгани ҳақида маълумот бергандим.

– Бу, ҳойнаҳой Гулчеҳра бўлса керак! – дилидан ўтказди Акмал. Кейин айрим ноаниқликларга ойдинлик киритиш учун меҳмонхона ходимасини яна саволга тутди: – Меҳмонхонага кунда юзлаб одам кириб чиқади. Уларнинг ҳаммаси ҳам хотирада сақланиб қолавермайди. Айнан Жобирбек билан боғлиқ воқеаларнинг аниқ-таниқ ёдингизда қолганига сабаб нима – шуни тушунтириб берсангиз?

Жувон бирдан қизариб кетди. Боши қуйи эгилди. Бармоқлари билан куйлагининг шокилаларини ўйнаб, оҳиста гап бошлади:

– Биласизми, жудаям кўзга яқин йигит эди у. Кўркам, хушбичим, устига устак пули кўп эди. Бизнинг меҳмонхонамизга бунақа одамлар камдан-кам келишади. – Жувон бир муддат жимиб қолди.

– Шунинг ўзими?

Жувон терговчининг саволига дарҳол жавоб қилмади. Ўша хушбичим, хушсурат йигитга ўзида ҳам майл бўлганини, маълум бир муддат Жобирбекнинг ишқий саргузаштлари туфайли мўмайгина даромад олиб келганини рўйи рост тан олди.

– У менга ҳам ёқарди, – деди у аста ийманиб.

Акмал аввалига Фарангисни эркин қўйди. У ҳам терговчининг қулоғига лағмон илган бўлиб роса обқочди. Рад қилиб бўлмас далилларни рўкач қилгач эса, ранги бўзариб довдираб қолди. Ўзини бир умр кузатув остида бўлгандек ҳис қилди. Қўрқувдан дағ-дағ қалтирар, вазиятни фикр қилмоққа ожиз эди у. Терговчи шу қадар кўп маълумотларни қаердан ва кимдан олганини билолмай боши қотганди.

– Энди Сакина ҳақида сўзлаб беринг! – қантарилган қарталарни бир-бир очишда давом этди Акмал.

Сакинанинг номини эшитиб жувон батамом тор-мор бўлди. Бутун вужудини қалтироқ босди.

– Мени қамашадими? – йиғламсиради у.

– Йўқ, аммо жазо муқаррар! Терговга берган ёрдамингиз эса айбингизни бир мунча юмшатади.

Акмалнинг сўзлари далда бўлиб, Фарангис бир оз тинчланди. Кейин, энди ҳамтовоқларининг қайиғида қола олмаслигини, бу тешик тоғора узоққа сузишга ярамай қолганини пайқади. Сўнг кўз ёшларини артиб, ўзини бир оз тузатган бўлди-да:

– Айтаман, ҳаммасини айтаман! – деди.

34

Акмал Тошкентга келгунга қадар гувоҳларнинг кўрсатмалари, воқеага алоқадор бошқа ҳужжатларни обдон ўрганиб чиқди. Гулчеҳра билан Шосалимни сўроқ қилганида бир воқеанинг икки хил талқин қилиниши унинг эътиборини ўзига жалб этди.

Гулчеҳранинг айтишича, Жобирбек билан ўрта¬ларидаги араз, эрининг жазмани қўнғироқ қилган кундан бошланган:

– Эримнинг ҳадеб Тошкентга қатнашидан жазмани бор, деб шубҳа қилардим, – деди у.

Шундан сўнг, Гулчеҳра табиатига зид равишда эрининг қадамини таъқиб этишга тушади: ўша қўнғироқ бўлган кеча эрининг қаерда тунаганини ва ким билан бўлганини билиш учун Шосалимга қўнғироқ қилади.

– «Қурувчи» меҳмонхонасига кузатиб қўйдим, – қабилида жавоб қилади Шосалим.

Ўзининг айтишича, дабдурустдан берилган саволдан довдираб қолган: «Чунки Жобирбек фақат «Интурист»да жойлашарди, – деди у сўроқ пайти. – «Қурувчи»га аҳён-аҳён хуфёна кўнгил ёзишга бориб турарди. Аммо унинг ишрат қиладиган жононларини, рости гап, танимайман».

Акмал дастлаб «Интурист» меҳмонхонасининг мижозлар қайд қилинадиган китобини текширди. Жобирбек қўноқ бўлган саналарни ён дафтарчасига ёзиб олди. Кейин, «Қурувчи»ни излаб топди. Бундаги дафтар билан «Интурист»дан олган саналарни солиштирди. Аксари мос келди. Лекин «Қурувчи»да «Интурист»да қайд этилмаган саналар ҳам бор эди. Яна бир ҳол уни қизиқтирди. Бу – Жобирбекнинг «Қурувчи»да тўхтаган кунлари нуқул Фарангиснинг навбатчилик кунларига тўғри келгани эди.

– Хўш, Шосалим дўстининг сирини дабдуруст берилган саволдан довдираб қолиб айтиб қўйди ҳам, дейлик, – шошилмасдан мулоҳаза юритмоққа ҳаракат қиларди Акмал. – Жобирбек арзон-гаров меҳмонхонани ишрат мақсадида танлаган – хўп. Меҳмонхонанинг, тўғрироғи Фарангиснинг «холис хизмат»лари учун мўмайгина пул бериб тургани ҳолда, мижозларни қайд этиш дафтарига исми-шарифини аниқ-тиниқ қилиб ёздириб қўйиши-ю, меҳмонхона хизматчиси нимагадир бу «учрашув»ларни хаспўшлаш ўрнига, унинг исми-шарифи ёнига очиқ-ошкора «плюс бир» деган ёзувни тиркаб қўйгани мантиққа тўғри келмайди.

Акмал Жобирбекнинг «Қурувчи»да тунаган кунлари нуқул Фарангиснинг навбатчилик кунларига тўғри келганидан шубҳаланиб уни кузата бошлаганди. «Калаванинг учи» шу жувонда эканини ички бир овоз тасдиқлаб турарди. Дастлаб кузатувлар унчалик натижа бермади. Фарангис ишдан чиқиб тўғри уйига чопарди. Йўл-йўлакай дўкондан ул-бул харид қиларди, холос. Қўшниларидан бири, уни муштипар бир аёл сифатида таърифлади. Яхши баҳо берди. Кейин, бир нимадан шубҳаландими, Акмалга ёвқараш қилди:

– Шошма, сен ўзи нима учун бу хонадон билан қизиқиб қолдинг? Кимсан ўзи? Ёши ўтинқираб қолган амаки жуссасига ярашмаган бир шашт билан хезланди ҳамсуҳбатига. Акмал нима дейишини билмай бир оз каловланиб қолди. Кейин таваккал: “Шу хонадон билан тақдиримни боғлаш ниятим бор”, деб юборди. Амаки, тинчланди. Ҳатто аввалгисидан ҳам мулойимлашди.

– Ҳа, боласи тушмагур, ҳойнаҳой Наргизга тўр ташлаган кўринасан?!

“Тавба, Наргиз ким бўлдийкин?” Акмал шу ўй, ясама уялиш, зўраки табассум билан амакига «ҳа» маъносида бош ирғаб қўйди. Ҳозир тавакклачиликдан бошқа чораси йўқ эди унинг.

– Наргиз, барака топгур, яхши қиз! Опасига меҳрибон!

«Ҳа, Наргиз Фарангиснинг синглиси экан-да! – Акмалнинг чеҳраси ёришиб кетди. – Ҳойнаҳой, опаси билан турса керак?».

– Сиз Наргизга кўз ташлаганимни қаёқдан билдингиз, ўта синчков экансиз, ота! – Акмал оғзининг таноби қочиб, ҳамсуҳбатини мақтаган бўлди. Мақсади маълумот олиш эди. Ота мақтовга парво ҳам қилмади.

– Шу хонадон билан тақдирингни боғламоқчи экансан, албатта Наргизни мўлжал қиласан-да. Анови тўнка эр билан умри хазон бўлган Фарангисни танламагандирсан, ҳарҳолда? Ёки... – Амаки қалин ўсган қошлари орасидан унга синчиклаб қаради. – Ёки ногирон болаларига оталик қилмоқчимисан?

Акмал нима деб жавоб беришни билмай қолди. «Ҳа» демаслиги аниқ, аммо «йўқ» дейишга ҳам иккиланиб қолди: «Чоли тушмагур, меҳр-мурувватсиз одам экансан» деб дағдаға қилмасин, ишқилиб.

– Энди, яхшими-ёмонми ўз оиласи бор! – Ўйлай-ўйлай топган гапи шу бўлди Акмалнинг.

Аммо суҳбатнинг йўриғидан қониқмоқда эди у. Фарангис ҳақида анчайин маълумот олишга улгурганди. “Демак, тўнкага ўхшаган эри, қариқиз синглиси ва ногирон болалари бор экан” – хаёлан Фарангиснинг турмушини чамалади у. Кейин суҳбатдоши, кекса амаки билан хайрлашиб, ундан узоқлашаркан, хотирасига муҳрланган учта сўзни ён дафтарчасига тушириб қўйди: Тўнка эр. Қариқиз сингил. Ногирон болалар...

35

«Қурилиш-тижорат банк»ини топиш унча қийин кечмади. Наргиз ана шу банкда ишларди. Акмал атайин пайт пойлаб ишга чиқмайдиган куни уни сўраб борди.

– Сиз Наргизнинг кими бўласиз? – қатор қилиб терилган компютерлар қаршисида ўтирган қизлардан бири қошларини маъноли учириб сўради ундан.

Акмал атрофдаги қизлар ҳам бир-бирлари билан сирли-сирли кўз уриштирганларини, кейин қулоқлари динг бўлиб, унинг жавобига муштоқ туришганини кўриб атай овозини бир парда пастлаб гапирди:

– Мен танишиман!

– Узоқ? Яқин? – шўхлигини қўймасди қиз.

– Бунинг нима аҳамияти бор?

– Ҳа, энди сизга – бегона бир эркакка, ўн гулидан бир гули очилмаган бокира бир қиз ҳақида бирон-бир маълумот бериш учун шахсингизни билишим керакми, йўқми? – бўш келмади у.

Қизлар унинг сўзамоллигидан яйрашарди. Шу пайт биттаси луқма ташлади:

– Танишлар масаласида, жа-а-а омади чопган-да Наргизнинг!

– Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, учинчиси ажаб эмаски қовушиш бўлса-а? – гапга аралашди қизларнинг яна бири.

– Фу-у-у, – деди боя луқма ташлаган қиз, – анави завод директори сўраб келганида ҳам шундоқ фол очган эдиларинг. Қорасини ҳам кўрсатмай кетди.

– Сан қатдан биласан – балки учрашиб юргандир? – Тескари қараб ўтирган қизлардан бири ўгирилди-да, Акмалга кўзи тушиши билан, ножўя гапириб қўйдим дегандек, бошини чайқаб-чайқаб яна ишида давом этди.

– Ман сизларга айтсам, – ёши каттароқ жувон икки қўлини ёнга чўзиб керишди, – эр дегани «баръер» дегани. Кони ташвиш. Наргиз тўғри қилди.

Даврадагилар Акмални унутиб қўйишганди гўё. Ўзлари билан ўзлари баҳсга киришиб кетишди. Акмал эса бир чеккада барчани бирма-бир кузатиб, суҳбатнинг мағзини чақиб турарди. Агар Акмал бошқа бир мақсадда келганида, ўртадаги гап-сўзлардан ранжиган бўларди, эҳтимол. Ҳозир эса айни шу каби мулоҳазалар унинг мақсадига мос эди. Бу пайт, бояги керишиб гап бошлаган хотин, энди қўли ишга бормай, ёнидагиларга гап уқтириш билан машғул эди.

– Шундай жойга ишга киритиб қўйди. Ками-кўстига қарашиб турибди. Бир гал бир хотиндан юз минг сўм юбортирган экан. Роса мақтанганди – эсларингдами? Ҳар ой юз минг, ёмон эмас-а? Яна нима қилсин бечора? Бу ношукур яна янги танишлар орттириб юрибди. Кўз дегани тўймас экан-да, тавба!

Акмал Наргизни яқиндан таниш учун айни шу аёл билан гаплашиши лозимлигини пайқади: «Кўп нарсани биладиган кўринади. Афтидан, сирдоши бўлса керак. Наргизга ҳасад қилаётгани шундоқ гап-сўзларидан билиниб турибди».

Кечки соат олтида Акмал унга ишхона остонасида пешвоз чиқди. Кичикроқ бир кафега таклиф қилди: «Самимий, дўстона ўтирамиз, ножўя ҳаракат, ёмон ният йўқ,» – деди жувонни чўчитмаслик учун.

– Ундай бўлса бормайман, – ҳазил аралаш эркаланди жувон. Кейин: – Малика, – деб қўл узатди. – Сизники-чи?

– Акмал.

Малика ўша ўтиришда роса очилди. Наргизнинг қошига учиб келган бахт қуши ўзининг бошига қўнмоқчи бўлиб турганидан – севинчи ичига сиғмай кетаётганини яшира олмади. У ҳали Акмалнинг ким эканини билмас, аммо турқи-тароватидан катта бир корхонанинг раҳбари бўлса керак, деган гумонда эди. Акмал шу ўтиришда Наргиз ҳақида кўпдан-кўп маълумотларга эга бўлди: Жобирбек кейинроқ унга уйланмоқчи эканини, ҳозирданоқ пойтахтнинг энг марказ жойидан 30000 долларлик ҳовли жой сотиб олганини, уни Наргизнинг номига расмийлаштирганини – барча-барчасини гапириб берди. Анча ўтириб қолишибди, кўчага чиқишганида кеч тушиб, шаҳар сон-саноқсиз чироқлар шуъласига бурканганди. Акмал Маликанинг манзилини ёзиб олди. Малика келажак ҳақидаги орзуларига шу кеч илк қадам қўйишни кўзлаб турарди. Уйга кузатса, бир амаллаб ичкарига таклиф қиламан – у ёғи минг бир кеча, деб мақсадини дилига тугиб улгурганди. Аммо Акмал у билан шу ерда хайрлашни маъқул топди. Малика буни кеч англади. Акмал такси ҳайдовчисига йўлкира бериб, «бу кишини уйларига обориб қўйинг», деганида росмана саросималаниб қолди. Кейин апил-тапил машина ойнасини туширди-да: «Яна қачон келасиз – яна учрашамизми?» – деб сўради.

– Энди келмасам керак, аммо зарур бўлиб қолсангиз, албатта чақиртираман, – деди.

Малика уни яхши англай олмади. Ҳафсаласи пир бўлиб, «ҳамма эркаклар бир гўр» деди-да, машина ўриндиғига яхшилаб ўрнашиб олди.

36

Шосалимнинг қишлоқдаги ҳовлиси шундоққина каналнинг бўйида жойлашган бўлиб, каналнинг нарёғи кенг даштлик. Паст-баланд тепаликлар оралиғидаги тўқайзорлар қишда қуён, бўрсиқ, ёзда ўрдак овланадиган овлоқ жой.

Шосалим ҳам бир кўнгил ёзмоқчи бўлди. Жобирбек билан бўлиб, кейинги икки-уч йилда бирор марта овга чиқмади. Хотинига тухум қайнатиб, термосга чой дамлаб қўйишини тайинлади-да, Ўта мерганникига ўтиб келмоқчи бўлди.

Ўта мерган ёши саксонларни қоралаб қолган чол. Унинг асли исми Отабек, азбаройи мерганликда тенги йўқлигидан, ўта мерган деган сифат номига айланган. Ёшлигида моҳир овчи бўлган. Мўлжални аниқ олишда унга тенг келадиган одам бўлмаган бу атрофда. Шундан аҳён-аҳён қишлоқ чеккасидаги тўқайзорда ов қилиш учун туман, вилоят, баъзан марказдан келиб турадиган казо-казолар уни ҳам бирга олиб кетишарди. Ов кўнгилдагдек ўтган пайтлари Ўта мерганни бир талай совға-саломлар билан уйига кузатиб қўйишарди. У иштирок этган овларнинг завқи бўлакча бўларди. Меҳмонлар ов қилиб бир маза қилсалар, Ўта мерганнинг ўқ отиш санъатини томоша қилиб яна бир мазза қилишарди. Айниқса, гулхан атрофида, қўр тўкиб ўтиришган чоғлари мерганнинг қизиқ-қизиқ ҳикояларини тинглаш янаям мароқли бўларди.

– Ўта ака, мана бу тўқайзорларнинг нарёғида «мерган дара» деган бир жой бор экан – шу жой мабодо сизнинг номингиз билан аталмаганми? – Шаҳрисабзлик маҳмон Ўта мерганни саволга тутди бир гал.

– Йўқ! Лекин бу даранинг шундай номланиши менинг бобокалонларим билан боғлиқ, – деб бир ривоятни ҳикоя қилишга тушди: – Бундан етти юз йилча бурун бобокалонларимдан бири мерганликда камолот чўққисига эришган эканлар. Соҳибқирон Темурнинг назарига тушиб унинг қўшинида энг моҳир ўқчи – мерган бўлиб хизмат қилганлар. Темурнинг бир топшириғини адо этиб, бутун дунёга машҳур бўлганлари ҳақида авлоддан-авлодга, оғиздан-оғизга кўчиб келаётган бир ривоят ҳам бор.

Хизматчиликда Темурнинг номини тилга олиш нари турсин, уни эшитгандаёқ шипга қадар сапчиб тушадиган бу одамлар, тўқайда ов маҳали Ўта мерганнинг ҳикояларидан ҳадиксирашмади. Қолаверса, Ўта мерган бирор сабаб билан бир муддат тўхтаса, давомини эшитиш иштиёқида бетоқатланиб қолишарди.

– Шундай қилиб Темур бобо Оврўпани ўзига бўйсундирибди! – дея ҳикоясида давом этди у. – Давлатлар Соҳибқирон хазинасига бож-хирож тўлаб туришаркан. Бир сафар ўлпончилар қип-қизил мотам ичида қолган бир шаҳарга дуч келишибди. Бу ҳақда жаҳонгирга хабар қилишибди.

– Биз бу шаҳарни токи мотам бошидан кўта¬рил¬магунича солиқдан озод этурмиз! – деб амр қилибди ҳукмдор.

Лекин шаҳарнинг пешволари ўта закий чиқиб қоли¬шибди. Энди, ҳар йили ўлпончилар келадиган маҳал, баланд минора тепасида қўнғироқ чалинар, одамлар дарҳол тўпланиб мотам маросими уюштирар экан. Шу зайл шаҳар муттасил етти йил ўлпон тўламабди. Бу ҳақда Соҳибқиронга арз қилинибди. Ҳукмдор ўша шаҳар аҳолисининг бирдамлигига қойил қолиб, мийиғида кулиб шундай дебдилар:

– Майли, тилимиз билан қилган хатони маҳоратимиз билан тўғрилаймиз!

Кейин биззи бобокалонимизни ҳузурларига чақир¬тириб бир топшириқ берибдилар. Кейинги сафар бобомиз ҳам ўлпончилар сафида ўша шаҳарга қараб йўлга чиқибдилар. Минора жуда баланд жойда жойлашган бўлиб, теварак-атроф узоқ-узоқ жойларгача кафтдек кўриниб тураркан. Минора тепасида пойлоқчилар доимий қоровуллик қилишар, ўлпончилар миттигина нуқта тарзида кўзга ташланиши билан бонг чалишаркан. Бобом ҳали кўз илғамас узоқликдан ўқ отиб, улкан қўнғироқнинг ипларини шарт-шарт узган эканлар. Қоровуллар одамларни огоҳлантиришга улгура олмай қолибдилар. Ҳамма мерган бобомнинг маҳоратига қойил қолган ўшанда!1

– Мистика! Ишониш қийин!

Вилоят ҳокимияти бўлими бошлиғи Қўчқорбоев бош чайқаб қўйди. Ўта мерган аччиқланди:

– Ҳа, албатта, Темур миллионта одамнинг калласини кесган, дейишса – ишонасиз, аммо бу гапга ишонмайсиз...

– Ҳей, қўйсанглар-чи, шу сиёсатни! – шаҳрисабзлик амалдор, уларни орача қилди. – Ундан кўра ҳикоянинг давомини эшитайлик – жуда қизиқ экан!

Вилоят идеология бўлими бошлиғи Ўта мерган каби одамларни тирноғича ҳам кўрмасди. Лекин ҳозир у билан ади-бади айтишиб турмади. Чунки Ўта мерган шу тўпорилиги, шу чўрткесарлиги, мерганлик маҳорати туфайли илгари марказкўмнинг биринчи котиби билан ҳам бир даврада ўтирган одам эканини биларди. Шундан аламини ичига ютди. Фақат қайтишда ҳамроҳларига қарата: «Авваллари овга този итлар олиб чиқиларди, энди бир кўппакни судраб юриш расм бўлибди», деб киноя қилди.

1. Бу ривоят билан боғлиқ жой Польшанинг Краков шаҳри бўлиб ҳисобланади. Ҳозирда ҳам краковликлар ана шу воқеани эслашади. Шаҳарнинг ўзига хос, қўнғироқ устига суворий ҳайкали тасвирланган рамзи бор. Бу ўша мерган суворий маҳоратига халқнинг улкан эътирофи.

Ўта мерган мафкура котибининг семизликдан киртайиб қолган кўзлари, томоғининг остида халта бўлиб осилган бағбағасига жирканиб бир қараб қўйди-да, кейин ҳикоясида давом этди:

– Хуллас, ўша мерган бобомиз, қариб-қартайиб туғилиб ўсган қишлоғига қайтиб келади. Кўзи ожизланиб, охир-оқибат ҳеч нимани кўрмай қолади. Лекин ов ҳавасидан воз кеча олмайди. Энди товушга қараб шарпани илғаш ва мўлжални аниқ олиш ҳадисини ўрганадилар. Бир гал ўғилларидан бири билан овга чиқадилар.

Ўта мерган ҳар гал ҳикоянинг шу нуқтасига келганида маъюсланиб қоларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кўзлари ёшланиб, томоғига бир нима тиқилди. Эҳтимол шундай кезлари ўзининг кексалик чоғини кўз олдига келтириб юраги ҳаприқиб кетса керак.

– Хуллас, дарага тошдан-тошга сакраб, ўйноқлаб юрган сайғоқларни ов қилишга боришибди. Мерган бобом фарзандига бир тошнинг устида қимирламай тур, деб тайинлабдилар. Ўзлари теварак-атрофни қулоқ билан кузата бошлабдилар. Шу пайт ўғил нимагадир мувозанатини йўқотиб, йиқилиб тушмаслик учун овоз чиқармайдиган қилиб, иккинчи тошга сакраб ўтибди. Шу пайт «виз» этиб ўқ учибди. Оғир яраланиб, жон таслим қилаётган фарзандининг «отажон» деган чинқириғи тоғ бағрида анча пайтгача акс-садо бериб турибди.

Мерган бобом ўқ-ёйини тошга уриб синдирибди, ёқасини чок қилиб йиғлабди. Кейин телбанамо бир аҳволда «болам-ов, болам» деб даранинг ичига кириб кетганича, қайтиб чиқмаган экан...

Ўта мерган мана шундай хотиралар таъсириданми ёки қушуйқу пинакданми, хира тортган кўзларини юмиб, ҳовлисининг кунгай томонида эски пахса деворга суянганча қимир этмай ётарди. Қадам товушларини эшитиб, бошини кўтарди:

– Ким бу?

– Мен, Шосалимман, мерган оға!

– Ҳа, сенмисан? Кел, болам! – Ўта мерган, бир оз ўнгланиб, меҳмонга қўл чўзди. – Кўпдан бери кўринмайсан? Ташвишинг кўпми?

– Иш кўпайиб кетди, ота. Ўзингиз дурустмисиз? Ҳовлида ҳеч ким йўқ, болалар қайда?..

– Бариси далада.

– Ота, милтиғингизни сўраб келгандим. Шаҳардан нозикроқ меҳмонлар келишмоқчи эди. Бир ов қилиб яйрасак, дегандик.

Ўта мерганга жон киргандек бўлди. Ишқибоз одамлар қизиқ-да! Бичилган қул хўжасининг тўшакдаги ишқий саргузаштларидан завқлангани каби дармонсизланиб қолган мерган ўзгаларнинг овидан баҳра оларди. Милтиғини беради. Ўзи отишга ярамаганидан кейин, бошқалар отсин-да!

– Одамга тўғирлама! – одатдагидек тайинлади мерган милтиқни Шосалимга тутқаза туриб. – Овнинг учдан бир улушини менга олиб келишни унутма, хўпми!

37

Шосалим ўша куни овда узоқ қолиб кетди. Хотини Салима юрак ҳовучлаб эрини кутиб ухлай олмади. Тун ярмидан оққанда аллақандай ғўнғир-ғўнғир товушлар қулоғига чалиниб, ташқарига чиқди. Ҳовлисининг этагидаги эски ҳужранинг чироғи ёниқ. Эри эшик олдида папирос тутатиб турар, ичкаридагилар нима иш биландир мшғул эди.

“Ўлжа каттароқ бўлганга ўхшайди, – ўзича ўйлади Салима, – гўшт тақсимлашяпти”. Эркакларнинг ишига аралашгиси келмади. Қайтиб уйига кириб кетди...

Салима Шосалимларнинг хонадонига келин бўлиб тушган дамларини ўйлаб бир оз ётди. Ҳадемай эри ўртоқларини кузатиб уйга кирди. Уни кутиб тургани маъқул. Лекин Шосалимдан ҳадеганда дарак бўлавермагач туриб ташқарига мўралади. Ҳужранинг чироғи ўчганди. Ҳамма ёқ жим-жит. Ҳайрон бўлди. Кейин ичкари хонанинг эшигини очиб болаларини кўздан кечирди. Кичиги жуда бесаранжом ётади. Вақти-вақти билан устини ёпиб қўймаса, кўрпасини тепиб ташлайверади. Мижози иссиқ. Жаҳли тез – отасига ўхшайди.

Салима яна ўша воқеани эслади. Янги келин бўлиб тушган даврлари эди. Шосалим далада ишларди: тонг саҳарлаб отаси деразалари остига келиб, унинг номини айтиб чақирар, ўғлини уйғотиб ишга жўнатарди. Салима аввалига ўзини мажбур қилиб, эри билан баб-баробар туриб юрди. Аммо куни бўйи уйқусираб, ҳорғин алфозда юришга узоқ чидамади. Бир куни уйғонишга уйғонди-ю, аммо ўрнидан турмади. Қизиқ, Шосалим бунга оддий қаради. Ҳатто, уни безовта қилмаслик учун кўрпадан оҳиста сирғалиб чиқди. Салима келинларнинг тонг саҳарлаб уйғониши катталар чиқарган бир қоида – келинларни қийнаш учун қайноналар томонидан ўйлаб топилган бир баҳона экан, деб ўйлади. Биз ахир эрларимизга бўйсунамиз-ку?! Эрим гапирмадими – демак, саҳармардон туришим шарт эмас! “Сали, сенга ҳавасим келаяпти, – деганди дугоналаридан бири. – Ўзинг хон, ўзинг султон келин бўласан. Қайнананг йўқ – хоҳлаганингни қиласан”. Йўқ, адашган экансан, дугонажон. Бу чол иккита қайнонанинг ўрнини босади.

Салима шундай ўйлар ичида яна ухлаб қолибди, кимдир деразани тақиллатгандек бўлди: «Қизим, туринг, вақт алламаҳал бўлди”, қайнотасининг товуши эшитилди ташқаридан.

«Ҳа, овозинг ўчсин!» – Салима хоҳлаб-хоҳламай ўрнидан турди. Уйқусираганча бир муддат ўтирди. Кейин ташқарига чиқди. Қайнотасига совуққина қилиб салом берди-да, супурги ва челакни олиб кўчага йўналди.

Бу қийноқларга қандай барҳам берсам экан – хаёли шу ўй билан банд эди унинг. Одам боласининг табиати қизиқ, баъзан иродасизлиги туфайли бир парча нон, бир лаҳзалик ҳузур-ҳаловат учун нималардан кечвормайди, дейсиз. Салима ҳам тонгнинг ширин уйқуси деб ҳаётидаги энг катта хатога йўл қўйди.

Кечқурун, овқатдан сўнг уччовлари қўлбола сўрида телевизор кўриб ўтиришганида Салима дастурхонни йиғиштириб олди-да, уйга кириб кетганича қайтиб чиқмади. Шосалим ҳайрон: ахир ҳозир қизиқ бир фильм бўлади. Салима кўрмоқчи эди-ку? Тинчликмикин? Шосалим шу ҳақида отасидан сўрамоқчи бўлди-ю, лекин бир нималарни ўйлаб фикридан қайтди. Наридан-бери кино кўрган бўлди-да, отаси билан хайрлашиб уйига кирди.

– Сизга бир нима бўлдими? – тескари ўгирилиб ётиб олган хотинига тегажоқлик қилди у. – Ёки ари чақдими?

– Эй-й-й, қўйинг! – У белидан эрининг қўлини олиб ташлади. Хотинининг бу хатти-ҳаракатидан Шосалимнинг иззат-нафсига заҳм етди.

– Менга қаранг, нима бўлганини айтинг ёки йиғиш¬тиринг бу томошани! Агар росмона жиркансангиз... – Унинг овози кескин, ҳукми қатъий эди. – Бундан кейин, ҳеч қачон мени худди жиркангандек силтаб ташламанг – уқдингизми?..

Шосалимнинг қони қайнаган, оғир-оғир нафас оларди. Салима, бир оз ошириб юборганини сезди. Ўрнидан туриб эрининг елкасига осилди:

– Мен сиздан жирканар эканманми? Ахир, бутун қишлоқ қизлари менга ҳавас қилишади-ку!

Шосалимнинг бирдан кўпчиб кетган қони тезгина совиди.

– Нима бўлганини айтарсиз энди?

Салиманинг сукут сақлаб туришидан унинг кўксида яна шубҳа-ю гумонлар ғимирлай бошлади. Шосалим қишлоқнинг олд йигитларидан бири эканини яхши биларди. Кучли, хушсурат йигит эди, биргина камчилиги қашшоқ яшашарди. Ана шу томондан ожиз эканини англарди.

Ёшлигида бу нарса уни ҳеч қачон ташвишлантирмаганди. Ота-онаси камсуқумгина инсонлар – уларни шу ҳолича севар, ардоқларди. Шу пайтгача уларнинг камбағаллигини ҳеч ким унинг юзига солмаганди, ҳали устидан кулмаганди. Бу 10-синфда ўқиб юрган кезлари содир бўлди.

«Очиқ дарс»да ким бўлсам экан деган мавзуда суҳбат қуришганди. Ҳар ким ўзи танлаган касби ҳақида гапирди. Навбат Шосалимга келганида, синфдаги олифта Толиб гап қистирди.

– Шосалим, сен айтмасанг ҳам биламиз – қурувчи бўласан! – Синфхонанинг ҳар жой-ҳар жойидан «пиқ-пиқ» кулги эштилди.

– Нега энди қурувчи, мен заводда ишлайман!

– Нима, отангнинг касбини қилмоқчи эмасмисан? Отанг ахир қурувчи-ку!

Болалар яна кулишди. Шосалим эса на Толибнинг илмоқли гапларини, на болаларнинг кулгуларини тушунмай боши қотганди. Агар шу пайт танаффусга қўнғироқ чалинмаганда, баҳс нима билан тугашини ҳеч ким билмасди.

– Толиб! – сабри чидамади Шосалимнинг. – Отамнинг нима иш қилишини мен биламанми, сен? Бояги кинояларингга балки изоҳ берарсан – кулиш бўлса бирга кулишайлик!

Толиб айни шундай вазиятни кутганди. Ҳамманинг нигоҳи ҳозир уларда. Синфнинг энг олди қизи Салимани ўзига оғдириб олган Шосалимни руҳан синдириш учун бундан қулайроқ вақт бўлмаса керак.

– Кулишайлик, дейсанми? – заҳарханда қилди Толиб. – Бизга қўшилишиб кулиша олармикансан? Отангни қурувчи, деганим... Отанг кечки пайтлари одамларнинг уйида ҳожатхона қазиб юришидан хабаринг бўлмаса керак!

– Ёлғон! Ёлғон айтаяпсан, – Толибнинг ёқасидан маҳкам чангаллаб силкилади у. Болалар дарҳол уларни ажратиб қўйишди.

– Ёлғон гапириб менга зарил кептими? Кеча отанг бизга чиройли бир ҳожатхона қуриб бердилар. Текинга эмас албатта.

Шосалим ортиқ бир сўз демади. Йиғламсираганча отилиб синфхонадан чиқиб кетди.

Кечки овқат маҳали ота тунд қиёфада ўтарган ўғлининг кўнглини кўтармоқчи бўлдими, энасига қараб: «Насиб этса, яқин кунларда ўғлингга битта велосапед оббераман», – деди. У ўғлининг шодликдан ирғишлаб кетишини кутганди. Бундай бўлмади. Аксинча, Шосалимнинг боши янаям қуйи эгилди:

– Керак эмас, – деди у эшитилар-эштилмас.

– Нима? Керак эмас? – ҳайрон бўлди энаси. – Ахир шу матоҳни деб ҳоли-жонимга қўймайсан-ку, болам!

– Керак эмас, дедимми – менга ҳеч нарса керак эмас. Велосапед ҳам, кийим-бош ҳам – ҳеч нарса керак эмас!

Ота-она Шосалимнинг дабдурустдан бунчалик тутақиб кетишидан ҳангу манг бўлиб қолишди.

– Мен сизлардан ҳеч нарса сўрамайман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Фақат дадам энди ҳеч кимникига бориб, ҳожатхона қурмасалар бўлгани!

Шосалим шарт ўрнидан турди-да, йиғлаганча уйга кириб кетди. Шу-шу унинг юрагида колхоз буғолтирининг ўғли Толиб туфайли туғилган нафрат ўсиб-улғайиб, ўзига тўқ кишиларга нисбатан қаҳр-ғазаб, ҳасад туйғуларига айланди. Энди ҳар бир пулдор одам унинг кўзига Толиб қиёфасида намоён бўлар, Шосалим жон-жон деб бу қиёфани моматалоқ қилишга тайёр эди.

Ҳозир у шуларни ўйлади. Салима айни шу тобда, рўзғордаги етишмовчиликлардан нолийдигандек, дасти қисқалигидан зорланадигандек туюлди.

– Эрталаб дилим хуфтон бўлди, – ийманибгина сўз бошлади Салима, – отангиз мени уйғотмоқчи бўлиб уйга кирибдилар. Ич кийимда ётгандим, устим очиқ қолган экан. Бирам уялиб кетдим, отам бўлса тикили-и-и-иб турибдилар...

Шосалимнинг юраги санчгандек бўлди. Ҳозироқ бориб, отаси билан орани очиқ қилишга тайёр турарди, аммо... «Наҳотки, отам ўз келинига ҳирс билан боққан бўлса? Ахир бу шармандалик-ку! Одам ҳам шунчалик паст кетиши мумкинми? Балки, Салимага шундай туюлгандир!» – Шосалимнинг кўзига уйқу келмади. Тонггача ана шундай изтироблар ичида тўлғониб чиқди. Эрталаб туриб ташқарига чиқди. Отаси одатича ҳассасини тўқиллатиб шу томонга келмоқда экан.

– Шосалим, турдингми, болам?!

– Ҳа, хўрозга ўхшаб ликонгламасангиз ҳам бўларди.

Кутилмаган бу гапдан ота тош қотди:

– Бу нима деганинг, ўғлим?

– Хўроз, мен қичқирмасам тонг отмайди деб ўй¬ларкан! Сиз ҳам энди бизни таъқиб қилишни бас қилсангиз бўларди. Сизсиз ҳам уйғона оламиз! – зарда қилди Шосалим

Отанинг кўнгли ранжиди. Аммо нима ҳам қила оларди. Ҳозир оиланинг боқувчиси у. Унга бўйсуниш лозим. “Балки, унга ҳалиям ёш боладек муносабат қилаётганим эриш туюлаётгандир?” – ўйлади ота. Кейин, аста бурилиб кетаркан: «Тўғри айтасан, ўғлим, энди аралашмаганим бўлсин!» деди.

– Келинингизни ҳам тинч қўйинг! – отасининг ортидан бақирди Шосалим.

Ўша куни отаси хужрасидан чиқмади. Салиманинг ҳатто тушлик олиб киришга ҳам юзи чидамади. Кечқурун эри келгач эса, уни отасидан хабар олишга ундади. Шосалим ҳужрадан ўқдек учиб чиқди:

– Сали! – бутун вужуди қалтирарди унинг. – Отам ўлиб қолибдилар-ку!..

Ҳақиқатдан ҳам ота ўз тўшагида бир бандча пулни маҳкам сиққанча жон таслим қилганди. Пулни болаларига бермоқчи бўлган ҳойнаҳой. Салима қилиб қўйган ишидан кейинчалик, кўп бор афсусланди, аммо энди таассуф чекмоқдан не фойда?! Отадан қолган пулларни эса олишди. Отани шу пуллар ҳисобидан кўмишди. Шу пуллар ҳисобидан шаҳарга кўчиб кетишди. Ушалмаган армонлари ушалди. Бу пуллар отанинг узоқ йиллар ҳожатхона қазиш эвазига йиққан бисоти экани Шосалимнинг хаёлига ҳам келмади.

38

Сакина эшикни очиб остонада нотаниш бир йигитни кўриб, аввалига мижозларданмикан, деб ўйлади. Чақирилмаган меҳмоннинг милициядан эканини билгач, ранги оқариб кетди. Лаблари пирпираб: «Менда нима ишингиз бор – қонунга хилоф бир иш қилганим йўқ» деди елкалари титраб.

– Қўрқманг, қўрқманг! – тинчлантирди уни Акмал. – Мен бор-йўғи бир масалада сиз билан суҳбатлашмоқчи эдим. Уч-тўрт саволим бор, холос. Агар рухсат этсангиз...

Сакина шу пайт эс-ҳушини йиғиб олди. Эшик олдида гаплашиш ўзи учун ҳам фойдали эмаслигини фаҳмлади: қўшнилар ўтиб-қайтиб туришибди, ҳар нечук...

– Киринг! – Сакина ўзини четга олиб, йўл бўшатди.

– Сиз мана бу кишини танийсизми? – Акмал унга Жобирбекнинг сувратини кўрсатди

– Йўқ!

– А, Жобирбек исмли кишини-чи?

– Танийман у лўттибозни! – Сакина юзини буриш¬тирди.

– Мана бу мактубни сиз ёзгансиз – дасхатингизни танияпсизми?

– Ҳа. Ўша лўттибознинг боплаб бир таъзирини бериш учун қилганман бу ишни.

– Турган гапки, сизни бу ишга кимдир ундаган. Ўша кишилар кимлар эди – танимайсизми мабодо?

– Йўқ. Кўрсам танийман. Улар икки киши эди. Ҳалол бир одамнинг вакиллари бўлиб келишган экан. – Сакина шу сўзларни айтиб, бирдан тутақа бошлади. – Шу ишнинг охири вой эканини ўша пайтдаёқ кўнглим сезганди-я. Нафсим қурсин! Қуриб кетсин ўша лўттивоз ҳам... Бир бошимга шунча ғавғо керакмиди? – Сакина изтироб ичида, қалтирай бошлаган қўллари билан Акмалнинг билагидан тутди: – Ўртоқ терговчи, мени қийнаманг. Ҳамма саволларингизга жавоб бераман. Фақат, тушунтириб беринг – нима гап? Нима воқеалар содир бўлаяпти ўзи?

Акмал бир зум жим қолди. Нималарнидир муло¬ҳаза қи¬либ кўрди. Кейин қатъий бир қарорга келиб сўз бошлади:

– Майли, сизга айтсам бўлади. Сиз Жобирбек сифатида таниган одам аслида у эмас. Жобирбек мана бу одам! – Акмал бояги сувратни кўрсатди ҳайратдан оғзи очилиб қолган Сакинага. – Мана шу одам бундан тўрт ойча бурун, изсиз йўқолган. Бу жиноятга сиз билган Жобирбекнинг алоқаси бор, деган фараз бор.

Сакина бегуноҳ бир одамни шунча сўкиб, қарғаб юргани учун ўзини-ўзи айблай бошлаганди. Акмал унга юзланди:

– Энди менга анави сирли шахс билан боғлиқ барча тафсилотларингизни сўзлаб берсангиз. Кейин мен сизга ҳикоянинг давомини айтаман. Ўшанда қанчалар гўл бўлганингизни, неча бор чув тушганингизни билиб оласиз.

Сакина бўлиб ўтган воқеаларни сўзлар экан, Акмал тафсилотларнинг айрим жойларини дафтарчасига ёзиб борди. Сакина сўзини тугатгач Акмал мийиғида кулимсираб қўйди:

– Қойил! Нақ тартанак уяси. Чигал, аммо моҳирона тўқилган режа.

Шундан сўнг ҳеч нимага тушуна олмай, гарангсиб турган Сакинага бир ҳақиқатни англатиб қўйди. Шунинг ўзи унга бор ҳақиқатни англаши учун кифоя эди. Ҳақиқатдан ҳам Сакина Фарангис ва Наргизнинг опа-сингил экани-ю, Жобирбек ниқоби остида яширинган шахс Наргизнинг жазмани бўлганини билиб, эсидан оғиб қолишига оз қолди. Акмал Сакинанинг ҳушини йиғиб олишини кутиб турди. Кейин унга қараб кулиб қўйди.

– Телефонингиздан фойдалансам бўладими?

– Бемалол, бемалол! Сакина уни телефон турган бурчакка бошлаб борди. Йўл-йўлакай эса, “вой аблаҳ-эй, вой лўттибозлар-эй. Роса боплашибди-ку,а мени!” деб минғирлади у.

Акмал майор Нурхўжаевга телефон қилди. Иш битганини, бугуноқ учиб боришини маълум қилиб, гўшакни жойига қўйди. Кейин Сакинага юзланиб: «Кийининг, мен билан кетасиз», деди кутилмаганда. Сакина бу таклифдан довдираб қолди:

– Мен? Нега?

– Хавфсизлигингиз учун.

Иккита номаълум шахс Сакинанинг эшигини тақиллата бошлаган чоғ улар ўтирган самолёт осмонга кўтарилиб бўлганди...

39

Шосалимнинг ёшлигидан юрагида чандиқ бўлиб қолган бир дарди бор эди. Ногаҳон ана шу ярага тегиб кетсанг бас, у оғриқнинг зўридан анчагача ўзига кела олмай юрарди. Унинг энг ожиз жойи, оғриқ нуқтаси ҳам шу эди. Инсон боласида азал-азалдан бир-биридан устун бўлишга, ё зўри, ё зари билан бир-бирини камситишга мойиллик қусури мавжуд. Икки курашчи қанот ёзиб майдонга тушса, турган гапки, иккаласи ҳам ўлиб-тирилиб ғолиблик учун олишади. Иккиси ҳам рақибимнинг курагини ерга боссам, дейди. Ҳатто рақибни даст кўтариб, боши узра юксалтирган полвоннинг пировард мақсади уни чирпирак қилиб ерга улоқтиришдан иборат бўлади. Атрофда қий-чув кўтариб турган оломонни айтмайсизми. Давранинг икки томонида ҳам кураш қизийди: туйғулар жанги, эҳтирослар кураши! Ҳар икки гуруҳ ўз полвонининг қўли баланд келишини истайди. Шавқу завқ борасида рақиблардан устун бўлгиси келади. Хулласки, қайси томонга қараманг, ана шу манзаранинг гувоҳи бўласиз: пули кўп, бисоти мўл одамнинг аукционда ошиғи олчи, билими зўр, идроки беназир олимнинг фанда омади чопиб бораверади.

Шосалим ўзидан тўқроқ, ўзидан устунроқ кишиларнинг ҳаммасидан ҳам ҳамиша нафратланавермасди. Токи унинг «таги паст»лигини юзига солишмаса, ўша оғриқ нуқтасига тегишмаса – бировга зарари тегмасди ҳисоб. Кези келганда ташаббусини, бирда кучи, бирда билимини ишга солиб, шунинг эвазига оладиган насибаси билан кифояланиб юраверарди. Жобирбек билан муносабатлари ҳам ана шу асосга қурилганди. У Жобирбек танг аҳволда қолганида ёрдамини аямади, Жобирбек ўз навбатида уни яхшигина сийлади, ўзига яқин олди, у муносиб тиргак бўлишга тиришди, садоқат билан хизмат қилди.

Дўстидек азиз, укасидек яқин бўлиб қолган Шосалимнинг хизматларини бирда кифтига қоқиб, бирда бошини силаб, яна бирда қўлини сиқиб келаётган Жобирбек, бир гал билиб-билмай унинг оғриқ нуқтасига тегиб кетди.

Ўшанда Жобирбек хонасида иккита нотаниш, аммо кўринишидан бадавлат, басавлат нусха билан нима ҳақдадир қизишиб, баҳслашиб турарди. Мавзу жиддий, ҳар икки томон бир тўхтамга кела олмагани асабларнинг таранг тортилганию юзларининг бўғриқиб кетганлигидан кўриниб турарди.

– Жобирбек, ҳалиям кеч эмас – шартимизга кўнинг, – узун бўйли, кампирдаҳан меҳмон, ҳамсуҳбатини сўнгги бор кўндиришга ҳаракат қилди. У гарчи оҳиста сўзласа-да, гапларида таҳдид оҳанги сезилиб турарди. – Ихтироингизни ўзимизда қўллаб нима топасиз? Шон-шуҳратми? Молу давлатми? Иккиси ҳам сиз учун сароб бўлиб чиқади – мени айтди дерсиз. Қолаверса, шуҳратни шундоқ қўлингизга тутқазиб қўядиган валломат йўқ бизнинг жамиятда. Ёки Фирдавсийнинг «Шоҳнома» сига ўхшаб бир ҳовуч сариқ чақага баҳоланади ишларингиз...

– Шунинг учун Рафиқ акамнинг айтганларига кўнинг, – насиҳатга тушди ҳўкиздек бақувват, сочини тап-тақир қилиб қирдирган Шотир исмли шериги. – Ихтироингизни хорижга сотсак, – у нотўғри гапирмадимми, дегандай Фақирбекка кўз қирини ташлади, хўжайиннинг юзида бирон-бир ўзгариш аломати сезилмагач, гапида давом этди, – биласизми, хорижликлар бу ихтиро учун қанча тўлашади? Давлатдан оладиганингиздан минг маротаба кўп ҳақ оласиз.

Жобирбек пулни муқаддас билувчи, Худоси ҳам, каъбаси ҳам пул бўлган бу кишиларга оддий бир ҳақиқатни – Ватан, эл-юрт олдидаги бурч каби тушунчаларни англата олмаслигига кўзи етганди. Шундан суҳбатга батамом нуқта қўйишга қарор қилди.

– Жаноблар, узр! Бу давлат идораси. Бунда қонун-қоида, бўйсуниш лозим бўлган интизом мавжуд. Мавзуга бошқа қайтмаганимиз маъқул. Чунки менинг бу борадаги қарорим қатъий. Уни ҳеч ким ва ҳеч нима ўзгартира олмайди...

Шу пайт эшик зарб билан очилиб Шосалим отилиб кирди. Унинг бемаврид ташрифи, устига-устак директорнинг кабинетига ётоқхонасига киргандек эшикни тақиллатмай, рухсат сўрамай кириши Жобирбекка сал оғир ботди. Мана бу одамларнинг олдида изза бўлгандек сезди ўзини: «Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор», дилидан ўй кечди унинг. “Тавба! Одам боласи нега бунақа экан-а? Бир оз пули кўпайиб ёки обрўйи ошса – ҳар қандай чегарани босиб ўтиш мукин, деб ўйлайди”.

– Жобирбек, сизда ишим бор!.. Кечиктириб бўлмайдиган иш... – Унинг қизарган-бўзарган афти-ангори, гарчи масала жиддий эканидан дарак берса ҳам, Жобирбек Шосалимнинг шошқалоқлигидан росмана ранжиди. Меҳмонлари туришга тараддудланиб қолишганди, Жобирбек, ҳозир деди-да, Шосалимга юзланди:

– Дунёда битмайдиган иш йўқ. Фақат, ҳамма ишнинг ўз мавриди бор. Наполеон бир найнов генералига, сиз мендан баланд эмассиз, узунсиз холос, дегани каби, келинг, ҳар бир нарсани мавридида қилайлик. Мен ҳозир меҳмонларни кузатиб олай. Сиз билан кейин гаплашамиз, майлими?

Бу Шосалимга очиқдан-очиқ, чиқиб туринг, дегани эди. Боя тақсимот бўлими бошлиғидан енгилгина зарба еб бир оз гандираклаб қолган Шосалим, ҳозирги зарбадан батамом ўзини йўқотиб қўйди...

40

Меҳмонлар Жобирбекнинг ташқаригача кузатиб чиқи¬шига унашмади. “Бир ҳисобдан шуниси ҳам маъқулдир”, ўйлади Жобирбек. Ортиқча такаллуфга арзигулик муносабат йўқ эди ўртада. Шунинг учун қабулхонадаёқ хайр-хўшлашди. Кейин котибасидан сўради:

– Шосалим нега қизишиб юрибди? Нима масалада келган экан – билмадингизми?

Котиба ҳар икки саволга ҳам елка қисиб «билмадим» деган маънода жавоб қилгач, Жобирбек :

– Топинг, ҳузуримга кирсин! – деди-да, хонасига кириб кетди.

Агар шу фурсатда Шосалим топила қолганида эди, Жобирбек вазиятдан келиб чиқиб оғирроқ гапириб юборгани учун ундан узр сўраган бўларди эҳтимол. Аммо излаганлар уни топа омадилар.

Шосалим нима қилишини билмай машинасининг ёнида тош қотиб турарди. Хаёлларга шу қадар ғарқ бўлгандики, бояги меҳмонлар унга яқин келганлирини ҳам сезмай қолди.

– Ҳа, иним?

Шосалим чўчиб улар томонга ўгирилди. Шу дамда ҳеч кимни кўришга тоқати йўқ эди. Кўзи қонга тўлиб бу вазиятдан чиқишнинг йўлини изларди.

– Авзоингиз чатоқ-ку! – Рафиқбек уни яна гапга солмоқчи бўлди. Кейин шотирига қараб, маъноли қилиб кўз қисиб қўйди: – Дўстингдан топ, деганлари шу бўлади!

Шосалим ноилож қолганди. Тўлиб кетган юрагини ёришдан бошқа чораси йўқлигини пайқади: «Ҳарҳолда, бегона кишига ўхшамайди, акс ҳолда Жобирбек билан дўстлигини қайдан билади?» – ўйлади Шосалим .

– Қишлоқдан келишган экан. Икки кундан бери навбат кутиб туришибди. Мендан илтимос қилишувди. Шу заводда ишласаму, директорнинг энг яқин дўсти бўлиб, бир машинани навбатсиз ўтказиб юбора олмасам – алам қиларкан одамга!

– Шуми муаммо? – Рафиқбек Шотирга «бор бажар» деган маънода ишора қилди..

– Машинанинг номери қанақа? – Сўради Шотир. Шосалим муаммосини бу йўл билан ечишни истамаса-да, бошқа иложи йўқлигидан истар-истамай вазиятга бўйсунди.

– 19–65 КФА...

Шотир катта дарвоза томонга кетгач, Рафиқбек Шосалимни йўл бўйидаги қуюқ дарахтлар билан қопланган боғнинг ичкари томонига етаклади. Атрофдаги ғала-ғовур, машиналарнинг шовқин-сурони бемалол гаплашишга халақит берарди.

– Камина бир нарсага сираям тушуна олмай таажжубдаман, – узоқдан гап бошлади Рафиқбек. – Сиз салкам директор даражасидаги одамсиз. Бинобарин заводда ўз таъсирингиз бўлиши керак. Нега энди оддийгина бир тақсимот бўлимининг бошлиғи оддийгина бир илтимосингизни бажармайди? Сизни тан олмаслик директорни тан олмаслик билан тенг-ку! Шундай эмасми?

Рафиқбекнинг мулоҳазалари ўринли эди. Шосалим унинг фикр юритишига мафтун бўлиб қолганди. Рафиқбек туфайли ўзи ҳеч қачон ўйламаган бир ҳақиқатни англагандек бўлди.

– Кўзингизни каттароқ очиб, ҳушёр бўлмасангиз мана шундай итнинг орқа оёғи бўлиб қолаверасиз. Агар қўпол ўхшатиш қилган бўлсам, узр!

– Ҳечқиси йўқ. Сиз айни ҳақиқатни сўзлаяпсиз! – Суҳбатдошининг узрини қабул қилди Шосалим. – Демак, менга ортиқча ҳуқуқ бермаслик ташаббуси Жобирбекдан чиққан. Шунинг учун ҳам менга ҳамма унинг дўсти деб эмас, оддий бир шўпири деб муомала қилар экан- да! Кетаман, мана машинаси ҳам бошидан қолсин!

– Қизишманг, иним! – тинчлантирди уни Рафиқбек. – Боя Наполеоннинг воқеасини ҳам бежиз мисол қилмади бу, мен сени ўзимга яқин олганим билан, сен мендан пастсан – ҳаддингни бил, дегани эди. Шуни фаҳмладингизми?

Шосалим бунга эътибор қилмаганди. Ўша тобда, ўзини тингламагани, эшикдан қувиб солгани учун ранжиганди. Энди ўйлаб қараса дўст дегани роса ҳақорат ҳам қилган экан-ку! Хафачилиги икки ҳисса ошди унинг. Икки ўртада дўстлик ришталари узилгани аниқ эди. Шосалим бундан буён нима қилишини, қандай йўл тутишни билмасди. Шундан, жон куйдириб, унинг ташвишини қилаётган Рафиқбекдан нажот истади.

– Энди нима қилсам?.. Нима маслаҳат берасиз?

– Аввал менинг бир саволимга жавоб беринг, – деди Рафиқбек унинг саволини ҳозирча жавобсиз қолдириб. – Айтинг-чи, Жобирбекнинг сизни ўзига яқин олиши нимадан – қариндошингизми у?

– Йўқ!

Шосалим бундан бир неча йил муқаддам, цехда ёнғин содир бўлганидаги воқеани сўзлаб берди.

– Ана кўрдингизми? Монстрни ахир ўзингиз – мана шу қўлларингиз билан яратиб қўйган экансиз-ку! У бўлса сизнинг дастингизни қисқа қилиб қўйибди. – Рафиқбек унинг аҳволига ачингандай бўлиб, бош чайқади-да: – Роса гўл экансиз, биродар, – деди, – ахир у сиз каби ташаббускор одамни, қайсиким шу ташаббускорлиги орқасидан амал пиллапояларидан юксалиши мумкин бўлган одамни ўз йўлидан олиб ташлабди. Устомонлигини кўринг – ўзига шўпир қилиб жиловда сақлаб юрибди. Қойил, сиз ташлаган пойдевор устига ўзига мустаҳкам қўрғон қуриб олибди, валломат!

Шосалимнинг кўзи мошдек очилди. Аммо энди кеч. Энди бундан буён нима қилишини – қандай йўл тутиши лоимлигини ўйлаши керак.

– Энди аввал қандай муносабатда бўлсангиз – ўшандай давом этираверасиз алоқаларни. Аммо каллани ишлатсангиз, ўз ҳаққингизни ажратиб оласиз. Дўстингиз сиздан қандай фойдаланган бўлса, сиз ҳам шундай йўл тутинг. Бу «ўз қалпоғини ўзига кийдириш, ўз қўли билан ўзини бўғиш», дейилади.

Шу пайт дарахтлар орасидан Шотирнинг қораси кўринди. Ёнида қишлоқдошлари ҳам келишмоқда эди. Рафиқбек қишлоқинамо бу одамлар Шосалимга келаётганини билиб чеккалади. Улар билан саломлашишни ҳам ўзига эп кўрмади. Бу ҳам бир ҳисобдан яхши бўлди: «кўриб қўйишсин, Шосалим қандай одамлар билан ҳамсуҳбат эканини.!». Ёшликдаги синфдоши ва рақиби, ҳозирда тумандаги қурилиш ташкилотида таъминотчи бўлиб ишлаётган Толиб кела солиб, унинг қўлини маҳкам сиқди:

– Раҳмат, жўра. Мушкулимизни осон қилдинг. Борганингда кир, қуюқ зиёфат биздан. Сен билан фахрланамиз...

Боядан бери дили хуфтон бўлиб турган Шосалимнинг чеҳраси бир оз ёришди. Бу Толибнинг устидан қозонган ғалабаси эди. Ана шу ғалаба учун у Рафиқбекка қуллуқ қилишга-да тайёр эди шу дамда. Шундай бўлди ҳам: у Рафиқбек ғояларининг қулига айланди.

41

Салима эрталаб эрини ишга жўнатиб, рўзғор юмушларига шўнғиб кетди. Аввал шаҳарда яшаган кезлари, ўзини жуда носоғлом сезарди. Чордеворнинг ичида роса сиқиларди. Қишлоқ – қишлоқ-да барибир. Рўзғор – ғор. Иш дегани бошидан ошиб ётибди. Аммо чарчашга қўл тегмайди. Ҳаммасини ўзи бажариши керак. Эри кўчадан ортмайди. Энди заводга директор бўлганидан бери-ку, рўзғордаги эркакбоп ишлар ҳам унинг зиммасида. Салима ҳовли бурчагидаги ҳувиллаб қолган катак олдида бир пас тўхтади: “Шу катакни кенгайтириб беринг, деб бир ҳафтадан бери жаврайман – фойдаси йўқ, ўзим енг шимармасам бўлмайди”.

Салима шуларни ўйлаб турганди, дарвоза олдига машина келиб тўхтади: «Волга». «Эримнинг бундай эртачи қайтадиган одатлари йўқ эди-ку?» Салима бир оз безовталаниб дарвозага томон юра бошланганди, у ёқдан иккита нотаниш йигит остона ҳатлаб ичкарига киришди.

– Ассалому алайкум, янга! Мен Илҳомжон – Шосалим аканинг шофёриман. Мана мардикор ёллаб келдим, уйда озгина юмуш бор дегандилар.

– Ҳа, келинглар, келинглар. Ҳозир чой дамлайман!

– Ташвиш қилманг, янга. Мен боришим керак. Сиз мана бу кишига ишни кўрсатсангиз бас...

– Исмингиз нима ука?

– Шокир! – Илҳомжонни жўнатиб ичкарига кирган Салима мардикор йигитни катак томон бошларкан, уни гапга тутди. – Акангиз, ҳе йўқ, бе йўқ қуёнларимни Ўта мерганга обориб берибдилар. Тавба, нега деб сўрасам гапирмайдилар. Ўта мерганни танийсизми?

– Йўқ. Мен бу ерлик эмасман.

– Ҳа, бир чол-да! Ёшлигида мерган ўтган. Овчи. Ҳозир қариб-қартайиб қолган. Милтиғини ижарага бериб туради. Акангиз яхши ов қиладилар. Ўша куни нима жин урди-ю, эрталабгача ҳеч нима овлай олмабдилар шекилли, қуёнларимизни милтиқ эвазига бериб юборибдилар. Қуёнлар болаларнинг эрмаги эди. Қуён обберасиз, деб бошимни қотиришяпти. Мана шу катакни кенгайтириб, қуён боқишга мослаб берсангиз.

Салиманинг табиатидаги қусурлардан бири – бировга бир нима демоқчи бўлса гапни бир қир наридан айлантириб келарди. Мана ҳозир ҳам бир оғиз топшириққа шунча изоҳ. «Қуёнхона қуриб беринг”, деса бўлади-ку оддийгина қилиб, мардикорга тафсилотларнинг нима қизиғи бор?

– Майли. Сиз ишингизни қилаверинг, янга! – Шокир енг шимариб ишга киришди.

– Нима керак бўлса мана бу жойдан олаверасиз, – Салима омборхонага ишора қилди. – Тахта дейсизми, мих, цемент – ҳаммаси бор.

Шокир ишга тушаркан, вақт топиб Ўта мерганникига ўтиб келишни дилига тугиб қўйди...

42

Шосалим эрталабга мажлис чақириб қўйганди. Цехларнинг бошлиқлари, лаборатория, автобаза ва бошқа тизим раҳбарлари унинг кабинетида тўпланишган, аммо белгиланган муддатдан ярим соат ўтса ҳамки, ундан дарак йўқ эди. Одамлар бетоқат бўла бошладилар. Ҳамманинг иши бор ахир. Фавқулодда иши чиқиб қолган бўлса, қўнғироқ қилиб айтиб қўймайдими? Ёки тоби қочиб қолдимикан? У ҳолда ҳам огоҳлнтириши лозим...

Директорнинг кечикишига бошқа сабаб бор эди. У туни бўйи мижжа қоқмай тўлғониб чиққанидан, тонгга яқин ухлаб қолганди. Уйқудан бир оз тиниқиб турди. Турди-ю, эрталаб мажлис чақириб қўйгани ёдига тушди. Апил-тапил кийниб кўчага отилди. Машнаси ҳадеганда ўт олмай, бир оз хуноб бўлди.

– Ҳа, палакат! – Рулни асабий силтади у. – Омадсизлик бир келса, қўшалоқ бўлиб келавераркан! Шошилганда «лаббай» топилмайди, деб шуни айтадилар. – Кейин, машинасини қулфлаб катта йўлга чиқди – такси ушлаб, заводга ҳайдашни буюрди.

Йўлда кечаги даҳшатли воқеа яна хотирасида жонлана бошлади. Ўша бир жуфт қонталаш кўзлар уни тушида ҳам, ҳушида ҳам таъқиб этишдан тўхтамасди. Кеча ҳам шу ҳол юз берди...

Шосалим режа бўйича Қилич билан Шунқорни Тошкентга жўнатди. Уларнинг вазифаси Сакинани кўздан йўқотиш эди.

– Пулни аяманглар: Москвагами, Грознийгами кетсин, ғойиб бўлса бас, – таъкидлади Шосалим шотирларига

– Унамаса-чи?

– Унамаса? – Шосалим Шунқорга қаттиқ тикилди. Бу нигоҳда «Ўзинг билмайсанми?» деган писанда бор эди.

Қилич босс нима демоқчи эканини фаҳмлаб:

– Кўнглингиз тўқ бўлсин, хўжайин! – деди бир оз ялтоқланиб. – Фақат пичоқни тозалаш учун «қоғоз»ни мўлроқ берсангиз бўлгани.

– Бу ёғидан хотирингиз жам бўлсин! Анави жувон гапга кирмаса, унга аталган пуллар ҳам ўзингизга қолади.

– У энди ҳеч қачон гапга кирмайди! – иршайди Шунқор.

Бир йўла ҳам элчи, ҳам қотил сифатида танланган бу икки шахс эрталабки рейс билан Тошкентга қараб учди. Кечга бориб Шосалим режанинг иккинчи қисмини бажаришга киришди. Отанинг чоғроққина ҳовлисига кириш унча қийин кечмади. Э-ҳе, неча йиллик умри ана шу ҳовли билан боғлиқ-ку! Ҳовли бурчагидаги ҳужрадеккина хона ҳам унга таниш. Фақат голланд печнинг сирини ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.

Шосалим эҳтиёткорлик юзасидан хона эшигини юқорига кўтариб очди. Шундай қилса, ғийқилламайди. Кейин, ўзини ичкарига олди-да, эшикни яна ўша йўл билан ёпди. Қўл фонарини ёқиб печни обдон пайпаслаб чиқди. Эгилиб ўтхонасига мўралади. Шунда тилсимга ечим топганини фаҳмлади:

– Пишиқлигини қара! Буни ҳеч ким сейф деб ўйламайди, – хаёлидан ўтказди у. – Мен ҳам шунга ўхшаган... йўқ, йўқ, – фикридан қайтди у, – умуман ўхшаши йўқ бир сейф ясаттиришим керак.

Шосалим ўтхонадан калитнинг тешигини бар¬моқлари билан пайпаслаб топди-да, унга калитни ўрнатди. Ўнгга икки марта бураганди, печнинг ўрта қисмидан «тирс» этган товуш эшитилди. «Бўлди! Ҳаммаси тугади. Жобирбек салтанати қулади!». Шосалим бундан бир йилча муқаддам бошлаган азоб билан кечган курашга бугун сўнгги нуқта қўйиши лозим. Ҳозир мана сейфни очади-да, керакли ҳужжатларни қўлга киритади. Уни буюритмачиларга топширса, шотирлари Сакинани гумдон қилса – ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолади. Шундан кейин унинг мушугини «пишт» дейдиган одам бўлмайди бу дунёда...

Шосалим печкада пайдо бўлган тирқишга бармоғини тиқиб, ўзига қараб тортганди сейфнинг эшиги очилди. Музлатгичга ўхшатиб ясалган экан: эшик очилиши билан ичкарида «чирт» этиб чироқ ёнди. Шосалим чўчиб тушди. У сейф тўридаги кўзгуда ўзининг аксини кўрганди. Кейин апил-тапил сейфдаги барча қоғозларни, папкаларни ўзи билан олиб келган сумкага жойлади-да, сейфни қулфлаб, ташқарига йўналди.

Ҳаммаси силлиқ кетаётганди. Ойнавандли айвон ёнидан ўтаётиб, беихтиёр деразага қаради. Ойнадан ўзи томон тикилган бир жуфт кўзни кўрди. Даҳшатдан бақириб юборишига оз қолди. Шундан сўнг ҳовлидан қандай чиққанини ҳам, микрарайондаги уйига қай тахлит етиб келганнини ҳам эслай олмади. Тонггача яна тунги лампанинг хира ёғдусида, деворда катта кўланка ясаб, кетма-кет сигарета тутатиб чиқди. Унга алам қиладигани, тирик одамки бор, йўлига ғов бўлса бартараф этишга қодир эди. Аммо арвоҳнинг бир жуфт қонталаш кўзлари таъқибидан қочишга жой топа олмай қийналарди. Илло, бу қийноқлар дўзах азоби билан тенг эди.



43

Шокир тушгача қуёнхона учун жой тайёрлади. Аввалги катакни бузиб, темирини-темирга, чўпини–чўпга ажратди. Кейин қуёнхонанинг остки тупроқ ишлари билан машғул бўлди. Белигача чуқурликда ҳовузга ўхшатиб ўра қазиди. Ости ва ён атрофларини яхшилаб мустаҳкам қилмаса – қуёнлар ёмон, илма-тешик қилиб юборади азаматлар. Иш билан бўлиб, кун тепасига келиб қолганини ҳам сезмай қопти. Тепадан шивалаб тупроқ тўкилгандек бўлди. бошини кўтарганди, қазиб чиқарилган тупроқ уюми устида бири етти, бири тўққиз ёшлар атрофидаги икки болакайни кўрди.

– Салом, азаматлар, ёрдамга келдингларми?

– Йў-ўқ! Биз ёрдамга келмадик, – болаларнинг каттароғи Шокирнинг саволини жиддий қабул қилган шекилли, ташрифи ҳақида батафсил маълумот беришга киришди: – Аям айтдила, овқат тайёр бўпти... Тушлик қилиб оларкансиз.

Бола шу гапни айтиб кетишга чоғланди: “Юр, Асқар!”. Укасининг эса кетгиси йўқ эди. Каттаси укасини қўярда-қўймай кетишга ундади. Ахийри, кўндира олмагач, юзига бир тарсаки туширди. Асқар қўлидаги бир парча нонни ерга отиб юборди-да, ўтириб олиб чинқириб йиғлашга тушди. Ҳовли томондан Салиманинг овози эштилди:

– Баҳодир, ҳой яшшамагур! Яна укангни чирқи¬рат¬япсанми?

Шокир хандақдан чиқиб, кичкина Асқарни овутишга тушди. Агар йиғламаса қизиқ-қизиқ ҳикоялар, эртаклар айтиб беришга ваъда берди. Асқар йиғидан тўхтади.

– Қачон айтиб беяасиз? – сўради у. – Аай айдасангиз яна йиғяйман!

Шокир унинг болаларча содда сўзларидан кулди.

– Мана ҳозир айтиб бераман. Ҳобил билан Қобил қиссаси: қадим-қадимда ер юзида биттагина одам бўлган экан. Бутун ер юзида биргина хотини билан яшар экан...

– Хотини одаммасканми? – уларга яқин келиб эртакка қулоқ тутиб турган Баҳодир луқма ташлади. Шокир боланинг дабдуруст берган саволидан довдираб қолди. Кейин, бошидаги хатосини тузатишга ҳаракат қилди:

– Ўша танҳо одам хотин олибди ва ер юзида одам сони иккита бўлибди. Кетма-кет иккита ўғил туғилибди.

– Одам сони тўртта бўлибди, – яна гап қистирди Баҳодир .

– Баракалла, – Шокир Баҳодирнинг матемактик қобилиятини алқаб қўйди. Кейин ҳикоясида давом этди: – Болаларининг бирига Ҳобил деб, иккинчисига Қобил деб исм қўйибдилар. Улар улғайиб вояга етибдилар. Ҳобил ақлли, меҳнаткаш экан-у, Қобил танбал, ишёқмас бўлиб улғайибди. Бутун борлиқ, дарахтлар, гуллар, қушлар, осмон, юлдузлар – барии-бари Ҳобилни мақтаб, унга тасаннолар айтишаркан. Қобилни эса тилга ҳам олишмас экан: чунки у гулларни пайхон қилиб, дарахтларни синдириб, қушларга тош отиб юраркан-да!

Баҳодир бўйнига тақиб олган «рогатка»сига бир қараб олди-да, кейин кўринмасин учун айлантириб ортига ўтқазиб қўйди.

– Қобил ҳамиша Ҳобилнинг шуҳратига ҳасад қиларкан. Бир куни у Ҳобилни жарга итариб юборибди. Энди Ҳобил йўқ, ҳамма мени мақтайди, деб ўйлабди у. Аксинча бўлибди. Қаерга бормасин ҳамма ундан жирканар, қотил деб маломат тошини отаркан. Қобил қилган ишидан пушаймон бўлибди. Афсус-надомат чекибди, аммо кеч бўлган экан.

Мана, сизлар ҳам ака-ука, иноқ бўлингизлар!

Шокир Асқар улоқтирган нонни ердан олиб, пуфлаб тупроққа беланган жойларини тозалади. Кейин Асқарни кўтариб олди:

– Қани кетдик, азаматлар, энди биргаликда тушлик қиламиз...

44

Шосалим «тунги ов»дан қайтгач анчайин ҳаяжонини боса олмади. Аъзои бадани қалтирарди. Унинг ана шу дир-дир титраётган танаси бугун ҳавас қилса арзугулик ҳаётга эришган: қўлини қайга узатса етарди. Пойқадамига барча эшиклар очиқ, қомати энг қимматбаҳо либослар билан безалган, юмшоққиа кети фақат юмшоқ жойларни тусаб қолганди. Сиртдан қараганда – бир танага зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё эди. Фақат юраги безовта – ҳаловат йўқ эди дилида.

Шосалимнинг ўша қотиллик юз берган тундан бери уйқуси беҳузур. Овқатнинг таъмини йўқотганди. Юксак мартаба, жарақ-жарақ пул, обрў-эътибор илинжида Жобирбекка зимдан чоҳ қазиб юрган чоғлари ҳозиргидан кўра бахтиёрроқ эди. Ундан ҳам аввалроқ дўстига беғараз хизмат қилиб юрган кезлари турмуши аъло эди. Аввалига, «ҳамма ишлар битиб, қарзлар узилгач – юрак ором топади», деб ўзини алдаб юрди. Мана бугун ана шу қийноқларга батамом нуқта қўяман, деб ўйлаганди. Аммо Жобирбекнинг беозор кўзлари уни таъқиб этишдан тўхтайдиган эмас. У юксалдим деб роса тубанлашганини – сирли бир ўпқонга қулаб бораётганини фаҳмлай бошлаганди. У воқеликдан кўз юмиб, тақдирига қасдма-қасд бардош билан яшашга қанчалар чиранмасин, кун сайин кучи тугаб, қуввати сўниб бораётганини ҳис қилмоқда эди.

Қизиқ! Ёвуз ният билан гугурт чақсанг бас, уни алангалатмоқ учун ўтинчилар кўпайишиб қоларкан. «Кўр кўрни қоронғуда топади», деганлари шумикин?! Шу боисдан ҳам ёмонлик кетидан ёмонлик туғилиб келавераркан-да! Ахир... Эҳтимол, Жобирбекка нисбатан кўнглимда ғараз ғимирлаган ўша дамларда Рафиқбек учраб қолмаганида воқеалар бу тарзда ривожланмаган бўлармиди?.. Мана бу гўрсўхталар-чи? Қаёқдан ҳам топила қолди? Шосалим Қилич билан Шунқорни эслади. Пул деганда ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган нусхалар. Бириси ана шу иллати учун милициядан қувилган, бириси биб-бинойи дўхтирлик касбини қилмай, ялоқхўрлик йўлини тутганди. Уларни ёвузлик бирлаштирди. Мўмай даромад топиш йўлидаги мақсад уюштирди. Айниқса, Қилич бу йўлда ҳеч нимадан тап тортмасди.

Шосалим Қилич билан танишган илк кезларини хотирлади. Нимадир юмуш билан Тошкентга учганди ўшанда. Аэропортдан такси кира қилди. Таксичи йигит анчайин одамохун чиқиб қолди. Қизиқ-қизиқ воқеаларни сўзлади. То юмушларини битиргунча, бирга юриши мумкинлигини айтиб, ана унақа «холис» хизматларни ҳам таклиф этди.

Кечгача бирга бўлишди. Ишлар тугагач Қилич Шосалимни уйига бошлаб борди. Кўпқаватли уйда тураркан. Хотини Фарангис кўхликкина жувон экан. Очиқ юз билан қаршилади меҳмонни. Янги, оҳори тўкилмаган сочиқ тутди. Кейин бир пасда дастурхон тузади. Шосалим қуруқ бўлмасин деб йўл-йўлакай бозорга тушиб чиққанди. Фарангис ана шу маҳсулотлардан шунақанги таомлар тайёрладики, мазаси Шосалимнинг оғзида қолди.

Қилич барваста, полвонкелбат йигит эди. Милиция формасида тушган расмларида шунақанги салобатли кўринардики, мана бу ширикайф бўлиб алжираб қолган кишига ўхшамасди сира.

– Милициядан нега кетдингиз? Одамлар бу соҳага ишга ўта олмай хуноб бўлиб юришади-ку! – Шосалим овқат чайнаб туриб Қилични гапга тутди.

У саволга тўғридан-тўғри жавоб бермади. Қўлидаги қадаҳни бўшатди-да, ароқнинг аччиқлигиданми ёки саволнинг тахирлигидан – юзи буришиб кетди.

– Во, орқам, деган экан бир киши. – Қилич, газакка қўл узатаркан, ҳам ароқнинг аччиғини, ҳам саволнинг тахирини бир йўла босишга тутинди. – Орқамиз бўлганида, ока, ҳозир ишлаб юрган бўлардик. Бирор-бир район милисасининг началниги бўлган бўлардим эҳтимол...

Агар Қиличнинг милициядан кетиши ҳақиқатдан ҳам шу важдан бўлса, саволга қониқарли жавоб бўлди. Аммо у асл сабабини яширди. Қинғирлиги туфайли мундиридан мосуво бўлганини сўзламади. У сайлгоҳларда, сўлим масканларда севишган йигит-қизларни уят ишлар устида қўлга тушириб, «бизнес» қилганини айтмади. Жамоат тартибини бузганликда айбланган йигит-қизлар бургутнинг чангалига тушган мусичадеккина бўлиб қолишар, кейин қўрқув ва саросима ичра бундай шармандали вазиятлардан чиқиш чорасини ахтаришарди. Эҳ-ҳе, бир кунда неча бир шунақа жуфтлик унинг тўрига илинмасди...

Фарангис қўлида бўш тарелка билан кириб келди-да, эрининг олдида тўпланиб қолган пўчоқларни тозалади. Кейин Шосалим томонга ўтди. Эгилиб, пўчоқларни оларкан, яна бўлиқ кўкракларини худди атайин қилгандек унинг елкаларига суйкади. Тасодифга ўхшамасди бу. Чунки бирмас, икки-уч марта такрорланди бу ҳол. Шосалимнинг суяклари юмшаб кетди. Эри кўрмаяптимикин, деган ўй билан Қиличга кўз қирини ташлади. Унинг парвойи палак эди.

– Фарангис, кел, сен ҳам ўтир, – деди Қилич, хотинининг мавжудлигини худди энди пайқаб қолгандек.

Фарангис эрини юқорироқ чиқарди-да, ўзи Шосалимнинг рўпарасига ўтирди. Кейин меҳмонга мулозамат юзасиданми унга чиройли бир табассум ҳадя этди.

– Олиб туринг! – қип-қизил қилиб қовурилган товуқни унга томон сурди Фарангис.

Шосалим гўштни олишга олди-ю, уни оғзига сола олмади. Қўли ҳавода муаллақ қолди. Эти ширин жунжикди. Кейин яна аста Қилич томонга кўз ташлади: «Пайқаб қолса-я!» Фарангис эса даврада эри ўтирганини хаёлига ҳам келтирмасди. Стол остидан чиройли, бежирим оёқларини узатиб, меҳмоннинг тиззасини, кейин чотлари орасини сийпалади. Шосалимнинг пешонасидан тер чиқиб кетди. Юраги нотекис ура бошлади. Нафаси тиқилди. Эркаклиги жунбушга кела бошлаган эди ҳамки, жувон оёқларини йиғиштириб олди.

– Қандай, маза қилдингизми?

Шосалим нима дейишини билмай дудуқланиб қол¬ди.

– Ман мазза қилдим локин! – ўзини стул суянчиғига ташлаб кекириб қўйди Қилич. – Товуқнинг оёғини боплабсан!

– Сизга-чи? Сизга ҳам оёқ ёқдими?

– Қайси оёқ?..

Фарангис «қўлингиздаги» дегандек имо қилди-да, кейин муғомбирона кулиб қўйди. Шосалим Фарангиснинг ўйноқи кўзларига дош бера олмай, нигоҳини олиб қочди. Аммо муғомбирона саволига ҳам жавоб бериши қийин кечди. Шундан билинар, билинмас қилиб:

– Оёққа... Оёғингизга гап йўқ! – деди оҳистагина.

45

Шунқорнинг бу жиноий тўдага қўшилиб қолиши ҳам тасодифий эмасди. Табиатидаги танбаллик унга фақатгина мана шундай гуруҳларда бўлишини тақозо этарди. У жарроҳ эди. Аммо билими, тажрибасини бемор манфаатига ишлатмай қўйганига анча бўлган. У ўзининг таъбири билан айтганда, ўта камёб операцияларда иштирок этар, бу операциялар баъзан йиллар давом этиб, ўлим билан тугарди. Фарқи шунда эдики, унинг тиғига рўбарў қилинган «беморлар» учун буюртмачилар каттагина пул тўлашарди.

Шунқорнинг дарагини Шосалимга кейинчалик Фарангис берганди. У синглиси Наргизнинг маълум вақт жазмани бўлган экан. Иккисининг чекида ёлғиз иккисигина биладиган бир сир – мудҳиш бир жиноят бор эдиким, буни Фарангис билмасди..

Сотимбой қадим-қадимдан дўкондорлик қилиб келган оила фарзанди эди. Тантиқроқ улғайганди. Уйдагиларга айтганини қилдирадиган хилидан. Шунинг учун ҳам ота-онаси уни уйлаш тараддудига тушиб қолган пайт, «ўламан саттор, олсам шу қизни оламан», деб туриб олди.

Ота-она қизнинг маҳалласидан суриштиришди. Ўр¬тамиёна бир оиладан экан. Катта қизларини бир милиционерга узатишган экан узоқ йили. Ҳозир тинч, яхши яшаётганмиш.

– Начора, – деди ўшанда Сотимбойнинг отаси, – ўғлингни ёшликдан кўнглига қараб келдик, бу ёғига ҳам айтганини қиласан энди! Бир кун келиб афсусланади-ку, лекин жойига тушмайди.

Она ҳам тақдирга тан берди:

– Майли, омон бўлса, қўша қариса бўлгани.

Ноиложликдан ўғилларининг хоҳиш-иродасига бўй¬сунган ота-онанинг кўксида ўзларининг орзу-ҳаваслари армон бўлиб қолди. Улар эски танишлари – универмаг хўжайини Қулаҳмадбекнинг қизини кўз остиларига олиб қўйишганди. Агар икки хонадон ўртасидаги муносабатлар қариндошлик ришталари билан боғланганида эди, эҳ-ҳе, шаҳарда улардан ўтадиган одам бўлмасди. Энг ёмони Сотимбойнинг уйидагилари «тўйдан олдин роса ноғора қоқишган» – давра қолмай ниятларни дастурхон қилиб ёйишганди.

Қулаҳмадбек шунча гап сўздан кейин Сотимбойни ўз қизи қолиб бошқа қизга уйланитиришганидан ранжиди. Муносабатларига совуқчилик тушди, борди-келди барҳам топди. Сотимбойнинг отаси билан Қулаҳмадбек давра ва йиғинларда учрашиб қолгудек бўлсалар мободо, узоқдан бош ирғаб саломлашган бўлишарди-ю, аввалги илиқликдан асар ҳам қолмаганди. Бир гал мана шундай гап-гаштакларнинг бирида ёнма-ён ўтириб қолишди.

Болаликдан бир майизни бўлишиб еб келган икки дўст учун орадаги танаффус жудаям оғир кечмоқда эди. Орадан анча йиллар кечди, қанча сувлар оқиб ўтди. Фарзандлар билан боғлиқ воқеалар салкам унутилди. Аммо ҳар иккиси биринчи бўлиб сўз очишга ор қилиб, яна қанча вақт шу алфозда юришди. Фарзандлар мавзуси уларни яна бирлаштирди.

– Дўстим, – дея гап бошлади Сотимбойнинг отаси, Қулаҳмадбекнинг ҳам гаплашишга мойиллиги борлигини сезиб, – эски гиналарни унутиш вақти келмадимикин?

– У сиз учун эски гина бўлиши мумкин, – бир оз хафагезак қиёфада ҳамсуҳбатига ўгирилди Қулаҳмадбек, – аммо менинг ярам янгиланди.

– Нечук?

– Қизимизнинг турмуши бўлмади. Куёвдан ёлчимадик. Ҳозир ёшгина қизчаси билан уйда ўтирибди! – Қулаҳмадбек дардини ёриб бир оз енгиллашди чоғи, тунд чеҳраси ёришди.

– Менинг бундан хабарим йўқ эди!

Росмана таассуф билдирди Сотимбойнинг отаси. Кейин чуқур «уҳ» тортди-да, у ҳам бир оз ёзғирди:

– Ҳа, Сотимбойни эркалатиб ўстирдик. Юзимизга оёқ қўйди. На ўзи бахтли бўлди, на ўзгани бахтли қилди.

Бу иккала оила борди-келдини йиғиштирганидан бери бир-бирининг дарду ташвишларидан бехабар эди. Ҳошимбойнинг оғир «уҳ» тортишларию кейинги гаплари Қулаҳмадбекни ҳушёр тортирди.

– Нега ундай дейсиз, Ҳошимбой? Сотимбойнинг ишлари яхши, турмуши тинч бўлса ёки бирон муаммо борми?

– Бор-да, – зорланди Ҳошимбой. Кейин бир пас жим қолди. Сўнг кўнглида чўкиб ётган дарду аламларини тўкиб солди: – Элдан ош еганмиз. Яхши-ёмон кунларига аралашиб юрибмиз, Худога шукур! Ҳозир биров тўйга айтиб эшикдан келадиган бўлса, юрагим зирқирайдиган бўлган. Келинимиз бепушт чиқиб қолди чамамда. Сотимбойни фарзанддан қисган!..

Қулаҳмадбек Ҳошимбойнинг елкасига қўлини қўйди.

– Хафа бўлманг, дўстим. Бермаган бўлса энди берар. Жа-а, бўлмаса Сотимбой ҳали ёш, навқирон! Яна бир уйланар...

Ҳошимбой «ялт» этиб дўстига қаради. Қулаҳмадбек унинг кўнглидан кечган фикрларни ўқигандек бўлиб туюлди унга. Боягина унинг хаёлидан Сотимбойни бепушт хотиндан ажратиб, Қулаҳмадбекнинг тул қизига қовуштириш фикри «лип» этиб ўтганди.

Шу суҳбат баҳона Ҳошимбой уйга келиб хотинини ҳузурига чақирди. Келинлари Наргиз эшитмайдиган қилиб, эшикни маҳкам беркитиб узоқ шивирлашишди. Фикри хотинига маъқул келди: «Фақат, – деди у бир оз иккиланиб, – Қулаҳмадбек бунга кўнармикин?».

– Очиқ гапирмади-ю, лекин ўзи шунга ишора қилгандай бўлди, – деди Ҳошимбой, дўсти билан бўлган суҳбатни яна бир карра ёдга оларкан. Сўнг хотинига яқинроқ сурилди: – Бу масалада бошқа бир муаммо бор – ўғлинг!

– Агар Сотимбой ҳали ҳам шу хотиннинг этагини тутса, эси йўқ экан унинг, ахир бир неча бор айтдим, қўй шу хотинни, деб. Опаси ҳам, узоқ йиллар фарзанд кўрмай-кўрмай, кейин кетма-кет иккита ногирон болани туққан экан. Зотида бор экан-да! – Она «бетини тескари қилсин» деган маънода ёқасига «туп-туп»лади. Кейин отасига масалани кескин қилиб қўйди: – Шу бугуноқ, ўша галварс билан узил-кесил гаплашинг!..

Сотимбой отасининг сўзларини жим ўтириб эшитди. Эътироз билдирмади. Нима ҳам десин ахир, Наргиздан кўнгли совуганига анча вақт бўлган бўлса. Отасига бир нима дейиши лозим эди. Ҳозир ота-она муштоқ бўлиб унинг жавобини кутишарди. Шунинг учун, ўртада чўккан сукут узоқ давом этмади.

– Мен розиман, – деди у.

Ота-она қулоқларига ишонмай беҳад қувониб кетишди.

– Фақат бир оз вақт керак. Келинингиз бундай шарт-шароит, молу давлатни осонликча ташлаб чиқмаса керак!

– Майли, бу томонидан ташвиш чекма! – таскин берди унга она. – Олганини олиб, ортганини ортмоқлаб кета қолсин, садқаи сар – жавобини берсанг бас!

Сотимбой дилидагини тилига чиқармади. Унинг Наргизга ҳеч нима бергиси йўқ эди. Чунки кейинги пайтларда хотинининг оёқ олиши унда шубҳа туғдирган, ким биландир дон олиб юришини биларди. Ўша одам билан бир неча бор учрашди ҳам. Бу ҳақда бир марта сўраганди, Наргиз: «Бирга ишлаймиз, касалхона иши билан шаҳарга чиққандик», деб сувдан қуруқ чиқиб кетди. Сотимбой ҳам ишонган бўлиб, сирни дўмбира қилмади. Аммо Наргизни хиёнат устида қўлга тушириш режасини дилига тугиб қўйди. Шунинг учун у отасининг сўзларига жавобан: «Майли, лекин барибир озгина вақт керак» деди. Кейин уларнинг даврасини тарк этди.

46

Наргиз бой-бадавлат хонадонга келин бўлиб тушди. Дугоналари унга ҳавас билан қарашарди. У чимилдиққа кирган куни бу хонадонга муносиб келин бўлишга, айниқса ота-онасининг раъйига қарши бориб, ўз танлаганига уйланган мард йигит Сотимбойга вафоли ёр бўлишга онт ичди.

Қайнона аввалига келинига унчалик рўйхушлик билдирмади. Кейинроқ Наргизнинг ҳусни жамолини кўриб, муносабати илиқлаша бошлади: «Ҳай, жувонмарг Сотимбойни телба бўлганича бор экан», деганди уни эркалаб. Кейин, «Илоё кўз тегмасин!», деб бошидан исириқ тутатиб айлантирганди.

Наргиз ҳақиқатдан ҳам гўзал бир маҳлиқо эди. Юзлари силлиқ ёноқларидаги табиий қизғиш ранг ҳуснига янада ҳусн бахш этиб турар, қалин лаблари олуча каби, доимо худди бўялгандек қип-қизил. Юқори лабининг усти майингина тук билан қопланганди.

Орадан етти йил ўтди. Яхши-ёмон сўзлар, қувонч ва ташвишли кунлар ортда қолди. Ўртада фарзанднинг йўқлиги оиланинг ягона кемтиги эди. Худди ана шу нарса қайнонанинг қалбида кўпдан унутилган дарду аламларини қўзғаб турарди. Авваллари келинининг бўйида бўлмаётганидан роса хуноби ошган бўлса, энди унинг ҳомиладор бўлишидан чўчирди. Тақдири опасининг қисматига ўхшаб кетаётганидан дилгир эди у. Шундан келин билан қайнона ўртасидан яна қорамушук ўтадиган бўлиб қолди.

Наргиз ишхонада бир оз таскин топарди. Шундан бир оз овунарди. Иш билан бўлиб турмуш ташвишларидан чалғир, хаёлини қуртдек кемираётган кечинмалардан бир муддат халос бўларди.

Нима қилсин бечора? Эри тунов куни яна хафагезак алфозда келди: «Дўстларимнинг олдида бош кўтара олмай қолдим», дейди. Унга осонми? Ўзи тенги, ўзидан ҳам ёш жувонлар мурғаккина гўдакларини бағрига босиб, уларни эркалаб турганларини кўрганда юраги ҳамиша зил кетади. Қаратмаган жойлари қолмади. Фарзанд бўлмаяпти – начора!

Наргизни бир зум хаёл элитган экан. Эшиги очиқ турган хонадан кимдир унга қаттиқ тикилиб тургандек бўлиб туюлди. Қараса, яқинда ишга келган врач йигит еб қўйгудек суқ билан боқиб турибди.

– Нима бало – одам кўрмаганми? – Наргиз шахд билан юзини бурди. Кўзгудаги аксига кўзи тушиб, фикрини ўзгартирди: «Қараса нима қипти? бировни айблаш осон! Қараса қарагудекман-да!».

Бу Наргизнинг ўзини таъқиб этаётган кўзларга илк бор ён бериши бўлди. Кейин янаям яқиндан танишишди. Шунқор эди у. Исми жисмига монанд эканига Шунқорнинг бир хонали квартирасида ишонч хосил қилди. Ўшанда Шунқор ҳийла ишлатганди. Кўчага чиқиб шаҳар телефонидан «03» га ёлғон чақириқ берди. Кейин ўзи бош бўлиб, Наргизни ҳамроҳ қилиб ўша манзилга жўнади. Машина пастда кутиб турди. У эса Наргизни кимсасиз квартирага бошлади. Наргиз ҳам ўзини алданганидан ранжимади. Чунки ўзи ҳам шуни кўпдан хоҳлаб юрганди. Машшоқлар куй чалишдан олдин сознинг симларини тортиб тайёрлагани каби, Шунқор ҳам Наргизни кўпдан ана шу ишга ҳозирлаб келарди. У турли баҳоналар билан бирда билиб, бирда билмай Наргизнинг таранг танасига тегиб қўяр, чирманда оловда тоблангандек, унинг танаси ҳам қизиб – чалишга тайёр бўлиб бормоқда эди. Чирманда тобига келгач эса бир ҳийла билан Шунқор муродини ҳосил қилди...

Наргиз Сотимбойга хиёнат қилишни авваллари хаёлига келтира олмасди. Ҳозир бу ишни амалга ошириб, сира афсусланмади. Ўйламади ҳам. Чунки аҳвол шу зайлда давом этаверса, эрта-индин ҳаёти барбод бўлишини фаҳмлай бошлаганди. Шундоқ ҳам эри билан камдан-кам қовушишарди. Хазон бўлиб бораётган гул ёшлигига ачиниб қўярди. Айниқса опаси Фарангис билан қилган суҳбатларидан кейин шундай фикр юрита бошлаганди.

– Менга қара, кўзингни оч! – деди Фарангис бир гал синглисининг навбатдаги дийдиёларини тинглаб бўлгач, тоқати тоқ бўлиб. – Қачонгача дўзах азобида яшайсан?

– Бу нима деганингиз? – кўзларини ката-катта очиб опасига жовдираб тикилди у. – Ажраш демоқчимисиз?

– Йўқ, сингилжоним! У хонадондан кетиб нима наф топасан? Эринг қарамай қўйдими, ну чорт с ним! Сен ҳам биттасини топ!

– Опа!

– Нима, опа?! Ҳозир ўйнаб қолсанг- қолдинг. Эрта-индин, мендан хафа бўлмагин-у, ит ҳам қарамай қўяди!.. Эринг ҳам ж-а-а-а фаришта бўлиб юрмагандир. Тем более, чўнтаги тўла пул бўлса...

Сувсизликдан бир оз сўлий бошлаган гулнинг пойига нам теккач унда жонланиш пайдо бўлганини сезиш қийин бўлмагани каби, Сотимбойга ҳам Наргиздаги ўзгаришни пайқаш қийин кечмади. Авваллари ғамгин, тушкун эди. Қайғули юзлари силқиган, бир оз шалвираб қолганди. Энди эса тамоман бошқа аёлга айланди. Сотимбойга ҳам меҳрибон бўлиб қолди. Қайнонаси билан ҳам айтишмас, аччиқ-тизиқ гапларига унча парво қилмасди. Туриб-туриб куйлаблар қоладими-ей.

Бир куни кечаси эрини маҳкам қучоқлаб, «шунқорим» деди уйқусираб. Сотимбойнинг уйқуси қочиб кетди. Хотинининг бу қадар меҳри тобланиб кетганига ҳайрон бўлди: «Шунқорим!» дедими? Бу бировнинг исмимикан ёки эркалаш маъносидаги сўзми?» – у анча пайтгача ухлай олмади. Тўра деган дўсти айтиб берган бир ҳангома ёдига тушди:

Тўра соддадилроқ бир ошнаси билан баҳслашиб қолибди.

– Агар сен ўлсанг, хотининг менинг номимни айтиб йиғлайди, – деб унинг ғашига тегибди у.

– Нега сенинг номингни айтиб йиғлайди? Оғзингга қараб гапир! Сен ким деб ўйлаяпсан менинг хотинимни? – аччиқланибди жўраси.

– Ишонмасанг ана, хотинингдан сўра! Аввало бил-чи, йиғлармикин ўзи? Агар йиғласа, – соддадил жўрасини мазах қилишда давом этибди у, – шартлашаман, менинг номимни айтиб йиғлайди.

Йигит ўчоқ бошида куймаланиб юрган хотинини чақирибди: «Потий! Потий деяпман!».

– Ҳа, нима дейсиз! – жўралар ўтирган чорпоя ёнида пайдо бўлибди хотини.

– Мен ўлсам йиғлайсанми?

Хотини ҳайрон бўлибди. Нима деб жавоб беришини билмаскан. Шундан: “Вой, нега ўласиз? Сиз ўлсангиз мен нима қиламан?” дебди

– Мен ҳам шуни билмоқчиман, мен ўлсам нима қиласан, йиғлайсанми, йўқми – шуни айт?

– Вой, шу ароғам ўлсин, туппа–тузук одамни жинни қилади қўяди...

– Вей, менга қара! Гапни айлантирмасдан айт, йиғлайсанми-йўқми? – масалани кескин қилиб қўйибди эри.

– Йиғлайман, албатта йиғлайман, – деб жавоб қилиб¬ди хотини, шу гапни айтиб қутиламан деган илинжда.

– Нима деб йиғлайсан? – Хотини бир хаёл жавоб бермай кетиб қолмоқчи ҳам бўлибди-ю, аммо жўраларининг олдида эрини музтар қилиб қўйишдан чўчибди. Қолаверса, ҳозир ичиб олган – роса жанжал кўтариши мумкин.

– Нима деб йиғлайман? – елкасини қисибди у, – масалан «тўрам» деб йиғлайман...

– Тўрам?

Тутақиб кетибди бояги соддадил йигит, бўшаб қолган ароқ шишасини чангаллаб. Кейин хотинини ҳовли айлантириб қувлай кетибди...

Сотимбой шу воқеани эслади-ю, хотинининг қўлини аста олиб пастга қўйди. Кейин ундан нари сурилди. Кейинроқ Наргизнинг ишхонасида Шунқор исмли врач борлигини, хотини билан апоқ-чапоқ эканини суриштириб билди. Таниш-билишлари орқали иш излаб юрган тиббиёт ҳамшираларидан бирини топиб, тез ёрдам марказига жойлаштириб қўйди...

Бир оз вақт ўтиб Сотимбойнинг ўзи изсиз йўқолди. Ота-онаси, ёру биродарлари изламаган жойлари қолмади. Ҳеч қаердан дарагини топишмади. На ўлиги маълум эди унинг, на тириги. Наргиз бир муддат эрининг уйида сир бой бермай яшаб юрди. Кейин, бундай юриш унга оғирлик қилди. Барча мол-мулк қайнотасининг номида бўлгани, эрининг ўлими расман тасдиқланмагани учун меросдан мосуво бўлиб, чапак чалиб қолди. Шосалим билан танишгач эса, унинг Тошкентдан сотиб олган янги ҳовлисига кўчиб ўтди...

47

Шосалим ўзининг яширин режаларини амалга оширмоқ учун ана шу гуруҳни ўзига шерикликка танламоқчи бўлди. Ўша – Қилич билан танишиб, унинг уйида меҳмон бўлган куни, мезбоннинг кайфи ошиб, думалаб қолди. Фарангис эрини бир амаллаб ичкари хонага киритиб жойига ётқизиб чиқди. Чиқди-ю, хомуш тортиб қолди. Шосалимнинг рўпарасига ўтирди-да, қўлини иягига тираб, кўзларини бир нуқтага тикканча ўйга толиб қолди.

Қизиқ! Шосалим нима қиларини билмасди, бир нима дейишга сўз топа олмасди. Ҳозир у томоман бошқа нарсани кутганди. Фарангис эрини тинчитиб чиққач, бояги сирли сийпалашлар-у, ширин энтикишлар давом этади деб ўйлаганди. Ўзини шунга ҳозирлаб турганди. Фарангиснинг ўт-оташ бўлиб алангаланаётган тафти ҳалитдан уни қиздира бошлаганди. Аммо воқеалар ривожи тамоман бошқача тус олди. Шосалим кимдир устидан бир челак совуқ сув қуйгандек, жиққа терга ботиб шалаббо бўлганча, совий бошлади: “Бояги шўх, қақилдоқ хотин шуми? Нима жин урди уни? Ёки эри бир нима дедимикан? Шундай бўлса керак: биламан, кўзимни шамғалат қилиб, кўз уруштириб, стол остидан сийпалашиб турганларингни сезиб турибман. Кайфим тарқасин, кейин гаплашамиз, деган чиқар. Обрўнинг борида этакни ёпиш керак!”. Шосалим ўйлай-ўйлай шу тўхтамга келгач, кетишга тараддудланди. Аслида кетгиси йўқ эди бундан.

– Энди мен бора қолай!

Фарангис «ялт» этиб унга қаради. Кўзларида айёрона табассум пайдо бўлди. Ҳийласи иш берди. Агар, шундай тутмаганида ташаббус ҳам, ҳаракат ҳам ўзидан бўлиб, Шосалимнинг олдида қадри пасаярди. Мана энди ҳаммасини янгидан бошлаш мумкин.

– Кеч бўлди, юрасизми? Қола-қолинг, жой етарли! – истар-истамай мулозамат кўрсатган бўлди Фарангис.

– Борай энди, қолиш ноқулай-да!

– Йигит кетаман деб қўрқитаяпти, – ич-ичидан кулди жувон. Кейин ўйинни шу маромда давом эттирди. – Майли, – ўрнидан туришга чоғланди у, – начора! Зоримиз бор, зўримиз йўқ. Жа-а-а, кетгингиз келиб турган бўлса – нима ҳам дердим!

Шосалим хотиннинг бўйнига осилиб, “кетманг ака!” – деб зорланишини ич-ичидан истаганди. Бу хаёли хом бўлиб чиқди. Ўзини бир поғона паст олишга мажбур бўлди.

– Менга қолса-ку, ёнингиздан жилгим йўқ... Аммо, сизни ранжитиб қўйишдан қўрқаман!.. Биласизми, сизни кўрдим-у..

Шосалим бошлаган гапини охирига етказа олмади. Уни Фарангис ҳазилга йўйди.

– Ажинани кўргандек бўлдингизми? – қийқириб юборди жувон. Шу асно оёғи Шосалимнинг оёғига тегиб кетди. Бу тасодифмикин?

Йўқ! Бу дадилроқ бўлишим учун ишора, деган маъно уқди Шосалим жувоннинг оёқ ҳаракатларидан. Кейин аста ўрнидан турди. Столни айланиб ўтиб Фарангиснинг ёнидаги курсига ўтирди. Қалтирай бошлаган қўллари билан унинг чаккасига ёйилган сочларини суриб юзини очди. Фарангис унинг кафтига ёноқларини босди. Бу давом эт дегани эди.

Икки жинснинг бир-бирини яқинроқ билиши учун тонггача тўшакда давом этган курашлар ўртасида кечган қисқа-қисқа танаффуслар етарли бўлди. Шу кеч Шосалим Фарангиснинг ҳозир ишсиз юрганини, иккита ногирон боласи борлигини, милициядан ишдан кетган аламзада эри ижарага киракашлик қилиб юрганини, турмушлари ҳаминқадар эканини – барча-барчасини билиб олди. Шу кунларда пулга зориқиб қолгани боис болаларини бориб кўра олмаётганини айтиб кўзига ёш олди жувон. Шосалим ўзининг «босс»лик фаолиятини ана шу нуқтадан бошлашга қарор қилди.

– Фарангис, оилангдаги муаммоларни ҳал этиш учун, ҳозир, айни дамда қанча пул керак, деб ўйлайсан? – Шосалим изн сўрамай уни сенсирашга ўтганди. Сўраб нима қилади: берадиганини бериб бўлди-ку?

Фарангис ўйланиб қолди. Кейин, нималарнидир чамалаган бўлиб:

– Саксон мингча бўлса... – деди оғзининг таноби қочиб.

– Саксон минг? – Шосалим бошини ёстиқдан кўтариб, жувонга қаради. Фарангис жазманини чўчитмаслик учун, фикрини ўзгартирди: “Олтмишталар ҳам етиб қолар!”.

– Демак, саксон минг сўм! – Шосалим Фарангиснинг устига эгилди, кўзига-кўзини қадади: “Саккиз юз минг сўм хоҳламайсанми?” Фарангис уни тушуна олмай гаранг эди. – Саккиз миллион-чи? Балки 80 миллион ҳам кам-кўстингни битқазишга етмас?!

– Эсидан оғиб қолди шекилли! – ўйлади Фарангис.

– Йўқ, менга бундай қарама! Ҳушим жойида! – тинчлантирди уни Шосалим. – Шундай одамлар борки, сен айтаётган саксон минг сўм уларнинг нонуштасига етмайди. Биргина костюм-шимининг ўзи саккиз юз минг туради. Минадиган машиналари саксон миллион...

– Уларга тенглашишга бизга йўл бўлсин? – гап нимада эканини фаҳмлаб, сал ўзига келган жувон, совуққина қилиб шу сўзни айтди.

– Уларга тенглашиб бўлмайди, аксинча улардан тортиб олиш мумкин!

Шосалимнинг ана шу сўнгги жумлалари ҳозиргина барпо бўлган жиноий гуруҳнинг икки аъзоси ўртасида тузилган ҳаракат дастурининг бош мақсади этиб белгиланганди.

Шосалим эртаси куни кечга яқин Қаршига учди. Шу оралиқда битказиши лозим бўлган бир қатор ишларни охирига етказди.

Эрталаб Фарангиснинг қўлига саксон минг сўм тутқазганди, у эрининг ювиниш хонасида эканини ҳам унутиб, Шосалимни маҳкам қучоқлаб ўтлиғ-ўтлиғ ўпичлари билан миннатдорчилик изҳор қилди.

– «Қурувчи» меҳмонхонасига бориб учрашгин, – та¬йин¬лади унга Шосалим кетар олдидан. – Айтиб қўяман, ишга олишади

Кун бўйи Қиличнинг машинасида юрди. Кеча ҳўкиздек ичган бўлса ҳам, эрталаб анча тетик эди у. Кечаги кайфнинг таъсирими, кўзларини ости бир оз салқиган, боядан бери негадир бир оз хомуш тортиб қолганди. Сабабини бир оз ўтиб билди. Қиличнинг ўзи ёрилди:

– Пулни Фарангисга бериб чакки қилибсиз!

Шосалим ҳайратдан донг қотди: “Пул ҳақида эрига айтибди-да! Нима деб айтдийкин?” ўйлади у. Кейин истар-истамай, нега, деб савол берди.

– Ҳа, энди аёл-да! Ўйламай ишлатворади! – Қилич светофорнинг қизил чироғи ёнгани боис машинани тўхтатди–да, Шосалимга юзланди: – Дарвоқе, агар бу кечага қолсангиз, битта зўри бор – таништираман. Хотинимнинг синглиси – Наргиз! Наргизмисан – Наргизда ўзиям, Фарангисдан ҳам зўр!

– Қайнисинглингизми?

– Ҳа! Аммо-лекин кетворган нарса!..

Шосалим бу тоифа одамларни биринчи бор кўриши эди. Ўз жуфтини қизғанмайдиган, манфаат учун аҳли аёлини бегона эркакнинг қучоғига тиқадиган одамлар ҳақида аввал эшитганди. Рост экан. Мана ўша нусха. Кимдир айтганди, чўчқа гўштини кўп истеъмол қиладиган одамларда рашк ҳисси ўлиб бораркан. Кеча бу ҳам музлатгичда сақланган чўчқа ёғини ароққа газак қилиб роса туширди. Шундан бўлса керак. Менга барибир эмасми, деган хулосага келди у кейин. Шундан энди чўчимай, ҳадиксирамай гапиришга тушди:

– Фарангисдан зўри бўлмаса керак?!

– Бор, бор, ишонаверинг! Наргиз қайинсинглим ундан зўр! – Қилич машинага газ берди. Кейин маъноли жимлмайиб: – Бизда «балдизники бол» деган гап бор, – деди.

Шосалим Наргиз билан танишувни кейинги сафарга қолдирди. Ишлар битгач, Қилич уни аэропортга етказди. Шунда хайрлашишди. Шосалим мана бу хизматингиз учун деб, унинг қўлига икки даста 500 сўмлик тутқазганди, Қилич эсидан оғаёзди. Кейин уни шунақаям қучоқлаб ўпдики, ўнта Фарангис ҳам бунчалик қаттиқ қучоқлай олмаган бўларди.

Орадан ўн кунча ўтиб Шосалим яна Тошкентга келди. Аммо бу галги сафари хуфёна – Жобирбекнинг бундан хабари йўқ эди. Хўжайин хизмат машинасида Навоий–Мискин–Нукус йўналишида қурилган янги темир йўлнинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Қорақалпоғистонга жўнаб кетди. Шосалим эса пайтдан фойдаланиб – Тошкентга.

Шосалимнинг Наргиз билан танишуви Келес томондаги мўъжазгина ҳовлида бўлиб ўтди. У бир йўла қўл-оёғи чаққон Шунқор билан ҳам танишди. Танишув шарафига Шосалим бозордан бир қўй харид қилиб тушди. Шунқор енг шимариб унинг терисини шилди. Қилич қўрага олов ёқиш тараддудида, хотинлар ошхонада салат тайёрлаш, дастурхон тузаш билан машғул эдилар. Фақатгина Шосалим дарахтлар соясидаги йиғма курсида ўтирганча, бу жараённи бевосита бошқариб, бевосита кузатиб турарди.

“Ҳали бу бошланиши!” хаёлидан ўтказди у. Ҳали бутун бир шаҳар, қолаверса, бутун бир вилоят оёғим остида ана шу тахлит зир титраб туради! Республикани кейинроқ ўйлаб кўрамиз...

Унга шимининг пойчасида нимадир ғимирлаётгандек бўлиб туюлди – эгилиб пастга қаради. Тирикчилик ғамида пилдираб юрган митти-митти чумолиларга кўзи тушди. Мана бу одамларнинг ҳам сен жониворлардан фарқи йўқ, деб у атрофида пойи-патак бўлиб куймаланаётган шерикларига бир қараб қўйди. Кейин, стол устидаги салатлардан бир бўлак пишлоқ узиб олди-да, чумолиларнинг олдига ташлади. Луқманинг ҳидини сезиб бир нечаси ўзини таомга урди. Митти жонзотлар ўлжанинг устида талашиб кетишди. Ожизлар қуруқ қолиб, пишлоқ парчасини биттаси судраб кетди.

Уларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, Шосалим ҳаётий бир ҳақиқатни англади: «Худди шундай бўлади», деди у ўзига ўзи. Бизни манфаат бирлаштирди. Ўлжа эса зўрники бўлади...

Шосалим ўрнидан туриб қўйни нимта-нимта қила бошлаган Шунқорга яқин борди:

– Ҳа, ока! Зерикдингизми? – Шунқор қўйни жуда эпчиллик билан бўлакларга ажратмоқда эди. Шосалим унинг санъатига қойил қолди.

– Офарин, маҳоратингизга қойилман! – ҳайратини яшира олмади у. – Биргина пичоқ билан, чопқи ишлатмай бутун бошли қўйни шунча майда бўлакларга бўлиб ташлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмаса керак?!

– Бу-ку, қўй экан, ока! Одамни ҳам ана шундай бўлакларга бўлса бўлади!

Шосалим Шунқорнинг гапидан сесканиб кетди. Аммо сир бой бермади. Гапни бошқа ёққа бурди:

– Қассобмисиз?

– Йўқ, жарроҳман, ока!

«Ҳа, гап бу ёқда экан-да!». – Шосалим Шунқор ўтирган каровотнинг бир чеккасига омонатгина ўтирди. Энди чўчимасдан бояги гапга қайтди:

– Мурдани нимталашга нима ҳожат бор?

– Гумдон қилиш осон кечади. Яна бир гап бор. Унинг қанчалик тўғри эканини билмадим-у, аммо жарроҳлик йўли билан бўлакланган жасадни излаб топиш қийин кечар эмиш.

– Қизиқ факт!

Шунқор уни ҳайратлантира олганидан қувонди. Шу пайт Фарангис қўлида катта товоқ билан уларга яқинлашди.

– Шунқор ака, жигар, ўпка, юрак ва бир оз гўшт берсангиз, қовуриб олардик. Шашлик тайёр бўлгунча газак бўлиб туради.

– Маъқул! – Шунқор Фарангиснинг буюртмасини бажаришга киришаркан, узилиб қолган суҳбатни давом эттирди: – Одамлар ислом дини туфайлигина мурдаларни кўмишни бошлашган. Авваллари, биласизми, нима қилишган? – У саволига жавоб кутмай сўзида давом этди: – Авваллари мурдалар итларга ташланган.

– Йўғ-э! – ишонқирамади Шосалим. – Буниси энди лоф бўлди!

– Бўлиши мумкин, ока, – эшитганимни айтаяпман-да!

– Хўш-хўш, кейин нима қилишган?

– Одамлар итлар ғажиб тозалаган суякларни олиб кетишган. Энг бой-бадавлат одамлар эса мурдани қайнатиб этдан суягини ажратиб олиб кетишган. Шунинг учун уларни «оқсуяк» дейишар экан. Мана ўзимизнинг Соғбон – катта итхона бўлган экан шу жойда.

– Менга қаранг, аллома! Исломда ҳужжат билан гапир, дейишади. Ҳужжатингиз борми?.. – Фарангис исломий илмдан бир мунча хабардор эканини намойиш этиш учун эмас, кўнгилни хира қилувчи бу мавзуга барҳам бериш мақсадида гапга аралашди.

– Ҳужжат бор-у, кўмилиб кетган-да!

– Ий-э, жойини билсангиз ковлаб олинг!

Шунқор Шосалимга қараб маъноли кулиб қўйди:

– Бу воқеани оппоқ додам айтиб бергандилар. У кишини тупроққа кўмганимизга анча бўлди. Суяклари ҳам кукунга айланиб кетган бўлса керак. Ковлаб олганим билан асос бўлмайди энди.

Шунқорнинг ҳазили шерикларига енгилгина кулгу улашди. Фарангис эса товоқни олиб, «шутник» деди-да, ошхонага томон йўналди.

48

Шосалим воқеалар тизгининни қўлга олиб, уни бир йўлга солмоқ бўлиб қанчалар ҳаракат қилмасин, уддасидан чиқа олмасди. Хаёллар уни гоҳ у томонга-гоҳ бу томoнга олиб қочар, у шу аҳволида тартанак тўрига тушиб қолган пашшага ўхшарди: оёғини халос қилса – қаноти, қанотини ажратса оёғи тўрга чувалашарди...

Эрталабки нонушта чоғи ўғиллари бир-бири билан «Сен Қобил, сен Ҳобил» деб тортишиб қолишди. Шосалим ҳайрон.

Болаларнинг ўртасига тушди.

– Менга қараларинг, ҳеч ким Қобил эмас! Сизларга ўзимиз исм берганмиз: биринг Баҳодир, биринг Асқар – уқдингми? Қобил деганларинг ким?

Болалар бири қўйиб бири «Қобил ва Ҳобил» қиссасина айта кетишди. Боланинг зеҳни яхши-да, ҳикоялари жуда таъсирли чиқди. Гап орасида бу ҳикояни мардикор йигит сўзлаб берганини ҳам қистириб ўтишди.

Шосалимнинг томоғидан луқма ўтмай қолди. Мардикор йигитдан шубҳаланди: «Нима демоқчи? Ишини қилса бўлмайдими? Болаларга ўралашиб нима қилади?». У ана шундай ўйлар оғушида, машинани кўчага олиб чиқди-ю, дарвоза олдида тўхтатди. Машинадан тушиб, ичкарига кирди. Ҳовли тўрида қуёнхона қурилишини давом эттираётган мардикор йигитни имлаб чақирди. Йигит ишни қўйиб, хўжайиннинг хузурига чопқиллаб келди.

– Ассалому алайкум! – итоаткорона бош эгиб, унинг амрига мунтазир турди у.

Шосалим ундан нималарнидир сўрамоқчи эди – фикридан қайтди. Шундан: “машинани артиб қўй”, деди-да ичкарига – хотинининг ҳузурига кириб кетди.

Шокир машинани чиннидай қилиб артди. Салонни, ғилдиракларни ҳам ялтиратиб қўйди. Кейин, калит жойида турганини кўриб, орқадаги юкхонани ҳам очиб чангини артиб тозалади. Юкхона остига ёзилган тўшамани тозаламоқчи бўлганди, бурчакда қўл етмайдиган жойда қотиб қолган қон доғларини кўрди. Тўшаманинг остини артмай қўя қолди. Шосалим қайтиб чиқанида машина қўғирчоқдеккина бўлиб турарди. Машинага ўтираркан қўл қовуштириб турган мардикорга беш юз сўм узатди:

– Ма, сигарета оласан!

– Раҳмат, раҳмат! – эгилиб-букилиб миннатдорчилигини билдирди Шокир.

Машина жўнаб кетгач ҳовли тўрига ўтди-да, холироқ бир жой топиб шимининг човидан кичиккина қўл телефонини олди. Рақамни териб, кимгадир қандайдир маълумотларни етказди.

Шосалим боя ичкарига кириб хотинидан Шокир ҳақида у бу нарсаларни сўраб-суриштирди. Унинг юриш-туриши билан қизиқди. Болаларга кўп ўралашмасин, деб тайинлади.

– Тинчликми ўзи? – сўради хотини хавотирланиб.

– Ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ! – тинчлантирди уни Шосалим. – Ўзингдан эҳтиёт бўл деган гап бор-ку! Болаларга бир эртак айтиб берибди. Ёшига номуносиб нарсаларни эшитмаганлари маъқул. Тарбиясига таъсир қилади. Ишни бугун тугатса керак. Дарҳол жўнатиб юбор. Ўралашиб юрмасин бу ҳовлида...

Салима эрининг ҳамма топшириқларини бош силкиб маъқуллаб турди. Кейин, бу мавзуга қайтиб тўхталишнинг ҳожати қолмагач, андишасини айтди:

– Дўстингиздан ҳалиям хабар йўқми?

– Йўқ!

Шосалимнинг бу борада гапиргиси йўқ эди. Шундан қисқагина жавоб билан чекланиб қўя қолди. Салима эса эрининг бу ҳолатини, дўсти учун ич-ичидан қайғуради бечора, юзига чиқармайди, ножоиз бир гап айтиб қўйишдан чўчийди, деб баҳолади.

– Гулчеҳрахондан хабар олганимга ҳам икки хафтача бўлибди. Яна бир ўтиб қўйсаммикин? Бечора қайғуга ботиб, ич-этини еб қўйгандир.

– Қайда? – деди Шосалим юзини жийриб. – Эрининг бошини еган шу-ку! Кунда жанжал, аччиқ-тизиқ гаплар; Жобирбек ўлган бўлса – ўшандан қутулган бўлади. Анави мумсик отасидан ҳам!..

Шосалим бу гапларни алам ва изтироб ичида айтди. Ҳозир Гулчеҳрага бўлган ғарази юзига қалқиб чиққанди: Гулчеҳранинг ҳеч қачон уни Шосалим, деб чақирмагани асабини қўзитарди. Ҳатто бир гал: «Ҳа, энди Жобирбекнинг олдида сиз Шо-о-ҳ Салим эмас оддийгина Салимсиз-да”, деганди ҳазиллашиб: «Кўрамиз, — киши билмас ижирғанганди Шосалим тишларини ғижирлатиб, – кимнинг ким эканини! Мана бугун кўриниб қолди. Яна бир неча кун керак. Шундан кейин унинг остонасига ит ҳам йўламайди. Ҳозирча эса, хотинининг хабарлашиб тургани яхши. Шубҳа, гумон бўлмайди! »

– Машина юбораман, майли, ўтиб кела қол! – Шосалим, кўчага чиқаркан, хотинининг фикрини маъқуллади.

49

Жобирбек атрофида кечаётган воқеаларни чуқур ўйлаб мушоҳада қилишни истарди. У табиатан босиқ, етти ўлчаб бир кесадиган – шошма-шошарлик билан хулоса чиқармайдиган кишилар хилидан эди. Муҳтарам Калоновичнинг гапи қанчалик тўғри экани, мухбир қиз масаласининг ечимига боғлиқлигини биларди. У Шосалимга қаратилган айбноманинг холисона бўлишини хоҳлаганди. Шу боис Тошкентга кела солиб, ишни телевидениедан бошлади. Ногиронлар уйидан берилган лавҳанинг муаллифини топди. Сўраб-суриштириб ахийри, ўзини марказий нашрлардан бирининг мухбири сифатида танитган аёлнинг манзилини аниқлади.

Фарангис унга эшикни очмади. Туйнукдан Жобирбекни кўрибоқ юраги орқасига тортиб кетди. Шосалим билан маслаҳатлашмай унга рўбарў бўлишни хоҳламади. Умуман у билан юзма-юз келишни хаёлига ҳам сиғдира олмасди у.

Жобирбек ичкарида кимдир юрганини пайқади. Эшик ҳадеганда очилмаганидан “бу ўша”, деди ичида. Кейин кичкина бир қоғозга: “Ўтинаман, биргина саволим бор. Мендан чўчиманг – ёмон ниятим йўқ. Телефон қилинг!” деб ёзди-да, телефон рақамини қолдириб, хатни эшикниннг тирқишига тиқди.

Фарангис Жобирбекнинг кетганига тўла ишонч хосил қилгач, эшикни қия очиб, хатни олди. Ўқиди. Аввалига бир муддат нима қиларини билмай, каловланиб турди. Кейин «телефон қилиш керак», деган фикрга келди-ю, гўшакни олиб шоша-пиша керакли рақамларни теришга тушди.

– Сен уйингдан жилмай тур. Эшикни ҳеч кимга очма! Бир оз туриб ўзим чиқаман! – деди Шосалим ҳаяжонини яшира олмай – Фарангисдаги қалтироқ унга ҳам кўчганди...

Шосалим Фарангисдан бу ҳабарни эшитиб, кўз ўнги қоронғулашиб кетди. Жобирбек калаванинг учини топганди. Агар иш зайлда кетса, эртами-индин шарманда-ю шармисор бўлиши турган гап: у ҳам ўз навбатида кимгадир телефон қилди, вазиятни тушунтирди. У ёқдан эса:

– Бу сизнинг муаммоингиз! Мени охирги натижа қизиқтиради! – деган совуқ жавоб олди.

Нима қилиш керак? Шосалимнинг боши қотганди. Аммо у узоқ ўйлай олмаслигини ҳам, тезроқ бирор-бир хулосага келиши лозимлигини ҳам биларди: «Жобирбекни йўлдан олиб ташлаш керакмикин? Ҳужжатларни қўлга киритмай туриб бу ишни қилиш ўзинг ўтирган шохни кесиш билан баробар-ку! Лекин буни шундай қолдириб ҳам бўлмайди. Қизиқ, Фарангисга қандай чиқди экан? Демак, у мен ҳақимда ҳам билади. Тошкентга менсиз кетиб қолгани ҳам шундан!» Шосалимни боши ёрилгудек эди. Барибир бир хулосага кела олмади. Аввал, Фарангиснинг рақамини терди. Кейин фикридан қайтди. Бир оз туриб яна телефон қилди...

– Гапларимга яхшилаб қулоқ сол, – дона-дона қилиб таъкидлади у Фарангисни ҳушёрликка ундаб, – биринчидан уйингдан чиқиб кет ва ҳозирча кўринмай тур. Телефон автоматидан Жобирбекка қўнғироқ қилиб эртага кечқурунга учрашув белгила. Учрашув жойи отчопар! Шундай қилгинки, ўзи танҳо келсин!

– Буни қандай қиламан? – ҳайрон бўлди Фарангис

– Истаганидан ҳам кўпроқ маълумот олишини билса, айтганингни қилади: «бу ишларнинг бошида хотинингиз турибди» десанг, бас! Ҳозирча сирларимизни дўмбира қилмай туради. Ориятли йигит у. Ва охиргиси, ҳозироқ отчопарга бор. Қилич билан Шунқорни мен кечқурун шаҳардаги уйимда кутаман!

Шосалим бошқа сўз демади. Гўшакдан қисқа-қисқа гудок эштилгач, Фарангис уни жойига қўйди-да, апил-тапил кийиниб уйни тарк этди.

Қилич билан Шунқор отчопар ва Қарши оралиғида йўловчи ташишарди. Шосалим уларнинг ҳар бирига биттадан “Нексия” обериб қўйганди. Бу бир томондан ҳам мунтазам даромад, ҳам тез-тез учрашиб туриш имконини берарди. Шосалим чақиртирганини эшитиб, машинанинг бирини пуллик тўхташ жойида қолдириб, иккинчисида Қаршига қараб йўл олишди.

Жобирбек кеч бўлишига қарамай, Фарангисни узоқдан таниди.

– Хўш, менга нималарни айтмоқчи эдингиз? – салом-аликдан кейин дарҳол индаллога кўчди Жобирбек. – Ясама мухбир сифатида ташрифингиз орқасида қандай сир яширинган эди? Мени алдашдан мақсадингиз фақат пул ундиришмиди ёки... Қолаверса, бу ишларга хотинимнинг қандай алоқаси бор? — деди у бир оз тутоқиб.

– Майли, ундай бўлса кетдик. Бу кўчанинг гапи эмас. Йўлда ҳаммасини айтиб бераман.

– Шу жумбоққа ечим топиш учун ҳозир дунёнинг нариги чеккасига боришга ҳам тайёрман, фақат қаёққа кетаётганимизни билсам ёмон бўлмасди, – деб Фарангисга юзланди у.

– Борадиган жойимиз шунақа жойки, – деди Фарангис Жобирбекни янада қизиқтириш учун, – унда ҳамма саволларингизга жавоб оласиз!

– Унда кимлар бўлади?

– У ерда хотинингиз ва унинг жазманинини кўрасиз холос.

– Нима? Гулчеҳра? – Жобирбек бўғилиб кетди. Бу гапни тасаввурига сиғдира олмасди. Шундан бошини чангаллаб қолди: «Ишонмайман! Ишонмайман! Ҳозир, ҳозир, – деди у ва атрофга аланглай бошлади. – Қаерда телефон бор? Уйга қўнғироқ қилишим керак?..»

Хотинингиз уйда йўқ ҳозир. Ишонмасангиз ихтиёрингиз? – бепарво қилиб кўрсатди ўзини жувон. – Қолаверса, мана менинг қўл телефонимдан қўнғироқ қила қолинг!

У сумкачасидан телефон олиб узатди. Жобирбек тилла топган одамдек севиниб кетди: “Ҳозир телефон қилади. Гўшакни Гулчеҳра кўтаради. Кечадан бери миясини қуртдек кемираётган гумонлар барҳам топади. Мана ҳозир саккиз, уч, етти, беш...”.

Телефон узоқ жиринглади. Гулчеҳра гўшакни олмади. Олиб ҳам нима қилди? Кун бўйи уч марта шу рақамдан қўнғироқ қилишди. Аёл кишининг товуши. Эрининг яна бир жазмани. Айтишича ундан боласи ҳам бор эмиш. Ишни бости-бости қилиш учун Шосалим деган дўсти орқали пул ҳам бериб юборган эмиш. Ҳозир яна пулга зориққан-у, Жобирбек ёрдам қилмаётганмиш. Гулчеҳранинг бу гапларни эшитишга ортиқ тоқати қолмаганди. Йиғламади ҳам. Биринчи марта эмас-ку! Эрига нима керак ўзи? Шунчалик моҳир улоқчи экан, майли ёт тўшакларда кўпкари чопиб, тулпорини совутиб юраверсин. Лекин мени нега бадном қилади? Оила шаънини ерга урмаса бўлмайдими? Ахир, барисига чидаб келаяпман-ку?..

Гулчеҳранинг юраги санчгандек бўлди. Беихтиёр гўшакни олди-да, Шосалимнинг рақамини терди. У Гулчеҳранинг саволига дастлаб жавоб беришдан қочиб тайсалланди. Гулчеҳра ғазаб қилгач, худди ноилож қол¬гандек: «Фақат ҳеч кимга айтманг. Жобирбек бошимни олади-я – билиб қолса», дея ёлворганча тўғрисини айтди:

– Ҳа, эллик минг долллар обориб берганман!

50

Жобирбек қўнғироғига жавоб бўлмагач, тамоман эсидан ажради. Кўз ўнгида Гулчеҳранинг иккита қиёфаси намоён бўлди. Биринчиси хотинининг аввалги мунис, меҳрибон чеҳраси. Иккинчиси эса бир йилдан бери ўзгариб қолган, тажанг башараси. Унинг мияси пуфакдек бўм-бўш бўлиб қолди. Ҳозир унинг бўйнидан ип боғлаб хоҳлаган томонга етаклашинг мумкин эди. Шундай бўлди ҳам. Худди маст одамдек чайқала-чайқала Фарангисга эргашди. Қандайдир машинага ўтиришди. Кейин узун йўл бўйлаб катта тезликда елиб кетишди.

Гулчеҳрани нима жин урдийкин? Нима етишмайди унга? Тўқликка шўхликмикин ё... Мени, болаларимизнинг шаънини ўйламайдими? Ҳеч бўлмаганда тақводор ота-онасининг ҳурматини қилса бўларди? Ахир, эл олдида қандай бош кўтариб юришади улар?..

Жобирбек йўл бўйи ана шундай кечинмалар оғушига кўмилиб ўтирди. Миқ этмади. Энди уни ҳеч нима қизиқтирмай қўйганди Яшашнинг маъниси қолмаганди. Қани ҳозир автоҳалокат рўй берса-ю, Қодирбек акасининг ортидан нариги дунёга равона бўлса...

Машина қандайдир тўқайзорга кириб тўхтагандан кейингина Жобирбек бир оз ҳушёр тортди. Теварак-атроф зим-зиё. Тўқайзор ойнинг ғира-шира ёғдусида қўрқинчли бир манзара касб этиб туради.

– Нега тўхтадик? Бу қанақа жой? – саросималанди Жобирбек

– Саволларингизни жавоби ҳув ана у жойда, – қуюқ қоронғулик ичида милтиллаб турган шуълага ишора қилди у. – Тушинг, мана бу киши сизни кузатиб қўяди.

Милтиллаб турган шуъла гулхан экан. Олов ёнида ёмғирпўштни елкасига ташлаб бир киши ўтирибди. Қўлида ов милтиғи. Шосалим машина келиб тўқай бошида тўхтаганини, ҳадемай Жобирбек билан юзма-юз бўлишини билар, аммо ўрнидан туришга шошилмасди. Қадам товушлари жуда яқин келгач турди. Келгувчиларга юзланди.

– Шосалим?!

– Йўқ, янглишдинг, мен – Шосалим эмасман! Сенга итдек эргашиб юрган, бир пайтлари обрўйингни сақлаб қолиш учун туни билан мижжа қоқмаган, садоқат билан хизматингни қилиб, охир-оқибат қадри-қиймати топталган сояман.

– Шунча гина-кудратингиз бор экан – аввалроқ айтсангиз ҳам бўларди-ку?! Кўнглингизни ранжитган бўлсам узр сўрашга ҳеч қачон ор қилмасдим. Сиз ахир, дўстим эдингиз, ундан аввалроқ – укам деганман!

– Қўйсанг-чи! Менга бўлган муносабатингни қандай эканини ўзингни пакана Наполеон-у, мени найнов генаралга ўхшатиб айтиб бўлгансан. Мен сен учун соя бўлганимни ўшандаёқ англаганман. Энди асл нусха бўлмоқчиман. Сендан эса нусха ҳам қолмайди!

– Шосалим! – зорланди Жобирбек. – Сизни хафа қилганим рост! Иш устида нималар бўлмайди дейсиз. Аммо сиз дастак қилаётган сабабларнинг бирортаси ҳам дўстлигимизга раҳна солишга арзимайди! Арзимайди, ахир! Ўша мусаффо туйғуларимизни сақлаб қолиш учун мен ҳамма нарсадан воз кечган бўлардим, айтсангиз бас – имконимдаги ҳамма нарсага тайёрман!

– Наҳотки! Шунчалар жўмард бўлсанг амалда исботла! Менга сўнгги кашфиётларинг сақланаётган жойни айт!

Жобирбек Шосалимнинг номаъқулчиликлари обрў, мартаба, пул учун деб ўйлаганди. Агар шундай бўлса – унинг ҳисобига ҳамма нарсасини, бисотида борини беришга тайёр эди. Аммо, энди билдики, уни дўст сифатида йўқотиб бўлибди. Шундан Шосалимнинг совуқ йилтираган кўзларига нафрат билан боқди:

– Шайтонга ёлланибсан-да?!

– Бу ёғи билан ишинг бўлмасин. Ҳужжатларни берасанми, йўқми – шундан гапир?!

Жобирбек бошини қуйи эгди:

«Қанийди ҳозир ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. Бу каби разиллик, шармандалик юкидан халос бўлсам», деган ўй кечди хаёлидан. Кейин бошини кўтарди-да, Шосалимга ачиниб қаради.

– Ўйласам, ўзимга тегишли бўлган ҳамма нарсамни бой бериб бўлибман. Меҳримни, муҳаббатимни... Аммо кашфиётларимни халқимга, Ватанимга атаганман – уни бера олмайман, узр! Сенга эса ачинаман, Шосалим! Сен ҳақиқатдан ҳам соя бўлган экансан, ҳозир тирик мурдага айланибсан холос.

– Бас! – чинқириб юборди Шосалим. Кейин, аччиқланиб милтиқни унга ўқталди.

– Сен тамом бўлган одамсан! Сенга ачина...

– Бас деяпман, бас!

Шосалим аламдан бўкириб тепкини босди. Ўқ Жобирбекнинг қорнини тешиб ўтди. Юзлари оғриқдан бужмайди. Аммо йиқилмади: қорнини ушлаганча Шосалимга томон юрди. Оёғини судраб-судраб босарди. Ўқ тешиб ўтган жойидан қон сизиб оқмоқда эди. У яқин келиб милтиқни учидан тутди; уни юрагига қадади. Шосалим эса дир-дир титраб турар, иккинчи марта тепкини босишга кучи етадими-йўқми – номаълум эди.

– Шосалим! – гапирганида оғриқ кучайди чамаси, Жобирбекнинг юзи буришиб кетди. – Гулчеҳранинг хи-ё-на-ти-и ростми?..

Шосалим нима дейишини билмай қолди. Дам сайин ҳушини йўқотиб бораётган Жобирбек эса кўзи тиниб, Шосалимнинг қиёфаси унга иккита бўлиб кўринди. Бири ўша ўзи билган камтарин, камсуқум чеҳра; иккинчиси эса ёвуз ва разил башара. Бириси «йўқ» деди, бириси тепкини босди. Шосалимнинг оғзидан «йўқ» деган жавоб билан, милтиқнинг оғзидан ўқ деган жаллод бир вақтда отилиб чиқди. Бириси қулоққа, бириси юракка бориб тегди. Ҳаёт билан ўлим орасидаги фурсат жуда қисқа бўлди. Аммо ҳақиқатни билиш – бу дунёдан армонсиз кетиш учун Жобирбекка ана шу қисқа фурсат кифоя бўлди. Шу қисқагина лаҳзада унинг ғамбода чеҳрасида, оғриқдан бужмайган юзида табассум балқиди. У ана шу қисқагина сонияда ўзининг мағрур қиёфасини, бахтиёр чеҳрасини, ўткир нигоҳларини Шосалимнинг ҳиссиз кўзларига муҳрлашга улгурди.

Шосалим энди ўла-ўлгунча ана шу нигоҳлар таъқибига маҳкум бўлганди.

51

– Минг марта узр! Сизларни куттириб қўйдим!

Шосалим фаоллар залига ҳовлиқиб кирди-да, тўрдаги жойига ўтираркан, йўл-йўлакай барчадан кечирим сўради. Аҳволи ҳаминқадар бўлишига қарамай ўзини бардам, тетик тутишга уринди. Курсисига ўтириб жойлашиб олгач эса, йиғилганларни бир-бир кўздан кечира бошлади.

– Бугун сизларни бу ерга тўплаганимдан мақсад...

У фикрини давом эттира олмай тақа-тақ тўхтади. Кўзлари ҳам бир нуқтага тикилганча қотиб қолди. Узунчоқ стол атрофида ўтирганлар сафида умуман кутилмаган бир чеҳрага тўқнаш келди: «жудаям ўхшаркан», деган ўй кечди дилидан. Аммо янглишганини англаш учун кўп вақт керак бўлмади. Бу ҳақиқатдан ҳам Сакина эди. Залда Сакинадан ташқари яна бир неча нотаниш одамлар борлигини пайқаганида эса Шосалим ғишт қолипдан кўчганини фаҳмлади. Йигитлардан иккитаси туриб унга яқин келишди.

– Шосалим Давронович! Сиз қасддан одам ўлдиришда айбланиб, қамоққа олиндингиз!..

Фуқаро кийимидаги қидирув бўлими ходимлари унга прокурор санкциясини кўрсатиб, қўлига занжир сола бошлаганида, Шосалим бу икки йигитнинг ўзига таниш эканини кўриб, бадтар тош бўлиб қотди: уларнинг бири ҳайдовчиси Илҳомжон, шериги – уйида мардикор бўлиб ишлаган Шокир эди.

Бир кун олдин Тошкентда жиноий гуруҳнинг яна икки аъзоси қўлга олинди. Улар фуқаро Сакина Хаджиеванинг уйига ноқонуний йўл билан бостириб киришликда айбланиб хибс қилиндилар. Воқеанинг асл тафсилоти эса мана бундай эди.

Шосалимнинг уйида бўлиб ўтган йиғинда Сакинадан қутулиш кераклиги тўғрисида кўрсатма олган Қилич билан Шунқор Тошкентга келибоқ операцияни бажаришга киришдилар. Улар Сакинанинг эшигини тақиллата бошлаганларида Сакина Акмал билан Тошкент – Қарши йўналишидаги самолётда парвоз этмоқда эди.

Акмални ҳамроҳи билан Қаршига кузатгач, жиноят ишини очишга ҳамкорлик қилаётган тошкентлик милиция ходимлари зудлик билан «Сароб» операциясини амалга оширишга киришдилар. Биринчи галда Сакинанинг уйида узоқдан бошқариладиган радиокарнай ўрнатилди. Бу уни излаб келгувчиларда Сакина уйда, деган тасаввур уйғотиш учун қилинди. Эшикнинг бир бурчагига билинар-билинмас микрофон қўндирилди.

Уй атрофида уч жойда писта, қурт ва бошқа майда-чуйдалар билан савдо қиладиган атторлар пайдо бўлди. Бу кичкина «дўконча»лар вақтинча ижарага олиниб, бу ёққа кўчирилди. Сотувчилар алмаштирилди. Уларнинг ўрнини фуқароча кийимдаги милиция ходимлари эгаллади. Тўғри, кейинчалик дўконча эгаларига маълум миқдорда конпенсация беришга тўғри келди. Савдода уқуви бўлмаган милиция ходимлари ёш болакайларга қурт, сақич, хўрозқанд ва бошқа ширинликларни текинга тарқатворишган экан.

Хуллас, кутилган меҳмонлар узоқ маҳтал қилмади. Кўчанинг бошида иккита эркак пайдо бўлди. Улар тўғри Сакинанинг подъездига қараб йўл олишди.

– Жа-а-а, гавжум бўп кетибдими бу жойлар? – Шунқор атторлик дўконлари атрофида тўпланиб турган одамларга норози қиёфада аланглади.

– Ҳаммада ҳам тирикчилик! – бепарво жавоб қилди Қилич, уни «чалғима» деган маънода огоҳлантириб. Кейин бирга-бирга бурилиб подъездга кириб кетишди.

Сакинанинг эшиги олдида бир пас тўхташди. Ичкаридан музика садолари эшитилиб турарди: «Уйида экан», деди сўзлари микрофон орқали магнит тасмага тушаётганидан бехабар Шунқор. Қиличга юзланди: “Таққиллатайми?”. Қилич тасдиқ маъносида бош ирғади.

Пастдаги дўкончалардан бирининг сотувчиси, қулоғига эшитиш мосламаси қўндириб олган, олифтанамо йигит, таққиллаш товушини эшитиши билан столи остидаги магнитофоннинг мурватини буради. Орадан беш-олти дақиқача вақт ўтди.

Мусиқани ўчирди – уйида экани аниқ! Нега эшикни очмаяпти? – Деярли шивирлаб, Қиличга савол тариқасидами ёки ўзига-ўзи гапирган бўлибми, ғудраниб қўйди Шунқор.

Балки... – Қилич бир пас ўйланиб турди-да, кейин фикрини давом эттирди. – Балки у ёлғиз эмасдир? Демоқчиманки, меҳмони бордир? – у чап қўлини мушт қилиб тугди-да, ўнг қўлининг кафтини унга уриб кўрсатди: –«Пақ-пуқ» – маишат!

– Ўлган экан, куппа-кундуз куни!

– Қизиқмисан, – Қилич кетамиз деган маънода пастга ишора қилиб, – кечроқ келамиз энди, – деди-да, ўзи йўл бошлади. Зинадан туша туриб, боя бошлаб қўйган гапини охирига етказди: — Маишат бу бизнес! Бизнес эса вақт танламайди.

Ташқарига чиқишгач, икки шерик атторлардан бирига яқинлашишди.

– Сан шу дўмда турасанми? – Сотувчини саволга тутди Қилич.

– Ҳа!

– Сакина опангни танийсанми?

– Ҳа-а-а, Сакина сатангними, танийман!

– Мабода уни бугун кўрмадингми? – ўсмоқчиланди Шунқор.

– Кўрдим. Боя бир эркак билан уйига кириб кетганди.

– Қанақа эркак, кимлигини билмайсанми мабодо?

Сотувчи йигит кетма-кет берилаётган саволлардан ҳафсаласи пир бўлган қилиб кўрсатди ўзини.

– Ока, ман гап сотмийман – бирон нима оласизми ўзи? Нима, ман мелисамидим, домга келадиган ҳар бир нотаниш одамнинг шахсини аниқлайдиган. Оддий эркак – қўлида пакети ҳам бор эди...

Шериклар бир қути сигарета харид қилган бўлиб, аттордан узоқлашишди.

– Ҳаммаси равшан. Хоним лаззатланвоттилар! – Оғзининг таноби қочиб, маъноли кўз қисиб қўйди Шунқор. Қиличнинг нигоҳида эса совуқ бир ифода пайдо бўлганди бу пайт.

– Майли, ўлими олдидан ўйнаб қолсин! – деди у нигоҳларидагидан ҳам совуқ бир оҳангда...

Тунда икки шерик, бири милиционер формасида, бири асбоблар солинган сумка кўтарган ЖЭК ходими алфозида яна Сакинанинг эшиги остида пайдо бўлишди. Қўшниларни безовта қилмаслик учун, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишарди улар. Мабодо, кутилмаганда бирон кор-ҳол рўй бериб қолса, милиционер формаси ва сантехник асбоб-ускуналари вазиятни юмшатувчи воситалар бўлиб хизмат қилиши керак эди. Ҳайтовур, эшикни бузиб, ичкарига кириш мойдан қил суғургандек амалга ошди. Аммо қўл фонарини ёқиб, аста ётоқхонага бош суққан эдилар ҳамки, уйнинг чироқлари «лоп» этиб ўзидан-ўзи ёнди. Қўрқувдан тош бўлиб қолган қотилларни катта хонада боя пастда атторлик қилиб турган йигитлар қаршилади. Шунқор аста ортига тисарилмоқчи бўлганди, ошхона ва болалар хонасидан чиқиб келган милиция ходимлари қуршовида қимир этолмай қолди...

52

Фарангис ит феълли жувон эди: ғизиллаб ўтиб кетган машинанинг ортидан вовуллаб қувлайдиган, кейин «қочиб қолди, қўрқоқ», дегандек мағрур қиёфада ортига қайтадиган кўппакни кўрганмисиз? Ёки кўринган кишининг аккиллаб асабини бузадиган, озгина қаршилик кўрсатиб, ҳавонча дўқ қилсангиз думини қисиб қочадиган лайчани-чи?

Фарангис ана шунақа хилидан эди. Аввалига Акмалга чап бермоқчи бўлиб, гапни роса айлантирди. Акмал ҳам унинг сафсаталарига ишонгандек кўрсатди ўзини. Охир-оқибат, факт ва далиллар билан Фарангисни боши берк кўчага киритиб қўйдики, унинг лайчага ўхшаб писишдан бошқа чораси қолмади: билганларини оқизмай-томизмай сўзлаб берди. Бу тафсилотларни биз юқорида кўриб ўтдик, фақат бир нуқта – телеэкранда пайдо бўлиб қолиши тушунарсиз эди. Ахир бу ўз-ўзини фош этишдан бошқа нарса эмас-ку!

– Аёллик қилдим! – деди у йиғламсираб, Акмалнинг шу борада берган саволига жавобан. – Менинг ҳам дўст-душманларим бор. Омадсизлигим, қашшоқлигим билан кимнидир куйдириб, кимнидир кулдириб келардим. Болаларимни даволатишга дастим қисқа эди. Шундан меҳрибонлик уйига топширгандим. Шунинг ўзи учун, бошимга қанчалар маломат ёғилганини билмайсиз-да! Ҳаётим яхшиланганини, турмушим ўзгарганини ҳамма кўриб қўйсин дебман. Жобирбек кўриб қолади, деган ўй хаёлимга ҳам келмабди.

– Мўмайгина даромад топа бошлаганингизга анча бўлди-ку, нега болаларингизни даволатишни пайсалга солиб келаяпсиз? – гап қистирди Акмал.

– Шосалим ҳамма ишларни битказиб Москвага ёки Германияга юборишга ваъда қилган.

– Нега ўзимизда эмас?

«Дарвоқе, нега?». Фарангис биринчи марта бу саволни ўзига-ўзи берди. Кейин Шосалимнинг «ўзимизники» деган тушунчага бепарво, аҳамиятсиз қарашини эслади. У сигарета четники бўлса чекарди, хорижнинг ёрлиғи ёпиштирилган ароқнигина ичарди. Гап телевидение ҳақида кетса: «Ўзимизникими? Бир пулга қиммат!» дерди у. «Пахтакор»нинг футболчиларини-ку, ерга уриб ташларди. «Макаронлар» деб масхараларди уларни: «Чет элнинг футбол клубларига сотиб юбориш керак буларни. Марадонанинг оёғини уқалаб, Пелега кофе қайнатиб юришсин. Шундан бошқага ярамайди булар!» дерди. Шу асно Фарангиснинг ёдига бир воқеа тушди. Куладиган аҳволда бўлмаса ҳам юзига табассум ёйилди.

Бир куни кечки пайт уйда Наргиз билан ўтиришганди. «Борматуха» қонни кўпайтирармиш, деган гапни эшитгандан бери опа-сингил аҳён-аҳён вино билан ўзларини муолажа қилиб туришарди. Шосалим қўнғироқ қилиб қолди. Ҳозир келармиш! Апил-тапил дастурхонни қайта тузашди.

– Вино ичиб турганимизни кўрса, роса изза қилади, – деди Фарангис шишаларни яширишга жой изларкан, – тем более, борматуха.

– Бунинг йўли бор! – деди Наргиз, опасидан шишаларни олиб, ошхонага йўналар экан. Кейин қайсидир бир ўтиришда бўшатилган «Виски» шишасига винони солди-да, дастурхонга келтириб қўйди.

– Бу қанақа ичимлик? – Шосалим чиройли «виски» шишасини қўлига олиб, айлантириб қаради. – Бунақасини кўрмагандим.

– Вино! Техасники, – деди Наргиз қуруққина қилиб. Кейин Шосалимнинг рюмкасига тўлғазиб хорижнинг шишасидан «бармотуха» қуйди.

– Мана буни вино деса бўлади! – бир кўтаришда рюмкани бўшатган Шосалим тамшаниб қўйди. – Чет элга гап йўқ, ўзимизникиларникини ичсанг қусгинг келади!

Опа-сингил «думбул бойвачча»ни кузатиб роса кулишганди.

Ҳа, Шосалимнинг ўзимизнинг тиббиётга ҳам, ўзимизнинг милицияга ҳам муносабати бундан ортиқ эмас. Шундан «ёпиқли қозон ёпиқлигича» қолишига жуда ишонарди. “Лекин, ҳадемай қаттиқ янглишганини фаҳмлайди!” фикридан ўтказди Акмал.

– Энди мен нима қилай? – Фарангис шу чоққача қилган ишини қилиб қўйган, айтадиган гапини айтиб бўлганди. Бу ёғига нима қилишни ростдан ҳам билмас эди.

– Сизми? – Акмал унга синчков назар ташлади. — Болаларингизни «Ортопедия» институтига оборинг! Қандай яшаган бўлсангиз – шундай яшайверинг! Керак бўлганингизда – ўзимиз сизни чақиртирамиз. Битта хавф-хатар бор – шундан сақланинг!

Фарангис ҳуркак нигоҳларини унга қадади.

– Мен билан учрашганингиз-у, ўртамиздаги гапларни ҳеч ким – ҳаттоки эрингиз ёки Наргиз ҳам билмаслиги керак. Акс ҳолда...

– Менга енгиллик бўлармикин? – Аёлнинг жовдираб турган кўзлари жиққа ёшга тўлди.

– Буни суд ҳал қилади. Аммо маълумот берганингиз, айбингизга иқрор эканингиз, ногирон болаларингиз – буларнинг барчасини суд инобатсиз қолдирмайди.

Фарангис ана шу чўлтоқ умид билан ногирон болаларининг ҳузурига йўл олди...

53

Фарангиснинг терговчига охир-оқибат таслим бўлиши бежиз эмасди. Аввалига, қизиқарли бир ўйин тарзида бошланган бу иш бу қадар фожеа билан якун топади, деб ўйламаганди у. Жобирбек отилган тунда эса нечоғли қалтис ишга аралашиб қолганини ҳис қилди. Ўшандан бери егани татимай юрганди. Қачондир бу ишларнинг ишкали чиқишидан чўчиб яшаб келарди. Мана, бугун сир ошкор бўлди...

Фарангис ўша кеча машинада ёлғиз қолди. Атроф зим-зиё. Аввалига билинмади; эркаклар кетгач, аллақандай ваҳимали ўйлар кўнглига ғулғула сола бошлади. Худди, даҳшатли фильмлардагидек, ҳозир машина ойнасида қўрқинчли бир башара пайдо бўладигандек туюлаверди. Шоша-пиша эшикнинг босқичларини пастга босиб қўйди. Рул томондаги ойнанинг юқорисида бармоқ сиғадиган тирқиш қолган экан, апил-тапил уни ҳам кўтариб зичлади. Кўнгли бир оз таскин топди. «Тезроқ қайтишсайди эркак¬лар!» кўнглидан ўтказди у.

Фарангис эркаклар ҳозир эркакчасига гаплашиб олишади-ю, муаммо ҳал бўлгач яна Тошкентга қайтиб кетамиз, деган ўйда эди. Ногаҳон янграган ўқ овози унинг ўйларини чилпарчин қилди. Саросималаниб қолди. Биргина фикр уни қамраб олганди: «Жобирбек яширинча тўппонча олиб келган экан-у, рақибларини отишга тушди». Дир-дир титраб рул томондаги ўриндиққа ўтди. Қалтироқ қўллари билан пайпаслаб калитни топди. Машинани ўт олдирди: «Улгуриш керак!» таъкидлади ўзига-ўзи у. Ҳозир Жобирбек учинчи рақибини ҳам тинчлантиради-да...

Машина ҳайдаш ҳадисини олганлиги шу жойда қўл келди: Шосалимнинг ҳомийлигида шофёрлик курсида ўқиб гувоҳнома олганди. Аҳён-аҳён эрининг «Нексия»сини ҳайдаб юрарди. Шундан ҳозирги вазиятдан қутулишнинг ягона йўли – бу жойдан қочиб қолиш, деган қарорга келди у. Йўлнинг ташвишини қилмаса ҳам бўлади. Мана шу илон изи каби узалган эгри-бугри йўл тўғри катта трассага олиб чиқади. Катта йўлга чиққач, ўнгга бурилиб, тўғри кетаверади. Аммо…

Катта трассага чиқиш осон кечмади. Йўл эгри-бугри бўлгани сабабли тезликни ошириб бўлмас, шундан Фарангиснинг хаёлида Жобирбек уни қувлаб етадигандек эди. Дамо-дам орқасига ўгирилиб қарайверганидан, машина бир-икки марта йўлдан чиқиб кетди ҳам. Катта йўлга чиқиб олгач эса, енгил тин олди. Хавф бартараф бўлгандек эди гўё. «Аммо... Жобирбек бугун бўлмаса эртага уни излаб топади-ку! Бу қонхўр мени ҳам энди омон қўймайди!». Уни ҳозиргина бир муддатга тарк этган ваҳимали ўйлар яна қайта безовта қила бошлади. Узоқдан икки вилоят чегарасида жойлашган милиция пости кўзга ташланди.

– Айтаман! Ҳозироқ постда тўхтайману, Жобирбекнинг қотиллиги ҳақида маълумот бераман! Майли, уни бир оз чув туширганим учун жазо беришса ҳам розиман. Ҳарқалай, ном-нишонсиз ўлиб кетгандан кўра – шуниси дуруст!

Фарангиснинг қарори қатъий эди. Агар айни шу дамда сумкачасидаги қўл телефони жиринглаб қолмаганида ёки телефонга жавоб бермаслик ҳақидаги дастлабки фикрда қолганида эди, у бир неча дақидадан сўнг ўзи мансуб бўлган жиноий гуруҳни ўзи билмаган ҳолда фош қилиб қўйиши турган гап эди.

– Алло, Фарангис! Нима жин урди сени? Нега машинани обкетиб қолдинг?

Фарангис қулоқларига ишонмади. Эрининг овози. Демак, тирик қопти-да!

– Сиз тирикмисиз? Яраланмадингизми? Ана у қонхўр қани?

– Қайси қонхўр? Шосалимми?

Қиличнинг хотини билан кечаётган беъмани мулоқоти шу жойда Шосалимнинг тоқатини тоқ қилди. У шеригининг қўлидан телефонни юлқиб олди-да, унга еб қўйгудек бўлиб тикилганча, қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади:

– Фарангис, қаердасан?.. Майли, нега кетиб қолдинг?.. Йўқ, қайтишингга ҳожат йўқ. Тошкентга кетавер! Йўлдан эҳтиёт бўлсанг – бас!

Шосалим гапини тугатгач Жобирбекнинг юзтубан ётган жасадига қараб бир пас тек қотди.

– Машинангизда белкурак борми? – Қилич Шосалимни ҳушига келтирди. – Тезроқ кўмиб қутулайлик!

Катта трассага чиқиш осон кечмади. Йўл эгри-бугри бўлгани сабабли тезликни ошириб бўлмас, шундан Фарангиснинг хаёлида Жобирбек уни қувлаб етадигандек эди. Дамо-дам орқасига ўгирилиб қарайверганидан, машина бир-икки марта йўлдан чиқиб кетди ҳам. Катта йўлга чиқиб олгач эса, енгил тин олди. Хавф бартараф бўлгандек эди гўё. «Аммо... Жобирбек бугун бўлмаса эртага уни излаб топади-ку! Бу қонхўр мени ҳам энди омон қўймайди!». Уни ҳозиргина бир муддатга тарк этган ваҳимали ўйлар яна қайта безовта қила бошлади. Узоқдан икки вилоят чегарасида жойлашган милиция пости кўзга ташланди.

– Айтаман! Ҳозироқ постда тўхтайману, Жобирбекнинг қотиллиги ҳақида маълумот бераман! Майли, уни бир оз чув туширганим учун жазо беришса ҳам розиман. Ҳарқалай, ном-нишонсиз ўлиб кетгандан кўра – шуниси дуруст!

Фарангиснинг қарори қатъий эди. Агар айни шу дамда сумкачасидаги қўл телефони жиринглаб қолмаганида ёки телефонга жавоб бермаслик ҳақидаги дастлабки фикрда қолганида эди, у бир неча дақидадан сўнг ўзи мансуб бўлган жиноий гуруҳни ўзи билмаган ҳолда фош қилиб қўйиши турган гап эди.

– Алло, Фарангис! Нима жин урди сени? Нега машинани обкетиб қолдинг?

Фарангис қулоқларига ишонмади. Эрининг овози. Демак, тирик қопти-да!

– Сиз тирикмисиз? Яраланмадингизми? Ана у қонхўр қани?

– Қайси қонхўр? Шосалимми?

Қиличнинг хотини билан кечаётган беъмани мулоқоти шу жойда Шосалимнинг тоқатини тоқ қилди. У шеригининг қўлидан телефонни юлқиб олди-да, унга еб қўйгудек бўлиб тикилганча, қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади:

– Фарангис, қаердасан?.. Майли, нега кетиб қолдинг?.. Йўқ, қайтишингга ҳожат йўқ. Тошкентга кетавер! Йўлдан эҳтиёт бўлсанг – бас!

Шосалим гапини тугатгач Жобирбекнинг юзтубан ётган жасадига қараб бир пас тек қотди.

– Машинангизда белкурак борми? – Қилич Шосалимни ҳушига келтирди. – Тезроқ кўмиб қутулайлик!

Шосалим юзини Шунқорга ўгирди. Унинг қарашидаги маънони Шунқор дарҳол уқди. Шундан:

– Ёруғроқ жой керак! Бор-йўғи ярим соатда нимталаб ташлайман! – деди.

Шундан сўнг учовлон ўликни Шосалимнинг машинасига кўтариб боришди. Уни юкхонага жойлаштириб, машинани қишлоқққа қараб ҳайдашди. Тўғри Шосалимнинг уйига боришди. Ҳовли бурчагидаги кичкина ҳужрада Шунқор маҳорат билан жасадни бўлак-бўлак қилиб майдалади. Қилич нимта-нимта қилинган Жобирбекнинг танасини клёнкага ўраб маҳкам боғлаб турди. Жараённи ташқарида кузатиб турган Шосалим, хотинининг айвонга чиққанини кўриб, ҳамроҳларига нимадир деди. Кейин, агар Салима хужра томонга қараб юргудек бўлса, унинг йўлини кесиб чиқишга шайланиб турди. Аммо хотини айвонда бир пас турди-да, қайтиб уйга кириб кетди.

– Хайрият!

Шосалим жойидан жилмади. Шериклари нимталанган жасадни машинага жойлаштириб қайтгач, хужрани кўздан кечирди. Қон изларини йўқотишди. Энди кетса ҳам бўларди-ю, Шосалимнинг ёдига яна нимадир тушди. Шунқорга аллақандай юмуш буюрди. У нарироқдаги катакка томон кетди. Бир оздан сўнг, қоронғулик қўйнидан қўлида иккита бўғизланган қуён билан чиқиб келди у...

Шу кеч тонгга қадар қотиллар роса тер тўкишди. Жасадни тўқайзорнинг турли жойларига кўмиб чиқишди. Тонг энди-энди оқара бошлаган маҳал Ўта мерганнинг эшиги олдида машина келиб тўхтади. Уйқусизликдан кўзлари шишинқираган Шосалим гандираклаганча машинадан тушди. Милтиқ ва ўлжадан улуш сифатида олиб келган иккита қуённи мерганга бериб, хайр-хўшлашиб чиққач, машинанинг орқа ўриндиғига оғир чўкаркан, Қиличга буюрди:

– Шаҳардаги уйга ҳайда!..



54

Наргиз тонг чоғи кўча эшик қўнғироғининг ваҳимали жиринглашидан уйғониб кетди: «Ким бўлди бу? Шосалимми? Ахир келишидан олдин қўнғироқ қилиб огоҳлантирарди-ку?» У ана шундай кечинмалар оғушида туриб кийинди. Икки тавақали катта дарвозанинг туйнугидан қараб машина поччасиники эканини кўриб яна ҳайрон бўлди. Эшикни очиб ташқарига мўралади. Рулда опаси ўтирганидан таажжубланди. Кейин машинани ичкарига киритсин учун дарвозани ланг очди.

– Тинчликми, опа! Ранг-рўйингиз бир ҳолда? Нима бўлди сизга?

Фарангис жавоб бериш ўрнига йиғлаб юборди. Наргиз елкалари титраб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган опасини бир зум ўз ҳолига қўйиб берди. Етаклаб уйига обкирди. Меҳмонхонадаги узунчоқ столда ҳар хил шиша идишлар гулдаста тарзида терилиб турар, фужерлар қантарилиб қўйилганди. Наргиз шишалардан бирининг оғзини бураб очди. Гази кўп экан, вишиллаган товуш чиқди. Шу дам газ сувнинг пуфакчалари юзларига сачради. Сувнинг муздеккина эканиданми ёки бу ҳолат бошқа бир шунга ўхшаш воқеани ёдига солдими, тўйқус сесканиб кетди у...

Ўшанда ҳам шундай бўлганди. Шунқор билан унинг бир хонали квартирасида хуфёна учрашиб, айшу ишрат қилиб юришарди. Иккаласининг ҳам бир-бирига нисбатан ҳеч қандай мажбурияти йўқ эди. Наргиз бой-бадавлат хонадоннинг келини: егани олдида, емагани ортида. Истаган нарсаси муҳайё. Фақат ҳавас қилса арзигулик ҳаётининг биргина кемтиги бор эди. Бу кемтикни ҳам мана шу Шунқор беркитиб келмоқда эди.

Наргиз Шунқордан кўра ақллироқ, тадбирли ва ишратга ўч. У ўйнаши қўйнига кирган кезлари унинг жонини суғуриб оларди. Эри билан кечган совуқ тунларнинг ҳиссасини чиқармоқчи бўларди чамаси. Қизиғи шунда эдики, Шунқор бу каби пойгадан шалвираб қолмасди. Маррага етиб келгач, бир оз тин олган бўларди-ю, яна тулпорини майдонга соларди. Наргизнинг серқичиқ қилиқлари, балиқники сингари чиройли танасининг тўлғонишлари – айниқса қўшилишнинг энг авж нуқталарида чинқириб юборишлари жазманига наинки ҳузур, балки яна ҳам куч бағишларди. У ўзини эркакларнинг эркаги деб ҳисоблар, чунки кундузги ишқий саргузаштлари кечаси хотинининг тўшагидан узоқлаштирмасди. Эрлик бурчини ҳам ортиғи билан адо этиб келмоқда эди.

Бир гал иккиси гап талашиб қолишди. Келишмовчиликка Шунқорнинг концертга иккита билет сотиб олгани-ю, Наргизнинг йўқ, дейишига қарамай, бирга тушмоқчи эканини айтиб оёқ тираб олгани сабаб бўлди.

– Биламан, сен учун мен оддий бир эркакман, – азбаройи аччиқланиб ёзғирди Шунқор. Кейин фикрини янаям ойдинроқ ифодаламоқчи бўлдими, у ёқ бу ёққа аланглай бошлади. – Мана бу телевизор ёки мана бу дазмолга ўхшаш буюмман. Кўнглинг тусаган пайти фойдаланасан... бирга тушлик қилишдан ҳадиксирайсан. Жамоат ичида ёнма-ён юришдан чўчийсан. Энди билдим, сен мандан ор қиласан!..

Наргиз Шунқорнинг шубҳаси асоссиз эканидан кулди – бошини унинг елкасига қўйди:

– Ундай эмас, Шунқорим! бошимда эрим бор эканини унутманг.

– Ажраш бўлмаса!

– Жазманлик эвазигами? Асло!

– Керак бўлса уйланарман ҳам...

– Йўқ! Унда учрашувларимиз бу қадар мароқли бўлмай қолади.

– Нега?

– Негами? Ўртага манфаат аралашади. Зиммага мажбурият тушади. Гап-сўз кўпаяди. Менга қолса муносабатларимиз шу тахлит давом этгани маъқул.

– Шундай: ҳиссиз... севгисиз!..

Наргиз аввал бошда эркаклик ғурури жунбушга келиб, роса сапчиган жазмани аста-аста ҳовуридан тушиб бораётганини пайқади. Шунинг учун мавзуга шу ўринда биратўла нуқта қўйди.

– Жоним! Бировга кўз-кўз қилиш учун севилмайди. Агар сизни ёқтирмасам... – Наргиз тилига қалқиб чиққан оҳангдош – бир уят сўзни зўрға тишлаб қолди. Ўртада бегона киши бўлмаса ҳам бу сўзни овоз чиқариб айта олмади. Шундан, ўйнашининг қулоғига эгилиб аста шивирлади, – боқтирмасдим ҳам!

Шунқор дўппини олиб қўйиб, яхшилаб ўйлаб кўрса бир жиҳати шуниси дуруст бўлиб чиқди. Топиш-тутиши ҳаминқадар. Ҳарқалай, Наргизнинг эридаги имконият унда йўқ. Шундай бўлгач, кўрпасига қараб оёқ узатгани маъқул. Бошқа одам бўлганида Наргизга ўхшаган жувонни ўйнатиш учун қанчадан-қанча пул сарфларди. Шукр қилиш керак!

55

Хуфия учрашув жойида уларни Сотимбой кутиб турганидан бехабар икки зинокор, ҳар галгидек белгиланган вақтда висолга ошиқишарди. Наргиз бир муддат илгарироқ келди. Калити билан эшикни очаркан, ортидан бир жуфт кўз уни кузатиб тургандек бўлиб туюлди. Ўгирилиб, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, шоша-пиша ўзини ичкарига урди.

Орадан ўн дақиқалар ўтиб эшик олдида Шунқор пайдо бўлди. Эшик ичкаридан илдирилгани боис, калитни қайтиб чўнтагига солди-да, қўнғироқ тугмачасини босди. Сотимбой ҳам шу лаҳза қўлидаги митти видеокамерани ишга қўшди. Бир ойлик танафусдан сўнг висолга ошиқиб турган айғирнинг сабрсизлик билан ер тепиниб туриши-ю, ҳар қандай эҳтиёткорликни унутиб остонадаёқ айғирига суйкалана бошлаган ёлдор биянинг ҳолати магнит лентасига муҳрланди. Сотимбойга орани очиқ қилиши учун шунинг ўзи кифоя эди. Аммо зинадан туша туриб, эшик очиқ қолганини кўриб тўхтади. Ичкарида ўзи учун нохуш бир вазиятга дуч келишини билса ҳам, ўтиб кета олмади. Хотинини яна ҳам шармандали бир ҳолатда қўлга тушириш истаги туғилди унда. Ичкарига кириб, эшик занжирини илдирди. Ётоқхонадан эркак билан аёлнинг баб-баробар ҳарсиллаши эшитилиб турарди. У қия очилиб қолган эшикни оҳиста суриб каттароқ очди-да, камерани ичкарига тўғрилади. Сотимбой шу пайтгача хотинига хиёнат қилган одам эмасди. Савдогарлар оиласида ўсиб улғайган бу йигит пул топишни ҳам, уни нималарга сарфлашни ҳам яхши биларди. Зинодан, майхўрликдан йироқ эди у. Ҳозир, шайтоннинг ундови билан ичкарига киргани учун ўзидан-ўзи хафа бўлиб кетди. Хотинини бу алфозда учратаман деб ўйламаганди. Икки зинокорнинг қилиб турган иши одам боласининг ишига сира ўхшамасди. Фақат ҳайвонларгина шундай қўшилишади.

Шунқор туфлисини ечишга ҳам ҳафсала қилмаган, шими ҳам думбасининг устида, Наргизни кийим-кечаклар дазмолланадиган тахтага чўнқайтириб қўйиб, худди масиққан туядек муродини ҳосил қилмоқда эди. Севги ўйини авж нуқтасига чиққанди. Наргиз нимадир демоқчи бўлибми, ҳирсдан ола-кула бўлиб кетган кўзини орқага ўгирди. Ўгирди-ю, даҳшатдан бақириб юборди. Унинг чинқириқларига ўрганиб қолган Шунқор эса, бепарво ишида давом этарди. Наргиз уни кети билан итариб юборганидагина, гап нимада эканини пайқади. Саросималаниб қолганидан нима қиларини билмай турган жойида қотиб қолди. Нимадир демоқчи эди, тили калимага келмади.

– Сен... Сизлар жирканчсизлар! – Алам ва нафратини шу биргина сўзда ифода этди Сотимбой. Кейин, ҳали шимини кўтаришга улгурмаган, дағ-дағ титраб турган хотинининг жазманига юзланди: – Дўнқай!

– Нима? – ҳайрат ва ҳадик билан сўрашга журъат этди Шунқор.

– Дўнқай! Сен билан ҳозирнинг ўзида ҳисоб-китоб қиламан! – Сотимбой чап қўли билан шимининг тугмаларини еча бошлади.

“Бир ҳисобдан шуниси маъқул!” – Шунқор, сармоядор одамлар билан ўчакишиб бўлмаслигини яхши биларди. Айниқса ҳозирги рақибининг «кўча»нинг шунқорлари билан алоқаси борлигини, аҳён-аҳён чойхонада ўтадиган маҳфилларда иштирок этишини эшитганди. Сотимбой куч жиҳатдан рақибидан ожиз бўлса ҳам, пули билан Шунқорга ўхшаганларнинг юзтасига бас кела олади. Шунқор айни шу лаҳзада йигитлик ғурурини пеш қилиб, Сотимбойнинг ҳақоратомуз ишорасига боплаб жавоб қайтариши мумкин эди-ю, аммо эртасини ўйлади. Оиласи, болалари кўз олдига келди. Зинокор отанинг касрига уларнинг жабр кўришларини хоҳламади. У икки ўт орасида қолганди: ҳозир Наргизнинг олдида ўз шаънини ҳимоя қилиб, оиласини хатарга солади ёки Сотимбойнинг таклифига бўйсуниб, эркак сифатида жазманининг назаридан қолади. Шунқор хатарли йўлдан кечиб, шармандалисини танлади.

Сотимбой сўқимдек йигитнинг мулойим ипакдек эшилиб, чўнқайиб кетини тутиб турганини кўриб ундан баттар жирканиб кетди. Туфлисининг ости билан унинг оппоқ думбасига туртди:

– Тур-э, эркак бўлмай ўл!

Шунқорнинг иззат-нафси лат еди. Бундан кўра ўша шармандали ишнинг рўй бергани маъқул эди: ҳам шарманда бўлди, ҳам хатарда қолди. У бир зум гарангсиб турди, сўнг сапчиб ўрнидан қўпди. Кўзига оиласи ҳам, Наргиз ҳам кўринмади. Видеокамерани юлқиб олмоқ бўлиб Сотимбойга ташланди.

– Бер бу ёққа камерани!..

Шохлашаётган иккита ҳўкизнинг жангини бир чеккада онадан ҳозир туғилган қўзичоқдеккина бўлиб кузатиб турган Наргиз эс-ҳушини батамом йўқотган – шундан нима воқеа содир бўлаяпти-ю, кимнинг ким эканини ҳам фарқламай қолганди. Тимдалашиб-юмдалашаётган эркак¬лардан тисарилиб орти билан дазмол столига урилди. Ҳушёр тортди. Кейин қўлига оғир чўян дазмолни олди.

Ҳозирча нима қилмоқчи эканини билмаса ҳам аста-аста олдга қараб силжий бошлади. У орада кечган шу фурсат ичида жуда кўп нарсадан мосуво бўлганини фаҳмлади. Уятдан яширинадиган жой, аламдан қутуладиган бир имкон ахтарди. Ўзини шундай шармандали аҳволга тушишига сабабчи бўлган – мана бу икки ҳўкиз кўзига ёмон кўриниб кетди. Иккаласини ҳам мажақлаб, боши оққан томонга кетишни хаёл қилди. Оғир чўян дазмолнинг зарбидан юзига сачраган қон уни ҳушига келтирди. бошидан тизиллаб қон отилаётган Сотимбойнинг қўллари остидаги рақибининг бўғзидан бўшалди. Бир пас тек қотиб турди-да, сўнг шилқ этиб ёнига ағдарилди. Наргиз оҳиста чинқириб юборди...

Фарангис Наргиз пиёлага қуйиб берган муздеккина минерал сувдан ичиб бир оз ўзини босиб олди.

– Биласанми, Наргиз, назаримда уни ўлдиришди!..

– Кимни? – Шосалимни ўйлаб саросималанди Наргиз.

– Жобирбекни!

– Ҳа-а-а, шунга шунчами?! Эрингизга қайғуряпсизми дебман.

– Намунча, дийданг тош бўлмаса? Ахир, энди ҳаммамиз хавф остидамиз. Энди...

– Қўйсангиз-чи, опа! Роса ваҳима қиласиз-да. Хавф бартараф бўлди, десангиз – мана бу бошқа гап!

– Қандай қилиб?

– Ҳозир биз учун Жобирбекнинг сирларимиздан воқиф бўлиб қолгани энг катта хавф эди. Мана энди ундан қутулибмиз. Энди... – Наргиз тилига қалқиб чиққан кейинги жумлаларни айтмади. Фарангис опаси бўлса ҳам Шосалимни ундан олиб қўйгани учун, опанинг сингилда озгина адовати бор эди. Шунинг учун гапни бошқа ёққа бурди: – Энди сиз ҳам тинч яшайсиз! Мухбир қиз ниқобидаги кирдикорларингиз фош бўлишидан чўчимасангиз ҳам бўлади.

Наргиз ҳам Шосалим билан танишгунгача опасининг у билан кечирган саргузаштларини оғринибгина ҳазм қилиб келарди. Гарчи рашки мантиқсиз бўлса ҳам Фарангисни ундан қизғанар эди. Шунинг учун ҳам опасининг муҳаббатини қозонган Жобирбекнинг ўлимидан заррача ҳам қайғурмади. Аксинча, энди мана бу кошонани ўз номига ўтказиши, Сотимбойнинг ўлими туфайли узилиб қолган кайфу сафо турмушини давом эттириши мумкин...

Наргиз бу каби ҳолатни бошидан кечирган: қўли қонга бўялган жувон эканини опаси қаёқдан билсин! Сотимбойнинг жонсиз танасидан қутулиш учун кечирган дамларини-чи? Эрининг танасини қисм-қисмларга бўлаклаётган жазманининг ёнида туриб қарашиб турган чоғдаги изтироблари, қийма-қийма бўлган одам вужудидан кўзи тиниб йиқилганини опаси билмайди. Ўшандан бери гўштни кўрса кўнгли айнийди. Кўнглига яқин одами Шунқор билан ҳам ортиқ шакаргуфторлик қила олмади: бир-икки уннаб кўришди, аммо аввалгиларга ўхшамади. Тўшакка киришди дегунча, ўша воқеалар даҳшатидан Наргизнинг устидан кимдир совуқ сув қуйгандек бўлар – туйғулари ўчарди қоларди.

Шунқор ҳам шу воқеадан кейин анчагина ўзига кела олмай юрди. Ҳаловати йўқолди унинг ҳам. Айтишича, кетида Сотимбойнинг туфлисидан қолган из муҳрланиб қолганек туюлар эмиш. Кўринмайдиган жойда бўлса ҳам, ўтириб-турганида, одамлар ичида юрганида худдики ҳамма унинг орқасига қараётгандек, ноқулай сезар экан ўзини. Иккиси ҳам муносабатлари ортиқ бундай давом этиши мумкин эмаслигини фаҳмлашди. Уруш-жанжалсиз, гина-кудратсиз бир-бирларидан узоқлаша бошлашди. Айниқса, Наргиз учун бу айрилиқ оғир кечди. Эрининг ҳайҳотдек кошонасидаги фаровон ҳаётидан ажрагани етмагандек, жазманининг кулбасидаги миттигина шодлик ҳам унга насиб қилмади.

«Кимнингдир ўлими деб, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечадиган аҳмоқ йўқ!» Тош санамга айланган Наргизнинг кўнглидан шу ўй кечди. Ёмон гап, ножўя фикр илонни инидан, мусулмонни динидан чиқаради, деганлари бор гап экан. Фарангис шу топда ҳиссиз бут-санамга сиғиниб, нажот истаб ўтирган маъжусийга, Наргиз эса, улкан бир тош танага ўхшарди. У опасининг ёзғиришларига батамом нуқта қўймоқчи бўлдими ёки ўзининг мудҳиш қотиллигини оқламоқчими, ҳарқалай кескин бир ҳаракат билан ўрнидан турди:

– Бас! Одам ўлиш учун туғилади!..

56

Жиноятчи гуруҳ устидан олиб борилган тергов ишлари узоққа чўзилмади. Факт ва далиллар яна бир карра ўз тасдиғини топди. Иш судга оширилди. Фақат Шунқор масаласида тергов ишларининг кўлами бир оз кенгайди. У аввал ҳам тошкентлик бир савдогар йигитнинг изсиз йўқолиши муносабати билан сўроқ берганди. Ана шу ечимсиз қолиб келаётган жиноят бўйича унинг устидан яна бир иш қўзғалди.

Шосалим ҳибсга олинган куни бу воқеа бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди. Барчанинг оғзида бир гап: «Ёпирай, Жобирбекни дўсти ўлдирган экан. Ким ўйлабди дейсиз?!»

Биргина шу маълумот бекорчиликда сафсата сотиш учун озлик қилар эди. Шундан сафсатагўйлар қўшиб-чатиб ўзлари тўқиган тахминларни сўзлаб юришди. Эмишки, “Шосалим билан Жобирбекнинг хотини дон олишиб юрган эмишлар. Иккиси бир бўлиб Жобирбекни ўртадан олиб ташлаш режасини тузган эмишлар. Шосалим бор-йўғи ижрочи, аслида бу ишларнинг бошида хотини…”.

Гулчеҳра «миш-миш»лар дастидан кўчага ҳам чиқа олмай қолди. Терговга чақиришган чоғлари ғизиллаб прокуратурага ўтиб келар, бошқа пайтлари уйига қамалиб олиб, хонасидан ташқарига чиқмасди. Бир гал отаси билан эрининг жасадини кўриб, тасдиқлаш учун «морг»га бориб келди. бир уюм суякни кўрсатишди – Жобирбек, деб. Ҳушидан кетиб, йиқилиб тушишига оз қолди. Атрофдагилар суяб қолишди. Ўшандан бери уни ҳеч ким кўрмади. Сўзини эшитишмади. Болаларини ҳам ҳеч қаёққа чиқармади. Фақат Асқар ака аҳён-аҳён ул-бул бозор-ўчар ташлаб кетар эди. Бир куни кечки пайт қайнотасининг ҳузурига ўтди:

– Дада, бунчалар тошбағир бўлмасангиз! Бирор нима денг ахир! Одамлар мен ҳақимда ёлғон сўзлайдилар. Мен ўғлингизга қарши фитна қилмаганман – ишонинг! Аммо... у кишининг ўлимига мен ҳам айбдорман! Калтабин келинингизни сўкинг, уринг – кечиринг мени отажон!

Йиғлаб-ёлвораётган Гулчеҳра бошида қайнотасининг қалтироқ қўлларини сезди:

– Мени-чи? Мени ким сўкиб, ким уришади?! Ўғилларимнинг заволига аслида энг катта айбдор – мен-ку! Қодирбекнинг онасига ортиқча меҳр берган эканман. Шу меҳрнинг қурбони бўлдим. Болаларимга бало-қазо яқинлаштирмайман деб, ўзимга ортиқча бино қўйган эканман. Мана, жабрини тортаяпман! Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғини солмасин, тур, болам, боламнинг болаларини ўкситма – Худо сени ёрлақасин.

Отанинг кўзларидан дув-дув ёш оқди. Гулчеҳра учун бу кутилмаган ҳол эди.

– Сиз ўғлингизни кечирдингизми? Ахир ўликхонада...

Ота бир нима демади. Бир нуқтага тикилганча туриб қолди. Кейин яна ўша сўзни такрорлади: «У менинг ўғлим эмас! Ўликхонадаги жасад Жобирбек эмас!».

Гулчеҳра бир зум каловланиб қолди. Тагдор қилиб айтилган сўзнинг мағзини чаққач, «ялт» этиб отасига ўгирилди.

– Ота... Ўғлим тирик демоқчимисиз? Бунга асос қани?

«Танаси чириб кетган экан. Балки, вужуд уникидир, аммо бош чаноғи... Унинг жағида ясама темир тиш йўқ эди...» – ўйлади ота. Аммо дилидагини тилига чиқармади

– Ота, сизга шундай туюлгандир? Балки шундоқ бўлишини хоҳлаганингиз учун ҳам...

– Билмадим! Билмадим! Ҳарқалай энди мен ўлгунимча шу умидга таяниб яшайман. Сен эса... – сўзини давом эттира олмади. Кўзлари яна жиққа ёш билан тўлди. – Сен аза очиб, эрингдан ажраганингни элга маълум қил.

Гулчеҳра шу бир ҳимога маҳтал турганди. Отаси айтган аччиқ ҳақиқат бўғзида тиқилиб ётган йиғини етаклаб чиқди. У ҳўнграб йиғлаб юборди:

– Во-о-о-о тўрам, во жўрам! Ҳай шоҳ Ҳусан, ай алвидо!...

57

Акмал яқин орада бу қадар мириқиб ухламаган эди. Эрталаб тиниқиб уйғонди. Хотини, нонушта тайёрлаяпти шекилли, ошхона томондан унинг енгилгина оёқ товушлари эшитилиб турарди. У туриб кийинди. Ваннада юз-қўлини ювиб артинаркан, кўзгудаги аксига боқиб бир фурсат туриб қолди: “Ойнага қарамаганимга ҳам анча бўлибди. Қанчадан-қанча одамлар билан юзма-юз бўлдим. Қувонч ва қайғуларини тинглаб ҳамсуҳбат бўлибман-у, ўзимга ўзим қарамай қўйган эканман. Аҳён-аҳён кўзгу олдида туриб, ўз-ўзинг билан суҳбатлашсанг ёмон бўлмайди”. Жобирбекни эслади. У ҳам кейинги пайтлари иш деб, хизматчилик деб оиласидан узоқлашиб борган. Корхона атрофида кечаётган қинғир ишларни сезмаган. Айниқса Шосалимнинг кирдикорларини пайқамаган. Эр-хотин юзма-юз ўтириб дардлашмаган. Оқибати эса…

Акмал шу лаҳза хотини ҳақида ўйлади. Муносабатлари аввалгидек илиқ эмасга ўхшаб туюлди. Бир пайтлари хотинини уйқудан уйғота олмай хуноб бўларди. Ўрнидан туриб, уйқудан кўзларини оча олмай, тўшакда мудраб ўтиришларидан завқланарди. Ёшгина қизалоққа ўхшаб, «яна о-о-озгина ухлаб олай», деб ёлворишларини хуш кўрар, «шундай қилаверсангиз сиз билан гаплашмай қўяман», деб нозланишларини ёқтирар эди. Энди аҳвол тамоман бошқача. Эрталаб қачон уйғониб, тўшакдан қандай сирғалиб чиқиб кетишини ҳам сезмай қоляпти. «Ё мендан кўнгли совудимикин?» Хаёлида кечган бу ўйдан сесканиб кетди.

Нонушта учун тузалган стол устига оқ дока ёпиб қўйилган. Хотини балконда, дераза олдида кўчага қараб турарди. Аразлагандек орқасини ўгириб олган. Бу ҳолат Акмалнинг кўнглида ғимирлай бошлаган миттигина шубҳани тасдиқлагандек бўлди.

Эрининг оёқ товушини эшитиб хотини унга томон ўгирилди.

– Нонушта тайёр! Сизни кутаётгандим.

– Нонуштани қўя тур. Бир пас мана шу жойда, сен билан ёнма-ён турсам дегандим. Буни қара, кечагина қиш эди. Энди мана, ҳамма ёқ яшилликка бурканибди.

– Ҳа, бу йил қиш чўзилиб кетди.

Акмалга хотинининг гапи гинага ўхшаб туюлди. Қулоғига у: «бу сафар ишингиз чўзилиб кетди» қабилида эшитилди.

– Ҳа, қиш ҳам, иш ҳам бир оз чўзилди. – Акмал хотинининг елкасидан қучиб, бағрига тортди. – Энди ҳар қандай шароитда ҳам сени ёлғизлатиб қўймайман!

Хотини унинг пинжига яна яқинроқ сурилди. Бу ҳол Акмалга, боя кўзгу олдида кўнглидан кечган андишаларини айтиш имконини берди: «назаримда, мендан қаттиқ ранжиган кўринасан» деб якунлади у гапини. Эрининг сўзларига жилмайибгина қулоқ тутган Нилуфар ёқимтой чеҳрасини унга томон ўгирди.

– Муносабатларимиздан кўнглингиз тўқ бўлсин.

Акмал нонушта чоғи ўғлининг ўқиши, рўзғорнинг кам-кўсти билан қизиқди. Дам олиш куни оилавий тоғ сайрига чиқамиз деб ваъда берди.

– Унгача иш якунига етади. Бугун Худо хоҳласа, суд ҳукми ўқилади.

Кийиниб ишга отланаркан, Акмал йўлакдаги ойна олдида яна бир зум тўхтади. Аксига термулиб қолди. Сочининг икки толасига оқ тушибди – энди пайқади.

58

Судга келган одамлар залга сиғмай кетди. Жараён узоқ давом этди. Орқада тик туриб қолганлар ҳам ҳукм ўқилмаганга қадар тарқалишмади. Жиноят иши бўйича прокурор айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Оқловчи эса ўз ҳимоясидаги кишиларнинг жиноятларини юмшатиш учун турли важ ва сабабларни рўкач қилди. Гувоҳлар бир-бир чақирилиб, кўрсатмалари тингланди. Шу иш юзасидан судга гувоҳ сифатида таклиф этилган Наргиз Сотимбойга суиқасд қилганликда айбланиб, суд залида ҳибсга олинди. Жиноятчиларни назорат қилиб турган милиционерлар уни темир панжара билан ўралган айбдорларнинг қора курсисига ўтказиб қўйишди. У Шосалим, Шунқор ва Қиличнинг ортида бошини қуйи эгиб, мунғайиб ўтирган опаси Фарангис ва собиқ дугонаси Сакинанинг сафидан жой олди.

Шу пайт биринчи қаторда ўтирган кекса аёл чин¬қириб юборди. У ёлғизгина фарзандининг ҳажрида мункайиб қолган, эрини тупроққа топшириб бу ҳаётда на қувонч ва на орзу-умиди қолмаган муштипар она – Сотимбойнинг волидаси эди. Собиқ келини бўлмиш Наргиз ўғлининг қотили бўлганини ҳозир билди. Буни юраги кўтара олмади. Уни суд залидан олиб чиқиб кетишди.

Ниҳоят суд ҳукм олдидан маслаҳат учун зални тарк этди. Одамлар орасида шовур-шувур кучайди. Барча жиноятга берилажак жазо ҳақида гапирарди. Қулоққа тез-тез бир жумла: «Отиш керак бу маразларни» деган гап чалинарди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Шундан ҳеч ким Асқар ака кичкина қизчани кўтариб кириб келганини ҳам, уни ғамдан адо бўлиб, дунёга бефарқ бўлиб қолган Гулчеҳранинг қўлига топшириб чиқиб кетганини ҳам пайқамади.

Суд залига ёш болалар киритилмагани учун Гулчеҳра уни машинада ҳайдовчининг ёнида қолдирганди. «Ойимга бораман», деб хархаша қилаверганидан, Асқар ака қизчани танаффус пайти ойисига келтириб беришга мажбур бўлган эди.

– Ойи! Ойи-ж-он бу йейда нима бўлаяпти, консейтми?– қизчасининг силкилашларидан Гулчеҳра ҳушёр тортди. – Ойи, нимага дадам кеймадийа? У киши кансейт кўймайдийайми?

Гулчеҳра қизи ташқарида Асқар акани роса қий¬наганини фаҳмлади. Қўлида шоколад пайдо бўлибди. Ҳойнаҳой, овунсин деб Асқар ака олиб берган.

– Даданг келмайдилар, қизим! – Уни ё ўзини юпатмоқчи бўлиб сўзлади Гулчеҳра, – Дадангни ана у одам яшириб қўйган. Бизга қайтариб бермаяпти!

Қизалоқ ойиси кўрсатган томонга ўгирилиб қаради. «Ийэ, Шосалим амакиси-ку?!» Бир зум ўша томонга тикилиб қолди. Эҳтимол мурғаккина тасаввурида ўтган айрим воқеалар жонлангандир?

Ўшанда, Шосалим ҳар гал дадаси билан кетаркан: “Энди мен дадангни олиб кетаман, майлими”, деб сўрарди. Қизалоқ йўқ деб дадасининг оёқларини қучиб олар, Шосалим амакиси эвазига шоколад бергач эса унга рухсат этган бўларди. Шунданми, Гулҳаё ойисининг қўлида типирчилаб, кутилмаганда баланд овозда: «Шосам амаки, Шосам амаки» деб унга томон талпинди. Зал бирдан тинчиб ҳамманинг нигоҳи Жобирбекнинг беваси ўтирган курсига қадалди.

– Уни амаким, дема, қизалоғим. Ҳатто аллаким ҳам дема, у алланима, алламбало!..

Гулҳаё ойисининг гапларига тушунмади. Типирчилаб унинг қучоғидан сирғалиб тушди-да, айбдорлар ўтирган томонга чопқиллади. Яқин боргач, конвойлардан чўчидими ёки темир тўсиқдан ўта олмаслигини пайқадими, сал берида тақа-тақ тўхтади:

– Шосам амаки, – деди у ялинчоқ бир оҳангда, – сиз дадамни яшийиб қўйдийизми? Дадамни топиб бейинг – мана шижга шакаяд бейайми?

Қизалоқнинг кутилмаган бу чиқиши юракларни ўртагудек эди. Одамлар ичида ўтирган тошкентлик амаки – санатория боғбони ўзини тута олмади. Унинг сўзлари Шосалимга тикилган барча кўзларнинг, юраклардаги барча сўзларнинг ҳукми бўлиб янгради:

– Ҳе ойингни сен палидни! – алам ва изтиробдан андишани унутиб бўкириб юборди у. – Уйинг куйсин, қизталоқ, уйинг куйсин! Энди ҳамма боласининг дўстидан шубҳаланади-ку, мараз! Сенинг болаларинг билан энди ким ошначилик қилади?! Энди қандай бош кўтариб юрасан-а?! – Амаки тутаққаниданми ёки нафаси етмадими, бир зум жим қолди-да, сўнг Акмал дафтарига кўчириб ёзган «Ром»нинг чатилгани боис тикланмаган ҳарфини ифода эгувчи сўзни айтди: – Қора қузғун!..