OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифФред Макморроу
Асар номиМенга ҳимоя керак эмас (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Фред Макморроу
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАҳмад Аъзам
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Менга ҳимоя керак эмас (ҳикоя)
Фред Макморроу

Берт тўққиз яримда барга кирган пайти Жоржия у ерда йўқ эди. Берт ҳеч нарса гапирмади, фақат пештахта ёнига ўтиб, бир финжон қаҳва билан бренди буюрди.

У чоракта кам ўнда белгиланган ўн беш дақиқа ўтириб туриш учун пианино ёнидан жой олди. Жоржия ҳамишагидек, роппа-расо ўнда, соат охирги занг уриши билан чиқиб келиши керак эди.

Бар эгаси Жо Палермо Бертга хавотир билан қаради, кейин пештахта тепасидаги соатга, кейин яна Бертга тикилди. Лекин Берт унга қараб ҳам қўймади.

Ҳали эрта эди, лекин Берт ҳозироқ бугун қанақа мижозлар тўпланганини айтиб бера оларди. Уларга чидаса бўлади, ҳар қалай, «Рухсат беринг, Чарли пианинонгизни чалсин», деган аҳмоқона илтимослар билан хиралик қилмайдилар. Улар овқатланиш ёки гап сотишга эмас, Жоржия ва Берт учун келадилар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Жонинг бадига уриб кетган. Берт билан Жоржия иш сўраб келганларида, бу ернинг куни битиб қолаёзган эди, лекин, мана, уч ойки, энди уларни Винчелл, Лаёнс, Ню-Паркерга ҳам таклиф қилишяпти.

Саккиз дақиқа қолди. Берт «Мен эслайман»нинг нақаротини чалаётганда Жо унинг ёнига келди. Берт маромни секинлатиб, Жонинг нима деганини эшитиш учун юмшоқ педални босди.
— Нима гап? – деб сўради Жо.
— Нима гаплигини мен қайдан биламан, - деди Берт. Бунақа эмас – нима бўлганини у яхши тасаввур қилаётган эди.
— Хўп, у бугун келадими, йўқми? – деб сўради Жо.
— Ташвишланма, ошна, - деди Берт.
— Уриниб кўраман, - деди Жо ва нари кетди.

Тўрт дақиқа қолди.

Берт уч нақаротли блюзни, Жоржиянинг чиқишига пешвоз ўйналадиган махсус блюзни ижро қилди. У блюзни чалган пайти Жоржия залга қўшиқ айтиб кирар, столлар оралаб ўтиб, фортепяно ёнидан одатдаги жойини эгналлар эди

Жоржия си-бемолдан бошлаши керак эди. Берт нотани олди, лекин ҳеч нарса бўлмади. Электротехник реостатларни улади. Бу шунақа сезиларсиз бўлардики, Жоржиядан бошқа ҳеч ким эътибор ҳам қилмас эди Яна ҳеч гап бўлмади. Берт тезда «Шўх йигитлар»га ўтди, залдаги лампочкалар яна тўла ёришиб кетди.

У мижозларнинг ҳаяжонга тушганини пайқади. Залга қараб олди. Эшик олдида чорпахил бир йигит, политсия агенти бўлса бордир, Жо билан гаплашаётган эди. Жо уни столга бошлаб борди-да, кейин Бертнинг ёнига келди. Берт номерни тез якунлаб, жойидан турди. Мижозлар уни хушфеъл чапак билан олқишладилар, лекин олқишларида салгина зарда ҳам билиниб турар эди.
— Берт, - деди бўшашган овоз билан Жо. – бориб анави йигит билан гаплаш.
— Нима керак унга? – деб сўради Берт.
— Билмадим, - деди Жо. – Менга айтмади. Лекин биламан, ёмон бир нарса бўлган, жуда ёмон. Биласанми, Берт, мен бунақа нарсаларни сезаман.
— қулоқ сол, Жо, - деди Берт. – Яхшилаб эшит. Сенинг сезишингга тупурдим. Лекин сир бой бермасликка урин. Жо, агар ўзингга, менга, Жоржияга зарари тегмасин десанг. Ҳозир қўлингдан келадигани шу. Уларнинг қанақа мижоз эканини биласан-ку.

Жонинг ранги мурдага айланди.
— қанақа мижоз? Кимни гапиряпсан? – деб билжиради у.
— Нима, расмини чизиб кўрсатайми сенга? – деди Берг. – Ҳа, кейин, эшит, ўрнимиза одам топишинг керак. Бир жуфтни биламан – Энди билан Элис. Айни иш излаб юришибди. Мен биламан, йўқ дейишмайди.
— Ҳозир? Шу пайти-я?
— Ҳозироқ, - деб Берт ҳамёнидан ён дафтарчасини олди. – Мана, манзили. Сим қоқишинг мумкин. Улар уйида бўлиши керак.
— Лекин, кўряпсан-ку, бунақа кутилмаганда, - деб чайналди Жо.
— Э, сен хавотир олма. Эплайди улар, - деди Берт. – Ўн беш ддақиқада етиб келади. Ҳозир қўлингдан келадиган жўяли иш ҳам шу.
— Э худойим, сезяпман, бу мени ўлдиради, - деб ҳиқиллади Жо.
— Уларга сим қоқ, - деди яна Берт. – Хавотир қилма. Эплайди улар.

Берт ёнига борганида стол ёнида ўтирган новча йигит у билан кўришишга ўрнидан турмади.
— Сиз Берт Хейберми?
— Бўлиши мумкиндир. Сиз кимсиз?
— Жек Бертон, қидирув политсияси вакили, Манхеттен-Истдан. Сиз танишмисиз...
— Аввал нишонингизни кўрсатинг, бошлиқ. Йўқ, бунақа эмас. Менга беринг-чи, яқиндан кўрай.

Лекин Берт энди нишонга қарамаса ҳам бўлади. Унинг бўртма шаклга, қидирув политсиясининг хос тамғасига қўл тегизиши кифоя эди. У нишонни эгасига қайтарди.
— Бўпти, - деди у. – Мен Берт Хайбер.
— Сиз танишмисиз... – Политсиячи кўкрак чўнтагидан қоғозга ўралган фотографияни чиқарди. – Мана шу аёл билан?

Берт фотографияга қаради, кўзларини қисиб, худди жирканч бир нарсани кўргандек, уни отиб юборди.
— Ҳа, - деди ниҳоят. – Лекин айни шу фотографияни кўрсатишнинг сизга нима кераги бор?
— Бизда бошқаси йўқ, - деб тушунтирди вакил. - Шахсини аниқ белгилашимиз керак, ҳозирча қўлимиздан келгани шу – ўликни жиноят жойида фотога туширдик.
— қаерда? – деб сўради Берт. - қаерда?
— Иккита тураржой туташ жойда, Эллик бешинчи кўча, тўққинчи билан ўнинчи авеню ўртасида. Ўша атрофда турармиди?
— Йўқ, - деди Берт. - қачон топдингиз уни?
— Бу жуда қизиқ савол бўлди, - деди вакил.
— «қизиқ» деганингиз нимаси? Нима демоқчисиз?
— Айтдим, қўйдим-да, - деди вакил маънисиз бир овозда. – Балки нима демоқчилигимни сиз биларсиз, мистер Хайбер?
— А, бунақами, - деди Берт. – Тушунаман. Шундай бўлишини олдиндан билгандек гапиришим сизга ғалати туюляпти. Хўш, нима бўпти, балки ростдан шундайдир. Фақат қачон, қаерда, қандай бўлишини билмасдим.
— Айтолмайсизми, кеча кечқурундан бошлаб, бугунгача қаерда бўлганингизни?
— Албатта, айтаман. Ҳаммаси тугагандан кейин, Жоржияни уйига кузатдим....
— Ҳар куни уни кузатар эдингизми? У қаерда турган? Аниқ қайси вақтда у билан хайрлашдингиз?
— Кейинги икки ҳафта бўйи уни кузатишимга тўғри келди. Кимдир кузатиши керак-ку. У олтмиш биринчи кўчада турарди. Бу ердан икки маҳалла нари, агар шимолга тўғри юрилса. У билан хайрлашганимда тўртдан бир дақиқа ўтган эди. Аниқ эсимда, чунки вестибюлдаги соатга қараган эдим.
— Барвақт эмасми, нима дедингиз? Айтмоқчи эдимки, иш жойингиз тўртда ёпилади, у ёққа бориш учун бир дақиқа эмас, кўпроқ, демак...
— Ҳа, ҳали барвақт эди, - деди Берт. – Гап шундаки, ўзимни қай бир маънода у учун жавобгарман деб билардим. Кейинги икки ҳафтадан бери Жонинг барни бекитишидан анча олдин олиб кетар эдим, бизни билиб қолишмасин деб. Ёпилиш олдидан одатда тўс-тўполон бўлиб қолади, билдирмай чиқиб кетиш мумкин.

Вакил қўлини қовуштириб ўтирар, бош ирғаганча эшитар эди. Жо стол тепасига келди.
— Ҳаммаси жойида. – еди у. –Уйида экан улар. Шу дақиқада етиб борамиз дейишди. Сенга раҳмат деб қўйишимни сўрашди.
— Арзимайди, - деди Берт. У энди ўрнига ўрин топилганидан кейин Жонинг унча бебахт тўтмаётгани, Жоржиянинг бошига тушган воқеага ҳам тупургандек кўринаётганини пайқаб, зардаси қайнади. Лекин ҳали унинг ҳеч нарсадан хзбари йўқ. Нима қилибди, газетадан ўқиб олади.
— Балки жаноблари ичиб олар, - деб сўради Жо.

Вакил рад қилди.
— Биллга айт, менга икки ҳисса коктейл берсин, - деди Берт. Жоржия яхши кўрган коктейл. У доим Жоржия учун чаладиган куйни эслади. Бунақа коктейлни қандай тайёрлашади, а? Апелсинни сиқиб, гилос сувини қўшадилар... – Йўқ, - деди у, - майли, виски берсин, муз солиб.
— Хўп. Албатта, Берт, албатта, - деди Жо ва пештахтага ошиқди.
— Хўш, шундай қилиб, - деди Берт. – Уни кузатиб қўйганимдан кейин, уйга бордим. Уйда ётдим, кечқурун олтигача ухлабман. Уйғонганимдан кейин Жоржияга сим қоқдим. Ҳеч ким жавоб бермади.
— Ҳа, бу олтида бўлган эдими? – деб сўради вакил ён дафтарчасига белги қўйиб.
— Керак эмас, - деб сўради Берт.
— Нима керак эмас?

Берт барваста вакилга эгилиб, унинг қўлига қўл тегизди.
— Улар билади-ю нима бўлганини, ўзлари қилган иш-ку. Ахир, ҳозир бизни кузатиб турган бўлишлари мумкин, менинг нимани билишимни билиш учун.

Вакил унга диққат билан тикилиб, ён дафтарчасини четга сурди.
— Майли. кўряпманки, сизнинг дахлингиз йўқ, - деди у. – Менга, ҳалиги, нима эди, жавобгарлик ҳиссими, шуни айтиб беринг. қачондан бошланди сизда?
— Хўп, биласизми, мен ишда умуман шеригим учун ўзимни жавобгар деб биламан, шерик айниқса қиз бўлса, - деди Берт. – Сиз чалаётган пайтингизда йигитларнинг уч қадаҳ виски ичгандан кейин қандай сурбетлашиб кетишини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Улар, биласизми, бизга ҳамма нарса мумкин, ҳаммасининг пулини тўлаяпмиз, албатта, қиз ҳам шунга киради, деб ўйлайдилар.
— Сиз менга бир нарса айтмоқчи эдингиз, - деб эслатди Бертон. – У аёл билан қанақа муносабатда эдингиз?

Берт жилмайди.
— Жуда бошқача, - деди у. – У куйлаган пайти, мен у учун чалардим, мижозлар жим бўлиб эшитарди, шунда бир-биримизга қараб қўйсак бас, шу кифоя, ўртамизда қанақадир кўринмас ришталар борлигини сезиб турар эдик. Мана, бор-йўғи шу, холос. Фақат у куйлаганда. Фикримни унча аниқ айтолмаяпман шекилли?
— Сўрамоқчи эдим: у билан ётганмисиз?
— Йўқ.
— А бирон марта истаганмисиз?
— Бемаъни савол. Ким истамайди?
— Лекин уриниб ҳам кўрмаганмисиз?
— Йўқ.
— Нега – йўқ?
— Биласизми, бунақа нарсаларга ўзимча қарайман. Мен Эзопнинг биттаю битта масалини биламан, бу - тилла тухум қўйган ғоз тўғрисида. Ё тухум қўймаганми?
— Мистер Хайбер, - деди Бертон. –Бу ишда Семми қўқилнинг қўли бор деб айтишга бизда асослар бор.
— Нега бундай деб ўйлайсиз?
— Уни қандай аҳволда топганимизга қараб айтяпман. Шунинг иши бу.
— Ҳа. Суратини кўрдим-ку. Даҳшат!
— У Семми қўқилни билар эдими?
— Уни билмаган одам борми!
— Э йўқ, мен айтмоқчиманки, у билан...
— А, бу маънодами! Йўқ.

Дастёр виски олиб келди, Берт томоғига тиқилган нарсани ютиш учун қадаҳнинг ярмини ҳўплади. У қўлидаги найчани айлантириб, «Бечора Билл, - деб ўйлади. – Буфетчилик қилса бўлар экан. Музли вискига найча солса-я! Бечора Билл».
— У Семми қўқилни бирон марта кўрганми?
— Ҳа.
— Шуни менга айтиб беролмайсизми?
— Йўқ. Лекин, нима, айтиб беришим керакми?
— Шундай.
— Хўп, майли. Сизга олдин ҳам айтдим-ку, бунга икки ҳафта бўлди. Бу ерга эндигина жон киргизаётган эдик. Унинг қўшиғини эшитганмисиз бирон марта?
— Йўқ. У Семми қўқилни биринчи марта қачон кўрган?
— Ўн биринчи санада. Мен уйга бораётиб газета олганимни эслайман, кейин, келганимиздан бери биринчи марта эди. Ўша даҳшатли кун бир умр эсимдан чиқмайди.
— Нимаси бунча даҳшатли?
— Семми кечқуруни билан шу ерда бўлди. Мен унинг ўзини, югурдакларини пианинога ўтиришим билан кўрдим. Блюзнинг учта бандини ўйнадим, бу унинг чиқиш блюзи, яъни унинг чиқиб келишига блюз эди. Жоржия залга кирди, унинг эса сўлаги оқиб кетди.
— Унга шилқимлик қилдими?
— Э йўқ. Бирдан эмас, ҳар қалай, - деди Берт. – бошда мўмингитна эди. Кечқуруни билан бизга вино йўллади, эртаси куни Жоржия бир катта сават гул олди. У қаердан манзилини билган, ақлим етмайди.
— Ўз усуллари бор, керак нарсани шундай билиб олишадики, - деди вакил.
— Кечқурун яна ўша ерда эди, лекин энди сурбетроқ бўлиб ҳаракат қилди.
— Сиз эса қиз учун ўзингизни жавобгар ҳис қилдингиз?
— Ҳа-да, - деди Берт. – Биласизми, бу йигит ёққанда ҳам, бари бир, уни ундан ташвиш қилардим, лекин гап шундаки, уни кўргани кўзи йўқ эди. Бизникига ўхшаган касбда шилқим хушторлардан қутулиш учун кўп нарсани ўрганишга тўғри келади. Лекин буни эплаб бўлмади. Охир-оқибат уни одамлар ўртасида бир-икки марта изза ҳам қилди. Кейин шу охирги кечада ҳам.
— Нима бўлди ўзи?
— Ҳаммаси шунда бўлди-да, - деди Берт. – Жоржия кийимини алмаштириш учун хонасига бораётган эди. Семмининг столи олдидан ўтаётганда, у қўлидан ушлаб олди, худди ушлайверишга ҳаққи бордек. Шунда Жоржия Семмининг столидан стаканни олди-да, унинг кўйлагига сепиб юборди.
— Ҳа, бунақа экан-да, - деди вакил. – унда нега қони қайнаб кетгани тушунарли. Бунақа башанг кам топилади.
— Кейин мен ҳам қараб турганим йўқ, - деди Берт. – Биласизми, нима қилдим? «Шаршара бўйида»ни чалдим. Э худойим, залда шунақа ваҳ-ҳа-ҳа кўтарилдики! Ахир, нима бўлганини ҳамма кўриб турган эди-да. Ҳатто Берт Лар ҳам бутун санъати билан томошабинларни бундай кулдирмагандир. Шунда Семми ўрнидан турди-да, тўдасини эргаштириб чиқиб кетди, лекин мижозлар кулгидан тўхтамаган эди.
— Ҳа, унда тушунарли, - деб гап қўшди вакил. - Семми кечириши мумкин, лекин устидан кулганни – ҳеч қачон. Кейин уни дарров уйига олиб бордингизми?
— Дарров эмас, - деди Берт. – Биласизми, ўзимдан жуда рози эдим. Яна икковимиз учун фахр. Пештахта ёнига бориб, ичдим. У ерда яна анави йигит бор экан. Ёнимда ўтирган эди, худди бу гапларнинг унга мутлақо алоқаси йўқдек. Шунақа хушсурат бир йигит, суғурта вакилими, ишқилб, кўриниши шунақароқ. Менга гап ташлади.

«Жуда хурсанд кўринасан», деди.

«Ҳа, жуда хурсандман»,деб жавоб бердим.

« Хўш. Сени хурсанд кўрганимдан мамнунман, - деди суғурта вакили. – Сени бунақа кайфиятда эканинг менга жуда ёқади.»

«Сен учун бахтлиман, - дедим мен. – Сен билан нимани гаплашамиз?»

«Узоқ гаплашишимиз шарт эмас, - деди суғурта вакили. – Бир-биримизни яхши билгандан кейин гапнинг ўзи ортиқча.»

«Фалати экансан-у, - дедим мен. – Сени билмайман, тўғрисини айтсам, ҳозир сен билан гаплашишга тариқча хоҳишим ҳам йўқ.»

«Лекин мен сени биламан, - деди у. – Сен Берт Хейбер.»

«Хўш, нима қипти?», деб сўради у.

«Сен эллик тўртинчи уйда, тўртинчи қаватда турасан, уйингда лифт йўқ, сен фақат кундуз кунлари бўласан», деди у савдойи.

«Нега менга буларни айтяпсан? Бу йил ҳаётимни суғурта қилдириш ниятим йўқ, ошна», - дедим.

«Ниятинг йўқ? – деб сўради у. – Сенинг ўрнингда бўлсам, суғурта қилдирардим. - Кейин у менга эгилди-да, бирдан қўлимни сиқди, мен тортиб улгурмадим ҳам. – Менингча, бир-биримизни яхши тушундик, тўғрими, мистер Хейбер?», деди-да, шу заҳоти кетди. Ўшаларнинг ғирт ўзи, а?
— Ҳа, - деб қўшилди агент.
— Улар сенга олдиндан айтиб қўймайдилар, дўқ қилмайдилар, шундай қилишадики, нима бўлганини ҳам билмай қоласан.
— Э-, буни ўйлаб ҳам ўтирмайди улар, - деди вакил.

Берт Биллга яна виски келтиришга ишора қилди.
— Мен уни уйига кузатиб кетдим, - деб давом эттирди Берт. – Унга уйда бир ўзи қолишинг мумкин эмас, мен ҳам сеникида ётиб қолай, ё сен юр, бизникида ёт, ё ҳеч бўлмаса, политсияни чақириш керак, дедим. Лекин у менга хайрли тун тилаб, ўпиб қўйди, э худойим, тоза, айбсиз бир ўпич! – яна «Ташвиш қилма, кичкинтой. Онаси катта бўлиб қолган», деди.

Вакил кетишга ҳозирлваниб, тугмаларини ўтказди.
— Хўп, нима энди, бизга яхши маълумотлар бердингиз, мистер Хейбер. – деди у. – Ўйлашимча, бу ишни энди тез тугатамиз. Ҳа, айтганча, сизга бирон нарсадан фойдамиз тегмайдими?
— Менга нимадан ҳам фойдангиз тегади?
— Балки, сизга ҳимоя керакдир?
— Э йўқ, керак эмас.
— Уни ҳибсга олганимизда сиз гувоҳ сифатида бизга керак бўласиз.
— Хўп, мени истаган пайтингиз топасиз.
— Биласизми. Бизда кафолат бўлиши керак. Ахир, сизни тополмай қолсак, бутун ишимиз чаппасига кетади.
— Хавотир қилманг, доим жойимда бўламан, - деди Берт. Дастёр яна виски келтирди, Берт шу затоҳи охиригача ичиб юборди.
— Мистер Хейбер, - деди вакил. – Сиз, яхшиси биз билан юринг. Ўзингиз биласиз, айтиб бўладими нима бўлишини? Ёрдамингиз эса бизга шундай керакки.
— Кўпга чўзиладими? – деб сўради Берт.
— Эрталабгача тугатамиз деб ўйлайман,
— Шунча тезми? – деб сўради Берт. – Унда, майли.

Залдан чиқаётиб Энди билан Элисга дуч келдилар. Уларнинг иш учун Бергга миннатдорлик билдириб бўлишларини Бертон одоб билан кутди. Берг уларга нима юз берганини айтмади. Улар ҳам газетадан ўқиб олар.

Улар ёпиқ кулранг автомобил ёнига келдилар.
— Ўтиринг, ёрдамчимнинг ёнига, - деди Бертон.

Берт ўриндиққа чўкиб, ёнидаги одамга ҳатто қарамади ҳам. Бертон рулга ўтирди ва улар Ист-Ривер томонга учдилар. Берт ёнида ўтирган одамга қараш учун ниҳояти ўгирилди.

— Хайрли кеч, ошнам, - деди суғурта вакили.