OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒафур Шермуҳаммад
Асар номиБаракасини берсин (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғафур Шермуҳаммад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм169KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 12-сон, 2010 йил


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Баракасини берсин (қисса)
Ғафур Шермуҳаммад

Туни билан диққинафас катакда беғам ялпайиб ётган бир гала макиённинг орасида тоқати тоқ бўлган бабоқ хўроз ниҳоят, чўзиб-чўзиб қичқирди. Унинг ғазабидан қўрқиб, бир чеккада қунишибгина тонг оттирган жўжахўроз ҳам узуқ-юлуқ товушда унга жўр бўлди. Аммо бабоқнинг адоватли қанот қоққанча ўзига яқинлашиб келаётганини кўриб дарров уни ўчди. Зумда атрофни хўрозларнинг қичқириғи тутиб кетди.

Туянинг ўркачини эслатувчи баланд қир-адирлар этагидаги дўппидеккина Чорбоғ қишлоғи узра тонг ёриша бошлади. Кечқурун ширин тушлар кўриб, халимдеккина кайфиятда уйғонган Ўтаган бува бомдод намозига таҳорат ушатмоқ ниятида офтоба кўтариб ташқарилади...

Эсимизнинг борида бир гапни айтиб қўйганимиз маъқул. Бу дунёда ҳар бир банда нимагадир ишқибоз бўлади. Ўтаган бува ҳам айни куч-қувватга тўлган, навқирон пайтларида хотинига ошуфта эди. Ўзиям Чучук момо ёшлигида гажак зулфлари ойнинг ўроғини эслатадиган, икки ўрим сочлари тақимини ўпган, хумор кўзлари юракни куйдиргувчи, оппоқ қуйруқдеккина жувон эди. Лекин вақт ўтиши билан унинг ана шу латофатидан ҳам путур кетди. Қаригани сари Чучук момонинг узун сочлари кўкиш тусли эчкининг думидек калта тортиб, сарвдек қомати гўё сўроқ аломатига айланиб қолди. Тан олиш керак, бу пайтда Ўтаган буванинг ҳам аҳволи мақтангулик даражада эмас эди.

Кампиридан ҳафсаласи пир бўлган Ўтаган бува ўзига янги эрмак топди − эрта-ю кеч томорқадан чиқмайдиган одат чиқарди. Гарчи бели бўшашиб, юраги чўғи ўчган тандирдек совуб қолган бўлса-да, ҳартугул билагида қуввати бор экан, бир-икки йилда кенг-мўл ҳовлисини нақ Эрам боғига айлантириб юборди. Ҳозир кўрган одамнинг ҳаваси келади.

Ўтаган бува ҳосилининг залворидан шохларига хачча тираб қўйилган олма дарахти рўпарасида бир лаҳза оёқ илди. Ҳар бири чақалоқнинг калласидай келадиган олмалардан бирини авайлаб ушлаб, азза-базза ҳидлаб кўрди-да, мамнун бош чайқади. Тонг нурларига ғарқ бўлиб ётган боғни кўздан кечираркан, чувак юзидаги табассум янаям қуюқлашди. Ёмғирдан бебаҳра қолган лалми майса каби сийрак ўсган қошлари тагида кўндалангига қийиб очилгандек зўрға билиниб турган “хитойи” кўзлари баттар қисилиб, бир жуфт чизиққа айланиб қолди.

− Бай-бай-бай! Чимилдиқдаги келинчакдай ноз¬ла¬нади-я...

Кутилмаганда Ўтаган буванинг дами ичига тушиб кетиб, жойида тошдек қотиб қолди. Чумагидан ҳовур кўтарилаётган илиқ сув тўла офтоба қўлидан сирғалиб ерга тушди. Чунки бу пайтда Шоймирзанинг эгиз улоқли кал эчкиси олдинги оёқларини ишкомга осилтирганча мириқиб барг кавшамоқда эди.

Ўтаган буванинг хуш кайфиятидан асар ҳам қолмади. Ғазабнинг зўридан юпқа лаблари пир-пир учиб, иягида осилиб турган бир тутамгина соқолигача титраб кетди. Қийиқ кўзлари шишаси артилган мойчироқдек чарақлаб очилди. Нажот кутгандек теваракка умидвор аланглади. Тандир бошида ётган узун темир косовни қўлига олиб, эчки томон пусиб бора бошлади.

Дунёда эчкидай бемаза ва ҳушёр махлуқ бошқа топилмаса керак. Бунинг устига, Шоймирзанинг кал эчкиси бот-бот Ўтаган буванинг ғазабига дучор бўлавериб юрак олдириб қўйган эди. У барг ейишдан тийилиб, қулоқларини дикрайтирганча чол томонга қаради. Сўнг зорланиб маъраганча эгиз улоқларини эргаштириб қочишга тушди.

Ўтаган бува бор кучини билагига жамлаб, эчкига косов улоқтирди. Шошганидан мувозанатини йўқотиб ўзи ҳам лойи селгиб улгурмаган ариққа чалқанча йиқилди. Эчки қолиб, ишкомга бориб теккан косов уч-тўрт бош узумни юлиб тушди. Кал эчки эса эгиз улоқлари билан ҳовли девори тагидаги ариқдан сирилиб чиқиб кетди.

− Вой белим-ей... Ўлдим-а! – дея ингради Ўтаган бува оғриқ ва аламнинг зўридан кемшик тишларини ғижирлатиб. Сўнг лой ариқда у ёқдан-бу ёққа ағдарилган куйи бир муддат уялаб ётди. Амал-тақал қилиб ўрнидан турди-ю, шу заҳоти белини чангаллаганча эгилиб қолди.

− Ҳа, тишинг тўкилгур, шумтуёқ, касофат! – дея Ўтаган бува бисотидаги “теша тегмаган” қарғишларни ипга тизилган маржондек бирма-бир қалаштириб ташлади. – Шунча зироатни сенинг гўммик қорнингни қаппайтириш учун парваришлаб ўтирибманми, томоғингга дўққи чиққур!.. Бу шайтондан ўрчиган қўтир махлуқ қачон ёрилиб ўлади-ю, мен қутуламан?! Ўзининг шумшуклиги етмагандай энди болалариниям эргаштириб келибди! Муштдайлигидан ўғирликка ўрганган бу улоқлардан эртага нима кутасан!

Ўтаган бува сўкина-сўкина боғ оралади. Бу ердаги манзара жуда аянчли эди. Баҳорда экилган нимжонгина йўнғичқа майсалари устидан бир уюр йилқи галаси ўтгандек ер билан битта бўлиб ётибди. Кечагина суғорилган сабзи эгати эчки-улоқларнинг туёқлари тагида беаёв топталгани етмагандай, уларнинг қумалоғига тўлиб кетган. Афтидан, Шоймирзанинг шумшук эчкиси болалари билан бу ерда тун бўйи «базм қурган» кўринади.

− Бу зараркунанда мени буткул хонавайрон қилади! – дея зорланди Ўтаган бува надомат билан бош чайқаб. Токнинг тагида тупроққа қоришиб ётган ҳусайни ғужумларига кўзи тушгач, сабр косаси тўлиб кетди. − Тўқол ялмоғизни шу қўлларим билан чавақлаб, ичак-чавағини кал калласига салла қилиб ўрамасам, одам эмасман!

* * *

Аллақачон тонг отиб, офтобнинг қизғиш нурлари дов-дарахтларнинг учини ёрита бошлаган бўлса-да, Шоймирзанинг ҳовлиси ҳамон сув қуйгандек жим-жит эди. Қўшни ҳовлидан қорнини қаппайтириб чиққан кал эчки оғилхона олдида эгиз улоқлари билан баҳузур кавш қайтариб ётарди.

Сувоқлари кўчиб тушган пастак деворга қордек қалаштириб қурилган ёғоч дарвоза малол келгандек ғижирлаб очилди-да, Ўтаган буванинг қаҳрли чеҳраси намоён бўлди. У яккам-дуккам дарахтлар бетартиб ўсган, экин-тикинсиз қақраб ётган ҳайҳотдай ҳовлини олазарак кўздан кечирди. Оғилхона олдидаги кал эчкига нигоҳи тушиб, бир лаҳза қотиб қолди. Ўлжасига ташланишга ҳозирлик кўраётган арслон каби уни диққат билан кузата бошлади. Сўнг важоҳатли қиёфада пичоқ ўқталганча ичкарига бостириб кирди.

− Ўлдираман сен шумғияни! Тухумингни қури¬таман!

Эчкигаям жон ширин. Жонивор эгиз улоқларини ортидан эргаштириб боягидан қолишмайдиган чақ¬қонлик билан ҳовли айланиб қочишга тушди. Шоймирзанинг сокин ҳовлиси бир зумда тўс-тўполон бўлиб кетди.

Ошхонада хамир муштлаётган Бибисора шовқинни эшитиб деразадан ташқарига мўралади-ю, бир муддат анқайиб қолди. Ҳартугул у ҳозир бу ғаройиб қувлашмачоқни томоша қилиб ўтиришнинг мавриди эмаслигини дарҳол тушунди. Хамир юқи қўлларини этагига ишқалаганча уй томон йўрғалади.

Одатда, эрталаб Шоймирзанинг уйқуси авж пардага чиқарди. Бибисора эрининг ороми бузилишидан ҳадиксираб, тонг ёришиши билан дераза пардасини тушириб қўярди. Шоймирза нимқоронғи хона тўридаги қават-қават тўшакда чалқанча ётганча баҳузур хуррак отар, уч-тўртта кўзи ўткирроқ пашша эрталабки намак илинжида унинг карракдек очилиб қолган оғзи атрофида уймалашарди.

Бибисора шошиб ичкарига кирди-да, бахмал пардани ланг очиб юборди. Эшик-туйнуги берк бўлганидан ҳавоси анча бузилиб, димиқиб қолган хона зумда ёришиб кетди. Сопол ҳуштакнинг манқа жарангини эслатувчи хуррак товуши дафъатан узилиб қолди. Шоймирза юмуқ кўзларини баттар қисиб, дўрдоқ лаб¬ларини чўччайтирди. Ўтакаси ёрилган хирапашшалар ғунғиллаб ҳар тарафга учиб кетди. Ҳайтовур шу заҳотиёқ ҳаммаси жойига тушди − Шоймирзанинг хурраги яна ўз маромида давом этди.

Бибисора қош чимириб, эрини турткилашга тушди:

− Ҳой, турсин ўрнидан! Тезроқ ташқарига қарасин.

Шоймирза кўзларини аранг йириб, унга маъносиз тикилганча:

− А?.. Нима дейсан? Тонг отдими? – дея ғўлдиради.

− Ҳовлида Ҳамсоя бува эчкимизни қувиб юрибди. Оқшом яна томорқасига ошганга ўхшайди.

− Ҳа... Ўтаган бува келдими?

Гўё зулмат қўйнида “йилт” этган чақмоқ шу заҳоти сўнгандек, Шоймирзанинг ёшли кўзлари дўмбирадек қовоқлари орасида ғойиб бўлди. У ён томонига ағдарилиб, уйқусини қолган жойидан давом эттирди.

− Вой тавба! Бу киши бир ухласа, қуйруғини кесиб кетсаям билмайди-я! – Бибисора эрининг тўшакка сузма халтадек осилиб тушган қорнини қўш қўллаб қитиқлашга тушди. – Кўзини очсин дейман!

Шоймирза гавдасига ярашмаган чаққонлик билан сапчиб ўрнидан турди.

− Тентак-пентак бўлганинг йўқми мободо! – деди у кўзларини ваҳимали олайтириб. – Бу нима қилиқ?!

− Ҳовлида Ҳамсоя бува эчкимизни қувлаб юрибди! Ана, эшитмаяптими?

Шоймирза гарангсиган қиёфада ташқаридан келаётган бақир-чақирга қулоқ тутди. Сўнг ноилож ўрнидан қўзғалиб, кийина бошлади.

− Тезроқ бора қолсин, − дея шоширди Бибисора уни. – Ҳамсоя буванинг ажинаси қўзиганга ўхшайди. Қўлида ойболтадай пичоқ! Тутиб олса, эчкиниям, болалариниям бўғизлашдан тоймайди.

− Бу чолнинг дастидан уйингдаям тинч ётолмайсан! – пишқирди Шоймирза алам билан. – Қариганда феъли айнаб қолди. Бошқа иш қуриб қолгандай, қачон қарасанг бизнинг эчкини диконглатиб қувиб юради.

Шоймирза кўзларини уқалаганча ташқарилади. Эчкининг кетидан бесамар югуравериб ўпкаси ҳалқумига қадалган Ўтаган бува унга кўзи тушиши ҳамон таппа ерга ўтириб олди-да, ҳансираб нафас ола бошлади. Шоймирза ҳеч нарсага тушунолмаётгандек маъсум қиёфада бир эчкига, бир Ўтаган бувага қаради.

− Ассалому алайкум, Ҳамсоя бува, − деди у хир¬қироқ товушда.

Ҳар нафас олганда бутун гавдаси кўтарилиб-тушаётган Ўтаган бува аликни насия қилиб, унга адоватли қараш қилди.

− Ия, биз бемаҳал қичқирган хўрозга ўхшаб бу кишимнинг ширингина уйқусини бузибмиз-да! – деди у киноядан ҳам кўра кўпроқ қаҳр-ғазаб уфуриб турган оҳангда.

− Рўзғор ташвишлари билан бўлиб оқшом кечроқ ётган эдим, − деди Шоймирза қуюқ жун қоплаган хандалакдек қорнини силаб. – Шунга...

− Қорнингни ёп-е, бетамиз! – Ўтаган бува пешонасини тириштирди. – Рўзғор ташвишлари эмиш! Биламиз, ҳар оқшом нима иш билан шуғулланишингни!

Шоймирза хижолатли илжайиб, шоша-пиша кўйла¬гининг тугмаларини қадади.

− Бу кишимлар чошгоҳгача кўрпани саситиб ётсинлар. Биз шумшук эчкисини боғимизда ўтлатиб берайлик. Чўрисимиз-да бу эчкили бойнинг!

− Эчкимизни оқшом боғлаб қўямиз, − деди Шоймирза бепарво оҳангда. – Боғингизга бошқа бировнинг моли ошган чиқар-ей...

− Ай, Райим калнинг сағири! Индамаса, сен мени ёлғончига чиқаришдан ҳам тоймайсан! – деб пичоқ тутган қўлларини пахса қилганча ўшқирди Ўтаган бува. – Ҳозиргина бу эгангни егурни ўзим томорқадан қувиб чиқардим-ку?

Ўтаган буванинг сўзларини маъқуллагандек бош ирғаб эшитган Шоймирза бир чеккада болалари билан қунишиб турган кал эчкига хўмрайиб қараб қўйди.

− Энди, бу бир беақл ҳайвон-да, Ҳамсоя бува, − деди салмоқли оҳангда гапиришга тиришиб. − Сизнинг боғингиз ўзига бегона эканини қаердан билсин...

Шоймирзанинг бу гапи Ўтаган бувага чаён чақ¬қан¬дек таъсир қилди.

− Сен бола, гап уқмайдиган меров экансан. Энди ўзингдан кўр!

Бир муддат нафас ростлаб ўзига келиб олган Ўтаган бува яна эчки қувишга тушиб кетди. Тайинли емиш емасдан болаларини эмизавериб, шўрлик кал эчкининг ҳам тинкаси қуриган эди. Шу боис у ҳам чарчаб қолиб, оёқлари майишиб-майишиб кета бошлади. Ниҳоят, Ўтаган бува мушукдек чаққон сакраб, уни ушлаб олди. Пичоғини тишига қистириб, жон аччиғида бағиллаб типирчилаётган кал эчкининг оёқларини белбоғи билан жуфтлаб боғлай бошлади.

− Ҳозир эчкимизни сўйиб қўяди! – чинқирди деразадан мўралаб турган Бибисора йиғлагудек бўлиб. – Тезроқ ажратиб олсин!

− Қўйинг энди, Ҳамсоя бува, шу махлуқ билан тенг бўлманг, − дея шошиб қолган Шоймирза унга ёпишди.

− Яқинлашма! – ўшқирди Ўтаган бува илкис унга пичоқ ўқталиб. – Йўқса, тирриқ эчкингга қўшиб ўзингниям чавақлайман!

Кўкрагига тиралган ўткир тиғли пичоқни кўриб, Шоймирзанинг эсхонаси чиқиб кетди. Жон ҳолатда ортига тисарилди.

− Эсингизни еб қўйибсиз! – деди ранги бўздай оқариб. – Шу қоқсуяк эчкинининг қонига ташна бўл¬сангиз, ана, билганингизни қилинг!

Ўтаган бува шу топда гап уқадиган аҳволда эмасди. У азза-базза енгларини шимариб, эчкининг бўғзига пичоқ тиради. Шоймирза бундай аянчли манзарани кузатишга ортиқ тоқат қилолмай кўзларини чирт юмди. Кал эчкининг зорланиб маърашидан қулоқлари қизиб кетди. Дафъатан юракни эзувчи бу мунгли товуш узилиб қолиб, ўрнини аллақандай бўғиқ пихиллаш эгаллади. Шоймирзанинг ичида бир нарса узилиб тушгандек, қорни бўм-бўш бўлиб қолди. Юмуқ кўзлари олдида митти-митти рангли ҳалқачалар ўйнай бошлади. Беихтиёр хаёлидан “кал эчки неча кило гўшт қиларкин” деган фикр “йилт” этиб ўтди.

Бирдан шовқин-сурон тиниб, ҳовлига сув қуйгандек жимлик чўкди. Шоймирза қўрқа-пўса кўзларини очганида Ўтаган бува дами чиққан пуфакдек ерда ялпайиб ўтирар, оёқлари чирмаб боғланган кал эчки унинг ёнида узала тушиб ётарди.

− Сўйишга қўлим бормади, − деди Ўтаган бува қайғули қиёфада. − Улоқларига раҳмим келди...

Шоймирза Ўтаган буванинг қўлидаги пичоқдан кўз узмай шоша-пиша эчкининг оёғини ечди. Аммо кал эчки жони омон қолганига ишонмагандек ҳамон сулайиб ётарди. Шоймирза шохсиз калласига ўхшатиб шапалоқ туширгандан кейингина ўзига келиб, майшайганча қочиб қолди. Бир чеккада қунишиб турган эгиз улоқлар тумшуғи билан онасининг елинини сермаб-сермаб эма бошлади.

− Эчкингнинг қилиқларига чидаб бўлмай қолди, гуппивой, − деди бу манзарани лоқайд кузатиб ўтирган Ўтаган бува ночор қиёфада.

Шоймирза унга нима деб жавоб қилишни билмай, ошхона томонга қаради. Эчкининг ажал чангалидан қутулиб қолганини кўриб кўнгли жойига тушган Бибисора тандирга ўтин қалаш ҳаракатига тушган эди.

Ўтаган бува билан Шоймирза анча вақт мум тишлагандек бир-бирига термулиб ўтиришди.

− Калламга бир фикр келиб қолди, Ҳамсоя бува, − деди Шоймирза бирдан жонланиб. Ўтаган бува “сенинг қовоқ каллангга қачон дурустроқ фикр келган ўзи?” дегандек унга кинояли нигоҳ ташлади. – Эчкини бозорга чиқариб сотсак, қандай бўларкин?

Бу гапни эшитиб, Ўтаган буванинг қўлидан пичоғи тушиб кетай деди. Шоймирзанинг эс-ҳуши жойидалигига ишонч ҳосил қилмоқчидек, унга бошдан-оёқ синчик¬лаб разм солди.

− Ҳазиллашмаяпсанми? − деб сўради у қулоқларига ишонмай.

− Асли шумшуклик бу жониворнинг қонида бор, − деди Шоймирза ўзининг топқирлигидан қувониб. – Уни боғлаб боқиб ҳам, қамаб қўйиб ҳам шаштидан қайтаролмаймиз. Бирдан-бир чораси – сотиб қутулиш!

− Ана энди калланг ишлади, гуппивой, – деди Ўтаган бува дафъатан ипакдек мулойим тортиб. – Чинданам бундай қадами эгри эчкининг баҳридан ўтганинг маъқул. Бунинг пулига бир сидра рўзғорингнинг кам-кўстини бутлаб оласан.

− Йўқ, Ҳамсоя бува, − эътироз билдирди Шоймирза. – Бу ўзи зотдор эчки, ҳар йили эгиз туғади. Сотсак, пулига уч-тўртта хашаки эчки беради...

− Биттасини эплолмаган банда, уч-тўрттасини битинг билан боқасанми? Ёки қўшалоқ эчкиларингни ҳам биз томорқамизда ўтлатиб берамизми?

− Шумшуклик қилмайдиган, инсофлироқ эчкилардан танлаб оламиз-да.

− Буларнинг бари бир гўр!

− Шундайми-а? – Шоймирза ўйланиб қолди. – Унда бир чорасини топармиз...

− Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши, − деди Ўтаган бува насиҳатомуз оҳангда. – Хўп десанг, эчкингни эртанги бозорда ўзим сотиб бераман.

Ўтаган буванинг даллолликдан ҳам хабари бор. Лекин, бу касбнинг ортидан уч-тўрт танга ишлаш илинжида эртадан-кечгача мол бозорида чангга ботиб юрмайди. Даллоллик унинг учун шунчаки бир ҳавасак. Таниш-билишларга жонлиқ олди-сотдисида кўмаклашишни яхши кўради. Бунинг устига, шу чоққача бозорда Ўтаган бува аралашган иш чала қолмаган. Кўпчилик уни қўли енгил даллол деб таърифласа, илкини тутқазиб, нарх талашган киши: “қўли темирданам қаттиқ экан” дейди афтини буриштириб...

− Шундай қилганингиз маъқул, − деди Шоймирза. − Жонлиқ савдосига бизнинг тишимиз ўтмайди...

Шоймирза хотинининг нигоҳи ўзига наштардек қадалиб турганини кўриб, тилини тишлади. Унга қарашга ботинолмай, кўзларини олиб қочди.

− Оқшом бу жониворларнинг қорнини яхшилаб тўйдир, − деди эр-хотин ўртасидаги аччиқ карашмалардан бехабар Ўтаган бува кал эчки билан болаларига меҳр билан тикилиб. − Бозорда бўш қопдай шалвираб турса, савдоси юришмайди.

− Ўтдан кўпроқ берамиз-да, − деди Шоймирза бўшашиб.

− Қуруқ ўтнинг ўзи емиш бўлармиди? – деди Ўтаган бува зарда билан. − Кечга яқин болаларингни бизникига чиқар, озроқ арпа бердириб юбораман.

− Майли-майли...

Ўтаган бува оғир жангда ғолиб чиққан аскардек шахдам одимлаб уйига йўл олди. Боядан бери базўр тилини тийиб турган Бибисора шу заҳоти дийдиёсини бошлаб юборди.

− Қайнотам раҳматлидан томдай-томдай келадиган тўртта сигир қолувди, қуйруқлари ер искайдиган бир қўра қўй қолувди, – деди тандирдаги ўтнинг тафтидан қошиқдеккина чеҳраси қирмизи тусга кирган Бибисора куйиниб. − Бу кишимлар ҳаммасини бирма-бир сотиб еди! Энди битта тирриқ эчкиниям қуритса, кейин оғзини шамолга очиб ётади.

− Шунча мол-ҳолни сотган бўлсам, пулини кундошингга бериб келибманми?! – деди Шоймирза ҳам бўш келмасликка тиришиб. – Шу рўзғорнинг йиртиқ-ямоғига ишлатгандирман!

− Бир жойда ёлчитиб ишламагандан кейин аҳвол шу-да! – деди Бибисора киноя билан. – Тағин шу амалига бозорда бир жонлиқ сотса, ярим пулини кимларгадир едириб-ичирмаса, кўнгли жойига тушмайди!

− Минг дод-вой қилганинг билан барибир эчкини сотаман, – деди Шоймирза эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. – Битта қари эчкининг дастидан отақадрдон қўшним билан арра-теша бўлиб ётишни истамайман!

Шоймирзага одамлар бекорга «гуппи» деб лақаб қўйишмаган. У шу чоққача бирон марта лафзидан қайтмаган. Бибисора ҳам эрининг феълини яхши билади, шунинг учун у билан ортиқча тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмади.

− Эчкимиз шумшук бўлгани билан сути мўл эди, − деди у тандирда бўрқсиётган тутуннинг аччиғиданми ёки бошқа сабаб туфайлими кўзларида ёш ҳалқаланиб. – Улоқларидан ортганини соғиб, болаларга ичириб турувдим...

− Айб ўзингда, − деди Шоймирза ҳам унғай¬сизланиб. – Оқшом яхшилаб боғлаб қўйганингда ҳеч гап йўқ эди.

Бибисора индамай ошхонага кириб кетди.

* * *

Шоймирза кал эчкини сотишга жазм қилган бўлса-да, ундан кўнгил узиши қийин кечишини билмаган экан. Ўтаган бува кетгач, бундоқ дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрди-ю, оғзидан чиқиб кетган гапига пушаймон бўлди. Сиртида хотинига сир бой бермаса-да, кечгача ичидан ичқиринди ўтиб юрди. Раҳматли отаси бир пайтлар бунинг онасининг онасининг онасиними-ей, ишқилиб, муштдай улоқлигида Қўзибой чўпондан бир арава янтоқнинг пулига сотиб олган эди. Ўшандан бери улар ўзидан урчиб-кўпайиб келар, бу хонадондан кал эчкининг уруғи аригани йўқ эди. Ўзиям жониворлар нуқул эгиз туғарди. Хуллас, Ўтаган буванинг касрига у отамерос эчкисидан ажраладиган бўлди.

Шоймирза ғамгин ўй-хаёлларга берилиб, анча вақт кал эчки билан болаларининг беда кавшашини томоша қилиб ўтирди.

− Шундай қилиб, эртага сениям бозорга чиқарамиз, жонивор, − деди у эчкининг кўзига қарашдан уялаётгандек охурдаги емишга тикилиб. − Мендан домонгир бўлма. Ноиложман. Ўтаган чолнинг дастидан ўз уйингдаям эчки асраб бўлмай қолди! Сенам бошқа жой қуриб қолгандай, ҳадеб шунинг томорқасига ошавердинг. Бу хасис чол бошқалардан битта қуруқ чўпниям қизғанади!..

Шу пайт Бибисора қўрага тоғорада арпа кўтариб кирди.

− Ҳамсоя бува бердириб юборибди, − деди у эрининг олдига тоғорани тўққиллатиб қўя туриб.

Шоймирза тоғорадаги арпани чамалаб, норози қиёфада бош чайқади.

− Шуниям кам берибди-я, ноинсоф... Шу бир ҳовучгина арпани егани билан бунинг калласига шох битиб қолармиди? Ичкарига киритиб қўй, керак бўлиб қолар.

* * *

Оқшом Ўтаган бува шоша-пиша хуфтон намозига “юмалаб” олди-да, юмшоққина тўшакка чўзилди.

− Сенам ивирсиб ўтирмай, тезроқ ёт, − деди урчуқ йигириш тараддудига тушган кампирига. – Ҳали ярим оқшом мени уйғотишинг керак.

− Бу киши ўзи қушуйқу одам бўлса, тонггача тенкайиб қотиб қолмас, − деди Чучук момо билагидаги туйнакланган эчки қилини урчуқ билан чийрата туриб.

− Айтиб бўладими? Мободо, икковимиз ҳам ухлаб қолсак, Гуппининг кал бошли ажинасидан қутулолмаймиз. Ҳали униси қурғур хотинининг гапига кириб, эрталабгача айнаб қолмаса деб қўрқиб турибман.

Одатда, Ўтаган бува бир нарсага алағда бўлса, минг вақтли ётгани билан кўзига уйқу келмасди. Бу гал ҳам алламаҳалгача бурга талагандек тўшакда бедор тўлғониб ётди. Гўё кимдир миясига қўрғошиндан қуйиб қўйгандек, кал эчкининг турқи-таровати сира кўз ўнгидан кетмасди.

Ниҳоят, тун ярмидан оққанда унинг кўзи илинди. Бироқ уйқусида ҳам тинч ётолмади...

Ўтаган бува бундоқ кўзини очса, аллақачон тонг ёришиб кетибди. Ғафлат босиб, бозорга кеч қолибмиз-ку, дея шоша-пиша кийиниб, ташқарига ошиқди. Аммо ёмғирдан кейин бодраб чиққан қўзиқоридек ҳовлисини босиб кетган эчки-улоқларга дуч келиб, юраги товонига тушиб кетди. Барг кемираётган ипак қурти сингари экин-тикинларга чирмашган очкўз махлуқлар қўлда ясаб қўйгандек Шоймирзанинг эчки-улоқларига ўхшарди. Кечагина бўйи етган қиздек истиғно қилиб турган томорқаси аллақачон тақир саҳрога айланган эди.

– Вой-дод!..

Ўтаган бува ўз фарёдидан ўзи чўчиб уйғонди. Карахт аҳволда ўнгу-сўлга аланглади, гўёки кал эчки билан болаларини қидирди. Ҳали тонг отмабди. Пилиги пасайтириб қўйилган чироқ уй ичини ғира-шира ёритар, деразадан зим-зиё қоронғилик мўралаб турарди. Ўтаган бува шунчаки туш кўрганлигини англагач, елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тин олди. Ғўлдираганча калима қайтариб, кўксига туфлади.

− Нима гап? – деди пойгакдаги ўринда муштдайгина бўлиб ётган Чучук момо ёстиқдан бош кўтариб. – Уйқусида босинқирадими?

− Ёмон туш кўрдим, кампир, – деди Ўтаган бува бош чайқаб. – Тушимда томорқамизга шайтон оралаган эмиш!

− Қанақа шайтон? – деди Чучук момо анграйиб.

− Шоймирзанинг кал бошли шайтони!

− Э, ваҳимаси қурсин. Уйқусидаям шу эчкини ўйлаб ётибдими? Ўнг елкасини босиб ётсин, тошдай қотиб ухлайди. Хўроз чақириши билан ўзим уйғотаман.

− Бундай тушдан сўнг уйқу келармиди? – дея Ўтаган бува ўрнидан туриб кийина бошлади. – Шу қўтир эчкидан қутулмагунча кўнглим тинчимайди.

* * *

Шу куни дўнгқишлоқлик Шодиқул ҳам туни билан мижжа қоқмай чиқди. Аммо Шодиқул биродаримизни хайрли ташвишлар безовта қилмоқда эди. У пешона тери эвазига жамғарган озгина пулига бозордан жонлиқ сотиб олмоққа қасд этган эди.

Шодиқул эсини таниганидан бери даладан бери келмайди. Шу боис деҳқончиликнинг обдон ҳадисини олган. Лекин куймас косовдек эгат оралаб юравериб, замонанинг зайли ўзгарганини сезмай қолибди. Бундоқ атрофига қараса, аввалги биргатлар тугаб, ерлар фермерлар ўртасида бўлиниб кетибди. Ажабки, фермер деганларининг кўпчилиги илгари деҳқончиликнинг кўчасидан ҳам ўтмаган серсавлат, сердавлат кимсалар экан. Уларнинг ўзи ишламайди, ўзгаларни ишлатади, деган гапни эшитгач, Шодиқул мушкул жумбоқнинг мағзини чаққан донишманд каби хотиржам тортди.

Шундан сўнг Шодиқул хўжалик гаражидаги сотувга қўйилган трактор каби фермерлар орасида талаш бўлиб кетди. Кунда-кунора бирови “менинг қўлимда ишла”, деб эшик қоқиб келади. Лекин иш ҳақига келганда ҳеч биридан тайинли гап чиқмайди. Қайси бири “эгатдан чиққан ўт сеники” деса, яна бири кузда бир-икки тележка ғўзапоя беришни ваъда қилади. Маълумки, эгатдан чиққан ўт-ўлан молга емиш бўлади, одамга эмас. Қолаверса, қишда қорнинг оч бўлса, ғўзапоянинг чўғи бозиллаб турган сандалда ўтириб ҳам совқотишинг мумкин. Шодиқул буни яхши биларди, шунинг учун ҳам уларга “қани, бир ўйлашиб кўрайлик-чи” дея мужмал жавоб қилишдан нари ўтмади. Бироқ Салим раис валломат экан, у даласининг адоғидаги партов сув тўпланадиган сойликдан бир-икки таноб ер ажратиб бериш шарти билан Шодиқулни ўзининг фермер хўжалигида ишлашга кўндирди.

Шодиқул қиш чиқиб улгурмасдан Салим раиснинг даласида ариқ тозалашга тушиб кетди. Кунлар исий бошлагач, ишдан бўш пайтларида чекига тушган жойга эртачи пиёз экди. У ғўза суғорилиб, сойлик оқова сувга тўлгунча ҳосилини йиғиштириб олишни мўлжаллаган эди. Лекин неча йиллардан бери сув йиғилавериб, сополдай қотиб кетган майдонни эпақага келтиргунча ўзиям она сути оғзидан келди. Нима бўлганда ҳам бўш келмади. Қаттиқ ерни чўкич билан юмшатаётиб, бир пайтлар отаси раҳматли айтиб берган кўҳна ривоятни эсга олди.

Қадимда қайсидир қишлоқнинг адоқ тарафида бир парча унумдор майдон бўлган экан. У ерда баҳор тугул, саратоннинг чилласида ҳам ўт-ўланлар тизза бўйи ўсиб ётаркан. Шу қишлоқда яшайдиган авлиёсифат эшон бобонинг тўй-маъракаларга миниб юрадиган оти доим арқонини узиб, ўша ерга қочиб бориб ўтларкан. Бундай оворагарчиликлардан безор бўлган эшон бобо бир куни аччиқ устида унумдор ерни дуоибад қилибдилар:

− Илоё, шу бир парча ер гиёҳ битмайдиган қақроқ биёбонга айлансину, мен бечораям отимнинг орқасидан қувиб юриш азобидан халос бўлай!

Кароматгўй одамларнинг дами тошни ёрармиш. Тез орада ҳосилдор заминдаги ўт-ўланлар қуриб-қовжираб, метиндек қотиб ётган тақир саҳрога айланибди. Шундан сўнг эшон бобо ҳам отини қочириб юриш заҳматидан халос бўлибдилар. Қарғиш теккан ер эса анча вақтгача кимсасиз ҳувиллаб ётибди.

Иттифоқо, кунлардан бирида у ерда кетмон кўтарган деҳқон йигит пайдо бўлибди. У қарғиш теккан ерни обдон кўздан кечирибди-да, сўнг шахт билан ерга кетмон урибди. Шу пайт худонинг қудрати билан унумсиз замин тилга кирибди:

− Мен фалон эшоннинг қарғишига учраганман, минг уринганинг билан бағримда гиёҳ кўкартиролмайсан.

Деҳқон йигит кулиб қўйиб, ишини давом эттирибди. У дастлаб қотиб кетган ерни обдон юмшатиб, ўғит солибди. Дарёдан ариқ тортиб келиб, суғорибди. Кейин жўяк тортиб, ерга уруғ қадабди. Мўъжизани қарангки, қарғиш теккан ерга қайтадан жон кириб, мўл-мароқ ҳосил берганини ўзи ҳам сезмай қолибди. Деҳқон йигит кўчат экиб, кўркамгина боғ ҳам яратибди.

Кунлардан бирида шу томонларга йўли тушган эшон бобомиз бу манзарани кўриб, ҳайратдан лол бўлиб қолибдилар. Шунда ерга қайтадан забон битиб, эшон бобога бўлган воқеани сўзлаб берибди.

− Деҳқоннинг меҳнати олдида бизнинг дуоибадимиз нима бўпти? – деб эшон бобо бош чайқаганча йўлида давом этибдилар...

Шодиқул ҳам бўш келишни истамади. Чўкичу кетмон билан ер қиртишлаб, сал-пал эпақага келтирди. Ҳосили ҳам шунга яраша бўлди. Ўтган куни сойликдан беш-ўн қоп пиёз ковлаб олди. Шунча бўлди – хўжа бўлди деб борига шукр қилди. Бироқ пиёзнинг дарагини эшитиб, даланинг бошига етиб борган Очил савдогар ҳар бири товуқнинг тухумидек келадиган пиёзларни кўздан кечириб, таассуф билан бош чайқади.

− Буни бозорга чиқаришгаям уялади одам, − деди у. – Маслаҳатим, бундан кейин қўлингдан келадиган ишни қил, ошна.

Шодиқул ялина-ялина Очил савдогарга пиёзни арзон-гаровга бериб юборди. Оёғини зўрға судраб уйига кириб келди-да, бир сиқимгина пулни хотини Мусалламга узатди.

− Шунча ўлиб-тирилиб ишлаб, топганим шу бўлди! – деди у айб иш қилиб қўйгандек хотинининг кўзига қарашга ботинолмай. – Пиёзнинг пулидан умидим катта эди...

Мусаллам мунғайиб турган эрига зимдан разм солиб, унга раҳми келди.

− Шунгаям хафа бўладими? – деди жилмайиб. – Оз бўлсаям, баракасини берсин. Бу пулга бозордан бир-иккита жонлиқ сотиб олса, ўзидан кўпайиб, бир-икки йилда бир сурув мол бўлади.

Шодиқул бу гапдан ёш боладай қувониб кетди.

− Гапинг чин, хотин, − деди саратон офтобида қорайган чеҳраси ёришиб. – Шу нарса хаёлимга келмаганини қара-я!

Шодиқул оқшом ўзича ҳар хил режалар тузиб чиқди. Энг аввал ҳовлининг чеккасидан каттагина қўра тиклайди. Сўнг битта жонлиқни иккита, иккитасини тўртта қилади. Қарабсизки, тез орада қишлоқда ундан бой одам бўлмайди! Ахир, бараканинг ҳаммаси чорвада...

Бундай ширин ўй-хаёллардан сўнг кўзга уйқу келармиди? Шодиқул тонг бўзаришини ҳам кутиб ўтирмай, бозорга отланди.

− Жонлиқ олаётганда яхшилаб қарасин, − деди Мусаллам белбоғнинг орасига жойланган пулни унга узата туриб. – Тағин адашиб, қари ёки касал молни етаклаб келмасин.

− Олди-сотдига йўқроқмиз-да, − деди пул солинган белбоғни белига боғлаётган Шодиқул хижолатли жилмайиб. – Лекин пухтароқ бўлишга ҳаракат қиламиз.

− Битта-ярим таниш даллол учраб қолса, илтимос қилсин.

− Майли-майли. Айтгандай, бозордан нима олай?

− Сигир олса яхшими, дейман...

− Пулимиз сигирга етмас-ов, – деди Шодиқул умидсизланиб.

− Унда бозорнинг қош-қовоғига қараб иш тута қолсин.

− Ҳа, майли, бизгаям насиб қилгани бордир.

Шодиқул қанот боғлаб учгудек бозорга жўнади.

* * *

Тор катакда димиқиб кетган бабоқ чўзиб-чўзиб қичқира бошлаган маҳалда Шоймирза эгиз улоқлардан бирини ҳовли айлантириб қувиб юрарди. Кал эчкининг бўйнидан ўтказилган арқонни маҳкам чангаллаганча эшак устида қўққайиб ўтирган Ўтаган бува бу манзарани бетоқат кузатарди. Хуржуннинг бир кўзидан боши чиқиб турган иккинчи улоқчанинг жон аччиғида зорланиб маъраши ҳовлини тутиб кетган.

− Ҳа, туёғинг кўчгур, − деди ҳарсиллаб нафас олаётган Шоймирза алам билан. – Ортидан бўри қувлагандай бунча диконглаб қочмаса! Чиги-чиги...

− Муштдай улоқни тутолмасанг, баттар бўл!

− Менам нима қилай? Тутқич бермаяпти-да, ўз бошингни егур, − дея зорланди Шоймирза.

− Шундай чўмаланиб ўтираверсанг, бозордан кеч қоламиз, − деди Ўтаган бува юлдузлар чарақлаб турган осмонга хавотир билан тикилиб. – Ҳадемай тонг отади!

Ниҳоят, Шоймирза бир амаллаб улоқчани тутиб олди.

− Ушладим! – деди у ёш боладай қувониб. – Улоқнинг қочгани – хуржунгача!

Шоймирза улоқчанинг қулоқларига беозор шапатилаб, уни хуржуннинг нариги кўзига жойлади. Шу пайт Бибисора ошхонадан челак кўтариб чиқди.

− Шошмай турсин, эчкимизни охирги марта соғиб қолай.

− Соға қол, − деди Шоймирза кал эчкининг арқонидан тутиб. − Эрталаб болаларга пишириб берарсан.

Ўтаган бува бу гапни эшитиб, аччиқ қалампир чайнаб олгандай афтини буриштирди.

− Оббо! Шу тирриқ эчкининг бир қошиқ сутини ичган билан болаларингга жир битиб қолармиди!

− Қисилманг, Ҳамсоя бува, бозорга бемалол улгурамиз, − деди Шоймирза пинагини бузмай. – Жонивор болаларидан орттириб, ҳар куни чорак сатил сут беради.

Бибисора чаққонлик билан эчки соғишга тушди.

− Бу шўртумшуқнинг улоқлари нимага игна ютган тозидай ҳеч ўзгармайди десам, гап бу ёқда экан-да, − деди Ўтаган бува таассуф билан бош чайқаб

− Эчкининг қатиғи жуда поримли бўлади, − деди Шоймирза Ўтаган буванинг киноясига эътибор бермай. – Эрталаб бир косагинасини симириб олсангиз, кун бўйи тўқ тутади.

Бибисора эчкини соғиб бўлиб, ўрнидан турди.

− Сатил ярим ҳам бўлмабди-ку? – деди Шоймирза челакни кўздан кечириб.

− Улоқларигаям қолсин дедим-да. Бу бечораларга бозорда биров емиш тайёрлаб қўйибдими?

− Ҳақинг қолиб кетаётган бўлса, эчкингни ўзинг эмиб қўяқол! – деди Ўтаган бува истеҳзо билан. Сўнг шоша-пиша эшагига хала босди. Кал эчки хуржуннинг икки кўзида тинимсиз зорланиб маъраётган эгиз улоқлари кетидан эргашди.

− Эчкини сотса, ўрнига биронта тузукроқ қўй олсин...

Шоймирза дафъатан хотинига ўшқириб берди:

− Эчкининг пулига қўй эмас, бузоқли сигир оламан! Энди кўнглинг жойига тушдими?

Бибисора индамай ортига бурилиб кетди.

Ўтаган бува билан Шоймирза тонг ғира-ширасида бозорга етиб боришди. Холисроқда жойлашган мол бозорининг пастак дарвозаси олдида мол-қўй, эчки-улоқ, от-эшак етаклаган одамлар қатор тизилиб туришар, эгнидаги беўхшов чопонининг белини чилвир билан боғлаб олган бақалоқ ва гавдасига ярашмаган тарзда анча пўрим кийинган қилтириқ киши улардан патта пули ундиришмоқда эди.

Ўтаган бува шу атрофда ётган муштдай тош билан эшагининг қозиғини ерга қоқиб, Шоймирзадан эчкининг арқонини олди.

− Сен хуржунни елкангга тескари кўтариб ол, − деди у паттачиларга қараб. − Ичида улоқ борлиги билинмасин.

− Нимага? – дея сўради ҳеч нарсага тушунмаган Шоймирза ҳам паттачилар томонга хавотирли тикилиб.

− Анавиларнинг кўзини шамғалат қилмасак, шу марра улоқларгаям патта пули олишади.

− Хўп-хўп, − деб Шоймирза икки кўзига эгиз улоқлар жойланган хуржунни елкасига тескари кўтариб олди. Безовталанган улоқчалар бўғиқ товушда маърашга тушди. Шоймирза хуржуннинг устидан улоқчаларни силаб-сийпалай бошлади. – Озгина чиданглар, такавойлар. Бозорга эсон-омон кириб олайлик, кейин томоғингиз йиртилгунча маърасангиз ҳам майли.

− Ҳаром қотгурларнинг тезроқ чакагини ўчир! – деди кал эчкини судраб кетаётган Ўтаган бува асабийлашиб.

− Булар бир ҳайвон бўлса, қандай гап уқтираман? − деди Шоймирза чорасиз қиёфада.

Маърайвериб овози бўғилиб қолган улоқчалар бироздан сўнг тинчиб қолди. Бу орада улар паттачиларга рўпара келиб қолишган эди.

− Юз сўм!

Қилтириқ кал эчкига жиркангандек кўз қири билан қараб қўйиб, Ўтаган буванинг қўлига патта тутқазди.

− Инсофинг борми?! – деди Ўтаган бува жиғибийрон бўлиб. – Кўзингни каттароқ очиб қара, мен бозорга новвос эмас, қари эчки солаяпман! Шунга юз сўм оласанми?

− Экология солиғиям ичида, − дея тўнғиллади Қилтириқ ҳам бўш келмай. – Ёқмаса, ана, катта кўча!

− Шулар билан тортишиб, мартабага минармидингиз? – деди Шоймирзанинг орқасидаги эшак етаклаган киши. – Булар қадалган жойидан қон олмай қўймайди. Айтганини беринг-да, тезроқ қимирланг!

− Сенларга худо бас келмаса, бандасининг бас келиши қийин, − Ўтаган бува зарда билан қилтириқ паттачининг қўлига пул тутқазди-да, ўзича минғирлади: – Тешиб чиқсин, илойим...

Қилтириқ паттачи шаънига айтиладиган бу каби нордонгина гап-сўзларга ўрганиб кетган эди. Шу боис пинагини ҳам бузмай, Ўтаган бува узатган пулни чўнтагига жойлади-да, йўлни бўшатди. Унинг ортидан хуржун орқалаб келаётган Шоймирза гўёки қил кўприкдан ўтаётгандек, қўрқув ва ҳаяжондан терлаб кетган эди. Шу топда бозорнинг ғала-ғовури ҳам унинг қулоғига кирмас, кўксида алланарса тузоққа тушиб қолган каптар каби тинимсиз потирларди.

Қилтириқ паттачи унга қарашни ҳам ўзига эп кўрмай, орқадаги эшак етаклаган одамга юзланди. Шоймирза эндигина дарвозадан ичкарига кирай деганида бақалоқ паттачи мулойим жилмайганча унинг йўлини тўсди.

− Ассалому алайкум, акажон, − деди эгнидаги яғир чопонидан тезак ҳиди анқиб турган бақалоқ аёлларникидек мулойим оҳангда. − Хуржунингизда нима бор?

Бундай кутилмаган ҳаракатдан ўтакаси ёрилган Шоймирза жон ҳолатда ортига тисарилиб, эшак етак¬лаган кишига тақалиб қолди. Безовталанган улоқлар яна ғайрат билан маърашга тушиб кетди. Ёқимли жилмайиб турган бақалоқ илкис унинг елкасидан хуржунни тортиб олди.

− Вой, манави улоқча бунча чиройли, – деди у хуржунни очиб кўраётиб. – Ие, эгиз экан!

Шоймирзанинг қулоғи тагида Қилтириқнинг гулдирак овози янгради:

− Юз сўм!

Шоймирза гарангсиган қиёфада, паттачи қўлига тутқазган шапалоқдек чиптага тикилиб қолди.

* * *

Шодиқул дастлаб бозордаги нарх-навони ўрга¬нишга қарор қилди. Шу ниятда қўлларини орқасига чалиштириб, минг қўйли бойлар каби виқорли қиёфада мол бозорига кириб борди. У ўнгу сўлга шох сермаб, туёғи билан ер ковлаётган баҳайбат новвосларнинг дафъатан сузиб қолишидан қўрқиб, юрак ҳовучлаганча эҳтиёткорлик билан илгариларди. Бир чеккада бузоқли сигир ушлаб турган болакайга кўзи тушиб, ўша томонга юрди. Эринчоқлик билан кавш қайтараётган ола сигирнинг теварагида парвона бўлиб, уни синчиклаб кўздан кечирди. Тумшуғини йириб, тишини ҳам кўрмоқчи эди-ю, аммо жонивор сира куч бермади. Шодиқул ноилож унинг қовурғаларини силади. Ҳатто, тирсиллаб турган елинини кафтига бир-икки марта соғиб, сутини ялаб кўрди. Сути серқаймоқ экан, деган ўй кечди хаёлидан. Сигирдан кўнгли тўлиб, мамнун қиёфада бош чайқади. Сўнг ўзининг ҳаракатларини қизиқиш билан кузатиб турган болакайга юзланди.

− Сигирнинг нархи қанча бўлди, жиян?

− Арзи бозор, тоғажон, − дея жавоб берди болакай ҳам бийрон тилда.

− Ия, кўзингдан-ей, − дея завқланиб кулди Шодиқул. – Арзи бозор, дегин... Хўш, дидингдаги нархни айт-чи?

− Икки юз минг!

Шодиқул қаршисида пайдо бўлиб қолган қоп-қора давангирдай кишини кўриб, сувга тушган мушукдек шалвираб қолди. Ортиқ бир сўз дейишга ҳоли келмай, елкасини қисганча бу ердан жўнаб қолди.

Сигир сотиб олишга қурби етмаслигига ишонч ҳосил қилган Шодиқул ноилож ушоқ моллар бозорига ўтди. Сон-саноқсиз қўй-эчкилар бир-бирига маташтириб боғлаб қўйилган, олувчилар билан сотувчилар ўзаро талашиб-тортишиб савдолашаётган бозорда туртиниб-суртиниб анча вақт бемақсад оралаб юрди. Тасодифан чоғроқ буқадай келадиган шохдор қўчқор савдоси устидан чиқиб қолиб, уни қизиқиш билан кузата бошлади.

− Эллик минг!.. Ёмон нарх бўлмади, ука. Баракасини бер энди! – дерди шохдор қўчқор эгасининг қўлини зўр бериб силтаётган даллол чол куйиб-пишиб.

Қўчқор эгаси қош чимирганча мўм тишлаб турарди.

Шодиқул қулоқларига ишонмагандек, бир даллол чолга, бир сотувчига қаради. Шохдор қўчқорни обдон кузатди. Сўнг сўлжайган куйи бу ердан ҳам узоқлашди.

Бўрон қўпган денгиздек беҳаловат гувиллаб ётган мол бозорининг холироқ чеккасида эгиз улоқли эчки ушлаган пачаққина йигит ўтган-кетганга умидвор термуларди. Аксига олиб, ҳеч ким унинг жонлиғига қиё боқмасди. Йигит ўзи томон келаётган Шодиқулга умид билан кўз тикди. Аммо у ҳам кал эчкини назарига илмагандай, ёнидан бепарво ўтиб кетди.

* * *

«Бозорда савдо соқол сийпагунча» деб бекорга айтишмаган. Тонг ёришиб, қуёш кўкка ўрлагани сари мол бозори ҳам аста сийраклаша бошлади. Аммо Шоймирзанинг кал эчкисига тайинли харидор чиқмади.

− Нимага бизнинг эчкига биров бурилиб қара¬майди? − деди тоқати тоқ бўлган Шоймирза умидсизланиб. – Ёки эчкимизнинг бирон айби борми?..

− Сабр қил, гуппивой, − деди унинг ёнида ғуддайиб турган Ўтаган бува пинагини бузмай. − Зотдор махлуқингнинг ҳам эгаси чиқиб қолар.

− Буни биров олишига кўзим етмаяпти. Ёки уйга қайтариб кетсакмикин? – Шоймирза Ўтаган буванинг ўзига ўқрайиб қараб турганини кўриб, зорланишга тушди. − Сотсангиз, тезроқ сотинг-да! Қачонгача бу ерда кўзга чиққан сўгалдай қаққайиб ўтирамиз?..

Шоймирзанинг гапи чала қолди. Чунки бу пайтда Шодиқул унинг кал эчкисини кўздан кечира бошлаган эди. Шоймирза ҳушёр тортиб, Ўтаган бувага қаради. У эса бир ҳатлаб Шодиқулнинг қаршисида пайдо бўлди.

− Келинг, ука, шу зотдор эчкини олиб кетинг, − деди Ўтаган бува ипакдек мулойим тортиб. – Ўзим ўртага тушиб, нархини келиштириб бераман.

− Ия, бу жонивор эчкими? – дея сўради чолнинг гап оҳангидан дадиллашган Шодиқул сохта ажабланиш билан. – Боядан бери нималигини билолмай бошим қотиб турувди. Гижинглаб туришига қараб, тулпор дейин десам, ёли йўқ, ҳўкиз десам, шохи йўқ... Демак, эчки экан-да?

− Эчки-эчки, − Ўтаган бува ҳам унинг ҳазилига рағбат билдириб илжайди. – Лекин унча-мунча қўйдан зиёд.

Шодиқул кўзи ўткир синчи каби кал эчкининг гоҳ у ёғидан ўтиб қаради, гоҳ бу ёғидан ўтиб қаради, азза-базза шалпанг қулоқларини тортиб ҳам кўрди.

− Мен ёши етмишдан ошиб, беш вақт намозни канда қилмайдиган кайвони одамман, болам, − деди Ўтаган бува кал эчкига тикилганча иккиланиб туриб қолган Шодиқулнинг илкидан тутиб. − Сизга тўғрисини айтаман. Буниси қурғур жуда ақлли жонивор. Бошқа эчкиларга ўхшаб бировларнинг томорқасига ошмайди. Берган емишингизга қаноат қилиб, майда кавшаб ётаверади. Ишонмасангиз, қўшнингизнинг томорқасига қўйиб юборинг, тумшуғини ерга чўзса, олдимга келасиз!

− Йўғ-ей!..

− Қуш уясида кўрганини қилади деганларидек, бунинг улоқлариям шунга ўрганган. Қўни-қўшнилар ҳам бу жонлиқнинг фаҳм-фаросатига тан беришган. Асли, сотмоқчи эмасдиг-у, лекин ноилож...

− Яхши-яхши, − деди Шодиқул чолнинг узуқ-юлуқ мақтовларидан безор бўлиб. – Бу одобли эчкингиз бирорта бахти чопган одамга насиб этиб қолар. Лекин бизнинг дидимизга ўтирмади. Қўлимни қўйинг.

− Шундай эчкининг нимаси ёқмайди?! – деди Ўтаган бува асабийлашиб. – Бозорни кундузи чироқ ёқиб ахтарсангиз ҳам бундан яхшисини тополмайсиз.

− Яхшисини тополмасак, яна олдингизга келармиз, − деди Шодиқул қўлини Ўтаган буванинг чангалидан тортиб олишга ўриниб.

− Сиз келгунингизча қараб ўтирамизми? Сотамиз-қўямиз-да!

− Сотсангиз, баракасини берсин! Қўлимни бўшатинг.

− Тавба, шундай эчкининг нимаси ёқмайди бу одамга, − деди Ўтаган бува унинг қўлини қўйиб юборишни хаёлига ҳам келтирмай.

− Эчкингиз кал экан! – деди Шодиқул баҳона топганидан қувониб. – Менга шохдор эчки керак.

− Оббо, сиз молнинг фарқига бормас экансиз. Ахир, кал эчки ақлли келади...

− Эчкининг ақлини пишириб ейманми?!. Бу донишманд махлуқингиз ўзингизга буюрсин. Боядан бери қўлимни сиқавериб, эзиб юборай деяпсиз. Бас қилинг!

− Бу бола ота-онасиз, ғирт етимча, − деди Ўтаган бува Шоймирзага имо қилиб. – Шунинг жонлиғини олинг, савобга қоласиз. Сағирнинг моли баракали бўлади, укажон.

− Мен бозорга савоб сотиб олиш учун келганим йўқ, − деди Шодиқул афтини буриштириб. – Қўлимни бўшатинг...

− Хўп, дидингиздаги нархингизни айтинг, − деди Ўтаган бува. – Савдомиз битмаса, йўлингизда кетаверасиз.

Бу машмашалар жонига теккан Шодиқул нима қилишни билмай, бир зум ўйланиб қолди. Эчкини яна бир бор кўздан кечирди. Сўнг муғомбирона илжайганча Ўтаган бувага кўрсаткич ва ўрта бармоғини ёзиб кўрсатди.

− Иккита?.. Бўлмайди! – деди Шоймирза худди биров тортиб оладигандек эчкининг арқонини маҳкам тутамлаб.

− Ана, ана! Савдомиз битмади! – деди Шодиқул қувониб. – Энди қўлимни қўйиб юборинг.

Аммо Ўтаган бува бундай қулай фурсатни бой берадиган анойилардан эмасди.

− Э, қизиқ одам экансиз. − деб у бор кучи билан Шодиқулнинг қўлини силташга тушди. – Бу пулга эчкининг битта боласиниям бермайди-ку? Сўрасангиз, инсоф билан сўранг-да.

− Нима, шу қўтир эчкингизни менга зўрлаб сотасизми?! Олмайман дедимми, олмайман...

− Кўринишингиздан яхши одамга ўхшайсиз. Майли, сизга ўн қоғозга бераман, − деди Ўтаган бува. − Бор барака...

Шодиқул бу гапдан сўнг иккиланиб қолди. У саҳар-мардондан бери бозор оралайвериб, бу ернинг нарх-навосини беш қўлдек билиб олган эди. Жонлиқ деганлари жуда қиммат экан. Ҳўкиз тугул, қўй-қўзининг ҳам яқинига йўлаб бўлмайди. Чамалаб кўрса, киссасидаги пулига шу эчкидан бошқа жонлиқ бермас экан. Қолаверса, даллол ҳам инсоф билан сўраяпти. Бироз савдолашса, эчкининг нархини янаям тушириш мумкин. Шунда пиёзнинг пулидан уч-тўрт танга орттириб ҳам қолади...

− Ҳа, кетса бизнинг ҳақимиз кетар, тўққиз яримтага бераман, − деди Ўтаган бува ҳам унинг фикрини уққандек, эчкининг нархини янаям арзонлаштириб. − Рози бўлдингизми?

− Қиммат!.. – деди Шодиқул Ўтаган буванинг қоқсуяк панжалари орасида қисирлай бошлаган қўлини тортиб олишга беҳуда уриниб.

− Тўққизта! Бундан бир чақаям ками йўқ! Хўп денг энди!

− Розиман, розиман! – деб шоша-пиша бош ирғади оғриқнинг зўридан кўзларида ёш халқаланган Шодиқул зўрма-зўраки илжайиб. – Шу қўтир эчкини олмасам, сизнинг чангалингиздан соғ қутулмайдиганга ўхшайман.

Ўтаган бува Шодиқул узатган пулни ҳафсала билан битталаб санади. Ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач, пулни Шоймирзага тутқазди.

− Шоймирзавой, бу акангга эчкининг баракасини бер.

− Ўзи зотдор эчки, ҳар йили эгиз туғади, − деди Шоймирза Шодиқулнинг қўлини қисиб. − Баракасини бердим, ака..

− Менам берган пулимга розиман, – деб Шодиқул хавотирли қиёфада унинг кафтлари орасидан қўлини тортиб олди.

− Эчкининг арқонини ташлаб кетинг, ака, – деди мол сотувчилар амал қиладиган ирим ёдига тушиб қолган Шоймирза.

− Нимага?

Шоймирзанинг ўзи ҳам бу одатнинг асл сабабини билмас эди. Шу боис нажот кутгандек Ўтаган бувага қаради.

− Одам сотган молининг арқонини ечиб олмаса, қўрасидан барака кўтарилади дейишади, − деди Ўтаган бува.

− Лекин менда бошқа арқон йўқ эди-да, − деди Шодиқул ўйланиб.

− Сиз бугунча эчкини етаклаб кетаверинг, − деди Ўтаган бува. − Янаги бозор куни арқонини мана шу ерга келтириб берасиз, маъқулми?

− Маъқул.

Ўтаган бува эчкининг баракасини тилаб узундан-узоқ дуо қилгач, улар хайрлашишди. Эгиз улоқчалар Шодиқулнинг етовидаги онасининг орқасидан эргашди.

− Ана, зотдор эчкингниям эсон-омон эгасига топширдик, − деди Ўтаган бува мамнун қиёфада.

− Норози бўлиб олгани дуруст бўлмади-да.

− Жўртага шундай қилаяпти. Бозор кўрган, қув йигитга ўхшайди.

− Энди бу пулга бирорта қўзими, улоқми олиб берасиз, Ҳамсоя бува, − деди Шоймирза эчкининг пулини сиқимлаб. − Уйга қуруқ қайтсам, келинингиздан қутулолмас балога қоламан.

− Бозорда тузукроқ ушоқ мол қолмади, − деди Ўтаган бува анча санжоблашиб қолган мол бозорини кўздан кечириб. − Яхшиси, келаси ҳафта оламиз.

− Сиз нима десангиз шу.

− Энди бориб, бозор-ўчар қилайлик.

− Менам уйга қуруқ борсам, бўлмас. Болаларга ул-бул олай. Келинингиз ҳам анчадан бери тош калишга интиқ бўлиб юрувди...

− Сотганинг битта тўқол эчки бўлса, калишга бало борми? – дея жеркиб берди Ўтаган бува уни. – Пулни тежа!

− Калиши йиртилиб қолган-да...

− Хотин дегани ялангоёқ юрсаям куни ўтаверади. Кетдик!

Шу пайт оломон орасидан Кўчар жарчининг манқа овози эшитилди:

− Аюҳаннос-аюҳаннос! Халойиқ, гапимга қулоқ солинг!.. Кеча Сортепанинг устида катта кўпкари бўлган. Шунда шўрқудуқлик Жоби полвон қашқа бедовини қочирган. У отини топиб берган ёки дарагини билдирган киши учун суюнчига қўчқор атаган!

Кўчар жарчининг овози туфайли бир зум сукутга чўмган бозор қайта жонланди.

Бу хабарни диққат билан тинглаган Шоймирза Кўчар жарчининг ортидан анграйиб қараб қолди.

− Шу отни биз топиб берганимизда қўчқорли бўлиб қолардик-да, Ҳамсоя бува, − деди Шоймирза оғзининг таноби қочиб.

− Бўлмаса, икковимиз дала-даштга чиқиб, от ахтарамиз, − дея олдинда кетаётган Ўтаган бува унга кинояли қараб қўйди. Шоймирза ёш боладек елкасини қисиб унга эргашди. – Энди икковимиз ҳам ўз майлимизча бозорлаймиз. Бирон соатлардан кейин бизнинг эшакнинг ёнида учрашамиз.

− Маъқул, Ҳамсоя бува.

Ўтаган бува одамлар орасида кўздан ғойиб бўлгач, Шоймирза ҳам гердайиб бозор оралади.

* * *

“Отанг – бозор, онанг − бозор” деган мақолнинг турган-битгани ҳикмат. Зотан, атторнинг ҳам, баққолнинг ҳам, олувчининг ҳам, сотувчининг ҳам, тўғрининг ҳам, ўғрининг ҳам... тирикчилиги бозор билан. Биз бу ўринда “ўғри” деган занғарнинг отини тилга ола туриб, бекорга бир қур нафас ростламадик. Чунки ҳар бозорнинг ўз ўғриси бўлади. Жума бозори ҳам бундан мустасно эмас. Бу ернинг ҳам Хушмурод отлиғ битта-ю битта шўртумшуқ ўғриси бор. У бозорда отнинг қашқасидек барчага бирдай таниш. Унинг шарофати билан сотувчилар навбатма-навбат майда-чуйда нарсаларини ўғирлатиб туришади. Лекин улар Хушмуроднинг унча-мунча қилиқларига кўз юмишади. Бозорда кимдир нимадир йўқотса, “Хушмурод ҳалоллади” деб қўя қолади. Хушмурод ҳам бозорнинг ўзига тегишли бўлган бир қанча ёзилмаган қонунларига амал қилиши кераклигини яхши билади. Яъни, у кўпам нафсига эрк бермаслиги, бир ўғирлик қилган жойига икки-уч ойсиз қадам босмаслиги шарт. Мободо билиб-билмай бу қоидани бузса, шу заҳоти унга эслатиб қўйишади. Янаям қизиғи, Хушмурод ўмарган молини ҳеч қачон уйига кўтариб кетмайди. Уни бозор чойхоналаридан бирида егулик-ичкиликка айирбошлаб, обдон маишат қилгач, ўз пулига бозор-ўчар қилади.

Жума бозорига ташриф буюрган ҳар қандай одам даставвал мол бозорига бирровгина бош суқмаса кўнгли жойига тушмайди. Хушмурод ҳам эскидан қолган ана шу одатни сира канда қилмайди. Бугун ҳам у хўроз қичқирмасдан бозорга етиб келиб, чорва савдосини кўздан кечирди. Қуёш кўкка бўй чўзиб, савдо расталари бирин-кетин очила бошлаган маҳалда у ҳам аста ишга киришди.

Хушмурод бу гал қассобларнинг ҳушёрлигини синамоққа қарор қилган эди. Шу боис шундоққина ерга ёйиб қўйилган калиш-махсиларга чалғимай, олдинга юрди. Бир пасда бозор ўртасидаги улкан тимга етиб келди. Бу ердаги торгина йўлакнинг икки тарафида тиғиз қилиб қурилган расталарда савдо-сотиқ айни авжига чиққан, қассоблар қўли-қўлига тегмай гўшт нимталашарди.

Хушмурод пайт пойлаб туриб, чеккароқдаги растадан бир бўлак гўштни олиб қочди.

− Тўхта! Гўштни жойига қўй!

Кундада эт ниматалаётган қассобнинг ёнида харидорлар узатган пулни санаб олаётган ёшгина йигит унинг ортидан қувишга чоғланди. Мошгуруч соқолига чарви ёпишган қассоб унинг қўлидан тутиб қолди.

− Қўявер, болам. Бу ўзимизнинг Хушмурод-ку.

Қассоблар “Ўғри кетди!”, “Хушмуродни ушланг¬лар!” дея жўртага ваҳима кўтаришди. Хушмурод эса гўштни бағрига босганча, сичқон тутиб олган мушук каби олди-ортига қарамай югуриб борарди. Атрофни кулги, қаҳ-қаҳа тутиб кетди.

Хушмурод бозор чеккасидаги чойхонага етгач, ортидан ҳеч ким қувламаётганига ишонч ҳосил қилиб, югуришдан тўхтади. Холироқдаги усти йиғиш¬тирилмаган стол қаршисида ўтириб, чуқур сўлиш олди. Шу заҳоти ёнига етиб келган Сарман сариққа қўлидаги қони силқиб турган бўйин гўштини узатди.

− Кун сайин бозордан барака кўтарилаяпти, − деди у ҳансираб. − Бугун топганим шу бир парча чандир бўлди.

− Ношукр бўлма, Хушмурод, − деди Сарман сариқ гўштни чамалаб кўраркан. − Ҳозир шу чандир ҳам кўчада ётмайди.

− Бунинг чумчуқнинг кўзидеккина жойини серпиёз қилиб қовуринг, − деди Хушмурод столга жойлашиб ўтираркан. − Кейин битта анави “бўйни узун бойўғли”дан берасиз.

Сарман сариқ кулимсираб бош чайқаганча нари кетди.

* * *

Ўтаган бува бозордан хуржун елкалаб чиққанида Шоймирза эшак ёнида уйга қайтишга ҳозиру нозир бўлиб турарди. У иккита каттагина елим халтани тўлдириб бозор-ўчар қилган, уларнинг биридан яп-янги тош ковушнинг ялтироқ тумшуғи кўриниб турарди.

− Дов-дасканг зўр-ку, гуппи, − деди Ўтаган бува истеҳзо билан. – Шу туришингда эчки эмас, новвос сотган бойваччага ўхшайсан!.. Ие, Ҳошим калтанинг қизи ҳам тош калиш кийиб, мартабага минар экан-да?

− Анчадан бери бозор ораламовдик... Рўзғорга зарур нарсаларни харж қилдик.

Шоймирза хижолатли жилмайиб, тош ковушни елим халтанинг ичига яширишга уринди.

− Эчкининг пулидан қолдими, ишқилиб?

− Ҳа, қолди...

Ўтаган бува афсуслангандек бош чайқади.

− Нимага серраясан? Бозорлиғингни хуржунга сол! Кетамиз.

Шоймирза пешин вақтида тўлиб-тошиб уйига кириб борди. Ҳовлида ўйнаб ўтирган кенжатойи шодон қичқириб, у томон югурди:

− Отам бозордан келди!

Сим дорга кир илаётган Бибисора “ялт” этиб дарвоза томонга қаради. Шоймирзанинг қўшалоқ халта кўтарганча илжайиб кириб келаётганини кўриб, дафъатан қовоқ-тумшуғи осилди. Аламини қўлидаги эрининг кўйлагидан олмоқчидек, уни ҳавода қаттиқ-қаттиқ силкий бошлади.

− Аввал битта хўрозқанд беринг-чи, − деди Шоймирза ўғилчасининг сочи қайчи билан қийиб олинган ола-қуроқ бошини силаб. Болакай халталардан кўз узмай, қўлини иштонига тиқиб, сўнг отасига узатди. Шоймирза азза-базза унинг жажжи бармоқларини ўпиб, кўзларини сузганча бош чайқади.

− Бай-бай-бай. Бунча ширин. Асал-е, асал! − Шоймирза халталарнинг биридан хўрозча шаклидаги сопол ҳуштак олиб, бир-икки марта чуриллатиб пуфлади. – Қалай, зўрми?

Эркатой мамнун қиёфада бош ирғаб, ҳовлини бошига кўтарганча ҳуштак чалишга тушиб кетди.

− Халталарнинг ичида яна кўп нарса бор, − деди Шоймирза сирли оҳангда. – Акаларингниям чақириб келсанг, бирга очамиз.

Болакай чўзиб-чўзиб ҳуштак чалганча кўчага югурди.

Шоймирза елим халтадан ялтироқ тош ковушни олиб, Бибисора томон юрди.

− Бу ёққа қара, хотин...

Бибисора қошларини чимирганча эрига ёвқараш қилди.

− Эчки қани?!

Хотинининг важоҳатини кўриб, Шоймирзанинг тарвузи қўлтиғидан тушди.

− Эчкини сотдим, − деди у кўзларини пирпиратиб.

− Сотган бўлса, нимага ўрнига-ўрин олиб келмади?!

− Келаси бозор оларман...

− Эчкининг пулини бояд-шояд харжлаб келган бўлса, келаси бозор жонлиқни битига оладими? – деди Бибисора нарироқдаги бозорлиқ тўла елим халталарга адоватли қараб қўйиб.

− Арзонроғи учраб қолар. Қара, мен сенга тош ковуш олиб келдим.

− Тош ковуш кийгунча, оёғим синсин! – дея кўзларида ёш ҳалқаланган Бибисора эри узатган яп-янги ковушни силтаб ташлаб нари кетди. Шоймирза нима қилишни билмай довдираб қолди.

− Ундай дема, хотин, − деди у қўлидан учиб кетган ковушларни ердан олиб, чангини артаркан. – Сенам анчадан бери йиртиқ ковушни судраб юрибсан. Қўлимга пул тушса, хотинимга янги ковуш олиб бераман деб ният қилиб юрувдим...

− Одамлар сурув-сурув қўй қилади, йўлини қилиб, уйида борини кўпайтиради. Бу киши йўқ қилишга уста! – деди сув иситилаётган қозон ёнига бориб ўтирган Бибисора қуйилиб келаётган кўз ёшларини енги билан артиб. – Рўзғор ташвиши хаёлигаям кириб-чиқмайди.

− Рўзғор ташвишини ўйламасам, шунча нарсани уйга кўтариб келармидим? − деди Шоймирза ҳам овозини бир парда кўтариб.

− Бу кишини йўлга соламан деб сочим оқарди, − деди Бибисора унинг гапларини эшитмагандек. − Бунча пешонам шўр бўлмаса!..

Бибисора изиллаб йиғлаганча уйга кириб кетди. Шоймирза ҳовли ўртасида қаққайиб туриб қолди. Жаҳл билан қўлидаги ковушни четга улоқтирмоқчи бўлди, аммо шу заҳоти фикридан қайтди.

Бу пайтда Ўтаган бува бесаранжом қиёфада ҳовли бўйлаб уёқдан-буёққа бориб келарди. Ҳатто, сабри чидамай, бир-икки марта девор оша Шоймирзаникига ўғринча мўралади. Аммо шу заҳоти ўзини панага олиб, у томондан эшитилаётган гап-сўзларга қулоқ сола бошлади.

− Ҳой, чол, у ерда нима қилаяпти? – деб сўради супада калава йигириб ўтирган Чучук момо ажабланиб.

− Айтмовдимми! − деди Ўтаган бува. – Ҳошим калтанинг қизи бақир-чақир қилиб, ҳовлини бошига кўтараяпти.

− Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши, − деди Чучук момо бепарво оҳангда. – Бугун уришса, эртага ярашади.

− Ўтаган бува Шоймирзанинг эчкисини соттириб, эр-хотинни уриштириб қўйибди, деган маломатга қолишдан қўрқаман, кампир! – деди у девордан узоқлашаётиб.

* * *

− Шу эчкидан бошқасига кучим етмади, хотин. Бозорда қимматчилик, − деди кал эчки билан болаларини уйига етаклаб кирган Шодиқул хотинининг кўзларига қарашга ботинолмай.

Мусаллам ноаён кайфиятда кал эчки билан болаларига тикилиб қолди. Шодиқул шу топда гўё ҳаёт-мамоти ҳал бўладигандек, юрак ҳовучлаганича унинг оғзини пойларди.

− Мен нима деган эдим? – деди дафъатан Мусаллам чеҳраси ёришиб. – Пешона тери билан топилган пулнинг баракаси бўлади, демаганмидим? Шугина пулга бир эмас, учта жонлиқ етаклаб келибди!

Шодиқул ёш боладай қувониб кетди.

− Ўзиям зотдор эчки экан, ҳар йили эгиз туғармиш.

− Улоқчалари бунча чиройли бўлмаса. Бир қошиқ сув билан ютиб юборгинг келади-я.

Мусаллам кал эчкининг болаларига қўл чўзди. Бироқ улоқчалар ҳуркиб, онасини айланиб қоча бошлади.

− Ўзим сенга улоқчаларни ушлаб бераман.

Шодиқул кал эчкининг арқонини хотинига тутқазиб, лапанглаганча улоқчаларнинг ортидан югурди. Мусаллам эрининг беўхшов ҳаракатларидан завқланиб, жарангдор овозда кулиб юборди.

* * *

Оқшом Шоймирза уйида ёнбошлаган кўйи телевизорда аллақандай ҳиндча кинони томоша қилиб ўтирарди. Эски телевизорнинг экрани хиралигидан қайси кино берилаётганини ҳам аниқлаш мушкул, аммо йигит билан қизнинг жўр бўлиб куйлаётган эҳтиросли хониши аниқ-тиниқ эшитиларди. Нариги хонада болаларнинг бири олиб бири қўйиб ҳуштак чаларди. Ҳамон арази тарқамаган Бибисора ҳеч нарсага эътибор бермай, бир чеккада тумтайиб ўтирарди. Шоймирза бот-бот кўз қири билан унга қараб қўярди.

Ногаҳон телевизор ўчиб қолди.

− Қарасанг-чи! − деди Шоймирза хотинига норози қараб қўйиб.

Бибисора ўрнидан туриб, телевизорга бир-икки мушт туширди. Шу заҳоти экран ёришди.

− Янаги бозор эчки олиб келаман дедим-ку? – деди тоқати тоқ бўлган Шоймирза аччиқланиб. – Бундоқ чиройингни очиб ўтирсанг-чи?

− Қачон эчки олиб келса, ўшанда чиройим очилади! − бўш келмади Бибисора ҳам.

Шоймирза жаҳл билан ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Ҳовлида эчкининг бўшаб қолган ўрнига кўзи тушиб, хўрсинди.

* * *

Шодиқул кечгача оғилхона ёнидан кал эчки билан болаларига жой тайёрлади. Анча йиллардан бери қаровсиз ётган бир парча ерни супуриб-сидириб тозалади-да, атрофини эски сим тўр билан ўради. Хуллас, тез орада ҳовлида ночоргина қўра пайдо бўлди. Шодиқул кал эчкини ана шу қўранинг ўртасида қоқилган ёғоч қозиққа боғлаб, олдига хашак солди. Анча вақт эчки билан болаларининг курт-курт беда кавшашини завқ билан томоша қилиб ўтирди. Ўчоқ бошида куймаланаётган Мусаллам чақиргач, ноилож ўрнидан туриб уйга йўл олди.

− Келаси йил ерга эртачи картошка экаман, − дея хотининга гурунг берарди ёғлиққина паловга тўйиб олган Шодиқул босиб-босиб аччиқ кўк чой симираркан. − Худо бераман деса, чумчуқнинг кўзидеккина жойдан ҳам оламжаҳон ҳосил олса бўлади. Сотсак, пулига яна беш-олтита эчки оламиз...

Бу пайтда қўрадаги кал эчки худди остидан илон чиққандек безовталаниб, ўзини у ёқдан-бу ёққа урарди. Кутилмаганда унинг бўйнига боғланган арқон бошидан сирғалиб чиқиб кетди. Кал эчки қўранинг омонатлигини сезгандек, унинг бурчагидаги ёғоч устунни шохсиз боши билан итара бошлади. Номигагина ерга қадаб қўйилган устун қийшайиб, ерга қапишиб қолди. Сим тўрнинг устидан ҳатлаб ўтган жонивор гўё бўрининг чангалидан халос бўлгандек, эгиз улоқларини эргаштириб жон ҳолатда ташқарига югурди.

Ҳеч нарсадан бехабар Шодиқул бу пайтда Мусаллам билан эчкиларни кўпайтириш ҳақида кенгашмоқда эди.

* * *

Субҳидам чоғи Ўтаган бува одатдагидек офтоба кўтарганча вазмин қадамлар билан уйидан чиқиб келди. Тонгнинг кумушранг нурларига ғарқ бўлиб ётган томорқасига завқ билан термулди.

Кутилмаганда унинг чеҳраси ўзгариб, ранги-қути учди. Ғазабдан қийиқ кўзлари қонга тўлиб, лаблари пир-пир уча бошлади. Чунки бу пайтда унинг томорқасида Шоймирзанинг кеча бозорда сотилган кал эчкиси эгиз улоқлари билан ўтлаб юрарди.

* * *

Чучук момо билиб айтган экан. Бибисора кун бўйи эридан тумшуқ буриб юрган бўлса-да, барибир шаштидан тушди. Оқшом болалар ухлаб қолгач, қаватидан кириб олган эрининг беўхшов хушомадларидан мўмдай эриб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. “Битта эчки кетса садқаи сар, ишқилиб, бахтимизга бу киши омон бўлсин” деган ўй кечди эрининг қучоғида эркаланиб ётган Бибисоранинг хаёлидан.

Бибисора саҳармардонда ўрнидан туриб, нон ёпиш тараддудига тушди. Меҳри ийиб кетган Шоймирза ҳам тонг уйқусининг баҳридан кечиб, унга эргашди.

− Косовни менга бер, хотин, − деди у терлаб-пишиб тандирда олов ёқаётган Бибисоранинг атрофида парвона бўлиб. − Сен нонларингни олиб чиққунингча тандирга ўзим қараб тураман.

Бибисора эрига ажабланиб тикилди.

− Қўйинг-ей, уят бўлади, − деди сўнгра ёқимли жилмайиб. – Ўзим эплайман.

− Биламан, сенгаям қийин, − деди Шоймирза каловланиб. – Катта рўзғор. Ташвишиям кўп.

− Ўрганиб кетганман, − деди Бибисора эрининг меҳрибончилигидан таъсирланиб. – Худога шукр, Шоиранинг ҳам бўйи чўзилиб қолди. Ҳадемай қаторимга киради.

− Энди менам далага чиқиб ишлайман. Бир-икки танга орттирсак, яна эчки-мечки оламиз. Ўзи, ҳозирги замонда мол-ҳолдан фойда...

Шу пайт девор ортидан Ўтаган буванинг бақир-чақири эшитилиб, эр-хотин ўша томонга юзланишди.

− Ҳа, уйгинанг куйгур, шумоёқ, касофат! – дея шанғилларди Ўтаган бува. − Қариган чоғимда белим букчайиб, шунча экин-тикинни сенинг гўммик қорнингни тўйдириш учун кўкартириб ўтирибманми?!.

− Ҳамсоя бува нимага эрталабдан кекирдагига зўр бериб қолдийкин? Ё...

Девор тагидан “лоп” этиб кал эчки билан болалари чиқиб келди-ю, Шоймирзанинг гапи бўғзида қолди. Эр-хотин бир-бирига бақрайганча ҳайкалдек қотиб қолишди.

Бироздан сўнг дарвоза ғижирлаб очилиб, Ўтаган бува ҳовлига бостириб кирди.

− Бу шумғияни соттириб ҳам қутулмайманми?! – деб бақирди у йиғламоқдан бери бўлиб. − Ўлдираман уни!

− Менга нима дейсиз? – деди аллақачон эс-хушини йиғиб олган Шоймирза ҳам бўш келмай. – Эчкини аллақачон сотганман! Қанча дардингиз бўлса, бориб эгасига айтинг.

Ўтаган бува дафъатан бўшашиб қолди. Унинг бояги важоҳати тумандек тарқаб, қисиқ кўзларидаги ғазаб ўрнини алланечук умидсизлик эгаллади.

− Эгасини қаердан топаман бу касофатнинг, − деди у тушкун кайфиятда. − Эсимни эчки есин менинг! Бу лаънатини сотишга-сотибман-у, бир оғиз унинг кимлигини, қайси қишлоқда яшашиниям сўраб қолмабман.

− Гапингиз тўғри, − деди Шоймирза ҳам ўйланиб. – У бечораям териси юпқароқ кўринганди. Эрталабдан зор қақшаб эчкисини ахтариб юрган чиқар.

Шу пайт Бибисора ошхонадан челак кўтариб чиқди.

− Эчкини ушлаб турсин, − дея шивирлади у Шоймирзага яқинлашиб. – Бир-икки қошиқ соғиб олай, болаларга пишириб бераман.

− Э, йўқ, − дея бош чайқади Шоймирза. − Энди бу эчкида бизнинг ҳақимиз қолмади. Бировларнинг ризқига шерик бўлиб ўтирсак, инсофдан бўлмас.

Бибисора ноилож ортига қайтди.

− Бўлди-бўлди! Чорасини топдим, − деди ўйга толиб ўтирган Ўтаган бува кутилмаганда жонланиб. – Кўнглинг тўқ бўлсин, гуппивой, қочоқ махлуқингни эсон-омон эгасининг қўлига қўш-қўллаб топширамиз.

− Хўш?

− Эчкингни яна бозорга соламиз.

Шоймирза Ўтаган буванинг ниятини уқиб олмоқчидек унинг кўзларига тикилди.

* * *

Эрталаб кал эчкининг жойида йўқлигидан хабар топгач, Шодиқулнинг кўзига дунё қоронғи кўриниб кетди. Қишлоқ бўйлаб зир югуриб эчкини ахтаришга тушди. Уйма-уй кириб, одамлардан суриштирди. Аммо ҳеч қаерда эчкининг дараги чиқмади. Жонивор эгиз улоқлари билан ерга кириб кетгандек, изсиз ғойиб бўлган эди.

Шундан сўнг Шодиқул қишлоқда “мол ўғриси” дея ном чиқарган, бу “ҳунари”нинг шарофати билан бир муддат қамалиб ҳам чиққан Омон тирриққа дохил бўлди. Унинг уккиникидек совуқ боқувчи қонталаш кўзларига қарашга юраги бетламай, ўзининг қўл учида кун кўриши-ю, амал-тақал қилиб олган эгиз улоқли кал эчкиси оқшом йўқолиб қолганини айтиб ҳасрат қилди. Мободо кимдир унинг жонлиғини кўрган бўлса ёки қаердалигини билса, қайтариб берса, суюнчисини берар эди...

− Кўпам чайналаверманг, Шодиқул ака, − деди энсаси қотган Омон тирриқ унинг дийдиёсини шартта бўлиб. – Ўғирлайман десам, бойваччаларнинг қўрасида семизликдан қуйруғини кўтаролмай ётган қўчқорлар озми? Сизнинг тирриқ эчкингизга куним қолгани йўқ. Бу гапни бир гапирдингиз, бошқа тилингизга олманг. Энди тезроқ бу ердан туёғингизни шиқиллатинг!

Шодиқул тушга яқин ҳориб-чарчаб уйига қайтди.

− Камбағални туянинг устида ҳам ит қопди, хотин! – дея ҳасрат қилди қаршисидан чиққан Мусалламга. − Энди оғзимиз ошга етди деганда битта эчкидан ҳам ажралиб ўтирибмиз...

− Яхшилаб излаштирса, дараги чиқиб қолар?..

Шодиқул ҳалимдеккина феъл-атворига ярашмаган бир тарзда хотинига ўқрайиб қаради-да, индамай уйга кириб кетди.

“Мол аччиғи – жон аччиғи” деб бекорга айтишмаган экан. Шодиқул йўқолган эчкисига қаттиқ қайғурди. Кўп асабийлашганидан ҳатто, қишин-ёзин далада юравериб бир неча йил бурун орттирган бод касали қўзиб, уйида гум-гурс ётиб қолди.

Кечга яқин тоғаси Бойғози оқсоқол ундан ҳол сўраб келди.

− Ноумид бўлма, жиян, − деди у Шодиқулга тасалли бериб. – Эчки деган жонивор пўстакка тушган бурга эмаски, дом-дараксиз кетса. Молинг топилади. Ким ўғирлаган бўлсаям, эрта-бир кун уни бозорга солиши аниқ. Яхшиси, сен эчкингни бозордан қидир.

Бу гапдан сўнг Шодиқулнинг кўнглида умид учқуни пайдо бўлди. У сабрсизлик билан келаси бозор кунини пойлай бошлади.

* * *

Ўтаган бува билан Шоймирза якшанба куни эрталаб қочоқ эчкини етаклаганча мол бозорига етиб боришди.

Дарвоза олдида мол сотувчилардан пул тераётган таниш чиптачиларга кўзи тушиб, Шоймирзанинг кайфи учди.

− Бировнинг эчкисигаям мен бадал тўлайманми?

− Бу гал эчкига мен чек оламан, − деди Ўтаган бува хотиржам қиёфада.

− Ҳазиллашмаяпсизми?

Ўтаган бува унинг гапига жавоб бермай, кал эчкини етаклаганча чиптачиларга яқинлашди.

− Вой, манави улоқчалар бунча ширин! – деди икки бети сиртига тухум сариғи суртиб пиширилган сомсадек ялтираб турган бақалоқ танглайини такиллатиб. − Ушлаб олиб, еб қўйгинг келади-я!

− Уч юз сўм! − Қилтириқнинг амирона овози янгради.

− Ўтган ҳафта шу эчки билан болаларига икки юз сўм олган эдингиз-ку? − деди Шоймирза қулоқларига ишонмай. − Ҳисобда адашдингизми дейман...

− Чекнинг нархи ошди!

− Кўпга келган тўй-да бу, укажон, − деб Ўтаган бува эринмасдан эчкининг арқонини дарвоза устунига боғлади-да, чопонининг этагини кўтариб, азза-база иштонбоғини ечишга тушди. − Чек пулини бермасак, бозорга киролмаймиз.

− Бу нима қилиқ? – деди Ўтаган буванинг ҳаракатини ажабланиб кузатиб турган қилтириқ пешонасини тириштириб.

− Уч-тўрт тангани кампирдан яшириб, иштоннинг липпасига тугиб қўйувдим, − деди Ўтаган бува пинагини бузмай. − Моғорлаб кетмаган бўлсин, ишқилиб.

Ўтаган бува йўлни тўсиб қўйгани боис мол бозорининг торгина дарвозаси бир зумда тирбанд бўлиб кетди. Орқада мол-ҳол етаклаган одамларнинг “Нима гап?”, “Тезроқ юрмайсизми?”, “Эчкингни ол!” деган норози гап-сўзлари эшитила бошлади. Бундай бўлишини кутмаган қилтириқ нима қилишни билмай, шошиб қолди.

− Сассиқ пулингиз ўзингизга сийлов, − деди у жаҳл билан афтини буриштириб. – Тезроқ йўлни бўшатинг!

Ўтаган бува ҳам шуни кутиб тургандек чаққонлик билан кал эчкининг арқонини ечиб олиб, уни ичкарига судради. Шоймирза таёқ сермаганча улоқларнинг ортидан ҳайдади.

− Улоқчалардан зўр димлама пиширса бўларди, – деди ҳамон эгиз улоқчалардан кўз узолмай турган бақалоқ тамшаниб.

− Беш юз сўм!

У шеригининг овозидан ўзига келиб, шу заҳоти патта йиртди.

Ўтаган бува билан Шоймирза эшак бозори ёнида оёқ илишди.

− Баччағарларни бопладингиз, Ҳамсоя бува...

− Сен қочоқ эчкингни шу ерда ушлаб тур, − деди Ўтаган бува унинг мақтовига эътибор бермай. − Мен тезроқ Кўчар жарчини топай.

− Мободо, эчкининг эгаси келиб қолса, нима қилай?

Ўтаган бува, “шуниям билмайсанми” дегандек унга ўқрайди.

− Нима қилардинг? Қўлига қўш қўллаб топширасан-да!

− Хўп-хўп, − деди Шоймирза отасидан дакки эшитган гўдакдек кўзларини пирпиратиб.

Ўтаган бува кўздан ғойиб бўлгач, Шоймирза қизиқиш билан теваракни кузата бошлади. Сал нарида қизғин давом этаётган эшак савдосига кўзи тушиб, кал эчкини судраганча ўша томонга юрди.

Миқти гавдали даллол чол қора эшак ушлаган кишининг қўлини зўр бериб силталар, бир гала томошаталаблар бу манзарани диққат билан кузатиб туришарди. Эшак эса бу машмашаларнинг ўзига заррача алоқаси йўқдек, қулоқларини осилтирганча мудрарди.

− Яхши нарх бўлди! – деди даллол чол ҳансираб. – Бундан ортиғини бозор кўтармайди. Баракасини бер энди!

− Бозор кўтармаса, қайтариб кетавераман, − деди сотувчи пинагини бузмай. − Сиз айтган нархга ханги тугул, минги бўлмаган курра ҳам бермайди.

− Гапини қаранглар бунинг! – дея даллол чол атрофида давра қурган одамларга асабий тарзда кўз югуртириб олди. – Бу кишим яғир эшагини гижинглаган тулпорнинг пулига сотмоқчими дейман?

Даврадагилар чолнинг гапини маъқуллаб бош ирғашди.

− Қора ҳангининг нархи қанча бўлди? – сўради Шоймирза яғир телпагини кўзигача бостириб кийган кишидан.

− Даллол эллик мингга тилаяпти.

− Эллик минг?! − Шоймирза қулоқларига ишонмагандек яғир телпаклига анграйиб қаради. – Битта ҳаром эшакнинг баҳоси шунча эканми?

− Шунгаям кўнмай, тайсаллаб турибди.

− Эллик мингга бизнинг эчкидан бир сурувини беради-ку? − деди Шоймирза зарда билан. − “Замонанинг тўзгани − отдан эшак ўзгани” деб шуни айтишади-да!

Шоймирза асабий тарзда эчкисини судраб нари кетди. Яғир телпакли киши унинг ортидан ҳайрон қараб қолди.

* * *

Бу гал Хушмуроднинг ҳадеганда омади чопавермади. Охири ўйлаб ҳам ўтирмай ранг-баранг матолар ёйиб қўйилган газмол растаси томонга юрди. Харидорлар орасидан ўғри мушукдек суқилиб кириб, бир бўлак матога қўл чўзди. Кутилмаганда газмол ўлчагич таёқ қўлига шарақлаб тушиб, ўтакаси ёрилаёзди.

− Беш газлик атласни ўғирлаганингга бир ой ҳам бўлгани йўқ! − деди бақбақалари осилган сотувчи аёл қовоқ уюб. – Ўғри бўл, инсоф билан бўл-да, Хушмурод!

− Хотиним атлас буюрувди! − дея тўнғиллади оғ¬риқ¬дан афти буришиб кетган Хушмурод таёқ изи қолган қўлини силаб. − Ёқса, сотиб олмоқчийдим.

− Топган баҳонасини қаранглар бунинг. Жўна бу ердан! Бирон ойсиз кўзимга кўринма!

− Бўпти-бўпти! Кўпам шанғиллайверма, − деб Хушмурод растадан узоқлашди. − Бир парча латтаниям кўзи қиймайди бу қурумсоқ. Латофат булка!..

Бироздан сўнг Хушмурод олди-сотди қизғин давом этаётган қуруқ мевалар растасини оралаб борарди. Шу пайт одамлар орасидан туртиниб-суртиниб ўтиб келган Қўчар жарчи билан Ўтаган бува сал нарида тўхташди. Кўчар жарчи қаттиқ-қаттиқ йўталиб олиб, қўлларини оғзига карнай қилганча жар солишга тушди:

− Аюҳаннос-аюҳаннос! Халойиқ, бир муддат нафас ростлаб, Кўчар жарчининг нидосига қулоқ тутинг!.. − Бозордаги ғала-ғовур бироз пасайиб, сотувчи-ю харидорлар қизиқиш билан у томонга юзланишди. – Ўтган ҳафта уймовутлик Шоймирза полвон бозорда зотдор кал эчки сотган! Ўрта бўйли, қорача ранг-рўйли бир йигит эгиз улоқли эчкига эга чиққан! Лекигин эчкиси қурғур шу оқшом бўшалиб, Шоймирза полвонникига қочиб борган! Иймон-инсофли Шоймирза полвон жонлиқни эгасига қайтарай деса, унинг на отини билади, на зотини! – Кўчар жарчининг ортида ғўддайиб турган Ўтаган бува унинг гапларини маъқуллаб бош ирғади. – Ўйлай-ўйлай Шоймирза полвон, кал эчкини яна бозорга солган! Эгаси чиқса, олиб кетар деган хаёлга борган! Шу жигитни кўрган-билганлар бўлса, хабар берсин, у бориб, эшак бозордан эчкисини олиб кетсин!.. Аюҳаннос-аюҳаннос!..

Кўчар жарчи билан Ўтаган бува бошлашиб гилам расталари томонга юришди. Хушмурод уларнинг ортидан қараб қолди.

Майиз сотаётган оппоқ соқолли чол қўлини қулоғига тутиб, Кўчар жарчининг сўзларига диққат билан қулоқ тутди, аммо унинг овозасини яхши англай олмади.

− Бозорнинг муллатўрғайи нима деб бўзлаяпти, Мў¬мин? – деб сўради у ёнидаги туршакфуруш йигитдан.

− Битта эчкининг эгаси йўқолиб қолибди, − дея кулди йигит. – Шунинг дарагини суриштириб юрибди.

− Эчкининг эгаси йўқолиб қолибди?.. У қандай эчки экан?

− Эгиз улоқли, зотдор эчки эмиш!

Йигитга қараб яна оғиз жуфтлаётган чол тепасида қаққайиб турган Хушмуродни пайқаб қолди.

− Келинг, болам, Шаҳрисабзнинг сояки майизи, − деди уни харидор деб гумон қилган чол ёшига ярашмаган чаққонлик билан қўлбола тарозининг палласига майиз солаётиб. – Неча кило тортай?

Хушмурод эс-хушини йиғиб олиб, майизфуруш чолга ажабланиб тикилди. Сўнг ортидан ёв қувгандек, мол бозори томон зиппиллаб жўнади.

Расталар орасидаги торгина йўлакда чумолидек уймалашиб ётган одамлар орасидан зўрға илгарилаб бораётган Ўтаган бува нимадир эсига тушгандек сергак тортиб, шеригига юзланди:

− Айтгандай, анави шўрқудуқлик чопағоннинг қашқа бедови топилдими?

− Топилди, − деди Кўчар жарчи бепарво оҳангда. – Учкапалик бир йигит жониворни ушлаб, эгаси чиқиб қолар деб қўрасига боғлаб қўйган экан. Шу куни ўзи бозорга келолмай, бир-иккитасидан тайинлаб юборган экан.

− Суюнчиси нима бўлди?

− Кечга яқин Жоби полвоннинг мошинасига жайдари қўчқорни ортиб Учкапага жўнадик, − деди Кўчар жарчи жилмайиб. – Лекин учкапалик шоввоз ҳам назари тўқ йигит экан, суюнчи-муюнчи керак эмас деб туриб олди. Жоби полвон эса “менам лафзидан қайтадиган номард эмасман” деб тихирлик қилаяпти. Ўртада ҳирсдай қўчқор овораи-сарсон. Охири ўзим орага тушиб, бу муаммони ҳам ҳал қилиб бердим.

− Нима қилдингиз? – сўради Ўтаган бува қизиқиб.

− Жайдари қўчқорни ўша ердаёқ сўйдирдим, − деди Кўчар жарчи муғомбирона илжайиб. – Учкападаги зиёфат ярим оқшомгача давом этди. Мезбон ҳам топган-тутганини дастурхонга тўкиб ташлади. “Қўйнидан тўкилса, қўнжига” деганларидай, ўзимиз олиб борган жонлиқни ўзимиз еб-ичиб келдик. Хуллас, қуйруқ-бовур еб, бизнинг ҳам ичакларимиз мойланиб қолди.

− Жуда қизиқ иш бўпти-ку, − деди Ўтаган бува ҳам кулиб. – Ҳалиям шундай валломат йигитлар бор экан-да!

Бу орада улар гилам расталарига етиб келишди.

* * *

Ранг-рўйи сўлиб, кўзлари киртайиб қолган Шодиқул теваракка олазарак кўз югуртириб, мол бозорини оралаб юрарди. У рўпарасидан чиққан ҳар бир эчкига диққат билан тикилар, ўзиники эмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ҳафсаласи пир бўлиб яна йўлида давом этарди. Дафъатан бир чеккада пачоққина йигит ушлаб турган кал эчки унга таниш туюлди. Кўзларига ишонмагандек унга зингил солиб қаради. Оппоққина кал эчки! Эгиз улоқчалариям бор...

Шодиқул ҳаяжондан қалт-қалт титраганча ўша томонга юрди. Ўзгалар савдосини хомуш кузатиб турган йигит жонланиб, унга яқинлашди.

− Шугина эчкини олинг, ака, барака топасиз, − деди йигит ялинчоқ овозда. – Ўзи зотдор эчки, ҳар йили эгиз туғади...

Шодиқул шартта унинг билагидан ушлади.

− Эчкинг кал экан-ку, ошна! – деди киноя аралаш ғазаб билан. – Кал эчкининг харидори кам бўлади!

− Ўзи кал бўлсаям, болаларининг шохи бор, – деди йигит Шодиқулнинг ўзини тутишидан ажабланиб. – Ишонмасангиз, ана, кўринг...

Шодиқул йигит имо қилган томонга қаради. Дарҳақиқат, кал эчкининг пинжига суқилиб олган улоқчаларнинг бошида бошмолдоқдек-бошмолдоқдек мугузчалари бўртиб турарди. Шодиқул кўзларига ишонмагандек дам эчкига, дам улоқчаларга термулди.

− Кал эчкининг шохдор улоқ туққанини энди кўри¬шим, − деди у тарвузи қўлтиғидан тушиб. – Бу дун¬ё¬¬нинг ишлари қизиқ экан-да...

Шодиқул ғамгин қиёфада йигитдан узоқлашди.

− Эчкимиз ёқмадими, ака?

− Бунинг улоқлариям кал бўлганида олардим... Бизнинг ишқимиз кал жонлиқларга тушган.

Йигит аламини эчкидан олмоқчидек, унинг шалпанг қулоқларига шапатилади.

− Сен бедаво махлуққа дуо кетганми, нима бало! Уч ҳафтадан бери биров бурилиб қарамайди...

* * *

Даллол билан сотувчи муросага келишиб, эшак савдоси ниҳоялади. Чол ёнидаги харидордан бир дас¬та пул олиб, унинг қўлига тутқазди. У шошилмасдан пулни санагач, харидор билан қўл олишиб, эшакнинг баракасини берди. Давра қурган одамлар ҳам аста тарқалишди.

− Қора ҳанги қанчага сотилди? – дея сўради Шоймирза яғир телпакли кишидан.

− Эллик беш мингга!

− Ў, баччағар-ей! – дея бош чайқади Шоймирза. − Ўзи бу замонда эшак пул бўлибди-да, а?

− Нима деяпсиз, ука? − деди деди яғир телпакли киши кулиб. − Ҳалиям Эшонқул даллол эшакнинг эгасини илондай авраб, анча арзонга кўндирди.

− Йўғ-ей?!

− Ана, қаранг, жонивор ўзиям нақ бойловдан чиқарилган тулпордай тайранглайди!

− Ҳа, Эшонқул даллол хоҳласа отни эшакнинг нархида олиб, эшакни отнинг баҳосига сотади, − дея бош чайқади унинг шериги.

Шоймирза қора ҳангига ажабланиб тикилди.

Бу пайтда ҳаллослаганча эшак бозорига етиб келган Хушмурод сал нарида тўхтаб, Шоймирзани синчковлик билан кузата бошлади. Ниҳоят, бир қарорга келиб, шаҳд билан келиб унинг ёқасига ёпишди.

− Муттаҳам, ўғри! Қўлга тушдинг-ку!

Шоймирза бундай фавқулодда ҳаракатдан бутунлай шошиб қолди.

− Эби-эби... Мен ўғри эмасман, ака!

− Қўлингдаги эчки ўғирлик мол бўлмай, катта бувангдан қолган меросми?! – дея ўшқирди Хушмурод Шоймирзанинг кекирдагини узиб олмоқчидек унинг бўйнига қўл чўзиб. − Бу эчкини ўтган ҳафта укам бозордан сотиб олувди. Сен уни ўғирлагансан!..

− Э, сиз ўша йигитнинг акаси бўласизми? – деди Шодиқул бу гапдан ёш боладай қувониб. – Худога шукр-ей! Ўзимиз ҳам сизларни излаб юрган эдик.

− Эчкимизни ўмариб, яна ўзимизни излаб юрган эмиш! – дея Хушмурод кутилмаганда Шоймирзанинг чап юзига шапалоқ тортиб юборди. – Мени шу гапингга ишонадиган аҳмоқ деб ўйлаяпсанми?

− Бу нима қилганингиз?! – деди қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлиб кетган Шоймирза тарсаки изи билиниб қолган юзини силаб. − Ўтган ҳафта бу эчкини укангизга мен сотган эдим...

− Ўзинг сотиб, ўзинг ўғирлабсан-да!

Хушмурод унинг нариги юзига ҳам шапалоқ туширди.

− Урманг-ей! – деб Шоймирза жон ҳолатда Хушмуроднинг қўлига ёпишди. – Сиз мени Хушмуродга тенг¬лаштирманг...

Хушмурод ўз исмини эшитиб, дафъатан бесаранжомланиб қолди. Нимадир эсига тушгандек теваракка хавотирли қараб қўйди. Аммо яқин орада ҳеч ким йўқ эди.

− Хуллас, бу эчкини ўтган бозорда укангизга биз сотган эдик, − дея тушунтира бошлади Шоймирза унинг бироз бўшашганидан руҳланиб. − Бироқ эчкиси қурғур ўша оқшом уйга қочиб борибди. Тузукроқ боғланмаган бўлса, бўшалиб кетган-да! Аксига олиб, бизам укангизга эчкини сотибмиз-у, унинг кимлиги, қайси қишлоқда яшашиниям сўраш эсимизга келмабди. Ўйлаб-ўйлаб, эгаси чиқиб қолар дея бозорга етаклаб келавердик.

− Ия, шундайми?!

− Кўчар буваям эчкининг эгасини дараклатиб, бозорда жар солиб юрибди. Эшитмадингизми?

− Йўқ, эшитмадим, − Хушмурод кал эчки билан эгиз улоқларига қараб ютиниб олди. – Хўп, гапларингга ишондим. Энди эчкини менга берақол! Ўзим уйга етак¬лаб кетаман.

Шоймирза эчки эгасининг тўсатдан безовталаниб, тараддудга тушиб қолганидан ажабланди.

− Айтгандай, укангизнинг ўзи кўринмайди?

− Эй, сўрама! – деди аллақачон Шоймирзанинг қўлидаги арқонни тутамлаб ушлашга улгурган Хушмурод бош чайқаб. − Укам камбағал, эчкисидан айрилганига чидолмай, касал бўлиб қолди! Ўрнига ўзим келавердим.

− Омонатини эгасининг ўзига топширганимда яхши бўларди-да, − деди Шоймирза эчкининг арқонини унга беришни-да, бермасликни-да билмай.

− Касал ётган одамни елкамда опичлаб келишим керакмиди?! – деди Хушмурод Шоймирзани таппа босиб ургудек важоҳат билан. – Нима, менга ишонмаяпсанми?

− Ундай деяётганим йўқ, − деди кўнглига алланечук шубҳа оралаган Шоймирза каловланиб. − Сўраганнинг айби йўқ, укангиз қандай одам?

− Ай, оғайни-я, сен мени ким деб ўйлаяпсан? − деди Хушмурод хафа бўлиб. − Битта қўтир эчкини деб одамни шунчалик қилиш яхшими?.. Майли, сен сўрадинг, мен айтаман, укам паст бўйли, қорача ранг-рўйли одам! Тўғрими?

− Тўғри, − деди Шоймирза оғир сўлиш олиб. – Эчкингизни бераман. Лекин бироз шошманг. Ҳадемай Ўтаган бува билан Кўчар жарчи ҳам келиб қолишади...

− Э, ўша сассиқ чолларингни бошимга ураманми? − Хушмурод бир силтаб Шоймирзанинг қўлидан эчкининг арқонини юлиб олди. − Тезроқ бориб, укамни хурсанд қилай. Бечора ҳалигача кўкрагини захга бериб ётгандир.

Хушмурод кал эчкини диконглатиб судраб кетди. Эгиз улоқчалар ҳам онасига эргашди. Шоймирза илон авраган бақа каби бир муддат серрайиб туриб қолди. Сўнг илкис эсига тушиб, Хушмуроднинг ортидан овоз берди:

− Айтгандай, укангизга тайинланг, бундан кейин эчкининг бўйнидан боғламасин. Чунки калласида шохи йўқ, арқон сирғалиб чиқиб кетиши мумкин. Нўхталаб қўйгани тузук...

* * *

Субҳи содиқдан мол бозорини бесамар кезавериб обдон толиққан Шодиқул холисроқда тўрва соқолли шохдор така ушлаган кишининг ёнида ўтириб, унга дардини дастурхон қиларди:

− Зотдоргина эчки эди, ака. Мунчоқнинг кўзидеккина эгиз болалариям бор эди. Кўпайса, рўзғорга барака келтирар деб умид қилувдим... Бир кечада ўғирлаб кетишди!

− Ўғри деган занғар эчкингни бозорга чиқариб ўтирармиди? – деди таканинг эгаси шанғи товушда. – Бир ҳафтадан бери улоқларигача сўйиб, жиғилдонига жойлаб юборган чиқар.

− Билмасам, − деди Шодиқул бу гапдан баттар умидсизланиб. – Эти устихонига ёпишган қари эчкининг гўшти кимнинг жонига дори экан...

Узун соқолини селкиллатганча кавш қайтараётган шохдор така гўё Шодиқулга ичи ачиётгандек, унга қараб маъраб қўйди. Шодиқул ҳам жониворга ўйчан тикилиб қолди.

Шу пайт шовқин-суронга қоришиб ётган мол бозори узра Кўчар жарчининг бўғиқ нидоси янгради:

− Ўтган ҳафта уймовутлик Шоймирза полвон, бозорда эгиз улоқли кал эчки сотган! Ўрта бўйли, қорача ранг-рўйли бир жигит шу жонлиқларга эга чиққан!.. Лекигин эчкиси қурғур оқшом бўшалиб, Шоймирза полвонникига қочиб борган! Иймон-инсофли бу одам эчкини эгасига қайтарай деса, на отини билади, на зотини!..

− Кал эчки дейдими? − деди таканинг эгаси ажаб¬ланиб. − Эгиз улоқлариям бор эмишми?

Шодиқул унга жавоб ҳам қайтармасдан оёғини қўлига олиб ўша тарафга югурди...

Бироздан сўнг Кўчар жарчи, Ўтаган бува ва Шодиқул шодон кайфиятда эшак бозорига йўл олишди.

− Эчкидан умидимни узиб қўйган эдим, − деди Шодиқул хурсандчиликдан терисига сиғмай. – Бу яхшилигингиз ҳеч эсимдан чиқмайди, амакилар. Мендан қайтмаса, худодан қайтсин.

− Зотдор махлуқингни ўзингга қайтармасам, менинг ҳам кўнглим жойига тушмасди, − деди Ўтаган бува муғомбирона илжайиб. – Дунёнинг нариги чеккасидан бўлса ҳам топардим сени.

− Менам эрталабдан бери кекирдакка зўр беравериб, овозимда овоз қолмади, − деб Кўчар жарчи қириниб-қириниб йўталиб олди.

− Ассалому алайкум!

Қаршисида илжайиб турган Шоймирзани кўриб Ўтаган буванинг қийиқ кўзлари баттар қисилиб кетди.

− Бу ерда нимага куйдирган калладай тиржайиб турибсан?

− Сизларни ахтариб юрган эдим, − дея кулди Шоймирза. Шодиқулга кўзи тушиб, беозор кўзларини пирпиратди. − Ия, сиз ҳам касал ҳолингизга бозорга чиқдингизми?

− Мен касал эмасман, – деди Шодиқул хавотирланиб. – Менинг эчким қани?

− Зотдор жонлиғингиз эгиз улоқларини эргаштириб уйингизга кетди, − Шоймирза ўз ҳазилидан ўзи завқланиб кулди.

Кўнглига ҳадик оралаган Шодиқул мадад кутгандек Ўтаган бувага мўлтиради.

− Эс-ҳушинг жойидами, гуппи! − деди Ўтаган бува. − Нималар деб алжираяпсан?

− Эчкини бу кишининг акасининг қўлига топширдим...

− Нима?.. Менинг ҳеч қандай акам йўқ!

− Э... нега акангиз йўқ бўларкан? – деди Шоймирза довдираб. − Ўзингиз эчкининг дардида узликиб қолиб, бозорга акангизни юборган экансиз-ку?

− Шўрим қуриб қолди!

Шодиқул бошини чангаллаганча ўтириб қолди.

− Лақма бўлмай ўл, Ҳалман гўдак!

− Эчкини Хушмурод ҳалоллаб кетганга ўхшайди, − деди Кўчар жарчи бўғиқ товушда.

− Ўша одам қайси томонга кетди?

− Анави ёққа! − довдираб қолган Шоймирза дарвоза томонга имо қилди.

− Йироқлаб кетмаган бўлса, етиб оламиз.

Шодиқул гавдасига ярашмаган важоҳат билан дик этиб ўрнидан турди.

− Қўлимга тушса, соғ қўймайман! Баччағарнинг бўйнига арқон солиб етаклайман!

− Тезроқ юринглар! – Ўтаган бува унга ғалати қараб қўйди-да, ташқарига йўрғалади. Бошқалар ҳам унинг кетидан эргашди.

Қаҳрамонларимиз бозор ташқарисида узун-қисқа бўлиб югуриб боришар, от-эшак минган, пиёда уйларига қайтаётган бозорчилар уларни хайрон кузатиб қолишарди. Шу пайт серқатнов йўл чеккасида эгиз улоқли кал эчки етаклаб кетаётган кишининг қораси кўринди.

− Ушланглар ўғрини!

Ўтаган бува жадаллаб бориб, унга чирмовуқдек ёпишди. Эчки эгаси ажабланиб орқасига ўгирилди. Аммо у Хушмурод эмас, бу гал ҳам кал эчкисини сотолмай уйига қайтаётган бояги йигит эди. Бургутнинг чангалига тушган қуён каби дағ-дағ қалтираётган йигит камзулининг ёқасидан тутиб, ўзини пўстакдек силтаб ётган Ўтаган бувага гап-сўзсиз бақрайиб қараб турарди.

− Ўғри ўммоқ – бозордаги чўммоқ! Қўлга тушдинг-ку!

Бошқалар ҳам бирин-кетин етиб келишди.

− Эчкини бошқа одам олиб кетувди, − деди Шоймирза ажабланиб. − Бирпасда бу йигитнинг қўлига қандай тушиб қолди?

− Ёқамни қўйиб юборинг, − деди йигит ниҳоят ўзига келиб. − Эчки ўзимники! Бозорда сотолмай, уйга қайтариб кетаяпман!

− Бу бола Хушмурод эмас, − деди Кўчар жарчи ҳарсиллаб.

− Эчкиям меники эмас, − деди Шодиқул ҳафсаласи пир бўлиб. − Бунинг улоқларининг калласида шохи бор. Ана, қаранг!

Ўтаган бува эгиз улоқларнинг калласида бошмолдоқдек-бошмолдоқдек мугузчалари бўртиб турганини кўриб, кўзларига ишонолмай қолди.

− Бир пасда бу улоқларга шох қаердан битиб қолди? − деди у каловланиб.

− Болаларининг шохини айтмаса, бу жонивор биз ўғирлатган эчкига икки томчи сувдай ўхшайди, − деди Шоймирза елка қисиб. − Яна билмасам...

− Бу дунёда одам-одамга ўхшаганидай, эчкилар ҳам бир-бирига ўхшайди-да, − деди бироз нафас ростлаб олган Кўчар жарчи пешонасидаги терни чакмонининг енги билан сидириб.

− Боя манави киши бозорда “нимага эчкинг кал, улоқларининг шохи бор” деб дағдаға қилувди, − деди Шодиқулга кўзи тушган йигит аламли қиёфада. − Энди сиз мени ўғрига чиқараяпсиз. Қанақа одамсизлар ўзи?!

Ўтаган бува унинг ёқасини бўшатиб, кемшик тишларини кўрсатиб кулди.

− Хафа бўлма, болам, сен билан бир ҳазиллашдик. Янаги бозор келсанг, ўзим эчкингни сотиб бераман... Қани, кетдик. Тезроқ Хушмуродни топайлик.

Тўртовлон яна олға интилишди. Кўз очиб-юмгунча юз берган бу воқеадан ҳамон ўзига келолмаган йигит гарангсиган қиёфада уларнинг ортидан қараб қолди. Сўнг эчкининг арқонини силтади:

− Тезроқ юр, ҳаром қотгур! Сенинг касрингга сал бўлмаса, ўғрига чиқиб, элнинг орасида сазойи бўлаёздим.

* * *

Изларсан, топарсан, деб бекорга айтишганми, садағанг кетай машойихлар! Ниҳоят, Шодиқулнинг ўғирланган кал эчкиси ҳам топилди. Аммо не кўз билан кўришсинки, жониворни учкапалик Беғали қассоб етаклаб, эгиз улоқчаларини эшакнинг устидаги тароқи хуржуннинг икки кўзига жойлаб олган эди. Маълум бўлдики, Хушмурод қурғур аллақачон жониворни унга сотиб, жуфтакни ростлаб қолган экан.

− Асли, эчки олиш ниятимиз йўқ эди, − деди бор гапдан хабар топган Беғали қассоб пинагини бузмай. − Бозордан чиқишда биттаси, пул жудаям зарил эди, шу эчкини сотиб олинг, деб елимдай ёпишиб олди. Шугина банданинг муродини ҳосил қилсак савоб бўлар, деган хаёлда йўқ деёлмадик.

− Наҳотки, Хушмуродни танимаган бўлсангиз? – деб сўради Ўтаган бува ишонқирамай.

− Мен ундай одамни танимайманам-билмайманам, − деди Беғали қассоб кўзларини осмонга қадаб.

− Шундайми, − Ўтаган бува унга синовчан тикилди. − Ўша шоввоз қайси томонга кетди?

− Яна қайтиб бозорга киргандай бўлувди.

− Хушмурод қўлига илинган нарсани кўтариб Сарман сариқнинг чойхонасига югуради, − деди Кўчар жарчи. – Ҳозир ҳам ўша ерда эчкининг пулига базми-жамшид қилаётган бўлса керак.

− Чиқмаган жондан умид, − деди Ўтаган бува бир қарорга келиб. − Икковимиз Сарман сариқнинг чойхонасига борамиз. Сизлар шу ерда кутиб туринглар.

− Менинг вақтим зиқ, − деди Беғали қассоб қовоқ уйиб. − Уйда кампирим касал...

− Бу масала бир ёқли бўлмагунча ҳеч қаёққа кетмайсиз! − дея унинг гапини кесди Ўтаган бува. − Бироз ҳаялласангиз, кампирингиз ўлиб қолмас.

Кўчар жарчи билиб айтган экан. Хушмурод Сарман сариқнинг чойхонасида эскириб, майшайиб қолган ёғоч столга бағрини берганча кайф-сафо қилиб ўтирарди. Унинг қаршисида деярли бўшаб қолган шиша турар, унниқиб кетган дастурхон устида кабобдан бўшаган сихлар бетартиб сочилиб ётарди.

− Эчкининг пули қани, уйинг куйгур? – деб Ўтаган бува Хушмуроднинг ёқасидан буғиб ўрнидан турғазди-да, қирқ ямоқ камзули киссаларини титкилашга тушди. Унинг ён чўнтагидан каттакон носқовоққа қўшилиб бир даста пул чиқди. Ўзича нималарнидир минғирлаб ўтирган Хушмурод қонталаш кўзларини зўрға йириб, унга тикилди. Кутилмаганда Ўтаган бувани маҳкам қучоқлади-да, унинг терга ботган ажинли юзларидан чўлп-чўлп ўпа бошлади.

− Отагинам!..

− Ия-ия!.. Қўйиб юбор-а, падарингга лаънат!

Хушмуроднинг оғзидан келаётган кўланса ҳиддан Ўтаган буванинг дами қайтиб кетди. Бир амаллаб унинг қучоғидан халос бўлгач, кўнгли айнаб, кетма-кет ўқчиди.

− Менинг қўлимдан бир пиёлагина олинг, − дея Хушмурод лаби учган сопол пиёлага тўкиб-сочиб ароқ қуя бошлади. − Сизни кўриб, раҳматли отам эсимга тушиб кетди...

− Ҳе, отанг билан қўшмозор бўл! – деди Ўтаган бува қалт-қалт титраб. – Оғзидан мослиқ иси келади-я!..

− Пулнинг чўғи камаймабдими, ишқилиб?

− Камаймаганга ўхшайди, − деди Ўтаган бува қўлидаги пулни чамалаб кўриб. − Ҳартугул Сарман сариқ ҳали бунинг кармонини қоқлаб улгурмаган экан.

Чоллар шу заҳоти орқага қайтишди. Терлаб-пишиб кўрада кабоб пишираётган Сарман сариқ уларнинг ортидан ҳай-ҳайлади6:

− Ҳой, шошманглар... Ҳечқурса, бу шўртумшуқнинг еган-ичганига тўлаб кетинглар!

* * *

− Ўғри-пўғри билан ишим йўқ! − деди Беғали қассоб асабий қиёфада қўлидаги халачўпни ҳавога сермаб. − Мен бу эчкини ҳаппа-ҳалоллаб сотиб олганман.

− Кап-катта одам, бировнинг молига эга чиқишдан уялмайсизми? − деб зорланди Шодиқул йиғлагудек аҳволда. − Эчкимни қайтариб беринг!

− Сен бола бир-икки замон менга эчки бериб қўйувдингми? Қоч, йўлимни тўсма!

− Кимсан − Беғали қассоб деган номингиз бор, − деди Кўчар жарчи насиҳатомуз оҳангда. − Кунингиз бир камбағалнинг тирриқ эчкисига қолдими?

− Нима, энди бир камбағални деб шунча ақчани кўчага сочиб кетишим керакми?

− Мана ақчангиз, − Ўтаган бува киссасидан ғижимланган пулни чиқариди.

Беғали қассоб нима дейишни билмай бир муддат ўйланиб қолди.

− Қўл-қўлни танийди, Ўтаган ака, − деди у ниҳоят бир қарорга келиб. − Мен эчкини фақат сотган одамга қайтаришим мумкин...

− Уят-пуятингиз йўқ экан! – деди Ўтаган бува афсус билан бош чайқаб.

− Бу жониворга шунчалик ҳавасманд бўлсангиз, ана, сотиб олақолинг, − деди Беғали қассоб муғомбирона илжайиб. Бу гапни эшитиб Шодиқулнинг жон-пони чиқиб кетди.

− Нимага ўзимнинг эчкимни ўзим сотиб оларканман?!

− Шундайми? − Ўтаган бува Беғали қассобга зингил солиб тикилди. − Эчкини сотиб олайликми?

− Бундан бошқасига рози эмасман! − деди Беғали қассоб ўзининг топқирлигидан гердайиб.

− Майли-майли, − деди Ўтаган бува ҳам муросага келиб. – Бўлмаса, эшакдан тушинг, Беғалибой. Икковимиз бир савдолашайлик.

− Бу нима деган гап?..

− Ҳовлиқма, болам, − деб Кўчар жарчи Шодиқулнинг елкасидан босди. – Ўтаган бува нима қилишни яхши билади.

− Савдолашсак-савдолашаверамиз, − деб Беғали қассоб эшакдан тушди. – Лекин бу жониворларнинг нархига бўйлашаман деб белингиз мертиладими, дейман-да, Ўтаган ака.

− Кучимиз етмаса, эчки ўзингизники, уйингизга етак¬лаб кетаверасиз, − деди Ўтаган бува ҳам бўш келмай. − Хўп, дидингиздаги нархни айтинг-чи.

− Дидимиздагини айтсак... – Беғали қассоб бир муддат ўйланиб қолди. − Эллик минг сўраймиз-да!

− Эллик минг?! – Шодиқулнинг кўзлари олайиб кетди.

− Ҳалиям сиз анча арзон тиладингиз, − деди Ўтаган бува Беғали қассобнинг қўлини сиқа туриб. – Бу жониворларга юз минг берсак ҳам оз, лекин бир сўм ҳам кўплик қилади... Ҳа, кетса-биздан кетар. Зотдор жонлиғингизни беш минг сўмга тиладим. Баракасини беринг!

− Қирқ минг! – деди Беғали қассоб яна осмонга тикилиб. − Бундан камига сотсам, отам уришади!

− Олти минг! Хўп дедингизми?

− Қўлимни қисманг-ей! − деди Беғали қассоб оғриниб. − Бўладигани ўттиз минг!

Уйига қайтаётган отлиқ, эшакли, пиёда бозорчилар тўпланишиб, йўл чеккасидаги сайёр савдони қизиқиш билан кузата бошлашди. Эгиз улоқли кал эчкисини етак¬лаган бояги йигит ҳам уларнинг қаторига қўшилди.

− Яна юз сўм қўшдим. Кўндингизми?

− Энди Беғали қассобнинг аҳволи чатоқ, − деб Шодиқулнинг қулоғига шивирлади Кўчар жарчи соқолини тутамлаб. − Эчкини сотмаса, Ўтаган буванинг чангалидан соғ қутулмайди.

− Тўғри-тўғри, − деб илжайди Ўтаган буванинг мақсадини тушуниб етган Шодиқул. − Биз ҳам бу қўлларнинг мазасини татиб кўрганмиз.

− Ҳовлиқма, болам, − деб Кўчар жарчи Шодиқулнинг елкасидан босди. – Ўтаган бува нима қилишни яхши билади.

− Савдолашсак-савдолашаверамиз, − деб Беғали қассоб эшакдан тушди. – Лекин бу жониворларнинг нархига бўйлашаман деб белингиз мертиладими, дейман-да, Ўтаган ака.

− Кучимиз етмаса, эчки ўзингизники, уйингизга етак¬лаб кетаверасиз, − деди Ўтаган бува ҳам бўш келмай. − Хўп, дидингиздаги нархни айтинг-чи.

− Дидимиздагини айтсак... – Беғали қассоб бир муддат ўйланиб қолди. − Эллик минг сўраймиз-да!

− Эллик минг?! – Шодиқулнинг кўзлари олайиб кетди.

− Ҳалиям сиз анча арзон тиладингиз, − деди Ўтаган бува Беғали қассобнинг қўлини сиқа туриб. – Бу жониворларга юз минг берсак ҳам оз, лекин бир сўм ҳам кўплик қилади... Ҳа, кетса-биздан кетар. Зотдор жонлиғингизни беш минг сўмга тиладим. Баракасини беринг!

− Қирқ минг! – деди Беғали қассоб яна осмонга тикилиб. − Бундан камига сотсам, отам уришади!

− Олти минг! Хўп дедингизми?

− Қўлимни қисманг-ей! − деди Беғали қассоб оғриниб. − Бўладигани ўттиз минг!

Уйига қайтаётган отлиқ, эшакли, пиёда бозорчилар тўпланишиб, йўл чеккасидаги сайёр савдони қизиқиш билан кузата бошлашди. Эгиз улоқли кал эчкисини етак¬лаган бояги йигит ҳам уларнинг қаторига қўшилди.

− Яна юз сўм қўшдим. Кўндингизми?

− Энди Беғали қассобнинг аҳволи чатоқ, − деб Шодиқулнинг қулоғига шивирлади Кўчар жарчи соқолини тутамлаб. − Эчкини сотмаса, Ўтаган буванинг чангалидан соғ қутулмайди.

− Тўғри-тўғри, − деб илжайди Ўтаган буванинг мақсадини тушуниб етган Шодиқул. − Биз ҳам бу қўлларнинг мазасини татиб кўрганмиз.

− Сал арзон кетдими дейман...

Аммо эчки етаклаган йигит кетишни ҳам, кетмасликни ҳам билмаётгандек ҳамон уларнинг ёнида қаққайиб турарди.

− Қизиқ ишлар бўлди-да, Кўчар бува, − деди Ўтаган бува жилмайиб. − Айтсанг, биров ишонмайди.

− Нимасини айтасиз, − деди Кўчар жарчи унинг гапини маъқуллаб. − Шунча йил бозорда жарчилик қилиб, бунақа ҳангомани кўрмаган эдим.

Ўтаган бува дафъатан қийиқ кўзларини баттар қисиб, йигитнинг эчкисига тикилди. Сўнг Шодиқулнинг эчкисига юзланди.

− Қурғур бу махлуқлар худди бир қориндан талашиб тушган опа-сингилларга ўхшайди-я, − деди ажаб¬ланиб. − Уруғингга ўт тушгурлар-ей...

Бошқалар ҳам эчкиларга юзланишди. Чинданам, жониворлар икки томчи сувдек бир-бирига ўхшар, улоқларини айтмаса, уларни бир-биридан ажратиш мушкул эди.

Ўтаган бува беихтиёр кемшик тишларини кўрсатиб кулди. Эчки етаклаган йигит ҳам жилмайди. Бошқаларнинг ҳам чеҳрасига табассум инди. Кутилмаганда Шоймирзанинг момоқалдироқ гумбурига монанд қаҳ-қаҳаси янгради. Йигитнинг кал эчкиси ҳуркиб ўзини четга олди.

* * *

Кимсасиз дашт оралаб ўтган тупроқ йўлда қўшалоқ эчки етаклаган Ўтаган бува эшагига хала босиб борар, Шоймирза билан Шодиқул унинг ортидан шохли-шохсиз улоқчаларни ҳайдаб кетишарди. Тупроқ йўл ўнгу сўлга бўлинган жойда улар бир зум оёқ илишди.

− Қочоқ эчкингнинг шунча ҳунар кўрсатгани етар, − деди Ўтаган бува Шодиқулга ўгирилиб. − Буёғига ҳушёр бўл. Бу лаънати тағин бир балони бошламасин.

− Кўнглингиз тўқ бўлсин, амаки, − деди Шодиқул ўзига тегишли эчкининг арқонини унинг қўлидан ола туриб. − Керак бўлса, оёғига занжирдан тушов солиб қўяман.

− Тумшуғидан нўхталаб қўйсангиз ҳам бўлади, − деб маслаҳат берди Шоймирза.

− Сизларнинг бу яхшилигингизни ўла-ўлгунимча эсдан чиқармайман, − деди Шодиқул мутаассир бўлиб. − Раҳмат, амакилар.

Шундан сўнг у эчкисини етаклаб чап тарафга бурилди.

− Ўзи зотдор эчки эди, ҳар йили эгиз туғарди...

− Зотига қирғин келсин буларнинг! − норози оҳангда тўнғиллади Ўтаган бува. − Биридан қутулиб, бошқасига тутилдик... Ҳайда, орқасидан!

Ўтаган бува етовидаги кал эчкининг арқонини зарда билан силтаб, эшагига хала босди. Калласида бошмолдоқдек-бошмолдоқдек мугузчалари бўртиб турган эгиз улоқчалар зорланиб маъраганча онасига эргашди. Шоймирза анча узоқлашиб кетган собиқ эчкисига сўнгги бор қараб олди-да, Ўтаган буванинг кетидан лўкиллаб жўнади.