OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒози Раҳмон
Асар номиГулгуна (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғози Раҳмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Гулгуна (ҳикоя)
Ғози Раҳмон

«
Ақал бир мушукка бўлсанг меҳрибон,
Демак саломатдир сендаги имон.

Хисрав Деҳлавий.
»

Ойша кампир болалигини яхши эслайди. Ҳов анови Шовуз тоғ этагидаги барлосларнинг Ёна юрти – Саркентида яшарди. Тошдан орасига лой қўйиб, панжакаш қилиб сувалган пастмаккина, арча балорли уйлар, шундоққина уйлар ёнида улардан-да пастмак қилиб ясалган қўй қўтонларидан шиптир ҳиди анқиб ётарди. Кигиз ўтов эса ҳар хонадонда бор. Барлос, дегани тошни эмиб кун кўрадиган дўлана дарахти каби тоғчил, қўй-эчкининг изидан тоғма-тоғ юриб, «бирини икки» қилиб аввалига иккитагина урғочи улоқ олиб, уни карра-каррага кўпайтириб, йигирмата қилгани ҳамоно, беш-олтита совлиқ олиб, элликтага етказмаса тиниб-тинчимайдиган қавм. Манови нақл ҳам барлос боболардан қолган: «Қўй айтармиш, мени элликтага етказсанг, элингни боқаман». Бу эски қўшиқ ҳам ўша қавмдан қолган:

Эчки олиб ўн бешга,
Тўй қилайлик, ҳар кечга...
Қизиғи, барлоснинг никоҳ тўйлари ҳам ими-жимида, шовқин-суронсиз ўтганини тушуниб бўлмайди. Бироқ ортиқча дабдабага ўрин бўлмаса ҳам расм-русумлари бир бошқача эди-да. Келин бола чақалоқлигида «Каравуш» деган тоғ ўтининг ифорли сувига камида етти марта чўмилтирилган. Келиннинг сепига қиз онаси сумбулгиёҳнинг жўхори попугидай толим-толим сочидан солиши қиз бола қўй-эчкини ўхшатиб, қўшиқ айтиб, соға билиши, қатиқ ивитиши, дўғ айрон пиширишни, шўртаккина қорин мойи тайёрлашни, жун йигириб, гилам, чакмон тўқишни, гул қўйиб, кигиз босишни билиши керак.

Ойша Бухорои шарифда мадраса тупроғини ялаган мулла Бекназар хонадонида энг кейин туғилиб вояга етган. Отаси бошқа қариндошлари каби тоғу тошнинг ўр-чуқурида юрмаган, тўрт-бешта ушоқ жонлиғини ҳам укалари асраб-кўпайтириб юрган бўлса ҳам, ота-она хоҳиши билан куёвга узатилганда барлос келинга хос сепу сифати бисёр бўлган.

Ойша ўн тўртга кирганида чинни райҳон каби бўй кўрсатиб, қорақош какликдай хиромон юриш қилиб, янги туққан қўйнинг оғиз сутидан, қақаноқ кўп ялагани учун танаси қаймоққа ботириб олинган каби сутранг, узун киприклари, қош-кўзлари ҳуркак оҳуникидай, идиш-товоқ кўтариб сувга энаётганда тошдан-тошга сакраб тушаётганини кўрган кўз, агар йигитники бўлса, интилиб косасидан чиқиб кетиши ҳеч гап эмасди. Ойша қўшни овулдан Сафарқул сурнайга (узун, ориқ бўлгани учун) узатилганда «Ҳафтияк»дан чиққан, беш вақт намозини канда қилмайдиган мўмина келинчак бўлди. Тўғри, онда-сонда эчки қувиб юрганида аммасининг ўзидан икки ёш катта Эшмирза деган сурмакўз ўғли тоғ чўққисида ўсадиган тўғноғичдай икки дона умрзоқгул совға қилиб, эвазига муччилаб ўпиб олгани бор. Нима қипти? Ўпган-қучган, ҳавога учган. Тавба дегулик. Сафарқул барлоснинг калтатойи уруғидан бўлса ҳам, уп-узун, бунинг устига ўрис ёки татар каби сап-сариқ кўзлари ҳам кўкиш, бироқ жуссасига яраша баджаҳл эмас, мулойим табиатли йигит эди.

Бироқ у эпчил, ҳа, деса қўй қайчи билан икки салқинда 40 та қўй-эчкининг юнгини шипириб оладиган, бунинг устига қўй-қўзига ёпишган гангни дуо қилиб, сув пуркаб туширадиган «Гангчи» ҳам эди. Сафарқул армияга чақирилганда Ойша келиннинг қорнида олти ойлик гумонаси бўлиб, эри армияга роппа-роса уч йил кетиб қайтганда, ҳарбий либосини устидан олти ой ечмай, ҳар икки гапининг бирида ўрисча гапириб юрганида Иброҳим туғилиб, оёқ чиқариб, отасига тақлиб қилиб, ну, да, так, как, деб эркалаб ҳаммани кулдирар эди.

Сафарқул ҳарбийдан ёмон йўтал – кўксовни орттириб қайтган экан. Бир ой саратонни демаса, қолган ўн бир ойни уҳ-уҳлаб ўтказади. Ҳалиям қашқалдоғу тўнғизнинг ички ёғи билан кун кўради. Еган овқати қуйруқ ва шолғом. Бир амаллаб қирқдан ошиб қолса-ку, кейин ўпкаси қотиб, илашиб кетади. Афсуски, Сафарқул ўғлининг йигит бўлиб улғайганини кўришга улгурмади.

Илик узилди пайтига келиб, қон туфлай, туфлай, жони узилди. Бу айни барлослар катта колхозга бирлашиб, Ёна юртдан Катта қишлоққа кўчирилган пайтда рўй берди. Ойша бошқа турмуш қилмади. Унинг ўғли бўйи етган, тўрттагина қизалоғи ҳам изма-из каттараяпти. Иброҳим ўн тўққиз ёшида колхозга чўпон бўлиб кирди. Бир марта қўйлардан тўл олиб, уйланди. Ойша терма гиламнинг «қиличи»дай ўткир хотин, келиннинг сарасини танлаб олди. Саврда тош устидан тикрайиб каттарган сумбулгиёҳдай бирин-кетин каттарган қизларининг бозори бир паслик Қалқама бозоридай гавжум бўлди. Фақат кенжатойи Гулгуна онасининг бўй қизлигидаги каби хушрўй бўлса ҳам, туғма оқсоқ бўлганидан балоғат ёшидан кейин ҳам туриб қолди. Аммо Гулгуна ҳамма опаларидан ўзиб кетиб, тиббиёт билим юртида ўқиб келган. Шу ҳолида ҳам уйма-уй юриб, касал беморни эплаб эмлашдан чарчамайди...

Қачондир уруғ-аймоғида бирорта машҳур полвон ўтган бўлса, унинг етти пушти ғурур туйгани каби, юз марта каттартирадиган лупа орқали қараганда айнан йўлбарс боласига ўхшайдиган мушуклар авлоди ўзларининг катта боболарини пеш қилиб, бирор марта мақтанганини ҳеч ким эшитмаган бўлса ҳам, сичқонлар билан муносабатда ҳам, одамлар билан муносабатда ҳам чеки чегарани биладиган одобли мушукларни эъзозлангани бор гап. Ойша кампир ҳозир уйида яшаётган олғир-талғир пишакнинг катта момосини ҳам яхши билади. Мушук зоти нари борса 15-16 йилдан зиёд умр кечирмайди. Айниқса, қариб, тишлари тушиб қолганидан кейин тез касалланади. Тишсиз пишак на сичқон-каламуш тута олади, на ёлчитиб ўлжасига ташланади. Ёшлигида чангакдай чайир тирноғи, ўткир тишлари билан пишаклар бундайроқ илонга ташланса ҳам бўйнини ғарчча узмасдан қўймасди. Кампирнинг пишаги қарилик остонасига келиб қолган бўлса ҳам, ҳали тишлари бутун. Ҳомиладор бўлганда нафси ўпқон бўлиб кетишини ҳисобга олмаганда бошқаси жойида. Буни ғийбатга ҳам, сифатга ҳам йўйиш мумкин. Уй эгаларидан бирорта эркак ҳовлида айланиб юрса, сариқ-талғир унинг оёқлари орасидан суйкалиб, у ёқдан бу ёққа ўтгани ўтган. Чордона қуриб ўтирган аёлни эмас, нақ эркак кишининг бутлари орасига кириб, индамай бош қўйиб ётишини ҳар ким ҳар хил тушунади. Энг ёмони Талғир қорнида боласи бор пайти (бу йил учинчи бор болалаши), айниқса, суққи, баднафс бўлиб қолади. Шундай пайтда Ойша кампир пишагига меҳмондан олдин овқат бериб, қорнини тўқлаб қўяди. Раҳматли отаси Мулла Бекназар қари пишакка нон чайнаб берганини кўргани бор. Пишакларнинг елкасини пайғамбарлар силаган, дерди ул зот. Уларни тўрт қаватли том устидан ташлаб юборсанг ҳам оёғи билан ўнгланиб тушади.

Бир ривоятда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ чопони ўнгирида ухлаб қолган пишакни уйғотиб юбормаслик учун ўнгирларини шартта кесиб, ўрнидан туриб кетгани айтилади. Ўша ривоятни Ойша кампир отасидан эшитиб қолган. Ойша кампир уйида асраган пишакларининг ҳаммаси кексарганда ёки касаллик, оғир жароҳат туфайли жон таслим қилаётганда, албатта, бир амаллаб кампирнинг эшигига етиб келган. Кўзларида ёш жимиллаб турганида кампир уни дарров тушуниб, рози-ризолик берганидан сўнггина осонгина жон берган. Кампир бу пишакларнинг ўлигини сира кўчага улоқтирмаган. Қилган хизматингга рози бўл! Тонгда қиёматда юз кўришайлик, деб пичирлаб аста кўтариб, ҳовли четидаги ҳандаққа олиб бориб, кўмиб келган. Айтишларича, Мулла Бекназар ҳам ўлар вақтини олдиндан сезиб, ёшлик чоғларида ўйнаб-ўсган жойларидан, тош супалардан, мевасини еган тут ва ёнғоқ дарахтларидан, зилол сувини тўйиб ичган чашмалардан, олдига дастурхон ёзган қўни-қўшнилардан, яқинлару бегоналардан рози-ризолик сўраб чиқишга улгурган экан...

Мева берадиган баъзи дов-дарахтларнинг қизиқ феъли бор. Олайлик ёнғоқ дарахтининг мевалари пишган даврда пўсти ажралиб туради. Айнан ўша пайтда қоқиб териб олмасангиз, устида тураверса, пишиб ўтиб кетади ва ширин мағзи қорайиб, пучайиб кетади. Токдаги узумлар ҳам ғарқ пишган маҳали узиб олинмаса, кунба-кун пўсти қотайиб, ширин таъми йўқолиб, бужмайиб, пучайиб боради. Ёнғоқ ҳам, ток ҳам вақти ўтгандан кейин ўз «боласи» таъмини қайтариб, сўриб олар экан. Хайриятки, одам боласида ундай эмас.

Гулгуна ҳам 28 ёшга кириб, бўйқизлик вақти ўтиб бораётганидан ич-ичидан куюниб, ранг-рўйи ҳам сўлиб борарди. Айниқса, тенг-тўш дугоналари бирин-кетин куёвга чиқиб, бола-чақали бўлиб кетгандан кейин уларни кўриб куйинмай бўладими? Энди тўй-томошага ҳам кам боради. Кўзгуга қарамай қўйганига анча бўлган. Феълида инжиқликми, торликми, бепарволикми, шунга ўхшаш алланарса ҳукмини ўтказиб бормоқда. Ишига ҳам аввалгидай қизиқмай қўйган. Баъзида онажонига ҳам жеркиб гапирадиган бўлган. Пардоз қутичаси ҳам бир бурчакда оғзи очилиб, анграйиб ётарди. Ўқишни битириб келган йили гулзор четига бир кўрпача бўйи ўсма, хино экканди. Асли қалин қошларига бостириб ўсма қўйса, нақ эртакдаги Қимматнинг ўзи бўлиб кетарди. Ҳозир эса ўша ўсма экиладиган жойни ўт босиб ётибди. Хотини ўлган ёки қўйворган йигитлардан икки-учтаси одам қўйди. Уларга онасидан олдин ўзи рад жавобини бериб юборди.

– Менга турмуш қуриш мумкин эмас, духтирлар айтган.

Бугунги воқеа эса ҳаммасидан бир бошқача фожеа билан якун топди. Гулгуна қиз худди раҳматли отасига ўхшаб, аввалдан пишак зотини ёмон кўради. Онаси ҳам доим пишакни силаб-сийпаб юрганини кўриб, ғижиниб юради. Бахтга қарши бугун тушлик қилгани уйга келса, Талғир айнан Гулгунанинг ётоғига кириб, қамалиб қолган, дастурхонга ўралган ноннинг биттасини роса тўзитиб еган, ташқарига чиқолмай, гиламнинг четига бўшаниб қўйганди. Бу ҳолни кўрган Гулгун қизнинг фиғони фалакка ўрлади. Қон босими кўтарилди шекилли, кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. Индамай оғилхона тарафга ўтди-ю, қозиққа илинган ичак ипни олиб орқасига яшириб туриб Талғирни ялингандай алдаб чақириб олиб, бўйнига сиртмоқ солди-да, боғ тўридаги олма шохига осиб ташлади. Очиғи, Гулгуна ғазабнинг зўридан Талғирнинг бўғозлигини ҳам унутиб қўйганди. Пишак миёвлашга нафаси етмай жон талвасасида шундай тўлғондики, беихтиёр туғиб юборди. Битта, иккита, учта. Учдан нари пуч-да. Сичқондан сал каттароқ жиш болалар уясидан улоқтирилган темирқанот полапонлари каби ерга тушиб, оғзини очгунча сулайиб қоларди. Бундай ҳолни сира кўрмаган духтир қиз қичқирмоқчи бўлди, овози чиқмади. Кейин ўзига келди-да, тезгина Талғир осилган ипни узиб юборди. Хайрият, Талғирнинг жони узилмаган экан. Ер билан битта чилпарчин бўлиб ётган болаларига ҳам қарамай ихраб-ихраб, ўксиб-ўксиб, адоқдаги чашма бўйига югурди. Кўзи ёриган қизиникига кетган Ойша кампир неварасининг чилласини чиқариб қайтди. Талғирни сўраб-суриштирди. У еру осмонда йўқ эди. Нима бўлсаям Талғир бу хонадонга қайтиб қорасини кўрсатмади. Пишаксиз туролмайдиган кампир катта қизининг зотдор пишаги наслидан пишаквачча асради.

Тешик мунчоқ ерда қолмагани каби Гулгунанинг ҳам бахти очилиб, тенгги топилиб, қўшни қишлоқлик чўлоққина, аммо бўйдоқ муаллимга тегиб кетди. Икки ёрти бир бутун бўлгани рост. Гулгуна келин бўлгач роса очилиб, тўлишиб кетди. Қошига ўсма қўйганида энди Қимматга эмас, Зумрадга ўхшаб кетарди. Орадан йил ўтмай бўйида бўлди. Духтир эмасми, ою куни яқинлашганини аниқ билиб, ҳафта бурун онасига одам жўнатди. Ойша кампирнинг ҳамма қизлари дўхтирга бормай, доя кампирсиз осонгина туғиб оларди. Худойим осонидан берса, ҳеч гапмас. Бироқ Гулгунага осон бўлмади. Тўлғоқ дарди шундай қаттиқ ва аччиқ бўлдики, бунақаси камдан-кам бўлади. Тоғ орасидаги қишлоқдан туман марказидаги туғруқхонага етиб боргунча Гулгуна минг бор ўлиб-тирилди. Ёнида бораётган онажони ҳам, бечора куёв ҳам жонини жабборга бермоққа тайёр бўлди. Туғруқхона эшигига етар-этмас Гулгуна яна ўзидан кетди. Уни махсус замбилда олиб киришди. Зўр-базўр ўзига келтиришиб, боласини қорнидан ёриб олишди. Яшасин тиббиёт аҳли, она ҳам, бола ҳам омон қолди. Гулгуна қайта фарзанд кўролмайди. Шуниям берганига минг бор шукур. Ўғилчасининг чилласи чиқмагунча ёнидан жилмаган онажонига бир сирни, тавба-тазарруни айтмасликнинг иложи йўқ.

– Онажон, ўшанда мен Талғирни ўғрилик қилгани учун бўғозлигини билмасдан осиб қўйган эдим. Уни зўриқиб туғиб юборганини ўз кўзим билан кўрганман. Ўшанда Талғир мени қаттиқ қарғаган экан. Туғиш азоби қандай бўлишини кўзимга кўрсатиб қўйди. Хайриятки, сизга билдирмаган эдим. Агар сиз ҳам қўшилиб қарғаганингизда эди, ўша куни ўзимдан кетиб, қайта дунёни кўрмаган бўлар эдим. Онажон, мени кечиринг-да, дуо қилинг...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.