OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒози Раҳмон
Асар номиОқибат сўқмоғида (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғози Раҳмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқибат сўқмоғида (ҳикоя)
Ғози Раҳмон

«
Оға-инининг моли бошқа, жони бир.
Бурунги нақлдан.
»

Бугун Нортой духтирдан ноумид қайтиб келиб, уйида оғир ётган акасини кўргани бориб, дарвозадан кирар-кирмас Қорақиз янганинг кимгадир, балки энасига шанғиллаб гапириб ётганини эшитди. Эшитдию ичкарига кирарини ҳам, кирмасини ҳам билмай қолди. Чунки нолаю афғон йўғрилиб, автомат ўқидай отилаётган сўз ўқлари айнан унинг жисми-жонига урилиб, нақ кўксини нишонга олаётган эди...

– Манови шўргина укам, жигарим, деб ўлади-қолади. Нима қилади, ука деганам акасига қайишса? Битта буйрак билан бинойидай яшаб юрганлар қанча? Нортойлоқдай давангир полвон йигит, битта буйрагини акасига берса бўлмайдими? Бир бало бўлгудай бўлса, мен олти чўкиртакни қандай қилиб боқаман. Хаҳ, шўрим, шўргинам кўпакан менинг. Художон, ундан олдин менинг жонимни ол!

Кимдир аёлни юпатишга тиришади: (Бу энаси)

– Элбурутдан жони чиқмаган одамга аза очма! Тошмурод учун Нортойдан бошқа кимнинг жони ачийди? Оға-инининг моли бошқа, жони бир. Ҳали ўзиям айтиб қолар. Жуда бўлмаса ўзим тилга кираман. Менинг Нортой болам бўридай мард, Худо ундан бир тирноқни аяб турибди. Эссиз, ўн беш йил беҳудага кетди-да. Боламнинг ҳам, келинимнинг ҳам юзига қарай олмайман. Худонинг иши бўлсаям, ўзимни гуноҳкор ҳис этаман...

Бу гапларни яхши кўрадиган янгаси ва жондай энаси тилидан эшитган Нортойнинг юрак-бағри ўртанди. Бечора акажонига Нортой иккаласи ҳам соғлом буйрагининг бировини берса, ҳуқ ҳам урмаслигини, қолаверса, акажони ҳам яшаб қолиб, бола-чақасига эгалик қилишини хаёлига келтирди. Хом сут эмган банда. У хаёлига келган бошқа бир ўйдан қўрқиб кетди. У келганини билдирмай, секин эшикни ёпиб, изига қайтди. Йўл-йўлакай ўзи билан ўзи олишиб борарди.

– Бордию акамга менинг буйрагимни қўйишга улгурмай жони узилса?..Бу ёқда мен яримжон бўлиб, у ёқда акамдан айрилиб қолсам? Йўғ-э, Тошкентдаги духтирлар зўр дейишаяпти-ку. Қолаверса, икковимиз ҳам тирик қолиб, яшаб кетсак акамнинг кенжатой ўғлини номимга ўтказиб, катта қилсам, бир кун келиб отам, деб тепкилаб кўмса, орқамда қолса кошкийди?

У уйидан акасиникагача боргунча салкам икки чақиримлик чанг кўчадан тупроқ босиб келган эди. Агар синчиклаб қараган одам этик изи боришда оралиқ масофани катта-катта олгани, қайтишда эса жуда кўп иккилангани, ҳатто баъзи жойда тўхтаб-тўхтаб қол-ганини пайқаши мумкин эди.

Нортой ости-усти ҳам беш хонали данғиллама уй олдида кўрпача ташланмаган чорпояда ўтириб, беихтиёр ўтган болалигини, ота-онасини, акажони билан бир кўрпада ётиб каттарганини, хулласки, икки кам қирқ йиллик умрини, кўрган-кечирганларини бирма-бир эслаб кетди.

Бу тарафларнинг асли номи Бешчашма бўлсаям, пасмаккина, қора тошли тоғнинг этагида беш бармоқ каби жойлашган сойлар тўрида кўз ёрган чашмалар қишда суви бироз кўпайиб, баҳорда жилдираб оқиб, сел пайти зўр-базўр адоқлайди. Қумдарёга етар-этмас, қумга сингиб кетади. Бурунда одамлар ичимлик сув учун қирқ қулочли қудуқ қазиб, унинг оғзига чиғириқ ўтказиб, туя ёки от-эшак билан сув тортиб, тирикчилик қилишган. Айтишларича, ўзбекнинг энг катта уруғи – сарой, элсарой номи билан машҳур бўлиб, унинг ўн бир даҳасидан бирови қазиёқли (ғоз оёқли ёки қази ёқли, қазиси ёғли) туфорининг бир бўлаги – Тошканти, яъни тошкентлик бўлиб, шимол тарафлардан келиб қолган дейишади. Уларнинг ота-боболари бу тарафларга асли чорвани кўзлаб келишган бўлса ҳам, адирлар қўйнида қўш ҳайдаб, лалми арпа-буғдой экиб, яхши ҳосил кўтариб, арпани отга, қўй-эчкиларга бериб, буғдойини ғалвирлаб, ҳув анови Лангартоғ қўйнидаги Тарағай, Лангар, Тўлақул қишлоқларидаги сув тегирмонларга олиб бориб, ун қилиб қайтишган. Қўзи гўштининг шўрвасига сўлқилдоқ буғдой нонини ботириб еб, шукроналик билан умр кечиришган. Улардан бурунгиларга мерос қолгани – гўштхўрлик, чавандозлик, бахшилик. Аёллари ичига гўштдан бошқа ҳеч нарса солинмаган оқ шўрвани эринмай шопириб, асал қилиб юборишади. Урчуқ йигириб, қўй юнгидан араби, тароқи, жулхирс гиламу хуржунни кўзни яшнатадиган қилиб тўқишга уста. Бу макондан обикор жойларга мажбуран ёки ихтиёрий кўчиб кетганлар ҳовлисига девор солиб, дарвозадан кириб-чиқиб, шўрвасига картошка, сабзи солса-солаётгандир, буёқдагилар ҳамон ота-боболари каби девор-дармиёнсиз паст-баланд уйларда орқасидан тешик-туйнук очиб, яшаб келади.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлаётганимиз Пўстин қишлоғидан икки жойдан артезиан қудуқ қазилиб, сувга ёлчиб қолганига наридан бери йигирма йилдан ошиб қолди. Нортойнинг отаси раҳматли Назар раис урушда бир оёғидан ажраб қайтиб келиб, кўп йил колхозда раислик қилган. Қазиёқлининг Пўстин туфоридан Норқул чавандознинг хушрўйгина қизига уйланган. Тақдирни қарангки, орадан ўн йил ўтсаям уларнинг фарзанди бўлмади. Эҳ-ҳе, оғзи билан юрадиган одамлар қанча гап чиқаришди. Назарга у ёқда (урушда) нозик жойига ўқ теккан. Бечора Ойсулувнинг умрини қуруққа ўтказаяпти. Бироқ эру хотин бир-бирини ялаб-юлқаб, сабр қилишди. Унгача ғирт етимча бўлиб қолган бир ўғил-қизни оқ ювиб, оқ тараб, оёққа турғазишди. Уларни яхши ният билан икки ёрти бир бутун қилиб, бир-бирига қовуштириб қўйган йили Назар раисга Худо ўғил фарзанд ато этди. Боши тошдан бўлсин, дея исмини Тошмурод деб қўйишди. Орадан икки йил ўтиб, яна бир ўғил Нортойни (билагида қизил нори борлиги учун) жуда қийналиб топгани, эна қорнидан ёриб олишгани учун бечора Ойсулув бошқа фарзанд кўришдан маҳрум бўлди.

Назар раис полвон гавдали, тим қора мўйловли, армани қош-кўзларига пареллел тушган, тикилса дарёнинг гумини қуритадиган назаркарда, юрганда ғижирлаб кетмаса, ёғоч оёғи борлигини сезиб бўлмайдиган одам колхозни саранжом-саришта қилиб, уйидаги етим болаларни ҳам, дунёда тенгсиз аёл Ойсулувнида бошини силашга вақт топар, кечаю-кундуз от устидан тушмай, елиб-югуриб ишлар, кейинчалик «Волга» миниб, «доҳий» сурати туширилган орден олганида ҳам, каттаю кичикка бирдай мўмин-мулойим эди. Бева-бечоранинг дуосини кўп олгани учун, унга Худойим қўшалоқ ўғил берди, дея қувониб гапиришарди. Назар раис ўғилларига суннат тўй берганида вилоятнинг биринчи раҳбари келгани, минг от йиғилган кўпкарида катта совринни ўзи эълон қилгани, курашда Қашқадарё ва Бухоро полвонлари тараф-тараф бўлиб олишиб, косонлик Сайфулла полвон билан қоракўллик Собир полвон олишиб, Сайфулла Расулов самбога киритган «олд қоқма» усули билан Собир Қурбонни йиқитиб қўйганини одамлар ҳали-ҳануз эслаб юришади.

Назар раиснинг икки укасига меҳрибонлиги ҳам одамлар тилида. Уларни ота ўрнида катта қилиб, Тошкентда ўқитиб, тагли-зотли оилалардан келин қилиб, бировини катта олим, бировини туман миқёсида раҳбар бўлиб кўтарилишига бош қўшиб, ўзи қўлтиқтаёқ суянмай, укаларининг қўлтиғидан кирганини ҳам эплаб ёзса, бир китоб бўлади. Афсуски, Назар раис болаларининг ҳузурини кўролмай кетди. Тошмурод ўнинчини битираётганда отаси қазо қилди. Уруш жароҳатлари зўрайиб ёқасидан олган эди. Ойсулув эридан қолган икки ўғлининг бўй-бастига овуниб, юпаниб қолаверди. Айниқса, кичик ўғли Нортой бўлиққина йигит бўлиб каттарди. Қадди-қомати қуйиб қўйгандай отасининг ўзи. Назар раис Нортой кичкиналигида тиззасига олиб эркалатиб, мен буни ўзим қўлтиғимдан туққанман, дея ҳазиллашарди. Тошмурод ҳам, Нортой ҳам Тошкентда олим амакисининг ёрдами билан сиртдан ўқиб олди. Бирови муаллим, бирови мол дўхтир. Иккови ҳам йигитлик пайтида давраларда пишқириб олишди. Бировдан олдин, бировдан кейин. Зўр бўлсанг акамга чиқ, деярди Нортой. Тошмурод йиқилса, изидан Нортой чиқиб йиқитган кунлари кўп бўлди. Уларни яхши билмаган эгизак дейишарди. Тошмуроднинг бўйи пастроқ, лекин миқти гавдали, бошига чуст дўппи кийдириб, белига белбоғ боғлатилса, водийлик Турсунали полвоннинг ўзгинаси бўларди-қўярди.

Нортой акасидан анча дароз, қўл ва оёқлари расо, ёноқлари туртиб чиққан, бироз корейс башара. Қорувлилигидан ҳар қандай отга минса, бели майишади. Кўпкарида оғир улоқни Нортойдан бошқаси осон кўтара олмайди. Тошмурод амакисининг қизига уйланиб, янги ҳовлига кўчиб чиққан. Нортой эса қўшни Лолабулоқ қишлоғидан мана-ман деган сулув қизга суйиб уйланган. Ҳамшираликка ўқиган, Сумбул қишлоқнинг ярмидан кўпига дори-дармон бериб, дуосини олиб юрадию ўз дардига малҳам топа олмайди. Фарзанд кўрмаяпти. Қилмаган амали, кўрсатмаган духтири қолмаган. Эскичаси ҳам, ян-гичасини ҳам бирма-бир бошидан ўтказиб, умид оти толиққан. Аввал-бошда бир-икки бор чала туққани бор. Кейинчалик буям бўлмай қўйди. Нортой бир неча бор уни қўйвориб, устига хотин олмоқчи ҳам бўлди. Бироқ ҳар сафар суюклисини кўзи қиймайди. Мана энди ҳаммасидан умид узиб, акажонининг кенжатойини ўз номига ўтказиб, катта қилмоқни ният қилиб турибди. Хотини ҳам, янгаси ҳам шунга рози. Ахир, бир куни Худо бандам деса, мана бу уй-жой, данғиллама ҳовли, қўша-қўша отлару, машина, юз гектарлик фермер хўжалиги кимга қолади? Молу давлат ҳам, ранжу меҳнат ҳам эгиз деганларидек, Тошмурод бундан тўрт-беш йил бурун бир буйраги йиринглаб кетиб, жарроҳлик столига ётган, бахтига Тошкентда буйрак бўйича профессор бўлиб ишлаётган тутинган акаси Бекназар Соқиевич (отаси тарбиялаб вояга етказган етим бола) куюнчаклик билан оператсия қилган, бошқа дўхтирларнинг олиб ташлаймиз, деганига қаршилик қилиб, бир амаллаб тузатиб юборган эди. Кўрмагандай бўлиб ишлаб ҳам кетганди. Тошмурод сабрнинг сариқ чопонини мудом кийиб юргиси келмади. Икки йил аввал қишлоқдоши Ўрол ўриснинг мақтовига учиб, кўп пул топиб келаман деб, Россияга жўнаб юборди. Ахир ўйлаб кўрса, болалар каттараяпти, уларни ўқитиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш, ҳаммасига пул керак. Аслида «қип-қизил коммунист» бўлиб ўтган Назар раисдан шимилдириқ ҳам қолмаган. Ўрол ўрис қишлоқдошларини Русиёнинг энг совуқ жойига, шароити оғир Магаданга олиб кетди. Тошмурод хат-хабарсиз, икки йил ўша ёқда қурилишда ишлаб, буйраги оғриб, зўр-базўр уйига қайтиб келди. Тўғри, Нортой акасининг рўзғоридан қадам узмай, иссиқ-совуғига қарашиб турди. Буёқда энажони ҳам ётиб қолди. Ётган жойида ҳам тинмай Тошмуродни сўрайди. Россияда бедарак кетганлар, темир тобутда қайтаётганлар бор.

Хайрият, Тошмурод анча-мунча пул топиб, ўз оёғи билан қайтиб келди. Бироқ келганидан бери боши касалдан чиқмайди. Шу йил бошида Бекназар Соқиевич унинг бир буйрагини олиб ташлади. Омон қолган ўнг буйрак ҳам яқинда йиринглаб кетаётгани маълум бўлди. Эй, бераҳм дунё. Золим фалак. Тошмуроднинг чирқиллаб турган олти боласининг оҳ-воҳлари, атишак чалган туршакдай бужмайиб қолган кампир-энанинг дуо-олқишлари, нолалари ҳам жамолини кўрмай туриб сиғинадиган Оллоҳимнинг даргоҳига етиб бормаяпти. Бекназар Соқиевич Назар раис берган нон-тузни оқлади. Қўлидан келгунча узоқ даволаб берди. Касалхонанинг асосий харажатини ўзи тўлади. Охирги буйрак ҳам қуриб бораётганини билса-да, Тошмуроднинг кўнглини кўтариб турди. Сунъий буйрак билан ҳам анча вақт яшаса бўлади, дея ишонтирди. Буйрак, юрак каби энг зарур аъзо экан. У ишламаса қонни тозалаб бўлмас экан. Яна бир томони буйрак бошқа аъзолардан кўра совуқни, салқинни жини суймас экан. Бежизга ота-боболаримиз эгнига тўн, белига белбоғ боғлаб юришмас экан. Калтадум бўлиб, енгил-элпи кийиниб юрган йигит-қизларнинг кўпи буйрак шамоллашига йўлиққан. Тошмуродники эса Магаданда ошқинлаб кетган. Буям энди йигитнинг шўри қисганидан...

Нортой чангаллаб турган бошини илкис кўтарди ва атрофга аланглади. Теваракда ҳеч зот йўқлигини билгач, тили калимага келиб, пичирлай бошлади:

– Худо йўлига таваккал, акамга битта буйрагимни бераман. У яшаши керак. Ҳали бола-чақасига бош бўлиб, тўй-томошалар қилиши керак. Мен-чи, менга бўлди нима, бўлмади нима? Боя Қорақиз янгам айтганидай, изимдан йиғлаб қоладиганим йўқ. Ҳозир бориб акамни хурсанд қиламан.

Худди шу пайт эшикдан ҳаллослаб кириб келган Сумбул ҳам эридан бу янгиликни эшитиб нотўғри қилаяпсиз, демади. Берсангиз куймайди, жигарингиз, Худоям берганга беради, дея кўнглини кўтарди.

Нортой дадилланиб кетди. Тўғри бориб отхонадаги отини эгар солмай миниб чиқди. Отлиқнинг оёғи олти. Жийрон жилови тортилмаса ҳам тўппа-тўғри борадиган жойини билади. Нортой акаси эшигидан дадил кирди. Отни ҳовлидаги қозиққа илдириб, тўғри акаси ётган уйга кирди.

– Акажон, сизга ўзим битта буйрагимни бераман. Мана, бизни дунёга келтирган энамиз рози бўлса бас.

Тошмурод илкис ўрнидан туриб кетиб, Нортойни бағрига босди.

– Балли, оғажон, балли!

Оға-инининг ўртасига кириб олган эна гоҳ Тошмуродга, гоҳ Нортойга тикилиб, кўзда ёш билан: «Болаларим, сизларга берган сутимдан мингдан-минг розиман! Полвон болаларим, меҳрибон болаларим, ана, оталарингнинг арвоҳи ҳам тиниб-тинчиб қолди. Уям сизлардан рози», демоқдан ўзгасига ярамаётган эди.

Эртасига ака-ука Тошкентга отланишди. Ўша куни изғириндан кейин илиққина ёмғир ёғиб, ер юзи ҳалимдай юмшай бошлаган барокотли кун эди. Шундан бери осмоннинг кети тешилгандай кунора ёмғир ёғади. Лалми ғаллаларга Худо берди. Қазиёқли даштларида ғалла шундай баравж ўсдики, халқоб жойларда отни кўмизадиган бўлди. Дам олишга қўйилган далаларда ёввойи ўт-ўлан кўпайиб, қизғалдоқлар ичида қолиб кетди. О, бу юртларнинг баҳорига таъриф йўқ.

Акасига буйрагини берган Нортой ҳам, Тошмурод ҳам соғайиб кетди. Уларнинг фермерлик майдонида ғаллалар шунчалик бўлиқ ўсганки, тиконли исмалоқлар ҳам бошоқлар соясида қолиб кетди. Энди ака-укалар жудаям эгизга ўхшаб қолишган. Искандарни (Тошмуроднинг кенжатойи) сутдан чиққани ҳамоно Сумбулга беришди. Унинг бағри тўлиб, яйраб-яшнаб юрди. Худо бераман деса қулига, солиб қўяр йўлига. Орадан бир йил ўтиб, айни тўлишган баҳорда Сумбулнинг кўнгли довучча истаб қолганини кўринг. Яхшиям Туробжоннинг хотини каби анорга бошқоронғи бўлмабди. Бўлмаса, Нортойнинг ҳолига маймун кулган бўлармиди? Нортойнинг Худога ёққан бир қилиғи бор. Сумбулнинг бошқаронғи палласи айнан довучча мавсумига тўғри келганини қаранг.

Йил якунига келиб, айни дуркун-дуркун қазоқи совлиқлар болалайдиган паллада Сумбулхоннинг эсон-омон кўзи ёриб, қўчқордай ўғил туғди. Баданининг ҳеч жойида холи ҳам, нори ҳам йўқ. Нақ етти кило. Уни эшитиб, ётган жойидан туриб кетган бувижонининг айтишича, Шукуржон нақ бобоси Назар раиснинг ўзи эмиш. Берганига шукур, борига шукур...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.