OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒози Раҳмон
Асар номиОшиқ дунё (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғози Раҳмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ошиқ дунё (ҳикоя)
Ғози Раҳмон

Уларни топишганига унча кўп бўлгани йўқ. Чарвоннинг қантари оғиб, залворли заминнинг ботинидаги ваража юзага уриб, қари кутган ерлардан терлаган тўриқнинг сафисидан чикқан ҳовур каби енгил буғ кўтарила бошлаган кезларда иккови икки дарада яшарди. Қаҳратон чилласининг бош-адоғи совуқ бирор тарафга силжимади. Бошида бостириб ёққан қор бир томчи ҳам эримади. Аллақачон қиш уйқусига кирганлар иссиқ уясида у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб кечани кундузга улаб ётаверди. Совуқда қор титиб, унинг тагидан ризқ топиб ейишни эса ўзи бўлмайди. Ўз ҳолича икки адирда яшаб, кўп катори жуфтлашганнинг ҳар бири салкам қирқ беш кунлик қантар азобини енгиб, пай томири чўзилиб, устихон илиги узилиб, қовушиш фаслига етганига қарамай аъзойи бадани бир бўлак жонланиш сеза бошлади. Оқтамоқнинг қуйруғидан таралган анвойи ҳидга тўя бошлаган Пардум кузги хас-хашак рангига монанд «кийиниб» олдида, жуфтининг атрофида айланиб-ўргилиб ўзини ҳар алфозга солишдан чарчамади. Оқтамоқ ҳам қараб турмади. Маъшуқанинг таманно замзамаси ошиғининг тўқсон икки томирида музлаган ҳисларни жунбушга келтирди. Улар бир-бирини узоқ ялаб-юлқашди. Кейин бироз чарчаган бўлдию ўтириб дам олмоқчи бўлишди. Дубулғасимон тепаликнинг кизагини кўндалангига кесиб ўтган сўқмоқнинг қоқ белига келиб, аввал заифа тўхтади. Нега? Ким билади дейсиз? Унга маталгандай маст бўлиб, суйкалиб келаётган ошиқ бундай бўлишини сира кутмаганди. Туртиб юборишига сал қолди. Оқтамоқ бепарво, этақдаги шарқираб оқаётган дарёга қараб ўтириб олди. Пардум ҳам шоша-пиша ўзини ўнгладию итоатгўйлик билан унинг ёнига чўнқайди. Овчиларнинг айтишларича, бу тоифа жонзот бор-йўғи ўн тўрт йил яшар эмиш. Улар етти ёшга киргунча доимо ёнбошини босиб ўтирар, кейинги етти йилда эса чап ёнбоши билан ўтириб туришар экан. Оқтамоқ ўнг ёнбошига оғирини ташлаб думига суяниб чўнқайган. Пардум ҳам айни ўша туришда. Гўё шу лаззатли кунлардан эсдалик бўлсин деб суратга тушмоқчи...

Тепада тўрт терак бўйи баланд булутсиз жўнжиккан осмон тагида эса тўдасидан ажралиб қолган кекса Ғажир нақ ўтирганлар тепасида кичик доира ясаб айланар, қирнинг орқасидан шошиб чиқиб келаётган ёш овчини кўриб турган бўлса ҳам бу ёқда беғам ўтирган ошиқларни огоҳлантиришга шошилмас эди.

Уч кун олдин тонг пайти яқин биродари дўлта бўрининг олмос тишлари ковагида қолган тўнғизвачча гўштининг колдиқларини мўйчинакдай териб егандан бери туз тотигани йўқ. Дўлта бўрининг изидан икки кун саргардон кезди. Фақат иккисига тегишли ов майдонида бирор нарса илинмади. Ноилож қолган дўлта тоғнинг Самарқанд тарафига ўтдию отбокарнинг қопқонига тушди. Ғажир эса қаноти борлигига шукр қилиб, янада баландроқ кўтарилди-да жанубга — доимий ўришига йўл олди. Бугун насиб қилса ё манови антиқа жуфтдан ё анови ҳаллослаб келаётган овчидан бирор нарса тушиб қолар, деган умид билан ерга олазарак қараганча айланарди.

Ошиқлар эса ўзи билан ўзи овора эди. Оқтамоқ чап қўли кафтидаги буришиқ чизиқларни Пардумга кўрсатиб фолбинлик қиларди. «Анчадан бери товук гўшти еганим йўқ. Икки йил олдин қишлоқда ҳамма кучукни отиб кетишганда қиш бўйи онамиз билан роса маза қилгандик. Бу йил ит дегани яна кўпайди. Бугун, мана қара, йўл очиқ кўриняпти. Кўнглим сезяпти. Албатта катакка тушаман. Сен майли берироқда пойлаб турасан...

Пардумнинг иримчилиги ҳам ундан кам бўлмади. Ўнг қўлини узатиб Оқтамоқнинг елкасини қашиб қўядида қулоғига шивирлайди:
— Жоним, ана, мани айтди дерсан, яна озгина фурсатдан кейин шундай олдимиздан тайёр насиба чиқади. Кафтим кичишяпти. Қачон кафтим қичиса қўлимга арзигулик бир нарса тушади. Ҳаммаёқни қор босиб қолганда дарё ёқалаб юргандим. Балиқлар ҳам чашмаларнинг кўзига кириб кетган. Бир пайт ўнг кафтим ўз-ўзидан қичишиб қолса бўладими. Нимага ишқалашимни билмайман, ҳаммаёқ қор. Шундоқ қарасам сув ёқасидаги ковакда каттакон ўрдак худди тирикдай дарёга орқасини ўгириб турибди. Совқотиб турибди деб ўйладим. Секин пусиб бордиму шартта ўзимни отдим. «Ғиқ» этмади. Кундузи ўқ тегиб яралангану оқшом совуқда қотиб қолган, уйга опкетиб кун бўйи ҳузур қилиб едим.

Ширин суҳбатнинг адоғи кўринмасди. Ғажир эса овчини анойи деб ўйларди. Овчи ёш ҳам, анойи ҳам эмас, асли наслига сайёдлик қўниб ўтган. Ҳозир сувсарга қўйган тош қопқонидан хабар олиб қайтаётган, сержўжалиги учун кузда тайёрлов идорасидан тулки тери ваъда қилиб тўрт қоп ун қара олиб қўйган, бир жуфт тулки осиб, яна бир жуфтига тузоқ кўйиб юборган эди. Ана омад! Тепага эмаклаб чиқиб этакка караганда кўзлари ёниб кетди унинг... Йигирма қадам пастда сўқмоқнинг қоқ белида иккитагина тулки ором ўтирипти. Худога шукр, ўша ғилай шиламшиқ терипурушдан қарзини қутуладиган бўлди. Икковига бир ўқ кифоя...

Ҳа, хом сут эмган банда, насибни айтмадинг-а!...

Ҳеч нарсадан хабари йўқ ошиқлар эса бутун умр таъқиб этадиган хавфли дунёни гўё унутиб қўйишганди.

Овчи уларга қарата якка тир милтиғини тўғриладию миясида тўрт беш савол кўндаланг бўлди. Аввал қайсини отса? Бирини отса иккинчиси кочиб кетади. Қулоқ атрофини кўзламаса тери тешилиб нархи пасаяди. Бу йил ўқ-дори деганиям тақчил бўлиб кетди. Ғажир эса овчининг бир ўққа икки тулки отмоқчи бўлаётганини сезиб, мана сенга дегандай оппоққина тезаклаб йигитнинг бошидан ташлайди. Йигит эса ҳеч нарсани сезмагач, «Ҳай аттанг» деганида томоғини тақиллатиб юборади. Ошиқларнинг иккиси ҳам бараварига осмонга қарайди. Айни шу пайт кўрсаткич бармоқ қармоқдай эгилиб, ўзидай қийшиқ темирни тортиб юборади. Кейин қаторасига турганлар «мушт кетди» ўйини қилгандек бир-бирини туртиб, жиззаки кепакка ўт кетади. Ўт эса бир ангишвона қўрғошинни эритиб, ингичка кувур орқали тўғрига — овчининг чап кўз кўзлаган нишонга олиб кетади. Қарс!!!

Очиғи бундай бўлади деб овчи ҳам, ошиқ-маъшуқлар ҳам сира ўйламаганди. Яратганнинг ҳукми хоҳиши эса манзарага шундай якун ясади. Бир ҳовуч чўғ бўлиб отилган ўқ негадир ошиқ-маъшуқларнинг бировига тегмай ўртадан тўғри ўтиб кетиб, ҳавордаги хас-хашак устига алвастининг тупугидай шатирлаб тўкилди.

Октамоқ шартта орқага бурилдию тўғри келган тарафга, айни овчи томонга қараб югурди. Нақ юзма-юз келганда овчи иккинчи ўқни ўқлаб улгурмаганди. Шошиб қолдию уни қўндоқ билан туртиб юборди. Пардум эса таёқ теккандай жойида гар-гир айланиб қолди. Овчи Оқматоқдан умидини узиб Пардум тарафга юзланганда у ўзини ўнгладию адоқ томонга камон ўқидай отилди.

Ғажир эса бу хавфли томошадан қўл силтаб, навбатдаги кечани ҳам оч ўтказиш учун аввал тикка кўтарилиб кейин дубулға учли чўққилар орасидага уясига қараб учиб кетди...