OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиАрслонхон минораси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм39KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Арслонхон минораси (ҳикоя)
Ғулом Каримий

Ҳижрий 523 йилнинг жазирама ёзи. Пайканд – Бухоро карвон йўлида йўловчи сийрак. Карвонлар салқинда йўл босишни мўлжаллаб, жазирама туш пайтини карвонсарой ва работлар девори соясида ўтказиб, ҳордиқ чиқаришади. Офтоб ғарбга оғиб, тиғи ўтмаслашгач, карвонсаройлардан биридан бир тўп қуролланган отлиқлар қўш отли, заррин соябон арава ҳамроҳлигида Бухоро сари йўлга тушди. Отлар гижинглаб, сувлуқларини чайнаб, олға талпинсалар-да, суворийлар тизгинни тортиб, оҳиста йўл босишар, имиллаб бораётган аравадан илгарилаб кетмасликка уринишарди. Отлиқлар барчаси пўлат совут ва дубулға кийишгани, қимматбаҳо от абзаллари, олдинда бораётган ясовул кўтариб олган баланд туғдан улар хонинг шахсий соқчилари экани дарҳол четга чиқиб йўл берган йўловчилар ва йўл бўйидаги қишлоқлар аҳолисига тез аён бўларди. Бироқ негадир, ҳамиша кумуш эгарли, зар ёпинчиқли қорабайир отда савлат тўкиб борадиган Мовароуннаҳр хоқони қорахоний Арслонхон Муҳаммад ибн Сулаймон кўринмас эди. Соябон арава ортида бошларига салла ўрашгани ва қуролсиз эканликлари боис бошқалардан яққол ажралиб турган икки-уч табиб, шунингдек, зарбофт тўнли бир неча мулозим хомуш ва ўйчан ҳолда бир-бирлари билан пичирлашиб гаплашиб боришарди. Соябон аравада ётган хоннинг хасталигини сир тутишга ҳарчанд уринишмасин, совуқ хабар шамолдек ўзига йўл топиб, хон мавкаби Бухорога етиб келмасданоқ, ёшу қари бухороликлар бундан воқиф бўлишди.

Арслонхоннинг Бухорога ташрифи ҳар гал ғоят тантанавор кечар, шаҳар дарвозалари олдида карнай-сурнайлар чалинар, нафақат аъёну умаролар, уламою боёнлар, балки оддий бухороликлар ҳам фавж-фавж бўлиб, улуғ ҳукмдорни қаршилаш, садоқату ихлосларини изҳор этиш учун чиқишарди. Бу гал эса аҳли Бухоро хоннинг ташрифидан хурсанд ёки хафа бўлишини билолмай, ҳайрон эди.

Пайкандга сув чиқариш учун қазилаётган ариқ ва вайрона шаҳарни қайта тиклаш мақсадида бошланган қурилиш ишларини кўздан кечириш учун борган ҳукмдорнинг қўққисдан оёқ-қўли фалажланди. Не-не табиблар, ҳакими ҳозиқлар дардига даво топишолмади. Оёқлари тамоман шол бўлиб, муолажадан сўнг фақат қўлларини сал ҳаракатлантира оладиган бўлди. Тақдирга тан берган Арслонхон пойтахт Самарқандга қайтиб, қурултой чақириб, Мовароуннаҳр тожу тахтини тўнғич ўғли Насрга топширишни кўнглига тугиб қўйди.

Хонга азият етмасин, дея ғоят секин йўл босган мавкаб кечқурун Сумитанга етиб келди. Арслонхон тахтиравонда ётган ҳолида Бухоронинг Чаҳор Бакри – Абубакр Фазл, Абубакр Ҳомид, Абубакр Тархон ва Абубакр Саъд қабрларини тавоф қилиб, муҳтожларга назр-ниёзлар улашди. Тунни Сумитанда мозор ёнида ўтказиб, тонг отиши билан хон мавкаби Бухорога йўл олди.

Хон хасталигини элу юрт мусибати деб билган бухороликлар қиёфаси ғоятда маҳзун. Хон, беморлиги ва бемажоллиги сабаб, аъёнлар ва раият билан кўриша олмаслигини ясовуллар эълон қилгач, халойиқ йўлнинг икки тарафига четланди ва отлиқ соқчилар қуршовидаги соявон арава Қоракўл дарвозасидан шаҳарга кирди. Ҳамиша найзаларини азот кўтариб юрадиган соқчилар ғусса аломати сифатида найза учларини ерга қаратишган. Арава ортидан мунғайиб келаётган бухороликларнинг кўзларида ёш йилтирарди. Ахир, Бухоро ободлиги, халқ осойишталиги ва фаровонлиги учун Арслонхончалик жон куйдирган ҳукмдорни тарих кам кўрган.

Арслонхон ўзини саройга ёки Аркка эмас, жоме масжидига олиб боришни буюрди. Ўн йилча аввал ўз фармойиши билан қурилган муҳташам масжид олдида уни аравадан тахтиравонга олишди. Хоннинг паҳлавон гавдаси анча кичрайиб, қушдек енгил бўлиб қолган, мош-гуруч соқолли юзи рангпар, қалин қошлари остидаги кўзлари ич-ичига чўккан бўлса-да, ҳамон тийрак. Масжид олдида қад кўтарган юксак минорага боқаркан, туйқус хоннинг кўзлари ёлқинланди. Минора қурилганига икки йил бўлди, холос, бироқ довруғи етти иқлимга таралди. Узоқ-яқин ўлкалардан Мовароуннаҳрга келиб-кетаёган савдогар ва сайёҳлар Бухородан сўз очишганда гапни минора таъриф-тавсифидан бошлашади. Бунёд этилиши ҳамоно, қадимий шаҳар тимсолига айланган беназир иншоотнинг пастидан тепасигача муайян оралиқда безаклар алмашина боради. Жонсиз ғиштлар меъмору муҳандислар иродаси билан турли ҳандасавий шакл-нақшлар ясаб, белбоғлар билан ажратилган безаклар ёрқин бўёқлар билан пардозлангач, шакллар уйғунлиги ва ранглар жилосидан гўёким уларга жон битган ва жўр бўлиб, мангу ҳаёт қўшиғини куйлашаётгандай эди. Нигоҳни миноранинг бирон-бир қисмида узоқ тўхтатиб туриш мушкул: гоҳ жимжимадор тўлқинсимон безаклар, гоҳ нафис ҳандасавий шакллар, гоҳ баланддаги равоқлар тепасидаги қуббачалар кўзни олиб қочаверади. Бобил минораси ва Искандария маёғидан сўнг рўйи заминда бундоқ муаззам минора қад ростлаганини бани башар тарихини сув қилиб ичган муаррихлар ҳам айтиб беришолмайди.

Минорадан кўз узолмай турган хон хаёлида икки йил бурунги воқеалар жонланди. Бир неча аср қўр тўкиб турган эски минора кошинлари кўчиб, ғиштлари нураб, қўққисдан қулаб, бир тўп тупроғу ва ғишт уюмига айланди. Хайриятки, воқеа тунда рўй берганидан ҳеч кимга шикаст етмади. Жоме масжидини янгитдан тиклаган Арслонхон айни қулаган миноранинг ўрнида янги минора қурдиришга қарор қилди. Эски миноранинг умри калталиги сабоқ бўлиб, янги минора имкон қадар узоқ муддат пойдор турмоғини истар эди. Ўшанда у уста Бақони ҳузурига чақириб, аркда яккама-якка суҳбатлашган. Олис ўлкадан келган элчиларни қабул қилиш маросими эндигина тугаб, элчилар ва аркони давлат саломхонани тарк этишган, хон бошида олмосдан қадалган тож ва заррин чопонда кўзларини бир нуқтага қадаб, ўйчан ўтирарди. Меъмор таъзимдан сўнг ҳукмдор кўрсатган жой, одатда, бош вазир ўтирадиган зарҳал курсига қунишибгина ўтирди.
– Не сабабдан чақирганим аён бўлса керак, – деди хон тахт суянчиғига ястаниб. – Минора қулагани, эҳтимол, аршдан бир пайғом, яъни «янги масжидга янги минора ярашур», - деган ишорадир. Бироқ минора ёлғиз муаззинлар азон айтиши учун қурилмаса, дегандим. Миср мамлакатидаги Искандария шаҳрида денгиздаги кемалар адашмай бандарга етмоғи учун улкан маёқ қурилганидан хабаринг бор. Бухорода денгиз йўқ. Бироқ чор тарафдан келадиган карвонлар қум денгизини кесиб ўтурлар. Минора ҳали чўл ичкарисида бўлган карвонлар кўзига ташланса, ниҳоят манзилга яқинлашган йўловчиларга далда ва руҳий мадад бўлур. Кошки, Бухорода боқий турадиган минора бунёд этолсак! Хўш, бу хусусда не дейсен?

Хондаги жонланиш уста Бақога кўчиб, ҳаяжондан жойида бир қўзғалиб қўйди:
– Олампаноҳ! Кўҳна минора қулаб тушгандан бери қулингизда тиним йўқ. Аълоҳазратдан бирон фармойиш бўлмаса-да, қодир Оллоҳ дилимга солдимикин, туну кун хаёлимда янги миноранинг тарҳига оид турфа фикрлар ғужғон. Ул минора хаёлимда аллақачон қад ростлаган. Бунёд этсак, шубҳасиз, рубъи маскундаги миноралар арслони бўлур!
– Баракалла, отанг бежиз Бақо номини қўймаган. Анинг тарҳини қоғозга туширдингми?
– Йўқ ҳали, ҳазрат. Амр этсангиз, шогирдларим билан уч кунда бажо келтурурмен.
– Бугундан кириш! Хазинадан сўраганингча маблағ берилур. Минора битгач, меъмор, муҳандис ва қурувчиларга минорага ишлатилган ғиштлар сонига тенг кумуш танга инъом этурмен...

Уста Бақо номига муносиб улуғ бир ишга жазм этганига Арслонхон минора пойдевори учун қазилган чуқур хандақни кўрганда яна бир бор иқрор бўлди. Хандақдаги сув коризлар орқали оқизилиб, туби қуритилган, пойдевор учун жой тайёрлаётган қурувчилар тепадан қараганда митти одамчалар бўлиб кўринарди.
– Минорани замин қаърига эмас, самога қаратиб қур, дегандим-ку, – дея ҳазиллашди кайфияти кўтарилган хон.
– Заминда пойдевори қанча мустаҳкам бўлса, самога парвози шунча юксак бўлади, шоҳим, – деди уста Бақо, ҳозиржавоблик билан. – Алҳол, иноят кўрсатиб, минора пойдеворининг илк ғиштини муборак илкингиз ила қўйсангиз.

Хон шахт билан зар чопонини ечди. Оқ чакмонда хоннинг мушакдор қомати янада бўртиб кўринар, барча қизиқсиниб, унинг хандаққа тушишини кутарди. Аъёнлар эътирозига қарамай, хон лопиллаб турган узун нарвондан хандақ тубига тушди. Хумдонда обдон пишган ёмбидек қизғиш япалоқ чорси ғиштни зумрад, ёқут кўзли узуклар тақилган қўлида бир зум салмоқлаб, қурувчилардан бири катта ёғоч идишдан белкуракда олиб ерга тўккан қоришма устига қўйди...

Хонни масжид ичкарисига олиб киришди. Халойиқ намозга келишига ҳали вақт бор. Арслонхон ётган ҳолида касаллик оқибатида букилмайдиган бўлиб қолган қоқшол қўлларини кўкка чўзиб, пичирлаб дуолар ўқиб, Оллоҳга ибодат қилди. Шу асно хон фармонига кўра шаҳар ташқарисидаги Намозгоҳ масжиди қурилишига бошчилик қилаётган уста Бақо етиб келди. Соч-соқоли оқарган меъморни ясовуллар кийимини алмаштиришга ҳам фурсат бермай, ошиғич келтиришди. Сал букчайган уста Бақонинг эгнида яктак, бошида тумоқ, белида фўта, оёқларида маҳси-кавуш. У ҳар куни қурилишгоҳга тонг саҳардан келиб, кун бўйи тиним билмас, чизмаларни ушлаб, ҳавозалар бўйлаб гоҳ юқори кўтарилар, гоҳ пастга тушар, ҳар жойда ҳозиру нозир бўлиб, ҳар бир ғиштнинг терилишига син солиб, ишни кузатар, бирон жой кўнглига ўтиришмаса, муҳандису қурувчиларга хатоларини англатиб, амрона ўша жойни бузиб, қайта қуришни буюрарди. Сўзини ҳеч ким икки қилолмас, зеро уста Бақо Арслонхон ёрлиғи билан қорахонийлар салтанатининг бош меъмори лавозимига тайинланган. Уста Бақо хоннинг аянчли аҳволидан гарангсиб, беморга жавдираб қарар, устма-уст таъзим қилар, тили калимага келмасди. Унинг аҳволини тушунган Арслонхон ўзи сўз қотди:
– Кўп вақтингни олмасмен, уста. Бухоро мен учун азиз, бироқ узоқ тўхталишга бу гал фурсат йўқ. Дилим суҳбатингга мойил. Холи суҳбатимиз ўзинг қурган минора тепасида кечишини истаймен.
– Олампаноҳ, минора бунёдкори – сиз. Қулингиз эзгу ниятингиз рўёбга чиқишига восита бўлган бир меъмормен. Бироқ, минора тепасига чиқмоқ сизга азият бўлур...
– Бошқа иложим йўқ. Бухорони бутун бўйи-басти билан кўрмоқ истаймен. Минора тепасидангина бунинг имкони бор.

Арслонхон аъёну мулозимлар эътирозига ҳам қулоқ солмади. Уни икки навкар бири бош, иккинчиси оёқ тарафидан кўтариб, зиналардан масжид томига олиб чиқишди. Бу ердан минора ёнбошига ташланган кўприкча қаршисида эшик очилган эди. Навкарлар хонни авайлаб минора ичига киришди ва қўлида машъал кўтарган ясовул ортидан ним қоронғуликда эҳтиёткорлик билан айланма зинадан тепага кўтарила бошлашди. Борган сайин минора ингичкалашиб, пиллапоялар торайиб, чиқиш қийинлашарди. Ниҳоят, миноранинг тепадаги яна кенгайган қисмига чиқишди. Мармар қопланган айлана саҳнда ўн олтита равоқли дарчадан чор атроф кафтдагидек яққол кўзга ташланади. Бироз нафасини ростлаган хонни саҳн бўйлаб айлантиришди. Хон ҳар бир дарчадан пастда ястанган шаҳри азимга ютоқиб тикилар, гўёки Бухоронинг сувратини кўз қорачиқларига жойлаб олмоқчи бўлар эди.

Мана, Бухорода қурилган илк буюк иншоот Арк, нарироқда Исмоил Сомоний мақбараси, унинг ёнида Чашмайи Аюб обидаси. Бир тарафда ўзи қурдирган сарой ва мадраса. Мадраса ҳовлиси кимсасиз. Бинобарин, талабалар дарсхоналарда мударрислар сабоғини тингламоқда. Зарафшондан чиқарилган ва шаҳарни кесиб ўтиб, ҳовузларни оби ҳаёт билан таъминлайдиган Шоҳруд ариғи кумуш тасма каби товланади.

Ҳаётлигида «отам» дея эъзозлагани Шайх Ҳасан Намадпўш хонақосининг мовий гумбазларида хоннинг нигоҳи михланиб қолди. Шайх Ҳасан ибн Юсуф Бухорий доимо намад хирқа кийиб юргани учун «Намадпўш» лақабини олган. У ўттиз йил узлуксиз рўза тутди. Ифторликка ҳам фақат шолғом ва кўкатлар тановул қиларди. Зоҳиран дунёдан этак силкигандек кўринса-да, шайх Бухоро аҳолисининг иймон-эътиқоди кучайиши учун қаттиқ қайғурарди. Яккама-якка суҳбат қурганларида Арслонхонни фақат хайрли ишларга ундарди. Шайх ўн тўрт йил аввал суиқасд натижасида шаҳид кетди. Бироқ ўгитлари хоннинг қулоғига қуйилиб қолган. Пирининг дуоси боис Арслонхон ҳукмронлиги даврида Бухорода ҳатто пойтахт Самарқанддагидан ҳам зиёда бунёдкорлик ишлари амалга ошди. Икки қатор девор билан ўраб олинган шаҳар ташқарисидаги қишлоқлар, далаю боғларни ҳам минора тепасидан томоша қилиш мумкин. Мана, Хоразм тарафдан Варахша йўли бўйлаб турнақатор карвон келмоқда. Туялардаги той-той юклар орасида нималар борлигини тусмоллаб билиш мумкин. Хоразмлик савдогарлар Эдил бўйидаги Булғор, ҳатто ундан шимолроқдаги Рус ўлкаларигача бориб савдо қилишади. Мовароуннаҳр молларини у ерларга элтишса, шимолий юртлардан олмахон, сувсар ва бошқа жониворлар мўйналари, булғорий чармни Бухоро ва Самарқанд бозорларига келтиришади. Ўзлари ҳам бойишади, тўлаган божларидан давлат хазинаси ҳам даромад кўради. Арслонхон шаҳар дарвозасига яқинлашаётган карвонни армонли нигоҳ билан кузатаркан, Юсуф Хос Ҳожибнинг талай қисми ўзига ёд бўлиб кетган «Қутадғу билик» достонининг савдогарлар ҳақидаги бобидан бир байтини пичирлаб такрорлади:

Туғардин батарқа юриб тезгинур,

Тиламиш тилакинг сенга келтирур.

Ажаб, очундаги ҳар касбу корнинг ўзига хос афзаллиги бор. Ҳатто хон ҳам қаламрави сарҳадидан ташқари чиқолмайди. Савдогарлар эса, Машриқдан Мағрибгача шамолдай кеза олурлар. Арслонхон баъзан ҳузурига келган савдогарлардан рўйи заминдаги ўзи кўрмаган турфа элу элатлар, шаҳарлар, дарёлар, тоғлар, чексиз ўрмонлар, олти ойлаб қуёши ботмайдиган юртлар ва бошқа ғаройиботлар ҳақида эшитганда, беихтиёр ҳавасланар, билдирмасдан хўрсиниб қўярди.

Шаҳарнинг шарқий деворига яқин жойда катта майдонда қизғин бораётган Намозгоҳ масжиди қурилишини кузатгач, Арслонхон бошини базўр буриб, уста Бақога жилмайиб қўйди.
– Халқ ва қурилишда ишлаётганлар сизни дуо қилишмоқда, ҳазратим, – деди, унинг нигоҳидан фикрини уққан меъмор. – Қурувчилар учун хайрия тариқасида қўшимча озуқа ва зарур буюмлар келтириб бераётган бухороликлар бисёрдур.

Намозгоҳ масжиди қурилаётган Шамсобод мавзесида бир пайтлар қорахоний ҳукмдор Шамсулмулк сарой қурдирган ва атрофида боғ-роғлар барпо эттирган. Атроф - жавонибдаги даштнинг катта қисмини девор билан ўраб, қўриқхона қилган. Қўриқхонада қуён, тулки, оҳу ва архарлар тез кўпайиб, тўқайлар орасидаги кўлларда ёввойи ғозу ўрдаклар гала-гала сузишарди. Хон Шамсободда дам олар, ов қилиб кўнглини ёзарди. Замон ўтиб, сарой анча хароб бўлди. Собиқ қўриқхона ҳудуди хушманзара бўлгани учун бухороликлар байрамларда сайилга чиқишарди. Арслонхон бу ерда ҳайит намозлари ўқиладиган масжид қурдиришга қарор қилди. Шунда халқ ҳайит кунлари шаҳар масжидларига тиқилишмай, кўпчилик Шамсободга боради. Ҳайит намозидан кейин сайил ва томошалар ўтказиладиган жой ҳам шу яқинда. Бошқа пайтларда Намозгоҳ Шамсобод ва атрофидаги қишлоқлар аҳолисига жоме масжиди сифатида хизмат қилаверади.

Хоннинг унсиз кўз ишорасига кўра, уни саҳнга ўтирғизиб, ёнбошига ёстиқлар қўйишди. Уста Бақо ёнига чўккалади.
– Оллоҳ берган бу дардга ношукрлик этмасмен уста, – деди Арслонхон маҳзун тортиб. – Мени йигирма етти йил улуғ бир мамлакат тахтига ўтирғизган, улкан бунёдкорликларга изн бериб, халқнинг дуосига сарафроз этган Оллоҳ энди дард юборганида, дилимдан заррача ношукрлик ўтса, бу қулини бандам демасин. Ахир, Парвардигор ўз пайғамбари Аюб алайҳиссаломга синов тариқасида дард ва мусибатлар юборганда, ҳазрат Аюб чидаб, шукр этганлар-ку! Ул зотнинг қадами Бухорога ҳам теккан. Ҳассаларининг учидан ҳосил бўлган чашма сувидан ҳамиша ихлос билан ичганмен. Улуғлар ҳаёти ва бардоши биз учун ибратдур, албатта.

Фақат бир армоним ўзим билан кетадиган кўринадир. Пайкандни – беш аср илгари Қутайба вайрон этган қадимий шаҳарни қайта обод этмоқчи, бир вақтлардаги каби Бухорою Самарқанд қаторида турувчи улуғ шаҳарга айлантирмоқчи эдим. Афсус, насиб этмади....
– Ҳали имкон бўлур, хоқоним. Каломи шарифда айтилганким: «Фаллазийна аману ва амилу лаҳум мағфиратун ва ризқун карим» . Яъни: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар учун мағфират ва улуғ ризқ бўлур». Ажаб эмас, дард берган эгам шифосини ҳам берса.
– Қайдам, уста, бу ниятимни рўёбга чиқариш амримаҳол, шекилли. – Хон бир муддат узоққа тикилганча жим қолди. – Соғлом пайтимда сиёсатимдан қўрқиб, улуғу кичик амру фармонларимни сўзсиз бажарарди. Фалажга мубтало бўлишим билан, лашкар беклари орасида: «Арслонхон бутун хазинани қурилишларга, харобаларга сув чиқариш учун ариқлар қазишга совурмоқда. Оқибатида лашкар маоши кечикмоқда. Хоннинг куёви – салжуқийлар салтанати султони Санжарнинг лашкарлари биздан бир неча бор кўп маош олишаркан. Яна деярли ҳар йили бирон юртга юриш қилиб, сонсиз ўлжалар билан қайтишади. Биз – қорахонийлар лашкарининг салжуқийлар лашкаридан қаеримиз кам?! Биз ҳам ҳарб ишига моҳир туркийлармиз. Хон хазинадан яхши маош беролмаса, бирон юртга ғазотга бошлаб борса бўлади-ку!» – деган гап-сўзлар тарқалиб, фитна етилаётгани хабарини етказишди. Албатта, фитна уруғи аввалдан мавжуд бўлиб, фитначилар қулай фурсатни кутиб юришган. Дарҳол Пайканддаги қурилишларни тўхтатиб, бор маблағни лашкарнинг маошини ошиғи билан тўлашга сарфладим. Шундай қилмаганимда фитналар бўрони қўзғалиб, салтанатда парокандалик юз бермоғи мумкин эди. Янги фитналарнинг олдини олиш учун мен тўнғич ўғлим Насрни хон деб эълон қилдим. Алҳол, пойтахтга бориб, тожу тахтни унга топширмоқчимен.
– Қарорингиз одилона ва оқилонадур, аълоҳазрат, – тасалли беришга шошилди уста Бақо. – Ўғлингиз тахтга ўтиргач, ўгит ва йўл-йўриқларингиз асосида юртни бошқарур. Иншооллоҳ, шаҳзода сиз бошлаган хайрли ишларни охирига етказур.
– Афсус, мен бундай деб ўйламасмен. – Хон яна нигоҳини кўз илғамас кенгликларга қадади. – Ёшлигимдан улуғ донишманд Юсуф Болосоғунийнинг «Қутадғу билик» асарини севиб ўқирдим. Назаримда, бу улуғ зотнинг ўгитлари Оллоҳ каломи ва пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васаллам ҳадисларидан сўнг энг тўғри дастуриламалдур. «Қутадғу билик»да ҳукмдор халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаши, вазирлар бу ишда унга таянч бўлишлари лозимлиги айтилган. Бироқ беклару вазирлар, қорахонийлар хонадонига мансуб шаҳзодалар орасидан мени англагувчи одамни кам топдим. Шу боис улардан бирини эмас, сени ушбу суҳбатга чорладим. Яқинларимдан фақат қизим Моҳитуркон мени англарди. Уни салжуқийлар пойтахти Марвга келин қилиб узатаётганимда: «Она қизим, хазинадан хоҳлаган нарсангни олиб кет», - дедим. Қизим шундай жавоб берди: «Отажон, мумкин бўлганида сизни ва онажонимни олиб кетардим-у, бунинг иложи йўқлигини биламен. Амр қилсангиз, котиблар сиз қўлдан қўймай ўқийдиган «Қутадғу билик» китобидан бир нусха кўчириб берсалар. Мен ҳар гал уни қўлга олганимда, ҳойнаҳой, отажоним ҳам ҳозир шу китобни ўқиётган бўлсалар керак, деб сизни ўйлаймен».

Бир куни қизимдан изтиробли мактуб олдим. У малика сифатида эрига маслаҳат берибди: «Шоҳим, пойтахтингиз Марвда катта мадраса қурдирсангиз. Илмли одамлар кўплаб етишса ва давлат ишларига олинса, салтанат равнақ топур». Султон Санжар қизимни калака қилиб, қаҳ-қаҳ уриб кулибди: «Отанг Мовароуннаҳрнинг барча ерига ёмғирдан кейинги қўзиқориндек иморатлар қуриб ташлаётгани етмагандек, энди сен Хуросонни қурилиш майдонига айлантирмоқчимисен? Ақли бор ҳукмдор хазинани қурилишга эмас, лашкарни кўпайтиришга сарфлайди». Бу кўнглимга оғир ботди. Фарзандим эзгу ниятда бўлса-ю, уни мазах қилишса. Дарҳол Марвга маблағ ва мактуб жўнатиб, қизимга: «Сен ўзинг хоҳлаган тарҳда мадраса қурилишини бошлайвер, то битгунича маблағ билан таъминлаш менинг зиммамда», дедим. Қизимдан: «Отажон, қурилиш бошланди, ёшу қари марвликлар сизни дуо қилишмоқда», деган жавоб келганида тахтга чиққан кунимдагидан ҳам кўпроқ қувонганмен .

Агар билсанг, менга ворисликка энг муносиб номзод – қизим Моҳитуркон. Бироқ, афсуски, уни Мовароуннаҳр тахтига ўтқазиш имкони йўқ. Ўғилларимдан қайси бири бошига тож киймасин, хазинани лашкарни оширишга сарфласа керак. Шул сабаб, сендан ўтинчим шуки, Намозгоҳни битказишга шошил. Самарқандга етишим билан хазинадан қолган зарур маблағни жўнатамен. Бу масжид халқ учун ғоят зарур. Хайрли иморатлар бунёд этиш қодир Оллоҳга ҳам мақбуллигига далиллардан бири шуки, катта бобом Шамсулмулк ўзи учун Шамсободда қурдирган тиллакори сарой бир аср ўтмай вайрон бўлиб кетди-ю, карвонлар ва йўловчилар манзилгоҳи сифатида чўл ўртасида қурдирган Работи Малик ҳануз эл корига ярамоқда. Бу менга дарс бўлиб, Бухорода қурган саройимни ҳам мадрасага айлантирдим. Эндиликда Оллоҳ менга оғир дард юборган бўлса-да, халқ хизматини бўйнимдан соқит қилгани йўқ. Бу Бухоройи шариф билан сўнгги дийдорлашув. Бугун Қоракўл дарвозасидан кирган бўлсам, эртага Самарқанд дарвозасидан чиқиб, суюкли шаҳримни мангу тарк этамен. Намозгоҳ битгач, масжиднинг очилиш маросимига шаҳзодалардан бири келиб, хизматларингни тақдирлайди, албатта.
– Хотиржам бўлинг, ҳазрат, илк ғиштини ўзингиз қўйиб берганингиз Намозгоҳни албат битказурмиз, – деди уста Бақо овози титраб. – Ҳозирги дамда хазинадан катта маблағ ажратиш мушкуллигини қулингиз яхши англаймен. Минорани қурганимизда нисор этган инъом-эҳсонингиз туфайли ҳанузгача ҳеч нарсага зориқмай рўзғор тебратиб келмоқдамен. Бинобарин, Намозгоҳ қурилиши учун менга ваъда қилганингиз ҳақдан воз кечамен. Ўша пулга масжиднинг бир устуни тикланса, қулингиз учун энг катта ҳақ шудир. Муҳандису меъморлик касбини эгаллаган ўғилларим ва жиянларим ҳам маошсиз ишлай олурлар.

Арслонхоннинг мижжаларида ёш йилтиради. Қўлини зўрға кўтариб, меъморнинг елкасига қўйди.
– Умринг узоқ бўлсин, яна кўплаб дунё тургунча турадиган бинолар қуриш насиб этсин, азиз дўстим!

Уста Бақонинг ўпкаси тўлиб, хоннинг қуруқшаб қолган қўлини авайлаб ушлаб, дувиллаб ёш тўкилаётган кўзларига сурди. Бухоройи шарифнинг жаҳоний шуҳратига шуҳрат қўшган икки улуғ фарзанди ўз заминий фаолиятларини якунлашлари учун жуда оз фурсат қолганини ботинан англаб, аччиқ кўз ёши тўкишар, Арслонхон ва уста Бақони елкасида кўтариб, кўкка мағрур бўй чўзган минора Оллоҳнинг изни билан бунёдкорлари бўлган бу зотларга уларнинг муборак номи ва эзгу аъмолини асрлардан асрларга олиб ўтажагини айтиб, гўё унсиз таскин-тасалли берарди.

2010