OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиБаҳор соғинчи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм32KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Баҳор соғинчи (ҳикоя)
Ғулом Каримий

«
Устоз Пиримқул Қодировга бағишлайман
»

1

1951 йилнинг қиши. Москва хиёбонларидаги дарахтлар оппоқ қорга бурканган. Ташқарида изғирин бўлса-да, Максим Горкий номидаги Адабиёт институти ректорининг атоқли адабиётшунос профессор билан суҳбати қизғин эди. Ректор илтифот юзасидан профессорга сигарет таклиф қилди. Кейин ўзи ҳам тутатди. Профессор сигаретдан бир-икки тортиб, ректорга саволомуз қаради. У бу ерга бежиз чақирилмаганини биларди.
– Андрей Николаевич, гуруҳингиздаги аспирант Адҳам Қодировнинг ўзлаштириши қалай? – муддаога кўчиб сўради ректор.
– Қорамағиздан келган ўзбек йигитини айтяпсизми, Сергей Викторович? Ўзлаштириши дуруст. Бироқ моддий жиҳатдан қийналган кўринади. Яқинда иттифоқ Ёзувчилар уюшмасида миллий адабиётларга бағишланган бир тадбирда қатнашганимда, ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи керак, дейишувди. Мен Қодировни тавсия қилмоқчиман. Рус ва қардош халқлар адабиётидан яхши хабардор у. Ҳам ўқиш, ҳам ишни эплаб кетади бу тиришқоқ йигит. Ҳам ўзига иқтисодий ёрдам бўлади.
– Ҳозирча шошмай туринг. Унинг ҳали институтда ўқиши ҳам даргумон бўлиб турибди.
– Тинчликми, Сергей Викторович? Ахир у ...
– Устидан чақув бор. Мана, танишиб чиқинг.

Оқсоч профессор тилла гардишли кўзойнагини бурнига қўндириб, ректор узатган хатни ўқий бошлади. Серажин манглайи янада тиришди. Ўқиб бўлгач: «Эҳ, даюс - эй», – дея ғижиниб, хатни столга ташлади.
– Қодировми?
– Қўйсангиз-чи! Очиғини айтсам, шу йигитга анча меҳрим тушиб қолган. Гапимга ишонаверинг, Сергей Викторович, адабиётни унингчалик яхши кўрадиган талаба ҳатто бизнинг адабиёт институтимизда ҳам унчалик кўп эмас. Бу чақув турган-битгани бўҳтон-ку! Бойнинг ўғли Москва аёзида юпқа палтода юрармиди?
– Шундай дейсизу, бироқ илгари бойнинг ўғли бўлган бўлиши мумкин-ку! Андрей Николаевич, биз бу даргоҳда ғоявий жиҳатдан пок одамлар таҳсил олишига масъулмиз. Бинобарин, масалага жиддий ёндошиб, текшириб кўришимиз лозим.

Профессор бош чайқаб, уҳ тортар экан, хонага котиба кирди. У ҳали гапиришга улгурмасдан, ректор буюрди:
– Қодиров келган бўлса, кираверсин.

Палтосини гардеробда қолдирганидан кийими янада юпунлашган Адҳам хонага кирди. Саломлашиб, кўрсатилган жойга ўтирди. Ректорнинг салобати босса-да, унинг ёнида суюкли устозини кўриб, анча енгил тортди. Ярим йиллик таҳсилнинг имтиҳонларини аълога топширгани учун ҳам кўнгли тўқ Адҳам кенг-мўл кабинетдаги жавонларга терилган китобларни кўздан кечириб, уларнинг қайси классиклар асарлари тўплами эканини тусмолларди.

Ректор синашта усулини қўллади. Қиёфасига янада жиддий тус бериб, сарғиш кўзларини йигитга наштардек қадаб, кескин оҳангда сўради:
– Адҳам Қодирович, сизнинг ижтимоий келиб чиқишингиз қандай?

Адҳамнинг ранги бўздай оқарди. Дафъатан, тили калимага келмай, бир зум сукут сақлади. Сўнг, ўзини қўлга олиб, қатъий оҳангда деди:
– Мен деҳқон хонадонида – оддий меҳнаткаш оиласида туғилганман. Болалигим ва ўсмирлигим ҳам дарсдан сўнг далада меҳнат билан ўтган.

Унинг овози ва нигоҳида «бу рост, ишонинг» деган илтижо бор эдики, ректор кўзини олиб қочиб, ҳукмини айтди:
– Шундай бўлса ҳам, сиз ҳозирча машғулотларга қатнашмай туринг.
– Нега ахир?! Мен кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, биринчи семестр имтиҳонларини ҳам аълога топширдим!

У ёрдам сўрагандек профессорга қаради. Профессор индамай, эзғилаб ёғаётган қорга тикилиб ўтирар, айни вазиятда у худди қаҳратон қуёшидек Адҳамга бирон ёрдам кўрсатишдан ожиз эди.
– Очиғи, устингиздан чақув тушган. Ижтимоий келиб чиқишингиз хусусида, - деди ректор.
– Ахир, менга Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан ижобий тавсифнома беришган-ку! Уни мен ҳужжатларларимга қўшиб топширганман.
– Тўғри, ҳужжатларингиз жойида. Шу боис, биз Тошкентга сўровнома юбордик. Агар чақув бўҳтон бўлиб, сиз ҳақингизда ижобий жавоб келса, машғулотларни яна давом эттираверасиз.
– Ким ёзибди чақувни, билсам бўладими?
– Буни ошкор қилолмайман.

Адҳам ректорнинг кабинетини эзгин қиёфада тарк этди. Эшик ёпилиши билан профессор ошкора уҳ тортди.
– Эсиз, бўладиган бола, умидли шогирдларимдан эди. Энг муҳими, асарларидан ўзи қилган сўзма-сўз таржималарини ўқиганимда, тузуккина бадиий иқтидори борлиги маълум бўлди.
– Эҳ, Андрей Николаевич, сиз устоз сифатида эмас, раҳбар сифатида бир ўйлаб кўринг! Адабиёт манфаати эмас, балки сиёсий тузум, сотсиалистик жамият манфаатидан келиб чиқинг-чи. Камина шундай йўл тутишга мажбурман. Тўғри, истеъдодли шогирдларига меҳр қўядиган устоз сифатида сизни тушунаман. Лекин, кўп эзилманг. Балки, ҳали ижобий жавоб келар. Ҳар ҳолда бу зарурий чора. Юмалоқ хат қандай кескин тусда ёзилганини кўрдингиз-ку. Эътиборсиз қолдирсак, хат муаллифи тегишли идораларга ёзишдан ҳам тоймайди. Ортиқча дахмазаларга қолиб юрамиз унда. Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деган шарқ мақолини биласиз. Эътибор қилган бўлсангиз, Қодировнинг дарҳол ранги ўчиб кетди. Демак, унинг ўтмишида нимадир бор.

Профессор яна эътироз билдиришга оғиз жуфтлади-ю, ректорнинг тепакал боши устидаги Сталин портретига кўз ташлаб, дами ичига тушгандай, тилини тийди.

2

Институт аспирантураси ётоқхонаси хоналаридан бирида иккинчи босқич тингловчиси Йўлдош бесаранжом ҳолда ўтирарди. Институтда, айниқса, аспирантурада ўзбеклар кам, Адҳам иккаласи бир хонада туришади. Эшик очилиб, Адҳам кирганида унинг афтода рангу рўйини кўрган Йўлдош сезилар-сезилмас қалқиб тушди. Ўзини босиб, палтосини очаётган дўстига деди:
– Икки ҳафталик таътилнинг ҳам бир куни ўтди. Хўш, қарор қилдингми? Бориб келасанми Тошкентга?
– Йўқ, Москвада қоламан.
– Нега бирдан ўзгариб қолдинг?
– Устимдан кимдир ректорга чақув ёзибди. Уни текшириш учун Тошкентга юборишибди. Жавобини кутишим керак.
– Қанақа чақув экан? – талмовсиради Йўлдош.
– Ижтимоий келиб чиқишим хусусида.
– Ҳа-а, шунақами? Тошкентда, университетда ҳам бу масала қўзғалгани эсимда. Москвада ҳам ўша гапми? Чақувни ҳам кимдир Тошкентдан юборгандир. Менга қара, Адҳам. Бу дахмазаларга бирйўла нуқта қўймайсанми?
– Қандай қилиб, Йўлдош? Маслаҳат бер, нима қилай, – илтижо билан деди Адҳам. – Бутун ҳаётим давомида бу нарса мени оғир тоғдек босиб, эзиб келмоқда. Қачон анкета тўлдиришга тўғри келса, ижтимоий келиб чиқишингиз, деган саволдан юрагим безиллайди. Ахир, ота-онам бир умр ўз меҳнатлари билан кун кечирган. Бировнинг меҳнатидан фойдаланмаган, ҳеч кимнинг ҳақини емаган!
– Лекин отанг қулоқ қилинган-ку.
– Тўғри, лекин кейинчалик колхозга кириб, ҳамма қатори кетмон чопган. Ахир, ўша даврда – жамоалаштириш сиёсатида айрим камчиликларга йўл қўйилганини ўртоқ Сталиннинг ўзи ҳам тан олган-ку.
– Қара-я, отангнинг камчилигини тан олишни истамайсан, лекин уни жазолаган партия камчиликка йўл қўйган демоқчисан.
– Мени нотўғри тушундинг. Хўш, нима демоқчи эдинг? Қандай қилиб барчасига чек қўйиш мумкин?
– Комсомолга хос шижоат ва мардлик билан отангдан воз кечасан!
– Нима-нима?!
– Эшитганинг! Комсомол мажлисида мен ўз ўтмишимдан, зараркунанда қулоқ отамдан воз кечиб, жамиятимизга муносиб одам бўлмоқчиман, дейсан. Мажлис иштирокчилари, шубҳасиз, сени қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда бир мақола ҳам ёзиб, матбуотда чоп эттирсанг, зўр ҳужжат бўлиб қолади. Шундан кейин ҳеч ким сенга ижтимоий келиб чиқишингни таъна қилолмайди.
– Ўйлаб гапиряпсанми, Йўлдош? Қандай қилиб марҳум отамдан воз кечаман? Мени, ака-укаларимни дунёга келтирган, боққан, тарбиялаган отамдан, унинг азиз хотирасидан воз кечаманми? Отам раҳматли бировга ёмонлик соғинмаган, беш вақт намозини канда қилмаган иймон-эътиқодли инсон эди.
– Мана, ўз тилингдан илиндинг! Намоз ўқиса, демак диндор бўлган. Шундай отадан воз кечмай туриб, сен ҳали совет ёзувчиси бўлмоқчимисан? Комсомол бўлатуриб, пионер Павлик Морозовдан ўрнак олиш қўлингдан келмайди-ю, яна совет ёшлари ҳаётидан роман ёзишни даъво қилаётганингга ўлайми!

Адҳам дўстининг бу сўзларини жавобсиз қолдирди-да, палтосини қайта кийди.
– Хўш, йўл бўлсин?
– Ҳовлида уйига ижарага қўядиганлар эълонларига кўзим тушган эди. Жавоб келгунича бирон жойда ижарада тураман. Чунки бу аҳволда ётоқхонада туришим қийин. Юртдош ва дўст бўлатуриб, сенки мени тушунолмадинг, бошқаларнинг муносабати қандай бўлиши маълум. – У хонадан чиқаркан, қайрилиб, қўшимча қилди. – Малол келмаса, ректоратдан бохабар бўлиб тур. Котибадан жавоб келган-келмаганини суриштир. Ўзим хабар олиб тураман.

Хонада ёлғиз қолган Йўлдошнинг бадани увишди. Адҳам кетса, бу қадар ёлғизланиб қолишини ўйламаган экан. Хона ҳувиллаб қолгандай гўё. Тўғри, Тошкентда оралари яқин эмасди. Бироқ мусофирликдаги ҳаёт, Ўзбекистон ҳақидаги умумий хотиралар уларни бир қадар яқинлаштирган эди.

Адҳамнинг устидан яширинча чақув ёзиб бекор қилдимикан? Виждони ўртанган Йўлдош турли мулоҳазалардан қалқон ясашга тиришарди: «Мен бир камбағал батрак ўғлиман. Отам қулоқларга қарши курашда ўзини кўрсатган. Шўро тузуми ғалабаси туфайли мен оддий батрак ўғли Москвада ёзувчиликка ўқимоқдаман. Аммо Адҳам ... унинг отаси қулоқ бўлган-ку. Маънавий ҳаққи борми шундай даргоҳда таълим олишга? Тўғри, у илмли, истеъдодли. Бироқ мард бўлса, ижтимоий келиб чиқишини нега яширади? Яна у Москвага келиши билан Санобар билан учрашибди. Мен бир йилдан бери унинг кўнглини олиш учун ҳалакман. Неча марта кинога таклиф қилсам, дарсим кўп, деб баҳона қилди. Борганида ҳам ёлғиз эмас, дугонаси билан борди. Адҳам билан эса ёлғиз ўзи борибди. Йўқ, мен оғзидаги ошини олдирадиганлардан эмасман».

3

Адҳам ижара уйига асосан тунаш учун борарди. Машғулотлардан «озод» бўлгани учун уззукун Ленин кутубхонасига танда қўйган, «ёпиқ фонд»дан Чўлпон тўпламларини олиб ўқир, ўтли ва дардли сатрлар бир-икки ўқишдаёқ хотирасига муҳрланар, кўчириб олишга ҳам ҳожат қолмас эди. Бу адабиётлар ҳар кимга берилавермас, бироқ Горкий номли Адабиёт институти аспирантураси каби юксак даргоҳда таҳсил олаётганларга рухсат бор эди. Аспирантлар бу адабиётларни илмий раҳбарлари кўрсатмасига биноан, ўз илмий ишларида буржуа адабиётини фош қилиш учун ўқишлари барчага аён эди.

Бир пайтлар у Қодирий романларини яширинча ўқиган. Саҳифаларга қанчадан-қанча кўз ёшлари тўкилган. Энди Чўлпон шеърияти уни сеҳрламоқда. Шоирнинг оташин сатрлари хаёлида муттасил чарх урарди:

Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордур,

Ҳалокат бўлғусин билмай қулочни катта отдим-ку.

Қизиқ, бу адибларни нега тузум қабул қилмаган? Уларнинг ижодини севса, демак у ҳам бу жамиятга ёт унсурми? Адабий асарлар асли қайси мезонлар асосида баҳоланмоғи зарур? Шўро адабиёти энг ҳақгўй адабиёт, дея жар солишади-ю, ҳақиқат ҳақида нафақат ёзиш, ҳатто суҳбат қилиш бунча мушкул бўлмаса.

Болалиги оғир меҳнат, етишмовчиликларда ўтиб, университет ва аспирантурага ўз интилиши билан эришиб, энди оғзи ошга етай деганда, бойнинг боласи дея бурнини қонатсалар-у, бирон жойга арз қилолмаса. Бунақа хўрликларга илк бор дучор бўлаётгани йўқ.

Олтинчи синфда аълочилиги учун уни Тошкентга саёҳат йўлланмаси билан мукофотлашди. Қанчалик ҳаяжонлангани, ота-онаси тушлик учун берган пулни Тошкентга борганида китоб сотиб олиш учун йиға бошлагани эсида. Лекин туман маориф бўлимидаги ҳушёр мутасаддилар «отаси бой бўлган», деб мукофотни бекор қилишди. Даминов деган жуғрофия ўқитувчиси: «Ахир, отаси ҳозир колхозчи-ку», дея куйиниб гапиргани, лекин унинг сўзига ҳеч ким қулоқ солмагани асло эсидан чиқмайди. Лекин қачон шу воқеани эсласа, устози Даминовнинг сўзлари зулматни парчалаган бир қатим нурдек кўринарди. Тузум қанчалик мустабид бўлмасин, одамлардаги инсонийликни буткул маҳв этолмайди, деган ишонч унга далда берарди.

Адҳам кутубхонадан чиқиб, пиёда йўл олди. Москва кўчалари оқшомда ҳам ёруғ. Бу шаҳарга келгач, ўзини узоқ йиллар қора кўланкадай таъқиб қилган туҳмату чақувлар ниҳоят узоқда қолди, деб ўйлаган эди. Не-не машҳур адиблар билан учрашди шу олти ой мобайнида. Уларнинг кўп сўзларини ён дафтарига ёзиб олди. Кўнгил қўйгани Санобар ҳам шу шаҳарда таҳсил олмоқда. Улар баҳорда турмуш қуришни режалаштирган эдилар. Ўшанда ҳаёт йўли унга Москва кўчаларидай ҳамиша кенг ва ёруғ бўладигандай туюлганди...

Ўзбекистонда аллақачон бошланган баҳор нафаси Москвада ҳам сезилмоқда. Афсуски, Адҳамнинг кайфияти баҳорий эмас. Тошкентдан ҳеч қандай хабар йўқ. Санобар институтга келиб, Йўлдошдан Адҳамни сўрабди. Йўлдош бор гапни айтиб, ҳозир қаерда турганини билмайман, дебди. Қанчалик соғинмасин, Санобарнинг юзига қандай қарайди? Неча марта чоғланиб, ўша тарафга йўл олди. Бироқ ҳар гал: «Мен туфайли унга нисбатан ҳам шубҳа пайдо бўлмасин. Ўзи бахтсиз одам бошқани бахтли қила олармиди?», - деган ўйлар билан орқага қайтарди.

Кўприкдан ўтаркан, Москва дарёсига разм солди. Дарё музлари палахса-палахса кўчиб, бўтана сув кўпириб оқмоқда. Буни кузатаркан болалик даврининг изтироб билан йўғрилган илк хотиралари кўз ўнгида жонланди. Отаси сургун қилингач, «қулоқнинг оиласи» деган хўрлашлар ва таҳдидларга чидолмаган онаси болаларини олиб, тоғаси ёрдамида узоқдаги қишлоққа кўчишга қарор қилди. Кўч-кўронларини тоғасининг икки отига ортиб, қиш чилласида йўлга тушишди. Қалин қор ёққан совуқ кун. Олти ойлик укачаси Раббим онаси қўлида эди. Отлар музга тойиб йиқилганда, уларнинг устидаги юклар ҳам қорга қулаб тушар, тоғаси ва онаси отларни турғизиб юкларни ортгунча, болалар қор устида жунжикиб туришарди. Олти ойлик гўдак чириллаб йиғлар, бундан барчанинг юраги эзилса-да, ҳеч ким уни қандай овутишни билмас эди. Ўшанда укасига совуқ ўтиб кетган экан. Баҳорга чиқмасдан, Раббим умрида бир баҳорни ҳам кўрмасдан нобуд бўлди. Адҳам улғайгач, баъзан: «Қишда эмас, баҳорда кўчганимизда, балки укам тирик қолиб, ҳозир азамат йигит бўлармиди» , деб ўйлар, ҳаёти тонгидаги шу воқеа туфайли унинг учун қиш мамот, баҳор эса ҳаёт рамзига айланган эди. Бироқ бу йилги Москва баҳори яхшиликдан дарак бермас эди...

Нариги қирғоқда одам тўпланиб турганини кўрган Адҳам, ҳар бир нарса билан ўзини чалғитишни истагани туфайли, оломонга яқинроқ бориб билдики, ғаввослар ҳозиргина сувга чўкиб ўлган одам мурдасини олиб чиқишибди. Қизиқиши дарҳол сўниб, ортга қайтди. Одамларнинг овози узуқ-юлуқ тарзда қулоғига чалинарди.
– Ўз жонига қасд қилибди-я, шўрлик!
– Ким билади, балки чўктириб юборишгандир.

Бу ҳодиса Адҳамга йўл кўрсатгандек бўлди. Йўл бўлганда ҳам туҳмату чақувлар етиб боролмайдиган манзилга элтгувчи йўл. Бу ҳақда бемалол хаёл суриб, совуққонлик билан режалар тузаётганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. Муздек сувга киришини ўйлаганида ҳам сира эти жунжикмас, ҳатто назарида бу фасл сувга чўкиш учун энг мақбул бир мавсум эди... Каттакон муз парчаси бошига келиб урилади. Зарбдан гаранг бўлиб, буёғи нима бўлганини сезмай ҳам қолади. Жасадини топиб олишганида ҳам ким уни танирди. Бутун Москвада унга аза тутадиган биргина одам бор... Эҳ, Санобар, агар билсанг, мен эртами, индин иккаламизнинг оппоқ қордек орзуларимизни, ёруғ келажагимизни, туғилмаган болаларимизни ўзим билан чўктириб юбораман... Лекин, кечир мени. Тирик қолганимдаям, мендек бадном одам сен билан бирга бўлолмайди.

Уйга яқинлашганида, бирдан йўлдан қайтиб, Горкий институти томон юрди. Нима бўлгандаям кўнглида сўнгги бир илинж милтиллаб турарди.

Ётоқхонага кираркан, телпагини пешонасига бостириб, палтоси ёқасини кўтариб, бурканиб олди. Курсдошларидан биронтасига учраб қолишни истамасди. Хонага кириб китоб ўқиб ўтирган Йўлдошга савол назари билан қараганида, у бош чайқади: ҳамон ҳеч қандай хабар йўқ. Бунча ҳаяллашмаса. Ўзбекистонда ҳам қайта текширув ўтказиб, қариндош уруғларигача сўроқ қилишяптими?...

У ўтирмасданоқ хонани тарк қилаётганида Йўлдош сўради:
– Ижобий жавоб келса – яхши, бўлмаса – Тошкентга қайтасанми?
– Қайси юз билан қайтаман? Ўлим яхши-ку бундан!
– Ҳе, ҳе, ўзингни ўлдирармидинг? Буни осон иш деб ўйлаяпсанми?
– Ҳарқалай, шармандалик доғига чидашдан осонроқ!

4

Йўлдош ўзини ректор нега чақиртирганини биларди. Котиба ҳам бундан хабардор шекилли, уни дарҳол киргизиб юборди. Ректорнинг кайфияти яхши эди. У хушмуомалалик билан аспирантга жой кўрсатиб, ўзбекча жон қўшимчасини қўшиб гапирди:
– Йўлдошжон, юртдошинг Адҳамжон қалай юрибди?
– Ётоқхонадан кетган, ижара уйда туради. Машғулотларга қатнамаяпти.
– Ҳа, бир англашилмовчилик бўлган экан. Серқуёш Ўзбекистондан қуёшли хабар келди. Дўстингни топиб, айт. Бемалол машғулотларга қатнайверсин. Қолдирган дарсларини ўзлаштириб олишига ёрдам бер. Ижарада ёки ётоқхонада туриш эса ўзининг шахсий иши.
– Раҳмат, Сергей Викторович!

Йўлдош кўчага чиқиб, телефон будкасига кириб, истар-истамай рақам терди. Ўзи кутмаган ва ёқтирмаган хабарни айтиши керак. Майли, ҳеч гап бўлмагандай: «табриклайман, институтга келавер», дейди-да. Нариги тарафдан Адҳамнинг дардчил овози эшитилди. Унинг юрак ҳовучлаб, қулоқ тутиб турганини биларди. Бу хабарни эшитгач, нима қиларкин? «Кел, дўстим, бу хушхабарни бирон қаҳвахонада ювайлик», дейдими? Ёки мени шу заҳоти унутиб, қанот чиқариб, Санобарнинг олдига учадими?

Тўсатдан Йўлдошнинг вужудида ёвуз дев бош кўтарди. Унинг измига бўйсунган Йўлдош айтишга чоғланган сўзларининг бутунлай тескарисини гапирди:
– Энди хафа бўлмайсан, Адҳам. Тошкентдан ўта салбий жавоб келибди. Ректор айтишича, энди сен тингловчилар сафидан бутунлай ўчириларкансан.

Жавоб ўрнига, Йўлдошнинг қулоғига гўшакнинг тарақлаб тушгани эшитилди. Гўшак Йўлдошнинг вужудидаги ёвуз дев бошига тушиб, уни мажақлагандек эди. У бирдан ўзига келиб, жон ҳолатда бақирди:
– Адҳам, Адҳам ... мен ҳазиллашдим, гапларим ёлғон, эшитяпсанми?

Бироқ телефон жимжит эди. Ранги ўчган Йўлдош будкадан отилиб чиқиб, йўлда келаётган биринчи машинага жон ҳолатда қўл силкий бошлади.

2009