OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиЭрини эр қилган аёл (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/09/12
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эрини эр қилган аёл (ҳикоя)
Ғулом Каримий

Таътил пайти қишлоғимга борганимда адабиётга қизиқиб юрадиган бир неча ҳамқишлоғим мендан: «Садафий деган шоирни танийсизми?», – деб сўрашди.

– У ҳақда бир-икки эшитганман, дарвиш шоир, дейишади. Лекин ўзини кўрмаганман, китоби ҳам менга учрамаган, – дедим.

– Наҳотки?! У, ахир, бизнинг вилоятдан, қўшни тумандан экан. Шеърлари билан айтиладиган қўшиқларни артистлар «Эй, Садафий» деб тугатишади-ку, – ажаб–ланишди ҳамқишлоқларим.

– Вилоят у ёқда турсин, туманимиздан бориб пойтахтда яшаётганларнинг кўпчилигини ҳам танимайман. Тошкент катта шаҳар, ундаги шоирлар сони Алишер Навоий давридаги Ҳирот шоирлари сонидан кам эмас, – дедим мен сал баланддан келиб.

Ҳамқишлоқларим билан бўлган адабий суҳбат, бу соҳада уларни қизиқтирадиган бошқа мавзу бўлмагани учун, шу тарзда якунланди. Бироқ шу суҳбат сабаб бўлиб, мен қўшиқчилик санъати ва унинг беназир имкониятлари ҳақида мулоҳазага берилдим.

Агар етти яшар талантли болакай ойнаи жаҳонда бирон қўшиқни қойиллатиб айтолса, бутун элга танилади. Камида бир неча кун барчанинг оғзида гап бўлади. Ўзинигина эмас, қўшиғи матнини ёзган шоирни ҳам эларо машҳур қилади. Ҳолбуки, бир неча китоби чиққан носирни ўз маҳалладошларининг кўпчилиги тузук-қуруқ танимаслиги, таниганлар ҳам, биронта шеърини машҳур хонандалар қўшиқ қилиб куйламагани учун, катта ижодкор сифатида эътироф этмаслиги мумкин. Мана, ҳамқишлоқларим ҳам мендан: «Бирон янги нарсангиз чиқдими?», – деб сўраш ўрнига, Садафийни таниш-танимаслигим билан қизиқишди. «Танийман, ўзимизнинг укахонлардан», – деб бир оз ёлғонлаганимда, улар наздида каминанинг мақоми бир поғона кўтарилган бўларди.

Тўғри, шоир дўстларим таъсирида шеърлар қоралаганман. Бир туркуми «Соҳил оҳанглари» тўпламида чоп ҳам этилган. Бироқ, афсуски, қўшиқ бўларлик шеърим йўқ. Боз устига, қўшиқбоп шеър ёзишнинг уддасидан чиқилганда ҳам, уни хонандаларга, айниқса, йирикларига ижро эттириш мушкуллигини яхши билардим.

Маҳалламизнинг мўъжаз адабий давраси ёшуллиси ва адабиётнинг тор кўчаларида биздан бир неча пояфзални кўпроқ тўзитган шоир акахонимиз қўшиқбоп шеърлар ёза олар, улар унда-бунда майдароқ хонандалар томонидан куйланган ҳам эди.

– Фалончини зўр шоир дейсизми? Аслида унчалик эмас, – дерди одатда акахонимиз бирон номи чиққан шоир ҳақида гап кетганда. – Гап шундаки, унинг шеърларини катта артистлар қўшиқ қилиб айтишган. Бу жиҳатдан унинг омади чопган. Лекин шеърларини таққосласангиз, барибир, меники кучли! Фақат ҳозирча бирон номдор артист билан танишолмаяпман-да.

Ниҳоят, акахон адабиётнинг кенг ва ёруғ майдонига чиқиш, яъни номи ва шеърини катта саҳналарда жаранглатиш учун ғоятда машҳур хонандага мўлжаллаб, махсус қўшиқ матнини ёзди. Хонанда тилидан элга лирик мурожаат тарзида ёзилган шеърга: «Мен сенинг юлдуз қизингман, халқим», деган сарлавҳа қўйилган эди. Уни даставвал бизга ўқиб берди.

– Э, қаламингизга тасанно, шедевр-ку бу! – деди маҳалламизнинг пешқадам шоири Абдуҳамид Парда. – Худо хоҳласа, Юлдузнинг репертуаридан асло тушмайдиган қўшиқ бўлади.

Гарчанд, Парданинг муболағага мойиллиги бизга сир бўлмаса-да, эътироф этиш лозимки, шеър юракдан ёзилган эди. Агар хонанда ҳам уни юракдан қўшиқ қилиб куйласа, халқ қабул қилиши тайин эди. Бундан сўнг турнақатор бўлиб келадиган ютуқларни тасаввур қилаверинг. Албатта, хонанда янги шеърларга буюртма бериш асносида бу шеърнинг қалам ҳақини жўнатади. Бошқа санъаткорлардан ҳам қўшиқбоп шеърларга буюртмалар ёғилади... Хуллас, шоир акамиз нашриётда узоқ йиллардан бери навбатда турган, ҳали ёруғлик кўрмасданоқ бир мучалини ўтказган тўплами нашр этилиши, шоирлик шуҳрати маҳалламиздан ташқарига ҳам ёйилиши, турғунликка юз тутган моддий аҳволи яхшиланиши – барчасини шу қўшиқ ижобий тарзда ҳал қилишидан умидвор эди.

Шеърни хонандага етказишнинг энг осон йўли топилди. Акамиз хонанданинг контсертига тушиб, шеър кўчирилган қоғозни гулдаста орасига жойлаб, ўз қўли билан тақдим этди. Кейин сабр билан кутди. Хонанданинг радиодаги чиқишларини мунтазам эшитар, лекин ойлар ўтса-да, у интизор кутаётган қўшиқдан дарак йўқ эди. Хонандага қўнғироқ қилиб сўрашга ғурури йўл бермасди. Бизга нолиганда қўлдан келганча тасалли бердик: «Шеърингизни келаси йил бошидаги янги контсерти учун олиб қўйган бўлса керак. Ҳар бир катта контсертида мухлислари учун бир неча янги қўшиқ ҳадя этиши лозим-ку. Келаси контсерти бошида сизнинг шеърингизни куйласа ажаб эмас. Ҳатто юбилей контсертини бошлаш учун ҳам бундан яхшироқ қўшиқ топиш амримаҳол».

Зориқиб кутилган контсертга акамиз оиласи билан биринчи куниёқ тушди. Чипта қимматлиги боис, биз шеър қўшиқ қилинганига ишонч ҳосил қилгандан сўнг тушадиган бўлдик. Бироқ эртасига акамизни тушкун ҳолатда кўрдик. Хонанда унинг шеърини на контсерт бошида ва на охирида куйлабди. Биз ҳам таажжубландик. Чунки шеърда ҳеч қандай нуқсон йўқ эди. Унда қаерда камчиликка йўл қўйилди экан?

– Ўтган йили шеърни хонанданинг ўз қўлига тутқазганмидингиз? – сўрадим мен.

– Қўлига тутқазганим йўғ-у, гулдаста орасига солиб, кўзга ташланадиган қилиб берувдим, – деди акамиз.

– Эҳ, ишни хом қилибсиз-ку, – деди жиғибийрон бўлиб Абдуҳамид Парда. – Ахир, у «ичига нима солинган» деб барча гулдасталарни бирма-бир титиб чиқармиди?! Шеърни чиройли хатжилдга солиб, гулдастадан алоҳида қўлига бериб: «Юлдузхон, шуни қўшиқ қилсангиз, махсус сиз учун ёзилган», – десангиз бўларди-ку!

– Ҳа, шундай қилиш керак эди, – дея тасдиқладим мен ҳам. – У шеърингизни кўрмаган бўлиши мумкин. Эсиз, бир йил вақт!

– Хайрли ишнинг кечи йўқ. Юлдузнинг контсерти ўн кун давом этади. Яна битта чиптага ва бир гулдастага тушсангиз нима қипти?! – деди Парда ва ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. – Мен Норали Тўраевга бағишлаб ёзган достонимни нақ унинг ҳовлисига элтганман. Ўзи йўқ экан-у, лекин қоровулга: «Ўз қўлига берасиз», – деб тайинладим. Бунга ҳам уч-тўрт ой бўлди. Негадир, Норали ҳануз қўнғироқ қилмаяпти. Ниҳоятда банд одам-да! Ўзим бир ўтиб хабар олишим керак.

Шоир акамиз маслаҳатимизга амал қилди. «Йиқилган курашга тўймас» деганларидек, қўшиқ матни билан хонандани ўнгу сўлдан қамал қилишни бошлади. Хонанда вилоятларга гастролга чиққанда, акамиз қайсидир вилоятдаги қариндошига «контсертига тушиб, қўлига бергин», деб шеъридан нусха жўнатди. Қўнғироқ қилиб натижани сўраганида, «ўз қўлим билан ўз қўлига бердим», – деган ижобий жавобни эшитди.

Шу орада қўшиқ матнини хонандага яна бир бор етказиш учун зўр имконият пайдо бўлди. Радиодан муайян кунда ўша хонанда билан суҳбат бўлиши хабари берилиб, савол ва хатларингизни кутамиз, дейишди. Акамиз шеърга ажойиб бир хат илова қилиб, радиога ўзи элтиб берди. Эшиттиришни бутун вужуди қулоққа айланиб тинглади. Сухандон қизга раҳмат! «Сизга хат йўллаганлар орасида таниқли ижодкорлар ҳам бор», – деб акамизнинг исми шарифини айтибди. Сўнгра: «У киши сиз қўшиқ қилишингиз учун бир шеър ёзибдилар, бир бандини ўқиб бераман», – деб чиройли овозда ўқибди.

– Шеър ёқдими, қўшиқ қиласизми? – деб хонандага мурожаат қилибди.

– Жуда ёқди, шоир акамга раҳмат! – деган жавобни эшитганда акамизнинг кўзидан ёш чиқиб кетибди. Лекин хонандаси тушмагур шеърни қўшиқ қилиш ёки қилмаслиги ҳақида тайинли гап айтмабди.

Орадан йил ўтиб, навбатдаги контсертда ҳам биз кутган мўъжиза рўй бермагач, қанчалик ноқулай бўлмасин, «балки шеър матнини бироз ўзгартириб, бошқа бирон хонандага бериб кўриш керакдир», – деган мулоҳаза ҳам айтилди. Бироқ акамиз кескин рад қилди.

– Йўқ, бу шеър атай унинг ўзи учун ёзилган. Бошқасига берсам, увол бўлади. Ҳеч ким буни унинг ўзичалик айтолмайди! Мен ҳали айтмасидан олдиноқ бу қўшиқни унинг ижросида эшитдим. (Биз анграйиб, акамизга тикилдик). Бир куни денг, эрталаб ҳали ўрнимда ётганимда шу қўшиқ тарала бошлади. Радиоданми, телевизорданми – билолмайман. Шунақа майин, дилрабо! Хотиним: «Туринг, дадаси, ишга кечикасиз», – деб белига тепди қўшиқнинг. Турибоқ: «Нега радиони ўчирдинг, ёқ!» – деб бақирибман. Аттанг, тушим экан. Бироқ шунчалик аниқ-тиниқ эшитдимки, бастакор бўлганимда, дарҳол оҳангини нотага туширардим. Ҳай майли, у катта композиторлар билан ишлайди-ку. Ўша оҳангни албатта топишади...

Қишлоқдан Тошкентга қайтиб келгач, ёз оқшомларидан бирида дўстим – болалар шоири, шунингдек, катталар учун ҳам ёзадиган Дилшод Ражаб билан Чилонзор хиёбонларидан бирида сайр қилаётиб, кабобхўрлик қилиш учун очиқ ҳавода – фаввора тег–расида турган столлардан бири атрофига ўтирдик. Нарироқдаги столдан қўзғалган жуфтлик Дилшодга таниш экан. У бориб кўришди.

– Бу одамни танийсизми? – сўради Дилшод қайтиб келиб ўтиргач.

– Йўқ, биринчи кўришим, – дедим.

– Қўшиқчи шоир Садафий шу бўлади. Ёнидаги аёл хотини.

– Э, шундай денг! Ниҳоят, ҳамқишлоқларимга шоир Садафийни кўрганман, деб баралла айта оламан. Лекин уни дарвиш қиёфасида тасаввур қилардим. Бу эса пўрим кийинган виқорли бир одам. Ўзи, Садафий тахаллусли шоир биттами?

– Ҳа, шоир Садафий шу. Чинданам бор-йўғи бир неча йил олдин у ҳақиқий дарвиш эди. Қўшиқчи шоир сифатида танилгани билан на тайинли иши, на уй-жойи бор ва на китоблари чиққан эди. Хотини туфайли қаддини тиклаб, дарвишдан бекка айланди.

– Демак, яхши аёлни топиб уйланибди.

– У аёлни эмас, аёл уни топган. Уларнинг романи менга яхши маълум.

– Унда ҳикоя қилиб беринг. Кабоб еб эшитадиган гўзал қиссага ўхшайди-ку.

– Садафий ҳам бир неча шеъри қўшиқ қилиниб, элга манзур бўлгач, пойтахтга омад излаб келганлардан. Лекин унинг истеъдодига гап йўқ, – дея ҳикоясини бошлади Дилшод. – Мен унинг бир туркум шеърларини ўзим ишлайдиган газетада чоп эттирганман ва шу туфайли яқин таниш бўлиб қолганмиз. Бошидан кечирганларини ҳам ўзидан эшитганман. Тошкентга келганида турадиган жойи бўлмаган. Истеъдодини қадрлайдиган баъзи артистлар вақтинчалик ўз уйларига рўйхатга қўйиб, муваққат бошпаналар топиб беришган. Садафий қўшиқ қилинган шеърлари эвазига берилган қалам ҳақига тирикчилик қилган. Биласиз, шоир халқи инжиқ, ўз ҳомийлари билан ҳам келишиб яшаши қийин. Садафий ҳам машҳур бир хонанда билан аразлашиб, эшикни қарсиллатиб ёпиб, кўчага чиқиб кетган. Орттирганини ича бошлаган. Кўча-кўйда маст-аласт дайдиб юрган. То тақдирида бугун кўрганингиз аёл пайдо бўлгунича, у наинки дарвиш, ҳатто дайди эди.

– Хотини ҳам ўз тарафиданми?

– Йўқ, у фарғоналик. Шуҳрат борасида қўшиқчи шоирлар билан беллашиб бўлмаслигини яхши биласиз. Сиз каби китобхонликка муккасидан кетганлар шоирларни китоблари орқали танийди, асарларига қараб баҳолайди. Лекин ҳозир сиздайлар камайиб кетган. Эл шоирларни аввало қўшиқ қилинган шеър–лари орқали танийди ва шунга қараб ардоқлайди. Шу сабабли Садафийнинг таърифини бу аёл Фарғонада турибоқ эшитган. Тошкентга келиб ишлаб кетган бирон қўшиқсевар мардикор айтганми ёки бошқами, шоирнинг қай аҳволга тушиб қолганидан ҳам воқиф бўлган.

Бу аёл адабиётга, ижодкорлар ҳаётига олдиндан қизиқар экан. «Тошкентга бориб, уни излаб топаман, одам қилиб йўлга соламан, истеъдоди хор бўлишига йўл қўймайман!» – дея аҳд қилиб, шу мақсадда пойтахтга йўл олган.

– Алпомиш Барчинни излаб эмас, Барчин чоҳда ётган Алпомишни халос қилиш учун отланибди-да! Йўлга солиб, одам қиламан деса, водийда шунақаси топилмабдими? Нега энди довон ошиб, айнан Садафийни излаб келибди?

– Бу кўнгил иши-да, ака! Сизнингча бўлса, Барчин ҳам қалмоққа ёки Ултонтозга тегиб кетаверса бўларди-ку! Асли шеърият шайдоси бўлган бу аёлни Садафийнинг шеърлари мафтун этган.

Хуллас, аёл Тошкентга келиб, таҳририяту радиодаги ижодкорлардан шоирни сўраб-суриштирган. Билганлар: «Садафийни катта бозорлардаги аравакашлар ё мардикорлар орасидан топасиз», – дейишган. Чунки сўнгги пайтларда шоирнинг ҳаёт тарзи шундоқ бўлган: у бирон аравакашнинг исмини сўраб, унинг исмига қофия қилиб байтлар айтган. Исми шеърга солинганидан хурсанд бўлган аравакашлар кўнгилдан чиқариб, бир оз пул беришган. Кун давомида йиғилган пулга шоир ароқ ичган.

Аёл ҳам уни мардикорларга шеърхонлик қилиб турганида топиб олган ва у билан кўришиш учун олисдан келганини рўйи рост айтган. Ҳайрон қолган Садафий, бафуржа суҳбатлашайлик, дея қаҳвахонага таклиф қилган ва шундай дилбар аёл атай уни дея узоқ йўл босиб келганидан қаттиқ таъсирланиб, ароқ буюрган. Аёлнинг илк бор шоирни ичкиликдан қайтариш учун қилган ҳаракатлари натижа бермаган. Бу аҳволда энди нозик мавзуларда гаплашиш имконсизлиги туфайли, улар эрталаб соат саккизда учрашишга келишишган. Чунки Садафийнинг эрталаб ичиш одати йўқ эди. Аксига олиб, эрталаб мардикорларни мелиса босиб, улар ёнида бўлган Садафийни ҳам «Мен шоирман» деганига қарамай, пойтахтда рўйхатда турган-турмаганликларини текшириш учун таянч пунктига олиб боришган. Бу ерда ҳам у шоирлик даъвосидан воз кечмаган ва: «Фалон халқ артис–тининг уйида вақтинчалик рўйхатда тураман», – деган. Мелиса бошлиғи ўша манзилга қўнғироқ қилса, гўшакни хотини кўтарган ва: «Агар қўлида М.С. деган ёзуви бўлса, ўша шоир бизникида туради», – деган. Татуировкани кўрган бошлиқ узр сўраб, уни озод қилган. Лекин Садафий: «Мени бу ерга мажбуран олиб келишди. Соат саккизда жуда муҳим учрашувим бор эди. Ундан бир соат ўтиб кетди. Мени машинада олиб бориб қўясизлар!» – деб хархаша қилган. Мелиса бошлиғи ноилож ўз чўнтагидан такси пули берган. Пул қўлга теккач, Садафий кўчага чиқиб, бу воқеа аламидан ароқ ичиб: «Барибир кечикдим, учрашув барбод бўлди. Энди мендан аразлаб, ҳеч қачон келмайди», – деб кўз ёши ҳам қилган.

Аёл эса уни эрталабки саккиздан кечки саккизгача кутгани етмагандек, эртасига ҳам излаган. Қайта топгач, ўзи турмуш қуришни таклиф қилган. Турмуш қуришгач, Садафийни ичкиликдан қайтариб, йўлга сола бошлаган. Бу жонфидоликнинг қанчага тушгани бир ўзига, бир Худога аён. Мана, энди уларнинг пойтахтда ўз уйлари бор. Садафийнинг тўпламлари олдинига юпқа, катта китоби эса қалин муқовада нашр этилди. Келаси ҳафта Санъат саройида унинг адабий кечаси ва китобининг тақдимоти бўлар экан.

– Аёл зотига қойил-а! – дедим эшитганларимдан мутаассир бўлиб, – Худо кўнглига солган экан-да. Бўлмаса, олдин кўрмаган-билмаган одамини излаб узоқ йўл босиш, топган заҳоти синамасдан тегиб олиш, сўнгра уни йўлга солиб, дарвишликдан бекликка кўтариш – ўзи бўладиган иш эмас, албатта.

– Айниқса, Садафийдек инжиқ шоирни эр қилиш осон бўлмаса керак. Бу аёл эса уни ҳам эр, ҳам шер қилди. Мана шу матонати эвазига ўзи ҳам машҳур шоирнинг хотини бўлиб, гул-гул очилиб юрибди, – дея ҳикоясини якунлади Дилшод Ражаб.

«Ёшлик» журналининг 2010 йил, 3-сонидан олинди.