OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиҲайкаллар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм9KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳайкаллар (ҳикоя)
Ғулом Каримий

2010 йил сентябр ойида пойтахт марказидаги Миллий боғ ҳудудида адабиётимизнинг улуғ сиймоси Ойбек домлага ҳайкал ўрнатилди. Бу тадбир ойнаи жаҳон ва матбуотда ёритилди. Бундай маросимларда нутқ сўзлаб, халққа кўриниш беришни ўзига ҳам фарз, ҳам қарз деб билувчи обрўли адиблар мазмундор сўзлар айтишди. Камина ҳайкалнинг очилиш маросимига боролмаган бўлсам-да, бир неча кундан сўнг зиёратга ўтдим. Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат этиб, ён томондаги ариқ бўйига тушдим. Ариқнинг нариги бетида Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор ҳайкаллари ёнма-ён турарди. Кузги қуёш нурлари шундоқ ҳам муҳташам ҳайкалларга янада салобат бахш этар, Ойбекнинг сокин ва улуғвор чеҳрасида қатъийлик, теранлик жилва қилар, адибнинг чақноқ кўзлари бургут нигоҳи билан боқарди. Хуллас, ҳайкалтарошнинг санъатига таҳсин айтмаслик иложи йўқ.

Нарироқда, олдинроқ таваллудининг юз йиллиги санасида ҳайкал ўрнатилган Қаҳҳор домла елкасига чопонни елвагай ташлаганча, ўз ўйларига ғарқ эди.

Гап-сўзларга қараганда, Миллий боғнинг шу тарафида адабиёт хиёбони барпо этилиб, яна бошқа улуғ адиблар ҳайкаллари ўрнатилар экан. Шоядки, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат домла каби ҳаётлигида муносиб қадр кўрмаган адибларимиз ҳам, ниҳоят, сўлим адабиёт хиёбонида ўз шойиста ўринларида савлат тўкиб ўтиришса. Ҳайкалларда адиблар ўтирган ҳолда эканлигида ҳам рамзийлик бордек. Улар шўро тузумининг жабр-жафоларини роса чекишди, шу уқубатлар туфайли ҳаётдан эрта кетишди. Энди Миллий боғ тўрида, ҳазрат ҳайкали пойида ўтириб, ором олишсин, хотиржам тафаккурга берилишсин, авлодлар ютуқларидан шодланишсин. Йирик адабий марказ бўлган Тошкентнинг турли гўшаларидаги Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия ҳайкаллари шаҳар ҳуснига зеб бўлиб тушган. Бухорода Фитрат, Андижонда Чўлпон ҳайкалларини зиёрат қилганимда ҳам олам-олам қувонч туйганман.

Янгиликдан хабардор адабиёт мухлислари якка ҳолида ё бир неча киши бўлиб зиёратга келишар, шунчаки йўлдан ўтиб кетаётганлар ҳам янги ҳайкални кўриб қолиб, бир неча дақиқа тўхтаб томоша қилиб, мамнун ҳолда йўлларида давом этишарди.

Хаёл отини жиловлаш имконсиз. «Пайти келиб, менга ҳам бирон жойда ҳайкал, жиллақурса, бюст ўрнатилармикан», деган фикр кўнглимдан ғимирлаб ўтгандай бўлди-ю, беихтиёр қизариб, ён-атрофга қарадим. Тасодифан бирон танишим келиб қолиб, хом хаёлларимни уқиб, устимдан кулмаётганмикан? Ўқувчи каминани маъзур тутсин. Хаёлан бўлса-да, ўзини юксак мақом соҳиби сифатида тасаввур қилиш ижод аҳлига қўндоқда теккан касаллик бўлиб, давоси ҳали топилмаган.

Мендан бир неча ёш катта шоир дўстим Абдуҳамид Парда ҳар гал бирон йирик адиб вафотидан сўнг Чиғатой қабристонига дафн этилганини эшитганда, армон билан: «Бизга ҳам Чиғатойдан жой тегармикан?» деб қўяди. Бу гапдан энсам қотиб, унга дейман:
– Аввало, Чиғатойга талпиниш сиз учун эрта эмасми? Ҳали уйлантирадиган ўғлингиз, узатадиган қизингиз бор. Сониян, Худо берган умрдан фойдаланиб, қаттиқ ижод қилиб, зўр асарлар яратинг. Ёшингизни яшагач, кўримсиз бир қабристонга қўйилсангиз ҳам, ўша жой сизнинг қабрингиз туфайли адабиёт мухлисларининг зиёратгоҳига айланиб, обод бўлсин!
– Шундай-куя, бироқ Чиғатойга қўйилиш – расмий эътироф дегани-да! – дейди Парда кўнглига қаттиқ ўрнашган орзусидан воз кечолмай...

Ҳайкалларни айланиб, ҳар тарафдан томоша қилган жувон менга яқинлашди.
– Кечирасиз, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Адабиётга алоқадормисиз?

Адабиётга анчагина алоқам борлигини билдириб, «ҳа» маъносида бош ирғаганимдан кейин у деди:
– Бир нарсага ҳеч тушунолмадим. Нега Ойбек домла Қаҳҳор домлага тескари бурилиб турибди. Зиёратчиларда англашилмовчилик уйғотмайдими бу?
– Ҳаётда ҳам улар унча келишишмаган, – дедим мен дабдурустдан бошқа жавоб тополмай. – Бир адабий мажлисда эшитганим бор. Ойбек ва Қаҳҳор бир-бирларининг юбилейларига боришмаган. Бироқ ҳар иккаласи бир-бирининг истеъдодини эътироф этган.
– Майли, шундай бўлгандир ҳам. Лекин бизга улардан қолган мерос муҳим-ку! Ораларида қандайдир келишмовчиликлар ўтган бўлса, буни шунчалик бўрттириб кўрсатиш шартми?
– Синглим, бу атайин қилинмаган. Ойбек домла Навоийга бағишлаб қатор ўлмас асарлар ёзган. Ҳазратга нисбатан ихлос-эътиқоди беадад бўлган. Ҳайкалтарош уни Навоий тарафга ҳайрат ва муҳаббат билан қараб турган ҳолда яратган. Шу ғояга маҳлиё бўлиб, Қаҳҳорга тескари ўгирилиб қолиши мумкинлиги хаёлидан кўтарилгандир.
– Лекин санъатда бундай хатолар қимматга тушади. Қанча зиёратчи ҳайрон бўлиб кетмоқда.
– Мақсад зиёрат бўлгач, бу тарафларига урғу бериш шарт эмас. Улуғларимиз ҳайкаллари ўрнатилганига шукр қилайлик.
– Лекин икки ҳайкал ўрни алмаштирилса, барчаси жой-жойига тушар экан.
– Бунга ҳам ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Навоийга энг яқин жойда Ойбек ҳайкали жойлашгани жуда ярашган. Бу ер адабиёт хиёбони қилиниб, ҳали яна янги ҳайкаллар ўрнатиларкан. Табиий, улар ҳам турли вазиятда, турли тарафга нигоҳ ташлаган ҳолда бўлади. Шунда барчаси ўз-ўзидан уйғунлашиб, ажойиб умумий манзара ҳосил бўлади.
– Унда бошқа гап, – деди жувон чеҳраси ёришиб. – Ҳар бир янги ҳайкал ўрнатилган кун адабиёт мухлислари учун байрам бўлади.

– Бу хиёбонни ҳар гал зиёрат қилишнинг ўзи бир байрам бўлади, – дедим мен унга жавобан.