OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиКўрагон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм58KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўрагон (ҳикоя)
Ғулом Каримий

«
Яратқонким тан ичра жон яратти,
Сени кўркликлар узра хон яратти.

Хоразмий
»

Балх вилоятига баҳор келди. Жилға ва сойлар яна кўклам қўшиғини куйлай бошлади. Далалару яйловлар ранг-баранг ўт-ўланлар гилами билан қопланди. Самода турналар арғимчоқ ясаб, шимолга – Мовароуннаҳр томонга учишса, улардан пастроқда қалдирғочлар ҳавони ўқдай кесиб чарх уришарди.

Кузда Балхни забт этган Темурбек қўшини вилоятда қишлади. Илк баҳорда Ҳирот малики Ғиёсиддин Курт, Сабзавордаги сарбадорлар ҳукумати бошлиғи амир Муайяд, Сейстон малики Фахриддин, Мохон амири Алибек Жониқурбоний, хоразмшоҳ Ҳусайн Сўфи, Оқ Ўрда хони Ўрусхон, Кобулистон шоҳи Қутбиддиндан элчилар келиб, барчаси шоҳлигу ғалаба билан муборакбод этишди. Темурбекнинг катта ўтови ҳам совға-саломларга торлик қилиб қолди. Фақат Мўғулистондан элчи келмади. Чунки мўғуллар Ҳусайнни ҳам, Темурбекни ҳам ўзларига тобе Мовароуннаҳрда ўзбошимчалик билан вақтинчалик ҳокимият ўрнатган исёнкор кимсалар, деб билишарди.

Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонганидан сўнг, аксарият ён-атроф ўлкалар тождорлари ўттиз тўрт ёшли Темурбекни Мовароуннаҳр ҳукмдори, деб эътироф этиш баробарида, янги ҳукмдорнинг келгуси режалари, қўшни салтанатлар билан қандай муносабатлар ўрнатиш ниятидан воқиф бўлишни мўлжаллар эдилар. Тожу тахтга йўл очган ғалабасидан илгариёқ Темурбек хон кўтаргани – Чингизхон авлоди Суюрғатмишхон номи аллақачон хутбада ўқилиб, тангаларга зарб қилина бошласа-да, унинг қўғирчоқ хон экани сир эмасди.

Амир Ҳусайн Мовароуннаҳр ҳукмдори эканида бетайин хулқ-атвори ва очкўзлиги туфайли эътиборли бекларнинг кўнглини қолдирганидан огоҳ қўшни юртлар султонлари Мовароуннаҳр тарафдан хавфсирамай, аксинча, Жайҳун ва Сайҳун оралиғидаги тупроғи зар ўлканинг бирон вилояти ё туманини юлиб олиш пайида бўлсалар, бу диёрда ғайрату шижоати вужудига сиғмайдиган, Оллоҳ юксак ақл ва беназир саркардалик истеъдоди билан сийлаган баҳодир бек тахтга ўтиргач, барчасининг кўнглига хавотир оралади.

Наврўздан сўнг Темурбек аъёнлару хос соқчилари ҳамроҳлигида Балх яқинидаги пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бири дафн этилган Хожа Уккоша қабристонига отланди. Қарға тусли қорабайир устида мардонавор ўтирган, қора кимхоб чопон кийган Темурбекнинг симобий салласи кўклам қуёши нурида нуқрадек товланади. Саллага қадалган йирик ёқут тонг юлдузидай порлайди. Соқол-мўйлови калта кузалган бек одатича олисларга назар солар, баҳор шабадаси хуш ёққанидан чопони олдини очиб юборган, гулдор наврўзий кўйлаги ва отининг зардўзий ёпинчиғи билан бошқа суворийлардан ажралиб турарди.

Наврўзгача у аксар ҳарбий кийимда юрганидан, ҳозирги либосида ўзини қушдек енгил сезар, камарига оғир қилич ўрнига, ғилофига қимматбаҳо тошлар қадалган дандон сопли дудама ханжар қистирилган. Хожа Уккошага етгач, пўлат совут ва дубулға кийган, найза кўтарган соқчилар от устида туришди. Темурбек ва аъёнлар яёв юриб мозор оралашди. Амир Ҳусайн қабри устида чечаклар униб-ўсибди. Ёшликдаги дўсти, қайноғаси, иттифоқчиси, сўнгра эса тожу тахт учун курашдаги асосий рақиби – Мовароуннаҳрнинг собиқ ҳукмдори Ҳусайн урушлар, фитна, алдов, ҳасад, шуҳратпарастлик тўла ҳаёти билан видолашгач, ниҳоят осуда уйқуда ётарди. Нарироқдаги чингизий Одилхон – кўп жиҳатдан ўзини қўғирчоқ хон қилиб кўтарган Ҳусайнга ўхшайдиган кимсанинг қабрига бир қур назар ташлаган Темурбек Қуръон сураларидан ўқиди. Қайноғаси Ҳусайннинг билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини Оллоҳдан ўтинди.

Ҳусайннинг бобоси амир Қазағон оқ-қорани эрта таний бошлаган ўсмир Темурда ҳайрату эҳтиром уйғотарди. Қазағон – золим чингизий хон Қозонхонни тахтдан ағдариб, Мовароуннаҳр мустақиллигини тиклаш учун курашган биринчи турк амири. Унинг даври давронида аҳоли нисбатан тинч-осуда ҳаёт кечирди. Дини ислом равнақ топиб, толиби илм ва уламолар кўпая бошлади. Бироқ ҳокимиятини мустаҳкамлай олмаган Қазағон, ўн икки йиллик ҳукмронликдан сўнг, фитна қурбони бўлди. Мовароуннаҳрликлар унинг даврини ҳамон дориламон кунлар сифатида армон билан эслашади. Темурбек отаси Тарағай баҳодир ва пири шайх Шамсиддин Кулол ўзаро суҳбатда амир Қазағон ўлимидан афсусланиб, унинг авлодидан муносиб ворис ҳокимият жиловини қўлига олиб, Қазағоннинг эзгу тадбирларини давом эттиришини орзу қилишганини яхши эслайди. Бироқ авлоди амир Қазағонга муносиб бўла олмади. Амирзода Абдулла тахтга чиққач, отаси ўрнатган рисоладагидек тартибларни бузди. Оқибатда низолар бошланиб, яхлит ўлка чок-чокидан сўкилиб, тарқоқликка юз тутди. Абдулла Мовароуннаҳрни тарк этиб, саргардонликда завол топди. Амир Қазағоннинг таянчи, Мовароуннаҳрдаги энг кучли жанговар қавм – қораунослар ҳам укпардай тўзиб, қолган-қутгани Қазағоннинг бошқа ўғлидан набираси амирзода Ҳусайн билан олис Қандаҳор вилоятини қора тортиб кетди. Тарқоқликдан устамонлик билан фойдаланиб, Мовароуннаҳрни қайта бўйсундирган, азалий душман мўғуллардан ҳеч қачон ёруғлик чиқмаслигини англаган Темурбек туғилган юрти Кешни тарк этиб, қайноғаси амир Ҳусайн кўрагон ҳузурига йўл олди. У амир Ҳусайн бобоси Қазағон каби Мовароуннаҳрга саодат олиб келишини умид қиларди...

Юз-кўзларию уст-бошлари чангга беланиб, ўзлари ва отлари ҳолдан тойган Темурбек ва юз йигити Қандаҳорнинг Гармсир туманидаги ўлангда жойлашган амир Ҳусайн қароргоҳига яқинлашишганда, ўзларининг ташрифи қароргоҳда талотўп уйғотади, деб ўйлашмаган эди. Мўғуллар таъқибидан юрак олдирган Ҳусайннинг кичик қўшини қалин чанг-тўзонни кўриб, ҳатто чодиру ўтовларни йиғиштирмай, тартибсиз қочишга юз тутди. Кимсасиз қароргоҳга кирган Темурбек бир зум ҳайрон бўлиб, сўнгра гап нимадалигини англади-да, шошилинчда ҳайдаб кетилмаган бир тўп йилқидан бир неча чавандоз йигитнинг отини алмаштириб, яна биттадан эҳтиёт от бериб, дарҳол амир Ҳусайн изидан жўнатди. Чопарлар унга етиб олиб, ғаним эмас, балки мадад сифатида куёви Темурбек келганини, синглиси Ўлжой Туркон оғо ҳам унга ҳамроҳлигини айтишди. Бадгумон Ҳусайн шунда ҳам ҳадиксираб, балки мўғуллар Темурбекни тузоқ сифатида жўнатишгандир, деган хаёлга бориб: «Навкарларини қолдириб, Темур ёлғиз қошимга келсин», деди. Темурбек йигитларига қароргоҳдан силжимасликни буюриб, хотини билан бирга қайноғасига юзланди. Самимий ниятлар билан келганига зўрға ишонтириб, бирга қароргоҳга қайтишди. Чодирдаги яккама-якка суҳбатда амир Ҳусайнни мўғулларга қарши биргаликда курашга чақирди. Ўзига эътиборсизликдан соқол-мўйловлари ўсиб, машаққат ва изтироблардан чакка сочлари эрта оқара бошлаган қайноғасига Темурнинг жон куйдириб айтаётган мулоҳазалари ёш боланинг валдирашидай туюларди.

– Сенда юз йигит, менда икки юзта, жами уч юз навкар билан мўғулга ёғий бўлмоқчимусен? – деди у истеҳзо билан Темурга беписанд боқиб.

– Агар уч юз навкар билан ғанимнинг бирон тўпини яксон қилиб довруқ солсак, бир кунда кучимиз ўн баробар ошадур, – деди Темурбек қатъий ишонч билан. – Чунки курашга ташна йигитлар Мовароуннаҳрда бисёр. Бизга қўшилмоқчи бўлган талай йигитларга мен: «То дарак бергунимча, имкон қадар қурол-яроғ топиб, машқ қилиб туринг», деб ҳарб ишига моҳир навкарлардан устозлар қолдирдим. Чунки довталабларнинг барчасини Қандаҳорга бошлаб келмоқдан маъни йўқ.

Бошини қуйи солиб ўтирган Ҳусайн бирдан қаддини ростлаб, ўлжа ҳидини пайқаган қирғийдек қисиқ кўзлари ялтиллади.

– Савашга иштиёқинг шунчалик экан, аввал Сейстонга юриш қиламиз!

– Не учун? Ахир, душман шимолда, курашдан мақсад Мовароуннаҳрни мўғуллардан озод этиш-ку!

– Арзимаган куч билан мўғулга бас келиб бўлмас. Сейстон малики Фахриддин вилоятидаги исёнчиларни бостириш учун мени мададга чорламиш. Катта молу мулк ҳамда жами ўлжани ваъда қилган. Аларни қўлга киритсак, сўнгра, эҳтимол, Мовароуннаҳр сафарига отланармиз.

Темурбек оғир ўйга толди. Бу тадбир мўғулларга қарши кураш бошлашни муайян муддатга кечиктирса-да, бироқ бусиз Ҳусайн билан муросага келиб бўлмаслигини сезиб, розилик берди.

Ўлжой Туркон оғо амир Ҳусайннинг ҳарами жойлашган чодирда эди. Ҳарамда ҳам ваҳима босилган, мадад келганидан барча шоду хуррам. Ўлжой Туркон оғонинг ташрифи муносабати билан базм бошланиб, чолғу садолари, шўх тароналар тараларди. Мусиқа тинганда аёллар чақчақлашиб, шодон кулишарди. Амир Ҳусайн чодирини тарк этган бек қароргоҳ чеккасидан жой олган ўз навкарлари томон отланаркан, ҳарам чодиридан янграётган чинни жаранги янглиғ кулгу қулоғига чалиниб, юраги ҳаприқиб кетди. Бу овоз эгаси Темурбек учун ғоят азиз хилқат эди...

Сейстондаги муҳорабалар мовароуннаҳрликлар ҳарб ишига нечоғлик моҳир эканликларини кўрсатди. Малик Фахриддин катта лашкари билан ойлаб қамал қилиб ололмаган қалъаларни Ҳусайн ва Темур тадбир билан бир неча кунда ишғол этишарди. Бутун Сейстон бўйлаб «ўқ ўтмас, ўтда ёнмас, сувда чўкмас» баҳодирлар ҳақида овозалар тарқалиб, маликнинг аксарият рақиблари тор-мор этилиб, қолганлари писиб қолишди. Малик Фахриддин ғолиб мовароуннаҳрликлар қароргоҳига зиёфат учун пода-пода қорамол, қўй-эчкилар, катта мешларда Шерозу Исфаҳондан келтирилган арғувоний шароблар жўнатди. Буларни келтирган сейстонликлар, иттифоқчиларни қутлаш ҳамда ваъда этилган олтинларни топшириш учун эртага маликнинг ўзи аркони давлат билан ташриф буюришини хабар қилишди.

Қароргоҳда базм қизигандан қизир, барча қатори Темур ҳам масрур эди. Малик берадиган олтинлар билан йирик лашкарни бемалол қуроллантириш мумкин. У шаробдан тийилса-да, ўзига эрк бериб, Сейстонга келганларидан бери илк бор совутини ечиб, чолвор ва кўйлакда хотиржам ухлашга ётди. Лекин тонгга яқин ҳайқириқлар, отларнинг кишнаши ва шовқин-сурондан уйғониб кетди. Сапчиб турганида, чодирга югуриб кирган яроқбардори бақирди: «Ёғий босди, бегим, ёғий!». «Қанақа ёғий?!» – ўқдек ўтди бекнинг хаёлидан. Бироқ ўйлашга фурсат йўқ. У шоша-пиша қилич осиғлиқ камарини белига тақиб, дубулға ва тўнини кийди-ю, чодирдан отилиб чиқиб, оти томон югурди. Яроқбардор майда сим ҳалқачалардан тўқилган оғир пўлат совутни кўтариб, унинг изидан чопди. «Совутни кийиб олинг, бегим! Ёғий ёмғир бикин ўқ ёғдирмоқда!» Бу пайтда Темурбек отга минган, вазиятни баҳолаш учун ҳар томонга назар соларди. Қароргоҳнинг нариги чеккасида чодирлар ёнар, амир Ҳусайн ва ҳарам чодирлари жойлашган марказдан қиличлар жаранги, аёллар фарёди қулоққа чалинарди. Қароргоҳ бўйлаб отлиқлар бетартиб чопар, нафақат навкарлар, ўнбошию юзбошилар ҳам саросимага тушишгани учун, жанговар сафга тизилишмас эдилар. Жанг натижасини баъзан бир неча дақиқа ҳал этишига кўп бора гувоҳ бўлган Темурбек совутни кийишдан бош тортиб, буюрди: «Туғни кўтар! Ҳукмдоримиз ва анинг ҳарами хавф остида. Жангга, йигитлар!»

Туғ остида зумда совутли-совутсиз жангчилар йиғилдилар. Темурбек зирҳли либосдагиларга олдинга ўтишни буюриб, жангга отланишганда, йўлда Ҳусайн хос навкарлари билан кўринди.

– Темурбек, чекинмоқ зарур, – деди у ҳансираб. – Ҳақимизни бергиси келмаган малик Фахриддин хиёнаткорона босқин қилмиш!

– Аёллар-чи, хожам?! Ҳарам омонми?

– Аёлларни ўйлайдиган вақт эмас ҳозир. Ҳатто Чингизхон, дўппи тор келганда, хотини Буртачинни душмани маркитлар қўлига ташлаб қочмиш. Оқил кимса аёлни деб, ўз бошини хатарга қўймас.

– Чингиз менга ибрат бўлолмайдур! Ўз танмаҳрамим ва хожам ҳарамини ёғий илкига ташлаб қочгандан кўра, ўлим афзал!

Ҳусайн заҳарли ишшайди ва «нодон» деган каби бошини чайқаб, отига қамчи уриб ўтиб кетди.

Совутсиз бўлишига қарамай, шижоати ўн чандон ошган Темурбек жангда эҳтиёткорликни ҳам унутиб, олдинги сафда туриб савашди. Унинг кескир қиличи қуёшнинг илк нурларида ялт-юлт қилар, ўнгу сўлга ажал сочарди. Сейстонликлар ҳужумдан мудофаага ўтишга мажбур бўлдилар. Темурбек атрофида жипслашган мовароуннаҳрликлар ёғий устига жонли қоядек сурилиб борарди. Улар бирпасда ҳарам аёлларини судраб кетаётган ёғий жангчиларига етишди. Бир нечаси маҳв этилгач, қолганлари тумтарақай бўлишди. Чекинаётган сейстонликлар ортиқ қўл жангига журъат қилолмай, ёяндозликка зўр беришарди. Темурбекнинг ўнг билагига камон ўқи зарб билан санчилганда қиличи қўлидан учиб кетишига сал қолди. Бек дарҳол қилични чап қўлига олди ва боши узра кўтарди. Жангчиларни олға бошлаётганида яна бир ўқ ўнг оёғига санчилди. Хос навкар уни орқадан суяди.

– Бегим, сиз яраландингиз! Ҳукмдор ҳарами қутқарилди, инчунин, жанггоҳни тарк этсак ҳам бўладур!

– Жанг охирига етмасдан чекиниш нақд ғалабани қўлдан беришдур. Ёғий сафлари тўзғитилсин!

Саркарда буйруғига кўра жангчилар олға босишди. Қутқарилган аёллар орасидан Ўлжой Туркон оғо фарёд уриб югуриб келиб, чакиллаб қон томаётган узангига ёпишди.

– Хожам, халоскоримиз, тез отдан тушинг, табиблар илож қилсинлар. Акс ҳолда, Худо кўрсатмасин, ногирон бўлиб қолурсиз!

Ранги оппоқ оқарган Темурбек, унинг сўзларини эшитмаётгандек, кўзларини жанггоҳдан узмасди. Ҳарам аёлларидан яна бири яқинлашганда, у ҳижобда бўлса-да, Темурбек савқи табиий билан таниди. Учинчи камон ўқи юрагини мўлжаллаган каби эгар устида билинар-билинмас қалқиди.

– Темурбек, мен – малика Сароймулкхоним! Сиз бурчингизни шараф билан адо этдингиз. Ёғий мағлуб этилди. Амир Ҳусайн номидан буюрамен: отдан тушинг, токи табиблар муолажа этгайлар!

Маликанинг овози Темурбекнинг қулоғига жангчиларнинг «ёғий қочди, ёғий қочди!» деган ҳайқириқларидан ҳам кўпроқ хуш ёқиб, сўнгги кучини тўплаб: «Амрингиз бош устига, маликам!» деди-ю, кўп қон йўқотганлиги туфайли шу заҳоти ҳушидан кетди.

Шу тариқа, Темурбек гуллаган йигитлик даврини амир Ҳусайнга садоқат билан хизмат қилиб, маккор мўғулларга қарши матонат билан курашиб, ёш бошини доимий хатарда қўйиб кечирди. Деярли барча жангу жадалларда ўз бўлуки билан жанггоҳнинг энг оғир қисмида бўлиб, Мовароуннаҳрни қадамба-қадам мўғуллардан тозалаб, Ҳусайнни тожу тахт соҳиби қилди. Мовароуннаҳрнинг ўзи кўтарган янги ҳукмдорини чин дилдан муборакбод этар экан, ўн минглаб йигитлар қони эвазига қўлга киритилган истиқлолни мустаҳкамлаш лозимлигини айтиб, бобоси Қазағондан ҳам кўра оқилона сиёсат юргизиб, унинг хатоларини такрорламасликка чақирди. Мовароуннаҳр сарҳадлари бехатарлигини таъминлаш учун мўғулларни ўз уяси Мўғулистонда яксон қилиш зарурлигини, қўшинга ўзи бош бўлиб боришга тайёрлигини айтди. Бироқ, афсуски, Ҳусайнда бобоси Қазағон даражасидаги ҳукмдор бўлиш салоҳияти йўқлиги тезда ойдинлашди. Унинг амирларни жипслаштириш ўрнига, бир-бирига қарши гижгижлаб, мўғулларга қарши курашда жасорат кўрсатган саркардаларга оғир солиқлар солиб, нафақат амирлар, балки бутун элу юртнинг умиду ишончини оқламаганидан Темурбек чеккан изтироблар Сейстондаги жангда ўнг қўли ва ўнг оёғига камон ўқи санчилгандаги жисмоний оғриқдан ҳам кучлироқ эди.

Нафс қули бўлган Ҳусайн буюк Турон давлатини яратиш йўлида мўғуллар янглиғ тўғаноқ эканлигини англаган Темурбек, қайноғасининг бир неча суиқасдларидан омон қолгач, фитнакор Ҳусайнга қарши исён кўтариб, уни пойтахти Балхда забун қилди...

Ниҳоят, у ғолиб, она диёри Мовароуннаҳрда оқилона тартибларни ўрнатмоққа киришмоғи мумкин. Лашкарга сафарга ҳозирланиш учун фармон берилган. Эрта-индин Жайҳунни кечиб ўтиб, ғолибу музаффар ҳолда Мовароуннаҳр заминига қадам қўйишади. Бироқ бутун қароргоҳда ёлғиз Темурбек ҳали амир Ҳусайн устидан қозонган ғалабасини тугал деб ҳисобламайди. «Сароймулкхоним меники бўлгачгина мутлақ ғолиб бўлурмен», дея нечанчи бора кўнглидан ўтказди у. Аслида амир Ҳусайн ҳалокатидан сўнг кўп ўтмай, унинг ҳарамидаги тўрт аёлни ўз ўрдусига жойлаштиришни буюрган. Бошқаларини донгдор амирларга улашди. Мана, идда муддати ҳам ўтди. Ғолиблик ҳуқуқига кўра, у Сароймулкхонимга бемалол уйлана олади. Қадимдан одат шундай. Чингизхоннинг «Дунёнинг олий лаззати мағлуб душманнинг ўлжа тушган тулпор отларини миниш, асира хотинлари билан ишрат қилиш», деган сўзлари бу одатни қонунийлаштиргандек эди.

Темурбек Хожа Уккошадан қайтиб, чодирига кирмасдан, қароргоҳ чеккасидаги хушманзара жойга тикилган Сароймулкхоним ўтови томон отланаркан, юрагида жанг олдидагидан кам бўлмаган ҳаяжон туйди. Бек Сароймулкхоним жисмангина эмас, қалбан ҳам ўзиники бўлишини хоҳларди. Бироқ чингизий Қозонхоннинг мағрур қизи қалбини забт этиш Мўғулистон хони Илёсхожа ёинки амир Ҳусайн лашкарини яксон этишдан-да оғирроқ туюларди...

Сароймулкхонимни Темур илк бор қизалоқлигида кўрган. Ўшанда у отаси Тарағай баҳодирга ҳамроҳ бўлиб, Жайҳун бўйидаги Солисарой шаҳрига – амир Қазағоннинг ўрдусига борган эди. Отаси Қозонхон ўлимидан сўнг амир Қазағон ўрдусида тарбияланаётган, ҳали ўн ёшга тўлмаган Сароймулкхоним бошидаги укпар қадалган жиғаси билан бошқа қизлардан ажралиб турар, ноёб ҳусни, шаддодлиги, ўктамлиги тилга тушган эди. Қозонхон бир неча йил бурун ўлдирилган бўлса-да, Чингизхон авлодларига ҳурмат-эҳтиром бутунлай йўқолмаган эди. Темур Қазағоннинг набираси Ҳусайн ва бошқа амирзодалар билан дўстлашди. Турли вилоятларда улғайган амирзодалар, оталари ҳали-ҳануз кўпроқ кўчманчилик одатларига риоя қиладиган амир Қазағон чодиридаги машваратда иштирок этишаётганда, аткалар назоратида чавандозлик, тирандозлик, қиличбозлик машқлари билан машғул эдилар. Машваратдан сўнг серҳашам ипак саропардадан ташқари чиққан амирлар ўсмирлар машқларини кузатишганда, Темур дадиллиги, чапдастлиги, сардорликка интилиши билан бир кўзи кўр, лекин назари ўткир амир Қазағоннинг назарига тушган.

– Кейинги йилларда Қарочор нўён авлоди бўлган Тарағай баҳодир ҳарбий сафарлару жангу жадаллардан шайхлар суҳбатини афзал кўриб, шайх Шамсиддин Кулолга қўл бериб, лашкаргоҳга эмас, хонақоҳга серқатновлигидан таажжубда эдим, – деди Мавороуннаҳр амири ягона кўзини машқ майдонидан узмасдан. – Бугун ўғли Темурбекнинг шижоатидан кўрдимки, Қочувли баҳодир ва Қарочор нўён каби улуғ саркардалар истеъдоди Тарағай баҳодирда бир оз дам олиб, Темурбекда бор бўй-бастини кўрсатишга чоғланибдур.

Амирлар бу гапни ярим ҳазил, ярим чин қабул қилиб, кулиб қўйишди. Тарағай баҳодир ўғли шаънига билдирилган мақтовлар учун Қазағонга қуллуқ қилди...

Амир Ҳусайн ва вояга етган Сароймулкхонимнинг тўйи ҳам Солисаройда бўлиб ўтган. Ошиқ Темурбек тақдир тақозоси билан куёвжўралар сафида эди. Келинлик либосидаги Сароймулкхоним янада очилган, гўё осмондаги тўлин ой ерга тушгану, барча атрофида юлдузлар каби парвона.

«Ой тугул, заминда ҳатто Қуёшга ҳам ҳожат йўқ каби», дея кўнглидан ўтказди ўшанда Темурбек ва беихтиёр шоир байтини пичирлади:

Агар кун туғмаса ҳам ёқту қилғай,

Юзинг нури бу дунёнинг саройин.

Келин салом пайти амир Қазағон Сароймулкхонимнинг пешонасидан ўпиб, ёш келин-куёвларга зар ўтов инъом этган, унинг ичидаги анжомлар бари асл матолардан эди. Сарой олдидаги гулзор ўртасида тикилган оловдай ўтовнинг тўрига заррин чимилдиқ тикишди. Мамнун Мовароуннаҳр ҳукмдори ўзини невара келин билан муборакбод қилаётган аъёну амирларга деди:

– Маълумингизким, Қозонхон билан жангда бир кўзимдан айрилган эдим. Бугун Қозонхоннинг нуридийдаси, Чингизхоннинг зурёди невара келин бўлиб хонадонимга қадам қўйганида, ўша йўқотган қўзимни қайта топтагандай бўлдим.

– Қозонхон руҳи ҳам амирзода Ҳусайн каби баҳодир куёв билан фахрланиб, сапчадек узилган бошига ортиқ ачинмаса керак, – ҳазил қилди маст амирлардан бири.

Қувончдан ял-ял ёниб турган келини чеҳрасига бирдан маҳзунлик соя ташлаганини сезган Қазағон сурбет амирга ўқрайиб қаради-ю, тўй бузилмаслиги учун ғазабини тийди.

Келин-куёв чимилдиққа кириб кетишгач, чодир олдида тик турган амиру амирзодалар қўлларидаги жомларга соқийлар кўзалардан май тўлатишди. Майни соқол-мўйловларига томизиб сипқорган маст-аласт амирлар «Амир Ҳусайн Кўрагон, амир Ҳусайн Кўрагон», дея бақира бошлагач, Темурбек ортиқ чидаёлмади. Қўлидаги жомга лаб ҳам теккизмасдан, амирларнинг ичишини тамшаниб кузатиб турган бир навкарга тутқазди ва тўйхонани тарк қилиб, сарой отхонасидаги отини эгарлади-да, сувор бўлиб, Солисаройдан ташқари чиқди. Шаҳар девор билан ўралмагани сабабли, уни биров пайқамади. Темурбек от чоптириб, Жайҳун соҳилига чиқди. Яйдоқ жойда от жиловини тортиб, ирғиб ерга тушди. Дарё ой ёруғида жимирлаб оқарди. Йигит ўзини дарёга отгиси, муздек сув бағрида юрагини ўртаётган ҳовурини босгиси келарди. Ички бир овоз ўзини қўлга олишга даъват қилди: «Темур, ўзингни бос! Сароймулкхонимга уйланиб, кўрагон бўламен, деган хомхаёлдан ниҳоят қутулганингга шукр қил. Ахир у хон қизи. Амирзода Ҳусайн балки келажакда Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлар. Бинобарин, алар бир-бирига муносиб. Бу никоҳдан чин дўстлар фақат шодланмоғи зарур. Сенинг муҳаббатинг ... агар муҳаббатинг чин бўлса, Сароймулкхонимнинг хожаси амирзода Ҳусайнга аввалгидан ҳам кўпроқ садоқат билан хизмат қилиб, анинг дўстларига дўст, душманларига душман бўлғайсен, Муҳаббат бикин олий туйғу фақат эзгуликка йўлламоғи зарур. Ахир, бежиз шоир Хоразмий «Муҳаббатнома» отлиғ достон яратмаган ва сен Оллоҳ каломи Қуръони каримни ёд олганинг каби, бу достонни ҳам бежиз ёдламадинг».

Солисаройдан Кешга қайтишаётганда Темурбек маъюс эди. Бу ҳол отаси назаридан четда қолмади. Бекзодани яхшироқ кузатишга тайинланган мулозим Темурбек ҳуд-беҳуд «Муҳаббат нори жондин кетмади ҳеч, Қўлум сим олмангизга етмади ҳеч», дея пичирлаётганини, гўё кўз ёшисиз йиғлаётганини айтганида, донишманд Тарағай баҳодир гап нимадалигини англади. Бироқ ўғлининг ярасини тирнамаслик учун бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто хотини Тегина бегимга ҳам индамади.

Уйга етганларидан сўнг бир неча ой ўтгач, Тарағай баҳодир Солисаройга совчилар жўнатиб, амир Қазағоннинг невараси, амирзода Ҳусайннинг синглиси Ўлжой Туркон оғони ўғли Темурбек учун сўраттирди. Совчилар шоду хуррам қайтиб, катта суюнчилар олишди.

– Тарағай баҳодирнинг шундай нияти бор экан, олдинроқ билдирганида Ҳусайннинг тўйига Темурбекникини ҳам қўшиб, қўшалоқ тўй ўтказардик, – дебди амир Қазағон. – Неварам Ўлжой учун Темурбекдай муносиб куёвни нафақат Чиғатой улуси, бори тўрт улусни кезиб чиққанда ҳам топишимиз даргумон.

Янгаси Сароймулкхоним билан ҳусн талашадиган Ўлжой Туркон оғо Темурбекнинг кўнгил ярасига малҳам бўлди. Темурга, айниқса, унинг Сароймулкхонимни ғоятда эҳтиром қилиши, ҳар жиҳатдан унга ўхшашга интилиши ёқарди. Хотини оғзидан бол томиб янгасини мақтаганида Темурбек уни қучиб, даст кўтариб: «Хон эмас, амир қизи бўлсанг доғи, сен ҳам хонзодалардан кам эмассен. Туркона қалбимни ўлжа олдинг-ку, Ўлжой Турконим», деб эркаларди...

Сароймулкхонимга ўзи совға қилган оқ ўтов рўпарасида Темурбек отдан тушди. Туя жунидан тўқилган оқ наматдан тикилган ўтов ям-яшил ўлангда гўё ложувард осмонда сузиб бораётган бир тўп оқ булут каби ярқираб турарди. «Тўйида амир Қазағон совға қилган зар ўтовдан ўтса ўтадики, лекин қолишмайди», – кўзи қувониб, кўнгли тўлиб, ўтовни назардан кечирди бек.

Қазағон ҳадяси зар ўтов эскиргач, малика янгисини кўргани даргумон. Чунки амир Ҳусайннинг ҳарамида бош хотини Тармаширинхоннинг қизи Суюнч Қутлуғ оғонинг мавқеи юқори эди. Хасислиги етти иқлимга достон амир Ҳусайн от эгарига ишқаланиб йиртилган чолворига ямоқ қўйдириб кияр, инчунин, хотинлари тўй куни олганидан бошқа совғани умид қилишмаса ҳам бўларди.

Малика унинг келишидан воқиф, эҳтимол, ичкаридан кузатиб ҳам турганини билган Темурбек имкон қадар ўнг оёғининг оқсоқлигини билдирмасликка тиришиб, шахдам қадамлар билан ўтов томон юрди. У ичкари киргач, канизаклари билан ўтов ўртасида турган ҳарир либосли Сароймулкхоним тақинчоқларини жаранглатиб таъзим қилди. Йигирма етти ёшли маликанинг оқи оқ, қизили қизилга ажраб, латофат ва малоҳати кўнгилни орзиқтирар эди.

– Хуш келибсиз, улуғ ҳукмдор, марҳамат қилинг. – Сароймулкхонимнинг овози Темурбекни ўсмирлигида ўзига мафтун қилган қизалоқнинг қўнғироқдек жарангдор кулгусини эслатди.

Ўтов тўрида чиройли дастурхон тузалган, бахмал кўрпачалар ёзилиб, парқу болишлар қўйилган. Темурбекнинг овози шиддат ва қатъият билан янгради:

– Сиз бирла бир неча дақиқа холи суҳбатлашмоқчи эдим, хоним!

Сароймулкхоним ишораси билан канизаклар икки букилиб ўтовни тарк этишди. Малика Темурга савол назари билан қаради. «Мағрурликни қўлдан бергиси йўқ, – суқ билан тикилди бек. – Бироқ, айни хислати унга ғоят ярашадур».

– Идда муддати тугади, хоним. Қўлингизни сўраб келдим. Каминанинг никоҳига кирсангиз!

– Қўлингизда асирамен-ку! Асиранинг розилигини сўрашингиз ажаб.

– Бироқ сиз бикин олийнасаб хонзода уйимга ўз розилиги билан қадам қўймоғини истардим.

– Рози бўлмасам-чи?!

Темурбек жанг бошидаёқ ёғий лашкарининг қақшатғич зарбасига ўтру келиб эсанкираган саркарда янглиғ қалқиб тушди. Бир дам тили калимага келмади. Бу малика назаридан четда қолмади. Йигитга ичида ачинди, бироқ томирларида аждодлари қони жўш уриб, хотиржам жавобни кутди.

– Нега ахир, хоним? Сиз бир умр амир Ҳусайнга садоқат сақлаб, бева ўтмоқчимисиз? – деди бек бўғиқ овозда. Унинг кенг пешонасида маржон-маржон тер доналари ялтиради. Лаблари қимтилиб, қирра бурни парраклари керилди. – Ўйлаб кўринг, у бунга арзийдими? Ҳусайн ҳарамини, болаларини, ундан ҳимоя кутган барчани ўз ҳолига ташлаб, жонини қутқариш учун қочди-ку! У кўрагон янглиғ шарафли унвонни оқламади. Унинг заволи ушбу номардлигининг ҳақли жазосидур.

– Сизга кўрагон унвони керак экан, Суюнч Қутлуғ оғони нега Баҳром жалойирга бердингиз?

– Хоним, сизга фақат унвон учун уйланиш ниятида эмасмен. – Темурбекнинг овози яна шиддат касб этди. – Чингизийлар хонадонидан қайлиқ топиш мушкул эмас. Менга маслаҳатгўй оқила ёр даркор. Раҳматли рафиқам Ўлжой Туркон оғо ўрнини фақат сиз боса оласиз. Агар амир Ҳусайн маслаҳатларингизга қулоқ солганда қисмати машъум хотима топмас эди. Мен ҳам унга рақиб эмас, балки самимий дўст ва садоқатли саркарда бўлиб қолардим.

– Сиз амир Ҳусайнга берган маслаҳатларимдан воқиф эдингизму?

– Ҳа, қисман, албатта. Ўлжой Туркон оғо сиз бирла суҳбатларидан баъзиларини менга нақл қиларди. Маслаҳатларингизда лутф юзасидан баъзан каминанинг номини ҳам зикр этишингиз, амир Ҳусайнни менга суянишга ундаганингизни эшитиб, ифтихор ҳиссидан бошим кўкка етарди. Шу боис, ҳатто амир Ҳусайн бир неча бор хиёнаткорона суиқасд уюштирганида ҳам, уни қўллашдан воз кечмадим. Инсофу адолат йўлига кирар, деб умид қилдим. Бироқ Ўлжой Туркон оғо вафотидан сўнг Ҳусайн билан мени боғлаб турган сўнгги ришта ҳам узилди.

– Ҳа, бечора Ўлжой менинг ҳам ягона иттифоқчим эди, – деди Сароймулкхоним чеҳраси ва овозига маҳзунлик иниб. – Иккаламиз сиз билан амир Ҳусайнни муросага келтиришга уринар, наинки ўзимиз, балки элу юрт саодатини ҳам шунда деб билар эдик. Ўлжой вафотидан сўнг мен яккаланиб, амир Ҳусайн маслаҳатларимга мутлақо қулоқ солмай қўйди.

– Гапни гапир уққанга, жонни жонга суққанга! – Темурбек жанггоҳдаги оғир вазиятни ўнглаган саркарда каби устунликни ўз қўлига олиш учун қарши ҳужумга ўтди. – Билсангиз, хоним, сиз каби оқила маслаҳатгўйга ҳар қачонгидан муҳтожмен. Илло, неча йиллардан бери кўнглим тубида ардоқлаб юрган улуғ режаларим бор. Тўғри, садоқатли бекларим, эгачим Қутлуғ Туркон оғо мададу маслаҳатларини аяшмайдур. Бироқ менинг ёрим, ёстиқдошим ҳам бунёдкорлик режаларимни қўллайдиган, жўяли маслаҳатлар бериб, амирлар айтолмайдиган хатою нуқсонларимни кўрсатса, қанийди!

– Қай режалар хаёлингизни банд этмиш?

– Буюк Турон давлатини тиклаш! Бир юз эллик йил аввал жаҳонгир бобонгиз поймол қилган Туронни бор бўйи-басти билан тиклашда менга мададкор бўлсангиз! Бу улуғ тадбир йўлида бурун ҳам баъзи ҳаракатлар қилинса-да, кўнгилдагидек натижа бўлмади. Чиғатой улусининг чингизий хонларидан баъзилари ҳам Мовароуннаҳрда кучли давлат яратишга уриндилар. Кепакхон Қаршини, Тармаширинхон Бухорони пойтахт қилди. Бобонгиз Қозонхон Занжирсаройни қурдирди. Турк амири Қазағон ва авлодлари ҳам баҳоли қудрат бунга интилишди. Бироқ биронтаси бу шарафли ишни уддалаёлмади. Фикри ожизимча, ўзини Туронзаминнинг содиқ фарзанди ва туркий халқнинг фидойи йўлбошчиси, деб билган шахсгина бу қутлуғ вазифага қодирдир. Туроннинг қадимий пойтахти Самарқанд бир ярим асрдан бери ярим вайронадур. Мен Туронни тиклашни диёримиз қалби Самарқандни тиклашдан бошламоқчимен!

Темурбекдаги жўшқинлик маликага ҳам ўтди, чеҳрасида ҳайрат ва фусункорлик жилваланди.

– Чингизхон бузган юртни тузиш учун ундан-да буюкроқ хоқон бўлмоқ лозим. Сиз чиндан улуғ ишларга қодирсиз, Темурбек, – деди Сароймулкхоним тўлқинланиб. – Қанд каби хуш ёқадиган бу режангиз ажойиб самарлар келтиришига аминмен!

Маликанинг сўз ўйинидан завқланган Темурбек, ғаним туғини эгаллаган саркарда янглиғ дадил олға юриб, унинг хипча белидан қучди. Ўтли нигоҳ билан хонзоданинг тўлин ой мисоли оразига, қийғос кўзларига боқаркан, хитоб қилди:

Латофат мулкининг соҳибқирони,

Мувофиқ суратинг бирла маоний!

– Шоир Хоразмий муболаға қилмиш, ашъор сеҳри сизни-да адаштирмиш, – деди Сароймулкхоним қувлик билан. – Чунки бу оламда соҳибқирон ягонадур!

– У ҳолда соҳибқирон қалбининг соҳибаси ҳам ягона, – деди Темурбек маликанинг ипак дурраси остидан мўралаган гажакдор зулфини меҳр билан силаркан.

Сароймулкхоним меҳрга жавобан майин табассум ҳадя қилса-да, йигитнинг қучоғида эриб, ўзини йўқотиб қўймади.

– Самарқандни тиклашни мудофаа девори бунёд этмоқдан бошламоқ зарур. – Маликанинг иссиқ нафаси ва момиқ бадани таъсирида маст бўлаёзган Темурбек бу сўзлардан дарҳол ўзига келди. – Муҳташам саройлар, масжиду мадрасалар сўнгроқ қурилса ҳам бўладур. Чунки жаҳонга ҳукмрон бўлиб ўрганган чингизийлар ўз иддаоларидан осон воз кечишмайдур. Ўзим чингизийзода бўлганим учун аларнинг сажиясини яхши билурмен. Сиз қурганни мўғуллар, албатта, бузиш пайида бўлишади. Чунки муҳташам иморатлар, мадрасаларда ўқитиладиган китоблар туфайли халқ хотираси уйғониши, ғурури ва шижоати қад ростлашини билишади, инчунин, бунга йўл қўйишни асло исташмайдур.

– Илк маслаҳатингизоқ кўнглимдаги режаларга уйғунлигидан бахтиёрмен, хоним, – деди Темурбек. – Биз гўё икки тандаги ягона жонмиз. Бундан буён наинки мўғуллар, балки яъжуж-маъжужларни ҳам Искандар каби даф этишим шубҳасиз.

– Яъжуж-маъжужлар бир соридан босиб келмиш. Сиз ўнгу сўлдан, олддан ва ортдан ҳамла қиладиган ғанимлар зарбасига ҳозир бўлинг.

– Гапингиз рост. Чор атрофимни ўраган ғанимларга бас келиш учун мудофаа девори ва лашкарнинг ўзи камлик қиладур. Бироқ мен Мовароуннаҳр раиятининг ишончи ва ихлосини қозонмоқчимен. Аларни зулму ситамдан озод қилиб, эркинлик бахш этамен. Халқ қудрату салоҳиятини намоён этиши учун озод бўлмоғи зарур. Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ҳам Самарқандни мустаҳкам девор билан ўраттирган эди. Бироқ нега ҳимоячилар охиригача курашмай, дарвозаларни ёғийга очиб беришди? Назаримда, хоразмшоҳ раиятнинг ишончи ва ихлосини қозонолмаган. Агар раият менга ишонса ва садоқат сақласа, Самарқандни ҳеч қандай ёв ололмайдур.

Сароймулкхоним жон қулоғи билан эшитар, Темурбекнинг мулоҳазалари унга ёқаётгани дам-бадам табассум қилишидан билинарди.

– Самарқанд Афросиёб, Искандар ва Чингизхонлар қадами етган шаҳар, – деди малика ўйчан ҳолда. – Турон хоқони Афросиёб даврида у қўш иқлим пойтахти эди. Искандар ва Чингизхон уни жаҳонгирлик йўлида забт этишди. Сизни, хожам, ўтмиш турк хоқонларидан танҳо Афросиёбга менгзаш мумкин. Иншооллоҳ, Туроннинг Афросиёб давридаги жаҳоний мавқеини тиклагайсиз!

Ашъор девонлари мутолааси таъсирида Темурбек баъзан бадиҳатан байтлар айтар, бироқ ўзини шоир ҳисобламагани учун қоғозга туширмас, бировга ўқимас ҳам эди. Бугун муҳаббат туғёнида бир бадиҳа байтни қўйнидаги маҳлиқога илинди:

Аё, лолаюзлигим, Сароймулкхоним,

Не дерсиз, Самарқандда тўй қилсак, жоним?!

Малика нозик қўлларини бекнинг елкасига ташлаб, бўйнидан оҳиста қучиб, жавоб байт ўқиди:

Самарқанд жаннат эса, мен бўлғум малак,

Ҳукмингиз бошимга тож, соҳибқироним!

Сўнгра йигит кўкрагига бош қўйиб, давом этди:

– Агар мумкин бўлса, Конигил яйловида тўй қилайлик! Улуғ бобом Чингизхон чодирини тиккан жойда орзуларимиз каби оппоқ ўтов тикайлик. Юз эллик йил аввал Туроннинг энг машъум кунларидан бири юз берган бўлса, ниҳоят, унинг иқбол тонги Самарқандда отсин!

Бахтдан масрур Темурбек ёрини бағрига тортиб, ақиқ лабига лабини босди.

«Ёшлик» журналининг 2010-йил, 12-сонидан олинди.