OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиМанкент афсонаси (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Манкент афсонаси (ҳикоя)
Ғулом Каримий

Бир неча йил бурун ҳамкасб дўстларимдан бири ўз ўрнига Қозоғистоннинг Оқсув шаҳридаги ўқитувчилар тайёрлайдиган коллежнинг сиртқи бўлими талабаларига ёзги сессияда икки ҳафта тарих фанидан дарс ўтиб келишимни илтимос қилди. «Бир сабабга кўра мен ўзим беролмайдиган бўлдим – деди у. – Сиз эса таътилдасиз. У ерда икки ҳафта дарсга ҳам яхшигина ҳақ тўлашади. Мен қўнғироқ қилиб қўяман. Сизни кутиб олиб, ётоқ билан таъминлашади».

Мен бироз ўйланиб туриб рози бўлдим. Оқсув шаҳри Сайрам туманининг маркази бўлиб, қадимда Исфижоб, Ўрункент, Сарём каби турли номлар билан аталган Сайрам шаҳри ҳам шу туманда жойлашган. Тарихийлиги назарда тутилиб, туманга ҳам унинг номи берилган. Қадамжолар, зиёратгоҳ жойларнинг кўплиги жиҳатидан Сайрамнинг исталган бошқа тарихий шаҳарлар билан рақобатлаша олиши тарихчи сифатида каминага маълум эди. Бу шаҳарни зиёрат қилиш иштиёқи ва баъзи бошқа жиҳатлар масалани узил-кесил ҳал қилди. Бошқа жиҳатларнинг асосийси шу эдики, чўғи пастроқ бўлган таътил пулини деярли бутунлай сарфлаб бўлаёзган эдим-у, таътилнинг ўзи тугашига ҳали анча бор эди.

Хуллас, ҳам зиёрат, ҳам тижорат дея чегарадан ўтиб, Чимкент вилоятидаги Оқсув шаҳрига йўл олдим. Етиб келганимнинг эртасигаёқ тарих факултети сиртқи бўлими ўзбек гуруҳи талабаларига ўрта асрлар тарихидан дарс ўтишни бошладим. Дастлабки кунлар дарсдан сўнг Оқсув шаҳрининг ўзини айландим. Кунлар иссиқ бўлгани учун шаҳар яқинидан оқиб ўтувчи Оқсув дарёсида чўмилишни бирон кун ҳам канда қилмадим. Бу дарё оқ рангли тоғ жинсларини оқизиб келганиданми, суви гўёким бўр қўшилгандек оппоқ эди. Якшанба куни эрталабдан Сайрамга жўнаб, кун бўйи ўндан ошиқ зиёратгоҳни айланиб, кечқурун ҳориб-чарчаб Оқсувга қайтдим.

Таҳсилнинг иккинчи ҳафтаси бошлангач, талабалардан туманда яна қандай диққатга сазовор жойлар борлигини сўрадим. Равшан исмли йигит Оқсув яқинидаги қадимий қишлоқ – Манкентда тарих ва ўлкашунослик музейи борлигини айтди. Равшан ўзи манкентлик экан ва дарсдан сўнг музейга бирга боришга келишиб олдик.

Равшан ўрта бўйли, сочлари жингалакка мойил чиройли йигит. Диққатни дарҳол тортадиган жиҳатлардан бири унинг кўзларидаги маъюслик ифодаси эди. Бу ифода кўзларининг туб-тубидан келаётгандай туюлар, баъзан дарс орасида ҳазил-ҳузул гаплар айтилиб, Равшан барча қатори кулимсираганида ҳам кўзларини маъюслик тарк этмасди. Дарсда саволларга яхши жавоб берса-да, овозида ҳам ҳазинлик, ҳатто бир оз асабийлик сезиларди.

Манкент Оқсувга шундоққина ёндошиб тургани учун, менинг истагимга кўра пиёда йўлга тушдик. Оқсув марказидан Манкент йўлига қараб бурилганимизда Равшан дўкондан бир қути сигарета сотиб олди. Устозларга хос оҳангда унга насиҳат қилдим:
– Шу савилни ташласангиз бўлмайдими? Ҳам соғлиққа, ҳам ҳамёнга зиён-ку бундан.

Равшан маъюс кулимсираб деди:
– Асли ўзи чекувчи эмас эдим мен. Бошлаганимга бир йил бўлди.
– Нега бошладингиз? Биров мажбур қилдими?
– Шу ... бошимга бир иш тушди, домла.
– Нима иш тушди? Бўйдоқ экансиз, рўзғор, бола-чақа ташвишларидан ҳали озод бўлсангиз.
– Уйланмоқчи бўлганимда тўйдан олдин қайлиғим вафот этди.
– Наҳот? Нега? Қандай қилиб?

Равшан хўрсиниб деди:
– Бахтсиз ҳодиса туфайли. Бир неча киши машинада кетишаётганда аварияга дучор бўлишган.
– Худо раҳмат қилсин. Қандай ёмон ҳодиса-я! Кечирасиз, ўзим билмай ҳаётингиздаги қайғули воқеани сизга эслатиб қўйибман.
– Ҳечқиси йўқ, барибир мен буни эсламаган кун, соат ёки лаҳза йўқ.

Биз бир оз индамай юрдик. Равшаннинг доимий маъюслиги сабаби менга энди аён бўлган, аммо унга қандай тасалли беришни билмас эдим. У сигарет қутисини ҳали очмаганини кўриб дедим:
– Майли, чекаверинг. Вақти келганда ташларсиз, балким.

Равшан «раҳмат, домла» дедию, бир дона сигаретни ёқди.
–Қайлиғингизни севармидингиз
– Ҳа, биринчи синфдан буён. Ўн йил бир партада ўтирганмиз.

Олдинига «бечора йигитнинг ярасини тирнамай қўя қолай, суҳбатни бошқа мавзуга кўчирган маъқул» деб ўйлаган бўлсам-да, беихтиёр берилган саволимга олган бу жавобдан сўнг Равшаннинг муҳаббати тарихига қаттиқ қизиқиб қолдим. Эътироф этишим керакки, қизиқишим сабабларидан бири ҳикоя, ҳатто қиссага ўхшаш баъзи нарсалар қоралаб юришим эди. Қаламкашлик касалига чалинган одам турмушдаги ҳар бир ҳодисадан ўзига ижодий материал излаши маълум.
– Мени кечиринг, Равшан, лекин мен бошингиздан ўтган воқеаларни имкон қадар тўлароқ, тафсилотлари билан эшитгим келяпти. Агар сир бўлмаса, бир бошдан ҳикоя қилиб берсангиз. Ҳам йўл қисқаради, ҳам бир оз бўлса-да, кўнглингизни бўшатиб оласиз.
– Майли, домла – деди Равшан ва ярим чекилган сигаретни ерга ташлади.

Бу пайтда биз Оқсув чеккасига етдик ва кўз олдимизда Манкент қишлоғи намоён бўлди. Намоён бўлгандаям бор бўй-басти билан, бутунича. Чунки Оқсув тепаликда бўлса, Манкент паст текисликда жойлашган. Боғ-роғлар билан ўралган ҳовлилар, полизлар, олтинранг буғдойзорлар кафтдагидек кўринар, Манкентнинг чор-атрофи доирасимон қир-адирлар билан ўралгани учун гўёким улкан лаганга моҳир рассом томонидан қишлоқ манзараси ишлангандай таассурот қолдирарди. Мен бу манзарага бир неча дақиқа маҳлиё бўлиб қолдим. Ғир-ғир шабада эсар, Равшаннинг дардли ҳикоясини бағрига сиғдириш учун замин кенгайиб кетгандек эди.
– Бу шундан бошланган... Мен илк бор биринчи синфга борганимда ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали тадбирда менинг ўнинчи синфда ўқийдиган акам ўша қизчани елкасига ўтирғизиб даврани айланган ва қиз биринчи қўнғироқни чалган эди. Уни ўшанда таниганман ва ўша илк бор кўрганимдаёқ яхши кўриб қолганман. Ўқитувчимиз «ким ким билан партадош бўлишни хоҳлайди» деганда дарҳол унинг ёнига ўтириб олганман. У билан биринчи синфнинг биринчи кунлариданоқ жуда иноқ бўлиб қолдик. Танаффусда ҳам бир-биримиздан ажрамасдик ҳисоби. Катта танаффусда уйимиздан олиб келган нон ва бошқа егуликларни бирга ердик. Байрамларда албатта откриткалар ёзиб бир-биримизни табриклардик. Дарсдан сўнг мен уни уйигача кузатиб қўйиб, сўнг уйимга кетар, эрталаблари ҳам мактабга бирга келардик. Ўқиган китобларимиз ҳам бир хил бўлиб, аксари муҳаббат мавзусида эди. Дарсни ўзлаштиришимиз ҳам қарийб бир хил бўлиб, ўқитувчилар ҳазиллашиб «буларнинг биттаси олган баҳони иккинчисига бемалол сўрамасдан қўйса ҳам бўлади, чунки жавобида барибир фарқи бўлмайди» дейишарди. Бизнинг муносабатимиз барчага маълум, билмаганлар, доим бирга юрганимиздан, қариндошларнинг болалари бўлса керак, деб ўйлашарди. Болалигимда «катта бўлгач, кимга уйланасан» деб сўрашганда, мен ҳеч иккиланмай «Зилолага» деб жавоб берардим. Аминманки, Зилола ҳам бундай саволларга шундай жавоб берган.
-–Катталар ҳазил қилиб сўрашса, сиз ростини айтиб қўя қоларкансиз-да.
– Ҳа, шундай. Фақат болаликда эмас, улғайганимда ҳам шу жавобни берар, чунки бундан бошқача бўлишини сира тасаввур қилолмасдим.
– Мактаб ёшида севишганларни ёқтирмайдиган муаллимлар ҳам бўлади. Умуман, ўқитувчиларнинг кўпчилиги шунақа. Тарбиявий соатларда сизларни «тартибга» чақиришмаганми?
– Йўқ, бирон марта ҳам. Чунки бизнинг муносабатимиз одоб доирасидан ташқари ҳар хил фикр-ўй, гап-сўз ва хатти-ҳаракатлардан йироқ эди.
– Энди, ҳар ҳолда юқори синфларда, севги филмлари таъсирида бўлсаям, сизларда ҳам романтик учрашувлар бўлгандир. Масалан, илк бор бўса олиш каби...

Ўз саволимнинг беадабоналигини англаб турардим. Аммо бу ўринда ҳам қаламкашга хос ҳар бир нарсани икир-чикиригача билиб олиш истаги андишадан устун келди.
– Йўқ, бирон марта қўлини ҳам ушламаганман, – деди Равшан қатъий равишда. – Биз бу мавзуларда суҳбатлашмаганмиз ҳатто.
– Эртакдан ҳам ўтиб кетди-ку буёғи. Шу замонда шунчалик ибою ҳаёга қойил! Бундай нарсалар борлигини ҳам билмасдик, дерсиз ҳали...
– Борлигини билардик. Лекин на менда ва на унда бундай истаклар бўлган. Биз бундан уялардик. Кейин, ўпишиб-қучоқлашадиганлар бир-бирларидан тез совиб, ажраб кетишганини ҳам кўп кўрган эдик.
– Унинг ўлимини эшитгач, қандай ҳолатга тушдингиз?
– Мен аввалига ишонмадим. Мактабни битирганимиздан сўнг бир йил ўтгач, биз бир-биримизга фотиҳа қилинган ва тўйга саноқли кунлар қолган эди. Бир дўстимнинг тўйи бўлаётганда мен уни келишилган жойда кутдим. Бир ҳафтадан бери кўришмаган эдик. Аммо ўн бир йил мобайнида у биринчи марта аҳдлашилган вақтда келмади. Мен анча кутгач, бир оз хафа бўлиб уйга қайтдим. Эртасига бир тенгдошим менга шу хабарни айтди. Лекин унга ишонмадим. Чунки кўпинча ёлғон гапирарди. Кейин бошқалардан ҳам эшитдим. Машинада беш киши бўлган. Машина катта тезликда ағдарилган ва уч киши ҳалок бўлиб, бошқалар ҳам оғир жароҳатлар олишган.

Бу хабарни ишончли кишилардан эшитганимда юрагимдан бир нарса узилиб тушгандек бўлди. Аммо мен ҳамон ишонмасдим. Ишонолмасдим... Жаноза бўляпти, аммо мен кўзларим билан аёллар орасидан уни қидираман. Бир пайт таъзияга келганлар орасида шу гап ёйилиб қолди: «Марҳуманинг кўзи ҳеч юмилмаяпти экан. Қариялар айтишдики, шўрлик қиз азиз бир кишисини интиқ бўлиб кутяпти, уни албатта боши устига келтириш керак».

Мени суяб тобут олдига олиб боришди ва Зилоланинг юзини очишди. Унинг бошининг тепа қисми жароҳатланган, юзи, умуман, бутун бўлиб, айрим жойларининг териси сидирилган ва бир неча тиши синган эди. Бундан кўз олдим қоронғилашиб қолди... Ўзимга келганимда мени ҳовлига олиб чиқишган ва сув ичиришаётган эдилар... Бир неча кунгача мутлақо ухлаёлмадим.

Равшан ҳикоясини тугатгач, Манкент қишлоғини оралаб, анчагача индамай бордик. Афсоналардагина бўладиган бениҳоя покиза ва маъсум ҳамда шу қадар ғамгин муҳаббат қиссаси менга қаттиқ таъсир қилган эди.

Ўн бир йил ўзларига доғ туширмай, муҳаббатларини садафдаги дурдек ардоқлаб юриб, энди бир-бирларига етдим деганларида нега тақдир уларга бу аччиқ қисматни раво кўрди? Шундай гўзал муҳаббатни ато этган Оллоҳ унга турмуш ғуборлари қўнмасдан абадий мусаффо ҳолида қолишини истадими ёки?
– Оллоҳ сизга сабр-тоқат берсин, – дедим Равшанга. – Уни мангу йўқотдим, деб куйинманг асло. Бир кун келиб, руҳларингиз учрашади.
– Менинг бунга ишончим комил, домла.
– Шундай муҳаббатга сазовор бўлган одамнинг иродаси ҳам шунга яраша бўлиши керак. Ўқишга кириб тўғри қилибсиз. Бошига қандай фожиа тушмасин, одамнинг тарки дунё қилиши муносиб эмас. Вақт ўтиб, кўнгил яралари бир қадар битгач, уйланасиз. Оилавий ҳаёт, фарзандлар қувончи сизга тасалли бўлади.
– Ҳа, гапларингиз рост. Уйдагилар мени ғамдан тезроқ фориғ бўлар деб, бошқа қиз топиб уйлантирмоқчи бўлишди. Лекин улар совчиликка борган барча ҳамқишлоқларимиз рад жавобини беришди. Одамлар: «Бу энди Зилолани эсдан чиқаролмайди, бошқа хотин билан яхши яшаб кетолмайди» дейишаркан. Ўзим ҳам шундай деб ўйлайман.
– Ҳали ўқишингизни тугатишингиз керак. Сиз муҳаббатга муносиб ва севишга қодирсиз. Ажаб эмас, қалбингизга яна муҳаббат кириб келса. Ўша муҳаббатни кутиб яшанг ва унинг келишига ишонинг.

Менинг бу сўзларимдан сўнг Равшан ишонқирамагандек маъюслик билан қараб қўйди, аммо ҳеч нарса демади.

Музейни томоша қилиб, қишлоқ тарихи билан танишаётганимда ҳам маҳзун қисса хаёлимдан кетмас, у Манкентни назаримда янада улуғвор қилиб кўрсатарди.

Қайтишда Равшан мени астойдил уйига бир пиёла чойга таклиф қилди. Лекин мен «яна бир йўлим тушганда кирарман» деб унамадим. Чунки бугунги кун таассуротлари мен учун кутганимдан ҳам зиёда бўлган эди.

2006