OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиМуҳаббат ва тақдир (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муҳаббат ва тақдир (ҳикоя)
Ғулом Каримий

Рассом дўстимиз Абдусаттор Ўзғур серқирра истеъдод соҳиби. Қозон кабобни қойиллатиши-ю девзирадан ошни санъаткорона дамлашини қўя турайлиг-у, ижодий қобилияти ҳам турфаранг. Москва Санъат университетида тасвирий санъатдан таҳсил олган дўстимиз кўп йиллардан бери Тошкентда ҳунарманд рассом сифатида фаолият юритади. Тўғрироғи, тирикчилик учун буюртмага расм чизади. У асарлари кўргазмаларга қўйиладиган рассомлар сирасидан эмас. Абдусаттор шоир сифатида ҳам ҳаммамизни қойил қолдиради. Қаламни мўйқаламдек ишлатиб, рангин ва ёрқин шеърлар ёзади. Бироқ ҳамкорликда чиқарганимиз «Соҳил оҳанглари» баёзини айтмаса, шеърлари китоб қилинмаган. Тўғри, у ёшлигидаги Абдулла Орипов сингари ёзилган барча шеърларини ёд билади. Йиғинларимизда кайфиятга қараб: «Фалон шеърингизни ўқинг», – деймиз. Шеърни муаллиф ижросида эшитганга нима етсин. Айниқса, Абдусатторнинг болалик ва ёшлик йиллари хотираларини баайни бадиий асардагидек оҳорли тарзда ҳикоя қилишига беш кетаман. Ҳар гал унинг оғзаки ҳикояларидан таъсирланганимизда: «Шу хотираларингизни қоғозга туширинг, тайёр асар-ку!», – деймиз. Шунгами, уч-тўрт ҳикоя қоралади ва улар бизга маъқул бўлди. Ҳозир қисса ёзяпти. Унинг ҳам қизиқарли ва ўзига хос асар бўлишига аминман. Лекин, истеъдоднинг серқирра бўлиши ҳамиша ҳам ютуқлар гарови эмас экан-да. Абдусаттор рассомлик, шоирлик ёки носирликдан бирини узил-кесил танлаб, бутун истеъдодини бир ўзанга йўналтирганда, эҳтимол, наинки бизнинг мўъжаз йиғинимиз ҳамда ўзганлик юртдошлари ва мусаввир дўстлари даврасида, балки кенг жамоатчиликка ҳам танилиб кетарди. Лекин бу осон эмаслигини ҳам биламан. Ахир, ўзим ҳам ёзма мерос тадқиқоти ва бадиий ижоддан бирини узил-кесил танлаёлмай, аждодлар «икки кемани ушлағон ғарқдур», деганларидек тўлқинлар оша гоҳ кўриниб, гоҳ чўкиб, ҳаллослаб сузиб бормоқдаман-ку. Бироқ, кемалардан бирини қўйиб юбориб, сал бўлса-да, нафас ростлаб олишга ўзимни ҳеч кўндиролмайман.

Абдусаттор суҳбатларимизда марҳум отасини тез-тез эслайди. Даврада соқийлик қилаётганида, шишанинг тагида қолганини ҳам бўлиб юборақолинг, десак, у унамай: «Раҳматли отам магазинчи бўлган, менга тежамкорликни ўргатган, тагидаги ҳам яна бир айлантириб қуйишга етади», – дейди.

Абдусаттор Москвада таҳсил олган бўлса-да, ўқишини якунлаб, диплом ололмаган. Беш йиллик таҳсилининг тўртинчи босқичини тугатар-тугатмас, университетни ташлаб кетган. Балки, таҳсил чала қолмаганда, у катта рассом бўлиб кетармиди.

Бир куни шундоқ нуфузли университетни нега битирмагани сабабини сўрадик. Абдусаттор бироз қизаринқираб, талабалик пайтида бошидан ўтган ва ўқишига чек қўйган воқеани айтиб берди:
– Очиғи, бу бир қиз ёки бир сўз туфайли бўлган. Роса қайсар, ҳеч нарсадан тап-тортмас бўлган эканмиз у пайтлар. Талабалик пайтида бир курс қуйида ўқийдиган Люба деган украин қиз билан яқинлашиб қолдим. Украинанинг Ивано-Франковск шаҳридан эди. Ўзи оппоқ бўлса-да, туташ қоши ва кўзлари қоралиги ўзбекларга ўхшаб кетарди. Менга меҳрибон, кинога, рақсга бирга борамиз. Кийимларимни ювиб, узилган тугмаларимни қадаб беради. Мен уни ўзбекча таомлар билан сийлайман. Университетда ўқиётган ўзбеклар, юртдан олисдалигимиз учунми, жуда аҳил эдик. Доим бир-биримизни қўллашга ҳаракат қилардик. Бунга Любанинг ҳаваси келар, ўзбеклар ҳақидаги собиқ тасаввурлари ўзгарганини эътироф этарди:
– Олдин ўзбекларни содда, бўш-баёв, ҳатто бироз анқовроқ, деб ўйлардим. Лекин сизларни кўриб, ўзбек мағрур, ўз қадрини биладиган халқ эканига амин бўлдим. Ўзбекистонни бир кўрсам, армоним қолмасди.

Люба шеърларимни машинкада кўчириб берарди. Мазмунини унча тушунмаса-да, яхши шеърлар, деб қўярди.
– Саттор, – деди у бир куни. – Шеърларингнинг оҳангидан жуда завқланаман ва сенинг шоирлигингдан ифтихор қиламан. Лекин дугоналарим ҳам шоирлигингни билиб қўйишларини истайман. Русча шеър ёзмайсанми?
– Сен учун ёзганим бўлсин, – дедим унинг ёлворгандек мўлтираб қарашига тоб келтиролмай. Хуллас, унга бағишлаб бир неча шеърлар ёздим. Уларда мана бунақа сатрлар бор эди:

Ты мне странный подарок судбы,

Как прозрачный тсветочек любви,

Всё надеяс, ладони к тебе

Протяну, недостану, увы!

Бу шеърда қисматимизга башорат борлигини мен кейин билдим. Русча шеърларим мукаммаллик даъво қилолмаса-да, бироқ самимият билан ёзилгани учунми, бир-икки дугонаси ҳам ўқиган экан, талабалар орасида тарқалиб, баъзилар мени «поет» дейдиган бўлишди.

Бир дискотекада ичиб олган барваста йигит Любага ёмонроқ сўз айтди. Мен уни чеккароққа тортиб, кечирим сўрашини талаб қилиб туриб олдим. У ҳам ўжар экан, охири ишни яккама-якка олишув билан ажрим қилишга келишдик. Ким енгса, ўша ҳақ. У пайтда шундай тортишувлар бўлиб турарди. Қизиқ устида: «Қиз болани хафа қилганинг учун чап қулоғингни узиб оламан», – деб юборибман.

Белгиланган куни электричкада Москва ёнидаги бир ўрмонга чиқдик. Кичик ялангликда олиша бошладик. У анча кучли экан, тез орада иккаламизнинг ҳам юз-кўзимиз қонга бўялди. Карате ва шунга ўхшашлар билан шуғулланиб юрганим учунми, ниҳоят, уни тагимга босдим. Шу билан ўзимни ғолиб ҳисоблаб, бас қилсам бўларди-ю, аммо бояги: «чап қулоғингни узиб оламан», – деган гапим эсимга тушди-ю, бир бармоғимнинг тирноғини ўстириб юрардим, шуни қулоғининг супрасига тиқибман денг! У чинқириб юборди. Шериклари дарахтлар ортида яшириниб туришган экан, югуриб чиқишди. Улар ҳам хўп уриниб, ажратишолмади. Сўнгра елкамга пичоқ уришди. Кейин маълум бўлишича, ниятлари ўлдириш эмас, балки ажратиш экан. Лекин икки марта пичоқ учини суқиб олишганда ҳам қўйвормабман. Учинчи гал пичоқни суқиб, учини қайиришибди. Елкамдан нимадир жазиллаб ўтгандек бўлди. Кўп ўтмай ҳушдан кетибман. Улар шерикларини олиб, кетиб қолишибди. Йиқилганда ярадор жойим билан захга тушибман. Анча қон йўқотганим сабабли ҳушсиз ётаверибман.

Курсимизда Юра деган украин йигит бор эди. У олдин: «украин қизнинг бошини айлантирган», – деб мендан ғаши келиб юрган бўлса-да, сўнгра Люба билан орамиздаги муносабатлар соф ва самимий эканига амин бўлгач, иккаламиз дўстлашдик. Дам олиш куни бирор жойга таклиф қилишимни кутган Люба, мендан хабар бўлмагач, ундан-бундан сўрабди. «Ажримга кетган», – деган хабарни эшитгач, юраги ёрилгудек бўлиб, Юранинг олдига югуриб: «Сатторнинг қайсарлигини биласан, бир кориҳол бўлмасайди, деб қўрқаман», – деб кўз ёши қилибди. Юра дарҳол қидирувга тушибди. Шаҳар ташқарисида дам олиб қайтганлар, кондукторлардан сўраб, икки соат ҳушсиз ётганимдан сўнг мени топибди. Касалхонага ётдим. Ҳолсизлигим туфайли Любага айтиб туриб: «Чипқон чиққани туфайли маълум муддат хат ёзолмайман, хавотир олманглар», – деб ёздириб уйга жўнатдим. Отам: «Чипқоннинг тагида бир гап бўлса керак, у қўлга эмас, кўпроқ юмшоқ жойга чиқади», – дебди. Чунки, мени биларди. Болалигимда ҳам кўп воқеаларни бошдан кечирганман. Шимимга занжирлар тақиб, сочимни ўстириб, олифтагарчиликлар қилиб, бечора ўқитувчиларимнинг кўп койишларини эшитганман. Мактаб директори: «Сени мактабдан ҳайдайман», – деб пўписа қилса-да, рассомлик иқтидоримни ҳурмат қиларди. Аслида ўқувчилик пайтимдаги бир муштлашув ҳам отамнинг ўгитига амал қилмоқчи бўлганимдан келиб чиққан. Отам менга: «Номардгина аёлни хафа қилади. Ўғлим, бирон жойда аёлни хафа қилишаётганини кўрсанг, албатта, ҳимоя қил», – деган эди. Бир куни мактабдан қайтишда қорбўрон ўйнаётганлар орасида шўхроқ бола бир қизнинг ёқасидан ичига қор тиқаётганини кўрдим. Папкамни ташлаб, бориб ёқасига ёпишиб, ерга ағдардим. Хўп бопладим, дея туриб кетаётсам, у ҳам изза бўлганидан ори келибми, папкасини отган эди, бошимга тегиб, гандираклаб кетдим. Ортга қайтиб, бу гал жойидан турмайдиган қилиб калтаклай бошладим. Бошқалар ажратиб қўйишди. Мактабда: «Яна фалончи тўполон қилибди», – деб шов-шув бўлди. Баъзи ўқитувчилар: «Буни болалар колониясига жўнатиш керак», – дейишди. Зўрға босди-босди бўлди.

Лекин армияда хизмат қилиб қайтгач, мактаб олдидаги гуноҳимни бир оз ювдим. Адабиёт хонаси қилишмоқчи экан, ҳазрат Навоий, Бобур ва бошқа мумтоз шоирлар суратларини чизиб, шеърларидан намуналарни рангли бўёқлар билан ёзиб, безаб бердим. Ҳар гал борганимда шу хонага кириб, ўқувчилик пайтларимни хотирлаб қайтаман. Кекса ўқитувчиларимга раҳмат. «Ёшлигида ҳам рассомлик иқтидорини кўрсатган», – деб мақташади-ю, ҳеч бири тўполонларимни юзимга солмайди...

Хуллас, отам Москвага отланиб, университет ётоқхонасига келиб, хонамнинг эшигини тақиллатса, Любахон очиб, кутиб олибдилар. Мен унга калитни бериб қўйган эдим. Хонани йиғиштириб қўяй, деб кирган экан. Отам сўраб-суриштириб, гапнинг тагига етибди. Мени пичоқлаганлар судланиб, қамалган бўлишса–да, отам мени ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Чунки ёлғонни ҳеч кечирмасди раҳматли. Шу тариқа ўқишимга чек қўйилди. Люба билан хайрлашганимда, бўйнимга осилиб йиғлади.
– Юртимда даволаниб, қайтиб келиб таҳсилни давом эттираман, яна бирга бўламиз, – дедим.

Бироқ Москвага қайтолмадим. Отам рухсат бермади. Мен акаларим ёки устозларимга унча-мунча ўжарлик қилсам-да, отамнинг гапини ҳеч икки қилмаганман. Қолаверса, бу тақдир-да. Қайтиб бориб, ўқишни тугатганимда, уйланиб, Россияда қолиб кетишим мумкин эди.

Люба билан ёзишиб турдик. У мендан муҳаббатимиз учун курашишимни кутарди. Мени эса Москвадан келишим билан узоқ қариндошимизнинг қизига унаштиришган, бироқ бу ҳақда Любага ёзолмас эдим. Унинг ўзи охирги хатларидан бирида турмушга чиқаётганини айтганида, қачондир шундай бўлишини билсам-да, ичимда нимадир узилгандек бўлди. Жавоб хатида чин дилдан табрикладим ва ортиқ ёзишмаганимиз маъқул, дедим.

Любанинг ўзим чизган суратларидан бирини ҳамон энг қадрли суратлар орасида асрайман. Хотиним шу суратга меҳрим бўлакчалигини пайқаб юрар эканми, бир куни: «Бу кимнинг сурати, фақат тўғрисини айтинг», – деб сўради. Яқин кишиларимдан сир яшириш одатим йўқ. Кечмиш воқеани айтиб бердим. Хотиним уч-тўрт кун ғалати бўлиб юрди. «У қиз мен учун бир хотирага, ўтмишга айланган, ундан қолгани шу сурат, холос», – деб юпатдим. Ҳартугул, суратни йўқотасан, деб туриб олмади.

Любани, очиғи, доим эмас, гоҳ-гоҳида эслаб тураман. Ёзишма менинг ихтиёримга кўра узилиб кетган, замон алғов-далғовида манзиллар ҳам ўзгарган. Лекин қаттиқ соғинганимда у билан хаёлан сўзлашаман:
– Люба, тақдир менга ёшлигимда ато этгану дарҳол қайтиб олган бебаҳо хилқат, – дейман. – Мен ўз тақдиримдан розиман. Оилам, бири-биридан ширин фарзандларим бор. Сенинг ҳам ўз тақдирингдан рози эканлигинг, мендек қатъиятсиз ва ношуд бир бандаи ожизни аллақачон кечириб, пешанангга ёзилган турмуш ўртоғинг билан бахтли ҳаёт кечираётганинг, шунга қарамай, гоҳ-гоҳида мени ҳам эслаб тураётганингга ишонаман, азизам!

2008