OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиНобел мукофоти (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нобел мукофоти (ҳикоя)
Ғулом Каримий

Шаҳар чеккасида яшовчи маҳалладош шоир ва ёзувчи шанба куни тушдан сўнг сайрга чиқишди. Суҳбатлари ҳар галгидек адабиёт ҳақида кечди. Олдин бир неча кекса номдор адибнинг ғийбатини қилиб, хумордан чиқишди. Уларнинг фикрича, ўтган асрдан бери адабиёт шоҳсупасини маҳкам эгаллаб турган бу адиблар бир пайтлар оммавий китобхонлик даврида орттирган катта обрўларига таяниб, бугунги кунда ҳам отдан тушсалар-да, эгардан тушгилари келмас, бутун чоралар билан «усти ялтироқ, ичи қалтироқ» ижодий маҳсулотларини абадийлаштириш учун ҳалак эдилар.
– Қарийб ярим аср муттасил бутун мамлакат китобхонларининг олқишини олиб келишди. Бугунги кунда битиклари ҳаминқадарлиги яққол кўриниб қолса-да, буни мардларча тан олмасдан, сув юзидаги кўпикмисол янги авлоддан ҳам олқиш тама қилишларига ҳам кулгинг келади, ҳам йиғлагинг, – деди қотма, тепакал шоир аслида ўзига билдирилиши лозим бўлган олқишлар ҳам катта адиблар ҳисобига ўтиб кетаётгандай аламзадалик билан.
– Нимасини айтасиз, бутун умр қарсаклар садоси остида яшаган шуҳратпарастнинг арвоҳи қийналмасин десангиз, сўнгги йўлга ҳам қарсаклар билан кузатиш лозим, – деди заҳарли оҳангда қорин қўйган, сочлари ярим оқарган ёзувчи.

Устозлар ғийбатидан зерикишгач, ўзларини катта адабиётга дахлдор шахслар ҳисоблашгани боис, суҳбат ўзанини жаҳон адабиётига буришди. Нобел мукофотини олган навбатдаги адибнинг номини эсламоқчи бўлишди-ю, иккаласининг ҳам хотираси панд берди.
– Бизнинг айбимиз эмас-ку, ахир ... Ҳали унинг асарлари ўзбекчага таржима қилинмаган бўлса, – деди шоир ўзини оқламоқчи бўлгандек. У «ўзим кал, кўнглим нозик» деганлар хилидан бўлиб, ҳеч қачон ўзига гард юқтирмасди. – Ғарб тилларини эса билмасак. Бирон ёзувчи ё шоирнинг китобини ўқимасанг, номи ҳам эсда қолиши қийин бўлади.
– Адабиёт соҳасида Нобел мукофоти ҳар йил берилса, олганлар сони юздан ошиб кетган бўлса. Барчасининг асарларини таржима қилиб улгуриб бўладими? – деди ёзувчи суҳбатдошини қўллаб. – Ҳозир ёлғиз таржима билан кун кечириш амри маҳол, яхши таржимонлар ҳам камайиб кетди.

Бироз жим юришди. Йўл бўйида аскарлардек саф тортган тераклар учига тикилганча, шоир ўзига ўзи гапиргандек сўз қотди:
– Чингиз оғанинг вафоти туфайли қалбимда ҳосил бўлган яра ҳали битмаган. Марказий Осиёдан Нобелни Айтматов олиши мумкин эди. Берсалар, ҳақи кетмас эди-ку, мутасаддиларнинг!
– Оғага нега беришмади? Сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Нимада бўларди? Ғарбликларга ён босиб, Шарқ адибларига бееътиборлик-да! Ахир олганларнинг қанчаси Айтматов даражасидаги ёзувчилар эмас-ку!
– Ҳм... , мен ҳам бу ҳақда кўп ўйладим. Баъзи бошқа сабаблар ҳам бор.
– Хўш, хўш...
– Айтматовнинг «Қиёмат» романи илк бор тсензуранинг қисқартиришлари билан чоп этилгани эсингиздами? Сўнгра қайта қуриш давридагина тўла ҳолида чиқди. Хўш, дейлик, илк бор қисқартиришни талаб этишганда, оға бунга кўнмасдан, романини чет элга юборганда, уни тўлиқ босишарди-ку! Ҳам нашр қилиб, ҳам Айтматовни шўро режими тазйиқига қарши турган жасоратли адиб, деб жар солишарди. Бироқ оға бунга журъат этмади.
– Ҳаммага ҳам жон ширин-да!
– Шундай-куя, бироқ, Айтматовдек жаҳон таниган адибнинг жонига қасд қилиниши саксонинчи йилларда эҳтимолдан узоқ эди. Фақат маълум муддат таъна-маломатга учраб, эътибордан қоларди, холос.
– Айтматовни, тузумга тўла муте эди, дейиш ҳам тўғри эмас. Ахир, у неча бор юксак минбарлардан ҳақ гапни айтди. Айниқса, «ўзбек иши» деган қабиҳ кампания хуружи пайтида халқимиз шаънини ҳимоя қилди.
– Ҳа, оғадан тоабад миннатдормиз. Бироқ шўро тузумининг асл моҳиятини асарларида Пастернак ва Бродский даражасида фош қилиб ташламаган ёки академик Сахаров ва Солженитсиндек бу тузумга қарши турмаган. Ғарбда эса Нобелни беришда адибнинг фақат асарлари эмас, шахсий жасоратига ҳам қаралади. Ҳатто ўз асари учун қатъий курашолмаган ёзувчининг шахсидан улар унча ҳайратга тушмайди-ёв...
– Ҳар ҳолда туркий дунёдан Ўрхон Помуқ олди-ку. Тўғри, унинг ҳам бу мукофотга эришганини баъзилар сиёсат билан боғлашади.
– Нима дейишса, дейишсин-у, у мукофотни адабиёт учун олди. Мен эсселарини мароқ билан ўқидим. Шахсий кутубхонасида 12 мингта китоб бор экан. Китобга, адабиётга беадад меҳри бўлмаган одам шунча китоб йиғадими?! «Жаҳон адабиёти» журналида босилган «Истанбул» романини ўзингиз ҳам оғзингиздан бол томиб мақтадингиз-ку!
– Зўр роман! Икки марта ўқидим. Қани, бизнинг буюк шаҳарларимиз ҳақида ҳам шундоқ романлар ёзилса! Ўзбекдан қачон Нобел мукофоти лауреати чиқар экан?
– Ҳар ҳолда, аччиқ ҳақиқат шуки, сизу мендан чиқмайди. Кейинги йилларда шу мукофотни олганларнинг асарларидан хабардор бўлиш тугул, номларини ҳам тузук-қуруқ билмаймиз-ку!
– Билмасак, ҳали билармиз. Асарларидан намуналар «Жаҳон адабиёти»да босилса, ўқирмиз ҳам, – деди шоир бундай катта мукофотдан бебаҳра қолишни тан олгиси келмагандек тажанглик билан. – Яқинда Шукур Холмирзаев хотирасига бағишланган бир йиғинда билимдон нотиқлар Шукур акани Нобел мукофотини олганлар даражасидаги адиб дейишди. Бу гапда жон бор. Устознинг ўзи ҳам «ҳикояларимни жаҳон ҳикоячилигига бўйлаб ёзганман», деган. Оллоҳ узоқроқ умр берганда, балки у олармиди...
– Шукур аканинг асарлари орасида шедеврлар бор, албатта. Ўзбек болалар ўйинлари ҳақидаги ҳикоялари жаҳон адабиёти учун ҳам нодир дегулик. Лекин бутун ижоди бир текис эмас-да. Масалан, Борхеснинг ҳар бир ҳикоя ё лавҳасидан ҳайратга тушасан. Дарвоқе, унга ҳам Нобелни беришмаган-ку. Хуллас, муносиб адибларнинг барчасига ҳам насиб этавермас экан бу мукофот.
– Энди қачон ўзбекдан Шукур акадек бир ёзувчи чиқади-ю, Нобелни кўзлаб асарлар ярата бошлайди...
– Эҳ-ҳе, Нобелгача ҳам довонлар кўп. Ўша Ўрхон Помуқ асарлари унгача қатор ғарб тилларига таржима қилиниб, Европадаги қанча машҳур адабий мукофотларни олган. Нобелга хомтама бўлишдан олдин оралиқдаги довонларни забт этиш лозим.
– Забт этади, кўрасиз, чиқади ҳали ўзбекдан узоқни кўзлаган шунқорлар! ХИВ асрда Туронда аҳвол қанақа эди? Дафъатан Амир Темурдек жаҳонгир пайдо бўлиб, изма-из Улуғбек каби алломаю Навоийдек даҳо ижодкор етишди. Истиқлолнинг мўъжизалар яратишга қодирлигига шу ўтган йигирма йил ичидаёқ неча марталаб гувоҳ бўлдик-ку!
– Ҳақ рост. Бироқ руслар Пушкин, форслар Ҳофиз, инглизлар Шекспир, италянлар Данте, немислар Гётени ўқиганидек, биз Навоийни ўқиб, англаяпмизми? Қачон мутолаада жаҳон миқёсига чиқсак, адабиётимиз ҳам жаҳон даражасига кўтарилади.
– Ҳа, мутолаа билан мақтанолмаймиз, – деди шоир ҳовуридан тушиб. – Айтгандай, кутубхонангиздан ҳазратнинг «Девони Фоний»сини бериб туринг. Тез ўқиб қайтараман.
– Қарийб қирқ йилдан бери шоирлик даъвосида қалам қитирлатасиз-у, бу асар ўзингизда йўқми?
– Эски нашри бор эди, кўч-кўчларда йўқолган. Янгисини олишга улгурмасимдан тарқаб кетибди.
– Шоир сотиб олишга улгурмасдан ҳазратнинг китоби тарқаб кетгани ёқимли хабар, – деди ёзувчи мамнун илжайиб. – Демак, Навоийни ўқиётганлар кўпайяпти. Дарвоқе, Нобел мукофоти сари ҳазрат тиклаган адабий нарвондан кўтарилиб бориш керак.

Суҳбатга берилган шоир ва ёзувчи иккала соҳилида тол ва тераклар ўсиб ётган ариқни ёқалаб, шаҳарга ёндош қишлоққа етиб келишганини сезмай қолишди. Қишлоқ боғларидаги мевали дарахтлар барқ уриб гуллаган, эртапишар навлар гулини тўкиб, довучча туга бошлаган. Бу фаслда қанча юрса-да, кишининг чарчагани билинмайди. Шоирнинг тепакал боши қуёш нурида ялтирар, вужуди гуллару ўт-ўланлар бўйига тўйинган баҳор ҳавосидан сармаст, турфа қушлар сайроғи ҳам гўё қофияю туроқларга тушиб, асл шеъриятдай таъсир қиларди.
– Турган жойимиз шаҳар чеккаси, маданият саройларию театрлардан узоқлик қилади, – деб баъзан нолиймизу, бироқ бу гўшанинг ҳам ўз имтиёзлари бор, – деди шоир орқага қайтиш олдидан боғ-роғларга бурканган сўлим қишлоққа завқ билан боқаркан. – Атрофдаги далалар манзараси, чорбоғлар, мана бу ариқни тўлдириб оқаётган зилол сувнинг ўзи қанча илҳом бахш этади ижодкорга. Адабий суҳбатларни кўнгил тусаса, Тошкентдек шаҳри азимнинг ҳар бир маҳалласида суҳбатдош топилади.
– Дўрмонда эса шаҳардагидан ҳам шароит зўр. У ерда ҳар қадамда адабиётнинг ҳар соҳаси бўйича суҳбатдош топилади.
– Дўрмон, Дўрмон-да! Улуғлар қадами теккан, улуғлар ижод қилган маъво. Ҳар йили бир неча бор Дўрмондаги ижод уйи ё танишларнинг дала ҳовлиларига бориб, ҳам ижод қилиб, ҳам бу масканда яшайдиган ҳамда вилоятлардан келган адиблар билан суҳбатлашиб, фикр алмашиб, адабий янгиликлардан кенгроқ бохабар бўлиш керак. Баъзи янги китобларни муаллифларнинг ўзидан олмасанг, дўконда тополмайсан.
– Нега вилоят ва туманларда яшовчи аксар адиблар ўз истеъдодларини тўла рўёбга чиқаролмай думбул бўлиб қолишади? – деди ёзувчи ва ўз саволига ўзи жавоб бера бошлади. – Чунки ижодкор, барибир, катта қозонда қайнагани маъқул. Бизда ҳали-вери адабиётга пойтахт монополияси давом этар экан, ундан узоқроқда яшаб, катта ижодкор сифатида шаклланиш қийин. Фақат ниҳоятда истеъдодли ва шунчалик матонатли, собитқадамлик билан пойтахт адабий жамоатчилигидан дўстлар ва хайрихоҳлар орттирган вилоят адибларигина бунга эришади.
– Ҳақ гап, вилоятларда адиблар камлиги устига, кўпинча ҳар бири ўзини даҳо ҳисоблаб, бошқаларини назарига илмас экан. Пойтахтда ҳар ҳолда қалам аҳли кўплиги туфайли кимдир билан гапинг қовушмаса, бошқаси билан тил топишиб кетасан. Шундай одам қўшнинг ё маҳалладошинг бўлса, нур устига нур. Биргина сизнинг суҳбату маслаҳатларингиз менинг ижодимга қанчалик баракали таъсир кўрсатаётганини тасаввур қилиш қийин. Сиз мен учун илҳом парисисиз!
– Илҳом тулпори Пегасга менгзасангиз бўлади-ку, ҳеч бўлмаса, – деди ёзувчи, бироқ ўз шаънига мақтовларни ийманишсиз қабул қилиб, сўзида давом этди. – Тўққизинчи қаватдаги уйингизни сотиб, бу ердан ер олгач, наридан бери бошпана қурганингиздан сўнг ижодингиз гуллаб-яшнагани бежиз эмас. Атлант каби ижодкор ҳам ердан куч олади, чоғи. Тўртлигу фардларингизни ҳам ҳисоблаганда, жами асарларингиз тўкилган сочларингизга тенг бўлса керак. Яна қолган сочларингизга баробар асарлар битсангиз – умид қиламанки, улар олдингиларидан пишиқроқ бўлади – Нобелни ололмасангиз ҳам маҳаллий даҳо бўлишингиз тайин.
– Намунча Нобелни мендан қизғанасиз, ўзингиз даъвогар эмасмисиз, мабодо? – лутф қилди шоир.

Суҳбатдошлар бир-бирларига бир зум тикилиб, хохолаб кулиб юборишди ва сайр ниҳоясига етгани учун, хайрлашиб, ўз уйларига йўл олишди. Йўллари икки тарафга айрилган бўлса-да, бошларида ғужғон ўйнаётган масрур ўйлар тақрибан бир хил бўлиб, адабиёт отлиғ энг қутлуғ ва боқий санъатга оид эди. Айни шу ўйлар шарофатидан кўнгиллари тозариб, умр кузининг нуқси ура бошлаган чеҳралари ажабтовур ёришиб, уларда ботиний гўзалликнинг зоҳирий акси қадаҳдаги май каби жилваланарди.