OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиНоёб қўлёзмалар изидан (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ноёб қўлёзмалар изидан (ҳикоя)
Ғулом Каримий

«Ҳазрати рисолат замонидан бери ул миқдор аиммаи исломким, Мовароуннаҳрдин пайдо бўлибтур, ҳеч вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай», - деб ёзган эди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» китобида. Бундан хулоса қилиб, ўша даврда ҳеч бир ўлкада Мовароуннаҳрдагичалик кўп китоб ёзилмаган, десак хато бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, жаҳоннинг турли мамлакатларидаги китоб хазиналарида сақланаётган Шарқ қўлёзмаларининг салмоқли қисмининг муаллифлари Туронзамин фарзандларидир. Ўрта асрларда Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Марв шаҳарларида жаҳонга машҳур кутубхоналар мавжуд бўлган. Барча илм толиблари фойдалана олганликлари учун улар том маънода миллий кутубхоналар эди. Бир неча юз жилд қўлёзма китобдан иборат шахсий кутубхоналар ҳам унчалик кам учрайдиган ҳодиса бўлмаган.

Маълумки, ўтмишда китоб қиммат турган ва кўз қорачиғидек авайлаб асралган. Шу сабабли бир неча аср бурун кўчирилган ноёб қўлёзма нусхалар бизгача етиб келган. Чоризм истилосидан кейин минглаб нафис ва нодир қўлёзмалар ўлкамиздан ташиб кетилган. Бу ўринда мисол тариқасида 1873 йилда босқинчилар Хивани эгаллагач, Хива хони хазинасидаги бошқа қимматбаҳо буюмлар билан бирга бой кутубхонасини ҳам ғасб этиб, империя пойтахти Петербургга жўнатишганини айтиб ўтиш кифоядир. Улуғ адиб Огаҳий тарихий-бадиий асарларининг муаллиф ўз қўли билан кўчирган асл нусхалари ҳамон Санкт-Петербургда сақланмоқда. Унинг сўнгги тарихий-бадиий асари «Шоҳиди иқбол»нинг жаҳондаги ягона дастхат нусхаси ҳам ўша шаҳардадир.

Аммо чор мустамлакачилиги давридаги бу талофатлар маънавий меросимизга шўро тузуми даврида етказилган зарар олдида ҳолва бўлиб қолди. Асрлар давомида ёнғину тошқинлардан омон қолган китоблар – тенги йўқ мерос «октябр қуёшидан нурафшон бўлган» даврда жазога тортилишдан қўрққан эгалари томонидан ўтда ёндирилди, сувга оқизилди ё қабристонларга дафн этилди. Қадимий китобларни ўқий оладиган кишилар ҳам бу даврда кескин камайиб кетди.

Бугунги кунда мамлакатимиз кутубхоналари ва шахсий қўллардаги қўлёзма асарлар мўъжиза билан омон қолган китоблардир. Юқорида зикр қилинган мудҳиш йўқотишларга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кутубхонаси жаҳондаги энг катта қўлёзма китоблар хазиналаридан биридир. Бу зиё масканида қирқ мингдан ошиқ қўлёзма ва тошбосма китоблар, ўн минглаб тарихий ҳужжат ва мактублар сақланади. Бу китоб ва ҳужжатлар кутубхона ташкил қилингандан бошлаб фидойи ходимлар томонидан доналаб йиғилган. Айниқса, ХХ асрнинг 50-йиллар охири ва 60-йиллар бошларида Шарқшунослик институти жамоаси мавжуд асарларни тадқиқ этиш билан бирга, аҳолидан муҳим қўлёзмаларни йиғиб хазинани бойитишга ҳам катта эътибор берар, шу мақсадда ҳар йили вилоятларга илмий экспедитсиялар уюштириб турилади. Ўша пайтда бу ишнинг ўзига хос қийинчиликлари бўларди. Чунки, уйларида қўлёзма китоблар сақлаб юрган одамлар ҳам буни ошкор қилишдан чўчирдилар. Аммо фидойи олимлар бундай қийинчилик ва тўсиқларни матонат билан бартараф этардилар. Экспедитсиялар аъзолари қайси шаҳарда бўлишмасин, эски маҳаллалардаги чойхоналарга бориб, чой устида аста-секин қариялар билан суҳбатга киришиб, сўз-сўзга қовушиб кетгандан кейин эҳтиёткорлик билан суҳбат мавзуини қўлёзма китобларга буришарди. Олимлар одамларда қўлёзмалар бор-йўқлигини суриштирар эканлар, ўзларининг ниятлари хайрли эканлигини, эгаси рози қилиниб сотиб олинган қўлёзмалардан тажрибали мутахассислар ўлкамиз тарихи ва ўтмиш маданиятимизни ўрганиш учун манба сифатида фойдаланажакларини, бундан элу юртимиз жуда катта маънавий фойда кўришини қайта-қайта таъкидлашарди. Хуллас, китоб изловчиларнинг ўз машғулотларига бўлган иштиёқ ва завқу шавқларини олтин қидирувчилариникига қиёслаш мумкин эди. Сафарларда баъзан ғаройиб воқеалар, шов-шув уйғотадиган топилмалар ҳам учраб турарди. Масалан, институт ходимлари А.Жавонмардиев ва А.Ўринбоевлар 1959 йилда Андижонга боришганда қариялар билан суҳбат чоғида Асака масжиди имоми қўлида Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари қўлёзмаси борлигини эшитишади. Ана шу қўлёзмани қўлга киритиш учун уч марта илмий сафар ташкил қилишга тўғри келади. Ниҳоят, олимларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида асарнинг тўлиқ ҳолдаги бу қадимий ва мўътабар нусхаси институт хазинасига келтирилади. Бу муҳим кашфиёт турли мамлакатлардаги илмий марказларда катта қизиқиш уйғотган эди. Хазинадаги бебаҳо жавоҳирлар қаторидан ўрин олган бу китоб сўнгроқ институт жамоаси томонидан улуғ ҳакимнинг асарлари ўзбек ва рус тилларига нашрга тайёрланганда асос нусхалардан бири бўлди.

Қуйида улуғ устозларимиз, юзлаб нодир китобларни топиб, аниқлаб, миллий хазинамизни бойитишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган жавҳаршунос тадқиқотчилар Азиз Қаюмов ва Асомиддин Ўринбоев домлалар сўзлаб беришган китоб излаш мавзусидаги иккита ҳикояни келтирамиз.

Китобтопар (Азиз Қаюмов ҳикояси)

Олтмиш ё олтмиш биринчи йилнинг эрта кузида биз – икки ёш олим, яъни Асомиддин Ўринбоев ва камина қадимий қўлёзмалар билимдони, моҳир хаттот Абдуқодир Муродов домлага ҳамроҳ бўлиб, Самарқандга жўнадик. Мақсадимиз, аҳолидан қўлёзма китоблар йиғиб келтириш эди. Мен ҳар эҳтимолга қарши, қалин пиджак ҳам олволгандим. Йўлга отланаётганимизда Асомиддин пиджагимга ишора қилиб, деди:
– Кун иссиқ-ку, буни бошингизга урасизми?
– Керакли тошнинг оғири йўқ, - дедим мен кўпни кўрган тажрибали одамдек. Аммо иссиқ туфайли пиджакни доим қўлимда кўтариб юрардим.

Самарқандга етиб боргач, Сиёб бозори яқинидаги меҳмонхонага жойлашиб, ўз мақсадимиз ҳақида шаҳар радиосида эълон ҳам бердик. Эртасига бир яҳудий зиёлиси бизни сўроқлаб келди. Унда ҳуснихат билан ёзилган, миниатюра суратлари бўлган чарм муқовали иккита нафис қўлёзма китоб бор экан. Омадимиз келганига суюниб, тезда нархини келишиб, уларни сотиб олдик. Бир неча кундан кейин Муродов домла тўпланган китобларни олиб Тошкентга қайтдилар. Биз ёшлар изланишни давом эттириб, Қашқадарё вилоятига жўнадик. Китоб шаҳрига етгач, дарё бўйидаги чойхонага бориб, чой ичиш баҳонасида яқинимизда ўтирган одамларни секин суҳбатга тортдик. Энг аввало шаҳарга нега Китоб деб ном берилганини сўрадик. Одамлардан бири бизга тушунтирди:
– Асли номи Китоб эмас, балки Кифти об, яъни Сув бўйи маъносини билдирган. Халқ тилида бора-бора Китобга айланиб кетган.

Шу тариқа суҳбатга киришиб, бир қанча фурсат ўтгач, қўлёзма китоблардан гап очдик. Агар кимда қўлёзма китоблар бўлса, яхши нархда сотиб олажагимизни айтдик. Шунда ҳамма жимиб қолди. Баъзилар ҳатто ўзларини четга тортишди. Лекин бояги шаҳар номининг маъносини айтган одам бизнинг олим эканлигимизни англаган ва ҳеч бир ёмон ниятимиз йўқлигига ишонч ҳосил қилган бўлса керак, уйида эски китоблар бор экан, туриб бориб бир муддатдан сўнг бир неча китоб қўлтиқлаб келди. Мамнун ҳолда китобларни варақлаб чиқиб, яхши баҳоладик. Нархини келишгач, пулни кимга тўлаганимизни қайд этиш учун унинг паспортини сўрадик. Шунда атрофдаги одамлардан баъзилари унга: «пастортингни ёзиб олишгач, изингдан келиб ҳолингни хароб қилишади», - деган мазмунда сўзлар айтишди. Лекин, китоблар эгаси уларга жавобан: «Булар унақа одамга ўхшамайди. Гап-сўзларидан ҳам олимликлари кўриниб турибди-ку. Сизларда ҳам китоблар бўлса, келтиринглар. Ўзимиз ўқий олмагач, лоақал олимлар уларни ўқиб-ўрганиб, маъносидан элу юртни баҳраманд этишсин», – деди. Хуллас, китоблардан ташқари, бу шаҳарда ўзимизга яхшигина ёрдамчи ҳам топган эдик.

Чойхонадан китоб қўлтиқлаб чиқиб, бир меҳмонхонага жойлашдик. Яна анча вақтгача харид қилинган қўлёзмаларни кўздан кечириб, бир-биримизга таърифладик. Ўша пайтларда паловнинг консерваси бўларди. Кечки овқатга шундан бир қутисини очиб иситдик. Роса чарчаган эканмизми, овқатдан сўнг дам олиш учун ўринларга ётдик. Шунда Асомиддин: «Ҳа, дўстим Азизхон, ҳали китоб излаб сарсон бўлганимизу меҳмонхоналарда консерва еб пишқириб ётганларимизни эслаб юрарсиз», – дегани ҳамон ёдимда турибди.

Қашқадарё вилоятининг баъзи жойларида бўлгач, яна қайтиб Самарқандга келдик. Асомиддин баъзи ишлар туфайли Самарқандда яна бир неча кун қоладиган бўлди. Мен Қашқадарёдан келтирган китобларимизни олиб Тошкентга жўнадим. Пиджакни бирон марта киймаганим ва бунга мутлақо эҳтиёж бўлмаганидан, уни буткул унутиб, Самарқандда меҳмонхонада қолдириб келибман. Тошкентга келгач ҳам, эсимга тушгани йўқ эди. Қайтиб келганидан сўнг учрашганимизда, Асомиддин менга пиджагимни узатиб деди:
– Молтопарингизни қолдириб кетибсиз-ку, Азизхон!
– Молтопар эмас, китобтопар бу, шунинг учун сизга қолдириб келгандим, – дедим мен ҳазиллашиб.
– Раҳмат сизга, бу сафарда одатдагидан кўра кўпроқ китоб йиққанимизнинг сири менга энди аён бўлди, – деб Асомиддин ҳам ҳазил билан жавоб қайтарди.

Қуръон орасидаги қўлёзма (Асомиддин Ўринбоев ҳикояси)

Тахминан 1960 йилда Абдуқодир Муродов домла билан Хоразмга сафар қилдик. Хива атрофларида машинада айланиб юраётиб, дарвозаси очиқ бир ҳовлида ҳовуз бўйида ўтирган қарияни кўриб қолдик. Машинадан тушиб, дарвозадан ичкарига кириб, чол билан саломлашдик. Унинг кўзи ожиз экан. У бизни илиқ қарши олиб, супага ўтиришга таклиф қилди. Биз супага ўтириб, ундан-бундан суҳбат бошладик. Чол бизнинг Хоразм тарихи ва маданияти ҳақидаги сўзларимизни жуда қизиқиб, жон қулоғи билан тинглади. Ўзи ҳам баъзи нарсаларни гапириб берди. Ўртадан бегоналик кўтарилиб, ягоналик вужудга келгач, ётиғи билан муддаога кўчдик. Чол бир оз ўйланиб тургач, ёш эканлигида жилдга солинган бир Қуръон китобни ошхонада мўркон ёнига илиб қўйишганини, бу жилд ўшандан бери осиғлиқ турганини айтди. Бизнинг илтимосимиздан кейин у келинини чақирди. Аёл ошхонага кириб кетиб, бир муддатдан сўнг дуд босган жилдни олиб келди. Очмоқчи бўлиб қўл теккизишимиз билан жилд ўз-ўзидан тўзиб кетди. Ичидан Қуръон китоби чиқди. Қуръон муқовасини ҳам дуд қоплаган, четлари уваланиб кетган эди. Авайлаб очиб кўрганимизда Қуръон орасидан юпқароқ бир китоб чиқди. Ўқиб кўрсак, майда хат билан ёзилган бу китоб ўзбекча бўлиб, шоир Муниснинг девони экан. Хонадондаги ягона Қуръонни сўрашни одобдан эмас, деб билдик. Аммо Муниснинг девонини бизга сотишларини илтимос қилдик. Китоб давлат муҳофазасига олиниши, олимлар ундан фойдаланиб, эҳтимол нашр қилишлари ҳам мумкинлигини айтдик. Бизнинг овозимиздаги илтижо оҳанги таъсир қилдими, ҳартугул, чол ўзимиз белгилаган баҳода китобни бизга берди.

Тошкентга қайтгандан сўнг, ўтказилган қиёсий тадқиқотлар натижасида биз қўлга киритган девон Муниснинг ўз қўли билан кўчирилган беҳад қимматли ва табаррук бир нусха эканлиги маълум бўлди. Қувончимизнинг чеки-чегараси йўқ эди. Чунки, бу китоб Хоразм адабий муҳити, умуман, мумтоз ўзбек адабиётида муҳим ўрин эгалловчи Мунис ижодини ўрганиш учун асл ва мўътабар бир манба эди.

Топилдиқ ҳақида матбуотда мақолалар эълон қилинди. Қўлёзманинг аҳамияти ва қимматини ҳисобга олиб, собиқ эгасига яна қўшимча пул жўнатдик. Бунга жавобан ва матбуотдаги қўлёзма хусусидаги мақолалар муносабати билан Хоразмдан олимларга миннатдорчилик билдирилган хат келди.

Қаранг-а, бу китоб неча йиллар давомида Қуръони карим орасида турибди, демакки, бобомизнинг асарини авлодлар учун қодир Оллоҳнинг ўзи асрабди!

1997