OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҒулом Каримий
Асар номиТемирчилар исёни (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ғулом Каримий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм95KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Темирчилар исёни (ҳикоя)
Ғулом Каримий

1

Жанубий Олтой тоғи ёнбағирларида турк қабиласининг ўн уруғи овуллари жойлашган. Юқоридаги овуллар тоғ белида – арчазор ва қарағайзорлар орасидаги сайҳонликларда бир-бирига яқин, тоғ ёнбағрига туташ бепоён даштдаги овуллар бир-биридан отда бир неча кунлик масофада жойлашган. Тоғолди ўрмони ва дашт туташган Қўш Оғоч мавзесидаги қабила ябғуси Бўминнинг ўрдуси бошқа овуллардан фарқ қилади: унинг тўрт тарафи тош девор билан ўралган. Ҳар тарафдаги қўш табақа қопуларга темир қопланиб, ҳар табақасига бўри боши чизилган. Найзадор соқчилар ўрдуга кирган-чиққанларни назорат қилишади.

Тоғ ёнбағри ва даштдаги серўт яйловларга қабиланинг йилқи, туя, қорамол подалари ва қўй-эчки сурувлари ёйилган. Тоғ тепасидаги ўнлаб маъдан конларида кончилар темир рудаларини болғалар билан кўчириб, сўнгра кўраларда эритиб, темир олишади. Рудадан ажратилган темирни от ва ҳўкиз қўшилган араваларда қуйироқдаги овуллар устахоналарига туширишади. Ябғу ўрдуси яқинидаги катта устахоналарда кун бўйи тарақу туруқ тинмас, чарм пешбандли темирчилар, асосан, қурол-аслаҳа ва от анжомлари ясаш билан машғул. Олтой тоғи тевараги ҳамда шарқу ғарбга ястанган бепоён даштда маъдансозликда туркларнинг олдига тушадиган эл йўқ. Турфа темир буюмлар важидан турк қабиласи овулларига табғач , ҳинд, тибет, сўғд, форс, баъзан улардан ҳам олисроқ ўлкалардан келган савдо карвонлари қўниб ўтади. Улар темирнинг ўзини ёки ундан ясалган идишлар ва анжомларни ўз юртлари молларига айирбошлайдилар. Бинобарин, турк уруғ оқсоқоллари, ҳатто ўртаҳол кишилар ўтовларида ҳам олис-яқин ўлкаларда ясалган буюмлар – хитой ипаги ва чинниси, сўғд тақинчоқлари, ҳинд газламалари ва марварид, эрон гиламларини учратиш ажабланарли эмас. Турклар темир-жез рўзғор буюмларини сотсалар-да, қурол-яроғ сотишга ҳақсиз: улар ўзлари ясаган барча қурол-яроғни ўлпон тарзида қудратли жужан қағанига топширишга мажбур.

Ябғунинг овул ўртасидаги ўн икки қанотли оқ намат ўтовининг эшиги шарққа қараган. Тол оғочидан ясалган ўтов керагаларига совут, қилич, қалқон, гурзи, қамчилар осилган. Айлана деворга илинган олмахон, тулки, сувсар териларидан тикилган бўрклар туйнукдан тушган қуёш нурида турфа тусда товланади. Ерга гулдор язим тўшалиб, кўрпачалар ўрнига йўлбарс, қоплон, силовсин, олқор терилари солинган.

Хитойи шойидан кўйлак ва чарм чолвор кийган ябғу Бўмин тўрда йўлбарс териси устида виқор билан ўтирибди. Иссиқ ёз бўлгани учун у бош яланг, узун сочлари ўрилган. Миқти гавдали, думалоқ юзли, қалин қизғиш соқол-мўйловли Бўминнинг чакка сочлари оқариб, пешанасига бир-ярим ажин туша бошлаган. Ябғунинг ўнг томонида ўғиллари Қора Иссиқ ва Мухон, сўл томонида укаси Истами баҳодир қўр тўкиб ўтиришибди. Отаси каби чайир Қора Иссиқнинг калта кузалган соқоли ўзига ярашган. Ўспиринликдан ўтган новча Мухоннинг мийиғи энди сабза бўлган. Бўйдор Истами акасидан бир газ юқори бўлиб, жангга отлангандек совут ва дубулға кийиб олган. Камарига чарм ғилофли сопи узун қилич осиғлиқ. Ябғунинг ўғиллари ҳамда ўтовда ёшию мавқеига кўра жой эгаллаган уруғ оқсоқол-беклари ҳам аксари қуролланишган. Турклар жанговар анъанага ҳамиша содиқ – эр киши аввало жангчи, уруғ ва қабила ҳимоячиси.

Истами ёнида ўтирган кекса оқиннинг турклар ўтмишига оид кўҳна ривоятлари барчанинг диққат-эътиборини жалб қилган. Пешонаси ва юзига йиллар ажин тортган, кўзи ичига ботган, жуссаси муштдек оқиннинг овози ҳамон янгроқ ва таъсирчан. У қувватсизлиги туфайли ортиқ дўмбира чалиб куйлай олмаса ҳам, турклар кечмишига оид достону ривоятларни яхши билгани учун элда азиз ва табаррук. Суяниши учун оқиннинг икки тарафига катта чарм ёстиқлар қўйилган. Пойгакда, очиқ эшикка яқин жойда ябғунинг неваралари – Қора Иссиқнинг чиройли кокил қўйган икки ўғли ўтирар, келажакда муносиб сардорлар бўлишлари учун, улар бундай йиғинларни кузатиб, кўзи пишиб ўсишлари лозим.
– Бўри уруғидан Ашина ва тўққиз укаси Турфон қизларига уйланиб, ували-жували бўлишгани барчага маълум, – деди оқин. – Турк қабиласининг ўн уруғи – шу ўн ака-ука авлодлари.
– Биз уларнинг катта акаси Ашина авлодиданмиз, – ғурур билан луқма ташлади барваста Истами.

Бўмин оқиннинг сўзини бўлган укасига норози қараб қўйди.
– Ҳа, шу туфайли қабиламиз ябғулари ҳамиша Ашина авлодидан бўлишган, – хотиржам давом этди оқин. – Турклар Турфонда баъзи қабилалар билан дўстлашиб, айримлари билан ёвлашиб, бир неча юз йиллар яшашган. Бироқ одам ҳаётида гоҳ юксалув, гоҳ орқага кетув бўлгандек, қабила ҳаёти ҳам бир маромда кечавермайдур. Душманлар қуршовида қолган турклар қирғинбарот қилиниб, омон қолганлари жанубдаги Тангритоғга шарқ тарафдан туташган тоққа чекинишган.Улар минг машаққатлар билан девонлардан ошиб, кенг дарага тушишади. Бу ерда оқар сувлар, яйловлар бўлиб, чакалакзорларда илвасин мўл эди. Тангри туркларни паноҳига олиб, таъқиб этиб келаётган душманлар йўлини тўсиб, тоғни батамом берк қилиб қўяди. Тик тоғ дараларини турклар Арканақун, яъни Тиккамар, деб номлашади. Бу ерда чорва тез кўпайиб, тоғда темир конлари кўп бўлганидан, темир қазиб, ўқ-ёй ясаб, оҳу ва архарлар овлаб, ҳеч нарсага зориқмай, юз йилдан ошиқ фароғатда яшайдилар. Бироқ Тангри ҳар зотни синовлардан ўтказгандек, бутун бошли қабила ва халқларни ҳам турфа синовларга дучор қилади. Бўйига узайиб, энига ёйилган турк эли учун берк тоғ ичи танглик қилиб қолади. Тор дарада ош егандан, кенг даштда мушт еган афзал. Бир пайтлардаги нажот маскани энди қопқонга айланган эди гўё. Ота-боболари таърифлагани тоғ атрофидаги кенг ерларга чиқиш учун йўл излашади-ю, топишолмайди. Оқсоқоллар ва қариялар кенгашида кўп тадбирлар мулоҳаза қилиниб, тоғдан тиккасига ошиб ўтишдан бошқа чора йўқ, деган тўхтамга келишади. Бироқ бир кекса темирчи эътироз билдиради: «Бу тикка тоғдан мол-ҳол билан ошиб бўлмас. Одамлар ошганда ҳам, ўндан тўққизи тубсиз учурумларга қулаб, қор кўчкилари тагида қолиб, музликларда тўнгиб нобуд бўлур. Бу маъдан тоғи бўлгани учун ягона йўл маъданни эритиб, тоғни тешиб йўл очиб, дарадан чиқиб кетишдир. Шимол тарафда тоғ, назаримда, бир қатга ўхшайдур. Йўлакни шу тарафдан очмоқ керак».

Баъзилар темирчини ақлдан озган ҳисоблашади. Бироқ ябғу ва бир неча беклар уни эътибор билан тинглаб: «Ишни бошла, ҳунарингни кўрсат, кўрайлик-чи!» дейишади. Темирчининг йўриғи билан беш юз оҳу ва олқор терисидан дам ясаб, тепадек кўмирлар уюб, бутун қабила аҳли ҳамжиҳат иш бошлашади. Ёқилган ўт дудидан осмону фалак қораяди. Ўт тафти билан қизигач, маъдан эриб, темир сув янглиғ дара ичкарисига оқа бошлайди. Бир неча ой кечаю кундуз ишлаб, зўр машаққатлар билан эмаклаб ўтиладиган тешик очиб, тоғ ортидаги бепоён оламни кўриб, кўзларига ишонишмайди. Ғорсимон йўлак янада кенгайтирилади. Юк ортилган туя ҳам бемалол ўтадиган бўлгач, машъалалар ёруғида кўчиб, яланг даштга чиқишади. Бу пайтда тоғ шимолидаги дашту саҳроларда ёвуз жужанлар ҳукмрон эди. Уларнинг отлиқ лашкари хабар топиб, дашт оралаб бораётган туркларни қуршаб олур. Булар темирчиликка моҳир одамлар эканликларини кўргач, қирғин қилмасдан, ҳунарларидан ўз мақсадларида фойдаланиш учун, Олтой тоғининг маъданга бой жойлари, яъни ҳозир турган еримизга кўчириб келтиришган. Ўшандан бери салкам икки юз йилки, жужанларга тобемиз. Бироқ эрксеварлик қонимизда борлиги туфайли, эрк учун исёнлар кўп бўлган. Энг йириги бундан бир юз қирқ йил аввал жужан қағани Шелунга қарши кўтарилган исён. Дастлаб жужанлар мағлуб бўлиб, турклар оз муддатга бўлса-да, ўз эркини тиклашган. Афсуски, хиёнат панд берган. Кўппакдай қутурган жужанлар исённи бостирган. Турклар қони дарё бўлиб оқиб, сўнгаклари тоғдек уюлган.

Ўтовга оғир сукунат чўкди. Водариғки, турклар кечмишида ёруғ кунлардан зулматли йиллар кўп экан.
– Арканақун тоғи ичкарисида қамалиб қолган турклардан ташқари, тоғ ташида қолиб, бошқа ўлкаларга бориб ўрнашган турклар ҳам бўлса керак, – деди Қора Иссиқ. – Чунки Табғачу Сўғддан келган сотиқчилар турли юртларда бизникига ўхшаш тилда сўйловчи қабилалар борлигидан дарак беришур. Баъзан сотиқчилар карвонида ушбу қабилаларга мансуб кишилар учрайдур. Тилида бироз фарқ бўлса доғи, сўзини бемалол англамоқ мумкин.
– Бизга қон-қариндош қабилалар кўп, – тасдиқлади оқин. – Аларнинг очун бўйлаб тарқалиши она бўри ўлимдан сақлаб қолган ўн яшар боланинг аждодлари бўлмиш қадимги хунлар буюк давлат яратган даврга бориб тақалади. Туғардан Ботаргача саноқсиз ўлкалар заминига хун тулпорларининг туёқлари теккан. Хунларнинг турли ерларда ажралиб қолган қабилаю уруғлари ҳар бири ўзгача ном билан аталади. Жанубда уйғурлар, шимолда – Энасой бўйида қирғизлар, улардан шарқда – Бойкўл соҳилларида қуриқанлар, ғарбда телеутлар ва қарлуқлар, улардан ҳам нарида – Инжу Ўкуз бўйида қанглилар, янада олисроқда Ёйиқ ва Эдил дарёлари бўйларидаги булғор ва хазарлар шулар жумласидандур. Номлари турлича эса-да, тиллари бирлиги бизга қондош эканликлари тасдиғидур. Аксарият қабилалар кўчманчи, бироқ шаҳару қишлоқларда ўтроқ яшайдиганлари ҳам бор. Эдил соҳилида булғорлар кўркам шаҳарлар қуришган. Масофа олис, аларнинг карвони кам келадур. Мен умрим бўйи булғор карвонини атиги икки бор кўрганмен. Бир марта Табғач сари ғарб молларини олиб боришаётганида ва иккинчи гал шу карвон Табғачдан ипак ва чинни олиб қайтаётганида. Булғорлар бизни яқин кўриб, турк ўрдусида узоқ тўхтаб қолишди. Алар кетаётганда биз энг азиз қўноқларни узатаётгандек йиғлаб хайрлашдик. Булғорлар ҳикояларига кўра, улардан шимоли ғарбдаги Тан дарёси бўйидаги даштларда бижанақлар, Хоразм ва Хазар денгизларидан ҳам ғарброқдаги Қора денгизнинг шимолий соҳилларида олис ғарбга кетган хунлар авлодлари бўлмиш утурғурлар яшар экан. Шу боис, Олтойдан қайси тарафга отланмасин, йўлчи ўз йўлида бизга қариндош қабилаларга, албат, ўтру келур. Аларнинг баъзиси жужанлар, баъзиси табғачларга тобедурлар. Бироқ эркли – ўз қағани, ўз туғи, ўз давлатига эга қабилалар ҳам оз эмас.
– Агар турк тилида сўйловчи қамуғ қабилалар бирлашса, жужанлардан ҳам қудратли эл бўлурми? – сўради Мухон.

Ёш йигит барчанинг кўнглидаги нозик торларга тегиб кетган эди.
– Бўлур, албатта, очундаги энг буюк ва қудратли эл бўлур, –деди оқин. – Бироқ аларни ким бирлаштирур?

Даврага яна оғир сукунат чўкди. Ҳеч ким сўзга оғиз очмади, қолаверса, оқин ҳам жавоб кутмаётганди. Зеро, бу саволнинг жавоби замон ҳукмида эди.

Ғарб тарафдаги чекка овуллардан чопарлар келганини ябғуга хабар қилишди. Бўмин улар кириши учун ижозат берди. Қуролланган тўрт йигит кириб, ябғу ва бекларга таъзим қилишди. Уларнинг уст-бошларига чангу ғубор қўнган, ўтовга киришдан олдин қўл-юзларини чайиб олишгани кўриниб турарди.
– Ғарб тарафдан минг отлиқ жужан турк қабиласи ерларига кириб, ябғу ўрдуси тарафга жадал елиб келишмоқда. Эртага бўлмаса, индинга ўрдуга етиб келишур, – деди чопарлардан ёши улуғи.
– Не юмуш билан келишаётгани маълумми? – сўради ябғу.
– Маълум эмас, ҳар ҳолда, жужанлардан бирон яхшилик кутмаймиз.
– Майли, дам олинглар, бу хусусда кенгашиб олурмиз.

Чопарлар таъзим билан ўтовни тарк этишди.
– Жужанлар не юмуш билан келишаётгани маълум бўлмаса-да, қаған ўрдусидан келган иззатли қўноқлар сифатида кутиб олишга ҳозирлик кўрилсин, – амр қилди ябғу.

Ҳеч ким эътироз билдирмади. Энг кичик жужан амалдори ҳам турк ўрдусида наинки турк беги, ҳатто ябғудан ўзини баландроқ тутади. Икки юз йилдан бери аҳвол шу. Урушқоқ жужанлар чор тарафдаги ўнлаб турли тилда сўйловчи қабилаларни бўйсундириб, аҳолини қирғин қилиб, молларини талашди. Темирчилик касби турк қабиласини қирғин ва таловдан сақлаб келар, жужанлар ҳатто жангда асир олинганларнинг бир қисмини қул сифатида конларда ишлатиш, шу тариқа янада кўпроқ темир қазиб чиқариш учун турклар ихтиёрига топширишарди. Бироқ ҳар йилги ўлпон қурол-яроғ, от-анжомлари ва темирдан ясалган бошқа буюмлар шаклида ўта қаттиқ талаб билан олинарди. Жужанлар истибдодидан турклар нафратланишар, бироқ нажот йўлини топишолмаётган эди.

2

Ябғу, ўғиллари ва турк беклари отланиб, ғарбий қопу олдида жужанларга пешвоз чиқишди. Улар чақирилмаган меҳмонлар яқинлашишини энсалари қотиб кузатишарди. Жужан суворийлари жиловни бўш қўйиб, бамайлихотир келишмоқда. Совут ва қурол-яроғлари қуёш нурида ялтираб, кўзни қамаштиради. Бўмин олдинда келаётган найзадор соқчилар қуршовидаги бадқовоқ босқоқ Бурулдойни таниб, юраги шиғ этди. Золим босқоқ илк баҳордаёқ «қаған юришга отланаётир», деб йиллик ўлпонни ундириб кетган эди. «Яна нега келдийкин бу ит?», кўнглидан кечди ябғунинг. Ҳўкиз қўшилган баланд ғилдиракли аравалар турнақатор тизилиб келаётганидан босқоқнинг яна ўлпон учун келганини англаш қийин эмас. Жужанлар қиёфаси важоҳатли, тиллари ўзгача, ёт қабила. Тоғу даштда, шимолдаги ўрмонларда яшовчи барча қабилаларнинг бинойидек касб-корлари бор. Аксарияти чорва боқишади, воҳалардаги унумдор ерлар аҳолиси деҳқончилик ва боғдорчилик билан машғул. Ўрмондаги қабилалар овчилик, катта дарё ва кўллар соҳилида яшовчилар балиқчилик қилади. Фақат жужанларнинг жангдан бўлак иши ҳам, ташвиши ҳам йўқ, Улар гўё уруш учун яратилгану тинч машғулотлардан ҳазар қилишади.

Жужанлар ўрду олдига келгач, катта мешларда олиб чиқилган қимиз ва айрондан заранг косаларга қуйиб, чанқовбосди учун қўноқларга тутишди. Босқоқ Бурулдой икки коса қимизни шопдек мўйловига тўкиб-сочиб симиргач, ябғу ва турк бекларига беписандлик билан боқиб: «Турк ябғуси Бўмин! Сенга жужан қағани Анахуан фармонини келтирдим. Барча бекларни ўтовингга йиғ!», – деди-да, отига қамчи уриб, ўрду қопуси сари юрди. Жужан жангчилари унга эргашишди. Ҳатто ўзга овуллардан келган турклар ҳам ижозатсиз киритилмайдиган ябғу ўрдусида жужанлар ўзларини хўжайин ҳис қилиб, йўл ҳордиғини чиқариш учун дуч келган ўтов олдида отдан тушишарди.

Ябғунинг ўтови тўрига иккита йўлбарс териси солиниб, бирига Бўмин, иккинчисига Бурулдой ўтиришди. Турк беклари ва жужан юзбошилари ҳам жойларини эгаллашди. Бурулдой сўз бошлади:
– Улуғ қаған Анахуан менинг темирчи қулларим бўлмиш турклар бу йилги ўлпонни икки баравар тўласинлар, деб буюрди.

Турк бекларининг дами ичига тушиб, нима жавоб бераркин, дегандек кўз қири билан ябғуга қараб қўйишарди.
– Биз бу йилги ўлпонни муддатидан илгари тўла-тўкис топширганмиз, – деди ябғу. – Баҳорда ўзинг олиб кетгансен.
– Фармондаги «икки баравар» деган сўз қулоғингга кирмабди, шекилли, ябғу!
– Нега энди икки баравар тўлашимиз керак?
– Ёвуз телеутлар исён кўтармиш. Алар тор-мор этилмаса, нафақат жужанлар, турклар ҳам осойишта кун кечиролмас. Хуллас, ўлпонни ҳозирланглар.
– Ўлпон дегани, от анжомларини айтмаганда ҳам, минглаб қилич, найза, совут ва ўқ учлари. Буларни ҳозирлаш учун кондан темир қазиб чиқариш, устахоналарга келтириб, эритиб, яроғ-аслаҳа ясаш лозим. Барчасига вақт керак.

Бурулдойнинг ўсиқ қошлари чимирилиб, бурун парраклари керилиб, қовоғи уча бошлади.
– Эгнингдаги нима? – деди у дабдурустдан қўлидаги қамчи дастасини Бўминнинг совутига нуқиб. – Темир совутми? Камарингга осиғлиқ қилич бирон жужан саркардасида йўқ. Турк ўрдусидаги ҳар бир ўтовдан бир эмас, икки-учтадан қилич, совут, найза, қалқон топилади. Ўқ-ёй эса бу ерда болалар ўйинчоғи янглиғ бўлиб қолган. Темирчига яроғ не даркор? Болға билан босқон бўлса, бўлди-да! Сенга ўн кун муҳлат. Ўз ўрдунг ва бошқа турк овулларидаги барча яроғ-аслаҳаю от анжомларини йиғиб, яна кечаю кундуз устахоналарда ясаттириб, бизнинг араваларни тўлғизасен.

Ябғу тили калимага келмай, каловланиб қолди. Истами баҳодир қизишиб, Бурулдойга ўшқирди:
– Босқоқ, биз бу йил ўлпонини тўлаганмиз. Келаси йилгача бирон нарса талаб қилишга ҳаққинг йўқ! Бориб, қағанингга ҳам шуни айт!

Бурулдой баҳодирга заҳарханда қилди.
– Ит семирса, эгасини қопар! Туркка тил битибдими? Бу итни занжирбанд қилинг? Қаған ўрдусига элтамиз. Қаған ҳузурида ҳам шу сўзини такрорласин. Тилига қўшиб, юрагини ҳам итга едиришади!

Пойгакдаги икки жужан жангчиси босқоқ буйруғини адо этиш учун Истами сари юришганда, у қоплондек сапчиб, қиличини яланғочлади.
– Қани яқинлашинг-чи! Турк қилич ясашгагина эмас, ани ишлатишга ҳам қанчалик уста эканлигини кўрурсиз. Кўпдан қиличим жужан қонига ташна!

Кутилмаган қалтис воқеадан ҳамма шошиб қолди. Баҳодир қўлидаги аъло сифатли темирдан махсус ясатилган узун қилич дами кўкиш тусда жилоланар, жужан жангчилари яқинлашишга юраклари дов бермасди.

Бўминнинг амрона овози янгради:
– Истами, ўзингни бос, қаған иродасига қарши бориб бўлурми? Сенга буюрамен: қилични ташлаб, таслим бўл!
– Ака, жужаннинг ифлос қони тўкилмасин, дея турк шаънини тупроққа қориштирмоқчимисен?
– Сен бир жужан қонини тўксанг, қаған лашкари туман туркни қирғин қилур. Эсингни йиғ, қилични ташла!

Истами бўшашиб, қиличини язим устига ташлади. Жужан жангчилари баҳодирнинг икки қўлидан маҳкам ушлаб, ўтовдан олиб чиқишди. Босқоқнинг оқарган юзига қайта қон югурди. Бўминга илжайиб қаради.
– Ябғу, сен қағанга садоқатингни исботладинг. Кўп йиллар бурун қаған қизига совчи юборганингда «темирчига берадиган қизим йўқ», дея рад қилган эди. Ҳозир қизлари қолмаса-да, қиз неваралари бор. Ўғилларингдан бирини уйлантириб, қаған билан қуда бўлсанг, ажаб эмас. Қабилангдан ўлпонни бекаму кўст ундириб берсанг, ўзим совчи бўлиб, қағанни кўндириб берайин.
– Қаған амри бош устига! Сиз қўноқлар тамадди қилиб, дам олиб, йўл ҳордиғини чиқаринг. Биз кечани кеча, кундузни кундуз демай, ўлпонни ҳозирлашга машғул бўлурмиз.

Ташқарида аллақачон йирик сихларда бутун қўйлар кабоб қилиниб, уч оёқли темир ўчоқларга ўрнатилган ашичларда мол эти қайнарди. Босқоқ ва жужан юзбошилари ябғу ўтовида меҳмон қилинди. Жужан жангчиларининг бир қисми ўрдуда, қолгани яқин атрофдаги овулларда қўноқ эди. Тери ашлақлар ёзилиб, авранда ёпилган даста-даста иссиқ нон, ёғоч товоқларда қайноқ шўрва, лаганларда ҳил-ҳил пишган гўшт, изидан қўй ва илвасин кабоблари киритилди. Бурулдой ва юзбошилар олдига алоҳида иззат сифатида қўй каллалари қўйилди. Қимиз дарё бўлиб оқар, бўшаган мешлар қайта тўлдириб келтириларди. Олис-яқиндаги барча овулларга қўноқлар учун қимиз етказиш хабар қилинган. Юзбоши ва ўнбошиларгина эмас, оддий жужан жангчилари ҳам қаҳқаҳа уриб, беклар ўтовида оёқларини узатиб ёнбошлаб, гўшт чайнаб, қимиз сипқоришарди. Созандаю қўшиқчилар қўноқлар хизматида эди. Бурулдой соқчиликка қўйган жужанларни ҳам мезбонлар гўшту қимиздан бенасиб қолдиришмади.

3

Ябғу ўрдуси ва овулларда бурнидан чиққунча еб-ичган жужанлар тун ярмидан ошгач, чодиру ўтовларда чўзилиб, донг қотиб ухлаб, найзасига суянган посбонлар ҳам мудраётган бўлса-да, биргина жужан ҳушёр эди. Бу юзбоши Инал бўлиб, унинг онаси турк эди. Сулувлиги туфайли қизлигида жужан мингбошиси ўғирлаб кетиб уйланган. Тақдирини лаънатласа-да, унга кўникишдан ўзга чораси бўлмаган онаси ўғлига туркча исм қўйиб, турк тилида алла айтиб катта қилди. Шу тарзда болалигидан юрагига турк қабиласи ва юртига меҳру муҳаббат сингдирди. Ўсмирлигида отаси ҳарбий сафарлардан бирида ҳалок бўлди. Йигит етилганда онаси ҳам вафот этди, бироқ у Иналнинг қалбига «менинг элим турк» деган ишончни жойлашга улгурган эди. Иналга онасининг ҳусни ва отасининг жисмоний қуввати мерос бўлиб ўтгандай эди. У жангчи бўлгач, турклар юрти билан боғлиқ хизматларга жон деб борар, турк тили ва урф-одатларини яхши билгани учун босқоқ Бурулдой уни ўз бўлукига олган эди. Турк юртида Инал она тарафидан қариндошлари билан топишиб, туркларда она уруғига эҳтиром кучли бўлгандан, қабиланинг ўз одамидек, ундан унчалик ётсирашмас, фалакнинг гардиши билан жужанлар орасида юрган турк, деб билишарди.

Ябғу Бўминнинг қизи Сулувсочни илк бор кўриб қолганидан бери Инал қарорини йўқотиб, отаси жужанлигидан ор эта бошлади. Сулувсоч учун у қаҳрамонлик кўрсатиш, жангларда қон кечиб, каған лашкарида мингбошилик, ҳатто туманбошилик мартабаларига эришишга ҳозир эди. Бироқ туркларнинг жужанларга нафрати маълум бўлганидан бу йўл билан қиз қалбини эгаллаш амримаҳол эканлигини биларди. Отаси каби қизга зўравонлик билан эришиш истаги унга ёт бўлиб, онасининг бегона қабиладаги бахтсиз турмушини эсдан чиқаролмагани боис, нафақат Сулувсоч, ҳеч бир қизга бундай қисматни раво кўрмас эди.

Топшириқларни кўнгилдагидек бажарадиган Инални босқоқ Бурулдой турклар ўрдусига чопар сифатида тез-тез юбориб турарди. Бошқа жужанлардан фарқли равишда Инал калондимоғлик қилмас, ўз салоҳияти даражасида туркларга қайишарди. Бу ҳол турк ябғусининг назаридан четда қолмади. Йигитнинг ўз қизига ошиқлиги, Сулувсочнинг ҳам унга бефарқ эмаслиги сезгир Бўминга маълум эди. У дастлаб эҳтиёткорлик билан Иналнинг қўйнига қўл солиб кўрди. Баъзи махфий маълумотларни сўраганда, Инал ҳеч нарсани яширмай жавоб берди. Кейинги гал келганингда, қаған ўрдусидаги аҳвол, унинг режалари ҳақида имкон қадар билиб кел, деганида, бунга ҳам осонгина рози бўлди. Шунда Бўмин, йигитни охиригача синаш учун, унга ғазаб билан тикилиб деди:
– Битта қизни дея, сенга юзбошилик мартабасини берган ўз кағанингни сотасенми, кўрнамак!

Йигитнинг ранги оппоқ оқарди. У ябғунинг олдига тиз чўкди.
– Улуғ ябғу, Сулувсочни севишим рост, ўз ҳаддимни билмай қилган бу густохлигим учун мени ўлимга ҳукм қилинг! Лекин мен хиёнатдан ҳазар қиламан. Бу бешафқат очунда одам фақат бир элга мансуб бўла олур. Менга бу дунёда энг азиз инсон бўлган марҳума онам «сен турксан» деб уқтирган ва мен турк бўлиб ўсдим. Жужанлар орасида бир ғарибмен. Турк қабиласига буткул қайтиб келиш менинг ягона орзум эди. Энди билдимки, турклар ҳам мени қабул қилишмайди. Ҳеч бўлмаса, ўлигим шу ерда қолиши менга сўнгги таскиндир.

Йигитнинг кўзларидан беихтиёр оқаётган ёш ёноқларини ҳўл қилди. Бўминнинг ҳам кўзида ёш йилтиради. Иналнинг самимийлигига энди унда шубҳа қолмаганди...

Инал меҳмондорчиликда кўп ўтирмай, қариндошлари билан кўришиш баҳонасида ябғу ўтовини тарк этди. Мезбон сифатида босқоқ ёнида ўтирган Бўмин ҳам «ўлпон масаласини назорат қилиб, бекларга топшириқ берайин», деб маст Бурулдойдан ижозат сўради. Кўп ўтмай, ўрду чеккасидаги қора кигиз чодирлардан бирида ним қоронғида ябғу ва юзбоши паст овозда суҳбатлашиб ўтиришарди.
– Хўш, Инал, қағанга нега яна қурол керак бўлиб қолди? Табғачга юриш қилмоқчи эмасми?
– Бунга унинг ҳоли йўқ. Иртиш дарёси соҳилларида кўчиб юрувчи, арава ясашга моҳир телеут қабиласи жужанларга қарши исён кўтармиш. Қаған Анахуан аларни бостириш учун юборган қўшин тор-мор этилган. Ғазабнок қаған ўзи бутун қўшинга бош бўлиб, исёнчиларни жазолаш учун отланмоқчи. Шу боис, буюк даштнинг узоқ чеккаларигача чопарлар юбориб, катта лашкар йиғмоқда. Лашкарни бекаму кўст қуроллантириш учун жуда кўп қурол-яроғ зарур. Буни фақат темирчи турклар етказиб бера олурлар.
– Қаған ўрдуси ҳозир қаерда?
– Телеутлар ва турклар юртининг қоқ ўртасида.
– Телеут қабиласи аҳволи ҳақида сенга бирон нарса маълумми? Қаған қўшин йиғаётганидан чўчиб, таслим бўлишмасмикин?
– Телеутлар ғалабадан руҳланиб, курашни давом эттириб, жужан истибдодидан халос бўлишга жазм этмишлар. Қаған аларни фақат турклар етказиб берадиган яроғ билан бўйсундира олади.

Ябғу ясовулни чақириб, унга ошиғич кенгашда ҳозир бўлиши зарур беш-олти киши номини айтди. Улар йирик уруғлар оқсоқоллари ва шомон Алп Бўгу эди. Оқсоқоллар бирин-сирин кўзга ташланмайдиган оддий либосларда чодирга кириб, кигизга чўккаладилар. Серсоқол шомоннинг бўйнига қат-қат маржонлар осилиб, кийимига айиқ ва бўри тишлари тақилган эди. Ябғунинг ишораси билан Инал қаған ўрдуси ва телеутлар юртидаги вазият ҳақидаги сўзларини такрорлади. Беклар унга ишониш-ишонмасликларини билмай, бир Иналга, бир ябғуга қараб изоҳ кутишарди.
– Инал бизнинг жужан қағани қароргоҳидаги ўз одамимимиз, – деди Бўмин. – Шу пайтгача бу сирни ҳеч кимга очмаган эдим. Энди эса сизларга ҳам буни билиш фурсати келди. Неча-неча аждодларимизга армон бўлган эрк ҳаққи, ўз болаларингиз ҳаёти ва келажаги, жужанлар орасида туғилиб-ўсса-да, турклигига содиқ қолган, биз учун ўз ҳаётини хавф остига қўяётган ушбу йигит ҳаққи-ҳурмати сиз ҳам то вақти-соати етгунча бу сирни бошқаларга ошкор қилманг!
–Ҳа, Инал туркларда ўзига нисбатан нафрат эмас, балки эҳтиром уйғота олган ягона жужан амалдори, – деди йигитга узоқ қариндош бўлган бир бек. – Бироқ унинг қисмати ҳавас қилгулик эмас. У охиригача на жужан ва на турк бўлолмай, асоратда қолишга маҳкум.
–Тангри турк каби эрксевар элга доимий қарамликни раво кўрганига инониб бўлмаганидек, Иналнинг, қолаверса, ҳар бир турк йигитининг келажаги ёруғ бўлишини умид қилмоғимиз керак, – деди ябғу. – Сизларга яхши маълум, Турфондан ғалла ва матони, телеутлар ва бошқа қабилалардан йилқи, чорва, намат, аравалар, ўтову чодирларни жужанлар қилич кучига таяниб олишади. Қўйингки, еган оши ва кийган либоси: этигидан бўркигача ўзгаларники. Алар ўзга элларни талаб кун кечирмоғи учун, биз турклар қилич етказиб бермоғимиз шарт.
– Бу кўҳна очунда қилични ясаганлар эмас, балки ишлатганлар ҳукмрондур, – деди оқсоқоллардан бири.
– Ғоят тўғри! Аравасоз телеутлар қилич ишлата олишларини исбот этишди. Алар бизга яқин тилда сўйловчи қондош эл. Менга қолса, қурол-яроғни жужанларга эмас, балки телеутларга етказиб бериб, қағанга қарши ҳарбий иттифоқ тузардим.

Оқсоқоллар оғизларига толқон солгандек жим бўлиб қолишди. Ўз укасини жужан босқоғига занжирбанд қилиб берган Бўминдан бундай жасорат кутишмаган эди. Ябғу уларнинг ҳам қағанга садоқатини синамоқчими? Ёхуд у укасини муқаррар ҳалокатдан қутқариш учун кучлар нотенглигини ҳисобга олмай, қудратли жужанларга қарши кураш режасини тузмоқчими?

Бўмин оқсоқоллар кўнглидаги иккиланиш ва ҳадикни сезгандай қатъият билан давом этди:
– Фурсат келди, турк беклари! Қачонгача жужанлар жабр-зулмини чекамиз! Биз – буюк хунлар авлоди нега энди зоти паст жужанларга абадий қарам бўлишимиз керак?! Биз соҳиби ҳунармиз, жужанлар – талончи. Бизнинг ёзувимиз бор, жужанлар саводсиз. Ҳатто саноқ санашда қўй қумалоғидан фойдаланишур. Жужанлар жанговар қабила бўлса, биз ҳам чавандозлик, ёяндозликда алардан кам эмас, қиличбозликда эса устунмиз. Қолаверса, Кўктангрига сиғинадиган турк эли бутпараст жужанларга тобе бўлиши иснод!
– Жужанлар билан савашиб бўлурми? Қағаннинг лашкари саноқсиз, – деди уруғ оқсоқоли эҳтиёткор Турумтой. – Жужанлар ҳеч қачон исёнчиларни аяшмаган.
– Қаған лашкари билан савашиш осон эмас, – деди унга жавобан Бўмин. – Сизларни шу боис кенгашга чақирдим. Ҳозир олдимизда икки йўл турибди: ё қағанга яроғ-аслаҳа етказиб, телеутларни бостиришга ёрдамлашиб, ўз қўлимиз билан жужан истибдодини янада мустаҳкамлаш ёки телеутлар ва бошқа тобе қабилалар билан қағанга қарши иттифоқ тузиб, манфур истибдод кишанларини парчалаб ташлаш. Қайси маъқул сизларга, турк беклари?!

Беклар дафъатан бир қарорга келолмай, ўзаро пичирлаша бошладилар. Улар жужанлар ва турклар кучини чамалаб, бир-бирларига қараб бош чайқашарди.
– Бўмин ябғу, қудратли иттифоқчилар бўлмаса, ўз кучимиз билан жужанларни маҳв этиш амримаҳол, – деди кекса уруғ оқсоқоли Бекпўлат. – Беш йил олдин Табғач ҳукмдори асли сўғдиёналик бўлиб, турклар тили ва урф-одатини яхши билувчи Наҳбанд бухоролини бизнинг ўрдумизга элчи қилиб юборган эди . Бундай улуғ давлатдан элчи келиши турк эли учун катта обрў бўлди. Ўшанда ҳам сен уч-тўрт уруғ оқсоқолини яширин кенгашга чорладинг. Табғач ҳукмдори ўз мактубида турклар жужанларга қарши кўтарилса, иттифоқчи бўлишга, қаған Анахуан ўрдусидан совчилари беҳурмат қилиб қайтарилган турк ябғуси Чанъанга совчи юборса, қизини-да беришга розилигини билдирган экан. Нега ўшанда бу таклифларни қабул қилмадинг? Ўша пайтда телеутлардан кўра анча қудратли иттифоқчи билан жужанларга қарши кураш бошлаш мумкин эди-ку!

Бўмин босиқлик билан изоҳ берди:
– Ҳа, Табғач элчисини иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, совға-саломлар билан кузатсак-да, унинг ҳукмдори таклифлари ҳақида, майли, кенгашиб кўрамиз, деган эдим. Чунки Табғач ҳукмдори ҳамиша даштдаги қабилаларни бир-бирига гиж-гижлаб, низо оловини ёқиб, ўзи бу оловда исинишга уста. Жужанлар ва турклар қирпичоқ бўлса, унга бундан зўр томоша йўқ. Телеутлар эса бизга қондош ва қисматдош иттифоқчи. Алар билан жанг майдонида умумий ёвга қарши елкама-элка тура оламиз. Албатта, Чанъанга – Табғач ҳукмдори саройига ҳам элчи йўллаймиз. Чунки жужанлар билан уруш натижасини ёлғиз жанговар маҳорат ҳал қилмайди. Бу борада қудратли иттифоқчилар сув ва ҳаводек зарур.
– Шундай, билга ябғу! Чанъанга фақат элчи эмас, совчи ҳам юбормоқ даркор. Табғач маликаси турк ўрдусига келин бўлиб тушса, қабиламизнинг мақеи чандон ошадур.
– Сен айтганча бўлсин. Ўғлим Мухонни уйлантириш фурсати келди. Ўзинг Чанъанга элчи ва совчи бўлиб борурсен.
– Бош устига!

Беклар қиёфасини тараддуд ва иккиланиш аломатлари тарк эта бошлади. Мулоҳазаларини дангал айтишмаса-да, аста-секин ябғунинг режасига ҳамоҳанг хулосага кела бошладилар.
– Телеутлар ҳам ўзларини бўри авлодидан ҳисоблашур.
– Фарқи шуки, биз хун шаҳзодаси ва она бўри авлодиданмиз, алар эса хун маликаси ва эркак бўри авлодидур.
– Бинобарин, ҳар иккала қабила бўри байроғи остида жангга кира оладур.
– Шомон Алп Бўгу бу хусусда не дер? Аждодлар руҳлари ва Кўктангри курашимизга хайрихоҳми? – сўради Бўмин.

Ябғунинг шомонга машварат охирида мурожаат этиши бежиз эмас. Аввало, беклар якуний қарорга келиб олиши зарур. Улар курашга жазм этсагина, аждодлар руҳини безовта қилиб, имдод сўраш мумкин.

Қизғин мунозарага бефарқ бош солинтириб ўтирган шомон қаддини тиклади. Оқаринқираган юзидан, манқалдаги ўт ёруғида ялтиллаётган кўзларидан ҳозиргина руҳлар билан мулоқот қилгани билиниб турарди.
– Аждодлар руҳи безовта ва қасосга ташна, – деди важоҳат билан шомон. – Алар таскин топмоғи учун жужанлар қони оқизилмоғи керак. Бу курашда Кўктангри бизни қўллаюр.

Ўз режаси дарҳол якдиллик билан қўллаб-қувватланмаса-да, беклар бирин-кетин унга мойил бўлаётганидан, айниқса, кўпчиликка таъсири зўр шомон уни қўллаганидан ябғунинг юзи ёришиб, нутқи тантанавор тус олди:
– Аждодларимиз эрк истагида тоғ биқинидан дарча очиб, йўл ясашган. Жужанлар қудрати тоғдан ҳам мустаҳкамми? Мана, босқоқлар барчаси қимизга тўйиб, айиқдек ухлашмоқда. Ким билади, бундай қулай фурсат, эҳтимол, юз йилда бир маротаба келар. Ани қўлдан чиқармоққа ҳаққимиз йўқ! Ҳозир ҳар ким ўз уруғига бориб, қурол кўтаришга қодир йигитларни оёққа турғазсин! Осмонга ёнар ўқ отилганда, ҳар уруғнинг йигитлари соқчиларни гумдон қилиб, чақирилмаган қўноқлар ётган бир ўтовга бостириб кириб, аларнинг бошини танидан жудо қилишур. Бир-яримтаси қочиб қутулмасин учун, ўрду атрофи отлиқ жангчилар ҳалқаси билан ўралсин. Қайси уруғ панд берса, уруғ оқсоқоли бўлган бек боши билан жавоб берадур!

4

Тонгги ғира-ширада турк ябғуси ўрдусида даҳшатли талотўп бошланди. Атроф овуллардан ҳам қуролли йигитлар тўпланиб, ўрдуда оёқ босгудек жой қолмаганди. Жужан соқчиларидан баъзилари ҳушёр тортиб, шерикларини уйғотишга шошилдилар. Бироқ вақт бой берилган эди. Турклар соқчиларга қоплондек ташланиб, пайдар-пай зарбалар билан маҳв этиб, ҳар бир уруғ йигитлари белгиланган ўтовга бостириб киришди. Тиш-тирноғигача қуролланган турклар жужанларни қилич ва болта билан чопар, дуч келган ерига найза санчар, темирчилар болға билан бошини мажақларди. Тўплардан бирига кишандан халос бўлган Истами бошчилик қиларди. Дастлабки қурбонлар қаторида Бурулдойнинг бошини кесиб, ябғу олдига келтиришди. Баъзи жужан юзбоши ва ўнбошилари бақириб-чақириб жангчиларни тўплаб, қаршилик кўрсатишга уринишди. Бироқ отларига етолмай, пиёда қолишгани учун тез мағлуб бўлишди. Саноқли жужанлар талотўпда эпчиллик қилиб, турк аскарлари елкасига оёқ қўйиб чопиб ўтган каби ўровдан чиқиб, дуч келган отга миниб, қочишга интилсалар-да, ябғу буйруғига кўра ҳосил қилинган отлиқлар ҳалқасига дуч келиб, барчаси ҳалок бўлишди. Ўрдудаги қирғин заррача раҳм-шафқатсиз кечарди. Қаршилик бефойдалигини англаб, омон қолиш умидида қурол-яроғини ташлаб, тиз чўкиб шафқат сўраган жужанларнинг ҳам калласини узиб ташладилар.

Тонг отганда жужанлардан омон қолган бир гуруҳ паҳлавон жангчилар олиша-олиша ўзларига йўл очиб, ҳимояланишга қулай тошлоқ жойда давра бўлиб, ярадорларни ўртага олиб, қалқони борлар олдинги сафга ўтиб, қалқонларини бир-бирига жипс қилиб туришди. Турклар уларни айлана шаклида ўраб олишди. Жужан юзбошиси қичқирди:
– Биз осонликча жон бермаймиз! Ўнлаб жангчиларингиздан ажраласиз. Яхшиси, бизга йўл беринг, бола-чақамиз ёнига омон қайтайлик.

У яна гапираётган эди, Истамининг гулдуракдек қахқаҳаси овозини босиб кетди.
– Оббо, тасқара жужан-эй, ўлиминг олдидан бола-чақанг кўзингга кўриндими? Кўнглинг тўқ бўлсин, биз тезда жужан ўрдусига етиб, бола-чақангизни ҳам ортингиздан жўнатурмиз. Руҳлар дунёсида учрашасиз.

Олға, йигитлар! Ташна қиличларимизни жужан қони билан суғорайлик!

Жужанлар ўз жонларини қимматга сотиш учун мардона олишдилар. Ҳатто ярадорлар қуролини ташламас, зарба еганлар йиқилаётиб ҳам сўнгги жони билан қарши зарба беришга интиларди. Ўнлаб турк йигити қурбон бўлиб, ундан-да кўпроғи яраланди. Истамининг чап билагини жужан юзбошиси қиличи тилиб ўтди. Жужан ва турк қонидан тошлар алвон тусга кирди. Қуёш кўтарилганда босқоқ билан келган минг жужандан ёлғиз Инал тирик қолган эди.

Турклар томоқлари йиртилгудек сурон кўтаришар, асрий истибдод занжирида сақлаб келган манфур душман устидан қозонган илк ғалабаларини нишонлардилар. Ҳалок бўлган йигитларни қаҳрамонлар сифатида дафн этишди. Кўктангрига қурбонлик учун қўй ва отлар сўйилди.

Уруғ оқсоқоллари яна ябғу ўтовига йиғилишди. Барчанинг қиёфаси масрур ҳам жиддий. Чунки жужан қағани билан қонли уруш бошланган бўлиб, оқибати тангридан ўзгага маълум эмас. Либосларига қон сачраган Истами тўрда ўтирган акасига қайта-қайта юкинарди.
– Ака, нақадар билгасен! Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни, деганлари чин экан.

Турк беклари, ниҳоят, биз ўз давлатимизни қурамиз! Бўминни оқ наматга солиб қағанимиз, деб кўтарайлик, бутун қабила қаршисида тиз чўкиб, унга қасамёд қилсин!

Бошқалар ҳам Истамининг сўзини маъқуллаб, беклар бирин-кетин наъра тортдилар:
– Бўмин қаған бўлсин!
– Анахуанни тан олмаймиз!
– Туркнинг қағани турк бўлсин, жужан эмас!

Бўминнинг қиёфаси ўзгаришсиз эди. Шовқин-сурон босилгач, у хотиржам оҳангда деди:
– Беклар, турк эли қачонки давлатга эришса, қағанли бўлур. Тангри қут берган кишигина қаған бўла олур. Киши элига қут келтиролса, бу анга Тангри қут бергани далилидур. Турк эли яна улуғ синовга дуч келди. Неча юз йилдан бери очунга даҳшат солиб келаётган жужанларга қарши ҳаёт-мамот кураши бошланди. Биз Кўктангри мадади билан ёвни енгиб, эгамен давлатимизни қуролсак, анда қағанли эл бўлурмиз.
– Бизларни жангга бошла!
– Қиличимиз жужан қонига тўймади ҳали!
– Қаған Анахуан бошини ҳам босқоғиники каби узиб, келтириб оёғинг тагига ташлаймиз!

Бекларнинг курашга иштиёқидан мамнун Бўмин давом этди:
– Ҳар ғалаба ҳам бугунгидек енгил қўлга киритилмас. Жужан лашкари кўп ва саркардаларининг ҳарбий тажрибаси юқори. Жужанлар истибдодидан зада барча қабилалар, аввало, телеутларга элчи юборамиз. Алар ғарб тарафдан жужан ўрдусига юриш қилсинлар. Биз шарқдан зарба бериб, жужан қағанини исканжага олурмиз. Телеут қабиласи ябғуси бизнинг аҳдимиз қатъийлигига ишонч ҳосил қилмоғи учун мен анинг ўрдусига кенжа ўғлим Мухонни элчи қилиб юборамен. Инал ва икки жангчи анга ҳамроҳ бўлурлар.
– Қўриқчилар кам эмасми?
– Алар жужанлар еридан яширинча ўтишлари даркор. Бундан катта гуруҳ кўзга ташланиб, ўзини фош қилиб қўядур.
– Отаси жужан кимсани йўл бошловчи қилиш эҳтиётсизлик эмасми? – деди Турумтой.
– Инал чинакам турк йигити эканига энди ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак! У аравасоз телеутлар ғалабаси, жужанлар оғир вазиятда қолгани ҳақидаги чин хабарни айтмаганда, биз босқоқларга ҳужум қилишга журъат этармидик?! Инал жужан лашкарида юзбоши бўлса, элчиликдан қайтиб келгач, турк лашкарида мингбошилик мансабини берурмен.
– Мухон телеут қабиласига элчи бўлиб борса, мени қайси қабилага жўнатасиз? – сўради Қора Иссиқ.
– Тўнғич ўғлим ёнимда бўлиши керак, – деди Бўмин. – Сен Истами амакинг билан қўшинни жангга ҳозирлаб, жужанларга қарши бошлаб боришда менга кўмак берурсен. Сен ўнг, Истами сўл қанот бошлиғи бўлурсиз.

Бобомерос муқаддас турк байроғини келтиринг!

Ясовул кўҳна чарм ғилофни келтириб, ундан байроқни суғуриб, оҳиста ёйди. Байроқ матоси асрлар давомида ўнгиб, рангини ажратиб бўлмаса-да, ўртасига зар иплар билан тикилган бўри боши яққол кўринарди.

Қадимий байроқни кўриб, беклар кўксидан «оҳ» деган нидо отилиб чиқди. Баъзилар кўз ёшларини тия олмай, соқол-мўйловларигача ҳўл бўлди. Ябғу ҳам таъсирланиб, ҳаяжондан бироз бўғилган овозда деди:
– Бу муқаддас байроқни Ашина авлодлари отадан болага энг қимматли мерос сифатида қолдириб, душман қўлига тушмаслиги учун кўз қорачиғидек авайлаб келишди. Ниҳоят, бу ялов қутлуғ озодлик курашига бошлаб, қадимда унинг остида жангга кирган аждодларимиз жасоратини эслатиб, бир кучимизга ўн куч қўшадур.

Байроқни ўрду ташига чиқариб, юксак кўтаринг! Қўлига яроғ олган ҳар бир жангчи туғ остида туриб, агар эрк курашига хиёнат қилсам, эл қарғишига қолай, кўк кириб, қизил чиқсин, дея онт ичсин!

5

Ўрдунинг шарқий қопуси ташқарисидаги қабила йиғинлари ва шодиёналари майдонида издиҳом гавжум. Ўртада ябғу учун ясалган кенг саҳнли баланд супага катта гулдор язим тўшалган. Бўмин ва хотини Элбилга супага чиқиб, намат устига ўтирдилар. Қоматдор, кенг юзли, қирра бурун Элбилга ипак кўйлаги устидан зардўзи камзул кийган, жиғасига тақилган ёқуту гавҳарлар, бўйнидаги дуру маржонлар ва қулоғидаги олтин сирға баҳоси бир сурув йилқидан қиммат эди.

Бўйдор жангчи супа олдида байроқни баланд кўтариб турибди. Ялангликнинг тўрт тарафига ўрду ва атроф овуллар одами йиғилган. Эркаклар қуролланиб олишган. Қариялар, аёллар, айниқса болалар байрамона кайфиятда.

Супага яқинроқ жойда олис ўлкалардан келган турфа либосдаги савдогарлар ҳам туришибди. Улар исёндан таҳликага тушишса-да, ясовул ябғунинг: «Сизнинг молу жонингизга кимса дахл этмас» ваъдасини етказгандан сўнг хотиржам бўлишди. Туркларнинг жужан истибдодига қарши кураш ва ўз давлатларини қуришга жазм этишганини савдогарлар кўришлари, бу хабарни яқин-олис ўлкаларга ёйишлари даркор.

Қасамёд маросимидан олдин, шомон Алп Бўгу талабига кўра, одатдагидек майдонда катта гулхан ёқилди. Шомон чилдирма чалиб, ирғишлаб мунчоқларини шалдиратиб, гулхан атрофида айланиб афсунлар ўқиб, ёвуз руҳларни ҳайдаб, қасамёдгоҳни поклади.

Олағовурга қарамай, майдоннинг қуйи тарафидан эшитилган таҳдидли овозлар барчанинг диққатини тортди. Бир неча жангчи қўли орқасига бойланган юпун кийимли чол ва бош яланг кампирни олдларига солиб, найза дастаси билан туртиб келишар, улар қоқилиб йиқилса, бақириб-тепиниб жойидан турғазишарди. Икки киши бир ярадор кимсани кўтариб келишарди. Супа олдига етгач, чолу кампирни тиз чўктириб, ярадорни ерга ётқизишди. У ёш жужан бўлиб, кўзлари олазарак боқарди. Бўмин қўли бойланган кекса подачини таниди. Аёл унинг хотини эди. Ясовулнинг сўровидан сўнг жангчилардан бири изоҳ берди:
– Бул хоинлар жужан жангчисини ўз чодирида яширмиш. Ўт-ўланга томган қон изидан борсак, тўғри чодирга олиб кирди. Жужан тўшак устида ялпайиб ётибди. Булар эса ярасини бойлаб, иссиқ сут ичириб, ўз боласидай боқиб ўтиришибди. Ябғу қилмишларига яраша жазо берсин, дея олиб келдик.

Издиҳом орасидан подачи ва хотинига таънали хитоблар ёғилди:
– Паст одамдан шундай паст ишлар содир бўлади!
– Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога?!
– Отнинг думига бойлаб судраш керак буларни!

Сочлари тўзғиган кампир таҳдидларга зарра парво қилмас, гўё бутун оламни унутиб, ярадор жужан тепасида парвона эди. У эски жун камзулини ечиб, думалоқлаб, жужаннинг боши тагига ёстиқ қилиб қўйганда, турклар сафидан нафратга йўғрилган гулдурак чопиб ўтди:
– Оббо, ялмоғиз-эй, билмаган одам жужанни ўзи туққан, деб ўйлайдур!
– Шунақалар элни бузади-да!
– Буларнинг жазосини Бўмин ябғу берадур. Шундай жазоки, бутун элга сабоқ бўлур!

Олағовур бироз тингач, Бўмин подачига деди:
– Сен эсли-ҳушли эдинг-ку! Нега уруғингни иснодга қолдирдинг? Жужан ҳозир бемажол ётибди. Ани боқиб, даволаб, оёққа турғизсанг, энг аввал сени ва хотинингни ўлдириб, хонумонингга ўт қўядур-ку!
– Эй, билга ябғу! Мен умр бўйи аввал отангнинг, сўнгра сенинг подангни боқдим. Хотиним қўлини косов, сочини супурги қилиб, хонадонингда чўри бўлди. Тангри бизга фарзанд бермаганидан хабаринг бор. Тонг пайти шу жужан йигит зўрға судралиб, чодиримизга кириб инграб: «Мени яширинглар, ўлгим келмаяпти», дея ялиниб-ёлворди. Эр-хотин уни Тангри юборган фарзанддек кўриб, ярасини бойлаб, парвариш қила бошладик. Гуноҳимизга иқрормиз. Бизни ўлутчи қўлига топшир! Бироқ, Тангри ҳаққи, бу болага шафқат қил! У оёққа тургач, ўз юртига жўнасин. Ахир, ота-онаси анинг йўлига кўз тутаётгандир.

Барча нафасини ичига ютиб, ябғу ҳукмини кутарди. Бўминнинг боши сал эгилиб, пешонаси тиришди. У фақат хотини эшитадиган тарзда пичирлади:
– Бошим қотди, Элбилга хотун, маслаҳат бер, не жазо берайин аларга?
–Бўмин ябғу, шуни билки, аждодлар байроғи остидаги сенинг илк фармонинг қон тўкиш бўлмоғи дуруст эмас. Эл равнақи учун давлат яратмоқчи экансен, фақат қаттиққўллик ва зулм қилмасдан, жабрдийда элга шафқат ҳам кўргуза бил!
–Маслаҳатинг дуруст. Чўпонни, эсини йўқотган чол, деб афв этса бўладур. Бироқ жужанни омон қолдириш пасту баланд гапларга сабаб бўлади-ку! У сал оёқланса, ўз юртига қочиб, турк ўрдусида кўрганларини қағанга етказадур.
–Оёққа туриш тугул бошини кўтаришга мажоли йўқ-ку унинг! Соғая бошлагач, ҳар қадами соқчилар кузатувида бўлур.

Ябғу бошини тиклаб, хитоб қилди:
– Турк эли, даъватимни эшит! Бугун – аждодлар байроғи яна бошимиз узра ҳилпираган, Тангри эркдан мужда берган қутлуғ кун! Бундай кунда ҳар хил гина-кудуратларни унутиб, забардаст мушт каби бирлашайлик! Байрамга жазо ҳукми эмас, шафқат ва афв ярашур! Мен подачи ва хотини гуноҳидан ўтиб, жужаннинг қонидан ҳам кечдим. Барча овулларга жар солинг! Яна кимки бир-ярим жужанни яширган бўлса, бу афв уларга ҳам тегишли. Бундан сўнг турклар ёв қонини фақат жанг майдонида тўкадур. Кучимизга тан бериб таслим бўлганларни афв этиб, шафқат қилурмиз. Зеро, зулмга таянган давлат ҳам ўз эли, ҳам очун аҳлида нафрат уйғотур!

Бас, қутлуғ байроқ остида онт ичишни бошланг!

Дастлаб ябғу хонадони аъзолари – ўғиллари, укалари, вояга етган жиянлари байроқ олдида тиз чўкиб, ябғу ва хотунга таъзим қилиб, онт ичишди. Сўнгра беклар ҳар бири ўз уруғи эркакларини қасамёдга бошлаб келишди. Ашина уруғидан сўнг Элбилга хотун мансуб бўлган Ашида уруғи беклари ва жангчилари онт ичишди. Бу турк қабиласида мавқеи жиҳатидан иккинчи уруғ бўлиб, қабила ябғулари мазкур уруғ аёлларига уйланиши қадимдан одат тусига кирган эди.

Кечгача ўрду ва атроф овуллардаги жангчилар онт ичиб бўлишди. Олис овуллар жангчилари ҳам бу амални адо этмоқлари учун навбати билан кунлар тайин этилди.

6

Ўрдуни яна қоронғулик қоплади. Осмонда юлдузлар жимирлайди. Тоғ чўққиси ортидан ой балқиди. Ўрдунинг тоғ томондаги тепа қисмидан Чуя дарёсининг кичик ирмоғи оқиб ўтарди. Сой бўйида унда-бунда терак ва толлар ўсар, улар орасида мавзега ном берган қўш қарағай юксалиб турарди. Қарағай ёнидаги харсангтош устида Инал ўтирибди. Совути ва қурол-яроғи ой нурида йилтирайди. Унинг қаршисида турган ўрта бўйли, кулча юз, бодомқовоқ қиз – ябғу Бўминнинг қизи Сулувсочнинг бутун диққат эътибори йигит совға қилган олтин тароқда. Уни гоҳ ой ёруғига солиб кўради, гоҳ бандидаги ўйма нақшларни қўли билан сийпалайди. Совғаси ёққанидан хурсанд йигит қизга термулади. Ўрду пастда, ўтову чодирлар олдида ёнаётган гулханлар юлдузлар аксидек, улар атрофида юрган одамлар ҳамон кундалик ташвишларга банд бўлишса, булар заминдан юксак фазога кўтарилган каби эди.

Қиз, ниҳоят, эътиборини тароқдан йигитга қаратди.
– Инал, жужан қабиласи билан сени боғлаб турган барча иплар узилди. Юзбошилик мансабидан ҳам жудо бўлдинг. Дилингда ҳеч афсус йўқми?
– Йўқ, аксинча, оғир юкдан халос бўлиб, ниҳоят, мунофиқона ҳаётдан қутулиб, ўзлигимга қайтгандаймен. Жужан лашкарида юзбоши бўлгандан оддий турк жангчиси бўлганим афзал.
– Онанг беқиёс аёл экан! Турк юртидан йироқда, ётлар орасида сени асл турк ўғлони қилиб улғайтирибдур.
– Ахир, онам мансуб эл беқиёс! Турк уйига кирганда олдин онасига, сўнгра отасига юкинади. Очунда аёлни бу қадар эъзозлайдиган бошқа халқ йўқ!

Албатта-да! Мана шу сой бориб қўшиладиган Чуя дарёси қуйиладиган катта дарёни турклар Хотун деб аташади. Шимолдаги ундан-да катта дарёни қирғизлар Энасой дейишади. Бу ҳам аёлларни эъзозлашганидан. Сен ҳам мени эъзозлайсенми, Инал?
– Ҳар тола зулфингни эъзозлаймен! Ҳамиша бошимда кўтариб юрамен!

Шундай дея, йигит қизни қучиб, боши узра кўтарди ва айлантира бошлади. Қиз қиқирлаб кулди.
– Бўлди, қўлинг толди, ерга қўй!
– Жангчининг қўли толмас, билъакс, мағлуб бўлур.
– Унда кучингни жангга асра. Айтишларича, жужанлар билан катта саваш бўлармиш. Қизиқ, жанг майдонида ота қариндошларингга рўпара келсанг, не қиласен?
– Билмадим, Сулувсоч. Шундай бўлишини ҳеч истамасдим. Мабодо, бўлиб қолса, аларни ўлдирмасдан, асир олишга уринардим, – деди Инал қизни оҳиста ерга қўяркан.
– Баъзи турк беклари: «Жужанларни бешикдаги боласигача битта қўймай қирамиз!», дейишмоқда.
– Бунчаликка боришмас! Барча ёвлашган эл-элат бир-бирини батамом қиришга киришса, ер юзида одам зоти қолмайди-ку! Ахир, отанг Бўмин ябғу: «Бундан сўнг турклар ёв қонини фақат жанг майдонида тўкадур» - деб айтди-ку! Билсанг, босқоқ Бурулдой билан келган минг жужаннинг ўлими учун ҳам ўзимни айбдор ҳис қилиб, юрагим қон. Айниқса, ўз қўл остимдаги юз йигитнинг руҳлари чирқиллаб, мени қарғашаётгандек. Гарчанд, ҳаёт-мамот курашида бошқа илож йўқлигини англасанг-да, гуноҳкорлик туйғусидан халос бўлиш мушкул.

Қарағай тепасида укки сайради. Ўз саволлари йигитда маҳзун ўйлар уйғотганидан қиз хижил бўлиб, яна тароқни қўлида айлантириб томоша қила бошлади.
– Қайси элнинг буюми экан? Табғач тароқларининг кўпини кўрганмен. Бунақаси ҳеч учрамаган.
– Бу олис, уч денгиз, ўнлаб дарё ортидаги Бизонс мамлакатида ясалган.
– Наҳотки! Унда барча турк қизлари орасида бунақаси фақат менда бўлади, –деди қиз қувонч билан ва жиғасини кўтариб, тароқни икки ўрим қилиб елкасига ташланган сочи тепасига қистириб қўйди.
– Қувончинг мен учун ҳар недан ортиқ, Сулувсоч. Ҳар гал турк юрти сари келаётганимда юрагим гурс-гурс ура бошлайди. Онам туғилган ва ёшлиги ўтган маконга бораётганимдангина эмас, сени кўриш саодатидан ҳам юрагим ҳапқиради.
– Сен жужанлардан бутунлай узилиб, чинакам турк бўлдинг. Турк юртида бемалол яшаб қола олурсен.
– Уруш ғалаба билан тугагандан сўнг, албатта, – дея Инал хўрсиниб қўйди. Бироқ уруш кулфатидан бехабар севгилисининг кўнглига ғашлик солмаслик учун, кўнглидаги ташвишлардан гап очмади.

7

Туни билан отда йўл босган Мухон ва ҳамроҳлари тонгга яқин яланг даштда пана-пастқам жой излай бошлашди. Кундузи яшириниб, дам олишмоқчи эди. Чунки турклар юртидан анча узоқлашишган, бепоён даштда жужан овуллари ёки отлиқ гуруҳларига дуч келиб қолишлари мумкин. Боз устига, бу йўл тўғри қаған ўрдусига олиб боради. Тунда ўрдуни четлаб ўтиб, телеутлар юрти сари йўлда давом этишмоқчи эди.

Имкон қадар вақтдан ютиб, қурол-аслаҳа ясаш ва лашкарни қуроллантириш учун Бўмин барча чораларни кўрмоқда. Исён асносида ябғу ўрдусида бўлган савдо карвонларига вақтинча йўлга тушмай, кутиб туриш буюрилган. Бироқ, барибир, исён хабари шамолдек ўзига йўл топиб, бугун бўлмаса, эртага қаған ўрдусига етиши тайин.

Отлиқлар йўлдан четлашиб, кичик жарлик бўйида тўхташди. Пастда булоқ сувидан ҳосил бўлган жилға оқар, унинг бўйида жийда, тўранғи ва буталар ўсарди. Турклар отдан тушишди. Улар этаги болдирларигача тушган кафтан устидан темир лавҳалардан тикилган зирҳли кўйлак кийишган, енги билакларигача бекитиб турарди. Белларидаги камарнинг чап томонига қилич, ўнг томонига ўқ тўла садоқ, елкаларига камон осиғлиқ. Эгарнинг икки тарафига боши темир тишлар билан қопланган чўқмор ва узун найза маҳкамлаб қўйилган. Бошларидаги темир дубулға қаттиқ ботмаслиги учун ич тарафига юмшоқ тери қопланган. Жангчилар енгил намат чориқ кийиб олишган.

Ингичка оёқли, боши катта, сағриси кенг, ёллари қирқилиб, думи тугилган отларни жиловидан етаклаб, жарликка тушириб, жилғадан суғориб, ўтлаш учун буталар орасига қўйиб юборишди. Отлар яхши ўргатилгани учун тушовлаш ёки бойлашга ҳожат йўқ, эгаларидан узоқлаб кетмас, чақирилган заҳоти чопиб келарди.

Жангчилар эгарни ёстиқ қилиб, майса устига чўзилишди. Навбати билан бир киши тепада қоровул эди. Йўлда йўловчилар қораси кўринса, қоровул шерикларини уйғотар, барчаси қурол-яроғларини шайлаб, йўловчиларни кузатишарди. Бир неча гуруҳ отлиқ жужанлар у тараф – бу тарафга елиб ўтишди. Ғарбдан қўнғироқларини даранглатиб юздан ошиқ туядан иборат сўғд сотиқчилари карвони ўтди. Туяларга юкланган той-той ғаройиб моллар ҳар қандай саҳройининг кўзини ўйнатса-да, соқчилар ҳимоясидаги карвонни талашга кимса журъат этмас, катта бож тўлашгани учун савдогарлар жужан қағани ҳимоясида эди.

Йўлдан ўтганлар кафтдагидек кўринса-да, ўзларини ҳеч ким пайқамаганидан, турклар қулай жой топишганига амин бўлишди. Туш пайти тамадди қилиб, жилға сувидан қониб ичишди. Тўрсиқларини сувга тўлдириб олишди. Йўлга тушиш ҳамон хавфли бўлгани учун яна уйқуга ётишди. Пешин пайти қоровулда турган Инал шерикларини уйғотди.
– Шарқдан икки отлиқ келаётир.
– Жужанларми?
– Кийими аларникига ўхшамайдур. Йўрғаларига кўра, турклардир, деб ўйлаймен.
–Қизиқ, балки бошқа қабилаларга иттифоқ тузиш учун юборилганлардир.
– Яқинлашсин-чи, биламиз.
– Отланиб, шай бўлиб туринг! – буюрди Мухон.

Отлиқлар яқинлашганда, чиндан турклар бўлиб, Турумтойнинг уруғидан эканликлари аёнлашди. Мухон буйруғига кўра, жангчилардан бири жардан чиқиб, йўлдан ўтиб бораётган отлиқларни чақирди. Отлиқлар бироз тўхтаб, син солиб қарашди, бироқ чақириққа жавоб бермай, отларини аёвсиз қамчилаб, олға елишди.
– Тўхтанг, биз жужанлар эмас, турклармиз! – деган хитоб ҳам уларга кор қилмади.

Кўнгли ниманидир сезган Мухон уларни таъқиб этишни буюрди. Тўрт отлиқ қувиб келаётганини кўрган қочоқлар, отда елиб бораётиб, ортга бурилиб камондан ўқ уза бошладилар. Мухоннинг жангчиларидан бири елкасидан ўқ еб ортда қолди. Инал отган ўқ қочоқлардан бирининг бўйнига санчилиб, отдан қулатди.
– Бунисини тирик ушлаймиз, – деди чопқир арғумоқда бошқалардан ўзиб бораётган Мухон арқон сиртмоқни отишга шайлар экан.

Зум ўтмай, сиртмоқ ҳавода шувиллаб, ёлғиз қолганидан эсанкираган қочоқнинг бошига тушди. У ўқ-ёйини ташлаб юбориб, гурсиллаб ерга қулади. Кўришдики, у ер-бу ери тирналиб, башараси тупроққа беланса-да, оғир жароҳат олмаган экан. Сиртмоқни бўшатишганда, у тиззасида туриб, ҳансираб нафас ола бошлади. Сиртмоқ қийган бўйни қонталаш эди.
– Ҳа, Жангар, турк бўлатуриб, туркдан қочасен, – деди Мухон уни таниб.
– Биз сизни жужанлар, деб ўйлабмиз.
– Бекорларни вайсама! Тўғрисини айтмасанг, ҳозироқ шеригинг ёнига йўл оласен!
– Кечиринг, ябғунинг ўғли. Бизнинг айбимиз йўқ. Турумтой бизни ўз буйруғини адо этиш учун юборди.
– Қандай буйруқ?
– Исён хабарини жужан қағани Анахуанга етказиш.
– Хиёнат-ку бу! Ахир, олдинги барча исёнлар айни хиёнат туфайли мағлубиятга учрагани Турумтойга аён эди-ку!
– Бу хабарни қағанга етказиб, эвазига туркларга ябғу бўлмоқчи у.
– Қарам элнинг ябғуси бўлгунча, эркли элнинг подачи ё темирчиси бўлгани яхши эмасмиди?!
– Бизнинг гуноҳимиз йўқ. Турумтой уруғимиз оқсоқоли бўлгани учун анинг амрини бажаришга мажбур эдик.
– Мени, авраймен, деб овора бўлма! Сен ҳам туғ остида туриб онт ичгансен. Шеригинг онтни бузгани учун, Тангри жазосини берди. – Мухон қиличини қинидан суғурди. – Мана шу кўк темир баданингга кириб, қизил бўлиб чиқар!

Қилични зарб билан Жангарнинг кўксига санчди.

Бу орада ярадор жангчи ҳам етиб келди. Ўқнинг темир учи юпқа зирҳни тешиб ўтган бўлса-да, чуқур ботмаган экан. Унинг ярасини бойлаб, дарҳол отланишди.
– Узоқ кенгашишга вақт йўқ, қош қораймоқда ва тез йўлга тушишимиз зарур, – деди Мухон. – Мен билан Инал телеутлар юрти томон йўлда давом этамиз. Иккалангиз ортга қайтиб, отам Бўмин ябғуни Турумтойнинг хиёнатидан огоҳ этинг. Ўрдудаги илон бошини тез янчсин. Эрк курашида ичингдаги хоин душмандан ҳам хатарли!

Суворийлар жуфт-жуфт бўлиб, икки қарама-қарши тарафга от солишди. Тез орада бошланиб, довруғи Туғардан Ботарга довур тараладиган буюк савашлар қай тарзда кечиши саҳрони ўқдек кесиб бораётган ушбу отлиқларнинг кўзланган манзилга эсон-омон ўз вақтида етиб боришларига боғлиқ эди.

2011