OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифГенрих Бёлл
Асар номиАлбатта, бир нима содир бўлади (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Олмон адабиёти
Бўлимлар
   - Реализм
Муаллифлар
   - Генрих Бёлл
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДавронбек Мамарасулов (Олмон тилидан)
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Албатта, бир нима содир бўлади (ҳикоя)
Генрих Бёлл

Алфред Вунзидел фабрикасида хизматчи бўлиб ишлаган пайтларим кечмиш ҳаётимда ғаройиб кунлар бўлиб муҳрланди. Табиатан меҳнатдан кўра хаёлпарастликка ошнолигим кўпроқ ва ўзимни уринтиришни хуш кўрмайман.

Онда-сонда меҳмон бўладиган моддий қийинчиликлар ҳам ҳа деганда мени тарк этавермайди – хаёлпарастлик ҳам бекорчилик каби бесамар бўлади-да. Бир сафар иложсизликдан бандликка кўмаклашувчи ташкилотга умид боғлаб бордим. Мени (ўзим каби яна етти шеригим билан) Вунзидел фабрикасига ишга қабул имтиҳонидан ўтишга жўнатишди.

Фабриканинг олд кўринишиёқ ичимга ғулғула солди: фабрика бошдан оёқ шиша блоклардан қурилганди. Меҳнатни қанчалик ёқтирмасам, ёрқин бино ва хоналарни ҳам ундан ортиқ кўрмайман. Бизни ёруғ, байрамона безалган ошхонага олиб киришганда, ташвишим янада ортди: мулойим официантлар бизга тухумлар, қаҳва ва қовурма бурда нонлар келтиришар, кўзни қамаштирадиган графинлардаги апелсин шарбатлари кишини ўзига чорларди; яна тилла балиқчалар оч яшил аквариум ойналарига димоғдор башарасини тираб туришини айтмайсизми. Официантлар шу қадар хурсанд эдиларки, хурсандчиликдан ёрилиб кетгудай, қўшиқ айтиб юборишдан ўзларини зўрға тутиб туришгандек туюларди менга.

Хаёлимга бошқа шерикларим ўйламаган гумонли фикр келди: балки бу нонушта ҳам имтиҳоннинг бир босқичи бўлсачи; мен, ўз танасини гўё тансиқ таомлар билан сийлаётган киши каби нонни астойдил, жон куйдириб чайнай бошладим. Ундан кейин қилган ишимни кўрган одам мени жиннига йўйиши мумкин: оч қоринга апелсин шарбатидан ичдим, қаҳва ва тухумга қўл ҳам урмадим, қовурма бурда ноннинг йирик бўлагига ҳам тегмадим, кейин ўрнимдан турдим-у, ошхона ичида у ёқдан бу ёққа шахдам қадам ташлаб юра кетдим.

Шундай қилиб десангиз, имтиҳонга биринчи бўлиб олиб киришди, у ерда шинам тузалган столлар устида саволномалар шай турарди. Деворлар яшил бўёқ билан шундай зийнатлангандики, қўяверасиз. Бу ерда ҳеч бир зоғ кўринмас, шунга қарамай мени кузатишаётганига ишончим комил эди. Ўзимни гўё ҳеч ким кузатмаётган, меҳнатга бошқоронғи бўлган ҳомиладордек тутдим: бетоқатлик билан ручкамни сумкамдан суғура солиб биринчи дуч келган стол ёнига ўтирдим ва тутқаноғи тутган ҳисобчи каби сўровномани олдимга тортдим.

Биринчи савол: Бир инсонда икки қўл, икки оёқ, икки кўз ва қулоқ борлигини мантиқан тўғри деб ҳисоблайсизми?

Шу ўринда мен биринчи марта хаёлпарастлигим мевалари ҳосилини йиғиб, зудлик билан уни қоғозга туширдим: «тўрт қўл, тўрт оёқ ва тўрт қулоқ ҳам менинг ғайратим олдида камлик қилади. Эсиз, инсон тана аъзолари билан кам таъминлангани ачинарли.

Иккинчи савол: Бир вақтнинг ўзида нечта телефонга хизмат кўрсата оласиз?

Бу саволга жавоб беришим ҳам «икки карра икки»дек осон бўлди. «Агар телефон еттитача бўлса, – ёздим мен, – балки зерикиб қоларман, тўққизтаси балки чигалимни ёзар».

Учинчи савол: Иш куни тугагач, бўш вақтингизда нима билан банд бўласиз?

Жавобим: «Мен иш куни тугашини тасаввур қилолмайман, ўн беш ёшга кирган куним «бўш вақт» жумласини луғатимдан ўчириб ташлаганман, меҳнат доим ҳаётимнинг мазмуни бўлиб келган».

Мени ишга олишди. Очиғи тўққизта телефон ҳам мени чарчата олмади. Гўшакка бақиришимни айтмайсизми: «Имилламай ҳаракат қилинг!» ёки «Бўш турманг! – Бир нима қилиш керак. – Бир нима амалга ошади. – Бир нима амалга ошди. – Бир нима амалга ошиши керак эди». Кўпинча (муҳитнинг таъсирида бўлса керак) – буйруқ-истак майлига амал қилардим.

Энг қизиғи тушлик танаффуслари эди. Биз ошхонада сассиз-садосиз хуррамлик билан витаминларга бой таомлардан баҳра олардик. Вунзидел фабрикаси шундай одамлар билан тўлгандики, улар худди ҳормас-толмас меҳнаткашлар каби ўз таржимаи ҳолидан ҳикоя қилишга муккасидан кетгандилар. Уларнинг таржимаи ҳоли уларга ўз ҳаётидан ҳам муҳимроқ, бир тугмасини боссанг бас, эҳтиромга бурканган таржимаи ҳол ижросини эшитасан.

Вунзидел раҳбари Брошек исмли киши бўлиб, ўз вақтида жуда шуҳрат топган эди, чунки у талабалик пайтидаёқ еттита етим бола ва бир фалаж аёлни боққан, қолаверса, тўртта савдо ваколатхонасида муваффақиятли амалиётдан ўтган ва унинг устига икки йил ичида иккита давлат имтиҳонини аъло баҳога топшириб, ўқишни тамомлаган эди. Мухбирлар ундан: «Сиз ўзи қачон ухлашга улгурасиз?» – деб сўрашганда у: «Ухлаш – бу гуноҳ!» деб жавоб берган.

Вунзиделнинг котибаси эса, бир фалаж киши ва тўрт болани тўқувчилик қилиб боққан ва шу билан бир вақтда психология ва мамлакацҳунослик бўйича диссертация ёқлаган, буям етмагандек овчарка итлар боққан ва Вамп 7 номи билан барда қўшиқчилик қилган.

Вунзиделнинг ўзи шундай инсонлар тоифасидан бўлганки, бундайлар эрталаб уйғониб улгурмай, ҳаракат қилишга бел боғлашади. «Мен ҳаракат қилишим керак», – ўйлайди улар ваннага кираётиб. «Мен ҳаракат қилишим керак», – ўйлайди улар соқол олаётиб, улар соқолларини олар экан, совун кўпигига бурканган устара мосламага тантанавор боқадилар: Бу қиртишлашдан тўкилган қиллар улар ҳаракатчанлигининг илк қурбонлари бўлмоқдалар. Ҳатто билинар-билинмас ҳодисалар ҳам уларда мамнуният уйғотади: сув шилдирамоқда, қоғоз ишлатилмоқда. Бир нима амалга ошмоқда. Нон ейилмоқда, тухум паққос туширилмоқда.

Вунзиделнинг арзимаган кичик бир қимирлаши ҳам ҳаракат бўлиб кўринади: бошига шляпа қўндириши, бармоқлари титраганича палтоси тугмасини қадаши, хотинининг юзидан ўпиб қўйиши, ҳаммаси меҳнат.

У хонасига қадам қўйиши билан котибасига салом ўрнига қичқиради: «Бир нима қилиниши керак!» Котиба ҳам унга кўтаринки кайфиятда жавоб беради: «Албатта, бир нима амалга ошади!» Вунзидел кейин бирин-кетин бўлимларни айланиб, ҳаммага «Бир нима қилиниши керак!» номли кўтаринки жумласини улашади. Ҳамма унга «Албатта, бир нима амалга ошади!» дея жавоб қайтаради. Мен ҳам, у хонамга кирган заҳоти нурафшон қиёфада: «Албатта, бир нима амалга оширилади!» деб ҳайқираман.

Биринчи ҳафта давомида хизмат кўрсатадиган телефонларим сонини ўн биттага етказдим, иккинчи ҳафтада ўн учтага. Эрталаблари трамвайда кетар эканман, янгидан-янги буйруқ-истак майлларини ихтиро қилиб ёки «содир бўлмоқ, амалга ошмоқ» феълларини турли замонларда, турли нисбатларда, истак майли ва аниқ майлларида кашф қилиб роҳатланаман; икки кун давомида фақат битта гапни қайтардим, чунки унинг шундай зер-забар шаклини топиб олдим: «Бирор нима содир бўлиши керак бўлган бўлса – бўлса экан», кейинги икки кун бошқа бир гап: «Содир бўлиши мумкин бўлмаган нарса бўлса – бўлса экан».

Шу зайлда ростдан ҳам бир нима содир бўлгандай, ўзимни ҳолсиз сеза бошладим. Қайсидир сешанба куни фикримни йиғиб улгурмасимдан, Вунзидел хонамга кириб келди ва ўзининг «Бир нима қилиниши керак!» ибораси билан ҳайқирди.

Унинг юзидаги ғайриоддий ифодага тикилиб, ёзиб қўйилганидек, хушчақчақ ва ғайрат билан «Албатта, бир нима амалга ошади!» дейиш тилимга келмади. Узоқ вақт каловландим, чунки ҳадеб бақиравермайдиган Вунзидел менга қараб ўкирар эди: «Жавоб беринг! Ёзиб қўйилганидек жавоб беринг!» Мен эса секингина, истамасдан, «мен ёмон боламан» дейишга тили бормаётган ёш болага ўхшаб жавоб бердим. Бўғзимдаги гапим зўрға сирғалиб чиқди: «Бир нима амалга ошади!» Тилим калимага келиб улгурмасидан, ростдан ҳам нимадир содир бўлди: Вунзидел тўсатдан ерга йиқилди, у тараф-бу тарафга ағанаб, очиқ эшик рўпарасида кўндаланг ётиб қолди. Мен қўрқа-писа столимни айланиб ўтиб унга яқинлашганимда, кўнглимдан ўтган гумон тўғрилигига амин бўлдим: у жон таслим қилганди.

Бошимни силкиб, Вунзиделдан узоқлашдим, коридор бўйлаб оҳиста юриб Брошек хонасига яқинлашдим ва тақиллатмасдан кириб бордим. Брошек ўз ёзув столи ёнида ўтирар, икки қўлида ҳам телефон гўшаги, оғзида эса шарикли ручка билан ён дафтарга нималарнидир қайд этар, яна шу билан бир пайтда ялангоёғи билан стол остидаги ёзув машинкасини ишлатарди. Шу алфозда у оиласининг бус-бутун кийинишини таъминларди. «Бир нима содир бўлди,» – дедим мен секингина. Брошек шарикли ручкани туфлаб ташлади, иккала гўшакни қўйди, оёқ бармоқларини шошмасдан машинкадан олди.
– Нима содир бўлди? – сўради мендан.
– Жаноб Вунзидел қазо қилди, – дедим мен.
– Йўқ, – деди Брошек.
– Афсуски, рост, – дедим мен, – бу ёққа юринг!

Брошек: «Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас», – деди-ю, менинг ортимдан коридор бўйлаб туфлисини шалоплатиб судраганча эргашди.

«Йўқ, – деди у Вунзиделнинг жонсиз жасадига кўз тикиб, – йўқ, йўқ!» Мен унга эътироз билдирмадим. Эҳтиёткорлик билан Вунзиделни ўгирдим, кўзларини юмиб қўйдим-да, унга ўйчан тикилдим.

Қалбимда унга нисбатан илиқликни туйдим ва биринчи марта ич-ичимдан уни ҳеч қачон ёмон кўрмаганимни ҳис қилдим. Унинг юзида гўё болалар юзидаги каби ўжарлик ва қайсарлик ифодаси бор эди, худди ўртоқларининг далиллари ҳар қанча ишонарли эшитилсаям, қорбобога бўлган ишончидан воз кечмаётгандай.

«Йўқ, – такрорларди Брошек, – йўқ!».
– Бирор нима қилиш керак, – аста юзландим Брошекка.
– Ҳа, – деди Брошек, – бирор нима қилиш керак.

Бир нима чораси кўрилди: Вунзидел дафн қилинди, менга эса сунъий атиргулларни унинг тобути ортидан кўтариб боришни бир овоздан топширишди, чунки менинг қонимда хаёлпарастлик ва ҳаракацизликка мойилликдан ташқари, жуссам ва юз қиёфамда қора костюмга монандлик ҳам бор эди. Очиғи мен – Вунзидел тобути ортидан қўлимда сунъий атиргуллар билан борар чоғимда – салобатли, оғир-вазмин кўринардим. Шундан сўнг мени дафн маросими билан шуғулланувчи муассасага таклиф қилишди. У ерда менга азадор сифатида ишлашни таклиф қилишди. «Сиз туғма мотамсаросиз, – деди менга муассаса раҳбари, – сизни кийим-кечак билан таъминлаймиз. Кўринишингиз – қойилмақом!»

Мен Брошек билан гаплашиб, унга у ерда ўн учта телефонга хизмат қилиб ҳам, меҳнатга бўлган чанқоғим босилмаётгани, етарлича ишлаб чигалим ёзилмаётганини тушунтирдим. Ўша биринчи марта ўзимни азадор қиёфасида кўрган чоғимда анг­лаб етдимки, бу айнан менинг касбим, айнан мен учун аталган иш экан.

Ўйга толиб, камтарона гулдастани қўлимда тутганча, халқ орасида унча оммалашмаган мотам куйи чалинаётган чоғда капелла ортида тураман. Қабристон ёнидаги кафе доимий ўтирадиган паккам, рол ўйнагани чиқмаган пайтларим у ерда вақт ўтказаман. Баъзан зерикканимда буюртма берилмаган майит ортидан борувчиларга ҳам қўшилиб кетавераман, ўз ҳисобимдан шартта гулдаста сотиб оламан-да, худо йўлига етим-есирлар тобути ортидан юриб кетавераман. Вақти-вақти билан Вунзиделнинг қабрини ҳам зиёрат қилиб тураман, чунки менинг чинакам касбимни, хаёлпарастлик қадрланадиган ва ҳеч нарса қилмаслик бурчи бўлган касбни кашф қилиб бергани учун ундан бир умр миннатдорман.

Энди-енди бир нарса бошимни қотиряпти: Вунзидел фабрикасида нима ишлаб чиқариларди экан?! Адашмасам совун эди-ёв!