OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифГодердзи Чохели
Асар номиБалиқдан мактуб (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Грузин адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Годердзи Чохели
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонФайзи Шоҳисмоил (Рус тилидан)
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Балиқдан мактуб (ҳикоя)
Годердзи Чохели

– Жоннинг на боши бор, на охири,– деди менга Гамихарда кетаётиб ва йўлида давом этди.

Бир кун олдин ундан: «Жон борми ўзи?» деб сўрагандим, лекин ўшанда у жавоб бермаганди. Фақат, билмайман, дегандай елкаларини қисиб қўйганди. Кеча бўлса, сўзма-сўз: на боши бор, на охири, деди. Мен ҳеч нарса сўраганим ҳам йўқ эди, у пичан ўришга шошаётганди. Шошганидан тушлик овқати солинган халтасини ҳам уйда эсдан чиқарибди. Кенжа қизи орқасидан югуриб, йўлда қўлига тутқазди.

Вақт ҳали эрта эди, тонг яхши ёришмаганди ҳам. Кўча бошида пайдо бўлган бригадир унга бақириб берди:
– Йўл бўлсин, Гамихарда, қаёққа?
– Ўримга.
– Ўрим-пўримни билмайман, эшитдингми? Қўйларнинг жунини қирқиш керак! Қирқимга борасан?
– Менга пичанни ким ўради? Ўзинг биласан-ку, уйда мендан бўлак ишлайдиган эркак йўқ.
– Қўй бу гапларни, Гамихарда,– деди бригадир ўзига ишонган одам оҳангида ва менга қараб юрди.

Гамихарда бурилди-да жун қирқимига эмас, пичан ўримига йўлида давом этди.
– Гамихарда! – бақирди бригадир.– Қаёққа кетаяпсан, а?
– Ўришга,– деди Гамихарда қияликдан ошаётиб.
– Қараб тур, Гамихарда, мендан кўрасан ҳали,– дўқ қилди бригадир ва менга юзланди: – Фермада қиладиган ишинг йўқ, эшитдингми!
– Нега энди?
– Нега бўларди, одамларни ишдан чалғитаяпсан, нималарнидир сўраб-суриштираяпсан, ёзиб олаяпсан...

Икки кун бурун фермага кириб, қўйлар жунини қирқаётган эркаклардан қалбнинг мавжудлиги ҳақида қандай фикрда эканликларини сўрагандим. Бу ҳақда Гамихарда билан гаплашганимда у менга жавоб бермаганди.

Жуда содда одам-да, бу Гамихарда. Баъзан уни ҳамқишлоқлари ғариб дейишади, бу балки унинг қашшоқ яшаганидандир. Гамихарда жуда камбағал, ҳалол меҳнати билан кун кўради. Xотини ва бир-биридан кичик болаларини бир ўзи боқади. Мана, ўша куни эрталаб уни кўрдим-у, юрагим ачишиб кетди. Пичан ўримига кетаётиб нонуштани олмаганими ёки қизчасининг унинг орқасидан югураётганими, барибир, буни кўриб раҳмим келиб кетди. Нега шундай эканини билмайман. Буни худо билади. Унинг қадам ташлаши ҳам ғалати. Қияликдан тепага кўтарилаяпти-ю, бошқача одимлаб бораяпти. Гўё унинг танаси бегона жинсдан-у, унга оёқ босишга юраги бетламаётгандай.
– Кеча раис уришиб берди,– сўзини давом эттирди бригадир.
– Нима деб ўйлайсан, жон қаёққа кетади?– сўрадим мен.
– Мен ҳеч нима деб ўйламайман,– деди ва бирдан бурилиб кета бошлади.
– Жон ўладими?
– Қанақа жон, яна қанақа жон, нималар билан бошингни қотираяпсан ўзи?
– Ҳалиги, одам танасида яшайдиган жон-да.
– Одамнинг танасида ҳеч қандай жон яшамайди,– деди у,– туғиламиз ва ўламиз, бор-йўғи шу.
– Фақат шуми?
– Бўлмағур гаплар билан бошимни қотирма, валақлашишга вақтим борми ҳозир. Фермада сени бошқа кўрмай, эшитдингми?– деди у тепага кўтарилаётган Гамихарда ортидан қараркан.
– Бугунги кунни эсидан чиқмайдиган қиламан!
– Нима қилди у сенга?
– Жун қирқишдан бўйин товлаётгани-чи?
– Ишлагани кетди-ку, ахир.
– Қанақа иш?
– Қанақа иш бўларди: ўриш, тўплаш, ғарам қилиш-да!
– Буни биз эртага кўрамиз,– деди бригадир ва қишлоқ марказига йўл олди.

Кеча якшанба эди. Эрталабдан иш бошлаган Гамихарда пичанни тўдалаб тоғдан пастга, ялангликка судраб тушди, кичик-кичик қилиб ғарамлади. Xотини ва болалари унга ёрдамлашишди. Кун иссиқ эди. Қуруқ пичан судралганда, ердан чиққан чанг терлаган болаларнинг баданига ёпишиб лойга айланарди. Кечга яқин ишни тугаллаб, нонушта қилиш учун чашма ёнига ўтирди.

Катта йўлда бир неча юк машинаси кўринди. Улар йўлдан бурилдилар-да, ғарамлар ёнида тўхташди.
– Тайёрлаганинг ҳаммаси шуми?– сўради бригадир қотган нон қобиғи тишлаганича унга рўпара бўлган Гамихардадан.
– Ҳа, ҳаммаси шу.
– Бошқа йўқми?
– Йўқ.
– Неча ғарам?
– Ўттизта.
– Йигирма бештасини биз олиб кетамиз.
– Нега йигирма бештасини, менга ўн бешта топшириш белгиланган-ку.
– Тўғри, ўн бешта эди. Жун қирқимига чиқмаганинг учун йигирма бешта белгиланди.
– Қандай қилиб шунақа белгиланиши мумкин. Ахир бешта ғарам билан битта сигирни ҳам боқолмайман-ку. Болаларим қандай кун кўради?
– Мен айтганимдай қиламиз,– деди бригадир ва машиналарни ғарамлар ёнига ҳайдашни буюрди. Пичанни машиналарга ортиб, бригадир ишчилар билан ҳайдовчилар ёнига ўтиришди. Гамихарда талмовсираб турган жойида депсинар, бир болаларига, бир пичан ортилган машиналарга қарар, бутун бадани қалтирарди.
– Кетдик, – деди бригадир.

Юк машиналари оғир қўзғалишди.

Гамихарда анча вақт асаби қақшаб турди, кейин чўнтагидан гугурт қутисини олди-да, ғарамлардан бирининг ёнига чўккалади, гугурт чақди.
– Нима қилаяпсан?– унинг қўлига ёпишди хотини.
– Нари тур!– Гамихарда хотинини итариб юборди-да, ёнаётган гугуртни аввал бир ғарамга, кейин бошқасига тутди...
– Бутун ёз бўйи бел букдинг, тер тўкдинг, энди ўт қўясанми?–дея эрига ташланди аёл, сўнг бошидан рўмолини олиб оловни ўчирмоқчи бўлди, лекин кеч бўлганди. Қовжираган пичан бирдан ўт олди ва оловнинг сарғиш тиллари ғарамларни ямлай бошлади.

Гамихарданинг хотини сочларини ёйганча йиғлар, болалари унинг этагига ёпишиб олишганди. Гамихарда ғарамнинг ёниб кулга айланишига қараб турди. Кейин катта йўлга бурилаётган машиналарга назар ташлади-да, турган жойидан пастга отилди. У урилиб-сурилиб, йиқилиб туриб, гоҳ юмалаб, гоҳ сакраб пастга қараб учиб борарди.

У бор кучи билан Арагвига қараб чопарди. Унинг орқасидан хотини югурарди. Унинг кетидан болалари, болаларнинг кетидан бутун қишлоқ чопиб борарди. Биз Гамихарда ўзини сувга ташламоқчи деб ўйладик.

Биз дарёга етиб борганимизда, Гамихарда уст-бошини ечиб улгурган, кийимини соҳилда қолдириб қип-яланғоч сувга кирганди. Дарёнинг ўртасига боргач, камар жойни топиб олди-да, унга чўкиб ўтирди. Сувдан фақат калласи чиқиб турарди.

Гамихарда биздан тескари бурилиб, қаёққадир осмонга қараб турарди: одамлар соҳилда ўтириб унинг сувдан чиқишини кутишарди. Лекин Гамихарда сувдан чиқадиганга ўхшамасди.
– Юринглар, кетдик, бу ердан, афтидан у бизлардан уялаётганга ўхшайди,– деди чоллардан бири ва одамларни нари бошлаб кетди.

Фақат Гамихарданинг хотини ва болалари қолди дарё бўйида. Мен узоқроқдаги тошга ўтирдим.
– Чиқишни ўйламаяпсанми?– чақирди уни хотини.

Гамихарда ғинг демади. Бироздан кейин хотини ундан соҳилга чиқишини илтимос қила бошлади. Гамихарда пинагини ҳам бузмади. Болалари бараварига, жўр бўлиб чақиришди.

Гамихарда кун ботгунча сувда қимир этмай ўтираверди. Қуёш ботгач, бутун қишлоқ аҳли дарё бўйига югуриб келди. Одамлар бақиришди, чақиришди, сувдан чиқ деб илтимос қилишди, чиқмасанг кечаси шамоллаб, ўлиб қоласан, деб қўрқитишди. Гамихарда бўлса, парво ҳам қилмасди. Xудди қулоғига пахта тиқиб олгандек, эшитгиси келмасди. Ҳатто одамларга қайрилиб ҳам қарамади.

Гамихарданинг хотини ва болалари йиғидан тўхташмасди. Арагви бўйига энг охирида жамоа хўжалиги раиси келди.
– Ишёқмас, қани соҳилга чиқ-чи!– буйруқ берди раис.

Гамихарда раисга ҳам қулоқ солмади.
– Нега энди у билан ади-бади айтишиб ўтирибмиз. Ҳозир ўзимиз уни сувдан судраб чиқамиз,– деди бригадир сувга тушаркан. Бир неча эркак унинг орқасидан эргашди.

Буни кўрган Гамихарда ўрнидан туриб, дарё оқими бўйлаб суза бошлади. У энг баланд шаршара устига етиб борганда тўхтади. Яна бир қадам қўйса тамом, ҳалок бўлади. Бригадир билан бораётган эркаклар унга қараб юришарди, лекин Гамихарда танаси билан шаршарага талпинганда қўрқиб тўхташди: фалокат босиб калласи билан пастга ташлаб қолса-я!– деб соҳилга чиқишди.

Қоронғи чўкди. Одамлар бирин-кетин уй-уйига тарқала бошлади.
– Жонига теккач, ўзи чиқади,–деди Габриел.
– Кетдик, кетдик, қоронғи тушиши билан ўзи соҳилни қўмсайди. Одамлар олдида унга чиқиш ноқулай бўлаяпти,– деди раис Гамихарданинг хотини ва болаларини етаклаб.

Тун зулмати шу қадар қуюқлашдики, ер юзидан ҳамма нарса йўқ бўлиб кетгандай эди. Қишлоққа фақат дарё шовқинигина эшитиларди.

Эрталаб одамлар яна дарё бўйига тўпланишди. Гамихарда ҳамон белигача сувда турар, қалтирарди. Одамларни кўриши билан яна сувга ётиб олди.
– Нега сувдан чиқмаяпсан?!– жеркиди хотини.
– Одамларни ишдан чалғитиш учун қилаяпти, мен унга кўрсатиб қўяман,– жаҳли чиқди бригадирнинг.
– Ахир ўзи ишламаяпти, бошқаларни ҳам ишлагани қўймаяпти. Ўз хоҳиши билан чиқмаса, милисани чақираман,– дўқ қилди раис ва қўшимча қилди:– Қани бешгача санайман, Гамихарда, сувда ўтириш етар энди!

Ҳеч кимга қулоқ солмасди Гамихарда, ҳеч кимга қарамасди. У фақат шарққа тикилар ва қуёш чиқишини кутарди. Совқотиб қолганга ўхшайди.

Ярим соат ўтгач, милиционер ҳам келди.
– Чиқамизми ёки йўқ?– деди кесатиб у ҳам ўз навбатида.

Гамихарда индамади.
– Ўзинг чиқасанми ёки ёрдамлашайми?– милиционер саволни бошқача қўйди, лекин жавоб олмагач, ечина бошлади.

Гамихарда яна ўзини шаршара томон ўнглади, одамлар милиционерни сувга қўйишмади.
– Беш йилни бўйнингга олдинг, Гамихарда! Буни сенга мен айтаяпман!– жаҳл билан қичқирди милиционер ва осмонга қарата тўппончасидан ўқ ҳам узди.

Офтоб чиқди. Гамихарда уни соғинч тўла нигоҳи билан қаршилади. Бизлар яна тарқалишдик.
– Бизларсиз ўзи тезроқ чиқиши мумкин,– деди раис Гамихарданинг хотини ва болаларини кечагидай яна етаклар экан.

Уйда мен Гамихардага хат ёздим:

«Гамихарда!
Сувдан нега чиқмаяпсан? Нега индамайсан? Xотининг ва болаларингга раҳминг келмайдими? Мен яхши биламан, сен ўз истакларингга эрк берадиган, хаёлингга сувда ўтириш келса, дарёга тушадиган одамлардан эмассан. Тушунтир нима гап ўзи?
Лука».

Хатни мен тоза қоғоз билан ўрадим-да, орасига ручка ҳам қўйиб, Гамихардага ирғитдим. У атрофга қараб, мендан бўлак ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, хатни илиб олиб ўқиди. Бир оғиз сўз айтмай ручкани олиб ёзди:

«Шу дамдан бошлаб мен одамлар билан алоқани узаман. Ҳақиқатни кўрмайдиган, меҳнатни қадрламайдиган, инсон ҳаётини бир чақага олмайдиганлар билан бирга бўлишни истамайман. Мен одамларни яхши кўрардим, лекин энди уларни севмайман. Севмайман, чунки мен энди одам эмасман.

Мен балиқман!

Мен инсон зотини унутаман, барчангизни унутаман.

Менга қанақа хотин ҳақида гапираяпсан? Қанақа болалар? Анави соҳилда йиғлаб ўтирганларми? Ҳа, рост! Менинг хотиним, болаларим бор эди. Бу одам пайтимда эди. Ҳа, икки кун бурун одам эдим. Бугун мен балиқман ва энди мени сизлар билан боғлаб турган ҳеч нарса йўқ.

Мен шуни хоҳладим.

Балиқ».

«Гамихарда!
Сен, мен балиқман деяпсан, лекин ундай эмас. Биз сенинг одам эканлигингни биламиз. Сен ўтмишингдан қандай қилиб воз кечасан. Бунга ишониш қийин. Ҳар қанча уринма, балиқ бўлолмайсан.
Нима билан балиққа ўхшайсан? Сувда ўтиришинг биланми?
Йўқ, сен балиқ эмассан, бўлолмайсан ҳам. Бу аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Яхшиси жамиятга, хотининг, болаларинг ёнига, ерга қайт! Қорнинг оч қолмадими?
Лука».
«Йўқ, оч эмасман. Ҳозирча, ҳарҳолда оч эмасман. Одамлар, хотин ва болаларга, ерга келсак, мен учун буларнинг ҳеч қайси бири мавжуд эмас. Мен барчани ва ҳамма нарсани тарк этдим.
Мен ҳатто қачонлардир одам бўлганманми, йўқми, эслолмайман.
Мен балиқман ва биласанми, балиқ бўлиш бирам яхшики... Бизнинг дунёмиз бутунлай бошқа. Сиз одамлар, бир-бирингизнинг жиғингизга тегавериб, адои тамом қиласизлар. Шунга қарамай, ўзингизни одам деб ҳисоблаш жуда ёқади. Бирортасига сен одам эмассан деб кўринг-чи, ўша ердаёқ ўлдириб қўя қолади. Кўпинча охиригача одам бўлиб қолиш жуда қийин. Лекин шундай яшашдан воз кечиш учун сиз кучни қайдан топасиз?
Наҳотки сизлардан яна биронтангиз балиқ бўлишни хоҳламаган бўлса?
Баъзан сиз қуш бўлишни орзу қилишингизни биламан. Бу эса сиз ҳам ўзингизнинг инсоний ҳаётингиздан қочиб қолишни хоҳлашингизни билдиради.
Шундай эмасми, а?
Балиқ».
«Гамихарда!
Биз қуш бўлиб осмонга учиш ҳақида орзу қиларканмиз, бу инсонийлик қисматимиздан қочиб қолишимизни билдирмайди. Йўқ, асло, Айни шундай дамларда инсоний ҳаётимизни янада кучлироқ севамиз. Парвоз қилиш ҳақидаги орзуларимиз билан уни янада гўзал, янада эркин қилишга интиламиз.
Одамлар бир-бирининг жиғига тегиб, адои тамом қилади, дебсан. Эҳтимол, сен ҳақдирсан. Бироқ фақат сен кундалик қийинчиликларга дош беролмадинг, биздан воз кечдинг. Ўз қалбингга қулоқ сол: инсон ҳаётининг қийинчиликлари туфайли одамлардан воз кечиб, уни унутиш, балиққа айланиш унга маъқулмикин?
Нима, балиқларнинг ўз қийинчиликлари йўқмикин?
Ўпқонлар балиқларни ўраб, чирпирак қилганида улар нега қуруқликка чиқмайдилар?
Балиқлар бир-бирини емайдилар деб ўйлайсанми? Улар ҳозирча сендан қўрқаяптилар, эҳтимол, яқинингга сузиб келишга ботина олмаслар. Бу шунинг учунки, сен ҳозир улардан кучлисан. Лекин улар сенинг ожизлигингни сезишса борми, шунақаям талаб ташлашадики, фақат суякларинг қолади. Шундан кейин сен уларга «мен балиқман» деб истаганча бақир, фойдаси бўлмайди.
Маслаҳатим шуки, сувдан тезроқ чиқ, акс ҳолда мен юқорида айтганим қисматдан қочиб қутулолмайсан.
Одамлардан қочиш мумкин эмас. Мумкин эмас!
Лука».
«Сен атагандай мен Гамихарда эмас, балиқман. Гапни мана шундан бошлайлик. Ҳа, сен ҳақсан. Мен инсон ҳаётининг қийинчиликларига бардош беролмадим ва балиққа айландим. Xўш, бунинг нимаси ёмон?
Мен балиқ бўлишни истайман. Балиқ бўлишга ярамайманми? Нима қилибди,ҳеч бўлмаса ўз хоҳлаганим балиқ бўлиб ўламан-ку .
Мен ўлимдан қўрқмайман. Бу, сиз – одамлар, ўлимдан қўрқасизлар. Биз – балиқлар, қўрқмаймиз.
Нега, қўрқмайман?
Чунки жоннинг боши ҳам йўқ, охири ҳам.
Балиқ!
«Балиқ!
Эҳтимол, жоннинг боши ҳам, охири ҳам йўқдир. Лекин шуниси аниқки, жон инсон танасида яшар экан, балиқнинг жони бўлолмайди. Жон ҳар хил таналарга жойлашишга қодир. Тана моддийдир, модда шаклга эга, шакл эса вақтга бўйсунади. Демак, шакл вақт таъсирида парчаланмас экан, жон ўз маконини тарк этмайди.
Кейин инсон жони эҳтимол балиққа ўтар, лекин бу даргумон. Кўчиб ўтади ҳам дейлик. Унда бу аввалги жон бўлмайди, олдинги ҳамма нарса унутилган бўлади. Тўла унутиш эса, тамом демакдир. Бундан чиқадики, жон ўзи яшаётган тана билан биргаликда ўз ҳаётини тугаллайди. Ёхуд жон ўз ҳаётини давом эттирмоқда дейлик, у ҳолда жон хотирасини сақлаши керак. Агар инсон жони хотирасини сақласа, бу демак, у аввалгидек ўзининг инсон жони бўлиб қолади ва моддиюндан ташқарида инсон ҳаётини узайтиради.
Кўриб турганингдек, биринчи ҳол ҳам, иккинчи ҳол ҳам аниқ гувоҳлик берадики, сен балиқ бўлолмайсан.
Бу ўринда гап истакда эмас, моҳиятдадир. Битта сенга эмас, ҳаммага қийин. Баъзан одамга жуда ҳам қийин бўлади. Лекин агар бизнинг ҳар биримиз сенга ўхшаб Арагвининг сувига ўтириб олиб, ўзимизни балиқ деб таъкидлайверсак, бу нималарга олиб боришини ўйлашнинг ўзи даҳшат. Биз сувда ҳам бир-биримиз билан ит-мушук бўламиз, шунда сен қаёққа қочардинг? Орқангга қайт энди. Болаларинг қандай йиғлаётганини эшитмаяпсанми?
Лука».
«Жон ўзига маъқулини танлашга ҳақли. Буни рад этиб бўлмайди. Шуни яхши билингларки, менинг жоним одамлар билан бирга бўлишни хоҳламади. Шунинг учун ҳам менинг балиқ бўлишга ҳаққим бор. Сен жон аввал бўлиб ўтган ҳамма нарсани унутиши мумкинлигини айтаяпсан.
Шундай экан, мен ҳам одамларни унутаман. Бор гап шу.
Балиқ».
«Сен одамларни унутолмайсан. Сенинг қалбинг инсон қувончларини, қайғу аламларининг унутилмас дамларини ҳам абадий сақаб қолади. Сенинг қалбинг ёлғизликнинг ширин андуҳларини ҳам сақлаб қолади. Сенинг қалбинг инсон қўлларининг меҳр-мурувватини унутолмайди. Сенинг қалбинг оёқ босиб юрган ерини унутолмайди. Қалбингда ҳамиша қўрқув яшагусидир. Бу фанолик қўрқувидир. Сенинг қалбинг яна қанчадан-қанча нарсаларни унутмаслиги кераклигини ким билади дейсан.
Эҳтимол, очлик сени одамларга қайтарар. Буни ҳам қалбинг узоқ вақт унутолмайди. Болаларинг сенга салом йўллашаяпти.
Кутамиз.
Лука».
«Одамларнинг қувонч ва ғам-андуҳларининг менга нима дахли бор. Ёлғизлик биз – балиқларга ҳам хосдир.
Xудо одамлардагидек балиқларда ҳам яшайди. Биз – балиқлар ҳам бир-биримизни севамиз. Сувни бизлар сиз ерни севгандан кўра кучлироқ севамиз. Ҳолбуки, ўша ерни ўзаро бўлиша олмай жиққамушцизлар.
Йўқлик, фано қўрқуви? Бу қўрқув кимда йўқ ўзи?
Нақадар оч бўлмайин, мен одамлар орасига қайтмайман.
Болалар? Қанақа болалар, эсимда йўқ...
Мен шу ерда, сувда фарзанд кўришга қарор қилдим. Мендан сизларда яна нима қолди? Ҳеч нарса. Ерни ҳам, унинг нозу неъматларини ҳам сизларга бердим, мени тинч қўйинглар. Ҳамма нарсани унутишимга халақит берманглар.
Балиқ».

Учинчи куни бутун қишлоқ аҳли яна Арагви бўйига тўпланди. Кимдир шошилинч чора кўришни, кимдир кутишни маслаҳат берди.
– Сенга икки кун муҳлат бераман. Агар эсингни йиғиб олмасанг, сенга ҳайфсан беришга ва хўжаликдан бўшатишга мажбур бўламан. Одамларимни ишдан қолдираяпсан!– бақирди раис.

У бўлса парво ҳам қилмади, кар бўлиб қолганми, нима бало?

Яна милиционер пайдо бўлди, ҳозир акт тузаман, деб дўқ қилди. Бунга жавобан у боши билан сувга шўнғиди. Бир неча бор шундай қилди.

Ўша тун сахий ой ерни жуда ёрқин ёритди. Одамлар ёшгина ялангоёқ қизчанинг сув четида туриб отасидан илтимос қилаётганини кўришди:
– Ада, чиқа қолинг, адажон! Сиз сувдан чиқсангиз бўлди, адажон, мен бошқа ҳеч ҳам тўполон қилмайман. Илтимос, адажон, балиқ бўлманг, уйимизга келинг.

У гўдакнинг илтижоларига эътибор бермагач, қизча йиғлаганча қишлоққа қайтди. Айни ўшанда қишлоқдошларимнинг ғазаби қайнади. Улар йиғилишиб, мени чақиришди-да, унга қуйидагича хат ёзишни буюришди: Агар сен бундан буён сувдан чиқмайдиган бўлсанг, ўзимизнинг қадимги одатимизга кўра мосуво қиламиз.
– Кераги йўқ, худо ҳаққи ундай қилманглар,– ялина бошлади унинг хотини,– раҳм қилинглар, тўхтаб туринглар, балки фикридан қайтар, шўрлик.
– Яна бир кун кутамиз, кейин агар биз билан яшашни истамаса жамиятимиздан ҳайдаймиз,– деди кекса руҳоний менга қараб:– Эрталаб унга ёз: агар тушгача сувдан чиқмаса, халқни тўплайман ва жамоамиздан четлатамиз. На ер, на само одамнинг инсонлигидан воз кечганини эшитгани йўқ. Бу тангри иродасига шак келтиришдир. Одамлар устидан кулишни ким қўйди унга? Маслагидан қайтишга, муртад бўлишга ким ҳуқуқ берди?

Нега одамларни йўлдан уради? Бизлар унга ҳеч нарса бўлсак, худо устидан нега кулади? Агар бу Тангрининг иродаси бўлса, уни балиқ қилиб яратган бўларди. Инсонга қараганда балиқни яратиш осон-ку! Ё Xудо, бу кўрнамак мавжудотни нечун яратдинг?!

Кекса Мцара анча вақт бу муртад бошига маломат тошларини ёғдирди. Оломон жим туриб, эшитарди.

Эрталаб менга топширилган мактубни ёздим:

«Балиқ!
Сен ўз ҳатти-ҳаракатинг билан халқни қаттиқ ҳақорат қилдинг. Ўзингнинг инсон бўлишни истамаслигинг билан одамларда ишончсизлик уйғотаяпсан. Одамларнинг бутун фикри-зикри беихтиёр сен билан бўлиб қолди. Одамларнинг бирданига сени унутиши, воз кечиши унчалик осон эмас. Жинни бўлганингда ҳам бошқа гап эди, ахир сен эс-ҳушинг жойида одамсан-ку!
Кеча тунда қизалоғинг сенга қанчалар ялинди. Бизни ташлаб кетманг, деб оҳу зор қилди! Бутун қишлоқ аҳлининг қизалоққа раҳми келиб кетди. Сен бўлсанг қизчангга бир оғиз сўз ҳам айтмадинг.
Xалқнинг сабр косаси тўлди ва сенга қуйидагиларни етказишни сўради: агар тушга қадар одамлар орасига қайтиб келмасанг, улар сени қишлоқдан ҳайдаб юборадилар. Уларни ҳам тушуниш керак: агар сен одамлар орасида яшашни истамасанг, уларнинг ҳам сен билан иши бўлмайди. Ахир уларнинг ҳам иззат-нафси бор. Наҳотки сен шундан ҳам қўрқмайсан? Одамлар сендан юз ўгирса, қаёққа борасан? Ахир, совуқ тушса барибир сувдан чиқишга мажбур бўласан ёки дарё билан бирга музламоқчисан?
Ҳал қил... Сенда ҳали тушгача вақт бор.
Лука».
«Фаросатларингга балли-е! Ўйлаб-ўйлаб шуни топдингларми?

Одамдан юз ўгириш – бу сизларнинг қўлингиздан келади. Бу сизларнинг синалган усулларингиз. Дарвоқе, бизларда, балиқларда бунақа қонун йўқ.

Мен сизларни рад этдим. Сизлар эса буни ҳақорат деб билдингиз. Қаранг-а, қанчалар ориятлисизлар. Сиз мени қўрқитмоқчи бўлаётган нарсанинг менга аҳамияти йўқ. Сизнинг қарорингиз ҳатто менга маъқул. У менга сизларни тезроқ унутишимга ёрдам беради. Майли, ёмон ўйламабсизлар. Ниҳоят мени тинч қўяр экансизлар-да!

Балиқ».

Балиқнинг жавоби ҳақишлоқларига ўқиб берилди. Ҳамма ташвишланиб, даҳшатга тушди.

Туш пайти дякон Мцара қишлоқ ортидаги тепаликка чиқди. Бу ер жамоа йиғинларининг қадимий жойи эди. У гувоҳларнинг қатъий сукутида четлатиш маросимини ижро этди.

Гамихарда Арагви сувига танда қўйганидан бери бир ҳафта ўтди. Унинг болалари хат ёзинг, қайтиб келсин деб, жон-ҳолимга қўймайди. Унга нималар ёзмадим дейсиз, ҳеч нарса таъсир қилмаяпти. У ҳатто хатларимга жавоб бермай қўйди. Очлигидан тери билан суяги қолди, холос. Афтидан, сувдан чиқиш нияти йўққа ўхшайди.

Тунда момақалдироқ гумбирлаб, чақмоқ чақди, кейин жала қуйди.
– Балки ёмғир уни сувдан чиқишга мажбур қилар,– дея умид қилишди қишлоқдагилар ва тун зулматини диққат билан кузата бошладилар.

Гамихарданинг хотини ва болалари дарё тошганидан қўрқиб: чиқа қол, сув кўпаймоқда,– деб жон-жаҳдлари билан ёлворардилар. У бўлса дарёнинг ўртасидаги каттакон тошга чиқиб ўтириб олди. Дарё кечаси билан шовқин солиб тошларни ағдар-тўнтар қиларди.

Эрталаб товушлар шовқинидан уйғониб кетдим. Дарё тун бўйи жуда кўп дарахтлар, шох-шаббаларни оқизиб келган экан. Бутун қишлоқ аҳли қирғоққа кўчиб чиққан эди. Катта кишилар у дарахтдан-бу дарахтга югуришар, ўз белгиларини қўйишарди. Бири-биридан ўзишга ҳаракат қилишарди. Сал имиллаб қолдингми, бас, кимдир болтаси билан сен қўйган белгини чопиб ташлаб ўзиникини ёзарди. Тўсинларни гоҳ бири тортар, гоҳ иккинчиси, шу тариқа иш жанжалгача бориб етарди.

Менинг эътиборимни тортиш учун Гамихарда лойқа сувдан бошини чиқариб бўйнини чўзди. У масхара қилгандай илжайиб менга қаради. Кейин менга хат ёзди:

«Сен мени яна одамлар ёнига қайтиб кел, деб кўндиришга уринасанми?
Улар шунга арзирмикин?
Қара, одамларинг қанақа эканини кўриб қўй!
Балиқ».

Мен унга жавоб қайтаролмадим. Ўша дақиқаларда менга одамларни оқлаш маънисиз бўлиб кўринди. Мен Гамихарда фикрига қўшилолмасдим. Йўқ ундай эмасди. Фақат ўша куни мен жуда кўнгилсиз воқеанинг гувоҳи бўлиб қолгандим: аёллар ҳам, эркаклар ҳам ажратмай ва кимлигига эътибор ҳам бермай, дарё соҳилга чиқариб ташлаган дов-дарахт қолдиқлари билан бир-бирини дўппослар, сўкишар, чинқиришар, кимдир тахлаб қўйган ўтинларни ташиб кетишарди. Кечга томон тинчиб қолишди ва бир-бирининг юзига қарай олмай, уй-уйига тарқалишди.

Кечаси яна момақалдироқ гумбурлади, тонг отгунча ҳавонинг авзойи очилмади.

Менимча, ўша кечаси қишлоқда ҳеч ким ухламади.

Эрталаб кўз ўнгимда ғалати манзара гавдаланди. Дарёнинг қир-ғоқларини лой-балчиқ қоплаган. Арагвининг суви қатрон каби қоп-қора бўлиб оқмоқда. Қирғоқда бир тўда одамлар, безовта, довдираб туришибди.

Ўша кеча яқиндагина талашиб-тортишиб тўпланиб, тахлаб қўйилган, дарахт, ўтин, шох-шаббаларни дарё ювиб кетибди. Бирорта чўп, пайраҳа ҳам қолмабди. Одамлар бошлари хам ҳолда туришарди. Кечаги муштлашувдан кейин бир-бирининг кўзларига қарашга уялишарди. У ер-бу ерда сув соҳилга улоқтириб ташлаган ўлик балиқлар кўзга ташланарди.

Фақат Гамихарда ҳеч қаерда кўринмасди. Xотини сочларини ёйганича суви қоп-қора Арагви бўйлаб югурар, болалари уввос солганича унинг кетидан чопишарди.

Ушбу бахциз ҳодиса жанжаллашган кишиларни ҳушига келтирди ва уларни яна бирлаштирди. Қайғу ҳаммани кечаги ранжу дилозорликларни унутишга мажбур этди. Одамлар йўқотган гўшаларини излаб, Арагвининг изидан тушдилар. Бу қора тўда тўлқинлари ҳурпайган жўшқин дарё ортидан шундай жон-жаҳдлари билан чопардиларки, беихтиёр ўйлаб қолдим:

«Арзийди! Xудо ҳаққи, арзийди!» Ва ўрнимдан сакраб турдим-у, чохеликлар изидан югура кетдим.