OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифГулноза Эрназарова
Асар номиОлмалар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Гулноза Эрназарова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 7-8-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олмалар (ҳикоя)
Гулноза Эрназарова

Ғалати туш кўрди. Тушида раҳматли онаси совуқдан жунжикканча мунғайиб эски ҳовлиларининг дарвозаси олдида қўлида бир парча нон, бермоқчи бўлиб итни чақирарди: «Олапар, ма, баҳ, баҳ».

«Онам ўлмаган экан, қайтип келипти» дея суюнди нимагадир. Югуриб бориб қучоқлагиси келди, лекин онаси рўйхуш бермагани учун журъат қилолмади.

«Вой, совуқда бундай турманг, шамоллаб қоласиз, ўзиз касалманд бўлсайиз, уйга киринг», деярмиш жонҳалак.

«Йўў-ўқ, кетаман?» – онаси аллақандай ғамгин мўлтираб тисарилди, тисарила-тисарила Нозимага қўлидаги нонни узатди:
– Ма, Олапар келмади, сен ея қол.

Нимадандир норозига ўхшади: «Даданг шаҳардан олиб келган газ ўчоғимни олиб кетай, ўшани бериб юборинглар» дегандай бўлдими-ей, кейин мўрисидан қоп-қора тутун бурқсиб чиқаётган кулба томон кетди. Кимнинг кулбаси, бу нимага ишора?

Руҳи оғир, дили хун бўлиб уйғонди. Юраги тез урарди. Тушини, онасининг гапларини таъбир қилмоққа уринди. Бир нуқтага тикилганча, бироқ ҳеч нарсани кўрмай, ўйламай, карахт алфозда анча ётди. Эри нимадир деб ҳазиллашди, эгилиб юзидан ўпди, хотинининг бефарқлигидан ажабланди: «Тузукмисан?» деди елкасини силаб.

Деярли лом-мим демай эрини ишга кузатганида ҳам, мактабга кетаётган қизини йўлдан қайтариб, «енгил кийинипсан» деб койиганча қалинроқ кийинтирганда ҳам карахтлиги тарқалмаган, ёд бўлиб кетган юмушларини ихтиёрсиз такрорларди, холос.

«Бечорагина онам-а, отам уйланганига ҳеч тоқат қилолмаяптимикин, ўн йил ўтаётган бўлсаям кўнмаяптимикан?!... Ёшгина кетган онама».

Аллақачон ишга борадиган вақти бўлган бўлса ҳам уй ичида мақсадсиз тимирскиланди, ўз хаёлида ишга бормаслик учун баҳона қидирди, жўяли баҳона тополмади. Кўзгу олдига упа-еллик қилгани ўтирар экан, яна кўрган туши ёдига тушди. Ихтиёрсиз халатининг олд тугмаларини очиб кўкракларига синчиклаб қаради. Уларни жонига қасд қилиши мумкин бўлган заҳарга тўла қопчалардек, қўл тегизса заҳар танасига тарқаши мумкиндек эҳтиёт бўлиб пайпаслаб кўрди, ҳеч қандай хунук аломатни сезмай хотиржам бўлди.

«Агар мен ҳам худди онамдай... уйланармикан... Албатта уйланади. Отам уйланганда, нега бу уйланмасин. Кимга уйланаркин? Зиёдагами? Эридан чиқиб бунга тегадими?! Ҳали ҳам уни яхши кўрса керак, мени ҳеч ким яхши кўрмайди, ҳеч кимга керагим йўқ... Жинни бўлипман. Ғирт жинниман. Кимга уйланса уйланавермайдими, менга барибир эмасми кейин». Оғринди. Xудди биров ўласан дегандай, бемаъни ўйлардан дили хира эди. Кўчага чиқиб қишга оғушини очаётган шаҳарнинг яланғоч дарахтлари устида қағиллаб айланаётган қарғаларга қаради: «Уч юз йил, уч юз йил-а?! Балки юз йилдир? Барибир ҳам қоп-қора бир қуш учун жуда кўп» деб минғирлаб қўйди. Автобус бекатида сут ва бўлка нон кўтариб турган, мункиллаб қолган ўрис кампирнинг имиллаган ҳаракатларини кузатиб туриб юраги баттар ғашланди, тоқацизликни ва кўнглини тўлдириб турган қора қуйқани чиқариб юбормоқчи бўлгандай чуқур хўрсинди, узоқ «уфф» тортди. Кампир эса: «не спеши, наш тоже придёт, не нервничай» дея уни овутган бўлди.

«Ҳа, шошмаслик керак, менга ҳам балки навбат келиб қолгандир, ким олдин, ким кейин, Xудо билади. Кўп-камлигининг ҳам унча аҳамияти йўқ.»

Кўз олдида яна бўйлари баланд, сочлари, қош-кўзлари қоп-қора, доим жилмайиб турадиган навқирон онаси жонланди, уни кўриш, овозини эшитиш, вужудидан таралиб тургувчи хушбўй ҳидларидан тўйиб нафас олиш истаги жисмини ёқиб юборди. Ҳатто соғинчдан сўнгаклари қақшаб кетгандек, жони бўғзига тиқилгандек туюлди. Томирлари титраб кетди... бирдан дилининг ўртанишига чидолмай ёш боладек ҳўнграб йиғлагиси, чорасизлик тугунларини кўз ёшлари билан ечгиси келди. Онаси қазосидан кўп ўтмай қишлоққа борганида узоқ вақт бемор ётганлигидан деворларига дорилар ҳиди сингиб кетган, оғриқли тунларнинг ингроғи, видолашув кунларининг қийноғи уфуриб турган ҳужрага кириб, онасидан қолган тугунларни титган, кўйлакларини топиб ҳидлаган, сочларининг қадрдон ҳидлари анқиб турган болишларни бағрига босиб увиллаган: «Чидолмаяпман, соғинаяпман. Онамни соғиниб кетаяпман, кўргим келаяпти, ҳеч чидолмаяпман», – дея дод солганди. Xоласи кўзидан милдираб оқаётган ёшларни оқ рўмоли учи билан арта-арта: «Астағфуруллоҳ, дегин, сабр сўрагин, ўлганни «соғиндим» дейилмайди, безовта қиласан, фарёд қилаверсанг чин дунёда тинчимайди» деб койиганди.

Беихтиёр «астағфуруллоҳ» дея шивирлади. Тирбандлигидан ёрилгудай бўлган автобусда бир пасда эзилиб, ғижимланди. Баланд бўйли, келишган йигитнинг елкасига тиралиб тураркан, димоғига келинчакли уйдан келадиган исириқ, оҳорли кийимлар ва қалампирмунчоқнинг аралаш бўйи урилди, ёшликнинг ҳаётбахш нафаси хотирасини қитиқлади, эти ёқимли жимирлади. Ҳаммаси худди кеча юз бергандай кўз олдидан лип этиб ўтиб кетди. Тавба, у келин бўлганди-ю, назарида онаси уялган, алланечук ийманган, тўйга келувчилардан тортингандайми бўлганди. Қизи билан анчагача очилиб гаплашмагандиям. Йигитдан тисарилмоқчи бўлиб атрофга қаради, нигоҳи беихтиёр тўлагина жувоннинг палтоси этагидан маҳкам ушлаб олган қизчага тушди. Қизча тинмай бурнини тортади. Жувоннинг қимирлаш, демакки, дастрўмолини сумкасидан олиш имкони йўқ, қизи ҳар бурнини тортганида хижолатдан жаҳли чиқади, «бурнингни тортишни бас қил» дегандай хўмрайиб қўяди. Йиллар орқага қайцаю, онангни этагидан ушлаган қизчага айланиб қолсанг, унинг хўмрайишларига бепарво бурнингни тортиб кетаверсанг...

...Бунча тез ўтди, улгура олмадим ҳатто илғашга, қўлларим ҳавода муаллақ қолди, қилдайин илинжим йўқ фурсатни-да ушлашга. Дунё, ростларинг ёлғондир, ёлғонларинг рост. Нега кипригимни кўтардим, нимани кўрдим? Англолмасман сира – нимага келдим....

Кечикканидан тажанг бўлиб кирди, иссиқ ҳаво урилди юзига. Эшик олдидаги хонадан шогирд қизларнинг кулгиси эшитилди. Тўрдаги кичикроқ хонада уч киши: Ойдин опа, Гули деган чевар бирга ишлашади.

Чок босадиган машинанинг аллақаерини устага кўрсатаётган Ойдин опа кўзойнагининг устидан дум-думалоқ кўзларини хунук гўлайтириб Нозиманинг саломига хушламайгина алик олди. Палтосини ечиб одатдагидай деворга михланган тош ойнага қаради, юзи қаримсиқлашгандай, энг сўнги русумда ҳавас билан тиккан, қоматига ёпишиб турган кўйлаги униқиб кетгандай туюлди. Ҳафсаласиз кеча чала қолган ишини олиб у ер-бу ерини кўклай бошлади. Устани кузатиб қайтган Ойдин опа эшикдан кира солиб бидирлади:
– Нима бало бўлиб кечикиб юрипсиз? Кеч келиб, эрта кетасизлар, ҳозирги ёшларга ишлаш ёқмайди, биз эканмиз-да ўзимизни аямаган, инсофи йўға буларни, хоҳлаганда кириб келишаверади. Яхшиям ўзларинг учун ишлайсизлар. Тартиб бўлиши керакми, ахир?
– Шундай бўп қолди, – Нозима ҳам ғўнғиллади. Опа яна хунук қаради, нигоҳи Нозиманинг кўнглига ботди: «ошириб қўйган жойи борми, ўқраяди.»
– Ҳар кун нимадир бўп қолади. Ишга вақтида келмайсизлар-да, кейин план катта, бажариш қийин дейсизлар, – жаврарди опа, – манг, Гулининг иккита кўйлагининг енги қўндирилмаган экан, ҳозир мижози телефон қилди. Бугунга керак экан. – Опа кўйлакларни Нозиманинг олдига итқитаркан, қўшимча қилди: – У ёғ-бу ёғиниям кўриб қўйинг, яна бирор камчилиги бўлса қолиб кетмасин.

Опанинг асабий қимирлаётган ингичка лаблари, қандайдир совуқ тусга кирган рафторига, сояси оғир булут каби устахонада у ёқдан буёққа сузиб юришига оғриниб қараб турди ва нима учун кўйлаклар ўзи томонга лопиллаб учиб келганига аввал тушунмади, бироқ сўнги жумлаларни англагани сайин мияси юзлаб вертолёт бир вақтда парракларини айлантириб учишга шайланган аеродромга айланди. Ўзини босишга ҳаракат қилиб тикув машинаси устига тушиб беўхшов осилиб қолган кўйлакларга тикилди, тикилгани сари мавҳум ғувиллаш остида гуллар ҳаракатга келди, аста-секин ўз шаклини йўқотди ва охири бир-бирига чаплашиб кетди, ранглар аллақандай қорамтир, яшилтоб бўтқа тусига кирди ва портлади:
– Эркатойингиз яна ишга келмадими? – овози чийиллаб чиқарди: – Мен кечиксам бўлмайди, у ҳафтада икки марта ишга чиқмаса ҳам дамингиз чиқмайди-а?! Ундан тили қисиқ жойингиз бўлса бордир, мени тилим қисиқ эмас! Айтаётган сўзлари томоғига тиқилиб турган ёнғоқдек аламзадаликка урилиб тўхтаб қолади, кейин титраб чийиллайди, худди бегона бировнинг овозидай, вертолётларнинг ғувиллаши аралашган, шаллақиларча. Шу овоз ўзиники эканига, шу гаплар ўзидан чиқаётганига ҳатто ўзи ҳам ҳайрон қолди, Ойдин опани-ку кўзойнаги нақ энгагига тушиб кетди. Айтилиши керак бўлмаган гаплар айтилган, энди орқага йўл йўқ эди. Нимагадир шартта турди-ю, кўйлакларни опа томонга силтаб ташлади: – Мен унинг чаласини битказувчи эмасман! Андишанинг отини қўрқоқ қўйманг!

Ярим соатлар чамаси оғир сукунат чўкди. Бу орада Ойдин опа аллақандай дори ичди шекилли, хонани ачқимтир ҳид тутиб кетди, икки-уч хўрсинди. Нозима ҳаммасини билиб турса ҳам бошини ишидан кўтармади, онаси тенги аёлни хафа қилганига пушаймон бўлди, аммо ўзини ҳақ ҳисоблади, узр сўрашни ножоиз билди. Ҳадеб чигил бўлаётган ипларни жаҳл билан тортар экан, дилидаги қоронғулик қуюқлашаётганини, бир-икки кўнглига келган-у, бироқ тилига чиқмаган гапларни айтиб ғазабини тўкиб солгани билан енгил тортмаганини, аксинча, девордаги соат миллари сукунат юрагига тиқиллаб урилгани сари томоғидаги аламзадалик ёнғоғи заҳардай аччиқ қуйқани вужудига тарқатаётганини , кўкси куйиша бошлаганини ҳис қилди.

Тушлик ҳам қилишмади, бирга ермиз деб олиб келган қуймоқларини ҳам сумкасидан чиқармади.

«Ишга келсам, опа билан ҳасратлашсам, дилимнинг хиралиги тарқайди деб юрипман мен аҳмоқ. Баттар бўлди. Ўзи нима жин урди мени? Биламан-ку Гулининг аҳволини, ўйнаб юрмагандир... иккита тирик етимини боқаман деб ўтга ҳам, сувга ҳам киради шўрлик... йўўқ, нимага ҳамманинг раҳмини ейишим керак, менинг раҳмимни ким ейди? Жин урган мени. Қандай жин экан-а?... Шу енгларни қўндирсам ўлиб қолармидим, ишим ҳам кам эди. Опа бечоранинг Гулига раҳми келади, ёш жонини жабборга беради деб ачинади, нега «тилинг қисиқ» дедим?... опа мунғайганда онамга ўхшаб қоларкан... кечирим сўрасамми... кейин яна елкамга чиқиб олишади... эсимни ебман, елкамга чиққанда нима қилишарди? Осмон бунча тунд-а?...Яхшиям қизимни иссиқроқ кийинтирганим...» Ҳовлига чиқиб бир пас изғирин совуқда турди, вужудини ёндираётган аллақандай ғалати, ўзига ҳам тушуниксиз ниманингдир тафтини аччиқ совуқ билан босишни истади.

Танамни пайпаслар номаълум бир дард,
Совуқ ҳарорати жоним куйдирар,
Кипригимда титрар озор отлиғ гард
Нени исташимни Xудойим билар...

Қайтиб кирганида Ойдин опа кетиб бўлган, хонада ҳеч ким йўқ, бўзрайган маникенлар устида осилиб турган кўйлаклар, нимчалару камзуллар ва яна алланимабалоларнинг сояси кеч кузнинг кул ранг ҳавосидан нимқоронғулашган хонага ўлик руҳ бераётгандай эди.

Яна тирбанд автобус, чарчаган чеҳралар, кўзларини юмиб олган, қулоғига телефон симини тиққан талаба қизлар, сочлари қўқиган, палтосининг тугмаларини қадамаган, узун шарфларини ияклари билан айлантириб олган ҳафсаласиз йигитчалар...

Уйига етмай бир бекат беридаги кичкина бозорча олдида автобусдан тушди. Бир оз юрмоқчи, баҳонада кўкатлар, мева-чева олмоқчи бўлди.
– Олма олиб кетинг, опа, – бозор дарвозаси олдида турган юк машинаси панасидан эскигина телпак кийган, кўзлари қисиқ, совуқдан юзлари қип-қизил, оёқларини ерга тапиллатиб ураётган йигит ўтиб бораётган одамларга худди олмаларини бепул бериб юборадигандек манзират қиларди: – Ака, олма текин бўлиб кетди.

Нозима машинага яқин борди, оқ, қизил, кўкимтир бўлиб товланиб турган олмани ушлади, олма муздай эди.
– Қанчадан бўлди?
– Опа, арзон, икки минг, янги йил олди олиб чиқмоқчи эдим, беш мингдан кам бўлмасди, кўрмайсизми, дабдурустдан келинингизнинг мазаси бўлмай қолса денг.

Йигит гапира-гапира олмалардан бирини пичоқчаси билан тилимлаб узатди: – Олинг опажон, қаранг, саралама олма, Олойга олиб борсам ноинсофлар бир минг уч юз охири дейди, сувга оқизгандай беролмайман-ку, тўғрими?

Йигитнинг қаеридир укасига ўхшаб кетди, япалоқ бурними, жовдираб қарашими? Бир бўлак олмани тили устига қўйди, шимиди: ширин. Нозима индамай сумкасини кавлади, ростдан ҳам арзон, пули еца бирдан ўн кило олади, янги йил байрамига бир ярим ойча бору, балконга қўйса турар. Кармонининг чўнтакларию, авра-астарини ағдариб ўн тўққиз минг тўрт юз топди, йигитча яна бордир дегандай кармонга умидвор қаради.
– Ҳай, тўққиз кило бера қолинг, чиқмади, бори-да, – деди хижолатомуз.
– Йўғе, ўн кило бераман, опа, баракасини берса бўлди, қўлингиз енгил бўлсин, тезроқ ҳаммасини сотай, – деди шошганча қийшайган пақирни олмага тўлдирар экан.
– Илоҳим хотинингиз ҳам соғайиб кецин, – деди Нозима унга жавобан.
– Айтганингиз келсин. Болалар ёш, – йигитнинг овози титраб кетди, – соғайиб кецин.

Ўн кило ҳазилакам юк эмас экан, ўзини анча пишиқ деб юргани билан йигирма-ўттиз қадам юрар-юрмас ўпкаси оғзига тиқилди. Қаттиқ матодан тикиб олган тўрхалтасини ерга қўйиб атрофга жавдираб қаради: «ҳадемай қоронғу тушади, бу юришида қачон етиб боради».
– Кўтаришиб борайми опа?

Нозима ўгирилиб қаради, бечораҳол кийинган ўттиз беш ёшлар атрофидаги эркак турарди:
– Ўзи қатта турасиз?.
– 12-кварталда.
– Анчагина экан, қанча берасиз?
– Рози қиламан. Қанақасига анча, беш юз метр, узоқ эмас, уйгача олиб чиқасиз, учинчи қават. Эркак индамай сумкани кўтариб илдамлади, унинг ортидан эргашиб бораркан, эркакнинг юк оғирлигидан ён томонга майишган гавдасига, эски шимига ва аллақачон совуқ тушган бўлса ҳам оёғидаги чап томони ейилиб кетган ёзлик латта туфлисига қаради: «ёмғир ёғса нима қиларкан?» Йўлни яқин қилиш учун икки уй орасидан кесиб чиқаётганларида қаердандир, подъезд айвончаларининг бириданмикан, ёш боланинг қувноқ овози эшитилди:
– Фоти, адажоним кевоттила, адажоооним... – улар томонга йўлакни тўлдириб тўрт ёшлар чамасидаги лўппи болакай ўқдай учиб келарди, хазонларни қўлидаги чўпча билан титиб юрган қизалоқ унинг кетидан югурди: – Адажооним. Болалар майдончасидаги олти-етти ёшлар чамасидаги бола ҳалинчакдан тушиб «мен ҳам борсамми» дегандай тараддудланиб турарди. Биринчи бўлиб етиб келган болакай дадаси қўлидаги олма тўла сумкани кўриб қувончдан сакради ва орқасига қараб қичқирди:
– Фоти, адажоним олма олиб келди. Олма, урей, олма... Қизалоқ ҳам кела солиб дадаси қўлидаги сумкага қаради ва чапак чалганча у ҳам орқасига қараб, майдончада турган болага суюнчилаб бақирди:
–Кўп олма, роса кўп, урреей.

Ака ҳам олмадан қуруқ қолмаслик учунми, ёки укаларининг гапи чинлигига ишонч ҳосил қилиш учунми, улар томонга югурди. Эркак болалари олдидан чиқишини кутмаган эканми, довдиради, хижолатдан нима қиларини билмай типирчилади:
– Совуқда нима қилиб юрипсанлар, кеч бўлди, уйга кирларинг, ойинг қани? «Тез уйга кирларинг». Болалар оталарига ёрдамлашмоқчи бўлибми унинг қўлидаги сумкани олишга уриниб тармашганча қувончдан қичқиришарди, гўё бу олмаларни улар минг йилдан буён кутаётган эдилар. Жуда ғалати вазият эди, эркак уларни сумкадан нари итармоқчи бўлар, бўш қўли билан қушлар галасини ҳайдагандай ҳавони сермар ва айни пайтда олдинга қараб юришга беҳуда уринарди, болаларининг сумкани кўтариб, оталари юкини енгил қилишдек айрича хоҳиш-истагидан юк яна ҳам оғирлашганди: Уйга бор баринг, кирларинг уйга,– деб бақириб юборди у охири важоҳат билан, болалари ёпишган сумкани силтаб тортаркан, қичқирди.
– Йўқол, йўқоле ҳамманг.

Овози ваҳший ҳайвон ўкиригига ўхшаб кетди, болалар тош қотишди, бутун дунё жимиб қолди ёки Нозиманинг қулоқлари битиб қолди, ҳеч нарсани эшитмай қўйди.
– Сардор, укаларингни олиб кел. Нозима овоз эгасини қидирди: подъезд олдида қорни дўппайган аёл, ранги гезаргандай (балки шом қоронғусида шундай кўрингандир) турарди. Унинг ранжу норозилик сингиб кетган чийиллаган овози Нозиманинг кўксига келиб урилди, зарбидан юраги қалқиб кетди. Нимагадир болалар ҳам оталарининг ҳайқириғи, оналарининг чорловидан кейингина уларга термилиб турган холани пайқашди. Ҳамма бир-бирига тушунарсиз алфозда тикилди. Яна қоралик нуқси ура бошлаган кул ранглар, болаларнинг кичкина жуссалари, яланғоч дарахтларнинг совуқ кўланкалари майишиб-қийшайиб бир-бирига аралашиб қуйқа тусига кира бошлади, ҳозир портлайди деб ўйлади Нозима ва ана шу фалокатнинг олдини олмоқчидай беихтиёр эркак томон интилди, унга муҳим ниманидир айтмоқчи бўлди, бироқ ўша муҳим ниманинг нима эканини ҳатто ўзи ҳам билмасди. Xижолатдан қадди букилаёзган эркак унга сумкани тутқазмоқчи бўлиб узатди, у эса сумкани тўлдириб турган олмалар томон ориқ ва совуқдан заҳил рангга кирган қўлларини узатаркан:
– Қизимга ҳам олмаларингиздан бир-иккита беринг, майлими – деди ва ҳайрон эркак ўзига келмай туриб бир неча дона олма олди, лаблари эса шивирлади:
– Болаларни хафа қилманг, мен розиман, кейин узилиб кетарсиз, ҳозир индаманг, индаманг.

Жуда қатъий, муҳокамага ўрин қолдирмай айтди бу гапни, ҳар бир товушга сингиб кетган ҳукмфармоликдан ўзи ҳам ҳайратланди. Эркак рози бўлгандай синиқ илжайди, бироқ лаблари худди йиғлаётган одамнинг лаблари каби хунук қийшайди. Улардан узоқлашар экан, эркакнинг:
– Юринглар уйга, – деганини эшитди, – юринглар, олма еймиз.

Нозима кўзидан иссиқ ёш оқаётганини сезди, уни қўлидаги олма билан артди.