OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифГулноза Мамарасулова
Асар номиАйрилиқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Гулноза Мамарасулова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Айрилиқ (ҳикоя)
Гулноза Мамарасулова

Чошгоҳ маҳали.

Кенг ҳовлининг ўртасидаги баланд ўрик дарахти тагига қурилган супача устида икки ака-ука қандайдир гап устида тортишишарди.
- Нима?! ... Отамни ўзи шундай дептими-а? Ё тавба, тавба уйланармикан?! Қариганида-я... Бу нимасийди энди? Ё , Xудо қишлоқда шу гап етишмаётувди, ўзи. Ана шармандалик, е, қўйсангчи яна ҳазил қилаётган бўлма, – дея ўғил қўлидаги дўпписини ғижимлади.
- Ҳазил қисам, шундай ҳазил қилармидим? Кейин отамнинг ўзи айтипти, демадим ҳали. Менга қолса шундай бўлсин депманми-а? Оқсоқолнинг гапини эшитганимда оғзим очилиб қолди, ўзиям. Нима деб, жавоб беришниям билмай қолдим. Кейин, майли маслаҳат қилайликчи, деб қўя қолдим.

Шундай деяр экан кенжа, дарахтга суяниб ўтирганча калишини ечиб, ичига тўлган тупроқни ерга уриб қоқди. Гоҳи-гоҳи пешонасидаги реза-реза терларни бўйнига доимий ташлаб юрадиган рўмолга артиб қўяр экан, онасини эслади.

Бу рўмол онасини эслатиб туради, онасидан ёдгорликдай гап. Ундан ҳануз онасининг иси келиб туради.

Эҳ, қанийди, онасини яна бир бор кўрса, бағрига бош қўйганча, дийдорига тўярмиди?... Мана уч йилдирки онаси йўқ. Уч йилдирки онасининг уйдаги, қишда пахта чигитлаб, ёзда ип йигириб ўтирадиган жойи бўм-бўш.

Кичик ўғилнинг кўзи соғинчдан ёшланди. Лекин буни акасига билдирмаслик учун ўрнидан турди-да кетмонни елкасига ташлаганча , тушлик ҳам қилмай далага отланди. Кетар чоғи, ўзи истамаган ҳолда, «Ўзинг нима дейсан, балки оқсоқол ҳақдир », деди тўнғич.

Акасининг бу гапи унинг юрагини куйдирди. Нималардир демоқчи бўлди-ю ўзини тўхтатди, ахир акасида айб йўқ-ку, умуман бировни айблаб ўтирадиган пайт эмас.

Кенча бир нима демай далага кетди.

Бепаён дала… Кошки шу далалар онасини эслатмаса. Бу тупроқ онасининг меҳнат тери билан суғорилмаганми ахир?! Ҳар бир яшил ўт-ўлану гиёҳлар онасидан эсдалик, унинг босган изларидан униб чиққан.

Ўғил кетмонни ерга бир-бир уриб, чопар экан кўз олдида онаси , олис ўтмиши гавдаланаверди. Қўли ишга бормади.

Болалик даврлари….

Чулдираганча онасининг ортидан эргашишлари….

Куннинг қизиғида юрмасин, бошидан кун ўтади, дея онаси уни уйда қолдирар эди, энасининг ёнида. Ўзи эса анчайин улғайиб қолган болалари билан қуёш аёвсиз қиздириб турган далага кетарди. Қани энди кенжатой уйда индамай қолаверса, менам қолмайман, далага бораман, дея харжаша қилиши оламни бузгудек, қари энасининг хай-хайлашига ҳам қарамай, ака-опаларининг ортидан чопарди.

Эҳ, она-я она, ўғлини бу иши учун койигани билан, елкасига опичлаганча барча дала ишларини шу кўйи битирар эди. Боласини опичлаганча, пахтаям терарди, чопиғам чопарди.

Онасининг жони тошдан қаттиқ бўлганда, ўзиям. Ўшанда онанинг қадрига етмаган экан. Олдингда оққан сувнинг қадри йўқ, деб шунга айтишган. Ўғилнинг ҳеч ёдидан кетмайди; Болалигида шўхлик қилиб, онасини қаттиқ ранжитиб қўйганди, акаси иккалови.

Уларникидан икки-уч уй нарида Xолмурод бова турарди. Негадир ёлғиз яшарди. Айтишларича, анча йиллар олдин уйига ўт тушиб, куйиб кулга айланган экан. Xотини ва болалари ёнғинда вафот этишган экан. Фақатгина бованинг ўзи тирик қолибди. Ҳалиям ўша ёнғин туфайли куйган юзларида изи қолган.

Хуллас, Xолмурод бованинг якка ўзи турадиган ҳовлисидаги узум токлари қиёмат мева солганди, ўзиям. Қишлоқдаги барча уйлар қатори бованинг ҳовлисиям девор ўрнида номига шоҳ-шаббалар билан айлантириб чиқилганди. Табиийки, маржондай тизилиб турган узумлар шодаси ўтган-кетганнинг кўзини олар эди. Улар фақат мазза қилиб ейиш учун яратилганди. Бошқа нарса учун эмас.

Холмурод бова ток соясидаги темир кравотида, бир отим носни тили тагига ташлаб олиб , кайф қилганча узумларини қўриқлаб ётарди. «Бова , узум ейлик!» дея сўраб келган боллар, энасининг уч қўрғонини кўрарди; ё яхшилаб калтак ерди, ё бўралатиб сўкиш эшитар эди. У ёмон чол эмасди, фақат ўлармандай зиқна эди. – Шунча узумни нима қилади, бекорга дайди қушлар чўқиб ташлагач, арилар хузурини кўради. Ундан кўра , шу болаларга берса, савоби тегади-ку қурмағур чолга, - деб қайғурадиганлар чиқарди қишлоқдан. Бундай узун-қулоқ гаплар бованинг қулоғига чалиниб турарди албатта, лекин фойдаси йўқда. Бованинг ўзи айтмоқчи, «менга ўзиям чепуха, гапиям».

Бир куни Xолмурод бованинг узумларига роса ишқи кетган тўнғич ва кенжатой ўғил боғга келган. Уларнинг нияти бошқа болларникидай ёмонмас , ўғирлик қилиш нияти йўқ эди. Бовадан бир-икки боғ узум сўрамоқчи эди, холос. Иккаловининг узум сўрашга ийманибми бир чеккада туришини кўриб, нотўғри тушунган чол юмшоқлик билан: «Келинглар , узум берайми, келаверинглар! Ана тўйгунлайингча енглай! » , деди чол оғзидаги носини тупуришдан олдин. Ана Xудо берди! Унинг бунчалик сахийлигидан на қувонишни ва на чўчишини билмаган болалар , секин келиб тортинибгина шохга қўл чўзган эди ҳамки, бова уларни савалай кетибди.

Кейин болаларни онасининг олдига судраб борганча, «Ўғриваччаларингни йиғиштириб ол! Тарбиялаш қўлингдан келмаса, ўзим тарбиялаб қўяман, туфе-ей сенларга! » дея чиртилаттиб тупурди ва болаларга қараб, «Барибир отангга тортибсанларда, минг қилсаям, мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўларкан », деди захархандалик билан ортига бурилар экан яна қўшиб қўйди: «Отанга ўхшамай ўл-а!»

Аввалига ҳеч нимага тушунмаган болалар боя бованинг тузоғига тушиб қолганлигини кечроқ англади.
- Чўлоқ, - дея қичқириб юборди тўнғич чолнинг ортидан, онасининг бир аҳволдалигини кўриб.

Бова бояги гапларидан бир йил олдин ўғирликда айбланиб, тухмат билан қамалиб кетган болаларинг отасини назарда тутаётганди. Айниқса бегуноҳ фарзандларини «ўғривачча» , дея ҳақоратлагани онанинг жон-жонидан ўтиб кетди.
- Узум еганча , захар есаларинг бўлмасмиди, - дея зорланиб йиғлади она, ўғилларини калтак билан сийлаб бўлгач. Онанинг сўзлари ўз маносида эмас эди албатта, у буни ўғилларига тиламайди.

Алам ўти ака-укаларни жизғанак қилаётганди. Бунинг давоси эса фақат интиқом. Шундагина аланга сўниши мумкин. Улар онасини қаттиқ ранжитиб қўйишганини сезганди. Лекин боғга ёмон ният билан бормаганди-да улар. Бова, узум бермайман, деганида, индамай қайтиб келаверишар эди. Xолмурод бова ундай қилмади-да.

Албатта , бу қилмиши учун болалар ҳам уни қуруқ қўймади.

Анчайин шўх тўнғич , укаси ва кўчадаги ўртоқлари билан бованинг тазирини бериб қўйди.

Режа бўйича, болалардан бири , Xолмурод бованинг ховлиси бир бурчагидан чақира-чақира қочди. Ҳассасини секин дукиллатиб, овоз томон келган томонга етиб боргунча, бу ёқда тайёрланиб турган болалар тўдаси узумзорни талаб кетишди. Улар чолни бир-икки шундай овораи-сарсон қилгач, урра қочишди.

Тўғрида, ҳе йўқ, бе йўқ мўйсафид одам, болаларни уриб-сўккани етмагандай, онасини ҳақоратлагани нимасийди ? ! Шу қуриб кетгур узумни деб, шундаям қиладими одам ?!

Умр ўткинчи экан. Xолмурод бова ўтиб кетгач, узумларига қарайдиган одами қолмади. Бир – икки йил роса мева берди, кейин қаров бўлмагач қуриб – қақшаб қолди.

Болаларнинг отаси қамоқдан қайтди. Яна бир бутун оила бўлишди. Қизлар бўй етгач узатишди, ўғилларниям уйлашди. Энди қарилик гаштини сураман деганида онаси оғир дардга чалиниб қолди. Касаллик шунчалик илдиз отиб ургургандики, она тўшакка михланди.

Ноумид шайтон. Болаларнинг отаси, фарзандлар биргаликда уни олиб бормаган шифохонаси, кўрсатмаган дўхтири қолмади. Шифокорларнинг кўрсатган каромати билан онасининг умри бир неча ойларга узайди халос.
- Касаллик йиллар давомида томир отган, оналарингнинг аҳволи оғирлашмагунга қадар билмагансилар.Энди анча кеч қолдиларинг, - дея қизларни изиллатганди дўхтир. Уларнинг отасиям ўшанда онаси билан бирдай озиб-тўзиб кетганди. У аёлини ниҳоятда қадрлар эди. Шуни аниқ сезиб турардики, аёлининг шу кўйга тушишига ўзи айбдор. Оиласига етарлича ғамхўрлик қила олмаганлиги, турмадалигида аёли болаларга ҳам ота, ҳам она бўлиб , далада иссиқ-совуқ демай куйиб ёнганлари , мана энди ўз кучини кўрсатаётганлигини англар эди.

Оламга хира қоронғулик пардаси ёйилган маҳал . Табиат куйчилари чигиртка-ю бақалар тағин ўз куйларини гоҳ баланд, гоҳо паст товушларда, галма-гал, жўр бўлиб куйламоқда. Терак шохларига ин қурган бир тўда чуғурчуқлар галаси –ю баъзан овози эшитилиб қоладиган бойўғлида уларга жўр бўлмоқда. Подадан кайтаётган моллар тўдаси, қўй – қўзилар тинмай маъраб, улар ҳам ўзларининг борлигини эслатиб қўяяпти.

Худди шу маҳал кенча ўғил қишлоқдошлари каби даладан қайтди.

Одатдагидай кенг ҳовли ўртасидаги катта сўрида дастурхон тўшалган, тўрдаги отасининг жойи бўш эди. Демак ҳали масжиддан қайтмаган.

Кенжа ювиниб келгач, сўри устига тўшалган атлас кўрпага чўзилди. Шу ерда ўйнаб ўтирган, эндигина тили чиққан қизи унга талпинди. У ўрнидан туриб қизини тиззасига олганча эркалади.
- Асал қизим, дада дегин, да-да. Кейин ҳўппа қиламан!
- Келдингми ? – деди кўча тарафдан кириб келган акаси сўрига чиқар экан. У яна нимадир демоқчи бўлди-ю қизини ўйнатиб ўтирган укасининг кайфиятини бузилишидан ҳадиксираб индамади.
- Xотин, - дея чақирди кенжа , - қизимиз иштонини ҳўллаганга ўхшайди. Алмаштир!

Ўчоқ тарафда овсини билан куймаланиб юрган жувон бир зумда етиб келиб, болани олиб кетди.

Отаси масжиддан қайтди. Ўғилларига бир қараб қўйди-да мол-ҳолдан хабар олиш учун молхонага ўтиб кетди.
- Шарофатникидан келаяпман. Эртага маслаҳатлашадиган бўлдик уларникида, - дея укасига қараб гап бошлади тўнғич, - Ҳамма келсин дедим.
- Опамларникига боришдан олдин ... Балки , аввал отам билан гаплашармиз-а ? – деди кенжа ҳалиям умид қилиб, - Оқсоқол айтаверади-да , отамнинг кўнглини билиб ўтирибдими ? Ким билади , балки отам рози бўлмас.
- Истиманг йўқми мабодо ? – деди ака унинг устидан кулгандай, - Нима дейсан ? Ота сизга хотин, бизга она керакми дейсанми-а? Ундан кейин….
- Ака, мен кўникишим қийин онамнинг ўрнида бошқани кўришга , тушунаяпсизми шуни ?

Аниқки, унинг асаблари қақшаётганди. Шунинг учун ака бир зум индамади, укаси ўзини босиб олгунча.
- Тўғри, менда куйинаяпман., - деди ака секин, хомуш овозда, - Онамни эсласам, юрагим пора-пора бўлади. Синглимникига бориш қарорига келгунча, кейин уникига етгунча нималарни ўйламадим дейсан . Ўйларимдан хулоса қилдимки, биз фақат ўзимизни ўйлаяпмизмикан?
- Бу ишларимиздан онам гўрида тик турмасайди....

Ака-ука шу кўйи, то отаси оғилхонадан чиқкунга қадар суҳбатлашиб ўтиришди.

Тунов куни кенжа даладан қайтаётиб, қишлоқ оқсоқолини учратганди.

«Отанг қариб қолди. Ёнида иссиқ-совуғидан хабар олиб турадиган суянч керак. Келинлар барибир келинда, кампирнинг ўрнини босолмайди. Онангнинг ўтганигаям мана қарийб икки йил бўлди. Сезгандирсана, отанг шундан кейин ўзини анча олдириб қўйди. Аввалги шаштиям йўқ . Шу десанг ўғлим, кампир олиб бериш, силарнинг ҳам фарз, ҳам қарзларинг. Биламан, отанг ниҳоятда ориятли инсон. Бу масалада ўғилларига гап очиш у ёқда турсин, оғиз жуфтлаши даргумон. Шунинг учун аканг билан ўзларинг бош бўлинглар, бу ишга. Отангни эса менга қўйиб беринглар. Ўзим гаплашаман « , - деган эди оқсоқол.

Ҳамма гап шу, фарзанларнинг йиғилишига сабаб бўлган. Опа-сингилу ака-укаларнинг бари йиғилди. Ҳол-ахвол сўрашиб, майда-чуйда ҳақидаги суҳбатлардан кейин асосий мавзу, бу ерга йиғилишига сабаб бўлган масалага , яъни мақсадга ўтилди.
- Қишлоқ оқсоқоли бизга маслаҳат солганди; «отангни уйлантиринглар, бу фарзандларнинг оталар олдидаги фарзидир» деди . Йиғилишдик, бунга нима дейсилар.

Шундай дея масалани очиб берди тўнғич ўғил.

Ғала-ғовуридан қулоқ қоматга келай дейдиган давра бирданига совуди. Кайфият кенглигида хиралик ёйилди. Ҳамманинг кўнгли бир қур чўқди. Аллақачон кимларнингдир юзида норозилик аломатлари сезила бошлади. Ҳар қалай бу янгилик уларга хушхабар эмасди. Ҳар қайсининг бошида ҳар хил ўй. Кенча ўғил эса ҳамон хомуш , онасини эсларди. Балки онаси бунга розидир… Балки…

Ойдин оилада учинчи фарзанд. Қизлар ичида ёшлигиданоқ шаддоди, шартақиси эди. Ёшлигидаям биров билан тортишиб қолдими, бетинг-юзинг демай , ҳаёлига келган гапни қўйвораверар эди. Ака-укалари билан тенгма-тенг олишарди. Шундай бўлсада онасидан ўлардай қўрқарди. Онаси қовоғини бир уйса, тинчиб қоларди. Уйни ялаб – юлқашми , нон ёпишми, овқат тайёрлашми, ҳаммасини балодай эпларди. Ишдан чўчимас, дала ишидаям ака-опасидан , атрофдагилардан қолишмай ишлар эди. Ўғил бола феъли бор эди. Ҳозир эса Ойдин анчайин босиқ , аммо болалигидаги ҳарактеридан сақланиб қолганлари бор.
- Отамнинг ўзи бир нима демагандан кейин , қўйинглар шу ишни . Онамни гўрида тик турғизманглар! Мен умуман қаршиман, бўмаган гап , онамнинг ўрнига қаердаги аёл келиши.

Ойдин ўйлаганини шартта айтди-қўйди. Унга оғир ботганди бу хабар, ҳамма қатори. У бошқаларнинг ичидаги гапни топиб айтди.

Ўз хаёллари билан андармон бўлган катта опа Шарофат деди :
- Отамни мен биламан, деб ўйлардим. Отам онамни унутолмайди. Бир оғиз ўзи билан гаплашиш керакмиди, а ?
- «Отангни менга қўйиб беринглар «, дедида оқсоқол. Агар отам рад қилганда, оқсоқол «қўяверинглар» дерди.

Кейин ҳар ким ҳар нима деди. Лекин бирови, «майли, розимиз, отамга муносиб кампир излаш керак! » деган гап қилмади. Қизларнинг кенжаси эса шўрқилагани-шўрқиллаган.
- Онам шўрлик тирик бўлганларида эди....Онагинам-а....

Жўяли бир фикрга келинмади.

Фақат тонг отгач ҳаммаси ҳал бўлди; барча отасини уйлантиришга роппа-рози. Бу қарорга келишларига ҳам туппа-тузук сабабчи бор: тушида онасини кўриб чиққан кенча ўғил.

«Сахарлаб туш кўрибман. Онам, дилхира ўтирганмиш. Онамни биз хафа қилиб қўйдиг-ов. - Бу ишларинг нимаси , нега оқсоқолнинг айтганини қилмайсан? – деди онам. Ҳа, аниқ эсимда, шундай деди. Яна алланималар деди-ю фақат хотирам панд бераяптида, лекин сўзларидан онам рози эди – отамни уйлантиришга ».

Ака-ука уйга қайтди. Уларни кеча уйда кўрмаган ота сўради:
- Икковлон бўлиб қаерга жўнагандиларинг?

Бир зумлик сукутдан сўнг, уларга тикилиб турган отасининг юзига қаролмай кенча гап бошлади.

Опамникида .....

Нимадандир хавотирланган ака дарҳол укасига ўқрайди. Унинг гапини шартта бўлиб:
- Ҳа, кечами... Шарофатникида эдик. Тўй бошламоқчи экан, - дея дадилланди тўнғич. Ёлғонни отаси сезиб қўймасин учун кўзларини олиб қочиб.
- Ҳммм... Шундайми, ўғлини уйлантирмоқчими? Кап-катта йигит бўп қоптида Шарофатнинг боллариям... – деди ота оппоқ соқолини силаганча.

Ўғиллар бир-бирига маноли қараб қўйишди.

Уларнинг эндиги қиладиган иши – отасига муносиб жувон излаш эди. Бу ишни ўғиллар хотинларига ишонишди. Ҳатто бунга енг кўп норози бўлиб юрган Ойдиннинг ўзи келиб бош-қош бўлди, ҳаммани лол қолдириб. У келинлар билан бирга отасига кампир топди ҳам. Тўйга тайёргарлик бошланди.

Уйда бўлаётган ортиқча ғимир-ғимирларни ота ҳам сезганди албатта.Лекин у билардики, унинг маслаҳатисиз оилада ҳеч қандай тўй-марака ўтказилмайди. Шунинг учун отанинг кўнгли тўқ эди.

Отасининг лом-мим демаётганлигини ўғиллар ўзларича нималаргадир йўйишди; Оқсоқол айтган эканда. Шунинг учун ҳеч нимани сўрамаяпти отам.

Лекин бир куни ....

«Каллаи саҳарлаб қассоб нима қилиб юрибди!»

Молхонадан чиқиб келаётган ўғли билан қассобни кўрган ота таажубланди. - Бўрдоқи-ку бўрдоқи, омма лекен молни зўр боқибсилар.
- Тўйни шунинг ўзи таъминлайдимикан-а?
- Таъминлаш гапми ортиб қолади, ортиб. Кўрасан гўши зўр, қурмағурнинг. Тўйдан кейинам мазза қилиб, еб ётишларинга етади .

«Шарофатнинг тўйи тезлашибдимикан-а? Ўғилларим тўёнага хўкизни жўнатишни яхши ўйлабти-я , лекин сўйиб нима қилади? Тўйхонада сўйилаверсин-да. Менга нимага маслаҳат солмаптикан буни ? »
- Майли укам, тўйдан бир кун олдин кечга сўямиз молни. Айтиб келаслар, куни аниқ бўлса, - дея қаппайган қоринли қассоб лапанглаганча дарвоза томон юрди.

Уни кузатиб қайтган тўнғич ҳалигача супада ўтирган отасини кўрмаганди.
- Ўғлим, - дея ўзи чақирганидан сўнг отасининг сўридалини билди ва супачага томон юрди.
- Тўйни тезлатибсиларда-а, шунисиям маъқул. Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани яхши.

Ўғил отасининг дабдурустдан айтган бу гапидан анграйиб қолди. Наҳотки отаси шундай деяпти... Демак ўзи уйланишни истаган экан. Тўғридан – тўғри бизга айтолмай, оқсоқол орқали истагини етказмоқчи бўлиптида...Онамни қандай кўзи қийди экан-а ... Шўрлик онам-а...
- Чўзганда нима қилдик. Падаримизни уйлантириш ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз экан. Шуни адо қилайлик деб....

Отанинг бошига гурзи тушгандай, қалқиб кетди. У нима деяпти-ю ўғли нимани айтаяпти.
- Ўғлим, нималар деяпсан? Кимни уйлантирмоқчисан.... Қанақа тўй?!

Тўнғич алам аралаш кинояли кулди.
- Ота, гапни ўзингиз бошлаб, тағин мендан сўрайсиз-а. Ундан кўра қишлоқ оқсоқолидан сўранг! Ҳар қалай меникимасдир, Сизни тўйингизда, сизни....

Отанинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Ўғлининг сўнги гаплари ҳамон қулоғи остида жарангларди.
- Тўй дегин, тўй.... Раҳмат ўғлим, минг раҳмат...

Юрагида турган санчиқ аъзойи баданини қақшатди. Оғриқнинг зўридан устухонларигача зирқираб кетди. У судралганча хонаси томон йўл олди. Тобора зилдай оғирлашиб бораётган гавдасини зўрға кўтарарди. Гўё биров елкасига оғир юк ортиб қўйгандай, оёқлари қалтирар эди. Минг азоб билан хонасига етиб келган чолнинг деярли мадори қолмаганди. Ҳали келини йиғиб улгурмаган жойига қайта чўзилди. Деворга осиғлик турган бир умрлик йўлдошининг расмига сассиз тикилди. Кўзларидан тирқираб оқаётган ёш юзини ювди.
- Кетар экансан, мени ҳам ўзинг билан олиб кецанг бўлмасмиди, онаси ... қуруқшаган лаблари бехол шивирлади.

Юрагини ҳудди биров чангаллаб азоб бераётгандай эди. Ундаги бу ҳол иккинчи маротаба содир бўлаётганди. Болаларнинг онаси вафот этган куни у шу ҳолни бошдан кечирганди.

Оғриқ янада кучайди. Юрагини чангаллаб турган қийноқ уни қўйиб юборай демасди.

Шу пайт.... Ҳудди шу пайт....

Кимдир уни оҳиста туртгандай бўлди. Боядан бери қийнаётган оғриқ таққа тўхтади.
- Мени чақирдингизми?...
- Ҳайрият, келдингми... Фақат кетиб қолма, кецанг мени ҳам олиб кет. Бу сафар ҳам ёлғиз қолдирма....
- Ахир ўғилларингиз.....
- Улар энди ўзларини эплай олади. Мени деб кўп овора бўлишаяпти... Айниқса тўнғичим менга кўп куйинади. Улар Сени билмайдида ҳалиям ёнимга келиб туришингни.
- Кетдик... менинг ҳам ёлғиз кетгим келмаяпти!

Юрак уришдан таққа тўхтади.

Фарзандларнинг дод-у фарёди бутун қишлоқни тутди. Фақатгина тўнғич йиғламади. Бутун танаси-ю минг битта томири бўйлаб ёйилган изтироб исканжасида қолганди.

Лаблари тинмай пичирларди:»Ота, кечиринг отажон!»

Азага деярли қишлоқдошларнинг ҳаммаси келди. Фақат оқсоқол кўринмади. Бир неча ой аввал зиёратга кетган экан.