OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифГулруҳ Одашбоева
Асар номиТилла белбоғ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Гулруҳ Одашбоева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/12/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тилла белбоғ (ҳикоя)
Гулруҳ Одашбоева

Ҳар гал қишлоққа қадам босганда юрагим хапқириб кетади. Мана шу чанг кўча, пахса деворли пастқам уйлар, ариққа соч ёйган мажнунтоллар кўзимга оловдай бўлиб кўринади. Дов-дарахт киприкдай тизилган кўча бўйлаб борар эканман, девори нураган, томи кўчган хонадон ёнидан ўтганда бир хил бўлиб кетаман. Оғир бир юк босади. Аслида кўримсиз бу уйнинг бошқа ҳовлилардан фарқи йўқ. Қишлоқнинг бир хонадони. Бир қарашда шундай, аммо у менга бошқача таъсир этади. Кўп фалокатни яшириб ётган лаҳаддай бўлиб туюлади. Гап шундаки, бу ҳовлида жуда ғалати бир кампир яшаган. У одамларга кўпам аралашмас эди. Аламзада. Доим тунд кайфиятда. Мен унинг қовоқ очганини, кулган-боққанини билмайман. У ҳатто болаларга ҳам илиқ сўз айтмасди. Қизиғи, қачон қараманг, ҳовлида бир эски пўстакни судраб юрарди. Ҳатто кўчада ҳам шу матоҳни қўлидан қўймасди. Бир куни бувимдан бу кампир, (биз унинг исмини билмасдик,) пўстакка мунча ёпишиб олган, деб сўрадим. Бувим бироз ўйланиб тургач, тин олди, сўнг:

– Зах ўтмасин, дейди-да, болам, – деди. – Кўрмайсанми, дарвозаси олдида ўтирғич ҳам йўқ. Шунинг учун пўстакни судраб юради.

Бувимнинг гапи мени қониқтирмади. Аммо унга яна гап қотишга чўчидим. Маҳмадоналик қилмаслик учун, ҳм-м деб қўя қолдим. Лекин бир куни бувим «ёрилди», менга ўша пўстак билан боғлиқ воқеани айтиб берди. Кампир эрини урушга жўнатгач, у омон-эсон келсин деб бир қўчқор боққан. Эри урушдан қайтгач, ўша қўчқорни сўйиб, худойи қилган. Шунгача у бировга бир чуқум ош бермаган, хонадонига бировни чорлаб чақирмаган экан. Жонлиқнинг терисини эса кампир олиб қўйган, шундан бери қаерга бормасин, ўша пўстакни судраб юргани-юрган...

Кампирнинг ёлғиз қизи бўлган. У шаҳарга ўқишга бориб, институтга кира олмаган. Орият қилиб қишлоққа қайтмаган. Ишга жойлашган. Сўнг қайсидир бойвачча билан дон олишиб, унга «осилиб» олган. Хуллас, шунақа гаплар. Аслида қизи ҳам одамларга унча ёқмасди. Айниқса, ўша бойваччага теккач, унинг димоғи янада кўтарилиб кетди...

Билмадим, у шаҳардан бахт топдими ёки бахтсизлик, очиғи, бу ҳеч кимни қизиқтирмасди. Қишлоқда биров уни яхши ёки ёмон демайди, муҳокама қилмайди, гўё бу мумкин эмасдек...

Қишлоқ одамлари кампирни ҳам унча хуш кўрмасди. Нимагадир у ҳақда биров ботиниб гапирмасди. Узунқулоқ гап-сўзга қараганда, кампир вақтида актив бўлган, ўша нотинч замонда унинг чақуви билан қанчадан-қанча одамнинг ёстиғи қуриган.

Биз эсимизни таниган вақтда эри оламдан ўтган эди. Қизи эса аҳён-аҳёнда қишлоққа бирров келиб-кетарди. Айтишларича, кампирнинг йиққан бойлиги ўзига етарли. Кейинчалик мен буни ўз кўзим билан кўрдим. Шундай бўлмаганда, бошқаларга ўхшаб мункиллаган кампирда бойлик нима қилсин, деб юрар эдим.

Дунёда ғалати одамлар бўлади. Уларнинг юриш-туришига қараб бир бева-бечора-да, деб ўйлайсан. Аслида эса...

Бир куни ойим бир коса ошни қўлимга тутқазиб, қизим, шуни кўча бошидаги момога олиб боргин, деб қолди.

– Вой, ойи, мен ундан қўрқаман! – дедим юрагим ҳапқириб.

– Нимага қўрқасан? – ҳайрон бўлди ойим. – Уям бир одам-да, нима, сени еб қўярмиди?

Ойим шундай дейишга деди, аммо гап оҳангидан ўзиям ўша кампирдан ҳайиқиши сезилди. Мен баттар тайсалладим. Ойим кампирга ачиндими ёки гапи ерда қолишини истамадими, қовоғини солиб: – Гапимни икки қилма, – деди. – Момо касал, бутун қишлоқ қараб турибмиз. Бемордан хабар олиш савоб бўлади, қизим!..

Рости мен ўша уйга боришдан чўчирдим. Аммо ойим қўярда-қўймай қўлимга тугун тутқизди ва кампирникига юборди. Етиб боргач, зўр бир тараддуд билан қаровсиз ҳовлига кирдим. Бориб айвон эшигини секин итардим-да: – Момо, – деб овоз бердим. Лекин садо бўлмади. Аста оёқ учида юриб айвонга кирдим. Даҳлиз эшиги қия очиқ экан. Кирсам, кампир саратонннинг жазирамасига қарамай, қалин кўрпага ўраниб ётибди, ҳаммаёқ бесаранжом.

– Момо, – дедим яна юрагим бетламай.

– Ким у? – деди у зўрға. – Кир-киравер!

Кампир кўзларини қисиб менга тикилди.

– Сизга овқат опкелгандим. – Шундай деб тугунни унинг бош учига қўйдим ва кетишга чоғландим.

– Умрингдан барака топ! – Кампир мунғайиб қаради. – Кимнинг қизисан?

Мен истар-истамас кимлигимни айтдим.

– Ҳа, шунақами? – Кампир ғалати кулди. Кулганда тиши йўқ оғзи ўрага ўхшаб кетди. Қандайдир хунук, ёқимсиз. Юрагим безиллаб, қайтмоқчи бўлдим, шунда кампир, тўхта, деб қолди. Худди эртакдаги ялмоғизнинг олдида тургандай юрагим увушиб кетди. Бутун вужудимни қўрқинч ҳисси чулғаб олди.

– Кечадан бери чой ичганим йўқ, – деди у жуда норози бўлиб. – Қумғон қайнатиб кўк чой дамлаб бер! – Кампир минг азоб билан чап ёнбошига ўнгарилди.

У беҳол кўринса-да, овози милтиқнинг ўқидек эди. Шу боис, қўрса-писа, майли, дедим-да, сўзсиз айтганини қилишга киришдим. Ўчоқ бошига бориб, қумғонни чайиб, сув қуйдим. Қарасам, ўт ёқиш учун гугурт йўқ. Тандир бошида ҳам, ўчоқ атрофида ҳам...

Кампир ухлагандай ётса-да, кўзи очиқ эди.

– Момо, гугурт қолмаганми? – деб сўрадим ундан. У миқ этмади. – Гугурт йўқми, дейман, момо?

У туш кўраётган одамдай сачраб кетди.

– Гугурт дейсанми? Нега йўқ бўлсин. Ғаладонга кир, токчада қутиси билан турибди, – Кейин у юзимга тикилиб қаради. – Ичим ёниб кетаяпти...

Мен ичкари хонага ўтдим. Шунда ҳайрон бўлиб қолдим. Унинг яширин бойликлари ҳақида кўп эшитганман. Шунинг учунми, кампирнинг уйи қимматбаҳо буюмга тўла, деган тасаввурда эдим... Қаёқда, хона тўла эски-туски, ашқол-дашқол, ҳеч кимга керак бўлмаган яроқсиз буюмлар қалашиб ётибди. Тўрдаги токчада чети синган тошойна, деворга титилиб кетган гилам осилган, алмисоқдан қолган хум ва кўзалар, чала-ярим тўлдирилган қоплар, синиқ идиш-товоқ...

Буни бошига урадими у, деб ўйладим.

Токчадаги нарсалар ичидан бир қути гугурт топдим. Кампирнинг бор-будини кўздан кечираяпман-у, одамлар ҳам айтаверар экан-да, хаёлига келган гапни, тилла йўқ-ку, деб ўйлайман ичимда. Ҳаммаси эски-туски. Биз унинг ташландиқ нарсаларни йиғиб-териб юрганини кўрганмиз. Атторга сотиб пул қилса керак-да, деб ўйлаганмиз. Ҳамма ашқол-дашқолни ғаладонга йиққан экан-да! Нега? Нима учун? Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмадим. Гугуртни олиб, хонадан чиқсам, кампир эшикка тикилиб ётибди.

– Топдингми? – деди у. – Ёниб кетаяпман. Аммо таним совқотаяпти...

Қумғонни қайнатиб, чой дамладим. Кампир қалтираган қўли билан пиёлага чой қуймоқчи бўлди. Бехосдан чой унинг кўкси аралаш тўкилди. Аммо у буни сезмади. Ўзим чой қуйиб унга ичирдим. Кампир кўзлари юмуқ ҳолда бир пиёла чой ичди, бир нима деб пичирлади. Сўнг кўзидан бир томчи ёш думалаб ажин босган энгагига тушди. «Ё тавба, бу кампир ҳам йиғлар экан-а?!». Ҳайратдан қотиб қолдим. Кампир пичирлаб: «Кимнинг боласиман дединг?» – деб сўради. Айтдим. У ялт этиб менга қаради. Бирдан ҳушёр тортгани мени сергаклантирди. Бувамнинг қамалиб кетгани хаёлимдан ўтди. «Наҳот уни шу кампир қаматган бўлса?» – деб ўйладим. Юрагим орқага тортиб кетди. Кампир инқиллаб безовталана бошлади. Елкасидан ушлаб чалқанча ётқизмоқчи бўлдим. У негадир бежо бўлиб, ғалати қаради, бир нима деб ғудранди. Ўтиришга ёрдам бер, дегандек бўлди. Унинг қўлтиғидан олиб ўтқизмоқчи бўлдим. Шунда қўлим қандайдир бир қаттиқ нарсага тегди. Кутилмаганда кампир мени бор кучи билан силтаб юборди. Тап этиб ўтириб қолдим. У ҳам ҳолсизланиб ҳансиради.

– Буванг... – деди у оғир-оғир нафас олиб, сўнг белини пайпаслади. – Сен бор-кет!

Бир сескандим. «Бувамни шу қаматган бўлса-я?..» Уни баттар ёмон кўриб қолган эдим. Вужудимда ғалати титроқ, аммо бу қўрқинч эмас, мен ундан қўрқмай қўйгандим. Унга нисбатан кўнглимда ачинишми, нафратми, жуда ғалати ҳислар аралаш-қуралаш бўлиб ётарди.

Кейин шартта ўрнимдан турдим-да, эшикни ҳам, дарвозани ҳам ланг очиқ қолдириб, уйга қараб чопдим.

– Намунча қопкетдинг? Яна кўчада ўйнаб қолдингми?

– Йўқ, ойижон. Ҳалиги, у чой дамлаб бер, деб қолди. Қумғон қайнатиб, чой дамлаб бердим.

– Вой, ўзимнинг дастёр қизимдан айланай, яхши қипсан, болам!

– Ойижон, у кампир бувамни... Ойим жим дегандай бармоғини лабига босди.

Бироздан сўнг ўзимга келгач: – Одамлар бу кампирни катта бойлиги бор, дерди. Ҳеч қанақа тилла буюми ҳам, тақинчоғи ҳам йўқ экан! – дедим ўзимни чалғитишга уриниб. – Мен ғаладонини кириб кўрдим!

– Бойлиги бўлса-бўлмаса, сенга нима? Жон қизим, қўй, яхши эмас бундай гаплар...

Бари бир, кампирнинг бойлиги ҳақидаги фикр хаёлимдан кетмасди. Айниқса, унинг силтови юрагимга оғир ботган эди.

Ўша ҳафтанинг охирида қишлоғимизга «Тез ёрдам» машинаси келди. У кампирнинг уйи олдида тўхтади. Биз кўчада ўйнаётган эдик. Бир тўда бола қизиқиб, ўзимизни ҳовлига урдик. Бир кун олдин қизи келган, ҳовли-эшикни тозалаган, айвонга жой қилиб, кампирни олиб чиққан экан. Биз борсак, юзидан нур ёғилиб турган, нигоҳи ўткир доктор амаки касални кўраётган экан. У обдон кўргач, кампирга синчидек қадалиб қаради. Кейин мийиғида кулди ва уни ёнбошлатиб, кўйлаги остига қўл юборди. Ва ... у ҳам ўша қаттиқ нарсани ушлади. Кампир безовталанди. Докторни силтаб ташламоқчи бўлди, лекин у киши кампирнинг белидан белбоғини ечиб олди. Кампир белбоққа ташланди, акашак қўли билан уни юлқиб тортди.

– Бўлди, энди, момо! – деди доктор жуда вазмин овозда. – Ҳаяжонланманг, сизга мумкин эмас! Буни қизингизга берсангиз ҳам бўлади! Сизга энди бу ортиқ юк! Яхшиси, пича дам олинг!

Назаримда кампирнинг жони чиқиб кетгандай бўлди. Қўли шилвираб тушди, белбоғнинг у тутган учи очилиб, тилла тақинчоқлар ерга сочилди. Ҳамма, вой-бў, деб юборди. Доктор амаки кампирнинг қизига юзланиб: – Онангизнинг мушкули осон бўлди, ортиқ безовта қилманг, – деди. У ҳеч қандай дори-дармон ёзиб бермади. Мийиғида жилмайганча бизга:

– Томоша тугади, – деди. – Ҳамма уй-уйига! – Сўнг ўзи машина томон кетди. Биз болалар бўлса, бу сирли ҳодисани уйдагиларга айтиш учун шошилдик.

– Ойижон, ойижон, айтгандим-ку, сизга, кампирнинг бойлиги бор, деб. Белидаги белбоғ тўла олтинлар экан. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим. Белбоғга ўраб, белига бойлаб олган экан!

Катталар бир-бирига маъноли қараб қўйишди.

– Ёлғон айтиш яхшимас, қизим, – деди ойим.

– Сизни алдамаяпман. Ишонмасангиз, ана, болалардан сўранг. Улар ҳам кўришди. Доктор амаки унинг белидаги белбоғни ечиб олаётганиди, тилла тақинчоқлар сочилиб кетди. Кейин кампирнинг қизи уларни териб олди.

Ҳадемай бу миш-миш бутун қишлоққа ёйилди.

Эртаси куни кампир оламдан ўтди. Уни кўмиб келгач, одамлар: «Тилланинг кучи билан юрган экан-да!..» деб юришди. Ўша тилла қизига ҳам буюрмади. Унинг биттаю битта арзанда ўғли бор эди. Айтишларича, ўша ўғил уларни битталаб сотган, наша олиб чеккан. Фақат бу эмас, кейинчалик у нинага «ўтириб» қолган ва бор-будини совурган. Ахийри, қамалиб кетган. Ҳозир кампирнинг қизи қишлоққа келмайди. Ташландиқ ҳовли эса ҳувиллаб ётибди. Одамлар уни бехосият деб биладими, ўзларини четга олади...

Ҳа, айтмоқчи, яқинда «Тайная магия» деган китоб қўлимга тушиб қолди. Унда тилсимлар изоҳи берилган. Масалан, тумор одамни балодан асрар экан. Пўстак эса... Биласизми, бу кампирга ўхшаганлар олдин Яратганга ширк келтирар экан, кейин қора ният қилар экан. Ниятга кўра, кимда-ким қўчқорнинг гўштидан еса, пўстакка банди бўлиб, унинг эгасига моли, керак бўлса, жони билан қуллик қилар экан...

Мен ҳикоя қилган воқеа шундайми-йўқми, билмайман. Аммо ўша ишлардан сўнг бир ҳақиқатни англаб етдим: одамзод қилмишини оқ ёки қора чимматга қанчалик ўрамасин, бир кун келиб ўша чиммат чок-чокидан сўтилиб кетади. Ва бундай вақтда киши ўзи билан ўзи қолади, унинг даҳшатидан қочиб ўзгаларга талпинади. Аммо...

«Ёшлик» журналининг 2011-йил, 6-сонидан олинди.